Топ рейтинг www.uz
СI

Ҳикоят

— «Келди Хирқоний1 қошиға бир мурид,
Ўз сулуку тоатидин ноумид.

Дедиким:— «Иблис пурфанлиқ қилур,
Кўнглума ҳар ишда раҳзанлиқ қилур.

Ҳам намозимға етар ондин қусур,
Зикру тасбеҳимға доғи юз футур».

Муршиди комил деди: — «К-эй зулмкеш,
Тиғи жаврунг бирла шайтон кўнгли реш.

Онда ҳам сендин шикоятлардурур,
Жавру зулмунгдин ривоятлардурур.

Дер манга қисм этмиш аввалдин илоҳ,
Макр ила эл ҳолини қилмоқ табоҳ.

Роҳзанлиқ айламак исён сари,
Бошламоқ йўл водийи нуқсон сари.

Сен муриде айламишсен тарбият,
Ким анга мендин фузундур бу сифат.

Ҳар қачон келдим бу шаррун носға,
Ким солай кўнглини бир васвосға.

Қайси мункирким манга мақбул эди,
Кўнгли, кўрдумким, анга машғул эди.

Ҳар тахайюлким манга эрди маҳол,
Хотирида эрди мамлу ул хаёл.

Айламакни санга талқинлар басе,
Бизни шайтон қилди таҳсинлар басе.

Раҳмат ушбу макр ила тазвиринга,
Ким дегай шайтонки, раҳмат пиринга».

Деди: — «Шайтон айламиш туҳмат манга,
Ул берур ҳар лаҳвга рағбат манга».

Деди шайх: — «Аҳсанта бу янглиғ маош,
Ким санга шайтон била бўлғай талош.

Мен арода бўлғомен ҳукм эткучи,
Ёрғу айлаб, узрунгузға еткучи.

Ҳам санга юз қатла шайтондин уёт,
Ҳам анга сен шуми нодондин уёт».

СII

Яна бир қушнинг Ҳудҳуддин саволи

Деди бир сойилки: — «Эй фаррух жамол,
Кўнгулма беҳад муҳаббат солди мол.

Ҳам висоли жонима солур нашот,
Ҳам унидин кўнглум айлар инбисот.

Бир нафас гар бўлмаса илкимда сийм,
Ҳажридин жонимға бор ўлмакка бийм».

CIII

Жавоб

Деди Ҳудҳуд: — «К-эй ҳақиқатдин йироқ,
Жонинга қўйғон дирам доғи фироқ.

Ҳирс жоми айлаган кўнглунгни маст,
Сен бўлуб ул мастлиғдин зеридаст.

Бу не сўз бўлғайки зикр этгай киши,
Ким эмас бу одамийларнинг иши.

Одамийлиғнинг бу иштин ори бор,
Ким бу сичқонга эрур даъбу шиор.

Ерни қазмоқ айлабон кўп иҳтимом,
Туфроқ ичра хору зор айлаб мудом.

Нақб уруб уйларға ҳирси шумдин,
Жон чекиб бу хислати мазмумдин.

Ҳар нафас бир уй сари солиб тўшук,
Ногаҳон чиққач каминдин бир мушук.

Айлаб они сайд ишратлар била,
Тўъма айлаб ҳирсу рағбатлар била.

Еб шарадин жисми бирла қонини
Эт нечукким сифлалар сичқонини.

Ё йилон янглиғки, ганж айлаб ҳаво,
Йиллар ўлғай туфроғ ичра мубтало.

Чарх мундоқ айлагай подошини,
Ким кўрунгач, ёнчқойлар бошини.

Ё йилон бўл ёки сичқон, эй нажис,
Мунча худ бордур сенинг зотингда ҳис.

Ким аларға бўйла бўлса оқибат,
Билгасенким яхши эрмас бу сифат.

Сийм севгонким, анга побаст ўлур,
Шавқидин онинг ажойиб маст ўлур.

Ўйладурким жоҳилу нодон маст,
Сиймдин бут айлаб, ўлғай бутпараст.

Жаҳл бирла тарки ислом айлаган,
Ўзга дўзах азмин анжом айлаган.

Токи бўлғай даҳр боғида тирик,
Рўзғор андоқки бу янглиғ ирик.

Сийм учун юз ҳирсу шайдолиг била,
Ўлмагай охир бу расволиғ била.

Мен сени сичқон демай, Қорун тутай,
Йўқ йилон, алҳақки, Афридун тутай.

Оқибат борин чу солиб кеткосен,
Неттилар ул хайлким, сен неткосен.

Бу таманнони чиқарғил бошдин,
Бошни қутқар бу қаттиқ тошдин.

Эр эсанг мақсуди асли кўзлагил,
Ҳар неким сўзларсен — ондин сўзлагил.

Қилма ул ишким етиб нуқсон санга,
Охири бўлғай вуболи жон санга».   

СIV

Ҳикоят

— «Басра1 шаҳрида лаиме бор эди,
Бебасарлиғ фаннида динор эди.

Майли жамъ айларга динору дирам,
Ул сифат ғолибки, Ҳотамға2 карам.

Кўп машаққатлар била дуни лаим,
Бир-бир узра жамъ айлар эрди сийм.

Ончаким жамъ ўлди бир махзан анга,
Ер тубида айлади мадфан анга.

Бовужуди мунча нақд ул дунҳисол,
Тўниға тикмиш эди гардун мисол.

Беадад махфий дирамлар ҳирси шум,
Кундуз андоқким фалак ичра нужум.

Ким булардиндур манга тан қуввати,
Ўйлаким тан қуввати — жон сиҳҳати.

Иттифоқо бир кун ўлди манзиле,
Мол савдосиға дарё соҳили.   

Сув қироғинда еб ул моли ҳаром,
Молнинг савдода судидин таом.

Бўлди дарёда иликни юрда ҳам,
Чун оғирлиқ қилди бир сори дирам.

Тушди дарёға лаими дунсиришт,
Чекти қаъриға они ул феъли зишт.

Толпиниб кўп зоҳир этти изтироб,    
Ким биров солғай онинг сари таноб.

Махласиға майл кўргузгунча хайл,
Кўпрак этти баҳрнинг қаъриға майл.

Чун оғир эрди дирамдин лангари,
Сув тубин тутти садафдек гавҳари,

Сиймдин етти бу офат жониға,
Тушти яғмо махзани пинҳониға.

Сийм йиғмоққа натижа бўлди бу,
Сен онинг савдосидин илкингни ю(в).

Мутлақ онинг сори майл этма яно,
Ким талотумда эрур баҳри фано».

СV

Яна бир қушнинг Ҳудҳуддин саволи

Деди бир сойилки:— «Эй улви хиром,
Масканимдир бир биҳишт осо мақом.

Ҳар шажар онда келиб тўби мисол,
Ҳар тараф кавсар киби равшан зулол.

Суви руҳафзо, ҳавоси жон физо,
Саҳнида мавжуд танпарвар ғизо.

Боғи жаннатдек фазосидур васеъ,
Ўртада қасри биноси бас рафеъ.

Қаср ичи наққошлиқдин зарнигор,
Тошида наққошлиғ гавҳарнигор.

Қаср аро бир хисрави оромгир,
Сурати хуш, сийрати хотирпазир.

Бўйла гулшан ичра манзилдур манга,
Бўйла шаҳнинг васли ҳосилдур манга.

Менсиз эрмас бирдам онинг мажлиси,
Туну кун менмен рафиқу муниси.

Бу тарабларни қўюб, айлаб ҳаво,
Истамак Симурғ бўлғайму раво?»

СVI

Жавоб

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй хаёлинг барча ҳеч,
Шарҳида бу қилу қолинг барча ҳеч.

Гарчи зебо гулшану дилкашдурур,
Кўзгу сув бирла ҳавоси хушдурур.

Онда тўбиваш йиғочлар жилвасоз,
Гуллари юз лавн бирла ишвасоз.

Ҳам вафосиз келди насрину гули,
Ҳам бақосиз сарв бирла сунбули.

Чун баҳориға хазон солур шикаст,
Бўлур ул гуллар қаро туфроққа паст.

Қасрини ҳам чарх чун даврон қилур,
Хаста ошиқ кўнглидек вайрон қилур.

Шоҳиға доғи жафои рўзғор —
Тахта узра тахтдин берур қарор.

Боғига гулчеҳралардек йўқ вафо,
Шоҳиға бадмеҳрлардек йўқ бақо.

Сендин онда ким десун худ, эй заъиф,
Бир тикан баргига эрмассен ҳариф.

Эр эсанг Қофи бақоға азм қил,
Авжида бир — шоҳ васли истагил.

Ким бу гулшанға камол ондин дурур,
Ҳар хазону ҳам завол ондин дурур.

Шоҳга зебу фар жамолидин онинг,
Азлу фавти ҳам жалолидин онинг.

Қасрни обод айлаган ҳам ҳикмати,
Сўнгра вайрон доғи қилғон қудрати».

CVII

Ҳикоят

— «Бир қаландар бор эди мабҳуту данг,
Субҳу шом онинг ғизоси эрди банг.

Тарк аҳлидек намудори онинг,
Журъадонда лекин асрори онинг.

Чун ғизо еб ўзни айлар эрди лол,
Айш анга қилмоқ хаёлоти маҳол.

Тушти кўпрак бир кун ул нофиъ ғизо,
Мунтафеъни чекти бир вайрон аро.

Такя солди бир бузуғ деворға,
Сойир ўлди олами асрорға.

Кўрди ўзни бир назаҳ гулшанда шод,
Теграсида жамъи асбоби мурод.

Маскани қасри биноси бас қавий,
Зеби онинг коргоҳи Монавий.

Ўзи бир тахт устида Жамшедваш1,
Ёнида гулчеҳраи хуршедваш.

Айш этиб ул хисрави олий мақом,
Топиб ул гулчеҳрадин ҳар лаҳза ком.

Бу хаёлот ичра ул кошонада,
Ётмиш эрди гўшаи вайронада,

Ким бузуғнинг гўшасидин бир чаён,
Ниши нўгида ажал заҳри аён.

Чиқти ул вайрон тавофин майл этиб,
Санчар эрди ниш ҳарёнким етиб.

Нўши лабдин ком олурда ҳарзакеш,
Ул чаёндин эрнига санчилди неш.

Қичқириб қўпти қаландар беқарор,
Зоҳир айлаб изтиробу изтирор.

Не гулу гулшан эди, не қасру тахт,
Не ёнида маҳваши ферузбахт.

Ул хаёлоти топиб бори халал,
Еб ва лекин эрнига ниши ажал.

Билди ҳарне қилғони эрмиш хато,
Қилмади суди пушаймонлиғ анго.

Санга ҳам мутлақ ҳам андоқ келди ҳол,
Йўл димоғингға топиб фосид хаёл.

Чун ажал нишин ебон сесконгосен,
Ғафлатинг уйқусидин уйғонғосен.

Ҳар неча қилсанг фиғону зорлиғ,
Қилғуси йўқ бир сари мўйи осиғ.

Онглағунгким кимдин ўлмишсен йироқ,
Қолғуси жонинг аро доғи фироқ».

СVIII

Яна бир қушнинг Ҳудҳуддин саволи

Яна бир сойил деди:— «К-эй беназир,
Айламиш бир ишқ кўнглумни асир.

Кўрмасам маъшуқ рухсорин даме,
Тийрадур ул дам кўзумга оламе.

Бир нафас онсиз қарорим йўқ турур,
Дарду ғамда ихтиёрим йўқ турур.

Орази наззораси комим менинг,
Васлидин кўнглумда оромим менинг.

Ондоқ онинг бирладур улфат манга,  
Ким эрур онсиз гумон шиддат манга.

Қилмасам лаҳнин замоне истимоъ,
Жисмдин руҳум қуши айлар видоъ.

Кўнглум онинг фурқатининг хастаси,
Жоним онинг васлининг вобастаси.

Фирқатидин жонима бедод эрур,
Туну кун кўнглум иши фарёд эрур.

Ойрила олмасмен ондин бир замон,
Ондин айрилмоқ ҳамон, ўлмак ҳамон.

Ул санам ишқин нечук тарк эткомен,
Ойрилиб ондин қаёне кеткомен?»

СIX

Жавоб

Деди Ҳудҳуд;— «К-эй ишинг сўзу гудоз,
Солибон кўнглунгга ўт ишқи мажоз.

Тушконинг ишқи ҳақиқийдин йироқ,
Ўртаган кўнглунг аро доғи фироқ.

Асли йўлдин кўнглунг эткон ижтиноб,
Фаръ сори азмни кўрган савоб.

Чашмаи ҳайвондин ўтган хушк лаб,
Баркадин дафъи аташ қилғон талаб.

Дурри яктодин қилиб ғофил кўнгул,
Жола сори айлаган мойил кўнгул.

Меҳри ҳовар нуридин қилғон удул,
Шамъу машъал партавин, этган қабул.

Сурати зоҳир била топқон фириб,
Топмағон маъни жамолидин насиб.

Ҳусни зоҳирнинг не навъ ўлғай иши,
Юзда балғам бирла қон оройиши.

Юзни не васфин дединг ҳури Чигил,
Балғаму қондин эса оқу қизил.

Ҳусни зоҳирнинг вафоси йўқтурур,
Ҳам саботу ҳам бақоси йўқтурур.

Ошиқу шайдо бўлурға арзимас,
Ишқидин расво бўлурға арзимас.

Ким анга боқий эмастур хўблуқ,
Ориятдур шаклида маҳбублуқ.

Гар бу кундур хўб, тангло хўб эмас,
Хўбким бу навъдур, марғуб эмас.

Они севким ҳусни бўлғай баркамол,
Бўлмағай мумкин қуёшиға завол.

Юз туман минг сендек ўлса ошиқи,
Бўлмағай ошиқлиғининг лойиқи.

Берсалар ишқ аҳли юз жон ҳар бири,
Ҳусни юз минг мунчаға қилғай гари».

СХ

Ҳикоят

— «Бор эди шахсе Арастуға1 мурид,
Ҳалқаи дарсида ул эрди муъид.

Айлабон они ҳакими аржуманд,  
Жумлаи шогирдлар ичра писанд.

Анга махфий илмларни ойтибон,
Тифл экондин оллида улғайтибон,

Тўрт юз ҳикмат элидин аълам ул,
Барчадин ортуқ, Арастудин кам ул.

Кўнглида мундоқ хаёл айлаб ҳаким,
Ким Скандарга они қилғай надим,

Ким ўзи бир сориким қилса хиром,
Бўлғой ул фарзанддек қойим мақом.

Ҳикмат ичра нуқтаи мавзун била,
Сўз дегай мажлисда Афлотун2 била.

Борур эрди йўл била бир қатла ул,
Урди кўнглига бировнинг ишқи йўл.

Куфр дайридин чиқиб маҳпайкаре,
Кофири сангин дили сийминбаре.

Ноз ила юз динни яғмо қилғучи,
Ҳикмат аҳлин зору шайдо қилғучи.

Ул ҳаким ўлғоч гирифтори онинг,
Кўнглини кўрди ажаб зори онинг.

Боғлаб онинг васлиға етмакка бел,
Саъйлар айлаб ароға солди эл.

Токи кўп харж айлабон ажносу нақд:
Ром этиб ул дилрабони қилди ақд.

Эмдиким ул бут васли берди даст,
Куфр аҳли янглиғ ўлди бутпараст.

Кеча-ю кундуз кўз ондин олмайин,
Вола ўлди сафҳаға кўз солмайин.

Бўлди ул маҳвашқа андоқ шифтае,
Ким сабоқ баҳсидин ўлди кифтае.

Айлабон устод онинг наззораси,
Деди, айлай панд бирла чораси.

Берди истаб кўп насиҳат бирла панд,
Бўлмади панд ул балоға судманд.

Кўрди илму ҳикмати зоеъ бўлур,
Неча йиллиқ заҳмати зоеъ бўлур.

Неча фикр этти ҳакими беназир,
Кўрмади ул иш давосидин гузир.

Махфий ондин ўзни тутти чораға,
Берди муҳлик доруйи маҳпораға,

Ким йиқилди оҳу афғон тортибон,
Дам-бадам ул нотавонлиғ ортибон.

Чоралар қилди йигит — суд этмади,
Ул санамдин нотавонлиғ кетмади.

Ожиз ўлғач чорадин ул дардманд,
Келди устод оллиға зору нажанд.

Бош қуйи солиб малолатлар била,
Шарҳи ҳол этти ҳижолатлар била.

Кўрди чун устод андоқ эҳтиёж —
Келдиким беморға қилғой илож.

Дедиким:— «Кўп, сен бу кун хизматқа бор,
Тур Скандар ҳазратида бандавор.

Мен мудово айлайин беморинга,
Еткурай сиҳҳат париваш ёринга».

Ул қабул айлаб равони тутти йўл,
Сунди устоди илож айларга қўл.

Мусҳиле соз этти беҳад зўрманд,
Бердиким они сумурди мустаманд.

Деди маҳрамларғаким, воқиф турунг,
Ташт элтиб ул эшикда ўлтурунг.

Ҳар неким хориж бўлур — тўкманг они,
Бир ино ичра солиб асранг они.

Чиққоч ойтиб сўзлар ул олий маҳал,
Қилди мусҳил доғи бунёди амал.

Қилди юз мажлисга ихрожи мавод,
Ўлтуруб эрди эшикда устод.

Хастанинг тобу тавони қолмади,
Жисмида бир қатра қони қолмади.

Балғаму, сафроу савдо бирла қон,
Дафъ ўлуб, бўлди суманбар нотавон.

Кечқурун қилғоч йигит азми висоқ,
Деди доноким: — «Кириб ёрингға боқ!»

Киргач, истар эрди шўхи дилкаши,
Кўрдиким ётмиш гиря нохуши.

Тонимай деди: — «Менинг ёрим қани
Сарв бўйлуқ лола рухсорим қани?»

Эшитиб кирди ҳакими кордон,
Ақли кулдек олими бисёрдон.

Деди:— «Топширғон инони келтуринг,
Нозанинни ошиқиға еткуринг».

Борубон келтурдилар чун зарфни,
Ким эшитмиштур бу янглиғ ҳарфни.

Мухталиф ахлот ила мамлу эди,
Муҳлику макруҳ лавни бў эди.

Деди: — «Олғилким паризодинг будур,
Гул жабинлиқ сарви озодинг будур.

Будур улким мубтало бўлмиш эдинг,
Ошиқу вола мунга бўлмиш эдинг».

Ул йигит устоддин бўлди хижил,
Кўргач они устоди музмаҳил.

Деди: — «Эй фарзанд, кўрдум эҳтиёж,
Йўқ анга, билким — санга қилдим илож.

Сен доғи ошиқсену маҳбубунг ул,
Зору шайдо айлаган матлубунг ул.

Бўйла ошиқлиқдин, эй олуда зот,
Пок ишқ аҳли қошиндадур уёт!»

СХI

Яна бир қушнинг Ҳудҳуддин саволи

Яна бир сойил деди тортиб фиғон:
— «К-эй сен ўлғон воқифи сирри ниҳон.

Йўлда жонимға ўлумдин бийм эрур,
Жон бурун манзилда — ўқ таслим эрур.

Хавфи муставли яқин беҳад заъиф,
Бўйла йўлға найлаб ўлғаймен ҳариф?»

CXII

Жавоб

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй наҳифи хаста дил,
Неча қолғунг олам ичра — фикр қил.

Кимки келди — оқибат борғусидир,
Кўксини тиғи ажал ёрғусидир.

Зи ҳаёт ўлмак учундур оқибат,
Бўйла таҳқиқ этти аҳли маърифат.


Йўқки ориф кимки йўқтур ўйла кул,
Бу муҳаққақ амрдин ғофилдур ул.

Минг йил ўлсанг даҳр аро ё бир замон,
Ким ажал охир санга бермас амон.

Авлиё бу вартаға бўлмиш асир,
Анбиёға бу юришдин йўқ гузир.

Ваҳм қилмоқдин қутулмоқ йўқтурур,
Қайғуруб озод бўлмоқ йўқтурур.

Ришва бермак бирла йўқ озодлиғ,
Ҳам қилур тиғи ажал жаллодлиғ.

Йиғламоқ бирлау ёлбормоқ била,
Чора йўқтўр жуз бу йўл бормоқ била.

Зоҳиду фосиқ била шоҳу гадо,
Қилмайин бўлмас бу йўл қатъин адо.

Қўрқмоғдин кимсага йўқ фойида,
Ғайр кўрмаклик ҳумуми зойида.

Ҳеч навъ ўлмас чу ўлмакдин гузир,
Авло улким бўлғосен фармонпазир».

СХIII

Ҳикоят

«Нақлдурким, авжи рифъат кавкаби,
Меҳтари аъзам Сулаймони наби.

Бир кун эрди тахт уза оромгир,
Оллида деву пари фармонпазир.

Жинси махлуқот инсу ваҳшу тайр,
Кўрмай онинг хизматидин ўзни ғайр.

Нофиз ул бориға фармони онинг,
Ом мажмуъиға эҳсони онинг.

Турмиш эрди оллида бир аҳли ҳуш,
Ҳуш они айлаб тафаккурдин хамуш.

Бўйла ҳолатда етишти бир малак,
Қобизи арвоҳу жаллоди фалак.

Қилди пайғамбарға таъзиму салом,
Сўнгра арз эттики: «Эй фахри киром!

Асру махфийдур илоҳи ҳикмати,
Ким эрур онда хираднинг ҳайрати.

Бу азизеким қошингда бу замон, —
Турмиш, ўлмактин анга йўқтур гумон.

Умриға тўлмиш ажал паймонаси,
Ҳукм етмишким, бўлуб ҳамхонаси —

Ҳам бу соат қатл тиғин солғомен,
Ҳинд иқлимида жонин олғомен.

Ушбу ишда ғолиб ўлмиш ҳайратим,
Дам-бадам ортар ўзумга ваҳшатим».

Ул бу маънида такаллум деб равон,
Ким наби оллида турғон нотавон.

Келди ер ўптию тўқти пас ниёз,
Сўнгра деди: «Ё расули сарфароз!

Бу кун ўз ҳолимға ҳайронмен басе,
Марг ваҳмидин паришонмен басе.

Чора қилким бўлмайин бу мулк аро,
Ким кўзумни ваҳм айлабтур қаро.

Елга амр этти Сулаймон ул нафас —
Ким: «Они элт ондаким — қилғай ҳавас!

Қайси ердаким, деса, бергил қарор,
Дафъ қил кўнглидин онинг изтирор».

Ел они олиб учурди тунду тез,
Бори аъзосиға солиб рустахез.

Ким ишорат қилди Ҳиндистон сари,
Онда етгач, ўтмади ондин нари.

Деди: «Бу ерда манга ором бер,
Ким эрур бўлмоққа матлубум бу ер».

Тушти рокиб, борди рахши тезтак,
Ўзни еткурди бу ҳолатда малак.

Тенгри сунъиға дебон кўп офарин,
Они ҳам қилди ёноларға қарин.

Ел била ҳамтаклик этса гар киши,
Руҳ қабзи келди Азроил1 иши».

СХIV

Яна бир қушнинг Ҳудҳуддин саволи

Яна бир сойил деди: — «К-эй покзод,
Жумлаи умримда кўрмаймен мурод.

Доимо ғам бирла элтибмен басар,
Шодлиғдин менда йўқ эрмиш асар.

Йўл борурға хотири хуррам керак,
Даҳр ранжидин малолат кам керак.

Чун мени ғампарвар этмиш рўзгор,
Ҳар замон бир ғам била жоним фигор.

Не кўнгул хушлуғ била йўл қатъ этай,
Кўнгли хушлар қайда кетса, мен кетай».

СХV

Жавоб

Деди Ҳудҳуд: — «К-эй нажанди ғамсиришт,
Зотинга ғамдин баҳона сарнавишт.

Бўйла водий қатъида беиштибоҳ,
Ғамни этмишлар эранлар зоди роҳ.

Йўл ғами келмиш эранларнинг иши,
Йўлда ғамсизни киши демас киши.

Ғамдин айларлар эранлар шодлиғ,
Бу муқайядлиғ дурур озодлиғ.

Ғам еридур меҳнат ободи жаҳон,
Онда ҳар навъ элга бир ғамдур аён.

Олам аҳли кўнглида олам ғами,
Худ будур кўпрак бани одам ғами.

Лек аларким келдилар аҳли яқин,
Йўл ғамидин келдилар доим ҳазин.

Кимсага аввалғи ғам мамнуъдур,
Одамидин сўнгги ғам матмуъдур.

Гар бурунғидин эсанг зору нажанд,
Йўлдин ўзни шод қил, эй мустаманд.

Сўнгғидин ғамгин эсанг — қил шодлиғ,
Ким кўнгул ондин топар ободлиғ.

Ғамдин айлар шодлиғ аҳли видод,
Бор аларға номурод ўлмоғ мурод.

Йўл ғамидур мақсаду мақсуд учун,
Ким ер ул ғамни кўнгул беҳбуд учун.

Ондаким йўқтур бу ғам — эр эрмас ул,
Зод ғамдин топти қатъ этган бу йўл».

СХVI

Ҳикоят

— «Мисрда бор эрди олийҳиммате,
Олами маънида соҳибдавлате.

Ишрат асбоби бори тайёр анга,
Не хаёл этсанг юз ул миқдор анга.

Жаннатосо қаср ичинда манзили,
Ҳурваш маҳбуб онинг ҳаммаҳмили.

Лек ул олий сифати пок зот,
Бор эди бу барчаға беилтифот.

Дарду ғам эрди анга ёру надим,
Ҳажр зиндонида Юсуфдек муқим.

Дедилар: — «К-эй кўнглунг андуҳ бирла жуфт,
Бизга равшан айла бу рози нуҳуфт.

Ким муҳайё бори асбоби нашот,
Ким кўнгулга бўлғай ондин инбисот.

Хотиринг нечун даме хуррам эмас,
Ғамдин ўзга кўнглунга ҳамдам эмас?»

Деди: — «Йўл аҳлиға зиндондур жаҳон,
Негаким матлуби кўздиндур ниҳон.

Иш будурким айлагай қатъ ушбу йўл,
Кўнглининг матлубиға етгунча ул

Кимса зиндонда қачон хуррам бўлур,
Байтул-аҳзонда нетиб беғам бўлур.

Менки айру ёрдин дармондамен,
Гар Эрам боғидамен — зиндондамен.

Бўлмағунча васл гулзориға хос,
Бўлмағум ғам хорхоридин халос».

СХVII

Яна бир қушнинг Ҳудҳуддин саволй

Яна бир сойил деди: — «К-эй беназир,
Мен онинг амриғамен фармонпазир.

Мунтазирмен амр ила фармониға,
Йўқ муқайяд қаҳр ила эҳсониға.

Ҳарне амр этса — топар мендин ҳусул,
Ул билур гар рад қилур, ёхуд қабул.

Не буюрса ул ишимдур ёзу қиш,
Йўқ манга радду қабули бирла иш.

Амриға иқдом одатдур манга,
Чун адо қилдим саодатдур манга».

СХVIII

Жавоб

Деди Ҳудҳуд: — Хуб сўздур бу сўзунг,
Хуброқким демагай они ўзунг.

Кимсага бу йўлда ҳаййи лоязол,
Бу тариқ ичра насиб этмиш камол.

Ким онинг фармониға бўлғай мутеъ,
Келди бу йўлда онинг жоҳи рафеъ.

Амридин чеккон бўюн мардуд эрур,
Боргоҳи иззидин матруд эрур.

На ҳумоюнфол мақбул бандадур,
Ким онинг фармониға афкандадур,

Амриға тоат эрур коми онинг,
Йўқ бу ишсиз бирдам ороми онинг.

Лек ҳар неча итоат айласа,
Амру ҳукми бирла тоат айласа,

Бу иши бирла мубоҳот айламас,
Кибрни жониға офот айламас.

Тоат этса озу кўп ё боту кеч,
Борию йўқи эрур оллинда ҳеч.

Бўлмаса мақбул кирдори онинг,
Балки тенг бўлса йўқу бори онинг.

Қилмаса ўзни тафохурдин азиз,
Тоатиға кўрса қиймат бир пашиз,

Улдурур гўйи саодат элтгон,
Нафъи тақвоу ибодат элтгон.

Бар еган ўз тоату тақвосидин,
Баҳравар бўлғон бу иш маъносидин».

СХIХ

Ҳикоят

— «Тенгри одамни яратмасдин бурун,
Руҳ шамъин танға қотмасдин бурун —

Ким малойик хайлиға эрди ҳужум,
Тоату тақвода одобу русум.

Бориға сарвар Азозил1 эрди бас,
Муршиду мушкилларига чорарас.

Неча минг йил ўйла тоат айлади,
Тенгри амриға итоат айлади.

Ким эрур васфида онинг нутқ лол,
Ақл оллинда эрур амримаҳол.

Нақл мундоқдурки сатҳи хокда,
Яна бу олий тўқуз афлокда.

Қолмамиштур сажда қилғунча макон,
Ким юз онда қўймамиш ул нотавон.

Тенгри чун одамни махлуқ айлади,
Ўзни ошиқ, они маъшуқ айлади.

Амр қилдиким малойик сарбасар,
Сажда қилсунким, будур — хайрулбашар.

Чун малойикка бу амр этти илоҳ,
Қилдилар одам жанобин саждагоҳ.

Ул неча минг йил ибодат айлаган,
Амр ила тақвою тоат айлаган.

Чун ғурур этти ишига ошкор,
Хайл аро рад қилди они кирдикор.

Кўнглидин олиб ибодат завқини,
Солдилар бўйниға лаънат тавқини.

Неча минг йил бўлдиким мардуд эрур,
Неча минг йиллиқ иши нобуд эрур.

Онглаким бу йўлда қилмайдур илоҳ,
Ўзни кўрмакликдин ортуғроқ гуноҳ.

Ўзни кўрмак тоатин кўрмакдурур,
Қилғонин кўнглига келтурмакдурур».

СХХ

Яна бир қушнинг Ҳудҳуддин саволи

Яна бир сойил деди:— «К-эй сарфароз,
Кимки бўлса ҳақ йўлинда покбоз.

Нафъи онинг не экан — изҳор қил,
Чун манга мубҳамдурур — шарҳ айлагил.

Ким бу йўлда — мен эрурмен покбоз,
Борин ўйнабмен тўкуб ажзу ниёз».