Топ рейтинг www.uz
[XXXI]

Ҳотами Тойи ҳикоятиким, ҳиммат ва сахо аҳлиға пешво эрди ва анинг меҳмонлиғи таъзимиға бош индурмаган гадо ҳимматини кўруб инсоф берди.

Ҳотами Тойиға бир озодаваш
Дедики: «Эй ҳимматинг озода каш.

Токи сахо бўлди кафинг варзиши,
Кўрдунг экинму бир ўзунгдек киши?»

Дедики: «Бир кун қилибон жашни ом,
Индаб эдим бодия аҳлин тамом.

Матбах аро юз тева қурбон эди,
Қўю қўзи беҳаду поён эди.

Базм ичидин дашт сори бир нафас,
Касби ҳаво айламак эттим ҳавас.

Сайрда кўрдум бир асири миҳан,
Бир қучоқ орқасиға юклаб тикан.

Жисми уйин айлабон ул юк нигун,
Тиркабон ул уйга асодин сутун.

Ҳар қадам олғунча тиниб муддате,
Ҳар нафас урғунча ўтуб фурсате.

Солди ул эмгак ўти кўнглумга тоб,
Лутфу тараҳҳум била қилдим хитоб:

«К-эй қадин эмгак юки паст айлаган,
Жисмида ғам хори нишаст айлаган,

Дашт аро гўёки хабар билмадинг,
Ҳотам уйи сори гузар қилмадинг?

Даъват этиб асру фаровон букун,
Қилди ёмон-яхшини меҳмон букун.

Ташла тикан, гулшани иззатқа ет,
Чекма машаққат, қўпу даъватқа ет».

Менда чу фаҳм этти бу навъ изтироб,
Бош кўтариб кулдию берди жавоб:

«К-эй солибон ҳирс аёғингға банд,
Озу тамаъ бўйнуга боғлаб каманд.

Водийи ғайратға қадам ўрмағон,
Кунгури ҳимматға алам урмағон.

Сен доғи чеккил бу тикан меҳнатин,
Тортмағил Ҳотами Той миннатин.

Бир дирам олмоқ чекибон даст ранж,
Яхшироқ андинки биров берса ганж».

Улки бу янглиғ сўзи мавзун эди,
Мендин анинг ҳиммати афзун эди».

Ҳиммат агар бўлса Навоий санга,
Банда дурур Ҳотами Тоий санга.

Соқий, аёқ тут, карам изҳор қил,
Базлни Ҳотамға намудор қил.

Бизда чу май важҳиға камдур дирам,
Камлиқ эрур биздину сендин карам.

[XXXII]

ОЛТИНЧИ МАҚОЛАТ

Адаб даъбидаким, кичикларга мужиби саодат-мандлиғ ва улуғларға боиси сар баландлиқ дурур ва тавозеъ васфидаким, «дол»дек қаддини хам қилғон қадамин давлат фарқиға қўяр ва ҳаё зиёсидаким, ҳар киши кирса раҳмат ёғинлари бирла сероб бўлур1.

Эй талаб уйида нишаст айлаган,
Қаддини хизмат юки паст айлаган.

Эл йўлида гард ўлубон дард ила,
Кибр кўзин кўр этиб ул гард ила.

Ашки риёзатки сочиб ҳар сари,
Андин ўчуб нафсу ҳаво ўтлари.

Оҳу надоматки чекиб сидқ аро,
Кизб юзин дудидин айлаб қаро.

Сидқ ила ҳар гарм нафаским уруб,
Реву риё хирманини куйдуруб.

Қилмай ўзин рухсат ишига самар,
«Мим»и азимат била боғлаб камар.

Сарсари ғайратни чу бунёд этиб,
Ҳирсу тамаъ рахтини барбод этиб.

Бўйла тариқики қабул айладинг,
Кўйи талаб сори нузул айладинг.

Лек бу йўл қатъида шарти талаб,
Билки тавозеъ била келмиш адаб.

Чунки тавозеъға хам ўлди ҳилол,
Бўлди фузунроқ анга ҳар кун камол2.

«Ё»ға тавозеъ сифати берди даст,
Қадр ила мусҳаф уза топти нишаст3.

Чарх тавозеъ уза то хам дурур,
Тобии амри бори олам дурур4.

Ё киби қошким бу дурур шаън анга,
Жонин улус айлади қурбон анга.

Элга шараф бўлмади жоҳу насаб,
Лек шараф келди ҳаёву адаб.

Чунки ёғин манбаи ўлди ҳаё,
Қатраси тупроғни қилур кимё.

Бўлмас адабсиз кишилар аржуманд,
Паст этар ул хайлни чархи баланд.

Тарки адабдин бири кулгу дурур,
Кулгу адаб таркига белгу дурур.

Қаҳқаҳадин кабк наво келтуруб,
Бошиға ул кулгу бало келтуруб5.

Ғунча кулуб бўлди очилмоқ анга,
Етти очилмоқда сочилмоқ анга.

Барқни кулгу йиқибон тоғ аро,
Балки қилиб ер қўйи тупроқ аро6.

Субҳки бу шева писанд айлабон,
Меҳр ўти дуррини сипанд айлабон.

Кулгуки ўз ҳаддидин ўлди йироқ,
Йиғламоқ андин кўп эрур яхшироқ.

Равшан этиб шамъни ҳар тун йиғи,
Елга бериб ғунчани хандонлиғи.

Қилди булут ашки била дур нисор,
Бўлди чоқин кулгусидин хоксор.

Мастки йиғлай юруй ўздин кетиб,
Ашки ниёзи гунаҳин пок этиб.

Кимга адаб кулгуга очмас оғиз,
Лек ҳаё абри эмас қатрасиз.

Қаҳқаҳаким ҳазл анинг ёридур,
Қурбақа савти била рафторидур7.

Ҳар кишиким ҳинду ўлур ҳазл аро,
Юзини қилмоқ керак аввал қаро.

Ҳарза эрур чунки мушаъбид сўзи,
Ўз тилини кўрки кесар ҳам ўзи.

Улки соқол боғлабон эл кулдурур,
Кулгу соқолиға ўзи келтирур.

Қилмоқ учун кўзга фузун кўркини,
Бошиға маймун чу қўяр бўркини.

Кулгу учун келса улус қошиға,
Кулмас улус ёлғуз анинг бошиға.

Масхараким кулгу учун бож ер,
Бир дирам олғунча ики кож ер.

Шаклда чун масхараваш келди бум,
Урмоғиға қушлар этарлар ҳужум8.

Ҳазлға лўли илик этса сутун,
Ўзини куч бирла қилур сарнигун.

Мунча мазаллат бориси булъажаб,
Дафъ бўлур келса ҳаёву адаб.

Жилвагар ўлди чу қуёш раъяти,
Ер тубига кирди ксча зулмати.

Музҳиқ эрур маст чу айлар хуруш,
Сўзни тааммул била дер аҳли ҳуш.

Тулкуву ит кулгу эшигин очар,
Шер кўрунгач улус эвдин қочар9.

Буки тавозеъдурур оти анинг,
Ёки адаб келди сифоти анинг.

Гарчи хирад васфидин ўзга демас,
Борча улус шаънида бирдек эмас,

Ҳар кишининг тавриға лойиқ керак.
Сурати ҳолиға мувофиқ керак.

Қулғаки бек қилса тавозеъ фузун,
Риштаи ранж ўзига айлар узун.

Сажда гадо оллида эрмас карам,
Билки карамдур анга бермак дирам.

Тифл учун қўпмоқ эмастур адаб.
Пирлар ул ишни демастур адаб.

Ул мутакаббир бўлуру сен енгил,
Бу икки иш эл нега қилғай дегил.

Гарчи адаб шарти бағоят керак,
Ҳар киши таврида риоят керак.

Рутбада сендин кишиким бўлса паст,
Кўрсанг ўз илгингда ани зер даст,

Гар санга худ тобиу худдом эрур,
Қайғулари кўнглунга ноком эрур.

Фарзу сунан улча эрур дилпазир,
Борчаға ўргатмак эрур ногузир.

Ҳар не алар қилса хилофи ҳисоб,
Фарздурур айламагинг эҳтисоб.

Ҳашрдадур чунки хитоби санга,
Ҳар не савол ўлса жавоби санга.

Лек риоятлари бўйнунгдадур,
Руқъаи рўзилари қўйнунгдадур.

Вожиб эрур борчасиға ёрлиқ,
Яхши-ёмон ишда хабардорлиқ.

Бу сифат уммид илаким бийм эрур,
Ушбу жамоатға бу таъзим эрур,

Гар эрур атфолу иёлинг сенинг,
Будур аларға доғи ҳолинг сенинг10.

Улча эрур тифлға шойиста иш,
Билки кичикликта эрур парвариш.

Қатраға чун тарбият этти садаф,
Эл бошиға чиққуча топти шараф.

Бириси қўймоқлиқ эрур яхши от,
Ким десалар етмагай андин уёт.

Исмда кўп келди тафовут падид,
Бири Ҳусайн ўлди, бириси Язид11.

Қилмоқ эрур бири муаллим талаб,
Қилғали таълим анга илму адаб.

Итга тааллумда чу бўлди камол,
Сайд анинг оғзидин ўлди ҳалол12.

Олим ул итким нажасул-айн эрур,
Ўғлинга жаҳл ўлса ажаб шайн эрур.

Гарчи анга шафқат эрур судманд,
Тегурур ифроти ва лекин газанд.

Меҳр ила зажрики таваққуъ дурур,
Тифлға сендин бу тавозуъ дурур.

Завжаким ул бўлса аниси ҳарам,
Шаръ тариқи била тут муҳтарам.

Нафқа била нафсни тутма дариғ,
Жонингға ифрот ила ҳам урма тиғ.

Айламагил ҳулласини ранг-ранг,
Кийса доғи ҳужрада тутсун даранг.

Англасанг отланғуча ҳолотини,
Гар эр эсанг тутма анинг отини.

Қилма равон ёр ила ағёр аро,
Таъбияи кўй ила бозор аро.

Улки чиқиб кирди яна қўйнунгга,
Балки олибсен ажаб иш бўйнунгга.

Ғоза била қилди чу юзни қизил,
Юз қаролиқ фикридадур жазм бил.

Сочбоғини тоб ила чун солди банд,
Нафсу ҳаво бўйниға солди каманд.

Вусма сори топти чу вобасталиқ,
Бўлди ики фитнаға пайвасталиқ.

Мукча қабоҳат била боқиб туруб,
Берсанг ижозат ани отлантуруб,

Ушбу бўлур ғайрату мардоналиқ,
Рашку ҳамият била афсоналиқ.

Ул кун агар чиқса қўю қилма зўр,
Ким чиқиб эвдин ватани бўлса гўр.

Ҳарнеким ул шаръдин этти удул,
Эрмас адаб айласанг они қабул.

Бири эрур макрумати волидайн,
Билки мунунг қилмоғидур фарзи айн13.

Бу икининг хизматини бир бил,
Ҳар неча ифрот эса, тақсир бил.

Бошни фидо айла, ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.

Икки жаҳонингға тиларсен фазо,
Ҳосил эт ушбу икисидин ризо.

Тун-кунунгга айлагали нур фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.

Сўзларидин чекма қалам ташқари,
Хатларидин қўйма қадам ташқари.

Бўлсун адаб бирла бори хизматинг,
Хам қил адаб «дол»и киби қоматинг.

Сўнгра раҳмнинг силасин қарз бил,
Раҳм ўшул тоифаға фарз бил.

Сойири нос ичра улуғ то кичик,
Ёхуд аро ерда васат чаргалик.

Кимки улуғроқ анга хизмат керак,
Улки кичикроқ анга шафқат керак

Кимники қилсанг мутавассит хаёл,
Асра анинг ҳурматида эътидол.

Хизмат ила айлама тавқир ҳам,
Шанъат ила айлама таҳҳир ҳам14.

Тутқил анинг ҳурмати ичра зарур
Қоидзи нуктаи «хайрул-умур».

Иззати ҳаддин кам эса хўб эмас,
Ҳаддидин ортуқ доғи марғуб эмас.

Ёки сени гардиши чархи баланд
Айласа шаҳ хизматиға аржуманд.

Гарчики, шаҳ базми эрур дилрабо,
Вожиб эрур айламак андин ибо.

Мархами зимнида эрур решлар,
Нўши ичинда тикилур нешлар.

Гул кўрунур ёнида юз хори бор,
Бор эса бир анш, минг озори бор.

Телбага ўт шакли гулистон эрур,
Тушса халоси қачон имкон эрур.

Тифл йилон нақшиға мойил дурур,
Захрини билмаски ҳалоҳил дурур.

Баҳрда тушса дури хуршед ранг,
Зимнидадур ғарқаи коми наҳанг.

Англа бу қонун ила шаҳ хизматин,
Айшидин ортуқ ғам ила меҳнатин.

Суд эрур нечаки бўлсанг йироқ,
Турфа буким, бўлмағанинг яхшироқ.

Кимга фано ганжидин огоҳлиқ,
Мулки қаноатда анга шоҳлиқ.

Хизмат агар бўйнунгга беихтиёр
Тушса қилурда санга не ихтиёр.

Мухтасар айлай, эшит ижмолини,
Фаҳмингга зоҳир қилай аҳволини.

Топсанг шаҳ хизматиға интисоб,
Тўрт иш этгил ўзунгга иртикоб:

Ният анинг бирла бурун рост қил,
Ғайрин анинг кўнглунгга бехост қил.

Яна будурким, тони хизмат чоғин,
Айла, вале айламагандек соғин.

Яна буким, яхшн-ёмон дема сўз,
Эл ёмону яхшисиға солма кўз.

Яна буким ранж етар, гар тааб,
Асра ёмон-яхшиға шарти адаб15.

Тошқилиғингнинг бу сифат ҳоли бор,
Бўлса тақарруб анинг ашколи бор.

Бу неча иш бўлса муяссар санга,
Давлат ила ёруғай ахтар санга.

Бу бори жузви дурур, эй нотавон,
Кулли эрур улки, агар ногаҳон.

Бўлса ғино шеваси оринг сенинг,
Фақр уйига тушса гузоринг санинг.

Анда дурур шарт тавозуъ санга,
Ўтрусида қатъи таваққуъ санга.

Чарх киби етса забардастлиқ,
Ер қуйисида тиламак пастлиқ.

Етса ғаму ғусса юки тоғдек,
Бўлмоқ анинг остида туфроғдек.

Айламамак жола киби ёғса тош,
Рост бинафша киби юққори бош.

Вазъи тавозеъда вафо айламак,
Даъби адаб бирла ҳаё айламак.

То бу васила била топиб қабул
Мақсади аслий сори бўлғай нузул.

[XXXIII]

Нуширвоннинг ҳаё боғида наргис кўзидин кўзининг наргиси  уёлиб наргис  кўзлук гулрухидин канор истамай, канора истагони.

Шоҳ эмас эрканда Ануширвон
Бўлди биров ишқи била нотавон.

Ғунча киби кўнгли тўла қон эди,
Лек ғами хурдаси пинҳон эди.

Етти ғаму меҳнати бемар анга,
Токи висол ўлди муяссар анга.

Бир чаман ичра тузубон хилвате,
Гулрух ила қилди аён суҳбате.

Комға майл айлади чун комгор,
Айлади таслим ўзин гулузор.

Сунғоч илик дилбари мунис сори,
Тушти кўзи бир бута наргис сори.

Илгини чекти мутағаййир бўлуб,
Деди суманбар мутаҳаййир бўлуб:

«Ким бу не қўл сунмоғу чекмак эди».
Посухини шоҳи муаддаб деди:

«Ким бу висол ичраки воқеъ дурур,
Наргиси шаҳло кўзи монеъ дурур».

Айни ҳаё бирла футувват анга,
Бермади ул амрда қувват анга.

Наргисини тўлдурубон ёшидин,
Қўпти доғи кечти ул иш бошидин.

То ани охир бу ариғ нияти,
Буйла ҳаё шеваси хосияти.

Жумлаи олам аро шоҳ айлали,
Адлини оламға паноҳ айлади.

Айш, Навоий, неча дилкаш дурур,
Лек адаб бирла ҳаё хуш дурур.

Соқий, адаб шартини омода тут,
Олнима тўққуз юкунуб бода тут.

То ани ич, деб сенга мен юз тутай,
Томса тўқуз, оқса худ ўттуз тутай.


[XXXIV]

ЕТТИНЧИ МАҚОЛАТ

Қаноат бобидаким, айн жуъдин айрилса, зам-зами нажот қаноти, балки салсабил ҳаёт сори учмоқнинг қаноти дурур ва паришон тамаъким, мазаллат заҳри таъми мазоққа еткурур ва қониъким, кўзи узра қон мавж урса, иззати бор ва томиъким, олтун маснад узра ором тутса, мазаллати бор1

Кимгаки иш бўлди қаноат фани,
Билки, ани қилди қаноат ғани.

Ганжу тажаммулни ғино билмагил,
Балки ғино ганжи қаноатни бил.

Нақди қаноатға чу йўқдур фано,
Жаҳд эту бу нақд ила топғил ғино.

Кулбада дарвешки, қониъ дурур,
Фойиқ эрур шаҳғаки, томиъ дурур.

Чунки тамаъ бўлди гадолар иши,
Билки гадодур тамаъ этган киши.

Шаҳ чу тамаъ қилди эрур луқмахоҳ,
Қонии дарвеш эрур подшоҳ.

Шоҳ ул эмаским, бошиға қўйди тож,
Шоҳ ани билким, йўқ анга эҳтиёж.

Қушлар аро шоҳки, анқо дурур,
Нуктае бу амрда пайдо дурур.

Бордур агар фикр ила топсанг вуқуф,
Қониу анқоға мувофиқ ҳуруф.

Туъмаға ҳудҳуд неки муҳтож эрур,
Пайк бил, арчи бошида тож эрур.

Ҳиндуви лоиб бошида тож кўр,
Они қаро пул сори муҳтож кўр.

Етса арозил кафидин бож анга,
Кўк сори ташлар нимадур тож анга.

Шоҳ бошининг шарафи тож эмас,
Англа ани шоҳки, муҳтож эмас.

Шоҳ агар ул бўлсаки, муҳтождур,
Ҳарф ила муҳтожда ҳам тождур2.

Шоҳ десанг кимда кўруб тожни,
Шаҳ дели бу важҳ ила муҳтожни.

Шоҳ ани билким, боши қалпоқда,
Базл этар офоқ берур чоқда.

Бўлмаса ҳам шукр ила қониъ бўлур,
Базл ишидин нафсға мониъ бўлур.

Кимки қаноатдин эрур ҳужжати,
Яхши-ёмонға йўқ анинг ҳожати.

Топса қаноат сори ҳар кимса йўл,
Шоҳ бу тақдир ила ул бўлғай, ул.

Мулк ила ўзни демагил аржуманд,
Мулки қаноат била бўл сарбаланд.

Чархки бир қурс ила тузди маош,
Боғлади ой жирмини кўксига тош.

Айлади ҳақ вазъида нодир ани,
Неки қилайин деса қодир ани.

Шамъки ўз ёғи била қоврулур,
Чарх анга фонус киби эврулур.

Равшан эрур кўзки, тутар ком ила,
Гўшаи меҳроб ики бодом ила.

Чунки оғизнинг емак ўлди иши,
Ҳарби учун чекти ики саф тиши.

Кимса неча зебу тамаъдин йироқ,
Зимнида осойиш эрур яхшироқ.

Гавҳару дурни қулоқ озори бил,
Сўзни қулоқнинг дури шаҳвори бил.

Олтун исирғаки қулоқ оғритур,
Зарҳал этукдурки, аёқ оғритур.

Нукта дурин бил қулоқ оройиши,
Кенг ўтук ўлди оёқ осойиши.

Топса киши бодия ичра зулол,
Олтун аёқ қайдау синғон сафол.

Сувға сафол ичра ҳаловат дурур,
Кўзгуга кул бирла тароват дурур.

Кўзгу жамолиға нафас бўлмасун,
Дастаси олтун гар эмас бўлмасун.

Ташнаки ул сув била истар фараҳ,
Қайда кирар кўнглига олтун қадаҳ.

Ким қуруқ ўтмак сувга тўғраб есун,
Қурси хуру чашмаи ҳанвон десун.

Ошиға ким солса қилиб зийнат иш,
Зардагу шалғам киби олтун-кумиш.

Борча нахуд ўрнига дурри хушоб,
Реза чағандар ерига лаъли ноб.

Юзида зарришта бўлуб заъфарон,
Қурси қамардин табақ устида нон.

Сабзаси нон узра зумуррад бўлуб,
Тарраси хон ичра забаржад бўлуб.

Тенгри учун, кел ўзунг инсоф бер,
Ким киши оч ўлса не навъ они ер3.

Гарчики бор анда зарофат басе,
Дурлари тишларгадур офат басе.

Чайнаридин тишга ҳам озор ўлуб,
Ютмоғидин худ бўғуз афгор ўлуб.

Чунки ейилди бу такаллуфлуқ ош,
Ош дема, балки неча пора тош.

Меъда аро чунки бу даъват етар,
Деки, ани меъда нетиб ҳазм этар.

Меъда ўзи хурди доғи ошни,
Ҳазм қилур йўқки ушоқ тошни.

Айтмаким, туъмаи қобилдур ул,
Бошдин-аёқ заҳри ҳалоҳилдур ул.

Кимса бу ажзоға санар чун баҳо,
Ўлтурубон ўзни берур хунбаҳо.

Ҳазм ҳам ўлса агар инсофдур,
Кўрки, не ифрот ила исрофдур.

Кимки эрур махзани Қорун анинг
Мулки Жаму тожи Фаридун анинг.

Базл дебон ганж эшигин очмаса,
Фойдасиз дурру гуҳар сочмаса.

Фойдасиз қилмаса зоҳир карам,
Бермаса бир базлаға юз минг дирам.

Очға емак берса, яланғочға тўн,
Юз тилаганларга мингу бирга ўн.

Қониъ эса ончаки мақдур эрур,
Тенгрию халқ олнида маъзур эрур.

Улки тажаммул анга воқиъ эмас,
Ончаки бор сарфиға қониъ эмас.

Кўрди эса мунъими итлоф хў,
Айлар анинг шевасини орзу.

Топман анинг махзаниға дастрас,
Базл ила исрофини айлар ҳавас.

Сарв ёнида чиқорур хошасин,
Рахш4 хиромида сурар лошасин.

Киймак учун эгнига топмай палос,
Элга тилар, берса мунаққаш либос.

Кимгаки андеша бу сурат бўлур,
Аввал анга бурж зарурат бўлур.

Бурж ишидин ўзга чу фан топмади,
Олди, вале бергали тан топмади.

Айлади чун важҳин хоки сиёҳ,
Ваъда етиб қилди ғулу қарзхоҳ.

Бурж этибу сарф этиб итлоф ила,
Борчани айлаб талаф исроф ила.

Ё улус ичра юзи суйин сочиб.
Ё олибон бошину бир ён қочиб.

Мунчаву юз мунча етибон алам,
Лек анга бўлуб яна юз мунча ҳам.

Тарки қаноат ани айлаб жало.
Келтурубон бошиға юз минг бало.

Улки қаноатни қилиб дастпеч,
Долиға бу печ етушгайму ҳеч.

Икки қаро пул чекибон даст ранж,
Яхшироқ андинки, шаҳ инъоми ганж.

Тинч кўнгул бирла қатиқсиз умоч
Беҳки биров миннати бирла кулоч5.

Кундуз ўкуш ранж ила муздурлуқ,
Кулбаға бермак кеча маъмурлуқ  ( )

Беҳки тамаъ тоқини тортиб баланд,
Айласа муздурлуғин юз нажанд6.

Эй хуш ул ойина фано кўзлаган,
Мулки қаноатда саро кўзлаган.

Кўнгли агар боғ таманно қилиб,
Гулшани ахзарни тамошо қилиб,

Гунбад анга гунбали нилуфарий,
Равзаси саҳни фалаки ахзарий.

Тоқи муалло анга гардон сипеҳр,
Шамсаси ул тоқ уза рахшанда меҳр.

Кун бўлубон варди гулистон анга,
Ой бўлубон шамъи шабистон анга.

Анжуми шабгардға бўлмай қарор.
Шамъ анинг атрофида парвонавор.

Чарху шафақ базмида фонуси ол,
Ўйлакн минқош анга жирми ҳилол7.

Буйла хаёлот ила қонеъ бўлуб,
Истаридин нафсиға монеъ бўлуб.

Қилса тасаввур била хурсандлиқ,
Ёди била этса барумандлиқ.

Гар худ ўлуб ҳимматининг рахши тез,
Қилса бийик пўя қилурға ситез.

Бўлса бийик чарх ила ахтар анга,
Тўда кул ичра неча ахгар анга.

Кўрса жаҳонни бир овуч хокча,
Туби ила сидрани хошокча.

Бермаса кўк қасриға вайронини,
Тоқи фалакка йиқуқ айвонини.

Пора юрак қони бўлуб қут анга,
Балки фараҳ касбиға ёқут анга.

Хору қамишнинг тубидин луқмахўр,
Лек бериб таъм анга гулшакар.

Бўлса тобони дағи ҳар сори чок,
Ер юзига ибрат учун ханданок.

Хирқасининг чокларин билса ул,
Гулшани тавфиқ насимиға йўл.

Пастини аъло била тенг қилмаса,
Шолини дебо била тенг қилмаса.

Кулбаси ой шамъидин ўлса ёруқ,
Эшиги ел илгидин ўлса очуқ.

Оқ ямоғу эгнида кўк хирқаси
Хушроқ анга субҳу фалакдин басе.

Ҳар сори вайронида бўлса шигоф,
Сатр учун ўргамчи анга пардабоф.

Роҳат учун бошки қўюб тош уза,
Фарри ҳумой истамай ул бош уза.

Қиш куни тегурса совуқ тоб анга,
Дафъиға гулхан кули синжоб анга.

Ёз топа олмай чу исиғдин паноҳ
Соя учун кўпрук анга хобгоҳ.

Фақр бериб махзани Қорун анга,
Фоқа бўлуб мулки Фаридун анга.

Айлабон ойини қаноат ани
Даҳрда мустағни улусдин ғани.

Чун бу жаҳон ичра тамаъкорлиқ,
Эл кўзида бермай анга хорлиқ.

Ҳашрда доғи қўпуб андин азоб
Кўнглида йўқ даҳшати явмил-ҳисоб8.

Балки бўлуб фақрда сармояси,
Ким қуёш авжиға тушуб сояси.

Дунёву уқбода баруманд ўлуб,
Кимки ҳақ эҳсониға хурсанд ўлуб.

Улки этиб тарки қаноат шиор,
Айлаб ани ул тамаъ эл ичра хор.

Из (  )   тиласанг айла қаноат тамаъ
Маснади иззат узадур «ман қанаъ»9.

[XXXV]

Қониъ жувонмард ила томиъ жаҳонгард ҳамроҳлиғи ва бири фароғат ганжи ҳирсидин мазаллат ранжиға қолиб, бирининг қаноат ранжи чекардин фароғат ганжига етгони1.

Форс навоҳийсидин икки рафиқ
Айладилар Чин сори азми тариқ.

Бири азал қисмиға қониъ эди,
Қисмидин ортуқ бири томиъ эди.

Борур эдилар қилибон пўя фош,
Бўлди аён йўл уза бир сода тош.

Ёрими ерда, ёрими юққори,
Ул ёримидаки, бўлуб тошқори.

Нуктаи бас турфа қозилғон эди.
Чун ўқудилар — бу ёзилғон эди:

«Ким киши гар эмгак ўтин ёндурур,
Тошни яна юзиға айландурур.

Анда битиклик дурур афсонаэ,
Ким бу навоҳий аро вайронаэ.

Борки, остида эрур турфа ганж,
Олғай ани ҳар киши кўрса бу ранж.

Ҳар киши бу ранжидин ўлса йироқ,
Сабру қанот боридик яхшироқ».

Томиъ ўқуғоч мутаҳаттик бўлуб,
Томиа ирқи мутаҳаррик бўлуб2,

Ганж таманносиға беркитти тиш,
Бўлди анга тош тубин қозмоқ иш.

Қониъ ул ишга чу назар айлади,
Қилмади парвоу гузар айлади.

Деди бу не меҳнати жонкоҳ эрур,
Ганжи қаноат манга ҳамроҳ эрур.

Ким сориким, тенгрининг эҳсони бор,
Тош ёрилиб чиқмоғи имкони бор.

Йўлдин олиб кеча тонг отқунча баҳр,
Субҳидам олинда аён бўлди шаҳр.

Шаҳрға эл киргали кўп йўл эди,
Улки бурун кирди, вале ул эди.

Бор эди дарвозаға сурмак ҳамон,
Ҳар соридин халқ югурмак ҳамон.

Бу эл аро расм бу эрмишки, шоҳ
Қилса бақо мулки сори азми роҳ.

Асраб ани шаҳр элидин ёшурун,
Кимки саҳар шаҳрға кирса бурун.

Айлар эмишлар ани маснад нишин,
Бошиға тож, илгига солиб нигин3.

Они ҳам ул расм ила хайлу сипоҳ
Қилдилар ул мулку сипоҳ узра шоҳ.

Ёрики, ранж ўзига олиб эди,
Ганж таманносиға қолиб эди.

Ранж била етти чу ўз жониға,
Тошни эвурди яна бир ёниға,

Хатқа боқиб кўрди бу мастур эрур:
«Хом тамаъ даҳрда ранжур эрур».

Они қаноат қилибон шаҳриёр,
Муни тамаъ ранжи қилиб хоксор.

Қилма, Навоий, тамаъ элдин дирам,
Бор эса берсанг худ эрур ул карам.

Соқий, этибмен тамаъ ул бодадин,
Ким олур озу тамаъ озодадин.

Журъасидин солики роҳ эт мени,
Мулки қаноат уза шоҳ эт мени.

[XXXVI]

СЕККИЗИНЧИ МАҚОЛАТ

Вафо бобидаким, «вов»и симурғ «син»ининг зимнида даҳякидек ниҳон дурур ва «фо»си Қоф тоғи остидағи «фо»дек аён ва «алиф»и кимё тубидаги «алиф» нишонаси ва нуқтаси меҳригиё бутасининг донаси. Бас буларни тамаъ килғон кишининг иши сув сатҳида югурмак бўлғай ва қаро ерда кема сурмак1

Чарх тўқуз дуржики заркор эрур,
Жавфида юз минг дури шаҳвор эрур.

Ҳар дурининг ламъаси шамъи фароғ,
Не дуру не шамъ, дури шабчароғ.

Ҳар бирининг қиймати кондин фузун,
Кон демаким, кавну макондин фузун2.

Улки лақаб қўйдилар «афлок» анга,
Анжуми юз минг гуҳари пок анга.

Қай бириким ўксук эрур покидин,
Ожиз эрур ақл анинг идрокидин.

Ҳарне жавоҳирки, хаёл айлагай,
Жавҳарийи ақлу савол айлагай.

Юз топилур, бир деса бу кон аро,
Юз деса минг онча бу уммон аро.

Ғайри ҳамул дурки, жаҳонтоб эрур,
Ким бу тенгиз қаърида ноёб эрур.

Бир дур агар айласа зоҳир жамол,
Иккиси жамъ ўлмоқ эмас эҳтимол.

Сўрса отин аҳли сафо жавҳари,
Оҳ чекиб деки, вафо гавҳари!

Бу дури ноёб вафому экин,
Гар ул эмас, меҳригиёму экин?

Меҳригиё демаки, анқодур ул,
Жавҳари фарду дури яктодур ул.

Меҳр узори уза хатти ғубор,
Тун сочининг тобида мушки татор.

Тушса биров илгига дурри ятим
Бордур анинг жавҳари жониға бийм,

Ҳар киши ҳамким бу гуҳар бор анга,
Ранжу ано ( ) дойим эрур ёр анга.

Ҳар кишини кўрса, ўзин ёр этар,
Меҳру вафо гавҳарин изҳор этар.

Ул киши разл ўлсун, агар бахтиёр,
Ким мунга йўқ шафқатидин ихтиёр.

Уйлаки хуршед эрур айни нур,
Кўзни ёрутмоқда анга не шуур.

Абрки ҳар қатра гуҳардур анга,
Гул очилурдин не хабардур анга.

Гул не билурким, негадур зеби боғ,
Невчун этар атри муаттар димоғ.

Ўт эрур ўз ҳирқатидин бехабар,
Бодаға маст эрканидин не хабар.

Ҳар кишиким жуз бу гуҳар йўқ анга
Фош ўлур андоқки, хабар йўқ анга.

Ҳар нечаким, бу гуҳаредур шариф,
Хосиятидур анга беҳад касиф.

Ким бу гуҳар ҳар кишидин бўлди фош,
Бошиға ёғди гуҳар ўрниға тош.

Ҳар кишига қилди биров бир вафо,
Махласи йўқдур кўрубон минг жафо.

Неча самар сочмоқ эса шох иши,
Кўпрак отар тош анга терган киши.

Кон неча базли гуҳари пок этар
Олғучи кўпрак юрагин чок этар.

Шамъ ёрутуб эв ичу тошини,
Эв ияси кўпрак узуб бошини.

Хосса бу давронки, муҳаббат қўли,
Синди анинг панжасидин бир йўли.

Чунки қуёш бошдин-аёқ бўлди меҳр.
Ерга киюрди ани ҳар тун сипеҳр.

Хома вафодин битиди можаро,
Муфтийи гардун юзин этти қаро.

Чаҳ бошига эврулубон чархи тез.
Боғлабон ул бўйнину айлаб ситез.

Ваҳки фалак токи сабук санг эрур,
Даҳр анинг олида куҳан ланг эрур.

Меҳр элига жаврму эрди экин?
Қоида бу таврму эрди экин?

Лутфу вафо йўлида бўлғонга гард,
Йўқ эди эркинму эваз, ғайри дард?

Кимки вафо узра бериб бош анга.
Сарзаниш-ўқму эди подош анга?

Ё бу замон аҳлига бу бўлди баҳр,
Нўш олибон қуймоқ эл оғзига заҳр.

Кимга биров тутса гули тоза рўй,
Гулшани ризвонча анга рангу бўй.

Буки эваз, бермагай ул жуз тикан,
Бир демагил, балки дегил юз тикан.

Халқ ишига гар бу намудор эрур,
Бир киши топмоқ иши душвор эрур.

Бир киши андоқ кишиким бир киши,
Тузгай анинг бирла маваддат иши.

Етса фалакдин ситаму хори дард,
Бир нафас этгай анга изҳори дард.

Бўлса замон ханжаридин ёраэ.
Мунглашиб андин тилагай чораэ.

Ҳарне етар даҳр малоли анга,
Айлагай ўз кўнглини холи анга.

Ҳар кишига етса фалакдин ғаме,
Бўлмаса ҳамдарди анинг ҳамдами,

Роз лабин тиккон ипин сўкмаса,
Ҳарнеки кўнглида эрур тўкмаса,

Дард ёқиб шуълаи нобудини.
Чархдин ўткаргай анинг дудини.

Тиғи бало кўксини чок айлагай.
Дард они бир дамда ҳалок айлагай.

Сарсари ғам жонига урган сипеҳр,
Хирмани умрини совурғай сипеҳр.

Бас кишига умр хуши ёр эмиш,
Ёр деган ёри вафодор эмиш.

Ёрки, ойини вафо йўқ анга,
Шамъ кибидурки, зиё йўқ анга.

Шамъки йўқ анда зиё тўшаси,
Ўтсиз эрур ўйлаки, муз шўшаси,

Ёрки, бор анда вафо-ёр бил,
Умр деган ёри вафодор бил.

Ҳар киши оламда эрур ёрсиз,
Бир садафедур дури шаҳворсиз.

Йўқ ҳунари ёлғуз эса, ўз киши,
Қайда киши сонида ёлғуз киши.

Фард киши даврда топмас наво,
Ёлғуз овучдин ким эшитмиш садо?3

Ёрсиз эл оҳи ғам-андуд эрур,
Ёнса йиғоч ёлғуз иши дуд эрур.

Тоқ киши айши уйин бил нигун.
Уйга қачон ҳомил ўлур бир сутун?

Синса уқоб эгни уза бир қанот,
Тез учар, лек анга бирдам ҳаёт.

Солмас ўйун нард бисотида шайн,
Бўлса анинг тосида бир каъбатайн4.

Тошки чақмоқдин ўлғай йироқ,
Тийра тутор иккаласин ул фироқ,

Бир-бирига чун етишурлар даме,
Равшан ўлур ўтларидин оламе.

Синса қаламнинг шақидин бир учи,
Ожиз ўлур нома рақам қилғучи.

Ёки сингар гўшага муҳтож эрур,
Билки камонкаш анга ҳаллож эрур.

Дур нечаким, айбдин ўлди йироқ,
Лаъл ҳам ўлса ёнида яхшироқ.

Жумла жаҳон шаҳлиғидин ори бор,
Кимки гадодур доғи бир ёри бор.

Шоҳки йўқ ҳамдаму ёри анинг,
Кўнглида кўп бўлғуси бори анинг.

Қилса биров ҳамнафасу ёрлиқ,
Бўлғуси кўп ғамға сабукборлиқ.

Ёр эрур андоқ гуҳари бебаҳо,
Ким анга муҳтож не шаҳ, не гадо.

Ушбу сифат ёрки, марқум эрур,
Войки бу даврда маъдум эрур.

Бўлса доғи топмоғи осон эмас,
Жинси башар ичра худ имкон эмас.

Хайли малак ичра агар бордур,
Чарх уружи доғи душвордур.

Бўлди пари ҳам бу сифатдин бари
Одами ўлмоқни не билгай пари.

Гар санга бор эрса, бу сўзда хафо,
Қайси пари чехрада кўрдунг вафо?

Топмоқ ани гарчики, душвор экин,
Бўлса доғи одам аро бор юр экин.

Васли анинг кимгаки бўлғай насиб,
Шаънидадур ояти «фатҳун қариб»5.

Ҳар киши бир ёр иладур кўнгли шод,
Хайли малоикдин анга «инякод»6.

Васли ила кимки эрур баҳраманд,
Жоним анинг бошиға бўлсун сипанд.

Кимки вафо кўрди жафо қилмади,
Ўтрусида ғайри вафо қилмади.

Жонни санга топшурайин, эй сабо,
Элт анинг оллида қилмай ибо.

Бўл қўйну бошиғф эврул басе,
Жон доғи қўйнунгда нечукким хасе.

Мендин анга арзи дуо айлагил,
Йўлида жонимни фидо айлагил.

Демон олиб кел чамани вардини,
Кўзума еткур йўлининг гардини.

Хизматида гар топа олсанг мажол,
Ончаки мендин дегасен арзи ҳол.

Аввал аёғиға тушуб паст бўл,
Йўлида туфроғ ила ҳамдаст бўл.

Субҳ насими киби бўлма хамуш,
Шом шамоли киби тортиб хуруш.

Айтким, эй боштин-аёқ руҳи пок,
Жисм санга руҳки, руҳи фидок.

Неча висолингни тилаб зор ўлай,
Неча фироқингға гирифтор ўлай.

Бағрим ўлуб кўҳи бало лоласи,
Кўздин оқиб ҳар сари парголаси.

Жоним ўлуб ҳажринг ила дардманд,
Раглар ажалдин анга печон каманд.

Онча сени истабон урдум қадам,
Ким талабингда қадам ўлди адам.

Сени тилаб ҳар неча кўрдум шиканж,
Ганж тилаб етмади жуз дарду ранж.

Сабза дедим, сончти ништар мени,
Лаъл дедим, ўртади ахгар мени.

Лола дебон кўксума кўрдум туган,
Гул тилабон кўнглума топтим тикан.

Кимки анга айламадим жон дариғ,
Қилмади жавр улчаки имкон дариғ.

Ҳар кишиким, қўйдум аёғиға бош,
Жола киби бошима ёғдурди тош.

Войки, юз тош аро ёлғуз бошим,
Чарх соғинмишки, эрур юз бошим.

Ҳам бу нафас бошима ет, раҳм этиб,
Сўнгра не осиғ келурунг мен кетиб.

Гар бу таманнони қабул айласа,
Меҳр бузуғ сори нузул айласа,

Турмаву зинҳор етишғил манга,
Хизр ҳаёти бу хабар бил манга.

То чиқибон ўтру юз афғон қилай,
Қайси фиғон, балки фидо жон қилай.

Тушса кўзум йиғлаю жононаға,
Жон берайин олида шукронаға,

Жондин олиб дард бу дармон била,
Бормайин охир дами армон била.

Гар манга бу ком қариб ўлмаса,
Давлати дийдор насиб ўлмаса,

Дашти фано сори хиром айласам,
Мулки адам ичра мақом айласам.

Ҳар киши ҳам қилса вафо жоми нўш,
Кўнгли муҳаббат майидин урса жўш.

Айласа бу ишда татаббуъ манга,
Андин эрур мунча таваққуъ манга.

Ким анга ким қилса жаҳонин фидо,
Этса анинг меҳрида жонин фидо.

Чекса юкин ончаки тўққуз сипеҳр.
Ул доғи бир заррача кўргузса меҳр.

Десун ани гавҳари кони вафо,
Кони вафо йўқки, жаҳони вафо.

Шукрин анинг вирди забон айласун,
Кўнглини меҳрига макон айласун.

Бордур умидимки, бу давлат чоғи,
Бўлғай анинг садқаси мендин доғи.

Жонни фидо этса бу жонониға.
Қўйғай анинг миннатини жониға.

Айласалар икки тарафдин вафо,
Етгай алар жониға онча сафо.

Ким сифати сиғмағай авроқ аро,
Демайин авроқки, офоқ аро.

[XXXVII]

Икки вафолиқ ер бир-бириси вафосига бошларидин кечгани ва алар баракатидин юз минг бош қиличдин ва қилич қиндин қутулгани, балки қинга тушгани1.

Андоқ эшиттимки шаҳи комрон,
Тўрт улус хони Темур кўрагон.

Фатҳи ақолимга қилғонда азм.
Ҳинд саводида қатиқ бўлди разм.

Фатҳ ила нусрат чу анга берди даст,
Чарх адув қалбига солди шикаст2.

Чунки адув куфр эли эрди тамом,
Бек дедиким қилсун улус қатлиом.

Касратидин даштни тутғон қатил,
Қон ила шингарфдин оқизди Нил3.

Бош тушуб ул рўдда сой тошича,
Бош кесибон ҳар киши ўз бошича.

Ҳар сари қон тўкмак ила тиғи тез.
Жумлаи оламда солиб рустахез.

Ушбу маҳалда ики бечора ёр
Бўлди қитол аҳлиға ногаҳ дучор.

Тушти сипоҳи бирисин чопқали,
Шоҳ ёсоқидин амон топқали.

Қатл ишига чун ёнидин чекти тиғ,
Бошин анинг чопмоқ учун бедариғ.

Кўрди чу тиғ остида қўлдошини,
Ёри шафиъ ўлди очиб бошини,

Ким санга мақсуд агар бош эрур,
Қўй ани, бу бош анга подош эрур4.

Чун анга юзланди қўюб ёрини,
Ёри ҳам этти бу сўз изҳорини.

Қайсиға айлай деса ул зулм фош,
Ёри қўяр эрди аёғиға бош.

Тунд бўлуб қотили пўлод чанг,
Деди: Иккингизни чопай бедаранг.

Қай бирининг қатлиға қилғач шитоб,
Ёна бири айлар эди изтироб,

Ким мени қатл айла бурун тез бўл,
Токи мен ўлгунча тирик бўлсун ул.

Базл қилурлар эди бир-бирга бош,
Бошлариға тиғ учун эрди талош.

Макс эди бу навъ арода бир замон,
Ким эл аро тушти нидо ал-амон5.

Бир-бирига кечти алар жонидин,
Шоҳ доғи кечти улус қонидин.

Фош этиб ул сидқу маваддат хавос,
Ҳам элу, ҳам ўзлари бўлди халос.

Берса Навоий, санга ёре худо,
Сен доғи қил бошингу жонинг фидо.

Соқий, олиб кел кадаҳе ёр эсанг,
Меҳру вафо шарти била бор эсанг.

Оғзима жон етти даво қил манга,
Ваъда неча эмди вафо қил манга.

[XXXVIII]

ТЎҚҚУЗУНЧИ МАҚОЛАТ

Ишқ ўти таърифидаким, шуъласи бало саҳросининг лолалари ва аҳгари балокаш кўнгул парголалари дурур, ва меҳнат қаро шоми анинг тутуни ва бу шомнинг муҳтариқ кавкаблари анинг учқуни дурур. Ва ҳусн анвориким, мунча ўтға боис, анинг барқидин бир ламъа ва мунча ҳароратга мужиб, анинг қуёшидин бир ашиъа дурур1.

Одами хокийни чу субҳи аласт
Айладилар руҳ майи бирла маст.

Ҳикмат илиги била туфроғини,
Туздилар андоқки Эрам боғини2.

Қайси Эрам, равзаи хулди барин,
Равза неким, жилвагаҳи ҳури ин,

Қушлари ҳар лаҳза юз афсона деб,
Ҳар кишиким, ёна сўруб, ёна деб.

Саҳни фалак боғидек ороста,
Ҳар гули онинг маҳи навкоста.

Орази гулранги гули тозаси,
Гул уза гулгунлуқ анинг ғозаси.

Қомат ўлуб савсани озод анга,
Балки сиҳи сарв ила шамшод анга.

Зулф анга сунбули мушкин бўлуб,
Юз била енг лолаву насрин бўлуб.

Юзда қуёш чашмасидек обу тоб,
Ғабғаб ўшул чашма суйидин ҳубоб.

Кўздин ўлуб наргиси фаттонлари,
Лабдин ўлуб ғунчаи хандонларн.

Хат бўлубон сабзаи хуррам анга,
Тер ўлуб ул сабзада шабнам анга.

Ҳусну жамол анда гумондин фузун,
Ҳарне гумон айласанг андин фузун.

Лек бу не ҳусн ўлубон дилфиреб,
Не бу жамол олибон андин шикеб.

Булбули ишқ ўлди чу дастонсаро,
Кирди тамошога бу бўстон аро.

Чун назари гулга тушуб зор ўлуб,
Шавқ ўтидин жони хабардор ўлуб.

Маскан учун бўлди чу гулбун нишин,
Жонига ўт ёқти гули оташин,

Жони аро ишқ ўтидин тушти тоб,
Кўнглида ғам шуъласидин изтироб.

Ишқ чу торожи шикеб айлади,
Гул доғи изҳори фиреб айлади.

Жилва қила бошлади чун гул анга,
Қолмади имкони таҳаммул анга.

Куймак ила чекти анингдек хуруш,
Ким ўтидин тушти чаман ичра жўш.

Келди чу бу ҳирқату маҳруқлуқ,
Бўлди аён ошиқу маъшуқлуқ.

Ишқ чу туғёни камол айлади,
Ошиқ ўзин шефта ҳол айлади.

Ҳусн доғи жилва қилиб дилписанд,
Зулфға топшурди балодин каманд.

Тушти жаҳон мулкиға ғавғойи ишқ,
Бўлди замон аҳлига яғмойи ишқ3.

Ишқ не ўт эрдики, қилғоч ҳужум,
Дуду шарар бўлди сипеҳру нужум.

Пашшадек ул дуддин итти малак,
Чархда фонусдек ўлди фалак.

Ақл жабинида савод этти фош,
Руҳ кўзидин доғи оқизди ёш.

Дайрда ҳам андин узун можаро,
Каъба либоси доғи андин қаро.

Май ўти бут юзидин урғоч алам,
Куйдуруб ул шулада мусҳафни ҳам.

Андаки мусҳаф варақин куйдуруб,
Раҳлни ўт ёқмоқ учун синдуруб4.

Дайрға масжидни ҳақир айлабон,
Куфрға имонни асир айлабон.

Хирқаи тақвини қилиб итга жул,
Руқъалари ҳар сори жул узра гул.

Куфр саводиға чу очиб китоб,
Борча самадни санам айлаб хитоб.

Масжид аро бодаи исён сотиб,
Гўшаи меҳроб аро куп ўрнатиб.

Ўт солибон гулшан аро гул била,
Майкада кунжин ёрутуб мул била.

Боғ не воқифки, не гулдур бу гул,
Куп қачон огаҳки, не мулдур бу мул5.

Руҳ бу гул хориға побаст ўлуб.
Жон доғи бу мул исидин маст ўлуб.

Ақли саросима иши мухталиф,
Қайси саросимаки, масху хариф.

Дема хариф, аблаҳу нодон дегил,
Нодон йўқ, ғули биёбон дегил.

Қайдаки ишқ ўти бўлуб шуълакаш,
Ақл ўлуб ул ўт уза хошокваш.

Ғайри кўнгул хиттаи маъмураси,
Ким куюбон бўлди бу ўт кўраси.

Қойси кўнгулники, макон этти ишқ,
Ўтдин ани лаълға кон этти ишқ.

Бўлмаса ишқ, икки жаҳон бўлмасун,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун.

Ишқсиз ул танки, анинг жони йўқ,
Ҳуснни нетсун кишиким, они йўқ.

Рожиҳ этар ишқ ўтидин чошни,
Эл шаҳига ошиқи қаллошни.

Ишқ эрур дурру кўнгул дурж анга,
Балки қуёш ишқу кўнгул бурж анга.

Қайси қуёш, базм фурузанда ўт,
Дема фурузандаки, сўзанда ўт.

Танки сўнгак ҳайъатидин уйдурур,
Гар эмас ўт, невчун они куйдурур.

Ишқ аён қилмоқ эрур ҳусн иши,
Уйлаки ўт шамъ ила ёққай киши.

Ҳар нечаким ҳусн диловезроқ,
Ишқ ўти эл кўнгли аро тезроқ.

Лутфу тароват нечаким гулда кўп,
Ҳасратидин ғулғула булбулда кўп.

Оҳ чекар бўлса кўнгул захмнок,
Шуъла бийикроқ урар ўт бўлса чок.

Мушкил эмас ишққа жон ўртамак,
Ўтға не душвор жаҳон ўртамак.

Ишқ эритур ақли ситамкорани.
Шуъла нечукким, сув қилур хорани.

Бир шарари зуҳд жаҳонига бас,
Барқ ила нетгай кўп ўлуб хору хас.

Пил бўлур ишқ анга келтурса зўр,
Пил аёғи остида андоқки мўр.

Ошиқ ўзин ким деса, ошиқ эмас,
Борча киши ишқда содиқ эмас.

Улки кезиб ҳусн писанд айлагай,
Сўнгра кўнгулни анга бамд айлагай,

Они кўнгул демаки бир пора тош,
Не қизиғай шамъ ўтидин хора тош.

Ўзни такаллуф била ғамнок этиб,
Мотами йўқ, лек ёқо чок этиб.

Тоши малак шеваи талбис ила,
Лек ичи муттафиқ иблис ила.

Зоҳирида сидқдин оройише,
Ботинида фисқдин олойише6.

Ёридин ул комлар айлаб талаб,
Ким кўрунуб зикрида тарки адаб.

Гаҳ лаби лаълидин этиб жон тамаъ,
Жон демайин улчаки, имкон тамаъ.

Васф қилиб гаҳ тани гулфомини,
Тан дема, ҳар узвининг андомини.

Ҳазл китоби киби хаттида зеб,
Маъни анга фаҳшу, фусуну фиреб.

Шуъбадагар шишасидек тоши соф,
Зиминда юз макр ила зарку газоф.

Бу эса ошиқ, эрур ўлтургулук,
Бошдин-аёқ жисмини куйдургулук.

Ошиқ ани билки, эрур дарднок,
Ҳам тили, ҳам кўзию ҳам кўнгли пок.

Ўзлугидин ишқ ани пок этиб,
Балки фано ўтиға хошок этиб.

Дард ёшурмоқ юзин айлаб сариғ,
Ашк оқизмоқ кўзин айлаб ариғ.

Тор киби заъф тани зорида,
Ҳар бўғуни бир гириҳ ул торида.

Орқасидин ишқки, юз ғам ўкуб,
Ҳар гириҳи бир ғам аёғин тугуб.

Дард юкидин бўлубон хам қади,
Дарддағи «дол» анинг ҳамқади.

Чарх киби жисми саросар тугон,
Меҳнати шомиға тонуқ ҳар тугон.

Кўкси шигофи бўлуб оташ фишон,
Шом балосиға саҳардин нишон.

Кўнглакига пора тугондин ўрун,
Хирқаи идбориға теврук йўрун.

Ғайр хаёлин чиқориб жонидин,
Мамлу этиб жонини жононидин.

Нуктада мойил тили ҳар сўзга йўқ,
Жонида жонон ғамидин ўзга йўқ.

Кўзда кўруб ёр юзи ҳайрати,
Куйдурубон кўнглини кўз ғайрати.

Кўнглидаги ёр ғами рашкидин,
Қон тўкубон ҳар сари кўз ашкидин.

Қойси тарафким, анга бориб назар,
Дўст жамоли бўлубон жилвагар.

Балки бўлуб ўзлуги ҳам бартараф,
Кўзки солиб, ёр кўруб ҳар тараф.

Ким бу сифат ишқда мағлуб эрур,
Ҳарнеки андин келур, ул хўб эрур.

Ишқ ангаким, бўйла нишаст айлагай,
Ўзлугидин фориғу маст айлагай.

Зуҳд ҳарими сори хос ўлмасун,
Ишқ ўтидин жони халос ўлмасун.

Гар йиғилиб аҳли саломат анга,
Айласалар зажру маломат анга.

Ваъдаи жаннат била овутсалар,
Ишқ ўтидин кўнглини совутсалар.

Муртад ўлуб айласа тоат яна,
Тақви ила қилса қаноат яна.

Қилса бало захмлари чораси,
Бутса ано()  ўқларининг ёраси7.

Тан қушиға хирқани дом айласа,
Донаи тасбиҳ ила ром айласа.

Хилват аро топса юбусат димоғ,
Касби ҳаво қилғали истаб фароғ,

Қилса гузар кўю хиёбон сори,
Ўтса мусалло била майдон сори.

Даштда отлиғ кўрунуб хайл-хайл,
Зоҳир этиб борчаси жавлонға майл.

Ногаҳ ўшул хайл аро қотилваше,
Ҳусну малоҳат майидин сархуше,

Юз гул очиб май ўти рухсоридин,
Зоҳир алардин бири дасторидин.

Ҳусни ўти шуъласи гулзор ўлуб,
Ҳар сори гулзорида гулнор ўлуб.

Хол неким, дафъ қилурға газанд,
Ўтида кўз мардуми ҳар ён сипанд.

Қошлари ой узра муанбар ҳилол,
Ақлни девона қилиб ҳар ҳилол.

Йўқки улус қатлига ул қошлар
Машварат этмакка қўшуб бошлар.

Ҳусн зуҳурида гириҳ қошида,
Зеб учун ул шамраки, «нун» бошида8.

Сунбули зулфи гириҳ узра гириҳ,
Қайси гириҳким, зириҳ узра зириҳ.

Саф шикан ул турки буногўш ўлуб,
Қатл хаёлиға зириҳпўш ўлуб9,

Ноз ила ўтлуғ кўзи ҳар ён боқиб,
Зуҳду вараъ хирманиға ўт ёқиб.

Дуди ул ўтнинг сафи мижгон аро,
Чун етибон борчасин айлаб қаро.

Сурмасиз ул кўз қарову пурфусун,
Ондин ўлуб кўзга жаҳон сурмагун.

Лаълида хай қатраси ғалтон томиб,
Йўқки бақо чашмасидин жон томиб.

Хаттини ҳар сори ҳаёт аҳли бил,
Хизрлар ўлғон зулумот аҳли бил.

Қатралар ул ғабғаби дилхоҳ аро,
Чашма суйидин сизиб ул чоҳ аро.

Ҳар сари мўйи чекибон жон рагин,
Кофири зулфи узуб имон рагин.

Ҳуллаи гулранг била қомати,
Сарвки гул ўлғай анинг хилъати.

Тунд саманди кўрунуб барқ фом,
Суръати сайр ичра бўлуб барқ гом.

Куймаку ашк ўлса не тонг элга фош,
Маркаби барқ ўлсаву рокиб қуёш.

Гулдек этак санчибу пероҳани,
Тўн этагидин кўрунуб савсани.

Ёғлиғи нақшики, бўлуб гул нишон,
Савсану гул узра бўлуб гулфишон.

Гулники дастори уза банд этиб,
Сарву сапидор уза пайванд этиб.

Бу не намудори жамил, эй кўнгул,
Балки гулистони Халил10, эй кўнгул.

Куйдурубон ақлни чобуклиги,
Титратибон руҳни нозуклуги.

Бўйла балолар била жавлон аро,
Етса киши бошиға майдон аро,

Туфроқ ўлурдин топа олмай амон,
Рахши аёғида замину замон.

Дев нажодики, қаён гом олиб,
Йўқки, башар, хайли малак қўзғолиб.

Устидаги қотили чобуксувор,
Ўлтурубон халқни девонавор.

Ул дам агар Шиблию11 Зуннун12 эрур,
Бир неча ошуфтаи мажнун эрур.

Дин чекибон мотамиға ҳой-ҳой,
Пири хирад тифлдек ангушт хой.

Руҳул-амин ул сори чун боқибон,
Оғзидин онинг шўлакай оқибон,

Онда не ақл элга не тақви бўлур,
Тақви ила ақл деган не бўлур.

Кўрмаган эл топқай ул ўтдин амон,
Кўрмагу, кул бўлмоқ эмас ҳам ёмон.

Ўтқа тушуб пок бўлур кимки ғаш,
Покроқ ўлғай ўт аро покваш.

Кимки бу куймак анга одат дурур,
Дунйию уқбода саодат дурур.

[XXXIX]

Шайхи Ироқий Шомда ҳусн  шамъи гулин кўргач,  парвонадек туташқони    ва  шуъласи  инкор тиконларин куйдуруб, мункирлар бошиға ошқони.

Улки фано кўйида боқий эди,
Фахри замон Шайхи Ироқий эди.

Кўнгли анинг махзани асрори ишқ,
Нутқи анинг абри гуҳарбори ишқ.

Ишқ ўтидин анга мухаммар сиришт,
Ишқ ҳуруфидин анга сарнавишт.

Лек бу ишқ ўтини даъво била,
Ёпиб эди пардаи тақво била.

Миср неча вақт анга эрди мақом,
Субҳ дами қилди қўпуб азми Шом.

Воли эди Шомда бир тахтгир,
Ўйлаки тун мулкида бадри мунир.

Англадиким, Шайх келур ул тараф,
Билди ўз аҳволиға они шараф.

Айлади ҳукм ўйлаки, яхши-ёмон
Чиқсун анга ўтру эшитган замон.

Ўзи доғи волийи кишвар паноҳ,
Чиқти ёпиб чархни гарди сипоҳ.

Шайхга ул хайл чу ёвуштилар,
Борчаси маркабларидин туштилар.

Йўли уза борча қўюб бошини,
Гардга мониъ қилибон ёшини.

Бор эди волиға бир андоқ ўғул,
Ким анга юз миср шаҳи эрди қул.

Лутфу малоҳатда жаҳон офати,
Дема жаҳон офати, жон офати.

Шом саводида маҳи анвар ул,
Миср элига Юсуфи пайғамбар ул.

Мулки араб ичра ажабдин-ажаб,
Волиҳ анга ҳам ажаму ҳам араб.

Миср диёри аро ҳабби набот,
Шом саводида худ оби ҳаёт.

Шайх кўзига чу кўрунди ул ой,
Қўйди аёғиға юзу, чекти вой.

Чок этибон хирқаи иршодни,
Узди чекиб субҳаи авродни.

Шайхга туфроқ ўлубон хайлу шоҳ.
Лек бўлуб Шайх анга хоки роҳ.

Ишқ ароким Шайхга ул ҳол ўлуб,
Ҳайратидин келган улус лол ўлуб.

Ишқки ҳар шойибадин пок эрур,
Ҳар неки қилса киши не бок эрур,

Шайхниким ишқ ўти қилди ҳалок,
Шуъласи ул хайлни куйдурди пок.

Ўти кўнгулларга хабар  айлади,
Оҳи бағирларга асар айлади.

Титрабон ўртанмагидин бўлди фош,
Поклиги элга нечукким қуёш.

Воли ичидин урубон ўт алам,
Шайх муриди бўлубон ўғли ҳам.

Ишқда пок ўлса киши бу сифат,
Хосият ўлур бу сифат оқибат.

Ҳусни ҳақиқийни гар ўтруда кўр,
Хоҳ ани кўзгудаву, гар сувда кўр.

Чун ғараз ул ҳуснға бўлди шуҳуд,
Кўзгуву сувға арода не вужуд.

Мунда киши қайдаву бебоклик,
Мумкин эмас ишқда жуз поклик.

Ишқ сени қилса, Навоий, ҳалок,
Пок эса ул ишқ ўлумдин не бок.

Соқий, ўлубмен, менга тут жон суйи,
Софию пок, ўйлаки ҳайвон суйи.

То ёқаву кўксум этиб чок ичай,
Ҳар нечаким бўлса, тўла пок ичай.

[XL]

ЎНУНЧИ МАҚОЛАТ

Ростлиқ таърифидаким, вужуд уйи бу туз сутун била барпой. Ва ул уй шабистони ҳаримида бу шамъи анвар мажлис орой бўлур. Ва эгрилик нафйидаким, агар эгри киши зулфдек симбарлар юзида ер тутарким, боши кесгулук. Ва агар аждаҳодек ганж   устида ҳалқа урарким,   ўлтургулук1

Ҳар кишиким, тузлук эрур пешаси,
Кажрав эса чарх не андешаси.

Ўқки, туз ўлди таярони анинг,
Бўлса ер эгри, не зиёни анинг?2

Йўл неча туз, йўлчиға мақсад қариб,
Хамлиғидин тушса йироқ йўқ ажиб.

Най туз учун истар ани аҳли ҳол,
Чун туз эмас, эгри кўрар гўшмол3.

Найза бўлуб тузлугидин сарбаланд,
Чирмош учун бандға қолиб каманд.

Шамъ бўйи туз келиб айвон аро.
Шоҳиди базм ўлди шабистон аро.

Эгри учуш бирла чу кўп айланиб,
Қайдаки парвона бориб ўртаниб.

Сарвким, ул тўғри чекиб қоматин,
Кўрмайин осиби хазон офатин.

Чирмашибон сунбули тар боғ аро,
Эгрилик онинг юзин айлаб қаро.

Туз дурур эгри қили то соз эрур,
Эгри бўлур эмдики, носоз эрур.

Бўлди чу мистар хатиға туз рақам,
Бошини олмас рақамидин қалам4.

Бир хати гар эгри тушар бир нуқат,
Нусхада ҳар сафҳададур эгри хат.

Қайси пари пайкари ҳури нажод,
Балки анга ҳуру пари хоназод.

Ким ўт эрур чеҳраи гулранг анга,
Даҳрни куйдургали оҳанг анга.

Гул уза ҳар хай гуҳари ноб ўлуб,
Балки бу хайдин гули сероб ўлуб.

Ҳар сари мушк узра хати мушк суд,
Хай нами зоҳир қилиб ул ўтға дуд.

Олғали эл кўнглини лутфи мизож,
Ўт била сувға берибон имтизож.

Бўлса латофат нечаким, они бор,
Ҳусну жамол ончаки, имкони бор.

Лек эмас бўлса қади сарфароз,
Бўлмаса гулзори аро сарви ноз.

Чекмаса туз сарви хиромонини,
Отмаса туз новаки мижгонини.

Ўйилмағай жонини ҳар зор анга,
Бўлмағай эл кўнгли гирифтор анга.

Тузмаса меҳробини аҳли ниёз,
Эгри боқиб рост эмасдур намоз.

Рост қалам халқ эрурлар салим,
Эгри дурур хатки, эмас мустақим.

Ростдур ул ким, назари тўғридур,
Ким илиги эгридур, ул ўғридур.

Бўлса илик эгрилик ичра самар,
Эл ани кесмакда туз этгай магар.

Кўзки эрур эгри анинг хилқати,
Бирни ики кўрмак эрур санъати.

Бирдин ўкун чун нима мавжуд эмас,
Кўрган ани икки эрур ширку бас.

Улки Сулаймон эди оти анинг,
Баҳри нубувват дури зоти анинг.

Салтанати даҳр уза маснаднишин,
Салтанати бирла нубувват қарин.

Қабзаи ҳукмида жаҳон кишвари,
Амриға инсон киби деву пари.

Фарши саропардаси ёзи ёбон,
Қуш паридин боши уза соябон.

Саҳни ҳавода тўшалиб мафраши,
Азмда ел хайли жанибаткаши.

Деву пари зумраи одам била,
Тобии амри эди хотам била.

Кимки эрур қайсару хоқони аҳд,
Қайсару хоқон не, Сулаймони аҳд.

Тахти уруб поя сипеҳр авжиға,
Тожи солиб сояни меҳр авжиға.

Боргаҳи торами азхар киби.
Хайли бу торам аро ахтар киби.

Жам била Заҳҳокча жоҳи анинг,
Икки Скандарча сипоҳи анинг.

Хайлу табаъ Ҳурмузу Хусрав анга,
Мулки Суланмонча қаламрав анга.

Лек Сулаймонға нечукким замон,
Хотам ила ҳукм этиб эрди равон.

Анга доғи гардиши чархи барин,
Салтанат ичра бериб андоқ нигин.

Ул нимаким, ҳар киши хонлиқ топиб,
Ҳукми анинг бирла равонлиқ топиб5.

Хатдин ўлуб анда доғи бу шараф,
Хатти бўлуб гавҳару хотам садаф.

Турфа буким, хаттин анинг рўзгор
«Ростию расти»6 этиб ошкор.

Қилмаса бу муҳр хати ёрлиқ,
Шоҳға йўқ ғайри гирифторлиқ.

Тузлук ўлуб охир анга дастгир,
Тузлук ила халқ анга фармонпазир.

Ҳар кишиким, истаса тузлукка ғавр,
Англадик ониким, эрур икки тавр:

Бир буки, туз бўлса кишининг сўзи,
Йўқ сўзиким, ҳам сўзию ҳам ўзи;

Бир буки, ёлғонға таассуф била,
Тўғри дегай сўзни такаллуф била.

Яхшидур аввалғиси худ бегумон,
Лек иккинчиси ҳам эрмас ёмон.

Ҳар киши ёлғонни деса, лек кам,
Бўлғай эди кош бу давронда ҳам.

Турфа замон аҳлиға биз мубтало,
Қим йўқ алар олнида чиндек бало,

Кимки қилур чинлик алардин ҳавас,
Қошлари устида топар чину бас.

Буки эрур куфр элининг мулки Чин,
Кўрким, эрур ғайрати хулди барин.

Лек бу чинликки, ҳақ этмиш ато ( ),
Кўрки улус олнида улдур хато.

Улки хато сўзига ойин эрур,
Зуъмида улким, бу хато чин эрур.

Кимки бу давронда қилур ростлиқ,
Йўқтур иши ғайри каму костлиқ.

Давр чу кажликка қилур иқтизо,
Сен тиласанг рост, эмастур ризо.

Туз иши йуқ гунбази давворнинг,
Ким хати туз келмади паргорнинг.

Ул кишиким, тузлук эрур шон анга,
Душман эрур гардиши даврон анга.

Хомаки, тузлукка эрур раҳнамун,
Кесилибон боши бўлур сар нигун.

Тузлук ила чун «алиф» урди сало,
Кўрки они остиға олмиш бало7.

Туз чекилур боргаҳ узра таноб,
Кўрки эрур бошдин-аёқ печу тоб.

Тузлук ила чунки шиҳоб урди гом,
Ўртади ўт бошдин-аёғин тамом.

Келди йилон жисмида печу шиканж,
Муҳрадур оғзидаву остида ганж.

Эгрилигидин кўрунур янги ой,
Андаки бўлмиш қадами чарх сой.

Мунчаки чирмош била дастордур,
Бош уза чиқмоққа сазовордур.

Йўқ-йўқ, эмас бўйлаки қилдим рақам,
Балки эрур барчаси саҳвул-қалам.

Эгрию туз васфи муқаққақ дурур,
Ботил эрур эгрию туз ҳақ дурур.

Шамъки, тузлук била масрур ўлур,
Гарчи куяр боштин-аёқ нур ўлур.

Барқки, эгрилик ўлубтур хўйи,
Гарчи ёрур, лек борур ер қуйи8.

То режа чекмас ерига боғбон,
Боғ ҳамон зебда жангал ҳамон.

Моласиз ул тухмки, деҳқон сочар,
Сувни тенг ичмас неча яксон сочар.

Неча мусаттаҳ эса кўзгу юзи,
Туз кўрунур шоҳиди маҳрў юзи.

Худ юзи гарчи мусайқал дурур,
Гирди узор анда мутаввал дурур.

Туз кўрунур меҳр чу турғон суда,
Эгри бўлур иштарак урғон суда.

Боштин-оёқ кимсаки, туздур сўзи,
Ёки бўёлғону ёвуздур сўзи.

Ул доғи бу иккиси беихтиёр,
Кимсага тақдир аро не ихтиёр.

Улки ҳабибим деди холиқ ани,
Дерлар улус мухбири содиқ ани.

Чунки анинг борча сўзи ҳақ дурур,
Ўтрусида эл сўзи «саддақ» дурур.

Қайси ҳабиб улки, фалак-хокидур,
Сидрау туби — хасу хошокидур.

Истаб анинг динини билгач яқин,
Уммат ўлурни русули мурсалин.

Сидқ ила урғонда сало уммати
Ояти «Каззобуна ло уммати».

Қолса азоб ичра бори коинот,
Бордур анинг уммати аҳли нажот.

Балки чу тортиб алами эҳтидо,
Истабон умматлиғини анбиё.

Кизб кетурган тили ё килкидин,
Хориж этиб ўзни русул силкидин.

Саҳв ила ёлғон демак эрмас ҳисоб,
Билгач ани чунки қилур ижтиноб.

Улки шиор айлади ёлғон демак,
Бўлмас ани эру мусулмон демак.

Нечаки жаҳд айласа козиб киши,
Бир-икки даст илгари борғай иши.

Ғофил эса халқ бу аҳволдин,
Воқиф эрур тенгри худ ул ҳолдин.

Элга неча махфи эса бу сифат,
Зоҳир этар ёлғон ўзин оқибат.

Кизб қилур бурноғи субҳ ошкор,
Нурини кўрким, нечадур пойдор.

Кимсага ҳар шевада қаллоблиқ,
Андин эрур яхшики, каззоблиқ.

Ҳар киши онт ичти шарорат била,
Кизб эса дафъ ўлди кафорат била.

Кимки ўзи айлади ёлғон сўзин,
Кизб, дер эл, чин деса, ёлғон сўзин.

Ранжға солғон бу хасорат они,
Айламас озод кафорат они.

Кимсага ёлғончи дебон қолса от,
Бу от ила чорласалар ўзу ёт,

Сидқ хитоби яна ёнмас анга,
Чин деса ҳам, халқ инонмас анга.

Кимки чини эл аро ёлғон дурур,
Ёлғони чинликка не имкон дурур?

Неча зарурат аро қолғон чоғи,
Чин демас эрсанг, дема ёлғон доғи.