Топ рейтинг www.uz
ШАРҲ ВА ИЗОҲЛАР

CXCIV

III

          1.    Ҳавво — Ислом ривоятларига  кўра, Одамотонинг умр  йўлдоши, биринчи аёл ҳамда инсон зотининг онаси.

          2.    Шис — Пайғамбарлардан  бўлиб,  ҳазрат  Одамнинг  учинчи  фарзанди. Нуҳ пайғамбар ҳам Шис наслидан бўлган. Нуҳ пайғамбар   бутун   дунё  тўфонидан   омон   қолган,   шунинг   учун иккинчи Абулбашир деб ҳам аталади. Шис пайғамбар Макка шаҳри атрофида яшаган. Ҳаж зиёратларини мукаммал бажарган. Макка шаҳридаги Каъба биносини тош ва лойдан биринчи маротаба қурганлардан.    Макка  шаҳри  яқинидаги Абу Қубас ғориға Шис пайғамбар дафн этилган.
          3.    Абдуллоҳ — Абдуллоҳ ибни Муталлиб Муҳаммад   пайғамбарнинг отаси. Қурайш қабиласидан, Ҳошимийлар хонадонига мансуб. Абдуллоҳ Муҳаммад пайғамбар туғилмасдан вафот этиб кетган.

IV

          1.    Анқо — Қоф тоғида  яшаган  афсонавий  қушнинг номи.  Бу тоғ ҳам афсонавий бўлиб, ривоятларга кўра, ер юзини ўраб олган. Анқо тамомила йўқолиб кетган эмас, лекин жуда кам қолган деган гаплар ҳам бор. Ислом ақидаларича, Анқо афсонавий Симурғ билан айнанлаштирилади.
          2.    Буроқ — Ривоятларга кўра тез юрадиган, тез чопадиган ва тез учадиган афсонавий отнинг номи. Шу от билан Муҳаммад пайғамбар Макка шаҳридан Қуддус шаҳрига ва ундан Меърожга кўтарилган.    
          3.    Меърож — Ислом   тушунчасига    кўра,    Муҳаммад    пайғамбарнинг Оллоҳ олдига парвози, Қуддуси Шарифдан Жабраил фаришта билан бирга содир бўлган эди. Меърож шунчалик тез ўтганки, ётилган ўрин қайтганда ҳали совимаган бўлган.

V

          1. Абу Бакр — (572—634) Чорёр халифаларидан биринчиси (632— 634). Муҳаммад пайғамбарнинг сафдошларидан, унинг қайнотаси Ойшанинг отаси, йирик савдогар, Қурайш қабиласидан. Абу Бакр Муҳаммад  пайғамбар билан бирга Макка шаҳридан Мадина шаҳрига кўчиб ўтган (622). Кўп жангларда  шахсан  қатнашган.  Муҳаммад  пайғамбар  вафотидан сўнг халифаликка кўтарилган. Арабистонда Ислом динини мустаҳкамлашда унинг ҳиссаси катта.
          2. Хизр — Ривоятларга кўра, «оби ҳайвон» тириклик сувини излаб топган ва ундан ичиб доимий тирик юрадиган бир пайғамбарнинг исми. У кишиларга йўлдошлиги, ҳамроҳлиги билан ном қозонган.

VI

          1.   Мустафо — Бу  сўз  араб тилида  танланган,  сараланган  маъноларда ишлатилса ҳам бу ўринда Мустафо Муҳаммад пайғамбарнинг иккинчи исмларидан.     
          2.    Набий — Мавжуд динларда  набийлар  Худонинг фармойишларини кўпчиликка — одамларга етказиб берувчи воситачи шахс деб тасаввур этилиб, уларга эътиқод қилиш вожибдур. Муҳаммад пайғамбар набий деб ҳам аталади. У набийларнинг энг охиргиси.

VII

          1.    Умар форуқ—(644  йилда  ўлдирилган, чорёрлардан, 634—644). Абу Бакр ҳукмронлик йиллари Умар унинг яқин сафдошларидан ҳисобланган. Умар халифалиги даврида Сурия, Фаластин, Миср, Ироқ ва Эроннинг катта қисм ерлари босиб олинган ва араб халифалигига қўшилган. Ўз даврида у давлат ишларини кучайтирган. Халифалик давлат хазинаси бойиган. Умарнинг ҳукмронлик даври исломнинг «олтин даври» деб ҳисобланган.
          2.    Ажам — Араблар  истилоси даврида  босиб олинган ва араб халифаларига бўнсундирилган. Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Ўрта Осиё халқларини шундай ном билан атаганлар. Кейинчалик Эрон, Афғонистон ва Ўрта Осиё ерлари Ажам деб юритилган. Бунда «мулки Ажам» Эрон мамлакати — давлати назарда тутилган.

IX

          1.    Мадина — Саудия    Арабистонининг   шимоли-ғарбий     қисмида жойлашган катта шаҳарлардан бири. Ҳижоз вилоятида, Макка шаҳридан 400 км шимолда. Қадимий Ясриб (Ятриб) илк Ўрта асрлардан бошлаб Мадина деб аталган. VII асрдан бошлаб Мадина шаҳри мусулмонларнинг Макка шаҳридан кейинги энг катта зиёратгоҳ шаҳарларидан ҳисобланади. Шаҳарда Муҳаммад пайғамбарнинг уйи ва мақбараси бор. Мақбара  устига катта  масжид қурилган   (656).
          2.    Қуръон — Ислом  оламида  муқаддас деб танилган  китоб. Унда ислом дини ақидалари, эътиқод талаблари, ҳуқуқий ва ахлоқий нормалари, чеклаш ва тақиқлари ўз ифодасини топган. Ислом анъанасида Қуръон Оллоҳ томонидан Муҳаммад пайғамбарга йигирма икки йил давомида фаришта Жабраил орқали ваҳй қилинган деб тасаввур этилади. Йиллар давомида текстлар тўпланиб, 632 йилда биринчи марта Қуръон тексти юзага келган. 651 йилда айрим тўлдиришлар билан «Усмон Масҳафи» вужудга келган.
          3. Усмон бин Аффон—(656 йилда ўлдирилган). Чорёрлардан учинчи халифа (644—656). Унинг даврида халифалик территорияси кенгаяди. Қуръон матнлари тўпланади. У маккалик Уммавийларга ҳомийлик қилиб, ўзининг қариндош ва яқинларига давлат мансабларини ва катта-катта ерларни, хазина маблағларини бўлиб берган. Саҳобалар ҳамда қўшин бошлиқлари ўртасида унинг олиб бораётган сиёсатига қарши норозиликлар кучайиб, биринчи халифа Абу Бакрнинг ўғли Абдуллоҳ ибн Бакр раҳбарлигида ўлдирилган.

XI

          1.    Али — Чорёрлардан тўртинчиси. Қурайш қабиласининг Ҳошимийлар хонадонидан Муҳаммад пайғамбарнинг амакиваччаси ва куёви, 656 йилда халифалик ўрнини эгаллайди. Али Куфа шаҳрида (661) ўлдирилади. Али тарафдорлари «шиа» оқимини ташкил этадилар. У суннийлар ўртасида ҳам обрўли шахс ҳисобланади.
          2.    Ҳубал — Саудия   Арабистони  Макка   шаҳридаги   Қурайш   қабиласининг  худоси.  У  одам  сифатида  тасвир  этилган   бўлиб, унинг ўнг қўли олтиндан ясалган, қолган аъзолари тошдан иборат   бўлиб,  ҳайкал   сифатида   ифода   этилган.  Исломдан кейин Ҳубал аста-секин тамом унутилган.
          3.    Зулфиқор — Ривоятларга кўра, Муҳаммад пайғамбарнинг жангда ўлжа олган афсонавий қиличининг номи. Кейинчалик бу қилич халифаларга ўтган. Зулфиқор сеҳрли кучга эга бўлган қурол сифатида тасвирланади.

XIII

          1.    Шайх Фаридиддин Аттор — Эроннинг машҳур мутасаввуф шоирларидан ҳамда шайхларидан. Исми Муҳаммад ибн Иброҳим. Отасининг изидан бориб, атторлик ва табобат билан шуғулланади. Мўғуллар ҳужуми даврида 1220 йилда Нишопурда вафот этган. У сўфий адабиётнинг йирик вакили бўлиб, асарларида ўз аксини топгандир. «Тазкиратул-авлиё», «Илоҳнома», «Мусибатнома», «Уштурнома», «Мантиқут-тайр», «Лужжаи-хилож», «Асрорнома», «Мухторнома», «Панднома» ғазаллар ва бошқа асарлар ёзган.
          2.    «Мантиқут-тайр» — Бу Фаридиддин Атторнинг шу номдаги асари бўлиб,  1175 йилда ёзилган. Асарни ёзишда у Ғаззолийнинг қушлар ҳақидаги асаридан руҳлангани ҳолда ёзган. Бу ўз даврида сўфийликнинг энг пешқадам асарларидан ҳисобланган. Фаридиддин Атторнинг поэмаси ҳам адиб ва шоирлар орасида катта қизиқиш уйғотди. Алишер Навоий ўзининг «Лисонут-тайр» асарини, яна турк шоирларидан Гулшаҳри «Қуш тили» асарини ёзган.
          3. Сулаймон — Баний Исроилнинг ҳукмдорларидан, отасининг исми Дауд. Милоддан аввал 965—928 йилларда яшаган. У ўз даврида диний ибодатни марказлаштирган тадбирли шоҳлардан бўлиб, илм-фан ривожига ўзининг маълум ҳиссасини қўшган. Унинг даврида шаҳарлар қуришда яхши натижаларга эришилган. Табиат ва жамиятнинг кўп сир-асрорларидан хабардор бўлиб, ривоятларга кўра, ҳайвон, қуш тилларини билган. Шамол, инс, жинс, жинлар унга қарам бўлган.

XVI

          1.    Жабраил — Ислом динидаги    тўртта  фариштадан  бири.    Диний ақидаларга кўра, хабар берувчи фаришта Жабраил пайғамбарларга мураббийлик қилган. Муҳаммад пайғамбарга ҳам Қуръон мазмунларини етказиб берган. Қуръонда Жабраил «Муқаддас руҳ» номи билан тилга олинади.
          2.    Билқис—Сулаймон   пайғамбарнинг    энг   суйган   қуши   Ҳудҳуд Сабо мамлакатининг подшоҳи хотин киши эканлигидан хабар келтиради. Мамлакат аҳли ўтга, қуёшга, ойга ва бошқа нарсаларга ибодат қилишини ҳам маълум қилади. Сулаймон пайғамбар Ҳудҳуд орқали Билқисга нома юбориб, мамлакат Сулаймон пайғамбарга тобе бўлиши кераклигини айтади. Билқис Сулаймон пайғамбарнинг олдига ўзи келиб, бутун шартларни қабул қилади. Ривоятларга кўра, пайғамбар Билқисни ўз никоҳига олади. Яна бошқа ривоятда пайғамбар Балқисни Яман подшоҳига  эрга бериб юборади.

XIX

          1. Моний ибн Фатак — (216—277) Монийлик таълимоти асосчиси, Наққош ва рассом. Моний «Шабурақон» «Канзил-аҳъеъ», «Авангэльон», «Кефалея», «Бунгаҳик» (Бунгаҳинг) номли асарлар ёзган. Ривоятларга кўра, Монийнинг ўз даврида истеъдодли наққош, рассом сифатида танилгани ҳикоя қилинади. Шунга кўра, ҳам шарқ достончилигида кўп тилга олинади.

XXVI

          1. Фарҳодвор — «Фарҳод ва Ширин» Шарқ халқлари оғзаки ижодиёти  ва  ёзма   адабиётида  кенг  тарқалган достон.  Эронда ҳукмронлик қилган Хисрав II Парвез (591—628), унинг хотини Ширин ва тоштарош Фарҳод ҳақида тарқалган ривоятлар асосида шундай достонлар юзага келган. Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сида Хисрав билан Ширин муҳаббати ва ҳалокати ҳикоя қилинади. Илк мустақил «Хисрав ва Ширин» (1181) Озарбайжон шоири Низомий Ганжавий достонидир. Алишер Навоий ўзининг «Фарҳод ва Ширин» достонида Фарҳодни энг мукаммал ва идеал шахс сифатида тасвирлаб асарнинг марказий образи қилиб олди.

LXV

          1.    Қорун — Беқиёс бойликка  эга  афсонавий  шахс.  Яна у ўзининг хасислиги билан ҳам машҳур. Бадиий адабиётда давлатмандлик ва хасислик рамзи сифатида юради, ўзи яҳудий қавмларидан.

LХХVII

          1. Искандар—Искандар Зулқарнайн Шарқ халқлари адабиётида кенг тарқалган образ. Бу Александр Македонский фаолияти билан бевосита боғлиқ. Биринчи маротаба Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сида тарихий фактлардан бирмунча тўғрироқ фойдаланишга ҳаракат қилинган. Низомий Ганжавийнинг «Искандарнома», Амир Хисрав Деҳлавийнннг «Ойинаи Искандарий», Жомийнинг «Хирадномаи Искандарий» достонларида Искандар образи моҳир лашкарбоши, олим файласуф тарзида кўрсатилади. Алишер Навоий «Тарихи Мулуки Ажам» асарида Искандарнинг Равшанакка уйланганлигини қайд этган бўлса, «Садди Искандарий» достонида (1483—1485) бош ижобий қаҳрамон идеал шоҳ деб талқин этилган.
          2. Суруш — Жабраил фариштанинг иккинчи номи. Бу фариштанинг асосий хизматларидан бири, Муҳаммад пайғамбарга осмондан  хабар келтириш бўлган.

LХХVIII

          I. Мусҳаф — Қадимги Қуръон қўлёзма нусхаларининг номи, 651 йилда халифа Усмон буйруғи билан йиғилиб таҳрир қилинган нусхаси ҳам Мусҳаф деб аталган. Кейинчалик мусулмон халқлар орасида Қуръоннинг ҳар қандай қадимий қўлёзмасини Мусҳаф деб аташ одат тусига кирган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Тошкент шаҳрида сақланаётган Қуръоннинг қадимий қўлёзмаси (VIII асрда кўчирилган) ҳам Мусҳаф нусхаларидан бири ҳисобланади.

LХХIХ

          1. «Шайх Санъон»—Шарқ мамлакатлари халқлари орасида «Шайх Санъон» ҳақидаги севги қиссаси ҳам кўп замонлардан бери маълум. Бу қисса биринчи маротаба шайх Фаридиддин Атторнинг 1175 йилда ёзган «Мантиқут-тайр» номли машҳур асари таркибида учрайди. Шайх Санъон афсонавий шахс бўлиб қолмасдан, XI—XII асрларда яшаган тарихий бир шахс деб ҳам  тахмин  этилади.   Бу ҳикоя    Алишер  Навоийнинг  «Лисонут-тайр» асарида ҳам берилган.
          2. Каъба — (арабча куб мазмунида) Ислом дунёсининг энг муқаддас ибодатхонаси, Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида 10х12х15 ўлчамдаги кулранг тошдан иборат иншоот. Ислом таълимотида Байтуллоҳ (Оллоҳнинг уйи), Байтун ҳарам (Муқаддас уй), Қуръонда бўлса Алмасжидул ҳарам (Муқаддас масжид) деб аталгандир. Ҳовли саҳнида Оби замзам булоғи мавжуд. Ҳозир барча ислом мамлакатларидан мусулмонлар Маккага ҳаж этиш учун келадилар. Каъба бутун мусулмонларга «Қибла» бўлиб хизмат қилади. Ўша томонга қараб намоз ўқиб, ибодат қиладилар.
          3. Жунайд — Жунайд  Бағдодий  машҳур  шайхлардан  бўлиб,    Бағдод шаҳрида туғулган. Исми Абулқосим, отаси шиша асбоблари билан савдо-сотиқ ишлари олиб борган. Имом Шофийнинг шогирдларидан. Суфён Сурийнинг мазҳабида. 910—911 йилларда вафот этган. Бутун умри давомида 30 марта ҳаж қилган.
          4. Боязид — Боязид Бистомий,  асли  исми Тайфур  бинни  Исо  бинни Одам бўлиб, машҳур шайхлардан Баязид Бистомий номи билан танилган. Олим ва шоир Тайфурия тариқатининг асосчиларидан. 961 йилда вафот этган.
          5. Ваҳй — Диний  ақидаларга  кўра,  Оллоҳ  томонидан    Муҳаммад
пайғамбарга Жабраил фаришта воситаси билан юборилиб турилган нома ва хабарлар. Бу нома ва хабарларни одамларга ҳар хил мўъжизавий йўллар билан билдирилишига ваҳй деб айтилади.
          6. Рум — Кичик  Осиё.  Рим  давлати  ва унинг  халқига  берилган нисбатдир. Бир вақтлар Византия Рим империясига қўшиб олингач, Византия ҳам Рум деб атала бошланган. Шунга кўра, Қора денгиз ҳам Шарқ тарихий адабиётларида Рум денгизи номи билан юритилган. Турклар Византияни урушиб олгандан кейин бу ном туркларга ҳам ўтади.
          7. Юсуфи Канъон — Шарқ адабиётида кенг тарқалган  афсоналарнинг қаҳрамонидир. Яъқуб пайғамбарнинг ниҳоятда  кўҳлик ўғли. «Юсуф ва Зулайҳо» ишқий саргузашти шу номга асосланади.
          8. «Лоҳавл» — «Лоҳавла    вало    қуввата    илло    биллоҳил    алиюл азим» — «Буюк ва олий Оллоҳдан бошқа куч ва қудрат йўқ».
Бу қўрққанда, ҳаяжонга тушганда ва жаҳл чиққанда ўқиладиган дуо.
          9. Батҳо — Саудия Арабистонидаги Макка шаҳрининг иккинчи номи. Сиёсий иқтисодий маъмурий маркази, мусулмонларнинг зиёратгоҳи.    
          10. Ҳошимий — VII асрда Арабистоннинг Макка  шаҳрида  яшаган Қурайш қабиласига мансуб хонадонлардан бирининг номи. Муҳаммад пайғамбар ана шу хонадон аъзоларидан бирида  туғилган. Ҳошим пайғамбарнинг катта бобоси бўлган.
          11. «Лайли  ва  Мажнун» — Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган самимий севги ҳақидаги достон. Унинг сюжети дастлаб араблар орасида вужудга келган. «Лайли ва Мажнун» Алишер Навоий «Хамса»сининг учинчи достони (1484).
          12. Сухо — Осмондаги 540 та ҳулкар тўпламидаги  юлдузларнинг энг хираси.

LXXXVI

          1. Шайх Нажмиддин Кубро — Тўлиқ исми Аҳмад ибн Умар Абулжанноб Нажмиддин (1145—1221). Сўфийликнинг Ўрта Осиёдаги йирик вакилларидан. Кубравийлик тариқотининг асосчиларидан. Сўфийликка оид асарлари бор. Унинг таълимоти Ўрта Осиё ва Эронда тарқалган. Уларча, овоз чиқармасдан зикр қилиш амалда бўлган. Шайх Нажмидднн Кубро мўғул истилоси даврида вафот этган.
          2. Азхоби Қаҳф — Юнон мамлакатининг бутпараст подшоҳи Доқёнус ниҳоятда жоҳил, золим бўлган. Шоҳнинг мулозимлари орасида мусулмонлари ҳам бўлиб, улар ҳамиша яширин ибодат қилганлар. Доқёнус бундан хабар топиб, мулозимларни ушлаб қатл қилмоқчи бўлганда улар қочадилар. Йўлда бир қўйчивон ҳам ўзининг ити билан қочқиндиларга қўшилади. Кўп юрганларидан сўнг бир ғорга кириб беркинадилар ва у ерда ётиб ухлайдилар. Бу уйқу 309 йил давом этади. Уйғонганларида золим подшоҳ тахтдан кетганлиги, улар ўзларининг ғор дўстлиги туфайли золим шоҳ зулмидан қутилиб қолганликлари маълум бўлади.

LХХХIХ

          1. Шайх Абу Саид Абул Хайр — Машҳур шайхлардан, исми Фазлиллоҳдир. Ўз даврида барча машойихлар уни ўзига устоз қилиб олганлар. Абу Саид Абул Хайрнинг устози Абул Фозил Ҳасан Сарахсийдир. Ўзи Хуросондан, 1048 йилда вафот этган.

СI

          1. Хирқоний—Абулҳасан Хирқоний машҳур шайхлардан. Асли исми Али бинни Жаъфар, лақаби Абулҳасан. Эроннинг Хирқон деган жойида туғилганлиги туфайли Хирқоний деб юритилган. 1023 йилда вафот этган.

СIV

          1. Басра — Арабча  Бассара —Ироқнинг жанубидаги шаҳар, Басра вилоятининг маъмурий иқтисодий маркази. Ироқнинг энг катта порт шаҳарларидан. 637 йилда халифа Умар (634— 644) қурдирган шаҳар. VIII—IX асрларда халифаликнинг маданий ва иқтисодий маркази бўлган.
          2. Ҳотам — Тўлиқ  исми  ва  лақаби Абу Аддий  бинни Абдуллоҳ бинни Саъд бўлиб, арабларнинг атоқли қабила бошлиқларидан ҳисобланган. Ҳотам ўзининг сахийлиги билан шуҳрат топган. У шоир ҳам бўлган.

CVII

          1. Жамшид — Жам шаклида ҳам учрайди. Эроннинг қадимги тарихига кўра, Пешдодийлар сулоласининг тўртинчи ҳукмдорларидан. Афсонага кўра, Наврўз кунининг сана боши деб байрам қилиниши Жамшид номи билан боғлиқ.

СХ

          1. Арасту — Юнон файласуфларидан Аристотель исмининг арабча шакли (Милоддан аввал 384—322). Қадимги юнон фалсафа фани тараққиётида янги давр яратган буюк  мутафаккир. Милоддан аввал 343 йилдан Македония тахтининг вориси, Александр Македонскийнинг тарбиячиси вазифасида хизмат қилган.    
          2. Афлотун — (милоддан   аввал  428  ёки  427—Афина 348—347)   қадимги Юнон файласуфи, антик философиядаги объектив идеалистик оқимнинг асосчиси. Тахминан 407 йилда Сократ билан танишиб, унинг энг яқин шогирдларидан бири бўлиб қолган.

CXIII

          1. Азроил — Исломда эътиқод қилинадиган тўрт фаришталардан бири. Улар Жабраил, Микоил, Азроил ва Исрофилдир.

СХIХ

          1. Азозил — Шайтоннинг асли исми.
 
CXXII

          1. Ибн Адҳам Шоҳ Иброҳим — Иброҳим Адҳам Балх шаҳрида туғилган. Лақаби Абу Исҳоқ, исми ва нисбаси Иброҳим Адҳам бинни Сулаймон бинни Мансур Балхий. У Фузайл Аёз Абу Юсуф Ғайбуллийлардан таълим олади ва катта каромат ва мақомат аҳлидан бўлиб етишади. 777 йилда Шом шаҳрида вафот этади.
          2. Балх — Шимолий Афғонистонда ҳозирги Мозори Шарифнинг ғарбидаги кўҳна шаҳар. Милоддан аввал еттинчи асрдан бошлаб маълум. Балх тарихда Уммул-билод (шаҳарлар онаси) номи билан ҳам машҳурдир. Юнонлар уни Бактра деб ҳам атаганлар.
          3. Нишобур — Ҳозирги Эроннинг шимоли-шарқидаги қадимий шаҳар. Хуросон остонида. У энг қадимги маданият марказларидан ҳисобланади. Шаҳарда Умар Ҳайём ва Фаридиддин Аттор яшаб ижод этган ва шу ерга дафн этилган.

СХХVIII

          1. Порсо — Хожа Муҳаммад Порсо — машҳур  бухоролик шайхлардан бири бўлиб, исми Муҳаммад бинни Маҳмуд Ҳофизи Бухорийдир. Порсо номини Шайх Баҳоуддин Нақшбанд берган. 70 ёшида 1419 йилда вафот этган.
          2. Абу Наср — Хожа Абу Наср  Порсо — машҳур шайхлардан бўлиб, унинг лақаби иккита: Бурҳониддин ҳамда Ҳофизиддиндир. Хожа Муҳаммад Порсонинг муриди. 1460 йилда вафот этган.

СХХХVII

          1. Абу Бакр Нишобурий—Абдуллоҳ бин Муҳаммад машҳур фақиҳ ва ҳадис билимдонларидан бўлиб, зоҳид ва тақводор киши бўлган. Боғдод шаҳрида яшаган, 852 да туғилиб, 935 да вафот этган.
          2. Шиблий—Машҳур шайхлардан, исми Абу Бакр Муҳаммад Жаъфар бинни Юнус  945 йилда вафот этган.    
          3. Нурий — Абулҳасан   Нурий — машҳур   шайхлардан  бўлиб,   исми Аҳмад ибн Муҳаммаддир. 907 йилда вафот этган.

CXL

          1. Абдуллоҳ Ансорий — Машҳур мутасаввуф шайхлардан, 1005 йилда Ҳирот шаҳрида туғилган. 1093 йилда вафот этган. Мақбараси Ҳирот шаҳрида.

СХCVIII

          1. Етти водий — Тасаввуф таълимотича, шахс руҳий такомиллашиш йўлида босиб ўтиши лозим бўлган етти босқич, даража, поғона, улар қуйидагилардан иборат. Талаб водийси, Ишқ водийси, Маърифат водийси, Истиғно водийси, Ҳайрат водийси, Тавҳид водийси, Фақру фано водийси.

CLII

          1. Ҳижоз — Саудия Арабистонининг ғарби-шимолий қисми, яъни Макка ва Мадина шаҳарлари жойлашган водий Ҳижоз деб юритилади.

CLIII

          1. Мусий — Исломда  ҳам  исми  қайд этиладиган пайғамбарлардан. Яҳудийликка эътиқод этувчилар орасида иудизм асосчиси деб эътироф этилган. Қадимий яҳудий манбаларда Моше, Христиан манбаларида Моисей номи билан маълум. У Сино тоғида яҳудийларнинг муқаддас китоби “Таврот”ни қабул қилиб олган.
          2. Фиръавн—Қадимги Миср подшоҳларининг  номи. 18  сулоладан бошлаб подшоҳ Фиръавн деб аталган. Мисрда қурилган йирик пирамида ва ибодатхоналар фиръавнлар номини муқаддаслаштирган ва улуғлаган.
          3. Маҳдий — Ислом ривоятларига кўра, ўн икки имомнинг охиргиси бўлиб, қиёмат яқинлашганда қайтиб келиб Дажжолга қарши курашади, дейилади.
          4. Дажжол — Ислом ақидаларига кўра, қиёмат куни олдидан диндорларни тўғри йўлдан оздирадиган афсонавий шахс. Дажжол кўпгина  ривоятларда тилга олинади.
          5. Масиҳ — Масиҳо — Исо пайғамбарнинг лақаби.  Диний   ривоятларга кўра, Исо пайғамбарнинг нафаси ўлган одамларни тирилтириш, унга жон ато этиш қудратига эга бўлган деб юритилади. Шеърларга шу хислат билан сингиб кетган.
          6. Бу жаҳл — Асли исми Амир ибн Ҳошим. Макка шаҳрининг зодагонларидан бири. Муҳаммад пайғамбар тарғиботига қарши тургани ва унга душманлиги учун қувғинга учраган. Шу боис унга ислом тариқотида Абу Жаҳл лақаби берилган. Абу Жаҳл Бадр жангида  (624) ҳалок бўлган.

CLV

          1. Марям — Машҳур ва маълум «Минг бир кеча» ҳикояларининг қаҳрамонларидан бири, моҳир ва эпчил каштачи аёл.
          2. Намруд— Иброҳим Ҳалилуллоҳни ўлдиришга буйруқ берган золим  шоҳ.  Ривоятларга  кўра,  қадимги Арабистонда ўтган подшоҳлардан бири. Уни пашшалар талаб ўлдирган.
          3. Халил — Иброҳим пайғамбарнинг лақаби.  Золим  шоҳлардан Намруд пайғамбарни ўтга ташлаб ўлдирмоқчи бўлганда худонинг амри билан ўлмасдан қолган. Катта гулхан — ўт, гулзорга айланган.
          4. Калимуллоҳ — Оллоҳ билан сўзлашган Мусо пайғамбарнинг лақаби.
          5. Муҳаммад—Муҳаммад ибн Абдуллоҳ  (570—632).  Арабистонда
ислом динини биринчи бўлиб тарғиб этган. Оллоҳнинг элчиси, пайғамбар деб танилган шахс. Қирқ ёшида Макка шаҳрида Худодан ваҳй олаётганлигини эълон қилади.
          6. Заҳҳок — Эроннннг қадимги  тарихига  кўра,  Жамшид  қатлидан
сўнг тахтга Заҳҳок ўлтиради. У золим сифати билан ном таратади. Шунга кўра, Заҳҳокка қарши темирчи Кова қўзғолон кўтаради. Қўзғолонга пешдодий шоҳларидан Фаридун ҳам қўшилиб Заҳҳокни енгадилар.
          7. Нуширвон ёки Ануширвон — Шарқда адолат тимсоли бўлиб, афсоналарга қоришган шахс. Милоддан олдин ўтган Эрон шоҳларидан бири.

CLVIII

          1. Мансур — Мансур  Халлож, тўлиқ исми Ҳусайн ибн Мансур (858—922).  Машҳур   мутасаввуфлардан   «Мен ҳақ (худо)-ман»,   (Анал ҳақ)—Менинг  ўзлигим  худонинг ўзлигидир, деган  фикрни  илгари сурганлиги учун жоҳил руҳонийлар томонидан ўлдирилган.

CLX

          1. Узро — «Вомиқ ва Узро» қиссаси. Шарқ халқлари адабиётида кенг ўрин олган эпик асарлардан. Унинг ижобий қаҳрамонлари халқ оғзаки ижодида ҳамда ёзма адабиётда кенг томир отгандир. Қиссанинг ўзбек тилида ҳам бир нечта вариантлари мавжуд.

CLXII

          1. Шайх Абдулаббос қассоб — Исми Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Абул Карим. Табаристонда ва Омилда имомлик қилган. Муҳаммад ибни Абдуллоҳ Табарийнинг шогирдларидан.

CLXIII

          1. Хожа Боҳоуддин Нақшбанд — Исми Саид Муҳаммад ибн Жамолиддин.  Бухоронинг энг  машҳур шайхларидан (1318—1389). Нақшбандийлик тариқатининг асосчиларидан. Металга нақш бериш касби билан шуғулланган. Шунинг учун «Нақшбанд» тахаллуси берилган. У ўз тариқотида ҳар бир сўфий ўз меҳнати билан яшашини ёқлайди. Бу таълимот Эрон,  Арабистон,  Ўрта  Осиёда кенг тарқалган.


CLXV

          1. Шайх Суфён Сурий — машҳур мутасаввуф шайхлардан, исми Абу Абдулло бинни Саид, 783 йилда вафот этган.



CLXXIII

          1. Осаф — Сулаймон  пайғамбар  яшаган   даврда   ўтган   шахс,  пайғамбар яқинларидан ҳисобланган. У Сулаймон пайғамбар каби ваҳший ҳайвонлар ва қуш тилларини яхши билган бўлса ҳам билимини ҳеч кимга ўргатмаган ва билиш ҳақида ўзидан кейинги авлодга ҳеч нарса қолдирмаган.
          2. Қақнус— «Лисонут-тайр» асарида берилган қушлардан бирининг номи. Бу қушнинг тумшуғида кўп (суқба) тешиклари бўлиб, улар орқали ҳар хил ёқимли куй ва оҳангларни чиқарган. Қақнусни жуфти бўлмас экан, умри бўйи чўп, ўтин йиғиб умрининг сўнгида жуда чиройли ва узоқ куйлар экан, унинг жозибали сайрашидан олдин ўзига кейин йиғилган хашак ўтинга ўт кетиб, қуш ҳам, ўтин ҳам куйиб кул бўлар экан. Ўт кули уюми орасидан янги «Қақнусбача», яъни унинг боласи чиқиб, боласи ҳам ўз йўлида отаси қилган ишларни давом эттирар экан.

СLХХIV

          1. Фисоғурс — Пифагор,  қадимги  юнон файласуфи, эрамиздан олдин 571—497 йилларда яшаган. Пифагор тарафдорлари эрамиздан олдин IV асргача илм-фанга, айниқса, математика, астрономия фанлари тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Ривоятларга кўра, Фисоғурс ўрмон яқинидан ўтиб кетаётган0да қақнус номли қушнинг куйлаётганини эшитган. Бу уни музика куйларини, музика асбобларини кашф этишга олиб келган.
          2. Самандар — Доимо ўт, олов ичида яшайдиган ҳайвон, катта-кичиклиги каламушча. Афсонага кўра, у гўё ўт ичида пайдо бўлиб, ўт ичида яшар ва ҳалок бўлар экан.

CLXXVI

          1. Биcтом — Эронда,  Хуросоннинг жануби-шарқида.  Кирмон билан Кўҳистон орасидаги бир  шаҳар. Атрофини  тоғлар ўраган. Унинг олмоси кадимдан машҳур.

СLХХVШ

          1. Қайс Омир— Алишер Навоий «Лайли ва Мажнун» асарининг бош қаҳрамонларидан. Омир Мажнуннинг отаси бошқарган қабиланинг номи. Қайс Мажнуннинг асли исми.

СLХХХVI

          1. Маҳмудшоҳ— Маҳмуд ибн Сабуқтагин  (туғилган  йили номаълум —1030).  999  йили Маҳмудшоҳ  бутун  Хуросонни эгаллаб, ўзини султон деб эълон қилади. Ҳукмдорлик даврида, Ғазна шаҳрида жуда катта нодир китобларни тўплаган, ўзи паҳлавий ва араб тилларини яхши билган, шеър ҳам ёзган.
          2. Аёз — Султон Маҳмудшоҳнинг (1030) хос  шахсий маҳрами ва қулидир. Исми Абу Нажим. 1057 йилда вафот этган.

СХСI

          1. Саъдий — Муслиҳиддин  Абу Муҳаммад  ибн Мушрифиддин. Шайх Саъдий номи билан машҳур (1203, 1210—1292). Форс-тожик шоири, мутафаккир, файласуф ва олим. Унинг «Бўстон» (1257) ва «Гулистон» (1258) асарлари шарқ халқлари маънавий ахлоқий ҳаётининг ўзига хос қомусидир.
          2. Низомий — Низомий Ганжавий, асли исми Муҳаммад Илёс ибн Юсуф (1141—1209). Буюк Озарбайжон шоири. Шарқда биринчи «Хамса»навис сифатида машҳурдир. Унинг «Хамса»си «Маҳзанул-асрор» (1170), «Хисрав ва Ширин» (1181), «Лайли ва Мажнун» (1188), «Ҳафт пайкар» (1196), «Искандарнома» (1199—1200) достонларидан иборатдир.
          3. Хисрав — Амир  Хисрав Деҳлавий   (1253—1325). Ҳинд ва форс-тожик шоири, музикашуноси, форс, урду ва ҳинд тилларида асарлар ёзган. Хисрав Деҳлавийнинг лирикаси беш девондан иборат бўлиб, Низомийга жавобан «Хамса» ҳам яратган (1298—1301).
          4. Жомий — Абдураҳмон  Жомий   (1414—1492).  Йирик олим,  файласуф, шоир. Алишер Навоий ўзининг «Хамсатул-мутахаййирин» китобида Жомийнинг ўттиз саккизта асарини санаб ўтган. Унинг асарлари фалсафа, тасаввуф, тилшунослик, адабиётшунослик ва санъат соҳаларига оид бўлиб, назм ва насрнинг ҳар хил жанрларида ёзилган.
          5. Фоний — Алишер   Навоий  ўзининг    форс-тожик    тилида    ёзган асарларида Фоний тахаллусини қўллайди. 1496 йилда «Девони Фоний» девонини тузган. «Лисонут тайр» (1498—99) асарига ҳам «Фоний» тахаллусини қўллаган.

CXCII

          1. Султон Ҳусайн — Асли исми Ҳусайн Мирзо Мансур бинни Мирза Бойқаро (1438—1506). Хуросон ҳукмдори (1470—1506). Ўзбек шоири. Ғазал жанрида қалам тебратиб девон тузган, «Рисолаи Ҳусайн Бойқаро» (1485) номли насрий асари ҳам бор.

CXCIII

          1. Ясриб — Саудия Арабистонидаги Мадина шаҳрининг қадимги номи.