ИЗОҲЛАР
1. Татаббуъ — луғ. маъноси бирор нарсанинг кетидан тушиш, изидан боришни англатади; адабиётшуносликда бирор шеърдан таъсирланиб, ундаги вазн, қофияни (радиф бўлса, уни ҳам) сақлаган ҳолда асар ёзиш, баъзан бундай шеърларни ўхшатма, жавобия, назира ҳам дейдиар. Татаббуънинг табиатини бизда биринчи ўрганган А. Шомуҳамедов, татаббуъларда шоирлар ўз ғояларини ифода этишга интилганлар, деб ёзади (Қаранг: Шомуҳамед о в А. «Традиция татаббу в творчестве Алишера Навои» Ташкент: Фан, 1984; Ўзбек адабиёти тарихи. 2-том. Тошкент, 1978, 12— 17-бетлар).2. Шайх Саъдий— (120З, Шероз—1292, шу шаҳар) Муслиҳиддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибни Мушрифиддин Саъдий Шерозий улуғ форс шоир. Унинг «Гулистон», «Бўстон» асарлари ва 4 девони таркибидаги ғазаллари ғоят машҳур бўлган. Унинг араб тилида қасидалари бор.
Саъдий ёшлигида етим қолган. У аввал Шерозга кетган. Бағдоддаги «Низомия» мадрасасида таҳсил олган. У кўп саёҳат қилган. Жом, Ҳизож, Шимолий Африка мамлакатларида бўлган.
Саъдий асарларининг кейинги адабиётга таъсири ғоят кенг бўлган. Навоий, «Девони Фоний»да Саъдийнинг 22 ғазалига татаббуъ қилган ва унинг ғазаллари таврида 2 ғазали бор.
3. Хожа Ҳофиз Шерозий — Шамсуддин Муҳаммад (1321, Шероз — 1350, шу шаҳар) буюк форс шоири. Тожир оиласида дунёга келган ва отадан ёш етим қолган Шамсуддин новвойга шогирд тушади. Тезда Қуръони мажидни ёд олиб, гўзал тиловат қилади. Шу муносабат билан «Ҳофиз» тахаллусини олади. Ундан бир девон қолган. Ҳофиз шеърлари ишқи мажозни ва ишқи ҳақиқий тараннумига бағишланади. Мавзунинг турли-туманлиги, улардаги бадииятнинг ғоят юксаклигидан Ҳофиз шеърлари ўз замонасидаёқ шуҳрат қозонади, кейинги давр шеъриятига ҳам баракали таъсир кўрсатади. XVII асрдан бошлаб Ғарб адабиётига ҳам таъсир ўтказади. Гёте Ҳофиздан илҳомланиб «Ғарб ва Шарқ девони»ни яратгани шоирни ғарб тафаккур оламига қадам сурганига далилдир.
Навоий Ҳофиз ғазалларидаги маҳоратни юксак баҳолаган. «Девони Фоний»да Ҳофизнинг ғазаллари татаббуъида 211, таврида эса 20 ғазал мавжуд. Айтиш керакки, Навоий Ҳофиз ғазалларидан тасаввуфий мазмундагиларни олган.
Ҳофизнинг дўсти ва шогирди Муҳаммад Гуландом йиғган, шоир вафотидан 38 йил кейин тузилган девон нашр қилинган. Ҳозирча аниқланган шеърлари 418 ғазал, 5 қасида, 41 рубоий, 3 маснавий («Соқийнома», «Оҳуйи ваҳший», «Муғаннийнома»)дир.
Ҳофизнинг мақбараси Шероздаги Мусалло боғида, ҳозир «Ҳофизия» деб аталади. Ҳофиз ижодини ҳар томонлама ўрганишда Эрон олимлари Абдураҳмон Халхолий, Муҳаммад Қазвиний, Қосим Ғани, Саид Нафисий, Абдулҳусайн Зарринкўб, Ҳусайн Али: Ҳиравий, Баҳовуддин Хуррамшоҳ кўп иш қилдилар. Ҳофиз ғазалларига кўплаб шарҳлар ёзилган. Оврупода Я. Рипка, А. Арберри, X. Ремер, X. Риттер ва бошқалар, рус олимларидан Е. Бертельс, А. Болдирев, И. Брагинскийлар, тожик олими А. Мирзоев ҳофизшуносликка етук ҳисса қўшдилар.
4. Хусрав Деҳлавий — (125З, Патёлий —1З25, Деҳли) Яминуддин Абулҳасан Амир — Хусрав Деҳлавий номи билан машҳур шоир, адиб, мутафаккир, бастакор. Отаси Сайфуддин Маҳмуд туркий лочин қабиласидан бўлиб, мўғуллар истилоси арафасида оиласини Шаҳрисабздан Ҳиндистонга кўчириб кетган эди. Хусрав ёшликдан ёза бошлаган шеърларида «Султоний» тахаллусини қўллаган. У узоқ муддат Бангола ва Деҳли султонлари хизматида бўлган. Хусрав Шарқ мумтоз шеъриятининг ва насрининг барча жанр ва турларида ёзган ва Шарқ адабиёти тарихида биринчи бўлиб ўз шеърларини ҳаёти фаслларига мослаб, девонга ажратган ва уларга алоҳида номлар берган. Бу анъанани кейинчалик Жомий ҳамда Навоийлар давом эттирганлар.
Хусрав Низомий Ганжавийнинг 5 достонидан таркиб топган «Панж ганж»ига жавобан 5 достондан иборат «Хамса» яратган, бу билан «хамсачилик» анъанасига асос солган. Шоир бошқа воқеий достон («Хизрхон ва Дувалроний») ва адабиёт илми, иншо санъати, мусиқа назарияси (адвор илми)га оид асарлар ёзган. У ҳинд, урду, араб тилларида ҳам асарлар ёзган. Хусравнинг катта ҳажмдаги: «Эъжози Хусравий» номли асари турли масалалардан баҳс этувчи алоҳида рисолалар мажмуасидир. Алишер Навоий Хусрав Деҳлавийни «Хамсадаги ҳар достони аввалида ўзининг мўътабар салафи сифатида таърифлайди, унинг бадиий маҳорати юксак баҳоланади. Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да Хусрав ҳақида унинг пири Низомиддин Авлиёнинг: «...қиёматда ҳар киши бир нима била фахр этгай, мен бу туркнинг, яъни Хусравнинг кўксининг куюки била фахр қилғумдур»,— деган сўзларини бежиз келтирмайди. Навоий ишқ ва муҳаббат машрабидин тўла хабардор ориф, шеъриятда мажозий муҳаббат ва ҳақиқий ишқ тараннумида ёниб-ёниб фикр юритган шоир Хусрав ғазалларидан «Девони Фоний»да З2 татаббуъ қилган ва таврида битта ғазал битган.
5. Мухтараъ — арабча сўз бўлиб, кашф этилган, асосланган маъносини англатади ихтироъ ҳам шу тушунчани англатади. айзан — арабча, юқоридаги каби, яна, шунингдек маънола-рини англатадн. Тавр—луғ. бирор нарса атрофида айланиш, тарз, йўсин, усул, тартибни, одат (манера)ни англатади; адабиётшуносликда бирор шеърнинг моҳияти услубини олиб, шу йўсинда асар ёзишдир. «Девони Фоний»да шундай ғазаллар мавжуд. Масалан, «Дар таври Хожа», «Татаббуъи Махдум, дар таври Хожа». Бундай ғазалларда вазн, қофия (радиф) мезон қилиб олинмайди, балки услуб, мазмунни шеърий талқинига, услуб, рангга риоя қилинади.
Бу адабий йўл шоирларнинг ўзаро мусобақаси йўсинида бўлиб, мазмун ўзгалик, жилоларини янгича талқинини яратишга ундар эди. Янгича талқинда эса тимсоллар, бадиий воситалар, баёндаги адоларга алоҳида эътибор қилиш даркор бўлар эди.
6. Амир Шайхим Суҳайлий — (1444—1502) Низомуддин Аҳмад. Амир Шайхим номи билан машҳур шоир. Навоийнииг дўсти ва мусоҳибларидан. Давлатшоҳ Самарқандий «Тазкират ут-шуаро»да Суҳайлий тахаллусини унга устоди Шайх Озарий тавсия қилган, деб ёзади ва туркий девони ҳам бор, деб хабар қилади. Суҳайлий Хусрав Деҳлавийнинг «Дарёи аброр» (Поклар дарёси), Жомийнинг «Лужжат ул-асрор» («Сирлар тўплами ё дарёси»), Навоийнинг «Туҳфат ул-афкор» («Фикрлар туҳфаси») асарларига жавоблар ёзган. Унинг «Лайли ва Мажнун» достони ҳам бор. Навоий Шайхим Суҳайлийни «Ёри азиз», деб ардоқлаган. «Девони Фоний»да Суҳайлийнинг З ғазалига Навоий та-таббуълари бор.
7. Абдураҳмон Жомий— (1412, Жом — 1492, Ҳирот) Нуруддин Абдураҳмон Жомий «Ҳазрати Махдум» номи билан машҳур бўлган шоир, аллома. Навоий Жомий билан 1476—1477 йилларда танишган ва уни ўзига пир, устоз қилиб олган: Жомий вафотига қадар Навоий у билан самимий дўст, маслакдош бўлиб қолган. Жомий «Ҳафт авранг» (Етти тахт) номли асарини (7 достондан иборат) Низомий ва Хусрав Деҳлавий достонлари жавобида ёзган: Булар «Силсилат уз-заҳаб. («Олтин силсила»), «Саломон ва Абсол», «Туҳфат ул-аҳрор» («Ҳурлар туҳфаси»), «Сабҳат ул-аброр» («Поклар тасбеҳи»), «Юсуф ва Зулайҳо», «Лайли ва Мажнун», «Хирадномаи Искандарий» лардир. Жомийнинг З та алоҳида номланган, ғиноий шеърлар девонлари, «Мактублари» мажмуаси, рисолалари, «Аруз», «Қофия», «Мусиқа» ва бир қанча асарларга шарҳлари бор. Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» тазкирасини Навоий туркийга таржима қилган ва Жомий вафотидан сўнг у ҳақда «Хамсат ул-мутаҳаййирин»ни ёзган. «Девони Фоний»да Жомийнинг З1 ғазалига татаббуъ ва 8 ғазали тавридаги ғазаллар мавжуд.
8. Салмон Соважий—(1З10, Сова —1З76, шу шаҳар) Жамолуддин Хожа Салмон ибни Хожа Алоуддин Муҳаммад. Салмон Соважий номи билан машҳур форс шоири. У замоннинг аксар илмларини, жумладан, адабиёт, риёзат, шеършунослик, тилшуносликни мукаммал эгаллаган. Шоир ўзининг «Қасидаи маснуъ» номли ўта мураккаб, бир неча баҳрда ёзилган, жуда кўп ноёб шеърий санъатлар, воситалар қўлланилган мувашшаҳ (безатилган, зийнатланган) йўлида ёзилган асари билан кенг шуҳрат қозонган. Салмон «Куллиёт»и (16 минг байт)дан «Жамшид ва Хуршид», «Фироқнома» достонлари етиб келган.Салмон ўз ғазалларида Хожу Кирмоний, Носир Бухорий ва Ҳофиз Шерозий каби шоирлар анъанасини давом эттирган. Навоий «Девони Фоний»да Салмон Соважийнинг 2 ғазалига татаббуъ ғазал битган.
9. Шоҳий Сабзаворий — (1З85, Сабзавор —145З, Астробод) Амир Оқ Малик ибни Малик Жамолуддин Ферузкуҳий, тахаллуси Мир Шоҳий. Шоҳий хаттотлик, наққошлик, мусиқа ва олтинлаш санъатида номдор устодлардан бўлган. Тазкираларда Шоҳийнинг шеъриятида Хусравнинг ёниши, Ҳасан Деҳлавийнинг латофати, Қамол Хўжандийнинг назокати, Ҳофизнинг ёрқин ва теранлиги жамъ бўлгандир, деб таърифланади. Шоҳийнинг аждодлари мўғул истилочиларига қарши деҳқон ва ҳунармандларнинг «сарбадорлар» номи остидаги қўзғолони етакчиларидан бўлганлар. Бу ижтимоий-сиёсий маънодаги халқ ҳаракатига айланган қўзғолон аёвсиз бостирилгач, Шоҳий Бойсунғур Мирзо саройини тарк этиб, Сабзаворга кетади ва деҳқончилик билан шуғулланади. Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис»да ёзишича, қандайдир юмуш билан Журжонга борганида Астрободда қазо қилади. Унинг наъши Сабзаворга келтирилиб, иззат-ҳурмат билан дафн этилади. Шу асарда Навоий Шоҳийни кўрмаганини, лекин ораларида ёзишмалар бўлиб турганини эътироф қилади. «Девони Фоний»да Навоий Шоҳийнинг ғазалига татаббуъ қилган.
10. Камол Хўжандий—(1З18, Хўжанд—1401, Табрез) Камолуддин Масъуд, Шайх Камол, Камол Хўжандий номлари билан машҳур шоир.
У Хўжанд, Самарқандда таълим олган. Хоразм ва Шош (Тошкентда) истиқомат қилган. Камол ниҳоятда билимдон шахс бўлган: адабиёт, араб тили, фиқҳ, ҳадис, калом, ҳикмат, тафсир ва тасаввуфни пухта билган. Ироқ ва Озарбайжон ҳокими Табрез атрофида Валиёнкўҳ деган мавзеъни унга туҳфа қилгач, Камол боғ барпо этиб, уни Беҳишт деб атаган ва боғдорчилик билан рўзғор тебратган. Камол «Девон»ида 14 минг байт бўлган, дейилади. Лекии бизгача етиб келган «Девон»ида 7989 байт мавжуд. Унинг ғазалларида инсоннинг ботиний олами очиб берилади. Ошиқона ҳис-туйғулар тараннум этилади. Камолнинг ўзбек тилида ҳам ёзгани ҳақида биринчи бўлиб А. Ҳайитметов ёзди. (Қаранг: Шайх Аҳмад қози Худойдо Тарозий. Фунунул балоға. Хазина, 129З). «Девони Фоний»да Камол ғазалларига 4 татаббуъ ва таврига ғазаллар бор.
11. Соҳиб Балхий — Давлатшоҳ Самарқандий бу шоир тахаллуси «Шарифий» бўлган, дейди. Навоий «Мажолис ун-нафоис»да: «Шеър фанида маҳоратли киши эрди. Адвор — мусиқий илмида комил эрди»,— дейди. Соҳиб ўз ғазалларига ўзи куй басталар экан, унинг «Чоргоҳ» амалидан бошқа асар Жўги Мирзо (Шоҳруҳ Мирзо ўғли) мажлисларида айтилмас экан. Соҳибнинг Хожа Салмоннинг «Маснуъ» қасидасига жавобияси бор. Қабри Балхда. «Девони Фоний»да Соҳиб Балхийга 1 та татаббуъ ғазал бор.
12. Котибий — (ваф. 14З5, Астробод) Шамсуддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ—машҳур шоир, хаттот ва мунши. Яхши хаттот бўлганлигидан Котибий тахаллусини олган. Котибийнинг Нишопурда таҳсил олгани, Ҳирот, Самарқанд, Мозандарон, Гилон, Ҳизож, Табрез ва Исфаҳонларда бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Навоий «Мажолис»ида шоирнинг «Тажнисот», «Зул-баҳрайн», «Зул-қофиятайн», «Ҳусн ва Ишқ», «Нозир ва Манзур», «Баҳром ва Гуландом» номли асарлари борлигини, умри охирида эса «Хамса»га киришганини, лекин тугалланмай қолганинн хабар қилади. Котибий тоун — вабо касаллигидан вафот этган ва қабри Астрободнинг «Нўҳ гурон» гўристонида экан. «Девони Фоний»да Котибий ғазалига татаббуъи бор. Алишер Навоий «баъзе аз зурафон замон», «баъзе аз акобир», «татаббуъи баъзе ёрон» каби сарлавҳалар остида яна бир неча машҳур шоирларга татаббуъ қилган. Жумладан:
Ҳасан Деҳлавий— (1254—1ЗЗ7/З8) Нажмудднн Ҳасан. 1280-85 йилларда Хусрав Деҳлавий билан Мултонда Султон Муҳаммад хизматида бўлган. Шеърлар девони ва «Ишқнома» маснавийси бор. Ғазалда Саъдийга эргашган, у уйланмаган, камбағалона ҳаётни маъқул кўрган, қабри Аврангободда. «Фавойид ул-фуод» («Юрак фойдалари») номли насрий асари Низомуддин Авлиё (шоирнинг пири)нинг айтган сўзлари мажмуасидир. Унда шоир таржимаи ҳолига оид маълумотлар ҳам бор. Камол Хўжандий, Ҳилолий, Биноий, Мушфиқий каби шоирлар унга пайравлик қилганлар. «Девони Фоний»да Ҳасан Деҳлавийнинг икки ғазалига Навоийнинг 2 татаббуъи келтирилган.
Аҳмад Ҳожибек Вафоий— (вафоти 1495-96, Бухоро). Отаси Султон Малик Қошғарий жуда маърифатли ва тенгсиз сиймолардан бўлган. У 10 йил Ҳиротда, 1496 йилгача Самарқандда ҳокимлик қилган. Навоий 1465-69 йиллар Самарқандда таҳсил олаётган вақтда Аҳмад Ҳожибек унга мураббийлик қилган ва моддий жиҳатдан кўмак бериб турган. Аҳмад Ҳожибек ақлли, тадбиркор ва адолатли бўлган, шеърият билан ҳам машғул бўлган. «Девони Фоний»да Вафоийнинг икки ғазалига Навоийнинг татаббуъ ғазали мавжуд.
Сайфий — (ваф. 150З, Бухоро) шоир, адабиётшунос. Бухоро ва Ҳиротда таҳсил олган. 1487 й. Бухорога қайтган. Сайфийнинг 2 девони, аруз ҳақида ва мусиқа бобида рисолалари бор. «Аруз рисоласи»да шеър ва шоирлик, аруз қонун-қоидалари, баҳр ҳамда доиралари анчайин содда ва равон тил ҳамда услубда ёзилган. «Девони»даги шеърлар анъанавий ғазалчилик йўлида яратилган. Шоир касб-ҳунар эгаларини мадҳ этиб, кўп шеърлар ёзган. Кейинчалик бу хил асарлар «Шаҳрошўб» деб аталган. «Девони Фоний»да Сайфийнинг бир ғазалига Навоийнинг татаббуъ ғазали бор.
Султон Ҳусайн Бойқаро—(14З8—1506) Соҳибқирон Темур наслидан Мирзо Мансур Бойқаро ўғли, подшоҳ, шоир. Навоийнинг болаликдан дўсти. 1469 йилда у Ҳирот тахтига чиққанида Самарқандда таҳсил олаётган Навоийни дарҳол махсус фармон билан пойтахтга чақиртирган эди. Ҳусайн Бойқаро даврида Ҳирот бутун Шарқда илм-маърифат, санъат, адабиёт ва маданиятнинг яшнаган марказига айланган эди. Ҳусайн Бойқаро соҳиби девон шоир ҳам бўлган. Ғазалларини Ҳусайний тахаллусида битган (1485 й.), насрий бир рисола ҳам яратган. Унда Навоийнинг ижодий фаолиятига берилган юксак баҳо мавжуд. Навоий ҳар бир асарида ўз шоҳини мадҳ этади, унинг васфига алоҳида боблар бағишлайди. «Девони Фоний»да Ҳусайнийнинг 2 ғазалига татаббуъ ўрин олган.
Исмат Бухорий—(ваф. 1497, Бухоро) Хожа Исматуллоҳ ибн Хожа Масъуд, гўзал ғазал ва қасидалар ижод қилган шоир. Халил Султон саройида бўлган, унга 40 қасида бағишлаган. Халил Султон феодаллар исёни пайтида зиндонбанд этилгандан сўнг шоир саргардонликка учраган. Улуғбек тахтга ўтиргач, уни саройга таклиф қилган, лекин Исмат рози бўлмаган. У узлатни, дарвешона ҳаётни орзу қилган. Шоирнинг «Девон»и (800 байт) ва «Иброҳим Адҳам» маснавийси мавжуд. Исмат Бухорийнинг тасаввуфий фикрлар, сўфиёна ҳис-туйғулар билан кўчирилган шеърлари халқ орасида шуҳрат тутган. Шоир шеъриятида Хусрав Деҳлавийнннг куйинишини, Ҳофизнинг ирфон ақидалари, Саъдийнинг равонлиги кўзга ташланади. Шоир Исмат, «Исматуллоҳ» ва Халил Султон тавсия қилган «Насрий» тахаллусларида ёзган. «Девони Фоний»да Исмат Бухорийнинг бир ғазалига татаббуъ бор.
Коҳий—(1414, Самарқанд, Миёнколи—1481, Агра) Нажмуддин Муҳаммад Абулқосим. Самарқанд, Бухорода таҳсил олган. Ва Ҳиротдаги «Низомия» ва «Ихлосия» мадрасаларида ўқиган. Коҳий адабиёт, тарих, фиқҳ, тиб ва жуғрофияни пухта ўрганган. Шеъриятда Саъдий ва Жомий анъаналарини давом эттирган. «Бўстон»га ўхшатма қилиб «Гулафшон» номли маснавий ёзган. «Маънолар илми», «Балоғат илми» ва «Мусиқа рисола»лари бор. «Девони Фоний»да Навоийнинг Коҳий Миёнколийнинг 1 ғазалига татаббуъи келтирилган.