LXXXI
Ети ҳакимнинг Искандар онасиға азо текургали келмаклари ва ҳар бирининг дуо ва сано гулрухлариға ўзга иборат деболари либоси кийдуруб жилва бергони ва таҳсин ва офарин маҳвашлариға ўзга алфоз гавҳарлари зеварин тоққони ва ул доғи ети фалак қошида даҳр золидек ўзни паст тутб, аларға маъзират ошкор қилғони
Ети ҳакимнинг Искандар онасиға азо текургали келмаклари ва ҳар бирининг дуо ва сано гулрухлариға ўзга иборат деболари либоси кийдуруб жилва бергони ва таҳсин ва офарин маҳвашлариға ўзга алфоз гавҳарлари зеварин тоққони ва ул доғи ети фалак қошида даҳр золидек ўзни паст тутб, аларға маъзират ошкор қилғони
Бу мотамсарой1 ичраги навҳагар,
Тешар элга бу навҳа бирла жигар
Ки, Искандар этти чу қатъи ҳаёт,
Аносиға бўлди қаро коинот.
Нечукким васият ёзиб эрди шоҳ,
Амал қилди Бонуйи иффатпаноҳ2.
Ише қилдиким, ҳаргиз ул навъ иш,
Жаҳон аҳлидин ҳеч ким қилмамиш.
Бўлуб воқиф ул ишдин аҳли яқин,
Қилиб ҳар бири юз туман офарин.
Бори келдилар мотамин сўрғали,
Ниҳоятдин афзун ғамин сўрғали.
Ҳамул шоҳи мағфурнинг мадфани,
Бўлуб эрди тун-кун анинг маскани.
Чу Бонуйи даҳр ўлди доно анга
Ки, юз қўйди ул ети дарё анга.
Ҳамул қавм иҳзориға берди бор,
Қилиб юмни мақдамларин эътибор3.
Ети баҳр бўлғоч аён ногаҳон,
Фалакдек таҳаррукка тушти жаҳон.
Аёғ узра ҳурматлариға туруб,
Борин бир-бир ўлтуртубу ўлтуруб.
Алар чунки бир лаҳза топиб сукун,
Филотун деди борчасидин бурун
Ки: «Бонуки даврондин огоҳ эрур,
Билик ичра давр аҳлиға шоҳ эрур.
Анга ҳожат эрмас бизинг пандимиз,
Ҳамул нуктаи сабрпайвандимиз.
Нединким, эрур аъқали рўзгор,
Халойиққа ақл ичра омўзгор4.
Вале бир дуодин эмастур гузир
Ки, борбиз анга барча фармонпазир.
Гуҳар чўмса дарёға бўлсун ҳаёт,
Қуёш ботса гардунға етсун сабот5.
Не ҳожатки, биз бўлғабиз сабрхоҳ
Ки, сабр айламакни ёзиб эрди шоҳ.
Неким шаҳ васиятда кўргузди панд,
Борин бўлди андин фузун корбанд6.
Букун улдурур олам аҳлида фард,
Демай шерзан, балки юз шери мард
Ки, андоқ ўғул андин олди қазо,
Қазоға аён этмади жуз ризо.
Умид улки бу дарду андуҳнинг,
Худо муздин этгай аён бирга минг».
Тугатгач Филотуни доно паём
Аён қилди Суқрот мундоқ калом
Ки: «Ей ети иқлим Бонусисен,
Хирад шахси зону-базонусисен.
Санга ғойиб ар бўлди озода шоҳ,
Бори ҳолинга ҳозир ўлсун Илоҳ.
Анга оқил ўлғай насиҳатписанд
Ким, ул ақлдин бўлмағай баҳраманд.
Қазодин не келса ризо бермагай,
Ризо ҳам нечукким, сазо бермагай.
Аёғиға сончилди эрса тикан,
Бўлуб оҳдин кўкка новакфикан.
Насимики зайлиға еткурса гард,
Анинг дардидин тортқай оҳи сард.
Ва лек ул кишиким хирадманддур,
Неким Тенгридин келса хурсанддур.
Сенинг бу тариқинг эрур баркамол
Ки, Ҳақ бермасун донишингга завол».
Туганди чу Суқротнинг ҳикмати,
Етишти Балиноснинг навбати.
Дуо қилди оғози таъзим ила,
Тикиб кўзларин ерга таслим ила.
Дуо хатм этиб, деди бу сўз яно
Ки: «Ети ато бирла бу тўрт ано7.
Сенингдек топа олмай огоҳ қиз
Ки, даҳр ўлмасун сендек огоҳсиз.
Бори элга бу сўзга бор иттифоқ
Ки, душвор эрур дарду доғи фироқ.
Бу дард ичра улким жазаъкорроқ,
Ризо бермаган дарди душворроқ
Ки, аввал ризо нақди бўлғай талаф,
Мусибатнинг ажри доғи бартараф.
Сенинг ройинга нури таҳқиқ эрур,
Ҳақ эҳсонидин онча тавфиқ эрур
Ки, шойиста ишга қилурсен шуруъ,
Не шойиста эрмас, этарсен ружуъ».
Балинос чун сўзни қилди адо,
Яна этти Буқрот сўзи ибтидо
Ки: «Ей ғусса ошомида Қофи ҳилм,
Сенинг зотинга содиқ авсофи ҳилм
Чу сабринг камандин Ҳақ этти узун,
Анга ҳар дам ўлсун узунлук фузун.
Муни билки, ҳар неки бор жунбуши,
Ниҳоятқа етгач сукундур иши.
Топар гўй чавгондин илдомлиқ,
Ва лекин бўлур охир оромлиқ.
Йўқ ул гўйким, гунбази гармпўй
Ки, саргаштадур тун-кун андоқки гўй.
Мунга доғи бир кун қарор ўлғуси,
Қарор ичра беихтиёр ўлғуси.
Булардин бири англа одамни ҳам,
Не одамки, бал аҳли оламни ҳам.
Ангаким азалдин хирад ёрдур,
Бу иш фикратиға мададкордур.
Сени юз туман шукрким, Кирдигор
Хирад ганжидин айлади комгор».
Чу Буқрот ҳарфиға итмом эди,
Дуо бирла донанда Хурмус деди
Ки: «Ей, гулсиз ўлғон хазондида боғ,
Ёруғ нуридин айру тушган чароғ.
Билурсенки очилса боғ ичра гул,
Узар боғбон охир андин кўнгул.
Нечаким чароғ ўлса мажлисфуруз,
Ҳам охир бўлур оқибат тийрарўз.
Чу бу навъ эрур даҳр хосияти
Ки, бўлғай пароканда жамъияти.
Мунга изтироб айламак суд эмас,
Демай судким, жуз зиёнбуд эмас.
Санга Тенгри чун берди донандалиқ,
Ўзунгга насиҳат расонандалиқ
Демак панд – таҳсили ҳосилдурур,
Дегандин хирад нақши зойилдурур»8.
Чу Хурмус деди сўз, бўлуб хокбўс,
Равон бошлади нукта Фарфунюс
Ки: «Ей, ҳикмат ойинидин баҳраманд,
Сўзунг гавҳару гавҳаринг аржуманд!
Букун сенсен ул баҳру кони шигарф
Ки, бўлмиш дуру гавҳаринг бартараф.
Вале қайси дарё яратмиш Худо
Ки, ул бўлмади ўз дуридин жудо.
Яна қайси конким, мағок ўлмади,
Бориб гавҳари, бағри чок ўлмади.
Эрур суннатуллоҳу расми қадим,
Билурда сенинг доғи мислинг адим9.
Хирад, ўйла қилмиш сени аржуманд
Ки, феълинг эрур барча бихрадписанд.
Сангаким бу Ҳақдин мавоҳибдурур,
Бу неъматқа кўп шукр вожибдурур»10.
Чу Фарфунюс этти иршодини,
Арасту қилиб нукта бунёдини.
Аён айлабон нуктаи дилхарош,
Дер эрдию кўздин тўкар эрди ёш
Ки: «Бу важҳдин дурфишондур кўзум
Ки, деёлмону, бордурур кўп сўзум.
Санга панд бермак эмас дилписанд,
Керактур манга юз киши берса панд.
Вале мен чу эрмон насиҳатпазир
Ки, ҳушумни савдо қилибдур асир.
Дер эрдимки дарду ғамингни сўрай,
Бу поёни йўқ мотамингни сўрай.
Нетайким, сўрардин тилим лолдур,
Замирим, бас ошуфта аҳволдур.
Бу ғамда мадад қилди Бонуға Ҳақ
Ки, олмоқ керак барча андин сабақ
Ки, бизларча ҳам изтироб этмади,
Ўзин дард ўтиға кабоб этмади.
Ичи ғунчадек таҳ-батаҳ қон бўлуб,
Вале халқ аро оғзи хандон бўлуб.
Не ҳукми қазоға бўлуб носипос,
Не Ҳақ лутфу жудиға ҳақношинос.
Демас сўз тилига мурур этмайин,
Хаёлиға балким хутур этмайин
Ки, Ҳақ ортуғ этсун бу иқболини,
Ҳумоюн қилиб ҳар нафас фолини».
Чу ҳуш аҳли Бону ғамин сўрдилар,
Димоғини ҳушиға келтурдилар.
Қилиб хотиросо фусуну дами,
Ниҳон ёраларға қўюб марҳами.
Анинг бўйла марҳам топиб ёраси,
Ўзига келиб ҳуши овораси.
Алар узриға бўлди афсонасанж,
Ети кон уза бир бузуғ тўкти ганж11.
Ки: «Мендин бу мотам эрур сизга кўб,
Скандар ғами бордурур сизга жўб
Ки, ҳолоти сизларга маълум эди,
Камолоти сизларга мафҳум эди.
Сафар ичра сиз эрдингиз ёр анга,
Ҳазар ичра сиз ёру ғамхор анга.
Демасменки, ул бор эди шоҳингиз,
Рафиқ эрди андоқки дилхоҳингиз.
Барингиз анга ошкору ниҳон,
Кўп ортуғроқ эрдики ики жаҳон.
Чу ул ёрингиз борди, ғамгинмусиз,
Анинг ҳажрида мотамойинмусиз
Ки, Ҳақ бу ғамингизни рафъ айлагай,
Қатиғ мотамингизни дафъ айлагай.
Скандардин ар борчамиз фардбиз,
Вале бир-биримизга ҳамдардбиз.
Бу иш бўлғали қилмадим сўз ҳавас,
Такаллум қилиб урмадим бир нафас.
Дедим умрдин то таним топса қут,
Қўяй сўздин оғзимға муҳри сукут.
Чу сиздин аён бўлди ҳамдардлиқ,
Емас яхши ҳамдарддин фардлиқ.
Мени солдингиз сўзга беихтиёр
Ки, ҳамдард ўлуб сўзга не ихтиёр».
LXXXII
Ул илги кесилганнинг ҳикоятиким, қўлиға туҳмат тиғи дастбурд кўргузди в аул ҳамдардлариға етгач, дастандозлиғ била навҳа тузди
Ул илги кесилганнинг ҳикоятиким, қўлиға туҳмат тиғи дастбурд кўргузди в аул ҳамдардлариға етгач, дастандозлиғ била навҳа тузди
Эшиттимки, бор эрди бир нотавон,
Фалак зулмидин қисми ранжу ҳавон.
Яна даст берди ажаб шиддате,
Қўлин кестилар айлабон туҳмате.
Чу бу зулм анга ўтти, дам урмайин,
Нафас эл била бешу кам урмайин.
Кесук илгин олди бутун қўлға, бот
Югурди халойиққа беилтифот.
Бу иштин бўлуб воқиф аҳли диле,
Еришти ичига тушуб мушкиле.
Йироқдин қилур эрди ҳамроҳлиқ
Ки, ул рамздин топқай огоҳлиқ.
Чу мазлум чиқти улусдин қироқ
Ки, чиқмоқ улусдин қироқ яхшироқ.
Борур эрди андоқки девонае
Ки, ногаҳ падид ўлди вайронае.
Бор эрди бузуқта неча дардманд,
Қўли барчанинг бўйла топқон газанд.
Алар оллиға етгач ул сийнареш,
Дегайсенки бағриға сончилди неш.
Кесук илгини ташлабон, чекти вой,
Алар ичра ҳам тушти кўп ҳой-ҳой.
Қучуб бир-бирин можаро қилдилар
Ки, олам фазосин қаро қилдилар.
Камин айлаган кўргач ул созни,
Тафаррус била билди ул розни.
Ки мазлум элдин тилаб фардлиқ,
Чекиб келди ул элга ҳамдардлиқ.
Киши топса ҳамдардини ногаҳон,
Не имкон ниҳон дарди қолмоқ ниҳон?
LXXXIII
ҲИКМАТ
Ул бобдаким, ики ҳамдард бир-бирига недин маълуфдурурлар ва ики ҳамжинс бир-бирининг мулоқотиға невчун машъуф
ҲИКМАТ
Ул бобдаким, ики ҳамдард бир-бирига недин маълуфдурурлар ва ики ҳамжинс бир-бирининг мулоқотиға невчун машъуф
Бу янглиғ демиш ҳикматандеша хайл
Ки, ҳамжинс қилмоқ бири бирга майл.
Ерур бир жиҳатдинки машраблари,
Яна доғи толеъда кавкаблари.
Мувофиқдурур асли фитрат аро
Ки, майл ўлди бир-бирга нисбат аро.
Бир ахтар қилиб икига парвариш,
Берур майл иковга табиий кашиш.
Ул ахтарға ҳарне асар бўлғуси
Ки, ул хайр йўқ эрса шар бўлғуси.
Ул элга асар юзланур воқеъи
Ки, бу нажм эрур соҳиби толеъи.
Агар айшу роҳат ва гар дарду ғам,
Бориға насиби етар бешу кам.
Топиб роҳат ичра ҳамовардлиқ,
Яна ранжу меҳнатда ҳамдардлиқ.
Фузун айлар аввалғи нисбатларин,
Берур иттисол ичра шиддатларин.
Қачон мунча нисбат топар ики ёр,
Қилур майл бир-бирга беихтиёр.
Ики зор булбул ҳамовоз ўлур,
Бўйла ики қумриға парвоз ўлур.
Агар ваҳшу тайр ўлсин, ар жинну инс,
Бу ишдин эрурлар анис ики жинс.
LXXXIV
Ул шаҳзодаи сипеҳржаноб мадҳиким, хуршеду ой қирон қилғонда туққан саъд ахтардурур ва сарву гул муқорин бўлғонда очилғон ғунчаи суханвар ва достон ибтидосини султони соҳибқирон мадҳида бир неча дурфишонлиқ била музайян қилмоқ ва гузориш дебочасини Скандари даврон саносида бир неча гуҳаррезлиқ била мурассаъ этмак ва шаҳзода мадҳин насойиҳ била ихтисор қилмоқ ва ети ҳаким била Искандар ҳикматларин анга ошкор айламак ва сўнгра қойил ўз зодаи табъи ики лаъли оташин анинг қулоғиға лойиқ ва ики дурри самин анинг истимоиға мувофиқ назм силкига тортмоқ ва дуо жавоҳири била хатм қилмоқ
Ул шаҳзодаи сипеҳржаноб мадҳиким, хуршеду ой қирон қилғонда туққан саъд ахтардурур ва сарву гул муқорин бўлғонда очилғон ғунчаи суханвар ва достон ибтидосини султони соҳибқирон мадҳида бир неча дурфишонлиқ била музайян қилмоқ ва гузориш дебочасини Скандари даврон саносида бир неча гуҳаррезлиқ била мурассаъ этмак ва шаҳзода мадҳин насойиҳ била ихтисор қилмоқ ва ети ҳаким била Искандар ҳикматларин анга ошкор айламак ва сўнгра қойил ўз зодаи табъи ики лаъли оташин анинг қулоғиға лойиқ ва ики дурри самин анинг истимоиға мувофиқ назм силкига тортмоқ ва дуо жавоҳири била хатм қилмоқ
Биҳамдиллаҳ, иқбол ўлуб корсоз,
Бу туғро баёзиға чектим тироз1.
Алиф ибтидосиға айлаб рақам,
Ниҳоятға қилдим рақам мими там2.
Ки, яъни бу сўз етти итмомиға,
Бу тарих оғози анжомиға.
Мададгор ўлуб гунбази тезгард,
Скандар ҳадисиға бердим навард.
Агар борди Искандари тахтгир,
Жаҳон мулкида қўйди тожу сарир.
Бу иштин жаҳон бўлмасун дарднок,
Чу қойим-мақом ўлди пайдо, не бок?
Бори шоҳлар сарфарозини бил,
Скандарсифат Шоҳи ғозийни бил.
Эрур олам аҳли нигаҳбони ул,
Нигаҳбон йўқ, Искандари сони3 ул.
Скандар агар келди ойинасоз,
Замири анинг бўлди миръоти роз.
Гар ул4 ганжлар узра қилди тилисм,
Мунга ганж сарф айламак бўлди қисм.
Гар ул эрди ҳикмат тариқида чуст,
Бу келди таваккул йўлида дуруст.
Гар ул қўймади душман этмай табоҳ,
Бу – душманлариға эрур некхоҳ.
Гар ул – рой ила қилди ҳар ишни биғ,
Мунга Ҳақ насиб айлади рою тиғ.
Гар ул оби ҳайвон учун сурди от,
Мунунг ҳар сўзи келди оби ҳаёт.
Гар ул фитна яъжужиға чекти сад,
Мунунг мулкига фитна келмак не ҳад.
Гар ул олам олди тузуб доругир,
Бу — олам берур, истаса бир фақир.
Анга гар йўқ эрди халафдин шараф,
Мунга Тенгри берди ўн олти халаф5.
Алардин бири меҳри пурнур эрур
Ки, ҳар нома бошида мазкур эрур.
Бири улки, юз лутф эрур зотиға
Ки, «Фарҳоду Ширин» эрур отиға6.
Яна қолғон ўн тўрт маълум қил,
Назоҳатда ўн тўрт маъсум бил.
Икиси набира, ўн ики ўғул
Ки, ҳар бирга юз шоҳу шаҳзода қул.
Эрур давлат авжиға ўн ики бурж,
Шараф дурру лаълиға ўн ики дурж
Ки, бўлсун бори умридин баҳраманд,
Алардин доғи хусрави аржуманд.
Бори бўлсун офоқ аро комкор,
Батахсис шаҳзодаи номвор.
Юзи меҳр базмида шамъи тироз,
Қади салтанат боғида сарвиноз.
Латаф – жисмининг жону жононаси,
Шараф баҳрининг дурри якдонаси.
Ети пушти оламға султон келиб,
Атодин ато хон, бин хон келиб.
Ато Шоҳи ғозию ул нури айн,
Музаффар Ҳусайн ибни Султон Ҳусайн.
Алал-оламина дома эҳсонаҳу,
Лаҳу халладаллоҳу султонаҳу8.
Таолиллоҳ, асру ажаб зот эрур
Ки, оламға андин мубоҳот эрур.
Зафарға қарин фаррух оти анинг,
Бори айбдин пок зоти анинг.
Адаб тахтининг меҳри афлоки ул,
Ҳаё баҳрининг гавҳари поки ул9.
Келиб қаҳридин дўзах ўтиға бим,
Вале хулқи жаннат гулидин насим.
Кичик ёшлиқ, аммо улуғ қадрлиқ,
Ҳилолида маълум ўлуб бадрлиқ.
Неча шер бўлсун кичик, гар улуғ,
Эрур савлати бирла эл қайғулуғ.
Улус чеҳраи оламафрўзидин,
«Билур йил келишини наврўзидин»10.
Чу васфин баён қилмоқ осон эмас
Ки, поёниға етмак имкон эмас.
Насиҳат тариқин шиор айлайин,
Дуо бирла-ўқ ихтисор айлайин.
LXXXV
Юқори мастур бўлғон ва илгари мазкур бўлғон дастур била мадҳдин дуоға ружуъ қилмоқ ва ҳукамо хирадномалариға шуруъ қилмоқ
Юқори мастур бўлғон ва илгари мазкур бўлғон дастур била мадҳдин дуоға ружуъ қилмоқ ва ҳукамо хирадномалариға шуруъ қилмоқ
Аё, шоҳвашларнинг озодаси,
Жаҳон аҳлининг шоҳу шаҳзодаси!
Скандарки бор эрди оламға шоҳ,
Бори олам аҳлиға зилли Илоҳ.
Жаҳон аҳлича илму донолиғи,
Хирад қувватидин тавонолиғи.
Бўлуб қисми ҳам ҳикмату, ҳам билик,
Яна чекмайин ўрганурдин илик.
Эмас эрди ўз рою тадбири кам,
Тилар эрди эл рою тадбири ҳам.
Тутуб панд донишвар элдин умид,
Хирадномалар олмиш эрди муфид.
Солур эрди ҳар кун алар сори кўз,
Топиб дилписанд иш, дилосой сўз.
Ҳаким айтқондек бўлуб корбанд,
Не ишдинки айлаб, бўлуб баҳраманд.
Неча сўз алардин баён айлагум,
Не махфиси ўлса, аён айлагум.
Умид улки, сен ҳам қилиб истимоъ,
Санга доғи нафъ айлагай ул матоъ.
Биридур Арасту хирадномаси
Ки, таҳрир этибдур анинг хомаси.
Шуруъ айлагум гарчи мужмал анга,
Вале Тенгри ҳамдидур аввал анга.
Чу Ҳақ ҳамдиға айламиш ихтитом,
Бу янглиғ Скандарға сурмиш калом
Ки: «Билгилки, олам вафосиздурур,
Не оламдадур – ҳам бақосиздурур.
Неким бўлмағай анда пояндалиқ,
Анга яхши эрмас кирояндалиқ1.
Ерур Ҳақки боқидурур, лоязол
Ки, етмас камолиға онинг завол.
Неким Тенгрининг ғайри ёд этмагил,
Чу ёд айласанг, эътимод этмагил.
Ҳақ оллинда мундоқки, сенсен ҳақир,
Санга, ўйла йўқ ҳеч зору фақир.
Нечукким санга марҳамат айлар ул,
Сен ул элга ҳам марҳамат узра бўл.
Улуским санга бандакирдордур,
Санга доғи бир қодире бордур.
Заифингға гар лутф қил, гар ғазаб,
Қавийдин доғи они қилғил талаб.
Киши муҳр аро ҳар не қилди нигор,
Варақта ҳамул нақш ўлур ошкор2.
Халойиққа кўрма қилиб бенаво,
Ўзунгга раво кўрмаганни раво».
Филотун сўзидурки: «Ей сарфароз,
Ҳақ этмиш сени халқдин бениёз.
Анинг лутфидиндур бу шавкат санга,
Анинг бахшишидин бу ҳашмат санга.
Агар амриға қилмасанг инқиёд,
Қачон топқай оллида уқданг кушод.
Сипаҳ фикриға элни қилма табоҳ
Ки, Тенгри қилур ишни, йўқким сипоҳ.
Сипаҳ тутса оламни андоқки дуд,
Зафар бермаса Ҳақ таоло, не суд?
Сипаҳни ҳам асру нажанд айлама,
Фалокат аро мустаманд айлама
Ки, шаҳдин етишса сипаҳға газанд,
Сипаҳдин эрур бим шаҳға газанд.
Не мутлақ-инон айла, не ноумид,
Етур бийму уммид бирла навид.
Сипаҳ хотирин лутф ила шод қил,
Раиятни адл айлаб обод қил.
Бу икига сендин қачон етса ком,
Топар шаҳлиғинг равнақу интизом».
Яна сурди Суқрот бу навъ сўз –
Ки: «Тут Тенгридин фатҳу иқбол кўз.
Қачон Ҳақ била сидқинг ўлди дуруст,
Не ҳожат нима халқдин бозжуст.
Сени айлади Тенгри ўз сояси,
Бийикдур ҳамул соянинг пояси.
Керак элга осойиш ул соядин,
Етишмак наво борча пироядин.
Мунунгдек бийик поя қадрини бил,
Анга лойиқ афъол фикрини қил.
Улус ранжиға эҳтимом айлама,
Ўзунгга бу отни ҳаром айлама.
Раиятни адлингдин осуда тут,
Фароғат миҳодида уйқуда тут.
Аларға чу таскину оромдур,
Санга доғи ҳосил бори комдур.
Раиятқа бўлса парокандалиқ,
Топар салтанат нахли баркандалиқ.
Агар қўй бўри хайли помолидур,
Яқин билки, чўпонға ит ҳолидур».
Яна деди Буқроти фаррухсиришт
Ки: «Ел чун кўрар ҳар недур сарнавишт.
Не тақдирдур дафъи осон эмас,
Киши кўрмайин они имкон эмас.
Қазо дафъиға солибон элга ранж,
ғалатдур тамаъ айламак молу ганж
Ки, ҳифз этмаса эзиди зул-жалол
Кишига не ганж асиғ айлар, не мол3.
Таваккулдадур гарчи кому нишот,
Вале шарт эрур айламак эҳтиёт.
Риоятда ифрот матлуб эмас,
Таваккулда ғафлат доғи хўб эмас.
Не андозасиз ғам, не ҳадсиз сурур,
Керак ишда ойини хайрил-умур.
Бўлур ҳам салотинға ул навъ ҳол
Ки, ифроти онинг эрур эътидол:
Бири муфсид элга сиёсатдурур,
Ул ифрот шарти раёсатдурур.
Ёмонға чу ифрот ила бўлса бим,
Қолур яхши ифрот бирла салим»4.
Яна бўлди Фисоғурс нуктавар
Ки: «Шаҳ покликдин керак баҳравар.
Ани чунки шоҳ этти Яздони Пок,
Керакмас анинг хотири лавснок.
Агар бор эса поклик нияти,
Анга ёр ўлур поклар ҳиммати.
Керак оғзи поку сўзи доғи пок,
Яна кўнгли поку кўзи доғи пок.
Бори лавсдин кўнгли холи анинг,
Халойиқ аёли – аёли анинг.
Ўзи чун шиор айлади поклик,
Бўлур дафъ нопоку бебоклик.
Чу ваҳм этти нопокликдин ёмон,
Халойиқ аёлиға бўлди амон.
Агар айласа шоҳ нафси ҳаво
Ки, бир маъсият бирла топқай наво.
Яқиндурки аввал тилар хилвате
Ки, элдин анга етмагай ваҳшате.
Ажаб бўлғай элдин бу феъли ниҳон,
Вале нозир ўлғай Худойи жаҳон.
Керак топса аввал бир андоқ ўрун
Ки, бўлғай иши Тенгридин ёшурун!»
Яна Асқалинус иршодидур
Ки: «Ободгар элга шаҳ додидур.
Қаю шаҳки йўқ адл ила дод анга,
Улус бирла мулк ўлмас обод анга.
Чу шаҳ зулм сори узотти илик,
Очилди улуқ зулм уйига эшик.
Анинг зулми кишварға онча эмас
Ки, золим не зулм айласа, сўз демас.
Агар шаҳға иш лутфу гар кин эрур,
Элига ҳамул шева ойин эрур.
Қачон жавқ-жавқ ўлса, авбош маст,
Тушар тақво аҳлиға кўп-кўп шикаст.
Чу ёшларға боғланса мактаб йўли,
Бўлур гум улуғларға мазҳаб йўли.
Халал йўл топар тўғри ойинға ҳам,
Тушар рахна ислом ила динға ҳам.
Керак шаҳ адолат шиор айлагай
Ки, зулм аҳлини хоксор айлагай.
Халойиқ топиб адлидин интизом,
Иши ики дунёда бўлғай тамом».
Яна Ҳурмус этти навосозлиқ,
Бу навъ айлади нуктапардозлиқ
Ки: «Шаҳға саховат эрур ногузир,
Бўлурға иши халқ аро дилпазир.
Сахо ул эмастурки, ҳар булҳавас,
Мубоҳот учун сарф этар сийму бас.
Ажаб йўқки ёрмоқ сочар бехирад,
Кумуш банддин рам қилур дому дад.
Тилаб, доғи берган саховат эмас,
Сахо аҳли они саховат демас.
Чу метин узотиб тилин ун солур,
Қатиқ хорадин лаълу ёқут олур.
Сахо улдурурким, шаҳи номвар
Басират кўзи бирла айлаб назар.
Берур аввал арзоқи хайлу сипоҳ
Ки, қолмас анга даъвойи вомхоҳ.
Чу дафъ этти муздурнинг вомини,
Қиёр озу кўп элга инъомини.
Берур луқма ангаким, оч эрур,
Олур кўнглин онингки – муҳтож эрур.
Мубоҳот ила ўзин этмас азиз,
Агар юз туман берса, гар бир пашиз.
Не сарф айлар ўлсанг, бу навъ айла сарф
Ки, бу сарф эрур асрамоқтин шигарф».
Скандар сўзидурки: «Ҳар қайси шоҳ
Ки, бир мулк анга рўзи этгай Илоҳ,
Агар фикри бўлса жаҳонгирлик,
Жаҳон фатҳида пок тадбирлик.
Юруш фикри бўлса керак анга иш
Ки, бир мулк аро бўлмаса ики қиш.
Бировким, жаҳондин керак ком анга
Емас яхши бир ерда ором анга.
Черик чекмак арчи кўрунур ирик,
Ириклик эмас рафъ чекмай черик5.
Шаҳеким ирикликка эрмас далер,
Иши нусрат ўлмас анингдекки шер.
Тузук истаган тобеъу хайлини,
Сиёсатқа туз айласун майлини.
Агар тузса овин саранжом ила,
Урушда ясолин тузар ком ила6.
Вале шаҳ керак бўлмаса булҳавас,
Иши бўлса шаҳлиғ хаёлию бас».
Скандар била ети андоқ ҳаким
Ки, васф этса ул элни табъи салим.
Демак ети кавкаб7 эрур нурлуқ,
Ва ё чархи аъзам бағоят улуқ.
Солиб сўзга анфоси қудсийсиришт,
Санга очтилар бўйла секиз биҳишт.
Навоий не арз айлагай жуз дуо,
Вале бор анга ики сўз муддао:
Бир улким: шариат қўлин тут қави,
Бори ишта бўл шарънинг пайрави
Ки, бу жода бирла хиром айласанг,
Талаб маркабин тезгом айласанг,
Ики даҳр коми бўлуб ҳосилинг,
Наби кўйи бўлғай сенинг манзилинг.
Икинч улки, қил хидмати волидайн,
Бил ул икининг қуллуғин фарзи айн8.
Агар истасанг дунёу охират,
Букун салтанат, тонгла кун – мағфират
Ки, Ҳақдин ризо ҳосил этмак будур,
Ризо демайин Ҳаққа етмак будур.
Сўзим чун туганди дуо айлайин,
Зароат тариқин адо айлайин.
Ало, токи бўлғай Скандар сўзи,
Ул олғон юруб ети кишвар сўзи,
Насиб эт анинг мулкини шоҳға,
Дуосини қил жори афвоҳға.
Бу навъ айлабон шоҳи озодани,
Анинг кўнгли истарча шаҳзодани.
Аниким, мураббий анга шоҳ эрур,
Қил ул навъким, шаҳға дилхоҳ эрур.
LXXXVI
Гадойи камсармояи баландпоя ҳикоятиким, шоҳи баландпояи камсармояға насиҳатда сўз юзин ирик қилди ва бу суҳон била ишига андом бермак тилади
Гадойи камсармояи баландпоя ҳикоятиким, шоҳи баландпояи камсармояға насиҳатда сўз юзин ирик қилди ва бу суҳон била ишига андом бермак тилади
Ешиттимки, бир шаҳға бемояе,
Насиҳат била еткуруб вояе,
Бўлур эрди панд айтибон нуктасанж,
Нечукким, бузуғдин аён бўлса ганж.
Ўлукни биров нутқи этса тирик,
Агар ҳақдур, ул нукта бордур ирик.
Биров кўрди чун давлат арконидин
Ки, сўз тунд эрур ортуқ имконидин.
Вале қойиле бордур асру ҳақир,
Деди тунд ўлуб: «К-ей, гадойи фақир!
Ангаким – эрур шоҳу, сен бир гадо,
Не ҳаддинг била панд этарсен адо?»
Деди нуктапардози Исонафас
Ки: «Гар мен ҳақир эрсам андоқки хас.
Санга бор эса сўз билурдин мазоқ,
Ўзум сори боқма, сўзум сори боқ!
Керак бўлса сўз, ўйлаким дурри пок,
Садафдек ҳақир ўлса қойил, не бок?
Манга ҳам агар нуктада тез эсам,
Қамиш нўгидин оташангез эсам.
Ўзум нечаким зору пажмурдамен,
Лагадкўби гардундин озурдамен.
Ҳамоноки сўз поку софийдурур,
Адабсизлиғимға талофийдурур».
LXXXVII
ҲИКМАТ
Ул бобдаким, машваратда дегучига мулоҳаза қилмай дейилгонни кўнгулга жилва бермак керак ва сочилғон жавоҳирдин муносибни термак керак
ҲИКМАТ
Ул бобдаким, машваратда дегучига мулоҳаза қилмай дейилгонни кўнгулга жилва бермак керак ва сочилғон жавоҳирдин муносибни термак керак
Хирадмандким, соҳиби рой эрур,
Хирад нуридин оламорой эрур.
Анга мушкил иш тушса бир бобдин,
Тилар машварат хайли аҳбобдин.
Аларнинг агар ройи сойиб эса,
Ва гар фикрида юз маойиб эса.
Чу сарриштаи ғайб равшан эмас,
Қаю сойиб эркан, муайян эмас.
Бири ақл ила тушса хотирписанд
Ки, қилса неким бўлса ҳозир, писанд.
Бегонса анга ақл бўлғоч ҳакам,
Қилурға қўяр ҳикмат аҳли қадам.
Вале ғайб илми чу мастурдур,
Иш ўнг келмаса кимса маъзурдур.
Вале машваратда адад касрати,
Берур бу натижаки эл фикрати.
Тахайюл аро борча бир навъ эмас,
Ҳадисин ики кимса бирдек демас.
Неча кимса айлаб хаёлиға куч,
Агар топса сўз ҳар бири ики-уч.
Бу дурлар аро ақли жавҳаршинос,
Иши риштаси бирла айлаб қиёс.
Бирисинки сойирға фойиқ топар,
Иши афсари узра лойиқ топар.
Анинг бирла чун рост келди иши,
Йиғиштурди ўз гавҳарин ҳар киши.
Вале улдур иқболдин баҳраманд
Ким, ул пок гавҳарни қилғай писанд.
Бу дурларки – мен сочтим офоқ аро,
Нужум ўрниға чархи нуҳтоқ аро.
Умид улки чун бўлсалар бархабар,
Шаҳу шоҳзода бўлуб баҳрабар.
Солиб ўз қулоғиға шаҳзода ҳам,
Қабул айлагай шоҳи озода ҳам.
Ва лек истасам тезбозорлиқ,
Алар зоҳир этмай харидорлиқ,
Қулоғлариға бўлмаса устувор,
Қачон ерга қолғай дури шоҳвор?
Не туфроққа қолсун сипеҳр ахтари
Ки, бўлғай эри чархи нилуфарий.
Сўз онингдурурким, талабгоридур,
Анингдур гуҳарким, харидоридур.
Букун чунки шаҳ табъидур жавҳари,
Қачон ерга қолғай бу сўз гавҳари?
Агар бўлмаса зеби торак анга,
Неким бўлса бўлсун муборак анга.
Боши узра борин нисор айладим,
Тамом ўлди сўз, ихтисор айладим.
Кетур соқий, ул лаъли серобни
Ки, кўздин оқизғай дури нобни.
Тўкай шодлиғ ашкин ул жомға
Ки, етти бу оғозим анжомға.
Муғанний, тузат най унин дилпазир
Ки, бас қилғудек бўлди килким сарир
Ки, маст ўлғонимда ичиб жоми май,
Гар ул най уни сокин ўлса, бу най.
Навоий, яқин бўлди осойишинг,
Бўлуб сўз арусиға оройишинг,
Безалди чу ул моҳвашқа жамол,
Жамолин кўруб васлидин коминг ол.
LXXXVIII
Ҳокимсурату дарвешсийрат, балки Дарвеш исми ҳукумат қисм, яъни ахавий маоби давлат иёбқа мавоизосо калом ва насойиҳи молокалом демак
Ҳокимсурату дарвешсийрат, балки Дарвеш исми ҳукумат қисм, яъни ахавий маоби давлат иёбқа мавоизосо калом ва насойиҳи молокалом демак
Аё гавҳарим конининг гавҳари,
Мунир ахтарим буржининг ахтари1.
Неча авжи ҳашмат уза фош сен,
Манга нисбат ичра қариндошсен.
Бу беш ганждинким ушоттим тилисм,
Неча гавҳар айлай санга доғи қисм.
Манга чун насиб ўлди майхонае,
Сумур сен доғи неча паймонае.
Ҳамул гавҳарим бордурур неча панд,
Бу паймона ҳам нуктаи судманд.
Эшитмакда қилма жадал зинҳор,
Анинг бирла қилғил амал зинҳор.
Сени қилди чун Холиқи Корсоз,
Ўз абнойи жинсинг аро сарфароз.
Бу шукронаға қил сарафкандалик,
Буюрғон киби Тенгрига бандалик.
Неким амр этибдур ризо бирла кўр,
Агар билмасанг билгучи топу сўр.
Чу бўлдунг саромад Ҳақ эҳсонидин,
Бўюн тўлғама амру фармонидин
Ки, Ҳақ бўлса Ваҳҳобу ғаффор ҳам,
Эрур лек Жаббору Қаҳҳор ҳам.
Чу қилди сени бас улуқ рутбалик,
Улуқ амрин онинг чу тутсанг кичик,
Агар ғайрату қаҳри тутса вужуд,
Хаёл этки, ул дам надомат не судғ
Тутай дер эсанг Тенгри амрин қави,
Бўл охир наби шаръининг пайрави.
Эрур жодаи шаръ бир шоҳроҳ
Ки, озмоқтин ул йўлда асрар Илоҳ.
Десанг озмайин чиқма ул жодадин,
Юруб ком топ бахти озодадин.
Худоу расул амри топқач камол,
Валинеъмат амриға қил иштиғол.
Не ҳукм айласа қилмоғин фарз бил,
Агар шубҳае бор эса арз қил.
Вале арзида асра шарти адаб
Ки, тарки адаб баҳра берур тааб.
Манга сўз ёзардек анга ёзмағил,
Нишотинг биноси тубин қозмағил
Ки, Ҳақ гарчи қисминг тараб айламиш,
Бу жоҳингға они сабаб айламиш.
Сабаб қилмаса шоҳ лутфин Худо,
Мену сен ким эрдук – бир-ики гадо.
Шаҳ ар лутф қилса иноят чоғи,
Вале айлай олур уқубат доғи.
Керак шоҳдин элга хавфу ражо,
Тинор бу икини кетурган бажо.
Риоят чу қуллуққа қилдинг тамом,
Раият ишига ҳам эт эҳтимом.
Адолат била элни қил баҳраманд
Ки, яхшиға кетсун ёмондин газанд.
Навосиз улуснинг навобахши бўл,
Навоий ёмон бўлса сен яхши бўл.
Санга берди Ҳақ онча лутфи мизож
Ки, эрмас бу сўзлар демак эҳтиёж.
Вале ҳар дам ўлса баёни анинг,
Билурменки, йўқтур зиёни анинг.
Чу давронға йўқтур бақоу сабот,
Ҳам андин эрур бевафороқ ҳаёт.
Мен ар бўлсаму бўлмасам ошкор,
Бу сўзларни қўйдум санга ёдгор.
Керак бўлса бори шиоринг сенинг
Ки, кавнайн аро Тенгри ёринг сенинг.
LXXXIX
Бу маодин жавоҳирин эҳтимом била назм силкига тортмоқнинг тақрири ва бу махозин тилисмотини истеҳком била итмомға еткурмакнинг таҳрири ва ҳам жавоҳир пири дарёзамир равшан кўнглига ер тутқоннинг баёни ва ҳам махозин шуаройи шеърий сарир муқаддаса арвоҳиға қабул тушганнинг тибёни ва алардин бу заифнинг подшоҳи ислом дуоси илтимоси ва бу ниёзманд илтимоси мужиби била аларнинг дуоси
Бу маодин жавоҳирин эҳтимом била назм силкига тортмоқнинг тақрири ва бу махозин тилисмотини истеҳком била итмомға еткурмакнинг таҳрири ва ҳам жавоҳир пири дарёзамир равшан кўнглига ер тутқоннинг баёни ва ҳам махозин шуаройи шеърий сарир муқаддаса арвоҳиға қабул тушганнинг тибёни ва алардин бу заифнинг подшоҳи ислом дуоси илтимоси ва бу ниёзманд илтимоси мужиби била аларнинг дуоси
Манга давлат илги бўлуб раҳнамун,
Чу бу панжаға қилди зўр озмун.
Дема панжа они, қатиқ хора де,
Дема хора, пўлоди якпора де!1
Солиб панжаким, бўлғали зўрсанж,
Топиб панжа ул панжада тобу ранж.
Чу зўр ортуқ айлаб тарозусидин,
Чиқиб йўқки оранж бозусидин2.
Не панжа эрур, «Хамса»и ганжсанж
Ки, доно қўюбтур отин «Панж ганж»3.
Қаю «Хамса»ким, махзани дурри ноб,
Қаю панжаким, панжаи офтоб
Ки, ҳар ким анга кўргузуб зўрдаст,
Чу зўр айлабон, илги топиб шикаст.
Менингким қўлум эрди беҳад заиф,
Эмас эрди ул панжа бирла ҳариф.
Солиб панжаварлиқ замиримға шўр,
Не илгимда қувват, не панжамда зўр,
Десам тарк этай, қўймайин ҳимматим,
Десам зўр этай, етмайин қувватим.
Чу панжамға ҳасрат била боқибон,
Бу панжамға ул панжани қоқибон.
Бу андиша мендин олиб ақлу ҳуш
Ки, ногаҳ нидо қилди фаррух суруш
Ки: «Ей ғарқаи баҳри ажзу ниёз,
Бўла олмағон дардинга чорасоз!
Етишгил қўпуб пир4 даргоҳиға,
Таважжуҳ қилиб жони огоҳиға.
Анинг ботинидин тила ёрлиқ,
Бийик ҳимматидин мададкорлиқ
Ки, ҳар қуфлким фатҳидур нопадид,
Анга бор эранлар дуоси калид»5.
Ешитгач бу сўз, боштин айлаб қадам,
Киши, ўйлаким қилса азми ҳарам6.
Чу ул остон маъман ўлди манга,
Биҳишти барин маскан ўлди манга.
Қаю остон тавфгоҳи фалак,
Қаю тавфгаҳ, саждагоҳи малак.
Кўзум очиб ул остон туфроғи,
Кўзум ҳам ёруб, балки кўнглум доғи.
Таважжуҳға чун хотирим қилди майл,
Ета бошлади файз, андоқки сел.
Не ҳаддим эшикка урарға илик,
Илик майл қилмай очилди эшик.
«Ниёз аҳли кирсун!» дебон чиқти роз,
Бу роз англағач кирдим айлаб ниёз7.
Не хилват, намудори чархи барин,
Не хилватнишин, балки Руҳул-амин.
Ани айлабон равшан анвори қудс,
Мунунг нутқидин равшан асрори қудс.
Ул ул навъким файз топқон кўнгул,
Бу ул навъ маскан аро ақли кул.
Чу мен бўлдум андоқ ҳарам маҳрами,
Ҳарам йўқки, нуру сафо олами8.
Қуёш нурида маҳв ўлуб зарравор,
Кўнгулни қила олмайин устувор.
Ўзум ўзлугум меҳнатидин ориб,
Бориб ўзлугу мен ўзумдин бориб.
Қила олмайин арз-ҳолимни ҳам,
Хаёл айлай олмай хаёлимни ҳам.
Бу янглиғ мени айлабон гунгу лол,
Аён айлади Исоосо мақол.
Не дер сўзки, кўнглум аро бор эди,
Мени чунки гунг этти, борин деди
Ки: «Гўё пишурган хаёлинг будур,
Қила олмасингдин малолинг будур».
Чу бу хастадин қилди тасдиқ фаҳм,
Анга худ бу ҳол эрди таҳқиқ фаҳм.
Ишим бутмагига дуо айлади,
Бори ҳожатимни раво айлади.
Дедиким: «Бу бир иш эди қилғулуқ,
Бу айтилмағон нукта айтулғулуқ.
Бу соатқа мавқуф эрди экин,
Бу дам Тенгри тавфиқ берди экин.
Агарчи етишти малолат санга,
Вале охир ўлди ҳаволат санга
Ким, ул ганжлар бошиға етгасен,
Тилисмотини доғи фатҳ этгасен
Ки, ҳар неча қилдуқ назар даҳр аро,
Қиёс айладук водию шаҳр аро.
Йўқ атрок аро бирда онча билик
Ки, бу навъ улуғ ишга урғай илик.
Не атрокким, ҳам ажам, ҳам араб,
Кўрарлар бу ишни ажабдин ажаб.
Керак даҳр аҳлиға ўн кун жадал
Ки, беш байтдин боғлағай бир ғазал.
Басо маснавийгўйи нозук хаёл
Ки, назм аҳли ичра солиб қийлу қол.
Халойиққа юз ҳусну ноз айлагай
Ки, ўн йилда минг байт соз айлагай.
Чиқорғон замон ул навъ ойин савод
Ки, оламда йўқ бўйла рангин савод.
Саводиға ҳар кимки кўз солибон,
Қаро шоми меҳнат аро қолибон.
Не зулматки, йўқ оби ҳайвон анга,
Қаю тунки, йўқ меҳри рахшон анга.
Агар даҳр аро сепса мушки татор,
Кўнгулни қилур тийраю кўзни тор.
Бу беша ародур ики нарра шер,
Бу баҳр ичра ики наҳанги далер.
Анга киргали шери жанги керак,
Мунга ҳам диловар наҳанги керак9.
Сен-ўқ сен букун чобукандишае
Дақойиқ аро нозукандишае
Ки, сўз таври келди сенинг шонинга,
Бўлуб хатм табъи дурафшонинга.
Мусаллам сўзунга равонлиқ доғи,
Сўз ичра санга паҳлавонлиқ доғи.
Равон килкинга онча бор эътимод
Ки, сўз дерда шаққиға берса кушод.
Равон айлагай онча оби ҳаёт
Ки, тўйғай Хизр суйидин коинот.
Бу иш чунки бўлғай муқаррар санга,
Умид улки бўлғай муяссар санга.
Қўп эмди, ишингнинг хаёлида бўл,
Хаёл аҳли зеби жамолида бўл
Ки, сендин бу шуғлунгда ҳушёрлиқ,
Дуо бирла биздин мададкорлиқ».
Эшитгач бу сўзлар мени нотавон,
Ўлук жисмима кирди гўё равон.
Бўлуб жон берур сиррининг огаҳи,
Топиб нутқум анфоси Руҳуллаҳи.
Ер ўптум, доғи йўлға азм айладим,
Сўз айтурни кўнглумга жазм айладим.
Келиб хилватим ичра юз ком ила,
Йўнуб хома нўгини ором ила.
Чу қилдим қалам нўгини нуктабез,
Қила бошлади нўгидин ганжрез.
Чу «Ҳайрат»қа солдим кўнгул рағбатин,
Анга ғолиб эттим улус ҳайратин.
Чу «Фарҳод»ға бўлдум андешавар,
Туз эттим басе тоғ – ўлуб тешавар.
Чу «Мажнун» ҳадисиға туздум фунун.
Басе халқни қилди шайдо жунун.
Яна «Сабъа»ға табъим ўлғоч қарин,
Ешиттим ети чархдин офарин.
Скандарга тил тортиб озар киби,
Дедим они «Садди Скандар» киби.
Таносуб била ақл номовари
Деди отини «Садди Искандарий»10.
Чу бўлди бу маҳвашлар ороста,
Ҳамул навъким, сарви навхоста.
Дема сарв, ҳар бир риёзи биҳишт,
Эли хосиятда Масиҳосиришт.
Латофат аро юз биҳишти барин,
Равон ҳар бири ичра минг ҳури ийн.
Бу беш ганжниким кушод айладим,
Варақ узра они савод айладим.
Саводин солиб жузвдоним11 аро,
Дема жузвдонимки, жоним аро.
Анинг сори12 бўлди кўнгул рағбати
Ким, эрди мададкор анинг ҳиммати.
Мададкор йўқ, амр этгучи ул,
Не иш тушса, ғаврумға етгучи ул.
Борур эрдим айларга арзи ниёз,
Иш итмомини қилмоқ ифшои роз.
Замиримда лекин хаёлот эди
Ки, бу иш ҳусули ажаб бот эди.
Улуғларки сабти бу ҳарф эттилар,
Узун умрлар анда сарф эттилар:
Низомийки назм аҳли устодидур,
Анинг табъи сўз жинси наққодидур
Ки, бу ганжлардур матоъи анинг,
Матоъи неким, ихтироъи анинг.
Ҳамоноки элдин канори тутуб,
Ярим қарн заҳмат чекиб, қон ютуб.
Топа олди беш ганж мифтоҳини,
Яна онча вақт этти ислоҳини.
Чу бир қарн давр этти чархи мудир,
Чиқорди бу аъжубаи дилпазир.
Неча тожвардин топиб парвариш,
Иши бу ўтуз йилда эрди бу иш.
Не эл меҳнатидин малоле анга,
Не бу ишдин ўзга хаёле анга.
Чиқориб риёзатда қирқ арбаъин,
Бу беш ганж розиға бўлди амин.
Яна Хусрав ул турки ҳинди лақаб
Ки, сўз бирла олди Ажам то Араб.
Кушод айлагунча бу маҳкам ҳисор,
Басе айлаб афсонада ихтисор13.
Неча вақт анинг ҳам иши бу эди
Ки, фикратқа зону-базону эди.
Замон худ ўтуз йилға андоз эмас,
Агар нисф эмас, сулсидин оз эмас.
Яна кимки бўлди буён раҳшунос,
Бўлур қилмоқ они булардин қиёс.
Сангаким йўқ эмгакда ғоят падид,
Улус меҳнатида ниҳоят падид.
Қилиб тонгдин оқшомғача қийлу қол,
Юзунгга етиб ҳар нафас юз малол.
Ўзунг тинмайин халқ ғавғосидин,
Қулоғинг халойиқ алолосидин.
Бу меҳнатлар ичра чекиб сўзга тил,
Замондин камо беш ўтуб ики йил.
Чекиб хома бу нома итмомиға,
Етургайсен оғозин анжомиға
Ки, ақли муҳосиб шитоб айласа,
Дейилган замонин ҳисоб айласа.
Йиғиштурса бўлмас бори олти ой
Ки, бўлдунг бу раъноға суратнамой14.
Тузалди бу назминг басе сарсари,
Яна турки алфоз анга бир сари
Ки, ҳар нечаким диққати бордур,
Талаффуз аро лакнати бордур.
Сўзунгники яхши кўрарсен ўзунг,
Кўрунмас ёмон, чун эрур ўз сўзунг.
Қошингда сенинг гарчи кўп вазни бор,
Чу бор ўз сўзунг, йўқ анга эътибор
Ки, сўз зодаи табъу фарзанд эрур,
Чу фарзанд эрур, жонға пайванд эрур,
Неча зодаи табъ эрур нописанд,
Кишининг ўз оллида бор аржуманд.
Неча бум фарзанди манҳусдур,
Ўз оллида хушжилва товусдур.
Канаб шохи йўқ гарчи хошокча,
Қаландарғадур сарви чолокча15.
Сўзунгким, санга келди ҳоло писанд,
Писанд эркин эл ичра ё нописанд.
Не бўлғай кўруб пири кошиф16 мени,
Бу аҳволдин қилса воқиф мени?
Бурун айтқонлар доғи бу китоб
Ки, чекмиш ажал юзларига ниқоб
Ки, жаннат риёзида ҳар бирга руҳ,
Умид улки, ҳар лаҳза топқай футуҳ.
Алар руҳиға то не сурат экин,
Сафо равҳиму ё кудурат экин?
Бу иштин доғи пири равшанзамир17,
Мени бархабар қилса, ўзни хабир.
Уруб гом мундоқ хаёлот ила,
Димоғимда савдо маҳолот ила.
Ки, еттим ангаким эрур мақсадим
Ки, ҳар дам демакка отин йўқ ҳадим.
Ниёз айлаю остонин ўпуб,
Бийик суддаи чархшонин ўпуб,
Чекиб «Хамса»ни жузвдондин равон,
Қўюб хизматида мени нотавон.
Неча ганжким ошкор айлабон,
Аёғиға борин нисор айлабон.
Сафинам чу азм этти дарё сари,
Узатти кафин баҳ рул ажзо сари18.
Назар солди очиб варақ-барварақ,
Бўлуб мултафит, чун очиб ҳар варақ.
Қаю сўздаким бир савол айлабон,
Жавобин дегач, завқу ҳол айлабон.
Қилиб гоҳ таҳсину гоҳи дуо
Ки, юздин бири йўқ манга муддао.
Этиб ҳар сўзидин кушоде манга,
Бўлуб ҳосил андин муроде манга.
Мусалсал каломимдин оғзида сўз,
Мен оллинда ерга тикиб ики кўз.
Сўзум очибон бўстондек энгин,
Қилиб лутф, эгнимга солди енгин.
Қаю енгки, гардунға солса ани,
Муҳаддаб юзин айлагай мунҳани19.
Чу эгнимга ул қўл била енг етиб,
Замиримдин ўзлук хаёли кетиб.
Чу ўзлук кетиб, юзланиб ҳолате
Ки, ўздин ўзумга бўлуб ғайбати.
Ўзумдин ҳамул дамки ғойиб бўлуб,
Манга жилвагар кўп ғаройиб бўлуб.
Кўруб ўзни бир тоза бўстон аро,
Қилиб гашт боғу гулистон аро.
Назоҳат келиб равзамонанд анга,
Ерам сойири орзуманд анга.
Чамандин чаманға мен айлаб хиром,
Анингдекки эл тавфи Байтулҳаром20.
Кўрунди бу ҳолатда жамъи касир21,
Уруб ҳалқа, суҳбат тутуб дилпазир.
Алардин биров келди ул ёнки мен,
Чаманда анингдек хиромонки мен.
Манга етти, бор эрди шоирваше,
Жамоли хушу ҳайъати дилкаше.
Салом айлабон, марҳабо айлади,
Рисолат тариқин адо айлади.
Ки: «Бу фаррухойину фархунда хайл,
Қилурлар даме ихтилотингға майл»22.
Қабул айлаю, солиб ул ён қадам,
Ўзин доғи сўрдум, ҳамул элни ҳам.
Дедиким: «Алар зумраи маънавий,
Гуруҳеки назм эттилар маснавий.
Хусусан аларким эрур «Хамса»санж
Ки, ҳар бирдур ул «Хамса»дин кони ганж.
Эрурлар бу мажмаъда ҳозир бори,
Сенинг сори муштоқу нозир бори.
Чу сўрдунг мени, эй ҳадисинг қавий,
Ҳасандур отим, халқ деб – Деҳлавий23.
Эшитгач бу сўз, жисмима тушти тоб,
Саросима кўнглумга ҳам изтироб.
Қўлуб узр, қучтум яна устувор,
Қадам қўйдум ул сори муштоқвор.
Борурда Ҳасан айтиб отин манга,
Қилиб ҳар бирин бошқа талқин манга
Ки, уч кимсадур садри мажлиснишин,
Қилиб шарҳ бир-бир аларнинг ишин.
Ки: «Ўртодағи пири фаррухжамол
Ки, васфида келди хирад нутқи лол,
Эрур ҳазрати Шайх24, огоҳ бўл!
Ниёз айлабон хоки даргоҳ бўл.
Ўнг илги сори анга пайравдурур,
Жаҳон офати – Мир Хусравдурур.
Яна бир ён устоду пиринг25 сенинг,
Рақамхони лавҳи замиринг сенинг
Ки, бу хайл эрур жисму ул жонлари,
Агар жон булар бўлса, жононлари.
Яна ики ёндин бу қавм-ўқдурур,
Киши йўқки, бу базм аро йўқдурур.
Кўрушгил бори бирла, ҳурмат била,
Далер ўлмағил сўзда – журъат била».
Қабул айлабон мен, неким айтиб ул
Ки, қатъ ўлди кўпрак бу мажмаъға йўл.
Доғи юз қарича масофат қолиб
Ким, ул базм эли қўптилар қўзғолиб.
Манга ўтру келмакка айлаб ситез,
Солиб мен алар сори гомимни тез.
Дебон бир-бир ул хайл отин раҳбарим26,
Кўрушмакка доғи бўлуб ёварим.
Чу Саъдию, Фирдавсию, Унсурий,
Саноию, Хоқонию, Анварий27.
Тааддудда муҳтожи тафсил эрур,
Вале бўлса тафсил, татвил эрур.
Бори дастбусиға топтим шараф,
Олиб ёндилар мени келган тараф.
Анга тегруким шайху пайрав эди
Ки, яъни Низмоию Хусрав эди.
Яна бир бизинг пиру махдум ҳам,
Қўпуб урдилар илгарирак қадам.
Бу ики юруб Шайхдин илгари,
Югурдум мени хаста ҳам ул сари.
Қўлум тутти пир ихтиёри била,
Кўруштурди ҳамроҳу ёри била.
Кўзумдин тўкуб қатра ёғин доғи,
Илигин ҳам ўптум, аёғин доғи.
Тутуб Жомию Хусрав ики қўлум,
Низомий сари бошладилар йўлум.
Тўкуб ашк – мендек асири ғаме,
Вале ҳар қўлумға тушуб оламе.
Вале мен бўлуб гарчи ўздин ниҳон,
Кириб ики илгимга ики жаҳон.
Манга Шайх бирла кўрушмак ҳамон,
Муборак аёғиға тушмак ҳамон.
Ўпуб туфроғини тўкуб сели ашк
Ки, андин ебон тўқуз афлок рашк.
Бошим ердин олиб иноят қўли,
Қилиб жилвагоҳим ҳидоят йўли.
Ёниб тутти ерлик ерида қарор,
Мени лек бехуд қилиб изтирор.
Чу Шайху ики ёри28 топти сукун,
Туруб мен ниёз ичра қаддим нигун.
Жулус ичра етти башорат манга
Ки, оллинда қилди ишорат манга.
Чу бўлди манга ҳукми бирла нишаст,
Ниёз этти жисмимни туфроққа паст.
Талаттуф била Шайхи олий мақом,
Менинг сори бунёд қилди калом.
Бурун сўрди ҳолимни шафқат била,
Ер ўптум жавобида ҳурмат била.
Яна деди: «К-ей олам аҳлида фард,
Фалак табъинга келмайин ҳамнавард.
Сипеҳр айлаб эл ичра нодир сени,
Жаҳон назми таврида қодир сени.
Ғазал таврида чунки қилдинг хиром,
Сўз аҳлиға сўз дерни қилдинг ҳаром.
Тутуб эрди назминг жаҳон кишварин,
Жаҳон кишварин йўқки, жон кишварин.
Бу дам маснавийғаким айлаб шитоб,
Тўкабошладинг хомадин дурри ноб.
Ажаб иш бу ишда санга берди даст
Ки, эл назмиға берди назминг шикаст
Ки, қилдинг сўз ичра татаббуъ манга,
Не истарда эттинг тазарруъ манга
Ки, мен «Хамса»да айлаб эрдим ваид
Ки: «Ҳар кимки, айтурға тутса умид,
Қилай тиғи буррон сўзум досидин,
Урай бошин ул тиғ олмосидин».
Кўп эл очти даъвоға сўз бошини,
Бу даъво аро қўйди ўз бошини.
Чу кўргузди фарзанд Хусрав ниёз,
Ниёзи била топти ул ганжи роз.
Яна бир, ики, уч гадолиғ била,
Насиб олдилар бенаволиғ била.
Магар сенки бу йўлға қўйғоч қадам,
Вужудунг хаёлини қилдинг адам.
Нечаким келиб рифъатинг тоғча,
Вале келмай оллингда туфроғча.
Ниёз ашкидин лавҳи хотирни юб,
Фано ҳарфин ул сафҳа узра йўюб.
Топиб пир фарзона Жомий киби,
Мумидду муовин Низомий киби.
Сунуб поклик бирла бу ишга қўл,
Очиб поклар руҳи оллингда йўл.
Саҳар вақти ҳарфе савод этмайин
Ки, руҳум дуо бирла шод этмайин,
Фараҳ топмайин маънийи хос ила
Ки, ёд этмайин бизни ихлос ила.
Не менким, бори назм аҳлини пок,
Дуо бирла ҳар субҳ этиб завқнок.
Ниёзинг чу бу навъ ўлуб беадад,
Санга биз ҳам айлаб ададсиз мадад.
Йўқ эрса эрур асру савдои хом,
Ики йилда бир «Хамса» қилмоқ тамом,
Қаю «Хамса», беш гавҳар омуда ганж,
Тасарруф жафосидин осуда ганж29.
Дуру лаъл анга барча кўздин нуҳуфт,
Не дуррида ришта, не лаълида суфт.
Не дурким бериб Ҳақ Таборак санга,
Умид улки, бўлғай муборак санга.
Киши сен киби ишга қилса шуруъ,
Ажаб йўқ эваз бўйла топса вуқуъ.
Вале мунча ганжи маоний санга
Ки, Ҳақ рўзи этти ниҳоний санга.
Қаю эрдаким айни бинишдурур,
Сабабни билурким, ики ишдурур.
Бири улки туттунг тариқи ниёз,
Қабул айладилар сени аҳли роз.
Ишингга қилиб саъй рағбат била,
Мадад қилдилар борча ҳиммат била.
Яна улки фазл аҳли ҳарне қилур,
Урар лофу ишни мураббий қилур.
Эрур гар мураббий эмас кордон,
Муаттал хирадманди бисёрдон.
Ҳунарпарвар – ишни буюрғучидур.
Ҳунарвар вале лоф урғучидур.
Чу шоҳинг сенинг эрди соҳиб камол,
Яна оллида қадрсиз мулку мол.
Ангаким бу ики иш ўлди насиб,
ғариб иш замонида эрмас ғариб.
Шаҳеким улус чорасозидурур,
Улус фозили Шоҳи ғозийдурур
Ки, Тенгри фузун айласун давлатин,
Ети чархдин ҳам бийик рифъатин
Ки, келди замонида сендек киши
Ки, эрмас ишинг одамизод иши».
Чу сўз етти бу ерга, мен беҳарос,
Қўпуб айладим бир дуо илтимос
Ки: «Чун дедингиз шаҳға ҳамду сано,
Дуое қилинг давлатиға яно».
Деди Мир Хусравға донойи роз
Ки: «Сен Шоҳи ғозийғасен мадҳсоз.
Сўзунгдин басе байт ёдидадур,
Асарлар муборак ниҳодидадур.
Сўзунгдин чу кўнглига етгай асар,
Дамингдин дуо доғи этгай асар.
Дуо айлаким, фазлу дониш эли
Ҳам «омин» десун, биз ҳам «омин» дели».
Боқиб деди фазл аҳлиға пири роҳ:
«Ки, сиз шоир, ул доғи хуш табъ шоҳ.
Чу фарзанд Хусрав дуо айлагай,
Анинг комини Ҳақ раво айлагай.
Денгиз борча «омин» дилу жон била,
Дуо қилдик ул чашми гирён била».
Ешитгач қўпуб борча миннат тутуб,
Деб «омин»у шоҳ сори ҳиммат тутуб.
Суханвар қўпубким дуо бошлади,
Дуосиға мундоқ адо бошлади
Ки: «Ё Рабки, то олам ўлғусидур,
Ичинда бани Одам ўлғусидур.
Кириб таҳти ҳукмиға олам доғи,
Бўлуб бандаси жинси одам доғи.
Қиёматқача давлатиға бисот,
Ҳамиша бисотида айшу нишот.
Жаҳон аҳли адлида осудаҳол,
Батахсиским, аҳли фазлу камол».
Дуо хатм бўлғоч тушурди илик,
Йўқ ул, балки мажмуи аҳли билик.
Дуоким, ул аҳли савоб айлагай,
Ажаб йўқки, Ҳақ мустажоб айлагай.
Тугангач дуо, айладим илтижо,
Қўюндин чекиб «Хамса»ни жо-бажо.
Солиб тийра туфроқ аро йиғлабон,
Бу янглиғ тузуб можаро, йиғлабон
Ки: «Бу зодаи хотири хастани,
Кўнгулдин такаллумға пайвастани
Ки, ҳиммат тутуб эҳтимом эттингиз,
Демасменки мен, сиз тамом эттингиз.
Карам бирла туфроғдин ҳам олинг,
Иноят қилиб бир назар ҳам солинг
Ки, эл хотириға нузул айласун,
Улус кўнгли они қабул айласун».
Равон Шайх олди бу иблоғдин,
Гаронмоя нақдимни туфроғдин.
Боқиб Мавлавий30 сори қилди ружуъ
Ки: «Сен қил дуо, зоҳир айлаб хушуъ
Ки, қойил эрур сўнгги фарзандимиз,
Билик мазраъидин барумандимиз.
Буларким анинг зоду пайвандидур,
Бори бизга фарзанд фарзандидур.
Санга ҳам чу шогирд эрур, ҳам мурид,
Дуосини сендин тутарбиз умид».
Чу Махдум топти дуо сори йўл,
Яна очтилар борча оминға қўл.
Дуоеки кўнглумга матлуб эди,
Муҳаввис замиримға марғуб эди
Қилиб, айладилар бу маҳзунни шод,
Манга чунки юзланди мундоқ мурод.
Сужуд эттим ул хайли огоҳға,
Дедилар: «Дегайсен дуо шоҳға».
Бу сўздин бўлуб ўзгача ҳолатим,
Ўзумга келиб, борди ул ғайбатим.
Кўрармен, ҳамул ҳужрада пир эрур,
Жанобида ҳолимға тағйир эрур.
Бу дам гўё эгнимдин олмиш қўлин
Ки, бу сори солмиш хаёлим йўлин.
Ҳамул оллида бошим эрди қуйи,
Оқар эрди туфроққа ашким суйи.
Деди лутф илаким: «Не навъ эрди ҳол»,
Яна бошни қилдим анга поймол.
Дедим: «Улча мен хастага ҳол эрур,
Анинг шарҳида нотиқа лол эрур».
Деди: «Улча бу дам санга берди даст,
Яна кимсага бермамиш эрди даст.
Қўпу, шукр қил Тенгри эҳсониға,
Бу тавфиқи беҳадду поёниға».
Ўпуб ерни, қўйдум чу ташқори гом,
Дегайсен: менинг эрди олам тамом!
Манга «Хамса» такмили бир ён эди,
Бу мақсуд таҳсили бир ён эди.
Не тил бирла дей шукр Маъбудума
Ки, еткурди охир бу мақсудума.
Бу дамким, берибтур муродимни Ҳақ,
Ул авлоки, тоқ узра қўйсам варақ.
Фароғат била инбисот айласам,
Тузуб базм, бир дам нишот айласам.
Аёқчи, тўла айла жоми фароғ
Ки, кўп фикрдин юбс топмиш димоғ31.
Ки, кўз ламъасидин мунаввар қилай,
Димоғим исидин муаттар қилай.
Муғанний, сўзум тингла охир гаҳи,
Ҳазин нағмае соз қил хиргаҳи.
Бир оҳанг ила айлагил ромише
Ки, етгай манга бир дам оромиши.
Навоий, қилиб Тенгри коминг раво,
Санга рўзи этти ажойиб наво.
Узот Тенгри шукри навосиға тил,
Наво ортуқ истар эсанг, шукр қил!