Топ рейтинг www.uz
ИЗОҲЛАР
ТАСАВВУФИЙ   ИСТИЛОҲЛАР  ИЗОҲИ
Абр (булут)— Ҳақ эранлари таърифига кўра, ортиқча ҳисобланган ҳижоб; У бандалик ва раббонийлик пардасидир. Сўфия истилоҳида жидду жаҳд билан мушоҳада мақомига етишишга сабаб бўлган ҳижобдир; Шунингдек, нафсоний зулмат афъоллари ва руҳоний малакалардан  ҳосил бўлган қалб ҳижоби. Бу ҳижоб — зотий ва асмоий тажалли офтобини  мушоҳада қилишга  монелик қилади.
Абру (қош) — илоҳий зотни тўсиб турадиган илоҳий сифатлар. Ва вужуд олами бу сифатлардан равнақ, гўзаллик ва жамолга эга бўладилар.
Басийрат — қалб кўзи билан кўриш, англаш, идрок этиш; қудсият нури билан ёритилган қалбнинг ашёнинг моҳиятини кўриши.
«Қувва-и қудсия» ва «оқила-и назария» ҳам дейилади. Қалб кўзи, илҳом.    
Бақо — мавжуд бўлмоқ, давом этмоқ, ёмон одатларни тарк этиб, яхши одатларга эга бўлиш, инсон ва бошқа нарсаларнинг қувват ва таъсирини кўрмасдан фақат Аллоҳнинг қувват ва таъсирини кўриш, Аллоҳдан бошқа ҳеч нарсани кўрмаслик. Бақобиллаҳ — Аллоҳ билан мавжуд бўлиш. Бақо баьд   ал-фано — Фанодан   кейин   ҳосил   бўлган   бақо.
Буюк сўфийлардан бири: «Бақо набийларнинг мақомидир. Ҳар қандай ҳолат, уларнинг фазилатли бўлишларига монеъ бўлолмайди. Боқий бўлган банда бутун ашёда  фақат Ҳақни кўради. Бақо мақомига эришган зотнинг бутун ҳоли ва ҳаракатлари Ҳаққа маъқул бўлиш ҳаддидадир. Банда бу  ҳаддан  ўтиб  Ҳаққа  мухолиф  бўлиш  ҳолатига  тушмайди.
Бут— мақсад ва матлабдир; бошқа бир сифатлар билан солик қалбида  зоҳир  бўлувчи  нозик  маънолар.
Буса — руҳнинг жисм билан лаззатланиши ва давомли муроқаба. Бўса, канор ва ғамза — соликнинг нисбати ва даражасига кўра  воқеъ  бўлувчи   файз  ва   ботиний  жазбалар.

В
Васл — зуҳур   ва   шуюн   (даража,   ҳол)   орасида     восита   бўлувчи  ҳақиқий ваҳдат.
Важҳ  (юз) — Ҳақ  зотининг,   файз   улашувчилик   сифати.
Вараъ — тақвонинг юксакроқ босқичи, буюрилган ва манъ этилган барча диний амрларни  мукаммал   татбиқ этиш.
Ваҳдат-касрат — бирлик-кўплик. Ваҳдат — ҳар нарсани бир ҳолда ва бир ичида кўриш, ашёни Аллоҳ ила кўриш, жамъ ҳоли; Касрат — борлиқларни кўп ҳолда кўриш, фарқ ҳоли. Ғайб-и мутлақнинг «ло таайун ва ло зуҳур» мартабасига «аҳадиййат» илк зуҳур ва тааййун (тааййун-и соиий) «воҳидиййат» дейилади.
1.    Ваҳдати   қусуд — қасд  ва  ироданинг  бирлаштирилиши, банданииг ўз шахсий ва башарий иродасидан кечиб, Аллоҳнинг иродасини, мурод ва мақсудини ўз мурод ва мақсади ҳолатига келтириши, натижада  илоҳий ирода ҳокимиятининг таъминланиши.
2.    Ваҳдати   шуҳуд —-Важд   ва   жамъ  ҳолатида    банданинг    барча нарсани бир ҳолда кўриши, кўринган нарсаларнинг  бир-лаштирилиши ва ягона борлиқ  ҳолида кўрилиши, қуёш кўтарилганда ой ва юлдузлар кўринмагани каби, илоҳий тажаллиларнинг зуҳури пайтида Аллоҳдан бошқа ҳеч нарсани кўриб бўлмаслиги.  Аллоҳ тажаллий ва зуҳур этгани учун мосивонинг  маҳв бўлиш ҳолати. Анфусий  (субъектив)  фано.
3 Ваҳдати вужуд — борлиқларнинг бир ва ягона эканлиги қаноати борлиқларни бир деб билиш, бир эканлигига ишониш, важд ва сакр ҳолатида бўлмаган пайтида  ҳам борлиқларнинг ягона борлиқдан иборат эканлигига, ҳар нарсанинг ягона бўлган Аллоҳнинг турли тажаллилари, зуҳурлари, тааййунлари ва кўринишлари эканлигига ишониш. Офоқий  (объектив) фано.
Висол — ваҳдат мақоми.
Вужуд —- Ҳақ вужудига айтилади.

Г
Габру кофирбачча — ваҳдат оламидаги садоқатдурким, қалб юзи мутлақо мосиводан юз ўгириб, фано зулматидан жой олган бўлади.
Гарми   (иссиқлик) — муҳаббат   ҳароратига   айтилади.
Гесу (ўрилган соч) —соликни талаб йўлида Ҳаққа етказадиган ип— арқон; Висол ва боғланишни талаб қилиш йўли бўлиб, ғайб оламидан иборат бўлган мутлақ жамол ва Ҳақ дийдоридир.    
Гулгун чехра — комил ориф қалбида порловчи мутлақ тажаллий; уйқу  ё  беҳушликда  моддадан ташқарида  бўлган тажаллиси.

Д
Дайру харобот— маъно олами ва комил орифнинг ботинидир.
Дахан   (оғиз)— хафий   сирри —махфий  сир.  Инсоннинг   фаҳм   ва вахмидан  пок   ва   муқаддас   бўлган   мутакаллимлик  сифатидир.
Калом (сўз) нинг асрор ва нозик маъноларига ишора қилиниб, оғиз тор ва кичикликда зарра ва нуқтага ташбих  қилинади.
Дил — орифлар тилида илоҳий сирлар макони ва махзани бўлган қалбдир. Ва яна «нафси нотиқа» маъносида ҳам келади. Руҳ ва нафс орасидаги мужаррад нуроний жавҳардир. Ҳакимлар уни «нафси  нотиқа» дейдилар. Қалб икки хил маънода қўлланади: 1. Инсон сийнасининг чап томонидаги аъзоси. 2. Инсоннинг чап сийнасидан икки бармоқ пастда жойлашган руҳоний латифа бўлиб, раҳмоний  файз, нур нозил бўлади-ган, тажаллийга мазҳар жойдир. Тасаввуфдаги  «Дил  назаргоҳи Хақ» деган таъриф  ёки  «Мўъмининг қалби — Аллоҳнинг Арши» деган ҳадис. шунингдек «Ер-осмонга сиғмадим, мўъминнинг қалбига сиғдим» деган ҳадиси қудсийлар инсон калбининг илоҳийлиги ва имкониятларининг чексизлигидан дарак беради. Бироқ илоҳий таважжуҳ  зикр, фикр ва ибо-датлар билангина бу қалбнинг сир-синоат ва имкониятлари юзага чиқади. Сўфийлар қалб деганда  айнан шу руҳоний латифани назарда тутганлар.
Дилбар— кўнгил  олувчи. Орифлар тилида тажаллиёт вақтида кўн-гилни нуроний қиладиган  нарсага дилбар дейилади.

Ё
Ёр ва дилдор — маъшуқ ва маҳбуб; шуҳуд (кўзга кўринувчи, қалбни ром этувчи) олами.       

Ж
Жазба—Тортиш, Аллоҳнинг бандасини ҳузурига жалб этиши, важд ҳоли. «Аллоҳдан етган бир жазба  барча жин ва инсонларнинг амалига баробардир». Мажзуб— Жазбага тутилган, жазбали, важд ва истиғроқ ҳолатида бўлган, бир онда бутун ҳол ва мақомларни ошиб ўтиб машаққатсиз вуслатға эришган илоҳий   ҳузурга  жазб  ва  жалб  этилган.
Жалол — Аллоҳнинг буюклик  иззат, кибриё ва қаҳрга далолат  қиладиган васфлари; маъшуқ  ишқ ва  ошиқликдан эҳтиёжсизлик изҳор қилганда, ошиқнинг ўзлиги ва ғурурини йўқ қилиши, ожизлик изҳор этишидир.
Жамол — маъшуқ ошиқдан эҳтиёжсизлиги  туфайли камолини зо-ҳир қилмоқ. Ва яна Худованднинг лутф ва раҳмат сифатлари. Ҳақнинг тажаллиси. Ошиқнинг кучли рағбат ва талабига кўра, маъшуқнинг манзурга лутфан камолини зоҳир қилмоқ.  Жамол — Аллоҳнинг лутф, эҳсон ва марҳаматига далолат қилишган васфлари.
Жон — инсон руҳи, раҳмоний нафс ва Ҳақ тажаллиётидир. Ва яна воҳидият ва жабарут оламида илмий тажаллидан зоҳир бўлган аъёни собита ва ҳақиқатдир.
Жом — маърифат бодасидан тўла, орифнинг дил ва аҳволи. Баъ-зилар жом — бадан, жисм — баданни  тозаловчи, софловчидир, дейдилар. Зеро, комил ориф илоҳий бода жомидан ичади ва тавҳиддан сармаст бўлади. Соғар, суроҳи ва мино атамалари ҳам ориф қалбини англатади. Бу қалб — хумохона, майхона ва майкада иборалари билан ҳам таъбир қилинади. Мастлик деганда, ишқнинг чулғаб олиши, ботиний ва зоҳирий сифатлар, маърифат сархушлигига ғарқ бўлиш назарда тутилади.
Жоми   жаҳоннамо —комил   инсон   ва   Ҳақ  эранларининг   ботини.
Жоми Жам (Жамшид), жоми жаҳоннамо — Жамшид жоми— манбаларда ёзилишича, Таҳмурасининг ўғли Жамшид Қадимий Эроннинг пешдодийлар сулоласининг 4-ҳукмдори бўлган 1000 йилга яқин яшаб, инсонларга зарур кўп нарсаларни ўйлаб топган, жумладан: қурол-аслаҳа ясаган, бинолар ва ҳаммом қурган. Одамларга либос тикиш, кемасозлик, табибликни ўргатган, наврўз байрамини жорий қилган. Гавҳар ясашни ўйлаб топган ва гавҳарли тахт  ясаган. Бу тахт Жамшид тахти, Жамшид маркаби, Жамшид  чодири, Жамшид курсиси каби номлар билан аталган. Шунингдек. Жамшид «Жоми жаҳоннамо»— жаҳонни кўрсатувчи жом ихтиро қилиб, унга назар солиш билан жаҳондаги воқеаларни кўриб турган экан. Бу жом Кайхисравга сўнгра Дорога ўтган экан. Саъдий  Шерозий ҳам «Гулистон» асарида биринчи бўлиб тўн тиккан ва қўлига узук таққан киши Жамшид эканлигини айтган.
Алишер Навоий  эса «Тарихи анбиё ва ҳукамо»  асарида Жамшид   салтанатининг   тараққиёти     ва   таназзули     ҳақида маълумот берган.
Ирфоний адабиётдаги  «жом шароби» ўзининг илоҳий сирларни ошкор қилиши билан «жоми жаҳоннамо»га қиёс қилинган. Мутасаввифлар ғайб асроридан воқиф қалбни ҳам «жоми Жам»га ўхшатишган. Солик бу «жоми жаҳоннамо» қалбига назар солиб, унинг сирларидан огоҳ бўлади ҳамда қалбини ғурур ва ўзлигидан халос этиб, дўст ишқи билан лиммо-лим тўлдиради.

3
Завқ — ишқ лаззати ва унинг ошиқда мавжудлиги. Муҳаббат чақ-моғининг порлаши пайтида соликнинг Ҳақни зоҳир ва мушоҳада қилишидаги илк ҳолат ва даражаси. Бу мушоҳада —мушоҳада қилувчининг завқ ва машрабига кўра юксак ё паст даражада  бўлади.  Завқ  қанчалик  бузуқ  хилт,  аралашмалардан   соф   бўлса,   мушоҳада   этилувчи   зотни   идрок  этиш, васл ҳаловатини туйиш ва кўриш лаззати шу қадар  мусаффо ва тотлироқ бўлади.    
Занах, Зақан (бағбақа, сақоқ) —илоҳий тажаллига мулоҳаза ила назар солиш лаҳзаси. Жамол мушоҳадаси бўлган лаззат мақоми.
Зулф — Зулфнинг тасаввуфда бир қанча маънолари бор. Жалолий тажалли ва тариқат мушкилотлари; мутлақ жамол ваҳдатининг тўсилишига сабаб бўладиган жамотни тажалли ва жамолий сифат; зулф — яширин моҳиятдурким, уни англаш ва идрок қилишга ҳеч ким қодир эмас; оламнинг ғаройиб суратлари; йўқлик олами. Зулф — бу ваҳдат мартабаси ва Аллоҳ таолонинг зотидурки, унинг сир-синоатига етмоқ мумкин  эмас. Шунингдек, зулф қудрат ва жамол тажаллисининг сифати бўлиб, у ваҳдатга тўсиқдир. Ва сўфийлар истилоҳида  зулф тугал, бўлак нарсалар — ақл ва ҳис билан идрок қилинадиган нарсалар, арвоҳлар ва жисмлар, жавҳар ва аразларнинг даража — мақомлари имкониятидан киноядур.   Зулф—куфр зулматидан ҳам киноя. Тасаввуфда зулфнинг узунлиги, беқарорлиги, гажаклиги, хамлиги, паришонлигининг ҳам ўзига хос маънолари бор. Айтайлик, зулфнинг хамлиги —илоҳий  асрор демак. Унинг узунлиги — борлиқ мавжудотнинг кенглиги. Беқарорлиги оламнинг ўзгарувчанлиги ва ҳоказо.    
XV асрнинг  биринчи  ярмида  яшаб  ўтган  туркигўй шоиримиз мавлоно Атоий бир байтида:
Ҳар марифатки, шайх ани таҳқиқ сўзи дер,
Билмас муники, маънийи ул-зулфу хол эрур,—деб ёзганда, тасаввуфдаги «зулфу хол» атамаларининг илоҳий маърифат ва ҳақиқатларга ишора қилувчи рамзий маънолари борлигини таъкидлайди.
Зулф гажаги —Илоҳий сирларнинг махфийлиги; тариқат мушку-лотлари; шаҳодат (кўз билан кўриладиган, мавжуд) оламда илохий асрорнинг пинҳонлиги.
Зуннор — мусулмон давлатида яшовчи христианлар мажбуран бе-лига боғлаб юрадиган маълум бир рангдаги чилвир. Суфийлар стилоҳида соликнинг дин ва яқин (ишонч, эътиқод) йўлида садокат ва якдиллик билан итоат этиши: нафснинг итоат  ва  фармонбардорлиги  ва  риёзат  аҳли қошида  хизмат  килиш.
Зохид — дунёдан   юз   ўгирган  киши. У шариатнинг зоҳирини уш -  лаб, ботинидан   бехабар  бўлгани  учун  ҳам танқидга  нишон  бўлади.    

И
Ибодат — Ёлғиз  Аллоҳдан   мадад  сўраш ва  ёлғиз, Унга  сиғиниш.
Раббимизга таъзим ва бандалик қилиш.
Ирода—тилаш, исташ, дарвешлик,  муридлик.    Ирфон — маърифат.
Илмал  яқин — ақлий далиллар  билан  собит  бўлган  зоҳирий илм.
Истиқомат — тўғри,  дуруст, диний  амрларга   тўла   риоя   қилиш.
Ақлга  ва динга кўра ҳаракат этиб, ҳеч нарсани Аллоҳнинг иродасидан устун қўймаслик.
Ишва — жамолий тажалли.
Имон — ҳазрати Ҳақ субҳонаҳу ва  таолога  бўлган ишонч ва билим миқдори.
Ишқ — кўнгил  бериш,  жондан  севиш.  Тасаввуфда   Ҳақнинг  зуҳурига  сабаб   бўладиган  дастлабки    сифат.  Аллоҳга    бўлган ишқ — ҳақиқий,  Аллоҳ  яратган  нарсаларга  бўлган  ишқ— мажозий дейилади.

К

Калисо — ҳайвоний оламни айтадилар.
Каъба — вуслат мақоми.    
Камол — етишганлик, қусурсиз ва камчиликсиз бўлиш, Камоли мутлақ — Илоҳий камол; Инсони комил — Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг содиқ издоши, Валий, муршид, идеал инсон, ўрнак инсон, қутб, ғавс, ғавс-и аъзам, қутбул-ақтоб.
Карашма — жалолий тажалли.
Кашф— ёпиқ бўлган нарсани очиқ ҳолга келтириш, ҳис ва ақл билан идрок қилиб бўлмайдиган хусусларни қалб кўзи билан кўриш, илҳом  билан идрок этиш,  мукошафа,  мушоҳада.

Л
Лаб — Мавжудотга вужудий файз етказувчи раҳмоний нафас; лабдан мақсад калом (сўз)дир, мўъжизадир ва раҳмоний, нафасга ҳам ишорадурким, ашёлар вужудига жон ва файз бағишлайди. Лаб — жонни қувватлантирувчидурким, шариат тилида «нафхи руҳ» дейилади. Лаб — ошиқларни файз ва хурсандчилик билан сийлаш; илоҳий оламдан пайғамбарларга фаришта орқали, валиларга илҳом орқали нозил бўлган сўзлар.
Лаби лаъл — маъшуқ каломинииг ботиний маъноси, аҳволнинг софлиги ва нозиклиги ҳамда ҳусну жамол гўзалликлари зикрини қамраб олган сўзлар.
Лаби ширин — идрок қилинадиган бевосита нозил бўлган сўзлар: Ҳадиси қудсий ва воридоти ғайбийлар каби.
Лиқо (юз, чеҳра, кўриниш) — маъшуқ зуҳур этади ва ошиқ у эканлигига ишонч ҳосил қилади.
Лутф — муроса, мадад ва тин олиш билан маъшуқнинг ошиқни тарбия қилишидир. Токи у (ошиқ) жамолнинг нур ва товланишига тўла қувват ҳосил қилсин.

М    
Мажзуб — маъхуз, мажнун; Жазбага тутилган, ақлдан озган деб ҳисобланган бўлса-да, лекин ундай бўлмаган, Жаноби Ҳақнинг лутф ва карами билан ҳеч қийналмасдан бир ҳамлада барча мақомлардан ўтган ва вуслатга эришган, вуслатнинг таъсирида маст бўлган киши.
Мазҳар —бир нарсанинг зуҳур этадиган ери, ашё ва модда; Ал-лоҳнинг  сифат,  исм  ва  феълларининг  мазҳаридир.
Май   жоми — маърифат   бодасидан  тўла   шайхнинг  қалби.
Майл — ошиқнинг ҳушёрлик ва шуур билан ўз аслига қайтиши (Бу ҳолат ўсимликларнинг табиий аслига қайтишига ўхшамайди).
Майхона — завқ, шавқ ва илоҳий маърифат тўла орифнинг ботинидир. Ва лоҳут олами маъносида ҳам келган. Майхона — мушоҳада ила матлубга восил бўлишни  истаган, ҳақиқий маҳбуб ишқига гирифтор бўлган, ҳақиқат бодасидан сармаст, якдил ва сафоли, дўстларнипг тўпланадиган жойи. Майхона деганда, пири муршиднинг хонақоҳи ҳам тушунилади.
Малоҳат — илоҳий камолнинг сўнгсиз ва ниҳоятсизлигидурким, ҳеч ким унга етолмайди.
Масти хароб — маҳбуб ишқида ошиқнинг ғарқ бўлиши. Бу ҳолатда дил тамоман истиғроқ ҳолатида бўлиб, шуурни ҳаётий зарурий нарсалардан халос этади ва вуслат мартабасига еткаради.    
Мартабаи жамулжамъ — мақоми ваҳдат ва бошланғич зуҳурланиш.    
Матлуб — маҳбуб, маъшуқ; инсонлар томонидан севиладиган нар-салар:  Ҳақ ва  унинг  яратган севимли  махлуқотлари.
Махбуб ва санам— севикли зот; тажаллининг сифотий суратда зоҳир бўлишидаги ҳақиқати руҳийядир.
Маҳв — қулнинг шуурини йўқотадиган тарзда одатий сифатларини бой бериши, ақлнинг назоратида бўлмаган сўз ва феълларнинг ўзидан зуҳур этиши.
Мақом—диний ахлоқ ва феъл-атвор,  мақом ирода билан қўлга киритилади, риёзат ва мужоҳада билан топилади; малака, босқич, палла, маънавий  мавқе. Етти мақом: 1. Тавба. 2. Вараъ. 3. Зуҳд, 4. Фақр. 5. Сабр. 6. Таваккул. 7. Ризо.    
Маърифат — кашф ва илҳом билан ҳосил бўлган воситасиз билим, маънавий ва ички тажриба билан ўрганиладиган илм, тасаввуфий ирфон.
Мижа (мижгон) киприк — найза, ўқ ва камоннинг учларига ташбиҳ қилинади ва маъшуқнинг нозу карашмаси билан ошиқ кўксига санчилади. Истилоҳда соликнинг вилоятига, ҳол ва мартабасига ҳижоб бўлганни айтурлар. Орифнинг амалларни сусткашлик билан бажариши ва унга басират назари билан боқмаслиги.
Миён   (бел)—ошиқни  маъшуқ  жамолидан  тўсиб туришига  сабаб бўлган  боқий  ва   мавжуд   бўлган   аломатлар   таъсирлар.
Миёни  борик  (нозик  бел) — бошқа   монелик   ва  ҳижоблар   бартараф  бўлган вақтда, солик вужудининг ҳижобига ишора қилинади.          
Мосиво — мосиваллоҳ: Аллоҳдан бошқа ҳар нарса, махлуқот,  мум
кинот, ҳодисот.
Мўй (соч) — ҳақиқат,  моҳиятни  зоҳир  қилмоқ:  талаб  йўли  ва яна  орифнинг  «ҳаблул  матин»и   (жон  томири).
Мутриб — файз етказувчи.
Муштоқ— орифларга  кўра, Ҳақ дийдорини  тўла, кучли шавқ билан кутиш.

H
Назар — мавжудот ҳақиқатларига таважжуҳ ва илтифотдир. Ва яна Ҳақ йўлидаги соликка илоҳий илтифотнинг етиши; шунингдек,  банданинг Ҳаққа  таважжуҳидир.
Нафс — қулнинг ёмон ва гуноҳ бўлган ҳол ва одатлари, ҳайвоний орзулар, нафс-и аммора, руҳ, инсоний руҳ, қалб. «Атвор-и сабъа»— нафс ва руҳнинг етти вазияти, етти шакли ва ҳолати.
1.    Нафс-и аммора — ёмон ва гуноҳ бўлган ишларни қилишга буюрадиган нафс, ҳайвоний нафс, «шубҳасиз, нафс ёмонликка буюради» («Юсуф» сураси, 53-оят).
2.    Нафс-и лаввома — маломат қиладиган,  койийдиган  ва ёмонлайдиган нафс. Ёмон ва гуноҳ иш қилганнинг қилган иши туфайли уни маломат қиладиган, ҳисобга тортадиган нафс, виждон азоби. Қилган ёмонлик натижасида пушаймон бўладиган, тавба қиладиган ва узр сўрайдиган нафс (Қаранг: «Қиёмат» сураси, 2-оят).
3.    Нафс-и мулҳима — илҳом ва кашфга мазҳар бўлган нафс. Ниманинг яхши ва савобли, ниманинг ёмон ва гуноҳ эканлигини илҳом орқали биладиган ва шунга кўра ҳаракат этадиган, виждон овозини эшитадиган ва тинглайдиган иафс («Шамо» сураси, 7-, 8-оятлар).
4.    Нафс-и мутмаинна — қаноатланган, ҳузур ва  сукунга қовушган, фазилатларга ўралган, илоҳий феълларнинг тажаллиларига мазҳар бўлган нафс (Қаранг: «Наҳл» сураси, 106-оят, «Фажр» сураси, 27-оят).
5.    Нафс-и  розийя — ўз  шахсий иродаси ва  истагидан воз кечган, жалолий ва жамолий тажаллиларни кўнгилхушлик билан кутиб оладиган, қазо ва тақдирнинг ҳар қандай кўринишини мутлақо розилик билан қаршилайдиган, ачинмайдиган, шикоят қилмайдиган ва ризо мақомига эришган нафс (Қаранг: «Моида»  сураси, 191-оят,  «Фажр» сураси,  28-оят).
6.    Нафс-и  марзийя — Аллоҳ  рози  бўлган  нафс. «Разияллоҳу   ан-ҳум». Бу мақомда Аллоҳ розий, банда марзийядур, ўзаро ризо ҳолати (Қаранг: «Фажр» сураси, 28-оят, «Баййина» сураси, 8-оят).
7.    Нафси комила ёки «Нафс-и закиййа» ёки «Нафс-и сафиййа»—барча камол сифатларини қозониб, инсонларни иршод қилиш мақомига юксалган комил, тоза ва соф нафс, инсон-и комил («Шамс» сураси, 9-оят).
Нафс — жон, руҳ, а) Нафс-и табиий ёки «Руҳ-и жамодий»: Жонсиз моддани бир ерда тутадиган ва тарқаб кетишига моне бўлган қувват ва камол; б) Нафс-и наботий ёки «Руҳ-и на-ботий» — Ўсимликсимон озиқланиши ва кўпайишини таъминлайдиган қувват ва камол; в) Нафс-и ҳайвоний ёки «Руҳ-и наботий» — ҳайвонларнинг ҳис ва иродали ҳаракат соҳиби бўлишларни таъминлайдиган қувват ва камол; г) Нафс-и инсоний, нафс-и нотиқа ёки «Руҳ-и инсоний, руҳ-и манфух — Аллоҳга нисбат берилган ва Аллоҳ томонидан уфурилган руҳ, латифа-и Раббониййа, ақл, қалб, сир — инсонга ўйлаш, муҳокама қувватини ва камолини берадиган маънавий жавҳар.
Ниқоб, ҳижоб — ошиқни маъшуқдан тўсиб турувчи монеликлар ва сулук йўлида соликларга юзланадиган тўсиқлар. Бироқ бу тўсиқлар маҳбуб ё муҳиб томонидан эмас, тариқатдаги лозим нарсалардан юзага келади.
Нола — муножот, тавба ва тазарру қилиш.
Ноз — маъшуқнинг ошиқларга ишқу муҳаббат йўлида куч бағиш-лаши; соликка  илтифот ва  арзу ҳожатига жавоб бермоқ,

О
Обид — кўп ибодат қиладиган, доимий машғулоти ибодат ва тоат бўлган, ибодат  билан нажот топишига ишонадиган.
Ойина — комил инсоннинг қалби.
Олам — ўзига хос шартларга эга муҳит: а) Амр олами: руҳ, ғайб, латиф, лоҳутий, носут, малакут, маънавий ва нуроний олам; б)  Халқ олами: моддий, зич, жисм, мулк ва шаҳодат олами.
Ориф — Аллоҳни, сифатларини, феълларини ва исмларини кашф ва мушоҳада йўли билан танийдиган. Орифи биллаҳ—Аллоҳ ҳақида маърифат ва ирфон эгаси бўлган, комил инсон, ҳикмат ва асрорга ошно бўлган, фано мартабасига эришган, валий.
Жунайд Бағдодий орифни идиш рангига мослаб рангини  ўзгартирадиган сувга қиёс қилган ва бу қиёси билан орифнинг ҳар бир вазиятга мос тарзда ҳаракат қилиб, ҳолатини  ўзгартиришини  назарда  тутган.
Остона — дарвоза остонаси, улуғ шайхнинг қоладиган ёки ётадиган макони. Остонанинг кичикроғи даргоҳ, даргоҳнинг кичиги зовиядир, хонақоҳ.
Ораз — вужуд нурларининг мазҳари.
Ошиқ — бутунлай жидду жаҳд ва талаб қилиб, илоҳий жалол ва жамолга ошуфта бўлганни айтурлар.

П
Пири муғон ва пири харобот — комил ва мукаммал инсонлардир. Зеро, ошиқнинг хароб бўлиши диннинг асл талабларидандир. Бу хароботдан мақсад — башарий сифатларнинг хароб бўлиб, илоҳий зот нурининг шуълаларида жисмоний ва руҳоний вужуднинг фоний бўлишидир. Айнан шундай харобликка эришилса, диннинг ҳақиқати зоҳир бўлади ва инсон гавҳарида пинҳон қилинган нарса юзага чиқади. Шунда инсон  ўз ҳақиқатидан хабардор бўлади. Бу хусусда кўп гапирилса-да, тасаввуфдан йироқ кишиларнинг фахмлаши қийин кечади. Шунинг учун бу ирфоний маъноларни билмайдиганлар «зулф», «хол», «май», «санам» каби сўз-атамаларни эшитсалар, уларни инкор қиладилар. Ва ҳақиқий маъносидан бехабар бўладилар. Билмайдиларки, маъно ола-ми жуда нозик. Руҳоний вужуд модомики, суратдан холи бўлса, башарий идрок билан уни англаб бўлмайди. Демак, мазмун тақозосига кўра, ҳар бир маънони  гавдалантиришга,   тасаввур   қилишга   хизмат  қиладиган,   шу  маъно  билан  боғлиқ бир сурат бўлади. Масалан, ойдек юз, камондек қош...
Кашф олами, ғайб оламидаги маънолар, суратлар ҳам шундай. Шунинг учун орифлар ҳар бир маънони унга боғлиқ бир сурат билан англатганлар. Масалан, маҳбуб деганда Ҳақни, май деганда ишқ ва унинг ғалаба қилишини  назарда тутганлар ва ҳоказо.

Р
Порсо — муршиди комил: ёмон сифатлари ва ёмонликка буюрувчи нафс ўзгарган ва яхши сифатлар билан сифатланган руҳоний киши.
Ратли гарон — шароб тўла катта жом.
Ринд—зийрак, бепарво, лоқайд маъноларида келади. Истилоҳда касратларни, зоҳирий мавжудотларни, имкон сифатларни ўзидан йироқлаштирган одам. Шаръий амрларни нодонлик жиҳатидан эмас, зийраклик жиҳатидан ўзига зарар бўлмайдиган тарзда инкор қилган киши; риндлар — вужудлари ғубор ва башарий кудуратлардан соф ва пок бўлган ориф авлиёлар.
Робита — Алоқа, шайхнинг сурат ва шаклини зеҳнда тахайюл ва тасаввур қилиб, у суратдан қалбга файз келишига ишониш, «робита-и маҳаббат», шайхни севиб эслаш, «робита-и талаб-бус», ўзини шайх шаклида тасаввур этиш, қийин пайтларда шайхдан ёрдам ва мадад хоҳлаш, қаерда бўлса ҳам шайхнинг ёрдамга келишига ишониш. Робитаи мавт — ўлимни эслаш, «ўлмасдан бурун ўлиш». Робитаи қалб ёки робитан ҳузур — қалбга таважжуҳ қилиш, Аллоҳни «жон томири»дан ҳам  яқин ҳис қилиш, ўйлаш ва  ҳушёр тортиш...
Роҳат — қалбнинг  нафсу  шаҳватга  асирликдан халослиги.  
Рух—Худо ҳуснининг мазҳари; Рух — кўп исм ва сифатларга эга бўлган якка-ягона илоҳий зотга ишора. Рух — ҳазрати Вожиб таолонинг тажалисидурким, оламдаги нарсалар ва илоҳий исмлар зуҳурини вужудга келтирувчидир; илоҳий лутф; Баъзи мутасаввифларга кўра, рухдан мақсад — илоҳий жамолнинг лутф сифати билан тажалли қилишидир. Бунда Ҳақ «Латиф», «Рауф», «Таввоб», «Муҳйи», «Ҳодий» ва «Ваҳҳоб»  сифатлари билан тажалли қилади; Рухнинг нурга, зулфнииг зулматга муносабати бор. Гоҳида мосиво (Аллоҳдан ўзга нарсалар) мутлақо зулфга таъбир қилинади. Чунончи, зулф — маҳбуб юзидаги парда ва ниқобдир. Коинот ва касратдаги нарсалар илоҳий зот ҳижоби ва ҳақиқий воҳид жамолинииг ниқобидир. Моддадаги тажаллиётга ҳам рух дейдилар.
Рух ва рухсор — зотий ҳусн мазҳари ва жамолий тажаллиларга айтилади; рухсор — мавжудот олами.
Руҳ — истилоҳда холис инсоний латифа.

С

Савмаа — ибодатгоҳ. Истилоҳда дил таважжуҳ қиладиган даргоҳ, мақомдир. Шунингдек, тафрид ва тажрид мақоми. Яна мосииваллоҳ (Аллоҳдан бошқаси)дан алоқаларни узишга ҳам айтилади.
Сарди   (совуқлик)— чиқиб  кетувчи  нафасга   айтилади.
Сийна — илоҳий исм сифати.
Соқий—тасаввуфда маърифат, ҳақиқат бодасини улашувчидир.  Баъзан соқийдан мурод Кавсардир ва у гоҳо муршидга ҳам нисбат берилади. Соқий барча мавжудотга файз берувчи, сархушлик улашувчи манбадир. Бошқа бир манбада шундай дейилади: «Соқий Худодирки, ошиқларга ҳақиқат майини ичиради ва уларни маҳву фоний қилади. Бу сўз истиора йўли билан «муршиди комил»ни англатади. Соқий бирор қавм ё қабиланинг диний раҳбари ва ошиқлар юзидан маънавий ҳусн шаробини ичадиган маъшуқдир.
Соғар, суроҳи ва кино — Орифнинг қалби. Уни хумхона, майхона ва майкада ҳам дейдилар. Шаробхона деганда, малакут, маъно ва арвоҳ оламлари ҳам тушунилади. Баьзан семурғ, анқо, иксир, жоми жаҳоннамо ва ойналардан комил инсон англашилади. Баъзи сўфий истилоҳларида майхона, буткада, шаробхона деб илоҳий маърифат, завқ ва шавқ тўла комил Орифнинг ботинига айтилади.
Соғару паймона — маънавий идрок ва ғайбий  нурлар мушоҳада қилинадиган манбага айтилади.
Сулук — йўлга кириш, нафсни тузатиш ва вуслатга эришиши учун тасаввуф йўлига кириш, бу йўлнинг усул, одоб ва арконини ижро этишга киришиш. Сайр ва сулук — усулига мос бир шаклда тасаввуф йўлида юриш, бир жойда тўхтаб қолмаслик. Солик юрувчи киши — тасаввуфда муттасил Ҳақ томонга  сайр  қилувчи  кишини айтурлар.
Сухан  (сўз) — ғайб олами билан ошнолик ва унга ишорат.

Т
Тажалли— Ҳаққа юзланган қалбларда Аллоҳ нурларининг жил- валаниши, порлаши,   зуҳур  этиши;   Зиё  порлаши:
а)    Тажалли-и  афъол — Аллоҳ  феълларидан  бир феълнинг қалбда тажалли этиши.
б)    Тажалли-и   асмо — Аллоҳ   исмларидан бир исмнинг  қалбда тажалли этиши.
в)Тажалли-и  сифот — Аллоҳ  сифатларидан бир сифатнинг  қалбда  тажалли  этиши.
1.    Жалолий  тажалли—Аллоҳнинг  қаҳр,  кибриё  ва  ғазаб каби исм ва сифатлар билан тажалли этиши.
2.    Жамолий  тажалли: Аллоҳнинг  лутф, марҳамат, авф ва  муҳаббат каби исм ва сифатлар билан тажалли этиши.
Тажрид — моддий  оламдан   айрилган  ва   ажратилган  қалбларнинг илоҳий   тажаллиларни   томоша   қилиши,   тавҳид. Тажрид —мосиводан  айрилиш,  тафрид—ёлғиз  бўлган Аллоҳни топиш.
Тажрид— инсонлардан  алоҳида, яшаш, дунё ташвишини  ўйламаслик.
Талаб — Ҳақни излашни айтадилар.
Тараб — Ҳақ субҳонаҳу  ва таоло билан улфатлик. Ва қалб бундай ҳаётда доим  ҳазрат Ҳақ таоло билан сурурли ҳолатда  бўлади.
Тариқат — йўл, Аллоҳга олиб борадиган йўл, сайр ва сулук асносида  амал  қилинадиган  хос  йўл.  Мутасаввифлар  «Аллоҳга олиб   борадиган   йўллар   (тариқатлар) нинг  сони—бутун  инсонларнинг   нафаслари   ададичадир»   дейишган. Тариқатлар  уч катта қисмга айрилишади:
1.Тариқ-и ахёр: Хайрли инсонларнинг йўли, зуҳд, ибодат ва тоат йўли, кўп ибодат  ва зуҳд билан Аллоҳга етишиш йўли.
2.Тариқ-и аброр: Яхши инсонларнинг йўли, тасфия, мужоҳада ва риёзат билан Ҳаққа восил бўлганларнинг йўли, Ҳақ ва халқ билан  муомалаларида сидқ-садоқат ва кўрсатмалардан  ажралмаганларнинг йўли, муомала йўли, нафс билан кураш йўли.
3.    Тариқ-и шуттор:    Ишқ, муҳаббат, важд  ва  жазба  йўли, ошиқлар йўли, ишқ  билан  Ҳаққа восил  бўлишни истаганлар   томонидан   амал    қилинадиган    йўл.   Бу   йўлнинг ўнта асоси «усул-и ашара» шулардир:
1.Тавба — Аллоҳга қайтиш, иродасиз ҳолда табиий ўлим билан Ҳаққа қайтишдан аввал, иродали ўлим билан Ҳаққа ружу этиш, Аллоҳ ҳузурига чиқиш.
2.Зуҳд— дунёни ва  дунёвий  завқларни тарк этиш.
3.Таваккул — Аллоҳга таяниб сабабни тарк этиш, Аллоҳни вакил қилиш, сабабга эмас, сабабни яратганга, мусаббибга  ишониш,  ризқ қайғусида  бўлмаслик.
4.Қаноат — қисматга рози бўлиш, ейиш, кийиниш ва маскан эҳтиёжини зарурат чегарасида сақлаш, очкўз бўлмаслик.
5.Узлат — хилват ва узлатга чекилиш, ёр билан суҳбат учун ағёрнинг суҳбатини тарк этиш.
6.Зикр — доимо Аллоҳни ёдда тутиш ва мосивони унутиш.
7.Аллоҳга таважжуҳ этиш — мосиводан юз ўгириш, банда бутун куч ва борлиғи билан Аллоҳга юзланиши ва «ло мақсуда иллаллоҳ» дейиши.
8.Сабр — мужоҳада ва риёзат билан нафснинг роҳатини ва орзусини тарк этиш.
9.Муроқаба — банда ўзига оид бирор қувват йўқлиги шуурига эга бўлиши «ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» дейиши, уруғ эккан деҳқоннинг ёмғир кутиши каби Аллоҳнинг раҳмат ва файзини кутиш учун Ҳақ томонига юзланиш.    
10.Ризо — қисматга ризо, тақдирнинг тажаллиларига ризо бўлиш, нафс ризосини тарк айлаб, Ҳақнинг ризолигини қозониш,  «қаҳрингда хуш, лутфингда хуш» дейиш.
Тарсобачча — муршиднинг халифаси ёки ўғлидурки, бошқа бир пири  комилга  муҳтождир   у  эса   бошқасига    муҳтож   бўлади;
Жамолий   тажалли   мушоҳадасидан     ҳосил   бўлган    тажрид натижалари ҳам тарсобачча дейилади.
Томмот — сулук сайри даврида солик тилга оладиган маърифатли сўзлар.

Ф

Файз-фаязон — оқиш, тошиш. Улуҳиятнинг қалбда зуҳур ва та-жаллий этиши, Аллоҳнинг бандасига бахш этган маърифат ва диний ҳаяжон, ҳол, оламнинг Аллоҳдан зуҳури ва судури: а) «Файз-и ақдас —борлиқларнинг билқувват вужудга келишларига сабаб бўладиган Аллоҳ зотининг тажаллиси; б) «Файз-и муқаддас — борлиқларнинг билфеъл вужудга келишига сабаб бўлган Аллоҳ исмларининг тажаллиси; Файз-и ақдас—Аллоҳнинг аҳадият сифатининг тажаллиси, Аллохнинг ўз-ўзига тажалли этиши ва «аъён-и собита»ни  бор  қилиши,  Файз-и  муқаддас — Аллоҳнинг воҳидият  сифатининг   намоён  бўлиши,   Аллоҳнинг   ашёни    ташқарида   бор қилиши.
а)    Файз-и Иснодий: Шайхлар ва муридларга силсила  ва сулук воситаси орқали келадиган файз, шайхдан шайхга ўтиб келадиган файз.
б)    Файз-и илоҳий: Тўғридан-тўғри ва бевосита Аллоҳдан келадиган файз. Ахз-и файз — файз олиш, шайхдан файз, ҳаяжон ва тасаввуфий билимлар олиш. Истифоза — файз олиш. Ифоза — файз бериш.   Тафайюз—файзланиш.
Фано— тасаввуф намояндаларининг фикрича «фано» ҳолати ва «ўзликдан кечиш» Аллоҳнинг фазлу раҳмати натижасидир. Солик ўзининг фанога эришганлигини билмаса, бу фанонинг олий босқичи ҳисобланади. Чунки ҳар қандай ҳолатда сўфийнинг Ҳақ жамоли мушоҳадасига шўнғиганлиги «бақо» ва «давом» дир. Зеро, сўфий фанофиллоҳ бўлса, унга ўқ ва ханжар урилса ҳам сезмайди. Орифлар «фано»ни «бақо»нинг бошланиши деб айтишларига сабаб инсон ўзида ўлиб, Худога боғланиб тирилади. Шунинг учун ҳам Мансур Ҳаллож «аналҳақ» (мен Ҳақман) ёки Боязид Бистомий «субҳоний, субҳоний, мо аъзама шаъни» (покдирман, шарафлиман нақадар  улуғ менинг шаъним) деганларида икковлари ҳам фано ҳолида бўлиб, ўзларини йўқотган ва Худога руҳан боғланиб кетган эдилар (Абдулҳаким Табибий. Сайри та-саввуф дар Афғонистон, Қобул, 1356 ҳ. 81-бет). Саййид Қосимий «фано»ни ҳаёти жовидоний деб атайди:

Ҳақиқат дарду ғамдур шодмоний,
Фано бўлмоқ — ҳаёти жовидоний.

Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг таъкидлашича, фанода  ориф моддий оламни идроку эҳсос этиш қобилиятидан ажралиб,  ҳақиқат оламини  идрок  қилишга киришади.
Баъзи мутасаввифлар талқинига кўра, «фано»да инсоний сифатлар илоҳийлашади. Унда барча тубан сифатлар (авсофи замима)дан халос бўлиб, бақода энг олий сифат (авсофи маҳмуда)га эришилади. Ориф мангу ҳақиқат бағрида   барча  ашёни,  ҳатто  ўзлигини ҳам  унутади.
Алишер Навоий фанонинг шарҳи юз рисола бўлишини алоҳида таъкидлайди. У «Лисон ут-тайр» асарида фано аҳли ҳақида шундай дейди: «Эй фано, аҳли сенинг васлингга эришган бўлиб, улар васл ишратгоҳига дахлдор. Кимки сендан абадийликка эришмоқчи бўлса, у ўзини йўқ қилмасдан туриб бу фанонинг фаносини билмайди. Бундай киши висолнинг мақсадига имкон топа олмай, бу фанолардан бақо анжомига эриша олмайди».
Фано қулнинг нафсоний орзуларидан йироқлашиши; бақо — ёмон сифатларнинг ўрнига яхши ва гўзал бўлган ахлоқий   сифатларнинг   қойим  бўлиши. Фано  анин — нафс;  Фано — қулнинг феълини ўзидан кўрмаслиги, бақо — Аллоҳдан кўриши; Фано— қулнинг Ҳақдан бошқа нарсани кўрмаслиги, жамул-жамъ ҳоли; «ло машҳуда иллаллоҳ». Фано филлаҳ: Аллоҳда йўқ бўлиш. Бақо биллаҳ — Аллоҳ билан бор бўлиш.
а)    Қусулий фано (фано фил-қусуд): банданинг ўз шахсий иродасини йўқ қилиб, ўрнига илоҳий иродани қўйиши, фақат Аллоҳнинг иродасига кўра ҳаракат қилиши, асло ўз иродаси ва нафсининг истагига кўра  харакат  қилмаслиги, «ло мақсуда иллаллоҳу», «ло матлуба иллаллоҳ», «ло мурода  иллаллоҳ» мақомидир.
б)    Шуҳудий фано: (фано фиш-шуҳуд) Аллоҳдан бошқа нарса кўрмаслик, жамул-жам, важд ва истиғроқ ҳолатида сўфийнинг Аллоҳдан бошқа нарсани кўра олмаслиги, қуёш кўтарилганда юлдузлар ва ойнинг кўринмаслиги каби илоҳий тажаллиларнинг зуҳури пайтидан мосивонинг мушоҳада ва мулоҳаза қилина олинмаслик ҳолати, «ло машҳуда лиллаллоҳ» сирри, Ваҳдат-и шуҳуд — кўринган бирдир, у ҳам бўлса  Аллоҳдир.  Субъектив   (анфусий)   Фано.
в)    Вужудий фано — (фано фил-вужуд) борлиқларнинг йўқ деб билиниши, бор бўлиб кўринган нарсаларнинг, ҳақиқий ва мутлақ борлиқ бўлган Аллоҳнинг тажаллилари ҳисобланиши, мосивонинг ҳақиқий бир борлиққа эга бўлишининг ваҳм ва хаёл деб ҳисобланиши, ваҳдат-и вужуддаги фано нуқтан назари. Обектив Фано.
Фақр — тариқат йўлига кирган орифнинг тўртинчи мақоми; фақирлик — бу моддий етишмовчилик ёки тиланчилик қилиш эмас, балки Аллоҳу таборак олдида ўзини ожиз, ғариб ва фақир ҳис қилишидир. Пайғамбар алайҳиссалом: «Фақирлик фахримдир» деганлари учун ҳам ориф инсонлар фақирлик билан фахрланганлар. Бу фахрланиш — Аллоҳ олдида ожиз ва фақирлигини ҳис этиб ёлворишдир. Халққа камбағаллигини, тиланчиларга хос ҳаётини кўрсатиш эмас. Фақр — йўқсуллик. Аллоҳга муҳтож бўлиш ҳолати ва шуури, сўфийлик. Фақир, дарвеш, сўфий, мурид, толиб, ўзини ҳар томонлама Аллоҳга  муҳтожлигини биладиган кишилардир. Ал-Фақр Илаллоҳ—Аллоҳга муҳтож бўлиш; ал-Фақир ил-аллоҳ— ўзини Аллоҳга муҳтож деб билган киши.
Абу Муҳаммад Жаририй: «Фақр, бор нарсани қўлдан бой бермаслик учун йўқ нарсанинг талабида бўлмасликдир», деганлар.
Бу мақомнинг уч босқичи бор: биринчи босқичда ориф нима топса, шунга қаноат қилади. Иккинчи босқичда ориф ўзида дунё молидан кечиш ҳиссини тарбиялайди. Сўнгги босқичда у шундай бир даражага эришадики, у учун бойлик ва камбағалликнинг фарқи бўлмайди.
Фақр — тарки дунё қилиб, ҳаётга қўл силташ эмас, балки олами ботинни поклашдир. Пири Туркистон Хожа Аҳмад
Яссавий   ҳазратлари   фақрнинг   олти   одоби   борлигини.  таъ-кидлайдилар:
1.Яхши ва ёмон сўзга сукут қилмоқ.
2.Пир олдида хомуш бўлмоқ ва унинг ижозатисиз сўзламаслик.
3.Ҳеч ким  билан ёмон муомалада  бўлмаслик.
4.«Хосу омнинг хизматини» адо этмоқ.
5.Нафсни енгмоқ.
6.Ҳавою ҳавасни тарк қилмоқ.
Машҳур сўфий Саҳл ибни Абдуллоҳ Тустарий: «Сўфи ҳар қандай ғам-ғуссадан холи, тафаккурли, Худонинг даргоҳида фисқу фасод қилишдан йироқ ва унинг кўзига тупроқ ҳам, тилло ҳам бир хил кўриниб, тафовути қолмаган кимсадир»,—деб фақр мақомининг сўфийлик шартларидан бири эканлигига урғу беради. Фироқ— ғайбат мақоми.

X
Хаммор — тажалли ва жазбаларга яқин, мушоҳада соҳиби бўлган соликдир.
Харобот — шаробхона. Сўфийлар истилоҳида башарий сифатлар-нинг хароб ва жисмоний вужуднинг фоний бўлишидир. Хароботий — ундан беихтиёр илоҳий маърифатлар содир бўладиган комил инсондир. Хароб —башарият оламининг хароб бўлишига ишорадир.
Хат — кибриёлик (улуғлик, буюклик) ҳижоби; Муҳаммадий ҳақи-қатга, баъзан вужуд мартабасига яқинроқ бўлган арвоҳ оламига ишора; Маҳбуб юзида латофат, нозиклик, гўзаллик билан хат чизилгандурким, у—барча нозиклик ва ҳусну жамол нукталарини жамловчидир. Агар хат ва маҳбуб юзини кўрсанг, шак-шубҳасиз касратни ваҳдат  деб биласан ва сенга маълум  бўладики, ваҳдат — кундуз, касрат — кечасидир. Хат — ғайб олами.
Хилват — узлат, инзиво, тажарруд, тарки дунё, эътикоф, халқ билан ихтилот (аралашиши)ни тарк этиб, бир чеккага ўтириш ва барча вақтини ибодат ва тоат билан ўтказиш, хилватхонада ва чиллахонада қирқ кун парҳез ва риёзат қилиш, «хилват дар анжуман» (зоҳирда халқ билан, ботинда Ҳақ билан бўлиш).
Хол — ҳақиқий ваҳдат нуқтаси ҳисобланади. У касрат — кўплик-нинг бошланиши ва интиҳосидир. Ағёрнинг идрок ва шууридан беркитилган ва махфий қилинган. «Барча амрлар ундан бошланади ва унга қайтади...». Хол — йўқлик оламини англатиши билан бирга мутлақ зот ягоналигига ҳам ишорадир. «Миръот ул-ушшоқ»да вужуд фалагининг маркази бўлган қалбнинг сувайдо нуқтаси бу холни жилолантирувчи ва зоҳир қилувчи жойдир, дейилган. Баъзи мутасаввифларга кўра,  хол — тоат  нурлари  ичидаги  маъсият зулматидир. Агар яхшилик оз бўлса, хол дейдилар. Қора рангга ташбиҳ қилиниши, ғайбий ҳақиқатдурким, идрок ва шуурдан панададур.
Хотир — қалб, қалбга келадиган ҳис ва фикр, виждон овози, қалбга келадиган маънавий хитоб: Хотир, Ҳақдан, малакдан, нафсдан ва шайтондан келади. Аллоҳдан келадиганига «хотир-и Ҳақ», малакдан келадиганига «илҳом», нафсдан келадиганига «ҳаводис, аҳодис-и нафс», шайтондан келадиганига «васваса» дейилади.
Хум — сир мартабаси ва руҳий латифадир. «Аҳадият-ул жамъ» ва мавқиф (тўхташ, тин олиш мақомлари)ни ҳам хум дейдилар.
    
Ч
Чеҳра — соликнинг кайфият ва миқдор даражасидан огоҳ бўладиган тажаллийдир. Ва яна чеҳра — соликнинг ғайбат ҳолида рўй берадиган тажаллиётдир.
Чашм (кўз) — ашёлар (нарсалар)да Ҳақни мушоҳада қилиш ва бу мушоҳадакорлик лаёқати башарий сифат деб таъбир қилинади. Яъни солик назаридан бирор нарсани четда қолдирмайдиган, фойдали ва зарарли нарсаларни  назорат қилиб турувчи, унинг барча яхши ва ёмон аҳволига тааллуқли басарий сифатлар.
Чашми пурхумор — соликнинг ўзида сайр қилиши. Камол аҳли қошида бундай сайр ҳолатининг кашфи  маълумдир.
Чашм ва абру ва жамол — солик қалбига қўйилувчи ғайбий ил-ҳомдир.

Ш
Шароб, май, бода — ишқ,  илоҳий муҳаббат; ишқнинг ғалаба қи-лиши. Ҳақиқий маҳбуб жилваланиб, муҳаббат ғалаба қилган пайтда, солик қалбига қуюлиб, уни масту беҳуш қилувчи завқ, важд ва ҳоллардир. Бу ҳолат чулғаб олганда, ақл муҳокамалари ва хаёл хоҳишлари зойил бўлади, масту мустағрақлик аҳволи юз беради. Шароб — мастликдан киноя ва Ҳақ жазбасининг муҳаббатидир.
Шароби хом, шароби пухта — хом шароб — ҳақиқий бандаликдан йироқроқ бўлган гўзал ҳаёт бўлса, пухта (етилган, пишган) шароб — бандалик, ошиқликнинг мусаффо, холис ҳаётидир.
Шамъ — Аллоҳнинг нури, илоҳийнур қуёши.
Ширин сўз — пайғамбарларга ваҳий, валиларга илҳом воситасида етадиган илоҳий амр, ишорат.
Шоҳид — ҳозир, далил, қалбдаги ҳолат, ғойиб бўлган нарсани кўрсатадиган ва қалбга ҳузур бахш этадиган нарса. Машҳуд — шоҳиднинг кўрсатгани, кўринадиган тажалли. Шуҳуд — Ҳақни Ҳақ билан кўриш, мушоҳада.

Э
Эҳсон — яхшилик, икром. Аллоҳни кўриб тургандек, унга ибодат қилиш. Басийрат нури ила ишқ, ихлос ва амал билан бандаликни амалга ошириш.

Ю
Юз — иймон ва ирфон кашфи.

Қ
Қад — ваҳдат оламига таважжуҳ қилиш учун қойим бўлмоқликни айтадилар.
Қадаҳ — вақт ва кўнгилни айтадилар.
Қаландар — маломатийликдан ажралиб чиққан қаландария тари-қатига мансуб, урф-одат ва таомилларга эътибор бермайдиган, кўнгилхушликни истайдиган, одоб ва арконларга кўп амал қилмайдиган, нафл ибодатларга ортиқча аҳамият бермайдиган, асосан фарзлар билан кифояланадиган риёдан узоқ бўлган, ҳузур, сукун ва руҳ роҳати авзусинн ҳар нарсадан устун қўядиган кишидир. Қаландарона шеъриятда Ҳақ ошиғи сифатида  талқин қилинади.
Қаноат — қисматга рози бўлиш, қўлдан кетган нарсага ачинмаслик, ҳузур ичида бўлиш, Аллоҳнинг бергани билан  қаноатланиш.
Қомат — қалбнинг юқори оламга таважжуҳ қилишини, шунингдек, сиғинишга муносибни айтадилар, зеро Худодан бошқа сиғинишга сазовор эмас.

Ғ
Ғайбат - ҳузур— ғайбат, ўзини йўқотиш, моддий оламдан йўқолиш, важд ва истиғроқ ҳоли, илоҳий ҳузурда қалбнинг ўзини ва дунёсини кўра олмаслик ҳолати, сакр ҳолати, сезгирлик ва тушунувчанлик ҳолатни вақтинча йўқотиш (ғоиб — ҳушини йўқотган, беҳуш); ҳузур, ўзига келиш, ғайбат ҳолатининг тугаши ёки ҳушини йўқотиб, Ҳақнинг ҳузурига чиқиш. Биринчисига «Ҳузур ул-Халқ», иккинчисига «Ҳузур ул Ҳақ»  дейилади.
Ғалаба — ҳушини  йўқотиш, маънавий файз ва ҳиссиётнинг таъсири ва ҳокимияти остида қолиш.
Ғамза —қўрқув ва умид (хавфу ражо).
Ғурбат — Муродга етишиш учун ватандан айрилиш, ёлғизлик ва бегоналик ҳолати, асосий яшайдиган ватани бўлган  руҳлар оламидан бу фоний дунёга келган руҳларнинг ҳолати, ғариб, ғурабо, ғарибон,  сўфийлар,  дарвешлар.

Ҳ

Ҳаво— нафсга хуш келадиган нарсага майл этиш, бу мавзудаги диннинг ҳукмини эътиборга олмасдан орзуларини рўёбга чиқаришни хоҳлаш.
Ҳаловат — мушоҳададан   ҳосил  бўлувчи   нурларга   айтилади.
Ҳақ — Аллоҳ, собит, давомли, тўғри, ҳуқуқ. Аллоҳга оид бўлган ҳақлар, ҳол, мақом, маърифат, қасд, муамала ва ибодат каби нарсалар.
Ҳақиқат — ҳақиқат, ирфоний ҳақиқат, азалий ва абадий ҳақиқат, қалбнинг доимий суратда Аллоҳнинг ҳузурида бўлиши, бир лаҳза бўлса ҳам шубҳага бормаслиги, илоҳий оламда мушоҳада қилинадиган фақат ифода қилина олмайдиган маънавий ҳақиқатлар, кашф ва илҳом йўли билан билинадиган ҳақиқатлар, маърифат. «Таҳқиқ» ҳақиқат мартабасига етиш учун бутун қувват ва тоқатни сарфлаш, «таҳаққуқ» ҳақиқат мартабасига етишиш. «Ҳақиқат-и Муҳаммадийя», «Ҳақиқат ул-ҳақоиқ» — илк ҳақиқат. Аллоҳнинг илк яратган ҳақиқати, «Аллоҳ биринчи бўлиб, Ҳазрати Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) руҳларини ва нурларини яратди, кейин ҳамма нарсани бу руҳ ва нурдан, бу руҳ ва нур учун  яратди» шаклидаги ишонч, нури Муҳаммадий ва ақли куллий ақидаси. Ҳақиқат бир неча маъноларда қўлланади. Жумладан, Худони таниш ва билиш; мажознинг зидди; банданинг Худо васлига интизорлик ҳолати; Ҳақ жамолини кўрсатиши; нарсалар манбаида илоҳий қудрат ва санъатни мушоҳада этиш ва ҳоказо.
Хақиқат— шариат ва тариқат босқичларидан кейин келиб, илоҳий зот маърифатини ифодалайди: «Шариат — соғлиқнинг жисми, ҳақиқат
— унинг руҳи» деб таърифлайди. Сўфийлар ҳақиқатга етишишни асосий мақсад деб билганлар. Сайру сулук натижасида моддий ва маънавий тўсиқлардан ўтиб, ўз нафсларининг асл жавҳаридан, яратилиш моҳиятидан ва дунёга келиш сирларидан огоҳ бўладиларки, бу мутлақ ҳақиқатдир. Баъзи сўфийлар бу мақомни фанодан сўнгги бақо деганлар. Бу  тушунчанинг рпвожланиши асосида аста-секин «комил инсон» тушунчаси юзага келган. Тасаввуфий манбаларда ҳақиқат атамасидан ташқари «ҳақиқати жомиъ», «ҳақиқати мутлақ», «ҳақиқатул-ҳақоиқ» иборалари ҳам қўлланади.
Имом Муҳаммад Ғаззолий ҳақиқат истовчиларни тўрт гуруҳга: мутакаллимлар, файласуф ва ҳакимлар, исмоилия ва таълимия тарафдорлари ва сўфийларга бўлади. Сўфийлар ҳақида: «Мен учун тамоман равшан бўлдики,  Худойи таоло тариқатига қадам қўйганлар фақат сўфийлардир. Уларнинг ҳаёт тарзлари, тариқатлари ва феъллари ҳам энг яхшидир, мақбулдир»,—деб таъриф  беради.
Ҳижоб — парда, моддий олам билан маънавий олам орасида бўлган нафсоний ва зулмоний пардалар, ҳақиқатни кўришга моне бўладиган ёпқич. Маҳжуб — Ҳақ ва ҳақиқат орасида пардаси бўлган киши «Ҳижоб ва парда фақат нафсдир».
Ҳол— биз яшаб турган замон ва ҳолат, вақт, маълум бир пайтда келадиган (ворид) ва тушадиган (нозил), кейин эса кечадиган маънавий ҳис ва ҳаяжонлар, шавқ, ҳузн, унс, мушоҳада, яқин, хавф, қабз  каби ҳоллар. Ҳол, Ҳақ неъматидир, меҳнат орқали қўлга киритилмайди, мақомларга эса меҳнат, риёзат билан эришилади.
Ҳол соҳиби—маънавий ҳолати яхши бўлган, тасаввуфий ҳолларни кўриб ва яшаб таниган, важд жазба ва истиғроқ ҳолатида бўлган, сакр ва талвин соҳиби, ҳолини бошқара олган киши.
Ҳузн — Шавқ. Ҳузн — жаҳаннамни, илоҳий азобни ва ғазабни ўй-лаб, ғамга ботиш. Шавқ — жаннатни ва илоҳий неъматларни ўйлаб севиниш. Хавфуллоҳнинг натижаси ҳузн, муҳаббатуллоҳнинг  натижаси  шавқ  ва  иштиёқдир.
Ҳусн — энг мукаммал камолот ва сифатга эга бўлган зотдирким, у Ҳақдир. «Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади» (Ҳадиси шариф). Аллоҳ жамоли, маҳбуб дийдори.