Топ рейтинг www.uz
МУХАММАСЛАР

1

Шарбати  «юҳйил-изом» эрни майи нобиндадур,
Сурайи «ваш-шамс» тафсири юзи  бобиндадур,
Шарҳи «мозоғал-басар» наргислари хобиндадур,
Лайлатул-меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур,
Қоба  қавсайн иттиҳоди қоши меҳробиндадур.

Эй, қади тўбидин ортуқ, юзи ризвондин жамил,
Ким берур жон лаъли ҳар ким бўлса кўзидин қатил,
Лаъли рашкидин фиғон айлаб, қилиб ашкин сабил,
Кўп югурди равзада айнан тусаммо салсабил,
Топмади ул чошниким, шаккари нобиндадур.

Жон берур эрди Хизр суйи халойиққа сариҳ,
Исо ўлук тиргузур эрди деб алфози фасиҳ,
Лаълидин  токим  такаллум   қилди  ул  шўхи   малиҳ,
Хизрнинг айни ёшунмиш, кўкдин инмас ҳам Масиҳ,
Нетсун, ул муъжиз бу дам ёқути серобиндадур.

Хаттидин  бўлди хижил  сунбул   била  мушки  татор,
Қоматиға  сарв  ила  шамшоддин  юз  қатла  ор,
Фаррух эрмас орази наврўзидек ийду баҳор,
Зулфиға қадру барот ўхшар, вале юз фарқи бор,
Сўз онинг ёниндағи хуршиду маҳтобиндадур.

Ҳар гадо эгнида  бўлса эски  тўн ё чоки жайб,
Билмай асли ниятин қилмоқ ғалатдур шакку райб,
Эй Навоий, чун санга маълум эмастур сирри ғайб,
Лутфийни  майхонада  ошуфта  кўрсанг,  қилма айб,
Ким бу мажнун ихтиёри зулфи қуллобиндадур.

                                        2

Маснади ҳусн узра токим кўрмишам ул шоҳни,
Тийра айлабмен фиғондин нийлгун хиргоҳни,
Эй сабо, арз айла ногаҳ кўрсанг ул дилхоҳни,

Кўкдадур ҳар дам фиғоним кўргали сен моҳни,
Даъвийи меҳрингга тонуқ тортадурмен оҳни.

Эй, ғубори маркабинг кун кўзгусининг сайқали,
Нечаким мен бир гадо, сен подшаҳдурсен, бале,
Йўқ ажаб, сен ҳусн шоҳин майл қилсам севгали,
Сен киби  султонни  севмак ҳаддим эрмастур, вале
Бу балолиқ ишқ фарқ этмас гадову шоҳни.

Хирмани васлинг тўла сенда, эй халқ аҳсани,
Сабзайи хаттинг тамошосинда, эй кўз равшани,
Сунбули зулфунг хаёлотида, эй жон гулшани,
Донайи холинг таманносинда, эй гул хирмани,
Раҳм қилким, чеҳрайи зардим ёшурди коҳни.

Зулфу юзунг кўрдию куйди кўнгул ҳасрат била,
Васлинг уммедиға жон қилди фидо рағбат била,
Сенда йўқ эрмиш вафо, тек мен куюб меҳнат била,
Зулфунгу юзунг фироқинда туман ҳасрат била,
Ҳайфким, зойиъ кечурдум мунча солу моҳни.

Эйки, йўқтур ҳусн иқлимида сендек подшо,
Ошиқингни неча тутқайсен мунунгдек бенаво,
Нечаким   бўлди  эшигингда  Навоийдек гадо,
Қовма Лутфийни эшикдин, бер закоти ҳусн анго,
Қайда  айтсун  сен ғани  боринда  шайъаллоҳни?

3

Ҳалқайи зулфунгда кўнглум бўлғали ғам маҳрами,
Ул қаро қайғу била савдода чун ортар ғами,
Дер санга девонаву шайдолиғидин ҳар дами,
Эй, сочинг шайдо кўнгулларнинг саводи аъзами,
Ҳалқа-ҳалқа  руҳнинг сарманзилидур ҳар хами.

Эй, гули саврий жамолинг дафтаридин бир варақ,
Сабзаву райҳон  сенинг хаттингдин элтурлар  сабақ,
 Чини зулфунгни  очибон, илгингта олсанг тарақ,
Сунбулингни  тарағанда гул уза тонгдур арақ,
Ким булутлуқ кечанинг, албатта, бўлмас шабнами.

Рашкдин ҳар дам яқиндур бағрим эриб оққали,
Юзунгга   машшотаву  кўзгуси  мундоқ  ёққали,
Зулфунгга машғул эрур машшота зевар тоққали,
Мен йироқдин жон берурмен, тоқатим йўқ боққали,
Юзи  қаттиқ кўзгуким,  бўлмиш жамолинг ҳамдами.

Оғзининг рамзини мушкилдур  фаровон  сахламоқ,
Ким адам бўлса билур ул рози пинҳон сахламоқ,
Барча дилбарлардин ўлур жонни осон сахламоқ,
Сен  париваш  ҳурдин  мушкилдурур жон сахламоқ,
Ким малак ҳайрондур ул суратға, нетсун одамий?

Зулфи  васлин истасам  рухсори  меҳрафрўзидин,
Йўқ ажаб, чун йил келиши билгурур наврўзидин,
Кўзларим  уйи бузулди   ашки  селандузидин,
Мен  бу кўз бирла уётлиғмен жамолинг юзидин,
Ким келур  ҳар лаҳзаву ул гўшакинг бордур  нами.

Атласи гардунға етти ростий ушшоқ уни,
Ким  қабо  невчун  қучар  нозик танин  вуслат туни,
 Йўқ ажаб, сарриштадур, кўргил, аро ерда муни,
Ул баданнинг давлатидин туғди кўнглакнинг куни,
Ҳусни толиъ кўрким, улдур ҳоли ички маҳрами.

Эй, лабинг Исо дамидек хаста жонға чорарас,
Ваҳ, неча ғамзанг Навоий қатлин этгай мултамас,
Ул муборак кўнглига бўлғай муяссар бу ҳавас,
Лутфийни боштин яна тиргузсанг, эй Исонафас,
Ким етибдур, ваҳ, ани ўлтургали ҳижрон ғами.

4

Оҳким,  тарки  муҳаббат қилди  жонон оқибат,
Бўлдум  ушбу ғуссадин  расвойи даврон  оқибат,
Қолмади махфий ғамим эл ичра пинҳон оқибат,
Ёшурун дардимни зоҳир қилди афғон оқибат,
Асрағон  розимни  ёйди  сели  мужгон оқибат.

Токи чекти ўқу ё қасдимға ул мужгону қош,
Айлади   пайконлари ҳар сори бағримни харош,
Пардайи сабру саломат ёйибон, эй бағри тош,
Ёшуруб эрдим бағир чокини, ваҳким, қилди фош
Ҳар тараф кўздин тарашшуҳ айлаган қон оқибат.

Кўп югурдум ишқ йўлида мени гумроҳким,
Билгасен ҳолимни, лекин бўлмадинг огоҳким,
Ишқ  аро ўлгумдурур, бил  эмди, эй дилхоҳким,
Тиғи ҳажрингдин ниҳон кўксум шикофин, оҳким,
Элга равшан айлади чоки гирибон оқибат.

Тийрборони ғаминг ёғдурғали  кўнглумга  саҳм,
Юз туман доғи ниҳон қўймиш эди ул хавфу саҳм,
Халқ ани фаҳм этмасун деб, бор эди кўнглумда ваҳм,
Войким,   кўксум   шикофидин  улусға   бўлди  фаҳм
Ишқ ўти  бағримда  қўйғон доғи пинҳон оқибат.

Ул  париким, телбаларга  ишқидин монанд эдим,
Зулфи занжирида Мажнундек асири банд эдим,
Жавриға қониъ бўлуб, васлиға ҳожатманд эдим,
Шавқидин дам урмайин,  бедодиға хурсанд эдим,
Ваҳки,  бўлдум ҳажридин расвойи даврон оқибат.

Орази қошида гул юз важҳ ила бордур кариҳ,
Минг жиҳатдин нутқи оллинда эрур булбул сафиҳ.
Кўзию зулфиға эрмас наргису сунбул шабиҳ,
Гар будур кофир кўзу зуннор зулфи, эй фақиҳ,
Бўлғудекмен дайр аро масту паришон оқибат.

Жонни мажнун ул пари рухсора ёди айлади,
Кўзни гирён ишқ зулми май фасоди айлади,
Танни урён, ақлу дониш хайрбоди айлади,
Ишқ  кўйида  жунунумни  муноди   айлади
Ҳажр тошидин мунаққаш жисми урён оқибат.

Бода ичким, давр ишида иътидоле кўрмадук,
Навбаҳори ҳусн аро соҳибжамоле кўрмадук,
Ким  хазони  умрдин  анда  заволе  кўрмадук,
Даҳр  бўстони  аро  саркаш  ниҳоле кўрмадук
Соя янглиғ бўлмағон ер бирла яксон оқибат.

Шаҳлиқ этгандин не ҳосил фақр сиррин  билмайин,
Ҳеч ким мулки бақо султони бўлғонму экин,
Фонийи маҳз ўлмайин  султон Абулғозий бикин,
Эй Навоий, давлати боқий тиларсен васлидин,
Они касб этмак фано бўлмай, не имкон оқибат?

5

Оҳким, воламен ул  сарви хиромондин жудо,
Кўзларим гирёндур ул гулбарги хандондин жудо,
Бенаводур жон доғи ул ҳури ризвондин жудо,
Не наво соз айлагай  булбул гулистондин жудо,
 Айламас  тўти  такаллум  шаккаристондин  жудо.

Ваҳ, неча ишқ ўти жисмимда сўнгакни ўртагай.
Кўнглагим  жайбиға ўт  солғай,  этакни ўртагай,
Телбалик оҳим самодин то самакни ўртагай,
Ул  қуёш  ҳажрида  қўрқармен  фалакни  ўртагай
Ҳар шарореким бўлур  бу ўтлуғ афғондин жудо.

Ваҳки,  бағрим тўкти кўзлар  йўлидин паргола  кўп,
Кўз ҳам ул гул ҳажридин ёғдурди гулгун жола кўп,
Заъф этибмен қонлиғ  ашким  баски тўкти лола кўп,
Дема, ҳижронимда чекмайсен фиғону нола кўп,
Жисм  айларму фиғон  бўлғон нафас жондин жудо?

Қилғали  маҳрум  жоми  васлдин  жонон  мени,
Талхком этмиш тириклик бодасидин жон мени,
Ҳар замоне ўлтурур ғам заҳридин ҳижрон мени,
Ҳажр ўлумдин талх эмиш, мундин сўнг, эй даврон, мени
Айлагил жондин жудо қилғунча жонондин жудо.

Бағрима, эй хори ҳижрон, ҳар замон санчилмағил,
Эй кўнгул, юз жавр етса, кўзга ғайрин илмағил,
Минг бало юзланса, эй жон, ёрдин айрилмағил,
Бўлса юз минг жоним ол, эй ҳажр, лекин қилмағил
Ёрни мендин жудо ёхуд мени ондин жудо.

Жонни андоқ ҳуснунг ўти шуъласи кул қилдиким,
 Жисм ўтундек шуълайи рухсориға ёқилдиким,
Шарҳи ҳолиға аларнинг бу рақам ёзилдиким,
Васл аро парвона ўртанди ҳамоно билдиким,
Қилғудекдур субҳ они шамъи шабистондин жудо.

Ошиқеким, бўлғай ул бир шўхи гулрухсорсиз,
Уйла булбулдурки қолмишдур гулу гулзорсиз,
Вой ул бедилғаким, қолғай тирик дилдорсиз,
Бир иёсиз ит бўлуб эрди Навоий ёрсиз,
Бўлмасун, ё рабки, ҳаргиз  банда султондин жудо.