Топ рейтинг www.uz
Т А Ҳ Р И Р   Ҳ А Й Ъ А Т И Д А Н

              Ўзбек халқининг улуғ мутафаккир шоири Алишер Навоий (1441—1501) дан Шарқ классик адабиётининг барча жанрларига оид жуда катта ҳажмдаги бой мерос етиб келган. Ўз даврида юксак гуманистик ғояларни бадиий баркамоллик билан ифодалаб берган адиб асарлари асрлардан асрларга, насллардан наслларга ўтиб ардоқланиб келди. Янги авлодларнинг эзгу умидлари, ажойиб орзулари зуҳури йўлида ҳам илҳомбахш кучга айланди. Шунинг учун ҳам улар инқилобгача бўлган даврда қўлёзма ва босма ҳолида кенг тарқалди. Шоир асарларининг республикамиздагина эмас; балки жаҳон кутубхоналарида маълум бўлган нусхалари шундан далолат беради.
              Алишер Навоийнинг ўлмас меросини кенг қамровда ўрганиш, уларнинг кўп нусхали нашрларини ташкил этиш асосан бизнинг давримизда бошланди. Шоир асарларини текстологик планда ўрганишга киришилди. Улардан айримларини, ҳозирги тил нормалари асосида шарҳлар билан қўшиб нашр этиш йўлга қўйилди. Бу ишлар Алишер Навоий туғилган куннинг 500 йиллигини нишонлаш бўйича бошланган тадбирларни амалга ошириш муносабати билан айниқса жонланиб кетди. Натижада  иккинчи жаҳон урушигача бўлган даврда шоир лнрикасидан сайланма нашрлар юзага келди.  «Хамса» достонларини чоп этишга киришилди.
              Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда шоир меросини нашр этиш янги поғонага кўтарилди. 1948 йилда шоир туғилган куннинг 500 йиллигини нишонлаш муносабати билан Алншер Навоийнинг уч томдан иборат «Танланган асарлар»и чоп этилди. (Бу нашрда иккинчи том «Хамса» достонларидан иборат беш китобни ташкил этади). Олтмишинчи йилларда эса Навоийнннг 525 йиллик юбилейи муносабати билан шоир асарларининг ўн беш томлиги юзага келди. «Хамса» илмий-танқидий матн сифатида бир бутун ҳолда китобхонларга ҳавола этилди. (Алишер Навоий асарларининг рус тилидаги ўн томлиги нашри ҳам шу йилларда амалга оширилди).
Буларнинг ҳаммаси буюк адиб асарларининг мукаммал нашрини тайёрлашга катта замин яратилганлигини кўрсатар эди.
              Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти ва Ҳ. С. Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар ннститути шоир туғилган куннинг 550 йиллиги олдидан унинг йигирма томдан иборат ”Мукаммал асарлар тўплами”ни тайёрлашга киришди. Мазкур тўплам Алишер Навоий меросини тўлиқ қамраб олади ва илмий нашрлар типида изоҳлар билан таъминланади.
              “Мукаммал асарлар тўплами”нинг   мундарижаси   қуйидагича:
              I     том. «Бадойиъ ул-бидоя», девон.
              II том. «Наводир ун-ниҳоя», девон.

              Биринчи девон таркибига барча лирик жанрлардаги асарлар киритилган; аммо асосий қисми ғазаллардир. Иккинчи девон фақат ғазаллардан тузилган. Бу девонлар биринчи марта нашр қилинмоқда.
              Алишер Навоий ҳаётининг охирги йилларида умр бўйи яратган ғазал, мухаммас, мусаддас, рубоий ва бошқа лирик жанрлардаги асарларини, шу жумладан, олдинги йиллардаги девонлари — «Бадойиъ ул-бидоя» ва «Наводир ун-ниҳоя»га киритган шеърларини йиғиб «Хазойин ул-маоний» шеърлар тўпламини тузди. «Хазойин ул-маоний»ни ташкил этган тўрт девон инсон ҳаётининг тўрт босқичини билдирувчи номлар билан аталган бўлсада, уларда хронологик тартиб изчил сақланган эмас. Буни I ва II томга кирган икки девон таркибидаги шеърларнинг тўрт девоннинг ҳар бирига  бўлиб  юборилганлиги ҳам тасдиқлайди.
              Мазкур нашрда бу девонлар Навоий тузган тартиб ва ҳажмда  берилган бўлиб,  улар  қуйидаги томларни ташкил этади.
              Ш том. «Ғаройиб ус-сиғар», девон.
              IV    том. «Наводир уш-шабоб», девон.
              V    том. «Бадойиъ ул-васат», девон.
              VI    том. «Фавойид ул-кибар», девон.
              VII том. Алишер Навоий зуллисонайн шоир бўлиб, форс тилида ҳам ижод этган. Тўпламнинг бу томида шоирнинг шу тилдаги лирик мероси амланган,
              VIII том. Бу том Алишер Навоийнинг ахлоқий-таълимий мазмундаги тўртликларидан иборат. Шу томга Навоийнинг қасидалари ҳам киритилади. Қасидалар асл форс тилида берилиб, уларнинг ҳозирги замон ўзбек тилига таржимаси ҳам келтирилади.
              IX    том. «Хамса»нинг биринчи китоби «Ҳайрат ул-аброр».
              X    том. «Хамса» китобларининг иккинчиси «Фарҳод ва Ширин».
              XI    том. «Хамса»нинг учинчи китоби «Лайли ва Мажнун».
              XII том. «Хамса»нинг тўртинчи китоби «Сабъаи сайёр».
              XIII том.  «Хамса»нинг  сўнгги  китоби  «Садди Искандарий».
              XIV том. «Лисон ун-тайр» достони.
              XV том. Навоийнинг адабиётшуносликка оид асари «Мажолис ун-нафоис».
              XVI том. Бу томдан Навоийнинг «Хамсат ул-мутахаййирин», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер» ва «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» номли биографик рисолалари ўрин олган.
              XVII  томга «Вақфия», «Муншаот» асарлари жалб этилган. Шу томга яна Навоийнинг биринчи куллиётига илова қилинган муқаддима — мурожаати — «Дебоча» киритилади.
              XVIII  том. «Насоим ул-муҳаббат» асари.
              XIX том. Навоийнинг умумий тарихга оид асари.

              XX том. «Мезон ул-авзон», «Муфрадот», «Муҳокамат ул-луғатайн», «Маҳбуб ул-қулуб» асарлари.
Алишер Навоийнинг «Мукаммал асарлар тўплами» ўзбек адабиёти тарихи билан шуғулланувчи илмий ходимлар, олий ўқув юртлари филология факультетининг ўқитувчи ва студентлари, шунингдек, кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
              Бу улкан мерос бир бутун ҳолда гуманист шоирнинг ғоя ва образлар дунёсини, уларнинг тадрижий такомилини кузатиш, адибнинг жаҳон адабиётига қўшган бебаҳо ҳиссасини кенг тасаввур этиш имконини яратади.

*       *
              Навоий йигирма томлик “Мукаммал асарлар тўплами”нинг биринчи томини шоирнинг «Бадойиъ ул-бидоя» девони ташкил этади. Бу нашрга Ўзбекистон Фанлар академияси Ҳ. С. Сулаймонов номли Қўлёзмалар институтидаги “Бадойиъ ул-бидоя” девонинннг қўлёзма нусхаси (инв. № 216) асос қилиб олинди. Бу қўлёзма 1486 йили, Навоий барҳаёт пайтида кўчирилган. Унинг текстини «Бадойиъ ул-бидоя»нинг қадимий нусхалари, жумладан Париж миллий кутубхонасида инв. № 746 билан сақланувчи 1480 йилда кўчирилган қўлёзма ҳамда Британия музейидаги № 401 инвентарига эга бўлган 1482 йилда кўчирилган қўлёзмалар фотонусхалари билан солиштириб чиқилди.
              Ушбу том Қўлёзмалар институтининг собиқ катта илмий ходими филология фанлари кандидати марҳум Шарофиддин Шарипов томонидан тайёрланган. Текстни бевосита нашрга тайёрлаш ишини Қўлёзмалар институтининг катта илмий ходими, филология фанлари кандидати Марям Раҳматуллаева бажарди. Текстни қўлёзмалар билан қайта қиёслаб текширувни Марям Раҳматуллаева ва Қўлёзмалар институтининг илмий ходими Мухлиса Зиёвиддинова амалга оширдилар.