Топ рейтинг www.uz
ҒАЗАЛЛАР

                                   101

Зиҳи тилинг «ана афсаҳ» такаллумида фасиҳ,
Сен  амлаҳ ўлдунг,  агар дилраболар ўлди малиҳ.

Тулуъи субҳи саодат юзунг сабоҳатидин,
Зиҳи камоли сабоҳат, зиҳи жамоли сабиҳ.

Хамири мояйи жисмингдин ортқанни қазо
Ики  баданда қилиб руҳ, атади Хизру Масиҳ.

Фалакни чок қилиб ўтганингда гар баъзи
Таваҳҳум айлади, шаққул-қамарда бўлди сариҳ.

Қадам қуёш уза қўйдунг уруж шоми, не тонг,
Хафингни гар яди байзоға қилсалар таржиҳ.

Эрур каломеким, анда ҳуруфи иллат йўқ,
Қаю ҳадиски сендин баёнға келди саҳиҳ.

Эмас Навойию мадҳинг демакка ҳад, басдур
Анга бу қадрки, модиҳларингға бўлса мадиҳ.

                                102

Баданға келмади то азми кўюнг айлади руҳ,
Ки руҳ шахсини ул ғамза айламиш мажруҳ.

Ҳаётбахш эса ул Ҳур аксиндин бода,
Маҳалли ҳайрат эмас, ҳур аксидиндур руҳ.

Қизарди лолаву сарғарди субҳ хижлатдин,
Бу лолаларки, узорингда очти жоми сабуҳ.

Вафоға ваъда қилибтур деб ўтма, эй қосид,
Худой учун манга кайфиятин дегил машруҳ.

Ҳаёт ёр висолидур, эй кўнгул, йўқ, эса,
Сени фироқда фараз айлайинки, бўлдунг Нуҳ.

Буюрма тавба яна, носиҳоки, муғбачалар
Ҳавоси қилди мени тавба, тавбасида насуҳ.

Фиғонки, тийра кўнгул кунжида ниҳон розим
Пиёла шаъшаъсидин эл ичра топти вузуҳ.

Басо кишики иши масжид ичра банд ўлди,
Чу очти дайри фано эшигин, етишти футуҳ.

Навойиё, недин ул ғамза тийғ тортибдур,
Гар истамаски, кўнгул сайдин айлагай мазбуҳ.

                                 103

Кўнгулни муғбача олди, муғона тут ақдоҳ,
Ки йўқ салоҳ ила бўлмоғлиқ эмди бизга салоҳ.

Бир ой фироқида бехудлуғ истарам, тўла тут,
Агар қилиб эсанг афлок журмидин ақдоҳ.

Ҳалол бўлди хароботи ишқ аҳлиға май,
Тутарбиз аҳли вараъ, кимки они тутса мубоҳ.

Ҳаётбахш майинг руҳ эмиштук, эй соқий,
Магарки вовини иълол этиб, қилибсен роҳ.

Йўқ эрса жисмда ул ҳосил айлаган қондин,
Ҳаким не учун ажзосини деди арвоҳ?

Сабоҳ майкада боғлиқтуру хуморим тунд,
Таажжуб этманг агар зикрим ўлса «ё фаттоҳ».

Не эрди майкада ғавғоси, раз қизин гўё
Бу шом қилди Навоийға пири дайр никоҳ.

                                104

Нега кўргузди совуғ оҳу сариғ рухсор субҳ,
Гар ниҳоний  меҳридин  мендек эмас бемор субҳ?

Гар ҳавойий бўлмаса мен телба янглиғ, бас, недур,
Кўнглагин чок айлабон боғ узра мажнунвор субҳ?

Меҳридин мендек ниҳоний тоза доғи бўлмаса,
Юзда невчун кавкаби ашкин қилур изҳор субҳ?

Дема шингарфий булут ҳар ён эрур қонлиғ момуқ,
Тоза доғидин эрур мендек магар хунбор субҳ.

Ғам туни оҳим шароридин туташти кўкка ўт,
Ким анинг отин қўюбтур гунбази даввор субҳ.

Кун шуоъий хатлари эрмаски, тутмиш мотамим
Юзни анжум тирноғи бирла қилиб афгор субҳ.

Соқиё, тутқил сабуҳий бодаким, бу дайрдин
Биз кетиб, бу навъ толиъ бўлғуси бисёр субҳ.

Эй Навоий, истасанг баргу наво бу боғ аро
Гулдек ўл рокиъ кеча, булбул киби бедор субҳ.

                               105

Равзаю гул еттию ичмас ул ой гулгун қадаҳ,
Не кўнгулхушлуғ била тортай мени маҳзун қадаҳ?

Ё мени маҳрумға хунобайи ҳижрон бериб,
Ўзга маҳрамлар била ул ой ичар гулгун қадаҳ.

Бори ҳар тақдир илаким, бор мен лабташнаға
Тутмас эрмиш заҳри ғамдин ўзга даҳри дун қадаҳ.

Соқиё, бу ғусса дафъи масту беҳудлуғдурур,
Тут шафақгун май тўла, гар худ эрур гардун қадаҳ.

Равза ойин кўрмай илгингдин қадаҳни солмағил,
Лек ол байрам ҳилоли ҳам кўрунган тун қадаҳ.

Жом эрур мен телбага қонлиғ кўзумнунг косаси,
Лолалар саҳрода бас, гар истаса Мажнун қадаҳ.

Чун фано дайриға кирдим, бода тут, эй пири дайр,
Зарф хоҳ эски сафол ўлсун, вагар олтун қадаҳ.

Юз қадаҳ қилғил мурассаъким, чекарсен жоми марг,
Ҳеч ким худ топмади Жамшиддин афзун қадаҳ.

Эй Навоий, бизни ёд этгайму барқандон куни
Ичса жоми Жам тилаб сонийи Афридун қадаҳ?

                                      106

Гадойи фаҳр ила сўз айта олмас подшо густох,
Шаҳ оллинда нечукким дам ура олмас гадо густох.

Не қувват бирла шаҳ густох сўзлашгай анинг бирла,
Ки ваҳм этгай бошиға соя солмоқтин ҳумо густох.

Уруж истар эсанг бу дайр ичинда фоний ўлғилким,
Малак узра қадам босиб ўтар аҳли фано густох.

Бало ичра далер урма қадам то ошиқ ўлмайсен,
Самандар бўлмағунча кирса бўлмас ўт аро густох.

Не муҳриқ водий эрмиш ишқ кўйи даштиким, ул ён
Ўта олмас самум ўлмоқ ҳаросидин сабо густох.

Шижоат бирла кирмак кулбайи фақр ичра бўлмаским,
Бу вайронни қила олмас ватан ҳар аждаҳо густох.

Чу топмас ҳар неки тақдирдур бу дайр аро тағйир,
Адаб эрмастурур қилмоқ ҳар ишни муддао густох.

Не нозик хўйи бор ул дилрабонингким, ниёз аҳли,
Шикоятқа не етгайким, дей олмаслар дуо густох.

Навоий ишқ истиғносини то англади, ваҳким,
Қила олмас фиғон фориғ, чека олмас наво густох.

                                107

Баҳор сенсиз ўлубтур манга ажаб дўзах,
Қизил гул анда ўту оқ шукуфалардур ях.

Баҳор сенсиз агар дўзах ўлса, тонг эрмас,
Биҳишт ичинда лиқо бўлмаса эрур дўзах.

Хаёли хайли кўзумга келургадур гўё
Юзумки йўллар ўлубтур сиришкдин рах-рах.

Ғариб келмади ширин лабингдин аччиғ сўз,
Эмас ғариб, чучук мева бўлса хастаға талх.

Кўнгул фано кучидин зўрбозу истарким,
Ҳавос панжасини англамиш бағоят шах.

Навоий эгни ялангдур, демангки, бордур анга
Фано ҳасири, бало хораси насиж ила нах.

Магар шаҳ ашҳаби оллинда пайк бўлди сипеҳр,
Ки қилди ўн кечалик ойдин эгнида ночах.

                                  108

Тонг эмас, гар бўлса ҳар сарви парирухсор шўх,
Лек эрур сарви парирўюм менинг бисёр шўх.

Гар менинг шўхи ситамкорим паризод ўлмаса,
Мумкин эрмас одамий бўлмоғлиғ ул миқдор шўх.

Турмаса қон бу кеча кўксум шикофидин, не тонг,
Ким эрур кўнглумга кирган чобуки айёр шўх.

Ваҳ, не тонг, ҳар лаҳза бетоқатлиғимким, дилбарим
Бовужуди ҳусн ҳам ширин эрур, ҳам бор шўх.

То етишгай жонни куйдурган кўнгулга юз бало,
Шукр этарменким, насиб ўлмиш манга дилдор шўх.

Шўхлардин туз қадам қўймоқ чу келмас, воқиф ўл,
Ҳам ситамгар чобукедур чархи кажрафтор шўх.

Гар десангким, жонға етмай ҳар замон бир жаврдин,
Эй Навоий, панд эшит, ёр истама бисёр шўх.

                                     109

Ваҳки, ҳижрон шарбатидин бизга бўлди ком талх,
Ҳар киши заҳр ичса бўлғай ком анга ноком талх.

Ҳажр етса май била дедим овунғаймен, валек
Ёрсиз бор эрмиш ичмак бодайи гулфом талх.

Шоми ҳажримдин не огоҳ улки, ҳижрон тунлари
Тонгға тегру тўкмади  шўробани бир  шом талх.

Шарбати сабр отини тутмангки, бир ой ҳажрида
Оғзима ҳайвон зулолин айламиш айём талх.

Оғзидин аччиғ сўз айтиб зоҳир этса заҳрчашм,
Айб эмастур,  писта шўру, тонг эмас, бодом талх.

Жоми ҳижрон ичгали билдимки жавринг саъб эмас,
Май неча талх ўлса, кўрмас они заҳрошом талх.

Носабур ўлур кўнгулга етса хуноби фироқ,
Не учунким талх май ичгандин ўлмас жом талх.

Умр шаҳди бас чучукдур, лекин охир қилмаса,
Марг заҳри бирла они даҳри нофаржом талх.

Васл жомидин Навоий элга бўлди баҳра нўш,
Ваҳки, ҳижрон шарбатидин бизга бўлди ком талх.

                                         110

Сен ўз хулқунгни тузгил, бўлма эл ахлоқидин хурсанд,
Кишига чун киши фарзанди ҳаргиз бўлмади фарзанд.

Замон аҳлидин уз пайванд, агар десанг биров бирла
Қилай пайванд бори қилмағил ноаҳл ила пайванд.

Кўнгул комини қўй, гар худ менинг девона кўнглумни
Топарсен уйла юз парканду сол ҳар итга бир парканд.

Эшитмай халқ пандин, турфаким панд элга ҳам дерсен,
Қила олсанг эшитгил панд, сен ким — элга бермак панд?!

Бу фоний дайр аро гар шоҳлиғ истар эсанг, бўлғил
Гадолиғ нониға хурсанду бўлма шаҳға ҳожатманд.

Бўлуб нафсингға тобиъ, банд этарсен тушса душманни,
Санга йўқ нафсдек душман, қила олсанг ани қил банд.

Шакар лаблар табассум қилғонин кўргач кўнгул берма,
Ки бедилларни аччиғ йиғлатур охир бу шаккарханд.

Жаҳон лаззотини ширин кўрарсен, лек бандингдур,
Гирифтор ўлма, воқиф бўлки, қанду қайдур эрур монанд.

Кўнгулдин жаҳл ранжи дофъи гар истасанг, бордур
Навоий боғи назми шаккаристонида ул гулқанд.

                                 111

Ёп ул юз ойинасин чексам оҳи дардолуд,
Бу важҳдинки, қилур майл хўблар сори дуд.

Жаҳонки, оҳим ила тийрадур, эмас мумкин
Бу шом дафъи юзунг субҳи бўлмайин мавжуд.

Юзунгда ҳар соридин эгма қош эрур, ёхуд
Бут оллида ики ҳиндуға воқиъ ўлди сужуд.

Май ичти деб мени ёзғурманг, эй мусулмонлар,
Ки раҳматидин эмас ноумид габру жуҳуд.

Қадаҳки дайрдин истармен, ушбу кўзгудин,
Билингки, муғбача акси эрур манга мақсуд.

Қоварлар итлари ул кўй аро фиғонимдин,
Не итки кўп улуса эл аро эрур мардуд.

Дедимки, суд қилай жон бериб висоли учун,
Навойиё, чу фироқида умр кечти, не суд?

                                 112

Дуди оҳ эрмас кўнгул уйин қаро қилғонда дард,
Чун йиқилди ишқ зулмидин, ҳавоға чиқти гард.

Ҳар тараф  азм этмагинг  кўп дардлар дармонидур,
Келки, асру дарди дил изҳор этарлар аҳли дард.

Қайдаким тушса назар пайки сиришким баҳридур,
Ким кўрубтур сув уза бу навъ пайки раҳнавард.

Лола янглиғ бўлди гулгун бодадин ул юз гули,
Ваҳ, не рангин очилур эрмиш қизил сув ичса вард.

Уйла чиқтинг секретиб шабрангу тортиб тийғи кин,
Шаҳсувори чарх юз қайтарди бўлмай ҳамнабард.

Тез эвур даврингда, эй соқий, сипеҳросо қадаҳ,
Барҳам урмастин бурун мажлисни чархи тезгард.

Басдурур ул ойни кўргандин таним титратмаси,
Эй Навоий, чекмагил сен доғи бир дам оҳи сард.

                                       113

Қошинг меҳробини васл  аҳли этмиш қиблайи мақсуд,
Бошим юз қатла урсам ерга ҳажрингдин, манга не суд?

Ичимда ишқдин юз барқу дам урмоққа заҳрам йўқ,
Уй ичра ўт солиб, ваҳ, мушкил эрмиш асрамоғлиғ дуд.

Яда тошиға қон етгач ёғин ёққандек, эй соқий,
Ёғар  ёмғурдек ашким  чун  бўлур  лаълинг шароболуд.

Чу қўйдунг доғ, тиндурдунг кўнгулни дардинг истардин,
Дирам бирла гадони уйлаким қилғай киши хушнуд.

Жунун бу бўлсаким ёғди париваш тифллар тоши,
Муносибдур бу тошлар ақл эшигин қилғали масдуд.

Тўкулди гул, фиғон бас қилди булбул, шукрким, бори
Сенинг ҳуснунг менинг ишқимда нуқсон бўлмади мавжуд.

Туну анжум дема давронға роҳат қилмасун деб майл,
Қазо гулмихлар қоқти қилиб гардунни қийрандуд.

Хароботу муножот аҳлининг матлуби сендурсен,
Манга кўрсатмасанг йўл, найлайин, қай соридур беҳбуд?

Навоий, Каъба зикрин қўйки, биз дайри фано истаб
Заҳабко водиял-мақсад, важадно моҳувал-мақсуд.

                                      114

Эй орази насрин, сочи сунбул, қади шамшод,
Булбул киби ҳажрингда  ишим нолаву фарёд.

Кўзларингга  сайд ўлди  кўнгул,  ваҳ,  қутулурму
Бир қушки, анинг қасдида бўлғай ики сайёд?

Ул мактаб ароким ўқудунг ноз рамузин,
Гўёки вафо илмин унутмиш эди устод.

Ашкимни кўруб тез бўлур кўнгли жафоға,
Оре, итимас чунки суйи бўлмаса фўлод.

Мингдин бир эмас ўз юраги захмларидин
Ҳар нечаки тоғ бағрини захм айлади Фарҳод.

Ўлукни киши дафн эта олмас, вале ҳар кун
Юз тиғ қилур дафн кўзунг бўлғали жаллод.

Гул яфроғи тирноғлар эрур бу чаман ичра
Булбул пару болини юлуб, бергали барбод.

Не айб, Навоий киби девоналиғ этса,
Ҳар одамеким, бўлса анинг ёри паризод.

                                 115

Айламас ҳар навъ  бўлсам ул бути раъно писанд,
Бўлмағон кўп яхшироқ оламда мендек нописанд.

Умр ўтуб, бир хизматим ул ой писанди тушмади,
Ваҳ, не умр эрур, не қилсам айлагай, оё, писанд?

Ёр  агар  мушкилписанд ўлмиш, кўрунг мушкилки, бор
Менда юз мушкил ишу қилмас бирин аммо писанд.

Ишқида қилдим жаҳондин қатъу жондин ҳам, не суд,
Чунки ул жону жаҳоним айламас қатъо писанд.

Эй кўнгул,  куйдур тамаъ тухмин, таманно мазраъин,
Бу экин невчунки ҳаргиз айламас доно писанд.

Давлати фақр истагил, невчунки бор ул кўй аро
Сидқ ила киргач агар аълову гар адно писанд.

Чун фано шолини кийдим, атласинг йиғ, эй сипеҳр,
Ким бу бозор ичра эрмас ҳаргиз ул коло писанд.

Соқиё,  бир  ўтки,  кул  қилғай  вужудим  хирманин,
Айламон ҳайвон суйинки, айлагай иҳё  писанд.

Бу не ақлу зуҳд бўлғай, зоҳидоким, қилмағай
Мен киби оламда бир девонайи расво писанд.

Кеч  бу  боғу гулларидин ҳам,  Навоийким,  эмас
Аҳли тахқиқ оллида дунёву мофиҳо писанд.

                                   116

Буки ҳар ёндин кўкартибдур юзумни  кожи дард,
Жисм уйи тоқини олтун бирла қилдим ложувард.

Май юзунгда гуллар очти, қилма фарёдимни манъ,
Булбул афғони, не тонг, гулшанда чун очилди вард.

Булъажаблиқлардурур ишқ ичраким, зоҳир қилур
Меҳрдек ўтлуғ кўнгулдин дай елидек оҳи сард.

Ғам тоши хокий танимдин ҳар сори элтур ғубор,
Бошима туфроғ совурмоғдин эмас теграмда гард.

Ул қуёш зулфи хамидин чиқса оҳим тўлғаниб,
Бир қуюн бил ониким, даври эрур гардуннавард.

Эйки, истарсен ўзунгни фард ул ой ишқида,
Аввал онинг ғайри ёдидин ўзунгни айла фард.

Эй  Навоий, дардлиқ назмингни дард аҳли билур,
Дардсиз доғи бўлур они ўқуғач аҳли дард.

                                  117

Топқали хокий танимға новаки ишқинг кушод,
Кўнглум айтур хайр мақдам, жоним айтур хайрбод,

Хатмудур ёхуд баёзида юзининг килки сунъ
Хўблуғ туғросини зангор ила қилди савод?

Хаттининг васфин ёзармен кирпику холи била,
Хат ёзарда чун заруратдур қалам бирла мидод.

Кирди гар шайдо кўнгул, эй ишқ, носиҳ пандиға,
Ғам ема, девоналар хўйиға бўлмас иътимод.

Бу нафаским ўлгали етмишбиз онинг ёдидин,
Ул Масиҳо бир иёдат бирла қилмас бизни ёд.

Таън қилмангким, бўлуб ошиқ, муроде топмади,
Ким эрур бизга бу иштин номурод ўлмоқ мурод.

Эй Навоий, ғам ема бошингға бўлсун мустадом,
Улки бордур вориси тахти Жаму тожи Қубод.

                                         118

Оразинг муштоқидур бу кўзки бўлмиш дардманд,
Гарчи бордур дардлиқ кўзга ёруғлуқдин газанд.

Дард ўтин ёқти кўзумга ҳажрким, кўрдум юзин,
Куйдурур албатта ҳар доруки бўлғай судманд.

Бу қизарғон кўз аро мардум эмаским, эл кўзи
Тегмасун ҳуснунгға деб ўт узра солибмен сипанд.

Токи ул бемор кўз ошуфтаси бўлмиш кўзум,
Истабон жинсият оғриқ шевасин қилмиш писанд.

Кўзларим лаълинға ҳамранг ўлди, ваҳ, не ҳол экин,
Ким ул ачиғ йиғлағон сойи бу айлар нўшханд.

Кўзни бир из туфроғидин равшан этким, суд эмас
Шофи кофурий чекиб, офоқ анга мушкин паранд.

Ул қуёш ҳажринда билмонким, Навоий кўзига
Барча олам тийрадур ё боғламишдур чашмбанд.

                                     119

Эмас ғамимни ёзар хатға зарафшон коғаз,
Ки шуъла чекти дамимдин битир замон коғаз.

Сипеҳр даври бу саргашта оҳидин бўлмиш,
Магарки оҳ қуюн бўлди, осмон коғаз.

Тирилмишам битигингдин,  қилурда муҳр  магар
Лабингға тегдию келтурди туҳфа жон коғаз.

Узору лаъли лабинг васфини қачон ёздим,
Оқиб кўзум ёши гулранг, бўлди қон коғаз.

Очилди хаста кўнгул руқъасин ярамға ёпиб,
Ёруқ бўлур эмиш уй бўлса тобдон коғаз.

Кўнгул шикофиға коғаз аро эрур марҳам,
Ғамим сўрарға рақам қилса дилситон коғаз.

Ёзар фаришта қуёш сафҳасиға васфингни,
Магарки ул фалакий топмас обдон коғаз?

Кўнгул саҳифасин асра хутур баҳридин,
Ки сувға зойиъ ўлур тушса ногаҳон коғаз.

Хумор дафъиға қуллуқ хатин тилар соқий,
Навойиё, дема ҳужжат кетур равон коғаз.

                               120

Зуҳду тоат шаҳдини аҳли замон кўрмас лазиз,
Ҳар не нофиъдур, маризи нотавон кўрмас лазиз.

Зулмат аҳли ғафлат истарларки, олам комини
Уйқуча шабгир қилғон карвон кўрмас лазиз.

Қути ботин истаким, зоҳир ғизоси бирла табъ
Бир замон гар топса лаззат, бир замон кўрмас лазиз.

Ор этар пашминадин аблаҳ тилаб зарриштани,
Ким эшак ҳалвони андоқким сомон кўрмас лазиз.

Хар не элдин қутқарур лаззатлиғ улдурким, фақир
Меҳр қурсин уйлаким бир пора нон кўрмас лазиз.

Ютмайин хуноба етмас васли онинг, аҳли ишқ
Топса кавсар шарбати андоқки қон кўрмас лазиз.

Топмайин лаззат Навоий солди кўздин ашкдек,
Бодани то  хусрави соҳибқирон  кўрмас лазиз.

                             121

Эй, зотингга ҳар неча қилиб ақл тафаккур,
Ул фикрга бўлмай самаре ғайри таҳайюр.

Юз меҳрга нетсун чу эрур мужиби ҳайрат,
Ҳар зарраки таҳқиқида ақл этса тафаккур.

Идроки камолингни хирад ҳадди соғинғон
Ҳар қатра  аро айлади юз баҳр тасаввур.

Кавнайн адам бўлса, вужудунгға не тағйир?
Гар мавж сукун топса, тенгизга не тағайюр?

Қаҳринг йўқ этар халқниким, турғали бўлмас
Сарсар йўлида пашша гуруҳига таҳаввур.

Бу турфаки, дафъини ярим пашшаға қўйдунг,
Ҳар пилниҳодийки санга қилди такаббур.

Ҳажринг тунида шамъ киби қолди Навоий,
Ҳар тун, не ажаб, куйса тўкуб ашки таҳассур.

                                   122

Сипеҳр  осийбидин  солим  қутулмоғлиқ не имкондур,
Ки меҳри ташту тийғу кулгуси барқи дурахшондур.

Мунунгдек меҳр кўргач, шод ўлуб кулган зиҳи ғофил,
Бу янглиғ кулгу сори меҳр солғон асру нодондур.

Тенгиз кўнглида андоқ меҳрдин юз шуъла пайдодур,
Қиё бағрида мундоқ кулгудин минг дашна пинҳондур.

Ҳижоридин қиёдур анга юз минг тийғ ила ожиз,
Ҳубобидин тенгиз юз минг кўз ила анга ҳайрондур.

Чекиб қавси қузаҳтин ё кўнгуллар қасдиға онинг,
Ёғин мадди хадангу қатра сувлар анда пайкондур.

Бу ё бирла анингдек ўқни ёғдурғач, халойиқнинг
Ҳаёти қасрида ҳар сори қилмоқ раҳна осондур.

Ҳаёт ичра бақо чун мумкин эрмас, Нуҳ бўлсинким
Улар ҳолатда туғмай ўлган ўғли бирла яксондур.

Бақо сарчашмаси зулматда дерлар, йўқки, ул зулмат
Сикандар оҳи ўтидин йиғилғон дуди ҳирмондур.

Навоий, ўртабон ўзлук, қадам бу йўлға қўй, яъни
Ки ҳар ҳамроҳким бўлғай тажарруд мониъи ёндур.

                                  123
 
Парим бўлса учуб қочсам улусдин то қанотим бор,
Қанотим куйса учмоғдин, югурсам то ҳаётим бор.
 
Чиқиб бу дайрдин Исоға невчун ҳамнафас бўлмай,
Биҳамдиллаҳ, тажарруд бирла ҳимматдин қанотим бор.

Халойиқ суҳбатидин минг ғамим бордурки, муфт ўлғай
Агар минг жон бериб билсамки, бир ғамдин нажотим бор.

Чекиб ағёрдин юз жавру тортиб ёрдин минг ғам,
Не ўзга халқдин ғайрат, не ўзумдин уётим бор.

Кечиб кўздин ёзай бир хатки, даҳр аҳлиға кўз солмай,
Бу дамким кўз саводидин қаро, кўздин давотим бор.

Тилар кўнглум қуши анқодин ўтгай нори юз водий,
Мунунгдек сайр этарга Қофдин ортуқ саботим бор.

Навоий, билки шаҳ кўнгли манга қайд ўлмаса, биллаҳ,
Агар кавнайнға хошок чоғлиғ илтифотим бор.

                                  124

Кема оғзи демаким, ишқингда кўксум чокидур,
Баҳр мавжи йўқки, ашким селининг кўлокидур.

Сувда эрмас меҳр акси, балки дарё жониға
Солғон ўтлар хаста кўнлум оҳи оташнокидур.

Хас эмас гирдоб ароким, бошингга эврулгали
Сув уза саргашта ошиқ жисмининг хошокидур.

Ваҳки, ул киштида дарёкаш, манга худ йўқ ҳаёт,
Эл дегандинким фалоннинг кофири бебокидур.

Ул балиғ тутмоққа солиб шасту онинг рашкидин
Сувдин  айрилғон  балиғ  янглиғ кўнгул  тобокидур.

Кўрма фақр аҳли сиришки баҳрида ҳар ён ҳубоб,
Ким фано кавкаблари, балким бало афлокидур.

Эй Навоий, кема тийри кўксум ичра ҳажр ўқи,
Кема оғзи гўйиё ишқида кўксум чокидур.

                                        125

Захмим ачитқон дам-бадам ул лаъли шаккарханд эрур,
Ваҳ-ваҳ, туз эрмиш улки, мен қилдим гумонким қанд эрур.

Ўтсанг ғамим саҳросидин, қонлиғ кўнгул ажзосидин,
Ҳар лола баргин англаким бир доғлиқ парканд эрур.

Кўюнгда мунғлуғ жонға тан юз заҳм иландур хирқае,
Марҳам била қўйғон момуқ ҳар ён анга пайванд эрур.

Мажнун кўнгул қилмас ҳаво ҳар ён ўқунгдин гўйиё,
Ким бу темур бирла йиғоч ҳибсиға онинг банд эрур.

Боққач қуёш рухсориға  андин қилурмен кўз ёши,
Ким ул мусофир ойима ҳусн ичра бас монанд эрур.

Ғам барқию меҳнат туни зоянда  бўлса ишқдин,
Тонг йўқки, ўтқа гаҳ шарар, гоҳи тутун фарзанд эрур.

Дунё аруси зулфини тутқон не огаҳ фақрдин,
Ганж истамас улким йилон тутмоқ била хурсанд эрур.

Минг нола тортиб кўрмай ул гул васлин охир ўлганим,
Бу боғнинг булбуллари гар билсалар хуш панд эрур.

Кўз учи бирла боқтингу қийдинг Навоий кўнглини,
Билдинг ониким бир қиё боқмоққа ҳожатманд эрур.

                                   126

Эл тилидин жонима гар юз бало мавжуд эрур,
Ғам емон, гар ул қизил тил тийғи хунолуд эрур.

Юз уза сиймин занахдонингда хатти мушкбўй
Ўтқа қўйғон олмадин гўёки чиққон дуд эрур.

Жон бериб олдим жунуни ишқ то бўлдум фано,
Оллоҳ-оллоҳ, ул не хуш савдо, бу не хуш суд эрур?!

Ҳажр бедодидин ул юз шавқи ортар ҳар неча,
Ким хазон осийбидин гул яфроғи нобуд эрур.

Кисватидур хилқатим ишқ офати шахсиғаким,
Риштайи жон анда тору тори жисмим пуд эрур.

Қилмадинг аҳдингға  бир аҳдеки, қилғайсен вафо,
Бевафолар аҳди мундоқ гўйиё маъҳуд эрур.

Меҳр иси бу мижмари ферузадин кўз тутмаким,
Барча қад шамшоди бу мижмар ичинда уд эрур.

Эйки, қаддинг бўлди хам, олам била қил хайрбод,
Ким хам этмак қад ҳамиша лозими падруд эрур.

Эй Навоий, эрмас ул золим кўзи уйқудаким,
Зулм эшиги шоҳи Ғозий адлидин масдуд эрур.

                                  127

Йиғласам, кўнглумга ишим оҳи дардолуд эрур,
Ўтқаким ёмғур ёғар, онинг нишони дуд эрур.

Лаъли  шавқидин кўнгул хурсанд эрур хуноб ичиб,
Телбага рангин сув берса, май дебон хушнуд эрур.

Юз аёғи туфроғидин олмон ушбу важҳ ила,
Ким неча туфроғ ичинда турса олтун, суд эрур.

Чиқмас оҳим шиддатидин ул маҳи хиргаҳнишин,
Шамъға фонус елдин асрамоқ мақсуд эрур.

Васлин истаб кўп инолдим, қовди кўйидин мени,
Бўлса мубримшева, албатта, гадо мардуд эрур.

Талх майдин, соқиё, топти чучук жоним ҳаёт,
Эй басо макруҳким, зимнида бир беҳбуд эрур.

Телба итдекдур Навоий ул паривашсиз, не тонг,
Оғзидин гар ўт сочиб, аъзоси гардолуд эрур?

                                128

Улки юз меҳнатға жоним ишқидин помол эрур,
Анга раҳму манга тоқат йўқ, ажойиб ҳол эрур.

Зеб эрур ҳусн аҳлиға аҳли назар наззораси,
Кўзки булбул тикти гул рухсори узра хол эрур.

Хатти шавқидин тўкулди жисмим ул янглиғ қуруб,
Ким сўнгакларда қалам кўрган соғинғай нол эрур.

Лаълидин ком олмағунча билмадим ширинлиғин,
Барги гул занбур коми ичра киргач бол эрур.

Гулхани мажнундек оҳим чиққоч, оқған ёшларим
Телба кейнидин югурган гўйиё атфол эрур.

Бу чаман гулбарги хушранг ўлса, майл этмангки, ул
Ғоза булбул қонидин суртарки, лавни ол эрур.

Эй Навоий, кимгаким бир журъа чекти жоми васл,
Сўнгра ҳижрон заҳридин юз жоми моломол эрур.

                                       129

Йўқ ажаб, лаълингдин ар бехудлуғум ойин эрур,
Чунки усрукрак бўлур ҳар майки лаб ширин эрур.

Раз қизи то пардадарлик айлагай талбис учун,
Шиша меъжардур ангаву мавжи онинг Чин эрур.

Қон  ёшим  таъсиридин  сориғ  юзумнинг сафҳаси
Коғазедурким, ҳино суйи била рангин эрур.

Муҳлик ўтумни дамингдин тез қилма, эй Масиҳ,
Ким бу ўтқа мотам ашки суйидин таскин эрур.

Ул пари  ишқида  ашким лаҳв тухмидур деманг,
Ким малак тасбиҳиға бу донадин тазйин эрур.

Олмайин  ердин  қадам сайри  мақомот  айламак,
Чанг пиридин бу базм аҳлиға хуш талқин эрур.

Сизу васл, зй айш аҳликим, Навоий жониға
Андуҳи ҳижрон азал девонидин таъйин эрур.

                                   130

То лабинг шавқида жисмим гарқайи хуноб эрур,
Ҳар жунун тоши ангаким тегди, лаъли ноб эрур.

Гар асир ўлдум, тонг эрмаским, кўнгулнунг ломидек
Мубтало кўнглумда зулфи торидин қуллоб эрур.

Қадди ёдекларни зор этмиш ҳилолий жом учун,
Эгма қошингким ўзи рокиъ, ўзи меҳроб эрур.

Кўз қаросин юб, сориғ оразни беқадр этти ашк,
Гўйиё ҳар важҳ ила айн офати сиймоб эрур.

Ғам туни гар тобсиз жисмим куяр, ваҳ, не ажаб,
Куйдурурлар кеча кўпрак риштаким бетоб эрур.

Ҳар тараф наълу алиф жисмимда гўё ишқ аро
Хатти идборимни возиҳ қилғали иъроб эрур.

Сендадур мақсуд ганжи, лек жисмингдур тилисм,
Ваҳки,  бу ганж ул тилисм ичра  ажаб ноёб эрур.

Эй Навоий, жисм аро жон риштасин тутқил азиз,
Ким бори лўливашим лаъби учун асбоб эрур.

                                    131

Ул пари кўнгли учун руҳум асиру зор эрур,
Булъажаб тоши қанотсиз қушға бадрафтор эрур.

Ҳар кеча қон бирла жисмим сафҳайи тақвимдек
Гўйи анжум тирноғидин сарбасар афгор эрур.

Кофири мастедур ул кўзким, каманди зулф анга
Ешибон ёнида қўйғон риштайи зуннор эрур.

Бахтим уйқусидин  афғонлар чекардин гўйиё
Ҳар кеча кўз юммай анжуж то саҳар бедор эрур.

Янгла кўнглум васл топти, раҳм қил, эй оҳким,
Тунд елдин янги бутган ёраға озор эрур.

Қатлима ул кўз саводи ҳайъатидин бағриға
Бир қаро тош боғлағон қон қилғучи хунхор эрур.

Ўқусам номангни печу тоблиғ беҳуд таним
Гўйиёким номани чирмаб йиборган тор эрур.

Чун қуёшдек ерга киргунг, не асиғ гар юз қуёш
Маснадинг тоқида ҳар ён шамсайи девор эрур?

Тиргузуб, дебсен, Навоий жониға миннат қўяй,
Гар сен ўлтурсангки, ул жон бирла миннатдор эрур.

                                     132

Кўнгулки, ишқида дерсен бало не бўлғусидур?
Неким бўлур санга бўлғай, манго не бўлғусидур?

Ул ой жамолиға ишқим худ ортадур ҳар дам,
Бу ишда оқибатим, ваҳки, то не бўлғусидур?

Дема, не бўлғуси ул зулф қайдида кўнглунг,
Асиру волаву шайдо, яно не бўлғусидур?

Фироқ дардиға дебсен даво не бўлғай экин,
Бу дардға ҳам ўзунг де, даво не бўлғусидур?

Биҳишти меҳнат эмас, бўлса ваъдайи дийдор,
Висол умиди бор эрса, жафо не бўлғусидур?

Бу йўл мусофирининг ҳоли, оҳким, мутлақ
Билинмадики не ўлди, ваё не бўлғусидур?

Навойиё, дема, фоний бўлуб висолға ет,
Мангаки ҳажр чекибмен, фано не бўлғусидур?

                                133

Жафо қилур бари гулчеҳралар, вафо қилакўр,
Вафо ҳам элга қилурсен, вале манго қилакўр.

Не телбаники муқайяд тиларсен, эй гардун,
Анинг салосили зулфиға мубтало қилакўр.

Десанг ҳижобни олғайлар, эй кўз, оллингдин,
Не гард онинг йўлидин қўпса, тўтиё қилакўр.

Тажалло истасанг ул юздин ўртабон жисминг,
Кули била кўнгул ойинасин жило қилакўр.

Умиди васл ила кўюнгга борди хаста кўнгул,
Йигитлигинг ҳақи, ул ҳожатин раво қилакўр.

Бийик нишиман эрур, эй кўнгул, висол авжи,
Талаб қаноти била ул тараф ҳаво қилакўр.

Навойиё, чу аламсиз мурод мумкин эмас,
Десангки васл топай, ҳажр ўтиға ёқилакўр.

                                   134

Жоним ороми учун қосидки жонондин келур,
Гўё жонпарвар насиме оби ҳайвондин келур.

Нома қосид илгидин, қосид ҳабибим оллидин,
Муждайи жон елдину ел моҳи Канъондин келур.

Ваъдайи васлики, жонондин келур ҳижрон куни,
Тиндурур кўнглумни сўз янглиғким, ул жондин келур.

Гавҳаредекдурки, чиқмиш хомасининг нўгидин
Нома узра шодлиғ ашкимки мужгондин келур.

Шодлиғдин жон нисор этсам, не тонгким, бу хабар
Ҳам кўнгулдин, филмасал, ҳам кўнглум олғондин келур.

Ваҳки, мазмунидур  аҳли дард саргардонлиғи,
Ҳар бало мактубиким, бу чархи гардондин келур.

Деб эмиш номамға қилмайдур Навоий жон нисор,
Анда жон бўлса, қачон бу навъ иш ондин келур?!

                                       135

Тутулмиш эрди ғазабдин улусни қилди асир,
Қуёш тутулса, бале, фитнадур анга таъсир.

Агарчи ёда гириҳ бўлса, ўқи туз чиқмас,
Қоши гириҳ била зулм ўқин этмади тақсир.

Кўнгулни кўзларинг олди, не тонг, ики бўлмак
Бир аҳли динни ики маст кофир этса асир?

Кўруб юзида ғазаб, зулфи сори қочти кўнгул,
Кўнгулга соя керак итик ўлса меҳри мунир.

Хаданггинг ўтти кўнгул пардасиға етмас экач,
Не ҳадди манъ, хусусан, қазо ўқиға ҳарир.

Ғам ўлса солма гириҳлар қошингғаким, қилмас
Ғализ ўлуб бу қаро манъи хомайи тақдир.

Навойиё, санга бу сўзда шубҳае бўлса,
Қадаҳ кетурки, хутутида кўргузай бир-бир.

                            136

Войки, бағрим яна ҳажр ўқидин ёрадур,
Ҳар нафас ул ёрадин жон ўзидин борадур.

Жонима офат лаби, ҳажри бало, оҳким,
Бахтима бир ҳукми бор лаъл, вагар хорадур.

Дард сипеҳри таним тўзғану ўтган ўқунг
Ламъайи пайкон била собиту сайёрадур.

Кўйида топмоқ сени мумкин эмас, эй кўнгул,
Анда чу сен телбадек юз туман оворадур.

Чарх арусиға йўқ ғайри ямонлиқ шиор,
Ақдиға майл этмаким, шоҳиду бадкорадур.

Вўсмаси қавси қузаҳ, ғозаси гулгун шафақ,
Зулфу юзи туну кун, кўрки, не маккорадур.

Ишқ ажаб дард эмиш, дардғадур чора сабр,
Ваҳки, Навоий басе ошиқи бечорадур.

                               137

Телбараб итган кўнгул ёдимға келса гоҳлар,
Йиғлаб эл кўнгли бузулғудек чекармен оҳлар.

Утти хўблар ой киби, йўқтур арода ул қуёш,
Ваҳки, ул бадмеҳрни кўрмон, ўтадур моҳлар.

Хўблар зулфу занахдониға бординг, эй кўнгул,
Ҳозир ўл, тундур қаронғу, йўлда бордур чоҳлар.

Гар мусаввир чизса девор узра ул гул хирманин,
Жав-бажав мендин нишон бергуси бир-бир коҳлар.

Эй кўнгул, Фарҳод ила Вомиқ доғи Мажнун қани?
Бўлмағил ғофилки,  бир-бир  бордилар ҳамроҳлар.

Тўкти қон гулгун либосин кийгач ул хўблар шаҳи,
Қон тўкар эрмиш қизил тўн кийса, бешак, шоҳлар.

Эй баҳори ҳусн, эшитсанг гар Навоий оҳини
Керак, албатта, хазон елин соғинсанг гоҳлар.

                                 138

Юз туман меҳнат ўти андуҳлиғ жонимдадур,
То ҳаводин сарзаниш сарви хиромонимдадур.

Ҳожатим будур, худоёким, каромат қилғасен,
Нотавон жонимға ҳар заҳматки жононимдадур.

Дард менда сендин ортуқ бўлса, жоно, не ажаб,
Ким сенинг жисмингдадур, заҳмат менинг жонимдадур.

Сўрдум оғзи таъми талх эрмиш, ажаб йўқ ўлмагим
Менки, бу янғлиғ ачиғ таъм оби ҳайвонимдадур.

Эй Масиҳо, субҳи айшим тийра бўлмиш, гўйиё
Заррае бетоблиғ хуршиди тобонимдадур.

Даҳр боғи ичра барбод ўлмағон гул чиқмади,
Йўқ ажаб, гар елдин осибе гулистонимдадур.

Эй Навоий, сўрмадинг дерсен малул ўлғанда ёр,
Соғинурсен гўйиёким бахт фармонимдадур.

                                   139

Кирди сиймобий либос ичра яна ул гулузор,
Ул қуёшдекким, анга мониъ бўлур абри баҳор.

Ул булут янглиғ либос узра сизилғон хатлари
Бор анингдекким, ёғин тушгай булутдин тор-тор.

Бу либоси сиймгун ичра сенинг нозик танинг
Ул кумушдекдурким, ул сиймоб аро тутқай қарор.

Меҳри рухсоринг либоси сиймгундин мутлақо
Ул қуёшдурким, қилур кўзгуда аксин ошкор.

Бўлди сиймобий -либосинг ранги баским, айладим
Кўз саҳобидин бошингға ашк сиймобин нисор.

Танни чун сиймоб этар бу чархи ахзар оқибат,
Тўн агар сиймобий ўлсун, гар яшил, бир ҳукми бор.

Эй Навоий, кисвати гар обгундур, не ажаб,
Бу яқиндурким, бўлур сув ичра дурри шоҳвор.

                               140

Фурқатингдин заъфарон узра тўкармен лолалар,
Лолалар эрмаски, бағримдин эрур парголалар.

Дур тишингдин донайи сабрим қолур бебар десам,
Кулуб айтурким, экиннинг офатидур жолалар.

Барги гул узра ёпишибтур шакар ҳар соридин,
Ё магар-лаълинг уза қайнабтурур табхолалар?

Тола-тола най ўқунг кўксумда гўё синдиким,
Теврулубтур нотавон кўнглумда бир-бир толалар.

Фитналик тўққуз фалақ гирдингда, жоно, турфадур,
Ким кўрубтур бир қуёш давринда мундоқ ҳолалар?

Бордилар аҳбобу мен йиғлармен ўз аҳволима,
Корвондин қолғон ит янглиғки, қилғай нолалар.

Кўҳи ғам бўлди Навоий, лолалар гулгун сиришк,
Тоғ агар будур, бале, ашк ўлғусидур лолалар.

                                     141

Ул  малоҳат шамъидин  мундоқки жисмим  ёнадур,
Ҳар бир учқун ғам шабистонида бир парвонадур.

Шоми ҳажрим шарҳин эл афсона қилди, оҳким,
Уйқуға солғон қаро бахтимни бу афсонадур.

Ғайрким, маҳв ўлдию сенсен бузуғ кўнглум аро,—
Чуғз итиб, товус ер тутмиш, ажаб вайронадур.

Кўксум ичраким, ғамингдин нордек бўлди инкоф,
Гўйиё ҳар бир бағир парголаси бир донадур.

Кўйида сўрсанг кўнгулларни унутма, эй сабо,
Менинг оворамниким, ҳам хаста, ҳам девонадур.

Чарх шабгардиға гўё нақди умрингдур ғараз,
Тегрангга ҳар тунки икки букрайиб айлонадур.

Сўрма ҳажрингда Навоий ёрину сарманзилин,
Ёр анга дардинг, ватан бир кунжи меҳнатхонадур.

                                     142

То хаёлинг гаҳ кўнгул, гаҳ кўз аро меҳмон эрур,
Кўз била кўнглум аросинда ҳасаддин қон эрур.

Кўнглума пайконларингдин қатра-қатра сув эмас,
Ҳолима кўздек биайниҳ ул доғи гирён эрур.

Ғарқамен ашк ичраким, ишқинг танимни ўртамас,
Йўқса, ўт ким кўрдиким, хошок аро пинҳон эрур?

Ҳажр ўқидинким эрур бағрим аро юз минг тўшук,
Ҳар тўшук бир кўздурурким, ҳолима ҳайрон эрур.

Ҳусн майдонида ул кўз чобукедурким, анга
Холи мушкин гўю зулфунг анбарин чавгон эрур.

Даҳр бўстонида бош чеккан ниҳол атрофида
Шох эмас, новак дегил, яфроғ эмас, пайкон эрур.

Тийғ ила душвор айлабсен Навоий қатлини,
Чеҳрадин бурқаъни олғилким, басе осон эрур.

                                      143

Ғунчайи хандон била ҳуснунг гули хуррам баҳор,
Хаттинг андоқ сабзаким, бўлғай анга ҳамдам баҳор.

Юз уза тердин хатинг гар бош чекар, эй гул, не тонг
Сабзаға боисдурур чун бўлди эрса нам баҳор.

Шодлиғдин гулшани васлингда йиғлаб чексам оҳ,
Ёпма юзким, гулга бўлмас ел-ёғиндин ғам баҳор.

Оразим акси юзунг ойина тушган турфадур,
Ким кўрубтур ҳам хазон бир ойда бўлғай, ҳам баҳор?!

Войким, бир гул хазонға солди айшим гулбунин,
Ушбу фасл ичраки топмиш жумлайи олам баҳор.

Барқу сел эрмас, фиғону ашк эрур, буким, ҳар эл
Гул юзунг кўргач тутар ўз ҳолиға мотам баҳор.

Қасди булбул кўнгли қайди бўлмаса, невчун солур
Боғ шўхи сунбули зулфиға печу хам баҳор?

Гул эмас, бу боғ торожиға ийнак лаълдин
Айлади овиза меҳри даврйға хотам баҳор.

Эй Навоий, чин баҳор эркин бу, ёхуд кўргузур
Боғи хулқидин улусға довари аъзам баҳор.

                                     144

Ваҳки, кўнглум ғуссаси ҳар лаҳза қасди жон қилур
Ҳажрим андуҳи бузуғ сабрим уйин вайрон қилур.

Кўп мададдур ҳажр андуҳида совуғ оҳлар,
Ким сингурса мен киби ўзига қасди жон қилур.

Неча йиллик меҳнатим ишқ ичра билгай ошиқе,
Ким ҳадисин ёр ила ағёрдин пинҳон қилур.

Жонни истармен чиқарсам уйидин, кўзларни ҳам,
Кўнглум ул дамким хаёлин лаҳзае меҳмон қилур.

Асрадим жон ичра меҳрин, билмадим охир нафас
Ул Масиҳо ўлмагим англаб, ўзин нодон қилур.

Фақр йўлинда ирик пашминадин ор этмаким,
Ҳар таҳаррукдин таайюн бандини суҳон қилур.

Соқиё, ҳолимни билдинг, эмди тутқил бодаким,
Бу суубатларни бехудлуғ манга осон қилур.

Ростларға чарх агар ҳар лаҳза қилмас сарзаниш,
Шамъ бас ҳар тун недин йиғлаб-куюб афғон қилур?

Дафъ этар дардин Навоийнинг ўшул майким, мудом
Хусрави Хусравнишон соқийлари эҳсон қилур.

                                         145

Тарарда уҳдалиқ зулфин мусалсал айлади чинлар,
Гириҳ «мим», икки зулфи икки «лом», ийнак тароғ «син»лар»

Гириҳлар зулфида гўё ҳисоб асрабдур ул кофир,
Олурда зуҳду таҳво аҳлидин торож этиб динлар.

Ешиб, невчун фиғонға солди зулфидин кўнгулларни,
Қарору сабр нақдин олғали гар айламас қинлар.

Не юздур, оллоҳ-оллоҳ, бода тобидинки, ҳар соат
Очар насринлар узра гул, сочар гул узра насринлар.

Келур ул сарвким, гуллар муллавван қилди гулшанни,
Кирарда шаҳ нечукким мулк эли боғларлар ойинлар.

Десам ҳусн аҳлини кўрмангки, золимдурлару қотил,
Қўнгул айтур: кўрай, шоядки мундоғ эрмас эркинлар?

Эрур маҳзун кўнгуллар зулмати зулфида зор андоғ,
Ки шоми ҳажрида ишқ аҳлидин ҳар сори ғамгинлар.

Не елланмакдур, эй шаҳ, мўр хайлидек чирикдинким,
Сулаймондек бу водий ичра барбод ўлди чандинлар!

Навоий, бўлмайин зору заиф ўлмас наво топмоқ,
Бу эрмиш пири чанг авторидин дайр ичра талқинлар.

                                          146

Оллим ул бут саждасидин реш эрур, ҳолим будур,
Тоати мақбулум улдур, доғи иқболим будур.

Ўқларидин қушдек ўлдум жонға ул кўй орзу,
Учмоғ истармен, вале кўрким, пару болим будур.

Бас, ғаниймен кўҳи ғам бирла жунун тоши аро,
Ийнак-ийнак тахти жоҳим; улдуру молим будур.

Ёр шавқидин ўлар ҳолатдадурмен, эй табиб,
Не иложинг бор, менинг худ заъф аҳволим будур.

Чўмғали қўймас қуруқ найдек сўнгаклар ашк аро,
Турфа кўрким, баҳри бепоён аро солим будур,

Топмайин дунёда коме, динни барбод айладим,
Ҳайф дўзах ҳам манга, биллаҳ гар аъмолим будур.

Эй Навоий, гар ўларда жон талашсам, қилма айб,
Дермен ул ойни кўруб: жон берсам, иҳмолим будур.

                                    147

Тиргузур ҳар дам рақибларнию мани ўлтурур,
Ўт ёқиб эл жониға, менинг ичимни куйдурур.

Кўнглум аҳволин сабодйн сўрдум эрса дедиким:
«Телбалардек бир пари кўйида саргардон юрур».

Ул қуёш юзига боққан сойи ортар кўз ёшим,
Меҳр тобидин агарчи ҳар нима ўлдур қурур.

Қон ёшим ранги ёшурди хотами лаъл оғзини,
Ўйнамоқда ёшлар андоқким узукни ёшурур.

Сенки йўқсен, моҳрухлар жилва айларлар, валек
Кеча ишнар қурт нури меҳр чиққач билгурур.

Ул қуёш ҳижронида ҳар тун ики мунглуғ кўзум
Тонгға тегру субҳидам йўлиға боқиб телмурур.

Тузлук айлаб шамъдек, ваҳ, билмадимким, бу ниҳол
Меҳнат ўти гул очар, ёш қатраси бар келтурур.

Булъажаблиғлар баҳори ишқ аро кўрким, мени
Гаҳ булутдек йиғлатур, гоҳи чоқиндек кулдурур.

Зуҳд оҳангин Навоий ҳар нечаким соз этар,
Бир наво бирла муғанний ёна йўлдин озғурур.

                            148

Яна сенсизин мунисим ғам бўлубтур,
Кўзумга юрак қони ҳамдам бўлубтур.

Қарориб кўзум дам-бадам зор йиғлар,
Анга шоми ҳажрингда мотам бўлубтур.

Ярамдин чекарга ўқин саъй қилманг,
Ки пайкон сўнгак ичра маҳкам бўлубтур.

Ичимдин нечук тортқайлар ўқинким,
Кўнгул қўймасу жон мадад ҳам бўлубтур.

Кўнгулга ёқар кирпигингнинг хаёли,
Менинг захмима неш марҳам бўлубтур.

Ғуборин тилаб йиғлама ҳар дам, эй кўз,
Ки ашкингдин-ўқ ер юзи нам бўлубтур.

Бу гулшан аро барг тўтилариға
Хазон тифли бас боиси рам бўлубтур.

Вафо шахсининг фарқини чарх тийғи
Ики бўлди, ваҳким, бири кам бўлубтур.

Эмас ғам юкидинки, қошингни кўргач,
Навоий сужуд этгали хам блубтур.

                       149

Кўзунг не бало қаро бўлубтур,
Ким жонға қаро бало бўлубтур.

Мажмуъи давони дард қилди
Дардингки, манго даво бўлубтур.

Ишқ ичра онинг фидоси юз жон,
Ҳар жонки санго фидо бўлубтур.

Бегона бўлубтур ошнодин,
Бегонағо ошно бўлубтур.

То қилди юзунг ҳавоси жоним,
Юз сори анго ҳаво бўлубтур.

Боқий топар улки бўлди фоний,
Раҳравға фано бақо бўлубтур.

То тузди Навоий ояти ишқ,
Ишқ аҳли аро наво бўлубтур.

                                     150

Кўк ғазоли чунки кофур узра мушкафшон бўлур,
Кавкабафшон кўзларимдин ул қуёш пинҳон бўлур.

Мунғайиб андоғ синуғ кўнглум бузулурким, сипеҳр
Булъажаб ҳолимға юз минг кўз била ҳайрон бўлур.

Гаҳ юруб, гаҳ ўлтуруб, бир лаҳза тутмасмен қарор,
Ғусса бандидин бари олам манга зиндон бўлур.

Гаҳ кўнгул ўти урар кўксум шикофидин алам,
Гаҳ бағир парголаси кўз йўлидин ғалтон бўлур.

Ўлтурур уй сақфиға оҳим тафидин қатралар,
Ё менинг ҳолимғадурким тому тош гирён бўлур.

Эйки истарсен саломат, ишқ кўйин сўрмағил,
Ким бу йўлға ҳар кишиким тушти, саргардон бўлур.

Истаганга дўст комин истабон куймак, не тонг,
Гар тутун сунбул, ўтун ашжору ўт райҳон бўлур.

Ични урён қилки, тошинг зеби манъи фақр эмас,
Фақр эмастур гар ичинг мамлу, тошинг урён бўлур.

Эй Навоий, ишқ манъин элга иршод айладинг,
Оллоҳ-оллоҳ, бу не макру ҳийлаву достон бўлур?!

                                       151

Ваҳки, майдон азмиға секретти ул чобук сувор,
Кимдурурким асрағай эмди инони ихтиёр?

Қошу юзунгдин агар ортар жунуним, не ажаб,
Телбаликка ҳам янги ойдур мадад, ҳам навбаҳор.

Чок этинг кўксумки, чиқсун ўтлуғ оҳим  шуъласи,
Бир нафас бўлғайки, бу андуҳ ўти топқай қарор.

Ақлу фаҳм ошуфтаҳол ўлди йигит жонинг учун,
Ким яна уйдин мунунгдек чиқмағил олуфтавор.

Бир замонлиғ ҳажр чун минг йилча бор, ўлсам, не тонг
Чунки бўлмас ҳеч кишининг умри минг йил пойдор.

Соқиё, чун ичкумиздур оқибат жоми ажал,
Бода тут ондин бурунким, бизни ўлтургай хумор.

Орази боғидағи тер кўнглум ўтин қилди тез,
Маркаби наълидағи ўт жонима урди шарор.

Эй Навоий, шукрким, майдонға ул шаҳ қўйди юз„
Ким йўлида қолмади навмид жони хоксор.

                                    152

Ваҳй нозил бўлди ёхуд ёрнинг пайғомидур,
Ким ғамим таскини ғамгин хотирим оромидур.

Сафҳайи кофур уза  мушкин раҳамким  айламиш,
Гўйиё субҳи саодат узра давлат шомидур.

Ҳажридин жоним  аросиға агар худ кирмади,
Нега шакли жон аро кирган алиф андомидур?

Кирди жону жисмға хат сафҳасин кўргач, магар
Элга жон бермакка меҳр узра Масиҳ арқомидур?

Ваъдайи васл эрди мазмун, гаҳ ўлукмен, гаҳ тирик
Англамон, қотилмудур бу мужда, руҳафзомидур?

Водийи ҳайратда қолғонларға жон ҳирзи учун
Руқъайи мақсуд комил нутқи ё иъломидур.

Эй Навоий,  нега суртуб кўзга, солмай жонғаким,
Ҳам кўзумнунг нури, ҳам озурда жоним комидур.

                                153

Икки кўзумки дарду бало жўйборидур,
Оҳим бухори устида абри баҳоридур.

Ушшоқ тийра ахтари ҳар ён шафақ аро
Гўё сипеҳр сабзасининг лолазоридур.

Билмай дединг, узулмиш экан субҳайи ақиқ,
Лаълинг ғамида ҳон киби ашким қаторидур.

Ғам гулшанида қаддим эрур ул йиғочким,
Пайкону бори ҳажринг онинг баргу боридур.

Ҳар кимки Юсуфум ғамидин ўлди дашт аро,
Ҳар тун магар бўри кўзи шамъи мазоридур.

Бу дашт туфроғин дема мушкинки, ҳар овуч
Бир мушкбў ғазола тани хоксоридур.

Бергил, тутуб пиёла Навоийға руҳким,
Жонин етурган оғзиға лаълинг хуморидур.

                                       154

Бармоғи ҳайрат билаким лаъли хандон ичрадур,
Ул «алиф» янглиғ дурурким филмасал «жон» ичрадур.

Хони ҳусни завқини билмакка ёхуд бармоғи
Лаъли хандон ичра зрмаским, намакдон ичрадур.

Лаъли бир сўз бирла юз йиллиқ ўлукни Хизр этар,
Гўйиё Руҳуллоҳ ушбу оби ҳайвон ичрадур.

Мунфаилдур юзу зулфидинки, титратгай насим,
Жилвагар товуским фирдавси ризвон ичрадур.

Оразинг ҳажринда ҳар қонлиғ кўзумдур лолае,
Доғлар кўзнунг қаросин, англаким, қон ичрадур.

Тутма улфат боғ ароким, сарсари дайдин дурур
Эмин ул қушким, анинг маъвоси вайрон ичрадур.

Эй Навоий, бирга юз жоми бало турмиш тўла,
Ҳар нечаким соғари ишрат бу даврон ичрадур.

                                        155

Қошинг кўздин ниҳон, андин ниҳонроқ холи мушкиндур,
Бу онинг нуқтасидур, гўйиё ул нуни танвиндур.

Кўнгул зулфунг ғамидин тоза-тоза доғ ила гўё,
Ки нисфи қону нисфи мушк бўлғон нофайи Чиндур.

Итингнинг гоҳ изи, гаҳ панжасидиндур димоғим хуш,
Бу бирдур мушки бийд, ул бир анга гўёки насриндур.

Недин билмон юзум сорғорди муҳриқ ишқ тобидин,
Юзи ўтқа яқинроқ бўлғон элнинг чунки рангиндур.

Ичимда  андоқ ўтдурким, туган жисмимда куйдурсам,
Анга бу ўтдин андоқким, судин бу ўтқа таскиндур.

Юзунгга боқса бўлғай ою кунча нури ўксулса,
Яқин эрмас бу ҳам, астағфируллоҳ, балки тахминдур.

Қизил тўн бирла чиқти, лоларухлар не кўрунгай, ваҳ,
Бу гулдин хилъат этган сарв, алар ҳар ён раёҳиндур.

Жаҳон маккораси дилкашдур, аммо кимки ақд этса,
Ипак жон риштаси ёрмоқ, анга дин нақди кобиндур.

Қошинг меҳробиға, эй муғбача, юз қўйғали қўйким,
Бу тоат дайр пиридин манга ишқ ичра талқиндур.

Юзунг кўрмак тилаб тинмас Навоий кўнгли солмоқдин,
Худой учун олиб бурқаъни, онинг кўнглини тиндур.

                                  156

Қатлима тийғ ўлгаликим чарх иши озордур,
Мавжи ашким аксидин пўлоди жавҳардордур.

Кўк тегирмон тоши айландурмоқ истар бошима,
Дема ою кун бошим узра буким сайёрдур.

Ишқ даштида қуюн эрмаски, мен девонаға
Дашт аро саргашталик хаттин сизар паргордур.

Дард тоғида чоқинлар дема, де ўтлуғ каманд,
Ким солурда бўйнума чарх илгидин такрордур.

Раҳм қил, гардунки, бир дилхастадин мақдур эмас
Чекмаги гар меҳнату бедод бу миқдордур.

Мунча дарду ғуссадин  махлас топар ер истасанг,
Эй Навоий, билки, ул ер кулбайи хаммордур.

Эй хушо хумхонаким, қилғонни анда тарки ҳуш,
Кўк хумидин ҳар неким келгай, фароғи бордур.

                                   157

Нуқтайи холингки кўздин доимо  маъдум эрур,
Нуқтайи хол эрмас улким, нуқтайи мавҳум эрур.

Тонг эмас, ул нуқта гар кўздин ниҳондур, ваҳ, не тонг
Мардумин  кўрмаклигидин  кўз  агар  маҳрум эрур.

Баски, холи кўздадур бўлмиш жаҳон бир сафҳаким,
Рамл машқи янглиғ анда нуқта-ўқ марқум эрур.

Ахтари бахтимдурур ул хол,  йўқса  кўрмадук
Кавкаб андоқ тийраким, ҳуршид уза маълум эрур.

Холи рухсоринг кумиш маснадда Ҳиндустон шаҳи,
Оллида саф тортибон хат тобиъу маҳкум эрур.

Эйки, майдин холи эрмас деб мени таън айладинг,
Бори кўргуз ониким бу дайр аро маъсум эрур.

Доғи пинҳондур Навоий кўнглида, эй лоларух,
Нуқтайи холингки кўздин доимо маъдум эрур.

                                  158

Ҳар лабинг ўлганни тиргузмакда, жоно, жон эрур,
Бу жиҳатдин бир-бириси бирла жонажон эрур.

Жоним андоқ тўлди жонондинки, бўлмас фаҳмким,
Жон эрур жонон эмас ё жон эмас, жонон эрур.

Бўлса жонон, бордурур жон ҳам, чу жонон қилди азм,
Жон кетиб жонон била, жондин менга ҳижрон эрур.

Жон манга жонон учундур, йўқки жонон жон учун,
Умр жононсиз қотиқ, жонсиз вале осон эрур.

Борса жон, жонон йитар, гар борса жонон, жон кетар,
Кимсага  жонону жонсиз умр не имкон эрур?

Хуштурур жону жаҳон жонон била, жонон агар
Бўлмаса жон уйлаким ўлмак жаҳон зиндон эрур.

Жоним ол, эй ҳажру жононсиз манга ранж истама,
Чунки жононсиз Навоий жонидин ранжон эрур.

                                 159

Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур,
Мавжлуқ дарё  киби  ошуфта  кўнглум қўзғолур.

Йиғлама, эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб,
Кўз ёшим дарёсидур ҳар сориким эл кўз солур.

Титрабон сиймобдек кўнглум, етар жон оғзима,
Тунд ел таҳрикидин ҳар дамки дарё чайқолур.

Сабр кўнглумда, кўнгул ул ойда, ул ой кемада,
Ваҳки,  бориб, телмуруб кўз, мунғайиб жоним қолур.

Дам тутулғондин ўлар элдек етибмен ўлгали,
Сурмасун деб кемасин баским нафаслар асролур.

Кирма  савдо  баҳрида оламдин истаб судким,
Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғолур.

Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр,
Илгига чунким Навоий бода киштисин олур.

                                  160

Жон берур элга агарчи лабидин қон томадур,
Ваҳ, дема қон томадур, балки чучук жон томадур.

Ноз ўқи бирла кўзум мардумин этдинг мажруҳ,
Ашки гулгун  дема, захмидин  анинг қон томадур.

Ваҳ, ярам ичра не қондур  буки, девона кўнгул
Топса таскин — турадур,  айласа  афғон — томадур.

Гўйиё фитна саҳобидин эрур сели бало,
Рахшидин қатраки жавлон аро ҳар ён томадур.

Томчидек ашким эмас, кўнглум ўти дафъи учун
Гаҳ бадан кулбасини қилғали вайрон томадур.

Ваҳки, гул шамъин ўчурмаклик учундур, гар худ
Қатра ўрниға булутдин дурри ғалтон томадур.

Лаъли васфида  Навоий сўзидин оби ҳаёт
Қилса пайдо оқадур, айласа пинҳон томадур.

                               161

Холу хатинг хаёлидин, эй сарви гулузор,
Гоҳи кўзумга хол тўшубтур, гаҳи ғубор.

Юзунгда хол сафҳада томған киби қаро,
Холинг малоҳати туз эрурким қарода бор.

Жонимни ўртаган юзу холингни билмасанг,
Ут шуъласида айла гумон бир ўчук шарор.

Билмон, кўнгулда холларингнинг хаёлидур,
Ё кирпигинг тиканларин айлабсен устувор?

Ҳар дам кўнгул ҳалоку кўзум тийра бўлмоғин
Билгай бировки, ёри эрур шўху холдор.

Машшотайи қазо безамиш холу хаттини,
Беихтиёрлиқда манга борму ихтиёр?

Мискин Навоий холи лабинг кўрса жон берур,
Боқсанг не бўлди сурати ҳолиға, эй нигор?!

                                   162

Чиқти ов азмиға жавлон айлаб ул чобуксувор,
Жон нисор ул сайд учунким, жон анга қилғай нисор

Бу эди қасдимки, бир кун сайди фитрок айлагай,
Қилғаним умре кийиклар бирла суҳбат ихтиёр.

Чун кийик қатлини истар, кошки руҳум учуб,
Бир қатил этган кийик жисми аро тутқай қарор.

Токи еткурсам рикобиға  бошимни, кошки,
Қилса шахсимни қазо ит шакли бирла ошкор.

Қомати ҳажрида ҳар ён ёрадин қонлиғ кўнгул
Бир кийикдекдурки, ўқ захми била бўлмиш фигор.

Гўр учун очмоқ недур ҳар лаҳза баҳроми каманд,
Чун сени Баҳромдек айлар ажал гўри шикор.

Эй Навоий, ул қуёшнинг соясида кўр итин
Комрону йўқ санга оллида итча эътибор.

                                     163

Барги гул юзинда лаълинг рашкидин хуноблар,
Ғунча кўнгли ичра оғзинг ҳасратидин тоблар.

Сафҳаедур оразим дебоча ишқ авроқиға,
Қон ёшимнинг хатлари шингарф бирла боблар.

Ашким артилғон учун хам бўлмамиш кирпикларим,
Ким ясабдур кўз хаёлин чеккали қуллоблар.

Ҳажридин кўзларгаким ашк эврулур, ул ашк эмас,
Ким эрур дарду бало дарёсиға гирдоблар.

Айбим этманг, бош кўтармайдур дебон хумхонадин,
Қилмайинму сажда топсам  бу сифат меҳроблар?

Ҳажр  аро икки кўзум ичра  белингнинг нақшидур,
Ўткарур тунни хаёл айлаб кеча бехоблар.

Рўзгорин қилди мазлум оҳининг дуди қаро,
Кўрма.золим хилватининг кўргасин синжоблар.

Терга ботқон гармрўлардин магар дафъ айламиш,
Ўзлуки чиркин таҳаррукдин ирик мошоблар.

Дўстлар, мискин Навоий тийра шомин ёд этинг,
Ёр ила жоми ҳилолий чексангиз маҳтоблар.

                                 164

Ул қуёшким салтанат авжи уза тобон эрур,
Барча шаҳлар жисм эрур, ул барчасиға жон эрур.

Ул малаксиймо қудумидин қиёмат кўрки, боғ
Зебу ойин бирла рашки равзайи ризвон эрур.

Умри жовид элгаким бермиш арода ул Масиҳ,
Юз туман минг Хизр аро бир чашмайи ҳайвон эрур.

Оллида сочиқму эркин ёки гуллар баргидин
Сарв бошиға сабо ҳар лаҳза сиймафшон эрур?

Эл Навоийдек танаъум бирла бўлса, не ажаб,
Чун бориға ифтихор ул хусрави даврон эрур.

                                   165

Телба кўнглум, ваҳки, ҳар соат биров сори борур,
Манъ қилдим эрса бағрим оғриғудек ёлборур.

Қўйдум эрса келтурур мунглуғ бошимға юз бало,
Қўймасам жонға зарар етгудек ўзидин борур.

Қўймасам — бу, қўйсам— ул, ваҳ, бўлса юз жоним фидо
Ул кишигаким, ҳазин жонимни андин қутқорур.

Ақл васвосини қўйсам авло улким, мен доғи
Бошим олиб кетгамен ҳар сориким, ул бошқорур.

Соқиё, бир навъ мен лабташна йўқким оғзима,
Ҳар ярам оғзиға қуйсанг бир қадаҳни сипқорур.

Икки юзлук бўлмаким, бу боғнинг раъно гули
Гар қизорур бир юзи, лекин яна бир сорғорур.

Кулда пинҳон ўт киби топмас Навоий кўнглини,
Ҳар нечаким ишқ кул қилди вужудин охторур.

                            166

Ул ойки, жафо нардини хўблардин утубтур,
Ё раб, не бало, меҳру вафони унутубтур?!

Оғзинг била писта ўчашур пучлуғидин,
Билмонки, ўшул оғзи очуқ қайда бутубтур?

Ҳар дам қизиғ оҳим тафидин музтар ўлурмен,
Ўтлуғ нафас, эй войки, кўклардин ўтубтур.

Йиллар лаби лаълинг ғамидин жони ҳазиним
Ҳасрат суйини хуни жигар бирла ютубтур.

Ул наргиси бемор ила ул ғунчайи хандон
Кўзумни ўл айлабтуру оғзим қурутубтур1.

Аксини кўнгул кўзгусида кўрдуму ўлдум,
Ким ғайрин анинг эвига невчун ёвутубтур?

Ҳижрон куни ишқ аҳлини ўртарга магар чарх
Оташкадасида шафақ ўтин ёрутубтур.

Булбул киби хушгўй Наворйни қилиб хор,
Ул гулни кўрунг, жониби бадгўй тутубтур.

                                       167

Барча хўбларнинг қаду рухсору хатту холи бор?
Лек улким бизни беҳол айлар, ўзга ҳоли бор.

Юзум олтундекдурур, бу важҳдинким ҳолиё
Сиймбарлар ул кишинингдурким, онинг моли бор.

Киргали кўнглум аро бир-бир ўқунг бўлмиш таним
Ул қаламдекким, онинг ичида туз-туз ноли бор.

Сунбулунг тушса оёғинг остида, не айбким,
«Гул» била «хуршид»нинг остида «лом»у «дол»и бор.

Ул сабабдин, зоҳидо, машғул эмасмен зуҳд ила,
Ким кўнгулнинг мутрибу май бирла кўп ашғоли бор.

Одам ўлмишменки, ишқ аҳли манга авлод эрур,
Йўқса, ёшдин менча кимнинг юз сари атфоли бор?

Гавҳари мақсуд чун вобастайи тавфиқ эрур,
Деса бўлмаским, мунунг саъйи, онинг иҳмоли бор.

Эй Навоий, топмасанг коме лаби жонбахшидин,
Сенинг учун бўлсун онинг ғамзайи қаттоли бор.

                                  168

Чорайи кор истабон бечоралиқ кўнглум тилар,
Хонумон таркин қилиб, оворалиқ кўнглум тилар.

Истарам оллингда қилсам саждаву ўпсам лабинг,
Бут парастиш айлабон, майхоралиқ кўнглум тилар.

Бағриму кўксум била кўнглумни қилдинг ёралиқ,
Жони ҳам бу ҳол бирла ёралиқ кўнглум тилар.

Ошиқ иши чун саводул-важҳи фид-дорайн эрур,
Бу маломат кўйида юз қоралиқ кўнглум тилар.

Қасдима ҳар ёндин ул кўй итларин қўй, эй рақиб,
Ким  саломат пардасин юз  поралиқ кўнглум  тилар.

Тан ғуборин жон юзидин рафъ қил, эй дардким,
Кўзни ул ён гаҳ-гаҳи наззоралиқ кўнглум тилар.

Эй Навоий, нечаким кўнглумга тушган дард учун
Чора истармен, вале бечоралиқ кўнглум тилар.

                                 169

Ҳар ўқи ул қоши ёнинг элниким қурбон қилур,
Рост бир ўқдурки, қурбон кўнглум ичра санчилур.

Истаса васлин кўнгул, кўз рашкдин қон ёш тўкар,
Кўз юзин кўргач, кўнгул юз нола ғайратдин қилур.

Тийғи кўксум чок этиб, кўнглумни очса, не ажаб,
Ким равон сувдин ҳамиша халқ кўнгли очилур.

Гарм ўлуб, ҳар ён ул оташ пораким новак отар,
Рост ўтдекдурки, гирдидин шарарлар айрилур.

Юзни ўн тирноғ илаким ғуссадин қилдим фигор,
Дона эркин кўз ёшимким, ҳар дам анда сочилур.

Бода ичким, чарх жоми сиррини Жам қилмади,
Гарчи ул юз Жам киби майхоранинг даврин билур.

Оҳ ўтидин шиква гар айлар Навоий, айб эмас,
Телбаларнинг ҳар неким оғзиға келса айтилур.

                                 170

Ё раб, бу не гулдурким, бошиға чечак санчар,
Гаҳ эгри қўяр бўркин, гаҳ белга этак санчар.

Кўнглумга чекиб новак, ож айлади пайвандин,
Ҳар захмки ул тешти, эл анга сўнгак санчар.

Бошимға ҳавас лаълинг, оламни видоъ эттим,
Чиқса киши мажлисдин, бошиға газак санчар.

Ғам кулбасида, жоно, ул хастаға раҳм этким,
Тебранса бағир оғрир, дам урса юрак санчар.

Қуллоби муҳаббаттур саргашта кўнгулларга,
Чун қуш солиб ул чобук, бошиға гажак санчар.

Ҳар кавкаб учин гардун неш этти шуоъидин,
Ғам шоми вафо аҳлин ҳар навъ керак санчар.

Санчилғон ажал хори ишқ учраса билгайсен,
Ким жонға бало нешин ҳажр ўзгачарак санчар.

Жисмин чу Навоийнинғ пайкони темур қилди,
Билмонки, синон эмди бағриға нетак санчар?

                                 171

Ғаминг ўқики, кўнгуллар уйин нишона қилур,
Менинг чу хокий таним ичра етти, хона қилур.

Лабинг баҳонасиз эл қонини тўкар ҳар дам,
Манга чу етти иш, албатта, бир баҳона қилур.

Кўнгул берурда  фусунлуғ  кўзига  билмас эдим,
Ки эл ичинда мени оқибат фасона қилур.

Кўнгулда жавҳари пайкониники йиғмиш жон,
Ажаб эмаски, бу вайронани хазона қилур.

Десаки, меҳргиёҳин кўкартайин гардун,
Замона аҳли вафо кўз ёшини дона қилур.

Ҳалок доми ёяр субҳхез қушлар учун
Саҳар елики, чаман сунбулини шона қилур.

Насиб булбул учун хори ғамдурур, ул ҳам
Навоий нағмаси бирла магар тарона қилур?

                                172

Дуреки, менинг жонима офат етилибтур,
Тўби киби қад бирла қиёмат етилибтур.

Ушшоҳ кўзидин дуру гавҳар оқизурға
Бир баҳри жафо, кони малоҳат етилибтур.

Лаълинг майиким, сўрғали девона бўлубмен,
Ширин кўрунур, лек бағоят етилибтур.

Ишқинг чаманида не тараб шохики эктим,
Ҳар бириси бир нахли надомат етилибтур.

Юз заррача саргашталигим бўлса, не тонгким,
Юз меҳрдин ул шўх зиёдат етилибтур.

Бу боғ аро ҳолмайдур ажал елидин озод
Ҳар гулгаки, савсан киби қомат етилибтур.

Ҳижрон ғамидин ваҳм эту шукр айла, Навонй,
Бу лаҳзаки, васлиға саломат етилибтур.

                                       173

То бўлди кўнгул ул кўзи усрукка гирифтор,
Эл кўзига соғмен, вале ўз-ўзума бемор.

Тонгдин таним оқшомғача тош захми била реш,
Тундин баданим тонгғача тиш захмидин афгор.

Кулбамнинг эмас хиштлари дарзеки, очмиш
Ҳолимға фиғон қилғали оғзин дару девор.

Халқ ичра кўнгул ишқини фош айлади оҳим,
Уй ичида ўт бор эканин дуд этар изҳор.

Ул бут ғамидин кофири ишқ ўлғали кўнглум
Жон ришталарин жамъ қилиб боғлади зуннор.

Хуш гулшан эрур даҳр, будур айбики, анда
Пайваста хазон елидин озурдадур ашжор.

Ёр оллида гар бор-йўқ эрса, ажаб эрмас,
Ағёр чу бор анда, Навоий, санга не бор?!

                                  174

Юз олмон йўлидин қатлимға чун ташриф ёр элтур,
Намоз ичра ўлумлук макс этардин рўзгор элтур.

Қачонким масти лояқил чиқар, ваҳким, анга бермон
Кўнгулни ихтиёрим бирла, ул беихтиёр элтур.

Итига тўъма дарбойист бўлғай деб қаён борса,
Кўнгул сайдини фитрокиға айлаб устувор элтур.

Менинг мажнунлуғумни ул пари ишқида манъ этманг,
Ки ақли кулни савдо даштиға девонавор элтур.

Шабистонингда анжум маҳраму кун бўлғали маҳрум
Бу гул-гул очилиб ҳар кеча, ул бир хор-хор элтур.

Насими субҳ хайли  сунбули зулфунгни  тарқатқач,
Саводи тунча мушки судадин ҳар ён ғубор элтур.

Юзу зулфунг тилаб боғ ичра оҳим оташин гулдин
Узар яфроғлар ўтдин дуд андоқким шарор элтур.

Мени майхонаға бординг дебон ёзғурма, эй зоҳид,
Ки усрук шаҳнадек ул ён қазо илги тутор, элтур.

Қазо нарроди кўк тосида ой-кун каъбатайнидин
Душаш нақши била эл умри нақди ҳар не бор элтур.

Навоий қатлиға чун ваъдае қилдинг, вафо қилким,
Йўлунгда телмуруб умредурурким интизор элтур.

                               175

Фиғонки, ёр вафо аҳлиға ситам қиладур,
Ниёзу ажз гуноҳиға  муттаҳам қиладур.

Наими васлида хўй айлаган кўнгулларни,
Асири ҳажр этибон, мубталойи ғам қиладур.

Рақиб беҳуда тақрири бирла юз тақсир
Заиф ғамзадалар отиға рақам қиладур.

Не ҳукм қилса вафо хайли журмида ғам эмас,
Бу зулм эрурки, жафо аҳлини ҳакам қиладур.

Уз илги бирла гар ўлтурса бок йўқ, ваҳким,
Рақиб оллида афтодаву дижам қиладур.

Муҳаббат аҳлини «во ҳасрато»ки кўп ўртаб,
Аларнинг оҳи ўтидин ҳарос кам қиладур.

Чу гул вафосиз эрур, неча асраса, ваҳким,
Кўнгул қуши бу гулистондин эмди рам қиладур.

Замона ўқ киби тузларни синдуруб ёдек,
Аларки эгридурур, шаҳға муҳтарам қиладур.

Навоий ўлгай эди бўлмаса умиди висол,
Бу қасдларки, анга ҳажр дам-бадам қиладур.

                             176

Сариғ либос аро ул нўшлабки хандондур,
Эрур Масиҳки хуршид ичинда пинҳондур.

Либосу жисм ила ул гулузор кўргузди
Хазон ичида баҳореки, ақл ҳайрондур.

Либоси ўт киби асфар, тани ҳаёт суйи,
Ажойиб ўтки, аросинда оби ҳайвондур.

Ўшул дур орзусидики, зарварақ киймиш,
Юзумнинг олтунида дуррш ашк ғалтондур.

Фироқ даштидағи лолалар сариғ бутмиш,
Магарки доғлари барча доғи ҳижрондур.

Юз ул этакдин агар олмасам, не тонгки, сомон
Чу каҳрабоға етар, қўймоғи не имкондур?

Сариғ юзумдек этиб субҳ ўзин соғиндиким,
Совуғ нафас била меҳрин ёшурмоқ осондур.

Навоийға берур эл панду ул муни дерким:
Сариғ либоси фалон шўхнинг ее часпондур?

                                    177

Улки, онсиз хаста кўнглумнунг юз оҳу войи бор,
Ҳажридин юз минг менингдек ўлса, не парвойи бор?

Чарх тонг отқунча йиғлар меҳрин элдин ёшуруб,
Гўё ул саргаштанинг ҳам бир мусофир ойи бор,

Ганжи ҳуснунг янглиғ ўлмиш махзани меҳрим менинг,
Ким неча исроф бирла харж қилғон сойи бор.

Заҳри ҳижронким чекармен, таъмини билгай магар
Бедилеким, бир вафосиз кофири худройи бор.

Ишқ мулкидин хабарлар топса Лайли, тонг эмас,
Ким анинг Мажнун киби пайки жаҳонпаймойи бор.

.Меҳрнинг кўрма шафақ ичра шуоъий хатларин,
Ким сипеҳр осийбидин мужгони хунполойи бор.

Ҳажр аро қилди Навоий қошларинг кўнглида нақш,
Разм элидек иш куни қурбонда икки ёйи бор.

                                   178

Вою юз минг войким, тарки муҳаббат қилди ёр,
Билмайин қолдим мену қилмай хабар айрилди ёр.

Борди ўқдек тезу ёдек қоматим ёд этмади,
Ишқ аро гўё менинг эгрилигимни билди ёр.

Чун гадолар бирла шаҳлар қилмас эрмиш ёрлиғ,
Мен гадони кўзга, бас, невчун бурундин илди ёр?

Панд эшитиб,. дўстлар, ҳеч ким била ёр ўлмангиз,
Ким менинг бағримни тийғи ҳажр бирла тилди ёр.

Мендин айрилғон балову дард учунму йиғлайин?
Ё ангаким, борибон ағёр ила қотилди ёр?

Йиғлашиб ғам шоми зоҳир айласунлар дард уйин
Кимгаким байтул-ҳазанда шамъдек топилди ёр.

Эй Навоий, ёр учун тортар эдинг ғурбатда ранж,
Йўлға туш, эмди равонроқким, азимат қилди ёр.

                                      179

Ҳар қаён боқсам кўзумға ул қуёшдин нур эрур,
Ҳар сори қилсам назар ул ой манга манзур эрур.

Чун масал бўлди сочинг зулм ичра, ёшурмоқ не суд,
Мушк исин ёшурса бўлмас,— бу масал машҳур эрур

Телбарармен то ани кўрмон, ажойибдур буким,
Ул пари девана кўзидин доғи мастур эрур.
 
Чун мудом эрнинг майи кошиндадур кофир кўзунг
Недин эркинким даме усрук, даме махмур эрур.

Дилраболар доғн жоним сафҳасида гўйиё
Дард эли ишқим учун муҳр айлагон маншур эрур.

Пар уруб бошингға тутма авжким, ҳар неча мўр,
Ким қанотлонғой, қачон учмоқ анга мақдур эрур?

Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб, невчунки хом этган тамаъ ранжур эрур.

                                       180

Ер бордию кўнглумда анинг нози қолибтур,
Андоғки қулоғим тўла овози қолибтур.

Кўз хонасини қилди барандохта бу ашк,
Кўз борди, вале хона барандозн қолибтур.

Кўнглум қуши то сунбулунгуз домиға тушти,
Булбул киби ҳар гул сори парвози қолибтур.

Ул қуш сафар айлаб, не тараб гулбунин очқай,
Ким боғ аро бир сарви сарафрози қолибтур.

Мен ишқ рамузин демай ўлдум, назар этким,
Фарҳод ила Мажнуннунг ўкуш рози қолибтур.

Тақлид қилиб кўнглума ишқ аҳли чекар оҳ,
Ул иттию эл ичра саровози қолибтур.

Ҳижрону висолин кўпу оз дема, Навоий,
Юз шукр, деким: кўпи бориб, ози қолибтур.

                                      181

Ул  малаксиймо париким, халқ анинг ҳайронидур,
Жонлар ошуби, вале ошуфта жонлар жонидур.

Тифл авроқ ичра бир-бир барги гул терган киби,
Номайи ҳижрон аро тим-тим сиришким қонидур.

Кўрса жон захмида қонлиғ марҳамин айлар гумон,
Ким  бузулғон кўнглум ўтидин қизил пайконидур.

Юзунгга май гуллари юз фитна қилди, гўйиё
Фитна ҳар гулким очар, юзунг анинг бўстонидур.

Бормудур кўнглумда кесган ҳам алиф, ҳам наълу доғ,
Ё бу миръот ичра солғон акси ҳуснунг онидур?

Даҳр торожи қилур урён чаман раъноларин,
Елдин ун чекмас йиғочларким чаман афғонидур.

Эй Навоий, билки, тонг отқунча йиғлар ҳар кеча
Чархдек ҳар кимки бир бадмеҳр саргардонидур.

                           182

Шаҳсуворим ҳар қачон жавлон қилур,
Маҳвнлуб, билмон ўзумни, ҳақ билур.

Анга ҳар кўзким тушар, кирпиклари
Хаста кўнглумга тикандеқ санчилур.

Очилур кўнглум саманди сайридин,
Ғунча янглиғким сабодин очилур.

Айрилур гўё қуёшдин бир шиҳоб,
Оти наълидин ҳар ўтким айрилур.

Оҳ тортарда магар жон печ урар,
Ўқ отарда ҳар қачонким қайрилур.

Тавсани гардунни маркаб қилмаким,
Ер била рокибни охир тенг қилур.

Тез этар тиғинг Навоий ишқини,
Гарчи ўт ўчар, агар сув еочилур.

                                 183

Қайси бир кўкнинг юзунгдек меҳри оламтоби бор?
Қайси гулшаннинг жамолингдек гули сероби бор?

Зулфидин, эй захмлиқ кўнглум, қутулғунг йўқтурур,
Ким сенинг ҳар ҳалқайи зулфунгда бир қуллобн бор.

Зулфу юзидин дам урманг, тун била кун чашмаси,
Ким бу сунбул бирла гулнинг ўзга обу тоби бор.

Не учун ҳар дам сариғроқтур юзумнинг олтуни,
Бовужудиким юзимда ашкдин сиймоби бор.

Сажда гар айлар малак, не тонгким, ул ой қасрининг
Кунгири шаклидин атрофида кўп меҳроби бор.

Давлати зоҳирки маҳбуб айладинг, тарк айлаким,
Қайдингга зулфини долу ломидин асбоби бор.

Юзу лаълиигдин Навоий бехуд ўлса, сўрмағил,
Бир итингдурким, саҳар вақтида шаккархоби бор.

                             184

Йўлида кош мени пора-пора қилғайлар,
Ки халқ ҳолима бир-бир назора қилғайлар.

Бу ҳолатимни кўруб бори ишқ асирлари,
Вафосиз элни севардин канора қилғайлар.

Васиятим буки, кўнглумни кўргач-ўқ аҳбоб,
Тутуб юзини ҳамул лаҳза қора қилғайлар.

Бу дард илаки ўлармен, мараз чу зоҳир эмас,
Табиблар бу балоға не чора қилғайлар?

Тамуғни равза соғинғайлар аҳли ҳашр ул кун,
Ки телба кўнглум ўтин ошкора қилғайлар.

Май ички, англамағайлар бу дайрдин рамзе,
Гар аҳли зуҳд юз йил истихора қилғайлар.

Сабо, дегилки, Навоийға тортсунлар хат,
Аларки аҳли вафони шумора қилғайлар.

                                    185

Хаста кўнглум азм этар ул сориким жонон борур,
Дам-бадам жоним чиқар, гўё бу ҳам ул ён борур.

Кўнглум ичра тўқтамас лаълинг хаёли бир замон,
Не ажаб, ўлсам, бу захмимдин чу ҳар дам қон борур.

Ондаким сенсиз етар бешак фиғоним, эй қуёш,
Мен бора олмой, нетай, ул ердаким афғон борур.

Қоматинг жон қасди этса, кирпигингдур раҳнамой,
Ҳар қаён ўқ борса, онинг оллида пайкон борур.

Ёд этарлар водийи ишқ аҳли Мажнун сайрини,
Бехабар ҳар ён қуюндекким бу саргардон борур.

Йўлдин охир  сурма «султонмен»  дебон дарвешни,
Ёд эт ул йўлдинки ҳам дарвешу ҳам султон борур.

Ҳажридин андоқ заиф ўлмиш Навоий, эй пари,
Ким қаёнким борса, сендек халқдин пинҳон борур.

                                     186

Кўнглумни фигор эттингу жонимда балодур,
Билмон яна, эй сарв, бошингда не ҳаводур?

Бошингға гириҳ, юзунгга тер, олдингга сандал,
Эл жониға ул шаклни билмон, не балодур?

Ўз дардинг унут бўлғай агар шаммае билсанг,
Ҳажринг туни ичра бу уқубатки мангодур.

Жон эврулубон бошингга, сен чирмаб ўзунгни,
Ғунча кибиким гирдида саргашта сабодур.

Кўнглум солибон набз киби борур иликдин,
Набзинг сори кўрсамки, табиб илги бородур.

Афғонки, хазон меҳнатидин қолмади солим,
Ҳар сарви гуландомки бу гулшан ародур.

Ё рабки, Навоий ғаму дардиға даво бер,
Ким ёр саломатлиғи дардимға даводур.

                                187

Кўзум ёшики, юрак қониға тутош кўрунур,
Берур қонимға тонуғлуқ, агарчи ёш кўрунур.

Лабини сўрғали ақлим жунунға бўлди бадал,
Май ичса тез ўлур эл, соғда гар ёвош кўрунур.

Шикаста кўнглума оз ғам бўлубтурур куллий,
Кесак қаноти синуқ қуш кўзига тош кўрунур.

Не кунки юзини кўрсам, тушумга кирса, не тонг,
Қуёшқа боқсаю кўз юмса ҳам, қуёш кўрунур.

Не руд оқиздинг улус қонидинки, тегрангда
Назарға сой тошидек неча боқса, бош кўрунур.

Муғ эшигин турадек ёп юзингғаким, гардун,
Қуёш синони чекиб таврида савош кўрунур.

Навоийнинг бу намози не навъ экин, ё раб,
Ки сажда вақти кўзига ул эгма қош кўрунур.

                                         188

Ваелидин гар барги гулдур ҳажрдин гар нўги хор
Чунким эрур ёр учун хуштур керак ёр ўлса бор.

Ёр агар худ ёрдур бўлсун бари офоҳ хасм,
Тенгри ёвар бўлса, эъдо қасдиға не эътибор?

Эл ямон-яхши дегандин хурраму ғамгин эмон,
Чун эрур ёр оллида мофиз замирим ошкор.

Ҳар муҳаббат тухмиким эктим вафо бўстонида,
Ваҳки, бўлди барчаға ҳажру маломат баргу бор.

Эй Навоий, бода ич, дарду балодин ғам ема,
Чун санга ҳомийдурур шоҳаншаҳи жам иқтидор.

                                189

Бағримни тийғи ҳажр ила юз пора қилдилар,
То ёр кўйидин мени овора қилдилар.

Буткудек эрди васл ила кўнглум жароҳати,
Ҳижрон қиличи бирла яна ёра қилдилар.

Мазмуни ўлмаку оти ҳижрон ғами деган,
Юз минг жафони жонима якбора қилдилар.

Турғон ёшим оқиздилар ул ой фироқида,
Собитларимни кавкаби сайёра қилдилар.

Воиз уни суруд эрур ишғоли айшиға,
Қисмат кўйинда оники майхора қилдилар.

Май тутки, жом давридин-ўқ топтилар илож,
Жамъики чарх даврини наззора қилдилар.

Ё раб, не дей аларники, мискин Навоийни
Беҳушу ақлу бедилу бечора қилдилар.

                                   190

Улки, юз мендек жаҳонда волаву шайдоси бор,
Нечаким бордур ниёзим, онинг истиғноси бор.

Дам-бадам кўнглум бериб жон нақдин истар васлини
Оллоҳ-оллоҳ, телба кўнглумнунг ажаб савдоси бор.

Кўнглагим қонлиқ туганлар ўрнидин ой-ой эрур,
Ул катондекким, юзида ҳар тараф тамғоси бор.

То ўқунг ёмғур киби келди, кўзум бўлмиш садаф,
Бовужуди улки дурдин юз сари дарёси бор.

Жон бериб, дардинг олиб кўксумда асрармен, не айб,
Асраса сандуқ аро улким самин колоси бор.

Бўлма эмин чархдин бир дам мураққаъпўш деб,
Ким қуёшдин бу мураққаъ ичра ўтлуғ тоси бор.

Итларинг бўлмиш Навоий кўнгли учун меҳмон,
Бу кеча ул кўй аро, кўрким, ажаб ғавғоси бор.

                                    191

Жонда ишқинг бўлғуси, то танда жон бўлғусидур,
Танда жондек жон аро ишқинг ниҳон бўлғусидур.

То тирикдурмен ичига жола тушган ғунчадек,
Хаста кўнглум дурри ишқингға макон бўлғусидур.

Дарду ишқинг доғи ул соатки ўлсам жон аро,
«Жон»нинг икки нуқтаси янглиғ нишон бўлғусидур.

Қилди ашкимни шафақгун ҳажр бепоён туни,
Ҳулласин чек тонгнинг, эй гардунки, қон бўлғусидур.

Ул Масиҳ анфоси жонбахшу лаби ҳайвон суйи,
Оллоҳ-оллоҳ, неча  жоним  нотавон  бўлғусидур?

Меҳр шамъи дудидин қиссамни ёз, эй чархким,
Зийнати авроқинг ушбу достон бўлғусидур.

Ўқидин кўнглунг қачонға тегру захм ўлғай деманг,
То бу қуш бўлғусидур — ул ошён бўлғусидур.

Гул қулоғин чун оғир қилмиш кириб шабнам суви,
Неча, эй булбул, ишинг доим фиғон бўлғусидур.

Эй Навоий, кўкка тегру дарди оҳимдин шиканж,
Етгали ул ойға гўё нардбон бўлғусидур.

                                     192

Ҳар ниёзу ажзким бу жони ношодимда бор,
Ваҳки, юз минг онча ноз ул сарви озодимда бор.

Ваъдайи меҳру вафоға мункир ўлма, эй пари,
Ким неча мажнуну воламен, вале ёдимда бор.

Ўтидин Мажнуннинг, эй ровий, не ҳайрат қилғамен,
Менки юз парвона андоғ меҳнатободимда бор?

Кўнглума кўҳи ғаму мужгонларинг кирмиш, вале,
Не ғам ул тоғдин, бу метинларки Фарҳодимда бор.

Ишқ дуррин кўргузур қотиқ ғамим, ваҳким, эрур
Дарду ғам дарёси ул жавҳарки пўлодимда бор.

Кесгали ҳушу хирад нахлини эрур аррае,
Ҳар харошеким жунун шарҳида фарёдимда бор.

Дайр пири ўзлукум қайдин кетарди, ваҳ, не тонг,
Гар дуоси ҳар сабуҳий вақти авродимда бор.

Эй Навоий, телбаратмишдур мени ифрот ила,
Баски муфрит одамийлиғлар паризодимда бор.

                                     193

Кеча ҳар кавкаб кўрунгач, ёдима ойим келур,
Ой чу толеъ бўлди — меҳри оламоройим келур.

Зуҳду тақво, бутрашингким, бу кеча май ичгали
Байтул-аҳзонимға шўхи бодапаймойим келур.

Бу сориғ рангини кўрмаски, қилғай кўнгли раҳм,
Баски, юзга қонлиғ ашки чеҳраолойим келур.

Ваҳ, не ҳижрондур буким, айлай десам зикри висол,
Дам-бадам оғзимға оҳи меҳнатафзойим келур.

Шайх ибриқу ридосин чун кўрармен, ёдима
Дайр  аро паймона бирла бодаполойим келур.

Озими дашти фано бўлдум, келур Мажнун доғи,
Гар қадам тез урмон ондиндурки, ҳампойим келур.

Кўзлару жону кўнгулда манзил эт ороста,
Эй Навоийким, букун маҳбуби худройим келур.

                               194

Яна ғариб гуле жонима жафо қиладур,
Яна ажаб тикане кўнглум ичра санчиладур.

Яна бир ўзгача ишқ икки илги зўридин
Бағир била юрагим бир-биридин айриладур.

Қалади, ваҳки, ўтундек сўнгакларимни сипеҳр,
Бу янги ўтқаки тан кулбасида ёқиладур.

Фироқ кожлари бирла, ваҳки, не ўтлар
Булутдек ашкфишон кўзларимга чоқиладур.

Сиришк айлади хокий танимни андоғким,
Қадам қўяй деса, уйқу кўзумга ёйиладур.

Қочар бу телба кўнгул, яна воқиф ўл, эй ақл,
Ки толпинур кўпу кўксум шикофи очиладур.

Ғариб қисса эрур ишқким, туганмади ҳеч,
Агарчи бўлғали олам биноси айтиладур.

Навоий, аҳли жунун қайди ёр зулфи эмиш,
Хирад танобини уз, банд агар бу силсиладур.

                                195

Холи ҳижронида кўнглум дарди беандозадур,
Доғдин борғач қаро ташвиши онинг тозадур.

Тушта Юсуф ҳайъатин кўрдум ҳабибим ёдидин?
Гўйи ул қолаб бу руҳи маҳз учун андозадур.

Заҳмим оғзи бутмасидин уйқум учмиш, эй рафиқ.
Гўйиё бу ўзга уйқу келтирур хамёзадур.

Ғамзаси жаллодида ҳолин кўнгулнинг билмадим,
Эй сабо, тенгри учун кўйида не овозадур?

Лаъли васфин ёзмишам жон сафҳасидин дафтаре,
Ҳар тараф жон риштаси бирла анга шерозадур.

Захмидин қон кўп оқиб ёхуд жунундиндур, буким,
Ул пари кўйида ҳар дам телба кўнглум озадур.

Итлари қут этсун ўлтургач Навоий қонини,
Барча гар ҳар қатра бир жаннат гулиға ғозадур.

Воқиф ўлким, бешайи жаҳл ичра жисминг ҳужраси
Нафс сайёди ҳаво сайдин тутарға козадур.

                                  196

Икки зулфунг хаста кўнглумга қаронғу кечалар,
Заъфдин бехудлуғум уйқу анга бу кечалар.

То гирифтор ўлди зулфинг домиға кўнглум қуши,
Тўлғаниб жисмим, кўзумдин учмиш уйқу кечалар.

Қайда бўлсун уйқуким, оқизмиш уйқу хайлини,
Тинмайин оққан сиришким қонидин су кечалар.

Ҳар не навъ ўлса ўтар кундуз иши, лекин бўлур
Ҳажр дардидин хароб аҳволим асру кечалар.

Тийра шомим шиддатин, кўргилкн, чарху субҳдин,
Ҳолима гаҳ йиғлағудур, гоҳ кулгу кечалар.

Субҳдек соф истасанг кўнглунгни, андин чархдек
Тийралик чиркини сиймин ашк ила ю(в) кечалар.

Эй Навоий, чарх янглиғ истар ўлсанг субҳи васл,
Тонгғача ашк ахтарин тўкмай бўлурму кечалар?

                                      197

Донайи ашкимки ёғмоғлиғ била афсонадур,
Тухми меҳрин экмак учун ҳам ёғин, ҳам донадур,

Ишқи комил бўлса, маъшуқ арғувон хад бўлмасун,
Каҳрабо шамъиға ҳар каҳ барг бир парвонадур.

Шишадек кўнглумки тўлмиш бодайи ҳажринг била,
Гўйиёким ўлмагим учун тўла паймонадур.

Ишқ атфоли кўруб коғазда Мажнун суратин,
Қилдилар ғавғо гумон айлабки бу девонадур.

Васлдин қолған бузуғ кўнгдумни, эй ҳажр, асраким,
Ганж аро йиллар ниҳоний асрағон вайронадур.

Даҳрнинг бегонаваш золиға бўлма ошно,
Ким сени то ошно этти ўзи бегонадур.

Ул санам кўйида кундуз гум кеча сойир кўнгул,
Шаппаредурким, анга кундуз мақар бутхонадур.

Эй Навоий, мужиби саргашталик эрмиш жунун,
Ичгали бу майни ҳар соат бошим айлонадур.

                              198

Лолагун тўн ичра, ё раб, ул ғазоли Чин эрур
Ё кўзумнунг мардуми қон ёш ила рангин эрур.

Билмон, оёким, шафақ ичра эрур заррин ғазол
Лолагун тўн ичра ёхуд ул ғазоли Чин эрур?

Айламиш гулдаста банд сунъ тўну жисмини,
Санъатиким, арғувон барги аро насрин эрур.

Қадмудур бу ё эрур шингарф ила ёзғон алиф,
Белму ё тореки, лаъл ичра анга таскин эрур.

Кўнглум ичра солди ул тўн акс ёхуд бўлди қон,
Халқ кўнглин қон этарга, ваҳ, бу не ойин эрур?

Бир қадаҳ гулгун май, эй соқий, тўла тутким, кўнгул
Ул бути гулгунқабо бедодидин ғамгин эрур.

Эй Навоий, қатл учун гар худ қизил тўн кийди ёр,
Басдур ул тўн ранги, не муҳтожи қатлу кин эрур?

Дема тоғу лола даҳр ичра — ажал қаплони бил,
Ким кийиклар қонидин бошдин-аёғ рангин эрур.

                                       199

Кундуз ул хуршиди рахшондин кўзумда ёш эрур,
Кеча ҳолим зулфи савдоси била чирмош эрур.

Олмағон дин нақди бирла йиқмағон меҳроб йўқ,
Эй мусулмонлар, не кофир кўз, муфаттин қош эрур?

Чок кўксумдин ичимга солиб ул ой кўнглидек
Асрарамким, ҳам ул-ўқ бошимға урғон тош эрур.

Раҳм эмас, бераҳмлиқдур сурмасанг бошимға рахш
Ким бу кўп қатла онинг помоли бўлғон бош эрур.

Ишқи сиррин неча кўнглум ичра пинҳон асрасам,
Ҳам кўнгул ўти забона чеккач элга фош эрур.

Қайси гул базмики сувға, йўқса елга бормади,
Бу чаманда то булут саққо, сабо фаррош эрур.

Масжид ичра истаманг зуҳду риё аҳли аро,
Ким Навоий дайр ичинда дохили авбош эрур.

                                  200

Қошинг авжи малоҳатнинг янги туққан ҳилолидур,
Қадинг нахли латофат боғининг наврас ниҳолидур.

Фидо жоним қадинг нахлигаким, гарчи эрур наврас,
Вале андому раънолиқда ҳадди иътидолидур.

Назокат гулшанида тоза гулбун қоматинг шибҳи,
Онинг табъида музмар ғунча йўқ оғзинг мисолидур.

Чучук лафзинг Масиҳонинг туфулиятдағи нутқи,
Белинг жонбахшлиқта кўнглига кирган хаёлидур.

Не тонг, кўнглум агар мажруҳ ўлуб, қон борса захмидин,
Ки узган ғунчадек бир тифлвашнинг поймолидур.

Юру, эй Хизриким, ҳайвон суйидур заҳр агар ичсам,
Бу дамким, жомим ул шўх итлари синғон сафолидур.

Хало мавжуд эмас сув зарфидин чиққач ҳаво тўлди,
Ҳавойий ишқдин мамлудур ўздин кимки холидур.

Навоий ашкидек ул шўх агар тинмас, ажаб эрмас,
Қилурлар пўя ёшлар то югурмак эҳтимолидур.

Фано дайрин тилармен мен, вале учмоғни зоҳидким,
Менинг комим қадаҳ дурди, анинг кавсар зулолидур.