Топ рейтинг www.uz
XLI

Ҳикоят

«Сайр учун шоҳи сурар чоғда фарас,
Ошиқ ўлди бир гадои булҳавас.

Оҳу вовайлоу афғон бошлади,
Халқ аро ғавғоу тўфон бошлади.

Сендек ошуб айлабон афғон ила,
Нола айлар эрди минг достон ила.

Телбалардек турмайин маскан аро,
Ўзни кулга булғабон гулхан аро.

Шаҳға маълум ўлғоч ул ишқу жунун,
Истади ошиқни қилмоқ озмун.

Отланиб филҳол андоқким дурахш,
Имтиҳонға сурди гулхан сори рахш.

Деди:— «Ул гумроҳни судраб келтурунг,
Хизматимға еткуруб бўйнин узунг».

Чунки они тортибон келтурдилар,
Ишқ аро матлубиға еткурдилар.

Қатл ҳукми қилди шоҳи бахтиёр,
Ваҳмдин қочти гадо беихтиёр.

Айлар эрди ҳушсиз ҳар сори майл,
Тутмағиға пўягар ҳар сори хайл.

Тутти энтиккондин ул гулханга йўл,
Бехуд ўзни ўтқа ташлаб куйди ул.

Шоҳға бу уммид ким ошиқ эса,
Ишқ даъвоси аро содиқ эса.

Қатл ҳукми чун етар қилса қабул,
Шоҳ отдин оллида қилған нузул.

Узр ила дилхоҳлиғлар айлағай,
Ҳолидин огоҳлиғлар айлағай.

Шаҳга қилғай сидқ ила ихлос они,
Ҳам мусоҳиб, ҳам надими хос они.

Ул гадо чун ишқ аро эрди дағал,
Бўлди расволиққа аҳволи масал.

Гар санга ҳам етса гулдан бир тикан,
Гулхан ўлғай масканинг, йўқким чаман».

ХIII

Қумри узри

Деди Қумриким:— «Аё фархундарой,
Ғафлату гумроҳларға раҳнамой.

Мен қушидурмен чамандин чиқмағон,
Дашту водий сайридин ториқмағон.

Заъфу ожизлиқ шиор ўлғон манга,
Шоху барг ичра қарор ўлғон манга.

Не совуғ кўрган жаҳонда, не исиғ,
Не ирик бошимға келган, не қотиғ.

Боғдин боғ ичра кўргузгон сафар,
Шохлардин барг аро қилғон мафар.

Бўйла йўл ранжи чека олғайму мен,
Бу ҳавас тухмин экаолғайму мен.

Қўйдум эрса бу машаққат жонима,
Куч била кирмакдурур ўз қонима».

XLIII

Ҳудҳуднинг жавоби Қумриға

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй забуни ажзкеш,
Шавқу дард ичра кўнгулни иста реш.

Минг йил ўлса боғ аро манзил санга,
Шоҳ ила барг ичра не ҳосил санга.

Ғайр улким ётибон йўлунгда шук,
Қормабон қонингни ичкой бир мушук.

Ё биров газ бирла бўлғай қотилинг,
Ё гуруҳа бирла қилғай бисмилинг.

Мундин ўзга айшу коминг не экан?
Гулшан ичра эҳтироминг не экан?

Бўйла мурдор ўлгуча ғафлат аро,
Ўзни ўртаб шуълаи фирқат аро,

Эр эсанг, мақсуди асли истабон,
Йўлға кирсанг ёр васли истабон,

Ўлсанг ул йўл ичра ранжу дард ила,
Жисми зору жони ғампарвард ила,

Яхшироқ юз қатла ул офотдин,
Ор қилғудек даний авқотдин».

XLIV

Ҳикоят

— «Боғбоне бор эди бас беҳунар,
Боғбонлиқ санъатидин бехабар.

Не шажар пайванд қилмоқ шеваси,
Ким ҳаловат ҳосил эткай меваси.

Не ёғоч паркови бирла парвариш —
Айлай олибким, шажар қилғай равиш.

Вақт ила не дона сочмоғни билиб,
Ким фараҳ қилғай гули ҳосил қилиб.

Боғ аро анборкашлиғ бирла хуш,
Боғбон йўқким, дегил анборкаш.

Чун кўруб бу навъ ранжу тоб анга,
Пандлар деб аҳли ҳуш аҳбоб анга.

Ким бу беҳосил ишингни тарк тут,
Ўзни бир ҳосиллиқ иш бирла овут.

Жоҳил ул меҳнатдин ўлмай мужтаниб,
Эрди ул меҳнат чекорга муртакиб.

Токи бир жўя аро кесмакта ток,
Айлади они йилон санчиб ҳалок».


XLV

Кабутар узри

Сўнгра шарҳ этти Кабутар арзи ҳол,
—«К-эй ҳидоят фаннида соҳиб камол.

Барча қушлар ичра ҳаййи ло ямут,
Манга қисм этмиш улус илкида қут.

Эл ясаб маскан манга кошона ҳам,
Келтуруб оллимға суву дона ҳам.

Даҳр аро эл бандининг маҳбуси мен,
Бу сабаб бирла олар маънуси мен.

Тенгри бу ҳолат насиб этмиш манга,
Хони қисматдин бу иш етмиш манга.

Ҳақ насиб эткондин этмак ижтиноб,
Ақл қонунида бўлғайму ҳисоб?

Шукр айлаб қисмат этконга илоҳ,
Чекмасам авло бу ранжи умркоҳ».

XLVI

Ҳудҳуд жавоби Кабутарға

Деди Ҳудҳуд: «К-эй баҳона фан санга,
Гўшаи макру хайл маскан санга.

Қушлар айлаб ҳолатингдин ҳайрате,
Йўқ сенингдек бир яна беғайрате.

Ким санга тенгри насиб айлаб қанот,
Қилғудек бир дамда қатъи коинот.

Сен халойиққа бўлуб фармонпазир,
Дона бирла сув учун зору асир.

Қовғали хайлингни тобар эҳтимол,
Латтани бошиға боғлаб бемалол.

Қовубон сиз хайли нофаржомни,
Лавсунгиздин холи айлаб томни.

Сиз бу жавру зажр бирла кетмайин,
Ғайр ул том узра-ўқ майл этмайин».

ХLVII

Ҳикоят

— «Халқ ичинда бор эди беғайрате,
Элга беғайратлиғидин ҳайрате.

Мушту силли бирла аппони ебон,
Элдин олиб луқмау они ебон.

Қовлабон, кетмай халойиқ кўйидин,
Балки чиқмай дун сифатлар уйидин.

Бу жафоларға туз этмиш эрди нарх,
Қайси бир тепса, уруб бир қатла чарх.

Ул муқаррар муздин олур эди,
Нафс комин оғзиға солур эди.

То бериб бир пора нон чуст даст,
Қилди бир мушт урғоч, ондоқ ерга паст.

Гарчи силлилар емоқдин тўқ эди,
Мушт еб гўёки ҳаргиз йўқ эди.

XIVIII

Кабки дарий узри

Ёна ажз айлаб аён Кабки дарий,
Деди:—«К-эй мажмуъи қушлар раҳбари.

Мен қушидурмен — кўҳистон манзилим,
Онда тенгри ҳамдиға зокир тилим.
Даҳр эли ошубидин силкиб этак,
Тоғ этогинда топиб орому так.

Чун бўлиб толеъ рафиқу бахт ёр,
Қуллаи узлатни айлаб ихтиёр.

Тоғ ганжи чун манга бўлди мафар,
Не муносиб ҳолима мундоқ сафар.

Кон уза доим хиромимдур менинг,
Гавҳари бу ишта комимдур менинг.

Гавҳари маъни ҳамоно ул дурур:
Сайри бемаъни манга бу йўл дурур».

XLIX

Ҳудҳуд жавоби Кабутарға

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй хаёлотинг маҳол,
Йўқ димоғинг ичра жуз ботил хаёл.

Тоғ аро дерсенки туттум инзиво,
Инзиво эрмас эрур нафсу ҳаво.

Ҳарза гардисен югурмаклик ишинг,
Пўя тоғу қулла узра варзишинг.

Қаҳқаҳа ҳар лаҳза айлаб бежиҳат,
Ким мажонин шевасидур бу сифат.

Гавҳари маъники мазкур айладинг,
Номуносиб амр мазбур айладинг.

Сен киму маъни ким, эй мажҳули маст,
Жаҳл бирла мастлиғдин худпараст.

Гавҳари маъни саридин урма дам,
Ўзни бу ёлғонға қилма муттаҳам.

Ким эрур ул маҳз бадгавҳарлиғинг,
Айни бемаънилиғу абтарлиғинг.

Ким ҳамул ёлғонға бўлғунг мубтало,
Келгуси ондин бошингға юз бало».

L

Ҳикоят

— «Бир улуснинг қалбию бад ахтари,
Қўйди бир шаҳр ичра отин жавҳари.

Тонимай хармуҳрани ферузадин,
Фориғ этти нафсни дарюзадин.

Айлабон гавҳар вуқуфи бирла хос,
Айлади ўзни гадолиғдин халос.

Ранги гуногун қилиб биллури соф,
Лаъл ила ёқут деб ойтиб газоф.

Бўйла маҳмалларки деб ул нотамом,
Чин гумон айлаб тамом ондин авом.

Токи сотти бир кун ул қалби дағал,
Бир ғаниға соз этиб мундоқ амал.

Бениҳоят нақдға бир пора тош,
Ким они хуш ранг айлаб эрди фош.

Важҳни оз кунда борин сийпади,
Гавҳар олғон чун ул ишни онглади.

Ким бир олтунлуқ биллури лаългун,
Юз минг олтунға сотибдур қалби дун.

Гавҳари беайн иқола айлади,
Туттию важҳин ҳавола айлади.

Ҳаббаси йўқ эрди чунким кўрдилар,
Қалбни қин остида ўлтурдилар».

LI

Тазарв узри

Ёна арз этти Тазарви гулузор:
— «К-эй ҳидоят шевасида номдор.

Мен қушидурменки қилмиш ҳусну зеб,
Гулшан ичра суратимни дилфиреб.

Тенгри рўзи ҳусну зеб этмиш манга,
Лутфу раънолиғ насиб этмиш манга.

Чунки ифроти жамолу хўблуғ,
Айлади зоҳир манга маҳбублуғ.

Нозу истиғно бўлиб маҳбуб иши,
Ранжи хўб элға раво тутмас киши».

LII

Ҳудҳуд жавоби Тазарвға

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй хаёлинг булажаб,
Ҳам хисолинг, ҳам мақолинг булажаб.

Кимса мундоқ ҳарф ҳаргиз сурмади,
Ўз жамолу ҳуснидин лоф урмади.

Келмагай бу сўз мажонин хайлидин,
Жамъи гўлу тифл ойин хайлидин.

Қаҳбаларким ҳулла қилғой ранг-ранг,
Бу такаллумдин аларға ору нанг.

Кимса бу даъвий муҳаддас қилмағой,
Демойин эрким муханнас қилмағой.

Ноқисеким сўрса бу янглиғ калом,
Қўймағон хушроқ бу йўл азмиға гом.

Сенки хотунлар кибисен худписанд,
Еткуси зотингға эрлиқдин газанд.

Эр кирар эр сониға ҳиммат била,
Эр эмас фахр айлағон зийнат била.

Эрга хулқу феъл эрур зебу камол,
Янги заркаш ҳулласидур эски шол».

LIII

Ҳикоят

— «Туштилар бир йўл аро икки рафиқ,
Бир эди йўлсиз, бири соҳиб тариқ.

Бири ноқисваш, бири комил сифот,
Онга Мудбир мунга Муқбил эрди от.

Ҳар бирига зот эди оти киби,
Ул сифатким от эди зоти киби.

Муқбил айтур эрди аҳлиллоҳдин,
Динда хайли комилу огоҳдин.

Аҳли нуқсондин эди Мудбирға сўз,
Ўйлаким бут васфидин кофирға сўз.

Дарду сўзи ҳолдин ул нукта деб,
Лавну зебу рангдин бу ҳарза деб.

Топмайин бир-бирларидан ҳеч баҳр,
То намудор ўлди бир фархунда шаҳр.

Иккиси они ғанимат билдилар,
Бир-бирисидин равон ойрилдилар.

Бу бирига кўйи фақр эрди тараф,
Бўлди ул бир озими байтул-латаф.

Шаҳ муни кўрмакка келди сарфароз,
Кўргузуб юз ҳурмату ажзу ниёз.

Онда эрди шаҳки, боғлаб устивор,
Мудбири ноқисравиш, не хожавор.

Келтуруб арз эттилар хайли асас,
Ким ичиб бу-кеча жамъи булҳавас.

Воқеъ ўлмиш қону бу боис эмиш,
Ким муни мақтул бадҳайъат демиш.

Мунча сўзга бу лаими худписанд,
Онга ханжар бирла еткурмиш газанд.

Шоҳ эшитгач бўлди адл амриға хос,
Қилди Мудбирға равон ҳукми қасос.

Худ шиканга етти ул олий мақом,
Худнамо топти бу янглиғ интиқом.

Учқун ўлди озими чархи барин,
Қолди қозурот уза ишнар чибин».

LIV

Қорчиғой узри

Қорчиғой қилди аён гуфторини,
Кўргузуб чангол ила минқорини:

— «Ким, манга қушлар киби эрмас ҳисоб,
Ким басе қушларға мен молик риқоб.

Мунча қушким бўлди гуфтори санга,
Билки, тўъмадурлар ул бори манга.

Зотима шаҳлар қўли оромгоҳ,
Тўъма ҳар кун еткуруб оллимға шоҳ.

Қайси қуш қасдиға очсам пару бол,
Насри тойир бўлса махласдур маҳол.

Шаҳлар оллинда топиб бу эътибор,
Шавкатим Симурғча билфеъл бор.

Шаҳ қўли тахтимдуру бошимда тож,
Йўқ манга Симурғ сори эҳтиёж».

LV

Ҳудҳуд жавоби Қарчиғойға

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй ғурур илкида паст,
Жаҳл ила ғафлатқа бўлғон зери даст.

Шоҳ аёғингға солиб банди азим,
Йўқки шаҳ, ҳар қайси сайёди лаим.

Очлиғу бехоблиғ онча бериб,
Ким сўнгак узра этинг бори эриб.

Еткуча бир луқма эт бедод ила,
Еб улус мағзин ўкуш фарёд ила.

Тенгри қисм этконни еб, эй зори дун,
Лек ўлуб дунларға муҳтожу забун.

Қайси сайдеким сен они овлабон,
Қушчи ташлаб, табл чолиб, қовлабон.

Сен ўзунгдин ҳар забунроқ чун топиб,
Жуъдин бехуд учуб, етгоч қопиб.

Топшуруб элга, итоат айлабон,
Қушчи бергонга қаноат айлабон.

Бу забунлуғлар била мунча газоф,
Ҳам қилиб изҳор урғон чоғда лоф.

Гар ҳамият бўлса эрди ё уёт,
Бўлмағой эрди уётингдан ҳаёт.

Лек чун нодонлиғинг ғолибдурур,
Нафс мундоқ ёваға роғибдурур».

LVI

Ҳикоят

— «Кўҳие тоғ ичра бир ойиғ тутуб,
Ўргатиб эрди они кўп қон ютуб.

Ром бўлғунча еб эрди ул саёғ —
Кунда икки қатла ўлгунча таёғ.

Очлиғ бирла таёғи беҳисоб,
Ичу тошин айлабон бетўшу тоб.

Ўйлаким солса ёғоч ҳар чирадаст,
Ўзга сори ул бўлуб туфроққа паст.

Ҳам эшикларда ўйунчилиқ этиб,
Ҳам уйи сори ўтунчилиқ этиб.

Юклабон эгнига беандоза юк,
Юк таширдин қолмайин эгнида тук.

Ҳар жафоким мумкин ўлғай тортибон,
Жаҳлдин нафсида пиндор ортибон.

Гаҳ хаёл айлабки қоплон бошини,
Ёнчқай отиб макру удвон тошини.

Гаҳ гумон улким йўлуқса шарза шер,
Тўъма айлой қорнини ёриб далер,

Бу сифат тўъма хаёл этти баси,
Токи охир бўлди итлар тўъмаси.

Ҳар замон бу ҳарза қилмоқтин гумон,
Халқ ичинда сен ҳамон сен, ул ҳамон».

LVII

Шунқор узри

Деди Сунғур:— «К-эй улусқа роҳбар,
Амринга тобеъ келиб огоҳлар.

Манга ҳақ бир рутба зоҳир айламиш,
Ким бори қушларға қодир айламиш.

Борча шаҳлар чун мубоҳидур манга,
Исм қушлар подшоҳидур манга.

Бошима олтун тумоға тожи зар,
Чун мени ҳақ бўйла қилмиш тожвар.

Сен чун воқифсен бори ҳолотима,
Хайл аро ҳам зотима ҳам отима.

Хўб эмас бир шаҳ қўюб бошиға тож,
Ўзга шаҳга зоҳир этмак эҳтиёж.

Шоҳлиғ ойиниға рожеъ бўлай,
Невчун ўзга шоҳга тобеъ бўлай?»

LVIII

Ҳудҳуд жавоби Шунқорға

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй фақири тийра рой,
Бу хаёлинг зотинга ваҳшатфизой.

Буки шаҳлиққа таҳаввурдур санга,
Бас ажаб ботил тасаввурдур санга.

Эй басо зангеки келди тийра зот,
Ким анга халқ ичра кофур ўлди от.

Исм аро султону шаҳ шоеъдурур,
Бу бори арзолға воқеъдурур.

Ҳар киши эрмен дебон эрму бўлур,
Келмас ишни илкидин дерму бўлур.

Қавми нодонким дегайлар сени шоҳ,
Бутни ё ўтни дегондекдур илоҳ.

Зотинга шатранж шоҳидур адил,
Ким ўзидек ўтрусиндадур бадил.

Не шаҳ ўлғойким, они ҳар дуни хас —
Кўкка элтиб, ерга урғай ҳар нафас.

Ул шаҳу сен шаҳ эрур беҳад йироқ,
Бўйла шаҳлиғдин гадолиғ яхшироқ».

LIX

Ҳикоят

— «Хисраве тарҳ этти бир фархунда сур,
Кишвар аҳлиға аён бўлди сурур.

Онда зийнат ҳадду поёндин фузун,
Ҳарне ким бўлғай гумон ондин фузун.

Боғладилар мулкин ойин сар-басар,
Шаҳр элида зебу тазйин сар-басар.

Санъат аҳли боғлабон бисёр тоқ,
Меҳри рахшон авжидек юз чор тоқ.

Таъбия боғлаб басе аҳли ҳунар,
Топиб ондин мулку кишвар зебу фар.

Кўб ажуба зоҳир айлаб рўзгор,  
Ўз фусунидин бўлуб омузгор.

Ҳар киши лаъби қилиб кулмак учун,
Ишрат ортиб ҳузн ўксулмак учун.

Жамъ аро бир қалтабони беҳаё,
Отин айлаб подшоҳи бўрё.

Бўрёдан сар-басар кисват анга,
Содоғу қалқон ила роят анга.

Ўзидек ёсаб нечани ёр сара,
Йўқ сара, неча лаими масхара.

Базм майдони аларға жилвагоҳ,
Зоҳир айлаб бидъати ҳар дам табоҳ.

Ўзни шоҳи кишваройин соғиниб,
Ҳарне қилса ҳазл ила чин соғиниб.

Чунки охир бўлди суру таъбия,
Тутти ул аблаҳ ўзига таъзия.

Чатр ила тожин бошиға урдилар,
Бўрё тўнин бузуб куйдирдилар.

Бўлди бу ҳамгомадин оғоҳлиғи,
Ким тамасхур эрмиш онинг шаҳлиғи».

LX

Бургут узри

Кирди Бургут ўртаға, яъни Уқоб, Деди:—
«Эй қушлар аро молик риқоб.

Манга ҳолат ўзга қушлардек эмас,
Қумрию булбулдек эл васфим демас.

Савлатим муфритдуру қаҳрим ямон,
Тоғ мулки ичра менмен қаҳрамон.

Неча каклик тўъмадур ҳар кун манга,
Бўлмаса бу уйқу келмас тун манга.

Тўъма истаб чун ҳаво туттум бийик,
Эмин эрмас не қулону не кийик,

Улки бўлғай бўғзи бу янглиғ улуғ,
Йўл нетиб қатъ айлагой бўлмай озуқ.

Мени бу йўлда қанот кўп солди тут,
Қорин оч ўлғоч — йиқилиб қолди тут».