Топ рейтинг www.uz
CXLI

Яна бир қушнинг саволи

Яна бир сойил деди: «К-эй бахтиёр,
Чун онинг ишқини қилдим ихтиёр.

Ногаҳон васлига бўлсам сарфароз,
Не тилай ондин қилиб зоҳир ниёз?

Ондин истар нимани аввал билай,
Васлиға етган замон ондин тилай».

СХLII

Жавоб

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй шиоринг хомлиқ,
Ҳуш водисинда беоромлиқ.

Чун санга ул мақсаду мақсуд эрур,
Ондин ўзга бору йўқ нобуд эрур.

Чун муяссар бўлди матлубинг сенинг,
Кирди оғушунгға маҳбубунг сенинг.

То йироқсен — кўнглунга ўлдур ҳавас,
Жонинга йўқ ондин ўзга мултамас.

Эмдиким топтинг, қилиб қатъи фироқ,
Истамак не бўлғай ондин яхшироқ!

Улдурур чун тан била жондин мурод,
Ондин ўзга не бўлур ондин мурод!

Топқоч онинг ғайридин кўнглунгни уз,
Бору йўқунгни онинг ишқида туз».

CXLIII

Ҳикоят

Бу Саид ул ғарқи дарёи вусул,
Ким онинг васфида ожиздур уқул.

Улки зотиға лақаб Харроз эди,
Туну кун матлуб ила ҳамроз эди

Маккада бир кун дуо вақтида хайл,
Қилдилар ҳақдин мурод истарга майл,

Ул халойиқ авлиёуллоҳ эди,
Барча ҳақ асроридан огоҳ эди.

Барчаси тақвою тоат айлабон
Ҳақни истарға муножот айлабон.

Юзни суртиб барча Байтуллоҳға
Ошнолиғ истаб ул даргоҳға,

Лек ул сирри ҳақойиқ маҳзани,
Васл боғи гулларининг гулшани.

Ул талаб аҳли аро хомуш эди.
Кўнгли ваҳдат жомидин беҳуш эди.

Эл дуо қилғонда ногоҳ солса кўз,
Оғзиға гоҳи келур эрди бу сўз —.

Ким: Илоҳий ҳар не халқ айлар талаб,
Мен топибмен чекмайин ранжу тааб.

Сенки, эл матлубисен — мен топмишам,
Истамакдин ложарам кўз ёпмишам.

Сендин айру чун эмасмен бир нафас,
Лағв эрур топқонни қилмоғлиғ ҳавас.

Мен чу васлинг бирла топмишмен кушод,
Бу талаб аҳлиға ҳам бергил мурод».

СХLIV

Яна бир қушнинг саволи

Яна бир сойил деди:— «К-эй илмкеш,
Бу сафарким кўнглумизни қилди реш.

Қатъ ўлуб шаҳ базмиға бўлсақ анис,  
Туҳфаи вожибдурур бехад нафис.

Шаҳни кўрмак туҳфаи, мақбул ила,
Бизни ондин огоҳ эт маъқул ила».

СХLV

Жавоб

Деди Ҳудҳуд: — «К-эй саволинг хуб эрур,
Туҳфаким шоҳ оллида марғуб эрур.

Бир нима топқилки ноёб ўлғай ул,
Йўқки лаъли дурру сероб ўлғай ул.

Бордур ул маҳзанда нақди беҳисоб,
Дурру гавҳарға худ онда неҳисоб.

Ул малоик тоату тақвосидур,
Покравларнинг шариф анфосидур.

Зуҳд аҳлидин ибодат онда кўп
Жавҳари тақвою тоат онда кўп.

Анбиёдин ҳам риёзат беадад,
Авлиёдин ҳам ибодат беадад.

Ҳарнеким ондин шариф ўлмас гумонн,
Ул ҳамондур ондау туфроқ ҳамон.

Лек анда туҳфа сўзу дард эрур
Бир асарлиғ оҳи ғампарвард эрур.

Боргоҳи иззу истиғнодур ул,
Юз туман минг аршдин аълодур ул.

Онда кўптур иззу истиғноу ноз,
Улки йўқтур ул эрур ажзу ниёз.

Сен ўзунг бирла ниёзу дард элт,
Жисми зору жони ғампарвард элт.

Ким бу туҳфа йўқтур ул даргоҳда,
Не тилар ажзу забунлуғ шоҳда.

Онда еткур сўз ила дарду фано,
Истар ўлсанг ўзни қилмоқ ошно.

CXLVI

Ҳикоят

Шаҳриёре бор эди шаҳларға шоҳ
Олам аҳли бошида зилли илоҳ.

Тожу меҳру онда кавкабдин гуҳар,
Мулки Ховар ҳаддидин то Бохтар.

Бор эди бир ўғликим, чархи кўҳун,
Кўрмамиш эрди онингдек сарвбун.

Ҳусн авжи узра тобон ахтар ул,
Лутф дуржи ичра рахшон гавҳар ул.

Ҳам сабоҳат шомида шамъи тироз,
Ҳам малоҳат гулшанида сарви ноз.

Шоҳ ани асраб ниҳоний қаср аро,
Ҳуснидин ўт тушмасун деб аср аро.

Даҳр аро офат тушарни чоғлабон,
Отланиб тушмак йўлини боғлабон.

Ул қилиб гулшан ҳарамида мақом
Боғ аро товусдек айлаб хиром.

Шаҳ чу чиқмоқдин анга монеъ бўлуб,
Ул чаманда айш ила қонеъ бўлуб.

Ногаҳон чекти ажал жомини шоҳ,
Тахтни шаҳзода қилди жилвагоҳ.

Хутбаи давлат ўқулди зотиға,
Сиккаи рифъат сўқулди отиға.

Отланиб бир кун тамошо қилғали,
Кўнгли мулки сайридин очилғали.

Кирди офат солғали майдон аро,
Солди гардун сайрини жавлон аро.

От чопиб майдонда чавгон ўйнади,
Халқ бошин гўй этиб жон ўйнади.

Қайси жонибким, таковар сурди тез,
Шаҳру мулк аҳлига солди рустахез.

Кўрган эл девонау зор ўлдилар,
Ишқ домиға гирифтор ўлдилар.

Офате солиб улусқа бас азим,
Ёнди гулшан сори андоқким насим.

Шаҳр халқи «ё раб»у ғавғо чекиб,
Ишқидин фарёду вовайло чекиб,

Қолмайин они эриштилар бори,
Қасру боғига етиштилар бори.

Шоҳи золим айлабон мулкин хароб,
Туштию қилди халойиққа итоб.

Ким: «Бу ғавғо аҳлини ҳарён сурунг
Кетмаганларни жазоға еткурунг!»

Неча сурдилар — халойиқ кетмади,
Саъю кўшиш онда кўп суд этмади.

Шаҳр халқи сарбасар мажнун бўлуб,
Балки мажнундин доғи афзун бўлуб.

Туну кун ошифтау девонавор,
Туттилар шаҳ боғи давринда қарор.

Шайху шобу ринду зоҳид хосу ом
Қилдилар ишқу жунун кўйин мақом.

Шаҳ чу элнинг саъб кўрди ҳолатин,
Ғолиб ўз ҳолига доғи ҳайратин.

Кўрди бу ғавғониким — поёни йўқ,
Чора қилмоғлиғ анга имкони йўқ.

Ул халойиқ сори пайғом айлади,
Бир кишидин бўйла эълом айлади.

«Ким, буларким ишқима мағлуб эрур,
Ҳар бири бир шеваға мансуб эрур.

Ҳар ким ўз фаннида қилсун эҳтимом,
Ҳирфасидин айласун бир иш тамом.

Бори ом ўлғонда ҳозир айласун,
Ҳар ким ўз фазлини зоҳир айласун.

Кўнглума хуш келса ҳар кимнинг иши,
Оллима бўлсун мулозим ул киши.

Они ўз базмим аро дамсоз этай,
Суҳбатимда ҳамдаму ҳамроз этай.

Дилписандим бўлмаса бўйнин узай,
Кўп уқубат бирла они ўлтурай».

Бўйла ҳукм этти чу шоҳи зулмфан,
Тушти ушшоқ оллида беҳад миҳан.

Эл бўлуб бу ваъдаға умидвор,
Ишлари кейнича туттилар қарор.

Кеча-кундуз сайъ этиб эл сарбасар,
Аҳли фазлу илму ҳар аҳли ҳунар,

Барча иштин ўзни маъзул эттилар,
Шоҳ буюрғон ишга машғул эттилар.

Борди олим нусха тасниф этгали,
Кетти мутриб савт таълиф этгали.

Шоир этти мадҳгусторлик аён,
Ким анга қилғой назар шоҳи замон.

Сурди мунши васфи узра хомани,
Ким писанд эткайму шоҳ ул номани.

Заргар ўлтирди аён айлаб ҳунар,
Ким ясағай шоҳға лойиқ камар.

Жомабоф омада қилди коргоҳ,
Қилғали зарбафт они киймакка шоҳ.

Ошкора айлади нажжор тахт,
Тўқтағай деб онда шоҳи некбахт.

Айлади қаввос ўзин санъатқа банд,
Шоҳға тушкайму деб ул дилписанд,

Ўқчи айлаб ўзни меҳнатқа асир,
Ким бу шояд шаҳға бўлғай дилпазир.

Ҳосило ул шаҳр элидин хосу ом,
Ўз ишига ҳар бир айлаб эҳтимом,

Ким бу шояд шоҳға тушгай қабул,
То муродиға онинг бўлған ҳусул.

Гарчи келса оллиға ранжу тааб,
Бўлғай ул кому муродиға сабаб.

Бир кеча ишратгоҳидин чиқти шоҳ,
Халқ шаҳкориға айлай деб нигоҳ.

Бир-икки маҳрам надими бирла ул,
Тутти шабравлар киби шаҳр ичра йўл.

То ул эл аҳволиға солиб назар,
Барчанинг сарвақтиға қилгай гузар.

Қайси бир ишгаки қилди илтифот,
Деди кўнглида шаҳи олий сифот:

«Ким бизнинг махзанда бу иш бордур,
Балки мундин яхшироқ бисёрдур!»

Токи етти бир ғариби зорға,
Ошиқи озурдаи афгорға.

Они қилғон ишқ жондин ноумид,
Ҳажр пайдоу ниҳондин ноумид.

Бағрининг хунобини ул нотавон,
Кўз йўлидин ҳар тараф айлаб равон.

Қон била туфроғ аро кўнглида тоб,
Ним бисмил қушдек айлаб изтироб.

Ҳар дам ўзга нолау афғон тузуб,
Нолау фарёди эл кўнглин бузуб,

Ишқ тиғи хаста кўнглин чок этиб,
Кўнглин ўзлук меҳнатидин пок этиб.

Ишқ жавридин чекиб онча ано,
Ким вужудин айлабон маҳзи фано.

Бу фано туфроққа айлаб они паст,
Ҳар сари муйиға солиб юз шикаст.

Дебки: «Ўз фаннида ҳар ошуфта ҳол,
Кўргузуб айни маҳоратдин камол.

Тонгла шаҳ базмини айлаб жилвагоҳ,
Ҳар бирига лутфлар кўргузса шоҳ.

Мангаким йўқ туҳфаи жуз оҳу дард,
Найлаб ўлғаймен оларға ҳам набард?!

Лутф бўлса ё сиёсат шоҳда,  
Ким манга йўл бергай ул даргоҳда.

Ўзни лойиқ лутфу эҳсонға демон,
Ким сиёсат қилғоли ҳам арзимон.

Кошки тиғи сиёсат сурса ҳам,
Ўз қиличин бўйнума еткурса ҳам,

Умрдин мунча шараф басдур манга!
Ком мундин ўзга эрмастур манга!

Лек чун йўқ менда онча эътибор,
Қатлиға доғи умидим қойда бор.

Войким, муҳлик эрур дарду ғамим,
Ондин ўз ҳолимға бўлмиш мотамим».

Шоҳ кўргач бу ғариб аҳволни,
Бу ғариби зорға бу ҳолни.

Кўнглига айлаб асар меҳр этти фош,
Кирди ул вайронға ондоқким қуёш.

Лутф кўргуздию кўнглин овлади,
Балки руҳин жисм уйидин қовлади.

Ошиқи бечора кўргач бўйла хол,
Ғояти ҳайратдин ўлди гунгу лол.

Қилди ул ҳолатдин айлаб кўнгли ғаш,
Меҳмон оллида жонин пешкаш.

Бил бу навъ ўлмакни жондин яхшироқ,
Минг ҳаёти жовидондин яхшироқ.

Бўйла ўлмак одамиға берса даст,
Одам эрмас жонға бўлса пойбаст.

Қилди они ишқ аро ул дарду сўз,
Руҳи шамъин машъали гетифурўз.

Ашку куймак шамъини ҳар тийра шом,
Кўрки, айлар меҳрға қойим мақом.

Фониё истар эсанг мақсадға йўл,
Оҳу сўзу дард ила хурсанд бўл!

СХLVII

Яна бир қушнинг Ҳудҳуддин саволи

Яна бир сойил деди: «К-эй пок қуш,
Раҳбарлиқ фаннида чолок қуш.

Бўлди бу йўл шиддати ҳаддин фузун,
Тули онинг худ ниҳоятдин узун.

Бу бало даштин қачон қатъ эткобиз,
Асли манзилға не янглиғ еткобиз?

Бизни бу иштин хабардор айлагил,
Суръату оромин изҳор айлагил.

Шарҳ қил оғоз ила анжомини,
Аввал эмгок сўнгра айшу комини».

СХLVIII

Жавоб

Деди Ҳудҳудким: — «Аё раҳрав рафиқ,
Бу саволинг воқеъ ўлди бас дақиқ.

Чун сўрарсен бу сафар кайфиятин,
Манзилу водий нашоту шиддатин.

Ким неча водию манзилдур бу йўл,
Эмди мен шарҳ айлаю сен воқиф ўл.

Оллимизда етти водийдур1 азим,
Ҳар бирида беҳаду андоза бийм.

Лек ҳар водийда манзил беҳисоб,
Ким ҳисобидин қилур табъ ижтиноб.

Етти водий аслу манзиллар фуруъ
Айлоли ул асл шарҳиға шуруъ.

Водийи аввал — Талаб водийсидур,
Бошлағон ул ён шараф ҳодийсидур.

Ишқ водийсидур ондин сўнгра бил,
Ул ўт ичра бору йўқни ўртагил,

Ишқ чун қилди вужудингни адам,
Маърифат водийсиға урдунг қадам.

Сўнгра Истиғноға водийдур васеъ
Пастдур жунбида бу чархи рафеъ.

Водийи Тавҳид бил, ондин нари,
Фард бўлмоқ неча борсанг илгари.

Мундин ўтсанг водийи Ҳайратдурур,
Водийи Ҳайратда кўп шиддатдурур.

Борчадин сўнг водийи Фақру фано,
Ўтмас ондин сайр ила солик яно.

Қатъ ўлур мунда сулук аҳлиға гом,
Иш бўлур ўзга қилиғ бирла тамом.

Лек манзилдин хабар бермас бирав,
Ким бу йўлдин ёнмади бир роҳрав.

Бу етти водий доғи ижмол эрур,
Лек тафсилида кўп ишкол эрур».

CXLIX

Талаб водийсининг сифати

— «Чун Талаб водийсиға қўйсанг қадам,
Оллингға ҳар дам келур юз минг алам.

Ҳар дам анда юз маломат юзланур,
Ҳар нафас минг саъб ҳолат юзланур.

Истамак ранжи кўнгулни зор этар,
Топмомоғлиғ руҳни афгор этар.

Жонни куйдурмак бўлуб маҳрумлуқ,
Васлининг миъоди номаълумлуқ.

Ранжу кўшиш санчибон жисмингға неш,
Дарди ноёб айлабон жонингни реш.

Истабон топмай дури ноёбни,
Мундадур тарк айламак асбобни.

Молу мулку ҳар недур соликка банд,
Тўрт такбири фано урмоқ баланд.

Ҳар неким ғайри талабдур ташламоқ,
Ўзни мақсад манзилиға бошламоқ.

Қолмаса олам матоъидин жиҳот,
Ўзга навъ ўлғай санга ул дам сифот.

Ганждин еткай асар вайронинга,
Зоти нуридин ёруғлуғ жонинга.

Ул ёруғлуғ шавқ ўтин тез айлагай,
Ким талаб рахшин сабукхез айлагай.

Ўзда топқайсан талабни бирга юз.
Тоғлар бўлғай сенинг оллингда туз.

Жонинга еткай талабнинг роҳати,
Қолмағай ранжу таабнинг шиддати.

Дурға топқон сойи кўнглунг хослиқ,
Бўлғой осонроқ санга ғаввослиқ.

Ламъа кўргузган сойи меҳри висол,
Айлагай шоминг саҳарға интиқол.

Оллинга келса агар пили дамон,
Кўргосен пашша ҳамону ул ҳамон.

Гар йўлунгни тутса юз шеру паланг,
Бўлғай оллингда нечукким мўри ланг.

Аждаҳодин етмаган кўнглунгда ранж,
Ўйла бўлмиш бўлғай ул машъуф ганж.

Куфр ила имонға урғайсен илик,
Бу тамаъдинким очилғай бир эшик.

Чун эшик очилди не куфру не дин,
Ичкари киргач қутулдунг барчадин.

Куфру имон роҳравға кеш эмас,
Асл йўлда банди роҳе беш эмас».

СL

Ҳикоят

— «Подшоҳе бор эди гардунжаноб,
Махзану ганжи сипоҳдек беҳисоб.

Бор эди ул шаҳға бир зебо ўғул,
Бўлғудек Юсуф онинг оллида қул.

Меҳри ховар ҳусн аро шармандаси,
Кўйи туфроғи уза афкандаси.

Сарв онинг нахли қадиға соядек,
Ой узори меҳриға пироядек.

Ҳам қуёшдек ҳусн ила офоқгир,
Ҳам қамардек энг била гардун сарир,

Кўзи ҳар боқмоқта оламни бузуб
Ишқ элиға ўзга олам кўргузуб,

Жон олиб лаъли такаллум айласа,
Жон бериб лекин табассум айласа.

Ошиқу шайдоси онинг оламе,
Олам аҳли қатлидин кўрмай ғаме.

Кофиру усрук кўзи солиб мудом,
Дину имон аҳли ичра қатлиом.

Ўт ёлиндек рахш ҳарёнким суруб,
Ул чоқин бирла жаҳонни куйдуруб.

Олам аҳли волау шайдо анга,
Лек муфрит нозу истиғно анга.

Кўз учидин халқ сори чун боқиб,
Зулми тиғидин туман минг қон оқиб.

Ўлсалар офоқ эли парвоси йўқ,
Балки айлаб қатл истиғноси — ўқ.

Кўйида йўл топмайин пайки насим,
Онда эсмоқдин етиб жониға бим.

Гулшани сори эса олмай шамол
Ким топиб ҳар барг гулдин гўшмол,

Бир кун ул саҳрога сурди отланиб,
Ёнғали саҳро фазосин айланиб.

Юз туман мажнун эди дашт узра зор,
Барча ишқи шиддатидин беқарор,

Лек онинг сори боқарға заҳра йўқ,
Кўзга ул жониб назардин баҳра йўқ.

Васлиға толиб вале яхши ямон,
Топмоғи лекин кишига йўқ гумон.

Ногаҳон шаҳзодаи фархунда фар,
Солди ул саҳродаги элга назар.

Кўзи тушти икки зори хастаға,
Ишқ занжири била вобастаға.

Ҳукм човушларға қилдиким юрунг,
Ул ики девонавашни келтурунг.

Сурди чун давлатсаро сори саманд,
Йўлида ҳозир ул икки мустаманд.

Ул бирин маҳбуси зиндон айлади,
Бу бирин оллида сакбон айлади.

Ул бўлуб бандилар ичра пойбанд,
Бу бўлуб занжириларға мустаманд,

Бу балиятда эдилар муддате,
Тортар эрдилар бу янглиғ шиддате.

Дардманде айлади бир кун савол,
Ким: — «Недур сизга бу меҳнат ичра ҳол?»

Бу деди: «Меҳнат деган қайси бўлур,
Кому роҳатдур машаққат не бўлур,

Менки ишқи кўнглум ичра тўлғали,
Рози эрдим кўйида ит бўлғали.

Гарчи итларга мулозим бўлмишам,
Лек ул хайл узра ҳоким бўлмишам».

Ул дедиким: — «Ишқ этиб кўнглумга зўр,
Рози эрдимким мақомим бўлса гўр.

Гарчи ҳоло банд аромен устувор,
Васлидин кўнглум эрур уммидвор».

Бу ҳикоятларни шоҳи маҳжабин,
Эшитур эрди ниҳон айлаб камин.

Чун талабда бўйла содиқ эрдилар,
Ишқ таврида мувофиқ эрдилар.

Мунбасит бўлди шаҳи хуршидваш,
Кўнглига сўзлар бағоят келди хуш.

Фаҳм чун бу навъ ихлос айлади,
Ул иковни маҳрами хос айлади.

Чун талабда сидқдин эрди асар,
Оқибат бу навъ топтилар самар».

CLI

Ишқ водийсининг сифати

— «Чун Талаб водийсини қилдинг тамом
Қўйғунг ул дам Ишқ водийсиға гом.

Ишқ келди машъали гитифурўз,
Дема машъал, шуълаи офоқсўз.

Ишқ аро ҳар кимса дархур бўлмағай,
Ўтқа лойиқ жуз самандар бўлмағай,

Ишқ аро поку қаландарлиқ керак,
Шуъла баҳрида самандарлиқ керак.

Куймак иштур ошиқи девонаға,
Шуъла ичра ўйлаким парвонаға.

Дема раънолар иши фарзоналиқ,
Кўпалак ҳадди эмас парвоналиқ.

Жилва айлар кўпалак гуллар уза,
Тифлларға ҳусну зебин кўргуза.

Қани пашмин кисвати девонадек,
Шуълаға урмоқ ўзин парвонадек.

Кўпалакда гарчи бўлғай рангу ҳол,
Бўлмағай парвона янглиғ сўзу ҳол.

Барча қушнинг оти булбул бўлмади,
То азалдин ишқ аро кул бўлмади.

Куймаган ишқ ичра эрмас ишқбоз,
Ошиқ эрмас улки эрмас жонгудоз.

Шод эрур ишқ аҳли ўртанмак била,
Бўлмағай бу шева ўрганмак била.

Ишқ элининг ўти келди хонасўз,
Ўйлаким аждар дами вайронасўз.

Фард эмас ушшоқ кўнгли оҳдин,
Не чиқар жуз дуд оташгоҳдин.

Олам ўртар ишқдин тушкан ёлин,
Сўзнок эткон ҳаводиндур чоқин.

Ишқ ўтиға ошиқи пок ўртанур,
Барқдин андоқки хошок ўртанур.

Дема ошиқ кўнглини оташзада —
Ким они ишқ айламиш оташкада.

Гар тушар оташкада ичра киши,
Не бўла олғай жуз ўртанмак иши.

Кимса бўлди ишқ аро тушкан дам ўт,
Ўтқа неким тушти бўлди ул ҳам ўт.

Ишқ ўртар ким сориким ойланур,
Ким тушар ўт даврасиға ўртанур.

Ишқ саргардони эрмасдур уюн,
Ким эрур жисмиға ўт тушкон қуюн.

Ишқ аро лозимдурур ўртанмак — ўқ,
Ўт аро куймакдин ўзға чора йўқ.

Ишқ авжидин қаёнким тушти барқ,
Жонни айлар шуъла селобида ғарқ.

Ишқ барқи хонумонни куйдурур,
Хонумон йўқким, жаҳонни куйдурур.

Тарки жон ошиққа варзиш онглағил,
Ёр учун ўлмак камин иш онглағил.

СLII

Ҳикоят

— «Асмаъий ҳаж сари эрди раҳнавард,
Кўрди бир манзил аро ашжору вард.

Сабза бирла гул аро бир чашма су,
Ғулғули ҳайвон сувидин нуктагу.

Равшану покиза ошиқ жонидек,
Ориғ онинг дидаи гирёнидек.

Асмаъий ул сув ёқосида даме
Ўлтуруб ювди замиридин ғами.

Табъи ул манзилда кўргач интиқош,
Кўрди чашма бошида бир тахта тош.

Онда ёзилғонки: — «Эй аҳли Ҳижоз1,
Чорасин онинг чу билгайсиз бу роз.

Кимса бўлса ишқ зори найласун,
Бўлмаса сабру қарори найласун?»

Асмаъий чекти қалам бирла давот,
Ёзди ул таҳрирнинг остида бот:

«Ким бу варта ичра истар поклик,
Қилмасун фош этколи бебоклик».

Сўз жавобин бўйла чун соз айлади,
Манзилидин риҳлат оғоз айлади.

Тонгласи айлаб яна ул ён гузар,
Ул битилган тошқа солди назар.

Кўрдиким ул хатки сурмуштур қалам,
Бурноғи котиб яна сурмуш рақам:

«Ким агар ул ошиқи озурда жон,
Бўлса поку тутса ишқин ҳам ниҳон,

Лек ул шавқу муҳаббат шиддати,
Тез ўлуб, тоқ ўлса онинг тоқати,

Васл бўлса эҳтиёжи найласун,
Топмаса бу иш иложи найласун?»

Асмаъий кўргач бу муҳлик розни,
Тортти килки фусун пардозни.

Ёздиким: «Ул нотавони дардманд,
Ким анга ишқ ичра ёздим бўйла панд.

Топмаса ул панд бирла ихтисос,
Ўлсуну ишқ ўтидин бўлсун халос».

Носиҳи бераҳм бу муҳлик жавоб,
Ёзиб ўтти чашмадин айлаб шитоб.

Бир кун айлаб ул навоҳийда ҳаял,
Тонгласи ул ён яна сурди жамал.

Ким яна ошиқ жавобин онглағай,
Бедили ғойиб хитобин онглағай.

Кўрди ул чашма бошинда бедиле,
Ишқ ичинда умридин беҳосиле.

Ошкоро пайкаридин зорлиғ,
Рангу вазъидин аён беморлиғ.

Халқ кўнглин бузғудек ҳоли онинг,
Ҳал бўлуб ишқ ичра ишколи онинг.

Бошин ул тош узра ул янглиғ уруб,
Ким икисин бир-биридин синдуруб.

Чашма сувин қони айлаб лолагун,
Сув сари тош устидин боши нигун.

Ул насиҳатким анга носиҳ етиб,
Бедил ул сўз бирла тарки жон этиб.

Жонни ҳижрон шиддатидин қутқориб,
Ишқ аро гўё ётур ўздин бориб.

Асмаъий кўргач бу ҳоли булъажаб,
Кўнглига санчилди юз ниши тааб.

Тўнни чок айлаб, амома тошлади,
Панди мақтулиға мотам бошлади.

Ҳол кўрмайдур эди мундин қотиқ,
Навҳа бирла йиғлади оччиқ-оччиқ.

Кўнглин ул иш асру маҳзун айлади,
Чок этиб бир они мадфун айлади.

Чун шаҳид эрди ҳалок ўлғон бадан,
Жисмиға қонлиғ либос ўлди кафан».

Фониё, ишқ ичра фоний бўйла бўл,
Бўлмаса сабру шикебинг, бўйла ўл.

Кимга бу ўлмак насиб этса худо,
Юз туман жон бўйла ўлмакка фидо.

CLIII

Маърифат водийсининг васфи

— «Маърифат водийсин ондин сўнгра бил,
Дашти бопоёнлиғин наззора қил.

Кимки бу водийға бўлди муттасиф,
Топти анда ҳолларни мухталиф.

Водиедур юз туман минг онда йўл,
Ул бу бир келмай, онингдекким бу ул.

Ихтилофи жузв ила кул мундадур,
Ким тараққию таназзул мундадур.

Юз туман раҳрав кўрарсен беқарор,
Ҳар бири бир йўлни айлаб ихтиёр.

Ўз борур йўлиға ҳар бир муфтахир,
Йўлни айлаб ўз йўлиға мунҳасир.

Бу они тутмай мусаллам, ул муни,
Ҳар бир ўздин ўзга кўрмай ул буни.

Пашша онда раҳнаварду пил ҳам,
Пашша анда тойиру Жибрил ҳам.

Мусию1 Фиръавн2 онда роҳрав,
Бил яқинким бирдек эрмас бу икав.

Маҳдию3 Дажжолға4 йўл мазҳаби,
Лек тенг бўлмай Масиҳу5 маркаби.

Аҳмаду Бу Жаҳл6 этиб онда зуҳур,
Бу тушуб зулматқау ул ғарқи нур.

Даъб анда сайр этиб яхши ямон,
Мўъмин онда солику кофир ҳамон,

Лот лосин дайр эли айлаб паноҳ,
Каъба аҳли лек ло илоҳа иллаллоҳ.

Куфр аҳли лотни огоҳ дебон,
Лек ислом аҳли иллаллоҳ дебон.

Мухталиф бўлмай не бўлсун мунда иш,
Чун бу янглиғ мухталиф бўлди равиш.

Мундин айтибтур набии роҳбар,
Ким улусқа ҳақ сари бўлса сафар.

Истасанг йўл касратиға адду ҳад,
Халқ анфоси била тенг бил адад.

Ҳам бари дурди эмас, ҳам борча соф,
Биззарурадур улусқа ихтилоф.

Бу маҳалда гар гадодур, гар мулук,
Ҳар бир ўзга йўл била айлар сулук.

Нафс чун бўлди маҳалли ихтилол,
Лозим ўлди мунда авсофу камол.

Мунда соликка тафовут бўлди фош,  
Анга меҳробу мунга бут бўлди фош.

Бўлди ўз ирфони ҳар кимга сифат,
Кўп тафовут қилди пайдо маърифат.

Ҳар киши ўз таврида истаб камол,
Қилди водий тай қилурға иштиғол.

Гар сулук атворида тағйир эди,
Мақсади лекин борининг бир эди.

Йўл агар эгри эди ё эрди туз,
Ё йироқ ёхуд яқин кўргузди юз.

Баъзи ўлди, баъзи итти йўл аро,
Баъзи аввора бўлуб ҳар қўл аро.

Бўлмади ҳар йўлни чун қатъ этмаган,
Бўлмади мақсадға доғи етмаган.

Маърифат хуршиди чун қилди тулуъ,
Ҳар ким ўз мақсудиға айлаб ружуъ.

Ўз сулукига натойиж истади,
Қилмоқ ўз нақдини ройиж истади.

Чунки партав солди ул покиза нур,
Бўлди ҳаркимнинг камолиға зуҳур.

Топтилар ҳаркимки чекмиш эрди ранж,
Ўз сулуки ранжининг хурдида ганж.

Чун сулук ичра кўп эрди ихтилоф,
Кўпраги дурд эрди, лекин ози соф.

Ким равишда софи эрди машраби,
Бор эди ул тобеъи шаръи наби».

СLIV

Ҳикоят

— «Бас муносибдур, эшит, бу можаро,
Нақл мундоқдурки: Ҳиндистон аро.

Туштилар бир навъ ила жамъи басир,
Ё мусофирлиғ била ёхуд асир.

Сўнграким берди аларға рўзгор,
Маскану маъволари ичра қарор.

Бир киши сўрди: — «Кўрибсизларму пил?»
Дедилар: — «Ҳов!» ойтти: — «Айтинг далил!»

Чун алар кўрмайдур эрдилар они,
Яхши ҳам сўрмайдур эрдилар они.

Ҳар бири бир узвига суртиб илик,
Ҳосил айлаб эрдилар ондин билик.

Қўлларин мас айлаган деди: —  «Сутун»,
Қорнин эткон мас дедиким: — «Бесутун».

Ул бири ким мас хартум айлади,
Аждаҳо андоми маълум айлади.

Ул бириким тишларин қилди баён,
Дедиким икки сўнгак бўлди аён.

Қуйруғидин улки кўргузди хабар,
Деди бир афъи осилмишдур магар.

Бошиға ул бирки суртуб эрди қўл,
Бир қиёнинг тумшуғи шарҳ этти ул.

Улки еткурди қулоғиға овуч,
Деди таҳрик ичра икки елпигуч.

Борчаси умъё юзидин сўз деди,
Гарчи ул сўзлар бори воқъе эди.

Лек нуқсон эрди тақрир ичра кўп,
Йўқ эди тартиб тағйир ичра кўп.

Чун ҳакими комили ҳинду нажод,
Пилбонлиғ шевасида устод.

Бўлди ул тақрирларға мустамеъ,
Нақл қилғонларға бўлмай мумтанеъ.

Деди ҳар бир улча воқиф эрдилар,
Пил ҳолидин нишоне бердилар.

Бир-бирининг сўзига айлаб хилоф,
Гар жадал қилдилар эрдилар маоф.

Ҳар бири ўз билганидин деди сўз,
Солмоғон эрди бири пил узра кўз.

Лек жамъ ўлғонда бу барча сифат,
Пилға ҳосилдур улдам маърифат.

Комили бийноға чун эрди яқин,
Бетакаллуф деди бори сўзни чин».

СLV

Истиғно водийсининг баёни

— «Водий ондин сўнгра Истиғнодурур,
Онда тенг аълоу гар аднодурур.

Ҳар дам истиғно ели бўлғонда тез,
Солибон офоқ аро юз рустахез.

Ёғиб истиғно саҳобидин ёғин,
Юз туман оламни сув элтур соғин.

Етти дарё онда бир қатра матар,
Етти кўк хашхош чоғлиғ мухтасар.

Етти дўзах онда бир учқун киби,
Секкиз учмоғ онда бир шудрун киби.

Мўрларға тўъма онда барча шер,
Пашшаси пил овламоққа бас далер.

Етти кишвар ичра шоҳе қаҳрамон,
Бир гадо онда ҳамону ул ҳамон.

Тиғи қотил тортибон юз минг черик,
Кўзга келмай онда қоқимча ирик.

Аждаҳоким кўкни чеккай дам била.
Онда яксон риштаи Марям1 била.

Бўлди минг хайли малоик бартараф,
Ногаҳ одам кийди бир тожи шараф.

Бўлди юз минг жисмдин бегона руҳ,
Токи киштибонлиғ ойин қилди Нуҳ.

Юз туман Намрудни2 пашша залил,
Қилди то ўтни чечак қилди Халил3.

Бўлди юз минг тифлнинг қони ҳадар,
То Калимуллоҳ4 бўлди тожвар.

Боғлади зуннор юз минг аҳли дин,
То Масиҳ анфосидин жон топти тин.

Тўкти юз минг қон бу золим кўҳна дайр,
То Муҳаммад5 бўлди бир тун арши сайр.

Мунда яксон келди йўқу бор ҳам,
Аҳли дину зумраи куффор ҳам.

Минг йил ар Заҳҳок6 улустин тўкти қон,
То Масиҳ ўлган баданға берди жон.

Ёки Бухтуннаср қилди зулму кин,
Ёки Нўширвонға7 адл ўлди қарин.

Иккисининг мунда бирдур ҳукми бил,
Кел бу истиғно сари наззора қил.

Юз туман хуршид агар бўлса адам,
Бўлди соғин чархдин бир зарра кам.

Ерга сингса юз туман баҳри амиқ,
Қатраи ўксулди, тутғил, эй рафиқ.

Куйса гар юз минг туман ҳуру пари,
Куйди, тут бир пашшаи синғон пари.

Ел совурса бу тўққуз афлокни,
Дам учурди онглағил хошокни.

Қофдек юз тоғнинг йўқ бўлмоғин,
Ер юзидин бир қум ўксулди соғин.

Сидра шохи бирла тўбий бўлса йўқ,
Ўксуди, тут бешадин бир ёфроғ — ўқ.

Онда тенг кўр гумраҳу огоҳни,
Дайр кўйи бирла байтуллоҳни.

Бирдурур гар Каъба бирла буткада,
Бўлсалар маъмур ё оташзада.

Минг яшар пил тонгла туғқон ёшча,
Чархи аъзам донаи хашхошча.

Куфр ила динға чу тенг миқдордур,
Мунда иш соликка бас душвордур».

СLVI

Ҳикоят

— «Икки шатранж ўйноғучи устод,
Арсаи шатранжга айлаб кушод.   

Икки жонибдин бўлуб оромгир,
Тўктилар ўртада шатранжи кабир.

Ҳар тарафдин бир шаҳ ўлди ошкор,
Борча ойину сипоҳи шоҳвор.

Ҳар бирига бир вазири руст гом,
Ёна бир фарзину лекин каж хиром.

Ул иковдин бири Рум аҳлиға шоҳ,
Ёна бир занг аҳлига кишварпаноҳ.

Устод ул шоҳ ила хайлин териб,
Сафлариға зебу оройиш бериб.

Кинаварлар от солиб майдон аро,
Лаъблар зоҳир қилиб жавлон аро.

Ҳам тузуб майдони разму ҳам ҳисор,
Бўлса мағлуб этколи ул ён қарор.

Сафлар ичра пил ила зуррофа ҳам,
Рух била даббобау кашшофа ҳам.

Ҳам ёёқ черик сипоҳ оллида чуст,
Қилғали ҳангома ойинин дуруст.

Ҳарб аҳли ҳам уруш расмин тузуб,
Кўп ўюн ҳам бир-бирига кўргузуб.

Қайси бирким ўз сипоҳин беркитиб,
Бузғоли ул бириси тадбир этиб.

Ўртада зоҳир бўлиб аъжубалар,
Балки беҳад юзланиб мансубалар.

Мунда кўп гурду сипаҳсолар ҳам,
Зоҳир айлаб лаъб ҳам, пайкор ҳам.

Имтидод онча топиб бу размгоҳ,
Ким черик тортиб урушқай икки шоҳ.

Балки кўпрак ҳам ўтуб ондин замон,
Ким урушқай икки шоҳи қаҳрамон.

Мунча ойину сипоҳу карру фар,
Қалъау майдону жавлону мафар.

Ҳам буронғор, ҳам жувонғор кинсигол,
Ҳам яна ғулу ҳировулда бу ҳол.

Ҳар сипаҳбад ўғли оллинда юруб,
Ондин аввал ўзни ишга еткуруб.

Размгоҳ майдони қатъ ўлғоч тамом,
Ўз атосиға бўлиб қойим мақом.

Бир ёёқ ҳам бир қироқдин раҳнавард,
Ким мусоид бўлса чархи тезгард.

Чунки майдон вусъатин рафъ айлагай,
Бир черикни ёлғуз ул дафъ айлагай.

Онча ойиндин тўла бу размгоҳ,
Ким урушта икки шоҳи кинахоҳ.

Ҳар бирида юз туман навхоста,
Бўлмағай мундоқ масоф ороста.

Ҳам ишида мунча ойин ўлмағай,
Ҳам элида мунча тазйин бўлмағай.

Мунча бунёду масофу кину разм,
Чун ўюнчи йиғмоғиға қилди азм.

Арсанинг бир гўшасин бот, йўқки, кеч,
Тортибон бузғоч, бу мажмуъ ўлди ҳеч.

Не қолур ул разм ила киндин асар,
Не ҳамул тартибу ойиндин асар.

Мунча мазкур ўлғон ойину русум,
Разм тартибида бир ёндин ҳужум.

Ҳеч ўлур ул навъким ақли дақиқ,
Неча зоҳир айласа фикри амиқ.

Ҳечликдин ўзга топмас бир пашиз,
Ўйлаким бир хаста юз ёшар каниз.

Боғлабон бир пора бўзда бешу кам,
Ўтқа они ташлай олғой, сувға ҳам.

Чун тазалзул тушти ул бунёдға,
Не тафовут айлағай устодға.

Чун харита ичра боғланди бори,
Шаҳ қуйидур ё пиёда юқори.

Ул ҳам истиғнодин осоридурур,
Балки ондин бир номудоридурур.

Бас бу тамсиле сари наззора қил,
Асли истиғнони юз минг мунча бил.

Чун бу маъни сори бўлдунг раҳшунос,
Барча ишни айлагил мундин қиёс.

СLVII

Тавҳид водийсининг таърифи

«Водийи Тавҳид ондин сўнгра бил,
Фард ўлуб тажрид ондин сўнгра бил.

Чун бу водий сори сайринг қўйди гом.
Фарду яктолиғ санга бўлди мақом.

Чун бу водийға ниҳоят топти сайр,
Мунда бир бил юз туман минг бўлса тайр.

Борчаға кому ҳаво тажрид ўлур,
Борчаға лаҳну наво тафрид ўлур.

Бу равишларға чу етти ул кашиш,
Борчаға бирликда ким бўлмоқдур иш.

Бирда бирдин ҳосил бўлди бир адад,
Йўқ хирадқа мунда дам урмоққа ҳад.

Чун сенинг олингға тушти бўйла печ,
Билки эрмиш бирдин ўзга барча ҳеч.

Бир бўлу, бир кўру, бир де, бир тила,
Майл қилма мунда иккилик била.

Иккилик бу йўлда аҳволлиқдурур,
Сирри ваҳдатдин муъатталлиқдурур».

CLVIII

Ҳикоят

«Бўлди чун Мансур1 тавҳиди дуруст,
Ким «Анал — ҳақ!» эрди алфозида чуст.

Кўп насиҳат қилдилар арбоби дин,
Ким бу эрмас шеваи аҳли яқин,

Кўп сулук аҳлиға кашф ўлуб бу ҳол,
Ҳам адаб асрабдурур, ҳам эътидол.

Сен доғи бу даъви изҳор айлама,
Нафсни муставжиби дор айлама.

Мастроқ чун тушмиш эрди жом анга,
Йўқ эди бу нағмадин ором анга.

Онга бир кўн воқеъ эрди турфа ҳол,
Ҳар дам элтур эрди они бу хаёл.

Ким Расулуллоҳға бўлғоч бу мақом,
Ким буроқин айлади гардунхиром.

Етти бирлик гавҳаридин тож анга,
Бўлди ваҳдат пояси меърож анга.

Қоба қавсайн авжи ҳосил айлади,
Ли маъ Оллоҳ қурби восил айлади.

Бу хитоб ўлғонда тенгридин насиб,
Ким неким комингдур — иста, эй ҳабиб.

Тенгри лутфи узрхоҳин истади,
Осий умматнинг гуноҳин истади.

Онча базл ғолибу лутфи амим,
Онча лутфи муфриту хулқи карим.

Бовужуди бу ҳақ эткай илтимос,
Истагил деб лутф қилғай беқиёс.

Осий уммат журмин этгунча талаб,
Илтимос этса эди шоҳи араб.

Ким азалдин то абад ҳаркимки йўл,
Эгри бормиш борчанинг ғаффори бўл.

Раҳмат эткил борчаға исён била,
Журмидин кеч борчанинг ғуфрон била.

Не учун ул маъдани сидқу сафо,
Қилди эркин мунча бирла иктифо.

Бош уруб кўнглидин онинг бу хаёл,
Дам-бадам айлар эди бу қилу қол.

Они бу андиша помол айлабон,
Ажзу ҳайрат илкида лол айлабон.

Ким Расулуллоҳ анга бўлди аён,
Мушкили ҳаллин бу навъ этти баён.

К-эй фузул айвонида ўлтурғучи,
Лофи ваҳдатдин «Анал — ҳақ» урғучи.

Билмадингким, ул сифат олий буруж,
Ким мен айлаб эрдим ул оқшом уруж.

Онда менликнинг хаёли йўқ эди,
Балки бу лафз эҳтимоли йўқ эди.

Элтган ул эрди, бошлағон ҳам ул,
Истағон ҳам ул, бағишлағон ҳам ул.

Сен ажаб кўтаҳназарлиқ айладинг,
Бўйла ерда бебасарлиқ айладинг.  

Ким онингдек водийи Тавҳид аро,
Гулшани тажрид ила тафрид аро.

Ҳамл қилдинг менлику сенликка йўл,
Бу иккилик васфидин пок эрди ул.

Ул эди дегон ўзи, берғон ўзи,
Базл аро сочқон ўзи, тергон ўзи.

Ул рақам пок эрди менлик рангидин,
Нағмаси фард иккилик оҳангидин.

Онда мен сенлик тахайюл айлаган,
Иккилик нақшин тааққул айлаган.

Ғайри аҳволлиқ эмастур, бил муни,
Хотирингдин маҳву зойил қил муни!»

CLIX

Ҳайрат водийсининг сўзи

— «Водийи Тавҳид қатъ ўлғон замон,
Водийи Ҳайрат кўрунур бегумон.

Ҳар нафас етмас киши бошиға тиғ,
Бош урар минг оҳ ила юзминг дариғ.

Ҳайрат айлар тилни гунгу лол ҳам,
Ақл зойил, ҳушни помол ҳам.

Кечау кундузга боқса ҳар неча,
Онгламас кундузмудур ёхуд кеча.

Йўқни билмас, борини ҳам онгламас,
Не бўларни тонглару не тонгламас.

Ҳар негаким солса кўз ҳайрон бўлур,
Бўйла ҳайронлиғда саргардон бўлур.

Мунда чун қўйди қадам аҳли равиш,
Онга ҳайронлиғдин ўзга бўлмас иш.

Ҳарне касб айлаб эди тавҳидаро,
Водийи тафрид ила тажрид аро.

Барчаси ондин бўлур маҳву адам,
Йўқки ҳосил қилғоликим ўзи ҳам.

Сўрсаларким бормусен ё йўқмусен,
Ҳеч қайси ё иккиси — ўқмусен.

Бера олмас ҳеч қойсидин жавоб,
Бору йўқлуққа қила олмас хитоб.

Уртада ё бир тараф ё ташқари,
Чиркада ёхуд кейин ё илгари.

Ҳеч қайсида ўзин билмас яқин,
Ҳайрат айлар они хориж борчадин.

Фоний эрканнию боқинлиғни ҳам,  
Маст эрканнию соқийлиғни ҳам.

Ўзининг мавжуду маъдумин доғи,
Зотининг мажҳулу маъдумин доғи.

Боқса ҳарён ҳайратин афзун топар,
Ўзни ҳайрат ичра дигаргун топар.

Дерки ошиқ эрконимни тонгломон,
Кимга эрконнию лекин онгламон.

Боқибон ҳар зарраға зарротдин,
Ҳайрат айлар нафйи ё исботдин,

Бу мақом ичра эрур асру ажаб,
Бир туганмай минг келур ўтру ажаб».

СLХ

Ҳикоят

«Бор эди бир хисрави офоқгир,
Ходими даргоҳи юз соҳиб сарир.

Мулки онинг қирвондин қирвон,
Қирвон то қирвон ҳукми равон.

Пардада эрди ниҳон бир гавҳари,
Ҳуснининг шармандаси ҳуру пари.

Хўблуғ бўстони ичра нахли ноз,
Қайси нахли ноз, сарви сарфороз.

Жон шабистонида шамъи дилпазир,
Шамъ йўқким машъали меҳри мунир.

Айни ноз ичра балойи жон кўзи,
Кўрмаган ондоқ бало даврон кўзи.

Зулфи холи фитнадин анбар фишон,
Фитна ул янглиғ киши бермай нишон.

Оразида лаълу анфоси фасиҳ,
Иттисол айлаб қуёш бирла масиҳ.

Васли уммидида соҳибжоҳлар,
Балки соҳибтахт олий шоҳлар.

Кимсага бўлмай муяссар бу мурод,
Ким, кўнгул қилғай онинг васлиға шод.

Ул ҳам эл маҳрамлиғин қилмай ҳавас,
Икки ёндин қатъ ўлуб бу мултамас.

Яъни улким бўлса даврон ичра тоқ,
Жуфт анга не навъ тушкай иттифоқ.

Даъби бу янглиғ эди жорий онинг,
Эл бўла олмай харидори онинг.

Иттифоқо бир кеча туш кўрди ул,
Пайкареким тоқатиға урди йўл.

Руҳдин бўлғон мужассам пайкари,
Ҳусн авжи узра меҳри ховари.

Сафҳаи ҳуснида мушкомез хат,
Холи ул янглиғки хат узра нуқат.

Сарвдек саркашлику раънолиғи,
Гул киби нозиклуку зеболиғи,

Бу чароғи меҳру, ул — бадри мунир,
Иккиси бир тахт уза оромгир.

Дам-бадам нўш айлабон жоми висол,
Бир-бирисидин олиб коми висол.

Чун бу уйқудин кўз очти гулузор,
Итмиш эрди кўнгли мулкидин қарор.

Ортар эрди дам-бадам шайдолиғи,
Бўлғудек эрди аён расволиғи.

Ҳар замон ул тушни айлаб орзу,
Кўздин элтиб эрди лек уйқуни су.

Кўнглидин осойишу коми кетиб,
Ҳам кеча, ҳам кундуз ороми кетиб.

Бир кун ортиб ҳажр дардидин малол,
Чиқти олий қаср уза ошуфтаҳол,

Ҳар тараф боқиб кўнгул таскиниға,
Йўл тилаб сабру шикеб ойиниға.

Ногаҳон кўз солди, тортиб дуди оҳ,
Бир тарафким базм тузмиш эрди шоҳ.

Тушта кўрган кимсага тушти кўзи,
Оҳ уруб ўз ҳолидин борди ўзи.

Навжавоне эрди шаҳ худдомидин,
Даҳрнинг сарфитнаи аёмидин.

Ул доғи чун солди кўзни бу тараф,
Ишқ ўқиға кўнглини топти ҳадаф.

Тушти ошуб ўйла жони зориға,
Ким асар қилди тани афгориға.

Кўнгли мулки ичра тушти қўзғолон,
Жони қасдига ёвушти қўзғолон.

Ҳушу сабри қолмади ўз ҳолида,
Ўзи ҳам борди алар дунболида.

Ўтти оқшомғача аҳволи ирик,
Не ўлук топиб ўзини, не тирик.

Тун саводи ерга бўлғоч пардапўш,
Зоҳир этти пардадин юз минг хурўш.

Тонгға тегру ҳолати афғон эди,
Оҳу ашки ўйлаким тўфон эди.

Тонг қуши қилғоч саҳар сиррини фош,
Тунгача урмоқ эди кўксига тош.

Икки ёндин бўйла савдо солди ишқ,
Икки кишвар ичра яғмо солди ишқ.

Навжавон ишқ ичра гарчи зор эди,
Кўп фусун бирла ўзин асрор эди.

Лек маҳваш беқарор эрди басе,
Ишқдин зору низор эрди басе.

Кўрди борғудек иликдин ихтиёр,
Ишқи расволиққа тутқудек қарор.

Қилди чун бечоралиғ беҳад зуҳур,
Чора жўлуқ шевасин кўрди зарур.

Ўтти ихфо айламакдин чун иши,
Дедиким, йўқ чора то билмас киши.

Бор эди икки мувофиқ маҳрами,
Шодлиғ бирла ғам ичра ҳамдами.

Чорагарликда муқаррар ҳар бири,
Соҳиру шўху фусунгар ҳар бири.

Макри афсун ғоятиға еткучи,
Пашша бирла пилни жуфт эткучи.

Ўйлаким пашша ўзин кўрмай кичик,
Пил ўзин топмай улуғроқ жуссалик.

Ҳар бирига реву афсуну фиреб,
Ишқ бирла жамъ қилғунча шикеб.

Бовужуди бу бири хуш нағма руд,
Чолғучию чеккучи бу бир суруд.

Чун мувофиқ тортиб ул созу наво,
Зуҳра буржидин қилиб этмак ҳаво.

Бу бири сози унидин жон олиб,
Нағмадин ул бир баданға жон солиб.

Бу чолиб соз, ул бири чеккач хуруш,
Тарки ҳуш айлаб, эшиткач аҳли ҳуш.

Моҳвашқа бўйла еткоч шиддати,
Ул иковни истаб этти хилвате.

Деди, ҳолин йиғлабон оччиғ-оччиғ,
Ким нечук ишқ айламиш ҳолин қотиғ.

Тушта кўрган они маҳзун қилғонин,
Кўрган уйғоқликда мажнун қилғонин.

Ул йигит ишқида зор ўлғонни ҳам,
Волау беихтиёр ўлғонни ҳам.

Дебки: — «Сиз икки рафиқи дилнавоз,
Шиддатимға бўлмағайсиз чорасоз.

Хорхорим халқ аро гул қилғуси,
Пайкаримни бу ўтум кул қилғуси.

Куймоғимдин ҳеч ғам йўқтур манга,
Ўлмагимдин ҳам алам йўқтур манга.

Лек номус ўлтурурким кўп газаф,
Зоҳир айлаб мен уруб тақвода лоф.

Ҳам отам номусидин беҳолмен,
Ким онинг шарҳида гунгу лолмен.

Ким нечук шоҳи фалак миқдор эрур,
Рўзгориға бу иш кўп ор эрур.

Юз менингдек ўлса ондин бок йўқ,
Ўйлаким дарёда бир хошок йўқ.

Шаҳни беномуслиққа тоқатим,
Йўқ учун бу ишта ортар шиддатим.

Мен дедим ҳолимни эмди сиз билинг,
Ўлтиринг ёхуд иложимни қилинг.

Тавсан эрдим, ишқдин бўлдум забун,
Ожиз ўлдум гарчи бор эрдим ҳарун.

Хотири ношодима раҳм айлангиз,
Нолау фарёдима раҳм айлангиз».

Чун етишти ул иковга бу нидо,   
Дедилар, оллинда жон айлаб фидо.

— Айлоли бир чораким ул нозанин,
Андоқ ўлғай санга маънусу қарин.

Ким бу ишни ҳеч одам билмагай,
Қайси одам — ул пари ҳам билмагай.

Сен шикебо бўл вале бир неча кун,
Ҳар дам оҳу нола бирла чекма ун.

Чун муродинг ишта ихфодур басе,
Бизга бу ихфо таманнодур басе.

Васлға чун бўлди уммеди ҳусул,
Моҳваш сабру шикеб айлаб қабул.

Икки доноға тааммул бўлди иш,
Туздилар матлуб ила бориш-келиш.

Ул йигитга айлаб ўзни ошно,
Ишқдин кўнглида топтилар ано.

Анга зоҳир қилдилар макру фиреб,
Ким аларға сайд бўлди ул ғариб.

Бу бири бўлди ано, ул бир сингил
Дедилар: «Чорангни биздин онглағил.

Гарчи аҳволингни қилмассен аён,
Лек билдукким нединсен нотавон.

Ишқ кўнглунг мулкин этмиш поймол,
Ҳажринга биздиндур уммиди висол».

Ул йигит бу нуктадин хурсанд ўлуб,
Жондин ул иккига ҳожатманд ўлуб.

Неким ул икки деса фармон била,
Бу бири айлаб итоат жон била.

Корвонлар тез этиб бозори шайд,
Қилдилар ул турфа қушни ўйла сайд.

Ким дегачким, қўй бизинг манзилға гом,
Нотавон азм этти ул ён шодком.

Туздилар шоҳона базми дилпазир,
Бода ичти ишқ аро бўлғон асир.

Чун қадаҳ кайфияти бўлди аён,
Айлар эрдилар ҳикоятлар баён.

Ишқу ошиқликнинг ўту дудидин,
Васл ила ҳижрон зиёну судидин.

Ошно сўзлар мурағғиб розлар,
Онча шарҳ эттилар ул дамсозлар.

Бўйла сўзларда тутуб жоми мурод,
Номурод ондин топиб коми мурод.

Май била ул нукталардин навжувон,
Ишқ аро ул навъ бўлди нотавон.

Ким анга юзланди гунгу лоллиқ,
Ҳар замон ўз ҳолидин беҳоллиқ.

Бу маҳалда чектилар дилкаш суруд,
Чолибон ҳуш олғучи хуш нағма руд.

Нотавон ул навъ қилди тарки ҳуш,
Ким дегайсен ҳушбар май қилди нўш.

Тун қоронғу эрдию бехуд ҳариф,
Комронлиғ айлаб ул икки зариф.

Ишда бўлмай суст, айлаб жидду жаҳд,
Ҳозир эттилар равон бир турфа маҳд.

Они маҳд ичра солиб айлаб шитоб,
Гом урарда зоҳир айлаб изтироб.

Моҳваш базмиға ҳозир қилдилар,
Сарву гулға васл зоҳир қилдилар.

Онда худ омода асбоби тараб,
Мунтазир хилватда моҳи нўшлаб.

Ким етурдилар ул икки чорагар,
Маҳд аро бир сарв қадди сиймбар.

Моҳмаш тахти уза еткурдилар,
Ойни хуршидқа топшурдилар.

Моҳваш васл ичра бўлғоч комёб,
Дедиким, қаҳгилға урдилар гулоб.

Ҳушсизға атр чун топти машом,
Кўз очиб кўрди беҳиштойин мақом.

Ёнида ул ғайрати ҳуру пари,
Кўнглини зор айлаган маҳпайкари.

Қўпуб ўлтурди ажаб ҳолат била,
Боқти ҳарён юз туман ҳайрат била.

Остида кўрди бийик шоҳона тахт,
Ёнида мунис шаҳи фархунда бахт.

Деди: «Ё рабким, не ҳол эркин бу ҳол,
Тушму уйғоғлиғму эркин ё хаёл!»

Берди маҳваш лутф ила таскин анга,
Кўргузуб коми висол ойин анга.

Ким туш эрмастур бу, эй бетобу ҳуш,
Шукр этиб қил эмди жоми васл нўш.

Истабон ичти пари бир жомни,
Сўнг анга тутти майи гулфомни.

Соқийи Узро1 узори ҳуллапўш,
Ҳушсизға чун ичурди неча қўш.

Жоми май урди   ҳижоб ўтиға су,
Беҳижоб ўлди тариқи гуфту — гў.

Ошиқи маҳзуну маъшуқи ҳазин,
Бўлдилар ишрат уйида ҳам нишин,

Андоқ ўлди бирлик ойинираво,
Ким икилик ўртадин бўлди сиво.

Ҳар тарабким бўлғай имкони ҳавас,
Бир-биридин топти икки ҳамнафас.

Бетаҳаши ўйла ойини вифоқ,
Ким онинг шарҳи адабдиндур йироқ.

Ҳам йигит муштоқу ҳам муҳтож қиз,
Юзга юз қўюб, оғиз узра оғиз.

Ўзгани мундин қиёс этмак бўлур,
Ғояту имкониға етмак бўлур.

То саҳар бу навъ эди айшу нашот,
Икки ёндин бетоҳоши инбисот.

Субҳ чун айларга тун розини фош,
Бўлди ер мушки уза кофурпош.

Май дағи зоҳир қилиб беҳад сурур,
Элтиб эрди базм аҳлидин шуур.

Ким ул икки пардапўши пардавар,
Бўлдилар, ул парда ичра нағмагар.

Базм элидин ғорати ҳуш эттилар,
Ул йигитни ўйла мадҳуш эттилар.

Ким йиқилди заъф они беҳол этиб,
Ғаш била идроки ҳолидин кетиб.

Чорагарларға бу иш чун берди даст,
Маҳд аро бедилни айлаб пойбаст.

Нақл қилдилар ҳамул кошонаға,
Ошиқи ғамхорани ғамхонаға.

Мастлиғ уйқусиндин бўлгач фароғ,
Тонг елидин ҳолиға келди димоғ.

Кўз очиб бедил тааммул айлади,
Ўтган аҳволни тахайюл айлади.

Оҳ уруб чиқти димоғидин тутун,
Тош ила қўймади аъзосин бутун.

Ўз-ўзи бирла қилиб кўп можаро,
Айлади кўзига оламни қаро.

Навҳа тузди ашки анжумрез ила,
Бошлади ошуб рустохез ила.

Васл базмин чун хаёл айлар эди,
Нолаи мажнун мисол айлар эди.

Дер эди: «Ё раб, не тадбир айлайин,
Кимга ўз ҳолимни тақрир айлайин.

Гар десам хомуш ўлай, тоқатму бор,
Ўзни забт айлай десам, қувватму бор!

Ҳолатим махфий тутай ё фош этай,
Сўз дейин ё тек турай — билмай нетай.

Гар десам айтай қани поён анга,
Дерга мингдин бирни йўқ имкон манга.

Гар ниҳон тутмоғлиғин қилсам хаёл,
Йўқтурур жон элтурумга эҳтимол.

Айлар эрди бўйла ғавғоу хуруш,
Не танида руҳу не мағзида жўш.

Ҳайрати ҳар лаҳза қасди жон этиб,
Элни онинг ҳолига ҳайрон этиб.

Ҳар киши ул ҳолдин сўрди хабар,
Топмади онинг жавобидин асар.

Мунча зоҳир айладиким, сўрмангиз,
Куйганим басдур, яна куйдирмангиз.

Ҳолатим шарҳи эмас тақрир иши,
Билмас они ондо то етмас киши.

Менму эрдим, ё раб, ул иқбол ила,
Васл базмида ул истиблол ила.

Шарҳ қилмоқ истар эрсам гар они,
Кимса не навъ айлагай бовар они.

Ҳайратим жонимни ўртар — найлайин,
Жисми вайронимни ўртар — найлайин!

Ваҳдати васл ичра ул янглиғ мурод,
Ул сифат маъшуқ бирла иттиҳод.

Сўнгра ҳижрондин бу янглиғ шиддатим,
Ҳайрат узра, ҳайрат узра ҳайратим.

Ҳолатедур асру бепоён ажиб,
Кимсага қилма муни, ё раб, насиб».