Топ рейтинг www.uz
LXI

Ҳудҳуд жавоби Бургутга

Деди Ҳудҳуд:—«К-эй хидеви комгор,
Кўрмаган бир сендек аҳли рўзгор.

Ҳам йигитлик васфи лойиқ зотинга,
Ҳам мусаллам паҳлавонлиғ отинга.

Ҳайф бу мунқору чанголин сенинг,
Фарру шавкатлиғ пару болинг сенинг.

Сенки мақсуд истой, эй баднафси дун,
Азм этордин бўйла бўлғойсен забун.

Озим ўлмай йўлға солғойсен қанот,
Чангу минқору қанотингдин уёт.

Мунча бирла ўзни тавсиф эткасен,
Зўру шавкат бирла таъриф эткасен.

Паҳлавону қаҳрамон ул бўлди, ул —
Ким кечиб жонидин эткой азми йўл».

LXII

Ҳикоят

— «Бор эди бир паҳлавони зўргар,
Беҳунарлиғ фаннида соҳиб ҳунар.

Чоштгоҳ ер эрди ўн ботмон таом,
Ёна мунча айлар эрди қути шом.

Бу икки ҳангомнинг мобайни ҳам,
Ёна мунча ўтлар эрди бешу кам.

Зўрлар айлар эдиким пили маст,
Қилса топқай эрди андоми шикаст.

Иттифоқо ҳодисоти рўзгор,
Мулк аро қилди бузуғлуғ ошкор.

Ўйлаким бўлғоч аён андоқ бало,
Вожиб ўлди мулк аҳлиға жало.

Халқ ўзга мулк азми эттилар,
Жон овучлаб бош олибон кеттилар.

Зўргар ҳам айлади ҳамроҳлиқ,
Йўқ анга йўл ранжидин огоҳлиқ.

Йўл узунроқ тушти-ю обод йўқ,
Қилғоли баднафс эл нафсини тўқ.

Зўргар чун топмади бир кун ғизо,
Бошлади ўз ҳолиға тутмоқ азо.

Чун иккинчи кунга етти паҳлавон,
Кетмиш эрди жисмидин тобу тавон

Лек учунчи кун анга бебарглик,
Айлади зоҳир биёбон марглик.

Қатъ этиб йўлни ёёқ атфол ҳам,
Ҳар тараф икки букулгон зол ҳам.

Икки-уч кун тортибон ранжу ано,
Маъман ичра комлар топиб яно.

Паҳлавон топиб бу меҳнатдин шикаст,
Ўйлаким бўлди ажал йўлинда паст».

LXIII

Куф узри

Зоҳир этти ажз аҳволини Куф:    
— «Ким эрурмен мен заифу йўл махуф.

Ўткарибмен умрни вайронада,
Бошима емрулгудек кошонада.

Барча авқатим ўтуб андуҳ ила,
Мотам аҳлидек фиғону ваҳ ила.

Ганж умидига фиғонлар кўргузуб,
Лек ул уммид ила ўзни бузуб.

Дебки гарчи торттим умрумда ранж,
Бок эмас бир кун насибим бўлса ганж.

Менки ганж уммедидин девонамен,
Кеча-кундуз сокини вайронамен.

Бу узун йўлдин мени тутқил маоф,
Мен киму Симурғ бирла Кўҳи Қоф».

LXIV

Ҳудҳуд жавоби Куфға

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй ишинг макру хайл,
Қасди жонинг айлабон тули амал.

Ер тутуб кўнглунгда уммиди маҳол,
Ким вукуъиға онинг йўқ эҳтимол.

Филмасал билфарз топсанг ҳам бу ганж,
Қил хаёл, эй нотавони ғуссасанж.

Ким не бўлғай баҳринг ондин жуз бало,
Ҳардам ўзга ғамға бўлмоқ мубтало.

Ул балолар бирла ўлмак хору зор,
Ганж тутмоқ душман илкида қарор».

LXV

Ҳикоят

— «Бор эди бир мулк аро девонае,
Кеча-кундуз маскани вайронае.

Ганж умиди бирла умрин ўткозиб,
Ҳар дам ул вайрона бир ёнин қозиб.

Иттифоқо баски чекти ранж ул,
Бахти бир кун ганжға бошқарди йўл.

Бир эшик бўлди аён нақби аро,
Кирди эрса бир улуғ ишрат саро.

Қирқ хум онда Фаридун ганжидек,
Йўқ Фаридун, балки Қорун1 ганжидек.

Кўрмагидин телба этти тарки ҳуш,
Етти ногоҳ бир лаими сахткўш.

Кўрди ул вайронада девонани,
Ҳуш зойил қилғучи хумхонани.

Кўрмай ул мажнунни мужрим чекти тиғ,
Қонини ганж узра тўкти бедариғ.

Ганж эрди умри онинг вояси,
Борди ганж устида жон сармояси».

LXVI

Ҳумой узри

Бошлади узрини соҳибфар Ҳумой,
Деди:— «Эй саргашталарга раҳнамой.

Ондадур иқболдин поям менинг,
Ким берур тахти шараф соям менинг.

Зотима онча шараф берса илоҳ,
Ким менинг соям гадони қилса шоҳ.

Мен яна шоҳ истамак яъники не!
Ўзни ранжур айламак яъники не!

Қилмоғим хушроқ ҳавои жилвагоҳ,
Бермагим соямда шаҳларға паноҳ».

LXVII

Ҳудҳуд жавоби Ҳумойға

Деди Ҳудҳуд:— «К-эй сўзунг афсонае,
Ким они қилғой баён девонае.

Улки зотингда балоҳат чоғламиш,
Санга бу янглиғ сақифа боғламиш.

Ким етар соянгдин элга шоҳлиғ,
Санга бовар қилдуруб гумроҳлиғ.

Шоҳлар тарихиким мастур эрур,
Қайсининг васфида бу мазкур эрур!

Ким они шоҳ айламиш соянг сенинг,
Ким эрур бу муддао воянг сенинг.

Бу ғалат афсона шод айлаб сени,
Бўйла фосид эътиқод айлаб сени.

Филмасал бўлса бу даъво рост ҳам,
Келса сендин бу сифат бехост ҳам.

Берса элга шоҳлиғ ҳаййи-вадуд,
Сен де бориким санга ондин не суд.

Тўъманг итдек дашт аро қолғон сўнгак,
Турфароқ бу ишки қоқшалғон сўнгак.

Билгил, эй ботил хаёл ичра асир,
Ким эрур ҳолингға лойиқ бу назир».

LXVIII

Ҳикоят

— «Соҳили Уммонда савдопеша хайл,
Баҳр савдосида судандеша хайл —

Берсалар беш-ўн дирам, ғаввоси дун —
Баҳр ичра солур ўзни сарнигун.

Жонни юз ранж ўтиға айлаб ҳадаф
Баҳр қаъринда иликлар бир садаф.

Ул садаф ичра агар минг донадур,
 Ё агар худ бир дури шоҳонадур —

Ким эрур ул шоҳ тожи равнақи,
Онгла они музд берганнинг ҳақи.

Тожир олиб ул сифат нақди азиз,
Ахз этиб ғаввос бир-икки пашиз.

Ул олиб музду санга ул доғи йўқ,
Ит киби айлаб сўнгак нафсингни тўқ.

Оқил эрсанг кўп дема мундоқ газоф,
Ким саросар бу сўзунг бордур хилоф».

LХIХ

Ўрдак узри

Ўрдак оғоз этти:— «К-эй фархунда зот,
Сув била бўлмиш манга қойим ҳаёт.

Ондин ойру музтарибмен қайғудин,
Ўйлаким тушкай йироқ болиғ су(в)дин.

Чун сув ичра зотима таскин бўлуб,
Пок доманлиғ манга ойин бўлуб.

Поклик чун сувдин эттим иктисоб,
Лойиқ ўлди васфима ҳуснул-маоб.

Бўлмасам бир лаҳза ориғ сув аро,
Фирқатида айларам юз можаро.

Мавждин сажжодани солиб сувда,
Кўргузуб мақсуд юз ул кўзгуда.

Сувдадур мақсудума чун етмагим,
Бас хатодур ўзга ён азм этмагим».


LXX

Ҳудҳуд жавоби Ўрдакка

Деди Ҳудҳудким:— «Хато сўз келди бу,
Ким дединг, эй пок юб ақлингни су.

Сувғаким сажжода солибмен дединг,
Чуғз ҳолидин магар ғофил эдинг.

Пок доманлиғ қилибмен фан дема,
Ўзни сувда ғайр тар доман дема.

Пок эсанг недур сувға чўммоқ ишинг,
Кеча-кундуз ғўта урмоқ варзишинг.

Фисқ тухмин нафс аро улким торир,
Сув аро ҳар ғўтаким урди орир.

Не жанобатдур бу-у бебоклик,
Ким чўмуб тун-кун етишмас поклик.

Эр эсанг, оллингдадур баҳри фано,
Чўмғилу қилгил ўзунгни ошно».

LХХI

Ҳикоят

— «Ҳинд дарёсида эрди тожире,
Суду савдо шевасинда моҳире.

Мояи савдо димоғиға тушуб,
Ғарқи баҳри фикр ўлурға ёвушуб.

Тутмайин бир мулкда ўн кун мақом,
Айлагач савдо сувға айлаб хиром.

Йиллар айлаб эрди бу янглиғ сафар,
Баҳрни онглаб ҳар офатдин мафар.

Макка атрофин сув ичра айланиб,
Фарз адо этмай, яқин етгоч ёниб.

Халқ дебким, бўл мушарраф ҳажға ҳам
Майл бермай ул тараф ҳирси дирам.

Тотки бир кун тушти дарё узра мавж,
Кемага ер гаҳ ҳазизу гоҳ авж.

Бўлди тожир лужжаи савдода ғарқ,
Лек бўлди кемаси дарёда ғарқ.

Бермади дарё хаёли ҳажга йўл,
Токи бир болиққа бўлди тўъма ул».

LХХII

Товуғ узри

Товуғ этти бўйла узрин ошкор:
 — «К-эй туюр ичра раиси тождор.

Биз иковга тож рўзи қилди ҳақ,
Лек ҳар бирга бир иш қилди насақ.

Санга айлаб роҳбарлиғни ато,
Қилди қушларға раису пешво.

Манга берди савти дилкаш бардавом,
Элни тоатқа тилларға субҳу шом.

Улки маҳлуқ этти сунъи ваҳшу тайр,
Бизга таскин рўзи этти, санга сайр.

Чун саромад келди эрликда хурўс.
Ҳақ анга берди неча зебо арўс.

Тутти ҳарён сайр қилмоғдин маоф,
Ул киму Симурғ бирла Кўҳи Қоф?»

LХХIII

Ҳудҳуд жавоби Товуғка

Деди Ҳудҳудким:— «Бу сўз беважҳ эмас,
Гар киши бу сўзни ҳолидин демас.

Бор онингдек қушки очмай болу пар,
Сидра шоҳи устида айлар мақар.

Келди хилватгоҳи онинг анжуман,
Сайр этар лекин ери доим ватан.

Арш парвоз ўлдию сидранишин,
Элга зоҳир айламай парвоз ишин.

Эрмас ул Симурғдин айру даме,
Васлидин кўнглига ўзга оламе.

Етмайин жониға ҳажридин газанд,
Сурати васлида ҳар дам нақшбанд.

Боши узра мавҳибат тожи онинг,
Жилвагоҳи васл меърожи онинг.

Васлдин мамлу, вале дам асрабон,
Ғайрдин ҳолини мубҳам асрабон.

Васл юз минг дурридин кўнглида жўш,
Лек ўлуб оғзи садаф янглиғ хамўш,

Ул қуш эрмассен сен, эй хориж наво,
Ҳарза гарду ҳарзагўю беҳаё.

Фисқи муфрит кеча-кундуз варзишинг,
Бежиҳат ғавғоу қичкирмоқ ишнинг.

Юз ямонлиғ бирла шанъат айлабон.
Яхшиларға ўзни нисбат айлабон.

Сустлуғлар бирлаким қилдинг аён,
Демагил ўзни хурўс, эй мокиён».

LХХIV

Қушлар ўз нисбатларин Симурғқа Ҳудҳуддин сўрғонлари

Ҳар бири бир узрким қилди хитоб,
Берди чун Ҳудҳуд анга шофий жавоб.

Нуктадин ожиз бўлиб ул лаҳза хайл,
Қилмадилар ўзга узр айтурға майл.

Борчани саргашта айлаб заъф ҳол,
Муттафиқ Ҳудҳуддин этдилар савол:

— «К-эй сенинг зотинг раёсат гавҳари,
Бошинга лойиқ ҳидоят афсари.

Сайр аро қатъи биёбон айлаган,
Таййи маслак улча имкон айлаган.

Йўл рижоу хавфини билган тамом,
Ҳавфи ислоҳида қилғон иҳтимом.

Биз гуруҳи ожизу зору забун,
Барчани хор айлабон бахти нигун.

Кўнглумизга бўлмағон равшан бу роз,
Жаҳлимиз кўптин кўпу, илм оздин оз.

Заррадек саргашта аҳволу қаҳир,
Ул камол авжи уза меҳри мунир.

Манзилатда чарх олийдин рафеъ,
Фусҳат ичра арш азмидин васеъ.

Ул келиб ортуқ тўқуз афлокдин,
Лек биз ўксук басе хошоқдин.

Бизга онинг бирла нисбат не экин?
Ё бу нисбат ичра ҳикмат не экин?

Шоҳлар шоҳи келиб ул подшоҳ,
Биз гадоларнинг гадойи хоки роҳ.

Бизга маълум этки бас, мажҳул эрур,
Ақл онинг идрокидин маъзул эрур.

Биз ҳақиру олий онинг ҳазрати,
Қатранинг дарёға недур нисбати?»

LХХV

Ҳудҳуд қушларға жавоби ва Симурғ зуҳуридин хитоби

Берди Ҳудҳуд қавмга мундоқ жавоб,
Ким:—Ўшал шоҳаншаҳи олий жаноб.

— «Ганж эрди лек махфий зот анга,
Ёшурун ҳусн эрди, кун миръот анга.

Ўз зуҳурин чун таманно айлади,
Чиқти-ю аввал тажалло айлади.

Бу тажаллоси аро хуршедвор,
Юз туман минг соя солди ошкор.

Сояким покиза бўлди жилвагар,
Айлади ул сояга кўпрак назар.

Барча олам қушларининг сурати,
Билгил, онинг сояи пур ҳикмати.

Чун муҳаққақ бўлди бу ҳикмат санга,
Бўлди туз Симурғ ила нисбат санга.

Бу санга маълум чун бўлди яқин,
Фош қилма розни, эй хурдабин.

Кимга бу кашф ўлди мустағрақдур ул,
«Ҳоша лиллоҳ!» ким дегайсен ҳақдур ул.

Ҳаққа мустағрақ не бўлмас ҳақ демак,
Бўлғай они ҳаққа мустағрақ демак.

Сен чу фаҳм эттингки, кимга соясен,
Ўз яқинингда қавий сармоясен.

Соя истай бўлмаса гар жилвагар,
Билки Симурғ ўлмас эрди соявар.

Ўзни Симурғ истаса эрди ниҳон,
Сояси бўлмас эди ҳаргиз аён.

Сояафканнинг вужудидин далил,
Соя зоҳир бўлмоғин таҳқиқ бил.

Кўзларинг Симурғбин гар бўлмағай,
Кўзгудек кўнглунг мунаввар бўлмағай.

Кимга ул юзни кўрар гар кўз эмас,
Ҳар неким дер ғайр — ортуқ сўз эмас.

Истади ҳусниға ошиқлиғни фош,
Кўзгу пайдо қилди андоқким қуёш.

Токи онда жилвае ноз айлагай,
Ҳусниға ошиқлиқ оғоз айлагай.

Бўлди ул кўзгу кўнгул, эй аҳли дил,
Ким ҳақ анда жилва айлар муттасил.

Ул қилибон жилваи ҳусн ошкор,
Сен кўнгул бирла анга оинадор».

LXXVI

Ул шоҳ ҳикоятиким, ҳуснини зоҳир қилурға кўзгуни васила қилди

Бор эди шоҳи жамол авжида моҳ,
 Моҳ пайкарлар — сипоҳ, ул эрди шоҳ.

Қоматидин сарвға афкандалик,
Оразидин меҳрға шармандалик.

Олам ошуби келиб рухсораси,
Муҳлик ул рухсорининг наззораси.

Ҳусни ғавғоси жаҳон ичра тушуб,
Ишқининг яғмоси жон ичра тушуб.

Ончаким ҳусни жаҳон аро анга,
Юз минг онча нозу истиғно анга.

Чиқса гоҳи отланиб майдон аро,
Солса эрди рахшини жавлон аро,

Ҳар киши оллиға келса ул замон,
Ҳуснини кўрмак ҳамон, ўлмак ҳамон.

Бўлмиш эрди ўлғон элдин банд йўл,
Сайр этиб ёнғунча жавлонгоҳин ул.

Ҳуснидин офоқ аро ғавғо эди,
Зулмидин жон мулкига яғмо эди.

Халқ беҳад қатлидин топти малол,
Элга юз кўргузмагин қилди хаёл.

Кўзгу ҳукм эттики пайдо қилдилар,
Тахти оллинда муҳайё қилдилар.

Қасри оллинда ясатти манзаре,
Онда насб этти чу равшан ахтаре.

Ўзи ҳусниға назар солур эди,
Баҳра эл ҳам аксидин олур эди:

То бу янглиғ кўзгу тартиб этмади,
Ҳуснидин нозирға баҳра етмади.

Ҳам ўзи ҳуснидин ўлди баҳравар,
Баҳра ҳам топти онга қилғон назар.

Сен бу кўзгуни кўнгул қилғил хаёл,
Ким солур аксини онда ул жамол.

Қасри тан онда кўнгулни кўзгу бил,
Кўзгуда шаҳ ҳуснини наззора қил.

Бермайин бу кўзгуга аввал жило,
Акс анда солмағай ул подшо.

Онглағил ул ҳусн аксин кўзгуда,
Сен тамошосиға турғон ўтруда.

Кўзгу равшанроқ неча қилса зуҳур,
Зоҳир ўлғай акс онда беқусур.

LXXVII

Искандарнинг элчиликка борғон ҳикояти

— «Бир кун Искандар1 бу ойин айлади,
Элчиликка ўзни таъйин айлади.

Айлади Симурғни ул номвар,
Ул кабутардекки бўлғай номабар.

Борди ул кишварғаким борғай расул,
Айлади онда расулона нузул.

Деди элга будур Искандар сўзи,
Турфа буким эрди Искандар ўзи.

Элчилардек сўз баён айлар эди,
Ўзи ўз ҳукмин аён айлар эди.

Эл не билсунларки Искандардур ул,
Йўқки қосид ҳокими кишвардур ул.

Еткуруб аҳком номаъдудни,
Элга қосид кўргузуб мақсудни.

Халқнинг мингдин бири билмай бу ҳол,
Ким недур бу парда нақшида хаёл.

Сен доғи шаҳдин қилурсен нуқтагўш,
Соғинурсен лек ноқилни Сурўш»2.

Билдилар қушлар чу бу гуфторни,
Англадилар пардада асрорни.

Бори мақсудиға рухсат топтилар,
Қому матлубиға улфат топтилар.

Ошно сўзлар била ул пешво,
Қилди ул бегоналарни ошно.

Қилдилар бори яна ондин савол,
К-эй ҳидоят амрида соҳиб камол.

Биз гуруҳебиз басе зору заъиф,
Жисм зору жон низору тан наҳиф.

Иш азиму йўл йироқу хавф кўп,
Нечук ўлғой азмимиз бу йўлда жўп.

LXXVIII

Қушларнинг йўл кайфиятин Ҳудҳуддин саволи ва онинг жавоби

Берди Ҳудҳуд қавмға мундоқ жавоб,
Ким:— «Бу янглиғ онглангиз ройи савоб.

Ким бу йўлда ишқдур кулли сифат,
Ишқ аҳлидин йироқдур маслаҳат.

Кимки ошиқдур — анга жондин не бок,
Куфр олиб бермак имондин не бок.

Гар керак ошиққа ўз жононидин,
Саҳл эрур кечмак жаҳону жонидин.

Жон эрур ошиқ йўлида садди роҳ,
Ўйлаким бўлғой биров йўлинда чоҳ.

Фард эрур ошиқ тану жондин доғи,
Ақлу ҳушу куфру имондин доғи.

Ишқ оламсўз эрур, жонсўз ҳам,
Шавқ ўтидин куфру имонсўз ҳам.

Ошиқ ўлғон кечти нангу номдин,
Миллату имондину исломдин.

Лозими ишқ ўлди шавқу сўзи дард,
Барқ янглиғ пўяи гитинавард.

Кимга дарду ишқ муставлидурур,
Тарки жон этмак анга авлидурур.

Кимки жонон сори онинг ройи бор,
Жонға офат етса не парвойи бор.

Ишқ иши ғам шоми дарду сўздур,
Шамъ анга оҳи жаҳон афрўздур.

Дард келди ишқ сўзидин нишон,
Дард бўлмай ошиқ ўлмас жонфишон.

Мутрибо, туз бир суруди дарднок,
Соқиё, бедардлиғдин мен ҳалок.

Дард жомин тут мени зор этгудек,
Ишқ дарди кўнглума кор этгудек.

То они нўш айлабон жондин кечай,
Ақлу ҳушу дину имондин кечай.

Куфр дайри ичра маъво айлайин,
Азми зуннору чалипо айлайин.

Пири дайр оллида айлаб ўзни маст,
Куйдуруб Мусҳаф1 бўлойин бутпараст.

Ишқ дайри ичра айлаб ўзни хос,
Жонни имон нангидин айлай халос.

Дайр аро исмоъ ноқус айлайин,
Бут сужудинда замин бўс айлайин.

Белга маҳкам боғлабон зуннорни,
Ўздин айлай шодмон куффорни».

LХХIХ

Ҳикоят

Шайх Санъон1 восили даргоҳ эди,
Кўнгли ғайб асроридин огоҳ эди.

Каъбада2 автод ила ақтоб аро,
Ўйла эрдиким наби асҳоб аро.

Халқ иршодиға росих эрди ул,
Каъбада шайхул-машойих эрди ул.

Остонининг гадойи шоҳлар,
Қуллуғиға муфтахир огоҳлар.

Ҳар дуоким қилса бир ғамгин учун,
Қўл очиб хайли малак омин учун.

Чеҳраи мақсуд онинг ўтрусида
Жилва айлаб кўнглининг кўзгусида.

Тўрт юз оллида асҳобу мурид,
Ҳар бир андоғким Жунайду3 Боязид4.

Чархи аълога шукуҳидин шикаст,
Арши аъзам ҳиммати оллинда паст.

Дуду офатдин қарорса олами,
Ёрубон етгач дуосидин дами.

Кимки бўлса бир балоға мубтало,
Ул дуо қилғоч, бўлуб дафъи бало.

Воридоти аршдин пайғомдек,
Воқеоти ваҳй5 ила илҳомдек.

Ҳарна кўрса воқеа таъбир анга,
Кўргани-ўқ юзланиб бир-бир анга.

Неча тун бир туш анга кўргуздилар,
Риштаи сабру қарорин уздилар.

Уйғониб ҳолиға истиғфор эди,
Юмса кўз ул тушга-ўқ такрор эди.

Ким матофи эрди бир бегона бум,
Айласа маълум, ул бум эрди Рум6.

Онда бир дайр ичра эрди зору маст,
Мастлиғдин дайр элидек бутпараст.

Чун бу туш бўлди мукаррар ганжи роз,
Деди:— «Бўлмас бу балодин эҳтироз.

Кимсага маъво ҳарамдур ё куништ,
Кўрмай ўлмас улча бўлмиш сарнавишт.

Ботроқ ул кишварға азм этмак керак,
Ҳар қаён тортар қазо — кетмак керак,

Чунки бўлса бизга ул маъво насиб,
Бошимизға ҳарна келса ё насиб».

Қилди чун ўз ҳолиға наззорае,
Топмади бормоқдин ўзга чорае.

Юз ҳарамга қўйди соҳиб инқитоъ,
Қилди юз ошуб ила тавфи видоъ.

Қилди чун минг ҳузн ила тавфи ҳарам,
Рум иқлими сари қўйди қадам.

Топтилар асҳоб чун огоҳлиғ,
Ул сафарда қилдилар ҳамроҳлиғ.

Йўлни қатъ айлар эди пири тариқ,
Тўрт юз аҳли тариқ эрди рафиқ.

Шайхнинг кўнглиға савдолар тушуб,
Ким ани зоеъ қилурға ёвушуб.

Ҳар замон бир навъ ўлуб андешаси,
Йўқ бажуз андеша онинг пешаси.

Ҳолида асҳоб тағйир англабон,
Ҳуш ила сабрини бир бир англабон.

Хослар айлаб савол ул ҳолдин,
Воқиф ўлмай ул ғариб аҳволдин,

Ким саволеким қилиб, топмай жавоб,
Шайхдин кўпрак аларда изтироб.

Бу сифат йўл қатъ этиб мақсад сари,
Қайси мақсад— шиддати беҳад сари.

То қадам қўйдилар ул кишварға тез,
Шайх кўнглида вале юз рустахез.

Ҳар нафас бир буқъани айларда сайр,
Маръи ўлди ногаҳон бир турфа дайр.

Токи онинг чарх тоқи бирла жуфт,
Жуфту тоқи ичра кўп рози нуҳуфт.

Тоши андуҳу балият тоғидин,
Кирпичи дарду бало туфроғидин.

Зебу кошисиға юз тарҳи тааб,
Кўргузуб юз навъ нақши булажаб.

Ғурфалардин фитналар наззорагар,
Қилғоли бечорау йўқ чорагар,

Ишқ айнидин ёруқ ҳар равзани,
Лек ул равзан балолар маскани.

Кунгуридин рахналар имон сари,
Ишқ шайнининг намудори бари.

Таъбия ҳар кунгурида тошлар,
Ишқ тиғидин кесилган бошлар.

Аҳли дин бошиға паррон қилғали,
Олам узра сангборон қилғали.

Фитна хайлиға мамар дарвозаси,
Фитнагар тоқи сипеҳр андозаси.

Ҳалқаи занжирида юз минг фунун,
Ҳалқаи савдову занжири жунун.

Ишқ ўтидин онда юз оташкада,
Ҳар бирида юз туман савдозада.

Дайр узра тийра дуди ҳайъати
Зоҳир айлаб куфру исён зулмати.

Дайр мундоқ кўрмайин то қилди сайр,
Куфру имон аҳлиға бу эски дайр.

Шайх жисмидин бориб ул ерда тоб,
Кўнглини бетоқат айлаб изтироб.

Заъф муставли бўлуб ҳар дам анга,
Жилва айлаб ўзга бир олам анга.

Нозир эрди ҳар тараф ошуфтавор,
Бир тараф тушти кўзи беихтиёр.

Манзаре ондин осилғон бир тутуқ,
Бир қуёшқа ул бўлуб қавси уфуқ.

Елдин ул бурқаъ чу бўлди бартараф,
Ул қуёш анвори тушти ҳар тараф.

Не қуёшким, юз қуёш девонаси,
Ҳусни шамъи даврида парвонаси.

Пайкари руҳи мусаввардин мисол,
Руҳға ҳар лаҳза ондин ўзга ҳол.

Ҳур суратлиғ паризоди ажаб,
Гулжабинлиғ сарви озоди ажаб.

Руҳни ошуфта айлаб ҳайъати,
Юз ажаб суратқа солиб сурати.

Суратидин мунфаил ҳуру пари,
Талъатидин офтоби ховари.

Юзи нурафшон, сочи зулматфишон,
Нуру зулмат куфру имондин нишон.

Юз уза зулфин чу мушкафшон қилиб,
Зулмат ичра нурни пинҳон қилиб,

Сочи нур аҳлиға зулмат олами,
Аҳли савдонинг саводи аъзами.

Қоши савдойи улусқа янги ой,
Янги ой девонаға ҳайратфизой.

Қоши тоқи ичра офатлиғ кўзи,
Дайр тоқида анингдекким ўзи.

Кирпиги кўз даврасида ҳар тараф,
Фитна хайлидин кўзи даврида саф.

Кўзки бўлди холи онинг остида,
Нуқта ёзилғон балонинг остида.

Ул бало остида гоз устида хол,
Иккисининг нуқтасидин бил мисол.

Ғайб сирридин бериб оғзи нишон,
Ўзи ғайб аҳлидек, аммо бенишон.

Лаъли жони хасталарнинг марҳами,
Нутқида Исойи Руҳуллоҳ дами.

Ўл муфарриҳ мояси ёқут ўлуб,
Бу нафасдин хаста жонға қут ўлуб.

Ҳам занаҳдонида юз минг жон асир,
Чоҳида юз Юсуфи Канъон7 асир.

Зулфидин солса чиқорурға каманд,
Кўпрак айлаб бу каманд ул элни банд.

Тавқи ғабғаб ул зақан остида нун,
Обиҳайвонға ҳубоб, аммо нигун.

Ҳам қадининг наҳлиға жон жилваси,
Ҳам хироми обиҳайвон жилваси.

Кўз била лаъли ажаб санъат тузуб,
Ҳар неча ул ўлтуруб, бу тиргузуб.

Жисми гулгун, кўнглоки гул узра гул,
Кўрмагидин тобсиз юз минг кўнгул.

Кўнглак узра неча ҳулла ранг-ранг,
Санъатида жон чекиб руму фаранг.

Ҳулла ранги нечаким қотил бўлуб,
Атридин юз жон яна ҳосил бўлуб.

Кофири қотил кўзига барча ком,
Буки — дин аҳлиға солғон қатлиом.

Кимки айлаб сочи зуннорин хаёл,
Дину амонини айлаб поймол.

Ҳусну лутфи жон аро ер тутқудек,
Бир аёқ сув бирла балким ютқудек.

Шуълаи ҳусни солиб давронға ўт,
Оташин лаълидин аммо жонға ўт.

Топиб оташгоҳ ишқин аҳли ҳуш,
Порсо сўзандау зуҳҳодкуш.

Қаср уза бу шакл ила тарсо қизи,
Бал қуёш айвонида Исо қизи.

Шайх кўнглига чоқилғоч ўйла барқ,
Шуъла дарёсиға жони бўлди ғарқ.

Асради ўзни кўп истиғфор этиб,
Оғзида «Лоҳавл»ни8 такрор этиб.

Шўх очқоч шуълаи рухсорини,
Ўртади «Лоҳавлу» истиғфорини.

Бўлмиш эрди жисми туфроққа нигун,
Бир дам ул уйга асо бўлди сутун.

Орқасин қўйди даме деворға,  
Ҳайрат айлаб ул ғариб осорға.

Ҳам асо, ҳам жисмиға етти шикаст,
Ҳолидин бордию бўлди ерга паст.

Тушти жони пок фаржомиға ишқ,
Кирди қондек етти андомиға ишқ,

Гоҳ беҳол эрди, гоҳ ўз ҳолида,
Лол ўлуб асҳоб анинг аҳволида.

Ҳайрат айлаб бир-бирига боқибон,
Бош қуйи айлаб, овучлар қоқибон.

Ҳолиға оқшомғача ҳайрон қолиб,
Балки ўз ҳолиға саргардон қолиб.

Тун саводи қилди чун кунни қаро,
Зулмати куфр ул сифатким дайр аро.

Ул қаро кун бошиға келган қори,
Рўзғори ҳам қаро тобеълори.

Қолдилар муғ дайрининг туфроғида,
Қайси туфроғким, балият тоғида.

Шайхнинг оллиға келди ўйла тун,
Ким киши кўрмайдур андоғ тийра тун.

Кўкка ёпиб пардаи идборлар,
Ҳарён ахтардин қоқиб мисморлар.

Чарх ашкин оқизурға дуд этиб,
Кўкнинг атрофини қийрандуд этиб.

Топибон гардун таҳарруқдин фароғ,
Ўрнидин тебранмай ул янглиғки тоғ.

Чарх дард аҳлиға бедод айлабон,
Тоғ-тоғ андуҳ ижод айлабон.

Даҳрни ул тоғларда ёшуруб,
Юз туман минг тошлар ҳам ёғдуруб.

Кўзларин гардун қилиб ахтар фишон,
Шайх аҳволиға мотамдин нишон.

Барча даҳр аҳлиға бу мотамсаро —
Кийдуруб онинг азосида қаро.

Шайх мазлум гирифтори наҳиф,
Тушмаган иш бошиға тушган заиф.

Ишқи золим зулмидин зору низор,
Дайр туфроғида ётиб хору зор.

Ишқ ёқиб жисм ила жониға ўт,
Куфр солиб дину имониға ўт.

Ашк аро ботиб, вале оғзи қуруб,
Кўнгли ўти шуъла оғзидин уруб.

Ишқ айлаб рўзгорин ҳам қаро,
Тун худ айлаб йўқу борин ҳам қаро.

Юз бало жониға чун бўлди насиб,
Дер эди ҳолиға йиғлаб ул ғариб.

Ким:— «Бўлур ҳар лаҳза ранж афзун манга,
Не эдиким қилдинг, эй гардун, манга!

Офиятдин ишқ сори бошладинг,
Юз ёнар ўт ичра олиб тошладинг.

Кўзга аввал кўргузуб меҳри мунир,
Ёшуруб, ғам шомиға қилдинг асир.

Қайси шоми ғамки, кўк жавфи аро,
Офариниш оразин қилдинг қаро?

Дўзахи ғам дуди оламни тутуб,
Шуъласин кўнглум ўтидин ёрутуб.

Оллоҳ! Оллоҳ! Не кечадур бу кеча!
Саъб мундоғ, ё раб, ўлғайму кеча!

Ўткарибмен кўп суубат кечалар,
Кўрмадим мундоғ уқубат кечалар!

Тун эмас — дўзах ўтининг дудидур,
Ё фалакнинг оҳи қийрандудидур.

Бўйла тун, ё раб, намудор ўлмасун,
Анда ҳеч одам гирифтор ўлмасун.

Билмон, оё, тун балосинму дейин,
Манга тушган кун балосинму дейин!

Жисму аъзоу ҳавосу ақлу ҳуш
Ишқдин бўлдилар андоғ пардапўш.

Ким дегайсенким пари мавжуд эмас,
Ишқ бедодида жуз нобуд эмас.

Пайкаримда онча йўқ тобу тавон,
Ашкдек кўйида бўлғунча равон.

Бошима қувват йўқ онча урғоли,
Тош уза ғам фартидин синдурғоли.

Кўз қани ул ой юзига солғучи!
Ул қуёш анворидин нур олғучи!

Юз қани суртарга ул даргоҳға,
Қул тазарруъ айлагандек шоҳға!

Қўл қани кўксумга хоро урғудек,  
Бошима туфроғлар совурғудек!

Ҳуш қани айлагунча ўзни забт,
Бермагунча йўл димоғ уйига хабт.

Қани ақл айтгунча иш тадбирини,
Қилғуча вайрон кўнгул таъмирини.

Қани сабр этгунча дардим чорасин,
Ё даво қилғунча бағрим порасин.

Ғам егунча ҳолима қони кўнгул,
Ким эрур ҳоло ўлук сони кўнгул.

Бир нафас урғунча бори жон қани,
Ким кўнгулдек ҳам топа олмон ани.

Манга бу йўл не балолиғ йўл эди,
Ҳар неким андин батар йўқ — ул эди.

Кош ҳаргиз бўлмағай эрдим тирик,
Умрни кўргунча бу янглиғ эрик.

Нетти этса эрди бир барқи хатар,
Қўймаса эрди вужудумдин асар.

Дўстлар, нетти мадад еткурсангиз,
Жамъ ўлуб мен зорни ўлтурсангиз.

То қутулса даҳр оримдин менинг,
Даҳр эли афғону зоримдин менинг.
   
Жонима, асҳоб, тиғи қатл урунг.
Куйдуруб, ҳарён кулумни совурунг.

То жаҳонда бўйла расво бўлмайин,
Бир ўлай, юз қатла ҳардам ўлмайин!»

Ҳолиға асҳоб ҳайрон йиғлабон,
Ҳардам онинг дардидин қон йиғлабон.

Бўлубон жамъ ул гуруҳи мустаманд,
Шайхқа ҳар бир бериб бир навъ панд.

Шайх аларнинг пандини фаҳм этмайин,
Нукта маънисиға доғи етмайин.

Ақл мезони била қилғон хитоб.
Ишқ таврида топиб ондин жавоб.

Бири деб:— «К-эй муршиди арбоби дин,
Хокироҳинг сурмаи аҳли яқин.

Кимса йўлинда бўлур бу воридот,
Ўзни забт этган топар хайру нажот.

Деди:— «Эй фарзанд, де ўзлук қани,
Токи мен ҳам забт қилғанман ани».

Бири дебким,— «Бу эрур шайтон иши,
Зикр ила ондин топар махлас киши».

Шайх деб:— «Жамиъят анда шарт эрур,
Мен паришонмен-не хосият берур».

Бири деб:—«К-эй муқтадои аҳли роз,
Бу бало дафъиға вожибдур намоз».

Шайх дебким:— «Урма бу маънида дам,
Телбадурмен, телбага йўқтур қалам».

Бири дебким:— «Кўп, таҳорат айлағил,
Элга тоатқа ишорат айлағил».

Шайх деб:— «Йўқ кўз ёшимдин ўзга сув,
Қон келур ҳардам боғирдин кўзга сув».

Бири дебким:— «Ғусли пок айлаб кўнгул,
Фориғ эт ғамдинки — будур тўғри йўл».

Шайх дебким:— «Ғарқаи баҳри фано—
Бўлмишам, мендин на истарсен яно?»

Бири деб:— «Тасбеҳингға машғул бўл,
Бу паришон ҳолдин маъзул бўл».

Шайх деб:— «Тасбеҳ узди торни,
Чектим онда риштаи зуннорни».    

Бири деб:— «Мисвокка қил илтижо,
Оғзинга солиб кетур суннат бажо».

Шайх деб:—«Мисвок агар қилсам ҳавас,
Ажзу ҳайрат бармоғи оғзимда бас».

Бири деб: — «Саҳв агар тутти вужуд,
Узриға туфроғ ўпуб қилғил сужуд».

Шайх дебким, оқизиб қон ёшни,
«Олмоғумдур бу эшикдин бошни».

Бири дебким:— «Румға бўлди сафар,
Каъбани қилмоқ керак эмди мафар».

Шайх дебким:— «Онда қилғонни талаб,
Мунда топдим не чекай ул ён таъб».

Бири дебким:—Юзланиб саҳро сари,
Вақтидур азм айласа Батҳо9 сари».

Шайх дебким:— «Мунда топтим они мен,
Рум боринда нетай Батҳони мен».

Бири дебким:— «Чун сафар бўлди тамом,
Айламак хуштур ватан сори хиром».

Шайх дебким:— «Гўиёким зулминан
Бизга дайр эткандурур асли ватан».

Бири дебким:— «Чун машойихқа бу иш,
Етса, бизга етгай асру сарзаниш».

Шайх дебким:— «Йўқ алар бирла ишим,
Ким харобот ичрадур истар кишим».

Бири дебким:— «Важду ҳолотинг қани?
Зуҳд ила покиза авқотинг қани?»

Шайх дебким:— «Дайр аро ҳолот эрур,
Ким туфайли ўйла юз авқот эрур».

Ул кеча ул қавм уруб кўп печу тоб,
Шайх аҳволиға айлаб изтироб.

Таъна айлаб, Шайх парво этмайин,
Пандлар ойтиб бирига етмайин.

То саҳар дайр аҳли ғавғо айлабон,
Аҳли дин ҳолин тамошо айлабон.

Ҳазл этиб дин аҳли ойини била,
Кўп мубоҳот айлаб ўз дини била,

Аҳли дин бирла тамасхурлар қилиб,
Уз тариқиға тафохурлар қилиб.

Тенг тутуб андешаи гумроҳ ила,
Лот лосин лои иллаллоҳ ила.

Ул улусқа бу шақоват бир сари,
Дайр аҳлидин шамотат бир сари.

Шайх асҳоби била асҳоби дайр,
Хоҳ шардин нукта айтиб, хоҳ хайр.

Шайх дайр асҳобиға имдод этиб,
Гарчи дин аҳлиға хижлатлар етиб.

Тонг ёруқ бўлғунча мундоқ тийра ҳол,
Ул мусулмонларға еткурди малол.

Чун ёруғлуқ тийралиғни қилди паст,
Чолдилар ноқус хайли бутпараст.

Чарх кўргузди қуёш анворини,
Ўйлаким тарсо қизи рухсорини.

Дайр аҳлиға узалди можаро,
Шайх ишқи бирла аҳволи аро.

Куфр аро тушти ажаб жамъияте,
Дайр аҳли миллатиға қуввате.

Дин элининг хижлати ҳаддин ошиб,
Шайхни ташлаб, уётдин торқошиб.

Шайх маҳзал бўлди дайр атфолиға,
Ким куларлар эрди онинг ҳолиға.

Ул ғарибу ошиқу зору қари,
Йўл уза ётиб кўзи манзар сари.

Босиб ўтган эл қилиб изо анга,   
Йўқ вале юз ончадин парво анга.

Меҳнатидин ғойибу ҳозирға раҳм,
Шиддатидин мўъмину кофирға раҳм.

Лек тарсозодаи офоқсўз,
Шайхни ул навъ қилғон тийра рўз,

Дин тариқидин мубарро айлаган,
Куфр дайри ичра расво айлаган,

Пардадин айлаб назар зори сари,
Ёшурун боқиб гирифтори сари.

Ғафлат айлаб чун кўруб помолини,
Ўзига келтурмай онинг ҳолини.

Қасди дину ғорати жон айлабон,
Лекин ўзни гўлу нодон айлабон.

Фирқатидин Шайх жони ўртаниб,
Балки пайдоу ниҳони ўртаниб.

Кундуз-оқшомғоча бағри чок-чок,
Кеча тонг отқунча фирқатдин ҳалок.

Ҳар нафас бир ойдин ортиб меҳнати,
Бу эди бир ойға тегру ҳолати.     

Чунки ҳаддин ўтти ранжу дард анга,
Туфроғ ўлди жисми ғампарвард анга.

Кофири золим сиришти ишвагар
Ёна ул манзардин ўлди жилвагар.

Ўт солиб оламга ҳусну нозидин,
Сўрди ўз афтодасининг розидин.

Ким:— «Аё ислом элига роҳбар,
Дину ислом аҳлиға иршодгар,

Чун санга Каъба тавофи эрди фан,
Дайр эшигинда недин туттунг ватан?

Сени дерлар дин элига дастгир,
Куфр дайриға недин бўлдунг асир?

Манзилида бир кеча аҳли сафар
Тутса таскин тонгласи айлаб гузар,

Шайхким бир ой сукун фан айламиш,
Дайр туфроғини маскан айламиш.

Куфр дайрида бўлуб ором анга,
Зулмат аҳлидин не эркин ком анга?»

Шайх кўргач ул жаҳоноро жамол,
Истимоъ этгач бу руҳафзо мақол,

Жумла аъзосиға қўйди заъф юз,
Гоҳ эгилди жисми, гоҳи бўлди туз.

Ҳуш итиб сустайди ўздин бехабар,
Жисмида қолман ҳаётидин асар.

Дайр эли айлаб гумонким, ўлди ул,
Минг йил ўтганлар била тенг бўлди ул.

Бир кеча-кундуз ўлуклардек ётиб,
Ул санам ҳолиға бошин ирғотиб.

Ҳолиға ҳайрат қилиб куффор ҳам,
Раҳм этиб ул қотили хунхор ҳам.

Келдилар бошиға аҳли куфру дин,
Ўйла комил ишқиға деб офарин.

Бошини туфроқдин айлаб бийик,
Қилдилар маълумким, эрмиш тирик.

Ишқидин эл кўнглиға таъсир ўлуб,
Ул санам ҳолиға ҳам тағйир ўлуб.

Қўйди мақтули боши узра аёғ,
Хастаға мақсуд иси тобғоч димоғ.

Очти ул гулчеҳра рухсориға кўз,
Не юзида рангу, не оғзида сўз,

Муддате ул навъ гунгу лол эди,
Нукта сурмакдин тили беҳол эди.

Ҳолиға келтурди чун завқи висол,
Кофири золим яна қилди савол.

Ким:— «Чу сўрдук Шайх ҳоли суратин,
Онглоли деб ҳолати кайфиятин.

Зарқ ила Шайх ўзни беҳуш айлади,
Нуктадин оғзини хомуш айлади.

Эмди ўз ҳолидадур, бердик жавоб,
Улча биз аввал анга қилдук хитоб».

Шайх оҳ урдию бўлди ашкрез,
Деди:— «Эй кўнглумга солғон рустаҳез,

Чун сўрорсен — арз қилмай найлайин,
Не такаллуф бирла пинҳон айлайи.

Махфий асрордин ўтубдур чун бу иш,
Дермен эмди, беркитиб бағримға ниш.

Дайр аро бу навъким зор ўлмишам,
Ишқ бандиға гирифтор ўлмишам.

Ҳар бало жонимғаким ҳодис дурур
Оразинг кўрмак анга боис дурур.

Турфа манзардин чу ҳуснунг бўлди фош,
Ўйлаким, тўртинчи манзардин қуёш.

Не таҳаммул қолди, не тоқат манга,
Ақлу хуш итти ҳамул соат манга.

Мужмал ўз ҳолимни изҳор айладим,
Сени дардимдин хабардор айладим.

Чорам этсанг ҳам санга осон эрур,
Қатл қилсанг ҳам ҳаёти жон эрур.

Ўйлаким, арз айладим ҳолимни бил,
Сен билурсен — қатл қил ё раҳм қил».

Деди шўх:— «Эй муршиди олий сифот,
Аҳли ислом ичра йўқ эрмиш уёт.

Сен киби ислом элига муқтадо,
Не паришон нукталар қилдинг адо?

Не ҳаё фаҳм ўлди сендин, не адаб,
Сен ажаб, деган сўзунг сендин ажаб.

Кимки бўлса аҳли ишқ, эй пешво,
Бил ани маҳзи адаб, кони ҳаё.

Бетаҳоши сўз демак мундоқ табоҳ,
Тифллардин келмагай, эй пири роҳ.

Шайхлиқ таврида отинг йўқмудур?
Оқ соқолингдин уётинг йўқмудур?

Чун санга тўқсону юзга етти ёш,
Ҳам қари демак бўлур, ҳам сени ёш.

Ёш эсанг, кирмайдурур ақлинг ҳануз,
Қориғон дегай харифлиқтин бу сўз.

Ёш эмассен, қорию мабҳут сен,
Ақлу ҳушунг зойилу фартут сен.

Не иборатлар адо қилдинг дегил,
Жинси инсондин бу келмас бори бил.

Ҳеч шак йўқтур манга, эй булҳавас,
Ким бу сўзда тилу кўнглунг бир эмас.

Ишқни махфий тутарлар аҳли роз,
Фош этардин кўп қилурлар эҳтироз.

Хосса маъшуқ оллида қилмоқ аён,
Бўйла тунду беҳижоб этмак баён.

Дарди ишқ ойини мундоғму бўлур,
Зуҳд эли тамкини мундоғму бўлур?»

Деди сўзлар маҳваши фаррух жамол,
Ким ҳарифин зоеъ этти инфиол.

Кўп ҳижолат бирла Шайхи номурод
Деди:— «Эй инсон сифатлиғ ҳурзод.

Ишқким зору забун этмиш мени,
Ақл олиб маҳзи жунун этмиш мени.

Эл на ҳуш этгай тамаъ девонадин,
Ё адаб савдо била афсонадин.

Гар жунундин бетахоши сўз дедим,
Афв қилғилким, ўзумда йўқ эдим.

Чун неким шарҳ айладим — бор эрди рост,
Муътарифмен ҳар не қилсанг бозхост.

Не такаллуф бирла сўзлай, эй нигор,
Чун таним зор ўлмишу кўнглум фигор.

Улча бор эрдим — дедим сўрғон замон,
Неча ёшурсам ҳамондур, сўз ҳамон.

Чунки ошиқ мен эмасменму дейин
Ёр васлин истамасменму дейин!»

Шайх чун деган сўзидин ёнмади,
Узру афсун жониби айланмади.

Шўхи саркаш деди:—«Эй жоҳил сиришт,
Рози ўлсанг, ҳарна ўлса — сарнавишт.

Ким менинг васлим таманно айламиш,
Ихтиёр этмак керакдир тўрт иш:

Май ичиб, зуннор олиб, бўлғонда маст,
Куйдуруб Мусҳафни, бўлмоқ бутпараст.

Ишқнинг бу тўрт эрур шукронаси,
Ёна икки иш эрур журмонаси.

Ким эрур бу тўрт такбири фано,
Ул ики бу тўрт ифноси яно.

Хўкбонлиғ келди бир йил ёнаси,
Бўлмоқ оташгоҳ ўти девонаси.

Шайх агар бу дайр аро ошиқ эса,
Ишқининг даъвосида содиқ эса.

Бу эди шукрона ҳам, журмона ҳам,
Кўп балолар борму мундин ёна ҳам.

Гар менинг васлим санга матлуб эрур,
Ҳамнишин бўлмоғлиғим марғуб эрур.

Бу деганларни қабул этмак керак,
Васл кўйида нузул этмак керак.

Гар ҳариф эрмассен ушбу ишга ҳеч,
Йўлға азм эт, эрта кунни қилма кеч».

Деди Шайх:— «Эй хаста жоним офати,
Ўртаган кўнглумни ишқинг ҳирқати.

Шуълаи шавқунг вужудум ўртаган,
Барқи ишқинг тору пудум ўртаган.

Мен ғарибу ошиқу девонаман,
Ҳушу ақлу сабрдин бегонаман.

Неки амр этса пари рухсора ёр,
Ошиқи девонаға не ихтиёр!

Ҳарне матлуб ўлса, ошиқдин — бўлур,
Қилмасам — тиғи жафо бўйнумға ур!»

Шайх чун сўзни бу ерга қилди банд,
Қилди шўху барча дайр аҳли писанд.

Дайр ичин фирдавсойин қилдилар,
Кўп такаллуф бирла тазйин қилдилар.

Тўрда тахти урдилар гардун асос,
Зебу зийнат онда беҳадду, қиёс.

Шўх тарсо чиқти онда шавқнок,
Шайх они кўргач бўлуб ҳар дам ҳалок.

Шайхни келтурдилар мажмаъ аро,
Қилғоли имони рухсорин қаро.

Бир-бири узра ўкулди дайр эли,  
 Хоҳ иқомат хайли, хоҳи сайр эли.

Бода кўп-кўп онда ҳозир қилдилар,
Нуқл кўп-кўп доғи зоҳир қилдилар.

Савти ноқусу навойи арғунун,
Шайх дини мотамиға тортиб ун.

Бўлди сокин ҳар тарафдин бир кашиш,
Ким бу навъ ўлмайдур эрди ҳаргиз иш.

Шуъла келтурдилар оташгоҳдин,
Мусҳаф истаб муршиди огоҳдин.

Чун муҳайё бўлди зуннору салиб,
Қўпти юз афсун била ул дилфириб.

Тахтидин тушти туман минг ноз ила,
Келди Шайх оллиға юз эъзоз ила.

Ўлтуруб бир габраки жом этти нўш,
Ким кўруб Шайх этти тарки ақлу ҳуш.

Бодадин соқийға юзлангач тараб,
Яна қилдурди қадаҳни лаб-балаб.

Деди:— «Ич ложуръа, эй улвий жаноб,
Журъа қолса, билки, эрмастур ҳисоб».

Кому-ноком олди Шайхи ишқбоз
Майниким, тутмиш эди ул дилнавоз.

Сочиб ашк, ул майни нўш айлар чоғи,
Юб илик ислому имондин доғи.

Чекти андоғким, бошидин чиқди дуд,
Май ўтиға бўлди кул буду-набуд.

Шайхқа чун туттилар май неча давр,
Ишқ айлай бошлади ақлиға жавр.

Бода чун ҳушини нокор айлади,
Муддаои васл изҳор айлади.

Шўх тарсо сўз бу навъ этти баён
Ким шароитдин бири бўлди аён.

Деди Шайх:— «Эй шўх, не қилди — дегил,
Ҳарне матлуб ўлса мендин истагил!»

Деди маҳваш куфр эли ашрофиға,
Борча моҳир шева куфр авсофиға.

Куфрни имонға тақдим эттилар,
Анга ул миллатни таъмин эттилар.   

Ҳирқаи иршодидин урён бўлуб,
Кимки ул ҳолат кўруб, гирён бўлуб.

Бердилар май ҳавзи ичра ғусли пок,
Ғўта урди Шайх ҳам беваҳму бок.

Куфр эли хилъатларин еткурдилар,
Шайхқа бошдин-аёқ кийдурдилар.

Белига маҳкам танғиб зуннорни,
Кофир айлаб солики атворни.

Чектилар бутхонага хору дажам,
Маст қилди сажда бут оллида ҳам.

Ҳам муламмаъ хирқани куйдурдилар,
Ҳам «Каломуллоҳ»ни ўтқа урдилар.

Ҳам бўлуб жоми дамо-дам бирла маст,
Ҳам қилиб мастона ўзни бутпараст.

Ҳеч расволиқ жаҳонда қолмади,
Ким анинг бошиға гардун солмади.

Каъба пири мушкилин ҳал қилди ишқ,
Дайр атфолиға маҳзал қилди ишқ.

Ўйнабон дайр ичра атфоли фаранг,
Муқтадои дин била масту маланг.

Ҳар дам ўзни билмай ул фархундапай,
Ўзига келгач, тутарлар эрди май.

Масти лояъқил эди ул туну кун,
Ким не кун маълум ўлур эрди, не тун.

Оқибат чун ишқ туғён айлади,
Бир саҳар фарёду афғон айлади.

Ким:— «Аё кўнглумга солғон изтироб,
Хилқатим маъмурасин қилғон хароб.

Ишқи чун бунёди бедод айлаган,
Дину имонимни барбод айлаган.

Куфр элининг дини мувдоқму бўлур,
Аҳду қавл ойини мундоқму бўлур?

Бўйла эл комин раво қилмоқ керак,
Ваъдага мундоғ вафо қилмоқ керак?

Ҳарне кўнглунг истади — сурдунг манга,
Юз туман барқи бало урдунг манга.

Қайси коминг эрдиким еткурмадим,
Қайси шартингни бажо келтурмадим.

Ким вафо вақти тағофулдур ишинг,
Васл иши ичра такосулдур ишинг.

Ҳам ғарибу ҳам қари, ҳам хастамен,
Куфр занжири била побастамен.

Кеча-кундуз майға тутмушсен мени,
Ваъда қилғондин унутмушсен мени.

Ўйла даъвиға бу навъ исботдин
Қўрқмассенму маноту лотдин?»

Шўх тарсо деди:— «Урма таъна кўп,
Шартниким қилдинг, итмомиға кўп.

Бўлди тўрт иш васлнинг шукронаси,
Икки қолмиш ишқнинг журмонаси.

Будур ул журмона, эй фахри изом,
Ким бу дайр атрофида бир йил тамом.

Хотирингни солмайин икроҳға,
Кеча ўт ёқғойсен оташгоҳға.

Кундуз ўзни тутмағайсен нотавон,
Ким тўнгуз кутмакка бўлғайсен равон.

Тунга тегру хукбонлиғ қилғасен,
Ул жамоатға шубонлиғ қилғасен.

Йил тугангач қилғасен азми висол,
Мен муҳайё айлабон базми висол.

Куфр ойини била сур этгамен,
Васл ила жонингни масрур этгамен.

Гар қўя олмас эсанг бу йўлға гом,
Ишқ ойинида бўлсанг нотамом.

Тарк айлаб куфру дин айлаб қабул,
Дайрдин кет, Каъбаға қилғил нузул.

Неча кун айш этганингни муттасил,
Ким май ичтинг, мен санга қилдим биҳил.

Эски куйган хирқадин сен доғи кеч,
Тору пудидин такаллум қилма ҳеч.

Айласанг даъво баҳо сен доғи ол,
Йўлда харж айларга чўнтойингға сол.

Қил гумонким бизни кўрдунг-кўрмадинг,
Ё ҳавас дайриға маркаб сурмадинг».

Шайх солғоч маҳваш алфозиға гўш,
Ишқ туғён айлабон, чекти хурўш.

Деди:— «Эй жонимда ишқинг шиддати,
Хотирим ороми, кўнглум қуввати,

Ҳарна комингдур, қулунгмен, ҳукм қил,
Қилмасам қатлимдин ул дам сўз дегил,

Лек мазкур айлама ҳижрон сўзин,
Васл нузҳатгоҳидин хирмон сўзин».

Қўптию деди:— «Сурукни келтурунг,
Қўйни чўпон жонибиға еткурунг.

Ҳам мадад айлаб мени гумроҳға,
Лутф этиб йўл бошланг оташгоҳға».

Қўйни ҳам чўпонға восил қилдилар,
Сўнгғи комин доғи ҳосил қилдилар.

Шайх кундуз галадин огоҳ эди,
Кеча манзилгоҳи оташгоҳ эди.

Кеча тонг отқунча ўт ёқмоқ иши,
Куфр ўтин равшан этмак варзиши.

Субҳ чиққоч дайрдин ноқус уни,
Ким ёрур эрди қаро зулмат туни.

Дуд ила кулдин чиқиб мажнун мисол
Ким жунун гулханга қилғай поймол.

Ун чекиб ноқус оҳанги била,
Куфр элининг шевау ранги била.

Келтурур эрди тўнгузлар сори юз,
Теграсида юздин ортуғроқ тўнгуз.

Ул бу зулматқа гирифтору асир,
Қавму хайликим эди фармонпазир.

Қилдилар кўп чорау тадбир анга,
Бир сари мў қилмади таъсир анга.

Махласиға топмайин имконға йўл,
Тарқади мажмуъу ёлғиз қолди ул.

Каъбада матвори ўлдилар бори,
Дар бири бориб уётдин бир сори.

Шайхқа бор эрди бир фоний мурид
Ишқ жомидин уруб ҳал мин мазид.

Солику қатъ айлаган кўп марҳала,
Ҳодий ул азм айласа ҳар қофила.

Шайх айлар чоғда гўё азми Рум,
Анга маскан эрди ўзга марзу бум.

Чун сафардин қайтиб ул фархунда пай,
Каъба азмиға мароҳил қилди тай.

Йўлдин — ўқ кўргузди азми хонақаҳ,
Шайх атрофида истай деб панаҳ.

Хонақоҳ эрди харобу пири йўқ,
Тўрт юз аҳли вараъдин бири йўқ.

Яхши тафтиш этти чун ул ҳолни,   
Дедилар анга бори аҳволни.

Рум сори Шайхнинг азм этганин,
Бошиға андин не ишлар етганин.

Чун халифа эрди Шайх асҳобиға,
Кимсалар тарқотти ўз аҳбобиға.

Барчасин жамъ айлади ҳиммат била,
Сўрди Шайх аҳволини диққат била.

Дедилар туш бирла Рум иродини,
Дайр ила тарсо қизи бедодини.

Ишқ ичинда беқарор ўлмоғлиғин,
Ҳолида беихтиёр ўлмоғлиғин.

Бода ичмак, ринду маст ўлмағни ҳам,
Тарк этиб дин, будпараст ўлмағни ҳам.

Маскан этмак доғи оташгоҳни,
Ўтқа солмоқ ҳам «Каломуллоҳ»ни.

Ким нечук зуннорни тортиб туруб,
Боғлади белига тўрт айландуруб.

Кеча оташгоҳ ўтин ҳоло ёқар,
Бўлди чун кундуз тўнгузларни боқар.

Деди соҳиб дарди ринди бохабар:
— «К-эй ҳамиятда тўнгузлардин баттар.

Шайхким пир эрдию, сизлар мурид,
Борчаға иршодидин беҳбуд умид.

Фақр аро шарти иродат келди бу,
Кимни қилса муршиди фархунда хў,

Хайлу асҳоби ташаббуҳ айламак,
Тенгрига лекин таважжуҳ айламак.

Гар тааллуқ бўлса, гар тажрид анга,
Ҳарне қилса айламак тақлид анга.

Сиз вафосизларға фақр атвори ҳайф,
Аҳли тақво хирқау дастори ҳайф.

Офият вақти уруб лофи газоф,
Тушти чун иш ўзни тутқайсиз маоф.

Шайхингизга бевафолиқ бошлабон,
Қиблангизни дайр ичинда ташлабон.

Тенгридин йўқ биму, элдин ҳам уёт,
Ким бу иш тушконда қайтиб борча бот.

Келгасиз ўз муқтадонгизни қўюб,
Хидматидин, балки шаклидин тўюб.

Ўзни тутқойсиз салоҳандеш ҳам,
Бир-бирингизни дебон дарвеш ҳам.

Зуҳду, тасбеҳу ридонгиздин уёт,
Кафшу дастору асонгиздин уёт.

Бўлса эрди Шайхқа сакбонлик иш,
Қилса эрди бир неча ит парвариш.

Чархдин етканда бу янглиғ жафо,
Кўрмагайму эрди итлардин вафо?!

Баъзи этса, баъзи қолғай эрдилар,
Ўзни атрофиға солғай эрдилар.

Хасми бирла гаҳ тутушқойлар эди,   
Мотамиға гаҳ улушқойлар эди.

Одами бўлса вафо андин йироқ,
Ит вафо бобида андин яхшироқ.

Сизда гар бўлса эди мардоналиқ,
Даъвийи ихлос аро фарзоналиқ.

Шайхқа тушканда бу янглиғ бало,
Ким биров ишқиға бўлди мубтало.

Ул ўзига ҳар жафо қилғон чоғи,
Вожиб эрди қилмоқ они сиз доғи.

Зоҳир айлаб барчангиз бедардлиғ,
Кўргузуб фақр ичра юз номардлиғ.

Лоф аро эрмен деган эрму бўлур
Келмас ишни илкидин дерму бўлур?

Ҳар неким деб ул сўзи жонларга қут,
Солиб оғзиға алар муҳри сукут.

Қилди чун бу навъ аларға сарзаниш,
Деди:— «Ўлтурмоғ била очилмас иш».

Қўбтию қилди азимат Румға,
Дину имонсўз марзу бумға.

Ул жамоат ҳам қилиб қўлдошлиғ,
Кому ноком эттилар йўлдошлиғ.

Еттилар чун қатъ этиб ёзи ябон,
Анда бордиларки Шайхи хукбон.

Не асар ислому имон кешидин,
Не нишон ақли салоҳандешидин,

Ошиқу Мажнуну майдин маст ҳам,
Дарду бехудлуғ била ҳамдаст ҳам.

Тонимай ул ҳайлдин қойтарди юз,
Қилди юз ул ёнки, ул хайли тўнгуз.

Солики раҳрав бу иш кўргач туруб,
Шайх учун кўнгли бузулди оҳ уруб.

Ашки ҳасрат тўкти кўп рухсориға,
Деди боқиб ул жамоат бориға.

Ким:— «Худо ҳамду саносин айтингиз,
Бу маҳалда турмай эмди қайтингиз.

Ўйла Шайхи муршиди соҳиб камол
Хийра ишқ ошубидин бўлмиш не ҳол!»

Ёнибон шаҳр ичра топиб муъбади,   
Даҳр зулм этган улусқа мақсади.

Тенгри даргоҳида ринди покбоз,
Кечау кундуз тўкар эрди ниёз.

Иш анга — қилмоқ муножоту дуо,
Айлабон — шайхиға махлас муддао.

Чун бу мақсадиға содиқ эрди ул,
Сидқ — аҳлиға мувофиқ эрди ул.

Кўб дуо қилди, чу айлаб изтироб,
Тенгри ҳам қилди дуосин мустажаб.

Бир кеча ашки ниёз айлаб равон.
Бўлмиш эрди йиғламоқтин нотавон.

Субҳ бўлди заъфдин беҳол ўзи,
Кўз юмуб очқунча ёпилди кўзи.

Кўрдиким: фархунда нуре бўлди фош,
Нур аросиндин тулуъ этти қуёш.

Не қуёшким, юз қуёш ҳайрон анга,
Заррадек меҳрида саргардон анга.

Анбиё хатми, рисолат хотами,
Санйиди олам расули Ҳошими10.

Ким келур эрди табассум айлабон,
Лаъли жонпарвар такаллум айлабон.

Чун бу навъ ўлди аён ул ганжи роз,
Ерга тушти нотавон айлаб ниёз.

К-эй рисолат мулкида соҳиб сарир,
Лутф ила афтодаларға дастгир.

Ҳожат эрмас ҳожатим қилмоқ баён.
Ким эрур равшан замирингға аён.

Деди юз минг лутф ила шоҳи расул,
К-эй очилғон боғи уммидингға гул,

Сидқ ила туз ниятингға офарин!
Саъю олий ҳимматингға офарин!

Онча зоҳир айладинг ажзу ниёз,
Ким тараҳҳум бирла ҳаййи корсоз.

Айлади ажзу ниёзингни қабул,
Нолау сўзу гудозингни қабул.

Тенгри махфий ҳикмати изҳорида,
Сайр даштида, сулук атворида.

Солик оллида қўюптур воридот,
Ким ўзин қутқармай ондин йўқ нажот.

Шайхингизға вориде эрди қави,
Кўрмаган ондоқ бу пайдо раҳрави.

Ҳақ нажот этти каромат, шод бўл,
Шукр айлаб қайғудин озод бўл.

Чун санга юзланди кўп ранжу тааб,
Ҳақ бу лутф айларга сен бўлдунг сабаб.

Шарҳ қилди чун расулуллоҳ бу роз,
Шодлиғ ашкин тўкуб соҳиб ниёз.

Чекти ҳўю зойил ўлди ҳуш анга,
Ажздин бўлди хирад мадҳуш анга.

Чун насими субҳ эсти мушк рез,
Бўлди тун мушки уза кофурбез.

Нотавоннинг кўнглиға юзланди ҳуш,
Секрабон қўбти, тушуб мағзиға жўш.

Чун худо фарзин адо кўргузди туз,
Қўбтию қўйди худовандиға юз.

Сўрдилар асҳобу огоҳ бўлдилар,
Бори ул раҳравға ҳамроҳ бўлдилар.

Пўя айларда эди ошуфтаҳол,
Сабзау сув узра андоқким шамол.

Қатъ айлаб гаҳ нишебу гаҳ фароз,  
Ул маконғачаки Шайхи ишқбоз.

Шайхқа ҳам дафъ ўлуб гумроҳлиқ,
Етмиш эр —  айбдин огоҳлиқ.

Гулшани тавфиқдин эсган насим,
Кўнглига таъсир этиб эрди азим.

Ҳам хижолат ашкин айлаб ошкор,
Ҳам чекиб оҳу надоматдин шарор.

Ташлаб эрди кисвати куффорни,
Узмиш эрди боғлағон зуннорни.

Куфр солғон тийра кўнглига футур,
Еткуруб эрди ҳидоят шамъи нур.

Бўйла ҳолатда етишди ул гуруҳ,
Кўнглига етти, алар етгач, шукуҳ.

Шайҳқа тағйир олор кўрган замон,
Бўлдилар юз шукр айлаб шодмон.

Дедилар:— «К-эй муршиди соҳиб вусул,
Муждаким бўлди мададкоринг расул!»

Шайх чун воқиф эди ул ҳолдин,
Сўз деди хайлиға ул аҳволдин.

Қучти истаб раҳрави фарзонани,
Якжиҳатлиқ бобида мардонани.

Деди:— «Эй фархунда фарзандим менинг,
Риштаи жонимға пайвандим менинг.

Сидқ аро ҳолингни тағйир этмадинг,
Ёрлиқ бобида тақсир этмадинг.

Ўзни не тил бирла айлай узрхоҳ —
Ким бу сидқинг узрини қўлғай илоҳ».

Сочиб ул ҳам шодмонлиқ ёшини,
Пир аёғидин кўтармай бошини.

Барча айлаб изтиробу изтирор,
Тобқуча ошуфта хотирлар қарор.

Муттафиқ бори деди:— «К-эй муқтадо,
Чун насиб этти бу давлатни Худо.

Бу хатарлик бумдин кетмак керак,
Каъба водисиға азм этмак керак».

Шайх кийди хирқа, айлаб ғусли пок,
Бўлдилар асҳоб бори завқнок.

Сидқ бирла айлабон азми ҳарам,
Бодия қатъиға урдилар қадам.

Шайх чун азм айлабон Батҳо сори,
Келдук эмди маҳваши тарсо сори.

Ноз уйқусида эрди ул пари,
Кўрди тушким инди меҳри ховари.

Шўҳқа еткурди Исодин паём:
— «К-эй вафо бобида хому нотамом!

Шайх Санъон муршиди аҳли замон,
Ким сенинг дайрингға бўлди меҳмон.

Мезбонлиқнинг тариқин билмадинг,
Уйла меҳмонға неларким қилмадинг.

Дайрнинг меҳмонлиғин тарк этти ул,
Мезбонлиққа ҳарамға кетти ул.

Бот етиб бўлғил, мушарраф диниға,
Узрунг айтиб, кир анинг оиниға».

Уйқудин уйғонди чун тарсо қизи,
Бўлмоқ истаб Шайх аёғининг изи.

Келди не қилғонлари чун ёдиға,
Тушти ўтлар хотири ношодиға.

Оҳ уруб қўбтию қилди йўлға азм,
Каъба эҳромиға айлаб ўзни жазм.

Ашкдин анжум тўкуб гардун киби,
Йиғлабон Лайливаши Мажнун11 киби.

Тез борур эрди борғон сори эл,
Элтгандек тоза гул баргини ел,

Солур эрди гомини беҳолваш,
Чарх анинг қилғонларидин кинакаш.

То биёбон ичра ошти шиддати,
Ғолиб ўлди ваҳму бийму ҳайрати.

Заъфу ожизлиқ анга кўргузди юз,
Ким ниҳоятсиз эди водию туз.

Деди:— «Ё раб, ожизу саргаштамен.
Кўзу кўнглум қониға оғуштамен.

Ожизу бечорадурмен, раҳм қил,
Бекасу оворадурмен, раҳм қил.

Гарчи жуз журму гуноҳим йўқ менинг,
Сендин ўзга ҳам паноҳим йўқ менинг».

Ёлғизу бекаслигига йиғлади,
Чорасин билмаслигига йиғлади.

Нозанинға онча шиддат берди даст,
Ким қилиб заъф ўлди туфроғ узра паст.

Чун йиқилди ҳуши зойил бўлди пок,
Ётти туфроғ узра хору дарднок.

Кашф бўлди Шайхи олийжоҳға,
Ҳам муриди раҳрави огоҳға.

Бўйла ишким қўйди юз маҳваш сори,
Қайси маҳваш — ожизи ғамкаш сори.

Ёнди Шайху ринди болодаст ҳам,
Ул гуруҳ ичра баланду паст ҳам.

Ғофил элнинг ҳар бирида юз хаёл,
Ким не эркин, ё раб, ул ёнмоққа ҳол.

Токи етти Шайх ила ул аҳли роз,
Андаким ётмиш эди ул сарвиноз.

Гарчи Шайх ул ишда кўнглин солмади,
Йиғламоқни лек асрай олмади.

Нозанин бошин қўюб қўйниға тез,
Юзда бўлди кирпикидин ашк рез.

Чунки гулбарг узра сочилди гулоб,
Наргис очилдики, эрди масти хоб.

Шайхининг қўйнида кўргач бошини,
Тўкти рухсориға ҳасрат ёшини.

Заъфдин оҳиста чиқти ноласи,
Юз уза сочиб бағир парголаси.

Деди:— «Эй тақвошиори дин паноҳ,
Қайси тил бирла бўлойин узрхоҳ.

Тош отар тифли лаиму шум бахт,
Соя солур бошиға олий дарахт.

Бош чекиб гулбунда юз минг навъи хор,
Гул очиб ҳар хордин абри баҳор.

Гарчи журмум ҳадду поёндин фузун,
Лутфу эҳсонинг сенинг ондин фузун.

Беадаблиғларки қилдим билмишам,
Афвунг оллида сияҳрў келмишам.

Ҳар неким қилдим ҳамон, қилдим ямон,
Мен ямон, кешим ҳамон, диним ҳамон.

Дегай эрдим ҳазратингда неча роз,
Умр этар таъжилу фурсат асру оз».

Зоҳир этти шавқи исломини ҳам,
Исои руҳуллоҳ эъломини ҳам.

Деди:— «Қилдим ҳарза гуфторимни бас,
Арз қил имонки қолмиш бир нафас».

Шайх ашк айлаб равон рухсориға,
Арзи имон этти тарсо ёриға,

Ошнолиқ тобқоч имондин ниҳон,
Оҳ уруб Шайх оллида тобшурди жон.

Солди дин аҳли аро ғавғо яна,
Чектилар фарёду вовайло яна.

Куфр ила дин ичра фаҳм ўлди сабаб,
Бул ажаб иш зоҳир ўлди, булажаб.

Ишқ аро бу навъ ўлур ажуба кўб,
Кўргузуб ажубалиқ мансуба кўб.

Ишқ баҳредурки йўқ поён анга,
Ҳар ҳубоби гунбади гардон анга.

Оламедур ишқ, лекин бас васеъ,
Торамедур ишқ, лек асру рафеъ.

Чархни айлар Суҳо12 анда нигун,
Пашша айлар анда анқони забун.

Ишқ ўтидин етса ногоҳ бир шарар,
Еткурур юз барқдин кўпрак зарар,

Баҳридин бир қатра айлаб беҳижоб,
Даҳрни сели бало бирла хароб.

Ишқ тиғи қилса юз минг қатлиом,
Не қасосу не дият не интиқом.

Ишқдин кўргач юз офат жониға,
Чора тутмоқ бўлди миннат жониға.

Кўр таажжуб ишқнинг бўстонидин,
Обу ранги бегунаҳлар қонидин.

Урса бир кирпик туман минг жонға неш,
Билки будур ҳиндуйи қотилға кеш.

Зойил айлар нуқтаи зойид мисол!
Юз туман кўз мардумин бир турфа хол.

Ишқ мулкида гадоу шоҳ бир,
Дайр ичида раҳбару гумроҳ бир.

Ишқ аро дарду балодин ўзга йўқ,
Зулму бедоду жафодин ўзга йўқ.

Шайхни андоқки шайдо этти ишқ,
Олам аҳли ичра расво этти ишқ.

Сўнгра мендек солмади ғавғосини,
Кимса кўнгли мулкига яғмосини.

Ҳолим андин кимса гар ортиқ демас,
Ортуқ эрмас, бўлса ҳам ўксук эмас.

Кел, Навоий, сўзни ҳоло хатм қил,
Ишқ аро изҳори даъво қилмағил.

Бир неча кун умрдин тобсам амон,
Шарҳи ишқим назм этай бир достон.

Анда билгай кимгаким инсофдур,
Ким сўзум чинмудурур ё лофдур.

Шайхқа алқисса етти чун фароғ,
Дайр ишидин Каъбаға айлаб яроғ.

Ёрни дафн этти ишқ айвонида,
Дину имон аҳли гўристонида.

Каъбадин андоқки қилди азми дайр,
Дайрдин ҳам Каъбаға кўргузди сайр.

Тенгрига арз этти узри момазо,
То ани ҳам ёриға қўшти қазо.

LХХХ

Қушлар пешволиққа қуръа солиб, Ҳудҳуд отиға тушгони

Бу ажаб сўзни эшитгач ул гуруҳ,
Келдилар барча ҳаётидин сутуҳ.

Ишқ олди қўлларидин ихтиёр,
Шавқ ўтидин бўлди барча беқарор.

Қатъ этарлар эрди йўл ондоқки барқ,
Ғарбдин бир ҳамл аларға эрди шарқ.

Барча ўз саъйи била таъжил этиб,
Ҳар нафас бир хавфлуқ водий етиб.

Бўлса баъзи ул қотиғ йўлға ҳариф,
Бор эди баъзи доғи зору заъиф.

Ойрилурлар эрди, қолурлар эди,
Ўзни ҳар манзилда солурлар эди.

Қавм орасидаки сардор ўлмоғи,
Қавм ҳолидин хабардор ўлмоғи.

Қавмнинг ҳоли паришон бўлғуси,
Барча ўз ҳолиға ҳайрон бўлғуси.

Қўйниким сув, ўтқа бошқармас шубон,
Ул сурукни айлагил зоеъ гумон.

Ҳар жамоатқаки йўқтур пешво,
Йўлға эрмастур қадам қўймоқ раво.

Чун йўл эрди ҳам қатиқу ҳам йироқ,
Ул жамоат барча айлаб иттифоқ.

Дедиларким: «Бизга сардоре керак,
Ақл ойин ҳушкирдоре керак.

Ким бори қушларға бўлғай ҳоким ул,
Ким эрурбиз биз заифу саъб йўл.

Раҳраве, йўл мушкилидин огаҳе,
Хайлға ҳам раҳбару ҳам ҳамраҳе».

Сойир қушлар лаиму ашроф ҳам,
Чектилар Ҳудҳудға бу ишни рақам.

Чун анга бу ишта урдилар сало,
Айлади табъи ҳукуматдин ибо.

Дедиким:— «Мен хайлға йўл бошқорай,
Билганимча қавмни олиб борай.

Ўзга таклиф этсангиз молоютоқ,
Бийм эрур, тушкай орамизда фироқ».

Қилмади Ҳудҳуд чу бу ишни қабул,
Ўзгалар худ бор эди жамъи жаҳул.

Кўрдиларким, барча абтар бўлди иш,
Қуръа солмоққа муқаррар бўлди иш.

Қуръа солиб ҳар бирининг зотиға,
Тушти ул дам қуръа Ҳудҳуд отиға.

Онга узр айтур фасона қолмади,
Йўқ демоқликка баҳона қолмади.

Чун анга кўп эрди боридин билик,
Байъатиға бердилар борча илик.

Пешволиғ айлагач Ҳудҳуд қабул,
Борчасиға муддао топти ҳусул.

Дедилар:— «Биз тобеъу сен пешво,
Айлоли комингниким бўлғай раво.

Сен сипоҳсолору, биз барча сипоҳ,
Йўлда пайравбиз не қилсанг рўбароҳ».