Салтанат сипеҳрининг меҳри рахшандаси ва хилофат тожининг лаъли дурахшандаси, жаҳонбонлиғ жисмининг руҳи нозанини ва кишварситонлиғ айнининг мардумаки жаҳонбини, олам алқининг рафеи ва замон аҳлининг бадеи, яъни султон Бадиуззамон Баҳодир мадҳида: халладаллоҳу мулкаҳу ва аббада давлатаҳу1
Азал субҳики қилди хомаи сунъ
Таҳарруксиз хароши номаи сунъ,
Абад шомиғача не бўлса мавжуд,
Ёзилди ул варақда буду нобуд:
Қадаҳчашқа харобот ўлди марқум,
Вараъкашға муножот ўлди мақсум.
Гадоға нотавонлиғ бўлди рўзи,
ғаниға комронлиғ бўлди рўзи.
Бировга қисмат оз бўлди бағоят,
Бировга бахшиш ўлди бениҳоят.
Аларким торти кўп Ҳақдин атолар,
Эрурлар олам ичра подшолар.
Булар ичра дағи кўпдур тафовут,
Бири яздонпараст ўлмиш, бири бут.
Шаҳеким Тенгридин бесаъю кўшиш
Бори шаҳлардин ортуқ топти бахшиш,
Жаҳонға боиси амну амон ул,
«Бади уд-даҳру Дорои замон» ул.
Қачон андин Ким этсанг «даҳру Доро»
Шариф алқоби бўлғай ошкоро.
Ҳумоюн исми мужмал бўлди таъвил,
Қилойин эмди бир-бир они тафсил.
Мунунг зимнида не топмиш азалдин,
Дейин машруҳ холи ҳар халалдин.
Оти ўн ҳарф ила бўлди мураккаб,
Будур тартиб агар қилсанг мураттаб.
Азалдин бир атоға дол ҳар ҳарф,
Атоёнинг далили ҳарф-барҳарф.
Эрур «бе» – бирру эҳсоннинг далили,
Гуҳардек баҳри Уммоннинг далили.
Икинчи ҳарф давлатдин эрур «дол»,
Топиб дину диёнат андин иқбол.
Учунчи юмндин айтиб нишона
Ки, тинди мақдами бирла замона.
Бўлуб тўртунч анга «айни» адолат,
Қилиб ҳам умри тулиға далолат.
Яна бир ростлиғдин айтибон роз,
Амонат боғида сарви сарафроз.
Яна бир лутфдин айлаб хабардор,
Латофат гулшанида баҳра бардор.
Бири етти ададдин топти тақсим
Ки, қилмиш Ҳақ насибинг етти иқлим.
Яна бирдин бўлуб миллат кироми
Ки, сендиндур мусулмонлиқ низоми.
Яна бир жилвасин айлаб мукаррар
Ки, бир Тенгри дурур ёринг муқаррар.
Яна бир бу нидодин айлаб огоҳ
Ки, бўлмиш қисматинг: «Насрун миналлоҳ»2.
Анинг таркибига бу ўнча ҳолат
Қилур, қилсанг тааммул, юз далолат.
Далил ўлди бу суратларға оти,
Ва лекин баҳри маъни дурри зоти.
Анинг зотиға дур бирла не нисбат,
Бу маънидинки, бордур дурға қиймат.
Дури зоти бўлуб дарёйи афлок
Ки ҳар дурри эрур бир ахтари пок.
Бу баҳр афлокидин рухсори хуршед,
Юз узра қатралар Биржису3 Ноҳид.
Гаҳеким синдуруб тожи Каёний,
Олиб илгига жоми Хусравоний.
Тузуб суҳбат «Биҳишти соний» ичра,
Май ичса «Боғи нав»4 айвони ичра.
Ани мажлис дема, олий сипеҳри,
Қадаҳдин даврида рахшанда меҳри.
Дема меҳр ониким, меҳри сабукхез,
Не андоқ тезрав, не сурат ангез.
Нишот афзойроқ Ноҳиддин кўп,
Сариус-сайрроқ хуршеддин кўп.
Қуёш бир қатла ҳар кун кўкни сойир,
Бу мажлис чархин ул юз қатла дойир.
Қуёш ҳар даврида бир тийра ақшом,
Мунунг ҳар давридин равшанроқ айём.
Агар кўк суръатидин сайр этиб меҳр,
Мудири ҳар дам онинг бир паричеҳр.
Муғаннийлар нишот афзо наводин,
Чекиб Ноҳидни ҳар дам ҳаводин.
Зарофат ҳолатида базлагўлар,
Аторудқа қилиб ҳар дам ғулулар.
Бўлур чун шаҳ тараб бирла қадаҳкаш,
Тараб кайфиятидин бўлса сархуш.
Бериб юз ганж яхши сўзга бехост,
Ёмон сўзни қилиб ислоҳ ила рост.
Ёмон мен айттим топиб сўзум печ,
Анинг базмида сўз ўтмай ёмон ҳеч.
Қуёшдек оламоро базм чоғи,
Жаҳонға ўрт солиб разм чоғи.
Қаёнким барқи тиғи шуъла сочиб,
Адувнинг пайкаридин боши қочиб.
ДЭмасменким, кесиб ўқи зириҳни,
Тахайюл торидин очиб гириҳни.
Синони чун етиб саҳми қазодек,
Адув қаддини айлаб ҳалқа ёдек.
Ўзи ҳар сориким сургач ғазабнок,
Қилиб ул саф ёқосин сар-басар чок.
Зафарға сурма рахшининг ғубори,
Қуёшқа шуъла тиғининг шарори.
Ало, токим қуёшдин бўлғай анвор,
Ёруқ қилғай жаҳон мулкини ҳамвор.
Жаҳон мулки анга бўлсун муяссар,
Қуёш тожи анинг бошиға афсар.
Бериб даврон қуёш янглиғ камоли,
Фалакдин бўлмасун, ёраб, заволи.
Кетур, соқий, қадаҳ хуршедини бот,
Ичай шаҳзода ёди бирла, ҳайҳот!
Ки ҳажридин анинг маҳзунмен асру,
Бўлай беҳушким, мажнунмен асру.
Бу дебои чиний юзин хитойи соз нақшлар била мунаққаш қилмоқ ва ул хитойи нақшларни монувий тироз гуллар била дилкаш безамоқ ва бу гулистон саҳнида хоқони Чин маснади эҳтишомин ёймоқ ва анинг эҳтишоми ҳадиқаси насаб гули ва фарзанд мевасидин ўзга жамиъ азҳор ва фавокиҳ била музайян эрконин айтмоқ ва дард боғи ғунчаси ва бало чамани шукуфаси, яъни шаҳзода Фарҳоднинг адам шабистонидин вужуд гулшаниға келганини қалам бубули тилидин сайрамоқ1
Бу чиний ҳуллаға бўлғон рақамкаш,
Юзин бу тарҳ ила қилди мунаққаш
Ки, Чин мулкики, рашки нақши Чиндур,
Саводи ғайрати хулди бариндур.
Шаҳе эрди муаззам хони онинг,
Дема хони онинг, хоқони онинг.
Ики оламча мулки вусъат ичра,
Ети гардунча тахти рифъат ичра,
Сипоҳи ер юзида қум ҳисоби,
Не қум, гардун уза анжум ҳисоби.
Тажаммул онда Афридунча2 юз минг,
Хизона махзани Қорунча3 юз минг.
Улувви даргаҳи гардун мисоли.
Қаю гардунки, андин доғи олий.
Мўғул қуллар киби оллинда хонлар,
Бўлуб кишвардиҳи4 кишварситонлар5.
Кафининг базли Уммондин ҳам афзун,
Жавоҳир сочмоғи кондин ҳам афзун.
Дема кондин, дегил имкондин ортуқ,
Неким йўқ ондин ортуқ, ондин ортуқ.
Замона тоқи офоқ айлаб они,
Бари хонлар аро тоқ айлаб они.
Анингдек фард этиб чархи куҳангард
Ки, бир фарзанддин ҳам айлабон фард.
Мукаллал меҳр дурри бирла тожи,
Анинг бир ўзга дурга эҳтиёжи.
Муроди боғи юз гулдин баруманд,
Вале ул ўзга гулга орзуманд.
Юзидин равшан айлаб нури кавнайн,
Анга кўздин учуб бир қурратул-айн.
Дебонким: «Чун жаҳоннинг йўқ вафоси,
Эмас маҳкам амал қасри асоси.
Бақо айвони кўп оли эмастур,
Ҳаводисдин жаҳон холи эмастур.
Киши гар қилса минг йил подшолиқ,
Жаҳон мулкига айлаб кадхудолиқ,
Чу тортар оқибат жоми фанони,
Борур дам фаҳм этар бир дамча они.
Шаҳиким, кўкка чиққай тахту жоҳи,
Гадоким, тахта киз бўлғай паноҳи,
Бақо туфроғидин силкар замон енг,
Бу доғи ул икиси тенг дурур, тенг.
Не чеккай кўкка бошин тождори
Йўқ эрса бир дур андин ёдгори.
Валаддур ул дуру, волид садафдур,
Садаф, яъни отоу дур халафдур.
Садаф йўқ, баҳр аро гар бўлмас инжу,
Ани бил, бир ниҳоятсиз ачиғ су[в].
Не аччиғ сувки масти ваҳшат ойин,
Лабида каф, юзида мавждин чин.
Чаманда сарв бас раъно шажардур,
Йўқ андин нафъ, чунким бесамардур.
Шажарким жуз латофат шеваси йўқ,
Ўтун ўрнидадур гар меваси йўқ.
Ёғиндин гар булут еткурмаса суд,
Ҳавода ул ҳамону бир қалин дуд.
Чақинким ёруди анвори онинг,
Чу ўчти, қолмади осори онинг.
Агар ўт ўчса бўлмас ғусса ютмоқ,
Чу ахгар қолди осондур ёрутмоқ.
Мен ўлдум ул тенгизким гавҳари йўқ,
Ва ё ул ўтки онинг ахгари йўқ.
Тенгиз йўқким, ғадири ваҳшатангез,
Қаю ул ўтки, ёвшондин бўлур тез.
Бу ўтлуғдин эрур бағримда доғим,
Қурутмосун дебон даврон ўчоғим.
Зиҳи ҳасратки, мен йиллар ютуб қон,
Бўлуб Чину Хито мулкида Хоқон.
Бу фоний дайрдин бўлғач хиромим,
Келиб бегонае тутқай мақомим.
Аёқ қўйғай фирошу бистаримға,
Илик сунғай сипоҳу кишваримға.
Шабистоним аро ором қилғай,
Замона субҳи ирзим шом қилғай.
Манга йиғмоқта етгай меҳнату ранж,
Анга сепарға қолғай махзану ганж.
Аоди таъну афсусинму айтай,
Эранлик нангу номусинму айтай.
Ўғулсизлиғдин ўлди бу шиканжим
Ки Ҳақ дафъ айлагай бу дарду ранжим.
Бу қаттиғ вартада илгимни тутқай,
Кўзумни бир халаф бирла ёрутқай».
Бу эрди муттасил гуфту шуниди,
Худойидин ўғул эрди умиди.
Бўлуб кўз ёшидин ҳарён гуҳарпош,
Гуҳардек кўзга истаб ўзга бир ёш.
Бу мақсуди учун сочиб дирамлар,
Қилиб кўп назрлар, айлаб карамлар.
Ўғулсизларни ҳам айлаб наволиқ,
Атосизларға ҳам айлаб атолиқ.
Булардин барча кому муддаоси
Буким, бўлғай бир ўғулнинг атоси.
Бўлуб ғофилки, неким килки тақдир
Рақам чекти, эмас имкони тағйир.
Киши ҳар муддаодаким кўрар суд,
Яқин эрмас ани тормоғда беҳбуд.
Басо гавҳарки ранги аҳмар эрди.
Кўрунди лаълу, тутқач ахгар эрди.
Кўп асфар лавн соз этти замона,
Кўрунди зарварақ, эрди забона.
Киши комида суд эрмас чу маълум,
Ризо авло дурур бўлғонға мақсум.
Чу Хоқоннинг бу эрди муддаоси,
Ижобат қурбини топиб дуоси.
Шабистонида туғди бир янги ой,
Янги ой йўқки, меҳри олам орой.
Очилди боғида бир оташин вард,
Демайким, вард, балким шуълаи дард.
Киюрди илгига даврон нигине,
Нигин ўрнида лаъли оташине6.
Юзинда ишқ асрори ёзилғон,
Ичинда дард таъвизи қозилғон.
Нигину лаъл йўқ, дурри шабафрўз,
Дема дур, гавҳаре – лекин жаҳонсўз.
Эшилган риштаси тоби вафодин,
ТЭшилган бағри ҳаккоки қазодин.
Кўзида ашк селидин асарлар,
Дамида оҳ дудидин хабарлар.
Муҳаббат нури оллинда ҳувайдо,
Жамолида вафо туғроси пайдо.
Фалак деб дард элининг шоҳи они,
Малак деб дард ўти огоҳи они.
Тушуб ишқ аҳли ичра ҳар тараф жўш,
Чу туғди ўтда сайр айлар Сиёвуш7.
Вафо хайлида ғавғо шодлиғдин,
Бири-бирга муборакбодлиғдин.
Ато ул дурға чун наззора қилди,
Садафдек оғзи кулмакдин ёйилди.
Сочиб онча жавоҳир олам ичра
Ки, андин баҳру кон қолиб ғам ичра.
Ясаб кишварни ойин бирла борча,
Бу ойин туҳфаи Чин бирла борча.
Бу янглиғ ҳукми ом айлаб надивор
«Ки, Чин мулкида бўлса ҳарне девор
Ясалсун борча ойин бирла зебо,
Тутулсун бориға иксуну дебо.
Не дебо, борчаси сангину дилкаш,
Хито суратлари бирла мунаққаш».
Қилиб бу навъ зийнат бирла ойин,
Тамоми Чинни суратхонаи Чин.
Халойиқ ҳарне қилса тергамак йўқ,
Не қилғонни ёмон қилдинг демак йўқ.
Тузуб бир жашнким чархи куҳансайр,
Анинг даврида бу тоқи куҳандайр —
Анингдек кўрмайин базми Каёни,
Юзидин бирча ҳам бермай нишони.
Фалакдек хон фузунроқ анда ҳаддин,
Қуёш қурси киби нон худ ададдин.
Олиб кишвар элининг эҳтиёжин,
Бағишлаб элга уч йиллиқ хирожин.
Улус тутмай тарабдин бир дам ором,
Вале асраб тараб таврида андом.
Тараб ғавғосин ул кишварда чоғлаб,
Машаққат корвони рахт боғлаб.
Қилиб яғмо халойиқдин гарона,
Тутуб айш анда манзил жовидона.
Юзинда кимса чиндин топмайин баҳр,
Магар дашти юзи лек ул дағи шаҳр.
Қилиб маҳв эл ичидин бода қайғу,
Қаро қайғуни дафъ айлаб қизил сув.
Кетур, соқий, чекиб йирлар учун ун,
Манга тўйдин улуш бер, жоми гулгун.
Мени Чин аҳли янглиғ майпараст эт,
Тўло чиний аёғлар бирла маст эт.
Шаҳзода Фарҳодқа «Ал-асмоу танзилу минассамо»1 ҳукми била ишқ сипеҳри авжидин номдорлиқ насиб бўлмоқ ва шавқ гулшанида ғунча эрконда гулдек кўнглаки чок, балки булбулдек кўнгли ғамнок бўлмоқ ва дард муаллими мактабида ишқ кутубин лафз-балафз, балки муҳаббат авроқин ҳарф-баҳарф ўқумоқ ва диловарлиқ майдонида шижоат варзишини қиличдек тез этиб ўқдек туз этмак ва замон кинаварларидин худдек саромад ва найзадек сарафроз бўлмоқ
Бу зебо базмнинг алҳоннамойи,
Бу янглиғ бўлди сўз дастонсаройи:
Ки, чун Хоқонға Тенгри берди фарзанд,
Бўлуб ул ҳадя бирла шоду хурсанд.
Жамоли бирла кўнглин айлабон хуш,
Отин қўймоқ сори бўлди рақамкаш.
Жамолидин кўрунгач фарри шоҳи,
Бу фардин ёруди маҳ то ба моҳи.
Қўюб юз ҳиммату иқболу давлат,
Ҳамул фар соясидин торпти зийнат2.
Бу жавҳарларға чун иснод топти,
Мураккаб айлагач Фарҳод топти.
Бу фарни ҳодийи бахт этгач иршод,
Равон шаҳзода отин қўйди Фарҳод3.
Ҳариру ҳулла ичра боғлабон чуст,
Мурассаъ маҳд ичинда тонгдилар руст.
Бу навъ эрмас ато қўймади отин
Ки, кўргач ишқ анинг покиза зотин.
Анга фарзона Фарҳод исм қўйди,
Ҳуруфи маъхазин беш қисм қўйди.
Фироқу рашку ҳажру оҳ ила дард,
Бирар ҳарф ибтидодин айлабон фард.
Борин устоди ишқ этгач мураккаб,
Тараккубдин бу исм ўлди мураттаб4.
Малолат маҳдида зор этти они,
Бу қайд ичра гирифтор этти они.
Маалқисса чу топти маҳд маскан,
Қафас давлат ҳумойиға нишиман.
Аруси чарх тун-кун доякирдор
Бўлуб ҳар таври ҳолидан хабардор.
БЭшик даврида чинию хитойи,
Бўлуб юз нўшлаб дастонсаройи.
Кўзининг нози элдин элтиб уйқу,
Анга уйқу кетурмакка навогў.
Кўрунмай ўзга ёшлардек сифоти,
Кўзига бўлмай уйқу илтифоти.
Сутиким, соғибон оғзиға доя
Ки жисми андин олғай қуту моя.
Анга ичмак бўлуб ноком янглиғ,
Мавизу шираи бодом янглиғ.
Не қатра сут ичургач дояи ишқ,
Бўлуб бир гавҳари сармояи ишқ.
Топиб ҳар қатра бир дурдин нишони,
Ва лекин борчаси дурри маони.
Ичарда мўрдин ўксук ғизоси,
Топиб қут ончаким, арслон болоси.
Бировким ишқдин бўлғай анга қут,
Сут ичса дур бўлур, қон ичса ёқут.
Бу янглиғ чун бир ўлди ёши онинг,
Шараф дурриға етти боши онинг.
Қадам урдию тарки маҳд қилди,
Қўюб эмгак юрурга жаҳд қилди.
Чу уч ёшиға чекти даври афлок,
Такаллум қилди андоқким дури пок.
Сўзи бори бўлуб афсонаи ишқ,
Мақому маскани кошонаи ишқ.
Ажабдур уч ёшида кўзга атфол,
Нечукким ўн ёшида ўзга атфол.
Қолиб бу ишда эл ҳайрони онинг,
Сипеҳру меҳр саргардони онинг.
Ато бу навъ кўргач иш ҳисобин,
Муносиб англади илм иктисобин.
Кетурдилар ҳакими нуктадоне,
Билик бирла жаҳон ичра жаҳоне.
Фалак мушкиллари ҳал фикратидин,
Фалакка мушкил онинг диққатидин.
Қуёш янглиғ ёруғ райи мунири,
Вале андин ёруқ мо физзамири5.
Қаю илмики йўқ андин ниҳонроқ,
Анинг қошида йўқ андин аёнроқ.
Суруб ҳайъат сори чун фикрати рахш,
Сиреҳр ажзосин айлаб жав-бажав пахш.
Вагар ҳикматда райи жисм этиб қисм,
Кўзига нуқтаи мавҳум улуғ жисм.
Табиию, риёзию, илоҳий,
«Алиф, бе, те»дек оллинда камоҳи.
Бўлуб Юнонда ҳикмат вирди онинг
Арасту бир кичик шогирди онинг.
Ёрутқоч базмни донои олам,
Тилаб шаҳзодани доройи олам,
Қилиб таълимиға юз навъ таъкид,
Фалак оллинда манзил тутти хуршид.
Алиф, бе дегач устод ибтидодин,
Алиф олди аламдин, бе балодин.
Ҳам аввал кунда берди сарви гулхад
Атоға ҳадяи таълими абжад6.
Учунчи ой равон бўлди саводи,
Бурунғи йилда Қуръон бўлди ёди.
Агар бир қатла кўрди ҳар сабақни,
Яна очмоқ йўқ эрди ул варақни.
Не сўзниким ўқуб кўнглига ёзиб,
Дема кўнглики, жон лавҳига қозиб.
Ўқуб ўтмак, уқуб ўтмак шиори,
Қолиб ёдида сафҳа-сафҳа бори.
Кўруб чун ишқу ошиқлиқ мақолин,
Топиб ошуфта маҳзун кўнгли ҳолин.
Анинг шарҳини такрор айлабон кўп,
Ўқурда нолаю зор айлабон кўп.
Бўлуб ошиқ ғами шарҳида ғамнок,
Яқо чокин ўқуб, айлаб яқо чок.
Ким этса дарддин оз-оз ривоят,
Қилиб ул дард анга кўп-кўп сироят.
Киши кўнглин билиб афгор йиғлаб,
Не кўзда ашк кўргач зор йиғлаб.
Ҳаким ул ишда қолиб лол ҳар дам,
Қилиб андин юз истидлол ҳар дам.
Атоға гаҳ бўлуб ғолиб таҳайюр,
Анони гоҳ этиб ожиз тафаккур.
Бу деб атфолға бу навъ ўлур ҳол,
Ул айтиб, йўқтурурму ўзга атфол.
Қилиб ҳар бир ани бир навъ таъбир,
Бири билмай не навъ эрконни тақдир.
Иши бу янглиғ эрди эл аро фош
Ки, то умридин онинг ўтти ўн ёш.
Жаҳонда қолмади ул етмаган илм,
Билиб таҳқиқини касб этмаган илм.
Бўлуб ўн ёшқа умрининг мурури,
Йигирми ёшча қадду жисму зўри.
Улум авроқи чун бир-бир ёрилди,
Диловарлиқ силоҳи майли қилди.
Чу оз фурсат анга майл этти зоҳир,
Қаю бир майли қилғоч бўлди моҳир.
Олиб қавси қузаҳ чекмакка қуллоб,
Туруб машриқ этиб мағрибға партоб.
Қаро тун гар нишон айлаб Суҳони7,
Фалакча новакиға ул нишони.
Дебон Турки фалак8 отқонда зиҳлар,
Таваҳҳум торидин очиб гириҳлар.
Қиличи зарбаси оллинда ҳар марз,
Шикоф андоқки сувдин ер аро дарз.
Не ер, тоғики кисват қилди хоро
Бу кисватдин қилиб дарз ошкоро.
Қилиб гар ҳамла Албурз9 узра бир гурз,
Бўлуб гарду чиқиб гардунға Албурз.
Евургач найзасин даври фалаквор,
Бўлуб қалқон ўзига чархи даввор.
Тубо михи била сончиб самакни,
ТЭшиб нўги била даври фалакни.
Чу майдон азмиға солиб таковар,
Бузуғлуқ бохтардин то ба ховар.
Ўтуб кўк бодпойидин саманди,
Тушуб Баҳром10 бўйниға каманди.
Ети гардунға офат шашпаридин,
Бўлуб сув ҳут11 бағри ханжаридин.
Асад бўйнин узуб сапранжа бирла,
Забуни бир асад12 ҳар панжа бирла.
Қилиб Рўйинтан13 ўз илгини ранжа,
Тутуб чин ранжаси оллиға панжа.
Ҳамул илми баланд овоза бирла,
Бу янглиғ зўри беандоза бирла
Ўзин абжад ўқур элдин тутуб кам,
Дема донишки, зўри даст ила ҳам.
Бўлуб шаҳлар эшигининг гадойи,
Ва лекин ул гадолар хокипойи.
Анга тенг подшолиғ, ё гадолиғ,
Гадолиққа тенг этмай подшолиғ.
Демон, ҳам кўнгли поку ҳам кўзи пок,
Тили поку сўзи поку ўзи пок.
Мунингдек тийнати покига лойиқ,
Дуосин айтибон поки халойиқ.
Анинг сори совуғ ел эсса ногоҳ,
Чекиб Чин мулкининг халқи совуғ оҳ.
Қилиб эл хонумон онинг фидоси,
Не хонумонки, жон онинг фидоси.
Ато юзланмасун деб дарду ранже,
Етиб ҳар кун бошиға садқа ганже.
Вале бир зарра дард ўлғоч падидор
Бўлуб ул ганжлар бирла харидор.
Асири дард ичи-ю тоши онинг
Ки, то ўн тўрт бўлди ёши онинг.
Кетур, соқий, шароби дард парвард
Ки, бўлди кўнглумиз парвардаи дард.
Бошимға дард чекмастин бурун тиғ,
Бу дам базми нишоти айлагил биғ.
Фарҳоднинг шабоб гулшанидаким, тараб гулбунининг нишот гуллари очмоқ маҳали дурур, дард хорлари кўргузмоки ва булбулдек шавқ ўти хорхоридин фиғон тузмоки ва хоқон бу иштин ғунчадек дилтанг бўлиб, анинг чораси учун тўрт боғ тарҳин солғони ва тўрт қаср бино қилғониким, шояд бу боғлардин мақсуд гули топилғай ва ул қасрлардин мурод эшиги очилғай.
Муҳандиским бу қаср обод қилди,
Бу янглиғ тарҳини бунёд қилди.
Ки чун хоқонға ул ком ўлди ҳосил,
Тараб базмида ором ўлди ҳосил.
Шабистонида ул шамъ ўлди равшан
Ки, базми гулларидин бўлди гулшан.
Неча ул шамъ бор эрди дилафрўз.
Вале кўп шуъла тортар эрди жонсўз.
Ўти гоҳи чекар эрди забона,
Бўлуб гоҳи сиришким юзда дона.
Юзига ишқ ҳар дам деб ниҳони
Ки, қилғумдур бу гулни заъфароний.
Қадиға ғам юки деб роз ҳар дам
Ки, қилғум бу «алиф»ни «дол»дек хам.
Кўзига айтибон афсона қайғу
Ки, бир кун икисидин олғум уйқу.
Боқиб кўнглигау таҳдид этиб дард
Ки, бу эвдин чиқорғум оқибат гард.
Не ишким чарх этар изҳорин онинг,
Бурунроқ кўргузур осорин онинг.
Иситмоқ чун шарорат зоҳир айлар,
Баданда ул ҳарорат зоҳир айлар.
Чу яфроғни тўкар боди хазоний
Бурун рангини айлар заъфароний.
Ангаким бир бало еткурса тақдир,
Етар аввалроқ аҳволиға тағйир.
Анинг, чун бор эди оллинда кўп ранж,
Тараб айёми ҳам эрди аламсанж.
Қачонким айлабон ишратқа оҳанг,
Даме нўш айламакка жоми гулранг.
Нишот аҳли бўлуб ҳар ён навосоз,
Нишотангез достон айлаб оғоз.
Сурудиким улусни хуррам айлаб,
Анинг хуррамлиғин дарду ғам айлаб.
Не достон ичра мазкур ўлса Мажнун.
Анинг кўнгли бўлуб албатта маҳзун.
Не алҳон бўлса бир ғамдин ривоят.
Бўлуб бу ғамдин ул ғамгин бағоят.
Эшитгач ишқу ошиқлиқ сурудин,
Тия олмай кўзидин икки рудин.
Бўлуб Хоқон анинг ҳолидин огоҳ,
Тафаккур айлабон тортиб совуғ оҳ
Ки, невчун дойим ул шод эрмас эркинғ
Ҳамиша ғамдин озод эрмас эркинғ
Не эркин оҳу афғониға боис,
Не қайғу ашки ғалтониға боис.
Хито мулкида ҳар навъи ғаройиб
Ки, мумкин бўлмағай андоқ ажойиб.
Суманбарлар бори зебоу нозук,
Ҳунарварлар бағоят чусту чобук.
Мушаъбидлар сипеҳри бевафосон,
Ўғурлаб муҳра кўк тосидин осон.
Чу айлаб лаъб ҳар найрангсози,
Фалак ҳар лаҳза еб ўн қатла бози.
Қилиб тунни ёруғ, кунни қаронғу,
Сувдин ўт ёндуруб, ўтдин сепиб сув.
Кўкартиб шуълалиқ ўтдин сипандон,
Осиб ўргамчи тори бирла сандон1.
Булардин доғи пурмакру фусунроқ,
Ҳисоби ҳадду ғоятдин фузунроқ,
Етиб ҳар кун онинг базмида ҳозир,
Алар айлаб фусуну макр зоҳир.
Қилиб шаҳзода ҳар қайсиға таъмиқ,
Бўлуб кайфияти оллинда таҳқиқ.
Чу ҳал бўлди бўлуб бир дам тараблиқ,
Бўлуб рафъ ул ажаб ишдин ажаблиқ,
Не шакликим кетар ашколи онинг,
Ғаройиб ичра қолмас ҳоли онинг.
Булар бирла доғи шоҳи жаҳонгир
Чу айлай олмади бу ишга тадбир.
Бўлуб бечора кўп қилди тааммул,
Яна бир ўзга иш қилди тахайюл,
Ки, қилғай тўрт олий қаср бунёд,
Бўлуб ҳар фасл бир қаср ичра Фарҳод.
Тузуб ул қасрда ишратқа асбоб,
Фароғат бирла нўш этгай майи ноб.
Ясаб ҳар қасрнинг давринда боғе.
Ки бўлғай ҳар гул андин шабчароғе.
Топиб ул фасл рангин аҳли ниранг,
Мувофиқ айлагайлар қасрини ранг.
Баҳорий қасрининг тузгач асосин,
Олиб гуллар жамолидин қиёсин.
Бути гулчеҳрадек шанг айлагайлар,
Юзидек они гулранг айлагайлар.
Яна қасреки тобистоний ўлғай,
Танаъумнинг саро бўстони ўлғай2.
Қилур ул фасл баргу сабза оҳанг,
Таносуб бирла қилғайлар яшил ранг.
Яна бир қасрким бўлғай хазоний,
Чу бор ул фасл ранги заъфароний3.
Анга бу ранг ила бергайлар ойин,
Қилиб заркорлиғ бирла ҳар ойин.
Яна бир қасрни айлаб шитойи,
Тўшаб кофургун жинси хитойи4.
Бериб нисбатда қору музға пайванд,
Етиб рангин онинг кофур монанд.
Бу янглиғ тўрт қасри чархкирдор
Ки, бўлғай тўрт фасл андин намудор.
Муҳайё айлагайлар нақши чиндек,
Фазоси равзаи хулди бариндек.
Тугангач равзадек ҳар байти маъмур
Кераклик бўлса ғилмон анда ё ҳур.
Хитоу Чинда танлаб нозанинлар,
Бори ғилмонвашу ҳуро жабинлар.
Бу жаннатларға қилғайлар хиромон,
Нечукким равза ичра ҳуру ғилмон.
Шак эрмаским, булардин шоҳзода
Танаъум бирла бўлғай дилкушода.
Бурундинким солур иш тарҳи устод,
Тамом ўлғунча ҳар бир ишратобод,
Ҳунарварларки қилғайлар ҳунар фош,
Агар хоротарошу хоҳ наққош.
Бири ҳар дам йўнуб юз навъ хора
Ки, қилғай ҳавз ё фаршу изора.
Бири ҳар дам чекиб юз нақши дилкаш
Ки, ҳар бир қасрни қилғай мунаққаш.
Ўшул муддатғача бу корхона
Ки, кўргузгай туганмакдин нишона.
Ғаройиб кўп ҳувайдо бўлғусидур,
Басе шакл анда пайдо бўлғусидур.
Кўрунуб ҳар замони кўзга бир шакл,
Кўз олғоч бўлғусидур ўзга бир шакл.
Чу бўлди жилвагар ашкол юз навъ,
Анга ҳам бўлғуси тимсол юз навъ.
Ясарда бўлса ҳар санъатқа машғул,
Ясалғач бўлғуси ишратқа машғул.
Чу бу ишларга бўлди табъи муътод,
Шак эрмас бўлмоғ ул ишлардин озод.
Чу Хоқон топти мундоғ чораға даст,
Ичига шодлиғ юзланди пайваст.
Бор эрди оллида фархунда дастур,
Мамолик раъйидин ободу маъмур.
Топиб оройиш андин мулку зийнат,
Тутуб эл ичра Мулкороға шуҳрат.
Шаҳ этмай майл анга айтилмайин иш,
Анинг раъйидин айру қилмайин иш.
Ҳамул Фарҳодға эрди атобек,
Кўруб Фарҳод худ они атодек.
Анинг ошуфта ҳолидин бу ранжур,
Нечукким ганжи яғмо торса ганжур.
Шаҳ ул фикр айлагач, элдин ниҳони,
Кириб хилват аро чорлатти они.
Қусуру ҳур ишин тарҳ этти борин,
Тахайюл қилғанин шарҳ этти борин.
Дуо айлаб деди фархунда дастур
Ки ҳеч иш қолмамиш пойингға мастур.
Равон қилмоқ керак эмди шуруи,
Анга-ўқ айлади шаҳ иш ружуи.
Чу Мулкоро эшитти, қўпти филҳол,
Шаҳи мулк оллида ер ўпти филҳол.
Чиқиб шоҳ оллидин ўлтурди дилхуш,
Бўлуб асбоб жамъиға рақамкаш.
Кетур, соқий, манга жоми майи ноб,
Бу соатким муҳайё бўлди асбоб
Ки, гардун етти қасридур вафосиз,
Жаҳоннинг тўрт фасли ҳам бақосиз.
Мулкоронинг тўрт равзаи Эрам1 монанд била тўрт қасри фалакпайванд иморатин тўрт айириб ҳар бирига Зуҳалваш саркор ва Аторудсон меъмор таъйин қилиб рубъи маскундек ободлиғиға машғул бўлғони ва Фарҳоднинг иш тамошосиға келиб, аҳли ҳунар санъатини тамошо қилиб, Қорани2 сангтарош ишига етишгач ғаробатидин фаҳми тешаси ул иш идпоки хорасидин кунд бўлуб, қуёш мағриб тоғиға майл этгондек, анинг хороси устига тушуб, метин тилидин сўз суруб, хоро садосидин жавоб топиб, ул иш майли мумдек кўнглига «Кан-нақши фил-ҳажар»3 бўлғони
Муҳайё айлаган бу корхона,
Бу янглиғ сурди вазъидин фасона
Ки чун шаҳ қилди Мулкорони маъмур()
Бинолар мулкдин қилмоқда маъмур.()
Ўзи отланди давлат бирла хушҳол,
Тушуб давлат киби оллинда иқбол.
Рикобида ҳаким эрди ададсиз,
Муҳандисшевалар оллинда ҳадсиз.
Кезиб Чин даврида шоду қадаҳкаш,
Анингдек тўрт мавзиъ қилдилар хуш.
Ки ҳар бир кўргузуб жаннат фазоси,
Фазосидек суви бирла ҳавоси.
Келиб бир фаслға ҳар бир мувофиқ,
Бўлуб шаҳзода оромиға лойиқ.
Топиб девор арконини аввал,
Буюрди ҳар бирига тўрт жадвал.
Чекилди бир йиғоч тул ичра ҳар хат,
Йиғоч ўрни ҳам ўлди хат бар хат.
Чу топти боғ тарҳи зебу ойин,
Қилилди тўрт қаср ўрнини таъйин.
Буюрмоқта ўтуб дороға навбат,
Етишти ишта Мулкороға навбат.
Хито мулкида эрди икки устод,
Икавлон тавъамонлиғ бирла ҳамзод.
Лақабда бири Боний4, бири Моний,
Муни кўрган тасаввур айлаб они.
Қилиб меъморлиқ Боний ишин фош,
Келиб Моний Хито мулкида наққош.
Бўлуб Бонийға ул янглиғ маҳорат,
Ки шарҳидин келиб ожиз иборат.
Чекиб бу қасри мийнокор тарҳин,
Киши андоқки бир девор тарҳин.
Сув узра гунбази гардун ҳисоби,
Анга соз этмак андоқким ҳубоби.
Келиб ҳар не бино ул қилса бунёд,
Йиқилмоқдин фалак қасридек озод.
Бўлуб туфроғи онинг хорадин берк,
Ясаб оҳакни оҳанпорадин берк.
Вале Моний онингдек нақшбанди
Ки, нақшин чарх анга нақшин паранди.
Мудаввар мустақим ўлса рақамкор,
Чекиб андоқки жадвал бирла паргор.
Чу боғлаб сурати бежонға зевар,
Бўлуб ул навъким руҳи мусаввар.
Келиб ул нақш килки соясидин
Ки, келмай юз қалам пироясидин.
Кишига тушда таълим этса зоҳир,
ҚЎпуб ул уйқудин устоди моҳир.
Яна бир устоди чобук эрди
Ки, ҳам лук, санъати ҳам нозук эрди.
Қилиб хоро сафи бирла масоф ул,
Лақабда Қорани хорошикоф ул.
Чу метин нўгини хопокан айлаб,
Қатиқ хорони равзан-равзан айлаб.
Чу нозуклукни айлаб хомаси фан,
Бўлуб бир лавҳ уза умре қаламзан.
Яна ҳар навъ устоди ягона
Ки, кўрмай фаннида андоқ замона.
Тилаб борини дастури хирадманд,
Иш аҳволидин ўлди нукта пайванд
Ки, шаҳға бўйла амре ҳодис ўлмиш,
Анга шаҳзода фикри боис ўлмиш.
Бу янглиғ тўрт боғи жаннатойин,
Ичинда тўрт қасри равза тазйин.
Керакким тўрт фасл ул тутса ором,
Бўлуб кўнгли қуши ҳар равзаға ром.
Борининг рангу вазъин айлади шарҳ
Ки, ул навъу бу навъ этмак керак тарҳ.
Чу сўз топти ниҳоят, тўкти ярмоғ,
Тааммулсиз нечукким тошу туфроғ.
Алар ҳам корбанд айлаб биликни,
ҚЎпуб кўзларга қўйдилар иликни.
Чу Мулкоро аларни қилди хушдил,
Масолиҳ жамъ этарга бўлди мойил.
Бурун ул ишни қилди тўрт саркор
Ки, жамъ эткайлар улча бўлса даркор.
Қўюб юз кордон ҳар иш бошида,
Яна минг коргар ҳар юз қошида.
Тоширға тошу хишту бел ароба,
Тутуб Чин ичра ободу хароба.
Солиб ҳам тоғу ҳам ҳомунға афғон,
Оғир юкдин тушуб гардунға афғон.
Чиқиб ҳар тоғ уза юз хора андоз,
Иш узра ўлтуруб минг хора пардоз.
Ароба демаким, гардуни дойир,
Бўлуб хоро юки остида сойир.
Шафақ бирла фалакдин тўлғамай бош,
Тошиб иш бошиға оқу қизил тош.
Бўлуб ҳар новакаш бир баҳри жўшон,
Рубоий баҳри соз айлаб хурушон.
Аларнинг баҳри зўридин нишона
Ки, ҳар ён кемалар айлаб равона.
Топилмай уду сандал ичра нажжор,
Нечукким кирса дўкон ичра тужжор.
Бўлуб чун арраси чекмакда маҳрур,
Ёғиб сандал нечукким қишда кофур.
Бўлур ҳар дойгар гардунға пайваст,
Қолиб бел урғучи балчиқ аро паст.
Урарда белин киргач фиғонға,
Отиб бир парча балчиқ осмонға.
Бийик тоқ устида устоди банно,
Қуйидин қилса хишт олмоқ таманно,
Топиб юз минг қамар сайр ичра тавсеъ,
Зуҳал бирла вале бориға тарбеъ.
Паёпай корфармодин ҳаёҳай,
Ҳаёҳайдин қилиб эл иш паёпай.
Тушуб хайли бани одамға ошуб,
Бани одам солиб оламға ошуб.
Бўлур гардон анингдек тўрт саркор
Ки, саргардон қолиб бу етти паргор.
Кетиб устодлардин ишда қонмоқ,
Не тинмоқ бир замоне, не таёнмоқ.
Ул ишларга бу янглиғ бўлди чун тарҳ,
Саросар қилдилар шаҳзодаға шарҳ.
Ки, мундоғ тўрт қасри чархкирдор,
Бўлубтур тўрт жаннатдин падидор.
Ки, ҳар бир тоқидек кўрмайдур офоқ
Ки, бўлғай рубъи маскун ичра ул тоқ.
Чу таъриф эттилар ҳаддин зиёда,
Ҳавас қилди кўрарга шоҳзода.
Миниб от, ўлди ул ён даштпаймой,
Нечукким тавсани гардун миниб ой.
Суруб юз маҳваш атрофида маркаб,
Анингдекким, қамар даврида кавкаб.
Чу рахшин сурди ул ён бемадоро,
Қиёмат кўрди бўлғон ошкоро.
Тушуб бир олам элга бул-ажаб жўш.
Бўлуб бориға хобу хўр фаромуш.
Чекиб гардунға тўрт андоқ бино бош
Ки, гардун деб анга ҳар лаҳза: шобош!
Фалак тоқиғача боғлаб ҳавоза,
Зуҳал янглиғ чиқиб устига роза5.
Қўёрға ҳар бино оли равоқи,
Бўлуб қолип ҳамоно чарх тоқи.
Ишида маҳв онингдек ҳар бир устод
Ки, ишдин ўзга бори ишдин озод.
Кўруб шаҳзода андоқ турфа аҳвол,
Таҳайюр бармоғин тишлаб – қолиб лол.
Қаю бир пешаким андеша айлаб,
Қолиб ҳайрону таҳсин пеша айлаб.
Кезар эрди боқиб ҳар пешаварни
Ки, кўрди неча чобук тешаварни.
Ўкуб ҳар сори қулла-қулла хоро,
Қилибон пора-пора бемадоро.
Итик тешалариға ҳар қаро тоғ.
Пичоқ оллинда андоқким, сариғ ёғ.
Бирининг мумдек илгида хоро,
Қилиб сув ғулбиға шер, ошкора.
Бири юмшоғ йиғочдек хора пардоз.
Сутунға пил поя айлабон соз.
Арода нақш банди ҳийласози,
Муҳандис шеваи пайкартирози
Темурдин хомаси ҳар ён равона,
Қилиб тош узра туфроқдек нишона.
Чекиб юз навъ пайкар хомасидин
Ки, Моний лол ўлуб ҳангомасидин.
Гаҳи ҳанжор ила, гоҳи қилиб зўр,
Солиб санъат била офоқ аро шўр.
Кўруб шаҳзода андоқ кордоне,
Тамошосиға майл этти замоне.
Чу тушти, солдилар бир тош уза рахт,
Ясаб шоҳ ўлтурурға хорадин тахт.
Саодат бирла тутқоч анда таскин,
Деди: «Эй кордони санъат ойин.
Дегил бу санъатингдин бизга фасли
Ки, андин зоҳир ўлсун фаръу асли.
Отинг айту они ҳамким бу пеша
Ки, йўнғай мумдек хорони теша.
Нединдур кўрмадук бу навъи ҳаргиз
Ки, бўлмиш фаҳм идпокида ожизғ
Йиғочеким қатиқроқ бўлса зарра,
Пичоқ еткач бўлур андоқки арра.
Не сув бирла берибсан тешанга зеб
Ки, топмас хора йўнмоқ бирла осиб.
Ҳамул хомангки айлар хора танқир,
Анинг кайфиятин ҳам айла тақрир».
Ер ўпти кордони нақшпардоз,
Сўзин қилди дуо бирла сароғоз
Ки: «То бўлғай ҳаводис Кўҳи-Қофи6
Чақилғай илдирим хоро шикофи.
Ҳаводис тошидин осуда бошинг,
Ушотсун дарду ғам бошини тошинг.
Қатиқ хасминг насиби хора бўлсун,
Машаққат тоғида овора бўлсун.
Чу сўрдунг аввал отим шуҳратини
Ва сўнгра санъатим кайфиятини.
Отим Қоран, ишим худ ошкоро,
Қўлумда тешау оллимда хоро.
Буким сўрдунгки метин бирла теша,
Нечук синмай йўнар хоро ҳамеша?7
Анинг сув бермагида ҳолати бор
Ки, андин айламасбиз элга ихбор.
Су берса ўйла афзориға устод,
Юз ил хоро демайким, йўнса пўлод,
Синардин тешавар осуда бўлғай,
Тугангай баски ишдин суда бўлғай.
Хито аҳли бу санъат айлабон соз,
Бўлуб олам элидин ишта мумтоз.
Бу эл ҳам улча мен билганни билмай,
Далилим буки: мен қилганни қилмай».
Чу доно сурди мундоқ нуктаи пок,
Бўлуб шаҳзода билмакка ҳаваснок
Деди: «Оллимда бўл шуғлунгға машғул,
Ки, бу санъат эрур кўнглумда мақбул.
Гаҳе йўнғил, гаҳе нақш айла хора,
Мен айлай ўлтуруб бир-бир назора».
Ҳунарвар еткуруб гардунға бошин,
Муҳайё айлабон афзору тошин.
Кўруб шаҳзода кўнглин шуғлиға банд,
Бўлуб хоро тарошу нақш пайванд.
Қаю бир тешаким хороға солиб,
Бу таҳсин айлабу ҳайратқа қолиб.
Бу эрди шуғли то ул лаҳзаким меҳр –
Яшурди бурқаи хоро аро чеҳр.
Қупуб ул хорадин шаҳзода ноком,
Тутуб хоросуми устида ором.
Саводи шаҳр сори хорапаймой,
Нечукким тоғ аро меҳри фалаксой.
Кетур, соқий, манга бир жоми рангин
Ки, тушмиш ғам тоши кўнглумға сангин
Ки, ул сел анда ғам хорин супургай,
Демай ғам хориким, хорони сургай.
Фарҳоднинг Қоран била хоро йўнарда муқорин бўлуб, балки ул ойнинг бу Зуҳал била қирон қилмоғи ва бу фанда анга соҳибқиронлиқ эшиги очилмоғи ва Моний қалам мўйидин тасвир фанин қалам-бақалам, балки мў-бамў билмоғи ва жамии санойиъ ва ҳунар дақойиқи анинг илгига келмоғи ва тўрт йилда тўрт ҳадиқаи Эрам мисол ва тўрт қасри Хаварнақ тимсолнингким, тўрт фасл муқтазиёти ранги билан бино қўюлуб эрди, итмоми ва хоқоннинг аларни Фарҳодга мусаллам тутуб, анда базми ишрат тузарга эҳтимоми
Бу хоро узра тез эткан қаламни,
Юзига бўйла нақш этти рақамни:
Ки, чун шаҳзода тушти уйга ул шом,
Йўқ эрди кўнглида бир лаҳза ором.
Бўлуб хоро тамошосиға мағлуб,
Солиб ҳар дам ҳавас кўнглиға ошуб.
Нечаким ақл пири зуфунундур,
Ҳавас атфоли илгида забундур.
Чу бўлди тун қаро тоғи нигунсор,
Нечукким зилзила бўлғонда кўҳсор.
Қуёш лаъли чекиб тоғ узра авранг,
Фалакни субҳ қилди мармарий ранг.
Чу гардун қулласиға минди хуршед,
Тамошо азмиға отланди Жамшед1.
Суруб маркабни чун ул ён ёвушти,
Ҳунар аҳлига рустохез тушти.
Солиб ҳар хайл ичига чун назар тез,
Таваққуф айламай айлаб гузар тез.
Дебон ҳар ким ишига чун солиб кўз,
Ҳам онинг истилоҳи бирла бир сўз.
Топиб аҳли ҳунар бу навъи комин,
Фузунроқ айлаб ишда эҳтимомин.
Сўзидин чун таматтуъ олди ҳар хайл,
Равони айлади Қоран сори майл.
Яна тутти ҳамул хопода маскан
Яна йўнди ҳамул хорони Қоран.
Буюрдиким, келиб устоди ҳаддод,
Ясоғай тешау метини пўлод.
Ҳамул оҳангудози оҳанинчанг,
Равон қилди буюрғон ишга оҳанг.
Бўлуб ўтдин темур лаъли Бадахшон,
Шафақ ичра нечукким меҳри рахшон.
Ясаб ҳар навъидин афзори дилжў,
Вале афзориға Қоран бериб сув.
Сув бергач олибу хоро йўнуб тез,
Бўлуб хородин ул сув оташангез.
Не иш сорики солиб кўз ниҳоний,
Ниҳону ошкоро онглаб они.
Тасарруфлар қилиб ул навъи мулҳақ
Ки, бирдин минг бўлуб ул ишга равнақ
Анингдек қилди хоро йўнмоғин вирд
Ки, юз Қоран қошида бўлди шогирд2.
Гаҳи элдин қилиб андеша пинҳон,
Олур эрди қўлиға теша пинҳон.
Қилиб бир дамда онча иш ниҳони
Ки, қилғай ўзгалар бир ойда они.
Бу эрди ҳар кун онинг иштиғоли
Ки, то ул пешада бўлди камоли.
Чу бўлди тўрт йил гардун мурури,
Ясолди тўрт фирдавсу қусури.
Ташида қилди Қоран санъату соз,
Ичинда бўлди Моний нақш пардоз.
Ҳамон алвон билаким тушти тақрир,
Тузатти ҳар бир эвга нақшу тасвир.
Қаламзанға3 бўлуб сурмак қалам фан,
Ёнида корфармо4 ҳам қаламзан.
Қаю суратки Моний қилди тимсол,
Анга Фарҳод очти чеҳра филҳол.
Бу ишни доғи оз фурсатда қилди,
Анингдекким, керак алқисса билди.
Ул эвларга тугангунча ичу тош,
Ҳам ўлди хорабур, ҳам бўлди наққош.
Буларни қўйки, ҳар устоди моҳир
Ки, қилди санъатин ул эвда зоҳир,
Чу ҳар ён майли бир дам зоҳир ўлди,
Ул ишда устоди моҳир ўлди.
Бутуб алқисса ҳар бир қасри олий,
Ясалди боғлари жаннат мисоли.
Баҳорий равза торқоч зебу тазйин,
Ичу тошиға гулгун бўлди ойин.
Бўлуб суратларига чеҳра гулранг,
Қилиб гулзор аро ишратқа оҳанг.
Гилеме солиниб гулгуну зебо,
Ясолиб кўргаси гулранг дебо.
Бўлуб гулранг равзан, тобадон ҳам,
Эшик гулранг, балким остон ҳам.
Бутуб ҳавзеки андин руҳ олиб қут,
Ушоқ тош теграсида лаълу ёқут.
Бўлуб гулранг май ҳавз ичра то лаб,
Ариғлардин доғи оқиб лабо-лаб.
Очилғон ҳар тараф бир гулшани гул,
Ўкулган ҳар сори бир хирмани гул.
Кезиб гулчеҳралар ҳар сори мавзун,
Кийиб бошдин-аёқ дебойи гулгун.
Яна бир равза тобистони услуб
Ки, келди қасри мийнорангу марғуб.
Топиб ул доғи ахзар зебу оро,
Қолиб саргашта андин чархи хазро.
Ери узра саросар сабза навбар,
Чаманлар сарбасар сарву санавбар.
Қуши тўти, не тўтиким суруше,
Малакдек ҳулла бирла сабз пўше,
Равон бир шўхи сабзоранг ҳар ён,
Тутуб бир жоми мийноранг ҳар ён.
Бўлуб ҳар ҳавзнинг тоши забаржад,
Ушоқ тош ўрниға сочиб зумуррад.
Фалак янглиғ яшил қасрида тоши,
Яшил тоши каби тоқида коши.
Анингдекким яшил кошию хора,
Яшил чини била фаршу изора.
Демай ҳар сарв, балким ҳар гиёҳи,
Бўлуб ишратқа анда Хизри роҳи.
Яна бир равзаға ранги хазоний,
Танаъум кулгусига заъфароний.
Музаҳҳаб тоқи базм оройи онинг,
Муталло фарши гардунсойи онинг.
Ҳунар килки била айлаб ҳунаркор,
Ичин заркору тошин доғи заркор.
Ичининг сурати руҳи мусаввар,
Ташининг шамсаси меҳри мунаввар.
Бўлуб ҳавзининг олтун фаршу хишти,
Нечукким хишт ила фарши биҳишти.
Майи асфар бу ҳавз5 ичра равона,
Сув ичра меҳр аксидин нишона.
Нечукким ҳавздин оқиб сориғ мул,
Хазоний баргдин ёғиб сориғ гул.
Санамлар жилвагар меҳри самоваш,
Аёғдин-бош либоси каҳрабоваш.
Бори маъшуқу ошуби замона,
Тўни ранги борининг ошиқона.
Яна бир равза ранги сарбасар нур,
Баёз ичра кириб, андоқки кофур.
Бўлуб қасрининг ичу тоши мармар,
Не мармар, яшми кофурий саросар.
Сафодин ҳавзи сийми ноб янглиғ,
Талаълудин суйи симоб янглиғ.
Бўлуб гачкорлиғ сиймин равоқи,
Нечукким қош ичинда кўзнинг оқи.
Бари оқ ҳулладин ойини онинг,
Бари фарши бўлуб оқ чини онинг.
Ёруб ҳар эв хитойи сиймтандин,
Тан узра ҳулласи барги сумандин.
Садафгун ҳавз аро ҳар ён оқиб сув,
Бу сувдин секреган ҳар қатра инжу.
Бу янглиғ тўрт суратхонаи Чин,
Ичинда тўрт қасри равза ойин.
Қаю бир қаср ҳар айвон сипеҳри,
Не суратхонаким, ҳар шамса меҳри.
Туганди зеб аро Боғи Эрамдек,
Қаю Боғи Эрам, байтулҳарамдек6.
Чу Мулкоро шуруу эҳтимоми,
Муҳайё қилди ул ишни тамоми.
Келиб Хоқон қошида қилди тақрир,
Мунунгдек тўрт мушкил ишни бир-бир
Деди чун борчанинг кайфиятин жазм,
Тамошосиға Хоқон айлади азм.
Суруб сўл ёнидин фархунда дастур,
Саводи мулк ройи бирла пурнур.
Юруб ўнг ёнидин шаҳзода Фарҳод,
Бўлуб шаҳ шод, бал шаҳзода ҳам шод.
Гузар айлаб бурунғи равза сори,
Шаҳу шаҳзодау дастур бори.
Тушуб чун қилдилар азми тамошо,
Десанг фирдавс ўлур ул навъ ҳошо.
Кўруб боғида юз турлук ажойиб,
Топиб қасрида минг онча ғаройиб.
Икинчи худ жинондин бул-ажаброқ,
Учунчи қаср ондин бул-ажаброқ.
Бўлуб тўртунчида баским латофат,
Бу учдин доғи ортуқроқ ғаробат.
Бу андин йўқки, ул мундин келиб хўб,
Бири-бирдин келиб матбуу марғуб.
Бўлуб даркида ожиз ақлу жон ҳам,
Муқир ажзиға фаҳми хурдадон ҳам.
Муни ҳар ким Кўруб раъноу чолок,
Ани кўргач кетиб бу ёдидин пок.
Анга ҳар ким қилиб фикру тааммул,
Муни кўргач унутуб они билкулл.
Бериб устодларға онча инъом.
Не онча юз тамаъ қилғонча инъом.
Бийикроқ чекти Мулкоро мақомин,
Бурунғича юз айлаб эҳтиромин.
Тутуб шаҳзодаға борин мусаллам,
Ҳамул ҳуру қусуру равзани ҳам.
Солиб жашну тараб тарҳини бир йил
Ки, шарҳидин анинг ожиз бўлуб тил.
Деди дастури Мулкороғаким: «Бот
Ки, таъхир ичра келди бийми офот.
Тузат ҳар ерда онглаб фасл чоғин,
Уч ойлиқ айшу ишратнинг яроғин.
Ҳамул уч ойки фаслининг ҳавоси
Қилур ул қаср лавни иқтизоси».
Эшитгач ҳукм дастури хирадманд,
Буюрғон ишга бўлди саъй пайванд.
Очиб ҳар сори махзанларға абвоб,
Тузотти айш учун бир йиллиқ асбоб
Ки, бўлғай ҳар уч ой бир равзада тўй
Ки, ўлгай ҳар куни юз оту минг қўй.
Мунга лойиқ бари маъкулу машруб7
Ки, ҳам кўрдин-кўру ҳам хўбдин-хўб.
Сочиқ бирла навоу сози онинг,
Хитойи жинс пояндози онинг.
Ададсиз меваи ишрат физойи,
Ниҳоятсиз яна хони хитойи.
Кетур, соқий, шароби чини ойин
Ки, жоним қасди этмиш бир бути Чин.
Чу қилди Чин шаҳи май базмиға азм.
Ясоли биз доғи май азмиға базм.
[ХVII]
Баҳор насими нафас била лола ўтин ёрутуб, ғунча пардасин очқонда, балки лолау гул яфроғларин чаман гулрухлари бошиға сочқонда хоқон Фарҳод била гулнорий қаср майли қилиб, гулгун май ўти била базм равшан этиб; чаман раёҳиндин холи бўлуб, ашжор хизрваш яфроғлар била сипеҳри ахзардин намуна бўлғонда райҳоний қасрда тараб баргин тузотиб, роҳи райҳоний ичиб; дарахт яшил кисватин заъфароний ҳуллаларга бадал қилғонда заъфароний қасрда олтун соғарға асфар май тўкуб; дай тожири боғ либосин кофуркирдор қилиб, балки тоғу саҳроға кофурбор бўлғонда қасри кофурий аро биллургун қадаҳ ичра кофуриймизож май нўш этиб, ҳар ҳадиқада уч ой нишот қилиб, бир йилни бу навъ тараб била ўткариб хоқон Фарҳоднинг мизожиға илож қила олмоғони
Ҳамал таҳвили эткач меҳри гулчеҳр,
Очар юз гул замона кўргач ул меҳр.
Қилур машшотаи сунъ ошкоро,
Аруси даҳрнинг ҳусниға оро.
Қилур тун бирла зулфу кун била энг,
Етар лекин бўйи бирла сочин тенг1.
Рутубат еткуруб ҳар сори ёғин,
Тар айлаб қатрадин гуллар димоғин.
Булут айлаб рутубат ул сифат фош
Ки, наргис уркудар солиб қуйи бош.
Кўруб наргисда мундоқ турфа уйқу,
Қизортур ғунчани ҳар лаҳза кулгу.
Тилар чун ғунча шаккар ханда қилмоқ,
Топар ул кулгудин гул-гул очилмоқ.
Булутким ғунча узра жола отиб,
Ҳамоно кулгусидин бағри қотиб.
Муниким ғунча тинмас кулгусидин,
Муҳаққақ билма наргис уйқусидин.
Очар наргис музаъфар тоси чандон,
Бўлур ул заъфарондин ғунча хандон.
Агар худ нўш қилмас ғунча они,
Недин бас комин айлар заъфарониғ
Ҳамоноким эмастур заъфарон ул
Ким, айлар хурда оғзида ниҳон ул,
Чун айлар хурда йиғмоғлиққа оҳанг,
Тутар бу хурдадин даҳр они дилтанг.
Ҳамоно хурда тўкмакка нигундур,
Белида йўқса онинг не тугундур?
Чекар боғ ичра булбул онча афғон,
Ки, афғони қилур гул бағрини қон.
Ва ё гул кўргузур бир пайкар ондин,
Қизил ҳар барги бир ўтлуқ пар ондин.
Чу булбулдин бўлур пайкор гузин гул,
Бу маъни бирла дерлар оташин гул.
Қачон ел қилса ҳар баргини пора,
Учар ҳар сори ул ўтдин шарора.
Бўлур гулшан ҳарими сарбасар гул,
Латофат ичра бир гулшанча ҳар гул.
Насими субҳ ўлур боғ ичра гулбор,
Бўлур боғ оташин гул бирла гулнор2.
Бу ўт ёнида булбул маскан айлар,
Қанот урмоқ елидин равшан айлар.
Қилур гулбун чу гул очмоқни оҳанг,
Бўлур гулшан юзи гул бирла гулранг.
Бу фасл ичраки олам бўлди гулгун,
Шафақгун аксидин миръоти гардун.
Ҳувайдо қилди ҳар гул бир шамойил,
Шаҳ ўлди қасри гулгун сори мойил.
Тузолди онча асбоби танаъум
Ки, гулшан бўлди онинг остида Ким.
Тўшаб қаср ичра юз дебои гулранг,
Қўюлди тахти гардун сори оҳанг.
Шаҳ ўлтурди, ёнида шоҳзода,
Қилиб оразларин гулранг бода.
Қўюб тахт оллида курсии гулфом,
Бўлуб устида Мулкороға ором.
Туруб базм ичра юз гулчеҳраи Чин,
Бориға ҳулла гулрангу гулогин.
Майи гулгун тутуб гулчеҳра соқи,
Ичар эл қўймайин бир қатра боқи.
Муғанний нағма тортиб бетааммул,
Биайниҳ ўйлаким, гул фасли булбул.
Гул айлаб барг, ҳар бир сарви навхез,
Қилиб ҳар рахнадин қаср ичра гулрез.
Ботиб базм аҳли гул баргида то фарқ,
Шафақ баҳрида меҳр ўлган киби ғарқ,
Чекиб гулранг май шаҳзода Фарҳод,
Гули рухсоридин хоқон бўлуб шод.
Юзига боқибу бориб ўзидин,
Оқиб хушвақтлиғ ашки кўзидин.
Қилиб ҳар лаҳза муфрит меҳр зоҳир,
Сочиб бошиға гаҳ гул, гаҳ жавоҳир.
Йўқ улким, базм эли шайдоси онинг
Хитоу Чинда вовайлоси онинг.
Бу янглиғ то нужуми чархраймой,
Ҳисоби фасл ила ўткарди уч ой.
Алар гулноргун қаср ичра гулпош,
Кўтармай лаългун майдин даме бош.
Итикрак эсди чун гулшан шамоли,
Чаманни борча гулдин қилди холи.
Яшунди барги гул яфроғ ичинда,
Ниҳон ўлди шажар яфроғ ичинда.
Либос этти чаман мийно масаллик,
Не мийно, гулшани хазро масаллик.
Чаманлар ичра йўл-йўл сарви озод,
Дегилким солди туз-туз соя Фарҳод.
Дема сарву санубар, ҳар ниҳоли
Бўлур сарву санубардин мисоли.
Бериб яфроғ нишон тўти паридин,
Шажар товуси жаннат пайкаридин3.
Анга доғи қовурсун обкашдин,
Мунга ҳам тож шохи хизрвашдин.
Шажар гар бўлмаса товус боғи,
Недин товусдек бўлди аёғиғ
Магар онглаб ўзига уйқу чоғин.
Пари ичра ўғурлаб бир аёғин.
Қилиб норанж олтундин аён ганж,
Либос айлаб ўзига барги норанж4.
Уётдин ишқпечон барги печон,
Чиқиб ҳар шох уза юз ишқ печон.
Яшил сафҳа чаманнинг марғзори,
Кумуш жадвалдек онинг жўйбори.
Самар сувлар бўлуб ойинаоҳанг,
Ўланг айлаб аён ул кўзгуда занг.
Йўқ, ул сув боғнинг рухсори онгла,
Анга сабза хати зангори онгла.
Бу фасл ичраки зеби олам ўлди,
Бори офоқ сабзу хуррам ўлди.
Қилиб ул гулшани мийно сори азм,
Тузуб ул сабзаи раъно уза базм.
Фалакваш қасри ахзар ичра майнўш
Ки, айлаб чархи ахзарни фаромўш.
Қилиб Фарҳоду хоқон ҳулла чини,
Бўлуб Чин тахтининг маснаднишини.
Яшил тўн ичра ҳар ён сиймбарлар,
Яшил барг ичра андоқким шажарлар.
Қизил роҳу яшил чини пиёла,
Нечукким сабза саҳни ичра лола.
Майи гулранг чини соғар ичра,
Шафақ андоқки чархи ахзар ичра.
Аёқчилиқ этиб ҳар сори ойин,
Ачиғ май тутқали бир сабзи ширин.
Бўлуб май ширасидин оташангез,
Бериб ул ўтқа таскин қурси кашнез.
Таом ичра такаллуфларға дастур,
Ҳам андоқким бурунроқ бўлди мазкур.
Бўлуб ҳам қасри мийно ичра уч ой,
Нишоту айш бирла бодапаймой.
Чу қилди каҳрабогун меҳри гардун,
Йиғочлар барги рангин каҳрабогун.
Етишти каҳрабогун қаср чоғи.
Очилди каҳрабогун қаср боғи.
Шажар яфроғи бўлди каҳрабодек,
Демаким каҳрабо, меҳри самодек.
Бу навъ ўт сори бўлғоч ел гузори,
Сочиб ҳар сори гулрези чинори.
Чинореким ичига ўт тутошиб,
Ул ўтнинг шуъласи баргидин ошиб.
Сабо қилғоч сув ичра зар фишонлиғ,
Сунинг тиғини айлаб зар нишонлиғ5.
Учуб барг ўтидин ҳар ён шарора,
Нечукким зарварақдин пора-пора.
Сариғ яфроғ узаким ўлтуруб зоғ,
Бўлуб андоғки сориғ лолада доғ.
Терак сорғортибон юз зорлардек.
Сариғ оғриқ била беморлардек.
Чаманнинг ҳар йиғочи бир сариғ қуш,
Бўлуб бори тулак айёмиға тўш.
Ҳаво қилмоққа яфроғдин очиб пар,
Чу елдин силкиниб, ҳар ён сочиб пар.
Қилиб ҳар тун насими субҳгоҳи,
Шажар баргин нечукким субҳ коҳи.
Анингдекким чекиб ошиқ совуғ оҳ,
Қилур коҳи юзин ул оҳи жонкоҳ.
Қуюн яфроғни айландурса ҳар ён,
Бўлур мажнуни саргардону урён.
Қилиб зарҳал хазон наққоши тартиб,
Қилурға боғ авроқини тазҳиб6.
Бу шуғли ичра айлаб саҳв таркин,
Зар андар зар қилиб барг узра баргин.
Қуёшдек тоб уруб қасри музаҳҳаб,
Хазоний барглар гирдида кавкаб.
Ажаб фасле жаҳонға кўргузуб юз
Ки, бир кун жилва айлар меҳру юлдуз.
Мунунгдек фаслда шаҳзодау шоҳ.
Бу назҳатгаҳни қилдилар тарабгоҳ.
Қилиб кисват ҳарири заъфарони,
Ики гардун қуёш ичра ниҳони.
Музаҳҳаб ширада олтун суроҳи,
Бўлуб олтун суйи лавн ичра роҳи.
Уй олтун, фарши олтун, томи олтун,
Май олтун, зарфи олтун, жоми олтун.
Ҳулал қаср ичра ҳар ён зеби зарҳал.
Кавокибдек гуҳар бирла мукаллал.
Кўрунуб кўзга ойдиндек намуди,
Қуёш зарриштасидин тору руди.
Муғаннийлар чекиб дилкаш наволар,
Солиб заркор тоқ ичра садолар.
Фавокиҳ базм аро лимуву норанж,
Биҳи кўргач они кўрмай яна ранж.
Тараб кўпрак бўлуб дастурдин ҳам,
Дема дастурким, мақдурдин ҳам.
Уч ой бу қаср аро ҳам туздилар жайш,
Суруду бода бирла қилдилар айш.
Совурди чун шажар баргини сарсар.
Сунинг симобини дай қилди мармар7.
Ҳаво доғи булутдин кийди синжоб,
Булут доғи ҳавоға сочти симоб.
Дай устоди нечукким заргари Чин,
Зилол атфоли лавҳин қилди сиймин.
Булутдинким томиб ҳар қатраи сув,
Бурудатдин ёғиб оламға инжу.
Ариғким обгирин ҳанжар айлаб,
Совуқ оғзи луобин ханжар айлаб.
Фалак тундин кўмур айлаб саранжом,
Шафақдин солибон ўт анда ҳар шом.
Ул ўтни тонг ели бирла дам айлаб,
Иситмоғлиқ учун қаддин хам айлаб.
Қамар сарчашмаси ҳар тун тўнгуб муз,
Муз ўлғон қатралар гирдида юлдуз.
Муз айлаб ер юзин ойинаойин,
ғалат қилдим, дегил ойинаи Чин.
Совуғ ўт табъидин элтиб ҳарорат,
Шарар ўртарга кўргузмай шарорат8.
Қизиқ кул тоби йўқ ончаки синжоб,
Йўқ олтойича ёнғон шуълаға тоб.
Қизил ахгар ақиқи ноб янглиғ,
Бурудатдин гули сероб янглиғ.
Қизил ўт совуғ андоқким қизил гул,
Анинг дуди бўлуб гул узра сунбул.
Ёғиб андоқ бурудат замҳарири
Ки, тахта тош боғлаб сув ҳарири.
Кафин оғзи била муфлис дам айлаб,
Ики тиз кўкси ичра маҳкам айлаб.
Қўлин қўлтуғлар ичра муътакиф ҳам,
Қулоғлардин ўтуб ики катиф ҳам.
Мизожин топмайин хуршед маҳрур,
Сочиб оламға нур ўрниға кофур.
Жаҳон ҳам қор ила кофур монанд,
Ҳаво ҳам муз била билур пайванд.
Совуғнинг бўйла кофуру булури,
Оқортиб борча оламни зарурий.
Агарчи ҳуллаларнинг ранги кофур,
Ва лекин осу қоқум бирла маҳрур.
Яна базм ўлди анжумдек муҳайё,
Бўлуб жамъият андоқким Сурайё.
Тутуб ҳар сори бир Чин нозанини,
Туман минг ноз ила бир зарфи чини.
Гар оти чинийи фағфури онинг,
Вале ранги келиб кофури онинг.
Деганча балки юз онча такаллуф,
Такаллуф бобида қолмай таассуф.
Нишоту айш ўлуб шарҳ айлагонча,
Қаю шарҳ айлагончаким, юз онча.
Бу янглиғ ҳам ўтуб ишратда уч ой,
Бўлуб ул тўрт ерда мажлисорой.
Буларға боис улким шоҳзода,
Бу янглиғ айш бирла ичса бода.
Нишотин ҳар замон май тоза қилғай,
Тараб ҳар лаҳза беандоза қилғай.
Вале ул бермай ўз тавриға тайғир,
Нечук тайғир торқай нақши тақдирғ
Ҳамул пурдарду сўзга оҳи онинг,
Анодин нолаи жонкоҳи онинг9.
Биравким зор йиғлаб-йиғлаб ул зор,
Топиб кўнгли эл озоридин озор.
Чиқориб сўзлиғ сўз бошидин дуд,
Совуғ оҳ айлаб оҳин оташолуд.
Бўлуб эл андуҳидин кўнгли ғамнок,
Ёқо чокин Кўруб, кўксин қилиб чок.
Бировким ишқдин қилса ривоят,
СЎпуб ҳар дам мукаррар ул ҳикоят.
Тафаҳҳус айлаб андин кўп нишони,
Нишонин кўнглида асраб ниҳони.
Висол ичра замирин шод топиб,
Аламдин хотирин озод топиб.
Етишгач ҳажр шарҳи зор йиғлаб,
Ики кўз айлабон хунбор йиғлаб.
Чу хоқон ўз ишин наззора қилди,
ғалат торти, нечаким чора қилди.
Енгиб ул ҳол аро ҳайронлиғ они,
Қилиб саргашта саргардонлиғ они.
Қадаҳсиз, соқиё, ҳайронмен асру,
Евур соғарки саргардонмен асру.
Кўнгулга ишқ ўти солғоч шарора,
Анга йўқ май суйидин ўзга чора.
Хоқоннинг хонлиғ тожин ўз гавҳари била аржуманд сармоя қилурнинг можароси ва жаҳонбонлиқ тахтин ўз нақди била баландроя этарнинг муддаоси ва ўз қариғонидин боши оқорғон саргузаштин демоқ ва кўзи адам уйқусиға майл қилғон афсонасин айтмоқ ва Фарҳоднинг тож соясидин бошин қочуруб, тахт роясидин аёғин яшурмоқ ва бошин хоқон тахти аёғига қўюб узр айтмоғи ва узри боштин аёқ Хоқон кўнглига ёқиб ўз сўзидин қайтқони
Бу кишвар узра урғон кўси шоҳи,
Бу ойин бирла тузди сўз сипоҳи1
Ки, хоқон ҳар нечаким чора қилди,
Қазо ичра ўзин бечора билди.
Кўруб Фарҳод тоғи авжини тунд,
Қилиб ул тоғ ройи тиғини кунд.
Ўзин солмай яна бир фикр этиб соз,
Бу янглиғ бўлди ишга чора пардоз
Ки, чун қилмиш куҳулатдин тажовуз,
Кибар меҳробиға қўймиш ёши юз.
Яна Фарҳод бўлмиш навжавон ҳам,
Хирадманду рашиду паҳлавон ҳам.
Йўқ улким Чинда хоқонлиққа лойиқ,
Бори оламда султонлиққа лойиқ.
Неким шаҳлиғ аро шойист бўлғай,
Ким ул шаҳларға дарбойист бўлғай,
Яратмиш Ҳақ анинг зотида борин,
Аён қилмай керакмас иш ғуборин.
Эрур бори ҳунар ичра камоли,
Тамоми айблардин зоти холи.
Йиғию нолау афғондин ўзга
Ки, йўқтур ҳеч айби ондин ўзга.
Бировким топса шаҳлиғдин раёсат,
Тузук бўлмас иши қилмай сиёсат.
Чу кўнгли бор анинг риққатға мойил,
Эрур андин ташаддуд нақши зойил.
Керакмас эрди табъи мунча софи
Ки, бўлғай салтанатға ул мунофи.
Бировким олам ичра шоҳ келмиш,
Улус бошиға зиллуллоҳ келмиш.
Керакким шахсдин не топса поя,
Ҳамул ҳолатни зоҳир қилса соя.
Томуғ, учмоғ яратмиш Ҳаййи Жаббор,
Агар Ваҳҳоб эрур, Қаҳҳор ҳам бор.
Ангаким бердилар миръоти шоҳи,
Эрур ул мазҳари зоти Ислоҳи.
Анинг зотиға бўлғонлар мазоҳир,
Керак бўлмоқ сифоти бирла зоҳир.
Сифотидин бири ҳар кимда камдур,
Мунофи шаҳлиғ асбобиға ҳамдур.
Чу бор ул мазҳари сирри жамоли,
Жалолият ўтидин зоти холи.
Қаю душманки, қасди жони қилғай,
Тиларким, жон анинг қурбони қилғай.
Ҳаводис шастидин гар келса юз ўқ,
Раво кўргай ўзига, ўзгага йўқ.
Бу иш дарвешликда хуш сифатдур,
Вале шоҳлиғда нохуш хосиятдур.
Шаҳ ар тиғи сиёсат қилмаса тез,
Чекилгай халқ аро юз тиғи хунрез.
Қароқчи қони ўлса рахтида доғ,
Бу гул тожирға айлар тоғни боғ.
Агар золимға йўқтур шоҳдин бок,
Эрур ул хушдилу, мазлум — ғамнок.
Ятим этса ичиб кўй ичра бедод,
Бу ғамдин тифли мактаб бўлмас озод.
Буларни ул демак бўлмаски билмас,
Билур, лекин нечукким билди қилмас.
Манга бу қисса бас мушкил тушубтур,
Ким ул мазлум кўчакдил тушубтур.
Нетайким зўридиндур пил ожиз
Ки, синдурмас сингак нишини ҳаргиз.
Не осиғ шердин кўп зўр панжа,
Аёғида чу бўлмас мўр ранжа.
Не суд, ар илм аро фарди замондур,
Чу жаҳл аҳлиға биймидин амондур.
Эмастур анда бу худройлиғдин,
Эрур оламға бепарвойлиғдин.
Неча бу ишта бўлдум фикратандиш,
Даво йўқ эрди, қолмиш эмди бир иш.
Анга тутсам мусаллам салтанатни,
Зарурат тарк қилғай бу сифатни.
Қачон иш тушса ўз бошиға бешак,
Ўзига тутқусидур борча эмгак.
Чу қилди олам аҳлиға тааҳҳуд,
Ёмон элга бўлур вожиб ташаддуд.
Сиёсатни биров чун қилди бунёд,
Бўлур тадриж бирла табъи муътод.
Бу ишнинг лаззатин чун топти коми,
Бўлур ҳар лаҳза кўпрак эҳтимоми.
Бу раъйи бирла хоқон хушдил ўлди
Ки, яъни борча коми ҳосил ўлди.
Топилди ишга чун бу навъи тақриб,
Равон шоҳона жашне қилди тартиб.
Тилаб аркони давлатнинг тамомин,
Қилиб ҳозир эшикнинг хосу омин.
Бериб шаҳзодаға ёнида манзил,
Сўз оғоз этти осон, лек мушкил
Ки, чун Ҳақ айлабон зоҳир ҳидоят,
Манга қилди жаҳонбонлиғ иноят.
Хитоу Чинға берди комронлиғ,
Қаён азм айласам кишварситонлиғ.
Тажаммул ҳадди имкондин фузунроқ,
Неким қилсам Кимон ондин фузунроқ.
Не комеким тахайюл ичра сиғмай,
Не айшеким тааққул они йиғмай.
Бориға қилди кўнглумни баруманд,
Каромат қилди борин ғайри фарзанд.
Буким мулкумга йўқ эрди валиаҳд,
Оғу таъми берур эрди есам шаҳд.
Бу ғамдин муттасил пажмурда эрдим,
Ҳаётим боғидин озурда эрдим.
Чу йиғлаб ерга кўп қўйдум юзумни,
Ёрутти Ҳақ сенинг бирла кўзумни.
Биҳамдиллаҳ, неким қилдим таманно,
Борин иқболдин топтим муҳайё.
Бу кун юз шукрким қилди Ўғоним,
Сени минг ончаким бўлғай Кимоним.
Чу Ҳақ зотингни кони маъни этмиш,
Халойиқ васфидин мустағни этмиш.
Не иштин бўлса шаҳлиғ эътибори,
Букун мавжуд эрур зотингда бори.
Фалак пили саҳардин чекса хартум,
Қошингда пашша хартумича маълум.
Улумунг баҳридин олсоқ ҳисоби,
Аторуд шаклидур андин ҳубоби.
Замиринг васфи мустаҳсан эмастур,
Қуёш равшан демак аҳсан эмастур.
Сени доно демак ёхуд хирадманд,
Демакдурким ачиғ майдур, чучук – қанд.
Букун андинки бор Ҳақнинг қазоси,
Куҳулат бирла шайхухат ароси.
Ёшим эллик баводисин тай этмиш,
Не эллик, олтмиш ҳаддиға етмиш.
Ишимга дам-бадам қилсам тааққул,
Эрур ҳолимға кун-кундин таназзул.
Қарилиқ айбини ёшурса бўлмас,
Борур чоғ бўлди, боқиб турса бўлмас.
Ҳавас бўлса қариға навжавонлиқ
Хижолат зоҳир айлар саргаронлиқ.
Табиат септи чун мушк узра кофур,
Яна кофур мушк ўлмоқ не мақдурғ!
Сақол оқи ўлумга пешравдур,
Тириклик сабзаси узра қиравдур.
Ани узмак йигит бўлмоқ ғамида,
Сақол юлмоқ дурур ўз мотамида.
Ики-учни юлуб юз айлаган реш,
Топар беш-олти кундин сўнг ўн-ўн беш.
Бировким ранг этарга қилса оҳанг,
Бўлур чун неча кун ўтти неча ранг.
Кўруб ул рангрезлик ишларини,
Тароғ кулмакка очиб тишларини.
Тароғ гар кулса онча саъб эмас ҳол,
Бало ул лаҳзадурким кулса атфол.
Ғаразким макру ҳийлат бирла қори,
Ёна олмас йигитлик кўйи сори.
Йигитлик айши бисёр ўлди бисёр,
Қарилик ранжи душвор ўлди душвор.
Мангаким бўйла душвор иш тушубтур,
Ишим душворлиққа ёвушубтур.
Агарчи умрдиндур шиква чоғи,
Қаю шиква, қилурмен шукр доғи
Ки, Ҳақким андин ўлди ҳар ҳидоят,
Манга қилди ҳидоят бениҳоят.
Йигитлиқ ондаким арзони этти,
Хитоу Чин элининг хони этти.
Қарилик кўйига солғоч хиромим,
Сени қилмиш менинг қойим мақомим.
Жаҳон шомида гар бир ой камдур,
Қуёш чунким тулуъ айлар не ғамдур.
Чинор ар боғдин кам қилса соя,
Не ғам чун чиқти сарви сидрапоя.
Не бок ар бешадин чиққай ҳизабри,
Чу бўлғай ўрнида ғурранда бабри.
Атоким сен киби фарзанди бўлғай,
Ҳаёти нахлининг пайванди бўлғай.
Ўлум вақти етишгач ғам еқайму,
Агарчи ўлса ҳам ўлдум дегаймуғ
Чу йўқтур эътимоди умр ишига,
Қачон ўлмоқ яқин эрмас кишигағ
Йигит истар қарилиқнинг навиди,
Қариға йўқ йигит бўлмоқ умиди.
Қарилиқ дарди бедармондур охир,
Бир иш кўнглумда кўп армондур охир
Ки, ўлмасдин бурун очиб кўзумни,
Сарир узра йигит кўрсам ўзумни
Ки, яъни тожу тахту салтанат ҳам,
Сипоҳу мулку молу мамлакат ҳам.
Бори бўлса сенинг бирла музайян,
Сени ўз ўрнума қилсам муайян.
Санга тутсам мусаллам подшолиқ,
Халойиқ устида кишвархудолиқ.
Манга шаҳлиқда қуллуқ ҳам қил эмди,
Атолиқ ҳам, ўғуллуқ ҳам қил эмди.
Неким элнинг салоҳидур, они қил,
Менинг будур салоҳим, эмди сен бил.
Бу базм ичра чу кўрди шоҳзода
Ки, аччиғ тутти беҳад шоҳ бода.
Онингдек чекти оҳи оташолуд
Ки, етти оҳидин кўк сақфиға дуд.
Топиб ул нуктадин озор йиғлаб,
Ўзин туфроққа солди зор йиғлаб.
Деди гардунға тортиб оҳи жонкоҳ
Ки: «Кўп йиллар тирик бўлсун шаҳаншоҳ.
Сарири чарх бўлсун тахти жоҳи,
Фузун анжум сипоҳидин сипоҳи.
Нишоти боғи ҳар кун тоза бўлсун,
Гули айш онда беандоза бўлсун.
Қўлидин тушмасун жоми Каёний,
Ичинда май зилоли зиндагоний.
Бу сўзларники шаҳ қилди хитобим.
Не дермен менки, не бўлғай жавобим.
Туруб маъразда сўз ҳаддимни билмон,
Жавоб айтурға ўз ҳаддимни билмон.
Неча туфроғ эса жисми ҳақирим,
Вале бир-икки сўздин йўқ гузирим.
Бири улким, чу йўқ умр эътимоди,
Йигит-қариға тенгдур зулму доди.
Вале оламда ҳарне бўлса мавжуд,
Бақосиға эрур бир навъи маъҳуд.
Қаю машъалки базм айлар музайян,
Учар юз минг шарар, ул шуъла равшан.
Гияҳ юз минг бўлур бўстонда барбод,
Вале юз йил турар бир сарви озод.
Бўлур юз рушта ҳомун сел чоғи,
Турар ўз ўрнида Албурз тоғи.
Кичикларга кичикдур умр асоси,
Улуғларға улуғроқдур қиёси.
Яна бир буки, умр ар торса юз йил,
Чекарму рашша, ҳар неким чекар пил.
Уқобу Куйканакни қилсалар қайд2,
Қачон қилғай анинг сайдини бу сайд.
Агарчи арса холи қолса мутлақ,
Тутарму анда шоҳ ўрнини байдақ.
Қуёш мағриб сори ёшурса дийдор,
Туман минг заррадин бир йўқ падидор.
Суруб бу нукталарни шоҳзода,
Атонинг шавқини қилди зиёда.
Деди Хоқонки: «Ей шамъи фароғим,
Фароғу шамъ йўқ, равшан қароғим.
Ҳадисинг лутфи юз минг жондин ортуқ,
Не жонким, чашмаи ҳайвондин ортуқ.
Бу сўзлар гавҳари дуржинки очтинг,
Гуҳар ул дурждин оламға сочтинг.
Қулоқ топти дури шаҳвор сендин
Ва лекин мен заифи зор сендин.
Тамаъ бу ранглиғ сўз тутмас эрдим,
Жавобим бу сифат кўз тутмас эрдим.
Ўзунгдин гар мени хушдил тиларсен,
Муродим умрдин ҳосил тиларсен,
Аён қилмоқ керак бу сўзда посим,
Қабул этмак керак бу илтимосим.
Бу янглиғ кўрди чун шаҳзода сурат,
Қабул этмаклиги эрди зарурат.
Яна туфроғ ўпуб бунёд қилди,
Ҳазин кўнглин атонинг шод қилди.
Ки: «Чун шаҳ узр манъин қилди билкул,
Манга не ҳадки қилғоймен тааммул.
Вале чун мен ҳақиру, иш улуғдур3,
Бу сўз арзин зарурат қилғулуғдур.
Чу мен бу чоққа тегру ғофил эрдим,
Бу иш таклифидин фориғдил эрдим.
Ишим ишратқа базморолиқ эрди,
Фароғат бирла бепарволиқ эрди.
Бир-икки йил иноят айласа шоҳ
Ки, хизматдин ўзумни қилсам огоҳ.
Шаҳ оллинда ҳамиша ҳозир ўлсам,
Бу иш кайфиятиға нозир ўлсам.
Яқин билсам ривожин ҳам касодин,
Танисам ҳам салоҳин, ҳам фасодин.
Кичикрак иш бурунроқ бўлса таъйин,
Қилилса ҳар не саҳв ўлғонға талқин.
Не ишким яхшироқ қилсам шуруи,
Бўлулса яхшироқ ишнинг ружуи.
Жаҳонда ҳар кишиким бир иши бор,
Ишида ул кишининг варзиши бор.
Чу варзиш бўлмаса мушкил дурур иш,
Бўлур осон қачонким етти варзиш.
Манга ҳам варзиш ўлса ошкоро,
Қилай не ҳукм бўлса бемадоро.
Чу сурди нуктани бу навъ дилкаш,
Баёнидин атоси бўлди дилхуш.
Кетур соқий, манга бир жоми шоҳи
Ки, бўлғай ғам сипоҳининг паноҳи.
Қадаҳ шаҳлиғдин ортуқдур кўзумга,
Қилай зулм, элга қилғунча ўзумга.
[ХIХ]
Хоқоннинг ўз гавҳарин хазойин ғаройиби, балки ғаройиб хазойиниға киюрмоғи ва анинг кўзига сангпора ушоқ тошча ва қизил олтун қаро туфроғча кўрунмай, кўзи жазъи биллурий дуржға тушуб, сувда меҳри ховарийдек биллурда ойинаи Искандарийға1 тушгони ва ул кўзгу тилисмидин ғариб суратлар анга юз кўргузуб, кўнгли кўзгу аксидек изтиробға тушгони
Бу сўзни нуктагўйи нома оро
Бу янглиғ айлади ҳангома оро
Ки, чун хоқон бу сўз эъломи бирла,
Жавобин топти андоқ коми бирла.
Нишоту айш асбобини йиғмай,
Тарабдин балки Чин мулкига сиғмай.
Қилиб шаҳзодаға онча риоят
Ки, топмай ақл анга ҳадду ниҳоят.
Тилаб қилмоқ жаҳон онинг фидоси,
Жаҳонни қўйки, жон онинг фидоси.
Анга мундоқки айшу завқ етти,
Еваз ўтрусида юз фикрат этти
Ки, не сочғай бошиға баҳру кондин
Ки, бўлғай мунбасит шаҳзода ондин.
Чу бас олий эди меҳмон жаноби,
Бўлуб гавҳар қошида тош ҳисоби.
Бу ишдин мизбонға ажз ғолиб,
Анинг кўнгли тилар ашёға толиб.
Ғаробат махзан ичра чун кўп эрди,
Тутуб илгин хазойин ичра кирди.
Хазойин демаким, юз баҳр ила кон,
Тошиб нақдина анда улча имкон.
Ададсиз уй бори ганж устида ганж,
Хирад ганжури арзидин аламсанж.
Бурун қирқ уй бўлуб олтун макони,
Ҳар эвда қирқ хуми хусравони.
Бу махзанда ғаробатдин бу маълум
Ки, бир хум олтун эрди ўйлаким мум.
Ани ким мум деб илгига олиб,
Неким андин ясай дегач, ясолиб.
Яна қирқ уй аро ажноси зебо,
Бир уйда қирқ тунг иксуну дебо.
Ғаробат мунда беҳадду ниҳоят,
Топилмай булажаб санъатқа ғоят.
Туман минг жинси чинию хитойи,
Басар торининг ўлмай раҳнамойи.
Бўлуб юз ранг ипак бирла мусаввар,
Биридек кўрмайин чархи мудаввар.
Бўлуб тасвирида юз чеҳра пайдо
Ки, Ақли Кулл бўлуб ҳусниға шайдо.
Тикилган тўн ҳисобин кимса билмай,
Бириси ҳам кесилмай, ҳам тикилмай.
Ҳунарвардин бари омода бўлғон,
Мукаммал коргоҳ ичра тўқулғон.
Ҳарир ончаки йўқ поёни онинг,
Юз онча ҳуллаким, йўқ сони онинг.
Анингдек ҳуллалар келтурди ганжур
Ки, андин кийса гар ўн ҳулла бир ҳур.
Ҳануз ўлғой тану андоми маълум,
Танининг ранги насринфоми маълум.
Ўкулган нофадин харвор-у харвор,
Тўкулган мушк худ анбор-анбор.
Жавоҳир ончаким фикрат дабири
Ҳисоб айлаб топилмай мингда бири.
Оқизиб кўз суйин ҳар лаъли сероб,
Олиб жон нақдини ҳар бир дури ноб.
Булуру яшм юз минг булажаб зарф
Ки, ҳар бирга хирожи мулк ўлуб сарф.
Қилиб ганжур юз мундоқни ҳозир,
Бўлуб ҳам шоҳ, ҳам шаҳзода нозир.
Неча боққон сойи ҳайрат бўлуб фош,
Кулумсуб гоҳу, гоҳи ирғотиб бош.
Тамошодин тўяр чоғ чун ёвушти,
Кўзи бир булажаб пайкарға тушти.
Булури нобдин бир турфа сандуқ,
Ясомайдур дегайсен они махлуқ.
Сафолиқ хулқи кўнглидин намудор,
Ичинда бир ажаб ҳайъат падидор.
Вале ул турфа ҳайъат сирри мубҳам,
Мурассаъ қуфл ила сандуқ маҳкам.
Дема сандуқ, юз офат ҳисори,
Эшигин руст боғлаб қалъадори
Ки, офат қалъаси маҳкамроқ авло,
Анинг асрори ҳам мубҳамроқ авло.
Чу анда булажаб кўрди шамойил,
Бўлуб шаҳзода билмакликка мойил.
Деди: «Бас турфадур бу санъату соз,
Денгизким, не дурур бу рардада роз?
Калиди қайда бўлса, ҳозир айланг,
Очиб қуфлини, сиррин зоҳир айланг!»
Қилиб Хоқон бу маънида мадоро,
Равони айлади узр ошкоро.
Ки, бу сандуқ сиррин кимса билмас,
Калиди йўқтурур, қуфли очилмас.
Ани кўрдунг, билурнинг фикридин кеч
Ки, биз ҳам кўрдук, аммо билмадук ҳеч.
Эшитгач шоҳ узрин шоҳзода,
Ҳавас савдосини қилди зиёда.
Деди: «Ҳар ишки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод2.
Улум ичра манга то бўлди мадхал,
Топилмас мушкиле мен қилмағон ҳал.
Мунинг ҳам билмагунча аслу будин,
Муайян қилмағунча тору пудин
Не имконким қарор ўлғай кўнгулга,
Тасалли ошкор ўлғай кўнгулга».
Нечаким шоҳ узрангез бўлди.
Анинг савдоси кўпроқ тез бўлди.
Нечаким шоҳ этиб кўпрак тааммул,
Бўлуб шаҳзода кўпрак бетаҳаммул.
Шаҳ айлаб неча ул ишга назора,
Топилмай ростлиғдин ўзга чора.
Дедиким, қуфлин онинг очтилар бот,
Ичидин чиқти бир рахшанда миръот.
Сафо бобида меҳри ховарий ул,
Не меҳр, оинаи Искандарий ул.
Садафда дурри байзочеҳр янглиғ,
Фалак сандуқи ичра меҳр янглиғ.
Ҳакимиким нигор айлаб тирозин,
Ёзиб кейнида махфий борча розин
Ки: «Бу миръотким, гетинамодур,
Анга хуршедча нуру сафодур.
Эрур Искандари Румий нигори,
Жаҳон аҳлиға онинг ёдгори
Ки, айлаб тўрт юз доно билан жаҳд,
Алардин ҳар бир Афлотунға3 ҳамаҳд.
Сипеҳр аҳволининг соҳибвуқуфи,
Жаҳоннинг корбанду файласуфи.
Таниб афлоку анжум толиин туз,
Бу кўзгу санъатида қўйдилар юз.
Неча йил ранж тортиб бемадоро,
Бу пайкар нақши бўлди ошкоро.
Бу кўзгуким эрур ҳикмат жаҳони,
Тилисмедур шигарф анда ниҳони4
Ки, ҳар ким очмоғиға саъй қилса,
Анинг саъйи била бу иш очилса.
Келиб кўзгуни ердин олса филҳол,
Сафолиғ чеҳриға кўз солса филҳол,
Неким умрида андин турфароқ иш,
Эмас мумкин, агар худ нўшу гар ниш
Ки, Тенгри айламиш кўрмакни рўзи,
Қазо бошиға келтурмакни рўзи.
Бўлур бу кўзгу ичра жилва оро,
Қилурға ғайб сиррин ошкоро.
Вале очмоқлиғи мушкилдур асру,
Гудози жисму ранжи дилдур асру.
Ангаким тушса очмоқ изтироби,
Бу бўлди ул муаммонинг ҳисоби.
Ки, Юнон мулки ул фархунда кишвар
Ки, ҳикмат бирла топти зебу зевар.
Ҳакимиким топиб ашколи афлок,
Бу кишвар туфроғидин бир овуч хок.
Тоши ҳикмат элининг дурри тожи,
Гиёҳи борча иллатлар иложи.
Шимолий ҳаддида тоғе дурур тунд
Ки, тиғи кўк мисосидин эрур кунд.
Киши Юнон сори бормоқ керактур,
Инон ул тоққа бошқормоқ керактур.
Апода қолса уч манзил масофат,
Ул уч манзилда воқедур уч офат.
Бурунғи манзил ичра аждаҳое,
Яратқон Тенгри қаҳридин балое5.
Икинчи манзил ичра Аҳраман бил,
Анга бедоду офат даъбу фан бил.
Учунчида тилисми булажаб соз,
Бу икидин доғи мушкилрак ул роз.
Бу уч манзилдин ўткорганга маҳмил.
Дейилгон тоғ эрур тўртинчи манзил.
Бу тоғ ичра киши қилса гузоре,
Кўрар ҳижрон тунидек тийра ғоре.
Эрур ғор ичра Суқроти ягона,
Дема Суқрот, Буқроти6 замона.
Тирик бор эрса донойи хирадманд,
Очар борғон киши ашколидин банд.
Вагар қайди ҳаёт ичра эмастур,
Кишига не ғаразким мултамасдур.
Таважжуҳ чун анинг руҳига қилғай,
Гириҳлик риштаи банди очилғай.
Ўқуғоч шоҳзода қиссани пок,
Бу мушкул ҳаллиға бўлди ҳаваснок.
Онингдек ғолиб ўлди изтироби
Ки, бу фикр узра борди хўрду хоби.
Чу Хоқон фаҳм қилди муддаосин
Узотти манъи узра можаросин.
Нечаким шоҳ кўпрак тутти мавқуф,
Вале шаҳзода кўпрак бўлди машъуф.
Ўғулға гарчи мушкул ҳол тушти,
Атоға саъброқ аҳвол тушти.
Ўғулға юзланиб андоқ суубат,
Атоға андин ортуғроқ уқубат.
Кетур, соқий, шароби бехудона
Ки, саъб иш солди оллимға замона.
Нечаким саъб эрур гардун жафоси,
Эрур бехудлуғ ул ишнинг давоси.
Фарҳодқа Юнон мулки азимати жазм бўлуб, ҳикмат била Мулкорони чорлаб, сўз кумайтини Юнон водийсиға солиб, тилисм муддаосин, балки муддао тилисмин анинг қошида очқони ва Мулкоро ани насиҳат била мумтанеъ қила олмай муддаосин хоқонға арз қилиб, бу муҳлик сўздин Хоқоннинг руҳи Фарҳоди бадан Чинидин адам Юнониға юзлангали ёвушуб, Мулкоро била кўп машварат қилғондин сўнгра Фарҳод била Юнон мулкига черик тортиб борурни муқаррар қилғони
Бу меҳнат шарҳин улким қилди таҳрир,
Бу янглиғ айлади афсона тақрир
Ки, чун шаҳзодаға жаври ҳаводис,
Мунунгдек мушкул амре қилди ҳодис.
Анингдек борди орому қарори
Ки, чиқти ўз қўлидин ихтиёри.
Бу эрди бимким девона бўлғай,
Хирад ойинидин бегона бўлғай.
Тута олмай чу ул савдони пинҳон,
Тилаб хилватда Мулкорони пинҳон.
Анга тақрир қилди можаросин,
Ҳавас кўнгли аро солғон балосин.
Дедиким: Гар гадо, гар шоҳ бўлсун,
Агар ғофил, вагар огоҳ бўлсун,
Танаъум бирла меҳнат хўбу зишти,
Неким бўлмиш азалдин сарнавишти,
Ани то кўрмагай имкон эмастур,
Хирад оллинда бу пинҳон эмастур.
Агар шоҳ, ар гадодур одамизод,
Эмас бўйни қазо ҳукмидин озод.
Ёзилғон нуктани тағйир қилмоқ,
Эрур сув узра хат таҳрир қилмоқ.
Қазо килки не хатким қилди мастур,
Эмас ҳаргиз ани тағйири дастур.
Замоннинг бори ишда зуфунуни,
Эрур гардун фунунининг забуни.
Кишининг ер юзига ҳукми етсун,
Қазойи осмони етса, нетсунғ
Халойиқ ажзидинким нуктаронмен,
Булардин мен доғи бир нотавонмен.
Неким оллимға ёзмиш килки тақдир,
Манга йўқтур ани кўрмакка тадбир.
Азалда бу эмиш Ҳақнинг қазоси,
Менинг оллимға бу иш ибтилоси.
Анингким кўнгли топмиш ақлдин нур.
Керак тутса мени бу ишда маъзур.
Букун оллимға тушмиш турфа ҳолат,
Агарчи элга бор андин малолат,
Менинг ҳеч анда йўқтур ихтиёрим
Ки, оллимға ёзибтур Кирдигорим.
Билурмен мушкул ишдур асру, лекин
Қила олмон қазо ўтини сокин.
Керакким айласанг Хоқонға тақрир,
Менинг оллимға келтурганни тақдир.
Атолиқ ҳаққи чун бордур апода,
Ижозат истарам бу можапода.
Дағи йўлумға ҳиммат зод қилсун,
Ва гаҳ-гоҳи дуода ёд қилсун.
Анинг ҳиммат била гар бўлса ёди,
Шак эрмас тормоғим бу иш кушоди.
Ижозат бермаса Тенгри тонуқдур,
Ҳақ оллинда бу асрорим очуқдур
Ки, бесомон бўлуб бечоралиқдин,
Гузирим йўқтурур оворалиқдин.
Олиб бошим, демай обод ила чўл,
Ҳамул мақсад сори тутқум дурур йўл.
Йўлумда девдур, гар аждаҳодур,
Тилисм ичра агар юз минг балодур,
Юмуб борча таҳошидин кўзумни,
Ул офатларға урғумдур ўзумни.
Ишим чун манъ кўйидин йироқдур,
Ижозат бўлса шаҳдин яхшироқдур».
Бу муҳлик руқъа чун ирод қилди,
Яна муҳлик қасам ҳам ёд қилди
Ки, йўл топмас бу мақсудимға тағйир,
Сен эмди саъй этарда қилма тақсир».
Чу Мулкоро эшитти бу фасона,
Чекиб кўнглидин оҳи бехудона.
Маломат айлабон айтай деса панд,
Кўрубким, панд эшигин айламиш банд.
Не сўздин истаса тутмоқ қўлини,
Кўрубким боғламишдур сўз йўлини.
Ажаб навъ онглабон ул сурати ҳол,
Қолиб ожиз дам урмоқдин, бўлуб лол.
Вужудин айлабон бу шуъла нобуд,
Етиб кўк гунбадига оҳидин дуд.
Кўзи бу дуд ранжидин ёшориб,
Қупуб йиғлаю шоҳ оллиға бориб.
Тилаб хилват, кириб хоқон қошиға,
Мудово айлай олмай кўз ёшиға.
Кўруб айтурда ранжи бениҳоят,
Қилиб ҳар не эшитканни ҳикоят,
Чу онглаб шоҳ анинг бу можаросин,
Уруб кўксига, чок айлаб яқосин.
Икав ул меҳнати анбуҳ бирла,
Басе йиғлаштилар андуҳ бирла,
Чу кўп қилди жазаъ шоҳи замона,
Ўпуб туфроғни дастури ягона.
Бўлуб дардиға бир-бир чора пардоз,
Насиҳат қилди сокин-сокин оғоз
Ки, «Шоҳо, ҳар не сабт ўлди қазодин,
Топилмас чораи ўзга ризодин.
Букун чун шаҳ замоннинг аъқалидур,
Мунаввар кўнгли давлат машъалидур1.
Не ҳожат айтмоқким чун тушар иш,
Жазаъдин беҳдур ўлмоқ чораандиш.
Хирад гар бўлди эрса чорапайванд,
Натижа чорадин топқай хирадманд.
Гар ўлса чораға тақдир монеъ,
Керак бўлмоқ қазо ҳукмиға қонеъ».
Деди шаҳ: эй саодат шамъи пойинг,
Кўнгул ороми нутқи дилкушойинг.
Киши ўз жонидин тўймоқ бўлурму,
Ани мундоқ била қўймоқ бўлурму?
Кўнгул дардиға дармондур насиҳат,
Қилоли улча имкондур насиҳат.
Агар худ топти таскин давлат ўлди,
Кўнгулга кому жонға роҳат ўлди.
Асар қилмасдек ўлса кўнглига панд,
Бўлоли ҳар не Ҳақдин келса хурсанд».
Бу сўз бирла яна Хоқону дастур,2
Тараддуд қилдилар беҳадду мақдур.
Басе ҳар навъ тадбир айладилар,
Топилмай нафъ, тағйир айладилар.
Чу саъб эрди ишида орзухоҳ,
Насиҳатгўга бўлди орзу коҳ.
Неча тил гуфтугўси кўпрак ўлди,
Анинг ул орзуси кўпрак ўлди.
Чу Хоқон чорасидин бўлди маъюс.
Тахайюл қилди этмак они маҳбус.
Яна ҳабсиға ҳам қилмай таҳаммул,
Давосин айлади мундоқ таҳайюл —
Ки, онинг кўнглини озурда қилмай,
Ҳаёти гулбунин пажмурда қилмай.
Черик солғай Хитоу мулки Чинға,
Юруб чеккай сипаҳ Юнон заминға.
Ангача ўғлиға ҳамроҳ бўлғай,
Ёмон-яхшисидин огоҳ бўлғай.
Етарга улча айлабтур ирода,
Замони киргуси мумтад арода.
Анга тегру эрур қилғон хаёли,
Кўнгулдин чиқмағининг эҳтимоли.
Муяссар гар эмас бу ул замонда,
Не Ҳақдин келса кўргай они онда.
Чу бу андеша тушти кўнглиға хўб,
Равони деди Мулкороғаким: «Қўр!
Бориб Фарҳоднинг оллинда бир-бир,
Борисин дафъа-дафъа айла тақрир».
ҚЎпуб дастур анинг сори уруб гом,
Дебон ҳар нуктаким шоҳ айлаб эълом.
Кўруб шаҳзода ҳосил муддаосин,
Ҳамул ишда атосининг ризосин.
Билибким, гар деса ёлғуз борурмен,
Бу ишни ўз қошимдин бошқорурмен.
Эмас ул иш мурувват иқтизоси,
Бўлур ул ғамда мустаъсал атоси.
Ато йўқким, тушар кишварга ошуб,
Не кишвар, гунбади ахзарға ошуб.
Ризо изҳор этиб, деди, равон бўл,
Қил андоқким тутоли ул тараф йўл.
ҚЎпуб, дастур ўлуб мақсуди ҳосил,
Келиб хоқонни доғи қилди хушдил.
Черикка айлабон миоду булжор,
Тавочи ҳар тараф еткурди ул жор3.
Кел, эй соқий, ки ўтти айш чоғи,
Манга тут эмди отлонур аёғи.
Димоғимдин олиб бир жом ила ҳуш,
Мени қил девбанду, аждаҳокуш.