Топ рейтинг www.uz
ИНСТИТУТДАН

           Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Адабиёт институти ҳамиша ўз илмий-тематик режаларида улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий асарларини, айниқса унинг «Хамса»си таркибидаги достонларни матншунослик жиҳатидан ўрганишга ва нашр этишга катта аҳамият бериб келди.
           «Хамса» достонлари ўтмишда, хусусан XV— XVIII асрларда қўлёзма ҳолида, сўнгги XIX аср охири ва XX аср бошларида тошбосма нашрларда халқ орасида тарқалди. Навоий «Хамса»сининг илк нашри тўла ҳолда Хевада (1880 йил), сўнгроқ Тошкентда (1904, 1905 йиллар)   амалга оширилган.
           Собиқ шўро даврида «Хамса» достонлари биринчи марта Тил ва адабиёт институти илмий ходимлари томонидан 1939—1940 йилларда бирмунча қисқартирилган ва шарҳланган ҳолда лотин алфавитида нашрга тайёрланиб, насрий баён билан ёнма-ён ҳолда эълон қилинди. Бу ишга Ғафур Ғулом, Солиҳ Муталлибов, Ғулом Каримов, Амин Умарий, Ҳусайнзода, Тўхтасин Жалолов каби шоир ва олимлар катта ҳисса қўшдилар. «Хамса» достонлари, «Ҳайратул-аброр»ни мустасно қилганда, 1948 йилда улуғ шоир таваллудининг 500 йиллигини нншонлаш билан боғлиқ равишда, насрий баёнларсиз янги — рус алфавитида иккинчи марта чоп этилди. Бу нашр ҳам оммавий нашр бўлиб, маълум даражада қисқартирилган ва етарли даражада илмий шарҳланмаган эди.
           Иккинчи жаҳон уруши арафасида Садриддин Айний Тил ва адабиёт институти билан боғланган ҳолда Навоий «Хамса»сининг қисқартирилган, тушиб қолган қисмлари мазмуни насрда берилган ва изоҳланган нашрини тайёрлади ва чоп эттирди. Бу китоб 1947 йили янгитдан нашр этилди.
           Алишер Навоий асарларининг илмий-танқидий матнларини тайёрлаш навоийшуносликда, хусусан унинг асарлари матнини илмий қатъийлаштиришда алоҳида аҳамиятга эга. Шу маънода биринчи марта «Хамса»нинг илк достони — «Ҳайратул-аброр» достонининг илмий-танқидий тексти С. Муталлибов, «Лайли ва Мажнун» достони илмий-танқиднй тексти Ғулом Каримов томонидан тайёрлангани муҳим ишнинг бошланиши бўлди. Бироқ, бу текстларнинг ўз вақтида эълон қилинмагани афсусланишга лойиқдир.
           «Хамса» достонларининг илмий-танқидий матнларини янги қўлёзмалар асосида янгитдан тузиш қирқинчи йиллар охири, эллигинчи йиллар бошида навоийшунос Порсо Шамсиев (1897—1972) томонидан бошланди. Олим 1956 йили «Сабъаи сайёр»нинг, 1963 йили «Фарҳод ва Ширин»нинг, 1970 йили «Ҳайратул-аброр»нинг илмий-танқидий матнларини эълон қилди. У «Лайли ва Мажнун», «Садди Искандарий» достонларининг илмий-танқидий матнларини ҳам тайёрлаган ҳолда уларни чоп этишга улгурмади.
           П. Шамсиевнинг Навоий достонларини нашрга тайёрлаш билан боғлиқ ишлари орасида «Хамса»ни тўла ҳолда 1959 ва 1960 йилларда чоп эттиргани фанда ва улуғ шоир меросини ўрганиш ва тарғиб этишда катта аҳамиятга эга бўлди. Бунда институтнинг етакчи матншунос олими бўлган Порсо Шамсиевнинг илмий фазилатлари янада тўлароқ намоён бўлди.
           Лекин Навоий асарлари, хусусан «Хамса» достонларининг том маънодаги илмий матнларини яратиш ва эълон қилиш мураккаб жараён. Бунинг учун матн тузиш ишига жаҳон қўлёзма фондларида мавжуд барча қимматли қўлёзмалардан фойдаланиш талаб этилади. Порсо Шамсиев «Хамса» матнлари устида тадқиқот олиб борган вақтларда эса бунинг имкони йўқ эди. Шунинг учун у «Хамса»нинг Иттифоқда мавжуд қўлёзма нусхалари асосидагина ишлашга мажбур бўлди. «Хамса»нинг чет эллардаги, хусусан, Париж, Стамбул нусхалари тадқиқотдан четда қолди. Шуни назарда тутиб, Адабиёт институти, Қўлёзмалар институти илмий ходимлари ҳозир олим бошлаган ишни давом эттирмоқдалар ва «Хамса» достонларининг янада мукаммал текстларини яратиш устида тадқиқот ишлари олиб бормоқдалар.
           Алишер Навоийнинг йигирма жилдлик «Мукаммал асарлар тўллами»ни яратиш муаммоси Адабиёт инситути илмий ходимлари олдига «Хамса» достонларининг илмий текширилган ва изоҳланган нашрини тузиш вазифасини қўйди. Бунда улар ўз устозлари — Порсо Шамсиев тузган матнларни асос қилиб олдилар аа текстларга маълум даражада тузатишлар ҳамда аниқликлар   киритишга   муваффақ бўлдилар.
           «Ҳайратул-аброр» достони матни, унга илмий изоҳлар филология фанлари доктори Абдуқодир Ҳайитметов ва филология фанларн номзоди Иброҳим Ҳаққулов томонидан тузилди.
           «Хамса» достонларини ушбу нашрда эълон этишга ҳисса қўшган матншунос олимлар ҳар бир достон юзасидан пайдо бўлиши мумкин бўлган танқидий мулоҳазаларни қуйидаги манзилгоҳга маълум қилишларини илтимос қиладилар: 700170, Тошкент, ИI. Мўминов кўчаси, 9. Адабиёт институти.