Топ рейтинг www.uz
ҒАЗАЛЛАР

501

Хилвате топиб сени жисмим аро жон айласам,
Балки жон хилват саройи ичра пинҳон айласам.

Хилват элдин ёшурун, хилват аро тан ёшурун,
Танда жон янглиғ сени жон ичра пинҳон айласам.

Анда ҳам жон пардасин ҳар сори осиб сатр учун,
Васлинг ихфосин нечаким бўлғай имкон айласам.

Чун бу хилват ичра не ўзлук эрур маҳрам, не мен,
Ҳар не номаҳрамдурур ўздин паришон айласам.

Дафъ ўлуб ағёр, топсам ёр ул хилват аро,
Безабонлиг бирла шарҳи дарди ҳижрон айласам.

Умри боқий топқамен бир лаҳза ушбу жон аро
Ўзни беҳуд, кўзни рухсорингға ҳайрон айласам.

Эй Навоий, дема иқрор айла ишқи таркини,
Ким инонғай, гар ўзумга буйла бўҳтон айласам.

502
Жафо ҳам қилмадинг ҳар неча кўз ҳуснунгға олдурдум,
Қиё ҳам боқмадинг ҳар нечаким оллингда телмурдум.

Васият  қилди  қабри бошида Фарҳод  ила  Мажнун,
Жунун саҳросида ул тошларким кўксума урдум.

Яролар анжум ўлди қон шафақ ул ой фироқида,
Хаданги оҳким ўтган кеча гардунға ёғдурдум.

Фироқим шоми андин тийрадурким, дуди анжумнн
Қаро қилмиш туганлардинки ҳижронингда куйдурдум.

Лабинг ёди чекиб жон риштасин солди яна танға,
Кўзунг бедодидин жонни неча азмиға еткурдум.

Жунунум шўъласин афзунроқ этти, ул пари отқан
Не ўқким ҳажри туғёни аро кўксумда синдурдум.

Ажал бедодидин хоки таним юз шукрким тинди,
Ки ҳижрон ўртаган жонимни жононимға топшурдум.

Қазоға, рози ўлким ғусса вақти қилмади суде,
Неча кавкабни мужрим қилдиму гардунни ёзғурдум.  

Хуморимдин садову сарзаниш зуҳд аҳлидин ҳар дам,
Чиқиб майхонадин мунча  бало бошимға келтурдум.

Ҳаволам қилса пири дайр бут, ё муғбача зуннор,
Не чора чун қўюб масжид фано дайриға юз урдум.

Навоийдек ёруғлуқ ул замон топтимки, ўзлукни
Фано ўтиға ўртаб,  кулни  доғи  кўкка  совурдум.

503
Жунундин уйла туфроғ ўлди жисми ранжпарвардим,
Ки ҳар тош урсалар атфол жисмимға чиқар гардим.

Неча ҳажринда  ўлгум оҳу ашкимдин  солиб  тўфон
Вале қўйманг кўрага келса сарви нозпарвардим.

Йўлида баски қўйдум чеҳра, санчилған хасу хошок,
Сомонлар билки чекмиш қаҳрабодек чеҳраи зардим.

Паё-пай не экин абри баҳоридин чақин тўкмак,
Булут ичра бир учқун солди гўё шўълаи дардим.

Қуюндек гар талаб даштида йўқ мен етмаган водий,
Не ғам саргашталикдин учраса моҳи жаҳонгардим.

Вафо  бўстонин ашким  бирла сероб айладим, умри
Эрур ғам новаки сарвим, бағир парголаси вардим.

Муҳиқдур, эй Навоий, ул пари мендин малул ўлмоқ,
Нединким кўйида девоналиғни ҳаддин ўткардим.

504
Неча ҳижрондин бузуғ кўнглумда бўлғай дам-бадам,
Ғам уза ғам, дард уза дарду, алам узра алам.

Ёр ҳижрони ватан таркию ғурбат шиддати,
Чарх бедодию даврон меҳнати, эл жаври ҳам.

Сабр озидин азоб, андуҳ кўпидин изтироб,
Ашкдин сайли бало, оҳ ўтидин ҳар дам алам.

Субҳу шом эмгак кўпидин кўнглума юз минг бало,
Шом то субҳ уйқу йўқдин жонима  юз минг ситам.

Барча бир сари менгаю ёр заъфи бир сари,
Қош анга сиҳҳат бўлуб, бўлғай менга юз мунча ғам.

Садқа айларга анга лойиқ менга йўқ туҳфаи
Хаста жоним нақди бордур элт, эй пайки ҳарам.

Эй Навоий, шарҳи ҳолимни дедим ирсол этай,
Сўзидин ҳам сафҳаға ўт тушти, ҳам куйди қалам.

505
Бўлди равзан-равзан ул қотил ҳадангидин таним,
Ғусса чархи бу таним, дард анжуми ул равзаним.

Айламиш зулфунг хаёли рўзгоримни қаро,
Оҳ дудидин қорормайдур  мақому  масканим.

Ҳар тараф ул навъ ёпушмиш яролар қонидин,
Ким қуруғ жисмим уза бўлмиш тери пироҳаним.

Дема жон бермак фанин ўрган доғи васлини топ,
Сен висолинг фикрин этгилким, эрур ул худ фаним.

Қотиғ аҳволимға йиғлайдурған элни дема дўст,
Дўстлар ўлмиш, ўлум ҳолиға етмиш душманим.

Дайр эшигинда таним дафн айласанг, эй муғбача,
Бода лойидин гаҳи топқай иморат мадфаним.

Дашт аро сурди Навоий жону кўнглум сайдини
Ким, букун ов азми қилмиш қотили сайд афканим.

506
Ишқ ўтидин танда андоқ саъб ўлубтур куймагим,
Қим шарарлар торидин гўё тўқулмиш кўнглагим.

Бағриму кўнглум итингга тўъмалиқ душвор эди,
Шукрким чок ўлди ишқинг тиғи бирла кўкрагим.

Заъфдин кўюнгга бордим сурганиб атфолдек,
Раҳм қилғилким, бу йўлда хаддин ошти эмгагим.

Дема уйқусиз кўзунг ҳажрим туни очилмади,
Не қила олғай ажал уйқуси бирла сергагим.

Бир қадам вайронима қўйким, ғамингдин туну кун
Юзга илгимдур сутун, туфроққа ботиб тирсагим.

Дард кўрким дев сийратлар биладур ул пари,
Гарчи бор андин малак ҳайлиға доғи тиргагим.

Эй Навоий, ҳажридин йиллар куюб, ул бевафо
Демадиким, найлар ул ушшоқ ичинда эртагим.

507
Қайғудин кўнглум ториқмиштур, кўнгулдин қайғу ҳам,
Жониға етмиш бу ғамгиндин улу андин бу ҳам.

Фурқатингдин не тирикмен, не ўлук, ваҳ, не ажаб,
Элга ҳолимдин гаҳ ўлса йиғламоқ, гаҳ кулгу ҳам.

Ваҳки, эмди тушга ҳам кирмас висолинг негаким,
Кўздин андоқким ўчар васлинг ўчубтур уйқу ҳам.

Уйла оҳимдин жаҳондур тийраким, заъфим чоғи
Оғзима қўймоққа топилмас ёруқ бир кўзгу ҳам.

Лаълдур қон йўқ кўзимда, не учунким боғламиш
Совуғ оҳим шиддатидин анда қон, балким су ҳам.

Интиҳоси ишқнинг ҳижрон эмиш, эй аҳли ишқ,
Васли даврони аро мағрур бўлманг асру ҳам.

Эй Навоий, мен киму ул ой висоли базми, лек
Басдур ул давлатки, ўлтурсам йироқтин ўтру ҳам.

508
Чархдин гар ҳар дам эрмас бир азоға куймагим,
Нега тиккан сойи чок ўлмоқ керактур кўнглагим.

Саҳл эрур кўнглакки ҳижрон ўқию ғам тиғидин,
Тикмагу чок айламакка мубталодур кўкрагим.

Ҳар замон кўздин ёшим эмгаклаган бир ёшдек,
Майл этар туфроққа, ваҳ, ўлтургуси бу эмгагим.

Бежигар бўлсам бало тортарға эмди, ваҳ, не тонг,
Борди кўздин чун бағир  парголасидин кўпрагим.

Ҳар тонг эрта чекса гардун субҳ тиғин қатлима,
Тонг эмаским бордур ул душманлар ичра эртагим.

Айшу роҳат қушларин сайд айлай олмон, гарчи бор
Кўз ёшидин донаю жон риштасидин илмагим.

Эй Навоий, буки гардун эврулур фонусдек,
Кўнглига кор этти гўё шамъ янглиғ куймагим.

509
Васлинг истаб ўқдек этгай эрди суръат пайкарим,
Найлайинким, ҳажр  ўқи  пайконларидур  лангарим.


Оташин лаълинг ғамидин ўртаниб қон йиғласам,
Гоҳ қондин, гоҳи ўтдин лаългундур пайкарим.

Кўзу мужгонингдин айру уйқу йўқ мен хастаға
Ким, момуғ янглиғ тикан бирла тўладур бистарим.

Эй ниҳоли ноз оҳимдин ҳазар қилким, букун
Кўп кўҳан пайкар шажарни йиққудекдур сарсарим.

Ул қуёш аксин май ичра кўргали ошифтамен,
Не ажаб ошифталиқким, суға тушмиш ахтарим.

Мен озибмен йўлдину бас тийрадур ҳижрон туни,
Толе ўл, эй кавкаби иқболу бўлғил ёварим.

Эй Навоий, не ажаб, гар назмим элни йиғлатур,
Ким ёзилмиш ҳажр ўтининг дудасидин дафтарим.

510
Менки, даврон зулмидур кўнглимга, балким жонға ҳам
Найлай олғаймен ангаким зулм этар давронға ҳам.


Кўр ғамим афзунлуғин ҳар дамки, ашким хайлининг
Қатраси баҳр ўлди эмди айланибтур қайғу ҳам.

Ёпмангиз Фарҳод ила Мажнунниким меҳнат тўзи
Сатр учун басдур менга ҳам, ул икки урёнға ҳам.

То топибмен ишқ ўти бирла тиғинг заҳрини
Исо анфосиға боқмон, чашмайи ҳайвонға ҳам.

Гоҳ кўнглум ғунчасин истар, гаҳи пайконини
Ким, кўнгул борур муносиб ғунчаға, пайконға ҳам.

Нилуфар нақш айлаб айвонингға  мағрур ўлмаким,
Йўқ вафо нақши чу бу нилуфари айвонға ҳам.


Муддаийлар чун Навоий ишқин англаб, жониға,
Қасд қилғанлар эмиш бори денгиз жононға ҳам.


511

Фурқати заъфида қон ёш ичра ётмиш пайкарим,
Гулузоримдек қизил атласдин ўлмиш бистарим.


Юз бало ашким аритти, ёр шод ўлса не тонг,
Ким тулуъ этти саодат матлаъидин ахтарим.

Оташин лаълинг ғами қонлиғ танамға солди ўт,
Учқунум гулбарг ўлуб, лаъл ўлғусидур ахгарим.


Оҳ шояд кўйи сори элтгай деб шодмен,
Гарчи гард ўлди йўлинда жисми меҳнатпарварим.

Уйла ҳижрон бирла хўй эттимки гар дерлар биров
Ёри бирла васл топмишдур, эмасдур боварим.


Итларинг синған сафоли ичра бўлдум дурдкаш,
Бўлмасун ҳаргиз тиҳи ул бодадин бу соғарим.


Эй Навоий, ҳажр ўқидин пар чиқармоқ не осиғ,
Чун парирўюмға етмакка ярамас бу парим.

512

Етгач ул қотил, эрур бўғзумда икки бармоғим,
Тиғи ўрнин кўргузуб, сургил дебон ёлбормоғим.

Васли жомининг агар муфрит эмас кайфияти,   
Бас қачон келгач, менинг недур ўзумдин бормоғим.

Ҳажр тирноғи била кўнглумниким қилдим фигор,
Бўлмасун ғайринг демакдиндур бу навъ ахтармоғим.


Баски шавқунг ғолиб ўлмиш телбалардек, эй пари,
Йўқтурур тун-кун хаёлинг бирла сўзлаб хормоғим.


Ҳажр аро йўқким висол, истаб ўлум, истаб эрур
Фурқатингдин ўзни бир тадбир ила қутқармоғим.


Соқиё, таклиф ила ич дема, тўлдур, доғи кўр,
Ким аёғнинг нақшини элтур қариб сипқармоғим.

Эй Навоий, тортайин дермен кўнгулдин интиқом,
Йўқса юз ғамин анга ҳар дам недур бошқармоғим.


513

Сендин айру то асири дарди ҳижрон қолмишам,
Буки ўлмай қолмишам, ҳолимға ҳайрон қолмишам.


Хонумонимни ғаминг торожи барбод айлади,
Хонумон бориб алоҳону аломон қолмишам.


Ишқ даштининг самуми ҳулласин айлай паноҳ,
Ҳайли ғам яғмосидин мундоқки урён қолмишам.


Дарду ғамдин ёшуна олмон камоли заъфдин,
Хурдабинларнинг кўзидин гарчи пинҳон қолмишам.


Даштдин Фарҳоду Мажнунни йиғиб мушфиқлари,
Мен ғариб ул навъким ғули биёбон қолмишам.


Васли даври жомидин аҳбоб сармаст ўлдилар,
Дайр аро тик бир мен-ўқ махмури даврон қолмишам.

Эй Навоий, учти булбуллар хазонда боғдин,
Мен қанотсиз қуш масаллик айлаб афғон қолмишам.

514

Ёр тиғи қатл уруб, мен ҳажри майли қилмадим,
Кўнглум олиб қовди, мен кўнглум била айрилмадим.


Зулм ила овора айлар чоғда ўлтургил дебон
Не тазаллумларки ул қотил қошинда қилмадим.

Кўнглум олурда умиди меҳр ила зор айлади,
Дилраболар зор этиб, бемеҳр ўлурни билмадим.


Ошиқ ўлманг дермен, эй аҳбоб, панд айланг қабул,
Мен нелар кўрдум чу эл пандин кўзумга илмадим.


Лаҳза-лаҳза ҳажр ўти чекти алам узра алам,
Ўттиму бир лаҳзаким ул шўълаға ёқилмадим.

Ҳажрдин бор эрса ранжинг туну кун бўл мастким,
То менга бу нукта кашф ўлди яна ойилмадим.


Оғзи ҳажридин  Навоийдек  адам  саҳросида
Иттим андоқким, ўзум ҳам истабон топилмадим.

515

Эмас жунундин агар тоғларда бўлса қарорим
Ки,  қолди  баҳри  сиришким  тубида мулку диёрим.

Жамолинг ойнасин хат чу тийра айлади, ўлдум,
Не айб қилса қуёш кўзгусини тийра ғуборим.

Чу итларинг ялади қонларимни захмларидин,
Ғариб марҳам эди буки топти жисми фигорим.

Сиришк қони чу нақш айлади нигор етишти,
Биҳишт қилди бузуғ манзилимни нақшу нигорим.

Ҳалоким ул қаду юздин чу бўлди, туфроғим узра
Бўлур чу сарв уза гул экилса шамъи мазорим.


Қадаҳ олиб лаби жонбахшинга қуй оғзима, соқин,
Ки жонни айлагудекдур ҳалок ранжи хумморим.


Навоиё, су агар қилса тошни, не осиғдур,
Нигор кўнглига қилмас асар чу нолайи зорим.

516

Қайси тақвий хирманин ишқ ўтидин куйдурмадим,
Қайси тавба нахлини нафс илгидин синдурмадим.


Турмай оқса кўздин ашким не ажабким, тавбадин
Гарчи кўп сўз дедим, аммо бир сўзумга турмадим.


Хўблар ишқида кўз бирла кўнгул бедодидин
Не балиятларки, мунглуғ бошима келтурмадим.

Жом барқидинму зуҳдум хирманин кул қилмадим,
Бода сайлидинму ақлим қасрини индурмадим.


Лоларуҳлардинму ҳар дам қилмадим ашкимни қон,
Сарвқадлардинму гардунға фиғон еткурмадим.


Дайр пири илгидинким, боғладим зуннорни,
Муғбача оллида мусҳафни магар куйдурмадим.


Қайси шўхи бодапаймо базмидин сургач мени
Нангсизликдин йироғроқдин туруб телмурмадим.


Масти лояъқил яқо йиртуқ, аёғу бош яланг,
Йиғламоқдин кимни ўз аҳволима кулдурмадим.


Ёраб, ўз тавбамға йўқтур эътимоде, сен магар
Тавба бергайсенки, мен айтиб бажо келтурмадим.

Бермадинг тавфиқ, йўқса не учун ҳар қатлаким,
Тавба синдурдум, ўзумни ғуссадин ўлтурмадим.

Эй Навоий, истасанг тинмоқ, ишинг тангрига сол
Йўқса мен саъй айлабон сендин кўнгул тиндурмадим.


517

Итингки борди қилиб тўъма бағриму юрагим,
Оқарғусидур  анинг интизоридин сўнгагим.


Фироқ ўти юрагимни су айлаб оқизди,
Чекарга ҳажр ғами эмди йўқтурур юрагим.

Этак-этак гуҳар оллингда сочсам эрмас айб,
Ки кўз хазонасидин дам-бадам тўлар этагим.

Майим фироқ аро хуноби ғамдурур, май эмас
Хаёл бирла лабинг қанди чун эрур газагим.

Тикан нишониму гулдек кафингдадур ёхуд
Етишгач анда кўзум қолди ёпушуб нинагим.

Сипеҳр зулмиға йўқ чора зулмдин ўзга,
Бу ишда ақлдин эрмас таҳаммул айламагим.

Висолин истадим, очти саҳар яди байзо.
Навоиё, ажаб ар мустажоб эрур тилагим.

518

Фироқ ўтидин анингдек қизибдурур баданим
Ким, они сокин этар жонда ўртаган туганим.

Ғамингда уйла ўлуклар ҳисоби бўлмишмен, .
Ки ҳужра мадфану идбор гардидур кафаним.

Сиришк баҳри аро уйла хўй қилмишмен,
Ки су кишисидек ўлмиш тенгиз аро ватаним.

Фаришталиқ тиламен, истарам итинг бўлсам,
Агар бўлур эса зулфунг камандидин расаним.

Агарчи юз тугон ул ғамза тегди бағримға,
Юз очсанг очқуси юз гул бағирда ҳар туганим.

Хуш улки, йиғлар эдим зор-зор дайрда  маст,
Санам ғамидин ўлуб чок-чок пираҳаним.


Навоиё, қани ул файз, хонақаҳ ичра
Азимат этки, эрур хушроқ анда-ўқ эканим.

519

Онча йиғлатти жафодин дўстдур деб севганим,
Ким кулар аҳволима ҳар қайда кўрса душманим.


Дўстким қилған мени бедоди душман кулгуси,
Буйла душман комлиқдин яхшироқдур ўлганим.


Дўст душмандин менга кўпрак чу еткургай жафо,
Не ажаб гар эмди душмандўстлуғ бўлғай фаним.


Урса душман захм эрур марҳам, таваққуъ дўстдин,
Иккиси захм урса тонг йўқ чок-чок ўлмоқ таним.


Таъна бирла бузма, эй душман, кўнгул уйин доғи,
Ушбу баским дўст зулмидин бузулмиш масканим.


Дўстға жон бердиму душмандур эмди ваҳ, не тонг,
Ўртаса ҳам дўст, ҳам душманни оҳу шеваним.


Эй Навоий, дўст худ йўқ, ваҳ, не ҳолатдурки, бор
Бошим узра душман икки дийдайи тардоманим.


520

Фироқ тиғи ҳалокидин онча эмгандим,
Ки етса доғи ажал ўлмагимга ўргандим.

Ерим гар ўлса томуқ, кўп кўрунмагай муҳриқ,
Фироқ шўъласиға мунчаким мен ўртандим.


Ҳалок даштида итган кўнгул топилмади ҳеч,
Қуюн киби неча ким ҳар ёнға айландим.

Ўқурда руқъайи ҳажрин узулди тори ҳаёт,
Нединки тордек азбас ўзумга тўлғондим.

Эмас бошимдин аёқ оҳ дуди бирла қаро,
Фироқ дашти самумида буйла чургондим.

Демангки хум киби дайр ичра сокин ўлким, мек
Суруд унига магар ҳол этарда тебрандим.


Навоиё, ўтубон умр ғафлат ичра, дариғ,
Ки сўнгғи уйқуға кўз майл этарда уйғондим.

521

Ҳажри мундоқки узар бир-биридин пайвандим,
Кўргай эл ҳар итининг оғзида бир паркандим.


Тори умрум ажал илгидин узулса ғам эмас,
Тори зулфунгға агар маҳкам эрур пайвандим.

Носиҳо, ошиқу девонамену масти хароб,
Сенга не от қўяр эл буки дегайсен пандим.

Қоматинг ҳожат эрур элга  раво қил ани ким,
Навмид ўлмасун оллингда  бу ҳожатмандим


Кўзга десам неча ёшингни назардин солдинг,
Дерки ғаммоздурур гарчи эрур фарзандим.

Соқиё, ўт киби ёдинг била кулбамни ёрут,
Ким хумор ичра ул ўт ҳасратидин ўртандим.

Айлай олмон сафари дашти бало ўзлук ила,
Эй Навоий, негаким асру оғирдур бандим.

522

Ҳар киши ёр оллида дер чинни ҳам, ёлғонни ҳам,
Ваҳким, ул бовар қилур воқени ҳам, бўҳтонни ҳам.


Жонға еттим, муҳталиб асҳобидин, ул дилрабо
Уйлаким кўнглумни олди, кош олса жонни ҳам.


Муддаийлар буйла ҳамроз ўлсалар ёр оллида,
Ўзга тутмоқ фарздур ўлмакин, бал ҳижронни ҳам.

Сўз дей олурлар гаҳу бегаҳ, маҳаллу бемаҳал,
Бас маҳалдур тарк қилсам мулку хонумонни ҳам.

Чунки бағрим қонини кўз йўлидин оқиздилар,
Дам-бадамдурким, сувабтурлар саросар қонни ҳам.

Эй кўнгул, даҳр аҳлиға йўқ ваъдаю паймон дуруст,
Неча куйгунг сен доғи уз ваъдаву паймонни ҳам.

Ҳошалиллоҳким, Навоий айлагай тарки вафо,
Бевафо кофирлар олса жонни ҳам имонни ҳам.


523

Нўши лабини ҳар неча сўрдум ўсонмадим,
Ичмак била ҳаёт зилолини қонмадим.


Зоҳид дедики, раҳн этибон хирқа дайр аро,
Қилмишсен анда бутқа доғи сажда, тонмадим.


Муғ пири май бериб, тилади жонни муғбача,
Ҳар неки дедилар .қилуридин тожонмадим.

Сархайл эдим бу кеча харобот аҳлиға
Ул салтанатни лек ўзумга инонмадим.

Ақл этти манъ муғбачаву дайрдин басе,
Кўп ўкди ҳуру равзани лекин бегонмадим.

Шукр, эй кўнгулки, бўлмадим афлок жавридин,
Ошифта холу жоми майға дағи қувонмадим.


Азм эттим, эй Навоий, ул ой сари бу кеча,
Маҳвашлар очти шўълайи рухсору ёнмадим.


524

Ўтуб санамлар аро ҳар бирига кўз солдим,
Сенинг жамолингга етгач кўзум боқиб қолдим.


Не тиғ солмоқ эрур чун юзунгга кўз солғач
Бошимни доғи бурунроқ аёғингга солдим.


Не ўтдурур буки етмас экач эриб оқти,
Урарға кўксума ердин не тошниким олдим.

Сариғ узору қуруқ жисмима фироқ ели
Етиб сомонни совурған мисоли қўзғолдим.

Қадам яна талабингда бошимдин итгумдур,
Нединки пўя урардин қадам била толдим.


Не бўлди қофила солор ўзлукум юкидин
Холос қилсаки, бу йўлда асру товшолдим.

Навоиё,  дема  жисмингда мунча захм  недур,
Фироқ чанги қитолида бўйла тўғролдим.


525

Зиҳи биҳишти жамолинг келиб менинг чаманим,
Хату юзунг бу беҳишт ичра сабзаю саманим.


Хатинг вафосида ўлдум, не тонгки ҳашр куни
Вафо хати била нақш ўлса сарбасар кафаним.

Не навъ мўр киби судрай ўзни кўюнг аро,
Ки мўр судрагудек бўлди заъфдин баданим.

Ғаминг нечукки кўнгул кунжини ватан қилмиш,
Ғамингда гўшаи  вайронаидурур  ватаним.


Гар ўлмасам итинг ул зулф тобидин недурур,
Ёр узра судраладурған бўюндағи расаним.

Қадаҳқа садқа бўлуб бода шамъидин куйсам,
Эмас ғарнбки  парвонамен,  эрур  бу фаним.

Навоиё, менга васли маҳол эрур, басдур,
Муяссар ўлса йироқтин наззора айлаганим.

526

Эй ҳуш улким офият кунжи менга эрди мақом,
Сураи ваш-шамсу валлайл эрди вирди субҳу шом.

Субҳ андин хилватимда нафҳайи рухул қудс,
Шом мундин кунжи фақрим равзаси доруссалом.

Сайди субҳам донаси бирла малойик қушлари
Анда қўймай риштаи зуҳди риёи бирла дом.

Не бировнинг қомати раъносидин нолам бийик,
Не кишининг ғамзаи жодусидин уйқум ҳаром.

Не ичимда лоларухлар ишқидин қонлиғ тугон,
Не бошимда сиймбарлар васлидин савдойи хом.

Ҳам кўнгулдин нозанинлар талъати бўлған унут,
Ҳам назардин маҳжабинлар суврати борған тамом.

Шоҳ базмида кўзумга жилва қилди офати,
Мен ўзумдин бордим, ул билмон қаён қилди хиром.

Тушмиш ўт жонимға ул дамдин бери ул навъким,
Жон бериб ўлмакни топмон айлабон юз иҳтимом.


Ҳуш кетти, ақл итти, қолмади жону кўнгул,
Ишқ чекти зуҳд ила тақволаримга интиқом.

Ёр ғойиб, халқ ғофил, дард муҳлик найлайин,
Додима ким етгай илло шоҳи гардун ихтишом.

Эй Навоий, шоҳдин дардинг иложи бўлмаса,
Бош олиб кетгил уруб оворалиғ даштиға гом.

527

Йўқ дема гар оғзингни дедим нуқтайи мавҳум,
Ким  онча доғи  бўлмади ақл оллида маълум.


Рухсоринг уза хатму экин ё қалами сунъ
Кун сафҳасиға тун рақамин айлади марқум.

Жонимға кўзунг зулми эмас зулм будур зулм,
Ким мен туратурғач тилагайсен яна мазлум.


Тонг йўқ агар ул юз ёрутур тира уюмни,
Меҳр ўлди чу мавжуд қилур сояни маъдум.

Ҳуш аҳли сени билмасу мен телба билурмен
Ким, келди пари шеваси девонаға маълум.

Ман важҳи бер, эй шайх, менга чун дираминг бор
Ким, бухл эрур барча малул оллида мазмум.


Лаълинг майи ёдидин эрур маст Навоий,
Йўқдурур андоқ яна бир фосиҳи маҳрум.


528

Куяр ҳажрингда жисми нотавоним,
Не жисми нотавонким, хаста жоним.

Гар ўлтурсанг мени қил тиғ ила қатл,
Ки бўлсук кўюнга оғишта қоним.

Фироқинг сўзидин бир шўъла ўтмеи
Уни ул шўъланинг сўзон фиғоним!

Мени қовма эшикдин чун итингмен,
Ажаб йўқким, эрур кўюнг маконим.

Ёриб кўксум сени жонимға тортай,
Тараҳҳум қил кўруб доғи ниҳоним.

Амон бермас эди даврон жафоси,
Харобот ўлмаса дорил амоним.

Анинг кўйида қабрим қил, Навоий,
Дер эрсангким, етишсун ерга ёним.

529

Ул қуёш васлида ўзни рашкдин гум айларам,
Соядин ёнимда тебрангач таваҳҳум айларам.

Ул пари кўнглумдадурким, сўзлашурмен демаким,
Телбаликдин ўз-ўзум бирла такаллум айларам.


Шоми ҳажрим тонгсиз ўлмиш, не ажаб гар ажздин
Шомдек йиғламсиниб, тонгдек табассум айларам.


Қатли ҳукми айласанг ўлтуртубон ушшоқни,
Ишқ аро чунким мен акмалмен тақаддум айларам.

Элга раҳм этмон уқубатлар била қатл айласанг.
Ўз-ўзумга  маҳзи хирмондин тараҳҳум  айларам.

Поклик зоти гар эрмастур сулук ичра, не суд,
Баҳру барда гар таҳорат, гар таяммум айларам.

Эй Навоий, то муқаррар қилдйм оҳанги Ҳижоз,
Гар Ироқу гар Ажам сори тараннум айларам.

530

Не куи келғайки, келгай нозаниним,
Не хуш, бўлғайки, бўлғай ҳамнишиним.

Саодат хатлари қилмиш ҳувайдо,
Итинг чангига суртилган жабиним.

Эрур ул шўх отқан каж гуруҳа
Кўнгул ганжи аро дурри саминим.

Недин ул кўз чекар ўқ гўшалардин,
Гар ўлтурмакка қилмайдур каминим.

Тегурма оташин лаълингға бода
Ким, ул ўтдин куяр жони ғаминим.

Кетур, эй муғбача, жоми муғона,
Эрур олсанг, баҳоси нақди диним.

Навоий, не осиғ, жононға етмас
Наволарким, чекар жони хазиним.

531

Не тонг гар муҳлик ўлса дуди оҳим имтидоди ҳам,
Ки бир ҳижрон тунича бор анинг қадди саводи ҳам.

Лаби  бирла  менги васфин ёзай десам муносибдур,
Варақ жон сафҳаси доғим қаросидин мидоди ҳам.


Агар бир дам унутсам они ҳақдин истарам ўлмак,
Агарчи ўлтурур ҳар дам  мени бедилни ёди ҳам.


Тутулмиш зулфунга лекин юз очсанг очилур кўнглум,
Сенинг илгингдадур ул телбанинг банди кушоди ҳам.


Ҳаётим нахлини ҳажрингда ашким сайли чун йиқти,
Мадад қилди нигун айларда оҳим тунди-боди ҳам.


Уқубатлар била ҳажрида ўлтурсанг мени, эй ишқ,
Жаҳон аҳли аро ибрат учун еткур муноди ҳам.

Керакмас ғарра бўлмоқ шоҳиди давлат бош индурса
Ки, барҳамлиқ эрур онинг саломи хайрбоди ҳам.

Мени зуҳди риёйи сори тарғиб эттинг, эй зоҳид,
Салоҳи бор эса, зоҳирдурур онинг фасоди ҳам.

Навоий эгнига қуйдунг сабу, ичмакка дайр аҳли
Бу эрди умрлар, эй муғбача, онинг  муроди ҳам.

532

Чу бердим жонни қилма зулм расму қатл ойин ҳам,
Қатилинг бўлдум урма новаки ғам ханжари кин ҳам.

Лабинг шавқида бир девонаи банди наботи Миср,
Сочинг савдосида  бир пўстпўши нофаи Чин ҳам.

Юзунг васфин деб ўтган тун дури ашким тўкар эрдим,
Тутуб боғ кейнин ой кирди қаро туфроққа Парвин ҳам.

Лабинг ҳушум олиб қон ёш юзумга тўкса айб эрмас,
Мукаййиф лаъли майдин маст ўлур эл, чеҳра рангин ҳам.


Чу сен сархуш чиқиб, кўнглакча рахшингға бериб жавлон,
Бўлуб  шайдо кўнгул  беҳол, ақл  маслаҳатбин ҳам.


Кўнгул сўзин қиличинг қилди гум не айб оҳ урсам,
Су урғач ўтқа ортар дуд топса шўъла таскин ҳам.

Жамолингға ниҳоят йўқлуғи ишқим кибидурким,
Эмас мумкин демак миқдорин этмак, балки тахмин ҳам.

Неча насрин баргу гулрух эсанг қилғил вафо майли,
Ки гул ҳам бевафолиғ кўрди бу гулшанда, насрин ҳам.

Навоий маст бутқа сажда қилса не ажаб, эй шайх,
Ки чун дайр ичра кирди ақли учти бошидин дин ҳам.

533

Тутқали ширин лабин шоҳи шакардур бармоғим,
Баски сўрмоқдин они  айрилғудектур тирноғим.

Истарам кўр айлагай наззора аҳлин рашкдин,
Гар сабо таҳрикидин кўйига борса туфроғим.

Васли байъиға тўкуб эл сийму мен ёрдим юрак,
Қомима мушкилки етгаймен бу бўлса ёрмоғим.


Барқ эмаским, ўт чақармен даҳрни куйдургали,
Тоғ ила бўлмиш янги ой чунки тошу чақмоғим.

Ишқ аро Фарҳод ила Мажнун шеригимдур, валек
Дарду ғам чекмакта менча йўқ бу икки ўртоғим.


Дема махмур ўлсанг ўзни солмағил, эй муғбача,
Истарам бўлғай фано дайрида ўзин солмоғим.


Эй Навоий, дема умрунг ўтти, ишқу майдин ўт,
То тирикмен эрмас ушбу икки иш айлар чоғим.

534

Эй пари, раҳм этки кўнглум зор эрур, бечора ҳам,
Ишқу савдо даштида Мажнун эрур, овора ҳам.


Тандағи пайконлару ашким ёрутмас уйниким,
Дуди оҳимдин қорормиш собиту сайёра ҳам.

Захми кўп бағримни тикмак мумкин эрмас, эй рафиқ,
Ким эрур юз пораю мажруҳ эрур ҳар пора ҳам.


Васли иқболию мен ҳайҳотким, рухсорини
Тоқатим йўқтур йироқтин қилғали наззора ҳам.

Уйла су қилди бало кўхсорини оҳим ўти,
Ким олиб кўксумга урғунча топилмас хора ҳам.

Чарх макру фитнасидин ғофил ўлманг зинҳор,
Чунки бу шоҳид басе фаттон эрур маккора ҳам.

Телбараб иттим Навоийдек жунун саҳросида,
Қилмади ёдимни ҳаргиз  бир  пари рухсора ҳам.

535

Яна ишқ аро мен асиру ҳазин ҳам,
Бориб ҳажр торожиға ақлу дин ҳам.

Бадан дардидин ранжаву хаста доғи,
Кўнгул ҳажридин зору андуҳкин ҳам.

Юзунгдин чаманда сув бориб ўзидин,
Қизармиш уётдин гули оташин ҳам.

Ғаминг тошидин  йўқки захм ўлди  бошим,
Йўлунг туфроғидин ёпилмиш жабин ҳам.

Кўзунг Чин ғизолию остида холинг
Анинг нофасидин топиб  мушки чин  ҳам.

Бўлуб сожид ул бутқа ширк аҳли йўқ, йўқ,
Демон ширк аҳлики аҳли яқин ҳам.

Навоий жаҳондин не нафъ олса бўлғай,
Ки зиндон эрур марг айлаб камин ҳам.

536

Ҳажр ароким, ўзни май бирла фасона айларам,
Йиғламоққа  бода  ичмакни  баҳона  айларам.


Лаългун ҳар майки ичтим ул майи лаб ҳажридин,
Кўздин ашки лаългун янглиғ равона айларам.


То ичармен май қадаҳдек йиғларам беҳуд бўлуб,
Топмасам бир дам фиғоне беҳудона анларам.


Заврақи май бўлмаса, билким, ўлармен, эй рафиқ,
Ғусса баҳридин анинг бирла гарона айларам.


То тўла қуйсун дебон соқий менга етгач қадаҳ,
Ташқи даври хаттини онинг нишона айларам.


Соқиё, тут бодаким, кўпрак мени мабҳут этар
Нечаким андишаи бу корхона айларам.


Не осиғ чун ёр кўнгли айламас бу ён кашиш,
Эй Навоий, нечаким дилкаш тарона айларам.

537

Ёғлиғинг илгимда,  ашкимни  равона  айларам,
Кўзга суртуб, ашк аритмоғни баҳона айларам.


Ул кўзумга чун етиб таскин топиб гирёнлиғи,
Кўздин  олғач  яна  ашкимни равона  айларам.


Яна етгач кўзга ашким  турса  олурмен ани,
Яна борса чораси бу навъ ёна айларам.

Кўзда кирпикларни тиллар айлабон ҳар ториға
Заъф ҳолим кўз тили бирла фасона айларам.


Балки ҳар ториға жоним риштасин чирмаштуруб,
Жонима касби ҳаёти жовидона айларам.


Бир қадаҳ қуйсангки, тутса муғбача, эй пири дайр,
Нақди дин сармояйи жоми муғона айларам.


Эй Навоий, токи бўлмишмен фано дайрида маст,
Ақлу дин ташвишидин фориғ тарона айларам.

538

Ҳирқайи зуҳд ўртамак кўнглум шиори айладим,
Субҳа торин уздуму гугурд тори айладим.

Чун туташти ўт, бир овуч донасин тасбеҳнинг
Устига сочмоқ била ул ўт шарори айладим.

Дафтару сажжодаю  наълайнини  ҳам  дам-бадам
Ташламоқ бирла равон ул шўъла сори айладим.


Зуҳду тақво балки чун ўзлук нишони қолмади,
Расми сайр  айлаб фано дайри гузори айладим.

Ичмайин бир журъа андоқ жилва қилди муғбача
Ким, қошида сажда қилмоқ ихтиёри айладим.

Мунча давлат касбиким айлаб экин олам аро
Ким, фано иқболидин мен хаста бори айладим.

Эй Навоий, менда бир жон нақди қолмиш эрди бас,
Шукр, они ҳам маю мутриб нисори айладим.


539

Кўнглум ичра ишқ ўти ёқмоқни ангез айладим,
Куйдуруб ўзлукни онинг шўъласин тез айладим.


Ул нари ишқида куйдурдум малойикдин қанот,
Дуди оҳимники ҳар дам оташангез айладим.

Қадду рухсори учун оҳим ўтининг шўъласин,
Шоми ғам гоҳи ҳавойи, гоҳи гулрез айладим.

Гулбуни қаддиға эл кўнгли осилмиш ғунчадек,
Мундин ул нахли бало васфин диловез айладим.


Остонингға бош урмоқтин агар топтим садо,
Ашку ул туфроғдин они сандаломез айладнм.

Соқиё, ман тутки, ул айёмнинг ғадрин қувлай
Ким, қадаҳдин зуҳд ранжи бирла парҳез айладим.

Эй Навоий, бир париваш туркнинг мажнунимен,
Йўқ ажаб ҳар қайда рахшин сурди мен хез айладим.

540

Сенсиз ашким ёмғури сайлини тўфон айладим,
Ким анинг туғёнидин оламни вайрон айладим.

Буйла тўфонға кўзумни абр этиб наърамни раъд,
Оҳ ўти учқунларин барқи дурахшон айладим.

Йўқки кўнглум шўъласидин даҳр аро солдим бир ўт
Ким, томуғни эл кўзига боғи ризвон айладим.


Мунча, бал юз мунча ҳам эрмас экин мингдин бири,
Улча мен ул ойдин айру шоми ҳижрон айладим.


Саъб эрур ҳажр ўлманг, эй аҳбоб ошиқ зинҳор
Ким, бу иш таҳқиқини мен улча имкон айладим.

Севганим бу аҳд аро майдур, қани паймонае
Ким, киши севмакдин эмди аҳду паймон айладим.

Эй Навоий, ишқ таркинким дедим, маъзур тут
Ким, муҳиқдурмен бу ишда гарчи туғён айладим.

541

Содаваш ёрим  бағоят пурфан эрмиш англадим,
Ошкоро дўст, пинҳон душман эрмиш англадим.


Мен муқайяд ҳажр зиндондаю аҳбоб ила
Ҳар кун ул гулрухқа азми гулшан эрмиш, англадим.

Мен бу ҳижрон тунида зор ўлдиму бўлмас саҳар,
Шамъ ҳар оҳим  ўтидин  равшан эрмиш англадим.


Дам-бадам оҳим ўтиким чиқти кўнглум захмидин,
Ўқидин бу кулба равзан-раззан эрмиш, англадим.


Лаълидин эл жон тилаб мен жон бериб мардудмен,
Хотириға қайси иш мустаҳсан эрмиш, англадим.


Бу чаманда кўнглакин гул чок айлардин иши,
Булбул аҳволиға ҳар кун шеван эрмиш англадим.

Эй Навоий, буки, кўнглунгни биров сайд айламиш,
Ғам ема ул чобуки сайдафкан эрмиш, англадим.


542

Ҳуснунга ҳайратдин ўлди барча бесомонлиғим,
Мен киму сомон чу ортар ҳар нафас ҳайронлиғим.

Кўйида тун-кун кезай дермен ниҳон қолмас валек.
Оҳ ўтию ашк қони рангидин пинҳонлиғим.

Ғайр хошокин агар совурмас эрсам, бас недур,
Кўйи даврида қуюндек мунча саргардонлиғим.

Ул этак қоним била кўргузди гулгун ҳошия,
Не ажаб тутсам ани бу дам чу улдур қонлиғим.

Тифллар тоши теримни элтибон қолди сўнгак,
Ул пари савдосида бордур ажаб урёнлиғим.

Дину дунё нақдини сочтим, чу кирдим дайр аро,
Бу эди аввал қадаҳ ичганда ўт афшонлиғим.

Деди зоҳид ул паридин ҳур умиди бирла кеч,
Эй Навоий, бўлмағай бу ҳадғача нодонлиғим.

543

Жонима доғе қўюбтур лаълинг узра холким,
Кўнглума ўт тушмиш андин юзга бурқаъ солким.


Тушмай эл кўнглида ҳам ўтки онинг рашкидин
Бийм эрур, бўлғоймен андоқ музтару беҳолким.

Ашк сайли айлагай овора кўюнгдин мени,
Бу сифат оворалиғдин  айла фориғболким.

Гарчи Мажнунмен сенинг кўюнгни-ўқ айлаб ватан,
Анда-ўқ бўлсам бўлай бозичаи атфолким.


Ёғса урён жисмима тош анда айлармен қабул,
Ўзга ерда гар ёғар гул айларам ихмолким.

Анда ёққан тош эрур жаннат гулидин яхшироқ,
Бу жиҳатдин анда бўлмоқ истарам помолким.

Қатл қилғайсен мени бир кун вале айтур кўнгул,
Эй Навоий, кеч бу сўздин сен ким, ул қаттол ким?!

544

Ер маълум айлади ошиқлиғу шайдолиғим,
Ваҳ, не зоҳир бўлди расволиғ уза расволиғим.

Ул паридин айру бас девоналиғдин девмен,
Заъфу қавмоғдин эмас кўйида нопайдолиғим.

Туфроғ ўлдум ул қуёш ҳажриндаю суд этмади,
Чархи сойирдек ани истай жаҳон паймолиғим.


Гарчи тушти шамъдек бошимда ўт бўйнумға тиғ,
Бўлмади кам шоми ҳижронингда побаржолиғим.


Ҳусн аро чун уйла фард ўлдунгки йўқ ҳамто сенга,
Ишқинг ичра хуш келур халқ аҳлидин танҳолиғим.


Соқиё, май берки, бу дайри кўхан авзоида
Бўлди ўз нодонлиғимни  англамоқ донолиғим.

Эй Навоий, кўп ниҳон туттум ва лекин оқибат
Ёр  маълум  айлади ошиқлиғу шайдолиғим.

545

То ўюлди ханжари ҳажринг била гирён кўзум,
Ул танур ўлдики, зоҳир айлади тўфон кўзум.

Вола ул сувратқа, жоно, то бўлубтурмен, эрур
Суврати бежон кўзидек ул тараф ҳайрон кўзум.


Дедим этгил оразннг бирла кўзунг васфин, деди:
Оразим даври қамар, сарфитнаи даврон кўзум.


Ашкидин юз сори чун зоҳир қилур дурри самин,
Гўйиё кўз мардуми ғаввос эрур, уммон кўзум.


Бўлди бир гулгун бўялған шамънинг хам шўъласи,
Қилғали рангин сиришкидин танимни қон кўзум.


Чун керактур пок кўз манзури бўлмоқ пок юз,
То юзунг бор, ўзга юз кўрмак эмас имкон кўзум.

Эй Навоий, йўқ ҳадим ул шўхни кўрмакка, лек
Ҳар қаён азм этса, асрар ғайрдин пинҳон кўзум.

546

Нега қон ёшим оқизди дилситоним билмадим,
Не гуноҳ айлаб эдимким тўкти қоним билмадим.

Демадинг ғамдин кўзумга кеча уйқу келмади,
Маст эдим буким бийик бўлмиш фиғоним билмадим

Теманг кўнглунг қаниким, ҳажрдин беҳуш эдим
Қай сари борғанни ул бехонумоним билмадим.

Васлдин сўз деб бу янглиғ таънига хуш келмасин
Билмадим, эй қотили номеҳрибоним билмадим.


Истадим сўзин лабинг тишлаб мени қилдинг ҳалок,
...        қилмагингни қасди жоннм билмадим.

Ўзлукумдин ранжа эрдим ичкали жоми фано,
Беҳуд ўлдум уйлаким ному нишоним билмадим.

Эй Навоий, ошиқ ўлғанда дедим қолғай ниҳон,
Бўйлаким оламни тутқай достоним билмадим.


547

Ул қуёш юзлукни ҳар тун ёд қилмоқдур ишим,
Ўз-ўзумга то саҳар бедод қилмоқдур ишим.

Баски фарёд айламакдин ҳар дам ўздин борибон,
Ҳолима келгач яна фарёд қилмоқдур ишим.


Телбалардек ҳар дам айтиб ул пари афсонасин,
Топмайин мақтаъ яна бунёд қилмоқдур ишим.


Ашк этиб сабрим уйин вайрону ҳар дам оҳ ила,
Ул бузуғнинг туфроғин барбод қилмоқдур ишим.

Нахли қаддин чун хаёл айлаб қўюб туфроққа бош,
Саждаи ул сарви хуризод қилмоқдур ишим.


Ҳажру шавқу чарх муҳлик зулми ичра ҳар нафас
Ўзни юз бедод ила мўътод қилмоқдур ишим.

Ғамдин ўлмасликка  боисдур  муҳол  андишаким,
Васл умиди бирла ўзни шод қилмоқдур ишим.

Ваҳки, ер тутмас неча ҳар лаҳза шайдо кўнглума
Сабру тоқат шевасин иршод қилмоқдур ишим.

Йиғласам таскин топар кўнглум, Навоий, войким,
Ул бузуғни сайл ила обод қилмоқдур ишим.

548

Юзунг ғамидин  эрур  абри  навбаҳор кўзум,
Не айб ер юзини қилса лолазор кўзум.

Саводу қони била бир ғариб лола эрур,
Ки  лолазор басе қилди ошкор кўзум.

Не қони лола эрур, не саводи доғи анинг
Ки,  қўйди ҳажр ўтидин доғи интизор  кўзум.

Агарчи қилди мени хору зор кўнглуму бас,
Валек айлади кўнглумни хору зор кўзум.

Не кону баҳр экинким, лабу тишинг ғамидин
Гулу суманға қилур лаълу дур нисор кўзум.

Буким қорорди чу тар доман эрдию ғаммоз
Фироқ шомидадур тийра рўзгор кўзум.

Навоий айла назар таркини деманг, чунким
Мен ихтиёр этибон, қилмас ихтиёр кўзум.

549

Қон ютуб умри жаҳон аҳлида бир ёр нстадим,
Лекин ул камрак топилди, гарчи бисёр истадим.

Кимгаким жоним фидо айлаб соғиндим, ёр эрур,
Эрмас эрди ёрлиғда чун вафодор истадим.

Билмадим олам элида йўқтурур мутлақ вафо,
Ваҳки, умри улча йўқтур соғиниб бор истадим.

Улки топилмас башар жинсида, ваҳ, ғафлат кўрунг,
Ким пари хайлида мен девонаи зор истадим.

Сирри ишқимни кўнгул кўз бирла фош этмак не тонг,
Қалбу тардоманни чун мен соҳиб асрор истадим.


Шайх бирла хонақаҳдин чун ёруғлуқ топмадим,
Дайр пири хизматиға кўйи хаммор истадим.

Эй Навоий, чун рафиқе топмадим бу ғуссадин,
Ўзни бекаслик балосиға гирифтор истадим.

550

Жавҳари пайконларингнинг маҳзани жон истадим,
Жондин ортуқ туҳфани жон ичра пинҳон истадим.


Тарки ишқ иршод қилдим кўнглума, қатл  айладинг
Бу эди журмумки, кофирни мусулмон истадим.

Эй сабо, девона кўнглумдин хабар топқилки, мен
Топмадим, чун ул пари кўйида ҳар ён истадим.


Зулм аро қошинг кўрунгач бўлмади зоҳир ҳилол,
Шоми ийд они сипеҳр узра фаровон истадим.


Васл аро аҳбоб ила ул золим онча қўйди доғ
Ким, ул ўтқа тўзмагандин доғи ҳижрон истадим.

Хонақаҳ аҳли азобидин май эттим орзу,
Зоҳидо, ўлдум деганда оби ҳайвон истадим.

Эй Навоий, ишқ аро ўлсанг доғи васл истама,
Ким муяссар бўлмади мен улча имкон истадим.

551

Сочинг саводиға ҳаргиз назора айламадим,
Ки дуди оҳ ила оламни қора айламадим.

Йўлунгда кимса бошни кўрмадимки, ғайратдин
Бошини ерга уруб пора-пора айламадим.


Бағирни чоклар этгандин айлама инкор,
Мен они тиғ ила худ мунча ёра айламадим.

Менга ғаминг аро бечоралиғдурур чора,
Не ғам агар мени бечора чора айламадим.

Яранг ҳисобини касратдин англамон, эй ишқ,
Санаб туганмади йўқким шумора айламадим.

Таваккул айлаю кир ишқ кўйига, эй шайх,
Ки мен қилурда бу азм истихора айламадим.

Навоий оҳини ифшои ишқ учун ёзғур,
Ки кўнглунг ўтини мен ошкора айламадим.

552

Лоларўюм бордию ишқин ниҳони асрадим,
Кўзда қон, кўнгул аро доғин ниҳони асрадим.

Айлади бир оҳ дуди бирла элга ошкор,
Ишқи ўтин неча кўнглумда ниҳони  асрадим.

Ҳар замон кўнглум ҳалок ўлса не ғам, чун жон аро.
Лаблари шавқидин оби зиндагоний асрадим.


Зойил эрмас ишқ бир  соат кўнгулдин,  войким,
Они жонимға балойи жовидони асрадим.


Бўлса меҳмоним ити, кўнглумни қилса тўъма ҳам,
Айб эмас невчунки мундоқ кунга они асрадим.


Нақди жонимни бериб май келтурунг, эй дўстлар,
Ким ани ичмак учун бир дўстгони асрадим.


Хонумоним гар қаро бўлди, Навоий, не ажаб,
Мен чу бир тун ул кўзи, қоши қарони асрадим.

553

Не учун тарки муҳаббат қилди моҳим билмадим,
Бу ғазабким айлади моҳим, гуноҳим билмадим.

Ошиқ ўлдум, ёрдин топқай дебон кўнглум висол,
Ҳажр бу янглиғ бўлурни кийнахоҳим билмадим.

Ёр кўйи ичра итти зор жисмим оҳдин,
Қайда тушганни бу елдин барги коҳим билмадим.

Ишқ бўстониға кирганда ҳавойи қуш киби,
Сунбули зулфи бўлурни доми роҳим билмади.

Ақлу хушу сабрим итти кўргач ул кирпик сафин
Бир-бир ўлмоғни қаро кўргач, сипоҳим билмадим.

Қирмагунча дайр аро тинч ўлмадим, тут бодаким,
Ғуссадии бу қалъа эрканнн паноҳим билмадим.


Эй Навоий, буйла қилған рўзгоримни қаро
Ҳажр шоми эрди ёхуд дуди оҳим, билмадим.

554

Кўнгулни бағир қонидин лола қилдим,
Қўюб доғ паргола-паргола қилдим.

Совуғ оҳдин қатра пайконларингни
Юрак ғунчаси жавфида жола қилдим.

Кўзумда ҳар дам ул ой ўзни тутти,
Саводин анинг давриға ҳола қилдим.

Не қовмоғки уйғонмади, гарчи туз,
Тонг отқунча мен ит киби нола қилдим.

Кўруб обиҳайвон юзинда хубобни,
Тасаввур лабинг узра табхола қилдим.

Фалак золининг макридин бўлдум эмин,
Нединким талоқи бу муҳтола қилдим.


Навоий, сариғ юзида доғи идбор
Чу кўрдум, гумон сориғ лола қилдим.

555

Лабинг ҳаёт суйидин зилол эмиш билдим,
Зилол нуқтаси устида хол эмиш билдим.

Учуқ лабингда эмас, реза инжу лаъл узра,
Ки барги гул уза бир қатра бол эмиш, билдим.

Қадимки хам бўлуб оғзинг хаёлидин итти,
Адам ичинда ҳамоноки, дол эмиш, билдим.

Қошингда холнинг овозасин эшитмиш эдим,
Бу Қаъба тоқию ул пур ҳилол эмиш, билдим.

Юзунгни билмас эдим зулф аро чу қилди тулуъ,
Ғариб ахтари фархунда фол эмиш, билдим.


Дани тажаммулу озоданинг фалокатидин
Замон табиати беъэтидол эмиш, билдим.

Фироқ шомида сўрдум Навоий аҳволин,
Сочинг хаёлида ошифта ҳол эмиш, билдим.

556

Не ул қулоққа етар арзи ҳол адо қилсам,
Не ул кўнгулга ёқар нақди жон фидо қилсам.

Кўнгул шигофиға ул кўй туфроғи қаниким,
Бу хушк дору ила захмима даво қилсам.

Керак қуёш дирами танга бўлса баёна,
Чу Юсуфумни ики даҳрға баҳо қилсам.

Фиғонки ишқ чекар боғлаб они бўйнумға,
Нечукки зуҳду вараъ пардасин ридо қилсам.


Кўзумга даҳрни ҳар лаҳза тийрароқ айлар,
Саводи холингга ҳар неча кўз қаро қилсам.

Ишим чу савмаа шайхи била тузалмади, кош,
Ки эмди майкада пириға илтижо қилсам.

Навоиё, чу сабо ҳамнафасдур, ул гулга
Не бўлди сарсари оҳимни гар сабо қилсам.

557

Чун ўлармен бир нафас ул дилрабони кўрмасам,
Не ҳаёт имкони бўлғай бир дам они кўрмасам.


Кўнглум ичра топилур ғам новакидин юз нишон,
Ўқидин ҳар кун танимда юз нишони кўрмасам.


Кўнгул итти кўзни доғи истарам ашк этса кўр
Ким, тилармен ҳаргиз ул юзи қарони кўрмасам.


Соғинурмен куфри зулфи можаросидин басе
Гар даме ул шўхи кофир можарони кўрмасам.

Ким вафо гулчеҳралардин кўрдиким, мен кўргамен,
Бўлмас ушбу айб ила ул бевафони кўрмасам.


Ҳар бири юз миннат айларлар эрур бу ҳам жафо,
Олам аҳлидин не кун ким юз жафони кўрмасам.


Эй Навоий, не балодурким, ўлармен қайғудин,
Гар даме оллимда ул шўхи балони кўрмасам.

558

Эй кўнгул, айлама даҳр эски работин маскан,
Ким работ ўлмади ҳаргиз сафар аҳлиға ватан.

Навсафарсен сену мақсад йироқу маркаб ланг,
Йўл махуф, айлама зинҳор аро ерда маскан.

Йўл билур қофиладин тушмак айруким эрур,
Бу биёбон аро ҳам ғул кўпу ҳам раҳзан.

Йўл эрур жодайи шаръ доғи тўшаю су,
Сенга ойини убудият, анга фарзу сунан.

Йўл билур қофила ул хайлки, дилбар васлин
Тилабон қолди бари ўзига йўл қатъини фан.


Ишқ водийси ажаб водий эрурким, ҳар мўр
Анда шер афкану ҳар пашша эрур пил афкан.

Эй хуш ул раҳрав гармки бу йўл қатъин
Барқи хотифдек этар даҳрни айлаб равшан.

Соқиё, ўзлук ила мушкул эрур қатъи анинг,
Дермен ўздин борайин жомима куй дурди дан.

Ғайр нақшидин этиб лавҳи замирин софий,
Ёр қолғай доғи ул балки бири сирру алан.

Эй Навоий, тиласанг фақр йўлини қатъий,
Урма ул сари қадам фонийи махз ўлмас экан.

559

Висолингдин кўнгул навмид эса дардинг чекарму чун,
Ки андин доғи кўп навмидроқдур чун мисолингдин.


Икки зулфунг кўнгул доми, не янглиғ асрай ул қушни,
Ани тутмоққа жидд маълум ўлур чун «жим»у «дол»ингдин.

Нечукким бўлса «дил» лафзиға нуқта «зул» бўлур ҳосил,
Мазаллат икки айрилғон кўнгулга етти холингдин.

Латофат суйи ул юз «жим» ила «лом» икки ёндин зулф,
Бу сўзни фаҳм айлар баҳравар бўлған жамолингдин.


Тамаъ элдин вафо қилған судин ўт истадинг чанқоқ,
Агар топсанг доғи куйгунг бу савдойи маҳолингдин.


Дуруст меҳри зарифида тўла ҳайвон суйи ичмак,
Эмас ичганча дурд, эй муғбача, синғон сафолингдин.

Навоий, гар бошинг гўй этса ул чобук ёмон эрмас,
Ёмон будурки, эрмас воқиф ул саргашта ҳолингдин.

560
Юзунг кўргач илик кўксумга урмон ишқ тобидин,  
Ки кўнглумга қўярмен, секрир онинг изтиробидин.

Чиқибдур чун тишинг ҳажринда оҳим абри найсондек,
Не дерлар ёғса жола ўрниға анинг саҳобидин.


Кўнгулдин поралар маълум ўлурким истар ул ойни,
Дамим ўти шарорининг фалак сори шитобидин.


Ҳавойи ишқдурким, бузғай уйларни ҳубоб осо,
Бузулғачким ҳаво чиқса кўзум баҳри ҳубобидин.


Саводи ҳажр шомича тўкулгай мушк ҳар сари,
Паришон айласа эл тоб очиб зулфунг танобидин.


Ўтугин то рикоб ўпти анинг рашкидин истармен,
Ки тишлаб-тишлаб ўтук наълидек узсам рикобидин.

Ажаб йўқ тотса ҳар ит телбараб оғзидин ўт сочқай,
Жунун кўйида тушган шўълалиқ бағрим кабобидин.


Садодин обиҳайвон қатраси секрирму ҳар сори,
Ваё сўз дер замон дур сочилурму лаъли нобидин?

Десанг хуморидин ҳажринг халос ўлғаймен, эй соқий,
Магар оғзимға қуйғайсен лаби лаълинг шаробидин.


Не мозидур, не мустақбал, арода сенсену бу дам,
Не шод ўлмоқтурур ҳар дам узун умрунг ҳисобидин.

Десанг дўзах азобин чек, Навоий тортсун минг йил,
Халос этсанг ани бориб дами ҳижрон азобидин.


561

Оҳу вовайлоки, олам аҳлининг бадҳолимен,
Ҳар нафас бир дарду меҳнат хайлининг помолимен.

Кўздин оққан тийра қоним зори жисмимни бўяб,
Ким қурубтур хома янглиғдур мен онинг нолимен.

Токи кўнглум иттию фориғ бўлубмен дарддин,
Ишқ аро кўнглин итурган халқ фориғ болимен.

Баски бедодинг юкин тортиб қадим бўлмиш нигун,
Гўё ул бедоднинг остида қолған долимен.

Руҳи Мажнуннинг магар жисмим аро қолмиш ҳулул,
Буйлаким заъфу жунун бирла онинг тимсолимен.


Ишқ аро васл истамай қонимни то қилдим ҳалол,
Ҳар неким ишқ аҳлиға мушкулдурур ҳаллолимен.

Ёр ила ушшоқу мен маҳжур ҳолим сўрмаким,
Эй Навоий, бу жамоатнинг ғариб аҳволимен.

562

Вафо йўлинда, эйким, топмадинг истаб асар мендин,
Дегайсен билганинг ул бевафо сўрса хабар мендин.


Танимда қаддингу лаълинг фироқи тийри боронин
Киши кўрса, гумон қилғайки бутмиш найшакар мендин.

Жигаргун бўлди қасринг тоши лаълинг ҳажрида баским,
Сиришк ўрниға ҳажр оқизди қон бўлғон жигар мендин.


Анингдек солди ишқинг шўъла жоним ичраким шаксиз,
Малойик ошиқ ўлғай кўкка тушса бир шарар мендин.


Бўлубмен ул париваш фурқатидин телба ит янглиғ,
Қаён юзлансам, эй аҳли салоҳ, айланг ҳазар мендин.

Қилинг Фарҳоду Мажнун ишқи ўтин шарҳ, эй ровий,
Бўлуб гарми такаллум ғофил ўлмишсен магар мендин.


Не тонг симоб янглиғ оқса кўздин сиймгун ашким,
Ки симоб айламиш хушу хирад бир сиймбар мендин.

Амал сарриштасин қилма, мутаввал келганин хуш кўр,
Тутунг аҳбоби ёд ушбу каломи мухтасар мендин.


Жаҳону жонни тарк айлаб анинг кўйига азм эттим,
Навоий, бас муносиб эрди бу янглиғ сафар мендин.  


563

Юз ўтида юз қатра су не тонг хўйи ғалтонидин,
Кўнглум ўтида йўқмудур юз қатра су пайконидин.


Қилғанда рахшин гарм пўй ул шахсувори тунд хўй,
Қилғай дебон оллинда гўй олмон бошим майдонидин.


Бу дарду ғамдин лолмен, майдон аро помолмен
Ким, киргач-ўқ беҳолмен ул ишвагар жавлонидин.

Бошим сари наззора қил, эй чарху, идборингни бил,
Доғи саодат англағил ҳар захм анинг чавгонидин.


Майдонға ул чобук суруб, бошимға чавгон еткуруб,
Саргашта жоним куйдуруб эл пўяси ҳар ёнидин.


Кўк мазраидин хўшае касб айласанг, қил тўшае,
Ком истабон тут гўшае кўйи фалак давронидин.

Гардун чекиб тиғи ниҳон юз жавр бирла тўкти қон,
Охир Навоий топти жон топқач вафо жононидин.


564

Кўйида итлар мени гоҳ тирнабон, гоҳ тишлабон,
Заъфдин  ўлганда бир-бирдин узарлар  судрабон.


Мен киму қилмоқ ҳавас анинг қўлидин муттако,
Кўйида бас ётсам илгимни бошимға ёстабон.


Не жунундур, ваҳ,  буким йиртуқ яқони чок этиб,
Ашким оққанда кулуб турған замони йиғлабон.


Элни ғофил айлабон ўзни солурмен кўйида,
Ҳар тарафдин урсалар тош ит масаллик қавлабон,

Тифли мактабдек қочиб ёна борур ул ой сари,
Телба кўнглумни неча топиб кетурсам алдабон.


Умр ўтуб бир учрабон ҳолимни сўрса, вой ким,
Айта олмасмен жавоб ошифта кўнглум тўқсабон.


Ҳазл этар кўнглум била ул шўх, кўнглум тортар оҳ,
Тифлдекким, дуд этар ўт бирла ҳар дам ўйнабон.


Ақл учуб беҳудлуғ айлармен йўлуқсанг ногаҳон
Кимсадекким, телбалик қилғай париға учрабон.


Соқиё, муҳлик хуморим узриға солма қулоқ,
Бир қадаҳни оғзима қуйғил қулоғим тўлғабон.

Умр торин чун кесар даврон жафо тиғи била,
Жазм билгилким, анга бўлмас кўнгулни боғлабон.

Эй Навоий, чун замон аҳлиға асло йўқ вафо,
Топмағунг ҳаргиз вафо аҳли аларни танлабон.


565

Ақлу жону кўнглум ул ой фурқати озоридин,
Бари бир-бирдин малул ўлмишлару мен боридин.

Шоми ҳажрим тору бепоёнлиғин англай десанг,
Фаҳм ўлур ялдо туни янглиғ сочинг ҳар торидин.


Бордур андоғким бузуғ кўнглумда ҳар ён қону доғ,
Лолаларким, чиқти вайрон масканим деворидин.


Ул пари кўнглум қуши қонин оқизған фаҳм ўлур,
Очсалар бўйнумдағи дафъи жунун туморидин.


Ғунчаи васлим очар шамъи фироқим сўндурур,
Ҳар насимеким келур гулрух баҳорим соридин.

Даҳр боғи лола бирла сабзасидин кечки, йўқ
Ғайри қону заҳр бу шингарф ила зангоридин.

Эй Навоий, нуктаи айш англасанг майхонада,
Бош кўтарма май тағори давраи паргоридин.

566

Гар мени ёд этмас ул ой зулм ила бедодидин,
Шукрким, ғофил эмасмен бир дам анинг ёдидин.


Лутф ила гар ёд этар, ё зулм ила бедод этар,
Мен ризосин истарам ёдидину бедодидин.

Кеча айш аҳли муғанний ёдидин хушҳол эмас,
Ончаким сен тонгға тегру итлари фарёдидин.


Хотирим синмоқ тилар, кўнглум тилармен мен доғи,
Ҳар не бу шишамга келгай хуштур ул пўлодидин.


Сабр тошидин кўнгулда кўп бино тарҳ айладим,
Кўз ёшим сайли қунқорди барчани бунёдидин.

Дайр пири деди майдин бош кўтарма, эй рафиқ,
Солик улдур чекмагай бошини пир иршодидин.

Сўрма, эй ҳамдам, Навоийнинг ғаминким, оламе
Ғам била тўлғай дам урса хотири ношодидин.

567

Қилди айшим субҳини ул шўх лаъли тийра, тун,
Тифл ўйнаб ўт ўчиргандин сўнг ўлғандек тутун.

Бошин айландурғай элнинг қилсалар наззораси,
Қўпса мен саргаштанинг туфроғидин ногаҳ қуюн.

Зулф аро солди гириҳ узра гириҳ, ўлмай нетай
Ким, ҳаётим ториға тушти тугун узра тугун.

Ҳажри жисмимда сўнгакларни ушотиб куйдурур,
Яъни ўт кўпрак ёнар ботроқ ушатилса ўтун.

Нахли қаддинг кийди сориғ хулла андин сўнг яшил,
Норбандекки, хазон кийган кўкармастин бурун.


Соқиё, тонгла хумор ўлтурмаги имкони бор,
Руҳ топмоқ роҳдин бори ғаниматдур букун.

Дема кўнглунг мазраида ишқ тухмин эк ниҳон,
Эмдиким хирманға ўт тушти қолурму яшурун.


Ҳар юрунда бир дирам тикмиш мураққаъ аҳли зуҳд,
Ҳар тугун узра менинг ҳирқамға тушмиш бир юрун.


Эй Навоий, зулфининг таърифида туштунг магар
Ким, сўзунгнинг тори ҳам бўлди паришон, ҳам узун.

568

Менки ҳар соат чекармен юз жафо ағёрдин,
Не ажаб гар юз бало ҳар лаҳза кўрсам ёрдин.

Кимки ёр истар не тонг ағёрдин кўрмак ситам,
Гулбун ичра гул терар эл нишлар ер хордин.


Кимки юз минг зорлиғлар тортибон топмиш висол,
Туфроқ ул оллида мен ҳижронда ўлган зордин.


Ошиқи содиқ вафо  бирла жафони толғамас,
Хуш келур кўнглига ҳар не ким келур дилдордин.

Чарх даврин уйла паргор урди меъмори қазо
Ким, қадам чиқмоқ эмас мумкин хати паргордин.

Гар десанг махмурлуқ дардисаридин ўлмайин,
То тириксен бош чиқарма кулбаи хаммордин.

Эй Навоий, гар тиларсен ёр васлин топқасен,
Кеч икки оламдину қўл торт йўқу бордин.

569

Жўзгу ҳар дам судур ул рухсори олам сўздин,
Муз анингдекким, эрур меҳри жаҳон афрўздин.

Юз очиб билдурди қад бирла сочи тенг эрканин,
Зоҳир ўлғондек туну кун тенглиги наврўздин.


Истасангким тиккасен юз пора кўнглум чокини,
Яхшироқ ҳеч игна йўқ ул новаки дилдўздин.


Ишқ гард этган танимдин ҳажр ўти учқунлари
Тиғи ҳар ён ламъа кўргузган кибидур юздин.

Овладинг кўнглум чу соид кўргузуб қовмоқ недур,
Жавр ила кетмак чу келмас сайд даст омуздин.


Соқиё даврон ғамидин ранжамен, кўнглум аро
Паст қил андуҳ ўтин жоми нишот андўздин.

Кеч, Навоий, жону кўнгулдинки йўқтур ишқ аро
Чораи оҳ жонгузору нолаи дилсўздин.


570

Қатра терлардин юзинда дур нишонинму дейин?
Ё такаллум вақти лаъли дурфишонинму дейин?

Оғзидин жисмим адам бўлмоғлиғинму шарҳ этай,
Ғунча янглиғ таҳ-батаҳ кўнглумда қонинму дейин?


Тан фироқинму десун жон иштиёқинму десун,
Мен хаёли тан гудозин жонситонинму дейин?

Эйки дерсен нуктаи ишқу жунун аҳлидин айт,
Ўз фасонам, йўқса мажнун достонинму дейин?

Соқиё, кўнглумда май ҳирсин кўруб сўрдунг сабаб,
Ҳажри дардин ё хумори бегаронинму дейин?


Чархдин қилсам шикоят сўрманг, эй халқи замон,
Халқининг жавринму, ошуби замонинму дейин?


Қолғали шоми фироқ ичра, Навоий, шамъдек
Куймагинму айтайин, ашки равонинму дейин?


571

Ё раб, улким васл шоми ком олур зебосидин,
Тийра қилма айши кўзгусини субҳ анфосидин.

Эл майи лаълин нетай мамзуж эса оби ҳаёт
Ким, менинг жомим эрур мамлу фироқ олмосидин.

Ул пари ишқи агарчи айлади мажнун мени,
Шукр эрур борики қутқарғай хирад васвосидин.

Қоши меҳри тухмини кўнглумда эктим кўр нишон,
Ҳар сўнгак ёнимда урмоққа муҳаббат досидин.


Урмағайсен посбонлиғ лофи кўк қўрғонида
Воқиф ўлсанг, эй Зуҳал, ҳажрим туни бир посидин.

Қилмағил бу коргаҳ васфиға фикру бода ич
Ким, хирад идроки ожиздур анинг иҳсосидин.

Эй Навоий, пири соқийвашқа андоқмен хароб,
Ким унутмишмен жаҳон тархон ила барлосидин.

572

Меҳр эмас машъал ёрутқан қалъаи афлокдин,
Ким фалакка солдинг ўт рухсори оташнокдин.

Ишқдин куйди танимда ҳар чурук бўлған сўнгак,
Ким кўруптур мундоқ авж олмоқ чақин хошокдин.


Бас муносибдур тикар ҳолатда кўксум чокини,
Ип сувурмоқ кўнглаким жайбиға қилған чокдин.

Саргаронмен ишқдин чопсанг бошимни  боғла берк
Ким, чопарда рахш узулуб қолмағай фитрокдин.


Гар ғазаб вақти қўлиға туштуму тиғи ёланг,
Бок эмас олманг мени ул қотили бебокдин.

Маст агар майхонада ўлдум мени, эй дўстлар,
Май била юб, боғлангиз наъшим белини токдин.

Дема поко пок кеч мендин, Навоий, негаким,
Покликдин бўлмағай кечмак сенингдек покдин.


573

Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин,
Кўнглума ҳар бирининг дарди балосннму дейин?!

Кўзи қаҳринму дейин, кирпики заҳринму дейин,
Бу кудурат ичра рухсори сафосинму дейин?!

Ишқи дардинму дейин, ҳажри набардинму дейин,
Бу қатиқ дард аро васлининг давосинму дейин?!

Зулфи доминму дейин, лаъли каломинму дейин,
Бирининг қаддин, яна  бирининг адосинму дейин?!


Турфа холинму дейин, қадди ниҳолинму дейин,
Мовий кўнглак узра гулранги қабосинму дейин?!

Чарх ранжинму дейин, даҳр шиканжинму дейин,
Жонима ҳар бирининг жавру жафосинму дейин?!


Эй Навоий, дема қошу кўзининг васфини, айт
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин?!

574

Эй мусулмонлар, фиғон ул кофири худкомдин
Ким, чиқарди кўкка афғон кишвари исломдин.

Лаъли рухафзосидин бир бўса пайғом айлади,
Гарчи ёлғон эрди, мен жон топтим ул пайғомдин.

Зулфу рухсорингдин айру гарчи йўқ шомимға субҳ,
Шамъдек ҳар кеча то субҳ ўртанурмен шомдин.


Зулфидин кўнглумки махлас топти бор ул телбаким,
Банддин қочмиш ваё қушким қутулмиш домдин.


Фурқат айёмидаким ёд этмас ул маҳваш мени,
Васли топсам мен доғи ёд этмай ул айёмдин.

Жоми майда бўлди чун ул бут жамоли жилвагар,
Қофири ишқ ўлғамен гар бош кўтарсам жомдин.


Дайр  аро, эйким, Навоийдин тиларсен ному нанг,
Билки ул бу ерга қочиб келди нангу номдин.


575

Дема  гулгундур  либосим  ашкининг, хунобидин,
Шўъладурким, ўртанурмен ҳажр ўтининг тобидин.


Ўтда қил янглиғ танимнинг ҳажр ўтидин тобини
Билмасанг, фаҳм эт гул узра сунбулунг қуллобидин.


Қалб эрур кўнглумки боғлабтур сочинг зуннорини,
Турфа буким бир нафас чиқмас қошинг меҳробидин.


Хаста кўнглум гар лабинг уннобини истар, не тонг,
Нега айрилғай жиҳатсиз хаста ўз уннобидин.


Оразингнинг мусҳафи тафсири бас душвор эди,
Равшан ўлди холу хаттинг нуқтаю эъробидин.


Сокин ўлдум дайр аро, то бода ичган муғбача,
Жонима. ўт солди оташнок лаъли нобидин.


Шоми ҳижроним висол аҳлиға беҳад қисқадур,
Они сўрдиклар Навоий дийдаи бехобидин.

576

Ўлтурур кўйида ишқ аҳлин алолоси учун,
Шоҳ қатл этган киби итларни ғавғоси учун.

Тийра зулфидин кўнгул рухсорин айлар орзу,
Гўйиё равшан су истар дафъи савдоси учун.

Чун бўлур ҳар тун шабистон ичра шамъи анжуман,
Хайли анжум эврулур ул ой тамошоси учун.


Қаддида гулгун либос эрмаски, устоди азал,
Барги гулдин хулла қилмиш сарви раъноси учун.

Зулфи занжириға хаддим йўқ, ити занжири ҳам.
Яхшидур қайд этса бу мажнуни шайдоси учун.


То тириктурсен қадаҳ даврин ғанимат тутки, чарх
Эврулур тегрангда нақди умр яғмоси учун.


Эй Навоий, тарки дунё айла иззат истасанг
Ким, мазаллат келди саъй онинг таманноси учун.

577

Эй мусулмонлар, фиғон ишқи бало ангездин,
Оҳу вовайло балолиғ фурқати хунрездин.

Қайда фарёдим эшитгай улки гўйи кам эмас,
Халқ афғони била ғавғойи рустохездин.

Гул юзида хўй тушуб лаълиға кўнглум қилди заъф,
Бўйлаким заъф  айламиш қанди гулоб омездин.


Кўнглум ичра гулситони ҳуснидур, эй боғбон,
Келки, оҳим фарқи йўқтур нафҳаи гулбездин.


Аҳли дин қасдиға мундоқ чиқса маст ул муғбача,
Соқиё, май берки кечтим тақвою парҳездин.


Ишқ ўти мазлумкушдур билмас они аҳли зулм,
Англағил бу нуктани Фарҳод ила Парвездин.


Эй Навоий, итларин кўрмакка борсанг бағринг уз
Ким, гурезинг йўқтурур бу навъ дастомездин.


578

Бир паривашким кўнгул девонадур савдосидин,
Гар эрур бандангки, озод ўлмон истиғносидин.


Ошиқ ўлса шоҳу маъшуқи гадо билким, чекар
Ишқ ғавғоси ани хайлу сипаҳ ғавғосидин.


Ошиқ ўлғон аждаҳо бўлса забун бўлмоқ керак,
Жавр тортиб ишқ кўйи мўрининг ийзосидин.


Не ҳавойидур ҳавойи ишқким, ҳар пашшаси
Тўъма айлар ақлу тақво қофининг анқосидин.


Ишқ аро шоҳу гадо тенгдур, гадо балким фузун,
Гар гадолиғ айлар ўлса ишқнинг яғмосидин.


Кимки раънолиқ била ошиқ бўлуб истар висол,
Тортингиз отиға хат ишқ аҳлининг асмосидин.


Ишқ атвори Навоийға мусалламдурким, ул
Юз бало чекти доғи ўлди анинг ихфосидин.

579

Васл этти ваъда ёр лаби жонфизосидин,
Гўё бу сўзни этти жоним аросидин.

Гар кўрмадинг шафақ уза хуршид, эй кўнгул,
Ихсос қил ани юзу гулгун қабосидин.

Мунглуғ кўнгулнинг оҳидин этмас рақиб ваҳм,
Йўқ итга бок ишқ гадойи асосидин.

Ишқ ичра ўлдум, оҳки, қутқармади мени
Давр офати ул офати даврон жафосидин.

Оламни ҳажр зулмати тутқай совурса ел,
Куйган фатилани янги доғим қаросидин.

Чархи данида бодаи ғам тўлмиш, эй рафиқ,
Жуз ҳажр заҳри қилма тамаъ давр косидин.

Сабт ўлмаса  Навоий оти назми зайлида,
Фаҳм айлар аҳли дард каломи адосидин.

580

Буки ваҳшу тайр уютмаслар, ғамим бедодидин,
Кеча ит афғонидин бил, субҳ қуш фарёдидин.

Чиқса тубидин қуёш кўргузмагай бу лутфким,
Англадим юз жилва қилған қоматинг шамшодидин.


Гарчи ҳар дамким соғинсам шавқидин жоним чиқар,
Истамон жонимни бир дам ғофил онинг ёдидин.


Ғам саҳобидин ёғар Мажнунға меҳнат ёғини,
Дуди оҳи чиқти гўё хотири ношодидин.

Деб эдинг ҳажримдин ўлсанг тиргузай бир тиғ ила,
Орзу ўлтурди, ваҳ, ўткармагил мийодидин.

Ростлиғ озодалар ойинидур фаҳм айлагил,
Бу чаманнинг сарв бирла савсани озодидин.

Шайх агар масжидқа, мен майхонаға борсам не тонг,
Эй Навоий, ҳар кишига чора йўқ мўътодидин.

581

Дамеки ишқ ўтида қолмағай асар мендин,
Намуна бўлғуси учмакта ҳар шарар мендин.

Паривашим ғамидин телба итдек ўлмишмен,
Саломат аҳли, букун айлангиз ҳазар мендин.

Анингдек ашк ила оҳим солибдурур тўфон,
Ки бордурур еру кўк вазъиға хатар мендин.

Анингдек ўлди фано ишқ аро вужудумким,
Адам диёриға ҳам топмағунг хабар мендин.

Анга етарга бошоқ сақли манъ этар гарчи,
Хаданги касратидин чиқти болу пар мендин.

Тааюнот ичида ишқ бир ҳақиқат эрур,
Гар ўлса булбулу парвонадин вагар мендин.

Навоий, айлама тун кун нишоту таълим ол,
Шабона оҳ била нолаи саҳар мендин.

582

Шаҳру кишвардин илик юб, хонумондин кечгамен,
Хонумондин ким десун икки жаҳондин кечгамен.


Ҳар замон бошимға юз тиғи ҳалок айлаб қабул,
Умрдин тортиб этак, биллаҳки жондин кечгамен.


Шаҳру кишвар, хонумон, икки жаҳону умру жон
Худ не бўлған, мунча юз ком ўлса ондин кечгамен.

Гар Скандар мулки бирла Ҳизр умри берсалар,
Уйла мулку буйла умри жовидондин кечгамен.

Мумкин эрмастур валек, эй меҳрибонларким, даме
Қилса юз бедод ул номеҳрибондин кечгамен.


Воизо, айлаб енгиллик, нечаким кавсар майин
Мақтасанг хошоки мен ратли гарондин кечгамен.


Эй Навоий, қон ёшим баҳр ўлди бу дам истасам
Ким, етай ўз қотилимға, эмди жондин кечгамен.

583

Себки даври оразим ранги биров ҳижронидин,
Олмадек бўлмиш қизил бир ёни ашким қонидин.


Новаки қонлиғ кўнгулдин, эйки, дерсен ўтмамиш,
Айлагил бори назарким, қон томар пайконидин.


Мен киби Мажнунни ҳам босмиш мазаллат гардиким,
Фаҳм бўлмас захм ила доғи тани урёнидин.


Гўй урардин йўқки ул чобук қилур бир бошин гўй,
Буки бир ғавғо чиқар ҳар дам анинг майдонидин.


Хўблуғ даврида ёд этгил гаҳи ушшоқни
Ким, басе ёд айлагунгдур хўблуғ давронидин.

Айш базмин, эй кўнгул, майхона айвониға чек,
Ким бало тоши ёғур ҳар дам сипеҳр айвонидин.

Кўйида итлар фиғони андин эркин бир кеча
Ким, уюмаслар Навоий нолаю афғонидин.

584

Қадни ул хуршид аёғинда агар дол этгамен,
Жилвасиға зулф янглиғ ўзни помол этгамен.


Холдек юзум қаро гар тўйғамен наззорадин,
Гар кўзумнинг мардумин рухсориға хол этгамен.

Ул пари пайкарга фориғ бол етмак истабон,
Туну кун тенгридин истидъои пару бол этгамен.

Ҳар кеча ҳолим хароб ўлғанда ёлғон туш била
Ваъдаи васл айлаб ондин ўзни хушҳол этгамен.


Гар десамким кўйи туфроғин элай, кўз халқасин
Минг тўшуклук пардаи жон бирла ғирбол этгамен.


Бодаи бўғзумға қуйғайсен йиқиб, эй муғбача,
Гар ичарда тавба узри бирла ихмол этгамен.

Риштаи жисминг сомон сориғ юзунгдин чирмайин,
Эй Навоий, номаким ул ойға ирсол этгамен.


585

Ёр ила  ағёр озоридин андоқ зормен,
Ким тани зорим киби боштин оёқ озормен.

Ёр зулми тиғидин кўнглум киби мажруҳмен,
Эл жафоси тошидин бағрим киби афгормен.

Ёр ҳолим англамоқ уммидидин навмидмен,
Халқнинг юз меҳнату бегоридин нокормен.

Ғам емак бўлмиш ишим, йўқтур вале ғам ер кишим,
Турфа ишким гарчи беғамхормен ғамхормен.


Жон талошурмен не дардим билгирур, не сиҳҳатим,
Не ўлукмен, не тирик, не соғу не бемормен.

Гар бошим олиб жаҳондин чиқсам эрмастур ажаб,
Ким малул аҳли жаҳондин улча дерсен бормен.

Эй Навоий, умр агар будур, ажал раҳм айлабон,
Келса жоним олғали жон бирла миннатдормен.

586

Ғам туни лаълинг сўрар ҳажр дарсин зор учун,
Чун ажал етти Масиҳо заҳр эзар бемор учун.

Кўзки учқан чоғда устиға ёпиштурдум сомон,
Номабар қуштурки сориғ руқъа элтур ёр учун.

Оразинг шавқидаким ашким тўкар кўз мардуми,
Боғбон янглиғдурурким, су очар гулзор учун.


Кўйи туфроғин менинг дийдамға сол, эй тонг ели,
Ким эрур ул сурма лойиқ дийдаи бедор учун.

Чун йиқилди заъфдин жисмим уйи найлай асо –
Айлагайму сарви пуштибон йиқуғ девор учун.


Умри нақдидин иморат айланг, эй дайр аҳликим,
Вақфи жон мулкин  қилибмен кулбаи хаммор учун.


Гар Навоий ҳажр даштидин ўта олмас, не тонг,
Йўл юрий олмас кафи ғам тошидин афгор учун.

587

Ҳар тарафким борур ағёр ила жонон талошурмен,
Чун ажал қасд этар ўлтурмакима жон талошурмен.

Ҳажр тиғ урса талашимни ўлум ҳавфи соғинма,
Ким шаҳидинг бўлойин деб мени ҳайрон талошурмен.

Бошоқ устида талашқон киби мазраъда гадолар,
Дашти ишқинг аро ушшоқ ила пайкон талошурмен

Эй пари чун кийик ўхшар ики кўзунгга биайниҳ,
Бу жиҳатдин мени девона биёбон талошурмен.

Гарчи ағёрдин олмоғлиғ эмастур сени мумкин,
Турмоғумдур боқибон, ончаки имкон талошурмен.


Очиғим келгали кавсарни оччиғ бодаға таржиҳ,
Хирад аҳли чу қилурлар мени нодон, талошурмен.

Қўл солиб ҳажр ўтида ул киши янглиғки су ургай,
Эй Навоий, чу ошар шуълаи ҳижрон талошурмен.

588

Билгасен чекмас киши дарду бало андоқки мен,
Гар бировга мубтало бўлсанг, сенга андоқки мен.

Ишқ дардиға давоким васл дебсен, эй ҳаким,
Бу балоға  кимса  эрмас мубтало  андоқки мен.

Уйлаким йўқ сен киби ҳусн аҳли ичра бир пари,
Йўқтурур бир телба аҳли ишқ аро андоқки мен.


Эйки қўймассен танимни тўъма қилғай итларинг,
Итларингга жонни ким қилди фидо андоқки мен.


Гарчи ўлтурдунг жафо бирла мени, лекин тилаб
Топмағунгдур анда бир аҳли вафо андоқки мен.


Йўқтурур даврон жафосидин қутулмоқ, эй рафиқ,
Тутмасанг майхонанинг кунжини то андоқки мен.


Гар берур ҳусни закотин, эй Навоий, йўқтурур
Хастаи зори ғариби бенаво андоқки мен.


589

Бенавомен айру хайлу ҳамдаму ҳамроздин,
Заъфлиғ ул тор янглиғким узулгай создин.

Қолдиму ноз уйқусинда туну кун кофир кўзунг,
Ё очилмас нотавонлар сори айни ноздин.

Сўз демай жонбахш лаълингким ўлукни тиргизур,
Кўрса рухуллаҳ ани дам урмағай эъжоздин.


Ҳеч жониб кўйидин кўнглум қила олмас ҳаво,
Уйла қуш янглиғки қолмиш бўлғай ул парвоздин.

Новакандоз ўлғали кофир кўзунг, эй қоши ё,
Кимсага жон қолмағай фаҳм айладим андоздин.


То сиришким қилди сиррим фош кўздин солмишам,
Эҳтироз, эй дўстлар, вожибдурур ғаммоздин.


Чарх ўртангай қуёш ўтиға кўрганни десам,
Ул қуёш бедодию чархи жафо пардоздин.

Қўрқутуб элни томуғ лекин мени қисми азал,
Элга ваҳм анжомдин, лекин менга оғоздин.

Даҳр аро не кўпга чун топқунг бақо, не озға,
Эй Навоий, озу кўп сўр дема кўпу оздин.

590

Туфроғимдин аҳли ишқ этса тануре шодмен,
Ким ичимда ўти то ёнмоқ била мўътодмен.

Одамилиғдин мени шод истаманг, эй хўблар,
Ким мени мажнун пари ҳижронидин ношодмен.

Ишқ аро қоздим бало тоғини тирноғим била,
Уйла соғинмангки Ширин ошиқи Фарҳодмен,

Шоми васл ул кўй аро, эй сарсари ҳажр, олмаким
Уйла туфроғменки субҳ анфосидин барбодмен.


Зулму бедодингдин элга оҳу афғон солмаким,
Зулм агар сен айлагунг мен қотили бедодмен.


Гар бериб қуллуққа хат бир соғар ичтим дайр аро,
Қилмангиз айбимки олам фикридин озодмен.

Эй Навоий, ишқ аро гардунға сунмасмен бўюн,
Лекин ул хуршид гар тиғ урса ҳам мунқодмен.


591

Оразинг нақшин кўзум лавҳида тасвир этгамен,
Бўлмаса тақдир ани кўрмак не тадбир этгамен.


Эй қаро кўз, бўлмас ул юз шавқидин юздин бири,
Кўз қаросидин агар юз нома таҳрир этгамен.


Ёшурун қолғайму ишқим буйлаким, ул шўхдин,
Чиқса ҳар сўз бехабар юз қатла тақрир этгамен.

Не жунундур буки ҳар тун ул париваш васлиға
Юз хаёл айлаб яна бориға тағйир этгамен.

Эйки дерсен васл коминг бўлса қилғил жон фидо,
Ул муяссар гар бўлур мен худ не тақсир этгамен.

Ишқ азалдиндур насибим, носиҳо, манъ этмагил,
Манъ қилсанг ҳам нетиб мен манъи тақдир этгамен.

Эй Навоий, нақди жон бергил дединг савдосиға,
Буйла савдо гар муяссар бўлса тавфир этгамен.

592

Ишқ даштин ҳеч ғурбаткаш мусофир кўрмасун,
Мен ғариб ул дашт аро кўрганни кофир кўрмасун.

Ёрмангиз Фарҳоду Мажнун оллида кўксумниким,
Ботинимнинг дарду доғин аҳли зоҳир кўрмасун.


Даҳрни қил тийра, ёрабким, анинг рухсорини
Ҳар не кўз мумкин эса бўлмоққа нозир кўрмасун,

Ҳар боқишда қатли ом айлар кўзунгким, даҳр эли
Ҳеч кимни сен киби бу фанда моҳир кўрмасун.

Воизо, кўп васф қилдинг соҳиренинг сеҳрини,
Ҳозир ўлғилким, сени ул кўзи соҳир кўрмасун.

Қимки ошиқлик асиридур тахайюл бирла ҳам
Ишқ кўйида ўзин осуда хотир кўрмасун.

Ким Навоийдек фано водийсида истар ҳузур,
Кечсун ўздин балки худ ўзлукни ҳозир кўрмасун.


593

Ёраб, англабму экин ул ойки онинг зоримен,
Кечалар савдосидин андоқки зулфи торимен.


Сиҳҳатим бўлса топибмен лаъли ёдидин шифо,
Нотавон  ҳам  бўлсам  онинг кўзлари беморимен.


Йўқтурур хаддим демакка ёримен ёхуд ити,
Итларига ҳар киши ёр ул кишининг ёримен.


Хўблар ушшоқиға жон берсалар ул қилса қатл,
Ҳар сори юзланса ишқ аҳли мен онинг соримен.

Истаса эл жонини билмон берур бермасларин,
Бўлса юз жоним анга борин берурмен боримен.


Жилва айлаб маст то кўнглумни олди муғбача,
Дайри пири итлари силкида хизматкоримен.


Ҳажрдин то нотавон жонимни қутқарди ажал,
Эй Навоий, англаким жон бирла миннатдоримен.

594

Тушта лаълин кўрдум уйғонмай дебон қайғудамен,
Урма дам, эй субҳким, бир дам чучук уйқудамен.


Кўзгуда то кўрдум они қилмағил аксим гумон
Ким, кириб қилмоққа васлин жустижў кўзгудамен.

Ногаҳ ул қотил нишон айлаб бир ўқ отқайму деб,
Кўйига йиллар сўнгакдек жисм ила ўтрудамен.


Ишқ  баҳрининг  наҳанги  деса бўлғай  буйлаким,
Ашк дарёсин чекиб гардунға мен ул судамен.


Ҳолима кулмакка ҳар захмим бир очилған оғиз,
Турфаким мен ҳам алар кулгусидин кулгудамен.


Ҳар балият ўқиким чархи муқаввасдин келур,
Гўйиё менменки олам аҳлидин қобудамен.

Эй Навоий, ул пари ишқиға маҳрам йўқидин,
Телбалар  янглиғ ўз-ўзум  бирла гуфту гўдамен.


595

Улча кўнглум кўрди ожизмен ани изҳоридин,
Ул қуёш рафторидин ё чарх кажрафторидин.

Сарсари ҳижрон эсар, ваҳким, сочинг савдосида,
Нотавон кўнглун осилғандектурур бир торидин.


Тўкти захмимдин бағир қонимни ҳижрон нолиши,
Уйлаким сиқмоқ била эл су оқизғай норидин.


Рост ул янглиғки сурган ердин урғай сабза бош,
Чиқти пайконинг учи ҳар ён тани афгоридин.


Менда бийми ҳажр дерлар найлали, чоранг дегил,
Халқ сўрғандек васият нақл этар беморидин.


Кофири масти йўлум урмишки дайр ўлмиш ерим,
Дайр аро ҳам балки чиқмон кулбаи хамморидин.


Чун мен ўлдум кофири ишқ, эй мусулмонлар, денгиз
Ким не чорам бўлғай эмди бут била зунноридин.


Шайх имонин менинг куфрум била тенг тутмасун,
Ким яқиндур куфрдин ҳам кечгамен бу оридин.

Эй Навоий, билки бўлмас чеҳраи мақсудини
Пардадин кўрмак, хусусан пардаи пиндоридин.

596

Базм ичинда андоқ ул маҳваш хаёли бирламен,
Ким хаёл андоқ қилурменким висоли бирламен.

Сўзлашурда ўз-ўзум бирла жунун аҳли киби,
Ул париваш белу оғзи қилу қоли бирламен.

Гаҳ кулуб гоҳики йиғлармен хаёл айлаб они,
Васли уммидию ҳижрони малоли бирла мен.

Демагил майдин юзум рангин, қулоғимдур қизиқ,
Ким, бу янглиғ ҳажр кожу гўшимоли бирламен.

Оғзию зулфи ғаминдинким эрур ноламда «мад»,
Буйла «мад» тортарда анинг бийму «дол»и бирламен.

Соқиё, бир жоми май бирла мени девона қил,
Ким мушавваш ақл савдоси маҳоли бирламен.

Эй Навоий ақл сори эмди бўлма раҳнамун
Ким, бўлуб девона ишқи лоуболи бирла мен.

597

Юз жафо тонг йўқки ул номеҳрибондин кўргамен
Ким, вафо кўрмиш бировдинким мен ондин кўргамен.

Кимса абнойи замондин кўрмади ҳаргиз вафо,
Ким мен ул хунрезу ошуби замондин кўргамен.

Қўйки итдек телба кўнглум неча меҳнат, эй рафиқ,
Ҳар дам ул овораи беҳонумондин кўргамен.


Ўзгалар арзин нетайким жонима ором эрур,
Жавру бедодиким ул ороми жондин кўргамен.

Нозанинлар жилвагоҳи ичра ҳар ён телмурур,
Кўзларимким ул суманбарни қаёндин кўргамен.


Еру кўкни ашку оҳим сайли дуди қилди гум,
Неча ранжу меҳнат ул икки ёмондин кўргамен.

Дема ул ой оразин кўрсанг урар бошингға тиғ,
Ҳар бало келса бошимға осмондин кўргамен.

Хирқаю сажжодани қилсам фано дайрида раҳн,
Икки олам судини мундоқ зиёндин кўргамен.

Эй Навоий, сўрмағилким қилмоғумдур ошкор,
Юз ниҳони дарду меҳнатким фалондин кўргамен.

598

Икки гул бир кеча кўнглумни гулистон айлабон.
Олдилар жонимни бедод улча имкон айлабон.


Бири бўркин синдуруб, жонлар сафин синдурғали
Ақлу дин мулкин сафи мужгони вайрон айлабон.


Бири бир неча ҳилолин эгри боғлаб ноз ила,
Анжуму афлокни ҳусниға ҳайрон айлабон.

Бири хатти сабзасидин гулга айлаб ҳошия,
Базмни ул сабзаю гул боғи ризвон айлабон.

Бири олам аҳлининг кўнгли қушин сайд этгали
Сунбули домини гул узра паришон айлабон.


Бири қошу кирпигидек ўқ била ё илгида,
Лек ул ё бирла ўқ жонларни қурбон айлабон.

Бири вўсма бирла сурма рангидин кўк тоқини
Офат ангизу қаро наргисни фаттон айлабон.

Бири боғлаб баргни тўн узра миноранг қўр,
Нахли қаддин ғайрати сарви хиромон айлабон.

Бири гулгун тўнға сариғ остардин зеб этиб,
Сарви раъносин гули раънода пинҳон айлабон.

Мастлиғдин  ул  қилиб  илгида доғин  ошкор,
Шўхлуғдин жонға бу юз доғи хирмон айлабон.


Зулм ила ул ўлтуруб, бу лутфи бирла тиргузуб,
Гар бу қилса зулм ул ҳам лутфу эҳсон айлабон.

Мен агар боқсам бу ён тиғ уруб онинг ишваси,
Боқсам ул ён ғамзадин бу тийри борон айлабон.


Эй Навоий, бу фасонанг ё туш эрмиш, ё хаёл,
Неча лоф урмоқ ўзунгга мунча  бўҳтон  айлабон.

599

Ул ой фироқ ила қисмим ғам этса найлагамен,
Висоли ғайр ичин хуррам этса найлагамен.

Менгаки тори вафо суст айлади ул дам,
Рақиб бирла ани маҳкам этса найлагамен.

Хазину ошиқу зор этти, найладим ожиз,
Ки ишқ тиғи қатили ҳам этса найлагамен.

Меники ҳамдам эдим қовди, найлай, ул дамким,
Рақибни ўзига ҳамдам этса найлагамен.


Чу маҳрами мен эдим, қилди зулм ила маҳрум,
Висоли маҳрамини маҳрам этса найлагамен.


Сипеҳр меҳрин агар мендин этти кам не илож,
Тахайюл илаки мундин кам этса найлагамен.


Демангки, этса ижозат борурға кўйидин,
Дебон замини сияҳ мулзам этса найлагамен.

600

Телба кўнглум жавридин андоқ паришон ҳолмен,
Ким анинг бедодининг шарҳин демактин лолмен.

Ғам сипоҳи чун ҳужум айлар анинг тўш-тўшидин,
Ҳолиға раҳм айлабон ғам хайлиға помолмен.

Гоҳи мажнунвашлиғи бирла бўлурмен музтариб,
Гоҳи беҳол ўлмоғидин заъф аро беҳолмен.


Заъф ҳолинға неча раҳм айлагаймен, эй кўнгул,
Сен доғи раҳм этки мен ҳам бас заиф аҳволмен.

Кош итсанг уйлаким ному нишонинг топмасам,
То десам ишқ андуҳидин эмди фориғболмен.

Ишқ аро гоҳи бўлурмен зор мўюнгдин, чу мўй
Фурқат ичра гоҳи нолангдин нечукким нолмен.


Эй Навоий, неча дермен ишқ таркин айлайин,
Чун иш ишга етти айлармен яна иҳмолмен.