Топ рейтинг www.uz
ЛИСОНУТ-ТАЙР

БИСМИЛЛОҲИР-РАҲМОНИР-РАҲИМ

Жон қуши чун мантиқи роз айлагай,
Тенгри ҳамди бирла оғоз айлагай.

Улки махлуқот халлоқидур ул,
Ондин ўзга фонию боқийдур ул.

Сониъиким чекти чун сунъи қалам,
Офариниш тарҳини қилди рақам.

Айлагач дойир тўқуз афлокни,
Қосир этти фаҳмидин идрокни.

Кўкни тун-кундин муламмаъ айлади,
Меҳру анжумдин мурассаъ айлади.

Ойни кўк тирноғидин қилди мисол,
Олғон ул тирноғ бир ёнин ҳилол.

Сайрдин гардунға солди изтирор,
Ерга онинг жавфида берди қарор.

Ер юзин ёмғур суви бирла юди,
Гарду чирки ул юмоғдин ўксуди.

Баҳр уза жўнг айлади туфроғдин,
Жўнг учун лангар ясоди тоғдин.

Қилди дарёға бухорин пардапўш,
Меҳр ўтидин тушмасун деб суға жўш.

Ошкор айлаб адолат оламин,
Еб суда мавжуд қурту қуш ғамин.

Берди найсон ёмғуриға ул шараф,
Ким гуҳар қозғонди базлидин садаф.

Дурға берди ул баҳо бирла ривож,
Ким сарир аҳлиға бўлди зеби тож.

Чун Ҳамалдин берди ойини баҳор,
Бўлди тенг мезонида лайлу наҳор.

Тонг насимин Исоосо айлади,
Боғ амвотини эҳё айлади.

Жилвагар қилди чаман зеболарин,
Боғ аро ёйиб чечак раъноларин.

Рўзи этти елга руҳосо шамим,
Ким шажарға топти жон азми рамим.

Ҳам ёрутти субҳи кофури асос,
Ҳам тузотти шомни мушкин либос.

Меҳрни кундуз дурахшон айлади,
Ойни шамъи шабистон айлади.

Ҳар ғаройибким ёйиб саҳро аро,
Ондин ортуғ кўргузуб дарё аро

Дашт аро ҳар не таковар айлабон,
Сувда юз онча шиновар айлабон.

Чун қуюнни дашт аро айландуруб,
Сувда игримни доғи тўлғандуруб.

Уйлаким душман яротиб ўтқа сув,
Елни ҳам туфроққа айлаб адув.

Сунъидин кўргилки мундоқ тўрт зид,
Бўлуб инсон хилқатида муттаҳид.

Офаринишдин қилиб инсон ғараз,
Они айлаб халқ ичинда безаваз.

Кўнглин онинг махзани ирфон қилиб,
Ул тилисм ичра ўзин пинҳон қилиб.

Рози махфий ганж ўлуб бу турфа жисм,
Сунъидин ул ганж ҳифзиға тилисм.

Ҳам тилисм ул махзан узра, ҳам амин,
Офарин сунъунгға, эй жон, офарин.

Айлаганда розининг ганжини арз,
Не само айлаб қабул они, не арз.

Ғайри инсонким қилиб они қабул,
Ҳам залум айлаб хитобин, ҳам жаҳул.

Чун халойиқдин они мумтоз этиб,
«Кунту канзан» сирриға ҳамроз этиб.

Бошиға қўюб ҳидоят тожини,
Қисмати айлаб шараф меърожини.

Олам ичра андоқ айлаб муқтадо,
Ким бўлуб хайли малакка пешво.

Чун малак хайлиға ул масжуд ўлуб,
Кимки саркашлик қилиб мардуд ўлуб.

Яъни ул жинну малоик сарвари,
Тахти фармонида олам кишвари.

Неча минг йил зуҳду тоат айлаган,
Амриға онинг итоат айлаган.

Бир важаб ер қолмоғон офоқ аро,
Балки бу кирёс нили тоқ аро.

Кимки ҳақ оллинда тоат қилмағон,
Касби ойини саодат қилмағон.

Бу саодатларға топқон дастрас,
Урмағон ҳақ ёдидин айру нафас.

Чун тақаррубда топиб доруссурур,
Кўнглига ул қурбдин солғон ғурур.

Бу ажаб мазҳарни кўзга илмағон,
Саждасин хайли малакдек қилмағон.

Бўйнини сунмай аён этконда таън,
Солибон бўйниға онинг тавқи лаън.

Бўйниға итдек қалода солибон,
Кўнглиға итлик ирода солибон.

Хайли одамға адуйи жон бўлуб,
Душману ғоратгари имон бўлуб.

То қиёмат бу шақоватқа қолиб,
Дўзахи макру адоватқа қолиб.

Ул шарафлар бирла андоқ пеш хайл,
Ким аён айлаб такаббур сори майл.

То абад мардуду малъун айлабон,
Ибрату офоқу гардун айлабон.

Бир овуч туфроғдин айлаб пайкари,
Одамийлиғда ажойиб мазҳари.

Ҳам қилиб ўз сирри бирла ганжи роз,
Ҳам хилофат бирла айлаб сарфароз.

Бўлди саркашликдин онинг офати,
Ажзу туфроғлиқ бу бирнинг рофати.

Бирга ул масжудлуғ берган ўзи,
Бирга бу мардудлуғ берган ўзи.

Ҳам ўзи ул бирни маълул айлаган,
Ҳам ўзи бу бирни мақбул айлаган.

Ул не қилди, бу не қилди-ул билур:
Ул бу қилмас, ҳар не қилса-ул қилур

Ҳикматидин воқиф эрмастур киши,
Бўлмади бу иш кишининг чун иши.

Иш эрур улким ўзи они қилур,
Ҳикмат улким ҳам ўзи они билур.

Подшоҳеким анго йўқтур назир,
Не шарику не адилу не вазир.

Сунъунгга юз офарин, эй кирдигор,
Ғайр йўқ сен сенки дерлар-они бор.

Борсен сен борлиғ зебандаси,
Бирлику жабборлиғ арзандаси.

Сендадур ҳам бирлику ҳам борлиғ,
Ҳайлиғу қодирлиғу ғаффорлиғ.

Баҳри ғуфронингға тушкан чоғда мавж,
Журм эрур ҳар неча тутқон бўлса авж.

II

Муножот қозиюл-ҳожот ҳазратида ўз тақсиротининг
шармандалиғида ва ул уётдин мазаллат туфроғиға сарафкандалиғида

Ё раб, ўз ҳолимға ҳайронмен басе,
Осию масту паришонмен басе.

Нафс маъмури ҳаво мағлуби ҳам,
Сидқ мардуди сафо манкуби ҳам.

Жонима исён майидин мастлиғ,
Кўнглума фисқ аҳлиға побастлиғ.

Юз ҳаво бошимға солиб нафси шум,
Хайли шайтон айлабон ҳарён ҳужум.

Айлабон ул хайл бўлғунча хабар,
Жону кўнглим кишварин зеру забар.

Бир таадди пешаликни хўб деб,
Ўзни ошиқ деб, они маҳбуб деб.

Ҳар ситамким тундхўедин етиб,
Ул чу етточ оҳ уруб, ўздин кетиб.

Оташин лаълидин ўт жоним аро,
Рўзғорим зулфу холидин қаро.

Нуктаси нутқум тилин лол айлабон,
Жилваси ақлимни беҳол айлабон.

Васлу ҳажрин умру марг айлаб лақаб,
Бирдин осийиш топиб бирдин тааб.

Ҳажри андуҳида жоми май ичиб,
Васли жомин чун топиб жондин кечиб.

Онглабон онсиз тирикликни ўлум,
Жонға айлаб ҳажрида юз уштулум.

Они фаҳм айлаб ҳаётимдин мурод,
Ондин ўзга келмайин кўнглумга ёд.

Ғайри ёдимдин чиқиб фирқат чоғи,
Чунки воқифсен, чин айтай мен доғи.

Ҳажри чун кўнглумга бедод айлабон,
Они истарга сени ёд айлабон.

Оллоҳ, Оллоҳ, ўлтурур шармандалиқ,
Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ.

Юз қаролиғ онча бўлмиш жаҳл аро,
Ким кўзимга қилди оламни қаро.

Қилмадим умрумда бир ракъат намоз,
Сар-басир маҳзи ниёз, эй бениёз.

Ҳаргиз андоқ қўймадим туфроққа бош,
Ким кераклик бўлмағай бошимға тош.

Бермадим ҳаргиз гадоға бир дирам,
То ўзумни кўрмадим соҳиб карам.

Тутмадим отинг қилиб фарзоналиқ,
Сабҳа элдин осмайин юз доналиқ.

Бир амал ҳаргиз риёсиз қилмадим,
Зарқсиз ҳаргиз ўзумни билмадим.

Ўйлаким мендурмен инсон бўлмасун,
Йўқки инсон-деву шайтон бўлмасун.

Ўз фиолимдин ажаб озурдамен,
Дам-бадам афсурдау дилмурдамен.

Бас хижолатдин манга йўқтур ҳаёт,  
Не учунким ўлтурур ҳардам уёт.

Бу маразлар ичраким ўтти сўзум,
Ўз иложимни қила олмон ўзум.

Бермадим мунча балиятқа ризо,
Найлагаймен сендин ўлғонға қазо.

Гар манга бу дард бедармон эрур,
Лек дармони санга осон эрур.

Дардима дармон иноят айлагил,
Тавбаи комил ҳидоят айлагил,

Адлу эҳсонингға хос этгил мени,
Нафси золимдин халос этгил мени.

Жонда шавқунг шуъласин мавжуд қил,
Ҳар не ғайринг кўнглума мардуд қил.

Ончаким бўлғай бадан қайдида руҳ,
Қил анга рўзи шуҳудингдин футуҳ.

Чун бу қушқа риҳлат оғоз ўлғуси,
Гулшани аслиға парвоз ўлғуси.

Қуш таважжуҳ айласа учмоқ сари,
Туфроқ этса майл ҳам туфроқ сари.  

Чун ҳар иш бобида қилғунгдур хитоб,
Топмағон чоғда саволингға жавоб.

Бошима еткур мени қўймай ҳазин,
Ониким деб сен шафиъул-музаннибин.

III

Бу номиға Саидул-мурсалин наъти била туғро тузмак ва шафиъул-музаннибин мадҳи билан зийнат кўргузмак

Анбиё сархайли султони русул,
Ким эрур онинг туфайли жузви кул.

Улки Одамдин бурун ул бор эди,
Ҳам Наби ҳам соҳиби асрор эди.

Нури мавжуд офаринишдин бурун,
Ким эди халқиға муддат олти кун.

Қайси нур, улким топиб юз иззу ноз,
Ул келиб маъшуқу холиқ ишқи боз.

Бе ниҳоят йил топиб ҳақдин назар,
Токи ҳақ мавжуд қилди Булбашар.

Булбашар рухсори чун тутти жамол,
Кавкаби ул нурдин топти камол.

Чунки ул Ҳаввоға1 бўлди мунтақил,
Жабҳасидин меҳр эрди мунфаил.

Шиснинг2 топти вужуди чун вуқуъ.
Ул қуёш қилди жабинидин тулуъ.

Борди ондин маҳрами дилбандиға,
Ондин ўлди мунтақил фарзандиға.

Жуфтиға ондин етишти ул шараф,
Ўйла гавҳар ҳуққаси қилғоч садаф.

Бир-бирига бу сифат текурдилар,
Токи Абдуллоҳға3 топшурдилар.

Ул доғи еткурди ул дастур ила,
То уйи бўлди ёруғ ул нур ила.

Токи ул уйдин тулуъ этти қуёш,
Оразида ул нубувват нури фош.

Нур йўқким ҳақ таоло сояси,
Ло журм ўтти қуёштин пояси.

Дин ливоси кундек ўлди муртафиъ,
Зулмати куфр ўлди ондин мундафиъ.

Матлаъи бўлди онинг байтул-ҳаром,
Ким фалакдин топти олийроқ мақом.

Маккада бўлғоч ул ахтар нури фош,
Борча бутлар қўйдилар туфроққа бош.

Куфр аҳлидин намудор ўлдилар,
Барчаси, яъни нигунсор ўлдилар.

Дин ливоси бўлди гардундин бийик,
Шаръи тиғи насси қотиъдин итик.

Табъи чун бўлди рисолат росихи,
Миллати бўлди милалнинг носихи.

Ройи чун кўргузди шамъи муъжизот,
Партавидин равшан ўлди коинот.

Лот ноқислиғ била бўлди табоҳ,
Зоҳир ўлди куфр элига ло илоҳ.

Ондин ўлди элга иллаллоҳ аён,
Қилди афсаҳ нутқ ила они баён.

Айлагон ирсоли иллаллоҳ ўзи,
Ёнида онинг расулуллоҳ ўзи.

Зоти олам дуржида дурри самин,
Балки ҳақдин раҳматан лилоламин.

Ўзи пок азвож ила авлоди пок,
Зоти пок асҳоб ила аҳфоди пок.

Онга ҳардам юз дуруду минг салом,
Олам аҳлидин ила ёвмулқиём.

Пок авлодию асҳобиға ҳам,
Сўнгра хаддомию аҳбобиға ҳам.

IV

Ул рисолат Қофи Анқо1сининг баландпарвозлиғи ва маҳбуби ҳақиқий васлиға етиб қуш тили била такаллум ва ҳамрозлиғи

Ул кеча ким, ул шаҳи гардунмақом,
Ким они хақ истади гардунхиром.

Уммаҳони ҳужрасида эрди хуш,
Даҳри дун ашғолидин осудаваш.

Ким етишти оллиға руҳул-амин,
Арз этиб пайғоми раббул-оламин.

Илкида эрди Буроқи барқ хез,
Барқ онинг бирла қила олмай ситез.

Дедиким-эй тенгрига жонинг қариб,
Жисм ила ҳам бул эрурсен чун ҳабиб.

Рокиб ўлким келтурубтурмен Буроқ2,
Гарди роҳинг айла бу фируза тоқ.

Чиқти шаҳ рахш узра чун маҳкум эди,
Ҳукм қойдин эркони маълум эди.

Чун ҳумоюн маркаби қилди ҳаво,
Мақдамидин чарх эли топти наво.

Чун қамарға маркабидин етти қадр,
Ул қуёш ташрифидин ой бўлди бадр.

Чун иккинчи авж уза урди алам,
Дурфишон бўлди Аторудға қалам.

Зотидин топқач шараф учунчи саҳн,
Зуҳра хунёгарлик айлаб чекти лаҳн.

Сурди чун тўртинчи айвонға асос,
Шоҳ анжум айлади нур иқтибос.

Солди чун бешинчи айвон сори от,
Наҳс Асғар Саъд Акбар бўлди бот.

Саъд Акбар сори чун қилди гузар,
Топти ул нури саодатдин назар.

Қилди чун еттинчи торамға убур,
Ҳиндуи мазлум деди Оллоҳи нур.

Икки водий чун яно қилди уруж,
Зоҳир ўлди қуббаи зотул-буруж.

Фарридин топти қўзи қўчқорлиқ,
Саврға етти асад кирдорлиқ.

Хидматиға боғлади Жавзо камар,
Бўлди Саратон ростравлиққа самар.

Арслон итдек оёғиға тушиб,
Хўша тухми дур бўлурға ёвушиб,

Каффажон мезонлиғин айлаб аён,
Заҳрини тарёк этиб ондин чаён.

Ёни айлаб қоши таъзими ҳилол,
Мақдамидин Жадй ўлуб заррин ғизол.

Далв олиб нуктасидин жон суйи,
Ҳут топиб нутқидин ҳайвон суйи.

Чун буларға бу шарафлар еткуруб,
Борчасидин юқори маркаб суруб.

Аршу курсиға уруб фаррух алам,
Бўлуб ондин муҳтарам лавҳу қалам.

Ломакон майдонида жавлон қилиб,
Ондин оҳанги ажаб майдон қилиб.

Пайк ила маркаб қолиб ул сайрдин,
Икки пар тушгон масаллиқ тайрдин.

Чун аносир меҳнатидин шод ўлуб,
Ҳам жиҳот итлоқидин озод ўлуб.

Эгнидин солиб аноният тўнин,
Ойириб ўтдин башарлик учқунин.

Ўзни ўзлук қайдидин айлаб халос,
Топиб ўздин ўзгаликка ихтисос.

Елу туфроғу ўту сувдин ориб,
Ҳам мену сен ҳам улу будин ориб.

Боргоҳи қурб аро топиб мақом,
Майл этиб ондин яқинроқ ҳам хиром.

Айлабон чун рафъ етмиш минг ҳижоб,
Қолмай ўзга мониъи онинг ҳижоб.

Чун мавониъ бору йўқ маслуб ўлуб,
Ул ҳабиб онда етиб маҳбуб ўлуб.

Ли маъоллоҳ остонин ёстониб,
Қоба қовсайн иттиҳодин қозғониб.

Ли била маъни ҳам ўздин солибон,
Бу солинғоч не қолур ул қолибон.

Ёрутуб айнини мозоғал-басар,
Рафъ ўлуб андишаи фийан-назар.

Топибон ул рутбаким топмай киши,
Ким эмас бу иш кишиликнинг иши.

Ўзлуги бирла ўзидин йўқ хабар,
Балки ўзу ўзлугидин йўқ асар.

Ғайр осориға имкон қолмайин,
Бориб ўз ҳам ғайри жонон қолмайин.

Ҳам кўруб жонон жамолин кўз била,
Васлидин ҳам баҳра топиб сўз била.

Айлабон идрок тўқсон минг калом,
Лек асносида юз минг эҳтиром.

Осий умматнннг гуноҳин истабон,
Барча аҳволи табоҳин истабон.

Ҳар не истаб ҳаййи мутлоқдин топиб,
Ҳақ тилаб, ҳақдин тилаб, ҳақдин топиб.

Ҳосил айлаб улча имкони мурод,
Қайтиб ул меърождин3 масруру шод.

Васлидин масрур ўлуб ул боргоҳ:
Буйруғидин мунтазам бу коргоҳ.

Борғонида бор эди дурри шигарф,
Лек ёнғонда келиб дарёи жарф.

Турфатул-айн ичра онглаб билгони,
Турфаким бир онда бориб келгони.

Ўзга оламдин ёниб тутқоч мақом,
Берди бу олам ишига интизом.

Биз нечаким осию гумроҳбиз,
Бок йўқ чун мунчадин огоҳбиз.

Ким онингдек ҳомию зоти рафиъ,
Журмумизга бўлғуси тонгла шафиъ.

Ёраб ул кунким; шафиъ ўлғой расул,
Кимниким ул истаса қилғунг қабул.

Юз тумон минг аҳли исёну гуноҳ,
Топқуси раҳмат етиб фазли илоҳ.

Бўлғуси ул хайл аро фоний доғи,
Қилмоғойсен ноумид они доғи.

V

Амирул-мўъминин Абу Бакр1 Сиддиқ розиоллоҳу анҳу таърифида

Улки султони расулнинг ёридур,
Соний иснайн азҳума филғоридур.

Содиқу сиддиқ ҳамрози онинг,
Ҳар ёмон-яхшида дамсози онинг.

Ул эди олам элига раҳнамун,
Келди чун вассобиқун ассобиқун.

Муқтадои зумраи таҳқиқ ул,
Собиқ ислом аҳлиға сиддиқ ул.

Ғор аро ёриға айлаб жон нисор,
Ёри онинг отин айлаб ёриғор.

Ганжким ғор ичра пинҳонлиқ қилиб,
Аждаҳодек ул нигоҳбонлиқ қилиб.

Ғор зулмотида тортиб чунки ранж,
Топиб онда Хизр2 суйи бирла ганж.

Ганж худ, ганжи илоҳий ёнида,
Ким келиб пинҳон жаҳон вайронида.

Бас недур гар топмади оби ҳаёт,
То жаҳон бўлғай тирик қолмоғлиғ от.

Чун йилондин захм аёғиға етиб,
Оби ҳайвон нўши они дафъ этиб.

Ўрниға они расул айлаб имом,
Ой бўлиб хуршидға қойим мақом.

Чун бўлиб хуршидға воқиъ ғуруб,
Дин уйи ул ой фуруғидин ёруб.

Ёраб, ул ой шамъи то ёвмул-ҳисоб,
Олмасун ислом уйидин нуру тоб.

VI

Ҳикоят

Мустафодин1 сўнгра аҳли иртидод,
Чун хилофатқа ул ўлди истинод.

Дин тариқида адоват туздилар,
Ким ҳужум айлаб жадал кўргуздилар.

Бергали ислом рукниға халал,
Ким закот эрди аён айлаб жадал.

Ул ғазаб айлаб бу навъ этти хитоб,
Ким наби2 қонунидин бир ришта тоб.

Ўксумак тағйир ила имкони йўқ,
Ўксутур элга қиличдур доғи ўқ.

Шаръ ишига улки мундоқ қилса жаҳд,
Ким онинг осори қолғай то бу аҳд.

Ким қила олғай бу ишни ошкор,
Жуз Абубакр улки эрди ёри ғор.

VII

Амирул-мўъминин Умар Форуқ1розиоллоҳу анҳу васфида

Улки пайғамбарға ҳамдам эрди ул.
Шубҳасиз Форуқи аъзам эрди ул.

Ҳақни ботилдин бировким қилди фарқ,
Адли бирла равшан этти ғарбу шарқ.


Ондин ўзга йўқ эди офоқ аро,
Балки ушбу қасри олий тоқ аро.

Шаръ аро шоҳи Расулнинг пайрави,
Адл ила дин пуштини қилғон қави.

Хон базлидин жаҳон аҳли тўюб,
Ул ўзин тўйғорғоли кирпич қўюб.

Рубъи маскун адли меъмориға паст,
Тушколи бир хишт янглиғ зери даст.

Нафсин ўлтургон ичибон заҳри ноб,
Ўғлин ўлтургон қилурда иҳтисоб.

Динидин меҳробу минбар равнақи,
Адли бирла мулку кишвар равнақи.

Тиғи суйи шаръини бўстон этиб,
Куфр мулку дайрини вайрон этиб.

Қаҳри кисролар бошидин олди тож,
Ваҳми қайсарларға ҳамл этти хирож.

Фатҳ ўлуб давронида мулки Ажам2,
Ул билод узра араб тортиб алам.

Олди шаҳлар мулкини чокарлари,
Куфр уйини бузди дин парварлари.

VIII

Ҳикоят

Хайле чун фатҳи Мадойин қилдилар,
Ахзи амволу хазойин қилдилар.

Неча юз йиллиқ салотин ганжини,
Жамъ айлар чоғда кўргон ранжини.

Юклаб эттилар онинг оллиға нақл,
Ким тамошосида ҳайрон эрди ақл.

Кўз учидин боқмай ул амволға,
Борчани жамъ этти байтул-молға.

Ким ғазо аҳлиға ул бўлғай мадад,
Ҳар бирига ончаким еткай расад.

Кимнинг илкидин келур бу навъ иш,
Жуз Умарким бўйла қонун айламиш.

IX

Амирул-мўъминин Усмони зуннурайн розиоллоҳу анҳу шонида

Ул ҳаё коники нурул-айн эди,
Ўйлаким айнайн зун-нурайн эди.

Сидқ конию мурувват махзани,
Ҳилм баҳрию футувват маъдани.

Ҳам Мадина1 аҳлиға шайху имом,
Ҳам келиб шайхайға қойим мақом.

Тенгри айлаб жомии Қуръон2 они,
Халқ деб Усмон бин Аффон3 они.

Чун Каломуллоҳни руҳул-амин,
Айлаб ирсоли шафиъул-музнабин.

Ул замондин то онинг даврониға,
Ер тутиб эрди ҳафо зиндониға.

Неча оят жамъ айлаб ҳар араб,
Жамъу тартибиға ул бўлди сабаб.

Суралар ўрнини таъйин айлади,
Булажаб девонни тадвин айлади.

Бу шараф басдурки то ҳоли анго,
Ашрафи уммат эрур толиъ анго.

Кимга бергай дастким рабби ғафур,
Кулбасиға солғай андоқ икки нур.

X

Ҳикоят

Нақл эрур бу навъким бир кун наби,
Ул халойиққа саодат кавкаби.

Хилват ичра истою элдин фароғ,
Ўлтуруб эрди узотиб бир оёғ.

Кирдилар баъзи кибар асҳобдин,
Ҳам азизу ҳам шариф аҳбобдин.

Бўлмади тағйир ҳазрат ҳолиға,
Ул фароғ ичра ҳумоюн фолиға.

Лек Усмон киргач ул миллатқа шамъ,
Ўлтуруб сўнғон аёғин қилди жамъ.

Ким эрур осру ҳаёлиғ кимса ул,
Топқуси тағйир онинг ҳолиға йўл.

Улки мундоқ ҳурматин тутқай расул,
Эътибори йўқ неким дер ҳар фузул.

XI

Амирул-мўъминин Али1 розиоллоҳу анҳу ҳазратида

Илм дарёси вилоят гавҳари,
Олам аҳлида ажойиб мазҳари.

Анбиё сархайлиға фарзанд ул,
Хайли одам ичра бемонанд ул.

Макка тоқидин тушурмакта Ҳубал2,
Эгни хазратнинг оёғиға маҳал.

Қатлдин пайғамбар этконда фирор,
Жонин ўйнаб ўрниға тутқон қарор.

Олам авсофиға зоти муттасаф,
Ким сўзики ман арафки лав кашаф.

Аҳли дин ичра амирул-мўъминин,
Тақвий аҳлиға имомул-муттақин.

Илм шаҳри анбиёға интиҳо,
Васфида айтиб Алиюн бобаҳо.

Дулдулининг пўяси андоқки барқ,
Зулфиқоридин3 адув қон ичра ғарқ.

Иттиҳодида нубувват шамъининг
Сўзи бу ким сен менингсен, мен сенинг.

Лаҳмака лаҳми ҳам онинг шонида,
Дамака дами ҳам истиҳсонида.

Бешаи тақдир шери шарзаси,
Шернинг ондин ҳаросу ларзаси.

Куфр аҳлининг жавобин еткуруб,
Балки гулбонги салувни ул уруб.

Ҳам наби фарзанди пайванди онинг,
Ҳам мунинг фарзанди, фарзанди онинг.

XII

Ҳикоят

Бир ғазода нақл мундоқдурки шоҳ,
Ебдур ўқ заҳмики отмиш кийнахоҳ.

Ер тутиб пайкон сўнгакка ўйла руст,
Ким чекордин бўлмайин чиқмоққа суст.

Чун Набиға арз этибдурлар они,
Бўйла дебтур ул ҳидоят махзани.

Ким ул этгон чоғда эҳроми намоз,
Они тортарға бўлунгуз чорасоз.

Ондаким ул захмнинг пайкони бор,
Зўр айланг ончаким имкони бор.

Онча истиғроқдиндур баҳравар,
Ким ул иштин бўлғусидур бехабар.

Ўйлаким ҳукм этти ул шамъи худо,
Қилдилар ул ишни фатҳ этти худо.

Шаҳ намозининг саломин чун деди,
Захмда не дарду не пайкон эди.

Қилди чун ул ҳол истифсорини,
Дедилар шоҳи расул гуфторини.

Ҳайдари каррор шукр айлаб аён,
Ушбу иш сиррин бу навъ этти баён.

Ким халос ўлмоқ ажал пайконидин,
Мумкин эрмас жуз наби эҳсонидин.

Бизга ҳар ғамдин нажот ондиндурур,
Балки ойини ҳаёт ондиндурур.

XIII

Қудватул-аҳрор ва қиблатул-аброр Шайх Фаридиддин  Аттор1  қаддасоллоҳу руҳаҳуға мадҳу сано оғозим ва ўз арзи ниёзи

Ҳар не гардун баҳр ила конида бор,
Онча юз Аттор дўконида бор.

Баҳрида анжумдин ўлмиш зебу фар,
Ҳар кеча дур янглиғ ўлмоқ жилвагар.

Конининг ёқути шом ўлғон шафақ,
Субҳи анвор сори андоқким фалақ.

Ул гуҳар йўқким ҳаводис тошидур,
Синғучи ондин забунлар бошидур.

Бу бирин ёқут йўқким, қон дегил,
Олам аҳли қатлидин оққон дегил.

Ул дўкон шарҳин қилай эмди рақам,
Гарчи авсофида ожиздур қалам.

Одами табъини жаҳл айлаб залил,
Ҳар ямон ахлоқдин қилса алил.

Бўлғоли зойил ҳар андоқ иллати,
Бу дўкон ичра муҳайё шарбати.

Сандалу мушку абиру заъфарон,
Табъ жаҳлидин саросар заъфарон.

Файз боғидин гулобу мушки бид,
Ҳар биридин табъға юз файз умид.

Нукта ҳилвидин басе қанду набот,
Ким топиб ўлгон кўнгил ондин ҳаёт.

Ваъзу ирфондин басе шаҳду шакар,
Ким бўлуб бечораларға чорагар.

Назму насридинки таҳрир айлабон,
Ваҳдад асрорини тафсир айлабон.

Халқ учун махлут этиб гул бирла қанд,
Табъға гулқанд янглиғ судманд.

Чун «Мусибатнома»син айлаб баён,
Юз мусибат нафсқа айлаб аён,

Ҳар мусибатдин кўнгулга сур ўлуб,
Ким кўнгул ул сурдин масрур ўлуб.

Чун рақам айлаб «Илоҳийнома»ни,
Ваҳйига айлаб муҳаррир хомани.

Шарҳи асрори илоҳи айлабон,
Халқ аро шарҳин камоҳи айлабон.

Чунки «Уштурнома» айлаб ошкор,
Нуктаси бухтиларин тортиб қатор.

Неча минг бухти нечукким чархи дун,
Дурру гавҳар ҳамлидин бори забун.

Чунки ғавси лужжаи ҳилож этиб,
Ҳар дурун шоҳлар бошиға тож этиб.

Балки айлаб шоҳ тожи зийнати,
Мулк нақди ҳар бирининг қиймати.

Чун қасоид даштиға солиб кумайт,
Водийи қатъ айлабон ҳар турфа байт.

Лек ҳар водида юз мулки ғариб,
Мулклардин ҳар бирида минг ажиб.

Чун ғазал гулзорида мажмаъ тузуб,
Булбул ойин минг тараннум кўргузуб.

Лекин ул ҳар бир тараннумдин аён,
Сирри ваҳдат шарҳиға равшан баён.

Чун рубоийдин бериб девонға зайн,
Рубъи маскун ичра солиб шўру шайн.

Олами маъни аро тақсимдин,
Ҳар бири мухбир неча иқлимдин.

Наср ила чун «Тазкира» мавжуд этиб,
Авлиё арвоҳини хушнуд этиб.

Ҳар бирининг руҳидин юз тийра зот,
Жон топиб ичкон киби оби ҳаёт.

Бир тараф бориға ойину шараф,
«Мантиқут-тайр»иға2 ойин бир тараф.

Ондаким дарж этти қушлардин мақол,
Ўзга тилдир, ўзга сўздур, ўзга ҳол.

Фаҳмиға махфий забондони керак,
Йўқ забондонким — Сулаймони3 керак.

Юз туман қуш нутқи мушкил келди бил,
Турфа буким ҳар бирига ўзга тил.

Ҳар бирига лаҳну қонуни ажаб,
Ақл-идрокида мажнуни ажаб.

Лек ҳақ тавфиқ берса, мен — гадо,
Шайхнинг руҳиға айлаб иқтидо.

Ўйла қушлар-нутқини изҳор этай,
Булбулу тўти киби ғуфтор этай.

Ким халойиқ чун тараннум айлагай,
Қуш тили бирла такаллум айлагай.

Лек сурмак нуктани тўти мисол,
Будур инсоф ўлса, эй фархунда фол.

Ким бу тўти тўъмаси бўлғой шакар,
Ул шакар фикр айласанг бўлғай магар.

Тенгрининг лутфу иноят хонидин,
Яъни, ул Атторнинг дўконидин.

XIV

Қушлар ижтимоъи ва тақдим ва таъхир учун бир-бири била низоъи

Жамъ ўлуб бир кун гулистон қушлари,
Бешау баҳру биёбон қушлари.

Борча бир манзилда мажмаъ туздилар,
Ҳар бир ўз хайлу сафин кўргуздилар.

Ким муҳаббат бирла тузгайлар наво,
Чун тугонса базм, тутқойлар ҳаво.

Ўлтурурда чунки ойин йўқ эди,
Ҳар бирининг ўрни таъйин йўқ эди.

Юқори ўлтурди тўтидин калоғ
Булбулу қумридин ул янглиғки зоғ.

Ход сунғурдин бийик тутти мақом,
Юртачи товус уза қилди хиром.

Чун ҳунарвар узра чиқди беҳунар,
Тоздин қолди қуйироқ тожвар.

Хайли ашроф эттилар зоҳир низоъ,
Қилмади ул сўзга арзол истимоъ.

Тушти қушлар ичра ғавғо ҳар тараф,
Можаро бирла муҳоко ҳар тараф.

Бир-биридин ўтмади ул можаро,
Ҳар дам ошти можаро ул хайл аро.

Бўлдилар муҳтож охир ул гуруҳ,
Ким агар бўлса шаҳи соҳиб шукуҳ.

Ҳокими инсофлиғ доно диле,
Ҳуш ойин шаҳриёри одиле,

Етмагай аднодин аълоға шикаст,
Бўлмағай ашраф ахас оллинда паст.

Ҳар гуруҳ эрди ўзига чун азиз,
Истади борча шаҳи соҳиб тамиз.

Йўқлиғидин зору маҳзун бўлдилар,
Ҳар бир ўз ҳолиға мағбун бўлдилар.

Яъс оҳангин тузуб тортиб навид,
Бўлдилар шаҳдин саросар ноумид.

Бу таабдин ҳар бири кўнглида тоб,
Ним бисмил қушдек айлаб изтироб.

XV

Қушлар шоҳ тилаб топмоғондин мутаҳаййир бўлғонда, Ҳудҳуд Симурғдин хабар дегони

Ҳудҳуд ул нури хираддин баҳраманд,
Роҳбарлиғ афсаридин сарбаланд.

Зотида иззат шараф меърожидин,
Бошида зевар ҳидоят тожидин.

Жабраилосо аён юз роз анго,
Қурб арши авжида парвоз анго.

Кирди ул мажмаъ аро девонавор,
Шамъи мақсад васфида парвонавор.

Деди: «К-эй ғофил, гуруҳи бехабар,
Ҳолингиз ғафлат аро зеру забар.

Сизга шоҳе бор бешибҳу, мисол,
Васфини айтурда юз минг нутқ лол.

Борча олам қушлариға шоҳ ул,
Ҳолингиздин мў-бамў огоҳ ул.

Ул ёқин сизга-у сиз ондин йироқ,
Васл анга ойин, вале сизга — фироқ.

Ҳар парида юз туман ранги ажиб,
Лек ҳар рангида юз нақши ғариб.

Нақшу рангидин хирад огоҳ йўқ,
Ғофил эрконга хирад икроҳ йўқ.

Ким хирад идрокидин афзундур ул,
Мундин идрокиға топмас ақл йўл.

Ҳам нишиман Қофи истиғно анго,
Ҳам лақаб ул Қоф уза Анқо анго.

Шуҳрати Симурғ ила офоқ аро,
Зоти мамлу чарх олий тоқ аро.

Сиз тушуб ул шоҳдин беҳад баид.
Ул ёқинроқ сизга мин ҳаблил варид.

Ҳар киши бўлса тирик ондин йироқ,
Ул тирикликдин ўлум кўб яхшироқ».

XVI

Ҳудҳуд Симурғдин хабар дегоч, қушлар хушҳол бўлуб, таҳқиқ қилғонлари

Сарбасар қушлар алоло қилдилар,
Ҳудҳуд атрофинда ғавғо қилдилар.

— «К-эй даминг жонбахшу нутқунг дилписанд,
Иккиси жону кўнгулга судманд.

Ҳам Сулаймон базмида топқан қабул,
Ҳам расул эткон сени андоқ расул.

Хизматида қурб ҳосил айлаган,
Йўлида қатъи манозил айлаган.

Амри бирла онча водий қатъ этиб,
Ким басе, олий манозилға етиб.

Қойда азм этса Сулаймон, сен —далил,
Мустафоға ул сифатким Жабраил1.

Ҳарне ўлса айлаган дамсозлиқ,
Айшида қилғон аён ҳамрозлиқ.

Истаса Билқис2 ҳолидин хабар,
Сен бўлуб шаҳри Сабоға раҳбар.

Еридан сен еткуруб, пайғом анга,
Изтироб ичра бериб ором анга.

Ўйла пайғамбарға маҳрамлиқ қилиб,
Ҳар ғаме юзланса ҳамдамлиқ қилиб.

Базми гар шаҳр ўлса, гар ёзи ябон,
Без қилиб бошиға пардин соябон.

Юз туман минг қуш бўлуб шамёнаси,
Сен ва лек ул сояда ҳамхонаси.

Базми ичра комрон айлаб сени,
Маҳрами рози ниҳон айлаб сени.

Берди ҳақ — топтинг чу ондин рифъате,
Ҳар пару узвунгға бир хосияте.

Бизга чун мониъдурур гумроҳлиқ,
Берсанг ул шоҳ сирридин огоҳлиқ.

Ҳам сифотидин ривоят айласанг,
Зоти сори ҳам ҳидоят айласанг.

Қўймасанг бизни бу ғафлат домида,
Тийралиқ бирла залолат шомида.

Воқиф этсанг бизни шоҳ асроридин,
Баҳраманд этсанг бу сир изҳоридин.

Жаҳл аро афтодалиқдин қўлдасанг,
Шоҳимизни истамакка йўлдасанг.

Комимиздин етса бархурдорлиқ,
Сендин ўлғой борча миннатдорлиғ».

XVII

Қушлар диққат била сўрғондин сўнгра, Ҳудҳуд Симурғдин нишоналар айтқони

Ҳудҳуд анфосин шакаррез айлади,
Ул шакарни нуктаомез айлади.

Кўрди чун қушларда андоқ изтироб,
Берди ул мажмаъға бу янглиғ жавоб.

Ким:— «Онинг аҳволидин билгонни дей,
Кўнглума асроридин келгонни дей.

Лек бу афсона бирла бутмас иш,
Сўз била эл васл ганжин топмамиш.

Иш улуқдур, шоҳ улуқ, даргоҳ улуқ,
Йўл қотиқ, водий узун, дилхоҳ улуқ.

Буки — дерсиз шоҳ сўзидин сур калом,
Гар они минг йил десам бўлмас тамом.

Кимса идрок этмомишдур зотини,
Лек шарт улдур тутарға отини.

Ким юбон ҳайвон суйи бирла оғиз,
Йўқ ўну юз қатлаким андозасиз.

Тил била оғизни айлаб бўйла пок,
Тутқай эл отин ва лекин ҳавлнок.

Ондин аълодур жаноб ул шоҳға,
Ондин авсаъ фусҳат ул даргоҳға.

Ким мен айлай олғомен тақрир они,
Ё лисон килки била таҳрир они.

Лек чун қушларға будур орзу,
Ким шаҳ авсофидин ўлғай гуфтугў.

Мен доғи мингдин бирин айлай баён,
Сизга бирдин минггача айлай аён.

Бизга шоҳедурки шаҳлар шоҳидур,
Ким бори аҳволимиз огоҳидур.

Бирлик ойинида зотидур онинг,
Лек мингдин кўп сифотидур онинг.

Ул сифат офоқ аро шойеъ бўлуб,
Борча онинг зотиға рожиъ бўлуб.

Кимсага урмоқ нафас имкон эмас,
Бўлмайин ондин ирода ул нафас.

Сиздин ар бўлсун азим, ар худ ҳақир,
Тавру вазъ ичра сағир, ар худ кабир.

Ҳар бирида неча минг пар бордур,
Ҳар парида неча ҳар ён тордур.

Борчасиға бор онинг илми муҳит,
Гар мураккаб бўлсун ул шай, гар басит.

Сизга онинг нашъасидиндур ҳаёт,
Ким учарсиз ҳар тараф очиб қанот.

Они аъзонгизда қон янглиғ билинг,
Жисм иҳёсида жон янглиғ билинг.

Тан ичинда сизга ул жондин яқин,
Ҳарне йўқ ондин яқин, ондин яқин.

Лек сиз минг йилчилиқ ондин йироқ,
Қайси минг йиллиқки, имкондин йироқ.

Ондин ойру кимсага жондин не суд,
Жонки онсиз бўлғай-ул ондин не суд.

Васли бирдамлиқки тушкай иттифоқ,
Икки олам шоҳлиғидин яхшироқ.

Фирқатидаким ўлумдиндур хатар,
Секкиз учмоқ, етти дўзахдин батар.

Лек мундоқ шаҳға васл осон эмас,
Истамай кўп саъй ила имкон эмас.

Йўлида етса талабдин минг тааб,
Ҳам анга етмас киши қилмай талаб.

Лекин ул водий ниҳоятдин узун,
Қатъида офат ниҳоятдин фузун.

Умрлар урмоқ керак тинмай қанот,
Неча каркас умрича бўлса ҳаёт.

Йўлда дарёлардурур хунобдин,
Демайин хуноб — заҳри нобдин.

Тоғлардур тортқон гардунға тиғ,
Тиғи барча қон тўкарга бедариғ.

Ўт туташқон даштлар ҳар сори фош,
Тортибон ёлинлари гардунға бош.

Бешалар муҳлик балолардин тўло,
Шоҳи — андуҳу тааб, барги — бало.

Ҳам ҳавосинда булутлар чарх уруб,
Бошқа ёмғур ўрнида тош ёғдуруб.

Ҳам саҳобидин чоқинлар чоқилиб,
Тобидин оламда ўтлар ёқилиб.

Онда бир тун қўнғоли кошона йўқ,
Жисми қут олмоққа суву дона йўк.

Минг туман қуш айлабон ул ён сафар,
Урса минг йил ул ҳавода болу пар,

Бўйла йўл қатъ этмаги маълум эмас,
Мақсадиға етмаги маълум эмас.

Лек улким бу талабда берса жон,
Яхшироқким юз ҳаёти жовидон.

Чун жаҳон бўстонида ҳар навъ қуш,
Неча кун топса учуш ёхуд қўнуш.

Навҳаи боғи фано тузмак керак,
Ул тараф парвоз кўргузмак керак.

Чун улар водийи ҳижрон йўлида,
Берса авли жонни жонон йўлида.

Эй хуш ул ўлмакки юз минг жонча бор,
Қайси жонким умри жовидонча бор.

Давлату иқбол гар ёвар бўлуб,
Толиъу бахту шараф раҳбар бўлуб.

Бўлса қатъ ул беҳаду андоза дашт,
Ким фазосидин дейилди саргузашт.

Рўзи ўлғай то абад беинтиқол,
Қатъ қилғон қушқа гулзори висол.

Ваҳдати жовид топқай шоҳға,
Восил этгай ўзни зиллуллоҳға.

Пояси рифъатда бўлғай аршсой,
Соясидин бумни қилғой ҳумой».

XVIII

Қушлар Ҳудҳуддин Симурғнинг зуҳури бидоятин
сўруб, ул оларға бу маънидин фасонае ва бу махфийдин нишонае дегони

Бори қушлар дедилар:— «К-эй роҳбар,
Бизга бер иш ибтидосидин хабар.

Ким бу султонким сипоҳидир туюр,
Халқ аро аввал не навъ этти зуҳур?

Ким кўрубтур онию ҳолотини,
Феълу асмоу сифоту зотини?

Тавфу сайрининг дегил кайфиятин,
Амру наҳйининг дағи хосиятин.

Ким эрур сўз мушкилу бегона табъ,
Бўлғудек девона юз фарзона табъ».


XIX

Чин шаҳри сифати ва Симурғ пари онда тушконнинг кайфияти

Деди Ҳудҳудким:— «Бу иш бўлмиш яқин,
Ким эрур машриқда шаҳри, оти — Чин.

Шаҳр йўқким, вусъат ичра бир жаҳон,
Ўн жаҳон халқи саводинда ниҳон.

Хиттаси хушроқ Эрам гулзоридин,
Суйи дилкашроқ биҳишт анҳоридин.

Бир кеча ул шоҳи давлат ошён,
Даҳр аро парвозини айлаб аён.

Иттифоқо сайри тушмиш Чин сари,
Ул саводу мулки хулд ойин сари.

Ул тун ул кишвар саросар ёрумиш,
Воқиф элни бешуур этмиш ул иш.

Силкиниб Чин ичра тушмиш бир пари,
Топмиш андин зебу фар Чин кишвари.

Рангу нақш ул парда ғоятдин фузун,
Ким онинг шарҳида сўз бўлғай узун.

Тонгласи чун келмиш эл ўз ҳолиға,
Боқиб ул бу ранг ила ашколиға.

Ҳар киши боғлаб тахайюлдин қалам,
Қилмиш ул пар нақшидин тарҳи рақам.

Борчанинг нақшу хаёл андешаси,
Бу иш ондин бўлмиш ул эл пешаси.

Бир кишини қилмиш ул нақшу хаёл,
Нақшу тасвир амрида соҳиб камол.

Оти — Моний1, хомаси — муъжизнамой,
Санъати наззораси ҳайратфизой.

Бўйла нисбатлардин аҳли маънавий,
Чинда дерлар коргоҳи Монавий,

Ул пар эмди гўиёким Чиндадур,
Ҳурдек ул мулки хулд ойиндадур.

Бу эмиш ул пар зуҳурининг иши,
Мундин ортуқ фаҳм қилмайдур киши.

Кўрмагидин кимса дам урмайдурур,
Сўзни бу ғоятда еткурмайдурур.

Зотидин демайдурур худ кимса сўз,
Ким эрур кўр, онда ҳар бинанда кўз.

Ул пар узра ҳар тараф тори онинг,
Бил сифотининг намудори онинг.

Беадад нақш ўлди ул пар ҳолидин,
Ноқил ул пар соҳиби афъолидин,

Ранглар ул парда беҳадду қиёс,
Ҳукм асмосиға қилди раҳшунос.

Кимса тавфу сайри аҳволин демас,
Ҳаргиз ондин ҳеч ер ҳоли эмас.

Амру наҳйи барчамизға фарзи айн,
Тарк амру наҳйида юз шўру шайн.

Келди маъмуриға уммиди висол,
Осию обисиға бийми накол.

Ҳеч қайси қавм аро йўқ бўйла шоҳ,
Онсиз ўлғонларға юз минг дарду оҳ».

Тушти қушларға бу ҳолатдин хурўш,
Шавқ солди ҳар бири кўнглига жўш.

XX

Ҳудҳуднинг Симурғдин фасона сургони ва шавқ ўти қушлар ниҳодидин забона урғони

Дедилар Ҳудҳудғаким:— «Эй пешво,
Бўйла шаҳнинг фирқати эрмас раво.

Даҳр аро бўлғай бу янглиғ шоҳимиз,
Барча турлук ҳолдин огоҳимиз.

Биз жаҳолатқа гирифтор ўлғобиз,
Фирқати ошубидин зор ўлғобиз.

Бўйла ғафлатқа ўлум рожиҳдурур,
Аҳли ҳуш оллинда бу возиҳдурур.

Сен аромизда чу келдинг раҳшунос,
Борчамиздин будур эмди илтимос.

Ким бориға муқтадолиқ қилғосен,
Бу сафарда пешволиқ қилғосен.

Киргобиз ул шаҳ йўлиға жон била,
Жон овучлаб дидаи гирён била.

Васли комин айлагайбиз мултамас,
Истамакдин тинмағайбиз бир нафас.

Онча урғайбиз бу йўлда болу пар,
Айлагайбиз қатъи онча баҳру бар.

Ким висоли комиға ё еткобиз,
Ё таманносида жон тарк эткобиз».