ҒАЗАЛЛАР
701
Тилармен музтар этса офати осуда жонимни,
Совурса офият бирла тузулган хонумонимни.
Чиқиб сархуш, чопиб абраш, қилиб жавлон, олиб майдон,
Вужуд иқлимидин маҳв айласа ному нишонимни.
Уруб жонимға неши ғам, тузуб қатлим учун марҳам,
Ҳино қилса бало шоҳидлари илгига қонимни.
Фироқ ичра алифдек қаддима ғам тоғини юклаб,
Уҳуд остидаги дол этса жисми нотавонимни.
Жунун кўйида усрук судратиб ратбул-лисон қилса,
Фано авбошиға дайр ичра бу рози ниҳонимни.
Юзин айлаб қаро, кейнича солиб ишқ атфолин,
Бари масту маланг ўйнатса ақли хурдадонимни.
Навоий, не май эрдиким, ичиб оламға фош эттим
Улустин ёшурун йиллар кўнгулда асрағонимни.
702
Неча килки тахайюл бирла бир сурат нигор айлай,
Анга ошиқ ясаб кўнглумни умда беқарор айлай?
Неча чирмаштуруб бир зулф савдосин димоғимға,
Узумни аҳли савдодек паришонрўзгор айлай?
Неча бир сарвдек қомат ҳавоси бирла ҳар соат
Жаҳонда оҳу афғондин қиёмат ошкор айлай?
Неча бир лоларух доғи ғамин истаб таним узра,
Қўюб юз доғ, ани қонлиғ ёшимдин лолазор айлай?
Неча ғам дашти ичра бир пари меҳрида соямни
Жунундин бир замон қовуб, гаҳи андин фирор айлай?
Неча анжум била чарх офатидин чарху анжумдек
Ҳавони оҳим ўтидин тўла дуди шарор айлай?
Эрур бас тийра шоми ишқ, ё раб, ҳусн шамъин ёқ,
Ки жон бирла кўнгул ўртанмагин парвонавор айлай.
Чу ҳеч иш ихтиёри кимсада йўқтур, қўй, эй зоҳид,
Ки тарки ихтиёр этмакни мен ҳам ихтиёр айлай.
Навоий, бода баҳри бекорониға мени солғил,
Ки гардун баҳрининг мавжи балосидин канор айлай.
703
Соқиё, тут бодаким бир лаҳза ўзумдин борай,
Шарт буким, ҳар неча тутсанг, лаболаб сипқорай.
Бўғзума жоме қуюб, қутқар гадолиқдин мени,
Ваҳ, неча бўғзум чекиб, бир журъа учун ёлборай.
Бир қадаҳ май берсалар, ваҳ, ғояти ифлосдин,
Неча лаъли қийматий топқон гадодек олдорай.
Тортай ўзумни иваз ким қилса эҳсон бир қадаҳ,
Бу баҳона бирла ўзлукдий ўзумни қутқарай.
Важҳи май жон нақдию тан доғидур, эй муғбача,
Хилқатим ганжинасин юз қатла гар худ ахтарай.
Жонға еттим ақл васвоси била, тенгри учун,
Соқиё, жомимда афюн эзки, ботроқ телбарай.
Эйки, дебсен ғайрдин айру келу чек жоми васл,
Гар бу хилватда Навоий маҳрам эрмас, қайтарай.
704
Бўлғай эрди юз туман минг ранжу меҳнат кошки,
Бўлмағай эрди балову дарди фурқат кошки.
Елдек айларда ҳаво сайр этгали жисмим хасин,
Ўртагай эрди уруб бир барқи офат кошки.
Хосият чун телбараб саҳроға юзланмак эмиш,
Тутмағай эрдим парилар бирла улфат кошки.
Офият кунжин дедим истай, бузулдим бир йўли,
Кўнглум ичра кечмагай эрди бу ният кошки.
Юз ғариб аҳвол бекасликда ҳар дам бор эмиш,
Ўтмагай эрди тилимга лафзи ғурбат кошки.
Жилва қилғунча тилаб товус янглиғ ганжи зеб,
Чуғз янглиғ тутқай эрдим кунжи узлат кошки.
Ёрдин эл рашкидин бўлдум жудо, бўлғай эди
Илтифотин ғайр ила кўрмакка тоқат кошки.
Демаким, жон эт фидо аҳбоб ила топқач висол,
Эй Навоий, умр бергай онча муҳлат кошки.
705
Бугун ақшомға тегру менки кўрмаймен қуёшимни,
Не тонг, тўксам фалакдек кеча тонг отқунча ёшимни.
Балият тошидин юз пора бўлғон ҳам эрур хушким,
Итингга етмагай заҳмат қилурда тўъма бошимни.
Юзу холинг ғамидин бўстонафруз эрур жисмим,
Ки тутмишдур ичимни тухми ғам хуноб тошимни.
Ўлук жисмимни кўрган тоза қўйғон доғлар бирла,
Қаро қилғон соғинғай зоғлар ғавғоси лошимни.
Вазифа кўнглума ҳар кун эрур бир доғ ишқингдин,
Қаноатдин тузубмен бир дирам бирла маошимни.
Қазо тағйир топмас, чунки зўру зорлиғ бирла
Узубмен даҳр халқидин уруш бирла ярошимни.
Навоий, дегасен ғам тоғи қозмиш тешайи Фарҳод,
Кўруб кўксумдаги тирноғ ила қилғон харошимни.
706
Хуштурур гулгун қадаҳ гирдинда гулбарги тари,
Хосса байрам аввали бўлғай, доғи гул охири.
Ҳар варақ бир номайи ишратдурур фаҳм айлагил,
Тонг елидин абтар ўлмасдин бурун гул дафтари.
Ғунча худи бирла гул қалқониға етти шикаст,
Бўлғали пайдо сариғ савсарнинг олтун шашпари.
Гул адам шомиға юзланган учун занбақ гули
Бор кумиш машъал доғию хурдалардур ахгари.
Лола қон узра бўёлиб, ўт уза анбар қўюб,
Бор парихон чиқмоғон ғойиб чечаклардур пари.
Нилуфар тутмиш сипеҳр ложувардий ҳайъатин,
Жолалар юзинда андоқким нужуму ахтари.
Ўкса лаълингни Навоий санга хуш келмас, вале
Хуштурур гулгун қадаҳ гирдинда гулбарги тари.
707
Севунгил, эй кўнгул, охирки жисминг ичра жон келди,
Қувон, эй жони маҳзунким, ҳаёти жовидон келди.
Сафардин ул пари етти, мени маҳзунни шод этти,
Кўнгулдин эски ғам кетти, тан ичра янги жон келди.
Хирад, йиғ бу масофингни, таҳаммул, қўй газофингни,
Вараъ, тарк айла лофингни, ки ошуби жаҳон келди.
Дамеким андин айрилдим, кўнгулни ҳамраҳи қилдим,
Бугун келди кўнгул, билдим, ким ул номеҳрибон келди.
Келибтур ёшурун ул шаҳ, мени мажнун эмон огаҳ,
Пари эрмас эса, бас ваҳ, нечук кўздин ниҳон келди?!
Фалак боқти фиғонимға, ажал раҳм этти жонимға,
Хазонлиғ бўстонимға гули боғи жинон келди.
Муғанний, бир навое туз, Навоий, нағмае кўргуз,
Аёқчи, томса тут тўққуз, ки Доройи жаҳон келди.
708
Не бир субҳ ул қуёш базми аро ичтим тўла жоме,
Не ёттим маст рухсорим аёғиға қўюб шоме.
Не бир қуш ҳаргиз ул гулшан сори еткурди пайғомим,
Не бир ел ҳаргиз ул гулдин манга еткурди пайғоме.
Ўқунгдин минг тўшуклук кўнглак ичра толпинур жисмим,
Ҳамул қуш мисликим они муқайяд айлагай доме.
Нечукким тутмадинг, эй умр, вайроним аро ором,
Ғамингдин тутмади жон ҳам бузуғ жисмимда ороме.
Ҳамул кундин сариғ чеҳрамда гулгун ашкдур, эй шайх,
Ки бир зарбафти гулфомий кийиб чиқти гуландоме.
Югурдунг Каъбайи мақсад тилаб кўп, лек тинмайсен,
Чиқарсанг ўзлукунгнинг дайридин ўзни, эрур коме.
Навоий, тонгла ҳуру софийи кавсардин ортуғдур,
Бугун ул муғбача ишқида бўлсанг дурдиошоме.
709
Икки ҳамдамким эрур май базм аро ҳамдамлари,
Топмасун биздин малолат хотири хуррамлари.
Ою кунким базм тузгайлар фалак хиргоҳида,
Заррайи саргаштадин не бўлғусидур ғамлари?
Гул била насринки, чеккак бода наргис жомидин,
Зулм эрур воқиъки, булбул бўлмағай маҳрамлари.
Чуғздин рам айласа, не айб, дуррожу тазарв,
Хосса бўлса мастлиқдин ўзгача оламлари.
Эй табиб, ўлгумдурур, гўёки ушбу кечадин
Захмлик кўнглумга ўқдек |санчилур марҳамлари.
Эй муғанний, бўлма ғофилким, забони ҳол ила
Навҳа айлайдур менинг ҳолимға созинг бамлари.
Кечалар афлок невчун ёш тўкар кийиб қаро,
Бўлмаса мискин Навоий ҳолиға мотамлари?
710
Юз урма ҳар тараф, эй шўху, зор қилма мени,
Қарор тут нафасе, беқарор қилма мени.
Кўзумни шамъи жамолинг фуруғи бирла ёрут,
Тонг отқуча кечалар ашкбор қилма мени.
Худой учун яна ҳар сори бехабар борма,
Фиғону нолада беихтиёр қилма мени.
Тараҳҳум айлагил, эй ихтиёрсиз нола,
Дамо-дам эл ичида шармсор қилма мени.
Ҳаёт ранжи, ўлум ёди саъб эмиш, соқий,
Бу дайр ичинда даме ҳушёр қилма мени.
Мен ўзга, Вомиқу Фарҳод ўзгадур, эй ишқ,
Танаъум аҳли аро эътибор қилма мени.
Қаёнки борсанг, ўлармен Навоий янглиғ зор,
Юз урма ҳар тараф, эй шўху, зор қилма мени.
711
Эй, гули сарви чаманда оразинг шармандаси,
Сарв бу озодлиқ бирла қадингнинг бандаси.
Гар ўғурламайдурур жон нақдини ширин лабинг,
Бас, недур сўрсам табассум бирла шаккар хандаси.
Васлин иста, эй кўнгул, шоядки охир топқасен,
Чун масалдурким, топар ҳар нимани жўяндаси.
Айтур эрмишсенки, ой бир камтарин қулдур манга,
Кўрки, ёри етмиш ойнинг толиъи фархандаси.
Тожи Кайхусрав била мулки Сулаймон истамас,
То Навоий бўлди ул султони олам бандаси.
712
Йўқтур андуҳу малолат ўтиға хас мен киби,
Бедилу бечораву бемору бекас мен киби.
Эйки, Мажнун васфин эттинг, ўлмади ёр оллида,
Мен қилиб юз жон фидо, ул бўлмағай, бас, мен киби.
Дема, парвона куяр мендекки, сўз шамъ узрадур,
Не учунким ул доғи ғам шоми куймас мен киби.
Турки анжумға дедим, ҳусн ичра сен ё ул фузун,
Дедиким, бўлғай анга юз банда чаркас мен киби.
Қошларинг ёсиға қурбон қилғали йиллар тилаб
Топмағай бир бу кўҳан тоқи муқввас мен киби.
Эйки, давр аҳлин вафоси йўқ дебон озурдасен,
Ошнолиғни алардин сен ҳам эт бас мен киби.
Эй Навоий, ишқ ўтин ҳар ким ёрутмоғ истаса,
Ер юзинда топмағай тутруғ учун хас мен киби.
713
Эй, дудоғинг шарбатида оби ҳайвон лаззати,
Лаззати бўлғай насибим бўлса лаълинг шарбати.
Кечалар ҳажрингда бехудмен, менинг ҳолимғадур
Шамънинг гаҳ куймаги, гаҳ ноласи, гаҳ риққати.
Меҳнати ҳажрингда ишим оҳ ила фарёд эрур,
Оҳ, агар фарёдима етмас висолинг давлати.
Лабларингнинг ҳасрати кўнглумда бўлса, не ажаб,
Шиша бирла боданинг бир-бирига кўптур нисбати.
Оразингға, эй пари, мажнун кўнгулнинг майли бор,
Телба янглиғким, анинг ўт бирла бўлғай улфати.
Умр эрур ишқ аҳлиға пайки насим, эй боғбон,
Басдурур бу муддаоға шоҳид онинг суръати.
Юзу холингдин Навоийнинг кўзидур қон аро
Лоладекким, доғи бўлмиш кўз қароси ҳайъати.
714
Наргисин гул узраким бемор этар ноз уйқуси,
Мисли шўхедурки, суст этгай ани ёз уйқуси.
Кўз очиб беҳудлуғумни кўрмаса, йўқтур ажаб,
Ким манга бахт уйқуси бўлмиш анга ноз уйқуси.
Чархи сойир гўйиё ошиқдурурким, кечалар
Бор анинг ҳам мен киби кўп ашкию оз уйқуси.
Бизни дафъ ўлсун дебон солмиш ўзини уйқуға,
Зарқдин холи эмастур ул фусунсоз уйқуси.
Ҳар тун айлар истимоъ эл қиссасин, ваҳким, келур
Менки ўз ҳолим десам, ул қиссапардоз уйқуси.
Иста комил хизматин ғафлатни рафъ айлай десанг,
Бордур ўздин ғойиб ўлмоқ зумрайи роз уйқуси.
Эй Навоий, очма ғамдин кўзки, сиррим қилди фош,
Яхшироқ бедорлиқдин буйла ғаммоз уйқуси.
715
Менинг бахтим юзи ғам кожидин ул кун қаро бўлди,
Ки кўнглум ул кўзи-қоши қароға мубтало бўлди.
Қутулмиш эрди ошиқлик балосидин кўнгул, кетмиш
Ул ой кўйига, ёна анга билмон не бало бўлди?!
Қошу кирпикларинг кўнглум уйин қилди камонхона,
Алифлардин ўқу ҳар наъл анга бир ҳалқа ё бўлди.
Бузулғон хаста кўнглумдин ўқин зинҳор чекмангким,
Ул уйга бу сутун, ул нотавонға бу асо бўлди.
Лабингға қайси тил бирла фидо дей хаста жонимни,
Анга жоним фидоким, жони лаълингға фидо бўлди.
Ажаб муҳлик эмасму ишқ дашти, эй мусулмонлар,
Ки бир мўриға ҳар кун тўьма икки аждаҳо бўлди.
Фано истар эсанг, ич дайр пири илгидин жоме,
Нединким хонақаҳ шайхи иши зарқу риё бўлди.
Вужудим фоний айлаб, олди дин бир муғбача, тонг йўқ,
Агар зуннор боғлаб, масканим дайри фано бўлди.
Навоий, ғуссадин махлас тиларсен, масту бехуд бўл,
Ки даврон дарду ранжиға даво бу бўлди, то бўлди.
716
Тануредур ичим гўё қизитқон ишқ ўти они,
Ёпиштурғон кабоб ўрни анга ҳар доғи пинҳони.
Қизил раглар эмас кўз ичраким, кўз мардумин ғамзанг
Анингдек нешлар урдики, оқмиш ҳар тараф қони.
Эрур қаддинг хаёли гаҳ кўнгул, гаҳ кўзда, гўёким,
Будур ул жўйбору боғнинг сарви хиромони.
Тариқи ишқ аро кўнглумдадур ҳар дам ғами, ул уй
Ажаб йўл узрадурким, ўксумас бир лаҳза меҳмони.
Ғамим шомин ёрутти қаддинг ул юз шуъласи бирла,
Нетар кундузни улким, буйладур шамъи шабистони.
Яна ўтлуқ кўнгулда оташин лаълинг фироқидин
Қизиқ ҳар лаългун пайкон эрур бир лаъл пайкони.
Хати райҳони ичра бодайи лаълин хаёл айлаб,
Учар ҳар лаҳза руҳум, соқиё, тут роҳи райҳоний.
Мунунгдекким, йироқдур Каъбайи мақсад ҳамоноким,
Эрур манзилға етмасдин жараснинг тинмай афғони.
Навоий давлати боқий тилар бўлсанг, яқин билким,
Эрур соликка мушкил топмоқ они бўлмайин фоний.
717
Эй кўнгул, бердинг иликдин васлининг давронини,
Билмадинг бу навъ талх эрмиш ғами ҳижронини.
Гўйиё Фарҳод эрур тоғ ичраким, чексам фиғон,
Ул доғи ҳамдардлиқдин тенг чекар афғонини.
Тўтиёйи кўз тутарменким, кетурсанг, эй насим,
Кўрсанг ул бадмеҳри чобук туркнинг жавлонини.
Қолди кўнглум сенда, лекин асрадим, эй қоши ё,
Хаста кўнглум ўрнида хокиларинг пайконини.
Не учун киймиш қизил тўн даҳр бўстонида гул,
Гар оқизмоқ истамас ошуфта булбул қонини?
Тийрборони ғаминг жисмимни қилди ерга паст,
Ваҳки, ёмғур касрати йиқти ғаминг вайронини.
Эй ажал, тенгри учун кетким, биҳил қилмон санга,
Қўймасангким, дарди-ўқ олғай Навоий жонини.
718
Неча тийғ урдунг кўнгулга, тийра оҳи итмади,
Кимса ўттин дуд чиркин сув била оритмади.
Бош қўярмен шукрдинким қилмайин бошимни гўй,
Чобукум майдонға ҳаргиз рахшини секритмади.
Хоҳ тийғи жавр ё тийғи забон бирла рақиб
Илтифоте қилмади кўнглумгаким, оғритмади.
Айлади юз қатла сув бир қатла қон кўнглумниким
Урмади бир тийғ ани юз қатла то инжитмади.
Қилмади маҳбус кўнглум кулбасида ғамни ишқ,
Рахналарни то маломат тошидин беркитмади.
Эй хуш ул қушким, тегиб жисмиға ҳар пар бир тикан,
Эл қулоғин ноладин булбул киби ёлқитмади.
Баҳри ашк ичра Навоий собит эрди тоғдек,
Ким эсиб бир ел, танининг тахтасин қолқитмади.
719
Ул ойки, меҳр ила оламни муҳтарам қилди,
Бу телбага недин, оё, назарни кам қилди?
Юзум изига яқиндур, мунга доғи юз шукр,
Агарчи йўлида гардун қадимни хам қилди.
Насиҳат этса улус, тезрак бўлур ишқим,
Бале, итикрак этар ўтни улки дам қилди.
Фироқ шарҳини ҳар кирпигим ёзар, гўё
Фалак мижамни тенгиз ичраки қалам қилди.
Ул ой азимат этиб юз ғаму бало нақдин
Насибим этти, ёмон бормади, карам қилди.
Сипеҳр ишқда Мажнунға ёзди кўп таъриф,
Муқобилида замона мени рақам қилди.
Кўзумки қон аро бўлди ниҳон, ажаб эрмас,
Ки айнға чу дам ўлди қарин адам қилди.
Шукуфа сийм чиқорғоч бу гулшан ичра хазон,
Ҳавоға баргини сочмоқ била ситам қилди.
Навоий жисмин ўқунг захми этти доми бало,
Висол қушлари андин магарки рам қилди.
720
Маҳвашеким, меҳридин бўлдум жаҳон овораси,
Раҳм этиб бир чора қилмас ўлса ҳам бечораси.
Захмлар қилдинг яна ғам нешидин, эй бевафо,
Бутмиш эрди васл нўши бирла бағрим ёраси.
Бевафолар кўнгли, тонг йўқ, лабларингға бўлса сайд,
Қайдаким лаъл ўлса атрофида бўлур хораси.
Юзига боққоч, ажаб йўқ кўзларимга тўлса ашк,
Эл кўзига ёш тўлар қилса қуёш наззораси.
Дарди ҳажрингдин Навоий кўнгли, кўкси, бағридур
Ҳар бири юз пораву минг ёра ҳар бир пораси.
721
Аҳли дил оллинда дилдор илтифоти камлиғи
Онча саъб эрмаски, ҳар ноаҳл ила ҳамдамлиғи.
Гар ўғурлуқ истамас лаълинг доғи жон нақдидин,
Бас, недур ўғри киби пайваста қошинг хамлиғи?
Зулфи торин торта олмас кимса кўнглумдинки, бор
Беркрак жон риштасидин ҳам анинг маҳкамлиғи.
Уйлаким тун дудини оҳим паришон айлади,
Тонг елидиндур муанбар сунбулунг дарҳамлиғи.
Ҳар не эл кўнглига хуррамлиғ, менинг кўнглумға ғам,
Ким ғамингдин бўлмиш ул девонанинг хуррамлиғи.
Соқиё, май берки, дардим зоҳир айлай маст ўлуб,
Ким ичим қон айлади иш сиррининг мубҳамлиғи.
Гар Навоий айлади бадмастлиғ, эй пири дайр,
Сен карам кам қилмағилким, кўптур онинг камлиғи.
722
Қилдим ул ой оллида ошиқлиғим изҳорини,
Мен анга сиррим дедим, билмон анинг асрорини.
Кўз қаросин ҳал қилиб ул ойға ёзғум номае,
Бори бу тазвир ила кўргай кўзум рухсорини.
Кўзидин то жонға етмон, лаълидин бермас ҳаёт,
Ул Масиҳ ўлдум деганда тиргизур беморини.
Ҳайфдурким, риштайи тасбиҳ қилғай аҳли зуҳд
Куфр зулфи ичра ўлган халқнинг зуннорини.
Оразинг даврин чекарда гўйиё наққоши сунъ
Меҳр даври бирла тенг очмиш эди паргорини.
Тўкма жоминким, бало сели жаҳонни бузмасун,
Маст кўрсанг, зоҳидо, дайри фано хамморини.
Эй Навоий, шавқидин ўлсам, иморат қилғасен
Туфроғим бирла муҳаббат кўйининг деворини.
723
Оҳким, ул ганж ёд этмас бизинг вайронани,
Ул қуёш бир зарра ёрутмас бузуғ кошонани.
Эгма қошин кўргузуб айлар манга манъи жунун,
Янги ой бирла керак соғ эгса бу девонани.
Кўзума ул важҳдин дермен юзунг афсонасин,
Ким севарлар уйқусизлар доимо афсонани.
Ўзгалар ҳуснидин ўртанмонки, гардун ҳар кеча
Ёрутур минг шамъу куйдурмас бири парвонани.
Чиқти жоним бодайи лаълинг кўруб, эй муғбача,
Ваҳ, тўла айлаб нетарсен қасдима паймонани?
Билмадиким, аввал айлар нафй ранжидин халос,
Нафй қилғон шайх муғ кўйидаги майхонани.
Ашк йўлин тут, Навоий, хоки пойи бирлаким,
Ғусса бар берур қаёнким сочсам ушбу донани.
724
Ҳар тикан бу ғунчадек кўнглумда пайкон боғлади,
Эй жигар парголаси, сенсиз ичим қон боғлади.
Сендин айрилмоқ кўнгулга мумкин эрмас то абад,
Чу сенинг бирла азалдин аҳду паймон боғлади.
Лабларингнинг шавқидин ҳар қатра қонким тўкти кўз,
Совуғ оҳимдин ҳамул дам лаълу маржой боғлади.
Деди ақлу фаҳм они кўргач, шикеби кўзлоли,
Ваҳки, тун боғин яна ул шўх часпон боғлади.
Қонидин ул дард боғининг гули бир пахтаким,
Доғима сабр илги марҳам бирла ҳар ён боғлади.
Совуруб тифли хазон туфроғ ила тенг қилмағон
Қайси бир гулдаста бу боғ ичра деҳқон боғлади?
Иштиёқингдин Навоий ўлдию етмас санга,
Гўйиё бу навъ оёғин банди ҳижрон боғлади.
725
Не май хуштур манга, не гул керакликтур, не гулзори,
Керак майдин гул очқон ёрнинг гулзори рухсори.
Не жонимға керак ҳайвон суйи, балким хироми ҳам,
Керак чун ул ҳаётим гулшанининг сарви рафтори.
Жунун туморима зангору шингарф айламанг зойиъ,
Ки дафъ айлар они ул лаълу хат шингарфу зангори.
Менинг худ рўзгорим тийра бўлди шоми ҳижрондин,
Қилинг субҳи висоли шукрии, эй ишқ аҳли, сиз бори.
Не суд этгай аёғимдин тикан чекмаклик, эй мушфиқ,
Ки тошлар бирла кўксумга қоқилмиш ҳажр мисмори.
Ниҳоний юз ярам бор ҳажри тийғидинки, шарҳ этсам
Қилур озурда бир олам элин ҳар бирнинг озори.
Басе саргаштамен гардундин, эй соқий, қадаҳ бергил
Шафақгун май тўла айлаб менга гардун намудори.
Қи даврон жавридин илкимга олиб сипқорай андоқ,
Ким анжум қатраси ҳам қолмағай кўз тушса ҳар сори
Анингдек мастлиғ уйқусидин очқай Навоий кўз,
Сабоҳи ҳашр ул ҳам ёвар ўлса бахти бедори.
726
Эй кўнгул, келким, иков бўлуб нигоре кўзлоли,
Сарвқадде истабон, сиймин узоре кўзлоли.
Ёрлиғ кўз тутқанимиз кўзлади чун ўзга ёр,
Бизда ҳам кўз бор, бориб бир ерда ёре кўзлоли.
Чун ғубори маркабидин равшан айлар эл кўзин,
Телмуруб турғунча бориб, шаҳсуворе кўзлоли.
Сайри боғу дашт этарбиз ҳам яна бир ёр учун,
Боғ сори кўз сололи, дашт сори кўзлоли.
Гар анингдек шўхи шаҳрошуби офат топмасак,
Бир фақири меҳрибоне, ғамгусоре кўзлоли.
Гарчи нопайдо эрур мақсуд, армон қолмасун,
Хосу ом ичра қила олғанча бори кўзлоли.
Эй Навоий, бўлмоғунг андин булар бирла халос,
Келки, ҳам васлин тилаб сабру қароре кўзлоли.
727
Ғунчадек қон боғланибдур кўнглум, эй гул хирмани,
Борғали кўз жўйборидин жамолинг гулшани.
Кўз қаросидин ёзай дермен битик, ҳайҳотким,
Куйдурур ғайратки, мен маҳруму кўз кўргай ани.
Ақл қочти кўнглум ичра сокин ўлғач дарди ишқ,
Мўр манзилгоҳи эрмас аждаҳолар маскани.
Кўнглум уйида ғами ториқмасун ҳар захмидин,
Марҳамин ташлангки, ҳар ёндин очилсун равзани.
Арғувоний ашк аро савсан масаллик лолмен,
То тўнингдур арғувоний, кўнглагингдур савсаний.
Ҳар гул ушбу боғ аро кўрсанг, тикан осибидин,
Ғарқайи хуноб ўлуб, юз чок эрур пироҳани.
Ашк қонида Навоийдур сўнгак жисми била
Ул муборизким, қизил жинс ичра бўлғай жавшани.
728
Ҳафтаедур кўрмамишмен ул бути чолокни,
Не ажаб, гар ўртаса оҳим ети афлокни.
Солди тийғи фурқатинг бағримға андоқ чокким,
Бағри бўлғай чок-чок улким, кўрар ул чокни.
Ҳажр ўти жисмимға ортуқдур, анга бас бир шарар,
Ўртамак дўзах била, яъни не бир хошокни?
Отланибдур маст кўнглакчан чекиб тийғи жафо,
То не ўт солғай жаҳонға, кўргил ул бебокни.
Ишқ ўт бирла, кўнгул сув бирла кўзни қилди пок,
Пок манзилларда меҳмон қилғали ул покни.
Дайр аро даврон ғамидин қочмишам, эй муғбача,
Бир муғона жом ила шод айла бу ғамнокни.
Бода бирла юнг Навоийни хумор этса ҳалок,
Боғлангиз тобути узра нахли барги токни.
729
Ғариблиқ яна кўнглумни дарднок этти,
Шикасталиқ яна кўксумни чок-чок этти.
Бу барча бир сорию ёр ҳолатимни билиб,
Тағофул этмаги мен хастани ҳалок этти.
Дамингни асра, Масиҳоки, чиқмағай гардим,
Бу дамки кўйида жисмимни даҳр хок этти.
Юзунгга улки қуёш тоби берди, юз минг шукр,
Қуёш киби мени ҳам ишқинг ичра пок этти.
Хуш ул дамеки, дегайлар фано ўтиға фалон
Қадам қўярда не ваҳм айлади, не бок этти.
Не май, не жом, мен усрук ҳамиша, гўё ишқ
Таним ҳадиқасида рангларимни ток этти.
Навоийни тила андин бурунки, дегайлар:
«Адам йўлин тутуб ул зори бенаво кетти».
730
Лаълингга боғланди жоним, ҳажр элиндин ол ани,
Зулфунгга чирмашти кўнглум, қилмағил помол ани,
Боғлади кўнглум манга ошиқлиғининг туҳматин,
Шарт қилдим кўргач-ўқ расво қилай филҳол ани.
Сендин айру хўблардин очилур кўнглум, вале
Ғунча янглиғким очарлар куч била атфол ани.
Эй сабо, бағримға санчилғон тиканким, англадинг,
Бўлсанг ул гул бирла ҳамдам қилғасен ирсол ани.
Ул алифким, нил ила чектинг узоринг ёнида,
Ҳусн ичинда бирга ўн қилмиш ёнида хол ани.
Бу чаман кайфиятин озюдаеким қилди фаҳм,
Ўн тили савсандек ўлса, ҳайрат айлар лол ани.
Эй Навоий, деб эдинг кўргач, ани жон топшурай,
Бўлса бу давлат муяссар, қилмағил иҳмол ани.
731
Турфа гулзор айламиш май гуллари рухсорини,
Турфароқ буким, арақ сероб этар гулзорини.
Эй кўнгул, ҳар ториға юз жон муқайяддур, буким
Юз гиреҳ бирла кўрарсен зулфининг ҳар торини.
Ёқмангиз захмимға марҳамким, ўлармен қилса гум
Чоклик бағримдин ул ой тийғининг озорини.
Боғлағайлар атридин дин аҳли кофурлиққа бел,
Ел паришон этса куфри зулфининг зуннорини.
Бумни зоғ этгай оҳим дуди қнлса ошён,
Дашт ичинда мен бўлур вайронанинг деворини.
Фош этар кўнглум шарори, тийра оҳим дуди ҳам,
Неча дермен қилмайин ишқим ўти изҳоринн.
Ғам ҳужумидин не ғам, азми харобот айлаким,
Қўймайин бир жом ила ул хайлнинг осорини.
Сойир айларда қадаҳ топсанг сабот, эй муғбача,
Айлайин барҳам фалакнинг собиту сайёрини.
Англағил, жоноки, кўюнгда Навоий ўлди зор,
Топмасанг итлар уни ичра фиғони зорини.
732
Тушда сарву гулдин ислаб бирни, қучтум бирини,
Айлагил, эй сарви гулрух, бу тушум таъбирини.
Англадик ўтлуғ юзи кўнглум не янглиғ қилди сув,
Мум аро ким кўрмамишдур шуъланинг таъсирини.
Дўстлар, дафъи жунунум гар тиларсиз, боғлангиз
Ул пари кўйида бу девонанинг занжирини.
Сувратингдин ожиз ўлса Моний, эрмастур ажаб,
Қайда наққош айлагай килки қазо тасвирини?
Васл ила қилғил бузуғ кўнглум иложинким, қилур
Шоҳ адл этмак била вайроналар таъмирини.
Ишқу май, эй шайх, азалдин сарнавишт эрмиш манга,
Ваҳ, нетиб хуш кўрмагаймен тенгрининг тақдирини?
Эй Навоий, дерсен ул ой ишқини элдин ёшур,
Оти мазкур ўлса, найлай ҳолатим тағйирини?
733
Қани висолингга бир мендек орзуманде,
Висол умиди била меҳнатингға хурсанде.
Фано майин ичиб оворалиғ йўлин туттум,
Насиҳат аҳли, манга эмди бермангиз панде.
Эрур танимдағи юз доғ бирла мунглуғ жон,
Гадоки, тўниға ҳар сори солса пайванде.
Сабаб бу эрди экин хилқатидин Одамнинг,
Ки бўлғай анга сенингдеқ хужаста фарзанде.
Кўнгулни шўхлар андоқ талаштилар кесишиб,
Ки қолмади мени бедил насиби парканде.
Чоғирни оқил эсанг, лаъл деб қизитма димоғ,
Ки ўтни исламади гул дебон хирадманде.
Ажал, Навоийни қутқаз балойи хирмондин,
Ки ул заиф бу дард ичра асру эмганди.
734
Ўтум худ этмади ул тошбағирға таъсире,
Бу ёна ўтки, топилмас бу ишга тадбире.
Не турфа сурати бордурки, ҳеч сурат ила
Қазо мусаввири қилмади буйла тасвире.
Шикоятим кўпу қолмас қачон сени кўрсам
Танимга тобу тилимга мажоли тақрире.
Тушумда оби ҳаёт ичтим, оҳким, келмас
Кўнгулга лаълини ўпмакдин ўзга таъбире.
Мени муқайяд этар бўлсанг, очма ҳалқайи зулф,
Ки пашша қайдиға йўқ эҳтиёжи занжире.
Гул ичра шабнам ила хурдадур суву дона,
Магарки қайдиға булбулнунг этти тазвире.
Навоий ёрдин ар зулм эрурки, лутфча бор,
Сен этмасанг керак ўз қуллуғунгда тақсире.
735
Жоним чиқадур, ҳажр ила жонон керак эрди,
Кўнглум куядур, дард ила дармон керак эрди.
Ғам шомида парвона сифатким куядурмен,
Бошим уза ул шамъи шабистон керак эрди.
Кўз боғида юз гул очадур ишқ, ва лекин
Юзу хатидин лолаву райҳон керак эрди.
Хуш келди ҳазин кўнглум аро ғамзаларингким,
Оҳ ўқлариға бир неча пайкон керак эрди.
Қабримға хиром эттингу йўқ туҳфае, ваҳким,
Бу хас киби жисм ичра бугун жон керак эрди.
Хуш зийнати кўп номадурур умр, ва лекин
Тавқийи вафодин анга унвон керак эрди.
Билмай сени ул гул қовар, эй зор Навоий,
Сендек анга бир булбулу нолон керак эрди.
736
Бўлди ийд, ул турки чобук азми майдон қилғуси,
Ваҳки, эл бехудлуғи жонимни қурбон қилғуси.
Барқи офат бўлғуси ҳар шуълаеким айрилур
Маркаби туйноғидин, ул дамки жавлон қилғуси.
Ўқ ҳунилаб, ўт-ёлиндек ҳар тарафким қўйса юз,
Юз кўнгулни куйдуруб, воз жонни вайрон қилғуси.
Ошкоро жон олиб ҳар ён қилур машғул ўзин,
Элни билмас деб йигит ўзини нодон қилғуси.
Шамъ эмас, кўз очтилар наззораға аҳли қубур,
Ким ул ой ийд оқшоми сайри хиёбон қилғуси.
Субҳ майдон азми қилғоч, ваҳки, йўқ ёлғуз мени
Олам аҳлин ийди рухсориға ҳайрон қилғуси.
Ийдгоҳ аҳли ҳужуми бирла, эй шаҳ, қилма кибр,
Ким фалак бу жамъни ҳоли паришон қилғуси.
Эй Навоий, рашкдин ўлдумки, ул қотил бугун
Ҳар тараф бу шакл ила юзланса юз, қон қилғуси.
737
Мушки тардур сабзайи хаттинг, юзунг гул хирмани,
Равза нахли қоматинг, кўюнг латофат гулшани.
Зинҳор айт, эй сабо, кўнглумгаким, ул дилрабо
Бўлса ногаҳ қай сари мойил, соғиндурғай мани.
Йўқ ажаб, гар жоми ҳажринг ваҳмидин тўксам сиришк,
Заҳрдин ваҳм айлар улким подшаҳдур душмани.
Ёшу қон эрмас ики кўзумда, балким ҳажру дард
Қилди бирин лаъл кони, бирни инжу махзани.
Дарди ҳажрингдин Навоий юзи олтун, ашки дур,
Ҳар киши сенинг гадойингдур, эрур мундоқ ғани.
738
Эй, ҳаётим нақди лаъли хурдадонинг садқаси,
Жавҳари жоним ақиқи дурфишонинг садқаси.
Кўзларимнинг мардуми холин саводиға фидо,
Боғу умрум гулбуни сарви равонинг садқаси.
Кўзларинг гар нотавондур, садқа вожибдур анга,
Юз менингдек нотавон бнр нотавонинг садқаси.
Қомату қошинг алиф-нуниким ул ҳусн онидур,
Ҳар малоҳат аҳликим бор, бўлсун онинг садқаси.
Қулни боштин эвуруб озод этарлар, ваҳ, мени
Бошқа эвур, лек озод этма, жонинг садқаси.
Тинғасен саргашталикдин, эй кўнгул, гар бўлғасен
Меҳрибонлиғ боғида номеҳрибонинг садқаси.
Бўлур ул гул садқаси ҳолимни арз этмиш сабо,
Эй Навоий, бўлса юз жоним, сабонинг садқаси.
739
Тоғ аро Фарҳоду ҳар ён сурма қилғон тошни,
Кўзга чеккан, не ажаб, юз мил, оқизмоқ ёшни.
Аҳли ишқ ул кўй аро саргашта жоду кўзларинг,
Сеҳр ила гўё бу навъ айландурурлар бошни.
Кўкта ҳар ой бир ҳилол, ул машқдурким, килки сунъ
Айламиш сизғонда ул икки муқаввас қошни.
Эй сабо, ушшоқ нақди жонларин еткур йиғиб,
Қайда топсанг ул муқаммирпешайи қаллошни.
Келди Чин наққоши ул юз нақшини қилмоққа тарҳ,
Чеҳра очиб, нақши девор айладинг наққошни.
Кимни мендек хонақаҳдин сурдилар аҳли салоҳ,
Муғтанам тутдик фано дайри аро авбошни.
Лаълини кавсар майиға гарчи ташбиҳ айладинг,
Эй Навоий, бордурур бу майда ўзга чошни.
746
Ёр ила бир хилват истарменки, ағёр ўлмағай,
Балки ул хилватнинг атрофида дайёр ўлмағай,
Элдин андоқ ёшурун истармен ул хилватниким,
Кўнглум андин воқифу жойим хабардор ўлмағай.
Кўзга кўнглум дардидин йиғларға имкон қолмағай,
Тилга дардим шарҳини айларга гуфтор ўлмағай.
Ёр буди ичра нобуд ўлғаменким, ўртада
Ўзгаликдин демаким, ўзлукни осор ўлмағай.
Буки, дерлар бордурур девор кейнида қулоқ,
Ул фазо даврида кўз етгунча девор ўлмағай.
Махфий асроримға бўлғай ёр лафзидин адо,
Ёрдин айру ва лекин соҳиб асрор ўлмағай.
Эй Навоий, қилма ҳар ёр оллида сиррингни фош,
Бормудур имкониким ул ёрға ёр ўлмағай?
741
Оғиз ичра тилингдек ғунчада гулбарги тар бўлғай,
Вале бу шарт илаким барги гул ичра шакар бўлғай.
Қадингға сарви раъно ўхшағай, лек ул замонким сарв
Хиромон бўлғаю гул бергай, ул гулдин самар бўлғай.
Юзунг давриға ой даврини ташбиҳ эткамен, вақте,
Ки анда хол ила хат фитнайи даври қамар бўлғай.
Кўзунгга ўхшағай наргис, агар қиймоч ўлуб оқи,
Мудаввар асфари ичра қаролиғдин асар бўлғай.
Хатингға қадр шоми ўхшағай бу шарт бирлаким,
Тажалло нуридин ул шом аросинда саҳар бўлғай.
Чу минсанг ашҳабинг ул дам қуёш булғай санга монанд,
Ки берса кўкбўзин жавлон жаҳон зеру забар бўлғай.
Манга ишқингда Мажнун бирла Фарҳод ўхшағай ул чоғ,
Ки бу бўлғай жаҳон расвоси, ул мундин батар бўлғай
Хабардор они билгил, эй кўнгул, бу давр жавридин
Ким ул тун-кун харобот ичра масту бехабар бўлғай
Дедим, назм аҳлининг сархайли ким бўлғай, деди ҳотиф:
Навоий бўлгай, улким сен тилайдурсан агар бўлғай.
742
Яна бало чоқинин ишқ телба жонима урди,
Фано қуюни етибон кулумни кўкка совурди.
Магарки, мен киби элдин қочарни айлади варзиш,
Кийиклар ичраки Мажнун тамоми умр югурди.
Мен арчи кўйида ўлдум, қовунгки, телбарар охир
Чурук сўнгакни танимдин узуб не итки кўмурди.
Ғаминг қўюб туган узра туган, бу макр ила кўрким,
Танимда ҳар туган ичра неча туганни ёшурди.
Кўнгулда гар ўқунг итмиш, яна бир ўқ доғи отким,
Бу навъ топса бўлур ҳар кишики, бир ўқ итурди.
Дам урмаву қадаҳ ичгилки, телба бўлмаса воиз,
Недин эди урунуб, қичқирибки оғиз кўпурди?
Фироқ доғиға машъал фатиласи кетурунгким,
Навоий оғзини чун купка қўйди, пок сумурди.
743
Лабинг такаллум этиб, сўзда лол қилди мени,
Очилди зулфунгу ошуфтаҳол қилди мени.
Юзи кўрунди, очинг эмди зулфи силсиласин,
Ки ул пари яна мажнунмисол қилди мени.
Аёғин ўпгали бошим йўлиға еткурдум,
Фиғонки, зулфи киби поймол қилди мени.
Қоши хаёлида пайваста баски чектим ранж,
Фалак бу ғамда нечукким ҳилол қилди мени.
Бели ғамида хаёл ўлдум оҳу афғондин,
Бу мўя мўй этиб, ул нола нол қилди мени.
Куп оғзима қую қўй адл жомин, эй муғким,
Қазо бу шевада беиътидол қилди менн.
Навоий, англаки, журмумча юз умидам бор,
Фақири зоҳид ўзидек хаёл қилди мени.
744
Хароб айладинг, эй ишқ, хонумонимни,
Тасаввур айлаки ўлдум, бағишла жонимни.
Магарки, ишқ маломат ўтин ёрутмоқ учун
Қурутти уйлаки хас жисми нотавонимни.
Бу турфа кўрки, фузун бўлди лаългун ашким,
Агарчи шуълайи ишқинг қурутти қонимни.
Фиғонки, ўлдуму кўйида халқ ғавғоси
Анинг қулоғиға еткурмади фиғонимни.
Бугун танимға нишон ул ҳаётднн келибон,
Ки тонгла топмағасен истабон нишонимни.
Чу ишқ оятида савту ҳарф йўл топмас,
Камоли ишқ итурмиш магар баёнимни.
745
Эй қуёш, невчун қошингдин соядек сурдунг мени,
Равшан айлаб жумлайи оламни, куйдурдунг мени.
Куйдуруб, эй ишқ ўти, гардунға совурдунг кулум,
Пояда охир бу янглиғ кўкка еткурдунг мени.
Ҳажр ўти тоби яна беҳол қилди, нечаким,
Эй насими васл, ўз ҳолимға келтурдунг мени.
Ишқ манъида сўзунг чун ҳашв эди, бўлдум хамуш,
Қилма, эй воиз, гумонким йўлдин озғурдунг мени.
Найладим, эй ишқким, бўлдум ўлум муставжиби,
Ким бу янглиғ ҳажр жаллдиға топшурдунг мени?!
Васлинг эттинг ваъда аммо ҳажрингга қилдинг асир,
Кўкка чектинг, лек ерга оқибат урдунг мени.
Эй Навоий, васл агар рўзий эмастур чора йўқ,
Қилмадинг деб саъй бас, не ишга ёзғурдунг мени?!
746
Дедимки, кўзга чекай гарди раҳнавардингни,
Фиғонки, топмади кўз тўтиёға гардингни.
Магар замона кўзи сурма истар эркандур,
Ки гард қолмади сурганда раҳнавардингни.
Фироқу орзуву шавқ ҳар бири бир дард,
Десамки, дардинг этай шарҳ, қайси дардингни?
Сафарда ёмғуру ел бўлмасун музоҳим анга,
Кўз, асра ашку, кўнгул, чекма оҳи сардингни.
Тўшаб самандиға фарш, эй замона, ўткардинг
Сипеҳру ахтаридин сабза бирла вардингни.
Кўк аблақин игориб, эй қуёш, синон тортиб,
Магар бу зарраға қилдинг аён набардингни.
Навоий, эмди нишот авжи тутки, гардиши чарх
Кетурди моҳи фалак сайри тезгардингни.
747
Қўзғади оҳим сўнгак бирла тани ғамнокни,
Ел совурди бир овуч туфроғ ила хошокни.
Демагил сиҳҳат сўзинким, кўксум узра тиғи ишқ
Айлар икки чок тикмасдин бурун бир чокни.
Буки оламға ҳаводис тушти, гўё қўзғамиш
Ул ҳуёш ҳажрида оҳим анжуму афлокни.
Мен худ эттим азми масжид, эй мусулмонлар, валек
Бок эмас гар кўрмасам ул кофири бебокни.
Қилди чун ҳижрон мени нобуд, тутма жоми васл,
Заҳр чун ўлтурди, зойиъ қилмағил тарёкни.
Қаддидин оғзимда ҳайрат бармоғидур, зоҳидо,
Ўтға сол эмди асо, бошингға ур мисвокни.
Ғайри лоф эрмас Навоий покравлиқдин ҳадис,
Топмайин бир ғайр нақшидин замири покни.
748
Сўрмангиз ашким суйинким муттасилму келгуси,
То кўнгул ишқ ўтидин куйгуси – ул су келгуси.
Зулфунгга етгач кўнгул бехуд йиқилди атридин,
Билмадим ул шомға кирганга уйқу келгуси.
Тийра бўлди ламъайи пайконинг ўтгандин кўнгул,
Чун қуёш борғуси оламдин, қоройғу келгуси.
Ҳаддин ўтти оразим, кўргач лабинг хандонлиғи,
Билмадим бу заъфарондин мунча кулгу келгуси.
Чиқти кўнглумдин ҳавосу ақл ишқинг оллиға,
Қўйса юз мулкига шоҳи, халқ ўтру келгуси.
Соқиё, тут майки, ўзлук нақшидин бўлғум халос,
Ҳар қачон илгимга ул рахшанда кўзгу келгуси.
Эй Навоий, ўлма ҳар дам ул мусофир ёр учун,
Ғам ема, шаҳ ёнғусидур, тонгла ўрду келгуси.
749
Ишқинг ичра кўксума онча жунун тошин урай,
Ким хираднинг шавкатин, тақво шукуҳин синдурай.
Қилса тавсанлиқ кўнгул, тортиб жунун занжириға,
Ҳажр зиндонида ишқинг шаҳнасиға топшурай.
Ул пари кўздин чу махфийдур ҳамиша, ваҳ, неча
Истаб они топмаса, мажнун кўнгулни ёзғурай.
Ғам туни анжум кўзи янглиғ юмулмас кўз била,
Ваҳ, неча гоҳи юруй, гоҳи турай, гоҳ ўлтурай.
Чун не тақдир ўлса, тағйир ўлмас эрмиш саъй ила,
Қайғу қисмим бўлди деб ортуқси невчун қайғурай?
Ул қуёшқа заррае таъсир чун йўқтур, не суд
Гар тўқуз афлокни оҳим ўтидин куйдурай.
Эй Навоий, истасам ўлмак, не ғам эл таънидин,
Бори мен ҳар навъ этиб, жононға жонни еткурай.
750
Эй кўнгул, келким, бало базмида жоми ғам тутай,
Ўз қатиқ ҳолимға ўлмасдин бурун мотам тутай.
Йиғлабон бошимға оҳим дудидин чирмаб қаро,
Мотамим эл сўнгра тутқунча, ўзум бу дам тутай.
Олам аҳлиға неча қилдим вафо, кўрдум жафо,
Эй кўнгул, келгилки, тарки жумлайи олам тутай.
Эмдиким, ишрат сурудидин очилманг, эй кўнгул,
Навҳа оҳангин тузуб, бир дам сени хуррам тутай.
Мастлиқдин ўзга йўқ дардим иложи, соқиё,
Май кетурким, ҳам ичай бир лаҳза они, ҳам тутай.
Қўйғил, эй носиҳки, муғ дайрида ўз аҳволима,
Масти лояъқил ёқам йиртиб, суруди ғам тутай.
Чун жаҳон бирла жаҳон аҳлиға йўқ эрмиш бақо,
Эй Навоий, мен фано сарриштасин маҳкам тутай.
751
Бир пари пайкар ғами ошуфтаҳол этмиш мени,
Элга аҳволим демакдин гунгу лол этмиш мени.
Мен ҳавойийни, не тонг, кўргузсалар бир-биргаким,
Эгма қошинг фикри андоқким ҳилол этмиш мени.
Ошкор этсам эдим ишқин, вале ўтган кеча
Бода зўр айлаб, йиғи беиътидол этмиш мени.
Ёр кўйи ичраким туфроғ ила тенг бўлмишам,
Ишқ ғавғоси бу янглиғ поймол этмиш мени.
То танимға ўт туташмиш, барқдекдур ҳайъатим,
Фурқатинг то заъфдин андоқки нол этмиш мени.
Ўт солурмен оҳ ила оламға, мен ким – зуҳд ким?
Зоҳиди афсурда, оё, не хаёл этмиш мени?!
Дашт ваҳшиға анис ўлсам Навоийдек, не тонг.
Ул пари савдоси чун Мажнунмисол этмиш мени.
752
Олса жонимни лабинг даврон тўкуб қон ёшини,
Тонг эмас, ул ёш ила лаъл этса қабрим тошини.
Фитна таълим этмаса қошинг санга бедод учун,
Хам бўлуб невчун қулоғингға кетурмиш бошини?
Кўз тутар эрдим қалам кирпикларимдин боғла деб,
Гар азалда кўрсам эрди суратинг наққошини.
Майл этар кўнглум қуши жон пардасин қилғай қанот,
Кўргали ҳар кеча маҳрам кўйининг хуффошини.
Ошиқ ўлди кимга май бердинг, магар, эй муғбача,
Ишқ ўти бирла пишурмишлар пиёланг дошини?
Шайху аҳли хонақаҳ, тенгри тута берсун манга
Ҳақ йўлин кўргузгали дайри фано авбошини.
Жон қуши қасдиға соғинғай гуруҳа бирла ёй,
Эй Навоий, кимки кўрса холи бирла қошини.
753
Захмиға марҳам ёқиб, ғамгин кўнгул шод ўлмади,
Рахнаға балчиғ суваб, вайроним обод ўлмади.
Ул муваллаҳ чархе гар совурди ақлим хирманин,
Бу қуюндин қайси бир хирманки барбод ўлмади.
Аҳли ишқ ар мен киби мажнун эмаслар, эй рафиқ,
Ондин эркинким, алар ёри паризод ўлмади.
Эй ажал, қатл этмак ол ул ғамзадин таълимким,
Қилмоғон шогирдлиғ ҳеч ишта устод ўлмади.
Кўнглидин бўлмас муҳаббат жавҳарин қилмоқ тамаъ.
Ҳар нечаким юмшаса, бир йўли пўлод ўлмади.
Зоҳиди нодон ғамим ошубидин ҳар дам кулар,
Хуррам улким, ишқ атворида муътод ўлмади.
Эй Навоий, ўлсам ул тарсо учун, айб этмаким,
Дайр пиридин манга жуз бу фан иршод ўлмади.
754
Эй кўнгул, қўйғилки, мундин сўнг гадолиғ фан қилай
Кўйида бу фан била бир йўл бошин маскан қилай.
Гаҳ бу ишратдинки ул кўй ичрадурмен, шод ўлай,
Гаҳ бу меҳнатдинки андин айрумен, шеван қилай.
Айламакдин танға андуҳу бало тошин ҳисор,
Жонима хайру саломат хайлини душман қилай.
Ул юзу қомат керак, ваҳ, ўзни куч бирла неча
Мойили гул айлайин ё волайи савсан қилай?
Ёшурун ғам солди равзанлар кўнгулга, эй рафиқ,
Қўйки, мен ҳам оҳ ила гардунни юз равшан қилай
Соқиё, кўз бирла кўнглумни қаро қилмиш хумор,
Қелки, бу уйларни май ҳуршидидин равшан қилай.
Гар Навоий маст агар махмур ўтар бу дайрдин,
Бодаполодин кафан, муғ дайридин мадфан қилай.
755
Кўнглумга шўр солди бировнинг малоҳати,
Ваҳким, ажаб туз ўлди яна захмим офати.
Тер қатрасин юзида кўруб ишқим ўлди тез,
Афзун бу сувдин ўлди ўтумнинг ҳарорати,
Ўйнатти қошу, оҳким, ул дос нўгидин
Бағримнинг ўлди тоза ўнгалғон жароҳати.
Секритти рахшу куйди кўнгулнинг ул ўт била
Жон мазраъида хирмани орому тоқати.
Кўнглум сўрарға келди, вале олди жонни ҳам,
Мундоғ бўлурму дилшудаларнинг иёдати?
Шарбати висол ё май эмиш қайси хастанинг
Ким ишқ андуҳидин ўлубтур малолати.
Майға Навоий этти кўнгул шишасини зарф,
Бу бўлди риндлиқ аро онинг зарофати.
756
Бўлса кўюнг туфроғи заъф ичра жисмим бистари,
Сўзи жисмимдин анинг ранги бўлур хокистари.
Уйладур заъфимки, одам қилмағай эрди гумон,
Гар йўлуқса эрди Мажнунға вужудум пайкари.
Дема, ашким жоласин ғам шоми дурри шабчароғ,
Ким эрур айни малолатдин нуҳусат ахтари.
Дашт аро эл англамас девонадурмен, йўқса дев,
Уйлаким билмон сениким – одамийсен ё пари?
Оразинг узра эрур хай касрати дарёйи лутф,
Нилдин холинг латофат баҳрининг нилуфари.
Гулшани давронға мойил бўлма зийрак қуш эсанг,
Ким тикан торий қилур ҳар тоза гулбарги тари.
Сабзайи хаттинг хаёли бирла савдо даштидин
Гар Навоий чиқса, тонг йўқ, Хизр эрди раҳбари.
757
Қилса кул жисмимни ўртаб оташин ораз гули,
Ҳар овуч кул даҳр бўстонида бўлғай булбуле.
Хатту рухсорин тилаб ғам шоми чексам ўтлуғ оҳ,
Ҳар шарардин кўк шабистонида очилғай гуле.
Зулфи савдосида ўлсам, тортқай қабримда бош
Ҳар гияҳдин хўшае, ҳар хўша бўлғай сунбуле.
Тушда айшим субҳиға кирди бало шоми, магар
Қасдима шўхе узори узра очмиш кокуле?
Лаъли руҳафзосини кўрсун биравким, кўрмамиш
Руҳошом айлабон сармаст бўлғудек муле.
Май ниҳон ичсам керак оғзим қўюб куп оғзиға,
Ким тугатсам чиқмағай андин садойи ғулғуле.
Эй Навоий, истасанг бўлмоқ замиринг лавҳи пок,
Май суйин келтурким, они ғайр нақшидин ю(в)ли.
758
Оразинг зар ҳуққалардин, эй малоҳат машъали,
Мусҳафедур ложуварду олтун онинг жадвали,
Турфа ойедур узоринг, кўк анга мовий либос,
Анжум онинг танга-танга босма қилғон зарҳали.
Ҳар нафас ортар жамолингнинг сафоси кўзгудин,
Кўзгунинг андоқки кулдин бўлғай афзун сайқали.
Бир паридур лолазор ичра сариғ гуллар аро,
Ё ул ой устидадур зарбафт гулгун махмали.
Ҳусни атрофида, эй машшота, ҳар ён қўйма хол,
Ким Хўтан мулкида ҳиндуларнинг ўлмас мадхали.
Нав аруси даҳр ақдин истама кўпким, арус
Охири ифрит ўлур гарчи паридур азвали.
Эй Навоий, вўсма бирла кесмадин топқан фириб,
Гар малакдурким, бўлур шайтонсифатлар маҳзали.
759
Каманд учиға еткурмас ғаму андиша айёри,
Бийик чекмиш магар майхона томин сунъ меъмори.
Хуморим заъфида каҳгил иси то етти маст ўлдум,
Сувалмишдур магар май лойидин майхона девори.
Тўла куп оғзи май хуршидидур, гўё тенг очилмиш
Чекарда бу ики хуршид даврин сунъ паргори.
Май ичмиш хонақаҳ шайхи, харобат аҳли айш айланг,
Ки чиқмиш баҳя урғон хирқасидин маблағи кори.
Қуёш аксимудур ҳайвон суйида ё кўрунмишдур
Равоносо май ичра соқийи гулчеҳра рухсори?
Кўрунган мосиваллоҳ буд эмас, балким намудидур,
Май устида ҳубобу мавж шаклининг намудори.
Ҳубобу мавж май таҳрикидин зоҳир бўлур, лекин
Сукун топқач вужуди майдин ўзга қайдадур бори.
Фано дайрин кўнгул истарки, бир-бир пири дайр элга
Тутарда бода шояд журъае сунғай бизинг сори.
Навосидин фано чун ҳосил ўлди қилғасен, эй ишқ,
Навоий риштайи жонин муғанний удининг тори.
760
Эмас боғ ичра сориғ лола занбақ, билки, ҳар сори
Янги доғ ўртаб ул гул ишқидин сорғорди рухсори.
Бу ҳумрат бирла эрмас оташин гул оқ гул эрдиким,
Юзунг барқидин ўт тушти ангаким бўлди гулнорий.
Қадинг оллида бўлғон жилвагар оқ савсан англаким,
Кўк этти барча аъзосин сабо кожининг озори.
Шажар яфроғлари ўқдек қадингнинг ҳажрида бордур
Бошоқларким, чаман ашки намидин чиқти зангори.
Дема, кундуз қаронғу тун эди, чун пардадин чиқтинг,
Жаҳонни қилди кундуздек юзунг меҳрининг анвори
Десамким, ҳақдурур мавжуду ашё ҳар недур нобуд.
Ҳубобу мавжи баҳр узра эрур онинг намудори.
Навоийнинг ақиқ ашки оқ эрдики, тутмиш ранг,
Суҳайли оразинг гўёки қилмиш ламъа изҳори.
761
Кўнгул, ўт берки, бир ой ҳажридин кўксумга доғ ўртаи,
Фатила чирмаб ой даврича, солиб анда ёғ ўртай.
Эмас мушкин ғазолим мултафит, мен уйлаким лола,
Неча бағримни қон айлай, неча кўнглумга доғ ўртай.
Анингдек тийрадур шоми ғамимким, бўлмағай равшан
Агар хуршид шамъи янглиғ анда юз чароғ ўртай.
Қочинг, Фарҳоду Мажнун, ишқ ўти лофидин урмай дам,
Ки ҳижрон сўзидин бир оҳ тортиб, дашту тоғ ўртай.
Эмастур ул қуёш ҳаргиз ёрутмоқ кулбам, эй гардун,
Ўзумни шамъдек ҳар тун неча боштин-аёғ ўртай.
Мени дўзах сари бошлангки, ташлаб сарнигун ўзни,
Бу янглиғ ҳажр ўти бедодидин истаб фароғ ўртай.
Неча ул шўх элга нўшханду лоба қилмоқдин
Йиғимни ҳой-ҳой айлай, ичимни лоғ-лоғ ўртай.
Бу гулшан гулларида чунки йўқ бўйи вафо, невчуй
Тилаб они, таманно ўтидин ҳар дам димоғ ўртай?
Замон аҳли вафосиз дебки қилдим достонлар сабт,
Навоий, бир кишида гар вафо топсанг, сўроғ ўртай.
762
Донайи холи узра кўр сабзайи хат нишонаси,
Донайи хол эмас, эрур меҳригиёҳ донаси.
Ўртанурумни ишқида билмаган, эт наззораким,
Тилдур онинг баёниға кўнглум ўти забонаси.
Қатлима бас баҳонаким қилди, баҳона қолмамиш,
Эмди баҳона узрини қўлмоқ эрур баҳонаси.
Тийра фироқ тунлари шарҳини айт, демаким,
Минг кеча деб туганмагай бир кечанинг фасонаси.
Истама ишқ баҳрининг соҳилин, эйки ғарқасен,
Бир-бирига етишти чун тўш-тўшидин каронаси.
Тавсан эди кўнгул майи ишқини тортқон замон,
Кўрки, не ром этибдурур эмди они замонаси.
Бошиму дайр пирининг даргаҳи чун тушубтурур,
Ваҳми тааққул айламас вазъ ила корхонаси.
Фикри бу корхонанинг қилғай эди ҳалок агар,
Бўлмаса ақл зойили жоми майи муғонаси.
Баски Навоий айлади дард сурудида наво,
Аҳли тарабни йиғлатур мажлисининг таронаси.
763
Саҳар куяр ғами ҳажрингда хаста жисм хаси,
Магар ўтумни қилур тез субҳнунг нафаси.
Кўнгулга онча хадангинг тикилди ҳар ёндин,
Ки бўлди хаста кўнгул андалибининг қафаси.
Кўнгулки толпинадур танда, кўюнг истайдур,
Қафасда секреса қуш, учмоқ ўлғуси ҳаваси.
Ул ойға етмаса қўл ўтлуғ оҳ ила, не ажаб,
Чинор куйса, бўлурму қуёшқа дастраси?
Не ринд ўлса сочинг куфрида етар зуннор,
Жаҳон юзидаги дин аҳлиға анинг мараси.
Талаб йўлидағи овораларға мужда денгиз,
Ки йўлға ҳодий эрур дўст маҳмили жараси.
Фиғонки, хасталарин ул Масиҳ тиргузубон,
Вале Навойийи дилхастани унутти басе.
764
Ишқ аҳли гўристонида қабрим чу зоҳир бўлғуси,
Фарҳод онинг тошин йўнуб, Мажнун мужовир бўлғуси.
Дерсен, юзум сори кўзунг кўп боқмасун, гар юз будур,
Ул меҳр тобидин эриб оққунча нозир бўлғуси.
Ғамзангдин ўлтурмак ишин таълим ола келмиш ажал,
Бу навъ устод ўлса, ул оз чоғда моҳир бўлғуси.
Хатти ғуборин демаким, бўлғуси ул юз мониъи,
Тун пардаси ой нуриға не навъ сотир бўлғуси?
Ул ғамза куфриднн кўнгул навъи келур исломға,
Ким тарки ислом айлабон гўёки кофир бўлғуси.
Бўлғуси мутлақ шуълалар ичра самандар сайридек,
Сенсиз кўнгул гулзор аро ул дамки сойир бўлғуси.
Кўнглумдаги ҳар нешдин гар бўлса бир тил, ҳар бири
Юз тил била ўз ҳолининг шарҳида қосир бўлғуси.
Хотирни жамъ истар эсанг, аввал хавотир дафъин эт,
Кимда хавотир бўлмаса, осудахотир бўлғуси.
Қилди Навоий қаддингга сарви сиҳи ташбиҳини,
Бу табъи номавзун ила бечора шоир бўлғуси.
765
Бутмади гулшан тавофи бирла бағрим ёраси,
Бермади ўтумға таскин сарву гул наззораси.
Бир замоне сарву бир дам гулга кўп қилдим назар,
Бўлмади ул сарви гулрух фурқатининг чораси.
Гул била сарв истабон гулшан сари майл айламас
Даштдин ул сарви гулрухсоранинг овораси.
Қадди ҳажрида ҳар оҳим дуд сарведур баланд,
Юзидин айру гуледур кўкрагим ҳар пораси.
Сарву гул мафтуни бўлмаким, нигору зеб учун
Синдуруб ҳар дам узар они фалак маккораси.
Сарв ўқдур, гул тикан боғ ичра то кўз оллидин
Борғали ул сарви гулрухнинг қаду рухсораси.
Эй Навоий, сарву гулдин кечки, қадду юзидин
Бор эмиш юз йилчилиқ йўл сарв ила гул ораси.
766
Лаб уза хатти анбаролуди
Оташин лаълининг эрур дуди.
Дарду сабрин нисоринг этти кўнгул,
Ким булар эрди буду нобуди.
Жон бериб, кўнглум олди нақди ғаминг,
Аҳли савдонинг ушбудур суди.
Гар ўқунг жонға қасд қилди, не бок,
Ки онинг бу-ўқ эрди мақсуди.
Тану жон риштаси ғамингға либос,
Бу бири тори, ул бири пуди.
Тенгдурур даҳрға вужуду адам,
Балки маъдум барча мавжуди.
Гар Навоий, кўзи оқарди, не тонг,
Ашк онинг қаросини юди.
767
Ғам чекар жисму кўнгулни кулбайи аҳзон сари.
Хасға ўт солиб гадо элтур киби вайрон сари.
Дирз қалқони, дуо диръи недур, эй порсо,
Чун бало тоши ёғар мен телбайи урён сари.
Ёр истар ҳажру айни васл эрурким, кўнглума
Бўлди майл онинг ризосин истабон ҳижрон сари.
Сабза ништар, барг пайкон, гул ўт эрди жонима,
Ҳар қачонким сенсизин азм айладим бўстон сари.
Не футур ислом аро тушгайки, ул кофир яна
Маст ўлуб, кўнглакча чиқти секритиб майдон сари
Гар харобот ичра мумкиндур сумурмак бир қадаҳ,
Хизр агар ўлтурса бормон чашмайи ҳайвон сари.
Соқиё, тезгиндурур ҳар лаҳза бошимни хумор,
Давр эвурсанг, журъае сунғил бу саргардон сари.
Юз Хизр умридин ортуқроқдурур, минг жон бериб
Бир қадам қўймоқ муяссар гар бўлур жонон сари.
Эй Навоий, гар десангким фитна кўрмай, солмағил
Бир назар ҳар турфатул-айн ул кўзи фаттон сари
768
Гарди Яздий миъжар остида қошинг, эй кўркабой,
Бор анингдекким кўрунгай гард ичинда янги ой.
Вўсмадур ул қош уза ёхуд зарофатдин кўзунг
Олди бу қурбон кўнгул қасдиға мийноранг ёй.
Гар ниҳон сочинг тарар машшота, келсунким, эрур
Кирпигимдин шона, ашкимдин сув, кўз хилват сарой.
Дилраболар ичра ҳар дам кўзгуга боқмоқ недур,
Ваҳки, билмон, эй пари, худбинмусен ё худнамой?
Оташин гул баргидин кўнглак кийибдурсен, валек
Десанг ўт солмай жаҳонға, чиқмағил кўнглакча, вой,
Гаҳ тутулса, гаҳ очилса кўнглум эрмас айбким,
Сунбулунг дилбанд, хандон ғунчанг ўлмиш дилкушой
Эй Навоий, даҳр шўхи ошиқи бўлдунг, валек
Билки, кобин нақди жондур гар бўлурсен кадхудой.
769
Ёрдин айрилса қотилмоғлиғин билмас киши,
Билсаким чун айрилур, қотилмас, айрилмас киши.
Кимса ўлса ёридин айрилмағай, юз войким,
Айрилурда буйла ҳижрон шиддатин билмас киши.
Васли қадрин билмайин ўлдум ғами ҳажрида, оҳ,
Ким висол айёми ҳажр андишасин қилмас киши.
Ҳажр биймидин ўлубмен, соқиё, тут жомким,
Кўзга маст ўлғон замон Жамшидни илмас киши.
Ёшурун дардимни қилмай ошкор ўлгумдурур,
Оҳким, оламда аҳли дард топилмас киши.
Мендин эрмас, ҳажридиндур ҳар тараф бағримда чок,
Йўқса, тийғи қатл ила ўз бағрини тилмас киши.
Тўйди жонидин Навоий ҳажр аро тут, эй ажал,
Уйла майким чун ичар то ҳашр ойилмас киши.
770
Бода бу мақбуллуқ зотимда мавжуд айлади,
Ким мени зуҳду риё аҳлиға мардуд айлади.
Май ўтининг ламъаси ўртаб вужудум хирманин,
Кулларин най нағмаси бир дамда нобуд айлади.
Бодадин хушнуд ўлубмен то мени жоми фано
Давр элининг софию дурдиға хушнуд айлади.
Майға раҳн этгил риё сажжодасин, эй шайхким,
Ҳар киши бу навъ савдо айлади, суд айлади.
Майға ашким лаълидин олудалиғ гар истамас,
Не учун соқий лаби лаълин майолуд айлади?
Одамийлиқ кўргузуб қилдинг паривашларни қул,
Одам улдурким, малойик они масжуд айлади.
Эл тилар муғ кўйину истар Навоий муғбача,
Азми мақсад айлаб эл, ул қасди мақсуд айлади.
771
Оҳима ёр оғзи бир дам кулмагин кам қилмади,
Чун сабодин ғунча очилди, яна ёпилмади.
Ништари оҳим, ажаб йўқ, кўнглунгга кор этмаса,
Тезликдин игна ҳаргиз хораға сончилмади.
Қатрае томизма бизга тутқон асфар бодадин,
Шамъ ўтидин, соқиё, ҳаргиз шарор айрилмади.
Ишқким ҳар бир ишида ёзди юз минг турфа халқ,
Турфароқ будурки, юз мингдин бири ёзилмади,
Кўйида оҳим ели рафъ этти ул юз бурқаъин,
Ҳеч гулшанда сабодин буйла гул очилмади.
Қайси жоҳилға надомат бўлғай ул олимчаким,
Ҳар не билди қилмади, ҳар неки қилди билмади.
Эй Навоий, ёр васлин истабон ул топтиким,
Аҳли ҳижрон зумрасида истабон топилмади.
772
Кўрма сориғ баргу қил наззора рухсорим сари
Қўй хазон боғин, гузар қил заъфаронзорим сари.
Боқма асфар барг уза, ҳар ён қизорғон обкаш,
Заъфароний юз уза кўр ашки хунборим сари.
Ким хазон ели қурутқон шох ҳолин кўрмамиш,
Айладик наззора урён жисми беморим сари.
Сарвға бўлмас хазону лола ул мавсумда йўқ,
Қилма майл, эй оҳ, сарви лола рухсорим сари.
Англа бошимға туташқон шуълайи ҳажр, эй рафиқ
Кўрма санчилғон хазоний барг дасторим сари.
Умр баргин то хазон тўкмайдур, этсам кош азм
Навбаҳори ҳусн аро сармаст хумморим сари.
Эй Навоий, чун бу фасл ичра қадаҳ марғуб эрур,
Тортай ўзни мажлиси шоҳи қадаҳхорим сари.
773
Баски кўнглумни фалак мажруҳу вайрон истагай,
Истарам ўлмакни андоқким ўлук жон истагай.
Фурқатинг ошубидин истар кўнгул қўймоқ туган,
Кимса андоқким яра манъиға қалқон истагай.
Ҳажрким жоним тилар ҳар дам азоб айлаб, эрур
Золимеким, қийнаб элдин нақди пинҳон истагай.
Бўлмасун ошиқ менингдекким, кўруб дилдорини,
Ўзгаларга мултафит ҳар лаҳза ҳижрон истагай.
Ваҳ, неча меҳнат тоши атфолидин ёғдурғали
Ишқ шаҳру кўй аро жисмимни урён истагай.
Ул пари ушшоқиға раҳм этса этсун, ушбу бас,
Ким мени девонаву расвойи даврои истагай.
Ўқларингдин ўлганимдин сўнгра топқай қатл учун
Туфроғимдин чарх агар юз қарн пайкон истагай.
Қилсун осон ўзлукидин бўлса бир душворлиқ,
Ҳар киши даврон ғами душворин осон истагай.
Эй Навоий, сен киби маҳрум қолғай, кимки ул
Олам аҳлидин вафое аҳду паймон истагай.
774
Кўнглум оҳидин табассум лаълингга фан бўлмади
Уйлаким лаъл ахгари ел бирла равшан бўлмади.
Истади жисм уйи бир равзан ўқунгдин, войким,
Қолмади равзан ериким, неча равзан бўлмади.
Деди, бир дашном учун жонингни олғумдур, баҳо
Ўлтурур, савдоки миоди муайян бўлмади.
Эл чаманда ул пари бирла кезиб, мен телбага,
Ваҳки, ишрат жилвагоҳи ғайри гулхан бўлмади.
Оҳ ўтидин хирқани пок ўртаким, ҳар булҳавас
Зарқ ашкидин этак юб, пок доман бўлмади.
Лофи ишқ урғон кўнгул ғам дўзахидин қочмасун,
Ким самандарға ёлиндин ўзга маскан бўлмади.
Эй Навоий, кимни севсанг қилма зоҳирким, санга
Кимдурурким дўстлуғ фаҳм этти, душман бўлмади.
775
Май халос этти риёйи порсолиқдин мени,
Шукрким, қутқарди зуҳду худнамолиқдин мени.
Бўлди нобуд ўзлугум, юз шукрким, қилди халос
Ҳар замон бу коргаҳда беҳаёлиқдин мени.
Даҳр золин тўрт мазҳаб бирла қилдим уч талоқ,
Фард қилди бори мундоғ кадхудолиқдин мени.
Бўлдилар бегона аҳли зуҳд, хуш давлат буким:
Қилди манъ ул қавм бирла ошнолиқдин мени.
Оразимдин ғусса кожининг саводин қилди ол,
Шукрким, қутқарди мундоғ юз қаролиқдин мени.
Бандамен соқийғаким, бир жоми моломол ила
Айлади озод юз минг мубталолиқдин мени.
Тавба аҳли, ёруманг мундоғки, маҳрум эттингиз
Дайр ичинда масти лояъқил гадолиқдин мени.
Душманимсиз, дўстларким, қовдингиз айлаб ҳужум,
Бенаволиқ кишваридин подшолиқдин мени.
Эй Навоий, ҳам магар ё муғбача, ё пири дайр
Синдуруб тавбам, чиқорғай бенаволиқдин мени.
776
Гул эмас ҳар ён юзунг даврида оро қилғали
Ҳалқа урмишлар жамолингни тамошо қилғали.
Оразинг Чин нақши, зулфунг мушку ҳар ён хол эрур,
Ҳинд эликим Чинға келмиш мушк савдо қилғали.
Юз уза оғзинг ўғурлаб нақди дин бўлди ниҳон,
Чекти хаттинг хайли саф ўғрини пайдо қилғали.
Қилғали ишқингни пинҳон айладинг кўксумни чок,
Дема пинҳон қилғаликим, ошкоро қилғали.
Эйки, сўрдунгким қачондин сен жунун ошубида,
Ул пари хайли ғами кўнглумда ғавғо қилғали.
Бодаға раҳн айлаганда офият дасторини
Йирттим бир гўшасидин бодаполо қилғали.
Йўл чиқармен тийра шомимдин Навоийдек, вале
Мунтазирдурмен ҳидоят барқи бир чоқилғали.
777
Юзунгдин ўлмаса, ё раб, раво кўзум тилаги,
Тазаллумум илигидур адолатинг этаги.
Кўнгулда фурқат ўқи биркишибтур андоқким,
Киши чекарда гумон айлагай онинг сўнгаги.
Чаманда ғунча эмаским, бўлубтур ул гул учун
Фиғоним ончаки, қон боғланибдурур юраги.
Чечак нечукки ёпар кўзни тийра айлабтур,
Кўзум баҳорини гулгун сиришкнинг чечаги.
Лаби хаёлида бағрим шикофини тиксам,
Алифдин игна қилур жону риштадин ипаги.
Хазон чаманға шабихун келурга бўлди далил,
Санубар ушбу чамандин канора айламаги.
Не кўнглини бузадур дарду ғам Навоийнинг,
Чу ул паридуру бас ушбу телба кўнглидаги.