CLXXXI
Истиғно тариқи адосида муножот
Истиғно тариқи адосида муножот
Эй жанобинг юз фалакдин ҳам васеъ,
Остонинг минг Зуҳалдин ҳам рафеъ.
Чарху анжумға қошингда не вужуд,
Гар олар буди тамом ўлса набуд.
Олам ўлса нафйи ё исботинга,
Бир сари мў йўқ тафовут зотинга.
Бу не янглиғ ҳазрати воло бўлур,
Оллоҳ — Оллоҳ, бу не истиғно бўлур.
Ҳазратингда мўри лангу шери ғоб,
Бўлса ёхуд бўлмаса — бирдур ҳисоб.
Шери ғоб эрмон, эрурмен мўри ланг,
Балки мендин онга ҳам юз ору нанг.
Ғайрдин бу зорни мустағни эт,
Элга муҳтож этма, фарёдимға ет.
СLХХХII
Тамсил
Тамсил
Қилди чун Намруд сози манжаниқ,
Ҳақ Халилин ўтқа айларға ҳариқ.
Тоғ-тоғ ўтунға ўтлар урдилар,
Шуъласин афлокка еткурдилар.
Отқоч ўт сори Халилуллоҳни,
Ишқ кўйида далилуллоҳни.
Ҳукм бўлдиким, етишти Жабраил,
Ўтқа еткон чоғда деди: — «Эй Халил!
Ойтқилким эҳтиёжинг негадур?
Лутфу эҳсондин мижозинг негадур?
Неки сен дерсен муҳайё айлоли,
Улча коминг ошкоро айлоли?»
Деди улким: — «Ўт манга рўзи қилур,
Эҳтиёжим не эконни ул билур.
Йўқ санга худ эҳтиёжим бу нафас,
Токи зоҳир айлагаймен мултамас».
Борча ҳолимда ўзунг муҳтож қил,
Элдин истиғно насибим айлагил.
СLXXXIII
Ҳайрат тариқи адосида муножот
Ҳайрат тариқи адосида муножот
Эй жанобингда хирад ҳайрон бўлуб,
Водийи ҳайратда саргардон бўлуб.
Ҳар не сендин ўзгадур ҳайрон санга,
Ҳайратобод ичра саргардон санга.
Ақли кулл ҳайратда зотинг бобида,
Зот йўқ ҳар бир сифотинг бобида.
Коргоҳинг ичра ҳар бир ришта тоб,
Ақлннинг бўйниға ҳайратдин таноб.
Аҳли илму ақл сунъунгда забун,
Ҳар бирининг ҳайрати ҳардам фузун.
Ушбу ҳайрат маслакида тут қўлум,
Бу таҳайюр ичра кўргузгил йўлум.
Ҳайрат ичра қўйма саргардон мени,
Торт ўз васлинг сори осон мени.
СLХХХIV
Тамсил
Тамсил
Бор эди бир бедили зору ҳақир,
Бўлди бир бадмеҳр ишқиға асир.
Неча ўртанса бу ғамдин ул ғариб
Давлати дийдор эмас эрди насиб.
Ўткорур эрди ғами ҳижрон била,
Васл ёдидин басе армон била.
Ҳаддин ўтти чунки ранжу зорлиғ,
Тори ўлди жисмиға беморлиғ.
Кўнгли чун маъшуқдин навмид эди,
Жонида андуҳ ўти жовид эди.
Дер эди: — «Ё раб, манга будур мурод,
Ким ўшул навраста сарви ҳурзод.
Етса бошимға, солиб ул юзга кўз,
Ойтсам кўнглум ғамидин икки сўз!»
Халқ ҳолиға тараҳҳум айлабон,
Дилбариға кўп тазаллум айлабон.
Ошиқи бедил сари келтурдилар,
Умрин онинг бошиға еткурдилар.
Нозанин чун келди айлаб турктоз,
Айлабон ул хастаға зоҳир ниёз.
Дедиким: — «Ойт улча бор кўнглунгда сўз!»
Ул тикиб юзига ҳайрат бирла кўз.
Ҳам тилин ҳайронлиғи лол айлади,
Ҳам танин ул заъф беҳол айлади.
Ҳайрат этти зойил ондин ақлу ҳуш,
Дарди ҳолин дер киши бўлди хамуш.
Ҳушиға чун келди кетмиш эрди ёр,
Тушти сиҳҳатсиз таниға изтирор.
Ҳайратидин ул заъифи нотавон,
Бир сўз ойто олмайин топшурди жон.
СLХХХV
Тавҳид тариқи адосида муножот
Тавҳид тариқи адосида муножот
Эй мусаллам зотингга тавҳиди пок,
Аҳли ваҳдат ойтиб они завқнок.
Ҳар кишиким қисми тавҳид айладинг,
Боиси тажриду тафрид айладинг.
Кимки ўзлукдин чиқординг они чуст,
Айладинг оллингда тавҳиддин дуруст.
Кимгаким тавҳиддин бердинг кушод,
Мидҳатида куфр қилдинг иттиҳод.
Онгаким ваҳдат сари йўл айладинг,
Сен қолиб нафйи бую ул айладинг.
Мену ўзлук ширкатин мендин итур,
Маҳз тавҳидинг сари, ё раб, етур.
Менда, ё раб, қўйма менликдин нишон,
Ўзлугунгда маҳв қил домонкашон.
СLХХХV
Тамсил
Тамсил
Бир кеча Маҳмуд шоҳи1 покбоз,
Қўптиким билгайки найлайдур Аёз2.
Гарчи ул уйғоғ эди юмди кўзин,
Ҳийла бирла уйқуға солди ўзин.
Тахт оёғи сори солиб такягоҳ,
Етиб эрди боши узра келди шоҳ.
Бирдам этти ҳусниға наззораи,
Шавқ ўтиға айлайин деб чораи.
Шавқини наззора афзун айлади,
Ишқ аҳволин дигаргун айлади.
Чекти маҳвашнинг аёғиға ўзин,
Шавқдин қўйди табониға кўзин.
Кўз кафи пойиға суртар эрди шоҳ,
Ул оёғин тортиб ўлмай узр хоҳ.
Билди шоҳким нозанин уйғоғ эрур,
Деди: — «Эйким жонда сендин доғ эрур.
Мендин онглаб мунча изҳор ниёз.
Невчун эрди мунча бе андоза ноз?
Ким аёғ тортиб қўпуб ўлтурмадинг,
Зоҳир айлаб меҳр бир сўз сўрмадинг?»
Деди гулчеҳр: — «Эй шаҳи соҳиб назар,
Борму эрди менда менликдин асар?
Бир киши узр ойтқон ким бўлғой ул,
Менда улдам йўқ эди менликка йўл».
Йўқ эди ул дам Аёзу шоҳ эди,
Ҳам ўзи бедил ҳам ул дилхоҳ эди.
Кимга ваҳдат қилса мундоқ турктоз,
Фарқ бўлмас онда султондин Аёз.
Олами тавҳиддин топқон хабар,
Менлику сенликдин ул топмас асар.
СLХХХVII
Фано тариқи адосида муножот
Фано тариқи адосида муножот
Эй фано аҳли, сенинг восилларинг,
Васл нузҳатгоҳиға дохилларинг.
Ким бақо топмоққа сендан майл этиб,
Чун солиб ўзни фано сори етиб.
Ўзлугин ҳаркимки, фоний қилмайин,
Ул фанонинг ҳам фаносин билмайин.
Топмоқ имкон йўқ висолинг комини,
Ул фанолардин бақо анжомини.
Ўйла Фоний қисми, ё раб, бер Фано,
Қим бақо кунжидин ул топқой ғино.
Қил ўзунгда будини аввал набуд,
Ул набуди ичра бергил бир вужуд.
Ким анга иш ул вужуд ичра тамом,
Бўлғаю топқой висолинг вассалом.
СLXXXVIII
Тамсил
Тамсил
Комиле изҳори ҳожот айлади,
Тенгрига мундоқ муножот айлади.
«Ким илоҳий пок зотингға бақо,
Ўйладурким, кўрмас имкони фано.
Ўйлаким зотингға собитдур қадам,
Айласанг андоқ вужудимни адам.
Ким анга йўл топмағай ранги вужуд,
Қолмағай васл ичра жуз коми шуҳуд».
Истаган фоний вужудимдин асар,
Топқой ул боқий вужудинда хабар.
Менлику сенлик аромиздин кетиб,
Қолғосен сен-ўқ, ародин мен кетиб.
Сен мен итлоқи маҳол ўлғоч маҳол,
Топсам ул ҳолатда сендин мен висол.
СLХХХIХ
Бу китоб назмида ўз муносабатининг тақриби
Бу китоб назмида ўз муносабатининг тақриби
Ёдима мундоқ келур бу можаро,
Ким туфулият чоғи мактаб аро.
Ким чекар атфол марҳуми забун,
Ҳар тарафдин бир сабақ забтиға ун.
Эмгонурлар чун сабақ озоридин,
Ё «Каломуллоҳ»нинг такроридин.
Истабон ташхиси хотир устод,
Назм ўқутурким равон бўлсун савод.
Насрдин баъзи ўқур ҳам достон,
Бу «Гулистон» янглиғу ул «Бўстон».
Манга ул ҳолатда табъи булҳавас,
«Мантиқут-тайр» айлаб эрди мултамас.
Топти сокин-сокин ул такрордин,
Сода кўнглум баҳра ул гуфтордин.
Табъ ул сўзларга бўлғоч ошно,
Қилмади майл ўзга сўзларга яно.
Одат эттим ул ҳикоятлар била,
Қуш мақолидин киноятлар била,
Чун бирар сўздин топиб табъим кушод,
Топсам эрдиким, недур ондин мурод.
Завқ кўп хушҳол этар эрди мени,
Шарҳи онинг лол этар эрди мени.
Чун бу аҳволимға бўлди имтидод,
Бўлди ул дафтарға ғолиб эътиқод.
Ўйлаким элдин узулди улфатим,
Ул китоб эрди аниси хилватим.
Халқ расми сўзларидин қилу қол,
Ўтса табъимға етар эрди малол.
Оқибат ишқ айлади шайдо мени,
Ўйла машъуф этти бу савдо мени.
Ким дедим узлат эшигин очқомен,
Даҳри бемаъни элидин қочқомен.
Онглағоч атфол айлаб шўру шайи,
Истимоъ этти бу сўзни волидайн.
Ваҳми ғолиб бўлди андоқким авом,
Ким эрур сўз оташину табъ хом.
Бўлмағайким даст бергай телбалик,
Чеккулук бўлғой салоҳидин илик.
Ёшуруб дафтарни маъдум эттилар,
Шуғлидин кўнглумни маҳрум эттилар.
Манъи кулли қилдилар ул ҳолдин,
«Мантиқут-тайр» узра қилу қолдин.
Чун ародин ўтти бир аҳди баъид,
Бўлдилар ул ҳолатимдин ноумид.
Лек чун ёдимда эрди ул калом,
Ёшурун такрор этар эрдим мудом.
Ондин ўзга сўзга майлим оз эди,
Қуш тили бирла кўнгул ҳамроз эди.
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.
Тўрт девон бирла назми панж ганж,
Даст берди чекмайин андуҳу ранж.
Назму насрим котиби тахминшунос,
Ёзса, юзминг байт этар эрди қиёс.
Мунчаким назм ичра қилдим иштиғол,
Хотиримдин чиқмас эрди бу хаёл.
Ким бу дафтарға бериб тавфиқ ҳақ,
Таржума расми била ёзсам варақ.
Лек сўз душвор эди, мен нотавон
Бормас эрди хомаға илким равон,
Оқибат кўрдумки умр айлар шитоб,
Ўлсаму қолса дейилмай бу китоб.
Ул жаҳон сори бу армон элткум,
Бўйла ўтдин доғи ҳирмон элткум.
Неча бу ишга кўнгул машъуф эди,
Гўиёким вақтиға мавқуф эди.
Олтмишқа умр қўйғонда қадам,
Қуш тилин шарҳ этгали йўндум қалам.
Шайхнинг руҳидин истимдод этиб,
Кўргач истимдод, ул имдод этиб.
Эрди ёрим кеча ашғолим чоғи,
Табъ бу маъниға машғул ўлмоғи.
Хома рафторин неча сурсам неча,
Қирқ-эллик байт ҳар ярим кеча.
Сафҳаға ёзмай қарорим йўқ эди,
Бу рақамда ихтиёрим йўқ эди.
Шайх руҳидин етиб кўп эҳтимом,
Қилдим оз фурсатда арқомин тамом.
Сўз дақиқ эрдию маъни онда гум,
Гарчи қилдим ўз-ўзумға уштулум.
Шайх руҳидин вале етти кушод,
Ким муродин топти ушбу номурод.
Гарчи ғаввоси чекиб ранжу ано,
Ўзни бу дарёға айлаб ошно.
Дурға гарчи топмаса ҳам дастрас,
Йиғса дарё мавжидин хошоку хас.
Ҳам қурутсау они қилса ўтун,
Ёруғон вайронаси бўлмай тутун.
Мен бу дарё ичра дурри покни,
Топмайин, йиғдим эса хошокни.
Найлайин бу эрди маҳдурум менинг,
Қонеъ ўлди табъи маҳжурум менинг.
Сочти эрса нозими олий макон,
Олам аҳли узра нақди баҳру кон.
Мундин ортуғроқ ҳад эрмастур манга,
Жудини васф айласам басдур манга.
Будур уммидимки, ҳар ким солса кўз,
Ким ҳарорат солса кўнглиға бу сўз,
Шайх анфосиға они ҳамл этиб,
Файз топқой комиға, яъни етиб.
Бизни доғи онда кўргай бир туфайл,
Қилмағай кўнгли икилик сори майл.
СХС
Тамсил
Тамсил
Толиби кўнглида ошуби талаб,
Шаҳр аро борур эди тортиб тааб,
Кўрди девори йиқилғон кўй аро,
Жамъ бўлғон эл узотиб можаро.
Ким бу шориъдин эди элга убур,
Эмди, ё раб, қай сари тушкан мурур.
Ким иморат айлагай, оё, муни!
Ёсарға айлагай парво муни!
Муддати боғланди элга йўл тамом,
Бўлди ожиз йўл ўтардин хосу ом.
Эл аро бу изтиробу изтирор,
Ким етишти толиби уммидвор.
Кўргач ул ҳолат тушуб кўнглига жўш,
Важду ҳол этти аён айлаб хурўш.
Эл таажжуб қилдиларким, бу фақир,
Бежиҳат қилди аён важду сарир,
Кайфият сўрдилар ул бечорадин,
Кому мақсад даштида оворадин.
Деди: — «Мен бу халқнинг жамъиятин,
Кўрдум, аммо билмадим кайфиятин.
Лек солиб бу тараф рафторни,
Айласам наззора бу деворни.
Майлини доим кўрур эрдим буён,
Ким йиқилмоқ айламиш ҳоло аён.
Чун жамоди зоҳир этса бу сифат,
Майл қилғон ён йиқилмоқ оқибат.
Менки бор эрдим ўзумдин ноумид,
Майл қилғон комдин беҳад баъид.
Айлагач девор бу рамз ошкор,
Бўлди бу навмид ҳам уммидвор.
Ким қаёнким майл этти ҳақ мени,
Ул тараф-ўқ бошлағай мутлақ мени.
Чун манга фақру фано келди мурод,
Ул тарафдин ҳақ насиб этти кушод.
Майл бергон сойи айлаб бахтиёр,
Солғай ул жониб мени беихтиёр».
СХСI
Бу китобда тахаллус тағйирининг узри
Бу китобда тахаллус тағйирининг узри
Чун кичик ёштин манга бўлди насиб,
Назм адосида хаёлоти ғариб.
Шеър ҳар синфинки қилдим ибтидо,
Турк алфози била топти адо.
Ўйлаким ҳар кимса неким қилғуси,
Баъзи ишта бор онинг бир белгуси.
Ким-ўзи таҳсисиға имлодур ул,
Муҳри ё тавқиъ ё тамғодур ул.
Сафҳа дебосию назм иншосидур,
Ким тахаллус нозими тамғосидур.
Бу нишони бирла топти имтиёз,
Не варақким назм қилди аҳли роз.
Ким бу Саъдийа1, ё Низомийнинг2 дурур,
Ё бу Хисравнинг3, бу Жомийнинг4 дурур.
Менки турк алфозиға айлаб шуруъ,
Назм топти табъу килкимдин вуқуъ.
Чун саҳоби табъим ўлди дурфишон,
Назмима эрди Навоийдин нишон.
Даҳр боғида бўлуб комим раво,
Комронлар топти назмимдин наво.
Форсий назм ичра чун сурдум қалам,
Назмнинг ҳар синфини қилдим рақам.
Файз еткоч ул маонийдин манго,
Топти белгу назми Фонийдин5 манго.
Чун «Лисонут-тайр» оғоз айладим,
Турфа қушлар бирла парвоз айладим.
Мунда ансаб эрдиким тузғоч наво,
Бўлса назмимға Навоийдин адо.
Ким наво қушлар тили алҳонидур,
Дилкаш афғони ҳазин достонидур.
Туркий услуб эрди ҳам бу достон,
Топқудек эрди Навоийдин нишон.
Бу рақамда Фоний айларга лақаб,
Мустамеъ бўлғонға айтурмен сабаб.
Ким бу дафтар назмидин кулли мурод,
Чунки маржиъ майли эрдию маод.
Мунда Фоний бўлмай иш ўлмас тамом,
Фоний ондин топти назмим ихтимом.
Ҳам бу дафтар ичра Шайхи маънавий,
Ким демиш қушлар тилидин маснавий.
Сайр ул қушларғаким фан айламиш,
Етти водий чун муайян айламиш.
Чектуруб қушларға кўп ранжу ано,
Сўнгғи манзил бўлди водийи фано.
Гарчи бу икки таносиб ёр эди,
Назмима хам бу тахаллус бор эди.
Гар тахаллус мунда Фоний айладим,
Бу таносиблардин они айладим.
Гар сабаб истаб биров қилса хитоб,
Шарҳ, қилғон сўз анга басдур жавоб.
Кимга бўлса мундоқ ишлар нияти,
Бўлмас ул бўлмай замон амнияти.
Бу замон амниятин қилма гумон,
Собит ўлмай адли Доройи замон.
CXCII
Подшоҳи ислом дуоси ва узрхоҳлик адоси
Подшоҳи ислом дуоси ва узрхоҳлик адоси
Улки амният вужудидиндурур,
Халқ шокир базлу жудидиндурур.
Аббадат эҳсонаҳу Султон Ҳусайн1,
Шоҳ Абулғози моло-зулхофақайн.
Мен не айта олғомен авсофини,
Хулқу лутфу адл ила инсофини.
Ким агар юз минг менингдек назмкеш,
Қилса минг йил сафҳа руҳсорини реш.
Васфининг мингдин бири айтилмоғой,
Балки юз мингдин бири ёзилмоғой.
Бас қилиб ҳамду дуосин ибтидо,
Айлайин қушлар тили бирла адо.
Токи даврон боғида давлат қуши,
Ким саодат бўлғай ул қушнинг туши.
Салтанат авжида сайр айлаб аён,
Айлагай бир чатр бошин ошён.
Бўлсун онинг чатру иззу давлати,
Боши узра соябони ҳашмати.
Адли бўстонида юз хайли туюр,
Кўрмасунлар зулм тошидин футур.
Ҳукми нофиз то абад даврон аро,
Инқиёди амри инсу жон аро.
Давлатининг душмани хайлу мутеъ,
Барча афву халқини айлаб шафеъ.
CXCIII
Бу назм тарихи гуфтори ва ўзининг истеъфо ва истиғфори
Бу назм тарихи гуфтори ва ўзининг истеъфо ва истиғфори
Менки, хилват ичра йўндум хомани,
Нақш айларга бу дилкаш номани.
Анбиё сархайли Батҳо соридин,
Айлаган Ясрибқа1 майл изҳоридин.
Йил тўқиз юз ўтмиш эрди доғи тўрт,
Ким улуснинг кўнглига солди бу ўрт.
Ҳам бу тарих ичраким қилдим шуруъ,
Ихтитомиға доғи бўлди вуқуъ.
Бир-икки ой ўйлаким дедим дуруст,
Юқорироқ шарҳини қилдим нухуст.
Кечаким ҳар шуғлдин маъзул эдим,
Бир-икки соат мунга машғул эдим.
Чун бу янглиғ эҳтимом эттим тамом,
Ибтидосиға етишти ихтитом.
Ё раб, ушбу турфа шўхи дилфириб,
Ким онинг васлин манга қилдинг насиб.
Эл кўзига доғи маҳбуб айлагил,
Барча хотирларға марғуб айлагил.
Гарчи мақсудиға мубҳамдур баён,
Қуш тилин эл кўнглига қилғил аён.
Кимга ондин ҳосил ўлса муддао,
Лутф этиб Фонийни ҳам қилса дуо.
Айла онинг ҳам дуосин мустажоб,
Иккимизни оллидин олғил ҳижоб.
Табъима тушса хато бирла зулал,
Килкима саҳв ўлди эрса ё халал.
Лутф ила, ё рабки, борин афв қил,
Номаи аъмолдин ҳам маҳв қил.
Ҳар паришон сўзки ёздим, ё карим,
Барчадин астағфириллоҳ, ал-азим.