ИЗОҲ ВА ТАРЖИМАЛАР
«МУҲОКАМАТ УЛ-ЛУҒАТАЙН»НИНГ ИЗОҲ ВА ТАРЖИМАЛАРИ
1. Арабчадан таржима: «Инсонни нутқ ва тил билан шарафлаб, тилининг ширинлиги, фикр баён этишининг гўзаллиги, шукр айтишнинг шакари, (Оллоҳнинг бирлигига) гувоҳлик беришининг асали ва миннатдорчилиги туфайли уни (инсонни) яратган, барча бошқа жонзодлардан улуғ ва мумтоз қилган Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин.2. Тарж. ар.: Бўл! – деса бўлади.
3. Тарж. аар.: «Одамнинг лойини қирқ тонг пишитиб қўйдим»,
4. Тарж. ар.: «Ҳамма исмларни ўргатди».
5. Тарж. ар.: «Мен аниқроқ ва чиройлироқ гапираман».
6. Тарж. ар.: «Пайғамбар бўлдинг бас англаб ол».
7. Тарж. ар.: «Унга (пайғамбарларга), ёқимли хислатли оиласига ва покиза саҳобаларига Оллоҳнинг саловати ва кўпдан-кўп саломлари бўлсин».
8. Тарж. ар.: «Гуноҳлар мағфират қилинсин, гуноҳлар кечирилсин».
9. Тарж. ар.: «Қудратли ва улуғ мулк соҳиби (Оллоҳ сифати)».
10. Тарж. ар.: «Унга (пайғамбарга) салавот ва саломлар бўлсин».
11. Тарж. ар.: «Оллоҳ уларнинг сирларини муқаддас қилсин».
12. Тарж. ар.: «Ва уруғни, ўсимликни ва шохлари бир-бирига ўралиб кетган ўрмонзорларни кўкартириш учун ёмғирли булутлардан туганмас сувларни туширдик» (Қуръон. 78, 14 – 16).
13. «Ёпинчиқни кўтармаганда ҳақиқий илм ошмаган бўларди».
14. Нуҳ – унга Оллоҳнинг салавоти бўлсин, диний ақидаларга кўра жуда узоқ умр кўрган пайғамбар, уни баъзи манбаларда Одами соний (яъни: иккинчи Одам ато) ҳам дейилади. Ривоятларда келтирилишича Нуҳ замонида 40 кеча ва 40 кундуз сел ёғади ва бутун дунёни сув босиб кетади. Шунда Нуҳ, ўз яқинлари, тарафдорлари ва ҳар навъ ҳайвондан бир жуфтдан кемага солиб олади. Ер юзидагилар сувга ғарқ бўлади, ёлғиз Нуҳ кемаси бир тоғ чўққисида , омон қолади. Нуҳнинг уч ўғли – Ёфас, Сом ва Ҳомлардан кейинчалик туркий, форсий ва ҳиндизабон халқлар тарқалади. Бу ерда Навоий шунга ишора қилади.
15. «Мезон ул-авзон» – Навоийнинг аруз илмига оид асари. Бу асарида Шамс Қайс, Хожа Наср Тусий ва Абдураҳмон Жомий каби аруз назариячилари, ҳамда бу илмга асос солган Халил ибн Аҳмаднинг асарлари билан Навоийнинг яқиндан таниш бўлгани кўриниб туради. Навоий аруз масалаларини бир қадар янгича талқин қилади ва уни қўшимча ҳамда янгнликлар билан бойитади. Ўзбек шеъриятининг, халқ оғзаки ижодининг неча юз йиллик тажрибаси бу асарда биринчи бор тадқиқ этилиб, умумлаштириб берилган.
16. Тарж. ар.: «Мен Зайдга дирҳам бердим».
17. «Ғаройиб ус-сиғар» – Навоийнинг «Хазойин ул-маоний» деб номланган 4 девонидан биринчиси. Шоир ёзади: «...аввалғи девоним, туфулият баҳори ғунчасининг ажиб гуллари ва сиғар боғчасининг ғариб чечаклари била ораста бўлуб эрди, «Ғаройиб ус-сиғар» дейилди». Бу девон таркибида 650 ғазал, 1 мустазод, 3 мухаммас, 1 мусаддас, 1 таржеъбанд, 1- маснавий (Саййид Ҳасад Ардашерга шеърий мактуб), 50 қитъа, 133 рубоий мавжуд бўлиб, 5718,5 байтдан, 840 шеърдан иборатдир.
18. «Наводир уш-шабоб» – шоирнинг «Хазойин ул-маоний»си таркибидаги иккинчи девони. Бу девон мундарижаси ҳақида Навоий ёзади: «Иккинчи девонники, йигитлик ошуфталиғ ва шабоб олуфталиғ ёзи ва даштида юзланган нодир ва вақоеъ била пийроста бўлур эрди, «Наводир уш-шабоб» аталди». Таркибида 650 ғазал, 1 мустазод, 3 мухаммас, 1 мусаддас, 1 таржеъбанд, 50 қитъа, 52 муаммо бор. Булар 759 шеър бўлиб, 5423,5 байтни ташкил қилади.
19. «Бадоеъ ул-васат» – Навоий «Хазойин ул-маоний»сидаги учинчи девони. У ҳақда шоир ёзади. «Учинчи девоним, васат ул-ҳаёт майхонасида ишқ билан шавқ паймонасида юзланган бадоеъ нишотлар кайфиятин ёзилиб эрди, «Бадоеъ ул-васат» от қўйилди». Таркибида: 650 ғазал, 1 мустазод, 2 муҳаммас, 2 мусаддам, 1 таржеъбанд, 1 қасида, 60 қитъа, 13 туюқ, 10 чнстон бор. 740 шеър – 5420 байтдан иборат.
20. «Фавойид ул-кибар» – Навоийнинг «Хазойин ул-маоний»сидаги тўртинчи девони. Шоир ёзади: «Тўртинчи девоним, умрнинг охирларида юзланган ишқ дарду ранжи фойдалариким, жонсўз оҳ урмоқ ва жон топшурмоқдурким, анда сабт бўлубтур, «Фавойид ул-кибар» лақаб берилди». Таркибига 650 ғазал, 1 мустазод, 2 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мусамман, 1 таржеъбанд, 1 соқийнома, 50 қитъа, 86 фардлар кирган. 793 шеър – 5888,5 байтдан иборат.
Мазкур 4 девон халқ орасида «Чор девон» номи билан машҳур бўлган. 1492 – 1498 йиллар давомида китобат қилинган.
21. «Хамса» панжасига панжа урубмен», бу сўзлардан мурод – Навоий бешта достон яратган Низомий Ганжавийнинг«Панж ганжи» (Беш хазина), Хусрав Деҳлавий уни анъанага айлантирнб, «Хамса» ёзгани ва уларга эргашиб ўзи ижод қилган «Хамса»ни кўрсатишдир.
22. «Ҳайрат ул-аброр» – «Хамса» таркибидаги биринчи достон бўлиб, 64 бобдан, 3988 байтдан иборат. 889 (1489) й.да ёзилган. Навоийнинг эътироф этишича, Низомийнинг «Маҳзан ул-асрор» достони руҳида битилган фалсафий, дидактик асардир.
23. Шайх Низомий – Илёс Юсуф ўғли Низомий – улуғ озарбайжон шоири. 1141 й. Ганжада туғилган ва шу ерда 1209 й. вафот этган. Шоир «Панж ганж» (Беш хазина) номи остида бешта достон яратган. Биринчи достони «Маҳзан ул-асрор» (Сирлар хазинаси) 1170 й.да ёзилган турли фалсафий, ҳаётий масалаларда баҳс этувчи 20 ҳикоятдан иборатдир, иккинчи достони «Хусрав ва Ширин» 1180й.да тугалланган, ишқий-романтик асардир. Учинчиси «Лайли ва Мажнун» – муҳаббат достонидир. Шоирнинг тўртинчи достони «Ҳафт пайкар» (Етти гўзал) ва охиргиси «Шарафнома» ва «Иқболнома» деб аталган икки қисмдан иборат «Искандарнома» достонидир.
24. «Фарҳод ва Ширин» – Навоий «Хамса»си таркибидагн иккинчи достон. 59 боб, 5782 байтдан иборат; 880 (1484) й.да ёзилган ишқий-романтик достон. Шоир бу достонни Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Ширин ва Хусрав» достони «ўтидик чароғимни ёриттим», дея кўпроқ шу шоирдан илҳом олганини эътироф этади.
25. Амир Хусрав Деҳлавий – Яминуддин Абулҳасан Хусрав Деҳлавий – асли Шаҳрисабздан бўлган, отаси Сайфиддин Маҳмуд мўғул истилоси арафасида оиласини Ҳиндустонга кўчириб кетади. 1253 йилда Ганг дарёси соҳилига жойлашган Патёли шаҳрида туғилади. Шоир Шарқ адабиётида биринчи бўлиб, ҳаёт фаслларига мувофиқ шеърлардан алоҳида номланган 5 та девон тузган ва бу анъанани Жомий ва Навоий каби шоирлар давом эттирганлар. Хусрав Деҳлавий форс, урду, ҳинд ва араб тилларида ижод қилган. У «Хамса» яратиб, хамсачилик анъанасига асос солган. Шоир шунингдек, воқеий достон («Дувалрони ва Хизрхон»), қатор қасидалар, катта ҳажмдаги «Эъжози Хусравий» ва бошқа асарлар яратган. Шоир 1325 й. Деҳлида вафот этган.
26. «Лайли ва Мажнун» – Навоий «Хамса»сидаги учинчи достон. 36 боб – 3622 байтдан иборат ишқий достон.
27. Хожу Кирмоний – Абулато Камолуддин Маҳмуд ибн Али (1290 VI., Кирмон- – 1354 й., Шероз) – Хусрав Деҳлавийдан сўнг хамсачилик анъанасини давом этдирган, ишқий-ахлоқий, тасаввуфий мавзуъларда достонлар яратган Эрон шоири. Унинг 5 достони «Хамсаи Хожу» деб номланган. 1-достони «Хумой ва Ҳумоюн», 2 – «Гулу Наврўз» (Низомийнинг «Хусрав ва Ширин» достонига пайрав), 3 – «Равзан ул-анвор» (Низомий «Маҳзан ул-асрор» достони йўлидаги), 4 – «Камолнома» (Саъдийнинг «Бўстон»ига татаббуъ) ва 5 – «Гавҳарнома»дир. Шоир «Гул ва Наврўз»,. «Сомнома» номли достонлар ҳам ёзган. «Шавқиёт», «Сафариёт» ва «Ҳазариёт» деб аталган ғиноий шеърлардан иборат девонлар ҳам тузган. Ҳофиз Шерозий Хожу Кирмоний» ни ғазал соҳасида ўзининг устоди деб билган. Бу ерда Навоий «Лайли ва Мажнун» достонини Хожу Кирмоний «Гавҳарнома»си йўлида ёзганини эътироф этади.
28. «Сабъаи сайёр» – Навоийнинг тўртинчи достони. 37 боб – 8005 байтдан иборат. Шарқда кенг тарқалган «Баҳром Гўр» афсонаси асосида яратилган.
29. Ашраф – Абу Али Ҳусайн ибни Ҳасан Мароғий, Дарвеш Ашраф Хиёбоний номи билан ҳам танилган (туғ. й. номаълум, ваф. 1459), 1434 – 1440 й.ларда Низомий «Панж ганжи» пайравида «Минҳож ал-аброр», «Ширин ва Хусрав», «Лайли ва Мажнун», «Ҳафт пайкар» (баъзи манбаъларда «Ҳафт авранг») ва «Зафарнома» достонларининг ёзган, ҳамда алоҳида номлар берилган 4 девоннинг ҳам ижодкоридир. Бу ерда Навоий «Сабъаи сайёр»ни Ашрафнинг «Ҳафт пайкар»идан таъсирланиб ёзганини баён этади. Лекин ҳозирга қадар Ашрафнинг бу достони топилгани йўқ.
30. «Садди Искандарий» – Навоийнинг «Хамса»сидаги сўнгги достон. 88 бобдан – 7215 байтдан иборат. Шоир «Хамса»си 889 – 890 (1483 – 1485) йилларда яратилган. Достонда идеал шоҳ – Искандар тимсоли атрофида гуманистик ғоялар, фалсафий-дидактик фикрлар, илмий фаразиялар ўзининг юксак бадиий ифодасини топгандир.
31. Ҳазрати Махдум – Нуриддин Абдураҳмон Жомийнинг лақаби (1414, Жом – 1492, Ҳирот). Навоий Жомий билан 1476 – 77 йилларда танишган ва уни ўзига пир деб билган, Жомий ҳаётининг сўнггига қадар самимий дўст ва маслакдош бўлиб қолган. Жомий «Ҳафт авранг» («Етти тахт») – Низомий ва Хусрав Деҳлавийларнинг достонлари пайравида битилган етти достон» – «Силсилат уз-заҳаб» («Олтин силсила»), «Соломон ва Абсол», «Туҳфат ул-аҳрор» («Ҳурлар туҳфаси»), «Сабҳат ул-аброр» («Поклар тасбиҳи»), «Юсуф ва Зулайхо», «Лайли ва Мажнун», «Хирадномаи Искандарий» («Искандар хирадномаси»), алоҳида номланган 3 та шеърлар девони, «Баҳористон» номли насрий асар (бир боби тазкира), «Мактублар мажмуаси», «Аруз рисоласи», «Қофия рисоласи» ва «Мусиқа рисоласи» каби ва муаммога бағишланган илмий асарлари, «Нафаҳот ун-унс» («Дўстлик нафаслари») номли ирфон ва тасаввуфга оид, ҳамда бир неча асарларга ёзилган шарҳларнинг муаллифидир. Навоий Жомий ҳақида «Хамсат ул-мутаҳаййирин» асарини ёзган (1492 й.). Бу ерда Навоий «Садди Искандарий»ни Жомийнинг «Хирадномаи Искандарий» асаридан мадад олиб ёзганини баён этади.
32. «Хираднома» – Жомийнинг «Хирадноман Искандарий» асари хусусида сўз кетмоқда.
33. «Зубдат ут-таворих» – «Тарихлар сараси». Навоийнинг тарихга оид асарлари – «Тарихи мулуки ажам» ва «Тарихи анбиё ва ҳукамо» (Набий ва ҳакимлар тарихи)нинг умумий номи.
34. «Насойим ул-муҳаббат» – тўла номи «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват» («Улуғлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шаббодалари»). Навоий эътирофига кўра, Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» («Дўстлик нафаслари») номли Шарқ ориф ва мутасаввифлари ҳақидаги маълумотлар жамланган асарини 901 (1495 – 96) йилда туркий тилга таржима қилган ва туркий машойихлар ҳақида янги маълумотлар киритган.
35. «Лисон ут-тайр» – Навоийнинг тасаввуфга оид достони. Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асарининг таржимаси, дейди Навоий. Лекин Е. Э. Бертельс ҳар икки асарни диққат билан муқояса қилиб, айниқса 63 хикоятдан 51 таси янгидан яратилгани, 12 тасигина Аттор ҳикоятларининг туркийча талқини эканлигини кўрсатиб берди ва мавжуд маълумотлар асосида моҳир санъаткор қалами билан оригинал даражадаги асар яратди Навоий, – деган хулосани қилади (Қаранг: Бертельс Е. Э. Суфизм и суфийская лит-ра. Наваи и Аттар. М., 1965. С. 417). Бу асар 904 (1408 – 09) й.да ёзилган.
36. «Наср ул-лаолий» – Ҳазрат Али ҳикматларининг мажмуаси. Навоий ҳар бир ҳикматни бир рубоий доирасида бадиий талқинини берган ва унга «Назм ул-жавоҳир» деб ном берган.
37. «Назм ул-жавоҳир» – 1485 йилда Хусайн Бойқаронинг «Рисола»сига жавобан ёзилган асар. Унииг насрий (кўпгина рубоийлар ҳам келтирилади) муқаддимасида ёзилиш тарихи, Ҳусайн Бойқарога миннатдорчилик изҳори ва Ҳазрат Али ва унинг «Наср ул-лаолий» таркибидаги ҳикматларига муносабат баён этилган. Асар муқаддима, 268 рубоий ва бир хотима-рубоийдан иборат.
38. Насири Тусий – Абдужаъфар Муҳаммад ибн Ҳасан Насируддин Тусий (1201, Тус – 1272 Бағдод). Унинг фалсафий, ижтимоий-ахлоқий мавзуларда ёзган асарлари кўп бўлиб, бу ерда Навоий «Меъёри ашъор» номли аруз назариясига оид асарини кўзда тутади.
39. «Расоилга қалам сурупмен» – дейишдан мурод шоирнинг бошқа катта-кичик асарлар ёзгани бўлиши керак. Масалан, «Муножот», «Сирож ул-муслимин» каби.
40. «Макотибға рақам урубмен» – дер экан, шоир она тилисида битилган ва форсийда ёзилган мактубларини назарда тутади. Шоирнинг «Муншаот» номли туркийдаги ёзишмалари мажмуаси маълум.
41. Хожа Ҳофиз Шерозий – Шамсуддин Муҳаммад (1321, Шероз – 1389, шу шаҳар). Тожир оиласида дунёга келган ва етим қолган Шамсуддин нонвойга шогирд тушган ва Қуръони мажидни ёд олиб, гўзал тиловат қилган. Тахаллуси шу муносабат билан Ҳофиздир. Шоир шуҳрати энг баланд паллаларда уни турли мамлакат шоҳлари ўз саройларига даъват этишганида у рад этган. Ҳофизнинг қабри Шероздаги гўзал боғлардан бирида бўлиб, ҳозир «Ҳофизия» дейилади. Шоирнинг дўсти ва шогирди Муҳаммад Гуландом унинг шеърларини тўплаб девон тузган. Ҳофизнинг вафотидан 35 йил кейин кўчирилган қўлёзма асосида Эрон олими Холхолий аниқланган девон тузди, унда 418 ғазал, 5 қасида, 41 рубоий, 3 маснавий («Соқийнома», «Оҳуйи ваҳший», «Муғаннийнома») мавжуддир.
Ҳофиз шеърлари анъанавий ишқи мажозий ва ишқи ҳақиқийнинг турли-туман мавзуларида ёзилган. Лекин ундаги бадиият шу қадар юксакки, шоирнинг ўз замони ва кейинги давр шеъриятига баракали таъсирининг сири шу билан боғлиқ. Ҳофиз XVII асрдан бошлаб, Ғарб адабиётига ҳам таъсир ўтказди. Айниқса Гётенинг Ҳофиздан илҳомланиб яратган «Ғарб ва Шарқ девони» шоирнинг Ғарб тафаккур оламида ўзига хос ўрин эгаллаганини кўрсатади.
Навоий Ҳофизнинг шеъриятдаги маҳоратига юксак баҳо берган ва ўзининг форсийдаги «Девони Фоний»сида аксар ғазалларини Ҳофизга татаббуъ қилиб ёзган. Бу ерда Навоий Ҳофиз ғазалиётининг тасаввуфий моҳиятидан баҳраманд бўлганини эътироф этади.
42. Тарж. ар.: Туширилган ваҳий каби.
43. Тарж. ар.: Юборилган пайғамбар ҳадислари каби.
44. Тарж. ар.: Бу ажойиб нарса.
45. «Дарёйи аброр» – Амир Хусрав Деҳлавнй қасидаси. Унга жуда кўп шоирлар жавобия қасидалар ёзганлар. Жомий, Навоий, Мирхонд, Нафъий ва бошқалар шулар жумласидандир. Жомий ҳатто «Дарёйи аброр»нинг бир байти шарҳида «Миръот ус-сафо» номли рисола ёзган. Навоий «Хамсат ул-мутаҳаййирин» асарида бу қасидага жавобан ёзган «Туҳфат ул-афкор»нинг яратилиш тарихини баён этади. Шу ерда Жомийнинг Хусрав Деҳлавий қасидасига «Лужжат ул-асрор» («Сирлар теранлиги») номли жавобия ёзгани ҳақида тўхталиб ўтади.
46. Тарж.: шоҳ ноғорасининг ичи бўшу ғулғуласининг ҳайқириғи бош оғриғидир, кимки ҳўл-қуруққа қаноатланса, денгиз ва ер юзининг подшоҳидир.
47. Тарж.: шоҳлар қасрининг кунгураси Зуҳал (Сатурн сайёраси) мақомидан ҳам юксак бўлсада, билгилки, дин қалъасининг деворидаги рахналар ундандир.
48. «Туҳфат ул-афкор» – Навоийнинг Амир Хусрав Деҳлавий «Дарёйи аброри»га жавобан форс тилида ёзган қасидаси. Шоир уни ёзишда Жомийнинг жавобияси «Лужжат ул-асрор»ни ҳам назарда тутганлигини қайд этиб ўтади. Навоийнинг бу қасидаси «Ситтаи зарурия» («Олтита зарурлик») дейилган умумий ном остидаги олти қасидадан биридир.
49. Тарж.: Ҳукмрон (подшоҳ)лар тожини безовчи ўтли лаъл (уларнинг) бошларида хом хаёллар пиширувчи лаққа чўғдир.
50. «Баҳористон» – Абдураҳмон Жомийнинг 1487 йилда Саъдий Шерозийнинг машҳур «Гулистон» номли асари пайравлигида ёзган ахлоқий ва дидактик мазмундаги асари. Уни Жомий ўз ўғли Зиёвуддин Юсуфга дарслик тарзида яратган. «Баҳористон» муқаддима ва 8 бобдан иборат: (1. Орифлар саргузашти. 2. Улуғлар ҳикматлари. 3. Адолатли шоҳлар ҳақида. 4. Сахийлик тарғиби. 5. Ишқий ҳикоятлар. 6. Ҳазил-мутойибалар. 7. Шеър ва шоирлар. 8. Тамсиллар). Навоий бу ерда «Туҳфат ул-афкор» номли қасидасининг матлаъини Жомий ўз «Баҳористон»ида келтиргани ва ғоят таъриф қилганини миннатдорлик билан ёдга олмоқда.
51. Муштарий – луғ. сотиб олувчи, харидор (форслар Биржис деб атайдилар) Юпитер сайёраси. Нужум илмида уни «Саъди акбар» («Фалак қозиси»), жойи 6-фалакда дейдилар.
52. «Миръот ус-сафо» – Амир Хусрав Деҳлавий қасидаси. Навоий таъкидлашича, уни шоир Хоқоний Шервоний қасидаси («Айвони Мадоин»)га татаббуъ қилиб ёзган.
53. Хоқоний Шервоний – Афзалуддин Бадил ибни Али (1120, Шервон – 1198, Табриз) буюк озарбайжон шоири. «Туҳфат ул-ироқайн» номли 3 мииг байтли маснавийси ғоят шуҳрат қозонган. 17 минг байтдан иборат девони ҳам бор. Навоий бу ерда Хоқонийнинг бир қасидаси жавобида Хусрав Деҳлавий ҳам қасида ёзганини тилга олади.
54. Тарж.: Кўнглим ёш боладир, ишқ пири унга тил бўйича устоздир. Юз қоралик – сабоқ ва мискинлик – мактаб гўшаси (бурчаги)дир.
55. «Жило ур-руҳ» – «Руҳнинг жилоси». Абдураҳмон Жомийнинг қасидаси. Навоий уни Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Миръот ус-сафо» қасидаси жавобида ёзилган, дейди.
56. Тарж.: Муаллим ким? У – ишқ ва (ишқ) мактабининг хомушлик бурчагидир; дарс – нодонлик, доно дилим (эса), унинг сабақ олувчи ёш боласидир.
57. «Насим ул-хулд» – «Жаннат насими». Алишер Навоийнинг форсийда ёзган қасидаси. «Девони Фонийда Хоқонийга татаббуъ деб, бу ерда эса Хоқоний ва Хусрав Деҳлавий – ҳар иккаласига татаббуъ деб ёзади.
58. Тарж.: Муаллим – ишқдир, ақл пири – сабоқ олувчи боладир, болага адаб бериш учун фалак айланувчи чарх бўлди. Бу ерда қадимда мактабларда «фалак» (фалақ, фалоқ) дейилган, боланинг оёғидан ўтказиб, айлантириб қийнов, азоб берувчи қуролга ишора қилинмоқда. Бу қасида Навоийнинг «Ситтаи зарурия» таркибидаги 6 қасидадан бири.
59. «Руҳ ул-қудс» – «Пок, муқаддас руҳ». Навоийнинг мазкур 6 қасидаларидин бири.
60. Тарж.: Кандай яхши Қудрат қалами билан нарсалар тасвирланган; ундан ҳар замон минг хил ажойиб нақшлар пайдо бўлади.
61. «Айн ул-ҳаёт» – «Ҳаёт чашмаси». Навоийнинг форсийдаги 6 қасидасидан бири.
62. Тарж.: Тун посбонлари қора чодир ёйганларида, ой юзли ғунчаларга (гўзалларга) жилва берадилар.
63. «Минҳож ун-нажот» – «Нажот йўли». Навоийнинг «Ситтаи зарурия» таркибидаги 6 қасидасидан бири, форсийда ёзилган.
64. Тарж.: Юзинг шамъидин инсонлар кўзи нурланди, айни инсонликдан жаҳон кўз қорачиғи (қароғи) бўлдинг.
65. «Қувват ул-қулуб» – «Юраклар қуввати». Навоийнинг 6 қасидасидан бири, бу ҳам форсийда ёзилган.
66. Тарж.: Жаҳон – фано (катта) йўлининг тор марҳала (манзили)сидир; у ерда турма, бу йўл шоҳу гадонинг йўли. Байтда бу дунёнинг ўткинчилигига киноя мавжуд. Шоирнинг эътироф этишича, бу 6 қасидада Оллоҳ ва Пайғамбар (с. а. в.) мадҳи ва тасаввуф; маърифатга, ҳақиқатга оид фикрлар баён этилади.
67. «Фусули арбаъа» – «Тўрт фасл». Навоийнинг йил фасллари – «Саратон» (ёз), «Хазон» (куз), «Баҳор» ва «Дан» (қиш) деб номланган форсийдаги асарлари.
68. Хожа Калимуддин Салмон – Жамолуддин Хожа Салмон ибни Хожа Алоуддин Муҳаммад Соважий (1310, Ироқ Ажамидаги Сова шаҳри – 1376, ўша ер) – форс шоири. Унга «Қасидаи маснуъ» деган асари катта шуҳрат келтирган: Бу ўта мураккаб қасидани шоир бир неча баҳр, турли-туман шеърий санъатлар қўлланилган мувашшаҳ (безатилган, зийнатланган) тариқида ёзган. Унинг «Куллиёти»да 16 минг байтдан зиёд шеърлар ва «Жамшид ва Хуршид», «Фироқнома» достонлари мавжуд.
69. Тарсеъ санъати – икки мисраъ шеърни бир-бирига мос сўзлар билан безаб, оҳангдош қилиш санъати. Бу ерда Навоий Салмон Соважийнинг бир қасида матлаъида қўллаган мазкур санъатда бир сўзда такаллуф қилгани – четга чиққанини кўрсатиб ўтади (оби – мушки).
70. Тарж.: Покиза юзининг софлиги баҳор сувини тўкди. Жаннатдек кўйи (манзили)нинг ҳавоси тоза ва энг хушбўй ҳид таратди.
71. Тарж.: Баҳор фаслининг насими бўстонга шундай елдики, унда ошиқларга нигор (севгили) васлининг хуш иси етишди.
72. Халил ибн Аҳмад (ваф. 786 й.) – араб тилшунос олимларидан, аруз вазнларининг ижодкори ҳисобланади.
73. Тарж.: Эй, сенинг юзинг жаҳонни безовчи юлдуздир,. Эй, сенинг хушбўй ҳидинг жон роҳатидир; Ё раб, сенинг сочинг бўлмаса, чунонам паришонлик бўлади, кокилинг (эса) фиғонли тунга ўхшайди.
74. Ҳазрати Шайх Муслиҳуддин Саъдий – Муслиҳуддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибни Мушрифуддин Саъдий Шерозий (1203 – 8, Шероз – 1292, ўша ер), улуғ форс шоири. Унинг «Бўстон» ва «Гулистон» каби асарлари таркибидаги назмий ва насрий ҳикоятлари, 4 та девони таркибидаги лирик-ғиноий шеърияти ғоят машҳур бўлган.
Бу ерда Навоий шоир ғазалининг ранг-баранг ва гўзаллигини таърифламоқда.
75. Анварий – Авҳадуддин Али ибни Муҳаммад ибни Исҳоқ (1105, Абиварднинг Ховарон шаҳри – 1187, Балх), машҳур форс шоири. Анварий ўз ҳажвиялари билан эл оғзига тушган, уни қасиданависликнинг пайғамбари деб аташган. Шоирнинг қаламига 250 қасида, 337 ғазал, 472 рубоий, 557 қитъа мансуб бўлиб, шеъриятининг умумий ҳажми 15000 байтни ташкил қилади. Навоий бу ерда Анварий ва Салмон каби шоирларнинг шеърларидан дақиқ – нозик фикрлар хусусида унинг қошига муҳокама учун келганлари ва фикрини тўғри ҳисоблаб, муноқашалари (баҳс) бартараф бўлгани ҳақида ёзади.
76. Мир Шоҳий – Амир Оқмалик ибни Малик Жамолуддин Ферузшоҳий, тахаллуси Мир (амир) Шоҳий (1385, Сабзавор – 1453, Астробод), таниқли шоир, хаттот, наққош ва мусиқачи. Унинг аждодлари мўғул истилочиларига қарши кўтарилган деҳқон ва ҳунармандларнинг «сарбадорлар ҳаракати» деб довруғ таратган қўзғолоннинг етакчиларидан бўлганлар. Бу ҳаракатга барҳам берилгач, Мир Шоҳий Бойсунғур Мирзо (Шоҳруҳ Мирзонинг ўғли, Улуғбек Мирзонинг иниси) саройини тарк этиб, Сабзаворга қайтади ва деҳқончилик билан шуғулланади. Навоий «Мажолис ун-нафоисда бу шоирни кўрмагани, лекин ораларида ёзишмалар бўлиб турганини қайд этиб ўтган. Сабзаворда вафот этган шоирнинг наъшини Астрободга келтириб дафн қилинган.
77. Котибий – Шамсуддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (туғ. й. номаълум, Туршез – 1435, Астробод), машҳур шоир, хаттот ва мунший. Тахаллуси хаттотлик санъатига иштиёқи ва ундаги маҳорати баланд бўлганига далилдир. Манбаъларда Котибий қаламига 140 асар мансуб деб қайд қилинади. Девони ва «Хамса»сига кирган достонлари бор.
78. Султон ус-салотин – Ҳусайн Бойқаро назарда тутилади. Ҳусайн Бойқаро Темур Кўрагон наслидан бўлиб, Мирзо Мансур Бойқаронинг ўғлидир. У 1438 й. туғилган ва 1506 й. вафот этган. Навоийнинг болаликдан дўсти. 1469 й. Ҳирот тахтига чиққанида Навоий Самарқандда таҳсил олаётган эди. У дарҳол Навоийни махсус фармон билан пойтахтга даъват этган ва дўстини аввал муҳрдорлик, кейинчалик вазирлик рутбасигача кўтарган эди ва унинг халқпарварлик йўналишдаги фаолиятига ҳамда самарали ижодига кенг йўл очиб берган, зарур имкониятларни яратиб берган эди. Ҳусайн Бойқаро даврида Ҳирот бутун Шарқда илм-маърифат, санъат, адабиёт ва маданиятнинг яшнаган марказига айланган эди. Ҳусайн Бойқаро қадимги ўзбек тили тақдири масаласига катта масъулият ва зўр таважжуҳ билан қараган. Ўзи ана шу тилда гўзал шеърлар битган яхши шоир ҳам. У «Ҳусайний» тахаллуси билан ижод қилар эди. Навоий «Мажолис ун-нафоис»нинг 8-мажлисини Ҳусайн Бойқаро ғазаллари таҳлилига бағишлаган. Ҳусайн Бойқаро қаламига 1485 й. насрда битилган бир рисола ҳам мансуб. Унда Навоий «Хамса»си ва шеъриятига ғоят юксак баҳо берилган.
Навоий ҳам деярли ҳар бир асарида Ҳусайн Бойқаро таърифига алоҳида боблар ажратган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур тили билан айтганда, «Султон Ҳусайн Мирзонинг замони ажаб замоне эди, аҳли фазл ва беназир элдин Хуросон, батахсис Ҳирий шаҳри мамлу эди. Ҳар кишинингким, бир ишга машғуллуғи бор эрди, ҳиммати ва ғарази ул эрдиким, ул ишни камолға етургай».
Навоий бу ерда ҳам Ҳусайн Бойқаронинг унга кўрсатган эҳтироми ва асарларига эътибори, умуман илм, адаб аҳлига бўлган юксак муносабатини баён этади.
79. Ҳассон Собит ва Лақит – ҳижрий тарихнинг аввалларида яшаган араб шоирлари.
80. Иброҳим Маҳдий (779 – 839) – араб аббосий халифаларидан Маҳдийнинг ўғли. Бағдодда халифалик қилган. Замонасининг таниқли олимларидан, санъат ва адабиёт ҳомийси ва ижодкори бўлган.
81. Маъмун халифа – IX асрда Бағдодда халифалик қилган Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли. Маъмун даврида маданият, илм-фан жуда юксалган.
82. Камол Исмоил (1170, Исфахон – 1238, ўша ер) – атоқли форсийгўй исфахонлик шоир, 12 минг байтдан нборат девони бор. Уни қасида бобида «халлоқ ал-маоний», яъни маънолар (бу ерда ҳам янги тимсоллар, ҳам янги маънавий санъатлар назарда тутилади) ижодкори деб ардоқлашган.
83. Заҳир – Заҳир Форёбий, Заҳируддин Тоҳир ибни Муҳаммад (1160, Балх – 1202, Табриз), асли хоразмлик, Нишопур мадрасаларида таҳсил кўрган, кўп сафарларда бўлган. Унинг шогирди шеърларини тўплаб, девон тартиб қилган ва Мажидуддавла деган озарбайжон амалдорига тақдим этган. Заҳир қасидаларида мадҳ асосий мавқеъда бўлиб, уларнинг зимнида ҳукмдорларни одил, инсондўстлик ва ҳимматли бўлишга даъватни ўқиб олиш қийин эмас. Шоирнинг қитъалари ҳам ижтимоий ақидаларни тўлароқ баён қилади. Навоий бу ерда Заҳирни қасидагўйликдаги маҳоратини назарда тутади.
84. Фирдавсий – Абулқосим Мансур ибни Ҳасан Тусий (934, Тус яқинидаги Божий қишлоғи – 1021, ўша ер) улуғ форс шоири. Ёшлигидан қадимги достонлар, ривоят ва асотирларга қизиқиши бениҳоя бўлган Абулқосим, айниқса Абу Мансур Абулмуайяд Балхийнинг, Масъуд Марвозийнинг ва Дақиқийнинг тугалланмай қолган «Шоҳнома»ларини жамълаб, ўрганиб чиқади. 975 – 976 йилларда ўзининг «Шоҳнома»сини ёзишга киришади ва қарийб ўттиз йил меҳнат қилиб, 994 йилда уни тугаллайди. Лекин бу даврга келиб, шоирга ҳомийлик қилган сомонийлар таназзулга юз тутган ва тахтни Маҳмуд Ғазнавий эгаллаган эди. 1010 – 1014 йилларда Фирдавсий «Шоҳнома»ни замонага созлаб таҳрир қилиб чиқади. Аммо асардаги зардуштийлар мадҳи, умуман ғоратгар истилочиларга нафрат, уларга қарши туришга даъват сарой аҳли, сарой шоирлари ва ҳукмронга маъқул тушмайди. Фирдавсий таъқибдан қочиб, қолган умрини саргардонликда ўтказади. У 87 ёшида Тус яқинида вафот этади ва ўз боғига дафн қилинади. Ҳозирги кунда Эрондаги «Кохи Гу-листон» музейи фондида «Шоҳномаи Бойсунғурий» номи билан машҳур, Шоҳруҳ Мирзонинг ўғли, Улуғбек Мирзонинг иниси Бойсунғур Мирзо томонидан нодир нусхалар асосида тайёрланган (унга Бойсунғур Мирзо сўзбоши ҳам ёзган) «Шоҳнома» сақланади. Бадиий безакларга бой, 22 та миниатюра ўрин олган бу қўлёзмани Жаъфар деган котиб китобат қилган.
Фирдавсий қаламига бир неча ғиноий – лирик қасида ва ғазаллар, қитъа ва рубоийлар ҳам мансуб. 100 байтлар чамасидаги бу шеърларни турли манбалар, чунончи, фарҳанг, тазкира ва баёзлардан олиб, немис олими 1872 йилда нашр қилган.
Навоий бу ерда Фирдавсийни маснавий устодларидан деб таъриф қилмоқда.
85. Султон Тўғрул – Салжуқийлар сулоласининг охирги ҳукмдори. Ироқда подшоҳлик қилган. Шоҳ Шужоъ (ваф. 1385) – Эронда ҳукм сурган Оли Музаффар ҳукмдорларидан. Олим ва шоир бўлган.
86. Хулогухон (Ҳалокухон) (ваф. 1285) – Чингизхоннинг набираси. Элкония давлатининг биринчи ҳукмдори.
87. Темур Кўрагон (1336, 9 апрель, Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) – 1405, 18 февраль – Ўтрор) – Темурийлар сулоласининг асосчиси, йирик саркарда. Отаси Тарағай барлос қабиласи зодагонларидан. Онасининг исми Тагина бўлган. 1370–1507 йиллар мобайнида Темурийларнинг марказлашган давлати. Мовароуннаҳр ва Хуросондан ташқари Эрон, Ироқ,Озарбайжон ва Ҳиндистоннинг шимолий қисмини ўз ичига олган.
Навоий «Мажолис ун-нафоис»да Темур шахсияти, фаолиятига баҳо бериб, VII мажлисин унинг номи билан очар экан, кези келганда назм ва насрдан бирор байт ўқиб юборар, адабиётдан хабардор бўлган, деб ёзади. Бу ерда Ҳулогухон давридан Темур Кўрагон, унинг ўғли Шоҳрух замонигача туркий тилда ижод қилган кўп шоирлар яшаб ўтди, деб таъкидланмоқда.
88. Шоҳрух Султон (1377 – 1447) – темурий ҳукмдорлардан. Темурнинг тўртинчи ўғли. Улуғбек ва Бойсунғур мирзоларнинг отаси. Унинг 42 йиллик ҳукмронлик даврида Самарқанд, Ҳирот, Марв ва б. жойларда бир қанча истеҳком, бинолар ва иншоотлар қурилди, илм-фан, маданият, адабиёт ривож топди. Навоий бу ерда Шоҳрух замонида туркигўй шоирлар ижод қилгани ҳақида сўз юритмоқда.
89. Саккокий (XIV аср охири ва XV аср биринчи ярми) – туркигўй лирик шоир. Улуғбек Мирзо даврида шуҳрат қозонган. Шоирнинг Улуғбек Мирзо, Халил Султон ва б. нуфузли шахсларга қасидалари бор.
90. Ҳайдар Хоразмий (XIV аср охири – XV аср биринчи ярми) – Низомий Ганжавийнинг «Маҳзан ул-асрор» достони асосида таржима йўсинида ўзига хос бир достон яратган. У Темурийлардан Умаршайхнинг ўғли Искандар Мирзо даврида ижод қилган ва ўз достонини унга бағишлаган.
91. Атоий (XV) – туркигўй, соҳиби девон шоир. Унинг ғиноий шеъриятида мажозий ва ҳақиқий ишқ юксак маҳорат билан тараннум этилган.
92. Муқимий (XV) – ҳиротлик туркигўй шоир. Навоий «Мажолис ун-нафоис» тазкирасининг иккинчи мажлисида бу шоир ҳақида маълумот беради ва унинг тасаввуф истилоҳотини яхши билганини таъкидлайди.
93. Яқиний (XV) – туркигўй шоир ва адиб. Шоирнинг насрда ёзилган «Ўқ ва ёй» мунозараси ўзбек адабиётидаги шу жанрнииг етук намунаси саналади. Навоий ўз тазкирасида бу шоир ҳақида: «Тундроқ машраблиқ (яъни: қўпол, кескин феъл-атворли) киши эрди... охир дамида тавба қилиб, аҳли салоҳ тариқи била кечти», – деб ёзади.
94. Амирий (XIV аср охири – XV аср аввали) туркий ва форсийда равон шеърлар ёзган шоир. Унинг «Даҳнома» номли ғиноий достони ҳам бор. Қабри Бадахшон томонидаги Арҳангсарой деган жойда, деб ёзади Навоий ўз тазкирасида.
95. Гадоий (туғ. 806/1403 – 1404) – туркигўй, соҳиби девон шоир. Унинг ягона девони Париж Миллий китобхонаснда сақланади. Гадоийнинг Шоҳрух набираси (қизининг ўғли) Халил Султонга бағишланган тугалланмаган қасидаси бор. Ўзбек адабиётшунослигида биринчи марта шоир шеърлари 1965 йилда (ношир ва сўзбоши муаллифи С. Ғаниева) ва тўла ҳолда Париж нусхаси асосида 1973 йилда (ношир ва сўзбоши муаллифи Э. Аҳмадхўжаев) босмадан чиққан. Навоий Гадоий шеъриятига ўз «Мажолис ун-нафоис»ида юқори баҳо берган.
96. Лутфий (1366, Ҳиротнинг Деҳиканори – 1465, ўша жой) – туркийда кўпроқ ёзган, форсийда ҳам қалам тебратган шоир. Лутфий девони ғазал, туюқ, қитъа, рубоий, қасида ва фардлардан таркиб топган. Навоий «Мажолис ун-нафоис»да Лутфий форсий ва туркийда ўхшаши йўқ сўз санъаткори бўлганини ва асар охирида у билан бир учрашувини баён этади. «Насойим ул-муҳаббат» асарида Лутфийнинг тасаввуф билимдони эканлигидан далолат берувчи таърифни келтиради. Лутфийнинг Шоҳрух Мирзо, Бойсунғур Мирзо ва Жомийга гўзал қасидалари бор.
Лутфий «Гул ва Наврўз» номли достон яратган дейилади. Лекин бу асар Лутфийга мансуб эмаслиги ҳақида адабиётшунослигимизда мунозаралар олиб борилди, масала ҳамон ҳал бўлмади.
97. Султон Бобур (ваф. 1457, Машҳад) – Абулқосим Бобур Темурий ҳукмронлардан. 1447 – 1457 йилларда Хуросонда шоҳлик қилган. Шоҳрух вафотидан кейин авж олиб кетган Темурий шаҳзодаларнинг ўзаро курашларига дош бера олмай пойтахтни ташлаб кетганлар Бобур тахтга ўтиргач, қайтиб кела бошлаганлар. Улар ораснда Навоийнинг оиласи ҳам бор эди. Навоий ва Ҳусайн Бойқаро ёшликларида ана шу Бобурнинг сарой хизматига кирган эдилар. Абулқосим Бобур маданиятимиз тарихида чуқур из қолдирган шоир, хаттот, адабиёт ва санъат аҳли ҳомийси, «Шоҳномаи Бойсунғурий» номи билан машҳур бўлган гўзал китобат ташаббускори ва иштирокчиси Бойсунғур Мирзонинг ўғли эди.
98. Рустами достон – бу ерда Навоий Ҳусайн Бойқарони Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур «Шоҳнома»си қаҳрамони Рустамга ўхшатмоқда.
99. Соми Наримон – Фирдавсий қаҳрамонларидан, Зобулистон ҳукмдори Рустамнинг бобоси. Бу ерда Навоий Ҳусайн Бойқарони Соми Наримонга ўхшатмоқда.
100. Искандар (мил. ав. 356 й., Пелла – мил. ав. 323 й., Бобул) – Юнондаги Мақзун вилояти ҳукмдори. Шарқда Искандари Зулқарнайн номи билан машҳур. Шарқ адабнётида Искандар ҳақида биринчи достон Фирдавсий «Шоҳнома»си таркибида каёнийларга бағишланган қисмларда келтирилади, Низомий Ганжавий «Искандарнома» («Шарафнома» ва «Иқболнома» деб номланган икки қисмдан иборат), Хусрав Деҳлавий «Ойинаи Искакдарий» номли достонлар яратишган. Жомий ва Навоийларнинг ҳам «Хирадноман Искандарий» ва «Садди Искандарий» достонлари мавжуд. Бу достонларда Искандар одил ва халқпарвар ҳукмрон сифатида таъриф қилинади. Искандар тимсоли Шарқ шеъриятида кўплаб келтирилади. Бу ерда Навоий Ҳусайн Бойқарони Искандарга ўхшатмоқда.
101. Жамшид – ривоятларда Йима, Фирдавсий «Шоҳнома»сидаги қаҳрамонлардан бири, Таҳмураснинг ўғли. 700 йил ҳукмронлик қилган дейилади. Унинг даврида темирдан ҳарбий аслаҳалар, либос тикиш, деҳқончиликка асос солинган. «Наврўз» байрамини ҳам Жамшид жорий этган. Навоий «Тарихи мулуки Ажам»да Жамшидга алоҳида мақола бағишлайди. Бу ерда ҳам шоир Ҳусайн Бойқарони Жамшидга ўхшатмоқда.
102. ар.: «Султон ибн Султон, Ҳоқон ибн Ҳоқон, дин, дунё ва салтанат қуввати Абулғозий Султон Ҳусайн Баҳодирхон Оллоҳ таоло унинг салтанати ва мулкини абадий қилсин, оламни унинг яхшилиги ва кароматидан баҳраманд айласин».
103. 905 ҳ. й. – мил. 1499 – 1500 й.
«МЕЗОН УЛ-АВЗОН»НИНГ ИЗОҲ ВА ТАРЖИМАЛАРИ
Навоийнинг бу асари туркигўй халқларни аруз илмидан баҳраманд этиш ниятида ёзилган. Шоир анъанавий арузга туркий шеъриятга хос бўлган вазнларни, уларнинг баҳрларини қўшди.
«Мезон ул-авзон»дан аввал Шайх Аҳмад Тарозийнинг «Фунуни балоға», кейин эса Бобурнинг «Рисолаи аруз»и туркийда яратилган.
«Мезон ул-авзон» 1993 йилда проф. Камол Эраслан томонидан Туркияда нашр этилаётган Навоий куллиётининг 14-жилди сифатида босмадан чиқди. Ундаги қисқа маълумотномада Навоийнинг ҳаёти, адабий фаолияти ва асарлари адади берилади. Асарлар саноғида «Зубдат ут-таворих» ҳам бор, лекин бу Навоийнинг алоҳида асари бўлмай, «Тарихи анбиё ва ҳукамо» ва «Тарихи мулуки Ажам»га шоир берган умумий номдир.
Киришда Камол Эраслан аруз ва аруз илми, бу соҳадаги Навоий хизмати ҳақида, жаҳон хазиналаридаги «Мезон ул-авзон»нинг қўлёзмалари ҳақида маълумотлар беради. Асар матни сўнгида нусхалардаги фарқлар (3 бет), матннинг ҳозирги турк тилига ўгирилган матни, аруз вазнлари (5 бет) ва аруз атамалари (71 бет) берилгандир.
* * *
1. Тарж. ар.: Оллоҳ мулкини даҳлсиз ва умрини узун қилсин!2. Халил ибн Аҳмад (ваф. 175/791) – Аруз илмининг асосчиси. Арузга оид асари «Китоб ул-айн» деб аталади. Бир ривоятга кўра у аруз ҳақидаги асарини Маккада, бошқасида Басрада ёзган дейилади.
3. Шамс Қайс – Шамсуддин Муҳаммад бин Қайс Розий (ваф. 628/1230 – 31) Эроннинг Рай шаҳрида туғилган. Мовароуннаҳр, Хуросон, Хоразм, Бухоро, Марв, Ироқда яшаган, мўғуллар истилоси йилларида сарсон-саргардонликда машаққатлар чеккан. Унинг «Ал-мўъжам» асари машҳур бўлган.
4. Хожа Насир Тусий (597/1200 – 1201 – 672/1273 – 1274) – «Асос ул-иқтибос» ва «Меъёр ул-ашъор» номли арузга оид асарлари бор.
5. Махдуми Нуран – Абдураҳмон Жомийнинг лақаби.
6. Тарж- ар.: «Суйган нарсаларингизни инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» (Қуръон. «Оли Имрон» сураси, 92-оят).
7. «Пайдар-пай юбориладиган шамоллар ва қутирадиган бўронларга қасам» (Қуръон. «Вар-мурсалат» сураси, 21. 1, 2-оятлар).
8. «[Тақводор зотлар учун] барча дарвозалари очиқ мангу жаннатлар бордир. Унга мангу қолғувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» (Қуръон. «Сод» ва «Зумар» суралари. 50 ва 70-оятлар).
9. Амир Хусрав Деҳлавий – Қаранг: Ушбу китоб, изоҳлар, 311-бет.
10. Амир ал-мўъминин Али – Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (661 йилда қатл қилинган). Муҳаммад пайғамбарнинг амакиваччаси ва куёви. У «хулафо ар-рошидин» (тўғри йўлдан борувчи халифалар) деб аталган («Чорёрлар» ҳам дейдилар) дастлабки тўрт халифадан тўртинчиси. Исломдаги икки асосий оқимлардан бири «шиалик»ни ташкил этган ва шиаларнинг биринчи имоми.
11. Хожа Исмат Бухорий (ваф. 1437) – Бухорода яшаб ижод қилган шоир. Халил Султон саройида хизмат қилган. Халил Султон зиндонбанд этилгандан сўнг у саргардонликка учрайди. Улуғбек тахтга ўтиргач, Исмат Бухорийни саройга таклиф этади. Лекин шоир таклифни қабул қилмайди, у узлатни, дарвешлар орасида бўлишни афзал кўради. Исмат Бухорийнинг 8000 минг байтдан иборат шеърлар девони, «Иброҳим Адҳам» номли маснавийси мавжуд. Шоирнинг тасаввуфий фикрлар, сўфиёна ҳис-туйғулар билан йўғрилган шеърлари халқ орасида машҳур бўлган. Шоирнинг девонида Улуғбекка (13), Халил Султонга (40) ва Темурий шаҳзодаларга бағишланган жамъи 75қасида, 466 ғазал, мухаммас, қитъа ва бошқа шакллардаги шеърлари мавжуд. Бу девон 1987 йилда Теҳронда нашр қилинди. Унга Аҳмад Карамий «Забардаст олим ва порсо ориф» номли (6,5 саҳ.) сўзбоши ёзган. Сўзбошида таъкидланишича, ирфоний жиҳатдан Исмат Бухорий шеърлари Ҳофизга ва равонликда Саъдийга ўхшайди. Шоир «Исмат», «Исматуллоҳ», «Насирий» тахаллусларида ёзган ва охиргисини унга Халил Султон тавсия этган экан.
«ТАРИХИ АНБИЁ ВА ҲУКАМО»ДАГИ ҚУРЪОНИ КАРИМ ОЯТЛАРИ ВА БОШҚА АРАБИЙ ИБОРАЛАР ТАРЖИМАСИ
2. Ва у зот Одамга барча нарсаларнинг исмларнни ўргатди...
(Қуръони мажид «Бақара» сураси, 31-оят. Бундан кейин сура номи ва оятлар рақами берилади).
3. Барча-барча фаришталар унга (яъни, Одамга) сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортти («Ҳижр» – 50).
4. Ва албатта то жазо (қиёмат) кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур («Ҳижр» – 35).
5. Эй одам, сен эса жуфтинг (Ҳавво) билан жаннатни маскан тутиб... («Ҳижр» – 19).
6. ... Мана шу қарғачалик бўла олмадимми? («Моида» – 31).
7. Ва биз уни юксак мартабага кўтардик («Марям» – 57).
8. Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин («Нуҳ» – 26).
9. ... у сенинг аҳлингдан эмас... («Худ» – 46).
10. ... ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам.. (ўлим сизларни топиб олади («Нисо» – 78).
11. Биз: «Эй зулқарнайн, ё уларни азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомалада бўлурсан», – дедик («Қаҳф» – 86).
12. «Мана шу Парвардигорим» («Анъом» – 76).
13. У ҳам ботиб кетгач: «Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман» («Анъом» – 78).
14 .... Экин ўсмайдиган бир водий... («Иброҳим» – 37).
15. Менга кексалик пайтимда Исмоил ва Исҳоқни ҳадия қилган зот – Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин («Иброҳим» – 39).
16. Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдур. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир («Шўро» – 11).
17. «Эй ота, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда килаётган эмиш» («Юсуф» – 4).
18. ... Бу башар (фарзанди) эмас... («Юсуф» – 31).
19. (Айтди:) «Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом олдингизга келишидан илгари унинг қандай таом эканини, таъвилини айтиб бера оламан» («Юсуф» – 37).
20. (Айтди:) «Эй ўғилларим, (Мисрга) бир дарвозадан кирманглар, балки бошқа-бошқа дарвозалардан киринглар!» («Юсуф» – 57).
21. «Эй отажон, мана шу илгари кўрган тушимнинг таъбиридир» («Юсуф» – 100).
22. «Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидирсан» («Аъроф» – 89).
23. Мен сизларнинг энг устун Парвардигорингизман («Зан-нажот» – 24).
24. «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафъи тегса ёки уни бола қилиб олсак...» («Қасос» – 9).
25. Тилимдан тугунни – дудуқликни ечиб юборгин.
26. Менинг ўзим Оллоҳман («Тоҳа» – 27).
27 «Парвардигорим, ўзинг мен учун ҳузурингда – жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу золим қавмдан нажот бергин...» («Таҳрим» – 11).
28. Эй Ҳомон, мен учун бир (баланд) қаср қургин («Ғофир» -36). 29. «...Асойинг билан» денгизни ургин... («Шуаро» – 63).
30. Оллоҳдан, унинг ғазабидан паноҳ тилаймиз ва яна паноҳ тилаймиз. нафсларимизнинг ва амалларимизнинг ёмонлигидан (Дуо).
31. ... Эшитдик ва бўйинсунмадик... («Бақара» – 93).
32. Эй ер, тут (ют) буни.
33. ... Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан урушаверинглар («Моида» – 24).
34. «... Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Ҳорун)га эгаман, холос. Бас, ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин...» («Моида» – 25).
35. У (хизматкор) айтди, «Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, мен балиқни (унга жон кириб, саватдан тушиб кетганини) унутибман» («Қаҳф» – 63).
36. «... ИншоОллоҳ, сен менинг сабр-тоқатли эканимни кўрурсан. Мен бирон ишда сенга осийлик – итоатсизлик қилмасман» («Қаҳф» – 69).
37. «Аниқки, сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!» («Қаҳф» – 72).
38. Айтди: «Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир...» («Қаҳф» – 78).
39. Сабр қилинг, эй онажон, Сиз Оллоҳга яқинлашиб, унинг ризолигини топдингиз. Сиз билан жаннат орасида икки қадамгина қолди.
40. Мусо (ўзининг хизматкори) йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ замонлар кезмагунча юришдан тўхтаманман» («Қаҳф» – 60).
41. Эй Довуд, дарҳақиқат, биз сени ерда халифа қилдик. Сен кишилар орасида ҳақиқат билан ҳукм қил! («Сод» – 26).
42. Улар дедилар: «Қўрқмагин, (Бизлар) биримиз биримизга зулм қилган икки даъволашгувчи (жамоат)дирмиз. Бас, сен бизларнинг ўртамизда ҳақ билан ҳукм қилгин ва (бизлардан бирор тарафга) жабр қилмагин ҳамда бизларни текис – тўғри йўлга бошлагин» («Сод» – 22).
43. Киши ўз нафси туфайли ҳалокатга учрайди.
44. Деди: «Парвардигорим, ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя этгин. Зеро, ёлғиз сенинг ўзинггина (барча яхшиликларни) ҳадя этгувчисан» («Сод» – 35).
45. Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) («Сабаъ» – 12).
46. Ахир улар ўзларича Оллоҳ осмон ва ерни ҳамда улар орасидаги бор нарсани фақат ҳақ (қонун) ва белгиланган муддат билан яратганини (демак ўша муддат битгач, дунё тугаб, охират бошланишини) тафаккур килиб кўрмадиларми? Дарҳақиқат, бу одамлардан кўпчилик қайта тирилиб, Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчилардир.
47. Албатта, у Сулаймондир ва у (мактубда шундан битилгандир): «Меҳрибон ва раҳмдил Оллоҳ номи билан бошлайман. Сизлар менга кибр-ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйсунган ҳолнигизда келингиз!» («Намл» – 27).
48. (Шунда) жинлардан бир паҳлавон айтди: «Мен уни сен ўрнингдан туришингдан илгари сенга келтирурман. Албатта, мен бунга қодир ва ишончлидурман» («Намл» – 39).
49. (Оллоҳ деди:)... «Дарҳақиқат, Биз Сулаймонни имтиҳон қилдик» («Сод» – 34).
50. ... Ва унинг тахти устига жонсиз жасадни ташладик («Сод» – 34).
51. «Аниқки, Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик...» («Луқмон» – 12).
52. (Оллоҳ деди:) «Юнус ҳам, шубҳасиз, пайғамбарлардандир» («Саффон» – 139).
53. «Парвардигорингиз ҳукмига сабр қилинг ва наҳанг балиқ соҳиби (Юнус пайғамбар) каби бесабр бўлманг!» («Қалам» – 48).
54. «... Ҳеч илоҳ йўқ, магар ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилувчилардан бўлиб қолдим...» («Анкабут» – 87).
55. «Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», – деди у Оллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара – бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин» («Бақара» – 259).
56. Яҳудийлар: «Узайр Оллоҳнинг ўғли», – дедилар («Тавба» -30)
57. «... Парвардигорим, мен қиз туғдим». Ҳолбуки, Оллоҳ унинг нима туққанини билгувчироғдир ва ҳар қандай ўғил ва қиз каби (бу қизнинг ўрнини босгувчи) эмасдир «ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга, унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сендан илтижо қиламан» («Оли Имрон» – 33).
58. «Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди...» («Оли Имрон» – 37).
59. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига ҳужрага кирганида, унинг ҳузурида бир ризқ – насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» – деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Оллоҳ ҳузуридандир...» («Олв Имрон» – 37).
60. «Албатта, Оллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур» («Оли Имрон» – 37).
61. Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар... («Оли Имрон» – 38).
62. (Биз унга): «Э Яҳё, Китобни (яъни Тавротни) маҳкам ушлагин, (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат – маърифат ато этдик» («Марям» – 12).
63. Эсланг (Эй Муҳаммад), фаришталар: «Ё Марям, албатта, Оллоҳ сенга ўзининг сўзини хушхабар қилиб берадики, унинг исми ал-Масиҳ Исо бинни Марям бўлиб, дунёю охиратда обрўли ва (Оллоҳнинг) яқинларидап бўлур ҳамда одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапирур ва Солиҳ бандалардан бўлур...» («Оли Имрон» - 46).
64. Эсланг, Исо бинни Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен Оллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридурман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда юборилдим...» («Саф» – 6).
65. «Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясаб, унга пуфласам, у Оллоҳнинг изин – иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларини тузата оламан...» («Оли Имрон» – 49).
66. «Ва Оллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман...» («Оли Имрон» – 49).
67. «... Эй тангрим, Парвардигор, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгилки, у аввалу охиримиз учун байрам ва сенинг оят – мўъжизанг бўлиб қолади. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қилгил. Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан...» («Моида» – 114).
68. Оллоҳдан паноҳ тилаймиз нафсларимизнинг ва амалларимизнинг ёмонлигидан (Дуо).
69. Ҳали улар (яъни, пайғанбар (а. с.)га замондош бўлган яҳудий ва насороларнинг айримлари ўша Асҳобул – Қаҳфни): «Учтадир, тўртинчилари итларидир», – деб гайбга тош отурлар (аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотурлар)... («Қаҳф» – 22).
70. (Улар Қаҳф – ғорларда) уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда ҳам қилдилар («Қаҳф» – 25).
71. Сўнг (яҳудин ва насроний) фирқалар (Исо хусусида) ўзаро ихтилоф қилдилар... («Марям» – 37).
72. Чоҳ эгалари лаънат қилингайлар («Буруж» – 4).
73. (Шеър) Аёлларнинг вафоси ҳақида зикр қилишни қўй. (Уларнинг вафоси) тонгги шабада ва (ёлғон) аҳду паймоннинг ўзидир.
74. Қадр кечаси мниг ондан яхшироқдир («Қаҳф» – 3).
75. Оллоҳ сенга зония хотинларнинг юзини кўрсатсин.
76. Меъдангда таом бўлатуриб, таом ема. Қуръони Қарим оятлари Алоуддин Мансур таржимасидан олинди.
«АРБАЪИН»НИНГ ИЗОҲ ВА ТАРЖИМАЛАРИ
Шарқ адабиётида «арбаъин» анъанаси мавжуд бўлиб, халқ орасида машҳур, энг саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини саралаб олиб, унинг мазмунини бир рубоийда талқин қилинган.
Абдураҳмон Жомийнинг «Чиҳил ҳадис»ини Алишер Навоий туркийга таржима қилган. Шоирнинг нияти, асар муқаддимасида таъкидланганидек, «форсийдонлар идрок айлаган» қирқ ҳадис моҳиятидан туркийзабонларни ҳам баҳраманд қилиш эди. Бу ҳадисларни шеърга солишда эса барча шоирлар уларнинг осон тушунилишини, ёдда сақланилишини ҳам назарда тутганлар.
ҲАДИСИ ШАРИФ ТАРЖИМАЛАРИ
1. Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсани биродарига раво кўрмагунча, чин мўъмин бўлолмайди.
2. Кимки ҳайр-эҳсон қилишда, ноўрин жойларга сарф қилмасликда, яхши одамларни дўст ва ёмон одамларни душман тутишда фақат Оллоҳнинг ризолигини ният қилган бўлса, демак у ўз иймонини бутун сақлайди.
3. Қўлидан ва тилидан мусулмонларга озор етмайдиган кишигина ҳақиқий мусулмондир.
4. Мўъмин кишида икки хислат жамъ бўлмайди: бахиллик ва ёмон хулқлилик.
5. Инсон кексайган сари унда икки хил хислат яшариб боради: дунёга муҳаббат ва орзу-ҳавас.
6. Кимки инсонларга шукр айтмаса Оллоҳга ҳам шукр қилмайди.
7. Одамларга раҳмли бўлмаган кишига Оллоҳнинг ҳам раҳми келмайди.
8. Дунё малъундур, Оллоҳ зикридан бошқа дунёдаги бефойда ишлар ҳам малъундур.
9. Динор ва дирҳамга қул бўлганларга лаънат бўлсин.
10. Доим таҳоратли юргин, таҳорат – тозалик ризқу рўзингни оширади.
11. Мўъмин киши бир тешикдан икки марта чиқолмайди.
12. Ваъда – бу қарздур.
13. Мажлисларда эшитганинг – омонат.
14. Маслаҳатчи – ишончга сазовордир.
15. Қўли очиқлик – фойдадур.
16. Қарз – бу дин узра доғдур.
17. Қаноат – туганмас бойликдир.
18. Тонги уйқу ризқни қисқартиради.
19. Миннат – сахийлик офатидир.
20. Бошқалардаги камчиликни кўриб, ўзини тузатган одам – саодатлидир.
21. Эшитган гапларини ўзгаларга айтиш – инсоннинг гуноҳга ботиши учун кифоядир.
22. Ўлим – бу айни панду насиҳатдур.
23. Инсонларнинг яхшиси – инсонларга фойдаси тегадиганидир.
24. Оллоҳ таоло хушфеъл ва очиқ юзли бандаларини севади.
25. Бир-бирингизга ҳадялар бериб, дўстлашинглар.
26. Яхшиликни чеҳралари очиқ одамлардан кутинглар.
27. Гоҳ-гоҳ кўришганда муҳаббат ошар.
28. Ўз айбини билиб, бошқалар айбини қидирмайдиган одам – хўб яхши одамдур.
29. Ҳақиқий бойлик – бу одамлар қўлидаги нарсалардан ноумид бўлиш, тамаъ қилмасликдур.
30. Ўзига ярашмаган нарсаларни тарк этиш – инсон мусулмончилигининг ҳуснидур.
31. Курашда ғолиб чиққан паҳлавон эмас, балки ғазаби келганда, ўзини босиб олган одам паҳлавондир.
32. Бойлик – молу дунёнинг кўплнги билан эмас, балки нафснинг тўқлиги билан ўлчанади.
33. Ишонмаслик – эҳтиёткорликдир.
34. Илмда бахиллик йўқ.
35. Яхши сўз – садақадур.
36. Кулгининг кўпи – қалб ўлими.
37. Жаннат оналарингиз оёғи остидадур.
38. Ҳамма бало – тилдандур.
39. Бегона аёлларга ташланган ҳар бир назар – шайтон ўқидур.
40. Мўъмин киши қўшниси оч туриб, ўз қорнини тўйғазмайди.
Шул «Арбаъин»га муваффақ этгани учун Оллоҳга шукр. (Муҳаммад) ва унинг барча пок наслига Оллоҳнинг марҳамат ва раҳмати ҳамда саломи бўлсин.
Ҳадисларни Тошкент давлат шарқшунослик институти аспиранти Мансур Асқаров таржима қилган.
«СИРОЖ УЛ-МУСЛИМИН»НИНГ ИЗОҲ ВА ТАРЖИМАЛАРИ
2. Тарж. ар.: Тангри юксак, унга ҳамма талпинувчи ажиб бир зотдир.
3. Шоҳ мажлисларида қатнашиб юрадиган, зийрак ва унга ғоят яқин (айнан жондек ички) ким эса (фикримизча шаҳзодалардан бири) Навоий шеърияти дилларни вайрон ва ислому дин уйини алғов-далғов қилади, ўзи жуда кўп хайрли ишлар қилади, лекин булардан не фойда, яъни ҳисобга ўтармикан, деган фикрни айтади. Навоийда «Ислом уйини маъмур» этадиган бир асар ёзиш нияти пайдо бўлади. Лекин турли юмушларнинг кўплиги бунга имкон бермайди.
4. Самарқандда туғилган ва ўша шаҳарда яшайдиган бир улуғ покиза зот Ҳиротга ташриф буюради. Навоий унинг хизматига шошади.
5. Хожаеким... – Хожа Аҳрор назарда тутилади. Асл исми Хожа Убайдуллоҳ, Тошкентга яқин Боғистон қишлоғида 1404 йилда туғилган ва 1490 йилда Самарқандда вафот этган машҳур шайх, нақшбандийлик валийларидан бири, йирик феодал, нуфузли дин арбоби. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийларнинг муршиди комили Хожа Аҳрор илмда яқинга қадар ўз ҳаққоний баҳосини ола олмаган эди.
Проф. А. И. Болдирев ўз ҳаётининг сўнги йилларида Хожа Аҳрор ҳақида кичик бир тадқиқот яратиб, унинг моҳиятини «Бартольд ўқишлари» (1974 йилда таъсис этилган) номи остида ўтказилиб келинаётган Умумиттифоқ Шарқшунослар анжуманига тақдим этдилар (1982). Маъруза кашфиёт даражасида қабул қилинди ва 1985 йилда Москвада «Феодализм давридаги яқин ва Ўрта Шарқда руҳонийлар ва сиёсий ҳаёт» тўпламида нашр этилди. Унда Хожа Аҳрорнинг аграр фаолияти, «тамға»ни йўқ қилиши, «шариат ва дин аҳкомлари»ни бузувчиларни жиловлаб туриши, Жомий, Навоий ва Бобур талқинида унинг шахсияти ва фаолиятига муносабат, асарлари, хайрли ишлари, бунёдкорлиги, Улуғбек қатлига дахлсизлиги ва ҳ. к.лар бирлашиб, илмдаги унга қарашни ижобий томонга йўналтириш, ҳақиқий баҳосини олиши лозимлиги қаламга олинади.
6. Шиблий – Абубакр Шиблий, машҳур сўфий, комил авлиёлардан. Фаридуддин Аттор «Тазкират ул-авлиё»да Шиблий маноқибларидан 60 та нақл, суҳбатларни келтиради. 945 йилда Бағдодда вафот этган.
7. Зуннун – Абулфайз Субон Зуннун Мисрий, машҳур сўфий. 859 йилда вафот этган. Манбаларда унинг кимё фани билан машғул бўлгани таъкидланади.
8. Убайдуллоҳ – Хожа Аҳрорнинг исми.
9. Жаббор – Оллоҳнинг сифатларидан бири, мажбур қилувчи, демакдир.
10. Тарж. ар.: Ҳеч нарса унга ўхшаш эмас (Қуръон. «Шўро» сураси, 11-оят).
11. Тарж. ар.: билиб ол.
12. Тасмия – «Бисмиллоҳир раҳмонир-раҳим»ни айтмоқ.
13. Такбир – «Оллоҳу акбар» (Оллоҳ улуғдир)ни айтмоқ.
14. Ташаҳҳуд – «ат-таҳиёту лиллоҳи вас-салавоту ват-таййибот.
Ассалому алайка айюҳан-набийю ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ. Ассалому алайно ва ало ибодиллоҳис-солиҳин. Ашҳаду алло илоҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳуади айтмоқ.
15. «Ал-ҳамд» – Қуръони мажиднинг биринчи «Фотиҳа» сураси.
16. Таъаҳҳуд – аҳд қилмоқ.
17. «Аъузу» – «Аузу биллоҳи минаш-шайтонир-рожим»ни айтмоқ.
18. «Самиъоллоҳ» – «Самиъоллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтмоқ.
19. Икки тасбиҳ – бири рукуъ тасбиҳи «Субхона раббиял-азим» ва иккинчиси сажда тасбиҳи «Субҳона раббиял-аъло»ни айтмоқ.
20. 905 ҳ. й. 1499/1500 милодий йилга тўғри келади.
«МУНОЖОТ»НИНГ ИЗОҲ ВА ТАРЖИМАЛАРИ
«Муножот» мундарижасидан маълум бўладики, у «Куллиёт» сўзбошиси эмас, ҳаёти сўнгида ўз асарларидаги ижтимоий, сиёсий, фалсафий ва дунёвий муддаолар, шахсиятидаги давр талаблари, мафкурасига муносабат ҳақида кўп фикр юритган шоирнинг ботиний ҳаяжонлари, армон-ўкинчлари бирлашиб, Оллоҳ наздида тавбалар қилиш эҳтиёжини яратган. «Муножот» ана шундай илтижолар мажмуъидан иборат. Унда мазмун билан шакл узвий боғлиқ. «Муножот» тили – теран тафаккур тили, ҳис-туйғуларга тўла руҳий ҳолат тили. Моҳиятан эса, бу асар келажак авлодларга қаратилгандек. Инсон ўзлиги, маънавий камолот, иймон устуворлиги, эзгуликлар сари интилишга даъват этувчи асар бўлиб, унда бу йўлда тўсиқ бўлувчи жамъики иллатларга қарши туришни ҳам англатади.
1. Тарж. а.: Шонинг олий, эҳсонинг умумий. Ўзингдан ўзга Илоҳ йўкдир, Эй дўст ва қатиъй мавжуд зот.
2. Тарж. а.: улуғлик ва қудрат.
3. Тарж. а.: подшоҳлик ва коинот.
4. Тарж. ар: бўл деса бўлади.
5. Тарж. а.: тўзиган чанг.
6. Тарж. а.: Оллоҳга ўхшаш бирор нарса йўқ.
7. Тарж. а.: у туғмаган ва туғилмаган.
8. Тарж. а.: сенинг мақтовингни айтиб тугата олмаймиз.
9. Наът – пайғамбарни мадҳ этиш, унинг яхши снфатларини мақташ. Шарқ адабиётида «одоби тасниф»га кўра асарлар» Оллоҳнинг «ҳамди» (мақтови, улуғланиши) ва пайғамбар» «наъти» билан бошланган.
10. Тарж. а.: Одам Ато сув билан тупроқ таркибида ётган даврдаёқ мен (Муҳаммад) бор эдим.
11. Тарж. а.: бутун олам ва охирги пайғамбар.
12. Тарж. а.: Менда Оллоҳ билан бирга бўлмоқ учун вақт бор.
13. Тарж. а.: Оллоҳнинг саломлари ва раҳматлари ул зотга, пок оила аъзоларига ва тоза саҳобаларига бўлсин!
14. Тарж. а.: улуғлар улуғи.
15. Тарж. а.: раҳмлилар раҳимлиси.
16. Бу ерда подшоҳ Ҳусайн Бойқаро назарда тутилади. «Муножот» бизда биринчи марта «Ёшлик» журналида (1990, 6-сон. Нашрга тайёрловчи С. Ғаниева), кейин эса, «Боқий сатрлар» сериясида 1991 йилда, алоҳида араб ва жорий ёзувда (С. Ғаниева), рус тилида (С.Ғаниева таржимасида) «Литературная газета»да (Досье – 7. Коран. 1991), шунингдек, инглиз, олман, француз, испан, араб, ҳинд, форс, урду, дари тилларида ҳам чоп этилди («Ўзбекистон» журнали, 1990, 11 – 12-сонлар).
«РИСОЛАИ ТИЙР АНДОХТАН»НИНГ ИЗОҲ ВА ТАРЖИМАЛАРИ
Алишер Навоийга нисбат берилган (Қаранг: Бертельс Е. Э-Навои. М.; Л., 1948; С е м е н о в А. А. Навоий қўлёзмалари тавсифи. Тошкент, 1940) бу ғоят кичик асар аштархонийлардан Абдулазизхон (1645 – 1680) китобхонасига мансуб бир мажмуа таркибида мавжуд, дейилади. Ушбу сатрлар муаллифининг Урфон Отажон билан ҳаммуаллифликда ёзган мақоласида рисоланинг мазмун ва моҳияти ёритилар экан, унинг Навоий қаламига мансублиги ҳақида баъзи далил ва мулоҳазалар билдирилади (Қаранг: «Тафаккур» журнали. 1995 й. 3/4-сон. 120 – 124-бетлар).
1. Тарж. а.: Бутун олимларнинг парвардигорига ҳамду санолар бўлсин, Оллоҳнинг расули ва унинг оила аъзоларига дуои саломлар бўлсин!
2. Одам – Оллоҳ яратган биринчи инсон. «Абулбашар» куняси, «Сафиуллоҳ» (Оллоҳнинг соф қули) лақаби. Халқда Одам Ота деб юритилади. Бу ерда Одам жаннатдан қувилгач,. Оллоҳ унга деҳқончилик қилишни, буғдой экишни буюргани ҳақида сўз кетади.
3. Жаброил – Оллоҳ билан пайғамбар ўртасидагн воситачи, ваҳий келтирувчи тўрт фариштанинг бири. Унинг «Руҳ ул-амин» лақаби бор.
4. Саъди Ваққос – Муҳаммад пайғамбар саҳобаларидан бири.
5. Амир ал-мўъминин – Алн ибн Абу Толнб (661 йилда қатл қилинган). Исломда «Хулафо ар-рошидин» (тўғри йўлдан борувчи халифалар), халқ орасида «чорёрлар» деб аталувчи тўрт халифанинг тўртинчиси, Муҳаммад пайғамбарнинг куёви ва амакиваччаси. Исломдаги икки асосий оқимдан бири «шиа» (арабча «гуруҳ» демакдир)ни Али ташкил қилган.
«Амир ал-мўъминин» Ҳазрат Алининг лақабидир. Навоий Ҳазрат Алининг «Наср ул-лаолий» (насрий гавҳарлар) номли асарида жамъланган ҳикматларининг ҳар бирини бир рубоийда талқин қилган (268 та) ва асарига «Назм ул-жавоҳир» (назмий-шеърлар жавҳарлар) деб ном берган. Адабиётда Али ажойиб саркарда ва жасур шахс сифатида таъриф қилинади.
6. Шафиқи Балхий – машҳур шайхлардан. Фаридуддин Аттор Иброҳим Адҳам тариқатини олган эди, деб ёзади («Тазкират ул-авлиё», 232-6.). Шафиқи Балхий 174/790 – 791 йилда. Мовароуннаҳрда дунёдан ўтган.