Топ рейтинг www.uz
XXI

Ҳудҳуд қушларға кўнгил бериб, бу йўлға тарғиб эткони

Ҳудҳуд ул сўзлардин ўлди шоду хуш,
Дедиким:— «Эй бир сурук афтодаваш.

Бизга чарх ўлса мусоид бахтиёр,
Қилсангиз мундоқ сафарни ихтиёр.

Мен доғи бу йўлда жоним борича,
Жисм аро тобу тавоним борича.

Борингизға айлайин ҳамроҳлиқ,
Борча манзилдин берай огоҳлиқ.

Йўлда ҳар ғам етса ҳамдамлиқ қилай,
Ёшурун дард ўлса маҳрамлиқ қилай.

Оллингизға мушкиле еткан маҳал,
Саъй бирла айлай ул мушкилни ҳал.

Оллингизга келса ҳар яхши-ямон,
Дафъида маъзур бўлмай бир замон.

Ҳам учарда ҳаминонлиқ айлайин,
Ҳам қўнарда посбонлиқ айлайин».

Қавмдин фаҳм айлагач бу муддао,
Айлабон борини таҳсину дуо,

Бошлаб ул мажмаъда асрори шигарф,
Фош қилди бўйла сармастона ҳарф:

— «К-эй бори асрори ирфон мойили,
Зотингиз бу ганжи пинҳон қойили.

Бадви фитратда биҳишти Адн аро,
Шохсори хулд аро достон саро.

Борчангиз шаҳ сирриға маҳрам келиб,
Розиға бир-бир била ҳамдам келиб.

Ҳам онинг тасбеҳидин илҳонингиз,
Ҳам онинг таҳлилидин достонингиз.

Қутунгиз зикри ғизонгиз ёди ҳам,
Зикр ила фикридин урмай айру дам.

То фузули ўргутуб ул жамъни,
Кўзунгуздин ёшуруб ул шамъни».

Етгоч ул мажмаъға мундоқ қўзғолон,
Ҳар бири аввораи бехонумон,

Топмайин ул гулшани аслиға йўл,
Балки кулли маҳв ўлуб хотирдин ул.

Даҳр боғи сори майл этган аён,
Айлаган бу хокдонни ошён.

— «Бу ғарибистон аро бўлғон муқим,
Кўнглунгуздин кетган ул нозу наъим.

Берса ҳақ тавфиқ жидду жаҳд этай,
То яна сизни анга ҳамаҳд этай.

Бу сафарда ранжлардур таъмия,
Кўнглунгузга етса ондин тасфия,

Бу манозил қатъидин етгач футуҳ,
Софий ўлса жисмингиз андоқки руҳ.

Жилва кўргузгай ҳамул аввалғи ҳол,
Зоҳир ўлғай сизга айёми висол.

Шаҳ сифотиға бўлуб ирфонингиз,
Зиндаи жовид бўлғай жонингиз.

Бўлғосиз сирру риёзат воқифи,
Шоҳ бирла нафсингизнинг орифи».

XXII

Ҳудҳуднинг Тўтини мухотаб қилиб,  мақсад қасдиға тарғиб қилғони

— «Сайроғил, эй Тўтии ширин калом,
Нутқ ташрифи била олий мақом.

Хилъати ахзар била жуёи шаҳ,
Йўл озиққонларға бўлғил Хизри раҳ.

Аввал ўз манзилгаҳингни ёд қил,
Кўнглунг ул уммид бирла шод қил.

Ким ватан зотингға Ҳиндистон эди,
Шаҳ ҳаримида саро бўстон эди.

Ҳам мақоминг шаккаристони висол,
Ул шакардин нўш этиб, айлаб мақол,

Шоҳ илки маскану манзилгоҳинг,
Ҳар такаллум ҳолатидин огаҳинг.

Кел бу ғурбатдин раҳил оғоз қил,
Ул чаман сори яна парвоз қил».

XXIII

Товус хитобида Ҳудҳуднинг нуктасаролиғи

— «Кўргуз, эй Товуси, гулзори аласт,
Жилваиким қилғосен давронни маст.

Ҳам бошинг тожи раёсат маскани,
Ҳам танинг нақди латофат махзани.

Қоматингға кисвати ҳусну жамол,
Уйлаким васфида онинг нутқ лол.

Ҳам ярошиб хилқатингға хўблиқ,
Ҳам мувофиқ зотингга маҳбублиқ.

Лек ёдингдин чиқиб ўз масканинг,
Шаҳ қошинда жилва айлар гулшанинг.

Бир йўли ул равзани қилма унут,
Бу харобобод маҳбас тарки тут.

Шоҳ базми шавқидин тортиб наво,
Ул саро бўстон сари қилғил ҳаво».

XXIV

Булбул навоси оҳангида Ҳудҳуднинг гулбонги

— «Чек наво, эй Булбули гулзори шавқ,
Савти алҳонинг келиб асрори шавқ.

Ишқ лаҳнин минг наво бирла тузуб,
Бенаволиғлар суруди кўргузуб,

Шаҳ гулистонида гул ҳусниға маст,
Тортиб ул гул ишқидин жоми аласт.

Оташин гул жилва қилғач гул чоғи,
Ҳар парингға ўт ёқиб бир яфроғи.

То тушуб ул тоза гулшандин йироқ,
Кул қилиб жисмингни нийрони фироқ.

Қил ҳаво ул гулшани мийно сари,
Майл кўргуз ул гули ҳумро сари.

Шоҳ бўстонида юз гул жилвасоз,
Сенда ҳижрон шуъласидин минг гудоз».

XXV

Қумри лаҳни усулида Ҳудҳуднинг нағмасозлиғи

— «Нағма туз эй Қумрийи бўстони ҳол,
Нағманг ичра мундариж алҳони ҳол.

Тайр хайлин бир нафас лол айлагил,
Савту лаҳнинг бирла беҳол айлагил.

Солғонингдин бўйнунгга тасбеҳи юср,
Тилга онинг васфида юзланди уср.

Буки ҳар бўстон аро саргаштасен,
Қон била туфроқға ҳам оғуштасен.

Ким қилурсен нола маҳзунлар киби,
Ишқ савдосида мажнунлар киби.

Ёд этиб сен гўиё боғи висол,
Ким бўлубсен бу сифат ошуфта ҳол.

Муждаким ул ғамда қолмай бенаво,
Ҳам ўшул гулшан сари қилдинг ҳаво».


XXVI

Каклик хуруши савтиға Ҳудҳуднинг заҳма пардозлиги

— «Қил хиром, эй Кабки кўҳсори фироқ,
Лаъл этиб кўзунгни дарди иштиёқ.

Ҳажр кўҳистонида фарҳодвор1,
Пўя қилмоғдин дами тутмай қарор,

Буки минқоринг бўлубтур лола фом,
Қон ютардин бу далилидур тамом.

Қурб Қофин гўйиё ёд айладинг,
Буъд аро мундоқки фарёд айладинг.

Қаҳқаҳа эрмаски тортарсен баланд,
Ким эрур ўз мотамингға заҳрханд.

Чунки қилдинг қурб Қофи сори азм,
Тузгил эмди васл умиди бирла базм.

Васл умиди чун яқиндур шод бўл,
Ҳажр тоғи тошидин озод бўл».

XXVII

Тазарв хироми суръатида Ҳудҳуднинг сайрдин дам урғони

— «Ишваи ноз айла, эй раъно Тазарв,
Ким қулунг гулшан аро озода сарв.

Гулистон зеби жамолингдин сенинг,
Гул хижил рухсори олингдин сенинг.

Жилвагоҳинг гоҳ боғу гоҳ роғ,
Муфтахир зеболиғингдин роғу боғ.

Ҳам чаман аҳлиға сен маҳбубсен,
Ҳам даман хайлиға сен марғубсен.

Гарчи беғоятдурур раънолиғинг,
Бениҳоят ҳусн ила зеболиғинг.

Асру ўз ҳуснунгға мағрур ўлмағил,
Ўз жамолинг бирла масрур ўлмағил.

Ёд қил ул ҳусни бенуқсонни ҳам,
Ўтдек ул гулшан сари чеккил алам».

XXVIII

Дуррож равиши  нисбатида Ҳудҳуднинг қадам урғони

— «Кел-кел, эй Дуррожким, бас хуб сен,
Жон қушидек барчаға матлуб сен.

Беша ичра зеб гомингдин сенинг,
Сабзаға равнақ хиромингдин сенинг.

Мастлиғдин савтинг асру дилфиреб,
Мустамеълар кўнглидин олиб шикеб.

Ҳайъатинг матбуъу шаклинг дилпазир,
Суратинг мавзуну нутқунг беназир.

Бўйла вазъу ҳайъати мафтун ила,
Бўйла нутқу нағмаи мавзун ила.

Лойиқ аввал сенки беқайд ўлғосен,
Саъй этиб, бир шоҳға сайд ўлғосен.

Жон фидо қилғойсен, ул сургач, саманд,
Бўлғосен умри абадқа баҳраманд».

XXIX

Кабутар ҳавоси парвозида Ҳудҳуднинг парвоз ҳавоси

— «Эй Кабутар, чарх уза парвоз қил,
Ул ҳавода тоб урарни соз қил.

Неча бўлмоқ тийра ўз кошонада,
Хонагўр ўлдунг кабутар хонада.
Шоҳ қасрининг ҳавосин қил хаёл,
Ул ҳавода ур замоне парру бол.

То қолибдурсен кўнгул парвозидин,
Шоҳ қасри томининг андозидин.

Хотирингдин гўиё чиқмиш тамом
Қаср султони уза олий мақом.

Ул тараф ур тобу қўн ул том уза,
Сарфароз ўл гардиши айём уза.

Пай қўйиб бўйнунгға шояд тутқай ул,
Топқосен асли кабутар хонға йўл».

XXX

Шоҳбоз ҳусну истиғноси васфида Ҳудҳуднинг раҳнамойлиғи

— «Ҳаббазо, эй Шоҳбози шоҳваш,
Ҳайъатинг ҳам хуш, жамолинг доғи хуш.

Сарфароз айлаб сени қушларда ҳақ,
Хўблуғда барчадин элтиб сабақ.

Шоҳ илки масканинг бўлғон мудом,
Тўъманг ул тортиб едурғон бардавом.

Ул силаб илкини парру болингга,
Еткуруб минқор ила чанголингга.

Муддатеким чарх этиб зоҳир нифоқ,
Шоҳ илкидин сени солди йироқ.

Мубтало бўлдунг чу ҳижрон домиға,
Табъинг ўрганди фироқ айёмиға.

Бўл яна шоҳға гирифтору нажанд,
Илкини ўпмак била бўл сарбаланд».


XXXI

Шунқорнинг шоҳвашлиғи таърифида Ҳудҳуднинг мадҳоройлиғи

— «Марҳабо, эй Сунғури чарх ошён,
Шаҳ қўлинда манзилинг айлаб аён.

Қушлар ичра шоҳлардек тожвар,
Шаҳ кўруб бошингга лойиқ тожи зар.

Тожвар қушларға сен сархайл ўлуб,
Шаҳға ондин суҳбатингға майл ўлуб.

Шоҳ базмида сенга олин мақом,
Бениҳоят эҳтирому эҳтимом.

Чун келиб ўн ўзгаларча журъатинг,
Шаҳ бериб ўн ўзгаларча қисматинг.

Илкини бўйнунгға мойил айлабон,
Дурру гавҳардин ҳамойил айлабон.

Кўп йироқ туштунг бу ҳижронни унут,
Шаҳ қўлиға туш, ватан илкида тут»»

XXXII

Қушларнинг йўл азмиға ҳужум кўргузгонлари
ва риёзат шиддатидин баъзининг азиматиға футур юзлангони

Чунки Ҳудҳуд айлабон оғози ишқ,
Бу сифат қушларға сурди рози ишқ.

Қуш тили бирла тараннум айлади,
Васлу ҳижрондин такаллум айлади.

Бўлди ул қушларға ҳижрондин малол,
Васлдин ҳар бирга тушти юз хаёл.

Ҳар бири ёдиға келди ҳоллар,
Ҳажр дардидин қотиқ аҳволлар.

Васл давронин унутмоғлиғлари,
Ҳажр ойинини тутмоғлиғлари.

Билдилар ул бул ажаб асрордин,
Ул румузи ишқ аро гуфтордин.

Не саодатдин йироқ тушконларин,
Не ҳидоятдин қироқ тушконларин.

Бўлди Ҳудҳуд сўзидин огоҳлиғ,
Ким алар-не жаҳл ила гумроҳлиғ.

Ишқ тариқидин йироқ этмиш басе,
Бастаи доми фироқ этмиш басе.

Ўртаниб ўз шуълаи хирмонидин,
Дуд чиқти ҳар бирининг жонидин.

Ёқин эрди ўчколи шамъи ҳаёт,
Ҳар бирига баски юзланди уёт.

Бўлдилар ўз феълининг шармандаси,
Ўз сулуку феълининг афкандаси.

Гарчи кўб хуноби ҳайрат юттилар,
Узри мофот ўзларига туттилар.

Ким не янглиғ бўлса то бўлғай ҳаёт,
Туну кун ул йўлда урғойлар қанот.

Бошлариға келса юз турлук бало,
Ҳар балода бўлса юз минг ибтило,

Ёнмағайлар ул талаб водисидин,
Қолмағайлар ул шараф ҳодисидин.

Чун бориға бўлди мундоқ иттифоқ,
Чектилар давронға оҳанги фироқ.

Бўлдилар Ҳудҳудға пайрав сар-басар,
Роҳрав ул хайлу Ҳудҳуд — роҳбар.

Туштилар йўлға нашоту ноз ила,
Васл умедиға итик парвоз ила.

Чун неча кун бўйла тайрон қилдилар,
Саъй ила қатъи биёбон қилдилар.

Меҳнати ранжу алам юзланди кўп,
Шиддату ошубу ғам юзланди кўп.

Бўйла чун қатъи масофат қўйди юз,
Нотавонларға кўп офат қўнди юз.

Нозпарвард эрдилар бўстон аро,
Соялиғ ашжори туби сон аро.

Бўлдилар йўл ранжидин фарсуда ҳол,
Ҳар бирига қўйди юз беҳад малол.

Соғиниб осудалиғ бирла ватан,
Боғу бўстон бирла гулзору чаман.

Нафс комию фароғат маъмани,
Айш ойинию ишрат гулшани.

Ул азиматда топиб баъзи футур,
Фаҳм айлаб ул таважжуҳда қусур.

Нотавонлиғ бирла ажз айлаб аён,
Ҳар бири бир узр қилдилар баён.

Ўз қошинда узрини мақбул этиб,
Ул таважжуҳдин ўзин маъзул этиб.

Қилдилар Ҳудҳудға боре илтимос,
Ким:— «Таваққуф қил даме, эй раҳшунос.

Бизда баъзи нотавон бўлмиш басе,
Йўл борурдин хастажон бўлмиш басе.

Баъзи оллиға келибтур мушкилот,
Ким сенинг раъйингдин истарлар нажот.

Баъзи оллинда суубатлар дурур,
Ул суубатдин уқубатлар дурур.

Ким эрур они баён қилмоқ зарур,
Йўқса йўл азмиға юзлангай футур».

Раҳбар чун кўрди ожизлиғларин,
Қўнди бир водида жамъ айлаб барин.

Ул чу бори нуктасиға тикти кўз,
Деди:— «Айтинг қайси бирга бўлса сўз».

Чунки Ҳудҳуд ул ҳаводин бўлди паст,
Сўрғали қушлар сўзин қилди нишаст.

XXXIII

Тўтининг узри

Тўти аввал узрин оғоз айлади,
Бўйла ажз ойинини соз айлади.

Ким:— «Қушедурмен маконим гармсер,
Ҳинд ақсосида қилғон сайри тайр.

Эл аро шуҳрат фасоҳатдин тутуб,
Нукта бирла ғамлиғ элни овутуб.

Комронлар манзилим айлаб қафас,
Ҳар малолат етса айлаб ҳамнафас.

Нозанинлар илкидин олиб хўриш,
Қанду шаккар бирла топиб парвариш.

Рўбарўйим гоҳ бир кўзгу бўлуб,
Гоҳ кўзгу чеҳралик маҳрў бўлуб.

Кўрмайин умрумда жуз кому нишот,
Элга нутқумдин етиб юз инбисот.

То билиб ўзни қотиғлиқ кўрмаган,
Ранж заҳридин ачиғлиқ кўрмаган.

Даргаҳеким пашшадур анда уқоб
Пашшадин ожизроқ элга не ҳисоб.

Онгламон ўзники ул ён кетгомен?
Ўзга қушлардек бу йўл қатъ этгомен?

Айлай олғаймен санга ҳамроҳлиғ?
Ҳолатимдин бўйла топ огоҳлиғ».

XXXIV

Ҳудҳуднинг жавоби

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй узун ҳарфинг ғалат,
Барча гуфторинг хато бирла сахат.

Ҳарза нутқунгни фасоҳат соғиниб,
Кажжа лафзингни балоғат соғиниб.

Айтиб ўз васфингда гуногун хилоф,
Барча ҳашву барча лағву барча лоф.

Худпарастесен, ўзунгнинг ошиқи,
Худписандесен — мазаммат лойиқи.

Фахр этарсен нутқ бирла кўзгуга,
Ким эрур нутқунг муносиб кулгуга.

Кўзгу ул бўлғайки тортиб юз бало,
Бергосен лавҳи замирингга жило.

Буки ҳар ҳинду қошингда шоҳдур,
Дер бу сўзни ҳашвким огоҳдур.

Шоҳ улдурким — йўлидин қойтасен,
Ҳар замон йўлсиз ҳадисе ойтасен.

Барча фосиддур хаёлотинг сенинг,
Узр айтурға мақолотинг сенинг.

Бўлди монеъ ғафлату гумроҳлиғ,
Ким етишмас кўнглунгга огоҳлиғ.

Уйғониб билсангки ҳолингдур қотиғ,
Қилмағай ул дам пушаймонлиғ осиғ.

Қилғонингдин юз хижолат чеккасен,
Қавлу нутқунгдин малолат чеккосен.

Бўлғон эрмиш борча нақдинг носара,
Нафс ила шайтонға зотинг масхара».

XXXV

Истишҳодиға ҳикоят

— «Ғофиле қўйди қадам бозорға,
Хайлу тобеъ нафси бадкирдорға.

Зарқ учун эгнида далқи Хизрваш.
Лек ёшил барг бирла нафси хуш.

Урмиш эрди ташлағон асрори тоб,
Кўрди дўконларда неъмат беҳисоб.

Эгри йўллар кўргузуб нафси даний,
Солибон шайду гадолиққа ани.

Гоҳ талтифи мақол айлар эди,
Гоҳ изҳори камол айлар эди.

Гаҳ каромотин қилиб эл ичра нақл,
Гаҳ этиб зоҳир тариқи шаръу ақл.

Айлабон бу навъ юз афсуну дам,
Олғуча ё луқмае, ё бир дирам.

Бўйла юз бози ебу бози бериб,
Нафс матлубин юрур эрди териб.

Бангдин ҳар лаҳза юз фосид хаёл,
Солибон кўнглига бир фикри мақол.

Етти ногаҳ бошиға соҳибдиле,
Кўп манозил қатъ қилғон комиле.

Кўргач-ўқ, комилни шайёди дағал,
Ул ямон ҳолидин ўлди мубтадал.

Деди:— «Пир оллимда касб этканни-тут,
Ким кўрайким ҳосил айлабсен не қут.

Чун харита бошини очти лаим,
Ким йиғилмиш эрди заққуми жаҳим.

Кўрди жамъ ўлғон нажосатлар басе,
Тушти ўт жисмиға андоқким хасе.

Пир ердин бир овуч туфроғу тош,
Олибон берди ангаким қил маош.

Боқса ул туфроғ эмас олтун эрур,
Тошлари лаълу дуру макнун эрур.

Ноқис ул ҳолатни кўргач ногиҳон,
Комил ўлмиш эрди оллиндин ниҳон.

Ўзни ул хижлатдин ўлтурмак не суд?
Оҳу войин кўкка еткурмак не суд?

Санга ҳолатким қилурсен кўп хурўш,
Билки бор ул навъким ул сабзпўш».

XXXVI

Товус узри

Сўнгра Товус этти узрин ибтидо,
Деди:—«К-эй, сен барчамизға муқтадо.

Мен қушемен қасру гулшан зийнати,
Нақшу рангим аҳли олам ҳайрати,

Суратим гулшанға оройиш дурур,
Ҳайъатим кўрганга осойиш дурур.

Боғ аро мендин хазонда бўстон,
Бешада мендан қиш ичра гулситон.

Жилва айлар чоғда ҳуллам зевари,
Сар-басар оинаи Искандари.

Тенгри бермиш ҳусну зеболиғ манга,
Ҳаддин ортиғ зебу раънолиғ манга.

Ким улус ҳуснум тамошо айлагай,
Офарини сунъ ифшо айлагай.

Ҳар кишини қилди ҳақ бир иш учун,
Нўш учун бирнию бирни ниш учун.

Ишки қилмиш эзиди доно насиб,
Ҳам ул ишта ҳар не келса ё насиб.

Тенгри амридин бири маҳбуб эрур,
Лек шайтони лаин манкуб эрур.

Ҳар бирига ўз тариқидин фироқ,
Зоҳиран таклиф зрур «мо ло ютоқ».

XXXVII

Ҳудҳуднинг жавоби Товусқа

Ҳудҳуд ул сўз нафйиға очиб нафас,
Деди:— «К-эй жаҳл аҳли янглиғ булҳавас.

Улча зоҳир айладинг ақволдин,
Келгай ул мажнундину атфолдин.

Одам ўлғон зеби зоҳирдин демас,
Кимки ондин фахр этар одам эмас.

Ноз ила ҳусн ўлди шоҳидлар иши,
Дарду меҳнат бирла хуштур эр киши.

Барча сурат аҳлиға ашрафдур ул,
Ким сувардин элтгай маъниға йўл.

Сенки бу суратқа бўлдунг мубтало,
Ур тамасхурға улус ичра сало.

Зеби зоҳир жуз тамасхур келмади,
Кимсага ондин тафохур келмади».

XXXVIII

Ҳикоят

— «Ҳиндуйи зоҳир қилиб нақшу нигор,
Айлади кўп булажаблиғ ошкор.

Тож қўйди бошиға ул масхара,
Даврида онинг саросар кунгира.

Тож ила кисватки тартиб айлабон,
Бори кимсон бирла тазҳиб айлабон.

Ёнида бир табл ҳинди чолғучи,
Ҳиндуйу раққос оёлғу олғучи.

Тебратиб бошин ҳамон, илкин ҳамон,
Ҳиндуосо лаъб бирла ҳар замон.

Зеб аро оройиши бўстон киби,
Жилвада товуси Ҳиндустон киби.

Айлади майдон аро ҳангома тез,
Даврида авбош солиб рустахез.

Бу маҳалда муҳтасиблар еттилар,
Ул ғулув ҳарён ҳазимат эттилар.

Туттилар ҳиндуи нофаржомни,
Ҳашвлиғда нодири айёмни.

Табли бирла тожини синдурдилар,
Дарра аъзосин яланглаб урдилар.

Бўлди ибрат олғудек ул санъати,
Тожи давлат бўлди тожи зийнати».

XXXIX

Булбул узри

Деди Булбул:— «К-эй бу мажмаъға далил,
Мен бўлубмен гул ҳавосидин залил.

Ондин ойру ошиқу девонамен,
Ақлу ҳушу сабрдин бегонамен.

Онсизин йўқ сабр ила тоқат манга,
Қойда, ёро, чеккали фирқат манга.

Токи гул бўстонда бўлғай жилвасоз,
Минг наво бирла қилурмен шарҳи роз.

Ишқида ҳар лаҳза афзун шиддатим,
Ҳусниға ҳар лаҳза ортиб ҳайратим.

Боғдин ул кетгач, ўлдум гунгу лол,
Йилға тегру йўқ тараннумға мажол.

Ҳам онинг ёди била боғ ичрамен,
Ҳажридин юз дард ила доғ ичрамен.

Ул дурур кўнглумда ҳам, жонимда ҳам,
Кўзда ҳам, пайдоу пинҳонимда ҳам.

Шоҳға комил таважжуҳдур равиш,
Бўйла ошиққа қачон бўлғай ул иш».

XL

Ҳудҳуд жавоби Булбулға

Ҳудҳуд ул афсонани чун қилди гўш,
Деди:— «Кўп қилма бу ишқингдин хурўш.

Ишқ эмастур бу — ҳавасдур сар-басар,
Гар ҳавасдур, мунча, бас, эй бехабар.

Сен киби оламда нодон бўлмағай,
Нафсқа маъмури фармон бўлмағай.

Ким ясаб сен ўзни ошиқ зўр ила,
Кўргузурсен ишқ аро минг шўр ила.

Бир чечаккаким — вафоси йўқ онинг,
Умр боғинда бақоси йўқ онинг.

Йилда беш кунким чаманда очилур,
Ўн кун ўтмай туфроғ узра сочилур,—

Кимса бу пайкарга ошиқ бўлмағай,
Ким бу ошиқлиққа лойиқ бўлмағай.

Бил они маъшуқким юз хаста ҳол,
Ўлсау этса — анга йўқтур завол.

Гарчи бу ишқингда шайдолиқ дурур,
Лек онинг поёни расволиқ дурур».