ҒАЗАЛЛАР
201
Майдин айру гул эмас гўё эрур гулгун ҳарир,
Ким кесиб гул ҳайъати бирла сепибтурлар абир.
Базм эмас боғ ичра майсизким, ҳунарвар илгидин
Бўлди рангин мум ҳар қолаб бнла ҳайъатпазир.
То қизитмайдур қулоғин май гули яксон эрур,
Булбул оғзидин сафиру боғ эшигидин сарир.
Соқиё, жонимға еттим тавбадин, жонинг учун
Бўл манга бир лаб-балаб паймона бирла дастгир.
Бодаеким, етгач оғзимға, чиқарғай нашъаси
Тақвию ислому ақлу зуҳд жонидин нафир.
То бўлуб расво яна бир жом учун, муғ кўйида
Ҳар замон ўзумни кофирларға қилғаймен асир.
Эй Навоий, маъсият узрида ўлсанг яхшироқ,
Зуҳд ужбидин мукаддар бўлғуча лавҳи замир.
202
Ул ўтлуғ чеҳраға зарбафт хилъат не ярошибдур,
Магар хилъатқа ул юз ламъасидин ўт тутошибдур.
Фалакнинг боргоҳиға кўмоч ўлмиш қуёш жирми,
Анга оҳим сутундек дуди мундоқким улошибдур.
Малойик қушлари ғам шоми қўзғалмоқ, тонг эрмаским,
Етибдур кўкка юз оҳим хаданги, балки ошибдур.
Бало дашти аро юз минг ўлуктур, онда қотил ишқ
Хирад мағлуб хайли бирла гўёким савошибдур.
Лабингдин жон топай деб, кўп талашти ҳажр аро кўнглум,
Улар ҳолатда ул бемордекким жон талошибдур.
Қадаҳға бода тарёкини қуй тошқунча, эй соқий,
Ки ғам заҳри била жомим тўлубдур, балки тошибдур.
Навоий гар лаби ёди била қон ютди, жон тутди,
Табибо, билки, бу шарбат анга беҳад ярошибдур.
203
Маркаб эрмаским, сабо майдонда гардангез эрур,
Рокиб эрмас, барги гулдурким, сабодин тез эрур.
Ташлади ҳар ён улус жонини саргардон қилиб,
Гирдбоди фитна гўёким ғуборангез эрур.
Наъл эмас, равшан ҳилоли эл кўзин ёрутқали,
Пўяда ҳар сори шабрангига дастовез эрур.
Рокибу маркаб юзу аъзосидин терму оқар,
Ё булут дурбор ўлуб, хуршид анжумрез эрур.
Бодайи гулгун кетурким, шоми ҳижрон мен киби,
Юз туман Фарҳодни паст айлаган Шабдез эрур.
Ошуқуб, терлаб иложимға етиштинг, эй Масиҳ,
Не ажаб, гар шарбати лаълинг гулобомез эрур.
Гар яна маст отланиб кўнглакча жавлон қилмади,
Бас, қулоқ сол шаҳр сориким, не рустохез эрур.
Ҳийла ожизлиқдин айлар ошиқ, англа, эй кўнгул,
Ким забунроқ ишқ аро Фарҳоддин Парвез эрур.
Эй Навоий, ёр агар майхорадур, юз қатла шукр,
Ким эмассен порсову хаста, не парҳез эрур?
204
Борди улким, сендин айрилғай кўнгул то жони бор,
Жаврунгга қўйдум кўнгул, қил ончаким, имкони бор.
Эй Масиҳим, мен қатили ишқмен, тиргуз мени,
Бир нафас, дедим қабул этким, нафаснинг жони бор.
Новакинг етгач, ики нов очти ашким суйидин,
Гўйи ул новакнинг икки новлиқ пайкони бор.
Хозини жаннат сени учмоғ гуликим бас манга,
Буки ҳар ён тийғининг жисмимда томғон қони бор.
Ёрса кўксумни, фиғон зоҳир қилур жон риштаси,
Кўнглак ўлса чок, узулган торнинг афғони бор.
Жон қуши учқач, туз этти жисм уйин сели фано,
Эй ҳумоюнфол ўшул чуғзеки, бир вайрони бор.
Шайху бир бодому қон ютмоқки, пири дайрнинг
Нуқл ила майдин фано аҳлиға кўп эҳсони бор.
Даҳр шўхи макриға берма кўнгул, йўл баргин эт,
Сен киби ҳар гўшада невчунки юз меҳмони бор.
Лаъли ҳажрида Навоий қони қайнар демангиз,
Янги майдек руҳидурким, нолайи пинҳони бор.
205
Буким, кўнгулнинг ул ойсиз не саъб ҳолати бор,
Ул англағайки, бирав ҳажридин малолати бор.
Қуйики тушмиш анинг зулми тийғидин бошим,
Ҳануз тийғи юзидин магар хижолати бор.
Қулоғ дурию юзи икки ахтар этти қирон,
Ки олам ичра басе фитнаға далолати бор.
Сабо дебон хабар ул гулдин, элни тиргузди,
Масиҳча деса бўлғай анинг рисолати бор.
Кўнгулни зулм ила буздинг, бале, бўлур маъмур,
Шаҳеки, мулкида эҳсон ила адолати бор.
Қадаҳ қуёши била равшан айла хотирни,
Чу англасангки, фалак зулмидин залолати бор.
Навоий, истамас эл ишқинг, англағай буким,
Ўз-ўзи бирла жунун аҳлидек мақолати бор.
206
Соқиё, дай шиддатидин ақлу ҳис бетоб эрур,
Чораси жоми билурин ичра лаъли ноб эрур.
Тийину қоқимни рокиб шўхдар ўз эгнидин
Тоб бирла юзга чеккандин кўнгул бетоб эрур.
Ишқдин, йўқким совуғдин оташин гул истабон,
Топмоғондин булбул аъзосида пар синжоб эрур.
Сийм ўтдин сув бўлур, елдин ажойибдур буким,
Титрамакдин сиймбарлар жисми чун сиймоб эрур.
Тўлун ой эрмас, тун оқшомким қуёшнинг чашмаси
Муз тўнгубтурким, зиёси тийра чун маҳтоб эрур.
Сиймдин баҳман чаман Қофини то зол айлади,
Қушлар ул сийм остида симурғдек ноёб эрур.
Эй хуш улким, лаългун май ич дебон таклиф учун,
Илги бир заррин камарнинг бўйниға қуллоб эрур.
Кишу ўрмак қайдидин ўт, айшни фавт этмаким,
Киш қаророқ тулку ўрмак юпқароқ мошоб эрур.
Эй Навоий, гар муҳайё топмасанг асбоби айш,
Ғам ема, шаҳ қуллуғи юз айш учун асбоб эрур.
Ул сарафрозеки, олий даргаҳининг ҳайъати
Барча саркашларга бош қўймоқ учун меҳроб эрур.
207
Товушким уй тошидин келса, дермен бағри тошимдур,
Эшикдин соя киргач, соғинурменким қуёшимдур.
Ичинда тоғнинг қон, тошида юз минг бало тоши,
Онинг тошу ичи мутлақ дегайсен ичу тошимдур.
Эмастур гарду гўй ул шўх майдонида, гўёким
Бири фарсуда жисмимдур, бири саргашта бошимдур.
Сиришкимни жигар парголаси бил, доғи кўз нури,
Кўнгул сиррини, ваҳким, зоҳир этган ушбу ёшимдур.
Демай, паст ўлди афғоним елидин нахли айшимким,
Бу нахлим арраси муҳлик фиғон ичра харошимдур.
Урармен ерга бошимни ғамингдин жон талошурда,
Фироқинг хайли бирла ул урушум, бу талошимдур.
Ёмон ҳолимға ҳайрат қилманг, эй Фарҳод ила Мажнун,
Букун сиз меҳмонсизким, тараб бирла маошимдур.
Фалак қасри била кавн муттакосидин деманг сўзким,
Фано дайри маконим, фақр туфроғи фарошимдур.
Дедимким: «Тушта меҳроб ичра кўрдум кофири масте»,
Деди: «Кўргил, Навоий, кўз очибким, кўзу қошимдур».
208
Хаста кўнглум ўртанур гўё севар жоним борур,
Йиғлағум келур, магар гулбарги хандоним борур.
Ул қуёш ҳажриндаким жонимни ўртар ғам туни,
Шамъ янглиғ, не ажаб, гар дурри ғалтоним борур.
Нил ила ҳар ён алиф кўксумга қозған, ваҳ, не суд,
Ким алифдек қад била сарви хиромоним борур.
Эврулуб бошиға, рухсоридин ўртан, эй кўнгул,
Куйгуча ҳажринда чун шамъи шабистоним борур.
Мен худ ўлгум, шукрким, ул ҳам бора олғуси йўқ,
Тийғи ҳажри захмидин бу навъким қоним борур.
Рози ўлдумким, ажал бўғзумни бўққайким, недин
Мен қолиб маҳжур анга ҳар лаҳза афғоним борур.
Не намоз ўлғайки, ўзни кўргузуб жамъ ичра жамъ,
Юз паришонлиғ сари табъи паришоним борур.
Эй Навоий, шуълалиқ жонинг овучлаб, бошла йўл,
Кечқурун чун отланиб ул маст меҳмоним борур.
209
Не лўливашдур ул қотил, ки қон тўкмаккадур яксар,
Қиё боқмоқлари — поки, итик мужгонлари — ништар.
Юзидинким хижилдур гул, паришон ҳар тараф кокул
Сочиб гулбарг уза сунбул, тўкуб кофур уза анбар.
Югурмакликда ҳар гунбад, ки секрер ул маҳи гулхад,
Гули меҳр олдорар беҳад, уёлур гунбаза ахзар.
Чу лаъб асбобини тузди, саломат риштасин узди,
Қамардек ҳола кўргузди, узори давридин чамбар.
Либоси нози часпондур, гаҳи туз қадди чавгондур,
Замоне гўйи ғалтондур, зиҳи чобук, зиҳи дилбар.
Бошиға сим ўлуб паррон, тушуб гирдиға анжумсон,
Тулуъ эткан киби ҳар ён қамар атрофида ахтар.
Тўкуб қон неши ғам бирла, очиб майдон ситам бирла,
Олиб таблу алам бирла кўнгуллар кишварин яксар.
Жунун шамъин қилиб равшан, кўнгулга телбаликдур фан,
Паридек бўлғали парранда ул шўхи пари пайкар.
Навоий бўлди лўливаш, ки келмиш анга лўли хаш,
Қани бир жоми лўликаш, ки лўли тутса бир соғар.
Тамаъ қилма фалакдин ком, ким ханжар қилур ошом
Янги ой шаклидин ҳар шом ул лўлийи бозигар.
210
Чун мени мажнун бошин атфол тоши синдурур,
Оҳ ўти жўлида сочимдин анга киз куйдурур.
Аҳли диллар, чеҳра очди ёр, очманг дийдаким,
Ҳар киши ул юзга кўз олдурди — кўнглин олдурур.
Кўргач ул юзни бошимға урди юз тийғи бало,
Кўрки, чиққур кўз бошимға не балолар келтирур?!
Кўзда асрабмен бағир қонин, тилар бўлсанг ҳино,
Суртсам кўзни аёғингға ҳамул дам билгурур.
Булъажаблиқлар жунунум ичра кўрким, халқин
Ишқ бир дам йиғлатур ҳолимға, бир дам кулдурур.
Навбаҳори ҳуснидин топма фириб, эй шўхким,
Чарх даври навбаҳор ўтмай хазонин еткурур.
Эй Навоий, ҳажр андуҳида маст ўл зинҳор,
Ким кўнгулдин ғамни бирдам зойил этган майдурур.
211
Оташин гул баргидин хилъатки жононимдадур,
Хилъат эрмас, ул бир ўтдурким, менинг жонимдадур.
Оташин лаъледурурким, анда музмар бўлди жон,
Оташин гул баргидан хилъатки жононимдадур.
Жон қуши хунобидин тутмиш малоҳат нахли ранг,
Ё либоси лолагун сарви хиромонимдадур.
Қатл биймидур, тараҳҳумнинг доғи уммеди бор,
Бу либоси олким ул номусулмонимдадур.
Васл шоми куймаган парвона шояд қолмағай,
Бу шафақгун ҳуллаким шамъи шабистонимдадур.
Тутмасун гул суҳбатидин сарв ўзин кўп сарфароз,
Эй сабоким, ул тўни гулгун менинг ёнимдадур.
Соқиё, гулранг май солиб кетур паймонаким,
Зуҳд биймидин халал фақр ичра паймонимдадур.
Эй Навоий, истама жон булбулин ҳар гулдаким,
Ул тўни гулгун, лаби гулбарги хандонимдадур.
212
Шамъ ул ой ҳажрида ҳар тун куймагим огоҳидур,
Дуди эрмаским, менинг ҳолимға ўтлуқ оҳидур.
Чиқти жон, рози эмон кўюнгга борғай, негаким
Ҳар қаён азм этса, дарду ғам анинг ҳамроҳидур.
Гар самандинг гардидин қолмон, не тонгким, бордур ул
Каҳрабоеким, бу хасдек жисм барги коҳидур.
Бир маҳи хиргаҳнишин кўнглумни олмиш, эй рафиқ,
Йўқ ажаб, гар хаста кўнглум ноласи хиргоҳидур.
Ёр кўнгли истамиш кўнглумга сурмак тийғи кин,
Ҳар не дилхоҳи онинг — мен хастанинг дилхоҳидур.
Мисри иззат истаган зиндони ғамдин қочмаким,
Моҳи Канъон тахтиға боис мазаллат чоҳидур.
Эй Навоий, мен худ асрабмен ғами ишқин ниҳон,
Айлаган зоҳир кўнгулнинг нолайи гаҳ-гоҳидур.
213
Савсаний тўн бирла ул қад савсани озод эрур,
Ё бинафша баргидин зеб айлаган шамшод эрур.
Оллоҳ-оллоҳ, билмон ул қадники, савсан баргидин
Зеблик шамшод эрур ё савсани озод эрур?
Ваҳ, не сарведурки, то хилъат кийибтур савсанин,
Чок ўлуб гул хилъати, булбул иши фарёд эрур.
Савсану сарве агар йўқтур, дамимдин боғ аро
Ўртанибон сарву савсан ҳулласи барбод эрур.
Айни иффатдин ўшул покиза гавҳар жисмида
Хилъат эрмаским, бинафш этган киби пўлод эрур
Шоми ғам кўнглум узору ҳулласин ёд айлабон,
Меҳр ўти ҳар ён бинафш этган булутдин шод эрур
Қозғали ғам Бесутун тоғин Навоий илгида,
Ваҳки, савсан барги эрмас, тешайи Фарҳод эрур.
Юз тили бўлса, дам урмоқ шарт эмас озодадин,
Эй кўнгул, савсан тилидин бизга бу иршод эрур.
214
Оразинг хуршиду оғзинг заррадин тимсол эрур,
Зарра узра нуқта янглиғ оғзинг узра хол эрур.
Кокулунгдур мушку устида гириҳ мушк узра «мим»,
Қоматинг шамшоду зулф остида тушган «дол» эрур.
Қошу қадду зулфидин пайваста то наълу алиф
Танда кестим, ноладин озурда жисмим нол эрур.
Чун дедим, холинг била кўз мардумининг ҳоли бор,
Деди улким: хол дейсен, нуқтасиз ҳам ҳол эрур.
Нукта дер ҳолатда тор оғзингни кўргузган лабинг
Гўйиё занбур нешидин тешилган бол эрур.
Дурдкашмен пири дайр оллида мақбул ўлғали,
Давлат аҳлининг қабули, кўрки, не иқбол эрур.
Соқиё, гар давр таъжилин кўруб қон йиғламас,
Бас, Навоийдек суроҳий ашки невчун ол эрур?
215
Менда бир ўтдурки, гар дам урсам афлок ўртанур,
Асрасам кўнглумда, жону жисми ғамнок ўртанур.
Меҳр эмас оҳнм ўтидин кўкка етмиш бир шарар,
Айб эмастур гар десам, дам урсам, афлок ўртанур.
Бас таним ўртарга қонлиғ новакинг, ҳижронни қўй,
Барқ не ҳожат, бир учқун бирла хошок ўртанур.
Шамъ ўти моҳиятин англай деган парвонадек
Оразинг меҳрини фаҳм айларда идрок ўртанур.
Ишқ аро кўнглум неча толпинса ортар шуъласи,
Ўтқа тушган телба қилғон сойи топок ўртанур.
Ашк юб жисмим кудуратдин, қурутмиш оҳ ўти,
Ламъае тушгач узоринг барқидин пок ўртанур.
Эй Навоий, чун рутабдек оташин лаъли аро
Хаста кўнглум тушти, тонг йўқ, гар бўлуб чок ўртанур.
216
Биров ғами яна кўнглумга қўзғолон соладур,
Биров демайки, бу ошубни фалон соладур.
Неча яқин бўладур ул оғиз йўқи, лекин
Такаллуми яна кўнглум аро гумон соладур.
Таажжуб айламангиз дафъа-дафъа фарёдим,
Ки шавқ кўнглума ёдин замон-замон соладур.
Рафиқлар, билингизким, мусофирим ёди
Бошимға ҳар нафасе тарки хонумон соладур.
Десам, шикиб била ўзни забт айлай, ишқ
Яна бу шуълани кўнглумга ногаҳон соладур.
Не навъ булбули зор этмасун фиғонки, сипеҳр
Бу гулшан ичра баҳор ўлмайин хазон соладур.
Навоий ўлса, кўҳанпиру куйса, айб этманг,
Ки мундоқ ўт анга бир шўхи навжувон соладур.
217
Ҳаёт боғида то сарву лола бўлғусидур,
Менинг мумидди ҳаётим пиёла бўлғусидур.
Суроҳий ўлғусндур манга сиймтан маҳбуб,
Бошида қил анга мушкин кулола бўлғусидур.
Ҳаёт гулшани муғ кулбасию муғбачанинг
Юзию қадди манга сарву лола бўлғусидур.
Не айб, базмим ичинда ҳазин фиғонки, суруд,
Ангаки қон ютар, албатта, нола бўлғусидур.
Қадаҳки, ҳолима қон йиғлар, эмди оҳимдин
Сиришки қатраси гулранг жола бўлғусидур,
Дединг фано недурур, мухтасар дейин: ўлмак,
Ки шарҳини тиласанг, юз рисола бўлғусидур.
Қачон май ичра юзунг акси тушса, эй соқий,
Пиёла даври ўшул ойға ҳола бўлғусидур.
Навоий, истама кавсар майини зуҳд била,
Ки бода ичкучи элга ҳавола бўлғусидур.
218
Барги най тўн ичида нол киби бели ниҳондур,
Қалами фўта қамиш бандидек устида аёкдур.
Айладим тарҳ вафо қасрини кўксум уза, кўрким,
Наъллар тарҳида айвонларидин ерда нишондур.
Зулфи ҳижронида мундоғки таним ҳар сори санчар,
Рагларим жисм аро қатлимға магар неча йилондур
Чуғз вайрона аро англади гўёки ўлармен,
Мотамимға иши ҳар лаҳза ғарибона фиғондур.
Ўқунг оғзида қизил тус эмас кўнглум ароким,
Тонг эмас, оғзи қизил бўлса, ғизо чун анга қондур
Ҳуллайи тоат этар дўзах ўтин дафъ, йўқ эрса,
Ул ҳароратқа не дафъ, кафанинғ гарчи катондур.
Воизеким, ўзи қилмас амалу элга берур панд,
Гар эмас уйқуда, бас мунчаки дер, не ҳазаёндур?!
Хас киби тушти Навоий май уза, ғам нета олғай,
Хоссакнм, анга ҳубоб уйи киби дори амондур.
219
Ҳар кишиким, бир сўз ул бадмеҳрдин тақрири бор.
Ҳолатимнинг токим ул тақрир этар тағйири бор.
Муҳтариз бўл шуълайи оҳимдин, эй гул хирмани,
Ким чоқин хирмонға тушганнинг ажаб таъсири бор.
Кўнглума йўқ чора ўртанмакдин ўзга ишқ аро,
Ғайри куймак мўрнинг ўт ичра не тадбири бор?
Ҳиндуйи зулфиким, ул юз тахти фармонидадур,
Жодуедурким, анга гўё пари тасхири бор.
Сабзайи хаттинг эрур ҳар сори зулфунг торидин
Хатти зангорийки, мушки ноб ила таҳрири бор.
Фақр дашти не қотиқ йўлдурки, солик ҳар неча
Қилса диққат бирла ҳақ амрин адо, тақсири бор.
Гар Навоий жон бериб, ул зулфнинг бир торини
Олса, айб этмангки, бу савдо аро тавфири бор.
220
Оразинг кўзгусиму тер касратидин судадур?
Ёҳуд ул ораз суйининг аксиму кўзгудадур?
Дема айни ноздин ул кўз очилмайдурки, бор
Кофиреким мастлиқ ифротидин уйқудадур.
Топмоғим ўзни маҳол ўлмиш фироқинг шомиким,
Тоб ародур хаста жисму тоб ул гисудадур.
Сен урарсен новаку кўксум шикофидин кўнгул
Кўргали келмиш, хато қилмаки, хуш қопудадур.
Сажда қилмоқ не тафовут Каъба ёҳуд бутғаким,
Қоши меҳроби қаён қилсам сужуд ўтрудадур.
Ўлмагимдин зулфунгга гўё паришонлиғ етиб,
Мотам аҳлидек қуйи солиб бошин қайғудадур.
Нуҳ умрию Сулаймон мулкига йўқтур бақо,
Ич, Навоий, бодаким, олам ғами беҳудадур.
221
Бу тоза туганким ғамидин кўнглум ародур,
Кўнглум қуши ғам дашти аро бағри қародур.
Жисмим аро пайконинг эмас ҳар сори, гўё
Ҳар гўшада ёмғур суйи ғам тоғи ародур.
То боғи ҳалокимда не гулларки очилғай,
Захмимдағи қон сув киби тинмайки бородур.
Жонимни чиқармоққа агар йўл ясамас ишқ,
Ғам тийғи недин ҳар сори кўксумни ёродур?
Ғам шоми деманг субҳки кўк шамъин ўчурган,
Ашким сувидур улки, йироқтин оқародур.
Кир водийи ишқ ичра енгилракки, бу йўлда
Ўзлук юкини ташламағон асру ҳородур.
Майхона Навоийғаву зоҳидға ики кавн,
Ким анга ғараз икки сародин бу сародур.
222
Белию оғзи кўрар-кўрмасда чун пинҳон эрур,
Бас, муни ўпмак, они қучмоқ қачон имкон эрур?
Мен доғи дей белину оғзинки кўрдум-кўрмадим,
Йўқ таманноларни топқон-топмоғтон яксон эрур.
Бевафолар қадду мужгонини кўп қилманг хаёл,
Ким бири туз ўқдурур, бу бир итик пайкон эрур
Ишвагарлар лаблари қасдиға жондин кечмангиз,
Негаким ўз қасди жони қилғон эл нодон эрур.
Туну кун деб истаманг ҳар лаҳза зулфу юзларин,
Ким бу бир дуди бало, ул шуълайи ҳижрон эрур.
Нўш эмастур даҳр базмида газакким нешдур,
Май демаким, соғари даврон ичинда қон эрур.
Эй Навоий, бу ғариб ишларга таклиф айладинг,
Бизгадур бисёр мушкул, гар санга осон эрур.
223
Юзи гулчеҳра соқийнинг тараб ҳукмиға туғродур,
Юзинда май гули ул ёрлиғ узра ол тамғодур.
Лаби лаъли ҳалокимен, агарчи жонфизолиқда
Масиҳо бирла ул гўё ўлук бирла Масиҳодур.
Дамим дуди хирад аҳлин қилур ҳар лаҳза савдойи,
Димоғимда, кўрунг, ул зулф мушкидин не савдодур?!
Синонин кўксума то тикти ул чобук, бу хам қаддим
Ҳамоно ғам сипоҳи қалбида ул ўқ учун ёдур.
Лабинг акси кўзум- шўробаси баҳрида гўёким
Чучук сувдурки, атрофида онинг талх дарёдур.
Жаҳонни чун кўзумга ҳажр шоми айламиш тийра,
Не суд андин мангаким, васл субҳи оламородур.
Бошим қуш ошёни, тан жунун торожидин урён,
Не тонг, ёшлар югурмак ҳар тарафдинким, тамошодур!
Фидоси нақди исломимки, муғ дайридағи соқий
Улус қонин тўкардин ваҳм қилмас, гарчи тарсодур.
Навоий, дайр пири гўйиёким шаҳр шайхиға
Фано жоми ичурдиким, харобот ичра ғавғодур.
224
Дуд янглиғ дема кўнглум оҳи дардолудидур,
Ким кўнгул узра туган қўйған фатилам дудидур.
Абри ҳасрат ёмғирию тийрборони фано
Кисвати мавту ҳалоким турфа тору пудидур.
Дард нақшин қилди ҳар доғим уза султони ҳусн,
Ул дирамларнинг бу гўё сиккайи беҳбудидур.
Ишқ савдосида жонимға зиёндур, демаким,
Ҳар киши мундоқ зиён ишқ ичра қилса, судидур.
Хўблар кўйида истиғно елидин ҳар ғубор,
Ким қўпар бир нотавоннинг жисми ғамфарсудидур.
Жавҳари жоним олиб, тут журъае, эй муғбача,
Ким бу нақд аҳли фанонинг будию нобудидур.
То Навоий бўлса муғ дайрида масту жомачок,
Ким тирикликдин бу султонлиқ анинг мақсудидур.
225
Сочбоғингдин чиққон, оё, сунбули пурчинмудур?
Ё терисин солғон икки афъийи мушкинмудур?
Иффатингдиндурмуким меъжар юзига тушти чин,
Ёхуд анда зеб учуи машшота солғон чинмудур?
Нўшханд этганда лаълингдин кўрунмишму тишинг,
Англамон, ёхуд асал ичра ёзилғон «син»мудур?
Сунбулин кўргач, кўзум бўлди қаронғу, эй сабо,
Сочи мундоғ тийра ёхуд сочбоғи эпкинмудур?
Чиқса ақдингдин аруси даҳр, бергил нақди жон,
Демагилким, хунбаҳодур ушбу ё кобинмудур?
Даҳр золин гар десам Фарҳодкуш, айб этмангиз,
Гар эмас Фарҳокуш, охир денгиз, Ширинмудур?
Шавқ ўти топқач сукун дерсенки, ишқи таркин эт,
Эй Навоий, бир нафас бу шуълаға таскинмудур?
226
Оразинг кўзгусида хат сабзадурким суда бор,
Ё магар зангор сув таъсиридин кўзгуда бор.
Ўқларинг пайкон била ҳар ён қуруқ жисмимдадур,
Шохлар узра кўнгуллардекки ул ножуда бор.
Заҳри ҳажрин қилди дафъ ул кўз қароси, ваҳ, бу навъ
Қайда бергай хосият позаҳрким оҳуда бор.
Бордурур меҳроб турғоч бутға қилғондек сужуд,
Сажда қилсам қиблаға то қошларинг қоршуда бор.
Зулф аро холинг агар дин қасди айлар, не ажаб,
Мунча кофирлиғ раги, ваҳ, қайси бир ҳиндуда бор?
Ишқ водийсин хатардур илм ила қатъ айламак,
Солик эрсанг ташла маълумунгнию осуда бор.
Юзин истарсен, Навоий, қочма зулфи фикридин,
Ким сен истар айшнинг уммиди бу қайғуда бор.
227
Оразинг ҳуснун фузун қилғон ҳилолий қош эрур,
Ёхуд ул юз шамъини ёрутқали минқош эрур.
Кўз ёшим дурри ятимин маҳрами ишқ айламон,
Ҳар нечаким пок гавҳардур, ва лекин ёш эрур.
Онча ёғдурди бало тошин танимға ишқким,
Юз минг эл ишқ аҳли гар кўксига урса тош эрур.
Хўблар лаъли хаёлотин пиширмакдур ишим,
Шуълалиқ кўнглум бу согарларға гўё дош эрур.
Қолди аввал тоғ аро Фарҳоду Мажнун дашт аро,
Ишқ йўлинда манга икки ажаб йўлдош эрур.
Ул Масиҳанфос тарсо сайдидур кўнглум қуши,
Ким малак дайри равоқи кунжида хуффош эрур.
Чун оғиз очти Навоий кўнгли ҳар ён захмидин,
Не ажаб, гар ёшурун дарди эл ичра фош эрур.
228
Нетиб туз этай қадким — жисмимда шиканлардур,
Найлаб туз урай дамким — бағримда тиканлардур.
Тирноғ ила хатларким рухсорим уза чектим,
Юз боғида гуллардин ҳар сори чаманлардур.
Юз ёптию жон олди, очқанда равон олди,
Ўлтургали ошиқни, билмон, бу не фанлардур.
Зулфунгда тугун эрмас, кўюнгда ғубор эрмас,
Афтода кўнгуллардур, фарсуда баданлардур.
Юз аҳд ила маҳвашлар кўнглумнн олиб, эмди
Қатл айладилар, асру бадаҳд эканлардур.
Майхонада ҳар сори бир мастки бош қўймиш,
Кирпичлари гўёким жонларға ватанлардур.
Жисмида Навоийнинг юз момуқ ила марҳам,
Бир неча ўқунг захми бир неча туганлардур.
229
Кўнгул эвига ғаму ғусса селидин не қусур,
Ки бода лойи била қилмишам они маъмур.
Биравни мумкин эмас тийра айламак қайғу,
Ки солмиш ўлғай анга жоми бода ламъаси нур.
Хуш ул майеки, эмастур сафову лавн ичра,
Тамуғ ўти била жаннат суйиға ул мақдур.
Десам: бу ўт кул этар ғусса хирманин — не ажаб?
Десам: бу сўз тузатур фикр қасрини — не қусур?
Жаҳон ғамию узум бодаси гумон қилманг,
Ки зоҳир аҳлиға бу маъни этти буйла зуҳур.
Валек аҳли ҳақиқатға май эрур ваҳдат,
Ғам ушбу касрат эрурким, қилур кўнгулга хутур.
Ичилса соқийи тавфиқ илгидин ул май,
Кўнгул бу ғамдин эмас, шубҳаким бўлур маҳжур.
Манга бу май била бир жом келтур, эй соқий,
Ки кўнглум ул ғам аро бўлмиш асру кўп ранжур.
Маломат аҳлиға, эй пири дайр, аёғ тутсанг,
Бу навъ қўйма Навоийни бир йўли мастур.
230
Не ажаб, ҳар ён мени мажнун бошида ёралар,
Баски ёғди устига атфол элидин хоралар.
Оразинг атрофида гулдур кўрунган, эй пари,
Ё қамар даврида саф тортибдурур сайёралар?
Ҳар қуюн гўёки бир саргашта ошиқ гардидур,
Баски, туфроғ ўлди ишқинг даштида овворалар.
Англаким, аҳбобни кулбамда меҳмон этмишам,
Итлари оғзида гар кўрсанг бағирдин поралар.
Анда Мажнун, мен буён Лайли, сен этгач ижтимоъ:
Бир тараф девоналар, бир ён пари рухсоралар.
Хонақаҳ вақфи суйин ичмаслар, эй шайх, анлағил,
Гар хумор ўлса фано дайридағи майхоралар.
Эй Навоий, ишқ аро ўлмакдин ўзга чора йўқ,
Бас, ғалат бўлғай демак ушшоқни бечоралар.
231
Боштин-аёғ яланг таним узраким тоза доғ эрур,
Ҳуснунгға қилғали назар ҳар бири бир қароғ эрур.
Ишқ гадолари дегай кўнглак эрур мураққаъйим,
Тоза туган нишонидин ҳар сори баски доғ эрур.
Захмларим фатиласи жон ўтидин туташқали
Тийра кўнгулға дарду ғам базми учун чароғ эрур.
Кўҳи балодурур таним, чашмаси кўзки, қон тўкар,
Тонг йўқ, агар бу тоғ уза қон оқизур булоғ эрур.
Хурдасидин ичинда ўт ғунча эмаски боғ аро,
Ҳар сори ишқинг ўтидин бир қизиғон думоғ эрур.
Зоҳиду учмоғу томуғ бийми била уммидеким,
Аҳли фаноға мосиваллоҳ ғамидин фароғ эрур.
Дайрда кўр Навоийни муғбачалар ғамидаким,
Эгнида чок хирқаву илгида бир аёғ эрур.
232
Юзунгда зарварақ ҳар ёнки лутфи бениҳоятдур,
Жамолинг мусҳафида ҳар бири гўё бир оятдур.
Сочингда зарфишон чеҳранг залолат шомида ҳар ён
Тажалло машъалидин ёруғон шамъи ҳидоятдур.
Юзунгда нил холи равза ичра нилуфар шибҳи,
Бинафша гулшан ичра юзда нилингдин киноятдур.
Кўнгул сайдиға очма сунбулунг домин, юз очғилким,
Гул-ўқ очилса, қайд этмакка булбулни кифоятдур.
Эл ичра кўпдурур афсона Лайли ҳуснидин, лекин
Сенинг ҳуснунгға ташбиҳ этмак они не ҳикоятдур?
Кўнгул қонин кўп ул хунхора кўз ичти, эмас, гўё
Юзунг гулгунадин гулгунким, ул қондин сироятдур.
Дема, туш вақти ул юз кундин ортуқтур, муни кўргил,
Ким ул ёндин ниҳоят бўлса, бу ёндин бидоятдур.
Эрур бедод боринда тараҳҳум дўстдии, юз ҳайф
Ангаким, шукр боринда иши доим шикоятдур.
Навоийға кўнгул бердингки, жонин олғасен бир кун,
Эрур ўз нафъи шаҳдин гар раиятға риоятдур.
233
Жаҳони буқаламун ичра тушмиш элга гудоз,
Магарки тосиға ўт ёқти чархи шуъбадабоз.
Бу турфароқки, мунунгдек томуғ аро тушмиш
Самуру қоқим учун олам аҳлиға таку тоз.
Не кўкка чиқмоқ эрур долбою ўтоға била,
Ки болу пар бу эса, мумкин эрмас ул парвоз.
Не гармлиғни қўяр, не фусурдалиғни башар,
Нечаки куюб эрир ўту муз киби қишу ёз.
Фалак арусида йўқ меҳру дилраболиғ кўп,
Нечукки ҳусну жамол аҳлиға вафо била ноз.
Эгилиб ўпса ер аҳли ғурур ҳурмат учун,
Шабиҳ эрур анга мутлақки маст қилса намоз.
Хуш ул жаридаки, бир навъ қилса сайру сулук,
Ки соя ҳамқадам ўлса анга камар ҳамроз.
Наво агар тиласанг, тут қироқки, эгри бами
Не кўп тапонча еру не бийик чекар овоз.
Навоий, ёр ила бўлким, будур ҳарам васли,
Мақоминг ўлса Ажам ё Ироқ ёки Ҳижоз.
234
Рафиқлар, мени маҳзун нечук бўлай ғамсиз?
Ки кўнглум эрмас аламсиз, кўзум эмас намсиз.
Синуқ кўнгулда чу йўқ шодлиғ, соғинурмен,
Ки йўқтурур бори оламда бир кўнгул ғамсиз.
Демангки, ҳажрда май ҳамдам ўлса ғам кам ўлур,
Ки ҳамдурур дам эмас бода ёру ҳамдамсиз.
Хуш улки, ёр фироқию ё кўнгил ғамидин
Тамом умрида бир лаҳза эрди мотамсиз.
Кўнгул ғамини деб аҳбоб раҳм қилди ҳабиб,
Менинг жароҳатим зрдики қолди марҳамсиз.
Кўзумдин этмагил, эй сарв, ҳеч жониби майл,
Ки яхшироқ кўрунур сарвким бўлур хамсиз.
Навоийни вараъу зуҳд қайди ўзлугидин
Халос қилмади, эй ишқу май, магар ҳам сиз.
235
Тиргузур юз хастани бир ноз ила ул дилнавоз,
Чун етар мен хастаға навбат, қилур юз навъ ноз.
Зоҳидо, ҳар дам демаким мазҳабингда бор қусур,
Қайси масжидда сенинг бирла қилиб эрдим намоз?!
Ишқ аро кўнглумни ул юз меҳридин манъ айламанг,
Ким эмас мумкин самандар ўтдин этмак иҳтироз.
Бир кун оҳимдин ўшул бадмеҳр кўнгли юмшағай,
Нечаким пўлод эрур қаттиқ, топар ўтдин гудоз.
Ё раб, охир нетгамен ул шўхи бадхў бирлаким,
Зулм этар, қилсам тазаллум, ноз этар, қилсам ниёз.
Чархи минойи хати шарҳиға ҳамроз истама,
Ким бу хат мазмунидин дам урмай ўтмиш аҳли роз.
Эй Навоий, сен басе олудадомансен, магар
Ишқ ул пок ила ўйнарсенки, дерлар покбоз.
236
Не ғам, хумор қилди эса қасди жонимиз,
Бордур чу кунжи майкада дорул-амонимиз.
Муғ кулбасики, тенгри анга бермасун завол,
Бор хулду салсабил даме арғувонимиз.
Кел бир дам, эй ҳариф, харобот сориким,
Май важҳидур бу хирқа била жилсонимиз.
Ул шўх биздин айруки айши ниҳон қилур,
Биллаҳ, бу навъ йўқ эди андин гумонимиз.
Эй ақл, қўй фасонаки, бир вақт бор эди
Ҳар поя минбар уза мулки дарсхонимиз.
Тутмадуқ ихтиёр ила майхона шаръин,
Қисмат ҳакими буйла чевурди инонимиз.
Май ичмасанг, Навоий, зиёндур дебон, не суд,
Йўқтур ўз илгимизда чу суду зиёнимиз.
237
Рамида кўнглум эрур ишқ мубталоси ҳануз,
Бошимда бордурур ул сарвқад ҳавоси ҳануз.
Юзунг фироқида ҳар бир кўзум менинг бир доғ
Қуюбтурур, вале тушмайдурур қароси ҳануз.
Фақиҳ қилди дуо: «Ишқдин қутулғил» деб,
Қабул қурбида эрмас эмиш дуоси ҳануз.
Нечук тамаъ қилайин меҳр ила вафосинким,
Ҳақир жонима дархўрд эмас жафоси ҳануз.
Ҳалок ўқи кўзунг урмиш кўнгулга, тонмаки, бор
Ёнида кирпику қошингдин ўқу ёси ҳануз.
Ҳалокинг ўлғали жон кўз қарорди, ваҳ, юз очиб,
Қародин они чиқарғилки, бор азоси ҳануз.
Сипеҳр зулмидин ул навъ мотамийдур субх,
Ки умрлар ўтубон чок эрур либоси ҳануз.
Навоий жон берур, ул муддаини маҳрам этар,
Бу ишга юз минг эмастур анинг сазоси ҳануз,
238
Жамоатеки, жунун манъини манга қиласиз,
Тош отибон не учун телбаларга қотиласиз?
Кетинг, кўнгул била жонким, видоъингиз қилдим,
Фироқ агар будурур, эрта кунни кеч қиласиз.
Фироқ кунидур, эй кўзлар, эмди қон йиғланг,
Билурмусизки, букун не кишидин айриласиз?
Кўзум ҳақини биҳил қилдим, эй жавоҳири ашк,
Ки бори ҳам анинг-ўқ мақдамиға сочиласиз.
Фироқ нешлари, ваҳки, яна раҳм этмай,
Нафас-нафае нега мажруҳ ичимга сончиласиз?
Кўнгул фасоналари, сизни, ваҳ, нетиб яшурай,
Бу навъким, юз уза қон ёш ила ёзиласиз.
Навоий ҳажрға қолди, қилинг висолда шукр,
Жамоатеки, севар ёрингиз била биласиз.
239
Навбаҳор айёми бўлмиш, мен диёру ёрсиз,
Булбул ўлғондек хазон фасли гулу гулзорсиз.
Гоҳ сарв узра, гаҳи гул узра булбул нағмасоз,
Ваҳки, менмен гунгу лол ул сарви гулрухсорсиз.
Тонг эмастур, гар диёру ёрсиз озурдамен,
Ким эмас булбул гулу гулзорсиз озорсиз.
Равза ашжори ўтундур, гуллари жонимға ўт,
Мумкин ўлса анда бўлмоғлиғ даме дилдорсиз.
Май чу бердинг, зулф ила банд эт мени, эй муғбача,
Ким хуш эрмас муғ била ичмак қадаҳ зуннорсиз.
Топмадуқ гулранг жоме бехумор, эй боғбон,
Ваҳки, бу гулшан аро гул бутмас эрмиш хорснз.
Аҳли зуҳд ичра Навоий топмади мақсадқа йўл,
Вақтингизни хуш тутунг, эй жамъким, хумморсиз.
240
Ўзга бўлди ёру меҳри менда боқийдур ҳануз,
Нотавон кўнглумда ул ой иштиёқидур ҳануз.
Гарчи ўзта ёр истар хотирим, бордур валек
Жон анга манзил, кўнгул онинг висоқидур ҳануз.
Ғайр ишқи кўнглум эвинда нечук қилғай нузул,
Ким хаёли маскани кўзум равоқидур ҳануз.
Ишқ ила май таркин, эй носиҳ, не навъ айлай қабул,
Ким кўнгулга орзу ул турфа соқийдур ҳануз.
Фурқат ўти дофиъи доғ ўртамакдур демаким,
Ўртаган жоним ул ой доғи фироқидур ҳануз.
Чарх ёлғуз қилмади Фарҳод қонин лолазор,
Лола қонин тўккучи онинг нифоқидур ҳануз.
Эй Навоий, гарчи мени меҳрсиз дер эрди ёр,
Ўзга бўлди ёру меҳри менда боқийдур ҳануз.
241
Кўюнг борида қилмон жаннатға гузар ҳаргиз,
Қаддинг қошида солмон тўбиға назар ҳаргиз.
Ўқунға кўнгул мойил, мужиб недур, эй қотил,
Ким ўтганидин бўлмас кўнглумга хабар ҳаргиз.
Бу жисми низор ичра кўнглумни гумон қилманг,
Шохеки қурур, анда ким кўрди самар ҳаргиз?
Лаълингда малоҳатдин жон комидадур лаззат,
Бу таъм қачон бергай туз бирла шакар ҳаргиз?
Кўнглига фиғонимдин раҳм ўлмаса, эй булбул,
Гул ғунчасиға борму нолангдин асар ҳаргиз?
Пил ўлса сенинг хасминг, десангки зарар топмай,
Бир пашшаға оламда еткурма зарар ҳаргиз.
Махлас тиласанг ғамдин даҳр ичра Навоийдек,
Қўймағасен илгингдин соғарни магар ҳаргиз.
242
Замоне гарчи ёдим қилмас ул номеҳрибон ҳаргиз,
Фиғонким, ёди чиқмас хотиримдин бир замон ҳаргиз.
Оти оғзим аро мазкур, ўлармен, оҳким, бўлмай
Отим оғзиға бир мазкур ўларға комрон ҳаргиз.
Кўнгул то водийи ишқиға тушти, қилмади бир ҳам
Ватанни ёд ул оворайи бехонумон ҳаргиз.
Лабидинким, кўзум ёши жаҳонни лаългун қилди,
Бағир жузвидин айру топмади бир қатра қон ҳаргиз.
Ити фарёдини ёқманг мангаким, хўйидин умре
Улуғроқ тинмадим, не навъ чеккаймен фиғон ҳаргиз?
Ёриб кўксум, жунун таъвизидек жон пардасин очма,
Ки фош ўлмайдур ул қонлиғ неча доғи ниҳон ҳаргиз.
Ғаму андуҳ яъжужиға ҳар девор саддедур,
Фано майхонасидек топмадуқ дорул-амон ҳаргиз.
Бу дамни тут ғаниматким, келур дамдин асар йўқтур
Не дамким ўтти, худ андин киши топмас нишон ҳаргиз.
Қирон қилдинг, Навоий, назм ароким илтифот этмас,
Сўзунгдин ўзга сўзга хусрави соҳибқирон ҳаргиз.
243
Хуррам ўлди боғу бир гулдин ичимда ғам ҳануз,
Кулди ҳар ён ғунчаву кўнглум иши мотам ҳануз.
Булбул ўлди гул ҳарими хирманининг маҳрами,
Гулъузорим кўйида мен телба номаҳрам ҳануз.
Чиқти туз ҳар нахл уза бир ишқпечон ёрмашиб,
Ваҳки, бир қад ишқидин жисмимда печу хам ҳануз.
Очти савдо дафъиға сунбул мусалсал туррасин,
Оҳким, бўйнумда занжири жунун маҳкам ҳануз.
Соқиё, раҳмики тортиб лола соғар дам-бадам,
Лолагун соғарға мен бўлмай даме ҳамдам ҳануз.
Фақр нахлидин гули мақсуд узмак истама,
Етмай анда оҳу ашкингдин ҳавову нам ҳануз.
Бир сўзин истаб Навоий ўлди, ваҳким, етмамиш
Ҳуққайи ёқутидин кўнглумга ул марҳам ҳануз.
244
Бўлди шому жонға ул ой ҳажридин қайғу ҳануз,
Етти субҳу кўзларимга кирмамиш уйқу ҳануз.
Оби ҳайвонинг ғамидин токи заъфим бўлди саъб,
Бормамиш бир қатра бўғзум ичра, жоно, су ҳануз.
Жавр ўқин оттинг, вале бийм эрди ҳижрон тийғидин,
Етти ул ҳам бошима кўнглумдин ўтмай бу ҳануз.
Новакинг умредурур кўнглумда хандон бўлғали,
Бор онинг муфрит жунунидан манга кулгу ҳануз.
Сеҳр ила ул кўз қилиб зулфунг камандин аждаҳо
Бузди олам халқину бас айламас жоду ҳануз.
Шоҳиди мақсуд акси кўнглума тушмас дединг,
Ғайр нақшидин магар пок эрмас ул кўзгу ҳануз.
Деди, бўл фоний висолим истасанг, бўлдум фано,
Эй Навоий, сўрки мундин ортуғ истарму ҳануз?
245
Ҳар неча кўнглумни чок этсанг, қилур ишқинг ситез,
Ул сифатким, ўтни ёрғон сойи бўлур шуъла тез.
Сабр ила ишқим хусумат бошлаб ўртарлар мени,
Ўт бўлур зоянда, тош этса темур бирла ситез.
Ғам туни риҳлат саҳоби жоласидур ё эрур
Мотамимға чарх анжум жавҳаридин ашкрез.
Васл аро ашким қилур туғён ўшул юз тобидин,
Ёз фаслида қуёш тез ўлса, бўлур сейл хез.
Сарву ғунчанг жилваси куйдурди элни, оҳким,
Даҳр аро тўбию кавсар бирла солдинг рустхез.
Кўз уйидин ул пари рам қилди, мардум ашкидин
Бўлди чун ҳамхона тардоман, эрур авло гурез.
Чун Навоий васл топти, эмди бирдур, эй табиб,
Шарбатин гар заҳр ёхуд оби ҳайвон бирла эз.
246
Бўлмаса ул бут қоши меҳробим ичра жилвасоз,
Қиблаға, кофирмен, ар бош индуруб қилсам намоз.
Қон ёшимдин лаългун кирпик била айтур кўзум
Оразинг наззорасин айларда юз тил бирла роз.
Қадди васлин истасам раънолиғ айлар ноз ила,
Ҳусн бўстонида ул саркаш қад эрмиш сарвиноз.
Одамийлиқдин қочиб, еттим жунун ўтин сочиб,
Эй саломат аҳли, айланг телба итдин иҳтироз.
Чеҳра оч кўнглумни десанг куйдурай, ҳижронни қўй,
Ўт не ҳожат мум топса меҳр тобидин гудоз?
Риштайи ашкин тутуб туфроғ сори тортар фано,
Ул сабабдин эгма қад зоҳир қилур аҳли ниёз.
Эй Навоий, ғайр нақшин пок юб жон лавҳидин,
Ёр учун жон ўйнасанг, ул лаҳза борсен покбоз.
247
Меҳнат ўтидин ёруқтур ҳар тараф кошонамиз,
Бўлди гўё аждаҳо коми бизинг вайронамиз.
Тойири васл учти ашким жоласидин ваҳм этиб,
Қушқа, ваҳким, рам берур толиъ йўқидин донамиз.
Ул чароғи ҳусн вайрон кулбани ёрутқали
Меҳр шамъин ёрутубтур ҳар куюк парвонамиз.
Бўлди ошиқ ақл ила ҳазл айлабон вола кўнгул,
Ўтқа тушти ўйнай-ўйнай кул била девонамиз.
Эл тилидин уйқу учмиштур кўзумдин гўйиё,
Ким эрур бахт уйқусининг боиси афсонамиз.
Ўлтурай бир май била деб, тиргузурсен, соқиё,
Оби ҳайвон бирла гўёким тўлар паймонамиз.
Муршидеким, қилса иршоду фано, биллаҳ, анга
Бу вужуди оразидин ўзга йўқ шукронамиз.
Кўйида кўнглум кўнгуллар ичра кўрдум, турфа кўр,
Турфароқким, ошнолиқ бермади бегонамиз.
248
Сарвқадлар агар биру гар оз,
Юздин эрмас бири бизинг била туз.
Ғаразим ул санамға сажда дурур,
Ер ўпай деб қошида қўйсам юз.
Юзидин зулфиға кўнгул бормас,
Кимса шабравлиғ айламас кундуз.
Не биров бўлса ҳамраҳинг тоқат,
Не таҳаммулки, кезгасен ёлғуз.
Ҳар кўзум ул қуёш фироқи туни
Бир фалакча аён қилур юлдуз.
Бормен, эй пири дайр, бас махмур,
Карам айла, каромате кўргуз.
Қадди ҳажринда тортсанг нола,
Рост оҳанги, эй Навоий, туз.
249
Сейл ун чектию савдо менда бепоён ҳануз,
Дашт сарсабз ўлдию мен талба саргардон ҳануз.
Гунбазин қилди иморат ғунчанинг ёз ёмғури,
Телба кўнглум уйи савдо селидин вайрон ҳануз.
Ҳар қуруғ шох ўлди дашт узра сабодин ҳуллапўш,
Тинмағур жисмим жунун водийсида урён ҳануз.
Тонг насими бирла найсон ёмғури не судким,
Оҳу ашким даҳр аро ҳар дам солур тўфон ҳануз.
Ёнғил, эй Исодамим, ҳуснунг баҳори ҳаққиким,
Бордурур муҳлик жунунумға даво имкон ҳануз.
Не осиғ, ҳар оқ гул ўлса марҳам учун бир момуқ
Чунки чиқмайдур ярамдин ғунчадек пайкон ҳануз.
Дашт ҳайвони қочарлар суҳбатимдин рам қилиб,
Ақли йўқ носиҳ гумон айлар мени инсон ҳануз.
Ком еткурмак ғанимат англа ҳожат аҳлиға,
Эй ғани, бу дамки коминг бирладур даврон ҳануз.
Шайх манъ айлар жунун ҳар дам Навоийға, кўрунг,
Ким баҳор айёмида ғофилдур ул нодон ҳануз.
250
Ул пари кўйида мен девонани банд айлангиз,
Банд-бандим зулфи занжириға пайванд айлангиз,
Халқ тарки ишқ айларга мени дилхастани,
Ўлтуруб олам элига мужиби панд айлангиз.
Телба кўнглум топсангиз, эй ёр кўйи итлари,
Тўш-тўшидан тишлабон парканд-парканд айлангиз.
Бодайи ишқ асру маст этмиш мени, эй дўстлар,
Жомима афюн эзиб ҳар дам хирадманд айлангиз.
Йиғласам аччиғ малул ўлмоқ недур, эй хўблар,
Ҳазл учун гоҳи боқиб, сиз ҳам шакарханд айлангиз.
Ишқ баҳрида дури васл истасанг, эй аҳли дард,
Кўнглунгуз ул нақд ёди бирла хурсанд айлангиз.
Қилсангиз тасвир Лайли ҳуснин ул ойдек сизинг,
Лек Мажнунни Навоий бирла монанд айлангиз.
251
Туфроғимдин, кошки, жисме мураттаб қилсангиз,
Бир ит ўлса кўйида руҳиға қолаб қилсангиз.
Етмагай чобуксуворим гардиға, эй аҳли ишқ,
Меҳрни рокиб қилиб, гардунни маркаб қилсангиз.
Боданўшум базми ғавғосидин, эй жону кўнгул,
Самъиға етмас неча фарёду «ё раб» қилсангиз.
Олами ишқ узра бас лойиқдурур, эй дарду шавқ,
Дуди оҳимни сипеҳр, ашкимни кавкаб қилсангиз.
Маркаби наълин мужалло қилғучилар зеб учун,
Оразимға суртунг ул дамким, музаҳҳаб қилсангиз.
Ғайри нўшо-нўш азал соқийсидин келмас хитоб,
Бизни, бас, май журмидин бўлмас мухотаб қилсангиз.
То Навоий, қисмат ўлғон майни ичмас чора йўқ,
Дўстлар, авло буким жомин лабо-лаб қилсангиз.
252
Юзунг фироқида ҳар оҳ ўтинки чектим тез,
Ул ўт шароралари бўлди ҳар тараф гулрез.
Қазо мусаввири гўё ҳал этти лаълий ранг,
Лабинг ақиқини айлар маҳалда рангомез.
Лабинг малоҳати ғавғо қўпорди оламдин,
Шакарни буйла киши қайда кўрди шўрангез?
Итингки шерзабундур, анга топа олмон
Десам, кўрай ани бошимдин ўзга дастовез.
Чу келди хасталиғим сўрғали қадаҳнўшум,
Кетур пиёлаки, ўлсам ҳам айламон парҳез.
Десанг замона ситезини ҳар замон кўрмай,
Замонни хуш туту қилма замона бирла ситез.
Гули сабоҳ юзин кўрмагайсен, эй булбул,
Бу гулшан ичра Навоийдек ўлмасанг шабхез.
253
Онсиз ўлмоқ эрур ўлмоқ жонсиз,
Бўлайин жонсизу бўлмай онсиз.
Қоши бу чок кўнгулдин айру
Филмасал ёйе эрур қурбонсиз.
Оҳким, дард юзидин чиқмас,
Ўқ эмас бўлса эрур пайконсиз.
Ишқ дарёсиға, эйким, кирдинг,
Билки, бу баҳр эрур поёнсиз.
Ёрсиз кўнглум эрур ошуфта,
Мулк ошуб топар султонсиз.
Суву ўт ичра сиз, эй кўзу кўнгул,
То ул ой оразиға ҳайронсиз.
Гар Навоий чекар ун ҳажр туни,
Йўқ ажаб, тун эмас ит афғонсиз.
254
Ёрдин айрилғали шайдо кўнгул, бехоб кўз,
Ҳар замон зоҳир қилур савдо кўнгул, хуноб кўз.
Кўзу кўнглум баҳру бар сайр эттилар ёр истабон,
Бу сафарда топтилар яғмо кўнгул, ғарқоб кўз.
Кўзу кўнглумдин бири кўюб, бирисин бузди сел,
Йўқса невчун бўлди нопайдо кўнгул, ноёб кўз?
Деб эмиш, ҳажримда мендек кўзу кўнглин асрасун,
Войким, йўқтур манга хоро кўнгул, қассоб кўз.
Ваҳ, не кун бўлғайки, етгай васлингга кўзу кўнгул,
Тортибон фарёду вовайло кўнгул, йиғлаб кўз.
Кўрмайин деб кўрди кўз, кўргач кўнгул қилди ҳаво,
Бўлди зор этган мени расво кўнгул, қаллоб кўз.
Дўст кўзла, хасмдин узгил кўнгулким, тушса иш
Бермасу олмас эмиш аъло кўнгул, аҳбоб кўз.
Эй Навоий, гўйиёким ёр меҳмон бўлғуси,
Ким мураттаб айламиш маъво кўнгул, абвоб кўз,
255
Жилваму қилди сариғ бўркин кийиб ул сарвиноз,
Ёки чекти шуъла ахзар жисм ила шамъи тироз.
Куйса мажнун кўнглум ул юз ламъасидин, тонг эмон,
Не учунким айламас девона ўтдин иҳтироз.
Улки эрмас ишқи поку сажда айлар кўрса ҳусн,
Уйладурким, айлагай фосиқ таҳоратсиз намоз.
Рози ишқинг дерга пайконинг эрур кўнглумга тил,
Лол тил бирла қилур эрмиш такаллум аҳли роз.
Секритиб чиқти яна майдон сари ул турк маст,
То яна қайси кўнгул мулкига қилғай турктоз.
Ишқ агар комилдурур, ошиқ қилур маъшуқни,
Йўқса, невчун айлади Маҳмудқа қуллуқ Аёз?
Ҳар мақом ичраки бўлсанг айру бўлма ёрдин,
Эй Навоий, ҳожат эрмас қилмоқ оҳанги Ҳижоз.
256
Ғам юки қилмайдурур ёлғуз мени маҳзунни кўж.
Ҳам бу юк қилмиш эди Фарҳод ила Мажнунни кўж.
Қилди чун Фарҳод ила Мажнун қадин хам, не ажаб,
Юз аларча заъф ила гар қилса бу маҳзунни кўж.
Юк агар будур не Фарҳоду, не Мажнуну, не мен,
Рост гар дерсен, бу юк айлабдурур гардунни кўж.
Ваҳ, не юкдур буки гардун қоматин кўж айлади,
Ўйлаким «гардун»нунг остида кўрарсен «нун»ни кўж.
Юзи маҳтобида мушкин қрши невчун кўж эрур,
Ўғрилиқ гар қилмади ул ҳиндуйи мавзунни кўж.
Эгриликка шуҳра бўлмоқ истамассен, айлама
Аҳли исён хизматида қадди беқонунни кўж.
Гар Навоий кўж эрур шаҳ хизматида, не ажаб,
Чунки қилмиш қуллуғи Жамшиду Афридунни кўж.
257
Даҳр судидин тамаъ узким, зиёне беш эмас,
Умрни тутқил ғаниматким замоне беш эмас.
Уй бино айлаб ажабдур элни меҳмон айламак,
Улки бу уй ичра беш кун меҳмоне беш эмас.
Қўй тавонолиқ сўзин, ёд эт ажал хоринки, пил
Пашшалар ниши қошинда нотавоне беш эмас.
Кир фано дайридаким, ҳар шайху юз савдо анга,
Улки отин хонақаҳ қўймиш, дўконе беш эмас.
Эйким, ўлмиш хилъатинг зарбафт, бори билким, ул
Маъни аҳлин кулдурурга заъфароне беш эмас.
Меҳр тожу чарх тахтинг бўлса ғофил бўлмаким,
Меҳр бемеҳру фалак номеҳрибоне беш эмас.
Шаҳға иш эл фикрини қилмоқдур улким, зебким,
Бир сурук қўйдур раоё, ул шубоне беш эмас.
Гар Навоий истади оворалиғ, эи аҳли ҳуш,
Ғам еманг, девонайи бехонумоне беш эмас.
Авжи давлат узра бўлсун доимо Билқиси аҳд,
Ким Зуҳал қасринда ҳар тун посбоне беш эмас.
258
Не ажаб, гар нуқл тухми ғам қушин ром айламас,
Маст чун бир дам овуч қоқмоқдин ором айламас,
Тун қуёшқа ёвуй олмасдекдур улким, май сари
Тийралик шахси азимат бир-ики гом айламас.
Фикру ғам қочмоққа майдин истасанг равшан далил,
Шайх ё зоҳид недурким бода ошом айламас.
Айни нозу шевадин кофир кўзунг, эй муғбача,
Турфатул-айни эмаским қасди ислом айламас.
Жисм аро пайконларинг сув қилди кўнглум оҳ ила,
Бодайи шавқин, ажабким, ичгали жом айламас.
Воизо, айлаб тамаъ қон ютмағилким, пири дайр
Лаълидин ўзга савол аҳлиға инъом айламас.
Дема, ишқ ўйнаб Навоий оқибат не бўлғуси?
Ким бу иш оғоз қилғон фикри анжом айламас.
259
Кийик чарми заиф эгнимга мажнунлуғ нишони бас,
Жунун тоши синуқ бошим уза қуш ошёни бас.
Дамингни асра, эй Исоки, ранжим дафъиға ҳар кун,
Ғизо ул ой қиличи захмининг бир қатра қони бас.
Сену ҳайвон суйи, эй Хизр, тутқил тарки жонимким,
Манга ёр оллида ўлмак ҳаёти жовидоний бас.
Шаҳу иззат саририким, агар будур жаҳон жоҳи,
Манга идбор кўйида мазаллат хокдони бас.
Ғанию кўнглида пинҳон дирам фикрию ишқ ўти
Менинг кўнглумда куйдургон неча доғи ниҳоний бас.
Санга кавсар суйию лаҳни Довудийки, дайр ичра
Муғанний нағмаси бирла манга жоми муғоний бас.
Ҳаводис дафъиға шаҳ кўк ҳисори узра гар чиқсун,
Ки фақр аҳли учун дайри фано дорул-амони бас.
Фиғонким, лутфу қаҳриға тафовут йўқни ҳам англаб,
Фано аҳлиға жаврин қилмади бу дайри фоний бас.
Навоийдек ўлар ҳолимда деманг ҳуру жаннатни,
Сизинг барчаки бу овораға бир кўрмак они бас.
260
Нафис кийгулук ўлса яланг танимға ҳавас,
Ҳасир нақши ҳасири либос ўрниға бас.
Сиришк йўлини хас бирла туттилар, ёхуд
Кўзумни йўлиға суртарда мунча тўлмиш хас.
Бир ўт димоғима ҳажр урдиким, нафас андин
Чиқар самум ўлуб, ар худ бўлай Масиҳнафас.
Азим анингдек эрур ишқ маҳмиликим, анга
Қазо фалакни икки бўлса, бўлғай икки жарас.
Танимға чоклар очти, не айб, агар ўлсам,
Ки руҳ булбулининг лойиқи эмас бу қафас.
Кўнгулки, кофири ишқ ўлди, ор эрур зуннор,
Нединки, муғбача зулфин белига қилди марас.
Фано ҳавас қилу фақр эт ҳаво Навоийдек,
Вале ҳавову ҳавас қилмағил ҳавову ҳавас.
261
Даме эрмаски, лаълингдин кўнгул юз лахт қон эрмас,
Доғи ҳар лахт қон ёшим била кўздин равон эрмас.
Юзунг меҳри ичинда кўз солиб оғзингни кўрмасмен,
Агарчи зарра хуршид оллида кўздин ниҳон эрмас.
Ушалғон ҳар сўнгак жисмимда гўё каъбатайнедур,
Ниҳоний доғи зоид нуқтасидурким, аён эрмас.
Эрур дардимға таскин бу кеча, лекин тўшук кўксум,
Ажаб гар новаки кўнглумга киргандин нишон эрмас.
Мени ўлтургали ғамзанг ўқи умредурур, лекин
Тирик лаълинг хаёли бирламен, жисмимда жон эрмас.
Лаҳад кунжин ватан айлаб минибтур умридин Мажнун,
Не бўлса, мен киби оворайи бехонумон эрмас.
Бу давр ичра қачон жоми фароғе етгай, эй соқий,
Чу бир дам дарду меҳнат заҳри чекмакдин амон эрмас.
Агарчи қон ютар булбул, вале не ғам анга, чунким
Навола ғунчадин айруву гулдин ўзга хон эрмас.
Навоий ўлди, гар парвона куйди, булбул ун чекти,
Булар гар яхшидурлар, ишқ аро ул ҳам ямон эрмас.
262
Сунбулин Лайли очибтур — ел абиросо эмас,
Доғини Мажнун қонатмиш — лолайи ҳумро эмас.
Настаран кўзгусида бир сори мен, бир сори ёр
Чеҳра аксин кўргузубтур бир, гули раъно эмас,
Гулни ўхшотқон учун ёрумға гўё боғ аро
Музтариб кўнглум қушидур, булбули шайдо эмас.
Сунбул устидин насим эсгач, нигорим туррасин
Ёд қилдимким, димоғ ошуфтадур, савдо эмас.
Наргис олтун жомининг оллида кофурий ҳарир
Пардайи жонимдурур, марҳун қадаҳполо эмас.
Дема, афғонимда булбул ноласидек йўқ нишот,
Бу ҳам андуҳзо эмас, гар гул нишотафзо эмас.
Гулни сарв узра хаёл эттим кўнгул бўстонида,
Рост айтай, сарви гулрўюм киби зебо эмас.
Бўлмангиз мағрури ҳусн, эй шўхларким, боғ аро
Сиз киби билтурғи гуллардин бири пайдо эмас.
Манга гулрух соқию булбулға гул тутти қадаҳ,
Маст эрур ул ҳам, Навоийдек вале расво эмас.
263
Демаким, нўши лабидин қути жон қилдим ҳавас,
Оби ҳайвондин ҳаёти жовидон қилдим ҳавас.
Лаъли нўшидин гар ўлсам ҳам эмастур айбким,
Ҳазм эта олмас ғизо мен нотавон қилдим ҳавас.
Тош ебон, атфол гоми бирла жон берсам, не тонг,
Ким пари васлиға жони комрон қилдим ҳавас.
Остонинг истадим бош қўйсам, эрмас айбким,
Салтанат тахтин мени бехонумон қилдим ҳавас.
Ҳар фатила захм ароким эрди, чектим жон аро,
Кўнглума қўймоқ неча доғи ниҳон қилдим ҳавас.
Зуҳд ила йўл топмадим мақсадға, май тут, пири дайр,
Ким ўзумни эмди расвойи жаҳон қилдим ҳавас.
Эй Навоий, тоғу водий тутмоғим айб этмаким,
Ёшурун дардим демак тортиб фиғон қилдим ҳавас.
264
Бас недур, кўз гар хаёлинг хайлиға манзил эмас,
Ҳар қаро бир ўт ери давринда кирпик хору хос.
Жаннат аҳлиға эрур ҳар лаҳза кўюнг орзу,
Дўзах аҳли уйлаким жаннатни қилғайлар ҳавас.
Новакинг пайконини то чектилар, нолон кўнгул
Айламас афғон кўнгулсизликдин андоғким жарас.
Дема мен мажнунға, эй носиҳки, бас қил оҳни,
Ким манга иш ул пари ишқида бўлмиш оҳу бас.
Заъфдин бехуд кўруб, оғзимға ул юз кўзгусин
Қўйсанг ул дам урмағаймен, биллаҳ, ар ўлсам нафас.
Дайри пири хизматиға чекмайинму белни чуст,
Ким неча зуннордин тонгмиш белимга бир марас.
Соқиё, даврон агар будур, Навоий ҳар замон
Жомиға беҳушдору қотмоғ айлар мултамас.
265
Оҳ ўқин жон ичра асраб, кўнглум изҳор айламас,
Йўқса бир дам бормуким, юз жонни афгор айламас.
Ваҳ, не юздур улки, тақлидин қилиб наққоши Чин
Чекса юз сурат, бирин юздин намудор айламас.
Ишқдин чун мункир ўлмиш кўнглум, ўлтурмак не суд,
Ҳажр ила то они қўрқутмассен, иқрор айламас.
Қўйдунг, эй ақл, очқали юз пора кўнглум зулфини,
Ҳар бири бир риштасин қондинки зуннор айламас.
Жон фидо қилғумдурур, лаълинг қабул этсун десам,
Дерки: «Руҳуллаҳ бу навъ ишларга бегор айламас».
Не осиғ, ҳар зарраға оҳим қуёшдек солса ўт,
Ул қуёш кўнглига чунким заррае кор айламс.
Соқиё, давр ичра ул юз акси кўргузган қадаҳ,
Фитна айларким, сипеҳру меҳри сайёр айламас.
Фоний ўл, гар истар эрсанг васлким, қилмас насиб,
Кимни бир давлатғаким тенгри сазовор айламас.
Демангизким, бархабар бўл телба кўнглунгдин, чу ул
Қайдаким борса Навоийни хабардор айламас.
266
Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.
Не баҳра топқамен ондинки, мендин истагай баҳра,
Чу улким, баҳрае ондин тилармен, баҳраманд этмас.
Нетай ҳуру пари базминки, қатлим ё ҳаётимға
Аён ул заҳрчашм айлаб, ниҳон бу нўшханд этмас.
Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусну малоҳатдин
Ичим ул чок-чок этмас, таним бу банд-банд этмас.
Керак ўз чобуки қотилваши Мажнуншиоримким,
Бузуғ кўнглумдин ўзга ерда жавлони саманд этмас.
Кўнгул уз чарх золидин, фирибин емаким, охир
Ажал сарриштасидин ўзга бўйнунгға каманд этмас.
Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий, тегмасун кўз теб,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.
267
Дам- бадам лаълинг хаёлидин ичим қонму эмас?!
Қатра-қатра кўз йўлидин юзга ғалтонму эмас?!
Гаҳ ўлуб, гоҳи тирилсам, тонг эмас, ваҳ, ғамзаси
Қотил эрмастурму ё нўши лаби жонму эмас?!
Не ажаб, ишқ офатидин чиқса жон тан мулкидин,
Шаҳнайи золимму эмас ё мулки вайронму эмас?!
Новаки зулм урмоғингдин тонмағил, эй қоши ё,
Танда захм эрмасму ё кўнглумда пайконму эмас?!
Телба кўнглумни дема кўп вола эрмас ишқ аро,
Шуҳрайи офоқ ё расвойи давронму эмас?!
Даҳр шўхиға кўнгул гар бермадим, айб этмангиз,
Ишваси чинму змас ё аҳди ёлғонму эмас?!
Дашт аро кўрсанг Навоийни эмас Мажнун, дема,
Тошму урмас кўксига ё жисми урёнму эмас?!
268
Зулфидин айру жунунимға десам тадбир эмас,
Телба итга чора дерким қатл эрур, занжир эмас.
Оразин кўрсам, недур деб сўрма кўнглум ҳолатин,
Чеҳра тағйиридин англа ҳожати тақрир эмас.
Ҳар тун анжумдин менинг ҳолимға гардун ашки бил,
Чарх уза оҳим бухори тафидин таъсир эмас.
Зулфи печу тобиға бориб келур шайдо кўнгул,
Бовужуди тийралик, кўргилки, кўп дилгир эмас.
Истасанг қатлим чиқарғил тийғу иҳмол этмаким,
Не десанг мендин бўюн сунмоқда худ тақсир эмас.
Дайр аро усрук кўруб, зоҳид мени айб айламиш,
Билмамиш мискинки, ҳеч иш хорижи тақдир эмас.
Ул пари қилмиш мени мажнуну расво шаҳр аро,
Эй Навоий, гўша тутким, ҳожати ташҳир эмас.
269
Гар менингдур ёр лўли бўлса шоҳ этмон ҳавас,
Найлай ул шаҳники, ҳар лўлиға бўлғай ҳамнафас
Шиква қилмон гар жафодин бошима ёғдурса тош,
Тоқатим йўқ элга қилса барги гул урмоқ ҳавас.
Ёрдин ҳар неча бедод ўлса айлармен қабул,
Лек бўлса ғайр бирла мултафит, мақбул эмас.
Жонни қўймасмен чибиндек лаъли узра рашкдин,
Ул шакар узра чибин қилсам тахайюл — хол бас.
Бу балони кўрмасун ошиқки, қилғай илтимос
Васлин онингким, биров бўлғай анга ҳам мултамас.
Ўз нигори маҳмилидин қилмасун деб кўз хато,
Ишқ дашти аҳлиға ҳар дам нидо айлар жарас.
Эй Навоий, ишқ атворида будур зулмким,
Гул мақоми базм ўлуб, булбул ери бўлғай қафас.
270
Чок бўлғон кўнглума қилмоқ илож осон эмас,
Ғунчаким очилди, буткармак они имкон эмас.
Кўнглум ичра гулбуни дард узра ҳар ён ғунчадур,
Эй муолиж, дафъиға саъй этмаким, пайкон эмас.
Меҳрим ўтин ҳушу ақлу фаҳму ҳис ёшурмади,
Меҳри ломиъ тўрт бурқаъ кейнидин пинҳон эмас.
Оташин лаълинг ғамидин кўнглум эрур пистае,
Ким куюбон чок ўлубтур, ғунчайи хандон эмас.
Ишқ ичинда, эйки, юз муҳлик балоға учрадим,
Бор санга минг шукр вожиб, гар ғами ҳижрон эмас.
Зоҳидо, манъ айладинг кўнглумга майдин, билмадинг,—
Ким самандарға ёлиндин суд эрур, нуқсон эмас.
Енгса дайр ичра мени ҳайрат, не тонг, эй муғбача,
Кимдурур бу коргаҳ вазъиғаким ҳайрон эмас?
Дарди ҳажрингдин Навоий кўкси узра доғу наъл,
Тан ҳаримиға ажаб гар шамсаву девон эмас.
271
Зиҳи камол ила кавнайн нақшиға наққош,
Мукавванот вужудин вужудунг айлаб фош.
Вужудунг айлади мавжуд улусниким, бўлмас
Вужуд зарраға мавжуд бўлмағунча қуёш.
Санга етишмаса, тонг йўқ, бу ақли зулмоний,
Ки меҳр шамъиға парвона бўлмади хуффош.
Қаю париғаки қилдинг юзин қуёш, бердинг
Кўнгул жунуни учун анбарин ҳилол ила қош.
Ангаки, бўлди жунун ишқ ичинда, ёғдурдунг
Хирад қушини учурмоққа тифллардин тош.
Анингки, кўнглида ишқ ахгарини ёшурдунг,
Ниҳоний ўтин улуғ тинмоғидин эттинг фош.
Муҳаввисеки, маошини ақл ила туздунг,
Фано йўлида аядинг берурга ақл маош.
Ҳакими қудратинг илкинда чарх ила анжум
Муҳаққар уйлаки хашхошу донайи хашхош.
Йўлунгда ўлди Навойио бўлди туфроғ ҳам,
Ёпушса эрди бу куй итлари аёғиға кош.
272
Жамоли юзини чеккан тарозу ою қуёш,
Магар бу бирида нур эрди, ул бирисида тош.
Гар ойда тош эмас эрди, қуёшда нуриндин
Қудурат ичра қолиб ой, мунаввар ўлди қуёш.
Қуёшға нурки юқмиш, ҳануз эрур ул нур,
Ҳануз ой ичра ҳамул тош эрурки бўлмиш фош.
Уруж ақшоми тегрангда ою кавкаблар,
Масиҳ гирдида андоқки бир неча хуффош.
Юзи тубон тушубон маркабинг изиға малак,
Ер узра қурсни қилғон киби гадой талош.
Чу қурб Қофиға еттинг, етишмади Жибрил,
Не навъ ҳудҳуд симурғ ила бўлур йўлдош?
Аёғиға чу малойик бошин қўя олмас,
Навойиё, қўякўр итлари аёғиға бош.
273
Ёзуқсиз, журмсиз бедод этар фош,
Манга ул сурмасиз кўз, вўсмасиз қош.
Фиғонким, бу тараф боқмай ўтарсен,
Нечаким кўзларим юммай тўкар ёш,
Сиришким сейли ҳар ён уйла сурди,
Ки топмон кўксума урмоқ учун тош.
Илигинг ўпгали очмиш оғизлар
Қиличингдин саросар захмлиқ бош.
Ҳамоно қолмас ўз ҳолида ранги,
Сизарда суратингни кўрса наққош.
Баҳодур нақди дин, эй дайр пири,
Карам қил майки, борбиз асру қаллош.
Демиш, келсам Навоий қатли айлай,
Келиб, не кўнгли истар, айлагай кош.
274
Мени саргашта жисмин доғ ила қон лолазор этмиш,
Қуюн ёхуд тўкулган лолазор ичра гузор этмиш?
Танимдин қон чиқорғон ҳар тараф пайконларинг гўё
Эрур ёмғурки, туфроғдин чечаклар ошкор этмиш.
Кўнгул бирла сўнгак манқал аро ўту ўтундектур,
Маломат тошларин то чарх теграмдин ҳисор этмиш.
Юзин май гул-гул этгандин харош эрмас унум, балким
Кўнгулда хор-хори нолам андомин фигор этмиш.
Лабинг жонимға солған шуълалар ичра қазо гўё
Улуғроқ лаълдин ахгар, кичикракдин шарор этмиш.
Бўла олсам улусқа ул қуёшни кўргали мониъ,
Не ғамдур, гар йўлида чарх жисмимни ғубор этмиш,
Ҳалоким билгай улким, бордур ул янглиғ жафокори,
Ки таврин ҳусн бепарволиғи олуфтавор этмиш.
Кабутар қаср буржида эмас шаҳ шастидин эмин,
Хушо ул чуғзким, вайрона кунжин ихтиёр этмиш.
Маоф эрмас қаён гом урса раҳрав ноқайи жисми,
Нафас торин қазо чун бурниға онинг миҳор этмиш.
Муғанний нағмаси жон берса базм аҳлиға, тонг йўқким,
Навоий риштайи жонин эшиб, чангига тор этмиш.
275
Манга эмди сарз ила гул муддаоси қолмамиш,
Сарв бўйлуғ гулжабинликлар ҳавоси қолмамиш.
Уйла тутмиш меҳнату ғам хайли кўнглум кишварин.
Ким нашот онда сиғинғуча фазоси қолмамиш,
Мен балият ичрамен, эл шод, гўё чархнинг
Эмди дард аҳлиға еткунча балоси қолмамиш.
Ёрким қилмас жафову жавр эрмас раҳмдин,
Ким манга кўргузмаган жавру жафоси қолмамиш.
Баски ҳар торин бало атфоли уздилар чекиб,
Ваҳки, урён жисм уза меҳнат палоси қолмамиш.
Гул чоғи боғингғаким йўл бермадинг, эй боғбон,
Чинмудур дай бўлғали дерлар сафоси қолмамиш.
Эй Навоий, гар вафоси қолмамиш онинг санга,
Ғам емаким, анга ҳуснининг вафоси қолмамиш.
276
Кўнгулким зарнишон пайконларингдин нотавон бўлмиш,
Магар бу боғ аро ул барглар бирла хазон бўлмиш.
Гули раъно киби коғаз уза номингнн ёзмаймен,
Сариғ эрди юзи, хуноби ашким бирла қон бўлмиш.
Юзумни ашкму йўллар қилибтур ё назар пайки —
Сени истарга кўп ҳар ён югурмакдин нишон бўлмиш.
Қуруқ шохедурур жисмимки, кўз даврида кирпикдин
Хаёлинг қушлариға анда икки ошён бўлмиш.
Кўзум хуноб аро бўлмиш биайних уйлаким, кўнглум
Қароси қон аро кўнглумдаги доғи ниҳон бўлмиш.
Сиришк оллида мужгон шохи санчиб, боғлайин дермен
Йўлин бу селнингким, элга андин кўп зиён бўлмиш.
Юзунг ҳажрида, билким, қон ёшим оқмиш, чаман ичра
Қачон кўрсангки, ҳар бир шох уза гул арғувон бўлмиш.
Мурассаъ қилма чатринг ложувардий атласин, эй шаҳ,
Гадо оллидаким бу навъ чатри осмон бўлмиш.
Навоийға деманг ул тифл ишқин асрағил махфий,
Бу дамким ҳоли шаҳр атфоли ичра достон бўлмиш.
277
Суроҳий то майи лаълинг висолин орзу қилмиш,
Ани бу мастлиқ девонайи жўлидамў қилмиш.
Чибинлар шаккари лаълингда йўқ жон қушларидурким,
Сув ичмакликка ҳайвон чашмаси узра ғулу қилмиш.
Адамдур ул оғизким, хурдабини ақл топмайдур
Вужудин гарчи ул қатлим ишида гуфтугў қилмиш.
Ғаминг жон пардасин чок айлагач, гардун, не янглиғким
Лабинг ориттинг анинг риштаси бирла руфу қилмиш.
Кўнгулким, ташнайи лаъли лабингдур, ваҳки, сув этмас,
Анга гарчи висолинг ваъдаси бағримни су қилмиш.
Лабинг етган қадаҳ тарёқидин еткургил, эй соқий,
Ки ҳажр аччиғлиғи жомим аро майни оғу қилмиш.
Висолинг нўши бирла ўзгаларга нўши жон бўлким,
Навоий жони муҳлик ҳажр неши бирла хў қилмиш.
278
Зарра-зарра жисмим ўртади ғамингдин, эй қуёш,
Ваҳки, сендин бўлмади меҳру вафо бир зарра фош.
Ҳар неча қилсам вафо, сендин вафодин йўқ асар,
Тош экин бағрингму ёхуд боғладинг бағрингға тош?
Кўз ёшим дурри ятими қўйдилар йўлингда юз,
Ваҳки, раҳминг йўқ аёқ остинда кўруб мунча бош.
Гар кенгаш бошлар кўнгул сайдини қурбон қилғали,
Қошларинг ёси недур келтурдилар бир ерга бош?
Эй Навоий, жонға ул кўздин не еткай ғайри захм,
Ўқу ё олдинда қўймиш хосса ул мужгону қош.
279
Чиқти ёрим кеча йўл азмин қилиб ул бағри тош,
Бас ажойибдур қаронғу кеча чиқмоқлик қуёш.
Гар қуёшға эл назар қилса кўзига ёш тўлар,
Ул қуёш борғач назардин, кўзларимга тўлди ёш.
Захмидин қон кўп борурдин қолди чок ўлғон кўнгул
Зангдек афғон чекиб хайлида бўлғай эрди кош.
Фурқатингда йиғлабон ҳақдин висолинг истарам,
Гаҳ сочармен бошға туфроғ, гаҳ қўярмен ерга бош.
Қатра қонлар гар томар кўксумга урғон тошдин,
Захмдиндур демаким, қон йиғлар аҳволимға тош.
Чун тўшарлар оқибат устунга хоро бирла фарш,
Не осиғ, остингда гар чарх атласидиндур фирош.
Фош этар меҳрин Навоийнинг сариғ рухсораси,
Субҳдекким, сорғориб рухсори айлар меҳр фош.
280
Қатиқ дардим зулоли ашк этар фош,
Сузук сув ичра қолмас ёшурун тош.
Ҳалоким васл аро мингдин бир эттинг,
Ки бергай тенгри бир ёшингға минг ёш.
Демакка фитна таълимин бўлуб хам,
Қулоғинг сори бош элтибтур ул қош.
Магар сочингни тийдинг фитнадинким,
Паришонҳол аёғингға қўяр бош.
Ясар чоғда лабинг рангини гўё
Эзибтур оби ҳайвон бирла наққош.
Қадаҳ, эй муғки, жон айлай нисоринг,
Неча бўлсам харобот ичра қаллош.
Навоий жони сенсиз дардисардур,
Борурда они ҳам олғай эдинг кош.
281
Оразин кўрдум ниҳон, ашк айлади сирримни фош,
Ёшурун қолмас ўғурлуқ уй ароким бўлса ёш.
Зулфи саркашлик қилур ҳар неча ул ой чекса қад,
Соя гарчи қисқарур доим бийик бўлғач қуёш.
Ҳар сари мў ул пари ҳижронида бир ёрадур,
Баски атфоли жунун бошим уза ёғдурди тош.
Айлагил нолам харошидин ҳазар, эй сиймбар,
Ким бу суҳон бирла ногаҳ топмағай сийминг харош.
Каъбадур кўнглум уйи, айланг тавоф, эй дарду ишқ,
Анда меҳроб ўрниға ер тутқали ул эгма қош.
Даҳр боғи ичра чун бир гулга йўқ бўйи вафо,
Қилмағай эрди ҳаво кўнглум қуши ул гулга кош.
Эй Навоий дайр аро тутса аёғ ул муғбача,
Нўш этиб олма аёғидин анинг ўлгунча бош.
282
Чу билди шамъким, ғам шоми кўнглумни ҳалок этмиш,
Танин ашк этмади йўлким, яқо ҳолимға чок этмиш.
Чаманда йўқки булбул, зоғ ҳам ун чекса заъф айлар,
Ҳазин кўнглумни, кўрким, фурқатинг не дарднок этмиш.
Кўнгулдин ғайр ёди чиқти етгач тийрборонинг,
Қудурат нақшидин ёмғур суйи бу уйни пок этмиш.
Қуюн янглиғ гузар кўйига қилмоқ гар эрур мумкин,
Ғам эрмас, водийи ҳижрони гар жисмимни хок этмиш.
Сув ичмай кўнгли зуҳдумдин агар кетмиш эди, соқий,
Вузу ибриқида майдур, тўла келсун, не бок этмиш.
Фалак пайкони зулми, ваҳки, тешмиш хаста кўнглумни,
Нечукким томчи бир ер узра кўп томиб, мағок этмиш.
Қадаҳ тутким, қизортай чеҳра, эй соқийки, ҳижронинг
Юзумни асфар андоқким хазони барги ток этмиш.
Балодур нафс ширки фақр йўлида, хуш ул фоний,
Ки бир раҳравға жисми туфроғин гарди широк этмиш,
Навоийни дедингким бир жафо бирла ҳалок айлай,
Вафо қил эмдиким; бу орзу они ҳалок этмиш.
283
Кўз кўтармен ул қуёшдин гар кўзум қилмоққа реш,
Пашшалар янглиғ ҳаво узра чекар ҳар зарра неш.
Телбалик боғи гули нилуфари эркин буким,
Ҳам кўкарди халқ тошидин таним, ҳам бўлди реш.
Хуштурур кўнглумда зулфу қаддидин наълу алиф,
Ким бу қурбондек топилмас андоқ ўқу ёға кеш.
Бели тори ҳажридин жисмим бўлубтур тордек,
Эй фалак, раҳм эт, бу икки риштани бир-бирга эш.
Турфа кўрким, кўнглума ишқинг кирарга йўл бўлур,
Нечаким, ишқ имни тарк этгил, дебон кўксумни теш.
Истасанг дайри фано тавфин, белингдин, эй фақиҳ,
Қайд зуннорин узуб, зуннор қайдин доғи еш.
Таън қилмангким, Навоий бекасу бекор эрур,
Ким анга оламда ошиқлиқ йш ўлмиш, ишқ эш.
284
Не хам қошлардурурким, ҳайрати қаддимни ё қилмиш,
Не кирпиклар ўқиким, рўзгоримни қаро қилмиш.
Не печу тоби ҳадсиз доми зулф эркинки, очилғач,
Демай кўнглум қушиким, уйла юзни мубтало қилмиш.
Не кўзлардурки, олмиш кўз юмуб-очқунча кўнглумни,
Қилиб ҳар гўшада бемору қисми юз бало қилмиш.
Не ораз лоласидурким, кўнгулни қон этиб дарди,
Туган қўйғон била дафъиға ул қоннинг даво қилмиш.
Не нозук хўй эрурким, айламиш ўтруда юз дашном,
Гадоеким онинг зулфу кўзу қаддин дуо қилмиш.
Биравким, жаннату дўзах сўзин шарҳ айламиш, гўё
Киноят важҳи бирла васлу ҳижронни адо қилмиш.
Ажаб кўр ишқ ароким, мўр этарга аждаҳоларни
Фусундин мўрхатлар қайди зулфин аждаҳо қилмиш.
Қазодиндур манга ишқ ўйнамоқ, эй носиҳи нодон,
Кўрубсенму киши ҳаргизки тағйири қазо қилмиш?
Навоийдек халосим йўқ эди ул ғамза куфридин,
Хусусан, зулфи зуннори доғн бўйнумға тоқилмиш.
285
Оразин ёпқач кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Уйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.
Қут бир бодому ерим гўшайи меҳроб эди,
Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиқ кўзу қош.
Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини,
Субҳнунг бот-бот дами андоғки айлар меҳр фош.
Бўсае қилмас мурувват, асру қаттиқдур лабинг,
Десам оғзи ичра айтур: лаъл ҳам бор навъи тош.
Новакинг кўнглумга киргач, жон талашмоқ бу экин,
Ким қилур пайконини кўнглум била жоним талош.
Умри жовид истасанг фард ўлки, бўстон Хизридур
Сарвким, даъб айлади озодалиқ бирла маош.
Коши оллинда Навоий берса жон, айб этмангиз,
Гар будур меҳроб, бир-бир қўйғусидур барча бош.
286
Сориғ гул демаким, чун сарвинозим боғ аро бормиш,
Юзин кўргач қизил гул заъф этиб, ул навъ сорғормиш.
Кўнгул атрофида очқон учун ҳижрон ўқи йўллар,
Бало хайлини ишқинг шаҳнаси ул сори бошқормиш.
Ғаминг миннат қўюб жон олди, ваҳ, жонимға юз миннат.,
Ки худ бори тириклик миннатидин жонни қутқормиш.
Каломинг гавҳаридек топмамиш, гарчи сабо илги
Яқосин ғунчанинг йиртиб нечаким қўйнин ахтармиш.
Кўнгулни чок-чок этгач, етишти ўқи ҳар ёндин,
Ўтун қўймоққа гўёким бу ўтнинг тўш-тўшин ёрмиш.
Нечаким қад чекар, саркашлик айлар анбарин зулфи,
Агарчи кун бийик чиққонда: доим соя қисқормиш.
Илик бўғзига элтиб, шиша тўкмиш қон ёшин мендек.
Магар соқий аёғин ўпкали ўл доғи ёлбормиш.
Югурма ризқ учун, не етса ҳақдин англаким, комил
Не келтургил демиш, не ғайбдин етганни қайтормиш.
Фироқу зуҳд дафъиға Навоий ишқ саҳбосин
Магар тўққуз тутуб, тўққуз фалак жомини сипқормиш.
287
Тузмагай эрди қазо бу жисми вайронимни кош,
Чунки тузди, солмағай эрди анга жонимни кош..
Тан уйига жонни солғач, қилмағай эрди муқим,
Ул уй ичра кўнгул отлиғ зори ҳайронимни кош.
Бўлди чун жону кўнгил бори назар шамъи била,
Қилмағай эрди мунаввар чашми гирёнимни кош.
Чун адам саҳросидин келдим вужуд айвониға,
Бузғай зрди марг селоби ул айвонимни кош.
Чун тузалди жисм уйи, қовғай эди ондин равон
Йўқ кўнгул — девонайи расвойи нодонимни кош.
Чун ани ҳам қовмади, кўр этса эрди тиғ ила
Кўз деган қон ёш ила олудадомонимни кош.
Чун бу доғи бўлмади, қилмаса эрди жонима
Мунча зебову малиҳу шўх жононимни кош.
Чун бу янглиғ бўлди жонон қўйса эрди марҳаме
Гаҳ-гаҳи кўргач кўнгулда доғи ҳижронимни кош.
Ишқ ичинда чора ўлмакдур Навоий дема, ҳақ
Рўзи этгай лаъли жонбахш оби ҳайвонимни кош.
288
Порсоваш дилситоним бўлған эрмиш боданўш,
То бошим бўлғай аёғинг бўлғуси, эй майфуруш.
Ичганин кўрган замон-ўқ маст бўлғунгдур, деманг,
Ким эшитган лаҳза мендин зойил ўлмиш ақлу ҳуш?
Базми васлидин йироқ оғзимда хумдек муҳр эрур,
Тонг эмас, қонимға майдек шавқ ўтидин тушса жўш.
Жону кўнглум қон ютуб афғон чекарлар ҳажридин,
Ишрат аҳли май ичиб базмида қилғондек хуруш,
Чок кўнглак бирла то усрук чиқибсен, оҳким,
Кисватин майхона раҳни айламиш юз хирқапўш.
Субҳидамул бут сабуҳий базмин эттим орзу,
Чиқмағил дайри фанодин деб нидо қилди суруш.
Эй Навоий, қору эрмас бўлса юз минг жон фидо,
Гар қадаҳнўшум ики лаъли майидин тутса қўш.
289
Сени кўргач, дер эдим бир меҳрибоним бор эмиш,
Оллоҳ-оллоҳ, не бало ботил гумоним бор эмиш.
Оразинг моҳияту оғзинг сўзин шарҳ айларам,
Ваҳ, не табъи поку зеҳни хурдадоним бор эмиш.
Чок қил кўксумни, эй бадмеҳр, токим билгасен,
Тиғи ҳажрингдин не навъ, озурда жоним бор эмиш.
Не ҳаёт эрди, ўлар ҳолимдаким кўргач мени,
Ноз ила деди: ҳануз ул нотавоним бор эмиш?
Жавҳари ишқин олурға халқ махфий нақдидек
Жон ичинда бир неча доғи ниҳоним бор эмиш.
Юз ғамим бор эрди, муғ кўйига киргач бўлди дафъ,
Ваҳки, мен ғофил, ажаб дорул-амоним бор эмиш.
Дерки, ёлқибмен Навоий унидин, ваҳ, яхшидур,
Ким тирикликдин нишон тек бир фиғоним бор эмиш.
290
Ошиқ ўлдум, билмадим ёр ўзгаларга ёр эмиш,
Оллоҳ-оллоҳ, ишқ аро мундоқ балолар бор эмиш.
Қаддиға эл майли бўлғондин кўнгул озурдадур,
Ул алифдин зорларнинг ҳосили озор эмиш.
Элга новак урди, мен ўлдум, эрур бас турфаким,
Жоним эткан реш эл бағриға кирган хор эмиш.
Риштаким муҳлик ёрам оғзини тикти, англадим,
Ким кафан жинси қироғидин сувурғон тор эмиш.
Кўйи деворидин оғриқ танға тушган соядек,
Сели ғамдин эмди соя ўрниға девор эмиш.
Жонға тахвиф айладим тийғи ҳалокидин онинг,
Билмадим, бу ишдин ул ўлгунча миннатдор эмиш.
Эй Навоий, хўбларни кўрма осонлиғ била,
Ким бировким солди кўз, узмак кўнгул душвор эмиш.
291
Вўсма бирла қошин ул маҳвашки рангин айламиш,
Кўзи жаллоди қиличиға яшил қин айламиш.
Кўнглум ўтин демаким, тортар забона зулфидин,
Ким ул афъи тил чиқармоғлиғни ойин айламиш.
Сунбулунг афъисидин захме емиш гўё тароғ,
Йўқса, невчун оразин бошдин-оёқ чин айламиш?
Титрагучдин қилмиш ул кирпик ясолиға алам,
Ваҳ, яна то не кўнгул яғмосиға кин айламиш.
Уйладурким илгини ҳино уза қилмиш нигор,
Улки гулгун кўнглак узра тўнин эпкин айламиш.
Раз қизидин, соқиё, бир дам мени шод айлаким,
Чарх золи ғуссаси кўнглумни ғамгин айламиш.
Гар Навоийға Сулаймон мулкича бордур, не тонг,
Буки Билқиси замон назмини таҳсин айламиш.
292
Не абрашдурки, секретмиш яна майдонға ул маҳваш,
Қизил, оқ гул била елдин магар халқ ўлди ул абраш.
Жаҳон майдонида то шўх чобуклар қилур жавлон,
Киши кўрмайдур андоқ абраш узра ул сифат маҳваш..
Эмас абраш, сипеҳредур, шафақдин кўргузуб анжум,
Қуёш турки анга рокиб, тонг эрмас, гар эрур саркаш.
Нечук ўлмай ул абраш узра ул маҳвашни кўргачким,
Ҳамул абраш эрур саркаш, ҳамул маҳваш эрур сархаш.
Мени мажнун йиқилсам кўргач-ўқ, ҳайрат ери эрмас,
Ки ақли кулга ҳар соат эрур наззорасидин ғаш.
Париваш рахш уза сархуш пари жавлон қилур, нетсун
Жунун жомиға қилмай бодаполо аҳли тақво фаш?
Қуюн янглиғ эгарса абрашин ул шўх, дам урмон
Навоийдек, нединким ушбу сўз бор асру кўп чирмаш.
293
Ул сарв узори гули серобдек эрмиш,
Лаъли лаби гул узра майи нобдек эрмиш.
Кўрдум қоши аксини кўнгул кузгуси ичра,
Бу қибланамо, ул мунга меҳробдек эрмиш.
Кўрдум кўнгул аҳзолини кўксум тўшугидин,
Лаълинг ғамидин қатрайи хунобдек эрмиш.
Девона кўнгул қайди жунундин не қутулсун,
Ким ҳар хами зулфунг анга қуллобдек зрмиш.
Ҳусн анжумани ичра юзин кўрмамиш эрдим,
Анжум аро хуршиди жаҳонтобдек эрмиш.
Тут фақр этагин, атласи зарбафт сўзин қўй,
Ким ул доғи тан ҳифзида мошобдек эрмиш.
Бир йўли Навоийни йироқ солма назардин,
Ким ул доғи бир кун санга аҳбобдек эрмиш.
294
Не ажаб, гар бор эсам девонавашлиқ бирла хаш,
Ким кўнгул олғон парирўйум эрур девонаваш.
Манъ этарсиз ҳуши йўқ кўнглумга лаъли бодасин,
Айтинг, эй ҳуш аҳли, келгайму бу сўз усрукка хаш?
Софи васли бўлмаса гар барча заҳри ҳажридур,
Соқиё, бир журъа тутким, олди жонимни аташ.
Солди кўнглумни ғами ҳижрон гудози ичра ёр,
Гўйиёким ишқ аро ул қалбда бор эрди ғаш.
Ваҳ, не янглиғ соғ ўлай мен телба бу ҳолатдаким,
Ул пари ҳам бордурур девонаваш, ҳам журъакаш.
Шайх бошиға бало эркандурур дасторким,
Ишқ асрорин эшитмакликка мониъ бўлди фаш.
Демаким, бир яхши сўз бирла Навоий жонини
Олсам, ул бўлғайму рози, яхши сўзга не кенгаш?
295
То кўз била кўнглумни ул ғамза мақом этмиш,
Қонимни ҳалол айлаб, уйқумни ҳаром этмиш.
Сарв ўлмади боғ ичра оҳим ели бирла хам,
Боқ кўз учи бирланким, қаддингға салом этмиш.
Ҳайвон суйидур шудрун, Исо дамидур салқин —
Бўстон сари жононим гўёки хиром этмиш.
Ҳажр ўқлари захмидин жисмим била ашкимни
Тутмоққа бало сайдин ғам донаву дом этмиш.
То ошиқу шайдомен қатлим қилур ул кўзлар,
Мажнунға кийикларни ишқ улфати ром этмиш.
Маъшуқ қилур жилва, ҳар кимки анинг кўнглин
Дард ўти кули бирла ишқ ойинафом этмиш.
Искандару Жамлиқдур ишқингда Навоийға,
Ким рахшинг изу наълин кўзгу била жом этмиш.
296
Борғонингдин жон талашмоқ эрди мен маҳзунға иш,
Келдингу жонимни олдинг: ул боришға — бу келиш.
Васл ошиқ жонидур, мен жон талоштим ҳажр аро,
Ҳажр бориб, васл етгач, ўлмак эрур турфа иш.
Тиғи то кўксумни ёрди нола қилмон заъфдин,
Рост андоқким, қўяр афғонни чок ўлғон қамиш.
Қиймамиш ул сарв гулгун тўнки, тонг эрмас, бу ранг,
Нахлким кўз боғида қон бирла топти парвариш.
Иътидоледур ҳавойи ишқ ароким хуш кечар
Совуғ оҳим бирла ёзу кўнглум ўти бирла қиш.
Жисмим узра бор янги бутган кўкумтул доғдек,
Сўзи ҳажрингдинки урдум ғуссадин ҳар ерга ниш.
Кишу синжобини, тонг йўқ, кийса музий бозгун,
Ким чиқармиштур кишиликдин ани синжобу киш.
Туз бўл ўқтек гар тиларсен авж, ёким эгридур —
Давр ҳар бир гўшадин бўғзиға солибтур кериш.
Эй Навоий, ҳар дам ул ой меҳри ортар кўнглума,
Гарчи йиллардурким, ул тарки муҳаббат айламиш.
297
Олур жонимни ишқу манга дам урмоқ маҳол ўлмиш
Бировдекким, тили онинг ўлар ҳолатда лол ўлмиш.
Эрур ҳар сори кесган наъл ё рахшинг изи, билмон,
Таним туфроғи то жавлонгаҳингда поймол ўлмиш.
Ичиб қонимни ул кўзким қизармиш, нотавонедур,
Ки ҳам беморлиқда май чекиб, рухсори ол ўлмиш.
Таним то риштайи зулфунг хаёли бирла чирмашти,
Биайниҳ риштайи зулфунгға чирмашқон хаёл ўлмиш.
Қошинг ҳажрида тишлар бирлаким жисмимни нақш эттим,
Назора айлаким, ҳар бири бир мушкин ҳилол эрмиш.
Кўнгил боғида оҳим ўқлари қаддинг фироқидин
Бари ғам бергали ҳар қайси бир раъно ниҳол ўлмиш.
Фано кўйига кирким, Жам ила жоми жаҳонбиндур
Гадоким, жом анга бу дайр аро синғон сафол ўлмиш.
Сен уйқу ичрасен, хуршиди авжи давлатинг тушдур,
Ҳам ушбу тушда ул хуршидға доим завол ўлмиш.
Юзунг кўргач Навоий кўнгли озди, зулфдин банд эт,
Ким ул мажнун баҳори васлдин ошуфтаҳол ўлмиш.
298
Дема, не суд эрур ўлмоқ фано ҳаримиға хос,
Яна не суд керак ўзлукунгдин этса халос.
Авомдин, демаким, ўзни қутқарай, эр эсанг,
Ўзунгдин ўзни қутулмоққа жаҳд қилғил хос.
Кўнгул алил эса фориғ эмас хавотирдин,
Жароҳат узра йиғилмоқдурур чибинга хос.
Ажаб эмастур, агар топти гавҳари мақсуд,
Бировки бўлди фано ашки баҳрида ғаввос.
Овуч қоқармен ўз аҳволима таҳайюрдин,
Рамида кўнглум эрур бу усул ила раққос.
Десанг, бу йўлда ўлай, нафсни бурун ўлтур,
Ки ишқ шаръида гўё бу навъ келди қисос.
Ризо йўлида Навоий борур қаён чексанг,
Чу ишқ боғлади бўйниға риштайи ихлос.
299
Гулрухум ёди била кўнглум эрур гулга ҳарис,
Ким берур Юсуф иси қон аро юз пора қамис.
Лутф вақтида ул ой оллида элдур махсус,
Ваҳки, бедод қилурда мени айлар тахсис.
Эй ажал, келмак эмиш бошима ул умр, манга
Раҳм қил, жонинг учун берма замоне танқис.
Бода кўнглумни халос айлади даврон ғашидин,
Гўйи ул ўт била бу қалбға бўлди тахлис.
Ишқим айлар сени қон тўккали ҳар дам тарғиб,
Ҳуснунг айлар мени жон бергали ҳар дам таҳрис.
Банд этибтур жадал аҳли ишин ишкол, андоқ,
Ким не «Мифтоҳ» анга суд қилур, не «Талхис».
Васл ҳирмони Навоийға эмас ҳеч ажаб,
Чунки маҳрум бўлур ҳар кишиким бўлса ҳарис.
300
Жон етиб оғзимға, топмон дарди ҳижрондин халос,
Жонни ҳижрондин халос эт, ё мени жондин халос.
Андоқ очти сунбулин гул узра елким, бўлмағай
Бир кўнгул оламда ул зулфи паришондин халос.
Дема, нолангдин учар ҳар шом элдин уйқуким,
Туннинг ул бошида эл эрмас бу афғондин халос.
Гарчи ер топтинг кўнгулда, ваҳм эт оҳу ашкдин,
Ким кириб вайронға, бўлмас кимса тўфондин халос.
Ёғса мажнун кўнглум узра шўхлар дарди, не тонг
Телба атфол ичра бўлмас сангборондин халос.
Истамас бир-бирни сенсиз жону тан, тенгри учун,
Ким они мундин халос этгил, муни ондин халос.
Ҳажр уйи ичра қоболмиш ёр ҳажридин кўнгул,
Ваҳ, қачон бўлғай бизинг тутқун бу зиндондин халос?
Жом давридин халос ўлмоқни зинҳор истама,
Эйки, бўлмоқ истадинг андуҳи даврондин халос.
Банди зулфунгдин Навоийни халос этгил десам,
Дерки: бўлмас, бўлмағунча ҳукм султондин халос.