Топ рейтинг www.uz
XXI

Мажнуннинг ваҳшатлиғ элдин улфат риштасин узгони ва биёбон ваҳшийлари била унс навосин тузгони ва кийиклар била Навфал ови аро қолғони ва Навфал2 висол ваъдаси камандин анинг бўйниға солғони ва кийикларни озод қилиб они сайд  қилғони ва кўнглин овлағони1

Қилғон бу фасона ков-кови,
Бу қиссаға бўйла бўлди рови.

Ким, ёнди чу ҳаж тавофидин хайл,
Ҳар ким ватаниға айлади майл.

Мажнун атосиға ранжи жовид,
Ўғлидин ўлуб тамом навмид.

Забтини билибки мумкин эрмас,
Бефойда иш натижа бермас.

Авд этти тутуб жаҳонни ёши,
Маъюс бори уруғ-қаёши.

Девона дағи ёниб шитобон,
Қатъ айлаб тоғ ила биёбон.

Ҳар кун яна бир тараф хироми
Ҳар тун яна бир даман мақоми.

Не турғонида қарори онинг,
Не азмида ихтиёри онинг.

Йўқ ҳеч сўз айтмоққа майли,
Айтур сўзи бу қадарки: «Лайли».

Ҳам Лайли ўлуб тилида зикри,
Ҳам Лайли ўлуб ичида фикри3.

Ҳарён назар этса ошкоро,
Лайли назарида жилва оро.

Тасвир этибон юзи хаёлин,
Кўзга киюруб қади мисолин.

Иккисига чун қилиб тааммул,
Сарв узра гул айлабон тахайюл.

Ҳам сарвнинг олида қўюб бош,
Ҳам ул гул учун равон қилиб ёш.

Лайли ғамидин қилиб тафаккур.
Юз байту ғазал деб ўйлаким дур.

Ҳам қофияси анинг сифоти,
Ҳам барча радифи онинг оти.

Эшитгач ани ғамину дилшод,
Юз завқу нишот ила тутуб ёд.

Абётиға маъни оташолуд,
Назми чиқориб димоғидин дуд4.

Ҳар лафзида шавқ ҳарфи мубҳам,
Ҳар ҳарфида ишқ сирри мудғам.

Ул назм илаким тузуб навойи,
Солиб улус ичра ҳой-ҳойи.

Пажмурдаға жон мулосиқ айлаб,
Афсурдани зору ошиқ айлаб.

То ҳуш димоғиға солиб тоб,
Абъёт деб ўйлаким дури ноб.

Чун монии ҳуш ўлуб жунуни,
Ёва сўз ўлуб анинг фунуни.

Эл ҳарне такаллум этса билмай.
Ўз сўзини доғи фаҳм қилмай.

Ўртаб кўнглин жунун ғам ичра,
Ҳардам солиб ўзга олам ичра.4

Келмай нафасе ўзига ҳуши,
Саҳро вуҳуши киби хуруши.

Не йиғлариға ғазаб муайян,
Не кулмагига сабаб муайян.

Рухсори тапонча бирла мажруҳ,
Аъзосида йўқ нишонаи руҳ.

Бу ҳолатидин гаҳи қилиб ҳавл,
Ўз ҳолиға айлар эрди лоҳавл.

Ул нақшни ёна ишқи бебок,
Филҳол юр эрди кўнглидин пок,

Тоғ ичра уни тушуб сабодек,
Қум узра тани қуруқ гиёдек.

Ёшлардек этиб йиғию фарёд.
Қилмай ато-аносин, вале ёд.

Ёр айлабу ошно балони,
Соғинмай ёру ошнони.

Андуҳ еб, этиб жафо майи нўш,
Ичмак-емаги бўлуб фаромуш.

Кўз ёшидек ўлмай орамида,
Жайран киби халқдин рамида.

Нафс итлигидин кечиб тамоми,
Дашт узра кийик мутиу роми.

Ҳар қумғаки мақдами етишиб,
Бир дашт кийик анга эришиб.

Гирдида кийик, тўла ябони,
Ул ўртада ўйлаким шубони.

Гоҳи ўпубон мунунг жабинин,
Гоҳи силабон анинг суринин.

Ҳарён бўри посбон итидек,
Йўқ, йўқ, не дедим, шубон итидек.

Бу даштқаким тушуб гузори
Ким, кўкка етиб фиғону зори,

Навфалки Арабда эрди нодир,
Тиғиға қадар, ўқиға қодир.

Яхшилиқ ила Арабда мавсум,
Оромгаҳи бу марз ила бўм.


Ул кун қилибон ҳавойи нахчир,
Ов амриға қилмиш эрди тадбир.

Ҳар   хайлдин   эл   қилиб   мураттаб,
Саҳро сори сурмиш эрди маркаб.


Чарга аро қолмиш эрди Мажнун5,
Даврида кийик ададдин афзун.


Ҳар сайдки ул сипаҳни кўрди.
Тўш-тўшдин анинг сори югурди.

Борисиға иш анга ялинмоқ,
То мумкин анинг сори сиғинмоқ.

Навфал кўруб ул хилофи одат,
Ҳайрат анга ажз этиб зиёдат.

Сўрди элидинки: «Бу ғаробат
Ким, кўнглум аро солур маҳобат.

Сиз ҳам кўрасизму, йўқса йўқму,
Ё келди менинг кўзумга-ўқму?»

Ул хайлда баъзи эрди ҳамроҳ,
Мажнун ишидин саросар огоҳ.

Навфал қошида суруб ҳикоят,
Ул қиссани қилдилар ривоят.

Навфал дағи ишқ кўрган эрди,
Ғам дашти аро югурган эрди.

Бу ишники билди йиғлади зор,
Ул сайд қилурдин ўлди безор.

Дедики: «Не кимиё эрур ишқ,
Не бориқаи зиё эрур ишқ.

Ким, ҳар кишиники қилди ғамнок,
Ғашдин қилур ўйла қалбини пок,

Ким ваҳшки бўлмас эл била ром,
Саҳро аро тутмас онсиз ором.

Ишқ ўйла вужудин оритибдур,
Андоқ башарияти итибдир

Ким, ваҳшға йўқ қошида даҳшат
Чун кетти башарлиқ, итти ваҳшат».

Тарк айлади сайдға жафони,
Элга деди: «Ташланг ўқу ёни,

Ҳам итлигингизни ташлангиз чуст,
Ҳам итларингизни боғлангиз руст!»

Чун хайлиға қилди бўйла аҳком,
Тушти, дағи қўйди ул тараф гом.

Мажнун кўруб они ошноваш,
Келмаклиги келди кўнглига хуш.

Гарчи даду дом қилдилар рам,
Мажнуни рамида турди бирдам.

Етгач Навфал, салом қилди,
Мажнун анга иҳтиром қилди.

Дедиким: «Аё хужаста дийдор,
Чеҳрангда хужасталиқ падидор.

Ҳам меҳри сафо юзунгда толиъ,
Ҳам нури вафо энгингда ломиъ6.

Юз ком санга насиб келди,
Сендин кўзума ғариб келди

Ким, ғофил улус киби чекиб ўқ,
Ваҳш этидан ўзни истамак тўқ.

Чун йўқ бу ғизоға иҳтиёжинг.
Озор недин тилар мизожинг.

Ким, нафс нишотиға чекиб хайл,
Қон тўккали кўнглунг айлагай майл.

Бу зулм ила ул ғизому бўлғай,
Сендин бу сифат равому бўлғай?

Гар урса тикан аёғинга неш,
Кўнглунг аёғинг учун бўлур реш.

Не мазлама ёйин ўлди қурмоқ,
Ўқ чекмаку жониварни урмоқ?

Ҳақ берди буларға доғи жони,
Ойини ҳаётдин нишони.

Бу неча рамида жонидин кеч,
Бежурм гуруҳ қонидин кеч!».

Навфал кўруб ул каломи дурпош,
Ер ўптию қўйди олида бош.

Дедиким: «Аё фаришта пайванд,
Келмай сифатинг башарға монанд!

Бу сўзки муродинг эрди билдим,
Ҳарнеки дединг қабул қилдим.

Жонимға раво кўрай қилич, ўқ,
Лекин бу сурук рамидаға йўқ,

Чун сен қилдинг ҳикоят изҳор,
Эмди манга ҳам ҳикояте бор».

Мажнун анга берди буйла посух,
Ким:   «Айтқил,   эй   жамоли   фаррух».

Навфал  деди:  «Улки қилдинг иршод
Қил, қилма рамидаларға бедод.

Билдим нафасинг ҳаловатини,
Қўйдум борининг адоватини.

Сенким, элдин қилиб жудолиқ,
Қилмишсен аларға ошнолиқ.


Йўқ эл била улфатинг зиёдат,
Бу иш ҳам эрур хилофи одат.

Инсонки эрур чароғи биниш,
Бал чашму чароғи офариниш7.

Андин ўзин айламак рамида,
Ҳайвон била бўлмоқ орамида.

Ақл олида бесабаб кўрунди,
Сендин манга бас ажаб кўрунди.

Андоқ дедиларки: «Гулузоре,
Солмиш юрагингга хорхоре8.

Гар андоқ иш ўлғон эрса ҳодис,
Бўлғон эса мундоқ ишга боис,

Бўлғил бу рамидалардин озод,
Кезгил неча кун менинг била шод.

Ул ердаки зору мубталосен,
Ғам домида бастаи балосен.

Имкони боринча айлайин жаҳд,
Токим қилай они санга ҳаммаҳд.

Ер тутмаса нақду молу дархост,
Ҳарсори сипоҳ ишин қилай рост.


Ё туҳфау моли хост бирла,
Ул бўлмаса зарби рост бирла.

Гар даври фалак муовин ўлғай,
Ҳар навъ билаки мумкин ўлғай.

Бу уқдадин истабон кушодинг,
Коминг била еткурай муродинг.

Гар бўлмаса ул ғараз муяссар,
Бордур худ анга эваз муяссар.

Фарзанд қилай сени ўзумга,
Миннатни қўяй ёруқ қўзумга.

Лекин даду домдин чекиб гом,
Тутқил бу рамида бирла ором.

Одам била ваҳш келди кам жинс,
Одамға ҳам одам ўлди ҳамжинс.

Гар ёр висоли ўлса коминг,
Бу ишда керакдур эҳтимоминг».

Чун васл сўзин эшитти Мажнун,
Шавқ ўлди бурунғидин ҳам афзун.

Хушҳоллиқ этти они беҳол,
Беҳоллиқ этти нутқини лол.

Юз саъй била қилиб такаллум,
Кўзида сув, оғзида табассум.

Деди: «Неким айладинг хитобим,
Борисиға бор эди жавобим.

Чун васл сўзин дединг унуттум,
Ул барчасидин канора туттум.

Бу ваъдаки қилдинг ошкоро,
Бўлмаса вафосиға мадоро.

Юзумдурур ашҳабинг тувоғи9,
Бошимдурур маркабинг аёғи».


Икки сори мундоқ ўлғоч озарм.
Бир-бирларини сўруштилар гарм,

Ул пояда ихтилот бўлди,
Ким мужиби юз нишот бўлди.

Чун васл ила берди муждагони,
Навфал олиб уйга борди они,

Эй ҳажрда жисми нотавонинг,
Чун муждаи васл топти жонинг.  

Гар васл иши маҳолвашдур
Филҳол бу мужда бори хушдур.

XXII

Навфалнинг Лайли гавҳарин Мажнун иқди силкига тортар учун гавҳардек сўзлар назм силкига тортиб Лайли атосиға йиборгони ва анинг сўз гавҳарин ушотиб пайванд риштасин узгони ва Навфал сипоҳ чекиб, ул доғи адоват ясолин тузгони ва кин арсасиға от суруб дов тилашгонлари ва фалак мансубаларидин бир-биридин қойим   айрилишқонлари   ва берк   ерлар ҳисор   қилиб тушгонлари1

Бу дашт тай айлаган мусофир,
Бу навъ этти фасона зоҳир.

Ким, ёр ўлуб ул ики ягона,
Чун бўлдилар уй сори равона.

Навфал тилади неча суханвар,
Ҳар мушкил иш ичра ройи анвар,

Шарҳ айлаб аларға сурати ҳол,
Лайли ҳашамиға қилди ирсол.

Айлаб атосиға бўйла пайғом:
«Кей тавсани бахту толеинг ром!

Қайс улки Арабда бебадалдур,
Ҳар фазлда эл аро масалдур.

Лайли сари ишқи пок пайванд,
Қилғон эмиш они орзуманд.

Ифрот ҳаёву инфиоли,
Қўймай қилуриға шарҳ ҳоли.

Қавму хайлин унутқон эрмиш,
Ул ишқ ила дашт тутқон эрмиш.

Савдо аро бўлмиш ўйла мафтун
Ким, эл дер эмишлар они «Мажнун».

Хайлинг аро касби илм қилмиш,
Оламда не илм бори билмиш.

Сен доғи ишин билур эмишсен,
Дойим сифатин қилур эмишсен.

Бўлғонда бу ишқ мубталоси,
Не фикрни айламиш атоси.

Гар худ санга эрмас эрди фарзанд,
Фарзандинга худ бор эрди монанд.


Сен доғи илик чекиб ишидин,
Аҳволини англамай кишидин,

Қўймишсен они асири андуҳ
Ким, тутмиш гаҳ дашт, гаҳи кўҳ.

Мундоқму бўлур мурувват охир,
Мардумлиғ ила футувват2 охир.

Ўткандин шиква қилса бўлмас,
Ҳар негаки ўтти етса бўлмас.

Мен дашт аро тилаб нишони,
Уйга кетурубмен эмди они.

Этибмен ўзумга ёру фарзанд.
Бўлмиш яна воқифу хирадманд.

Эмди будур илтимос дархост
Ким, қилсак иков никоҳ ишин рост.

Кўз устида улча расму ойин,
Жон ўртада улча ақду кобин.

Дур тож ўза айбдин йироқдур,
Лаъл ўлса ёнида яхшироқдур.

Гар тўлғар эсанг бўюн бу ишдин,
Ваҳм айлагасен кўнгул қолишдин».

Бу сўз била кўп бериб табаррук,
Айлаб алар ул сори таҳаррук.

Лайли атоси ҳам ўлғоч огоҳ,
Мажлис ясабон нечукки дилхоҳ.

Пайғом аҳлини айлаб икром,
Пайғомини айлаб аҳли пайғом.

Сомиъға қатиғ келиб бағоят,
Тўлғонди ўзига бениҳоят.

Бевақт ўлуб этти бўйла тақрир,
«Ким, мундоқ эмиш азалда тақдир

Ким, ул бути чину моҳи фархор,
Бу боғда гар гул ўлса, гар хор.

Бир ўзга муҳиб ҳабиби бўлғай,
Ўзга кишининг насиби бўлғай.

Алқисса қазойи осмони,
Еткурди яна бировга они.

Гар бўлмаса эрди ҳам бу сурат
Йўқ эрди манга басе зарурат

Навфал сўзига итоат этмак,
Ҳар ишгаки амр қилди етмак.

Хоссаки қилиб сўзини тақсим,
Бир қисмин умед этиб бирин бийим.

Уммед ила кўнглум айлагай хуш,
Бийми била хотирим мушавваш.

Ул ойки асири беададдур,
Бу лаҳза бировга номзаддур.

Гар топса бу сўзидин надомат,
Ул норию биз бери саломат.

Бу сўз била топмас ўлса таскин,
Гар лутф аён қилур, агар кин.

Лутф айласа фориғ ўлтуруббиз,
Кин кўргузур ўлса ҳам туруббиз.

Андоқ дағи бўлмасун анга фаҳм
Ким, кинидин этгумиздурур ваҳм.

Разм айласа азм қилғумиздур,
Азм айласа разм қилғумиздур».

Сўзни чу бу ерга хатм берди,
Деди: «Борингизки сўз бу эрди!»

Қўптилар ул эл топиб хижолат,
Навфалға кетурдилар малолат.


Навфалға чу бўлди қисса маълум,
Бўлди бу хабардин асру мағмум3.


Ул навъки ваъда қилмиш эрди,
Бу иш бўлурини билмиш эрди.

Жамъ айлади ҳар қабиладин хайл,
Филҳол урушқа айлади майл.


Мажнунни қилиб ёнида ёвар,
Ўт остида ел киби таковар.

Ҳам тўниға еткуруб шамома,
Ҳам бошиға чирматиб амома.

Ул ҳарне қилурдин ўлмай огоҳ,
Гаҳ нола қилиб, гаҳи чекиб оҳ.

От қай сариким борур дам урмай,
Турса дағи йўл юрурга сурмай.


Тайёр қилиб сипоҳи жаррор4,
Жаррорлиқ ичра барча тайёр.


Мажнун иши саъю ҳийласиға.
Сурди Лайли қабиласиға.

Огаҳ бўлғоч алар доғи бот,
Ойини жалодат айлаб исбот.

Ҳарён киши чоптуруб йиғиб эл
Ким, амрида маҳкам айлабон бел.

Ўтру чиқибон адувға ҳоли,
Кўшиш била туздилар ясоли

Ким фаҳм этиб ўйла қаҳру кинлар,
Чарх айлади ҳардам офаринлар.

Навфал черики доғи чекиб саф,
Усрук тевалар киби сочиб каф.

Бу навъ ики силоҳи ҳунрез,
Қон тўккали барча ваҳшатангез.

Бир-бирга етиштилар ғазабнок,
Қатл этгали барча тунду бебок,

Маркаб ели арсани супурди,
Озарм гияҳларин совурди5.

Андоқки ёғин ёғар баҳорон,
Майдонға сув урди тийр борон

Дашт узра эгаргучи ҳаюнлар,
Ошубда ўйлаким қуюнлар,

Печ урмоқ ишида ҳар синони,
Бошин киши янчғон йилони.

Дол ўлди синони шед янглиғ,
Ҳайат била барги бед янглиғ6.

Иттик қилич истаб эл ҳалоки,
Бош қирқар учун нечукки поки.

Поки киби тезлик қилиб фош,
Қирқиб, лекин соч ўрниға бош.

Ўқ тойириким учуб ҳавоға,
Йўл ҳайати кўргузуб балоға.

Чун учқали очилиб қаноти,
Аъдо танидин ўчуб ҳаёти.

Пайконлар ўлуб ҳавоға мойил,
Юз кавкаби наҳс барча қотил.

Ҳар танғаки марг ўтини ёқиб,
Умр ахтари турмайин уёқиб.

Ҳар сори шиҳобвор ҳарба,
Чун майл қилиб тамом зарба.

Бўлса зириҳ андоқ ўтуб андин
Ким, игна ҳариру парниёндин7.

Ханжар қилиб ўзни муттасил тил,
Қон тўкмак этиб они қизил тил.


Ул захми забон ила ҳамеша,
Эл бағрини ёрмоқ анга пеша.

Гурз айлаб ўзин улусға саркўб,
Эл мағзида ҳардам андин ошўб.

Ногаҳки зуҳур этиб хилофи,
Бош косалари бўлиб ғилофи.

Наъра била кирди абри ғуррон,
Ул абрға барқ тиғи буррон.

Ул абри бало, бу барқи офат,
Андин бори даҳр ғарқи офат.

Остида ҳаюни ваҳшатангез,
Ел ўйлаки, абрни қилур тез.

Парранда хажанги жавзи ҳурдум,
Сайр амрида ражъат ичра анжум.


Суръат аро барқдин дарахши,
Ражъат аро барқ гом рахши.

Рокиб анга қатлдин уруб дам,
Пархош куни8 нечукки Рустам.


Ҳар бир араби таассубойин,
Равшан қилиб онча шуълаи кин

Ким, кўкка бўлуб шарори пайваст,
Дарё суви айлай олмайин паст.

Бу навъ ики сипоҳи қотил,
Бир-бирга чу бўлдилар муқобил.

Навфал сипаҳи қалинроқ эрди,
Қаҳрининг ўти ялинроқ эрди.


Аъдоси бу шуълани кўруб гарм,
Фарз ўлди тариқи ҳазму озарм9.


Чун бор эди элга бийми офот,
Ер беркига мойил ўлдилар бот.

Гўё бўлуб эрди кун доғи кеч,
Бир сори шикаст тушмади ҳеч.

Навфал дағи ёнди шоду хуррам,
Ер топти сипаҳ тушарга маҳкам.

Чун икки черикка бўлди таскин,
Кин аҳлиға зоҳир ўлди бас кин

Зулмат сипаҳи чу солди соя,
Анжум юрутуб анга талоя.

Чин хусрави қилди тарки авранг,
Ер юзини тутти хусрави занг10.

Ул икки сипаҳ қилиб мадоро,
Ҳазм ўлди аларға ошкоро.

Ҳар сори талоялар равона,
То тонгла не айлагай замона.

Эй ишқ элининг силоҳ шўри,
Келди манга ғам сипоҳи зўри.

Тут майки дами фарах топойин,
Ул хайлға бош яланг чопойин.

XXIII

Лайли атоси ўз хайлин Навфал сипоҳи қошида забун кўруб, адувға чеккан тиғни ўз жигарига урмоқ истагони, яъни Лайли қонин оқизай дегони ва ул қуёшни Мажнун тишта кўруб, заволини равшан қилғони ва мотамзада тундек Навфал олдида ахтари ашкин оқизғони ва Навфалнинг ўти таркин тутуб ёнмоғи1

Роқимки узотти тил синонин,
Бу навъ эвурур қалам инонин

Ким, ул кун уруш чу бўлди қойим,
Қўнмоққа сипоҳ бўлди нойим.

Навфал чу урушқа эрди толиб,
Хасми сори бўлди ваҳм ғолиб.

Лайли атоси кўруб элин суст,
Чора сори боғлади белин руст.

Чорлатти равон уруқ-қаёшин,
Солди ораға ул иш кенгошин.

Кўп гуфту шунид ароға тушти,
Кўп тул бу можароға тушти.

Охир мунга қилди сўзни кўтаҳ,
Ким: «Эл қочибон наузбиллаҳ2.

 Навфал сори бўлса фатҳ ёвар,
Сурса ҳашамим сори таковар,

Ҳукмин сурубон амирлардек,
Лайлини чекиб асирлардек,

Хайлим ара солса бўйла афсус,
Тушса қара ерга нангу-номус,

Ул лаҳза ажаб бало бўлур иш,
Ё ўлмаку ё жало бўлур иш.

Бўлур қаро ер тубига бормоқ,
Бўлмас араб ичра бош чиқормоқ.

Бўлғунча бу навъ амри нохуш,
Бир фикр келур басе манга хуш

Ким, тонгла ул ойни ҳозир айлай,
Бир дамда ишини охир айлай.

Ўқ игнасидин тикай либосин,
Ханжар суйидин эзай ҳиносин.

Туфроққа солай қади ниҳолин,
Ерга киюрай қоши ҳилолин.

Ҳар неча кўзум чароғи улдур,
Жоним тару тоза боғи улдур.

Офат елидин ўчуб чароғим,
Торожи хазонға қолса боғим,

Хушроқки адувға ком бўлғай,
Номус манга ҳаром бўлғай».

Чун сўзни бу ерга айлади банд,
Таҳсин этиб ўлди барча хурсанд.

Навфал сори нусрат эрди ҳосил,
Хайли сипаҳи эди қавий дил.

Мажнунға ғариб ҳолат эрди,
Гаҳ завқу гаҳи малолат эрди.

Чун ёр висолин айлабон ёд,
Кўнгли бу умид ила бўлуб шод.

Лек ўлмоғи ёр хайли мағлуб,
Кўнглин анинг айлар эрди манкуб.

Ошиқлиқ иши эрур забунлуқ,
Меҳнат чаҳи ичра сарнигунлуқ.

Бедилни енгиб эди бу қайғу
Ким, бахт кўзига солди уйқу.

Кўрдики келур нигори зебо,
Боштин-аёғиға хаззу дебо3.

Йўқ, йўқ, не нигор, сарви гулчеҳр,
Не сарв, не гулки, ғайрати меҳр.

Кўз чашмасида зулоли беғаш,
Жон   гулшанида   ниҳоли  саркаш.

Саҳройи латофат ичра лола,
Не лолаки, мушкбў ғазола.

Дарёйи малоҳат ичра гавҳар,
Гавҳар неки, акси меҳри ховар.

Кўз мардумидек кўнгулга ёққан,
Яъники ҳамеша ашки оққан.

Ҳажр ўтида шамъи оламафрўз,
Яъники иши гудоз ила сўз.

Кўз ёшини субҳдек ёшурғон,
Яъни гули меҳрдин дам урғон.

Сабрини оқизғон ашк сайли,
Яъни маҳу меҳр рашки Лайлн.

Ҳам оғзида оҳи иштиёқи,
Ҳам савтида навҳан фироқи.

Етгач алиф қадин қилиб дол,
Мажнунни аёғин ўпти филҳол.

Сўнгра қучушурға бўлди мойил,
Бўйниға қўлин қилиб ҳамойил.

Дедиким «Аё: рафиқи жони,
Йўқ, йўқки, аниси жовидони.

Ишқингда отам яроқ қилмиш,
Эл ҳам бори иттифоқ қилмиш.

Ким, қатлима тонгла айлаб оҳанг,
Қоним била ерни айлагай ранг.

Меҳримға қарин завол қилғай,
Қонимни шафақ мисол қилғай.

Меҳрини шафақваш этса қоним,
Ер остини айлагай маконим.

Ишқингда манга бу эрди мақсуд
Ким, кўрсам ўзумни анда нобуд.

Даврон бу муродима етурди,
Не истадим олима кетурди.

Ишқингда не орзуки эттим,
Ул навъки комим эрди еттим.

Тушти менинг олима ажаб йўл,
Сен яхши қол эмдию тирик бўл»

Бу сўз била кўздин оқизиб рўд,
Девонаси бирла қилди падруд.


Мажнунға дегач бу сўзлар ул ой,
Сесканди анингдек айлабон: «Вой!»


Ким, ўчти улус кўзидин уйқу,
Эл ҳайрат этибки: «не эди бу».

Мотамзадалар киби ўкурди,
Навфал сори ашкидек югурди.

Етгач ер ўпуб сўз этти оғоз:
«Кей хасмға ғолибу сарафроз!

Тенгри учун эмди чекмагил тиғ,
Қўй, кинаю разм қилмоғил биғ!

Ким, тиғннг этар кўнгул шигофи,
Жон қасди этар анинг масофи.

Тонгла яна разм тузма охир,
Пайванди ҳаётим узма охир!

Кин ёнин иликдин айлагил йўқ
Ким, жонима тегмагай менинг ўқ».

Ҳайрат била Навфал этти тафтиш
Ким, эрди хилофи одат ул иш.

Арз айлади кайфиятини Мажнун,
Навфалки эшитти, бўлди маҳзун.

Жазм эттики: «Бу қазия чиндур,
Мажнун туши бегумон яқиндур»4.

Англаб эди кўнглининг сафосин,
Бал ойинаи жаҳоннамосин

Ким, айламас анда ошкоро,
Жуз сидқ жамоли жилва оро.

Чун тун араби мусофирона,
Ҳар сори тушурди хайлхона.

Кўк мазраи ичра бетаваҳҳум,
Оқ уйини тикти турки анжум5.

Ҳам бу хабар ўлди элга таҳқиқ,
Эл барча қилиб сўзига тасдиқ.

Навфал ҳашамиға қўйди юз бот
Ким, етмагай ул санамға офот.

Мажнун дағи қилди дашт азми
Ким, фатҳ қарини бўлди разми.

Эйким, манга ҳамдаму қаринсен,
Муставжиби юз минг офаринсен.

Бандангмен, агар қилиб мени ёд,
Бошингдин эвуруб этсанг озод.

XXIV

Мажнуннинг Навфалдин айрилғони ва бодпойин девбоддек суруб, бодия азми килғони ва Зайд2ға йўлуқуб аҳволин маълум этгони ва анга етган бедоддин мунунг ҳам кўнглига алам етгони ва анинг истирзоси учун ҳарне борин анга бериб, Лайли ҳашами кўчган ерга кетгони1

Бу сафҳани айлаган мунаққаш,
Сўзга бу сифат бўлур рақамкаш:

Ким, ёнди чу Навфали вафокеш,
Лайли эли бўлди фикратандеш

Ким, Навфал иши ажаб кўрунди,
Ёнмоғлиғи бесабаб кўрунди.

Ваҳм айладиларки; «Макр этгай,
Ғофил қилибон бошиға етгай».

Ул даштдин эттилар равон кўч,
Қилғон киби ҳажға корвон кўч.

Боғланди чу бухти узра маҳмил,
Оромгаҳ ўлди ўзга манзил.

Ул толии корсоз бўлғон,
Аъдосиға сарфароз бўлғон.

Бош тортғон ўйла шамъ бахти
Ким, куйган уйию барча рахти.

Иқболи саманди секриган чуст,
Туфроқ уза они ташлаган руст.

Бахти чаманида бутган ул вард
Ким, бошиға атридин етиб дард.

Яъни Мажнуни дил рамида
Борур эди бўлмай орамида.

Ногоҳ йўлуқти дардманде,
Етган анга даҳрдин газанде.

Мажнун кўруб анда ғам нишони
Ғамгин   бўлдию   сўрди   они3.

Ким: «Чарх не иш бошингға солди.
Ким бўйла гириҳ қошингға солди?

Мендек не учун малолатинг бор,
Де, тенгри учун не ҳолатинг бор?»

Ғамгин чекиб оҳи дардпарвард,
Бу навъ дедики: «Эй жувонмард!

Мен, мен араб ичра хоксоре
Бемояу тийра рўзгоре.

Ул пояда ажзу бенаволиқ,
Ким рўзи учун қилиб гадолиқ.

Лайли ҳашами менинг паноҳим,
Ул ҳай туфроғи такягоҳим.

Ул хайл отим хитоб этиб Зайд,
Бир хайли аёл этиб мени қайд.

Бу вақтки Навфали жафогар
Мажнунға бўлуб мутиу чокар.

Оразмға садди роҳ чекти,
Лайли элига сипоҳ чекти.

Ҳеч иш бўлмай арода воқеъ,
Бўлди яна манзилиға рожеъ.

Лайли эли ваҳм этибки ногоҳ,
Ул вақтки ўлмаса эл огоҳ

Ғофил қилиб элни эмди кетгай,
Ёнғай дағи этгай улча этгай.

Борди эса ихтиёр иликдин,
Очилмас иш ул замон биликдин.

Журъатдин эрур нишот қилмоқ,
Лекин керак эҳтиёт қилмоқ.

Машъуф ўлубон бу нукта дерга.
Чектилар улусни берк ерга.

Чун қилди қабила аҳли шабгир,
Тун олам аро сочар эди қийр.

Чун кўч элидин назарни ёздим.
Очқунча юмуб назарни оздим.

Манзилда бўлуб алар қарори,
Мен тушган эмишмен ўзга сори,

Чун меҳр саҳар йўлин ёрутти,
Икки тевалик йўлумни тутти.

Навфал сипаҳини тарқатиб жазм,
Қилғон эмиш уйга ул иков азм.

Тутмоқ мутааззир эрди гўша,
Анбончада ҳарне эрди тўша4.

Олдилару икки, уч дирам ҳам,
Бал ҳарне бор эрди бешу кам ҳам.

Бу онча эмас эдики ёна,
Чектилар иковла тозиёна5:

«Нақдингни нетибсен, айтғил!» деб.
«Кўмган ери сори қайтғил» деб.

Урмоқ била жисмим айлабон реш,
Чун топмадилар нима каму беш.

Солдилару қилдилар азимат,
Мен фурсатни билиб ғанимат,

Гом урғали бу тараф ошуқтум,
Токим санга бу замон йўлуқтум.

Сен доғи агар алардин ўлсанг,
Саҳрода киши талардин ўлсанг.

Йўқ кисада нақддин нишоним.
Бордур керак эрса нақди жоним».

Мажнун эшитиб бу можарони,
Отдин солиб ўзни, қучти они.

Йиғлаб деди: «Эй рафиқи мажруҳ!
Нетгай санга айласам фидо руҳ?

Жоним баданинг шифоси бўлсун,
Бошим қадаминг фидоси бўлсун6.

Навфал элидин не бўлса ҳодис,
Мажнун анга ўлғон ўлса боис.

Мажнун мени тийра рўзмен бил,
Тиғ ол, неки хотиринг тилар қил.

Жисмим тилаганча айла ёра,
Кўнглумни худ айла пора-пора.

Ваҳм этма бу ишда тангдилмен
Ким, ҳарнеки айласанг биҳилмен7.

Гар қатлима айламассен оҳанг
Ким, олам элигадур бу иш нанг.

Ҳам нақдинг учун эваздур отим,
Ҳам ўзга жиҳотинга жиҳотим»,

Деб ҳарнеки киймиш эрди сўйди,
Мажмуин анинг қошиға қўйди.

Ҳам қошиға чекти бодпойин.
Қолқону қиличу ўқу ёйин.

Кўп бўйла қилиб рамидадиллиқ,
Ўпти аёғин тилаб биҳиллиқ,

Дедики: «Агар азимат этсанг,
Лайли ҳашамиға ёна етсанг.

Не тил била де, етур саломим,
Ё бўйлаву бўйла де паёмим.

Ким, онча менинг хижолатим бор,
Ул пояда саъб ҳолатим бор.

Ким, мумкин эмас такаллум этмак,
Худ бўлмас ани таваҳҳум этмак.

Бўлдунг чу балода раҳшуносим.
Бордур санга мунча илтимосим

Ким, ёр қабиласин эришгил,
Қай сорики бордилар етишгил.

Ҳам олма юзунгни ул макондин,
Бошингни дағи ул остондин.

Жисминг ул эшикда хоксор эт,
Шукронаға жонни ҳам нисор эт.

Жон бергали бермаса кўнгул ёр,
Менда доғи жон била кўнгул бор.

Иккисини санга топшуромен,
Туфроғ аро танни ёшуромен.

Жоним эшигида айла помол,
Кўнглумни итининг олиға сол».

Они бу фасона айлабон8 тез,
Эшитгучи кўнгли ҳайратангез.

Билгач ўзин, англабон каломин
Ер ўптию қилди эҳтиромин.

Дедиким: «Аё гузини айём,
Ишқ ояти ичра ҳарфи идғом!

Ул ҳажр тунига субҳи уммед,
Не субҳи умед, меҳри жовид,

Меҳрига саодат авжи матлаъ,
Исмат ҳулали юзига бурқаъ.

Ул навъ ғамингда нотавондур
Ким, элга ҳадиси достондур8.

Ҳам оғзи аро сенинг мақолинг.
Ҳам кўнгли аро сенинг хаёлинг.

Гар қилсанг ишоратики, сурсам,
Сендин хабари анга етурсам.

Бу муждадур анга жондин ортуқ,
Бал ҳарнеки дермен ондин ортуқ.

Неким манга сен риоят этсанг,
Мунча нимаким иноят этсанг,

Сендин анга айтсам фасона,
Ул бергуси икки мунча ёна.

Ҳар сўз десанг анга еткурурмен,
Амр ўлса жавоб келтурурмен.

Ҳам ком топар ики дилором,
Ўртада манга дағи етар ком».

Мажнун деди: «Эй рафиқу ҳамдам!
Жонбахш даминг ярамға марҳам,

Ҳижрони тилимни лол этибдур.
Сўз дерни манга маҳол этибдур.

Лекин чу ишимни сўрдунг охир,
Ҳолим бу дурурки кўрдунг охир

Ким, мен мени дардманди маҳжур,
То бўлғай отим қошингда мазкур.

Сен чунки бу ёрлиқ қилурсен,
Ҳарне дер эсанг ўзунг билурсен.

Ойини вафо шиоринг ўлсун,
Бор эмдики тенгри ёринг ўлсун»

Зайд ўлди фалакрав узра рокиб,
Сурди андоқки нажми соқиб9.

Ул тез қабила сори сурди,   
Мажнун дағи ёнди пўя урди.

Ул ерга дегин югурди жондин
Ким, кўчмиш эди қабила ондин.

Эй ёри манозили насими,
Жон атри берур даминг шамими.

Етгач бу шамим бехуд ўлдум,
Жонон хабарин де, йўқса ўлдум!

XXV

Қуёш чашмаси саратон макони бўлғондаким, ҳарорат фартидин ҳаво ҳубоб2 сардоба3ларида пинҳон ва ўт хоро мусомот4ида ниҳон бўлурда Мажнуннинг ўтдек изтироб ва ҳаводек шитоб била Лайли ҳашами ўрниға етиб, қўтур итни назора этгони ва ит ошноға ялинғондек ул ошнорўй итга ялинғони ва элдин ҳайратангиз хитоб эшитиб, ваҳшатомиз жавоб бергони ва ул ит қошидин кийиклар суҳбатиға етгони ва анинг мушкин ғазолидин рақами мушкбор еткургони1

Бу арсада айлаган таку пўй,
Сўз соҳатида5 бу навъ урар гўй   

Ким, етти чу ул даманға Мажнун
Ким, сайр этиб эрди меҳри гардун.

Кун туш эдию тамуз фасли,
Жавзо била меҳр тоб васли6.

Кун гарм бўлуб ҳалок жонға,
Лайли киби ўт солиб жаҳонға.

Ҳар елки эсиб ҳароратомез,
Мажнун дамидек жароҳатангез.

Тинмай югуруб қуюн тагидин,
Қум узра аёғи куймагидин.

Хуршед ҳароратидин анжум,
Ер сояси остида бўлуб гум.

Кўк табъиға чун ҳарорат ошиб,
Жисмиға шафақдин ўт тутошиб.

Тоғдин кишиким тилаб нишони,
Бир тўда қизиқ кул англаб они.

Жисмидағи оташин гуҳарлар,
Андоқки кул ичра ўт кўмарлар.

Дарёга солиб исиғ ҳаво тоб,
Тўлғонмоғи ўз-ўзига гирдоб7.

Ўрдак анга чун аёғ узотиб,
Сув жўши аёғин элпиротиб.

Ул сув тафидин тилаб фароғин,
Парда аро чирмабон аёғин.

Оқартиб экинни меҳри пурнур,
Кўк хатни нечукки таъби маҳрур8.

Буғдой бори хўшадин арилиб,
Тоба нахуди киби ёрилиб.

Хирман ерида тазарву дуррож,
Ер тобасидин теруб қовурмоч.

Ўргамчи шабоққа парда солиб,
Ул парда ичинда соя олиб.

Итлар тили ерга тегуруб бош,
Ғурра асад ичра айлабон фош.

Қуртики ҳарорат ўртаб они,
Тар мева аро кириб ниҳони.

Ул мевани меҳр парваришта,
Айлаб бори хом эканда кишта9.

Кўллар   ери   сувни   жазб   этиб   пок,
Сув ҳасратидин танида юз чок.

Ул кўнглини ҳажр чок қилғон,
Ғам жонини дарднок қилғон10.

Ул ерга етиштн ногаҳондин
Ким, кўчмиш эди қабила ондин.

Эврулди ҳамул даманни бисёр,
Не ақл, вале анга не ҳис ёр11.

Кўчмиш эди бори хайлхона,
Ерда қолиб ўрнидин нишона.

Ҳар ердаки кўрди уй маконин,
Юз бирла супурди остонин.

То сайр ила етти иттифоқи,
Ул ергаким ул санам висоқи.

Кўнглига тутошти ўйла нийрон12
Ким, хилқати мулкин этти вайрон.


Ҳам жисмиға печу тоб тушти,
Ҳам кўнглига изтироб тушти.

Билхосса ишқи хонапардоз,
Кўнгли аро солди махфи ул роз

Ким, ёр мақоми бу дамандур
Ким, туфроғи жонига ватандур13.

Ҳам дилбар исин топиб димоғи.
Бўлди яна тоза ишқ доғи.


Кўнглини ғам айлади лагадкўб,
Жони аро тушти онча ошўб

Ким, даҳрни қўзғади ниҳони,
Кўнглидаги ишқ қўзғолони.


Бирдам чу бу ўти топти таскин,
Қўпти яна ул ғариб мискин


Манзилға юз урди гом-баргом.
Юз қўйдию сажда қилди ҳар гом.

Жонон уйи ўрнини чу топти,
Жон пардаси бирла они ёпти.

Кирпиклар ила ерин супуруб,
Туфроғини кўз аро ёшуруб.

Ашки била балчиғ айлаб они,
Беркитгали равзани балони.

Бир лаҳза танур ичинда итти,
Ўтлуғ дамидин ани қизитти.

Кулларни кўзига сурма тортиб,
Кўз уйини сурмадек қарортиб.

Охур аро лаҳзаи қўюб гом,
Каҳ баргидек анда тутти ором.

Ҳар донани томидинки чекти,
Кўнгли аро меҳр тухмин экти.

Кийз порасин оҳи куйдуруб чуст
Боши ярасиға боғлади руст14.

Ҳар ён югурур эди уруб оҳ
Ким, бир қўтур итни кўрди ногоҳ.

Эти тери заҳматидин ориб,
Аъзоси харошдин қизориб,

Ҳам суйи равон оғиз-бурундин,
Ҳам жисми жудо бўғун-бўғундин.

Қон қолмай солча рагларига,
Жилди ёпишиб сўнгакларига.

Аъзосида унда-мунда бир тук,
Ул ҳам бўлуб анга бир оғир юк.

Қилмай юрумакка майл ҳаргиз,
Қуйруғи юкин чекарга ожиз.

Эрники ёпилмайин тишига,
Яъники кулумсуб ўз ишига.

Кўзики ўзин чуқурға солиб,
Аъзосиға боққали уёлиб.

Оғзи нафаси насими меҳнат,
Қуйруғ анга зайли мими меҳнат.

Юз йўл танига ясаб жароҳат,
Меҳнат кирибон чиқарға роҳат.

Баским тани равзан узра равзан,
Равзан-равзан бўлуб анга тан.

Яралари ичра қайнашиб қурт,
Ҳам анда аларға туъма, ҳам юрт.

Қилғоч ярасини қурт дарҳам,
Тил бирла яламоқ анга марҳам.

Балким бу адувға қаҳр сурмак,
Ҳар лаҳза аларға тил тегурмак.

Қонлиғ жасадида бир сурук зоғ,
Бир лолада ўйлаким неча доғ.

Учуб-қўнуб айлаб анга қинлар,
Захм устида ўйлаким чибинлар.

Йўқ анга чибин қўрур мажоли,
Қуш қовғали худ не эҳтимоли?

Мажнун кўргач бўлуб мушавваш
Кўнглига бу зулм келди нохуш.

Итга қўюбон тани итоат,
Ул хайлға бошлади шафоат:

«Кей талъату лавнингиз муборак,
Бўлғон манга барча тожи торак.


Бошимдаги юз яра нишони,
Ҳар бир бирингизнинг ошёни.

Кўнглумдаги юз тешук тешиб оҳ,
Ҳар бир бирингиз учун ватангоҳ.

Айланг бу харобани нишиман
Ким, жавру жафо чекар кишиман.

Кўзумни чўқунг, танимни тишланг,
Онинг   кўзину   танин   бағишланг.


Қасдингиз агар наҳиф итдур,
Бу хаста доғи заиф итдур».

Кўрдики бу узру лобау печ
Қушларға тафовут айламас ҳеч.

Фарёд ила ваҳшат этти оғоз,
Рам топиб, аларға бўлди парвоз.

Келдию ул ит табонин ўпти,
Гаҳ пайкари нотавонин ўпти.

Кўп кўргач анннг танида ёра,
Ўз кўнглагин этти пора-пора.

Олдию оритти ёрадин қон,
Ул пайкари пора-порадин қон.  

Қонин танидин чу айлади кам,
Боғлади яроларини маҳкам.

Ўз кўнглагини анга жул этти,
Қон ёшидин анга гул-гул этти.

Чун бўлди ани тонгордин озод,
Юз дард ила нудба қилди бунёд:

«Кей меҳру вафо била сириштинг,
Андуҳу малол сарнавиштинг.

Улдамки танингда сиҳҳат эрди,
Кўнглунгда шукуҳу қувват эрди.

Таъбинг-топибон мизожи хуффош,
Ҳазминг берибон язакка хашхаш15.

Ваҳминг қилибон бўри кўзин тўрт,
Ҳар тун таниға кўзи солиб ўрт.

Чангингга паланг кўз солур чоғ,
Боштин-аёғи бу ғуссадин доғ.

Бабр олинга ўйлаким сақатлар,
Тирноғингдин танида хатлар16.

Барс отламоғинг малолатидин,
Боғлаб кўзини хижолатидин.

Насрин дебон эл кафинг маконин,
Парвин деб улус изинг нишонин17.

Илгингга ҳино ёқиб муайян.
Гаҳ жайрану гоҳи гавзи жайран18.

Бўйнунг аро шўхлар таноби,
Бошинг уза шоҳлар рикоби.

Гоҳики ғазаб била ирилдаб,
Гардун асади сори хирилдаб.

Бу дамки малол ила бўлубсен,
Яъники бу ҳол ила бўлубсен.

Сендин қилур эрса эл танаффур,
Бордур манга суҳбатинг тафохур.

Бир кун неки кўйи ичра ҳурдунг,
Итлар била ҳар тараф югурдунг.

Ҳар тун неки тортибон фиғони,
Бўлдунг эшигида посибони.

Бир вақт неким вафо йўлидин,
Бошингға сўнгак единг қўлидин.

Бир чоғ неки лутф этиб арода,
Солиб эди бўйнунга қилода19.

Жоним бўлсун танинг нисори,
Бағрим бўлсун тишинг фигори.

Ёраб, фалак айлабон ғаминг рафъ,
Бўлсун бори заъфу меҳнатинг дафъ.

Ҳам бурнодин эмди чустроқ бўл,
Ҳам тозау тандурустроқ бўл.

Ул дам яна бўлса бахт ҳамдам,
Бўлсанг яна ул эшикка маҳрам.

Ётлиғ сифатини тутмағайсен,
Мен  хастани  ҳам  унутмағайсен.

Жоним олиб ул тараф гузор эт,
Туфроғиға кўйининг нисор эт.

Итлар била айласанг таку пўй.
Мендин борининг қошида юз қўй.

Кўйида сўнгак ғизо қилур дам,
Ёд эт бу заиф жисмини ҳам.

Гар толиу бахт ёр топсанг,
Жонон ҳарамиға бор топсанг,

Бор аҳли қовуб ул остондин,
Кимса сени «чиқ!» демаса ондин.

Тун бўлсау ул ҳарам паноҳинг,
Даҳлези ичинда такягоҳинг.

Ётиб энгакинг иликка қўйсанг,
Тумшуғунг ўшул эшикка қўйсанг.


Мендин ул эшикни ўп ниҳони,
Йўқ ўйлаки кимса билгай они».

Оғзиға кўзини суртубон кўп,
Дедики: «Аёғи туфроғин ўп.

Иккисини тирноғинг била ўй,
Бир ердаки ул аёғ босар қўй».

Бу нукталар ул қилиб шумора,
Ўткунчилар айлабон назора.


Ҳар ким таниб они зор йиғлаб,
Ғам кўнглин этиб фигор йиғлаб.

Тонимағон айлабон таҳайюр,
Аҳволиға йўл топиб тағайюр.

Кўнгли куюб ўйла можародин,
Бир  сўхта  сўрди ул  ародин:

«Кей ишқ ўти ичра ахгар ўлғон,
Не ахгарким, самандар20 ўлғон.

Бу ўт била пайкарингга таркиб.
Бу ўт била хилқатингга тартиб.

Зотинг бўлуб ўт била сиришта,
Тонг йўқ десалар сени фаришта.

Ҳам келди фариштаваш сифотинг,
Ҳам бўлди малак сифот зотинг.

Мунчаки топиб сен итга улфат,
Ит бирла малак аро не нисбат?

Ҳар уйдаки бўлса итга манзил,
Бўлмас малак ул уй ичра нозил?.

Невчун аронгиздадур масофат,
Чун бор ул иков аро мунофот?»

Мажнун деди йиғлабон чекиб оҳ:
«Кей ишқдин ўлмоғон сен огоҳ!

Йўқ, сени малак десам ғариби
Ким, йўқ санга ишқдин насиби.

Мендекни эрур малак демак рев.
Ким, кўрса мени қироқ тутар дев.

Ишқ ўртади ул сифат вужудум
Ким, бўлди набуд барча будум.

Ул ўт аро айласанг тааммул
Топқунг баданимни тўдаи кул.

Не тонг агар ит хиром қилса.
Тўда кул аро мақом қилса?

Ҳар итгаки етса бир жароҳат,
Кулдин етишур таниға роҳат.

Бу итнинг эрур жароҳати кўп,
Демак бўлмас кул устидин қўп.

Йўқ, йўқки, эмастур итлик анда,
Итлик манга хатм эрур жаҳонда.

Ит мен, мен, улусқа ор мен, мен,
Бошдин аёғи фигор мен, мен!

Кўп захм танимни урди барҳам,
Ул   келди  бу   захмларға   марҳам.

Ким, бўлса танида кўп фигори,
Ҳар захмдин ўлса изтирори,

Ким марҳам ила давоси қилса,
Жонин не ажаб фидоси қилса?

Бўлса эди менда юз туман жон,
Бир топмағай эрди бу бадан жон.

Борин анга зор қилғай эрдим,
Йўлиға нисор қилғай эрдим».

Бу эрди фасонаву фусуни
Ким, қилди яна ғулу жунуни.

Ёдиға чу кирди ваҳшийи дашт,
Қилмоқ кийику қулон била гашт.

Ул итнинг аёғ-илигин ўпти.
Нахжир азиматиға21 қўпти.

Бўлди яна сойири биёбон,
Маънусларин22   тилай   шитобон.

Ул лаҳзаки Зайд бўлди қосид.
Лайли сари топибон мақосид.

Ҳай ичида чун қарор топти,
Хилватда ул онға бор топти.

Ул пардалар ичра ғунча кирдор.
Бу ташқари бўлди анга сирдор.

Неким билиб эрди ёридин сўз,
Девонаи беқароридин сўз.

Кўргузди демакда эҳтимомин,
Арз айлади олида тамомин.

Лайли чу анинг сўзин эшитти,
Кўнгли темурин дами эритти.

Жони аро андоғ ўт тутошти
Ким, дуди анинг бошидин ошти.

Гисусиму эрди анбаролуд,
Ё чиқмиш эди бошиға ул дуд?

Гису киби печу тоб топти,
Тоб ичра ўзин хароб топти.

Юз узр ила Зайд сори боқиб,
Ҳасрат суйи кўзлоридин оқиб:

«Кей тан аро жон бериб каломинг,
Жисмимға равон бериб паёминг!


Жон дардиға чоракўш сен сен,
Одам демайин, суруш23 сен сен».

Кўп узр қилиб сўзига пайванд,
Нақдина басе топиб кироманд.

Ташқари йибордиким: «Муни ол,
Оз эрди қошимда нақд филҳол.

Узрунгни бу навъ қўлмоғумдур,
« Юз мунчаға қони ўлмоғумдур.

Бўлғаймуки лутф ила вафодин,
Бир руқъа бу зор мубталодин

Девонавашим сори етурсанг,
Ҳам мунда жавобини кетурсанг?»

Зайд этмади дилситонға миннат,
Дедики: «Эрур бу жонға миннат.

Бот бўлки ҳариф мунтазирдур,
Бу амрда макс бас музирдур»24.

Лайли тилабон давоту хома,
Филҳол муҳаррар этти нома.

Эл англаридин ичида юз бийм,
Қосидға ниҳони этти таслим.

Қосид олиб ўлди даштпаймо,
Ул ергаким, ул ғариб шайдо.

Иш кайфиятин солиб ароға.
Топшурди   битикни   бенавоға.

Не эрканини чу билди Мажнун,»
Заъф  этганидин йиқилди Мажнун.

Жисмиғаки ерга паст тушти,
Нома киби юз шикаст тушти.

Ул номаға чун кушод берди,
Мазмуни ўқур замон бу эрди.

XXVI

Лайлининг «лайлатул-бадрдек сафҳа баёзида «лайлатул-қадр»дек номаси саводин Мажнун ўқуб, оғзи висол шаҳдидин ширин бўлғонда   комиға занбур ниши сончилғони ва занбур нишидек хома нўгин тез этиб жавобида коғаз табақини шаҳдолуд қилғони1

«Ул   тенгри   оти   била  бу   маншур
Ким, берди кўнгулга ишқдин нур.

Урғоч майи ишқнинг салоси,
Одамға етишти ибтилоси.

Бир журъаки чекти ул жигархун,
Маст   ўлди,   не   маст   балки   мажнун.

Ул май била кимгаким бериб баҳр,
Талх   этти   фироқдин  қотиб   заҳр.

Берганга муфорақат балосин,
Еткурди мувосалат шифосин2.

Булбулники   қилди   зору   ғамнок,
Гул   кўнглагини   ҳам   айлади   чок.

Парвона гудозу сўзи андин,
Ўт шамъға доғи рўзи андин».

Чун бўйла сочиб басе жавоҳир,
Андин сўнг этиб бу нукта зоҳир

Ким, «Ушбу рақамки нақши Чиндур,
Бир хастаға бир шикастадиндур.

Яъни мени зору мубталодин,
Сангаки   қутулмадинг   балодин.

Эй ишқ ўтида хасим нечуксен,
Эй бедилу бекасим нечуксен!

Эй бўлғали ишқим ичра мадҳуш,
Бир журъаи васл қилмағон нўш!

Эй фурқатим ичра гар ёғиб тош,
Минг тош ебон яшурмайин бош!

Эй ҳажрим ўтида гар бўлуб кул,
Ҳар шуъла кўрунубон анга гул!

Эй хори ғамимни жонға урғон,
Гулбонгин анинг жаҳонға урғон!

Эй силсилаи жунун элингда,
Дад қуйруғидин расан белингда3.

Ҳолинг недурур фироқим ичра?
Фикринг  недур   иштиёқим   ичра?

Сочингга ёпушса хору хошок,
Ким тортар экнн бирин-бирин пок?

Фарқингки эмиш қуш ошёни,
Ким уркутур эркин андин они?

Бошингки   сипеҳр ушотти   дарҳам,
Ким боғлар экин аларға марҳам?

Ўлтурса юзунгга гарду хори,
Ким оритур эркин они бори?  

Жисмингки қонаса ғам тошидин,
Ким юр экин они кўз ёшидин?

Хорики кафингға борур эркин,
Кирпик била ким чиқорур эркин?

Ҳажр ўти танингни куйдурур чоғ.
Ким сочар экин ул ўтқа туфроғ?

Қум узра йиқилса жисми зоринг,
Ким бор экин анда ғамгусоринг?

Ҳарён югурурда зору бекас,
Соянг санга ҳамраҳ эркину бас.

Тоғ ичида иссиғ ўлса маълум,
Соя қилур эркин устунга бум,

Вайронада муҳлик ўлса андуҳ,
Чўғз  айлар   экин   бошинг   уза   «дух».

Ҳижрон туни жонинг олса бебок.
Субҳ айлар экин санга яқо чок.

Ғам заъфида дашт узра ётсанг,
Қум бистар экин аёғ узотсанг.

Тун бошинга ваҳш ўлур экин жамъ,
Олингда бўри кўзи экин шамъ.

Қон ютқали истасанг пиёла,
Топилмас экин магарки лола.

Ултурур   экин   чибин  қошингға.
Эврулур экин қуюн бошингға.

Эй кош сипеҳри тийра анжум,
Бергай манга доғи ул танаъум4.

Ким,   туну-кун   ўлғамен   рафиқинг,
Йўлсиз югурурда ҳамтариқинг.


Сен бўлсангу мен жаҳонда мавжуд,
Бўлса яна коинот нобуд.


Гаҳ собиту, гаҳ жаҳонда сайёр.
Йўқ даҳр диёри ичра дайёр.

Дилхоҳ ила иккимиз маоши,
Ойини висол бетаҳоши5.

Маъман баданимға қўйнунг ўлса,
Маскан илигимга бўйнунг ўлса.

Гаҳ эгнима такя қилса бошинг,
Тавқи зақанимда бўлса қошинг.

Гаҳ юзума тутса юзунг ором,
Оғзингга етурса лабларим ком.

Етса танима тиларда воя.
Ҳамхобалиғинг нечукки соя.

Найлайаки сипеҳри ҳарза новард
Қилди бу муроддин мени фард.

Сенинг   нечаким   ғамингға   йўқ маҳл,
Чун   эр  кишисен   бу   саҳл  эрур,саҳл.

Ҳар сори урай десанг такингни,
Тутқучи тикандур этагингни.

Эток дағи пойбандинг эрмас,
Даври зиҳи ҳам камандинг эрмас.

Мискин мени зору пойбаста,
Йўқ, йўқки, заифи пошикаста.

Не майли сукун, не хадди рафтор,
Юз қайди бало аро гирифтор.

Бўлмоқ юз алам уйида маҳбус,
Бирён, яна бирён ўлди номус.

Эр мажлиси ичра роҳ эрур зеб,
Хотун кишига салоҳ эрур зеб.

Бу меҳнати ишқ печ-дарпеч,
Номус чу кетти барчаси ҳеч.

Пардасини ғунча айласа чок,
Барбод этар они чархи бебок.

Сенсизки ғамим дами кам эрмас,
Сендин гар эмас кўп, оз ҳам эрмас.

Сен тортибон оҳи оташолуд,
Мен ўт ёқибон чиқормайин дуд.

Ҳар неча ғамимдин оҳ чектинг,
Навфал билаким сипоҳ чектинг.

Хайлим юзига бало уруб кож,
Аҳлу ҳашамимға бийми торож.

Истаб ато ҳам ҳалоки жоним,
Тўкмак тилабон ер узра қоним.

Мен мунча балият ичра хушдил
Ким, ёрға ком бўлса ҳосил.

Гар воқеа жуз ҳалок эмасдур,
Юз мунча ҳам ўлса бок эмасдур.

Мундоғ дағи дедилар фасона
Ким, Навфал ила бўлуб ягона.

Чун ҳужласи сори кўз солибсен,
Қўлмоққа   қизини   сўз   солибсен.

Бўлсун санга бахт ёру ёвар,
Биллаҳ манга тушмади бу бовар.

Бўлса дағи чун санга эрур ком,
Не ком санга, манга эрур ком.

Боғ ичра қўюб қадамни бир кун
Кўрмиш эдим ул санамни бир кун.

Ҳам хўбу, ҳам элга меҳрибондур,
Неча деса яхшиғина жондур.

Ёвар санга ҳақ таборак ўлсун,
Бу хайр ишинг муборак ўлсун.

Бўлсанг неча онинг ила хуррам,
Ёд айла гаҳи бу хастани ҳам.

Инсофға ҳам канора тутма,
Бизни дағи бир йўли унутма».

Мажнун ўқуғунча бўйла нома,
Заъф этти тани мисоли хома.

Зайд олиға ҳар замон қўюб бош,
Арз айлади сайлдек тўкуб ёш:

«Кей чок юракка чора андеш,
Марҳам аро ёшуруб басе неш.

Бу номаки жонни қилди бетоб
Ёзмоққа жавоб йўқтур асбоб».

Зайд айлаб эди борин мураттаб,
Коғаз дағи хомау мураккаб.

Қўйди борисин қошиға бир-бир,
Ул қилди жавоби нома таҳрир,

Зайд олдию йўлға хез солди,
Ҳар лаҳза қадамни тез солди.

Пўяда сабақ бериб сабоға,
Топшурди битикни дилрабоға.

Хилватға кириб очиб суманбар,
Кўрди суман узра гарди анбар.

Чун солди саводиға назар тез,
Бу навъ бўлуб эди гуҳаррез.

XXVII

Мажнуннинг кўз қароси ва кирпик хомаси била жон сафҳасида ёзғон кўнгли шурҳалари шарҳин Лайли ўқуб ишқ иттиҳоди иқтизоси анинг кўнгли жароҳатларин мунунг ҳам кўнглин оғритқони ва анинг талхком бўлғонидин мунунг доғи комин очитқони1

«Ул тенгри оти била бу нома
Ким, ишқ элидин кўтарди хома.

Фардики йўқ аввал ибтидоси
Ҳаййики   йўқ охир   интиҳоси.

Тоғ балчиғи узра жола урғон,
Қум туфроғи узра мола урғон.

Ҳар кимники айлабон парирўй,
Таън айлаган анга одату хўй.

Ҳажр эмгокини қатиғ яратқон.
Ғам шарбатини ачиғ яратқон.

Ишқ ўтиға кимни куйдуруб чум,
Маъшуқиға бермаган тараҳҳум.

Қилғон неча ошиқ ўлса ношод,
Маъшуқлуғ иқтизоси бедод.

Ошиқ ичи юз минг ўлса парканд,
Маъшуқни қилмай анга хурсанд.

Маъшуққаким эсиб насими,
Ошиқ ичига солиб жаҳими!».

Чун бўйла бўлуб фасона пардоз,
Андин сўнг этиб бу нукта оғоз

Ким, «Ушбу ғаму алам баёни,
Жон сафҳасида боғир нишони.

Мендинки ичим ғамингда қондур,
Сангаки ғаминг танимда жондур.

Яъни: бу жунун фасонасидин,
Расволиқ ўти забонасидин

Гулрухлар аросида париға,
Анжум аро меҳри ховариға.

Не ҳаддим ила дуо дегаймен,
Юз мадҳ била сано дегаймен?

Мадҳинг дегали дағи қони тил?
Бўлса де олурму ҳам они тил?

Кун васфини қилмоқ ошкоро,
Хуффош тилига қайда ёро?

Ҳар нечаки чекти тилни савсан.
Гул васфида келди лолу алкан.

Ҳар   неча   бу   навъдур   назирим,
Йўқ   бир   неча   нуктадин   гузирим:

Эй кишвари ҳусн подшоҳи,
Ҳусн аҳли бу кишваринг сипоҳи:

Эй нозу   карашма   боғида   вард,
Не  вард, баҳори  нозпарвард.

Эй лутф жаҳонининг баҳори,
Юзунг бу баҳор лолазори.

Бўлғонда саҳар ели гулафшон,
Зулфунгниму айламас паришон?

Машшота2 қилурда вусмани пок.
Қошингниму айламас гиреҳнок?


Сармаст кўзунгки эрди бемор.
Соғ ўлмоғи бўлдиму падидор?

Рухсоринг ўтида холи ҳинду,
Ўзидек улусни куйдурурму?

Гулбарг уза сунбулунг тушуб
Қил янглиғ урарму ўт аро печ.

Юзунг хайию сочинг таноби,
Борму ул иковнинг обу тоби.

Оғзингки адамда бор эди гум,
Айларму аён ани такаллум.

Қаддинг қилибон ҳавойи рафтор,
Айларму жаҳон элин гирифтор?

Ноз уйқусидин очармусен кўз,
Юз ноз ила элга дермусен сўз?

Кўюнгдаки йўқ менинг киби хас,
Хасдин дағи қадр ичинда вопас3.

Бу эрмиш иродаи илоҳий
Ким, сиррини билмас эл камоҳи

Ким, кўзки ўюлғай эрди, эй кош,
Не кўзки, кесилгай эрди бу бош.

Ул орази дилрабоға тушгай,
Жон бирла кўнгул балоға тушгай.

Фикр этсам эди бу навъ ўзумни
Кўр этгай эдим ики кўзумни.

Мен ким эдиму бу дарди жовид,
Зарра бошида ҳавойи хуршед.

Бехост юзунга бир нигоҳим.
Тушганга менинг недур гуноҳим

Ким, мунча келиб бало бошимға,
Юз дарду бало қаро бошимға.

Девона бўлуб чиқиб жаҳондин,
Овора диёру хонумондин.

Ҳар кун ватаним бир ўзга води
Ҳар тун яна бир даман саводи.

Қум натъи бўлуб менинг саририм,
Кун қурси бўлуб менинг фатирим

От манга жибол қулласидин,
Тўн манга самум ҳулласидин.

Гаҳ ёру мусоҳибим даду-дом,
Гаҳ тутмай алар била ҳам ором.

Дашт узра чу ваҳшатим топиб тул,
Ғам топиб ваҳш, бал қочиб ғул.

Ҳайратда вухуш ваҳшатимдин,
Меҳнатда туюр меҳнатимдин4.

Андуҳу бало гумондин ортуқ,
Заъф  ончаки  бўлмас ондин ортуқ.

Бир таври адам бўлуб манга жисм
Ким, анга вужуд берибон исм.

Бу заъф била чу пўя қилиб,
Ўргамчи   танобидин   йиқилиб.

Кўксумники тиғи ҳажр этиб чок,
Кириб ҳашарот ичимга бебок.

Кўксум ичида чибин солиб шўр,
Кўзум уйида ватан қилиб мўр.

Бу навъ қотиғлиғу ириклик,
Ёдингдин ўлуб манга тириклик.

Бу дамки гуҳарнисор хоманг,
Таҳрир   этибон   етишти   номанг.

Алфозин   ўқурда   руҳ   топтим,
Ҳар ҳарфида юз футуҳ топтим.

Лекин ики сўз эди муҳаррар
Ким жонима солди ўт мукаррар.

Аввалки назарга бўлди маълум,
Навфал иши бўлмиш эрди марқум

Ким, «Тортиб иков сипоҳи хунрез,
Ҳайлим сари тиғ чектингиз тез».

Аллоҳ-аллоҳ бу не балодур,
Ким риштани дерки аждаҳодур.

Пашша киму пиллик хаёли,
Ё мўрға шерлик мажоли.

Бу мундоқ эдиким: ул сипаҳбад,
Етганда манга сипаҳ эди дад5.

Билгач ғами нотавонлиғимни,
Ишқинг аро хаста жонлиғимни.

Бўлмиш нафасе қошимда сокин,
Сўзлар дағи демиш улча мумкин.

Мен бирдам ўзумдамен, дами йўқ,
Мундин ажаб элга олами йўқ.

Сўз ичра чу кўрдум изтиробин,
Билмон не дедим анинг жавобин.

Ул олди мению уйга кетти,
Ул ерга етишти ишки етти.

Чун кинаву қатлин англадим рост,
Қилдим неки мумкин эрди дархост,

Ким қиниға солди ханжари кин,
Тутти ёнибон уйида таскин.

Бўлғонда фусун қилурға ҳамдам,
Уйланмак ишин деди экин ҳам.

Не англадим айлаган хитобнн,
Не оники, не дедим жавобин.

Кўнглумдин ўлуб ҳам эрди барбод,
Номанг ўқуғондин айладим ёд.

Қилмоқ   манга   мундоқ   ишни мансуб»
Тутғайму   мурувват   аҳли   маҳсуб?


Мен мунча бало чекиб вафода,
Сен бўйла хаёлу муддаода.

Неким битидинг нечук қилай рад,
Не қилса қилур ким ўлса бехуд6.

Ғавғойи жунунға мубталомен,
Боштин-аёғимғача хатомен.

Номангға фидо кўнгул, кўзум ҳам,
Лекин санга бор бир сўзум ҳам:

Навфал сўзиким қилиб эдинг забт,
Мендин эмас эрди воқеъ ул хабт7.

Ул ишқу жунундин ўлди ҳодис,
Сен ишқ била жунунға боис.

Уйланмак   ишики   нисбат   этдинг,
Бизга   ўз   ишингни   туҳмат   этдинг.

Ким, Ибни Салом этиб хаёлинг,
Балким тамаъ айлабон висолинг.

Кўнглини, атонг қилиб тарози,
Бўлмиш не ул истаганга рози.

Сен рози эрур, эмасни билмон,
Билмас нима туҳматини қилмон.

Ҳай, ҳай, не фасоналар бўлур бу,
Хориж не тароналар бўлур бу?

Гўё савдо йўлумни урди,
Ҳушумни жунун ели совурди.

Чун сўзда шуур эмас шиорим,
Йўқ ҳарза демакда ихтиёрим.

Девонамен, эй пари сифат ҳур,
Маъзурдур улки тутса маъзур.

Бўлдум чу сенинг ғамингда нобуд,
Нобудға нукта қанда мавжуд?

Йўқнинг неки сўз бўлур хитоби,
Тутмоқ керак они йўқ ҳисоби.

Йўқлуқ манга гар бўлубтурур йўл,
Сен бор бўлу бу йўққа ёр ўл.

Иқбол ила бахт ёринг ўлсун,
Жонлар нақди нисоринг ўлсун».

Мактуб ўқуғунча шўхи марғуб,
Кўп топти шикан нечукки мактуб.

Ҳар бир сўзи ичра фикр этиб кеч,
Қўп урди ўзига номадек печ.

Инсофға чунки дахл берди,
Ўз сўзларининг жавоби эрди.

Ўз номасидин бўлуб мушавваш,
Бу нома замирини қилиб хуш.

Таъвиз этиб ул саводи мавзун,
Онинг   битигин   нечукки  Мажнун8.

Эй қосиди номабар хабар не,
Дегил санга равшан ўлса ҳарне.

Бир сўз била дардима даво бер,
Номанг бор эса, чиқор манга бер!

XXVIII

Мажнуннинг атоси девбоддек дашт атрофиға эврулуб ўз девона ниҳодин саргашталикда топмоғи ва жунун дашти қароқчилари ҳардам анинг ҳуши корвони хайлин савдо сипоҳиға асир этгондин ғариб ҳолот мулоҳаза қилғони ва насойиҳ ҳуш доруси била ани лаҳзаи ўзига келтургони ва ўзи била уйига еткургони1

Бу номани улки қилди марқум,
Афсонани бўйла этти маълум

Ким, телбаи бенаво атоси,
Юз ғуссаға мубтало аноси.

Чун муддати ўғлидин эди фард,
Кўнглини жароҳат айлабон дард.

Ғолиб бўлуб анга иштиёқи,
Саҳро сори тушти иттифоқи

Ким, топса фиғону зор қилғай
Шоядки ичига кор қилғай.

Афғониға мулҳақ айлабон панд,
Шояд ани айлагай забонбанд2.

Юз нуктага тилни қойил этгай,
Шояд ани уйга мойил этгай.

Руҳин қилиб ул умед тоза,
Ҳар сори сурар эди жамоза3.

Чун неча кун ул талабда чопти,
Охир ани бир бузуғда топти.

Хушроқ бузуғ анга хонумондин,
Лекин ўзи кўп бузуғроқ ондин.

Ошуфталиғи   гумондин   ортуғ,
Не келса гумонға ондин ортуғ.

Гаҳи тутуб ўлтурур эди мўр,
Гаҳ туфроқ ила ясар эди гўр.

Гаҳ шуғли кесак тошурга таъжил,
Ясар эди ул кесак била мил4.

Гаҳ сочар эди бошиға туфроғ,
Гаҳ тиш била олур эди тирноғ.

Гаҳ томға қўпуб минар эди чуст,
Ҳар сори аёғларин этиб руст.

Чимдир эди энгларини ҳар дам,
Чайнар эди енгларини ҳар дам5.

Гаҳ чўғз била навода ҳамдард,
Гаҳ бум юзидин оритиб гард.

Ҳам чўғз қўнуб қўлида густох,
Ҳам   бум   бошиға   суртубон   шох.

Том узра не хатки чекса ногоҳ,
Ул хат келиб ихтиёрсиз «оҳ».

Бошиғаки урди захм гардун,
Боши тукидин ададда афзун.

Қонлиғ кўзида тикан била чўп,
Киприкларидин ҳисоб аро кўп.


Кўргач атоси бу навъ ҳолот,
Ҳайрат ани қилди ўрнида мот.

Дедики: «Недин, мисол экин бу,
Субҳоналлоҳ, не ҳол экин бу?


Ким кўрди бу навъ одамизод,
Ким, бермагай ўйла одами ёд».

Ҳар нечаки саъб эди бу сурат,
Гом урди анинг сори зарурат.

Кўргач атосин канора тутти,
Гўё атолиғ ҳақин унутти.

Йиғлаб атоси яқо қилиб чок,
Бунёд этти ҳазину ғамнок:

«Кей юз яралиғ боғирға пора,
Мендин нега айладинг канора».

Мажнун атоси эканни билди,
Оҳ урдию олиға йиқилди.

Бошин кўтариб қучуб атоси,
Жонин тилаб айламак фидоси.

Чирмаштилар ўйла чусту маҳкам,
Бир жинс ики ҳарф ўлса мудғам.

Бир лаҳза йиғидин эрди ошуб,
Ҳижрон ачиғидин эрди ошуб.

Ошублари чу топти таскин,
Бунёд этиб ул заифи мискин

Дедиким: «Аё рамида фарзанд!
Пайванд боғирға, балки парканд.


Кўксум ярасини сўкма мунча,
Бағримни қонини тўкма мунча.


Сенинг танинг ўлса ёра ғамдин,
Менинг жигарим бўлур аламдин.


Бир дам жигаримға қилма ковиш,
Кўргилки не навъ этар таровиш.


Ул лаҳзаки йўқ эди нишонинг,
Қоним аро музмар эрди қонинг.

Айлаб тиларингни муддаолар,
Садқа берибу қилиб дуолар.

Оч тўйғазибон ялангни ёптим,
Ўлдум деганимда сени топдим.

Уч-тўрт ёшингға тегру пайваст,
Ғам қолмади бермаган манга даст.

Сен қатраи сутдин олғуча ком,
Юз қатраи қон қилиб мен ошом.

Айлаб тобонингни чун тикан реш,
Менинг жигаримга санчилиб неш.

То илму-адабни ком қилдинг,
Мактаб тарафи хиром қилдинг.

Ғофил бўлмай ишингда ғамдин,
Борур-келурунгда бир қадамдин

Ким, фазлу-камол ёринг ўлғай,
Илму-ҳунар ихтиёринг ўлғай,

Қилғонда таним раҳил ёдин,
Етса манга чархи бевафодин.

Ул ишки ато-аномға етти,
Бир, бир андоқки барча кетти6.

Сен бўлғасен ул замон қошимда,
Гаҳи оёғимда, гаҳ бошимда.

Руҳ этган ила танимни маҳжур,
Чун шамъи ҳаётим ўлса бенур.

Ришта киби печу тобииг ўлғай,
Парвонадек изтиробинг ўлғай.

Сен умрға бўлғасен василам,
Сендин ёруғай яна қабилам.

Гар нуридан ўлса шамъ маҳжур,
Машъал солғай қабилаға нур.

Гум бўлмағай эл ичинда отим,
Бегонаға қолмағай жиҳотим.

Йиққон неки махзани ҳисори.
Бўлғай нақдим қўлунгда бори.

Ел ҳужлама солмағай гузар тез.
Кимса ҳашамим сори назар тез.

Руҳум бўлубон халаф била шод,
Қолғай борин қавму хайлим обод.

Эмдики бу иш қошимға келди,
Ҳарнеки дедим бошимға келди.

Субҳимға етишти шоми меҳнат,
Шомимга юз урди субҳи риҳлат.

Тўш-тўшдин ичимга қўйди юз ғам,
Бу бир ғаму сендин ўлди юз ғам.

Шамъимғаки зулмат ўлди ходис,
Оҳинг бўлуб ўчмагига боис.

Жон қуши тилаб учарни ҳар дам,
Фарёдинг анга яна бериб рам.

Ишқ ичра тушарга жони зоринг,
Билдукки йўқ эрди ихтиёринг.

Ҳар амрки бўлса ғояти бор,
Ҳар маҳлаканинг ниҳояти бор.

Ишқ аҳли жаҳонда кўрмадукму?
Бу води аро югурмадукму?

Бўлмоқ бу сифат бир ишда мағлуб,
Аҳли   хирад   олида   эмас   хўб.

Ўт ичраки тушти бенавойи,
Чиқти агар урди дасту пойи.

Толпинса чиқар ғариқ юмкин,
Толпинмаса ўлмойин не мумкин.


Сен ҳам бу балода қолма мундоқ,
Бир йўли ўзунгни солма мундоқ.

Тушса қадаҳи биллур аро мўр,
Тадбир керак чиқорға йўқ зўр.

Ҳар дардки ҳақ кишига берди,
Ҳам ҳақдин анинг давоси эрди.

Ҳақким санга солди бу балони,
Ожиз эмас этгали давони.

Бу дағдағадин канора иста,
Ҳар фикр ила ўлса чора иста.

Бир йўли агар гумон эмастур,
Тадриж ила ҳам ёмон эмастур.

Тадриж ила тифл ўлур хирадманд,
Сокинлик ила қамиш бўлур қанд7.


Юз йил киши умр агар тилар бил
Ким, сабр керакдур анга юз йил,

Ким этса манора учи воя
Бирдур чиқару тушарда поя.

Чиқмоқлиғида агар керак маҳл,
Лекин тушари басе эрур саҳл.

Сен доғи бу ергаким етибсен,
Тадриж ила йўлни қатъ этибсен8.

Ёнмоққа ҳам ўлдунг эрса мойил,
Келганчадурур йўлунгда манзил.


Ён эмдики рахна баста эрмас,
Мундоқ сафаринг хужаста эрмас.

Мен бўйла ҳазину зор сенсиз.
Онанг дағи беқарор сенсиз.

Оқшомдин тонгға жони маҳзун,
Тонгдин оқшомға ашки гулгун.

«Ўғлум» деру ул сифат чекар вой
Ким, чарх ўқининг қадин қилур ёй.

«Бўтам» дебон айлар ул сифат печ
Ким, қолмас руҳидин асар ҳеч.

Йиғлаб урар ўйла тош уза бош
Ким, қолур аламда бошидин тош.

Бу ўт чу димоғин этти маҳрур,
Оқ сочи сочар юзига кофур.

Билмиш чекарингни кўҳи андуҳ,
Андуҳи бўлубдур ўйлаким кўҳ.

Туфроққа йиқилмоғинг чу билмиш,
Туфроқ уза ул дағи йиқилмиш.


Сенсиз эрур ўйла дарду ғамлик
Ким, қолмишдур бир-икки дамлиқ.

Мен бўйлаву ул заиф бўйла,
Кел иккаламизга чора айла!

Уммеди ҳаётимиз кетибдур,
Оҳанги раҳилимиз етибдур.

Бегонани уй сори ёвутма,
Ўрнунгки қизиқдурур совутма.

Биз икки сенинг ғамингдин ўлсак,
Сен ўлмай мотамингдин ўлсак.

Бу ишта ҳақ айласа хитобинг,
Фикр этки, не бўлғуси жавобинг?»

Сурди чу атоси бўйла афсун,
Йиғлаб оёғиға тушти Мажнун.

Кирпик била чун йўлин супурди,
Посухда бу навъ нукта сурди:9

«Кей хайлинг эшиги қиблагоҳим,
Дардинг ўтини ёрутқай оҳим.

Ҳар чораки сен қилиб тахайюл,
Кўнглум ўти хирманин қилиб кул,

Ҳар   сабрки   сен топиб   ниҳони,
Ашким сели оқизиб они.

Бу неча такаллумики сурдунг,
Куйган кўнгул ўтиға су урдунг.

Йўқ, йўқки қўярға доғ уза доғ,
Ўт ёқдингу куйдунг устига ёғ.

Нутқунг неки айлади рақамзад,
Айтурға жавоб йўқ манга ҳад.

Ҳукмунг манга орзуйи жондур.
Бошимға бу ҳукм ҳам равондур.

Олингда не сўз де олғамен чўқ,
Гар бўлса жавобим ул дағи йўқ.

Лекин санга бу эмас ниҳони
Ким, бўйла қазойи осмоний,

Ким тори ўлуб бу нотавонға,
Расво қилди бори жаҳонға.

Бу навъ бало бўлурға жори,
Бўлмас кишининг ўз ихтиёри.

Ишқ ўтики бир шарора ондин,
Тўфон қўпорур бори жаҳондин.

Юз шуълани масканимға урди,
Минг барқни хирманимға урди.

Хирман сари тушса бир шарора,
Куймакдин эмастур анга чора.


Минг барқ тушурса ишқи бебок,
Нетгай анинг ўтрусида хошок.

Не буйруғунг ўлса сўз демасмен,
Мажнун мену лек Қайс эмасмен.


Сарвики сен айладинг тааммул,
Хас бўлдию хас бу дам эрур кул.

Бу кулга магарки гирдбоди,
Бергай яна сарвдек саводи.

Етгандаки айладинг назора,
Кўрдунгки мени сияҳситора.

Йўқ майли сукуну азми рафтор,
Не меҳнат аро эдим гирифтор.

Қочмоқлиғим эрди тонимасдин,
Балким   тонирингға   арзимасдин.

Дад ҳар сори кетса кетмак ўлмас,
Насносни одам этмак ўлмас10.

Бўлмоғлиғ итинг эрур муродим,
Йўқ итча ўзумга эътимодим.

Ит кимсага бевафолиғ этмас,
Бошин олиб ўзга сори кетмас.

Мен иясига узр қўлғон итмен,
Бу даштда телба бўлғон итмен.

Мумкин    эса телба ит ойилмоқ.
Ёхуд анга эътимод қилмоқ.

Сен доғи мени хирад ниҳод эт,
Ҳар иштаки қилсам эътимод эт.

Узрумни қошингда қўлдум охир,
Ҳар ишта маоф бўлдум охир»,

Чун этти узрининг тамомин,
Тез урди жамоза сори гомин.

Ешти расани жиҳозидан чуст,
Ўз бўйниға боғлади ани руст11.

Топшурди расан бошин атоға,
Деди: «Не десанг бу мубталоға,

Итмен илигингда бўйни боғлиқ»,
Деб қилди ўзини тўрт аёғлиқ.

Ешти ато бўйнидин расанни,
Азм этти ҳаво қилиб ватанни.

То тутти жунун йўлин Навойи
Ким, бўлди ватанға раҳнамойи.

Мажнундек атоси доғи йўқтур,
Масканға ҳавоси доғи йўқтур.

XXIX

Навфалнинг Мажнун қабиласи меҳмонлиғидин уйига борғоч, Мажнун атосиға мизбонлиқ қилғони ва пайванд риштаси ораларида маҳкам бўлуб, меҳмон уйига келгунча Мажнун биёбонға азм қилиб, Лайли шубониға йўлуққони ва шубон итидек лоба қилиб, шубон ани қўйлар аросида яшурғони ва Лайлини кўргач қурбон қўйи била Хўтан жайранининг йиқилмоғи ва ҳар қайсини бир васила била ўз қабилалариға элтмоқлари1

Сўз ноқасининг раҳилкўши,
Бу навъ чекар ҳуди хуруши2.

Ким, чун ҳашамиға келди Мажнун
Шод ўлди аларки эрди маҳзун.

Ҳам қўйди атоси нотавонлиқ,
Ҳам бўлди аноси тоза жонлиқ

Кийдурдилар анга хаззу дебо,
Хилъатлари барча чусту зебо.

Ҳар сори етишти бу ҳикоят
Ким, «Ҳуш анга айламиш сироят».

Эл кўнглида бу хаёл пишти,
Навфалға дағи хабар етишти.

Ул худ еб анинг ғамин ҳамиша,
Зикрин қилиб эрди вирду пеша.

Кўнглига хаёлидин тафаккур,
Жониға висолидин таҳайюр.

Бу сўзни эшитгач ўлди хушдил,
Бориб кўрарига бўлди мойил.

Отландию сурди ул тараф от,
Мажнун эли ҳам хабар топиб бот.

Соз айлаб асоси меҳмони,
Хушдиллиқ ила тушуруб они.

Мажнун била ул сипаҳбади чуст,
Юз меҳр била қучуштилар руст.

Оқшомғача комронлиғ айлаб,
Бу хайл анга мизбонлиғ айлаб.

Ул худ бўлубон бу ишга хушҳол,
Мажнун ўз ишига қолибон лол. 

Чун навфали меҳр юз ёшурди,
Мажнуни фалак ёшин ошурди3.

Раҳ тўша кулича ёйди кавкаб,
Навфал дағи йўлға солди маркаб4.

Борур эди барча йўл аро шод,
Мажнун қолибон уй ичра ношод.

Лекин атосиға юзланиб ком
Ким, Навфал анинг сори қўюб гом.

Ҳам айлади шоду хуррам они,
Ҳам хайл ичида мукаррам они.

Кўнглига тушуб бу сўзки Навфал,
Мажнунни чу кўрмиш эрди аввал.

Лайли эли бирла ҳарб этиб биғ.
Ким, чекти анинг иши учун тиғ.

Мажнун ғамини чу ер экандур,
Пайванд сўзин дағи дегандур5.

Шак йўқки эрур бу ишга мойил
Ким, қилди бизинг ҳашамни манзил.

Йўқса Мажнунға йўқтур ул йўл

Ким, келгай ани кўрар учун ул.

Эмди будурур адаб манга ҳам
Ким, ҳай элини қилиб фароҳам.

Онинг сари хизмат этгабиз фош
Ким, бўлғай анинг ишига подош6.

Топсақ яна лутф ила мадоро,
Ул сўзни ҳам этсак ошкоро.

Рози эса бахтдин қувонсоқ,
Йўқ деса қабила сори ёнсоқ.

Истатти ҳашам улуғларин бот,
Арз этти аларға бу мақолот.

Борисиға дилпазир тушти,
Қилмоқлиғи ногузир тушти.

Мажнун иши чунки эрди матлуб,
Онинг борури кўрунмади хўб.

Ҳарнеки керак қилиб муҳайё,
Ёрим кеча ўйлаким сурайё.

Жамъ ўлубон айлабон бу тадбир,
Қилдилар ўшул гуруҳи шабгир.


Бу гом аро юз фасона бошлаб,
Ҳар бирки туганди ёна бошлаб.

Борур эдилар дебон бу сўзни,
Бу сўз била хушдил айлаб ўзни.

То даштни онча қилдилар тан
Ким, Навфал униға қўйдилар пай.

Ул ҳам қилиб улча шарти икром,
Манзилда бериб аларға ором.

Қилди тарабу нишот онча,
Ул хайл ила инбисот онча.

Ким бори кўруб маҳални қобил,
Бўлдилар ўшул ғаразға қойил. 

Навфалга ғараз чу бўлди масмуъ,
Кўнглига бу нукта келди матбуъ.

Дедики: «Бу сўз дейилмиш эрди,
Мажнунға бу ғам ейилмиш эрди.

Қилдим чу қабул анга рақамзад,
Эмди дағи қилмоғумдурур рад.

Сиз эмди қўюнг ҳашам сори гом,
Мен сур ишини қилай саранжом7.

Сизга дағи улча дастрасдур,
Ортуқ манга орзу эмасдур.

Соз айлаб этинг буён азимат
Ким, фурсат эрур басе ғанимат.

То ўйлаки бўлса шарт пайванд,
Мажнунни қилай ўзумга фарзанд».

Миоди никоҳ топти таъйин,
Ул хайлға ёнмоқ ўлди ойин.

 Шод уй сари бўлдилар равона,
Билмайки не феъл этиб замона.

Ул тунки аларға қолмай ором,
Навфал сари урмиш эрдилар гом.

Мажнунки уй ичра қолди дилтанг,
Кўздин тўкар эрди ашки гулранг.

Чун қўймади ҳажр ўти қарорин,
Ишқ илгидин олди ихтиёрин.

Ишқ ўти чекиб забона чиқти,
Уйдин яна бехудона чиқти.

Дашт узра югурди бесару пой,
Гаҳ тортиб ҳую, гаҳ чекиб вой.

Ёй эрди қаддию, новак оҳи,
Гардунни қилиб нишонагоҳи.

Бу — ёйиға чун қурар эди ўқ,
Гардун кўзига урар эди ўқ.

Ойини ҳаволаниб таку дав8,
Ул навъки меҳри осмонрав.

Элтур эди ёр меҳри они,
Бош урғуча меҳри осмони.

Чун жадйин соғди чарх золи,
Сут қатраларин оритти ҳоли.

Ул сут била санъат айлабон зол,
Кўргузди панир қурси филҳол9.

Олиға етишти бир сурук қўй,
Чўпони кўрунди ошнорўй.

Мажнунни дағи шубон чу кўрди.
Аҳволини лутф бирла сўрди,

Мажнун деди: «Эй юзи ҳумоюн,
Қайда сени кўрмиш эрди Мажнун

Ким, талъатнинг ошно кўрунди,
Дардиға сўзунг даво кўрунди.

Сен ҳам анга айладинг навозиш,
Ул доғи навозишингға нозиш».

Чўпон қўюбон аёғиға бош,
Бу навъ такаллум айлади фош

Ким, «Менким ишим эрур шубонлиқ,
Қўй бирла қўзиға меҳрибонлиқ.

Тилсиз гала ҳамзабонидурмен,
Лайли қўйининг шубонидурмен.

Сени кўруб эрдим ул ҳашамда,
Мактабда сабақ ўқур аламда.

Ишқинг аламин дағи билурмен.
Ҳар чора қилай десам қилурмен».

Мажнун тобониға қўйди бошин,
Наъл   этти   ўтуклариға   қошин.

Дедики: «Аё даминг равонбахш,
Нутқунг   ўлган   танимға   жонбахш,

Исодек ўлукни тиргузурсен.
Хуш муъжизадурки кўргузурсен.

Йўқ, йўқки, шубонлиқ ичра Мусо,
Илгнингда асо ҳам аждаросо.

Мусо неки, Хизри10 роҳим ўлдунг,
Ғам зулматида паноҳим ўлдунг.

Еткур манга оби зиндагони,
Яъники кўрай йироқдин они

Ким, ҳажрида хаста жон мен асру,
Раҳм айлаки нотавон мен асру.

Чўпон деди: «Эй хужаста соҳиб,
Оқшомғача   бўл   манга   мусоҳиб.

Чора тарафи назора айлай,
Бир навъ ишингга чора айлай».

Мажнун чекибон дуосиға тил,
Бўлди анга ул кун ўйлаким йил,

Мағриб сари меҳр айлагач рўй,
Сурди чўпон ҳашам сари қўй.

Бир   қўй  терисин   чиқорди   филҳол,
Мажнунға дедики: «Эгнинга сол.


Қўйдек бу терини хилъат айла,
Бошдин аёғингға кисват айла.

Қаддингни ғанам11 ичинда хам қил,
Ошиқ эсанг они муғтанам бил.

Ким, келгусидур бути паричеҳр,
Андоқки ҳамал фазосиға меҳр.

Қизлар била ўйнаю талошо,
Қўй соғмоғин этгали тамошо

Етганда бошингға сен билурсен,
Не навъ назораким қилурсен».

Мажнун ёпиниб терини маҳкам,
Қўйлар аро айлабон қадин хам.


Борур эди тўрт аёғланиб тез,
То қилди замона фитнаангез.

Қўйлар чу қабилаға ёвушти,
Қизларға хиром жўши тушти.

Анжум киби чиқтилар шитобон,
Лайли ул арода моҳитобон.


Чун ишқ аро кўп бўлуб малоли,
Ошуфтаву тийра зулфу холи.


Ҳижрон ўтидин узорида тоб,
Гулбарги сиришк бирла сероб.

Гисуки бўлуб йўлиға жоруб,
Оламға сочиб ғубору ошуб.

Фитнаки кўзига сурма тортиб,
Жон нақдин олурға кўз қарортиб.

Мужгоники қатл айлаб оҳанг,
Юз шуъласи дудидин тутуб ранг.

Ўтлуғ юзиким бўлуб дилафрўз.  
Мажнункушу балки нуктадон сўз.

Бу навъ жамол ила етишти
Юз ғанжу далол12 ила етишти.

Мажнунға кўрунгач ул паризод,
Ойини ҳаёти бўлди барбод.


Бир оҳи фалак шигоф чекти
Ким, кўкни анга ғилоф чекти.

Қўй ичра йиқилди зору бедил.
Қўйдекки қилурлар они бисмил.

Ул нолаки чекти бемадоро,
Қўйларға рам ўлди ошкоро.

Бўтрашти чу ҳар бириси бир ён,
Қолди орада ғариб гирён.

Лайли ичин ўртаб ўтлуғ оҳи,
Келди билайин дебон камоҳи.

Боқса ётур эрди ер уза пўст,
Ул пўст аро ниҳон бўлуб дўст.

Баским ғам ўти танин қарортиб,
Ул мушк ўзига нофа тортиб.

Мушкин кўрунуб тани низори,
Лайли сочининг нечукки тори.

Гулрухға чу бўлди қисса маълум,
Оҳ урдию ҳуши бўлди маъдум.

Ер узра йиқилди сарвқад ҳур,
Туфроқ уза тушти гўйиё нур.

Ишқ ичра тани низор бирла,
Ҳамхобалиғ этти ёр бирла.

Ошиқки эрур ишида содиқ,
Маъшуқ бўлур бошида ошиқ.

Қизлар бўлубон ул ишдин огоҳ
Ким, бўйла йиқилди икки дилхоҳ.

Гулрухни кўтардилар ҳам улдам,
Васл ўлмай аларға хушсиз ҳам.

Азм айлаб ўкуш фасона бирла,
Ул амрда юз баҳона бирла.

Саҳрода қолиб ғарибу бехеш,
Ҳайратда шубони чораандеш

Ким, топса хабар қабила аҳли,
Бирдам йўқ анга ҳаёт маҳли.

Мундоқда ики жамозалиқ тез,
Еттилар этиб жамозалар хез13.

Бу ҳолат ичинда топқоч они,
Бир ноқа14 чўкурдилар равонн.

Ноқа уза они қўйдилар чуст.
Илгин аёғини тонгдилар руст.

Воқиф бўлмай қабилада эл,
Азм ўлди аларга ўйлаким ел.

Мундоқ деди ровийи фасона
Ким, келгач атоси уйга ёна.

Билдики кетибдур ул ҳамул шом,
Кўп йиғлади уйда тутмай ором.

Йиғлай-йиғлай изин иришти,
Ул ерда етиштиким етишти.

Боғлаб тева узра чунки топиб,
Келтурди уйига тегру чопиб,

Еткургунча ҳашамға они,
Юз қатла лабиға етти жони.

Чун етти қабилаға ёбондин.
Ёд этмади қўй била шубондин.

Эй водийи Айман15 ичра қўйчи,
Итмен санга ўз қошингда қўйчи!

Шуғлунг била бошладим йўлумни
Тут лутф ила сен дағи қўлумни.

XXX

Мажнун атоси ўғлини кўп насиҳатлар била Навфал ҳашамиға олиб борғони ва Навфал сур асбобини сурур била чиқарғони ва тазвиж риштаси ақди тузулгони ва ул гириҳ маҳкам бўлмасдин бурун узулгони ва бир ошиқ маъшуқи васлидин ком топқони ва яна бир ошиқ
маъшуқи васлин тилай гом урғони1

Машшотаки сўз дурини терди,
Бу бикрға бўйла жилва берди.

Ким, уйга чу келди зор шайдо,
Мағзи аро бўлди ҳуш пайдо.

Йиғлаб атоси қилиб шикоят,
Этиб яна панди бениҳоят.

Ул сўз демайин малолатидин,
Боқмай атоға хижолатидин.

Фаҳм ўлғоч атосининг малоли,
Туфроғ этиб ани инфиоли.

Юз ерга қўюб тутуб қулоғин.
Кўп ўпти атосининг аёғин.

Дедики: «Кечур гуноҳим охир
Ким лутфунг эрур паноҳим охир?»

Кўргач ато ажз эътирофи,
Деди: «Бу ишинггадур талофи2.
            
Қилғон боридин ружуъ қилсанг,
Не ишга десам шуруъ қилсанг.

Мендин тиласанг ризо қабул эт.
Не шаръ этар иқтизо қабул эт».

Мажнунки футувват аҳли эрди,
Иҳсону мурувват аҳли эрди.

Ҳуш ўлса димоғи ичра сокин,
Тарки адаб эрмас эрди мумкин.

Одоби ҳидоят аҳли янглиғ,
Ойини валоят аҳли янглиғ.

Андоқки тилаб худо ризосин,
Андин сўнг ато-ано ризосин.

Деди: «Санга ҳарнеким ризодур,
Қилмоғлиғ ани манга сазодур.


Ҳукм этки не навъ этай шиорим,
Этмакда ани не ихтиёрим?»


Бўлди атоси бу нуктадин шод,
Навфал ишидин сўз этти бунёд.

Ким, Навфалким Арабдадур тоқ,
Йўқ, йўқ, не Арабки, тоқи офоқ.

Кўп бўлди сенинг учун аламсанж,
Кўнглига ишингда етти кўп ранж.


Чунким йўқ эди азалда тақдир.
Топмади ишинг бутарга тадбир.


Эмгаклари бўйнунга эрур қарз,
Узрин қўлмоқ санга эрур фарз.
       
Эмди будурур анинг ризоси,
Ҳам хаста атонгнинг илтимоси.

Ким, зоҳир этиб тариқи пайванд,
Қилсоқ анга доғи сени фарзанд.

Бир ётлиғи бор эмиш париваш,
Боштин-аёғи латифу дилкаш.

Иффат ҳарамида ул жамила,
Савдосида зор юз қабила.

Васлин тилар элга худ адад йўқ,
Айтурға анга валек ҳад йўқ.

Бу иш биладур манга мубоҳот,
Таъхирда келди бийми офот.

Мендин тиласанг ризо, ризо бер,
Бу қисса ризосини манга бер!»

Мажнун тилин андоқ айлади банд
Ким, бўлди ризоси бирла хурсанд.

Хушвақт ўлубон қўпуб тарабнок,
Индатти қабила аҳлини пок.

Ҳарнеки керак ул иш яроғи,
Омода қилиб зиёда доғи.

Мажнунни ясаб либос бирла,
Тун-кун киби кишу ос бирла3.

Ҳеч иш била фавт қилмай авқот,
Навфал сори азм қилдилар бот.

Ул ҳам чу эшитти можарони.
Жамъ айлади хешу ақрабони.

Жашн анжуманин4 азим қурди.
Ул хайлни базм аро тушурди.

Ойини тарабға қўйдилар юз,
Ичку эди неча кеча-кундуз.

Чун бўлди тараб ишига анжом,
Бирдам  кўтарилди  базмдин жом.

Кўп зийнату зеб этиб иковни,
Гулчеҳра келин била куёвни.

Қизни асраб ҳижоб ичинда,
Ойдек тўқуз ниқоб ичинда.

Базм ичра куёвга қўйдуруб гом,
Бердилар   эл   ўртасида  ором.

Ўлтурди хатиби Ийси иъжоз5,
Ҳақ ҳамду саносин айлаб оғоз.

Ой бирла қуёшни айлади ақд,
Боши уза сочтилар басе нақд.

Чун меҳр келин киби ёшунди,
Тун ерга куёв киби юкунди.

Гардун   кўрубон   бу  иш   мувофиқ,
Келтурди тўқуз табақда сочиқ.


Ул уйгаки урмиш эрдилар тахт,
Тахт устида солмиш эрдилар рахт.

Бошладилар ул, икковни хандон,
Йўқ кулгу вале аларға чандон.

Мажнунни қарин қилиб париға,
Топшурдилар ойни Муштариға.

       
Уй гирдидин элни сурди Навфал
Ким, қолмади анда элга мадхал.

Ул теграда жамъ ё жарида,
Алқисса йўқ эрди офарида6.

Бир пос чу тундин ўтти ул хайл,
Тўшлуқ-тўши қилди уйқуға майл.

Навфал йироқ ўлтуруб ичиб мул,
Ҳардам қилур эрди бир тахайюл.

Савдоси бу йўлға тутти они
Ким, уй ёниға келиб ниҳони.

Секин қилиб уй кийзини пора,
Ул фуржадин айлади назора.

Кўрди еридин қизинки қўпти.
Мажнун қошиға келиб ер ўпти.

Бунёд эттики: «Эй ягона,
Ишқ ичра ягонаи замона.

Ҳам меҳри сафо юзунгда толиъ,
Ҳам нури вафо энгингда ломиъ,

Бу нукта эрур қошимда равшан,
Эл олида ҳам эрур муайян.

Ким, Лайли ишида нотавонсен,
Ишқида жаҳонға достонсен.

Кўнглунгдур анинг ғамида маҳкам
Ким, ишқи эрур санга мусаллам,

Кўнглунг ўтидин совутмоғунгдур,
Ул борида ёр тутмоғунгдур.

Иккимиз атосининг ризоси,
Солмиш санга бу иш ибтилоси.

Чун кишвари ишқнинг шаҳисен,
Ишқ аҳли ўтининг огаҳисен.

Бордур манга доғи дардманди,
Ишқим расаниға пойбанди.

Дардим ўти ичра тоби онинг,
Мен доғи келиб хароби онинг.

Лекин икимиз ўти ниҳони,
Не мени улус билиб, не они.

Фикр айлаки ул асири маҳжур,
Фаҳм этса сенинг била манга сур.

Бу кеча анинг не ҳоли бўлғай?
Умри кунининг заволи бўлғай!

Сирримни санга чу айладим фош,
Сендин манга будур эмди подош.


Ким, рози бўлуб ғароматимға7,
Бўйнунгни   қўюб   маломатимға.


Қилмай мени эл аро фазиҳат8,
Қўпсанг дағи айласанг азимат.

Ҳар кимгаки бу фасона етса,
Ул хайл сени маломат этса,

Мен бўлмасам эл аро муотаб,
Қилсанг сен ўзунгни-ўқ мухотаб9.

Бу навъ мурувват ўлса сендин,
Изҳори футувват ўлса сендин.
             
Уммедим эрурки қодири пок,
Лайлиники келди нодири пок.

Ўз ҳифзи аро зимонда тутғай,
Ҳар маҳлакадин амонда тутғай.

Ҳам ҳажрида олмағай шикибинг,
Ҳам васлини айлагай насибинг».

Мажнунға етиб бу сўздин озор,
Ул хаста ишига йиғлади зор.

Дедиким: «Аё рамида пайванд!
Бўл ишқу муҳаббатингға хурсанд.

Ёрингға вафо шиоринг ўлсун
Ким, тенгри ҳамиша ёринг ўлсун.

Мен худ тушубон ичимга андуҳ
Қилғум эди азми водию кўҳ.

Кўнглунгни қилур учун риоят,
Ошуфта замир эдим бағоят.

Бу лутфки сендин ўлди зоҳир,
Узрунгни нечук қўлай мен охир.

Кетмаккаки жазм ниятим бор,
Кетсам санга худ не миннатим бор.

Мен худ кетар эрдим ушбу соат
Бердинг сафаримға иститоат.

Миннат санга йуқ, ўзумга қўйдум.
Жон бирла ики кўзумга қўйдум»,—

Деб қўпти анга дуолар айлаб,
Мундоқ караму атолар айлаб.
                 
Соз этти оғолиғу сингиллик,
Кўп   истади   синглидин   биҳиллик.

Чиқти дағи азми пўя этти.
Ғам бодиясиға кирди кетди.

Навфал кўрубон бу турфа ҳолат,
Қиз бирла куёв аро мақолат.

Қўпти доғи уйда тебради данг,
Май ичра киши еган киби банг.

Кўрган неки ёд этиб уёлиб.
Не асрай олиб, не айта олиб.

Уйнинг яна сори қаҳру кинда,
Қиз ошиқи бор эмиш каминда.

Илги аро дашнаи10 тутуб тез
Ким,   бўлса   ул   икки   ишратангез.

Ул иккини ҳам ҳалок қилғай,
Ўз кўксини доғи чок қилғай.

Пок эрди чу ишқи ичра ул зор,
Ишқ   айлади анга ўтни гулзор,

Мажнунға тутуб ўзини таслим,
Кўп топти тариқи ишқ таълим.

Туфроғиға   суртубон   жабинлар,
Тавриға деди кўп офаринлар.

Ҳам дилбаридин топиб нишона,
Ойини вафода ғойибона.

Бехуд қилибон бу ҳолат они,
Ул меҳру муҳаббати ниҳони.

Чун шавқида тоқати бўлуб тоқ,
Уй ичра кириб ҳариф муштоқ.

Ер устида айлади танин паст,
Туфроққа жонни қилди ҳамдаст.

Маъшуқ чу кўрди нотавонин,
Юз саъй ила асради фиғонин.

Меҳр ила бошиға соя солди,
Бошини кўтарди кўнглин олди.

Йилларки бу ишқ арода эрди,
Кундин-кунга зиёда эрди.

Бермайдур эди иковга пайваст,
Бу тунгича васл давлати даст.

Бир-бирига меҳр этиб падидор
Бўлдилар   иковла  масти   дидор.

Жуз нафс муродиким йўқ эрди,
Ўзга бори кам даст берди.

Тонг отғуча гунгу лол эдилар,
Сармасти майи висол эдилар.

Чун тонг қуши нола ёд қилди
Ошиқ дағи хайрбод қилди.

Бош олдию кетти васлдин шод,
Маъшуқаси қолди ғамдин озод.

Чун субҳ арусининг юзида,
Кўргузди сапида дам сапида.

Машшотаи чарх тутти ўтру,
Кун чашмасидин юзига кўзгу11 .

Сур эли юз урди бомдодон,
Қиз бирла куёв қошиға шодон.

Ул уйда бири эди, иков йўқ,
Қиз ёлғуз эди, вале куёв йўқ.

Тўлди яна ғамдин ул арози,
Мажнун эли худ ўлумга рози.

Навфал билибонки недур  аҳвол,
Айтурға вале тили бўлуб лол. 

Мажнун элига басе қўлуб узр,
Айтур сўзи сарбасар бўлуб узр

Ким, «Тенгридин эрди бўйла тақдир,
Неким тақдир эрур, не тадбир12.

Не сиздин ўлуб бу иш, не биздин,
Балким не ўғулдину не қиздин.

Тақдирдин эрди бўйла ҳолат,
Шукр айлангу рафъ этинг малолат».

Бу узр ила барчани узотти,
Енди ўзию узолди ётти.

Ул навъ нуҳуфта ранжу темор,
Бистар   уза   жисмин   этти   бемор13.

Бемормен, эй табиби ҳозиқ,
Ташхисинг эмас вале мувофиқ,

Жонимни олур ғами ниҳоним,
Дафъ айлаву ё бағишла жоним.