ФАРДЛАР
1
Улки, ҳақ боринда мақсуд истагай ҳар зотдин,
Меҳр боринда ёруғлуқ кўз тутар зарротдин.
2
Тамаъ этма, кўп ўлса эл моли,
Кўрмайин ҳақ хазинасин холи.
3
Наби шаръиға топмоқ истиқомат
Эрур соликка мушкилрак каромат.
4
Етар чу ризқинг, агар хорадур, вагар ёқут,
Ўзунгга юклама андуҳ тоғин, истаб қут.
5
Мурувват барча бермакдур, емак йўқ,
Футувват барча қилмоқдур, демак йўқ.
6
Такаллуф эрур танға фарсудалиқ,
Анинг таркидур жонға осудалиқ.
7
Музаввир макри бўлди муъжиби қайд,
Нечукким тулки лаъби боиси сайд.
8
Қотиқ эл жисмидин анбурлар олмай нақд эмас восил
Ки тоғни пора-пора қилмайин, лаъл ўлмади ҳосил.
9
Кўк баҳридин яна тамаъ ком тутмайин,
Ким қатра сув томизмас, эл оғзин қурутмайин.
10
Тиндурур бою чиғойни ҳокими равшан замир,
Ёрутур обод ила вайронани меҳри мунир.
11
Не сафо лофин урар ҳиндуйи оташдони,
Уй ёрутмас кўсов, ўн қатла ёрутсанг они.
12
Маст муғ дайри риёйи хилватимдин яхшироқ,
Ёшурун исёни зоҳир тоатимдин яхшироқ.
13
Ранжкаш бўлким, чу тортар чуғз вайрон ичра ранж,
Аждаҳодин бийми йўқ, аммо эрур уммиди ганж.
14
Эл ичра, эй ҳасуд, сени қилди ҳақ залил,
Ким ноҳақ элга зидсену ҳақ молиға бахил.
15
Халиқ ўлғон сахийдин элга бўлди икки бахшойиш,
Ҳам эҳсонидин оройиш, ҳам ахлоқидин осойиш.
16
Ёлғон демакда тажриба аввалғи субҳ бас,
Ёлғон нафас чу урди, қарорди ҳамул нафас.
17
Авлиё поясиғадур етмак,
Топмаса шукру топса базл этмак.
18
Базл ҳайвонвашлар илгидин агар истар кўнгул,
Уйладурким орзу қилғай буғу шохида гул.
19
Элни хор айлаган тамаъ, билгил,
Доимо азза ман қанаъ билгил.
20
Кўнгулга футур ўлмайин, роз очилмас,
Садаф гар бутун бўлса, гавҳар сочилмас.
21
Ғофил ўлма, назардин итса аду,
Шамъ ўчурганда ел кўрунурму?
22
Юқар ямонлиғ ангаким, кирар ямон эл аро,
Кўмур аро илик урған қилур илгини қаро.
23
Фориғ эл давронда бори қондадур,
Ким бу даврондадурур дармондадур.
24
Дунёву уқбо иккиси жамъ ўлмас, эй рафиқ,
Кимки икки кема учини тутар, бўлур ғариқ.
25
Аблах они билки, оламдин бақо қилғай тамаъ,
Ахмақ улким, олам аҳлидин вафо қилғай тамаъ.
26
Истасангким, кўрмагайсен бевафолиғ, эй рафиқ,
Қилма олам аҳли бирла ошнолиғ, эй рафиқ.
27
Жаҳон аруси учун, эйки, асру толпиндинг,
Қачон онинг бошидин кечтинг, ул замон тиндинг.
28
Улки, санга элдин эрур айбгў,
Элга доғи сендин эрур айбжў.
29
Киши айбинг деса, дам урмағилким, ул эрур кўзгу,
Чу кўзгу тийра бўлди, ўзга айбинг зоҳир айларму?
30
Киши айбин юзига қилма изҳор,
Таҳаммул айла ўз айбингға зинҳор.
31
Қотиқ кўнглунгдин оқти халқ ёши,
Ки ёмғур боисидур ёда тоши.
32
Бу кун иасими фироқи менинг-сари эсти,
Ки жонни елга бериб, васл риштасин кести.
33
Қизил тўнунг била юз хаста жонға офатсен,
Ҳадиси мухтасар айлай, қизил қиёматсен.
34
Ноз ила аввал мени фирифта қилдинг,
Эмдики, топтим фириб — шифта қилдинг.
35
Чу сен ёру жаҳон бир душманимдур,
Менинг учун жаҳон турғунча сен тур.
36
Манга эмди гўшае меҳроб ила тоат етар,
Эй кўз, ул меҳроби қошни кўрмаким, офат етар,
37
Лабингни сўзга то гўё қилибсен,
Масиҳо муъжизин иҳё қилибсен.
38
Андоқ кўрунди сабза аросинда лолалар,
Ким сабзхатлар илгида гулгун пиёлалар.
39
Не хам қошлардурурким, ҳасрати қаддимни ё қилмиш,
Не кирпиклар ўқиким, рўзгоримни қаро қилмиш*.
40
Ёр васлин топтиму меҳр ошкора қилмади,
Уйлаким ҳижрони ўртар чоғда парво қилмади.
41
Не ажаб, гар қилмасам гулранг бўйин орзу,
Ким эрур ондин димоғим ичра ўт, кўзумда су.
42
Фурқатингдин сувдурур кўнглум, хаёлинг ул судин
Уйла зоҳирдурки, зоҳирдур жамолинг кўзгудин.
43
Балойидур буки, мендин ҳамиша ёр жудодур,
Даме бу дарду балодин халос эмон, не балодур?
44
Чун илик бермаски, ўпсам ул ситамкор илгинн,
Ул киши илгин ўпайким, тутқай ул ёр илгини.
45
Элга бўлмиш руҳпарвар боғу руҳафзо баҳор,
Ёр ҳажридин манга, билмон, хазондур ё баҳор?
46
Дединг, соғиндим, эрур ашкдин юзунг гулгун,
Бегим узун яша, соғинғанинг сориғ олтун.
47
Нетай элнинг баҳоринким, манга ошуби ҳижрондур,
Кўзумга сарв ўқдур, кўнглум ичра ғунча пайкондур.
48
Истарам, шўхе чиқиб, жонимға бедод айлагай,
Сабру ҳушу ақлу имонимни барбод айлагай.
49
Неча бўлғай, эй кўнгул, ошиқлиқу афтодалиқ,
Неча кун ҳам хуштурур фориғлиқу озодалиқ,
50
Икки кўзунгу лабинг ғамидин
Мен хаста ўлуб-ўлуб тирилдим.
51
Ўқ эди, эй тонгки, оттинг жонима вуслат туни,
Бу жиҳатдин ёрума дермен сени ҳар субҳидам.
52
Белу оғзидин, дедиларким, дегил афсонае,
Бошладим филҳолким: «Бир бор эди, бир йўқ эди».
53
Сел йўлида фано даштида мужгоним эмас,
Кўз алочуқларининг дуд егон ўқларидурур.