Топ рейтинг www.uz
ШАРҲ ВА ИЗОҲЛАР

I

                 Муқаддима ўрнидаги бу боб адабий анъанага кўра, «ҳамд» – Аллоҳ таолонинг мақтовига бағишланган бўлиб, Навоий яратувчининг қудратини таърифлаб, унинг иродаси билан қаламга олмоқчи бўлган ғоявий нияти ҳақида сўз юритади.
1. Байтнинг биринчи мисраси арабча: Маънолар эшикларининг очилиши сенинг (яъни Оллоҳнинг) мақтовинг билан, деган мазмунии билдиради. Кейинги мисрада эса, шоир сўз ўйини санъатини ишлатади – «фатҳ» сўзининг икки маъносидан фойдаланади: маънолар эшикларинн кўнглимга «очиб» бер ва уларни «забт» этишни насиб қил, мазмунида қўллайди.
                 Кейинги байтларда шоир маънолар хазинаси қулфига қўлининг калит бўлишини, шу восита билан барча умидларига етишишни тилайди, ана шу маънолар хазинасидан оламни, олам аҳлини манфаатдор этишни умид қплади. Бу байтларда «махзан», «дурафшон», «гавҳартош», «дур», каби сўзлар мажозий, яъни кўчма маънода ишлатилади. Улар мазмун, маъно билан алоқадор бўлиб, буни бадиият ҳақидаги илмда «истиора» санъати деб юритилади.

II

1. Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин»и боблари сарлавҳалари бошқа достонлааридаги каби маълум ғоявий ва бадиий функцияларни бажаради. Шоир уларда асос-эътибори билан ҳар бир бобдаги етакчи ғояни изоҳлаб беради. Шунингдек, улар бадиий жиҳатдан ҳам муайян вазифани ўтаб, ўқувчининг бобда баён этиладиган воқеаларга муносабатини белгилашга хизмат қилади.
                 Бу боб сарлавҳасида шоир араб ёзувидаги ҳарфлар ифодасига ишора қилиб, шавқ достони бўлмиш «Фарҳод ва Ширин»да сарвқадлар бўйига ўхшаш «алиф», бинафша сочлар жингалагига ўхшаш «лом»ларда «Оллоҳ» сўзи назарда тутилишини ёзади. Бинобарин, бу ерда Навоий худо таърифи берилишини баён қилади.
                 Бу бобда шоир ёзишга киришаётган «Фарҳод ва Ширин» достонининг умумий талқини, ундаги қаҳрамонлар, персонажларнинг мухтасар тавсифини беради, «дард боғи» дея таърифланган ишқ билан алоқадор барча ҳаяжон ва изтироблар ҳақида ёзади. Шоир холиқ –яратувчи худо саноси – мақтовига киришар экан, энг аввало, у инсон кўнглини ишқ гулшани, бу гулшанда эса ишқни хазинага айлантирганлигини мадҳ этади. Ишққа «жаҳонни куйдирувчи» қудрат бахш этадиган яратувчи ҳусни, гўзаллик таърифн эса Навоий давридаги кенг тарқалган тасаввуфдаги пантеизм таълимоти тушунчаларита алоқадордир. Бу таълимот «илғор фикрли мутафаккирлар учун ҳаёт ва инсонни куйлашга кенг имконият туғдирар ва ўз даври учун тараққийпарвар йўналиш эди. Демак, Навоийнинг яратувчи гўзаллигини куйловчи илҳомли мисраларини дунё ва коинот гўзаллигннинг тавсифи деса бўлади» (Қаюмов А. «Фарҳод ва Ширин» сирлари. Тошкент. 1979. 6-бет). Бобнинг аввалги етти байтида шоир яна мажозий маънодаги «дард боғи», «лола», «гул барги», «сунбул», «оқар сув», «ғунча», «оташин вард» (Кизил гул) каби сўзлар орқали ишқ, унинг аламлари, изтироблари ҳақида сўз юритади. Буни шоир илми бадеъдаги уйғунлаштириш санъати воситасида амалга оширади. Шунингдек, бобдагн «қазо Фарҳоди амри раҳнамуни» мисрасидан то «Келиб кам зарралардин доғи Хусрав» мисрасигача бўлган қисмда «Навоий қазони Фарҳодга, осмонни Фарҳодга алоқадор Бесутун тоғига, ақлни Чин хоқонининг вазири Мулкорога ва Суқротга, туннн Хусрав Парвезнинг оти Шабдезга, қадарни Фарҳоднинг дўсти Шопурга, ажални отасини ўлдирган Парвезнинг ўғли Шеруяга, замонни Парвезнинг созандаси Нигисога ўхшатган ҳолда «ширин», «тилисм» сўзлари Бесутун, Хусрав ва унинг хонандаси Борбад номларини тилга олиб, муқаддимани достониинг мундарижасига уйғунлаштирган» (Рустамов А. Навоийнинг бадиий маҳорати, 149-бет). Айни чоқда, бу ўхшатишлар замирида шоир достон мундарижасида қаҳрамон ва персонажлар фаолиятн қайсн кўламда кечиши, улар достонда ижобий, салбий роль ўйнайдими ёки ўткинчими деган масалаларга ҳам эътиборни жалб этади.
2. Фафҳам – арабча (ундов сўз). Тушун! Англа! Диққат қил! демакдир.
3. Валлоҳу аълам– арабча: худо билувчандир демакдир.
                 Бу байтда шоир яна ўша пантеистик таълимотларга кўра яратувчи билан яратилганлар бир-бирига ошиқ, буни идрок этиш керак, демоқчи бўлади.
4. Моарафнок – арабча: сени керагича билмаганмиз, маъносини билдиради.
5. Навоий ёзишга киришаётган достониинг персонажлари таърифини бош қаҳрамон Фарҳоддан бошлайди. Маълумки, ўз манмаларини фольклордан олган Фарҳод образи Фирдавсий «Шоҳнома”сида Афросиёбнинг жанговар сипоҳсолори сифатида тилга олинади. Даставвал бу образ Низомийнинг «Хусрав ва Ширин» достонида асосий персонажлардан бири сифатида киритилади. Низомий Фарҳоди халқ намояндаси, тошйўнар уста. У оқил ва инсонпарвар, ғоят саводли ва паҳлавон. Фарҳод гарчи достон сюжети ривожида асосий роль ўйнамаса-да, муаллифнинг етакчи ғоясини тушунишда аҳамияти каттадир.
                 Хусрав Деҳлавийнинг «Ширин ва Хусрав» достонида эса Фарҳод олий насаб шаҳзода, тақдирга тан берувчи бахтсиз ошиқ қилиб тасвирланади. Фарҳод образини илк дафъа биринчи ўринга кўчириб талқин қилган шоир озарбайжон адабиёти тарихида Низомий анъаналарини давом эттирган, форс тилида ижод қилган Ориф Ардабилий (XIV аср) эди. Лекин Орифнинг Фарҳодида қатор манфий жиҳатлар, жиддий қусурлар мавжуд. Фарҳод ўз ҳунар ва муҳаббати ила Хусравдан жуда устун кўтарилса-да, муҳаббатга муносабати ва шахсий маънавияти жиҳатдан ундан фарқланмайдн. «Фарҳод ўзининг севгилиси Гулистонни тезда ёдидан чиқаради». «Муаллиф ўз қаҳрамони (яъни Фарҳод) ўлимини унинг Рум Қайсари ўғли Гаройни ўлдирганлиги билан алоқадор қилиб талқин қилади... Бу эса образ қимматини озайтиради» (А р а с л и Н. Ариф Ардабили ва онун «Фэрҳаднамэ» поемаси. Баки, 88–89-бетлар).
                 Алишер Навоий ўз достонида Фарҳодни асосий, марказий қаҳрамон қилиб олди. Уни том маънода ижобий қаҳрамон сифатидаги янгича талқинини берди. «Фарҳод образида ўз даврининг илғор ғояларини куйлайди, халқ оммасига хос қатор олижаноб хусусиятларни идеаллаштиради» (Ҳайитметов А. Навоийнинг ижодий методи масалалари. 93-бет).
6. Хито – Чин (Хитой) мамлакатининг шимолидаги вилоят номи (Синцзян ёки Кошғар кўзда тутилади) (Фарҳанги забони точик, 471-бет).
7. Мулкоро – Навоий асарларида Чин хоқони вазирининг номи. У ғоят донишманд ва тадбиркор қилиб тасвирланади.
8. Моний – Ибн Фатак (216–276) – монийлик таълимотининг асосчиси. Шарқ ривоятларида уни машҳур наққош ва рассом деб таърифлайдилар. Унинг муқаддас китоблари ниҳоятда гўзал миниатюралар билан безатилган эмиш, монувийсоз–монийча Қилиб ишлаш; Достонда Фарҳод учун Хоқон йил фаслларига мослаб қурдирган тўрт қасрни безаган наққош устанинг номи.
                 Бу байтда эса шоир Фарҳоднинг кўнгли қасри Моний коргоҳидек гўзал ва нақшпардоз қилиб яратилган, демоқчи.
9. Суқрот – Сократ (мил. ав. 470, 469–399) қадимги юнон файласуфи. Навоий достонда Суқротни ақл ва ҳикматда беназир бир хирадманд сифатида талқин қилади.
10. Ширин – бу ерда шоир сўз ўйини ишлатган: Навоий ўз салафлари Низомий ва Хусрав Деҳлавий Ширинни жаҳон аҳлига ёқимли, тотли образ қилиб яратдилар, демоқчи. Айтиш керакки, Ширин баъзи маъҳазлар, афсона ва достонларда гоҳ эронлик, гоҳо оромийнасаб, ё румли, ёки армани деб берилади. Низомийда у озарбайжонлик, Навоийда эса арманияликдир.
                 Низомий Ширини ғоят гўзал ва ақлли, иродали ва мақсад йўлида изчил бўлиб, сосонийлар подшоҳи Ҳурмуз ўғли Хусрав Парвезни севади. У ҳатто Хусрав Парвез Византия қайсарининг қизи Марямга, Исфаҳон гўзали Шакарга уйланганида ҳам нечоғлик ғам-алам чекмасин ўз севгисига содиқ қолади. Уни канал қазувчилар орасидаги тошкесар Фарҳод севиб қолганида ҳам Хусравдан воз кечмайди. Охири унинг қонуний хотини бўлиб қолади. Шириннинг халқи фаровонлиги йўлида Хусравни кайфу-сафо, ҳашамдор маишатлардан қайтариш, мамлакат ва халқ тақдири билан машғул бўлишга даъват этиш каби олижаноб интилишларини Низомий мадҳ этади. Марямнинг ўғли Шеруя тожу-тахтга, Ширинга эга бўлиш мақсадида ўз отаси Хусравни ўлдирганида, Ширин эрининг жасади устида ўзини ҳалок қилади.
                 Хусрав Деҳлавийда Ширин анча суст, севгида ҳам барқарор бўлмаган (Хусрав Парвез ва Фарҳод севгиларига жавобда иккиланади), ҳатто Фарҳод ўлимидан кейин Хусравдан ўч олиш мақсадида унинг хотинини заҳарлаб ўлдиришгача етиб боради. Бинобарин, Хусрав Деҳлавий талқинида Ширин ватани ва халқи қайғусини чеккани ўз аксини топмайди.
                 Навоий эса Ширинни ҳар жиҳатдан мукаммал, Фарҳоднинг муҳаббатига лойиқ, унга вафодор бўлган қаҳрамоя қилиб яратади. «Навоий тасвирида у ниҳоятда гўзал ва бу гўзаллик эса унинг руҳий дунёсининг асосини ҳам ташкил қилади. Навоий Ширинни элнинг бахту саодати, юртнинг ободонлиги тажассуми сифатида ҳам тасвирлайди”. (Эркинов С. Фарҳод ва Ширин // Ўзбек адабиёти тарихи. II. 242-бет).
11. Хусрав – Шарқ халқлари оғзаки ижоди ва ёзма адабиётида кенг тарқалган образ. Унинг тарихий илдизи сосоний подшоҳларидан Хусрав II Парвез (VI аср охири) фаолиятига қадалади. Бадиий адабиётда, чунончи, Фирдавсийнинг “Шоҳнома»си, Низомийнинг «Хусрав ва Ширин»ида идеал шоҳ. Алишер Навоийда эса Хусрав мутлақо салбий қаҳрамон сифатида талқин этилади.
12. Шабдез – қора тусли от. Хусрав отининг номи. Бу байтда шу сўз орқали ҳам кеча қоронғулигига, ҳам отга ишора қилинмоқда.
13. Шопур – Эроний машҳур рассом (қ. XXXIV боб. 2-изоҳ).
14. Шеруя – Хусрав Парвезнинг ўғли.
15. Никисо – Хусрав Парвезнинг хос машҳур машшоқларидан.
16. Зуҳра – Венера, Шарқда эрта тонгда, Ғарбда кечқурун порлаб кўринадиган ёрқин юлдуз. Қадим юнонларда муҳаббат маъбудаси сифатида тасвирланган. Зуҳра баъзан Ноҳид номи билан ҳам аталади. Зуҳра гўзаллик, муҳаббат ҳамда мусиқа ҳомийси ҳисобланади.    
17. Борбад – Борбуд – Хусрав Парвезнинг машҳур ҳофизи. Бадиий адабиётда умуман яхши хонандани англатади.
18. Баҳром – Мирриҳ– Марс сайёраси. Илми нужумча Баҳром ҳарбий ишлар ҳомийси саналган.
19. Бесутун – Биҳистун (Биҳиштун)–Шимолий Эронда, Ҳамадон шаҳридан 100 км. ғарбда тоғ оралиғидаги қоя. Бу қоя ривоят ва афсоналарда кўпинча Фарҳод номи билан алоқали ҳолда тилга олинади. Фарҳод шу тоғ этакларида канал қазиган, шу тоғни кесиб йўл очган қаҳрамон сифатида тасвирланади.
                 Шоир ўз достони «Фарҳод ва Ширин»ни минглаб машҳур Бесутун ёдномаларидан юксак деб таърифлайди. Бу билан адабиётдаги муболаға санъатини қўллайди, айни чоқда “фахрия” санъатидан ҳам фойдаланади.

III

1. Бу боб «Муножот» деб аталса-да, унда Навоий инсонни йўқликдаги ҳолати, сўнгра, вужудга келиши, гўдаклиги, ҳаёти тўғрисидаги фикрларни баён этади. Шоирнинг инсон яратилгач, илоҳ ихтиёрида бўлади, у тақдир белгилаган ишларнигина бажаради, бннобарин, инсон йўл қўйган хато, гуноҳлар учун айбдор эмас, унга шуларни аввалдан раво кўрган ўша яратувчи айбдордир, – дея билдирган фикрлари унинг инсон ҳимоясида нечоғлик қатъий турганлигини кўрсатади (Қаюмов А. «Фарҳод ва Ширин» сирлари, 10-бет).
2. Мустафо – арабча танланган, сараланган, сайланган демакдир. Муҳаммад пайғамбарнинг лақаби. Бу ва олдинги мисраларда Навоий илоҳга мурожаат қилиб, шу асарни яратишда мададкор бўлишни илтижо қилади, бу йўлда Муҳаммад пайғамбардан ҳам шафоат етишишини истайди.

IV


                 Бу боб анъанавий наът, яъни Муҳаммад пайғамбар таърифига бағишлангандир.
1. «Вашшамс била Валлайл» – Қуръон сураси.
2. “Ва саллаллоҳу ало шамси жамолиҳи ва зилли камолиҳи” – арабча: ва Оллоҳнинг раҳмати унинг жамолининг қуёши ва камолининг соясича бўлсин.
3. “Кофу”, “нун”– ва ҳарфларининг номи бўлиб, улар қўшилса, «кун» сўзи юзага келади. Диний таълимотга кўра, худо азалда мавжудотни пайдо қилишда шу сўз билан буйруқ берган дейилади.
4. Қурратул-айн – арабча: кўз равшанлиғи; кўз қорачиғи. маж. фарзанд.
5. «Кавн» – мавжудлик, борлик, дунё; кавнайн – икки дунё (у дунё ва бу дунё).
6. Арш – осмоннинг энг юқори жойи.
7. Курсий – бу ерда осмон маъносида.
8. Мусҳаф – Қуръон.
9. Батҳо – Макка атрофидаги тоғ оралиғида бир дара номи; маж. Макка кўзда тутилади.

V


                 Бу боб анъанавий «Меърож» (пайғамбарнинг кўкка чиқишига бағишланади.
1. Миназ-зулумоти илан-нур – арабча: зулматдан нур билан маъносини билдиради.
2. Нуран ало нур – арабча: нур устига нур, демакдир.
3. Ноҳид – қ. Зуҳра.
4. Аторуд – Уторид – Меркурий сайёраси. Форсча Дабир ҳам дейилади. У ёзувчиларнинг, санъаткорларнинг, умуман донишмандликнинг ҳомийси ҳисобланади.
5. Муштарий – Юпитер – форсча Биржис ҳам дейилади. Илми нужумда Муштарийни «Саъди акбар» (юксакликдаги жой) ва «Фалак қозиси» деб ҳам юритилган жойи, олтинчи фалакда эмиш.
6. Рафраф – қанот қоқиб.
7. «Мотағо»– Муҳаммад пайғамбар мадҳ қилинган оятдан бир сўз.
8. «Мозоғ» – Муҳаммад пайғамбарнинг кўзи ва ўзи мадҳ қилинган оятнинг бош сўзи.
9. Қоба қавсайн – икки ёй оралиғи, икки ёй оралиғича масофа. Бу ерда шоир ора яқинлигига киноя қилади.

VI


                 Бу боб сарлавҳасида Навоий ижодкор қалами таърифини ва ўз салафлари «Панж ганж» («Беш хазина») муаллифи Низомий ва «Хамса» яратувчиси Хусрав Деҳлавийларга ўз муносабатини баён қилади.
1. «Панж ганж» – буюк озарбайжон шоири Ннзомий Ганжавий (1141–1203)нинг 5 достондан иборат туркуми кўзда тутилади. Ннзомийнинг ўзи 5 достонини «Хамса» деб атамаган, ундан кейин бу соҳада қалам тебратган шоирлар, жумладан, Хусрав Деҳлавий уни биринчи «Хамса» муаллифи деб атаганлар.
2. Байязаллоҳу таоло авроқа жаройимиҳо – арабча: Оллоҳ таоло унинг гуноҳлари (битилган) варақларни оқласин (яъни, унинг гуноҳларндан ўтсин) демакдир.
3. Бу ерда шоир қаламни таърифлаб, унинг тез юрарлиги ва қора из қолдиришини учқур қора отга ўхшатади.
4. Байтнинг мазмуни: чопганида қуйруғини байроқ каби кўтаради. Унинг бошдан оёғи қулоғидек тилингандир. Бу ўринда шоир қамиш қаламнинг хат ёзиш жараёнидаги ҳолатини тасвирламоқда. Айни чоқда, «қалам» сўзининг луғавий маъноси (кесилган, кесик)дан киноя ишлатиб сўз ўйинидан фойдаланади.
5. Бу байтда қора сиёҳда битилган ҳарфлар қимматбаҳо қора мунчоқ тошга ўхшатилади.
6. Жавф – луғ. маъноси қорин, бўшлиқ. Бу ерда қамиш қаламнинг ичидаги бўш ковак кўзда тутилади.
7. Сўз Низомий Ганжавий ҳақида боради. «Ганжа ором» иборалари орқали бу буюк шоир Ганжада дафн этилганлиги англатилади. Кейинги байтларда Навоий Низомийни хазинадорга, унинг маъноларга тўла асарларини хазиналарга ўхшатиб таърифлайди. Кимки бу хазинага ўғирлик қилмоқчи бўлса, фалак унинг бошига тошлар ёғдиради. Улар орасидан дўстлар гавҳар, душманлар эса чақиртош топадилар. Ана шу гавҳар, дурлар кўнгилга ўрнашса; уни хазинага айлантиради, дейди шоир.
8. Ҳиндуйи зод – Навоий Ҳиндистонда яшаб ижод этган, Низомийдан сўнг «Хамса» яратган Хусрав Деҳлавий (1253–1325)ни кўзда тутади.
9. Хизр – афсоналарга кўра, «Оби ҳайвон» (тириклик суви)ни топган ва ундан ичиб, ҳамиша тирик юрадиган сирли кароматлар соҳиби. Адабиётда Хизр ғойибдан пайдо бўлиб, йўлдан адашган мусофирларга кўмак этувчи ҳам деб тасвирланади. Хизр яшиллик ва идрок тимсоли ҳисобланади. Бу ерда бир неча ташбиҳ ишлатилган. Шоир Хусрав Деҳлавийни ана шу Хизр пайғамбарга, Ҳиндистонни қора тунга ўхшатади. Бунда халқининг ранги қора бўлганига ҳамда Хизр зулмат ичида ҳаёт булоғини топганлнгига ишора қилинади. Хусрав Деҳлавийнинг равон шеърияти ана шу афсонавий ҳаёт булоғига нисбат берилади.
10. Чашмаи ҳайвон – тириклик суви чиқадиган афсонавий булоқ. Уни қора зулмат мамлакатидан Хизр қидириб топган, дейдилар.
11. Қақнус – афсонавий қуш. Унинг тумшуғида кўп тешиклар бор бўлиб, улардан таралган ҳазин овозлардан мусиқа яралар эмиш. Навоий «Лисон ут-тайр» достонида Қақнуснинг гўзал тасивирини беради. Унга кўра, Қақнус Ҳиндистонда бўлар, баланд дарахтлар бошига ин солар экан. Бу қуш умри бўйи хас-хашак, чўп, териб, катта хирмон йиғар, ҳаётининг охирида шу хирмон устида ҳазин оҳанг билан сайрар экан. Унинг дилкаш навосини эшитган бутун ўрмондаги қуш ва ҳайвонлар йиғилар экан. Охири Қақнус шундай аламли бир нола қилар эканки, ундан хирмонга ўт туташиб кетар ва шу ўтда ўзи ҳам ёниб кетар экан. Хирмон кули остидан янгн бир Қақнус боласи пар ёзиб чиқар секин-секин парвоз қилиб, яна ўша отаси шуғулланган иши – хас-чўп теришга уннаб кетар экан. Навоий бу ерда Хусрав Деҳлавийни Қақнусга, унинг шеъриятидаги мусиқийликни, дил ўртовчи ҳазинликни Қақнуснинг сайрашига ўхшатади.
12. “Маҳ то ба моҳи» – айнан: «балиғдан ойгача» деган мазмунии билдиради. Бу ибора «ердан кўккача» маъносида ишлатилади.
13. Бу ўринда Навоий Низомий Ганжавийдек улуғ шоир достонларига жавобан «Хамса» ёзишлик осон иш эмас, демоқчи бўлади. Кейинги байтларда шоир Низомийни филга, Хусрав Деҳлавийни ҳам гарчи кичикроқ эса-да, филга ўхшатади. Уларнинг шавкат ва қувватидан мадад тилайди. Узини эса ҳайқирувчи филга ўхшатади, у сўз ўрмонини эгаллаб олишни орзу қилади.
14. Бу бобдан бошлаб, деярли ҳар бир боб шоирнинг соқийга мурожаат тарзида ёзилган асосан 2 байтли (баъзан 3 байт), агар таъбир жоиз бўлса, миниатюр «соқийнома»лар бериб боради. «Бундай парчалар шоирнинг ҳар бир бобда тасвирланган воқеа ёки муаммога муносабати, хулосаси ҳамда ички кечинмаларини ифода қилувчи бир восита – лирик лавҳалардир» (Исоқов Ё. Навоий лирикасининг асосий жанрлари. Ўзбек адабиёти тарихи, II том, 101-бет). Баъзан эса шоир бу хилдаги лирик чекинишларда кейинги бобда қаламга олинадиган воқеа ёхуд масалаларга ишора ҳам қилади. Бу ерда соқийга мурожаат қилиб шоир: ҳар икки шоир (Низомий ва Хусрав Деҳлавий) ёди учун қўш жом – икки пиёла қадаҳ келтир. Уни ичиб Жомий майининг мадҳига киришай,– дейди.
15. Жомий (1414–1492) – форс-тожик адабнётининг улуғ му-тафаккир намояндаси Абдураҳмон Жомийнинг нисбаси ва тахал-лўси. Жомий Навоийнинг яКин дўстн, ҳамкори эди. Навоий ундан фақат адабий ва илмий жиҳатдангина маслаҳат олмай, балки ва-зирлик лавозими тақозоси билан давлат ишларида, сиёсий ва иж-тимоий фаолиятида ҳам маслаҳатлар олиб . туради. «1476– 1477 йиллар орасида у Жомнйни ўзига пир сифатида танлагаа эди. Бу уларнинг дунёқарашидаги яКинлиКии кўрсатувчи энг ха-рактерли моментдир» (Ҳайитметов А., Мирзааҳмедо-в а М. Алишер Навоийнинг ҳаёт йўли. Қ. Узбек адабнётн тарихи. II том. 63-бет). Жоми£ ўлимидан кейин Навоий унинг хотирасига бағишлаб махсус «Хамсат ул-мутаҳаййирин» (Ҳайратланганлар бешлиги) асарини ёзган.

VII


1. Бу боб сарлавҳасидан унинг Абдураҳмон Жомий мадҳига бағишлангани маълум бўлади.
2. Зиндапили Жоми (XI–XII) – Жомда туғилган машҳур-мутасаввуф шоир Абу Наср Аҳмад бинни Абдулҳасаннинг лақаби. Унинг тахаллуси «Аҳмади Жомий» бўлган. Навоий у билан Абдураҳмон Жомийни таққослаб, Низомий ва Хусрав Деҳлавийларнинг шеъриятдаги иқтидори икки филча бўлса, Жомийнинг кучи юз филча, тасаввуф бобида эса Зиндапилнинг ўзига тенг, дея муболағали таърифлайди.
3. Нафъйи вужуд – тасаввуф истилоҳи –«ўзликни йўқотиш” демакдир.
4. Икки жахон – бу дунё ва охират маъносида.
5. Олами кубро – айнан: улуғ олам, бутун коинотни англатади. Тасаввуфда эса инсон, инсон қалби демакдир. Шоир Жомий камолотини назарда тутмокда.
6. Мақсади ақсо – айнан: энг олис, қарийб етиб бўлмас мақсад; бу ерда инсон ва унинг юраги, қалби мазмунига эга.
7. Олами суғро – айнан: кичик олам, тасаввуфда эса бу дунё кўзда тутилади.
8. Бу ва кейинги байтларда Навоий Жомийни денгизга, унинг асарларини денгиздаги дурларга, қаламини гавҳар сочувчи, ичи шакар билан тўла найшакарга ўхшатади. Сўнгра уни дуо қилиб, мадҳиялар ўқийди.

VIII


                 Бу бобда Навоий достонни ёзишга нималар сабаб бўлганини баён этади. Унинг эътирофича, бу достонни яратиш орзуси – таманноси пайдо бўлгач, бепоён дурру гавҳарлар денгизига чўмади,. яъни кўп мутолаа қилади, ўйлайди.
1. Қоқум хори ила нақб келтурмак – айнан: қоқум (яъни майин жунли) ҳайвоннинг туки билан чуқур қазимоқ. Шоир бу иборани қийин машаққат билан амалга ошади, деган маънода ишлатади.
2. Зарурий бўлди авзоиға тағйир – айнан: унинг авзоини ўзгартиш зарур бўлди. Навоий бу мисрада ўз асарини салафлар достонидан бошқача, фарқли қилиб яратиш фикри зарур туғилганини билдиради.
3. Навоий «Фарҳод ва Ширин» достонини ёзишга ундаган сабаблардан бири – ўзининг муҳаббат севгиси бўлиб, бу ишқнинг алам ва изтироблари эди. Шоир кейинги байтларда ўз маҳбубаси, у туфайли ўзига етишган азобу уқубатлар баёнини беради.
4. Байтнинг мазмуни – шоир кўнгил қўйган маҳбубасининг овозаси Фаранг (Европа), Хито (Кошғар) ва Чин (Хитой)га ҳам етиб борган эди, яъни Ғарбда ҳам Шарқда ҳам маълум эди, демоқчи бўлади.
5. Байтнинг мазмуни – менда бу ғамдан ақлу ҳуш қолмаган бир пайтда ғойибдан нидо (ориг.– суриш) келди, дейди. Кейинги байтларда ана шу нидони шарҳлаб шоир: Ахир сен бу ғамларга гирифтор бўлишдан аввал қаламинг ўткирлашиб қолган, Хизрга ўхшаб, қоронғи зулматдан тириклик сувини халққа сочган эдинг яъни яхши асарлар билан халқни баҳраманд қилган эдинг, деб ёзади.
6. Бу байтда «Ҳайрат ул-аброр” режаланиб, ёзиб тугатилгани айтилади. Кейинги байтларда Навоийнинг машаққат билан меҳнат қилиб, дур ва жавоҳирларга тўла хазинага эришгани, яъни тер тўкиб ижод қилиб, бебаҳо асарлар яратгани таърифланади.
7. Байтнинг мазмуни: ғойибдан келган нидо шоирни телбаликни вайроналарда қолдириб, яна бир ганж сори қўл сунишга, яна бир кон қазишга, яъни янги бир асар ёзишга киришишга даъват этади. Кейинги байтларда кон қазиш учун Фарҳод билан ҳамсуҳбат бўлиш, унинг қайроқ тошида тешани тезлаб олиб, иш бошлаш лозимлиги маслаҳат кўрилади.
8. Бу байтда сўз «Хамса» достонларидан бири («Ҳайрат ул-аброр») ёзилгани, энди иккинчисига («Фарҳод ва Ширин») киришиши ҳақида бормоқда.    9. Ҳотиф– ғойибдан овоз берувчи.
10. Пир – айнан: Қари, кекса; маж. бирор диний – руҳоний гуруҳнинг бошлиғи, раҳбари, сўфийлар бошлиғи. Бу ерда шоир Жомийни кўзда тутади.
11.    Бу ва кейинги байтлардан Жомий ҳам биринчи ҳотиф айтгакларини таъкидлагани, уларни шоир қабул қилгани ва дуо олиб ўз ҳужрасига равона бўлгани англашилади.

IX


1. Бу боб сарлавҳасида Навоий достонини ёзишга киришар экан, асарнинг режасини тузиб олгани, турли афсоналар, тарихий манбаларнн кўриб чиққани, шу мавзуда ёзилган достонларда йўл қўйилган хатоларнн тузатиб, ўз ғояларини қай тарзда ифода этимоқни ният қилганини ёзади. Бунда у ғоят образли қилиб: «Маъно нафосатлари матоъини ғойибдан келган савдогарлардан ҳаётим нақдини бериб, латофат уйининг келинчаклари учун сотиб олмоқ ва жон ипи ва киприк игнаси билан намойиш ва оро либосини тикиб, бу бокиралар қадларига солиб жилвалантирмоқ»,– дея баён қилади (Н а в о и й. Фарҳод ва Ширин. Насрий баён муаллифи Ғафур Ғулом, матнни айрим тўлдиришлар билан қайта нашрга тайёрловчи Ҳайитметов А. 13-бет).
2. Бу байтнинг мазмуни: менга юлдуздек кулиб турган толеим юқори манзил – «Хамса»чилик яратишдек юксакликдан жой тайёрлади. Кейинги байтларда бу жойни фаришталар келиб ўз парлари билан супургани, осмон юлдузларидан кўз ёши тўкиб, у ерга сув сепгани ҳақида сўз юритар экан, шоир Шарқ шеъриятидаги ёпиқ истиора санъатидан фойдаланади.
3. Шарқда махсус мажмар (мижмар) деб аталган манқалга қора рангли дарахт чўплари – удни ташлаб, ёқимли ҳид таратиш одати қадимдан мавжуд. Ҳиндистоннинг Қумор деган шаҳарида эса энг яхши уд бўлар экан. Бу байтда шоир ана шунга ишора қилмоқда. Кейинги байтларда Навоий қаламни йўниб, ёзишга киришар экан, саодат ва иқбол кириб келиб уни муборакбод этганлари таърифланади.
4. Бу байтда шоир «тупроқ кўтарсанг, катта тепадан кўтар», кейинги байтда эса «тупроқ олсанг олтин бўлсин» каби халқ мақолларини ишлатиб, шеъриятдаги «ирсоли масал» санъатини қўллаган.
5. Насри тойир–айнан: бургут; маж. бургутга ўхшаб кўринувчи. юлдузлар туркумининг номи. Уни «Уқоб» ҳам деб юритилади. Бу ерда шоир достон ёзишга киришар экан, ҳатто осмондаги юлдузлар туркуми – насри тойир ҳам ҳиммат қанотини қоқиб гардун қоронғулигида сайр қила бошлади, дейди.
6. Бу ва кейинги байтларда Навоий ёзилажак асари янги бўлиши лозимлигини, аввал шу мавзуда яратилган достонларни такрорламаслик кераклигини таъкидлайди. Бошқача қилиб айтганда, шоир ўзига асос мақсад қилиб, адабиётга янгилик беришни ният қилиб олганлигини билдиради. Бу соҳада қалам тебратганлар назм денгизидан ажойиб дурлар қўлга киритганини, лекин анча олий қиммат дурлар ҳамон қолиб ётганини баён этиб, уларни олиб чиқиш ва ўз дилрабо асаримга безак қилиш менга муяссар бўлди, – дейди.
7. Бу байт мазмунида Навоий ўз достонининг рангларга бой, ундаги воқеалар ҳам, қаҳрамонлар ҳам ғоят оташин бир тарзда, таъсирчан қилиб яратилганлигини билдиради.
8. Бу ва кейинги байтларда шоир ушбу жомдан май ичганлар, яъни шу мавзуда достон ёзганларнинг барчаси Хусравнинг маддоҳи бўлиб қолдилар. Улар унинг мулкига, расм-русмлари, қўшинию имкониятларини Шабдез отининг учқурлигию Борбад исмли хонандасининг сайраши, Шопур деган яқинининг узлуксиз ҳийла-фириблари, Бузург Уммид номли вазирининг хушомадгўйлиги унинг (яъни Хусравнинг) гоҳ Марям (Рум қайсарининг қизи), гоҳо Шакар (Исфаҳон гўзали) исмли хотинларн ҳузурида ором олишию Ширинга шоҳона ошиқлик изҳор қилишини мадҳ этдилар. Уни ҳақиқий муҳаббат ойини бўлган дарду бало, азобу изтироблардан бегона бўлган эрка бир шоҳ сифатида талқин қилдилар. Тўғри, улар ора-сира Фарҳод ҳақида ҳам сўз юритдилар. Уни шунчаки тоғлардаги бир тошйўнар қилиб, Ширин васлида елиб-югургани учун Хусрав томонидан ўлдирилганини баён қилдилар, – дейди. Кўринадики, уларда Фарҳод образи эпизодик характерга эга.
9. Бу байтда Навоий ўз салафларидан бошқача йўл тутганини, асос эътибори билан меҳнатнома (меҳнат – машаққат, ранж, алам маъносида) мазмунини шарҳ этганлигини уқдиради.
10. Навоий Фарҳод ҳақида ҳазин бир достон яратиб, унда Фарҳод ва Ширинни тараннум этишни муносиб кўргани бу ва кейинги байтдан англашилади. Бинобарин, Навоий ўз салафларидан бутунлай бошқача йўл тутади. «Хусрав образини тамомил салбий қилиб беради ва ҳаёт логикасига мос деб топади. Навоий эксплуататор табақаларнинг кирдикорларини, уларнинг ижтимоий башарасинн фош этишда ўз салафларига нисбатан жуда олдинга кетди, адабиётда халқчилликни ҳар томонлама чуқурлаштириб,. гуманизм байроғини жуда баланд кўтарди» (Ҳайитметов А. Навоийнинг ижодий методи масалалари. 68-бет).
11. Ашраф – шу мавзуда қалам тебратган шоир. Навоий у ҳақда ўзининг «Мажолис ун-нафоис» асарида қуйидагиларни. ёзади: «Дарвешваш ва номуродшева киши эрди. Ва кийиз бўрк устига қурчуқ чирмар эрди. Ва эл била дағи омизиши оз эрди. Кўпрак авқот «Хамса» татаббуъиға сарф қилур эрди, то ул китобни тугатур тавфиқи топти. Воқиан ўз хурди ҳолиға кўра ямон бормайдур...» (Н а в о и й. Мажолис ун-нафоис. Илмий-танқидий матн. 1961. 13-бет).
12. Навоий бу мавзуда яна бир номаълум шоир қалам тебратганини ёзади.
                 Адабиётшуносликда Навоий кўзда тутаётган шоир XIV аср ярмиларида Шимолий Озарбайжоннинг Ардабил вилоятида яшаб ижод қилган Ориф Ардабилий бўлиши эҳтимол, деган (Орасли Н. Мухтэсэр Азэрбайчан эдэбийати тарихи. I. 118 с.) масалани биринчи бўлиб Ҳ.Орасли кўтариб чиққан эди. Кейинчалик Ориф Ардабилин ва унинг «Фарҳоднома» асарини махсус тадқиқ этган Ҳ. Орасли бу тўғридаги фаразияни тасдиқловчи ва баъзи шубҳа уйғотувчи фактларни келтиради (О р а с л и Н. Ариф Ардэбили ва онун «Фэрҳаднамэ» поемаси, 157–159-бетлар).

X


                 Бу боб Султон Ҳусайн Бойқаро мадҳига бағишланади.
1. Шоҳ Ғозий – бу ерда Султон Ҳусайн Бойқаро (1438–1506)нинг лақаби, бошқа ҳукмдорларга нисбатан ҳам қўлланилади. 1469 й.дан умри охирига қадар Хуросонда ҳукмронлнк қилган Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийнинг мактабдош дўсти эди. У «Ҳусайний» тахаллуси билан шеърлар ёзган, соҳиби девон шоир ҳам бўлган. Ҳусайн Бойқаро қаламига насрий «Рисолаи Ҳусайн Бойқаро» ҳам мансуб. Унда Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг лирик шеъриятига ва «Хамса»сига юксак баҳо беради, шундай улкан санъаткор, улуғ инсон билан бир давр, бир давлатда яшаш бахтига мушаррафлигидан, айниқса у билан дўст бўлганлигидан шукроналар айтади. Навоий ҳам ўзининг «Мажолис ун-нафоис», «Муҳокамат ул-луғатайн» ва девонлари дебочаларида Ҳусайн Бойқаро ижодини, унинг ўзбек тили ва шеърияти равнақига қаратилган фаолиятини алоҳида таъкидлаб ўтади.
2. Ҳайдар – айн. шер демакдир; пайғамбарнинг куёви Алининг лақаби. Шоир бу ерда жанг майдонида Ҳусайн Бойқаронн шерга ўхшатмоқда.
3. Жамшид – Эроннинг афсонавий шоҳларидан. У қурол-аслаҳа, ипак ва ранглар ихтиро қилган, улкан бинолар қурдирган экан. Унинг даврида одамлар фаровон яшаган, хасталик нима, ўлим нима билмаган эмиш. Бунда кибр-ҳавога берилиб кетган Жамшидни жазолаш учун худо истилочи Заҳҳокни юборган, у Жамшиднн арра билаи икки бўлиб ташлаган эмиш. Бадиий адабиётда кўпинча Жамшиднинг сеҳрли жоми қаламга олинади. Гўё унда Жамшид ўз замонида истаган одам ва жойларни кўра билар экан. Навоий Ҳусайн Бойқарони ана шу Жамшид тахтига ўтирган деб таърифламоқда.
4. Каён – қадим афсонавий Эрон шоҳлари сулоласининг умумий номи. Фирдавсий «Шоҳномаси»да қаламга олинган Каюмарс, Кайқубод, Кайковус, Кайхусрав каби шоҳлар шу сулолага мансубдир. Шоир Ҳусайн Бойқарони ана шундаги олий насаб шоҳларнииг жомидан май ичган, – дейиш билан унинг олий насабига ишора қилмоқда.

XI


                 Боб Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Бадиуззамон Мирзо мадҳига бағишланади.
1. «Халладаллоҳу мулкаҳу ва аббада давлатаҳу» – «Худо мулкини ва давлатини абадий қилсин» (Шоҳ исмидан кейин айтиладиган ёки ёзиладиган ибора).
                 Бадиуззамон Мирзо – Ҳусайн Бойқаронинг катта ўғли. Отаси ўлгандан кейин (1506) Хуросон тахтига ўтиради ва Шайбонийхон келганда унга қарши урушда мағлубиятга учраб (1507 й. 20 май), Шоҳ Исмоил сафавий ҳузурига қочади. Усмонли турк султони Султон Салим Шоҳ Исмоил билан урушиб Табризни ишғол қилгач (1514), Бадиуззамонни Истанбулга олиб кетади, У ерда кўп ўтмай Бадиуззамон вабо касалидан вафот этади. Қабри Айюб Ансорий қабристонида.
Алишер Навоий бу шаҳзодага катта умидлар боғлаган эди. У билан Султон орасида низолар пайдо бўлганида Навоий уларни муросага келтириш учун, ўғилнинг ота измида бўлиши учун тинмай ҳаракатлар қилган эди. Навоийнинг «Муншаот» таркибидаги қатор мактублари, достонларидаги бағишловлар бу фикрга далилдир.
2. “Насрун миналлоҳ” – арабча: ёрдам Оллоҳдандир.
3. Биржис (Буржис) – Муштарий – Юпитер сайёраси. Бу байтда шоир шаҳзодани таърифлаб, унинг юзини қуёшга, юзидаги терларни Зуҳра ва Муштарийларга нисбат беради.
4. Боғи нав – Ҳирот атрофидаги гўзал боғлардан бири.

XII


                 Бу боб сарлавҳасида Чин хоқонининг таърифи берилади, унинг бефарзанд экани ва Фарҳоднинг туғилиши ҳақида сўз кетиши баён этилади.
1. Адам шабистонидин вужуд гулшаниға келгани – айнан: йўқлик қоронғи кечасидан борлиқ гулшанига келиши, яъни дунёга келиши, туғилиши.
2. Афридун – Фаридун – қадимги Эрондаги пешдодийлар сулоласига мансуб подшоҳ. Навоийнинг «Тарихи мулуки Ажамда ёзишича, баъзи манбаларда уни Жамшид набираси, бошқаларида эса Тахмурас (Жамшиднинг ака ёки укаси) авлодидан деб қайд қилинади. Фаридун золим ва одамхўр шоҳ Заҳҳокка қарши темирчи Кова – Коваи оҳангар исёнига қўшилиб Заҳҳокни ўлдиради. Навоий Фаридунни «яхши ахлоқли ва одил» эди деб таърифлайди. Фаридун ўзининг хазина – бойлиги билан машҳур. Бу ерда шоир Фарҳоднинг отаси Чин хоқони фазилатларини Фаридунга ўхшатади.
3. Қорун – ниҳоятда катта бойликка эга афсонавий шахс, лекин у ўта хасис бўлган эмиш. Диний ривоятларга кўра, у Мусо пайғамбар айтганларига амал қилмаган, бунинг учун худо бутун бойлиги, хазина, саройлари билан ер қаърига киритиб юборган эмиш. Бадиий адабиётда Қорун давлатмандлик ва хасислик рамзи каби ишлатилади. Бу ерда Чин хоқони хазинаси Қорунникидан юз минг марта ортиқ эди, деб таърифланади.
4. Кишвардиҳ – айнан: мамлакат берувчи. Бу байт мазмунида «қарам», «тобе» маъносида келади.
5. Кишварситон – айнан: мамлакат олувчи. Бу ерда «ҳукмдор» маъносини англатади.
6. Бу ва кейинги байтда шоир образли қилиб: – даврон хоқон бармоғига шундай бир узук тақдики, бу узукнинг кўзида оташин лаъл парчаси ёниб тургандек эди. Унинг юзида ишқ сирлари ёзилган, ичида эса дард, аламлар тумори ўйиб битилган эди, – дейди. Навоий шундай қилиб, Фарҳоднинг дунёга келишидаёқ уни ишқ нури ва оташи билан йўғрилган, ана шу ишқ изтиробларига маҳкум этилган эди, дея ўқувчиларини огоҳлантириб ўтади.
7. Сиёвуш – қадимги афсонавий қаҳрамон, Эрон шоҳи Кайковуснинг ўғли. Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сида ёзилишича, уни паҳлавон Рустам тарбиялаган. Сиёвушга ўгай онаси Судоба ошиқ бўлпб қолади. Сиёвуш уни рад этганда Судоба тухмат қилади. Оташпараст (ўтга, оловга толпинувчилар) одатига кўра, Сиёвушнинг отаси унинг поклигини исботлаш учун оти билан гулхандан ўтказади. Шу ондаёқ аланга гулшанга айланади. Сиёвуш Туронга, унинг подшоҳи Афросиёб паноҳига қочади. Афросиёб қизи Фарангизни бериб, Сиёвушни ўзига куёв қилиб олади, лекин кейичалик саройдаги фитналар натижасида ундан бадгумон бўлиб, бошинн кестиради. Шарқ поззиясида «Сиёвуш қони» тушунчаси жуда кўп учраб туради. Бу байтда шоир Фарҳоднинг поклиги, дард элининг шоҳи эканлигини таъкидлаш учун гўё уни Сиёвушнинг ўт ичида сайр қилиб юрганида туғган фарзандидек, деб таърифлайди.

XIII


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳоднинг дунёга келгач, чеҳрасида муҳаббат излари намоёнлиги, кўнгли эса ғаму дардларга тўла эканлиги, у шижоат билан йигитлик машқларини ўрганганлиги баён этилади.
1. «Ал-асмоу танзилу мин ас-само» – арабча: исмлар осмондан тушади, демакдир.
2. Хуш, худ, бехуд, дархўрд, сархуш, нохуш каби «вов» ёки «замма» билан ёзиладиган сўзлардаги «вов»ни «вови маъдула», яъни «ўзгартирилган вов» дейилади. Шу сўзлардаги бу ҳарфни «алиф» (а)га айлантириб, «хаш», «хад», «бехад», «дарард», «сархаш», «нохаш» қабилида талаффуз қилиш мумкин. Лекин ёзувда «вов» сақланади.
3. Бу ва юқоридаги уч байтнинг мазмуни: унинг, яъни Янги туғилган гўзалнинг (юзида шоҳлик ёғдуси, нури) фар кўзга ташланиб тургани сабабли бу нурдан еру кўк ёришиб кетди.. «Ҳиммат», «Иқбол» ва «Давлат» (бу сўзларнинг аввалидаги ҳарфлар « » « »«») юз кўрсатиб, шу ёғдудан зийнат топдилар.
Бу жавҳарлар, яъни қимматбаҳо маънолар гўдакка тааллуқли деб тушунилгач, уларни бир-бирига қўшилса, «Фарҳод» ( ) исми -келиб чиқади. Бу санъат Шарқ поэзиясида муаммо деб аталади. Кейинги мисрада яна шу муаммо йўли билан «ёғду» () ни байт  ҳодийси (яъни ) тўғри йўлга солди (улар бириктирилиб ном чиқарилди) ва шаҳзодага дарҳол «Фарҳод» номи қўйилгани айтилади.
4. Бу ва аввалги уч байтда Навоий дейдики, ишқ гўдакнинг покиза зотини кўргач, «Фироқ», «Ҳажр», «Оҳ» билан «Дард» (араб ёзувида «Фарҳод» исмидаги қисқа «а» ҳарфи ифода этилмайди, у «фатха» орқали талаффуз қилинади) сўзларидан биринчи ҳарфларини бириктиради ва «Фарҳод» исмини чиқаради. Бу билан шоир бу номнинг яна бир тузилиш таркиби ва унинг зимнидаги маънони баён этади.
5. Мофиззамир– арабча, айнан: замиридаги; бу ерда «кўнглидаги» маъносида келган.
6. Абжад – қадимги араб алифбосининг сирасини кўрсатувчи саккизта шартли сўзнинг биринчиси ва шу уйдирма сўзлар бирикмасининг номи. Бундаги ҳар бир ҳарф маълум бир сон қийматига ҳам эга бўлгани учун ҳарфлар тартибида алифбо эмас, балки рақамларнинг ўсиб бориши назарга олинган. Ўша даврда, кейинлар ҳам мактабларда «абжад»ни махсус тахтага ёзиб, болаларга ҳарф танитилган ва ҳарфларнинг сон миқдори ёдлатилган. Шоир шунга ишора қилмоқда.
7. Суҳо – Ҳулқар туркумидаги хира кўринадиган юлдузнинг «оми. Бу ерда шоир Фарҳоднинг мерганлигини таърифлаб, шундай хира Юлдузни ҳам нишонга ола олар эди, – дейди.
8. Турки фалак – маж. Мирриҳ – Марс сайёраси. Мирриҳ Шарқ адабиётида уруш, жангчилик ҳомийси маъносида Баҳром ҳам дейилади. Шоир Фарҳоднинг жанговарлик яроғларини моҳирлик билан эгаллаганини мақтаб, у ўқ отганда Мирриҳ ҳам офарин ўқийди, демоқчи.
9.    Албурз – Эльбурс тоғи. Шоир бу ўринда ҳам иғроқ санъатини ишлатиб Фарҳод ўз гурзиси билан унинг чангини чиқариб юборади, дейди.
10. Баҳром – қ. Мирриҳ.
11. Ҳут – айнан: катта балиқ; маж. ўн иккинчи офтоб буржи (зодиак)нинг номи, февраль–март ойларига тўғри келади.
12. Асад – айнан: арслон; маж. офтоб буржларидан бешинчисининг номи, июль–август ойларига тўғри келади.
                 Бу ва олдинги байтларда Навоий яна ўша иғроқ санъатини,ақлга номувофиқ, ҳаётда мумкин бўлмаган муболағани ишлатади. Фарҳод ханжаринииг зарбидан Ҳутнинг бағри эзилиб сувга айланиб кетиши, панжаси билан Асаднинг бўйнини узиб олиши мумкин, деб таърифланади.
13. Рўйинтан – айнан: бронза танали; Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сига кўра, Эрон шоҳларидан Асфандиёрнинг лақаби. Унинг танасига зарба етказиб бўлмас экан. Шоир Фарҳоднинг танасини, унинг кучини Асфандиёрдан ортиқ деб таърифламоқда.

XIV


                 Бу боб сарлавҳасидан Фарҳоднинг йигитлик чоғларида ўйнаб-кулиш ўрнига ғам-андуҳ чекиб, булбулдек фиғон қилиши, бундан дилтанг бўлган хоқон ўғлини овутиш учун тўрт қаср бино қилиш режасини тузгани маълум бўлади.
1. Бу ва аввалги уч байтнинг мазмуни: найрангбоз ўйинчилар бевафо осмонга ўхшаб кўкнинг айлана муҳра (бу ерда «муҳра» найрангбозларнинг жомчалар остида яширадиган соққалари маъносида ишлатилган) ўғирлаган эдилар. Улар ўз найрангларини кўрсатар эканлар, фалак ҳар лаҳзада ўн марта панд ер (яъни ғайратланар) эди. Улар тунни ёритиб, кундузни қоронғилатар, сувдан ўт ёндириб, ўтдан сув чиқариб сепар эдилар. Шуълали ўтдан исириқ кўкартириб, ўргимчакнинг торига темирчининг сандонини осиб қўяр эдилар. Шоир бу ўйинчилар санъатинн куй-қўшиқлар шод эта олмаган, аксинча, уни янада дарду ғам гирдобига солган Фарҳодни бироз бўлса-да, кўнглини очиш учун намойиш қилинганлигини ғоят маҳорат билан таърифлайди.
2. Байтнинг мазмуни: яна бир ёзлик қаср қурилса, у нозу неъматларнинг бўстон саройи бўлса.
3. Байтнинг мазмуни: яна бир куз фаслига мослаб қаср қурилса, унинг бўёқлари хазон рангидек сариғ бўлса.
4. Байтнинг мазмуни: яна бир қишлик қаср қурилса, унга оқ рангли Хитой матолари тўшасалар.

XV


                 Бу бобда Навоий Хоқоннинг вазири Мулкоро афсонавий Эрам боғига монанд 4 қаср қурилишига саркор ва меъморлар тайин қилиб, иш бошлаб юборгани, Фарҳоднинг эса ҳунармандлар санъатини томоша қилиб, тоштарош Қоран ишидан ҳайратга тушиб, унинг санъатини ўрганиш иштиёқида ёнгани баён этилади.
1. Эрам – Эрам, жаннатга ўхшаш гўзал ва хушҳаво боғнинг номи. Уни Од қабиласидан афсонавий золим Шаддод барпо қилган, дейилади.
2. Қоран – достондаги тоштарош устанинг номи.
3. “Кан-нақши фил-ҳажар» – арабча: «тошга ўйилган нақшдек” маъносини англатади.
4. Боний – достондаги меъморнинг номи.
5. Бу байтда шоир баланд ҳавоза устидаги роза – бинокор устани фалакдаги Зуҳал юлдузига ўхшатмоқда. Навоий бу тўрт қаср қурилишини шундай маҳорат билан тасвирлайдики, ишнинг режаланишидан то бинолар қад кўтаргунга қадар бўлган меҳнат жараёнини ҳаётий, реал тарзда тасаввур қилиш мумкин. Муҳандису меъмор, наққошу тошкесар, пахсачилару ғиштчилар, темирчилару рассомлар, ишбошилару пардозчиларни, уларнинг мўъжизакор меҳнатини шоир алоҳида таърифлайди. Айниқса, ишнинг қизғинлиги, ҳамма ўз ўрнида муайян иш билан ёниши, елиб-югуриши, меҳнат жараёни ҳақида катта, қайноқ меҳр билан сўз юритилади.
6. Кўҳи-Қофи – бутун ер юзини ўраб турадиган афсонавий тоғнинг номи.
7. Шоир бу ва кейинги байтларда Фарҳоднинг Қораннинг санъатига қойил қолиб, унинг теша ва тошга пардоз берувчи метини нима сабабдан ҳеч бир зарар топмай осонликча тошларни йўниб, ўйиб гул ва нақшлар солаётгани ҳақидаги саволига Қораннинг берган жавобини баён этади. Ҳамма гап уларни ясашда сув беришга боғлиқ экан, бу сирни эса доно уста ҳеч кимга ошкор қилмас экан. Фарҳод катта иштиёқ ва завқ билан Қоран санъатини кузатиб туриб ўрганиб олади ҳамда ўзи унинг ёнида астойдил ишга тушиб кетади.

XVI


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳоднинг Қорандан тошйўнарлик, Монийдан наққошликни, бошқа ҳунар ва санъатларни бутун нозикликлари билан ўргангани, тўрт қаср қурилиши тугалланиб, уларда Хоқон Фарҳод учун базмлар тузгани ҳақида сўз кетади.
1. Бу ва аввалги байтнинг мазмуни зилзила пайтида тоғ остин-устун бўлиб кетганидек, тун қоронғулиги чекинганида, қизил қуёш тоғ устида тахт қурди. Субҳ – тонг фалакни мармарранг қилди. Қуёш осмон чўққисига кўтарилганда томоша қилгани Жамшид (шоир Фарҳодни кўзда тутади) отланди, яъни эрталаб тонг отгач, Фарҳод (яна Қоран санъатини кўргани) қурилишга
отланди.
2. Бу байт мазмунидан: Фарҳод тош йўниш санъатини шу қадар эгаллаб оладики, юзта Қоран унинг қошида шогирддек туйиларди, – деган маъно англашилади.
3. Қаламзан – наққош Моний кўзда тутилади.
4. Корфармо – айнан: иш буюрувчи; бу ерда Фарҳод кўзда тутилади.
5. Навоий ҳар бир қаср боғида бир ҳавз (ҳовуз) бунёд этилгани, улар ҳар фаслга монанд қилиб безакланганини ёзади.
6. Байт ул-ҳарам – айнан: хос уй, ўз аҳли бўлмаган кишилар киритилмайдиган ичкари ҳовли; маж. Каъба. Бу ерда қаср Каъбадек покиза ва гўзал демоқчи шоир.
7. Маъкулу машруб – арабча: ейиладиган, ичиладиган (яъни емиш ва ичмиш) маъносида.

XVII


                 Бу бобда Фарҳоднинг тўрт фаслда тўрт қасрда тузилган базмларда асло кўнгли очилмагани, Хоқоннинг унга илож қила олмагани баён этилади.
1. Бу байтда образли қилиб кундуз ва кечанинг баробар келиши, Наврўз байрами кунларига ишора қилинади.
2. Шоир бу байтда унинг мазмунини тўлароқ ва латофатлироқ очиш учун «гулнор” сўзининг икки мазмуни, яъни анор гул ва арабча «нор» – ўт, олов сўзи бирикмасидаги «ўтли гул» маъносидан ғоят ўринли фойдаланган. Бу санъатни Шарқ шеъриятида «ийҳом» деб аталади.
3. Бу ва кейинги байтда шоир дарахтни товусга, япроқларни эса тўтининг патига ўхшатади, баъзи япроқлар қушнинг қовурсун деган майда патчалари обкаш – энг ингичка томирлардан сув шимса, бошқаси Хизрга ўхшаш яшил рангли шоҳлик тожини боши узра қўйганлигини таърифлайди.
4. Байтнинг мазмуни: норанж дарахти (яъни апельсин дарахти) олтиндан хазина яратиб (яъни олтин ранг мевалар солиб), баргидан сариқ либос кийган эди.
5. Байт мазмуни: шамол сув ичида олтин сочувчилик қилди, (яъни) сув юзига сарғайган хазон тўкди.
6. Бу байт мазмуни: хазон наққоши боғ саҳнини олтин билан қоплаш (зарҳал қилиш) учун боғдаги (дарахтларнинг) баргларини зарга айлантирар (яъни хазон қилар) эди.
7. Бу ва кейинги 5 байтда Навоий қиш фаслининг ғоят гўзал тасвирини беради. Байтлар мазмуни: ел дарахтлар баргшш совургач, совуқ сув симобини мармарга айлантирди. Ҳаво ҳам булутдан кулранг пўстин кийди, булут ҳам ҳавога симоб сочди. Қаҳратон қишнинг заргаридек, тиниқ сув болаларига кумуш лавҳалар тайёрлаб берди. Булутдан томган ҳар қатра сув совуқнинг зўридан оламга марварид доналари бўлиб ёғилар эди. Ариқнинг сув олинадиган жойи ҳалқумдай бўлиб, совуқ унинг оғзидан тўкилган сўлакайини ханжарга айлантирди. Осмон тундан кўмир қилиб, кечқурунлари унга шафақдан ўт ёқиб турарди.
7. Бу ва кейинги байтнинг мазмуни: совуқ иссиқликнинг ҳароратини камайтирди, оловдан учқун учирмай қўйди. Ўтдан қолган қизиқ қўрнинг синжобчалик (яъни силовсин, мўйи ўсиқ, олмахон терисидан тикилган пўстин) ҳам иссиғи йўқ, ёниб турган шуъла эса олтойича (яъни, олтой қизил тулкисининг терисидан ишланган пўстин) ҳам илиқлик бермас эди.
8. Бу ва кейинги байтларда Навоий Фарҳоднинг яна ўша куйдирувчи дардли оҳлар тортиб, ано – ғам-аламларга тўла жонни ўртовчи нолалар қилгани, биров йиғласа у ҳам зор-зор йиғлагани, эл озоридан кўнгли ортиғроқ озор топгани..., биров ишқдан ҳикоя бошласа, у такрор-такрор эшитишни истагани, ҳажрдан сўз бошланса, икки кўзидан қонли ёшлар оққани ҳақида ёзади. Хуллас, Хоқон ўғлини кўнгли учун нимаики қилган бўлса, хато эканини тушунади ва бундан ҳайрон қолиб саросимага тушади.

XVIII


                 Бу боб сарлавҳасида шоир Хоқоннинг подшоҳлик тожини Фарҳодга бермоқчи бўлгани, унинг эса отасидан узр сўраб рад этгани баён қилинади.
1. Бу байтнинг мазмуни: бу мамлакат устида шоҳлик ноғорасини чалган зот сўз сипоҳига шундай тартиб беради. Бу ерда ушбу достонни куйлаётган шоир шундай ҳикоя қилади, демоқчи.
2. Бу ва кейинги байтнинг мазмуни: Бургут ва Куйканак (Илвасин – майда парранда овлайдиган қушларнинг бир тури)ни тутиб, овга солсалар унинг ишини буниси қила олармиди. Агар арса – шахмат тахтаси бўм-бўш қолса ҳам ундаги шоҳ донаси ўрнини байдақ – пиёда эгаллай олармиди?! Бу сўзларни Фарҳод Хоқоннинг тож таклифига жавобан айтади.
3. Бу ва кейинги 10 байтда Фарҳод узрхоҳлик билан: – мен ҳали ёшман, вазифа эса улуғ. Шу чоққача барча ишлардан ғофил, ёлғиз айшу-ишрат билан банд эдим. Энди шоҳ иноят қилса-ю мен бирор кичик хизматга жиддийроқ машғул бўлсам, унинг ривожи ва касодини тушуниб етсам, хатоларимни тузатиб турилса, маълум тажриба орттиргач, ҳар қандай ҳукм бўлса, бажонидил бажарсам, – дейди.

XIX


1. Ойинаи Искандарий – Искандар ойнаси. Афсонага кўра, Искандар томонидан темирга сайқал бериб яратилган ойина. Гўё унда Жамшиднинг жомидагидек, шу аснода бўлаётган нарсаларни кўрса бўлар экан. Искандар (356–323) эрамиздан аввал яшаган македониялик Филиппнинг ўғли. Жуда ёшлигиданоқ ҳарбий салоҳият пайдо қилиб, Эрон, Арабистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларни ишғол қилган. Бадиий адабиётда Искандарга бағишланган асарлар жуда кўп. Жумладан, Низомий, Хусрав Деҳлавий, Жомий ва Навоийларнинг махсус достонлари шулар жумласидандир. Уларда Искандар қудратли ҳукмдор, идеал шоҳ тимсолига айланган.
2. Бадиий адабиётда «Искандар ойнаси» тушунчаси кўп ишлатилади. Бу боб сарлавҳасида шоир Хоқоннинг Фарҳодни ўз хазинасига олиб киргани, унинг эса олтину жавоҳирларга назар солмай Искандар ойнаси билан қизиққани ва ойнада ажойиб нарсалар кўрингани ҳақида ёзади. Бу байтда Навоий инсон тафаккурига юксак баҳо беради. Фарҳод тилидан айтилган мисраларда инсон ниманики бунёд этишга қодир бўлса, унга фикрлаш замирида эришади, деган фалсафий тушунча ифодаланади.
3. Афлотун – Платон – асл номи Аристотель (мил. ав. 428/ /427. Афина – 348/347) – қадимги юнон файласуфи, антик фалсафадаги объектив-идеалистик оқимнинг асосчиси. 407 йилларда Сократ (Суқрот) билан танишиб, унинг энг яқин шогирди бўлиб қолган. Афинада машҳур файласуфлар мактаби – «Платон академияси»ни яратган. Хамсанавис шоирлар Ивкандар атрофидаги олим, мутафаккирлар орасида Афлотунга айрича ўрин ажратган-лар, уни донишмандлар раҳбари сифатида таърифлаганлар. Бу ерда Навоий Искандар ойинасини ҳар бири Афлотунга тенг келадиган 400 нафар доно олимлар яратган, дейди.
4. Байт мазмуни: Хоқоннинг ҳикмати бўлган бу кўзгуда ажиб бир тилсим яширингандир.
5. Бу ва кейинги байтларда кўзгуда яширинган тилсимни очиш учун уч манзилни ўтиш лозим: биринчисида аждаҳо, иккинчисида Аҳраман, учинчисида янада мушкулроқ сир бор. Уларни енгиб ўтилса, тўртинчи манзил келади, унда тоғ ва ичида ғор бор. Ғорда Суқрот яшайди. Агар у тирик бўлса, барча мушкулларни очиб беради, агар оламдан ўтган бўлса унинг руҳига сиғинилса, мақсад ҳосил бўлади, деган мазмун баён этилади.
6. Буқрот – Гиппократ (мил. ав. 460–375)–машҳур юнон ҳакими, илмий тиббиётнинг асосчиларидан бири. Унинг «Китоб ал-фусун» («Афоризмлар») номли китоби жуда машҳур. «Гиппократ қасамёди» – шифокор бурчи ва хулқ-атворининг қисқача таърифи шу олим қаламига мансуб деб ҳисобланади. Бу ерда Навоий Суқрот ҳакимни билимдон, донишмандликда замонасининг Буқроти деса бўлади, – дея таърифламоқда.

XX


                 Бу боб сорлавҳасида Фарҳоднинг Юнон мамлакатига боришга азм этгани, Хоқон Мулкоро билан кенгашиб, Фарҳодни олиб Юнонга қўшин тортмоққа қарор қилгани баён этилади.
1. Байтнинг мазмуни: Бугун шоҳ (яъни Хоқон) замоннинг энг ақлли кишисидир, унинг порлоқ кўнгли давлат машъалидир.
2. Дастур – бу ўринда «вазир», маъносида ишлатилган.
3. Байтнинг мазмуни: қўшин тўплакадиган вақтни ва жойни тайин қилиб, тавочи ҳар гарафга бу ҳақда жар солдирди.

XXI


                 Бу сарлавҳада Фарҳоднинг мақсадларига йўл топиш учун Хоқоннинг Юнонга қўшин сургани ва у ерда мамлакат донишмандлари билан биргаликда Суҳайло ҳаким ғорига ва барчалари Суқрот ғорига етишганларини маълум қилади.
1. Суҳайло – бу исм Суҳайл номли ёруғ юлдуз номидан олинган (аст. Конопус). Ўрта аср мунажжимлари бу юлдуз яхши таъсир кўрсатади, деб биладилар. Бу ерда Юнондаги машҳур донишманд ҳакимнинг номи. У ҳам Суқрот каби ғорда яшайди.
2. Жомосп – қадимги Эроннинг афсонавий донишманди ва мунажжими. Уни Луқмоннинг шогирди деб биладилар. Келажак воқеаларидан хабар қилувчи «Жомоспнома» номли китобни шу донишмандга ннсбат- берадилар. Навоий Суқрот ғорига кетаётганларга Суҳайло «Жомосп»дан Фарҳодга юлдузи баланд деган хушхабар етказганини баён қилади.
3. Байтнинг мазмуни: мақсадим мамлакатларни фатҳ этиш эмас, балки таҳликали жойларни енгиш эди.
4. Байтнинг мазмуни: абадий саодат ҳамроҳлик қилиб Аторид ёнига ой билан қуёш келдилар. Бу ерда Навоий истиора санъатини ишлатади. У Суҳайло ҳакимни Аторид, Фарҳодни ой, Хоқонни эса қуёш деб атамоқда.
5. Бу ва кейинги байтларда Суҳайло тилидан – Жомоспнинг ўлимидан кейин ҳакимлар унинг айтганларини ёзиб қолдиришларидан менга аёнки, минг йилдан сўнг Чиндан Юнонга бир Фарҳод деган йигит келади. У анча қийинчиликлардан сўнг Искандар тилсимини очади. Аммо унгача Фарҳод аждарни ўлдириши керак, шунда бебаҳо хазина чиқади. Сўнгра девни (яъни Аҳраманни) қатл этиши керак, буни бажарганда Сулаймон пайғамбарнинг узугини қўлга кпритади. Тилсимни очганида Жамшид жомига эга бўлади. Буларнн Фарҳод Хоқонга бағишласин, унга эса Суқротни кўриши ва Искандар ойнаси кифоядир, – дейди.
6. Сулаймон ҳотами – Сулаймон – Таврот бўйича Соломон подшоҳ, исломда Сулаймон пайғамбар. Диний ривоятларга қараганда, унга худонинг муқаддас, яширин ва сирли исми маълум бўлган ва бу сўз (исми аъзам) унинг ҳотамига – узугига нақшланган – ўйиб ёзилган экан. Бу узук воситасида Сулаймон фақат одамларга эмас, балки ҳайвонлар, ҳашаротлар, инсу жинсларга ҳам ўз ҳукмини ўтказа олар экан. Шарқ адабиётида унинг Сабо (Навоийда Саибо) диёри маликаси Билқис билан ошиқ-маъшуқлиги ҳамда сеҳрли узуги қаламга олинади. Навоий ўзининг «Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида Сулаймон ҳақидаги ривоятларга кенг ўрин ажратади (қ. Алишер Навоий. Асарлар. 15-том, 224–231-бетлар).
7. Самандар – майда бир жонивор. Афсоналарга кўра, у оловда туғилиб, олов ичида яшар эмиш. Бу ерда Суҳайло ҳаким Фарҳодга аждар билан олишув пайтида ўт-оловдан сақланиш учун бир идишда самандар ёғини беради. Ундан бадан ва қўлларга суркалса, ўт таъсир қилмаслиги баён этилган.
8. Бу ва кейингн 5 байтнинг мазмуни: тилсимни қандай очиш ҳақидаги барча азиз чин сўзлар бир кумуш тахта устига ёзилган бўлиб, у дев бўйнига осиғлик туради. Ундаги тилсимдан Жамшид жомини топасан. Жом атрофидаги Искандари Румий нақшлаб кетган ёзувларни ўқисанг Суқрот ҳаким ҳақидаги маълумотларни билиб оласан.
9. Байтнинг мазмуни: Унга (яъни Фарҳодга) бу хил ишларни тушунтиргач, Суҳайло жонини Тангрига топширди.

XXII


                 Бу боб сарлавҳасидан Фарҳоднинг аждаҳо водийсига боргани, уни тор-мор қилиб, аждаҳо ғоридан Афридун хазинасини топгани ва барча бойликни отаси ва қўшинига совға қилганн маълум бўлади.
1. Бу ва кейинги байт мазмуни: Қараганда унинг (яъни аждаҳонинг) икки кўзи худди нефтнинг ўтли булоғидек эди. Бурун тешиклари ваҳшат тандирига, балки нефть мўрисига ўхшарди. Шоир бу ерда муболаға санъатини қўллаб, аждаҳонинг даҳшатли қиёфасини тасвирламоқда.
2. Бу ва кейинги байт мазмуни: Фарҳод чаққонлик билан осмон камалагидек ёйига найзадек ўткир ўқни жойлади ва аждар оғзига шундай отдики, ҳатто гурди анжум – юлдузлар паҳлавони Миррих ҳайратланиб унинг қўлини ўпди.
3. Бу ва кейикги икки байг мазмуни: бу ғор осмон каби юмалоқ, агар унинг марказ нуқтасини аниқ топа олсанг, у ерда қора тош кўмилган, тошнинг вазни минг ботмондан оғирдир. Қиличинг учи билан атрофини очиб, қўлларинг билан уни ўрнидан қўзғат.
4. Зулфиқор – ҳазрат Алининг икки дамли, ғоят кескир афсонавий қиличи. Шоир бу ерда Фарҳоднинг аждаҳо ғори ичида топган хазинасидаги бир қилични Зулфиқорга ўхшатмоқда.
5. Байт мазмуни: унинг (яъни қиличнинг) ёнида қуббаси фалак қуёшидек порлоқ бўлган бир қалқон бор эди.
Кейингн байтларда шоир қалқон қуббасида Сулаймон ўз узугидаги каби исми аъзам ўйдиргани, қиличда ҳам бир исм ёзилган бўлиб, қиличнинг ўткирлиги ўшандан эканлиги ва қилич гуноҳсизларга зарба етказмаслиги, ёмонларни, ёвузларни эса аёвсиз иккига бўлиб ташлаши ҳақида фикр юритади.

XXIII


                 Бу боб сарлавҳаси Фарҳоднинг Аҳраман номли дев яшайдиган ўрмонга от сургани ва уни ўлдириб, Сулаймон узугини қўлга киритганидан дарак беради.
1. Рустам – Фирдавсий «Шоҳнома”сидаги бош қаҳрамонлардан. У Золнинг ўғлидир. Рустамнинг дунёга келиши ва унга исм қўйилиши ҳақида Фирдавсий шундай ҳикоя қилади: Золнинг хотини Рудоба оғир ҳомила кўтаради. Ой-куни яқинлашганида дард бошланиши билан ҳушидан кетади. Саросимага тушган Зол афсонавий қуш Симурғ воситасида жарроҳ топиб келади. Жарроҳ онанинг ёнини кесиб, болани олади. Ҳушига келган Рудоба фарзандини кўриб хурсанд бўлади ва оҳ тортиб (яъни азобу дардлардан халос бўлдим маъносида) «Рустам” – дейди. Онанинг оғзидан биринчи чиққан ана шу сўзни болага исм қилиб қўядилар. Ўзининг баҳодирлиги, адолатпарварлиги ва тўғрилиги билан Шарқ адабиётида анъанавий образга ҳамда мардлик рамзига айланиб кетган. Бу ерда Навоий Фарҳоднинг Аҳраманни ўлдирганини Рустамнинг Мозандаронда Аржанг девни тор-мор қилганига ўхшатмоқда (Бу ҳақда қаранг: Фирдавсий. Шоҳнома. 1 китоб. Олтинчи саргузашт, Ш. Шомуҳамедов таржимаси, 353– 357-б.).
2. Мозандарон – Эрондаги тарихий вилоят. IX–XII асрлар манбаларида Табаристон номи билан юритилган.
3. Байтнинг мазмуни: Рустамдек қаср томон юрди. Эшикда рахшини маҳкам боғлади. Байтдаги рахш сўзи Рустамнинг афсонавий отининг номига ишора бўлиб, бу ерда шоир истиора санъатидан истифода этади.
4. Бу байтда Навоий Аҳраманни ўлдиргач, унинг қасрига кириб бориши, қаср ичида тоза, ҳали инсон боласи кўрмаган бир уйга юзланиши ҳақида ёзиб, ғоят гўзал ташбиҳ ишлатади – уйнинг ораста, тозалигини гинасиз одамларнинг кўнглига ўхшатади.
Кейинги байтларда Навоий уйда Фарҳоднинг ёқутдан ишланган қандил кўрганини, унинг ичига яширилган Сулаймон узугини топганини ва қандилга «кимгаки бу узук муяссар бўлса, унда ёзилган исмни ўқиганида ғойибдан овоз келиб Искандар тилсими сирларидан хабардор этади», – деб ҳикоя қилади.
5. Бу байтда Навоий ташбиҳ санъатини ишлатиб қандил шуъласини Муштарийга, ёруғини эса шамъи ховарий – шарқ шамъи, яъни қуёшга ўхшатади.
6. Бу ва кейинги байтнинг мазмуни: осмон Рустами қуёш қиличини кўтарди ва замон Оқ девининг бўйнига солди. Уни мушкул ҳолга солиб, ҳалок этди, девнинг оҳи – фарёди эса жаҳонни қоронғи қилди. Шоир бу байтда: худо қуёшнинг нурлари билан кундузни тугатди, ғира-шира тушди ва ҳамма ёқни тунга чўктирди, деган оддий фикрни истиора санъати воситасида жуда образли қилиб билдиради.

XXIV


                 Бу боб сарлавҳаси Фарҳоднииг Суқрот тоғи тилсимини очишга отлангани, бир булоқ бошида Хизр билан учрашгани ва унинг таълими натижасида дунёни кўрсатадиган жомни қўлга киритгани ҳақида маълумот беради.
1. Бу ва кейинги икки байтнинг мазмуни: (Фарҳоднинг) қаршисида осмондек кенг кўкаламзор кўринди, унинг ўртасида қуёш янглиғ булоқ оби ҳаёт чиқариб турар, бу сувнинг ҳар қатраси жондек (ёқимли) эди. Қирғоғида кўк билан тенг бир дарахт бор эдт. (Булоқ) сувинн тириклик суви, (дарахтни) Хизр пайғамбар деса бўлар эди. Шоир бу ерда Хизрнинг оби ҳайвон – тириклик суви топгани ҳақидаги ривоятга ишора қилади.
2. Навоий халқ китоблари, саргузашт адабиёт анъанасига кўра Хизр тилидан Фарҳодга тилсимни очиш учун қаерга, қандай қилиб неча минг қадам йўл босиш, йўлда нималарни енгнб ўтиш лозимлигини баён этиб келиб, бу байтдан бошлаб темир жисмли пайкар – ҳайкални тасвирлайди. Навоий ёзади: у одамга жуда ҳам ўхшар, қўлида ўткир ўқ тортилган темир ёйни ушлаб турар эди. Бошидан оёқ совутга ўралган бу темир одам ич-ичидан ёниб турарди.
Кўринадики, қанчалик ҳайратланарли бўлмасин XV аср Навоийси ҳозирги давр тушунчасидаги робот тасвирини яратган.
3. Бу ва кейинги байтнинг мазмуни: эшик очилган замониёқ, садо ўчди (Фарҳод кўрган дарвозасинн очиш учун Хизр ўргатганидек белгиланган бир тошни қаттиқ тепганида баланд садо чиққан эди) ҳалиги совутли ҳайкал ёйига ўқ тортиб чиқиб кела бошлади. Бунинг устига яна юзта совут кийган (ҳайкаллар) ўқ отмоққа тайёр эди.
4. Шид – хуршед, қуёш демакдир.
5. Бу ва кейинги тўрт байтнинг мазмуни: (Фарҳод) эшик очиб-ичкарига қадам қўйган эди, уйнинг тоқида порлаб турган бир жом кўринди. Ёрқинликда қуёшдек, балки Жамшид жомидек эди. У гўё жаҳон ичидаги қуёшдек порлаб, жаҳонни ўзида акс эттириб турган кўзгу эди. Унда сирли ҳаёт ва дунёнинг ҳолати равшан кўриниб турарди. Ташқари томонида ернинг маркази, ичида эса тўққиз фалак айланаси жилва этарди.
                 Навоий тасвирлаган бу «Жоми Жам”нинг тасвири баъзи белгилари билан «маълум даражада ўша глобус ва карталарни эслатади» (Ҳайитметов А. Табаррук излар изидан. 63-бет).

XXV


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳоднинг Хоқон ва Мулкоро билан бирга Суқрот ҳаким билан учрашганлари ва уни топишда жаҳонни кўрсатувчи жомидан фойдаланганлари маълум қилинади.
1. “Кониян минкон” – арабча: кон бойлиги кондан, деган маънони билдради.
2. Сайрафий – арабча: «сарроф» сўзидан, заршунос, қимматбаҳо тошларни баҳоловчи.
3. Бу ва кейинги байтда, тонгни Суқротга, нур унинг жамолига, қуёш устурлобга, осмон қоғоз варағига ўхшатилиб, шу бобнинг ўзига мувофиқ ва бошқа боблардагидан тамоман фарқ қиладиган тонг тасвирини беради (Рустамов А. Навоийнинг бадиий маҳорати. 131).
4. Бу ва кейииги байтларда Навоий Суқрот яшайдиган жойнинг манзарасини беради. У ғоят қуюқ бўёқларда образли қилиб жуда баланд маҳобатли, ўркачли тоғ, унда ўсиб ётган улкан дарахтлар, тоғ чўққиларидаги қорлару, унинг бағрида юрган ҳайвонлар, чашмалару ғорлар, дарёларни таърифлайди. Бу шоирнинг пейзаж тасвиридаги романтик услубига ёрқин мисолдир.
5. Сидра – сттинчи осмондаги афсонавий дарахт.
6. Пайғора – ғор.
7. Устурлаб (астролябия) – Шарқ астрономиясида қуёш ва юлдузларнинг юксаклигини ўлчайдиган асбоб. Бу ерда шоир Суқрот ғоридаги ўргимчакларни шу асбобга ўхшатмоқда.
8. Бу ва кейинги байтлардан маълум бўлишича, Суқрот Хоқонга икки жавҳар иноят қилади: бири – унинг умри узун бўлииши, кўп ўлкаларни фатҳ этиши, беҳад бойликларга эга бўлиши ҳақидаги башорат; иккинчиси – бир муҳра (соққага ўхшаган нарса) бўлиб, хасталик юзланганда оғизга олиб айлантиргач, сувини ютилса, дард чекинади, куч-қувват пайдо бўлади, одам яшариб кетади.
9. Бу байт мазмунида Суқрот Мулкорога: – олдингизда бир хатар бор, у аносирнинг (арабча: тўрт унсур бўлиб, сув, ўт, шамол ва тупроқ) иккитаси – шамол ва сув туфайли юз беради, дейилади.
10. Нуҳ – диний ақидаларга кўра, жуда узоқ умр кўрган пайғамбар, уни баъзи манбаларда Одами Соний (яъни иккинчи Одам Ато) ҳам дейилади. Ривоятларда келтирилишича, Нуҳ даврида 40 кеча ва 40 кундуз сел ёғади ва бутун дунёни тутиб кетади. Шунда у ўз яқинларини, тарафдорларини ва ҳар ҳайвондан бир жуфтдан кемага солиб олади. Дунё сувга ғарқ бўлади, ёлғиз Нуҳ кемаси омон қолади. Тошқин чекилганда Нуҳ кемаси Арарат тоғининг бир чўққисида қолади. Гўё Нуҳнинг ўғиллари дунёдаги асосий қабилаларни яратган эмишлар. Шоир бу ўринда Суқрот тилидан Фарҳодга қарата гарчи ҳаётинг Нуҳ умрича бўлса ҳам ўлим барҳақ, дейди.
11. Мажозий ишқ – зоҳирий инсоний ишқ.
12. Ҳақиқий ишқ – тасаввуфда Худога бўлган муҳаббат назарда тутилади.
13. Байтнинг мазмуни: Фарҳод ундан айрилиб фарёд чекди, у эса Сулайҳо каби узун йўлга тушди. Яъни Суқрот ҳам Суҳайлодек ҳаётдан кўз юмди.
14. Бу мисра икки маънони англатади: биринчиси – қуёшдек порлоқ Суқрот дафн этилди; иккинчиси – қуёш ботди, кун қайтди.
15. Луқмон – баъзи тарихий манбаларда пайғамбарлар, баъзиларида эса ҳакимлар сирасида келтирилади. Ривоятларга қараганда, ранги қора хабаш бўлган. У кимнингдир қули бўлиб, озод бўлиши ҳақида бир қанча ривоятлар бор экан. Жумладан, Луқмоннинг хожаси – қўй сўйиб яхшироқ аъзосини пишириб кел деб буюрибди. Луқмон қўйнинг юрак ва тилини келтирибди. Бошқа сафар хожаси – қўй сўйиб ёмонроқ аъзосини пишириб кел, – дебди. Луқмон яна юрак ва тилни келтирибди. Хожа бунинг маъносини сўраганда Луқмон дебди: кўнгул нолойиқ феъл-атвордан, тил кераксиз сўзлардан бери бўлса улардан яхшироқ аъзо йўқдир, агар бўлмаса, улардан ёмонроғи йўқдир. Луқмон ҳикматларидан 4000 таси йиғилган экан. Шундан иккитасини доим ёдда сақлаб иккитасини унутиш керак эмиш. Чунки аввалги иккиси – ўзи қилган яхшиликлар, кейинги иккитаси бошқалар қилган ёмонликлар ҳақида эмиш. Қадимги манбалар Луқмон билан боғлиқ баъзи ривоятларни мил. ав. VI асрда яшаган юнон масалчиси Эзопга нисбат берадилар.
                 Шоир бу ерда Луқмоннинг хабашлигига ишора қилиб, мажоз яратади ва тун қоронғилиги ҳақида фикр юритади.

XXVI


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳоднинг ўз мамлакатига қайтгани ва ойнада Арман водийси ва Ширин жамолини кўриб ҳушидан кетгани баён этилади.
1. Бу байтда шоир от устидаги гўзал Ширин хатти-ҳаракатини шатранж доналари (шахмат) ва уларнинг юришларига ўхшатиб гўзал образ яратади: У гўё қуёш билан шатранж ўйнаётгандек руҳ ва от билан юриб, уни – қуёшни ҳар соатда юз марта мот қилар эди.
2. Баҳром – достонда вазир Мулкоронинг ўғли, Фарҳоднинг эмикдоши ва яқин сирдош дўсти.
3. Бу ва кейинги икки байт мазмуни: (қайта ҳушига келган Фарҳод яна кўзгуга қараса) унинг юзи аввалгидек қоронғи эди. Уни ясаган донишманд шундай тилсим ишлатган эдики, кўзгуга қараган одам қандай шакл кўрса, кейин бошқа кўринмас, тилсими бузилиб қолар эди.
4. Бу ва кейинги байт мазмуни: (Фарҳод) ҳамма нарсани ўйлаб кўргач, ақл қонуни билак ишга киришмоқча бўлди; лекин у билмадики, ишқ бедодлик қилса, юзлаб ақл ва билимнинг қонун-қоидалари барбод бўлиб кетади.

XXVII


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳоднинг ишқ ўтинн яшира олмагани, ранги сарғайиб кетганидан ҳакимлар денгиз саёҳатини маслаҳат кўрганлари баён этилади.
1. Байтнинг мазмуни: ҳар қандай одам кўрса, маълум қилар эдики, бу хоро – тошни, ўт – олов мум қилиб юборибди. Шоир бу ерда истиора санъатини ишлатган, «хоро» сўзидан Фарҳод кўзда тутилади.
2. Бу ва кейинги байт мазмуни: (Фарҳодга) шундай ҳолатлар юз берган экан (яъни унинг ранги сарғайгани, ҳарорати кўтарилгани ва ҳ. к.), улар димоғининг юбсиъа – қуришига сабаб бўлган. Энди мизожини ҳарорат ва қуришлик забт этибдими, унинг иложи денгиз (яъни тескари, зид – димоғни юмшатиш, ҳароратни тушириш) – муолажадир.
3. Шаръий – узунлик ўлчови, бир шаръий – 2–3 км.
Бу ва кейинги байт мазмуни: (Фарҳод денгиз саёҳати таклифини эшитгач) денгиздек қалби жўшиб кетди, оғзи кема оғзидек очилди, лекин сўзсиз эди. Хаёли денгиз мавжларига занжирдек уланиб, уларга яна юз минг хаёллар уланди.

XXVIII


                 Бу боб сарлавҳасида Хоқон ва Фарҳоднинг катта кемага тушиб, денгизда сузишлари, қаттиқ шамол кўтарилиб кемани чўктириб юборгани, Хоқон ва Мулкорони тўлқинлар Чинга ташлагани, Фарҳоднинг эса денгизда бир тахта устида қолиб кетгани баён этилади.
1. “Ва изал-биҳору фужжират” – арабча,  (агар) денгизлар тўлиб-тошса маъносида.
2. «Ва изал – жиболу суййират» – арабча, (агар) тоғлар силжиса маъносида.
3. Байтнинг мазмуни: (Кемаларнинг) учи осмондаги Ҳут (балиқ) ва Савр (ҳўкиз) санчигудек, туби ҳам ер остидагн ҳўкиз ва балиғни янчигудек эди. Шоир бу ерда илми нужумга кўра Ҳут (Балиқ) ва Савр (Ҳўкиз) деб аталувчи қуёш буржларига ҳамда қадимги диний эътиқодга биноан ер гўё катта ҳўкизнинг, ҳўкиз эса балиқнинг устида туради, деган ақидага ишора қилмоқда. Кеманинг учи ва тубини баланд ва чуқурлигини бу хилда таърифлаш шеъриятидаги «ғулув» санъатига яққол мисолдир.
4. Жирми хок – ер курраси. Шоир денгиздаги кемалар ва одамларни қораси ер куррасидек туйиларди, дейди.
5. Далв – илми нужумда ўн икки бурждан ўн биринчиси. Бу ерда шоир денгиздаги балиқларнинг сув ичишини осмондаги Ҳутнинг фалак буржидан сув ичганига ўхшатади.
6. Байтнинг мазмуни: сувнинг мавжи гўё симдан тўқилган совуту уни (балиқ) омбурдек оғзида тутиб кетаётгандек эди.
7. Байтнинг мазмуни: қоронғилик тушди, денгизнинг ҳам даҳшатли тўлқинлари майда мавжларга айланди. Шоир бу оддий фикрни шундай ўхшатишларда беради: Тун қора пўстини (киш) остида оқ рангли майин мўйна пўстин кийган (қоқум) кунни-яширганида, долғалар (талотум)ни денгиз силовсин (синжоб), (яъни майин мўйи ўсиқ олмахон) қилди қўйди. Байтдаги «киш»,_ «қоқум», «синжоб» сўзлари «истиора» санъатига биноан «қора пўстин», «оқ мўйна пўстин», «майин» («майда») сўзлари ўрнида-ишлатилган.
8. Шоир бу икки мисрада «моҳият» ва «камоҳи» сўзларида сўз ўйини қилган. Моҳият арабчада «ҳақиқат» маъносида келганидек, тожикча балиқ маъносида бўлган «моҳи» сўзига нисбат берилганда. ««балиқлиғи» маъносини ифода қилади, шунингдек: «камоҳи» сўзи арабчада «ўзича» ва «таги тубигача» демак бўлганидай, арабча ўхшатиш ҳарфи «к» билан тожикча балиқ маъносида бўлган «моҳи»дан қўшма сўз қилиб олганда ҳам «балиқдай» деган маънони беради. Шоир мана шу икки сўзни, шу иккала маънода ишлатган ва ҳар иккала маънода шеърнинг мазмуни тўла чиққан» (изоҳ С. Айнийники. Қ. Алишер Навоий. Хамса, Тошкент, 1941, 111-бет).
9. Шоир бу мисрада Суқротнинг ел ва сув хатари ҳақида айтганларига ишора қилмоқда.

XXIX


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳоднинг тахта устида Яман мамлакати томон сузиб бориб, савдогарлар кемасидагиларни халос қилгани, кема қароқчилар ҳужумига учрагани, Фарҳод уларни енггани ва Шопур билан дўстлашгани баён этилади.
1. Яман – Арабистон ярим оролининг жанубидаги мамлакат.
2. Шопур – Низомийда бу образ Хусравнинг қиссахони, Ширин билан Хусрав муносабатларида воситачи, кўмакчи сифатида талқин қилинган. Хусрав Деҳлавийда ҳам Шопур Хусрав билан бирга юрувчи, унга турли ажойиб-ғаройиботлар ҳикоя қилиб юпатиб юрувчи шахс. Хусравга Шириннинг расмини кўрсатиб, Армания ўлкасига бирга кетган ҳам Шопурдир. Навоийда эса Шопур Фарҳод билан тасодифан учрашиб содиқ дўстига айланиб қолган, моҳир наққош ва инсонпарвар шахс сифатида талқин этилади.
3. Тойиф– Ҳижоздаги бир шаҳар номи.
4. Қорураи нафт– нефть солинган шиша идиш.
5. Фурза– арабча: кўрфаз, қўлтиқ.
6. Яман ўзининг табиий бойлиги ақиқ (қимматбаҳо қизғиш тош, ҳақиқ ҳам дейилади) билан машҳур бўлган. Шоир бу байтда Яманда денгиз қароқчиларидан қутулганлари шарафига савдогарлар уюштирган бир базмда шу қадар тоза май (майи ноб)лар тортилдики, Яманда ҳатто ақиқлар ҳам бунчалик сероб эмас, демоқчи бўлади.
7. Наъли бозгуна урди – мақол тарзидаги ибора бўлиб, айнан: наъл (тақа шаклидаги тамға)ни тескари қоқмоқ; маж. чалғитиш, алаҳситиш демакдир. Шоир эл қатори ўз кори ҳоли билан машғул юрган Фарҳоднинг ишини тақдир тескарилаб, чаппалаштириб юборди, дейди.

XXX


                 Бу боб сарлавҳаси Фарҳоднинг Шопур раҳнамолигида Ямандан Арман мамлакатига жўнагани, Арманияда тоғ қазиётганларнинг оғир меҳнатини кўриб, уларга кўмаклашиб ишга тушиб кетгани ва бу ҳақда Меҳинбону ва Ширинга хабар етгачи ҳақида дарак берилади.
1. Бу ва аввалги байт мазмуни: лекин тош шу қадар қаттиқ эдики, юз марта теша урилса ҳам фойдасиз, бир нўхатчалик, нўхат у ёқда турсин, кўкнори уруғичалик ҳам тош учмас, кесилмас эди.
2. Қори – узунлик ўлчови, қулоч.
3. Руҳул-амин – арабча: ишонч руҳи. Шоир бу ерда тоғ қазувчиларнинг Фарҳодга унда олий сифатлар кўриб мурожаат қилишларини таърифлайди. Бу ва кейинги байтда шоир қатор сифатлаш санъатини ишлатади: (шеър илмида буни «сифатчини» деб аталади) руҳ ул-аминдек пок гавҳар, малак, олий гуҳар ва ҳ. к.
4.  Ҳисн – кадимги яҳудийлар яшаган Мадинага яқин қишлоқнинг номи. Бу сўз асосан паноҳгоҳ қўрғон, истеҳком, қалъа маъносида ишлатилади. Шоир бу ерда Меҳинбону саройини кўзда тутмоқда.
5. Баъзн тадқиқотчилар Меҳинбону Ширининг аммаси, деб ёзадилар. Бу байтда у Ширинга хола (хоҳарзода – опа ёки сингилнинг фарзанди) эканлиги аниқ айтилади.
6. Айн ул-ҳаёт – айн. ҳаёт булоғи. Бу ерда шоир таърифича, Ширин келиб, кўнгил очиб кетадиган булоқнинг номи.
7. Йигоч– ёғоч, бу ерда узунлик ўлчови маъносида бўлиб, бир йиғоч – тахминан саккиз км.дан ортиқроқ.
8. Байтнинг мазмуни: машаққат зўрлигадан йигитларни кўрганлар чол (қори–қари), дейди, лекин қазилган ер эса икки-уч юз қулоч (қори) келади. Шоир бу ерда «тажнис санъатидан истифода этади.
9. Байтнинг кейинги мисрасида шоир фойдасиз ва имконсиз иш учун уринишнинг беҳудалиги ҳақида сўз юритади. У «Оҳани сард куфтан» (совуқ темирни ўйиш) деган халқ мақолидан фойдаланиб, «ирсоли масал» санъатини ишлатади.
10. Байтнинг мазмуни: темирчидан дам билан кўра олди, белига чарм партуғ (танура) боғлади.
11. Бу ва аввалги байт мазмуни: тоғ камарини қазиш учун керак бўлган бир неча гурзи ва бир неча асбоб чархлайдиган тош (сунбода) тайёрлади. Уларнинг барчасига Қорандан яширинча ўрганиб олганидек, яхшилаб сув берди.
12. Байтнинг мазмуни: у қўлининг зарби билан теша урганда, овози (ориг. фаррасти) ўн ёғоч масофага етар эди. Шоир бу ерда «ғулув» санъатини қўллаган.
13. Бу ва кейинги байт мазмуни: тоғ қазувчилар ҳам, бу ишларни бошқарувчилар (ориг. кор фармов) ҳам Меҳинбону қошига бориб, кўрмаган одамнинг бу ишларга ақли инонмайди дея ха бар қилмоқчи бўлдилар.

ХХХI


                 Боб сарлавҳасида Фарҳоднинг тоғни пора-пора қилаётган тешаси овозини эшитган Шириннинг унинг қошига келиши, Фарҳод Ширинни кўриши билан ҳушидан кетгани, Шопурнинг бундан беҳад куйиб ёнгани ва Фарҳодни саронга олиб кетишгани баён этилади.
1. Ҳавво – диний ривоятларга кўра, инсониятнинг онаси – Момо Ҳаво. Шоир бу ерда Меҳинбонуга Ҳавога ўхшатади. Унинг Ширин хонасига келишини Момо Ҳавонинг жаннатда макон тутганига нисбат беради.
2. Жанибат – подшоҳлар бирор ерга дабдаба билан чиққанда эҳтиёт учун бирга олиб юриладиган от. Бу ерда шоир умуман от суришни, отда боришликни кўзда тутмоқда.
3. Байтнинг мазмуни: ариғни қазиш учун юз ганж сарфлаган эдим, суви келмасдан бурун қўл ювиб эдим. Шоир бу ерда «истиора» санъатини ишлатиб, «қўл ювмоқ»ни «воз кечмоқ», «қўл
тортмоқ» маъносида келтиради. Айни чоқда шоир суви йўқ ариқдан қўл ювиш тушунчаси билан эса «мумтанеъ» санъатини вужудга келтиради.
4. Бу байтда шоир Ширинни – париваш, унинг отини девпайкар – дев гавдали деб таърифлайди. Бу от унга Ширин мингач, парикаш – парини олиб борувчи бўлди, дейди, Натижада байтнинг икки мисрасида шоир «талозум» санъатини яратади.
5. Гулгун – Ширин отининг номи. Бу байтда шоир «от» сўзини икки маънода (ном ва от) ишлатиб, «иҳом» санъатини қўллайди. От сўзининг ҳар иккала маъноси ҳам байт мазмунини яхши очишга хизмат қилади.
6. Бу байт мазмуни: жаҳон боғида унингдек (яъни Гулгун дек) тез юрар от йўқ эди. У гулбаргини элтувчи сабодек елар эди. Шоир бу ерда Шириннн гулбаргга, отини эса сабога ўхшатиб, «ташбиҳ» санъатинннг ажойиб намунасини яратади.
7. Хинг – бўз от. Хинги бодпой – елдек тезюрар от. Шоир Шириннинг оти Гулгунни назарда тутмоқда.
8. Шу ердан бошлаб, 44 байтда Навоий Шириннинг гўзаллигини таърифлайди. Бунда шоир турли бадиий воситалардан ғоят кенг фойдаланади. Бу шеърий парча шоирнинг портрет яратиш
маҳоратига ёрқин далилдир.
9. Тунг – идиш маъносини билдиради. Бу ерда шоир Шарқда машҳур бўлган Ҳиндистон новвоти солинган шаккар идиш деб
Шириннинг оғзини таърифламоқда.
10. Зод – озод сўзининг қисқартирилгани. Шоир бу ерда Фарҳодни таърифлаб, уни бу барно йигитгина эмас, тақдир хазон бўлиш аламини раво кўрган бўстондаги озод сарвдир, дейди.

XXXII


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳод ҳушига келгач, тоққа чиқиб ариқ қазиш ишларини давом эттиргани, Ширин кўнглида Фарҳодга нисбатан ишқ пайдо бўлгани ифодаланади.
1. Байтнинг мазмуни: Фаросат билан Фарҳод билдиким, дил безатувчи (яъни, Ширин)нинг меҳри унинг ҳолига қараб иш тутибди.
2. Бу ва кейинги 4 байтнинг мазмуни: (Фарҳод) тошга метин урганида фалак тоқига қиёмат солгандек бўларди. Унинг ёниқ нафаси ва метини кўтарган гард зангори осмонни кўздан яшириб
юборарди. Гард ва дудгина эмас, балки дард ва андуҳнинг қора булути тоғ-тоғ бўлиб Арман атрофини тутиб кетган эди. Уни қора булут ҳам демай, баҳор булути деб, ёғин билан кўтарилган дўл тош бўрони десак ҳам бўлади. Тошга урилаётган метиннинг ялтираши бамисоли чақмоқ эди. Шоир Фарҳоднинг тоғда ариғ қазиш меҳнати тасвирини ташбиҳ ва муболаға санъатлари воситасида беради.
3. Хорокан – тош йўнувчи – бу ерда Фарҳод кўзда тутилади.
4. Камингоҳ – хилват жой; байт мазмунича, Ширин бир хилват жой топиб Фарҳодни яширинча кўргиси келади.

XXXIII


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳоднинг ариқ қазиб, қаср бунёд этгани, «Баҳр ун-нажот» ҳовузини ковлаб, атрофида боғ барпо қилгани ва буларни кўргани Меҳинбону ва Ширинларни келгани баён этилади.
1. «Баҳр ун-нажот» – айнан: нажот денгизи. Ширин учун Фарҳод қазиган катта ҳовузнинг номи.
2. Сарви гуландом – айнан: гул юзли сарв. Ширин кўзда тутилади.
3. Бу ва аввалги бир байтнинг мазмунн: муҳандислик қилиб у аввал ариқнинг икки ёнига икки чизиқ тортди, уни қирғоқдан қирғоққа уч қулоч, чуқурлигини эса икки қулоч (қилиб режалади).
4. Байтнинг мазмуни: (Фарҳод) ариғни ғадир-будир жойларини текислашда тешасининг тош тарошлаш санъатини намойиш қиларди.
5. Байтнинг мазмуни: (Фарҳод) икки томондан тошларни бир-бирига улаб, унинг фаршннн (ётқизилишини) дандонага ўхшатиб, кунгурали териб борар эди.
6. Бу ва аввалги икки байтнинг мазмуни: лекин (Фарҳод) толиқиш ва хориқишга берилмай, тошни тахта-тахта қилиб текис йўниб, ҳалиги режа тортилган чизиқдан, қоидадан чиқмай (ишлар
эди), у йўнилган тошларнн илдам олар, тахта-тахта қилиб тайёрланганларини тўшаб, маҳкамлаб борар эди.
7. Бу ва аввалги байт мазмуни: (Фарҳоднинг) тошни майдалайдиган метинидан сачраган тошлар ойгача етарди. Бу учар тошлардан ой атрофидаги гардиши қалқондек бўлган эди.
8. Байтнинг мазмуни: ариқ ўтказиш ишига киришган (Фарҳод) юз Бобил сеҳрини намойиш этди. Бу ерда шоир Бобил – Юпитер сайёраси номидан иҳом санъати воситасида унинг бошқа маъносига ишора қилиб кучли, зўр ва ниҳоятда чаққонлик деган мазмунда ишлатади.
9. Байтнинг мазмуни: тинмай тош кесиб, бир ҳовуз ҳам бунёд қилди, унинг кенглик ўлчови ҳар томондан 60 қулочдан эди.
10. Бу ва аввалги бир байтнинг мазмуни: бу ишларда унга Шопур ёрдам берар, унинг моҳир қалами ҳар бир (расмга) оройиш берар эди. Бу одамнинг расмини чнзса, у пардоз берар, бу
жониворни тасвир қилса, у парқанотлар ясар эди.
11. Чин суратхонаси – машҳур афсонавий рассом ва наққош Монийнинг «Аржанг» номли санъаткорона безатилган қасри, кошонаси (баъзи манбаларда уни китоб ҳам дейилади) кўзда тутилади.

XXXIV


                 Бу боб сарлавҳасида «Баҳр ун-нажот» ҳовузига сув очилгани, бу воқеани олқишлаган халқнинг қувончли шовқин-сурони, Шириннинг оти юрмай қолганида Фарҳод уларни кўтариб ариқ ва ҳовуз тепасига элтгани ҳикоя қилинади.
1. Бону – Меҳинбону кўзда тутилади. Кўпинча Навоий Меҳинбонуни шундай атайди.
2. Хорокани пўлод бозу – пўлат билакли тоғ қазувчи. Шоир Фарҳодни назарда тутмоқда.
3. Хорокуб – тоғ қўпорувчи. Фарҳод кўзда тутилади.
4. Бу ва кейинги уч байтда шоир ариқ очилишини кўргани Ширин от устида терлаб-пишиб елиб келаётганини таърифлаб дейди: Ширин юзидаги хол гулбарг устига қўнган зоғга ўхшар, терлар эса боғни сув босгандек эди. Уни шунчаки сув эмас, на Хизрга, на Искандарга насиб этмаган тириклик суви деса бўлади. Латифликда терлар гул устидаги шабнам каби донадона бўлиб, сунбул устига ҳар нафас улардан юзтаси тўкилиб турар зди. Сочининг қоронғилигида юз минг Искандар тутун ичида қолган самандардек кўзга илинмас эди.
5. Байтдаги пари пайкардан мақсад Ширин,  девона  эса, Фарҳод бўлиб, бири мақтовдан бўлак сўз топа олмайди, иккинчиси метин уриб сув очишликка тутинади.
6. Бу ва кейинги байтда шоир истиора санъатини ишлатиб, Ширин минган отни насим ел деб, унинг суворийси – Ширинни кумуш деб таърифлайди.
7. Шоир бу байтда ҳам истиора санъатини қўллайди. Фарҳод Шириннннг отини бодпо – елқадам, ўзинн дилрабо деб атайди. Фарҳоднинг уларни елкасига кўтариб, қаср ва ҳовуз ёнига элтиб қўйганини баён этади.

XXXV


                 Бу боб сарлавҳаси Меҳинбону ва Шириннинг Фарҳод шарафига зиёфат базми тузганлари, ўнта ҳар соҳада иқтидорли бўлган канизак қизларнинг хизматда бўлгани, Ширин қўлидан май ичган Фарҳоднинг ишқ туғёнидан ҳушдан кетиши баён этилади.
1. Адвор – музика илмининг бир соҳаси:  музика назарияси; Шарқ музикасининг эски нота усули.
2. Мантиқ – мантиқ илми, логика.
3. Ҳайъат – Шарқда астрономия фани.
4. Ҳақойиқ («ҳақиқат» сўзининг кўплиги) илми – мавжудот ҳақиқатлари ҳақидаги илм.
5. Балоғат – адабиёт назариясига оид бўлиб, бадиий сўз санъатини, шоирлик маҳорати сирларини ўрганувчи илм.
6. Ҳикмат– фалсафа фани, баъзи тадқиқотчилар физика ва табииёт илми деб ҳам ҳисоблайдилар.
7. Муаммо – арабча: беркитилган, яширинган; Шарқ шеъриятида жанр турларидан бири. Муамно мисра, бир ёки икки байтдан иборат бўлиб, унда бирор сўз, кўпинча атоқли от ҳарфлари яширинган ёки шунга ишора қилинган бўлади. Уни махсус қоидага асосан рамз, имо, ишора, киноя, ўхшатиш, баъзи сўзларни бошқа тилдаги синонимини танлаш, тескари айлантириш ёки «абжад» ҳисоби ва ҳ. к. йўллар билан топиб олиш, ечиш керак. Муаммо айтиш ва уни ечишга бағишлаб махсус рисолалар ҳам битилган. Айниқса XV асрда – Навоий даврида муаммо кенг тарқалган. Бу ҳақда, жумладан, Жомий учта, Навоий битта рисола ёзганлар.
8. Муаммода от чиқармоқ – шоир «от чиқориб» иборасини икки маънода ишлатади. Бири – машҳур бўлмоқ, донг таратмоқ; иккинчиси – муаммода яширинган номни чиқариш, муаммони ечиш.
9. Байтнинг мазмуни: бу фанлардан уларнинг ҳар бири бош қасидан мақтовли, шу фаннинг юзлаб устасидан буларнинг биттаси моҳирроқ эди. Навоий бу ва юқоридаги беш байтда ўз замонасида равнақ топган фанлардан ўнтасида Меҳинбону саройидаги ўн канизак донг таратганини мадҳ этади. Бундан англашиладики, шоир яратган ҳар жиҳатдан мукаммал Меҳинбону, Ширин, Лайли, Дилором каби аёллар образлари қаторида фанда эътибор қозонган комила ва фозила бўлган Шириннинг ўнта надимаси борлиги давр адабиётида ҳам катта янгилик эди.
10. Шоир бу байтда Меҳинбонунинг яна бир юксак фазилатини таърифлайди: у илмпарвар, илм аҳлига бошчилик қилар эди. Сўз асносида Навоий Меҳинбону донолик билан Фарҳоднинг олималар билан суҳбатига, ўзини тутишига разм солиб, унинг оддий тошйўнар йигит эмаслигини, балки билим ва заковат эгаси бўлган олнжаноб шахс эканлигини англаб олганини таъкидлайди.
11.  Бу байтда шоир Фарҳоднинг сўз бошлагани, у фақат сўз гавҳарларвни сочдигина эмас, балки кўзларидан ҳам гавҳарлар сочди деб ёзар экан, истиора санъатини қўллайди, гавҳар сочилишини кўз ёшлари ўринда ишлатади.
12. Суманбар – оқбадан гўзал; бу ерда Ширин кўзда тутилади.
13. Тўрт бурқаъ остидан меҳр – айнан: тўрт осмон остидан қуёш (чиқиши). Бу ерда Ширин тўрт қават парда остидан чиқиб келишини қуёш чиқишига ўхшатилган. Қадимги астрологияда таъкидланишнча, қуёш тўртинчи осмонда турар эмиш.
14. Етти хиргоҳ – етти осмон маъносида ишлатилган. Шоир Ширинга кўзи тушган Фарҳод шундай бир оҳ торттики, етти осмон унинг дудидан қорайиб кетди дер экан, муболага санъатининг иғроқ туридан истифода қилади.
15. Лаълиға олиб лаъли аҳмар – бу мисрадаги биринчи «лаъл» – лаб, иккинчиси – қизил май маъносида ишлатнлган.

XXXVI


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳод ва Ширин висол майидан беҳол бўлганларини кўрган ҳасадчи даврон уларнинг хурсандлик қадаҳларига ҳижрон заҳарини қўшгани– Хусрав Парвез Ширинга совчилар юборгани баён этилади.
1. Мадойин – арабча «Мадина» (шаҳар)  сўзининг кўплиги. Араб Ироқидаги Фирот дарёси бўйидаги қадимги шаҳар.
2. Кисро – сосонийлар табақасидан бир подшоҳнинг номи. Бу ерда шоир Хусравни унинг набираси, деб таърифламоқда.
3. Ҳурмуз – Хусрав Парвезнинг отаси.
4. Парвез– луғавий маъноси: музаффар, бахтиёр; Хусравнинг лақаби.
5. Бу байтда шоир Хусравнинг юқоридаги байтларда ифодаланган асосий муддаоси – яна бир уйланиб тожу тахтига ярашиқли, бошқа ворислардан афзалроқ фарзанд кўриш ниятини тасдиқлаш учун ирсоли масал санъатини қўллайди. «Уруғни яхши ерга сочиш керак» деган ҳикматли сўз орқали мақсад очиб берилади.
6. Тўбий, тубо – диний эътиқодга кўра жаннат дарахти деб тасаввур қилинадиган гўзал дарахт. Унда ҳамиша хушбўй ва хилма-хил мевалар пишиб турар экан. Бу ерда келишган қомат кўзда тутилади.
7. Кавсар – жаннатдаги сероб ва суви мазали чашма эмиш.
8. Байтнинг мазмуни: халқ орасида бу хил ёқимли гап-сўз ёйилгач, улар Хусрав қулоғига ҳам етиб келди. Шоир бу ерда Фарҳод ва Ширин орасидаги ошиқ-маъшуқлик ҳақидаги гапларни
назарда тутмоқда.
9. Байтнинг мазмуни: лекин (Хусрав)  совчиларга нималар маълумлигини, улар қандай хабар келтиришини билмас эди.
10. Бу байтдаги «гулситон» Арман мамлакатини, «сарви сиймбар» Ширинни англатади. Шоир бу ўринда ҳам истиора санъатини қўллайди.
11. Бу байтдаги «расули кордон» айнан: ишбилармон элчи» маъносини англатади. Шоир Хусрав Парвезнинг вазири Бузург Уммидни шундай деб атамоқда. Унга Арманга бориб, Хусрав мақсадидан Меҳинбонуни огоҳ этиш ҳукм қилинади.

XXXVII


                 Бу боб сарлавҳасида Хусрав элчиси Меҳинбонуни мақсадда воқиф этгани, бунга Меҳинбону ҳар хил баҳоналар билан жавоб қилгани ва элчи келтирган хабардан Хусрав ғазаби баён этилади.
                 Шоир сарлавҳада талмеҳ санъати асосида Шарқ афсоналаридаги Билқис, Сулаймон образлари орқали ҳамда ташҳис санъати воситасида Анқо, товус образлари билан Хусрав, Меҳинбону, Ширинга алоқадор фикрларни ифода қилади.
1. Анқо – афсонавий қуш, балки қушларнинг подшоҳи. Гўё у Қоф тоғида яшар эмиш.
2. Ҳомили роз – айнан: сир ташувчи; бу ерда Хусравнинг элчиси (совчи) кўзда тутилади.
3. Бор – дарбор, сарой; бу ерда қабул маъносида ишлатилган.
4. Байтнинг мазмуни: агар (Меҳинбону совчиларга) ибо билан бошқача муомала қилай деса, йиртқич шер жайронга зулм қилиши мумкин. Шоир бу ерда истиора санъати воситасида Хусравни ғазанфар – йиртқич шер, Ширинни – жайрон деб атамоқда.
5. Байтнинг мазмуни: оловга нозик ипак мато яқин тура олмагандек, (темирчи) сандони юз мингта бўлса ҳам шишани синдириб юборади. Бу ўринда шоир Меҳинбонудан рад жавоби олгудек бўлса, Хусравнинг ҳар қандай йиртқичлик қилишдан тоймаслигини таъкидламоқда.
6. Бу байтда ифодаланган Шириннинг совчиларга жавоби Навоий достони бўйича бош хат бўлиб ўтувчи инсонийлик, инсонпарварлик ғоясининг аниқ ва равшан далилидир.
7. Бу байтда шоир Ширинни Меҳинбону тилидан таърифлаб, уни одам наслининг париси, муштарийдек сайёралари кўп бўлган қуёш деб атайди. Байтдаги «муштарий» икки маънода ишлатилган. Бири – сайёранинг номи (форсча уни «Биржис» ҳам дейдилар); иккинчиси – харидор маъносидир.
8. Бу байтнинг иккинчи мисраси орқали Навоий ирсоли масал санъатини қўллаб, ишқ-муҳаббат билан подшоҳлик бошқа-бошқа тушунча, деган ғояни ифода қилади. Айни чоқда, унинг зимнида шу мавзуда достонлар яратган ўз салафларига ўткир киноя ҳам ётади. Чунки улар Хусравни Шириннинг ҳақиқий ошиғи ва шавкатли шоҳ сифатида талқин қилганлар. Бу ўринда яна шоирнинг достон аввалидаги «Бўлуб Ширинга ошиқ подшоҳвар» (яъни Ширинга подшоҳча ошиқ бўлди) деган истеҳзоли мисрани эслаш жойиздир.
9. Бу байт мазмунига сингдирилган фикрда Навоийнинг умуман салтанатга, жоҳил салтанат эгаларига бўлган очиқ нафрати ўз аксини топган.

XXXVIII


                 Бу боб сарлавҳасида Хусравнинг Ширин томонидан келган жавоблардан аччиғланиб, Арманияга қўшин тортгани, Фарҳодни қоя устида кўриб, уни тутмоқчи бўлгани, Фарҳод сўзларидан Хусрав қалбига тиғ санчилгани баён этилади.
1. Бу байт мазмуни: юз мингдан ортиқ қўй-қўзи ҳамалдагича, қорамоллар эса савр каби пода-пода эди. Шоир бу ерда Меҳинбону ўз қўрғонида қамал пайтидаги эҳтиёж учун қўй ва моллар сақлагани ҳақида ёзиб, қўйлар сонини ҳамал – қадимги нужум фанича ўн икки бурждан ўн биринчиси (уни қўй шаклида тасаввур қилинади)даги юлдузлар миқдорига, қорамолларни эса савр – ўн икки буржнинг иккинчиси (ўй–ҳўкиз шаклида фараз қилинади. Юлдузларига нисбат беради. Шоир бу ерда ғоят усталик билан ташбеҳ санъатини қўллайди.
2. Бу байтдаги биринчи «тош» сўзи «ташқари», иккинчиси «тош» маъносида ишлатилган.
3. Иккинчи мисрадаги «ер узра осмон» ибораси Меҳинбонунинг қалъасини англатади.
4. Байтнинг мазмуни: Парвез Фарҳодга кўз ташлаши билан кўксига дашнаи тез – ўткир тиғли ханжар теккандек бўлди.
5. Байтнинг мазмуни: лекин оламаро саботсиз одамлар мени беному нишонга чиқариб қўйганлар. Бу ерда сўз Хусрав олами Фарҳоддан отини сўраганда қилган жавоби устида кетмоқда.
6. Бу ва кейинги байтнинг мазмуни: бошингдан (бир тош билан) мили худингни – урушда кийиладиган қалпоқнинг узайиб чиққан учини учириб юбораман, буниси билан эса сенга салом йўллайман; яна бир тош билан эса байроғинг бошидаги ярим ойни нишонга оламан. Бу сўзларни Фарҳод Хусравга қарата айтади.
7. Байтдаги «наво» сўзи баҳра, ҳузур-ҳаловат маъносида ишлатилган.

XXXIX


                 Боб сарлавҳасида Хусрав вазири Бузург Уммид билан маслаҳатлашгани ва Меҳинбонуга нома юборгани, унинг қатъий жавобларидан ожиз қолган Хусрав Армания қўрғонини қамал қилгани баён этилади.
1. Бу байтда шоир ирсоли масал санъатига мурожаат қилади. Хусравнинг Фарҳоддан устунлигини далиллаш мақсадида «ит ҳурар – карвон ўтар» мақолини ишлатади.
2. Бу байтда ҳам Навоий ирсоли масал санъатини қўллаб, «афсун бирла илонни индан чиқариш мумкин» мақолини ишлатади. Хусравнинг Фарҳодни афсун – сеҳр, авраш билан банд этишликка жазм қилинганлигига ишора қилинади.
3. Бу ва аввалги икки байт мазмуни: унинг зотида ҳақ шундай яширинганки, унинг ўзлигидан нишона қолмаган. Ким бундай нарса (яъни ишқ) ичида ўзини кўрса, ҳар томонда ҳақнинг зуҳурини кўради. Шунинг учун ҳам зоҳир бўлган нарсанигина эмас, гўзал деб мақталган (кимса)ни қаттиқ севиб қолган бўлса ажаб эмас. Сўз Меҳинбонунинг Фарҳодни таърифлаб, Хусравга берган жавоби устида кетмоқда.
4. Байтнинг мазмуни: ногоҳ қамишзорга ўт тушса, «ҳўл-қуруқ баробар кул бўлади». Бу ерда ҳам шоир ирсоли масал санъатидан фойдаланади.
5. Мисрадаги: сур савтининг сафири – айнан: сурнай (ёки карнай) овози маъносини англатади. Маж.: диний тушунчага кўра, қиёмат куни Исрофил деган фаришта сур чалиб, ўликларни тирилтирар, яна бир чалганда қайтадан ўлднрар экан. Шоир бу ерда талмеҳ санъатини усталик билан қўллайди.

ХL


                 Боб сарлавҳасида Хусравнинг Меҳинбону қўрғонинн қамал қилгани, унинг лашкарлари Фарқод ирғитган тошларга бардош бера олмаганлари, бир ҳийлагар кўмагида Фарҳодни банд этиб, Хусрав ҳузурига олиб келганлари хабар қилинади.
1. Телба қуш–Фарҳод кўзда тутилади.
2. Ишқ булбули–яъни Фарҳод.
3. Бу ва аввалги байт мазмуни: қўрғон аҳли туну кун ҳамма нарсадан воқиф, кундузлари овоз чиқармас эдилар. Лекин кечаси эса «ҳозир бўл» {эҳтиёт бўл) дея фиғон билан шовқин солардилар.
4. Бу байтда Шопур (Фарҳодга беҳуш қиладиган дори сепилган гулни ислатиб, ўзидан кетказган ҳийлагар бошига тош билан уриб ўлдиргани ҳақида ёзади ва ирсоли масал санъатага кўра
«Бошни тош ушатади», мақолини ишлатади.

ХLI


                 Бу боб сарлавҳасида беҳуш Фарҳодни Хусрав ҳузурига келтирганлари, унинг бошдан-оёқ занжирбанд этилиши, Бузург Уммид Фарҳодни ҳушига келтириши, Хусрав саволларига Фарҳоднинг жавоблари, ўткbр сўзлари туфайли унинг омон қолиши хабар қилинади.
1. Халил – луғ маъноси: дўст, муҳиб, ёр, Иброҳим пайғамбарнинг лақаби. Бу ерда шоир пайғамбарнинг ўтдан гул ундирншини таърифламоқда.
2. Лавҳашаллоҳ – арабча: агар Ооллоҳдан қўрқса, маъносида.
3. Шоир бу байтда истиора санъатини қўллаб, Ширинни парирух деб атамоқда.
4. Бу байтдаги сиёсат сўзи “жазо” маъносида ишлатилган.
5. Салосил – «силсила»нинг кўплиги; занжирлар, тизмалар. Бу ерда тоғ устидаги қўрғоннинг номи.

ХLII


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳодни Салосил қўрғонига қамаб қўйилиши, у ерда қаттиқ қийинчиликлар тортиши баён этилади.
1. Салосил қўрғонида Фарҳодни қўриқлаб турганлар унга банддан озод этиш, Хусравдан қандай жазо етишса шунга рози эканликларини билдиришганида Фарҳод бу ва кейингн 2 байтда уларга жавоб қайтариб: вафо аҳли –ҳақиқий ошиқ бундай қилмайди, дейди. «Фарҳод... шундай оғир вазиятда ҳам ақл билан иш кўриб олижаноблик қилади, ўзи туфайли бошқаларни балога
солишни истамайди, бундай озодликдан воз кечади» (Ҳайитметов А. Навоийнинг ижодий методи. 100-бет). «Ўз бахти деб уларни ўтга ташламайди. Одамийликка одамийлик билан жавоб беради» (Эркинов С. Навоий «Фарҳод ва Ширин»и ва унинг қиёсий таҳлили, 121-бет).
2. Бу ва кейинги байтда Навоий ташбиҳ санъатнни ишлатиб, Фарҳоднинг ҳайвонлар, қушлар билан дўстлашиб кетганини Сулаймон пайғамбарга ўхшатади.
3. Юсуф – шоир бу ерда Фарҳоднинг бўрига ўз аламларини айтиб дардлашишини тасвирлар зкан, бўри ҳақида сўзлаб Юсуфи Канъонни ёдга олади. Ривоятга кўра, Юсуфнннг оғалари уни чоҳга ташлаб, кўйлагини қонга белаб, Юсуфни бўри еди, – деб оталарига элтадилар. Навоий бу ерда иҳом санъатидан фойдаланади. Зероки, юқоридаги мазмун асосий мақсад эса-да, байтда биринчи идрок этиладиган маъно Фарҳоднинг Юсуфдек гўзал чиройи бор Ширинни ёдлашидир.
4. Навоийнинг бу байтдан бошланадиган нидо санъати асосида Фарҳод қалби ҳаяжонлари ва руҳий изтиробларини ифода этувчи унинг субҳга, қуёшга мурожаати ниҳоят юксак даражада
бўлиб, идеал ошиқнинг таъсирли ва самимий ички туйғуларидир. Бундай хусусиятлар Навоий ижодий методининг, асосан, романтик характерда эканлигини кўрсатади, унинг ижодини жаҳон адабиётидаги энг буюк романтиклар ижоди билан туташтиради (Ҳайитметов А. Навоий ижоди методи масалалари. 107-бет).

XLIII


                 Боб сарлавҳасида Фарҳоднинг қора кунга қолганлиги, ҳажр шомида қийналганлиги баён этилади.
1. Бу ва кейинги байтда шоир истиора санъати асосида Фарҳоднинг аянчли аҳволини, чекаётган азобларини тасвирлаб, уни ғам-андуҳ денгизининг наҳанги, бало ва дард тоғининг йўлбарси,
жунун водийсининг Мажнуни, Мажнунигина эмас, бу водийнинг дев-шамоли – қуюни деб атайди.
2. Бу ва кейинги байт мазмуни: ҳар куни агар киши минг балони тортса ҳам, у балолар тун балосидек қаттиқ туйилмайди. Унга (яъни Фарҳодга) бу ҳажр кунларида ҳар бир шом қоронғулиги машаққат зулфидан (сиртмоқ) ташлар эди.
3. Муаззин халқи – азон айтувчи (сўфи)нинг бўғзи демакдир.
4. Байтнинг мазмуни: бу иситма ораснда у (яъни Фарҳод) ўз лабидаги учуқдан баҳра олар, учуқ зардобидан оғзига ҳар дамда заҳар томиб турар эди.
5. Шу байтдан бошлаб, Фарҳрд золим фалакка хитоб қилиб, тақдирдан нолийди. Бу ўринда «сипеҳр» фақат илоҳий маънодаги «тақдир», «фалак» тушунчасини эмас, балки ундан кенг маънони, жамият ва мавжуд муҳит тушунчаларини, ундаги зулмни туғдирувчи тартиб ва қоидаларни ҳам англатади (Ҳайитметов А.Навоий ижодий методи масалалари, 109бет).
6. Тийр – Аторуд (Меркурий) сайёраси, юлдузи шундай деб ҳам аталади.
7. Бу байтда шоир Зуҳра юлдузига хитобан: бир пастгнна мусиқанг торини туз; мен ўларга етдим. Ҳазин (йиғлоқи) куйингни бошла, дейди.
8. Саодат ахтари – бахт юлдузи демакдир. Бу ерда Ширин кўзда тутилади.
9. Байтнинг мазмуни: у (яъни Фарҳод) тонгга қадар ерга юмалаб, ҳар можаро устига юз можаро қилди.
10. Бу ва аввалги байтнинг мазмуни: модомики, ғам туни уни ўлдирган экан, тонгнинг оловли қуёши ҳақида сўзлашдан не фойда. Маккор фалакнинг одати шу эмишки, у аввал заҳарлаб,
сўнгра заҳарга қарши дори беради.

ХLIV


                 Бу боб сарлавҳасида Фарҳоднинг занжирсиз зиндон атрофларида юрганини эшитган Хусрав унинг қўриқчиларини жазоламоқчи бўлгани, Фарҳоднинг ҳаёт эканлигидан хабар топган Ширин унга нома йўллагани баён этилади.
1. Афоллоҳ – арабча: худонинг ўзи сақласин (ёки оллоҳ кечирсин, маъносида).
2. Байтдаги ғамкашдан – Меҳинбону, маҳвашдан – Ширин кўзда тутилади. Бу шоирнинг истиораларига яхши мисолдир. Байтнинг мазмуни: У (яъни Ширин) ҳеч ўйламай саккизта бармоғи (шоир уларни гул барглари деб атайди) билан (тимдалаб) сариғ юзи узра қонлар (шоир уларни қизил гулга ўхшатади) оқизди. Бу ҳам фавқулодда истиоралардир.
3. Бу байтда Шопур Меҳинбонуга мурожаат қилиб, шундай таърифлайдн: эй осмон курсисида ўтирган, сипоҳлари юлдузларча (беҳисоб), муборак юзли, иффат пардасини ёпинган (малика). 4. Бу нидо санъатига ёрқин мисол бўла олади.
5. Биҳамдиллаҳ – арабча: худога шукур. Бу ва кейинги байтнинг мазмуни: худога шукрки, уни (яъни Фарҳодни) ҳийла ва макрлар бнлан асир этган одамни девни ўлдира оладиган бир тош
билан уриб, жаҳаннам юртига жўнатдим.
6. Байтнинг мазмуни: у (яъни Шопур) англаган нарсаларнинг ҳаммасини бир-бир тўрғай (чаковак)дек сайраб (сўзлаб бера бошлади).
7. Суманбар – Ширин кўзда тутилади.

ХLV


                 Боб сарлавҳасидан Шириннинг Фарҳодга мактуби, унн ўқиб беҳуш йиқилиши, Фарҳоднинг жавоб хати маълум бўлади.
1. Ройиҳа ябусати – ёқимли ҳиднинг шиддати.
2. Байтнинг мазмуни: (бу мактубни) бир шамдан парвонага демайман самандардан бир гулхан (оташхона)га  (йўллайман). Шоир бу ерда афсонавий самандар деган жонворнинг ўт ичида
яшашлигига ишора қилади. Айии пайтда Навоий ҳам талмеҳ, ҳам истиора (гулхан Фарҳод самандар – Ширин) санъатларини қўллайди.
3. Бу байтдан Шириннинг Фарҳодга ёзган мактуби бошланади. Мактубни Шарқ пэзиясидаги нома жанрининг ажойиб намунаси санаш мумкин. Унда сўз ифодасини топган ҳижрон ва унинг
аламли изтироблари ёлғиз Ширингагина эмас, шунингдек, ўрта аср феодал даври хотин-қизларига ҳам тааллуқлидир. Айни чоқда, бу мактубда Навоий ижодига хос реалистик элементлар ўз аксини топгандир. Унда Ширинга хос бўлган гўзал фазилатлар, чунончи: оқилалик, софдиллик, вафодорлик юксак маҳорат билан таърифланади.
4. Бу байтда Фарҳоднинг ваҳший ҳайвонлар ва қушлар билан дўстлашиб кетганлигини назарда тутиб, Ширин Фарҳодни Сулаймонга ва афсоналардагн Сулаймоннинг барча жониворлар устидан ҳукмронлик қилишига ишора қилади. Навоий бу ўринда талмеҳ санъатидан истифода этади.
5. Байтда Ширин ўзини Сулаймоннинг севгилиси Билқисга ўхшатади.
6. Меҳнат дурбоши– бу ерда машаққат калтаги маъносида ишлатилган.
7. Етти кўк – илми нужумга кўра осмон етти иқлимга бўлинади. Гўе улар бир-бирининг устига жойлашган бўлиб, ҳар қайсисига бир сайёра ҳукмронлик қилар эмиш.
8. Биллаҳ, сумма биллаҳ – арабча: Худо ҳақи, яна Худо ҳақи (қасам маъносида).
9. Байтнинг мазмуни: Шопур хат [ёзиш] учун кераклн буюмларни: сиёҳ учун мушкин ва оқ [қоғозни] чиқарди.
10. Байтнинг мазмуни: Нома элтувчи (яъни Шопур) номани олиб югурди, бир амаллаб қўрғонга ҳам кирди... Бу ерда шоир иштиқоқ санъатига кўра нома ва шу сўздан ясалган номабар
(хат элтувчи) сўзини ишлатади. Айни чоқда истиора санъатини қўллаб, Шопур исми ўринда номабар сўзини ишлатади.

ХLVI


                 Боб сарлавҳасида Фарҳjд хатини ўқиган Шириннинг изтиробга тушгани ва унинг кўнгил қуши севгилиси томон қанот қоққани баён этилади.
1. Фарҳод ўз мактубида Ширинга мурожаат қилиб, ғоят хокисорлик билан унинг итлари ҳолини сўрайди. Жумладан, бу байтда дейдики: (улар) бўйинларидаги қилода – тасмангдан завқланган пайтларида менинг бўйнимга солинган ҳалқани эслайдиларми?
2. Бу ва кейинги байтнинг мазмуни: унда (яъни Фарҳод таърифлаётган бир заиф, мажруҳ ит) меy одамbйлик нишонинb кўриб, кўз қорачиғимдек сақлар здим. У кўзим қони оқишини кўрса,
ўз кўзларидан қон оқизар эди. Шоир биринчи байтда иштиқоқ санъатини қўллайди; мардум, мардумлиғ сўзларини ишлатади. Иккинчи байтда эса илтизом санъатига кўра кўз қони оқмоғи, «кўзумдек қони оқиб» ибораларини бир байт доирасида такроран зикр этади.
3. Бу ва кейинги икки байтнинг мазмуни: азалдан қисматимга севги битган ва тақдир дарду машаққатни  (пешонамга) ёзган экан, бунинг учун мен кимга таъна қилай, ўзимдан бошқа кимни ёзғурай? (Ахир) юзлаб мен, минглаб Хусравнинг йўқ бўлиб кетиши қазо олдида бир дона арпачалик ҳам эмас.
4. Тамма билҳайр – арабча: яхшилик билан тамом бўлди.
5. Байтнинг мазмуни: унинг (яъни Шириннннг) тани хатни боғлайдиган тоб ипдек (чирмашди). Аммо хаста жисмига шу ип тобдек таъсир қилган. Бу байтда шоир нозик сўз ўйини ишлатади. Биринчи мисрадаги «тоб» мактубларни устидан ўраб қўядиган ипак тасмани англатади: иккинчи мисрада эса тасмадек ўралиб кетган Шириннинг жисмида тоб ҳарорат бетоблиги (хасталиги) эди, деган маънони билдиради. Шу билан бирга, шоир бу байтда иштиқоқ (тоб, бетоб) тажнис (тоб – ип ўрайдиган нпак тасма; тоб – ҳарорат) ва илтнзом (тоб, тоб, бетоб) санъатларини моҳир лик билан қўллайди.

ХLVII


                 Боб сарлавҳасида Фарҳод кўнглидаги жароҳатлар Ширин мактубидаги ҳаётбахш сўзлардан тузала бошлагани, Ширин барри ҳароратлари ҳам Фарҳод хати мазмунидан таскин топгани, булар орасидаги муҳаббат занжирини Шопур ҳаракатга келтираётгани, Хусрав билиб қолиб уни азоб занжирига солгани ва Фарҳодни қатл этиш учун чора-тадбир қидирганн баён этилади.
1. Масиҳ – Исо пайғамбарнинг лақаби. Диний афсоналарда Исонинг ўз нафаси билан ўлганларни тирилтириш, жон бағишлаш қобилиятига эга бўлган, дейилади. Шарқ шеъриятида севгилини ва унинг лабларини жонбахшликда Масиҳ, Масиҳо (Исо)га ўхшатилади. Бу ерда Навоий Ширин мактубида битилган сўзлар ҳаётбахшлигини Масиҳ нафасига ташбиҳ қилмоқда.
2. Марям – диний афсоналарга кўра, Исо пайғамбарнинг онаси.
3. Бу ва кейинги икки байтнинг мазмуни: «У (яъни Хусрав) бечора Фарҳод турган ердан тортиб сарвқомат Ширин жойлашган ергача бўлган масофанинг ҳаммасига пистирмалар ясатди ва бу пистирмаларга ашаддаий ёвларни жойлаштирди. Улар ҳар бир ўтган-кетган одамни тергаб, уларнинг ишларини текшириб туришларн керак эди» (Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин. Насрий баён, 119-бет).
4. Бу ва кейинги икки байт мазмуни: тасодифан, ўша 2–3 кун орасида Шопур Фарҳодни кўришга йўл топиб, париваш (яъни Ширин)дан яна бир нома олиб, сабодек елиб бораркан, ўша (Хусрав) одамлари ўз истаганларини тутдилар. Тинтув қилганларида ёнидан хат чиқди.

ХLVIII


                 Боб сарлавҳасида маккора кампир Фарҳод бошига ажалдек етишиб, унинг ҳаётига қасд қилгани баён этилади.
1. Байтнинг мазмуни: қадди икки букилган (бу) қари кампирнинг ҳийла-найранги фалакникига ўхшар эди.
2. Байтнинг мазмуни: осмон маккораси уни хола, Даллатул муҳтола эса уни она деб атар эдн. Бу ерда шоир афсоналарда ўз айёрлиги, макр ва ҳийлалари билан ном чиқарган аёл номини келтириш билан талмеҳ санъатини ишлатади.
3. Байтнннг мазмуни: (маккора кампир) ўзининг фол очадиган нўхат доналаридан бирма-бир ҳукмлар чиқара бошласа, эл унинг ҳукмларига заррача (айнан: арпа донасича) шак келтирмай
(ишонарди).
4. Бу ва кейинги байтнинг мазмунн: (маккора кампирнинг) юз пардаси ҳаромзодалик, қаллоблик ипидан тўқилган, либоси ҳар хил рангли латталардан қуроқ қилиб тикилган (яъни қуралган)
эди. Гўё Марям ҳарамда мақсадига эриша олмай Тур тоғига ором олиш учун келган, десанг бўлади.
                 Шоир бу ерда диний ривоятлардаги Исо пайғамбарнинг Марямдан дунёга келиши билан боғлиқ ҳикояга ишора қилмоқда. Бунинг учун у талмеҳ санъатини қўллайди. Айни чоқда маккора кампир Марямга, Фарҳод турган тоғ эса Арабистондаги муқаддас Тур тоғига ўхшатилади.
5. Байтнинг мазмуни: сен дунё одамлари билан ноиттифоқ экансан, бунда ҳақлисан, худо ҳаққи, ҳақлисан.
6. Бу ва кейинги икки байтнинг мазмуни: никоҳ амри ошкоро бўлгач, [Шириннинг тинимсиз афғонлари кўкка етди. У ўзига ўлим тиғини уриб, бу ғуссадан ўзини ўлдирди. Баъзилар: у Парвез унинг болидан бебаҳра бўлсин деб заҳар ичган, – дедилар.
7. Фартут – айван: жуда қариб қолган. Бу ерда маккора кампир кўзда тутилади.

ХLIХ


                 Боб сарлавҳасида Фарҳоднинг қоя тош учи билан кўксини ёриб, йиллар мобайнида кўнглида тиғизланиб ётган ғам-андуҳларини чиқариб ташлагани ва жонони ёди билан жонидан кечгани баён этилади.
1. Шу байтдан бошлаб шоир нидо санъатини қўллаб Фарҳоднннг чархга, ғам тиғи, андуҳ тоши, ажал, қийноқ, азоб, ҳижрон ғами, тоғ, метин, ҳайвонлар ва ҳ. к.ларга мурожаат этиб нолалар
билан васият қилганини жуда таъсирли мисраларда тасвирлайди.
2. Бу ерда Фарҳод учун юртида йил фаслларига монанд қилиб бунёд этилган тўрт боғ ва тўрт қаср ёдга олинади.
3. Сайфий равза – ёз фасли учун яратилган боғ (ичида қасри билан).
4. Хазоний равза – кузлик боғ (қасри билан).
5. Шитойи равза – қишлик боғ (қасри билан).
6. Байтнинг мазмуни: йиртқич ҳайвонлар у ҳолин (яъни Фарҳоднинг ўлимини) кўриб, Фарҳодни ўлдирганни  (яъни маккора кампирни) бурда-бурда қилиб юбордилар.

L


                 Бу боб сарлавҳасида даҳрнинг вафосизлиги сабабли Хусрав ва Меҳинбонунннг ярашганлари, қўрғон ичида, қамалда ётганларнинг тарқалиб кетганлари, Фарҳод ўлимидан ўлар ҳолга етган Ширинни Арманиянинг баҳаво тоғига юборганлари баён этилади.
1. Байтнинг мазнуни: табақаларга (бири иккинчиси устида жойлашган етти иқлим кўзда тутилади) бўлинган осмон ажойиб қушдирки, унинг иши кабутардек муаллақ учмоқдир.
                 Шоир кейинги байтларда ўзининг яратувчи ҳақидаги жуда дадил фикрларни бнлдиради. Оламни кабутарга, яратувчини кабутарбоз сайёдга нисбат бериб, уни жаллод деб атайди.
2. Бу ва кейинги байтларда Навоий бир нотавон ва бехонумон киши Фарҳодни кўрнш ва уни хизматида бўлиш учун келиб етганини, бу пайт Фарҳод жон бераётиб, нолалар қилганини, ўзини бир тош орасига олиб эшитганини баён этади. У шахс Фарҳод қабринм кўтариб, у ерда мужовир (мозорда яшовчи) бўлади ва халқ орасида кўрганларинн ҳикоя қилиб юради. Бундан Ширин ҳам хабар топади.
3. Байт мазмуни: (агар Парвез қамалдаги халқни озод қилмаса), уларнинг тоқати тоқ бўлиб, Бонудан юз ўгирадилар (айнан: Бону билан оқ бўладилар). Шоир бу ерда халқ орасида кенг тарқалган «Оқ бўлмоқ» иборасини қўллайди.
4. Бу байтда шоир Меҳинбонунинг тадбиркорлик билан Хусрав юборган одамларга муомаласини баён этиб, у юборган мактубни ўпиб, судоъ афсуни, яъни бош оғриғини даф этиш учун
ёэилған тумордек бошимға қўйдим, дейди.
5. Бу икки байт Навоий истиораларига ёрқин мисолдир: Фарҳод ўлимидан кейин хастаҳол Ширинни тоғ тепасида Фарҳод қурган қасрга юборадилар. Шоир икки байтда  моҳирлик билан 8 марта истиора санъатини қўллайди: фалак – тоғни, ой – Ширин, чаман – боғ, гул – Ширин,  Қуёш – Ширин, жонфидо  айвон – қаср, пари – Ширин, чашмаи ҳайвон – Фарҳод қазган ариқни англатади.

LI


                 Боб сарлавҳаси Шириннинг сафар вақтида унга Шеруянинг кўзи тушиб қолишлиги ва Хусравни ўлдириб, Ширинни ўзига сўратиши, Ширин эса уни мулойим сўзлар билан юпатиб, тоққа равона бўлиши ва Фарҳоднинг сўнгакларини шу ерга келтириб, уларни қучоқлаб жон беришини баён этади.
1. Бу ва кейинги байтларда шоир Шеруя отаси жонига қасд қилиб, уни қатл этдигина эмас, балки даврон ундан Фарҳод қонини истади, кимки бировга зулм ўтказса, албатта унга жазо етишади. Модомики, шундай экан, шоир яхшилик уруғини экиш даркор, деган фикрни илгари суради.
2. Байтнинг мазмуни: унннг (яъни Фарҳоднинг) ҳажрида мен (яъни Ширин) бемормен, бедилмен. Бамисоли чала сўйилган бир қушдирмен.
3. Байтнинг мазмуни: улар (яъни Ширин ва Шопур) бирмунча вақт шундай мотам тутдиларки, феруза (рангли) осмон қурум босгандек қорая бошлади (яъни кеч тушиб қолди).
4. Бу ва кейинги байтларнинг мазмуни: (Ширин) икки-уч юз кишини қўшиб (Шопурни) ўз мақсадига кўра йўлга солди, уларга кўплаб, хуш исли тутатқи, оловда хўшбўй чиқарадиган ёғоч, мушку атрлар берди. Улар тоғ ичидан кўҳкан, яъни Фарҳодни топиб, Ширин кажавасига солиб келтиришлари лозим.
5. Бу ва кейинги уч байт мазмуни: (Ширин) кўрсаки, (Фарҳод) уйқуда, у ҳам шундай уйқуни ҳавас қилди. Унинг юзига юзини, танига танини қўйди, ўз севгилиси билан ҳамоғуш бўлди. Шунда дилидан бир оловли оҳ чиқарди-ю, кўзи Фарҳодники каби уйқуга толди. Бу шундай уйқу эдики, унга ҳеч ким қонмаган, қиёматгача уйғонмас уйқу эди. Бу байтларда шоир истиора (сарви чолок – Ширин, бедил – Фарҳод) ва ружуъ (уйқу – не уйқу...) санъатларини қўллайди.

LII


                 Боб сарлавҳасида Шириннинг Фарҳод ишқида жон бергани, буни эшитиб Меҳинбону ҳам ҳаётдан кўз юмгани, Чин мулкидан келган Баҳром Шеруянинг молларини зиён-захмат кўрганларга бергани ва Арманга одил подшоҳ тайин қилиб, ўзи барча лашкарларни қайтариб, салтанатдан юз ўгиргани баён этилади.
1. Аввалги байтларда Навоий Фарҳоднинг дўсти  Баҳромни мақтайди. Бу байтда эса шоир агар у осмондаги Баҳром (Марс)га душманлик кўрсатса, осмондаги Баҳром Баҳроми Чўбиндек бўлиб қолади, дейди. Бу ерда Навоий сўз ўйини ишлатиб, ҳам сайёрани, ҳам қадимги Эрон подшоҳларидан Ҳурмузнинг лашкарбошиси Баҳроми Чўбинга ишора қилади.
2. Бу ва кейинги байтнинг мазмуни: хон Фарҳодга амакивачча бўлгани учун ҳам унинг ташвишинн чекар эди. Баҳром келиб, халқ орасида (Фарҳод ҳақида) маълум бўлган гапларни хонга шундай арз қилди.
3. Шу байтдан бошлаб 26 байтда шоир Баҳромнинг Фарҳод мозори устида қилган нолаларини баён этади. Нидо санъати асосига қурилган бу ҳаяжонли монолог ғоят самимий, таъсирли ва
халқона чиққан.
4. Бу ерда «Ло» «ку» юкламаси ўрнида ишлатилган: «айла дингло” дегани айладинг-ку маъносини англатади.

LIII


                 Боб сарлавҳасидан уни Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Шоҳ Ғариб Мирзо мадхи ва унга Навоий бир неча насиҳатлар бағишлагани англашилади.
1. Фаворис – «форис»нинг кўплиги; суворий, шер, демакдир.
2. Абул Фаворис – Шоҳ Ғариб Мирзо (Ҳусайн Бойқаронинг ўғли)нинг лақаби. Халлада давлатуҳу – (арабча дуо), «худо давлатнни абадий қилсин», демакдир. Бу ибора шоҳлар, шаҳзодаларнинг исмидан кейин айтилади ёки ёзилади.
3. Темурхон – Амир Темур, Темурланг (13369.4, Шаҳрисабз – 1405. Ўтрор ш.) – Ўрта Осиёда йирик феодал давлат арбоби, саркарда. Темурнинг ўнг қўли ва ўнг оёғи майиб бўлган, оқсоқланган. Шунинг учун уни Темурланг (оқсоқ Темур) дейишган. Қабри Самарқандда Гури Мир мақбарасида.
4. Улуғбек (лақаби, асл номи Муҳаммад Тарағай; 1394. Султония ш.  (ҳозирги Эронда) 1449. – Самарқандлик буюк ўзбек астрономи ва математиги, давлат арбоби. Темурнинг набираси, отаси Шоҳруҳ даврида 17 яшар Улуғбек Мовароуннаҳр ва унга ёндош вилоятларнинг тўла ҳукмдори қилиб тайинланади. Кейинчалик (1414) унинг давлатига Хоразм ҳам қўшилди. 1447 й. Шоҳруҳ вафотидан кейин Улуғбек Шоҳруҳ тасарруфидаги Хуросон билан Мовароуннаҳрни бирлаштириб, кучли давлат тузмоқчи бўлди. Лекин реакцион кучларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. 1449 йили Улуғбек сиёсатидан норози ўғли Абдуллатифнинг розилиги ва руҳонийларнинг фатвоси билан Самарқанд яқинидаги қишлоқда қатл этилди. Самарқандда дафн қилинган (Гури Мирда), Улуғбек даврида, айниқса, Самарқандда ҳунармандчилик, меъморчилик, илм-фан, савдо-сотиқ равнақ топди. Улуғбек мусиқа илми ва адабиёт билан ҳам шуғулланган. Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» номли тазкирасида Улуғбек фаолиятига юксак баҳо беради ва унинг шеърларидан намуна келтиради.
5. «Зичи Кўрагоний» – Улуғбекнинг ўз расадхонасида  олиб борган астрономияга оид кузатишлари асосида тузилган жадваллардан иборат асари. Унинг махсус назарий қисми – муқаддимаси жуда кўп тилларга таржима қилинган.
6. Илм ул-яқин – ҳар нарсанинг моҳият ва кайфиятини билиш, очиш.
7. Таҳмурас – милоддан аввалги Эрондаги пешдодийлар сулоласининг учинчи ҳукмрони. Афсоналарда уни Марвда куҳандиз, Хуросон, Нишопур ва Исфаҳонда Мағриз ва Сорийяни барпо қилган (мил. ав. 830 й.), дейилади. Навоий «Тарихи мулуки Ажам”да ёзишича, рўза тутишлик ундан суннат қолган. Форсча китоб ёзишлик ва бўз тўқишликни Таҳмурас ихтиро қилган. У ҳар кимнинг бирор севган одами бўлса, унинг сувратнни чиздириб, шу билан хурсанд бўлар экан. Шундан бутпарастлик келиб чиққан экан.
8. Заҳҳок – қадимги афсоналарга кўра, Жамшиддан сўнг тахтга ўтирган ўта зулмкор подшоҳ. Унинг икки елкасида иккита мараз (иллат, яра; бошқа ривоятда икки илон) бўлиб, унинг оғриғига одамзод мағзи (мияси)дан бўлак нарса таскин бера олмас экан. Шу сабабли ҳар куни икки гуноҳкорни ўлдириб, мағзини унга берар, агар гуноҳли одам топилмаса, журба ташлаб халқ орасидан икки кишини қатл қилар эканлар. Бир куни журба исфаҳонлик оҳангар – темирчи Кова ўғилларидан бирига тушиб қатл қилинади. Сўнгра яна бир ўғлига тушади. Дарғазаб Кова одамларни йиғиб, Заҳҳокка қарши исён кўтаради. Улар темирчилар сахтиёни – партуғини байроқ қилиб, Заҳҳок  устига  отланадилар. Ковага Жамшиднинг набираси (бошқа ривоятда Таҳмурас наслидан Обитин ўғли) Фаридун келиб қўшилади ва Заҳҳокни ўлдиради.
9. Бу ва кейинги байтнинг мазмуни: нима фойдали, нима зарарли эканлигини ҳикмат ажратиб беришлигини аниқ англаганингдан кейин, фойдалилари билан шуғуллан. Лекин ҳамма ишда ҳам ўртани тутишга майл қил.
10. Бу байтда шоир ирсоли масал санъатини қўллайди: у юқоридаги байтдаги ўз муддаоси – мизож майл кўрсатган нарсага ортиқча ружуъ қилмаслик лозим, деган фикрни тасдиқлаш учун «яхшининг кўпидан ёмоннинг ози яхши» мақолини келтиради.

LIV


                 Боб сарлавҳасида шоир бу достонни тугаллаш, ундаги воқеа – ҳодисаларни охирига етказишга ғайрат кўрсатганини баён этади.
1. «Ло» – арабча; йўқ, эмас, деган маънони, инкорни англатади.
2. «даъ» – арабча: ташла, йўқ қил, демакдир.

3. «Алқамду лиллоҳиллази ваффақани мин ифтитоҳиҳа ило ихтитомиҳи ва саллалоҳу алайҳи ва олиҳи ва асҳоби кирамиҳт – арабча: мени бошлаб тугатишимга муваффақ қилган Оллоҳга  мақтовлар бўлсин, Муҳаммадга, унинг эҳтиромли яқинлари, сирдошларига Оллоҳ раҳмати бўлсин, демакдир.
4. Кумайт – қора тўриқ (от), бу ерда шоирнинг қалами кўзда тутилади. Навоий бу ўринда истиора санъатини ишлатади.
5. Биржис – қ. Муштарий сайёраси.
6. Тайласон – ридо (дарвешларнннг устига ёпинадиган либоси).
7. Ноҳид – қ. Зуҳро юлдузи.
8. Бу фасл аввалидан шу байтга қадар Навоий ўзининг қандай қийин ва шарафли ишни бажарганини (яъни янги достонни ёзиб туталлаганини) бадиий маҳорат билан тасвирлаб беради. Кейинги байтларда эса шоир уни тушуниб етмаган, бинобарин, қадрлай олмаган «кўри модарзод» (яъни «туғма кўрлар», «бойқуш», «кўршапалак», «данийлар» (яъни пасткаш одамлар), «қора қўнғиз» (гул исидан ҳалок бўладиган) кабилардан нолийди.
9. Байтнинг мазмуни: лекин ҳар ким, агар нозикфаҳм бўлса, бу икковининг (яъни юқоридаги байтларда тасвирланган қора қўнғиз ва булбулнинг хушбўй гулдан таъсирланишда қайси бири ҳақ эканини билиб олади. Шоир бу ерда бадиий адабиётнинг нозиклиги, унинг жонбахшлигига ишора қилади.
10. Бу ва кейинги икки байтда Навоий фахрия усулидан фойдаланиб ўзининг қандай шоир эканлигини таърифлайди. Бу ўринда гўзал истиора, ташбиҳ ва ифодали ружуъ санъатларини қўллайди.
11. Байтда шоир литота санъатини қўллаб, ўзини туфроқ деб атайди, туфроқ бўлганидаям элнинг оёқларн остида янчилиб (байтдаги «кўп топмоқ» – янчилмоқ, эзилмоқ маъносида ишлатилган) кетган, қуюн каби аҳволи тўс-тўполон туфроқ, деб ёзади.
12. Байтнинг мазмуни: ел тўдасидек бир дам жаҳонни кездиради, (яна бир дам) буғ бўлагидек осмонни айлантиради. Бу ерда шоир ўзи ҳақида сўзлаб, юқорида айтилганидек ўзини тупроқ билан тенглаштиради ва ҳодисаларнинг қаттиқ эсган совуқ шамоли тупроқни не кўйларга солишини тасвирлайди.
13. Ўтурмай – бу ерда ўткармай маъносида ишлатилган.
14. Бу ва бундан аввалги байтларда Навоий ўзининг аҳволи руҳиясини очиб беришга интилади. Саройдаги тескари кучлар, унга муттасил турли масалалар юзасидан мурожааат қилиб турувчи саноқсиз одамлардан чарчаганлиги, – ҳеч бўлмаса “24 соат ичида 24 марта осуда нафас олишга” нақадар орзуманд эканлигини баён этади. Айниқса, «фароғат бурчагида» севимли иши – ижод билан машғуллик қилиш истагини ёниқ мисраларда билдиради.
15. Бардаъ – Арран ҳокимиятининг қадимий пойтахти. X асрнинг иккинчи яримларида руслар томонидан талон-торож қилингач, ўз мавқеини йўқотган. Кейин пойтахт Ганжага кўчирилган.
16. Навбат урмоқ – феодал шоҳлари ўз ҳукмронлиги ҳақида эълон қилган пайтда катта ноғора (кўпинча, «ковурго») деб аталган ноғорани) чалдирганлар. Бу ерда Навоий рамзан Жомийнинг адабий ҳаётдаги шуҳратига ишора қилади.
17. Навоий бу байтда «юз» ва «минг» сўзларини икки маънода ишлатади: бири сон, адад маъносида, иккинчиси – қадимги ўзбек қабилаларининг номи.
18. Шероз – Эроннинг жануби ғарбидаги шаҳар (1750–94 йилларда Эроннинг пойтахти ҳам бўлган).
19. Табриз, Тавриз – Эроннинг шимолий ғарбидаги шаҳар. Ҳозир Эрон Озарбайжонининг маъмурий маркази.
20. Бу ва аввалги 7 байтда Навоий «фахрия» санъатини қўллаб, агар Низомий Бардаъ, Ганжа ва Румда машҳур бўлса, Хусрав Ҳиндистонда шуҳрат қозониб, Жомий эса Ажам ва Арабда донг таратган бўлса, бутун туркигўй халқлар меники бўлди, мен нафақат Хитойдан Хуросонгача бўлган ерларни, балки Шерозу Табриз, ҳатто туркманларни фармон билан эмас, асарларим (жумладан, девонларим) билан забт этдим, дейди.
21. Ҳижрий 889 – 1484 йилга тўғри келади.