Топ рейтинг www.uz
ҲОЛОТИ ПАҲЛАВОН МУҲАММАД

БИСМИЛЛОҲИР-РАҲМОНИР-РАҲИМ


Эй чарх, не даврларки даст эттинг,
Даврингда муҳаббат аҳлини маст  эттинг,
Ҳар кимники, оламда забардаст эттинг,
Охир ажал илгида ани паст эттинг.

             Тариқ фаносида муфаррад ва фано тариқида мужаррад, жаҳондағи паҳлавонларнинг паҳлавони жаҳони ва паҳлавонлиғ жаҳонининг жаҳон паҳлавони, сурат ва маънида бешабиҳ ва беназир, яъни Паҳлавон, шамсул-миллати ваддин1 Муҳаммад Куштигир2 сийрат ва суратида.
             Паҳлавоннинг насабида саёдат шарафи бор, аммо чун тағойиси Паҳлавон Абусаид3ким, замоннинг паҳлавон ва мусаллам куштигири эркондур ва Паҳлавон кичик ёшлиғ эрконда ул фанда кундан-кунга андин ғарибосор ва ажиб намудорлар зоҳир бўлур эркондир. Андоқки, оз фурсатда жамиъ абнойи жинс борини  мағлуб қилиб, бориға фоиқ ва ғолиб келибдур. Чун рўзгор ҳарунлиғидин ва лайлу наҳор буқаламунлиғидин4 Паҳлавон Бусаид ҳаёт вадйатин муқтазойи ожил5ға топшурубдур. Паҳлавон истиҳқоқ била паҳлавонлиқ сартакиясига ўлтурубтур ва бу тойифа сарҳалқалиғин тавъ ва рағбат била қабул қилибдурлар. Невчунки ул, агарчи куч ва забардастликда замоннинг мунфариди эркондур, аммо куштидонлиғ ва забардастлиғда ҳам андоқ экондур ва бу тойифадин бу ўтган тўрт-беш юз йил, балки минг йилда анингдек ҳеч ёд бермайдур ва нақл қилмайдур. Бовужуди улки, ўз фанидаки, кушти бўлғайким, шуҳрати ул исм биладур ва онча якфанлиқда ва мардум афканлиқда кичик ёшлиқ эркондурким, шогирд куштигир эркондур ва бу фанда не варзиш қилур эркондур. Чун қобилияти баланд тушгандур ва мулоямати табъи борча фунунға муносиб ва баҳраманд воқеъ бўлғондур, кўп фазонил ва камолот ҳам касб қилғондурким, замон аҳли борчада Паҳлавонни мусаллам тутар эрдилар.
             Ул жумладин адвор6 ва мусиқий илмидурким, чун лаҳжаси ва ҳусни савти хўб экандур ва усули мазбут ва ҳаракоти ва саканоти марғуб. Ул дақиқ фанда кўшиш ва саъй кўргузуб, дахли том ва маҳорати молокалом топиб эрди ва дилкаш нақш7лар ва амал8лар ва дилписанд қавл9лар ва ғазаллар тасниф қилур эрди ва хўб айтур эрди. Андоқки, эшитган хавос ва авом хушҳол бўлмоқда беихтиёр ва ўрганмоқда беқарор эрдилар.
             Ул асрнинг бу фанда моҳирлари мисли: Устод Муҳаммад Хоразмий ва Мавлоно Нуъмон ва Мавлоно Соҳиб Балхий ва Шайх Сафойи Самарқандий ва Хожа Юсуф Андижоний10дек кишиларнинг таснифоти муқобаласида ишлар ясабдур ва нақш ва суфия ва амал ва қавл ва жир чорзаблардек ва чун ўзи аларнинг кўпидан ҳам хушгўйроқ ва ҳам хушхон эрмиш, ишларининг шуҳрати кўпроқ воқеъ бўлур эмиш.
             Машҳур амалларидан бири «чаҳоргоҳ» амалидурки, Мавлоно Тўтий11 (алайҳа  раҳма) нинг ул шеъридинким, матлаи будур:

Соқиё, де рафта ҳасту   аҳволи фардо нопадид,
Хешро имруз  хуш дорему  фардоро  ки дид?12

ким, Мир Бузург Термизий13 отиға боғлабдурким, бағоят хушоянда ва мулойим эшитилур ва далил буким, Хуросон мулкида, балки Самарқанд ва Ироқда ҳамул ишни билмас гўянда йўқтур, балки ғайри гўянда дағи беҳад ва ҳаср халойиқнинг ёдидадур. Яна «сегоҳ» амалидурким, Мавлоно Хусрав14нинг шеъриға боғлабдур ва матлаи будурким:

Эй зи тоби оразат шамъе ба ҳар кошонай,
В-эй  асири  пурхами зулфат дили девонай15

ким, Бобур16 отиға боғлабтурки, ул дағи бағоят муассир ва хушоянда  ишдур. Яна  «сегоҳ» амалидурки.
Мавлоно Котибий17нинг ул шеъридинким, матлаи будурким:
    
Гаҳики, тиғи ту дар қатли аҳли дид барояд,
Ба як мушоҳада мақсуди сар шаҳид барояд18.

Бу ишни боғламоқдин ғарази бу матлаъ эрмишким:

Маноли Котибий аз шоми ғам ки субҳи саодат
Ба юмни давлати Султон  Абусаид барояд19

ким, Султон Абусаид мирзо20 отиғи боғлабдур, ниҳоятдин ташқари дилпазир иш тушибдир.
Ва улким, Султони Соҳибқирон21 хизматиға мушарраф бўлди, Машҳаддин «сайди ғазол»22 шўъбасида ул ҳумоюн  ҳазратнинг исмиға ўзининг бу шеъринки:

Онжо   ки бар даргаҳат рўи ниёз овардаем,
Рўи дил дар каъбаи иқбол боз овардаем23

амал ясаб эрди ва бозгўйи24да бу икки байтин боғлаб эрди ва инсоф оламида бу икки байтдек оз айтибдурки, мамдуҳнинг бешинчи отасиғача зикр бўлмиш бўлғайким:
    
Султон Ҳусайн хусрави ғозийки мисли ў
Ҳаргиз набуда дар садафи рузгор дур.

Шоҳ аст шаҳриёр падар бар падар ки ҳаст,
Мансур Бойқаройи Умаршайхи бин Темур25.

             Бу амалда басе макомот26 ва шааботе27 дарж қилиб эрдиким, таърифдин мустағнидур ва асру дилпазир ва бағоят беназир боғланиб. яна ишлар ҳам мисли: «қавл» ва «ғазал» ва «чорзарб»28дек ва «савт»29 ва «нақш» худ беҳадду адд боғлабдурки, халойиқ орасида машҳурдурки, борчасин дарж қилилса мужиби итноб бўлур.
             Ва шеър ва муаммо30 бобида илмий ва амалийсида Паҳлавон соҳиб вуқуф ва жалд эрди, ул навъким, замон шуаросининг юзидин бирига онча шуур ва вуқуф йўқтур ва аксар назм аҳли ҳар навъ шеър айтсалар эрди — Паҳлавон назариға етқурурлар эрди ва анинг ислоҳ ва тағйир ва табдилин қабул қилур эрдилар ва ўзининг дағи шеър ва муаммо фаннида табъи мулойим эрди. Андоқки, бу матлаъ Паҳлавоннингдурки:

Гуфтамаш»: «Дар олами ишқи ту корам бо   ғам аст?
Гуфт хандон зери лаб: «Ғам нест, кори олам аст»31.

Ва «Куштигир» тахаллус  (қилур эрди) ва бу табънинг тахаллуси асру хўб воқеъ бўлубтурки:

Аз хаёли печтоби кокули мушкини ў,
Дуди дил бар фарқи Куштигир ҳамчун парчам аст.  

             Муаммо тариқида худ мухтариъ эрди. Жамъики муаммо айтурлар32, басе заҳмат била бир байтдин ё бир рубоийдин бир исм ҳосил қилурлар. Паҳлавон устод абъётидинким, қойил муаммо қасди қилмамиш бўлғай, табъи ўзи била исмлар пайдо қилиб эрди ва бу кўп воқеъ бўлубтурким, ҳоло ушшоқ орасида бор. Ул жумладин, Ҳазрати Хожа Ҳофиз Шерозий33нинг девонининг бурунғи ғазалининг матлаидинки, бағоят машҳурдур. «Али» исм чиқорибдурки:

Ало ё айюҳас-соқий адир каъсан ва наввилҳо,
Ки ишқ осон намуд аввал, вале афтод мушкилҳо34.
Ҳам Хожа Ҳофиз бу матлаидинким:
Ҳолиё маслаҳати хеш дар он мебинам,
Ки кашам рахт ба майхонаву хуш биншинам35.

«Амин» исм ҳосил қилибдур. Бу байтдинким:

Ганжи зар гар навбад ганжи қаноат боқист,
Он ки он дод ба шоҳон ба гадоён он дод36.
 «Тақий» исм ҳосил қилибтурур.

 Ва яхши рубоийлари ҳам бор. Хоҳ бир маҳалда биров учун айтғон, хоҳ бировнинг руқъасиға жавоб юборган. Баъзи ёронлариға37 бу рубоийни битиб юбориб эрдиким:

Гар жон ажалам зи тани ношод барад,
Ҳошо ки маро меҳри ту аз ёд барад.
Хоҳам ки шавам хок маро бод барад,
Бошад ки ба сўи Астробод барад38.

Ва ҳам баъзи мухлис ва муътақид ёронлари руқъаси жавобида39 айтиб эрдиким:

Аз оҳуи роми худ фаромўш макун,
В-аз сайде ки роми худ фаромуш макун.
Ҳарчанд ки бошад фаромўшкори,
Аз сари ғуломи худ фаромўш макун40.

             Ва мулойим қитъалари ҳам бор. Ул жумладин бири будурким, жўйи «Султоний» ёқасида Паҳлавон бир лангаре41 бунёд қилибдурки, анинг таърифини қилмоқ — қуёш равшанлиқға ва майни мастлиқға таъриф қилғондекдур ва бир қатла Султон Соҳибқирон овдин қайтғонда ул такияга тушубдур ва Паҳлавон ҳозир эрмас эркандур. Бу жиҳатдан бағоят мутараддид ва мутаассир бўлубтур. Ул маҳалда узр учун бу қитъани айтиб эрдиким,

қ и т ъ а:

Такъяи моро шараф бигузашт аз чархи барин,
По ба рў афканда соя сояи парвардйгор,
Гарчи гардун атласи худ кард пойандози шоҳ,
Кош ман мебудами то жони худ карди нисор42.

             Дағи яхши сўз маснавийси ҳам борки, назм аҳлининг мутааййинлариға ул навъ абёт воқеъ   бўлмайдур.
             Ул жумладин будурким, паҳлавон Пирий куштигирким, Паҳлавони номурод умрин анинг тарбиятиға сарф қилди ва назари бу эрдиким, қариғон чоғдаки, ул жаҳон паҳлавони куштигир бўлиб, Султон Соҳибқирон матбуъ табъ надими мажлиси ва Паҳлавон фарзанди муниси ва шамъи мажлиси бўлғай ва ул бевафолиқ қилиб Паҳлавондин айрилди ва Паҳлавон номуслиқ ва ғайратлиқ жигархор киши эрди ва андуҳдин кўнглида сўз ва баданида гудоз эрди, аммо мутлоқ ҳеч кишига изҳор қилмас эрди. Аммо ҳеч навъ махфий сирри ва рози йўқ эрдиким, бу фақирдин яшурун бўлғай. Андоқки бу фақирнинг ҳам андин. Алқисса қариғонининг шарҳида ва паҳлавон Пирийнинг бу қариғон чоғда умрдек бевафолиқ бобида маснавий айтибдурки, бу фақир абъётин беш байт ва ўн байт айтур маҳалда ўқур эрди, бир неча байт сабт қилилди ва ул абёт будурким,

м а с н а в и й:

Чу бар чарх равшан шавад ҳоли ман,
Ба сад дида гиръяд бар аҳволи ман.

Маро бор будй гули навшукуфт,
Дареғо ки боди хазонаш бирўфт.

Ҳама умр тухми беҳи коштам,
Чу вақти баромад набардоштам.

Зи он талх шуд зиндогонин маро,
Ки пири фиканд аз жавонй маро.

Кунун ман на он шери занжириям,
Бадар бурда ҳам зи ғам пириям.

Ба хурди падар тифл аз он парварад,
Ки то дар бузургй ғам нахўрад.

Зи он дар жавоний бор оядаш,
Ки дар аҳди пири ба кор оядаш.

Маро пирй он навъ охир фиканд,
Ки ҳечам жавонй нашуд судманд43.

             Бу маснавий ниҳоятин подшоҳ дуоси била хатм қилибдур ва ҳол аҳли бу абётдин маълум қилурларким, Паҳлавоннинг табъида не миқдор дарди ҳол чошниси бор экандур.
             Яна санойиъ44 аруз 45 қофияси46да ҳам кўп соҳибвуқуф эрди. Дағи қироат илмин ҳам яхши билур эрди ва хўб махраж ва тажвид47 била Қуръон ўқур эрди ва гоҳи ҳуффоздин қироат бобида сўрар эрдиким, алар жавобидин ожиз бўлур эрдилар. Паҳлавондин истифода қилур эрдилар.
             Яна нужум илмин48онча билур эрдиким, ҳар мавлид учун ройижаи толеъ битий49 олур эрди.
             Яна тибб ва ҳикматға кўп мулоямати бор эрди. Мавлоно Қутбуддин50ким,  бу мулкнинг мутааййин табибидур — бу фанни касб қилур эрди. Мавлоно Ало ул-мулк51 табиб била Мавлоно Абдуссаломи Шерозийки, беназир муолиж эрди — Паҳлавонға мусоҳиб эрди ва дойим бу фан баҳсида ва гуфту шунуфтида алар Паҳлавон сўзларин мусаллам тутиб, муолажаларин ҳам таъриф қнлур эрди ва асҳобдин ҳарқайсиға мараз тори бўлса эрди, кўпи ул эрдиким, ўзи муолажа қилур эрди.
             Яна фиқҳ илми52да ибодотдин фаройиз ва сунан ва вожибот ва мустаҳаббот ва бу ибодатға мувофиқ адъияким, кўпрак фуқаҳо ва зуҳҳодға мазбут ва маҳфуз эмас, Паҳлавонга мазбут эрди.
             Ва устод абётин: маснавий ва қасида ва ғазал ва ҳар синф шеърдин хўб ва ҳам кўп ёдида эрди. Андоқки, ҳар маҳалда ҳар навъ муносиб назмлардин ширин иборат ва такаллум била ва баъзи маҳалда рангин алҳон ва тараннум била андоқ адо қилур эрдиким, аксар мажлис ҳуззориға насридин хабар ва назмидин асар воқеъ бўлуб, риққатлар даст берур эрди ва кўп машойихлар ва аҳлуллоҳ ва дарвешлар мажлисиға баҳраманд ва хизмат ва мулозаматларидин сарбаланд ва аржуманд бўлуб, шарафи қабул топиб   ва    басе   ҳар сифатдин аҳли тариқ паҳлавонлар ва улуғ кишиларга шойиста хизмат қилиб, кисватлар ҳавола қилиб эрдилар. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло анга қобилият    каромат қилиб эрди. Ҳар навъ ишга хотир мутаважжиҳ   қилса эрди — ул навъ дахл қила олур эрдиким,  ул    фан аҳлининг моҳирлариға мустаҳсан   тушгай ва    бир    навъ қабулиятни анинг зотида халқ    қилиб эрдиким,    ҳар навъ халойиқ била ихтилот қилғоч, аларнинг кўнглига матбуъ ва табъиға маҳбуб эрди ва писандида    атвори беғоят  ва  ҳамида аҳлоқу  шиори  бениҳоят,   мижозида базлу  сахо  ғолиб  ва  табъида  шафқату  раҳо   муфрит, улуғларға зотий ниёзмандлиғ ва хизмат   ва    кичикроқ нотавонларға расми меҳру шафқат ва    сарпайвандлиқ ва мутавасситул-ҳолларға   иши мулоямат   ва хўб   забонлиқ ва фуқаро ва масокинға варзиши мувофақат ва нафърасонлиғ. Кечароклик ва кундузлик йигирма тўрт соатда Паҳлавоннинг такъясйда ҳоҳ сафарда, ҳоҳ   ҳазарда   табх иштиғолидин фароғат  йўқ   эрди, турлук-турлук атъима эрди. Андоқки, бу неъмату ағзиядин фуқаро ва масокину муқим ва мусофир маҳзуз эрдилар. Ағниё ва аҳли тамкин ва озодалару шоҳзодалар ва акобиру ашроф баҳраманд эрдилар, ҳаттоким, султонус салотин ҳам етгач, бу мазкур бўлғон атъималар ҳам  тортилур  эрди  ва  етмасалар эрди — Паҳлавоннинг ушоқлари кўтариб тоғға элтурлар эрди ва агар элтмасалар эрди — юқоридан киши келиб, тилаб элта борурлар   эрди ва ашриба ва фавоқиҳ ва ҳалвиёт53 ҳамул  атъимаға - яраша муқаррар эрдиким, тортилур эрди ва ҳар   тарафдин келган фуқоро ва ғуроба ва   ак-сараш ўн кун, балки бир ой-икки ойғача таваққуф қилсалар эрди — бу маъкулот аларнинг илайига    кулфатсиз, балки икки-уч қатла тортилур эрди ва   улоғларига арпа ва сомон, улоғлар ва ўзларига ороста маскан ҳам тайёр эрди. Ва бу халойиқдин кўпи андоқ эрдиким, борур   чоғларида   Паҳлавон  мурувват  ва карамидин йўл харжиси ва баъзи дарвешона либослар ва табаррукларға ҳам мустафид бўлуб эрдилар.   Жамии   аҳли туруқ ўзларини Паҳлавоннинг фотиҳа ва такбириға еткурмағунча ўз тариқларида ишлари тамом бўлмас эрди.    
             Борча содоту машойих ва уламою фуқаронинг маҳбуб ул қулуби эрдн ва подшоҳ эшигида аркони давлатдин олийшон беклар ва олиймакон ичкилар ва судур ва сойир халойиқға Паҳлавоннинг суҳбати наврўз ва байрамча бор эрди, ҳаттоки султонзодалар тиламас
эрдиларким, бир лаҳза онсиз бўлмағайлар эрдиким, подшоҳзодалардин нечаки муътамад отланиб, Паҳлавоннинг такъясига бориб, суҳбатлиғе қилғайлар эрди. Ул дағи борчасиға лойиқ хизматлар қилиб, суҳбатлар тузиб, неъматлар тортиб, созандалиғ ва гўяндалиғ буюруб, самоъ ва рақс қилиб, аларни хушҳол ва мунбасит узотур эрди.
             Ва Султонус-салотиннинг ғариб шафқату улфати ва ажиб инояту нисбати Паҳлавон борасида бор эрди. Ҳеч суҳбат тиламаслар эрдиким. Паҳлавондин айру қилғанлар. Борча мажлис ва маҳфилда Паҳлавон ҳозир эрди ва суҳбатнннг хушлуғиға боис эрди.
             Ва шеър ва муаммо ва мусиқийки, суҳбатнинг мужиби нишот ва инбисотидур, чун Паҳлавоннинг борчада вуқуфу дахлу тасарруфи зоҳир, балким ул фунунда аҳли фандек моҳир эрди — суҳбатнинг юзи Паҳлавонға эврулур эрди. Ва Султон ус-салотнининг надими мажлис ва аниси анжуман ва хилвати ва ҳар розда маҳрами ва ҳар ҳолда ҳамзабону-ҳамдами эрди. Такаллуфсиз ва муболағасиз подшоҳдин гадоғача ва аҳлуллоҳдин яҳуд ва торсоғача Паҳлавонни севмас ва тиламас киши йўқ эрди.
             Субҳоналлоҳ, юз минг ҳамду сипос ва санойи беҳаду қиёс ул қодир сунъиғаким, ҳар бандасиғаким, бир овуч туфроқдин халқ қилибдур, мунча қабулият ва қобилият ва ахлоқи ҳамида ва атвори писандида ва зоҳир юзидин мунча фазлу камол ва маъни тарафидин мунча важди ҳол бера олурким, бир жаҳон халқин мулоямат била сайд ва бир олам аҳлин занжири иродати била гирифтори беқайд қилғай.
             Алқисса, Паҳлавоннинг борча навъ ишларининг хушлуғи баёнида ва ҳар тавр сийрат ва суратининг дилкашлиғининг шарҳида забонварлар тили қосир ва достонгустарлар нутқи ожиздур.
             Қирқ йилға яқин бу фақир била мусоҳиби жоний маҳрами рози ниҳоний эрди. Фалокат айёмидин зоҳир юзидин таайюн ва иститоат замониғача кўпрак авқот била экандур. Биз иковдин-иков ҳар кўйда югурган, ўзни ҳар аҳли дил шарафи мулозаматиға еткурган. Анинг рифқу мувофақатин не тил билан тақрир қила олғаймен ва не қалам таҳрири била баён қила олғаймен.
             Мундин ўтмаски, қирқ йил бир менингдек худрой ва бесарупой ошуфтасори паришон рўзгор киши била мусоҳиблиқ қилғайки, хотирға келмаски, андин хотирға ғуборе ўлтирмиш бўлғай ва кўнгулға етмаски, ҳаргиз андин кўнгулға озоре етмиш бўлғай, балки андоқ нисбат қилмиш бўлғайким, кундан-кунга муҳаббат риштаси маҳкамроқ ва маваддат қоида ва тариқи муаккад ва мустаҳкамроқ бўлмиш бўлғай ва ҳол улким, етмиш икки фирқа била маоши ушбу наҳаж била воқеъ эрдиким, ҳар киши анинг мулояматин ўз ҳолиға мулоҳаза қилса эрди — хаёлиға бу келур эрдиким, андин махсусроқ ва мулойимроқ ёри ва мусоҳиби йўқ эрди эркан.
             Анинг зеҳну закоси латофатидин ва ҳофизаси тезлиги ва зарофатидин бир неча калима хотирға келур; адо қилмоғи ҳоли аз муносабате эмас. Султон Абусаид мирзо замонидаким, Хуросон аҳли Самарқанд аҳлиға асир эрдилар ва ҳар навъ зулм ва тааддики, алардин воқеъ бўлса, бу асирлар мутеъ ва фармонпазир.    
             Бу фақирни айни ифлосу фалокат ва сарнавишу ранжуриш Машҳад сори тортиб элтти ва анда етгандин сўнгра мафосил марази54 тори бўлиб, бир гўшада йиқилдим. Иттифоқо Паҳлавон хизматлари ҳам ул айёмда Машҳадда эрди. Бу фақирнинг ҳолидин хабар топғондин сўнгра ҳар кун қадам ранжа қилиб, улча қоидаи шафқат ва ёрлиғ ва тариқи муҳаббат ва   ғамхорлиқ бажо келтурур эрдилар — ангачаки мараз дафъ бўлди. Ва Мавлоно Абдуссалом Шерозий55 раҳимаҳуллоҳки, ул замоннинг моҳир ҳакими ва ҳозиқ табиби эрди — бу заифға муолиж эрди. Андоқки, атиббо даъбидурки, мариз мизожида маразни зойил қилғондин сўнгра чун адно хилт жилд тахтида қолур — тараддуд ва далк буюрурларки, ул маводни таҳлил била дафъ қилғай — ул дағи бу фақирға буюруб эрди. Паҳлавон меҳрибонлиқ ва шафқат юзидин ҳар кун иёдатимға келур эрди ва далк ходимлиғи ва тариқин чун киши андин яхшироқ билмас эрди ва ўзи ҳам ҳакимшева киши эрди — илтифот қилиб, ул амрға иштиғол кўргузар эрди. Қазоро, бир кунким, саҳари фақир бу шеърни айтиб эрдиким, матлаи будирким:  
    
Ҳар қаён боқсам, юзумга ул қуёшднн нур эрур,
Ҳар сори қилсам назар, ул ой манга манзур эрур.

             Ва бу шеър етти байт эрди ва мусаввир қилиб жайбимға солиб эрдим ва ҳануз кишига ўқумайдур эрдим ва кўрсатмайдур эрдим.
             Паҳлавон илтифот юзидин маъхуд дастури била эгнимни тутар эрди, муқаддима бунёд қилдиким:
             —    Сени бу кун дерларким   туркча   шеърни   яхши айтурсен ва туркча назм айтур элдин эшитиб, бизга бу сўзни мусаллам тутарлар. Бизнинг бир саволимиз бор.
             —    Жавоб берай, сиз бори саволингизни айтинг.
Деди:
             —    Саволимиз будурки, туркийгўй, шуародин улча шеърлари рўзгор сафҳасида сабтдур, қайси яхшироқ айтибдурлар? Ва сенинг ақиданг анинг яхши айтмоқиға борур, сен бегонурсен?

Фақир дедим:
             —    Борча яхши айтибдурлар, мен бегонурмен.
Паҳлавон деди:
             —    Сен такаллуф ва касри нафсни қўй, воқеъ юзидин сўз айтки, буки: борини бегонурмен дерсен, борча худ бирдек эмас, албатта тафовут бор.
Фақир айттимким:
             —    Мавлоно Лутфий ҳоло мусалламдурлар ва бу қавмнинг устоди ва малик ул-каломидур.
Деди:    
             —    Нечук Сайид Насимий56, демадинг?
Фақир дедим:
             —    Хотирға келмади ва бар тақдир келмоқ, Сайид Насимийнинг назми ўзга ранг тушубдур, зоҳир аҳли шуаросидек назм айтмайдур, балки ҳақиқат тариқин адо қилибдур. Бу саволда сенинг ғаразинг мажоз тариқида айтур эл эрди.
Паҳлавон  эътироз   юзидин   киноятомуз  дедики:
             —    Раво бўлғайки, Сайид Насимий борида Лутфий назмини писанд қилғайсен ва ҳол улким, Сайид Насимийнинг назми зоҳир юзидин мажоз тариқиға шомилдур ва маъни юзидин ҳақиқат тариқиға ва юқори битган байтни ўқудиким, фақир бу саҳар айтиб эрдим. Чун матлаъни ўқуди, ўзга абъётин ҳам мутаоқиб баён қилди ва тахаллусиким, бу навъ воқеъ бўлубтурким:

Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб, невчунки, хом    этган    киши    ранжур эрур.

             «Навоий»ни «Насимий»та тағйир бериб ўқуди ва филвоқеъ бу байтда Навоий лафзидин Насимий лафзи муносиброқдур ва фақир мутаажжиб бўлдум. Оҳистароқ илгимни жайбимға элттим ва мулоҳаза қилдим: ўзум битиб жайбимға солғон мусаввада мавжуд эрди, ҳайрату таажжубим ортти. Ва Паҳлавон ҳамул айтган сўзни иода қиладур эрди ва ул шеърнинг абётин мукаррар ўқур эрди. Ва бу фақир бетаҳаммул бўлуб сўрдумким, ул иш кайфиятин маълум қилғаймен. Ул ўзин йироқ тутти ва ўз сўзида русух кўпрак зоҳир қилди. Фақир муболаға қилғон сойй Паҳлавон ҳам муболаға кўргузди. Зарурат юзидин сўрдумки:
             —    Бу шеърни қачон ёд қилиб тутуб эрдинг?
Деди:
             —    Ўн икки йил бўлғайки, Бобур мирзонинг мажлисида бу шеър ўтар эрди, менга бағоят хуш келди, битиб олиб ёд туттум.
             Бори ҳар ҳол била букун ўтти, ул такъясиға борди. Тонгла ҳамул дастур била яна келди, яна суҳбат бўлди, яна бу сўз ораға тушди. Яна фақир сўрдум ва илҳоҳ қилдимким, бу иш кайфиятин маълум қилғаймен. Бу қатла худ дедики:
             —    Ул вақтки, мен бу шеърни ёд туттим, куштигирлардин ҳам нечаси бор эрдилар ҳам ўргандилар, — деб уч-тўрт  пиёда сорт куштигирники, анинг била келиб эрдилар тилаб дедики: «Ўқунг, андоқки менинг била ўрганиб эрдингиз». Алар дағи пайдарпай равон ўқудилар. Фақирға таажжуб устига таажжуб воқеъ бўлди ва Паҳлавон сўзи сидқида муболаға қилур эрди. Агарчи муболаға хожат эмас эрди, невчунким, сидқи даъвосида неча тонуқ ҳам ўткарди.
             Оқибат андоқ маълум бўлдиким, эгнимни улайдурғонда жайбимда қоғоз кўрубтур, оҳисталиқ била ул қоғозни чиқориб кўрубтур ва маълум қилибдурки, ушбу яқинда айтилғон шеърдур. У қоғозни очуқ ёнида қўюбдур ва ёд тутубдур ва чирмаб, жайбимға солибдур. Ҳамул замон бўлғон сўзларни  ораға солибдур. Оқшомки, такъясиға борибдур, куштигирларига таклиф била ўргатибдур ва буюрубдурки, эҳтимоми тамом била такрор қилибдурларки равон ўқур чоғда равон ўқуғайлар.
             Паҳлавоннинг ул навъ ғариб ишлари ва ажиб зарофатларики, табъға мужиби таажжуб ва ақлға боиси таҳайюр бўлғай — кўп эрди.

Дар силсилаи фақир ба иршоди туем,
Дар шому саҳар ҳамеша бо ёди туем,
Дар доираи фано ба авроди туем,
Яъне ки ятими Неъматободи туем57.

Паҳлавон жавоб битган руқъада бу рубоийни битиб эрдиким:

Э, Мир, ту пиру мо ба иршоди туем,
Доим ба дуогўию бо ёди туем,
Ин шаҳр ба ту хуш асту мо бо ту хушем,
Мурдему хароби Астрободи туем58.

             Султон Соҳибқирон асари иноятидин ва маҳзи тарбиятидин Паҳлавоннинг иши улуғ бўлди. Андоқки, улуғлуқға таъзим қилурлар эрди ва истиҳқоқи бор эрди ва Неъматободдаким, анинг такъяси эрди — подшоҳ давлатидин юзга яқин куштигир яна мунча ҳамдин ортуқ сойир худдом Паҳлавон хизматида бор эрдиларким, юзча куштигирдин ўнчаси талабкаш ва йигирмага яқини қадаргир ва жалди навхостаким, борча маъракада тутарлар эрди. Ҳаттоким, салотин замонида ҳам яна ўн-ўн беш созанда ва гўянда ва хонандаким, ул силсила аҳлидин ҳеч қачон ҳеч қайсиға даст бергани маълум эмас. Ва мунга яраша борча тартибу одоб ва тазйину асбоб муҳайё эрдики, баяк бора Паҳлавоннинг ушоқларидин бири бу фақир қошиға изтироб била югуруб келдики, Паҳлавонға бевосита ғаше59 воқеъ бўлубтур ва ҳуши зойил бўлуб, бехуд йиқилибдур, сизга хабар қилдуқки, табиб юборгайсиз. Фақир филҳол Мавлоно Абдулҳай60 била Мавлоно Нуриддинким, ҳозир эрдилар, таъжил била юбордим. Алар бошиға етгунча Паҳлавон худ ўзга олам азиматиға оёқ урган экандур. Атиббо бир замондин сўнгра Паҳлавон мотамидин ғамзада бўлуб, юз дарду ҳасрат била қайтиб келдилар.
             Бу ҳолдин Султон Соҳибқирон мизожиға ғариб андуҳ ва изтироб тушуб, ғоят ҳузн ва малолатдин талх-талх шўроба тўкуб, ҳой-ҳой йиғлади ва шаҳзодалар дағи ушбу дастур била мотам амриға муртакиб бўлдилар ва аркони давлатдин олий миқдор умарои завил — иқтидор ва вузаро ва соҳиб тамкин ичкилар ва хусусият ойин гулчеҳралар ва сойир эшик аҳлики, борча Паҳлавонға ёр ваҳаводор эрдилар, беихтиёр сўгворлиқ расмини бажо келтуруб, ўзни мотамий туттилар ва шаҳр  аҳолисидин содоти олийшон ва уламои олиймакон вамашойихи изом ва қузоти киром ва хавосу авом мажмуи таъзият тутуб, либосиға тағйир бериб, марсия ва таърихлар айтиб, дайнини ўзлариға иқрор қилдилар, балки бошқа-бошқа ўзларин соҳиб азо кўр-гузуб, ошуб ва шайн зоҳир қилдилар. Ва зарофатосор шуаро ва диққатшиор зурафоки, Паҳлавоннинг борча вақт мусоҳиби эрдилар ва ҳақиқат маоб аҳли тариқ ва тариқат интисоб аҳли таҳқиқ, Паҳлавон дойим аларнинг хизмат ва дилжўйлиғиға иштиғол кўргузур эрди — борча маълул ва гиръён ва ул мотамдин паришон ва бесару-сомон бўлдилар ва теграсидаги ёри ушшоқ ва мулозимлар ва ҳамнишин ва сойир фуқаро ва масокин «вовойло, вомусибато!» ниқобин фалаки асирға тортиб, нав-ҳалар ва нудбалар кўргуздилар.
             Ва Султони Соҳибқирон Паҳлавоннинг мадфанин Неъматобод ичидаким, Паҳлавон учун ясағон эрди — таъйин қилдилар ва анда дафн қилдилар. Ва подшоҳона жашн тузуб, азим ошлар бериб, хатм қоидасини бажо келтурдилар.
             Чун Ҳазратн Маҳдумий Шайх ул-исломий қаҳф ул-аномий61 Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон ил-Жомий62 (қаддасаллоҳу руҳуҳу)дин бир йил сўнгра Паҳлавон ҳамул Ҳазратнинг пайравлиғиға; бу фано тангнойидин бақо гулшани фазосиға хиром кўргузди ва ул Ҳазратнинг Паҳлавон била бениҳоят илтифотлари ва беҳадду ғоят махсус мулоямат ва ҳолатлари бор эрди, фавтининг таърихи ғариб услуб била воқеъ бўлубдурким, фавтларнинг таърихи бўлур:

Муҳаммад Паҳлавон ҳафт кишвар,
Ки дар даҳраш навбад ақрону амсол.
Сару сарҳалқаи аҳли тариқат,
Ки рафт аз қайди  гети фориғ ул-бол.
Зи баъди қутби олам орифи Жом,
Ки ў маҳдуми даврон буд аз иқбол.
Пас аз соле сўи жаннат хиромид,
Аз ин дерина дайри мухталиф ҳол.
Агар пурсад касе таърихи фавташ,
Бигуям: «баъди Махдуми ба як сол»63.

             Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ҳар замон юз қандил нур ва ҳар дам минг машъал берур, пурфутуҳ руҳиға нозил қилсун ва анинг руҳи мададидин бу шикаста ва ғамзада ва бу хаста мотамзаданинг дунё мақосидин ва охири муродотин ҳосил!

То ҳашр уза анинг марқади пурнур ўлсун,
Ҳақ раҳматидин равон мағфур ўлсун,
Жаннат чаманида руҳи масрур ўлсун,
Кавсар суйи бесоқий анга ҳур ўлсун.