МУСАДДАСЛАР
1
Жоним ўртарга ул ўтлуғ чеҳра гулзори Халил,
Они равшан айлаган гугирд ўти ёнида нил,
Ё раб, ул ҳусну жамол авжида юз минг ою йил,
Не жамолингға завол ўлсун, не ҳуснунгга бадил,
Эй, жамолинг лоязолу бебадал ҳуснунг жамил,
Ой юзунгдур аҳсани тақвим учун равшан далил.
Турфа кўрким, юз уза икки лабинг гўё бўлур,
Бир қуёш икки Масиҳоға қачон маъво бўлур,
Кўнглум ичра қошларингдин ҳайратим пайдо бўлур,
Ким қачон бу навъ бир қурбонда икки ё бўлур,
Зулфунгиз ҳайронименким, йилда бир ялдо бўлур,
Ойда ким кўрди ики ялдо туни мундоқ тавил?
Ул оғиз пайдо эмастур нуктае айтилмайин,
Бел доғи мавжуд эмас борикбинлиқ қилмайин,
Ул аён эрмас адам сори назар очилмайин,
Бу яқин бўлмас вужуд асбобидин айрилмайин,
Оғзингу белингнинг асрорин камоҳий билмайин,
Мушигофу хурдабинлар ичра тушти қолу қил.
Кўзларинг бодоми ҳажридин бўлуб жисмим сақим,
Чиқти жоним эй қарокўз, баски ҳажринг берди бийм,
Бу васият қилмишамким, мушфиқу ёру надим
Наъшима ул кўй туфроғини қилғайлар ҳарим,
Чун қаро бодом тобут узра расмедур қадим,
Кўз жанозам сори солким, сенсизин бўлдум қатил.
Боракаллоҳ, эй сабо, аҳлан ва саҳлан марҳабо,
Ким хабар кўп бердинг ул гулчеҳрадин қилмай ибо,
Васлиға чун еттиму очти жамол ул дилрабо,
Узлукум борди фано елига андоқким ҳабо,
Ишқ маҳв этти мени, сен чиқ ародин, эй сабо,
Ли маъаллоҳнинг мақомида не ҳожат Жабраил?
Нечаким сурсун Масиҳ анфоси жонпарвар калом,
Ёки жаннат васфида Идрис қилсун иҳтимом,
Чарх боғи бирла жаннат гулшанин қилмон мақом,
Ким манга ҳоло банақд, эй зоди сарви хушхиром,
Сунбулунгдур уқдайи раъсу юзунг моҳи тамом,
Оразинг Фирдавсу қад тўбию лаълинг салсабил.
Ул парининг чун эрур қон тўккали моҳир кўзи,
Ул сабабдин ҳар нафас юз қатл этар зоҳир кўзи,
Эй Навоий, сеҳр бирла чун бўлур нозир кўзи,
Бир назарда ўлтурур сен хастани соҳир кўзи,
Жон берур Лутфию қилмас бир назар кофир кўзи,
Толиъимға, оҳким, усрук экач бўлди бахил.
2
Зулфу сиймин жисминг афъи ганжи Қорун устина,
Ганж уза соҳир кўзунг афъиға афсун устина,
Дарди ишқинг улки қўйди жони маҳзун устина,
Деди, кўргач оразинг ул қадди мавзун устина,
Эй, қадинг тўбию жаннат хадди гулгун устина,
Кўрмади даврон сенингдек ой гардун устина.
Топти жон ҳар дам ўлар ҳолатда бу жисми заиф,
Лаълидин жонбахш сўз айтурда ул шўхи зариф,
Қолди кўзум тийра, жисмим хаставу жоним наҳиф,
Зулфу кўзу лаъли ҳажриға бўла олмай ҳариф.
Бўлди сўзум нозуку кўнглим хушу табъим латиф,
Ҳар қачон солдим назар ул шакли мавзун устина.
Келса Чин суратгари бир дам жамолинг қошиға,
Жон фидо қилғай ҳамул дам суратинг наққошиға,
Лоладур ширин лабинг, Фарҳодеким қон ёшиға
Ғарқ ўлуб, тушмиш гузори ҳажр тоғу тошиға,
Сарв анингдек қоматинг ҳайронидурким, бошиға
Қилди қушлар ошён андоқки Мажнун устина.
Кўз йўлин, эй ишқ, ҳар соат тўла ёш айлама,
Эй кўнгул, ёшимға парголангни йўлдош айлама,
Эй кўз, ашкимни сориғ юзумга дурпош айлама,
Ёшурун ишқим сўзин машҳури авбош айлама,
Ҳар дам, эй кўз ёши, юз кўрмай, мени фош айлама,
Давлатимдин ағнадинг йиллар чу олтун устина.
Жуббайи синжобинг ичра вусла-вусла қоқуми,
Туғди ҳижрон шомида бир-бир саодат анжуми,
Бор қамар, ақраб демай, ишқинг маломат қулзуми,
Оразинг кофурида ул зулфи мушкин гаждуми,
Анбарин қошинг хамида холдек кўз мардуми,
Мушки тардин нуқтайи сулсийдурур нун устина.
То кўнгул сайдиға қўйди ул ғазоли Чин кўнгул,
Бўлди шерафганлар аъзоси аро хунин кўнгул,
Баски тортар ҳар санамдин бир жафо ғамгин кўнгул,
Қилди жавридин аларнинг тарки ақлу дин кўнгул,
Неча чексун хўблар илгидин жафо мискин кўнгул,
Мунчаму офат келур бир қатрайи хун устина?
Чун Навоий ашки баҳр ўлди чекиб ранжу тааб,
Кемаликдин кўзлари ул баҳр аро топти лақаб,
Кўзида, тонг йўқ, агар туттунг мақом, эй нўшлаб,
Чун кирар эл кемага қилмоқ учун айшу тараб,
Гар ватан Лутфий кўзида тутмадинг, йўқтур ажаб,
Уй қўпормоғлиғ эрур душвор Жайҳун устина.