Зиҳи исминг азим, раҳмонлиғу раҳимлиғинг – вожибут-таъзим. Исм – сенинг исминг ва раҳмонлиқ ва раҳимлиқ – сенинг қисминг, сен – ганж ва офариниш – тилисминг. Исминг жамъи сифоти – асмои ҳусно, раҳмонлиғ ва раҳимлиғингға юз минг ҳамду сано. Раҳим ҳам сен, раҳмон ҳам сен, азим ҳам сен, субҳон ҳам сен. СубҳонОллоҳ, не кибриёву азаматдурким, сендин ўзгага вужуд итлоқи бўҳтон ва туҳматдур. Зотинг – қайюми барҳақ, вужудунг боқийи мутлақ. Сендин ўзга мавжуд кўрунганлар намуди бенамуд, балки нобуду номавжуд, вужуд ва мавжуддин сен мақсуд. Таоло шаънука ва амма эҳсонука ва ло илоҳа ғайрука. Ё вадуд ва Маъбуди вожиб ул-вужуд1.
ҲАМД. Илоҳи, азамат ва жабарут2 сенинг шаънингдадур ва мулку малакут3 – сенинг ҳукму фармонингда, азалиятингға бидоят йўқ ва абадиятингға ҳадду ниҳоят йўқ. Даҳр гулшанида ҳар гиёҳу яфроғ – сенинг ҳамдингға зокир ва сипеҳр анжуманида ҳар ҳарфу авроқ – сенинг неъматингға шокир. Жамолиятинг бўстонида секиз учмоқ – бир райҳони дилнавоз ва жалолиятинг зиндонида етти тамуғ – бир самуми жонгудоз. Ҳашаматинг боргоҳида бир шамма – меҳри мунир ва санъатинг коргоҳида бир лавҳа – сипеҳри асир. Юз бу оламча мавжуд этай десанг, «кун фаякун»4 иборати анга кофий ва минг ончани маъдум этай десанг, «ҳабоан мансуро»5 ишорати анга вофий. Ваҳдоният сифатида шарику вазирдин мубарро ва фардоният сийратида волиду валаддин муарро. Илминг дарёсидин ҳар гавҳар нужум дураридин покроқ, мулкунг саҳросидин ҳар лола қуёш машъалидин оташнокроқ. Бемонандлиғингға «лайсака мислихи шайъун»6 гувоҳи содиқ, бепайвандлиғингға «лам ялид ва лам юлад»7 далили мувофиқ. Ҳар негаким ташбиҳ қилинса ўхшамассен, яхши боқилса ул сандин дурур ва сен ул эмассен. Ҳамдингда такаллум аҳли тили қосир, сипосингда мутакаллимлар ажздин мутаҳаййир. Бу бобда «лонуҳси саноан алайка»8 мазкур бўлур, ҳар неча балоғат лофин урган дам урмаса, маъзур бўлур.
НАЪТ9. Улки, «кунту набийян ва Одаму байналмои ваттин»10 мазмуни анбиёга муқаддамдур, «раҳматан лил-оламин ва хотамун набиййин»11 мантуқи била аларга муаххар ва хотамдур, ҳабиби Ҳазрати Илоҳ Муҳаммад расулуллоҳ саллаллоҳи алайҳи васалламдур. Юз йигирма тўрт минг анбиёйи мурсал хилқатидин мурод ул ва барча анга хайл ва ўн секиз минг олам ихтироъидин мақсуд – ул ва офариниш анга туфайл. Нубувват тахтида ҳумоюн фарқи узра тож, анбиёву расул хайлида соҳибмеърож, аввалину охирин халқи анинг шафоатиға муҳтож. Буроқи иноят анинг маркаби улви хироми ва Жибрили ҳидоят анинг пайки барқгоми, лайлат ул-меърож анинг шабистони ва «ли маъОллоҳи вақтун»12 анинг мақоми. «Салавотуллоҳу алайҳи ва ало олиҳит-таййибин ва асҳобиҳит-тоҳирин»13.
МУНОЖОТ. Илоҳи, акрам ул-акрамин14 – сен ва мен – гуноҳкор.
Илоҳи, арҳам ар-роҳимин15 – сен ва мен тийрарўзгор.
Илоҳи, агарчи журму исёндин ўзга ишим йўқ, аммо сендин ўзга ҳам кишим йўқ.
Илоҳи, йўқ эрдим бор эттинг, тифл эрдим, улуғлар жарғасиға қоттинг, аммо нафсу ҳаво елидин зуҳдум ниҳолин ушоттинг ва офиятим хайлин ёзуқ сипоҳи турктозидин тарқаттинг.
Илоҳи, ёмон афъолимдин паришонлиғим чўқтур ва шум нафсимда пушаймонлиқ йўқтур, мундоқ балодин қутулурға уммидим сендин-ўқтур.
Илоҳи, ўзлук ёмонлиғидин ўзлугум била ўта олмайдурмен ва яхшиларнинг этагин ёмонлиғим уётидин тута олмайдурмен.
Илоҳи, йиллар ибодат қилғонни рад қилсанг, ҳеч яхшилик ким дахл қила олмас ва қарилар исён қилғанни қабул қилсанг, ҳикматин ҳеч киши била олмас.
Илоҳи, Одам хилофот тахтининг муставжиби ўзиму бўлди, сенинг тақдиринг бўлмай шайтон мухолифатининг сўзиму бўлди?..
Илоҳи, бергучисен ҳам фисқу фужурни, ҳам зуҳд, ҳам вараъни, аларнинг туҳматин бир неча ожизға боғламоқ не яъни?
Илоҳи, иноятингға уммидворменким, гуноҳим беҳаддур ва раҳматингға сазоворменким, хатову саҳвум беададдур.
Илоҳи, дарди ҳолимни ҳар кимга айтсам, рад қилса, санга таважжуҳ эткаймен ва агар сен рад қилсанг, неткаймен ва кимга кеткаймен?
Илоҳи, сенинг йўлунгда туфроғ етса, тўтиёдур ва кесак йўлуқса, кимёдур, ғайрингдин қизил олтун қора туфроғдек беқадру камбаҳодур.
Илоҳи, ёмонлиғимдин агарчи кўп аламим бор, ғамхорим сен бўлсанг, не ғамим бор.
Илоҳи, дунё майли риштасин кўнглумдин ўз ва нафсоният тийралиғида ҳидоят шамъи била ўзунг сори йўл кўргуз.
Илоҳи, ул узун йўл ва қатиғ водийда иноятинг била йўлда ва анинг қатъида аёғим тойилса, дастгирлигинг била қўлда.
Илоҳи, бу йўл сайрида шайтонни теграмга ёвутма, агар ул адув йўл урса зуҳдумдин не келгай, иноятингни ўксутма.
Илоҳи, тақвие берки, нафси ғаддор анга забун бўлсун, вараъе насиб қилки, шайтони нобакор боши анинг аёғида нигун бўлсун.
Илоҳи, ғафлат уйқусидамен, бедор қил ва жаҳолат мастлигидамен, ҳушёр қил.
Илоҳи, ул бедорлиғни огоҳликка еткур ва бу хушёрлиғни беиштибоҳликка уландур.
Илоҳи, душмандур шайтони хийланамой манга ва нафси худройдур корфармой манга, бу варталарда дастгир бўлмасанг, вой манга.
Илоҳи, агар хислатим эгридур, ниятим туздур, бу жиҳатдин агар қўрқунчум бордур, аммо уммедим бирга юздур.
Илоҳи агар афъолимға боқсам, уёт ўлтурур ва сенинг карамингни соғинсам, уммид танимға жон келтурур.
Илоҳи, сендин ёмонлиғ келмас ва мендин яхшилиғ,сен яхшисен ва мен ёмон. Ҳар кимга ўзига муносибдур қилиғ. Тикан иши санчилмоқ учун, ани куйдурмак муносибдур, баҳор файзи ом учун, анга гул мусоҳибдур.
Илоҳи, туфроғдин эл кўзига тийралик етар ва қуёш ашиъа била олам аҳли кўзин равшан этар.
Илоҳи, чун ҳар не қилилур санга тақдирдур, қилғучиға қилмоқта не тадбирдур.
Илоҳи, тақдир қилғанингни қилурға не ихтиёр, қилмасмен демакка кимнинг ҳадди бор.
Илоҳи, агарчи залолатқа тушубмен, аммо ҳидоятингға талабгормен ва агарчи тамуғ ўтиға тушкали ёвушубмен, аммо раҳматингдин умидвормен.
Илоҳи, умидимни карамингдин маъдум қилма ва раҳматингни халойиққа ом қилғонда мени ҳам маҳрум қилма.
Илоҳи, агар дастгир сен бўлмасанг, асо ҳамону ит ғунжиси ҳамон ва агар пардапўш сен бўлмасанг, ридо ҳамону эшак арғамчиси ҳамон.
Илоҳи, тоатингға ҳавасим бор, аммо нафска забунмен, ибодатингға мултамасим бор, аммо гирифтори ишқу жунунмен.
Илоҳи, лаҳву ҳаво майидин мастмен, ужбу риё жомидин майпарастмен, бу дастовизлар била шайтонға ҳамдастмен.
Илоҳи, париузорларға мени девона қилдинг ва шамъи рухсорларға кўнглумни парвона қилдинг, бу сабаблардин расволиғ била оламға афсона қилдинг.
Илоҳи, неча мусалсал зулф савдосидин бўйнумда занжир бўлғай ва муанбар хол хаёлидин кўнглум асир, санга тақдир бу навъ эрса, манга не тадбир?
Илоҳи, кўнглум кишвари қаро кирпиклар ясоли яғмосидин бузуқтур ва сабрим уйи гулранг узорлар хўйи селидин йиқуқтур.
Илоҳи, ҳар оташин лаъл менинг ўт тушкан жонимдин намудор ва ҳар сероб ғунчада менинг кўп пайкон кўнглум шакли падидор. Бу офатларнинг иложи сенга осондур, менга душвор.
Илоҳи, шўхи чобукларға чевиланда ҳар ён шитоб солурсен ва аларнинг ҳар ён шитобидин менинг ошуфта кўнглумға ҳар дам изтироб солурсен.
Илоҳи, аларға ул шитобдин қарор йўқ ва менга бу изтиробдин ихтиёр йўқ. Аларнинг дилраболиғи ҳам – сендин ва ошуфта кўнглумнинг мубталолиғи ҳам – сендин.
Илоҳи, бирав ҳуснига малоҳат берурсён ва анинг тузин менинг кўнглум жароҳатиға сепурсен.
Илоҳи, бирав мижаси нишин заҳролуд этарсен ва унинг нўгин менинг яралиғ бағримға санчарсен.
Илоҳи, шамъ ҳусни безанмаги ҳам сендин ва парвона жони ўртанмаги ҳам сендин.
Илоҳи, гул узориға дилафрўзлук ҳам сен бердинг ва булбул фиғону зориға жигарсўзлуқ ҳам сен бердинг. Агар қайси шамъи гулрух ишқи ўтинким кўнглумға солдинг, парвона ва булбулдек сабру қароримни олдинг.
Илоҳи, агар ишқ суубатидин базм туздум ва май сели офатидин тақво ва зуҳдум уйин буздум. Ул не май ичмак ва аёғ тутмак эрдиким, аёғ-аёғ қон ютмоқ эрди.
Илоҳи, агар ҳажр шиддатидин туганлар ўртадим, дину ислом мазраъида хирманлар ўртадим.
Илоҳи, ҳар туган саводидин офиятим рухсорин қаро қилдим ва анинг дудидин имоним рўзгорин қаро қилдим.
Илоҳи, агар ҳавасдин бош-аёғ яланг ҳар ён югурдум, бошдин-аёғим ёмон эрканин халойиққа билдурдум.
Илоҳи, агар шавқ жунунидин кўксумга тош урдум, ул тош била нангу номусум шишасин синдурдум.
Илоҳи, гоҳи бу жунундин атфол тошин бошимға ёғдурдум, гоҳи аҳбоб маломати нишин кўнглумга еткурдум.
Илоҳи, қайси исён тийралиғи билаким, офиятим юзи қорормади, қайси бедод суубатиким, мен қаро юзлукка бормади.
Илоҳи, йигитлиғим бу навъ ҳам қатиғ ўтти, ҳам ачиғ, қарилиғда юз қатла ўзумни ўлтурсам не асиғ.
Илоҳи, эмди ҳамким, барчадин кечмак хаёлин қилурмен, ўзлугум била кеча олмон, яқин билурмен.
Илоҳи, андоқки, бу балоларға солдинг, қутқор ва андоқким, бу ибтилоларға киюрдунг, чиқор.
Илоҳи, мен тавба қилдим дегандин не суд, сен тавба бергилки, ҳам Таввобсену ҳам Маъбуд.
Илоҳи, намозеки, эл бўлмағунча қилмағаймен, худнамолиғдур ва ул намоз учун хирқаву ридо худоройлиғдур.
Илоҳи, ул намойишу оройишдин кўнглумни мубарро қилғил ва бу навъ шайтон либосидин пайкаримни муарро этгил.
Илоҳи, тоатқа тавфиқ берсанг, риёдин асра ва ибодатқа йўл кўргузсанг, хатодин асра.
Илоҳи, ул тоатки, ужб келтургай, кўнглумга ёвутма ва ул маъсиятким узрға еткургай, тилимдин йироқ тутма.
Илоҳи, беилож дардға алил қилма ва бемурувват номардга залил қилма.
Илоҳи, беасллар мазаллатидин асра ва бедиёнатлар туҳматидин асра.
Илоҳи, жоҳил суҳбатиға побанд этма ва арозил ҳашматиға ҳожатманд этма.
Илоҳи, носипослар маломатидин йироқ тут ва ҳақшунослар хусусиятидин қироқ тут.
Илоҳи, кўнглумни дарду шавқинг муҳаббати била овут ва кўзумни надомат ашки селоби била равшан тут.
Илоҳи, тилимни неъмати беқиёсингға шокир айла ва кўнглумни ҳамду сипосингга зокир айла.
Илоҳи, қаламимға ҳамдинг рақамиға машғуллук бер ва рақамимға халойиқ кўнглиға мақбуллуқ бер.
Илоҳи, замиримға худписандлиғни ёвутма ва хотиримни эл нафъи айбжўлуғиға тутма.
Илоҳи, хаёлимни ниёзу дард аҳлиға мойил, тут ва ниёзим кўзин дардмандлар аёғи туфроғи била ёрут.
Илоҳи подшоҳи Исломни16 муслимин бошиға тутқил бардавом, яъни бандаларнинг устиға кўланкангни қил мустадом, то шоҳу гадоға дуогўйлиқ қилмиш бўлғаймен, вассалом.