ТУЮҚЛАР
1
Ё раб, ул шаҳду шакар ё лабдурур,
Ё магар шаҳду шакар ёлабдурур.
Жонима пайваста новак отқали
Ғамза ўқин қошиға ёлабдурур.
2
Жавр ўқин жонимға соқий ёзмади, Васл жомидин хуморим ёзмади.
Килки қудрат сабзхатлар ишқидин
Ўзга иш оллимға гўё ёзмади.
3
Ё қошингдин неча бир ўқ кўз тутай, Отки, ўтрусиға онинг кўз тутай.
Неча кўргач ўзга маҳвашлар қошин,
Янги ой кўрган кишидек кўз тутай.
4
Лаълидин жонимға ўтлар ёқилур, Қоши қаддимни жафодин ё қилур.
Мен вафоси ваъдасидин шодмен,
Ул вафо, билмонки, қилмас ё қилур?
5
Бовужуд ул юз эрур гулгунасиз,
Ким кўринур оллида гул гунасиз.
Юз қизиллиқ йўқтурур, эй аҳли зуҳд,
Токи мункирсиз майи гулгуна сиз.
6
Чарх тортиб ханжари ҳижрон бу тун, Қўймади бир зарра бағримни бутун.
Тунга бориб бизни беҳол айладинг,
Не балолиқ ёр эмиш, ё раб, бу Тун?!
7
Ўткали ул сарви гулрух соридин, Йўқ хабар ул сарви гулрухсоридин.
Ҳажридин боғ ичра берур ёдима
Қошидин сарву гул рухсоридин.
8
Тийғи ишқинг ёрасидур бутмагон, Дардини ҳар кимга ойтиб бутмагон,
Ҳажр саҳросидур оҳим ўтидин
Анда гул ёхуд гиёҳе бутмагон.
9
Ваҳ, қачонға тегру ишқинг кожидин Кўзума ҳар лаҳза ўт чақилғуси.
Басдурур кўнглумда ишқинг, ёқма ўт,
Ким ҳароратул ҳам ўтча қилғуси.
10
Ул пари ишқида бу девонани, Эйки истарсен, келиб гулханда кўр.
Бир қадаҳ ул гулни хандон айлади,
Эй кўнгул, наззора қил, гул ханда кўр.