Топ рейтинг www.uz
ҒАЗАЛЛАР

201

Жонима қасд айлару бор уйлаким жоним азиз,
Мен анга хору манга ул моҳи Канъоним азиз.

Қон ютармен, лаъли гулбаргига эсса тонг ели,
Тонг эмас, эй дўстлар, бўлса менга жоним азиз.

Келди кўнглумга хаёли жону кўнглум нақдини,
Айладим исорким, бор эрди меҳмоним азиз.

Кўргач-ўқ ушшоқ аро жонимға сурди тиғи қатл,
Эл аро бу хор қулни қилди султоним азиз.

Гарчи хор эттинг мени дайри фано аҳли аро,
Бўл мусулмонлар аро, эй номусулмоним, азиз.

Бодаи лаълинг учун азми харобот этгали
Риндлар ичра эрур қадрим бийик, шоним азиз.

Дема ҳар соат Навоийғаки, тарк эт ишқини
Ким, менга беҳад эрур ул кўнглум олғоним азиз.

202

Гар ўлмасам эди ул ойға ошно ҳаргиз,
Бошимға ёғмас эди чархдин бало ҳаргиз.

Тариқи ишқ аро беэътидол эсам, йўқ айб
Нединки, тушмамиш эрди бу иш манго ҳаргиз.

Жафосидин, демаким, ишқ таркини тутқил,
Бу иш бўлурму вафо аҳлидин раво ҳаргиз.

Балои ишқиға мен мубталою истамагай
Қутулмақ ила балодин бу мубтало ҳаргиз.

Даво чу мумкин эмас ишқ дардиға, ваҳким,
Илож топмади бу дарди бедаво ҳаргиз.

Ёйилди Вомиқу Фарҳод ишқи, йўқ эди лек
Менинг ишим кеби ҳар ён бу можаро ҳаргиз.

Кўнгулни даҳрдин ошуфта қилмаким, хуштур
Ки, тийра бўлмаса жоми жаҳоннамо ҳаргиз.

Санга замон элидин етса кўп жафо муни дей
Ки, ким кўруб эди бу хайлдин вафо ҳаргиз.

Не келса, хуш тут ўзунгники, халқ кўнгли учун
Рақам ҳак айламади котиби қазо ҳаргиз.

Десангки, хом тамаъ бирла бўлмайин ранжур,
Висол айлама ишқ ичра муддао ҳаргиз.

Навоий, истама кўп ишқ аро наво, негаким
Бу боғ булбулиға етмади наво ҳаргиз.

203

Ўтинг, ишрат аҳлики, биз зорларбиз,
Туман минг балоға гирифторларбиз.

Кўнгулни қилиб юз яра ишқ ўқи,
Тараҳҳум қилингким, дилафгорларбиз.

Тиларбиз шифо бир Масиҳо нафасдин
Ки, бу кўҳна дайр ичра беморларбиз.

Ёрутқой дебон кўзни бир саъд кавкаб,
Ҳар ақшом тонг отқунча бедорларбиз.

Сабукруҳ соқий, фано жоми тутқил
Ки, ўзлук юкидин гаронборларбиз,

Муяссар эса дўстнинг васли бир дам,
Бериб икки олам, харидорларбиз.

Навоий кеби ичгали ишқ жомин
Харобот кўйида хумморларбиз.

204

Маозаллоҳ сиз, эй ишқу муҳаббат, не балодурсиз
Ки, кўнглумдин олиб сабру шикеб, ўтлар солодурсиз.

Сени кўр айлаб, эй кўз, эй кўнгул, солсам сени ўтқа,
Муҳиқменким, манга сиз боиси дарду балодурсиз.

Гар аҳбоб этсалар гулгашт, эй жону кўнгул, борманг,
Нединким, сиз бирав ҳажри ғамиға мубталодурсиз.

Насиҳат аҳли, ўлтурманг дамо-дам ишқу дард аҳлин,
Демай бедардсиз,  биллаҳки, дарди бедаводурсиз.

Ишингиз жону дин олмоқдур, эй муғ дайри атфоли,
Агар куффори хайбарсиз ва гар турки хитодурсиз.

Мени бир жом ила ўзлук хуморидин халос айланг,
Гуруҳи риндларким, сокини дайри фанодурсиз.

Танаъум аҳлию базми висол, эй дарди ҳажр аҳли,
Навоийдин сиз айрилмангкн, зору бенаводурсиз.

205

Не айб, ишққа бу мўри мубтало ожиз
Ки, ишқ агар будурур, бўлғай аждаҳо ожиз.

Рафиқлар бошима йиғлашурлар, ўлди магар
Табиб қилғали бу дардима даво ожиз.

Риёға ажз кетурсам тонгирғама, эй шайх,
Ул ишда чун ёратибдур мени худо ожиз.

Нечаки тавсану тунд эрса халқ кўнгли бўлур,
Чу бўлди ишқу муҳаббатқа мубтало ожиз.

Фироқ илгида ожизмен, эй кўнгул, не ажаб,
Кишини айласа минг меҳнату бало ожиз.

Жамол мулкида сен ҳусн шоҳи, мен мунглуғ,
Шаҳ этса раҳм не тонг, чун эрур гадо ожиз.

Навоий ар қила олмас гадолиғ, эткил раҳм
Ки, бўлди бир йўли ул зори бенаво ожиз.

206

Тўкти қонимни — менинг сари чу очти ёр кўз,
Тўкмайин қон найласун ул қотили хунхор кўз.

Кўзу кўнглумдин балоларға  йўлуқтум,  кошки
Итса бесомон кўнгул, кўр ўлса йиғлаб зор кўз.

Ҳажр тиғи бирла урма ончаким, кўрсун сени,
Ҳар не қилсанг қил, чу топти давлати дийдор кўз.

Ваҳ, нелар бўлғай яна тушса кўзум ул кўзгаким
Ул бири хунрез кўздур, бу бири хунбор кўз.

Кўз учидин ваъдаи васл айлаб имо олди жон,
Гўйиё бози бериб жон олди ул айёр кўз.

Бир юз очиб, чок этиб кўнглумни, кўзунг урди ниш,
Бўлди бу иштин кўнгул мамнуну миннатдор кўз.

Истасангким, сурмаи мақсуд ила кўз ёруғай,
Сурма кун тунларда ҳижрон шоми тут бедор кўз.

Кўзу кўнглунгга десанг ул еткач офат етмасун,
Саъй этиб тўхтат кўнгулни, асрағил зинҳор кўз.

Эй Навоий, тўтиёйи васлға қобил бўлур,
Ғам ема, гар бўлса ҳижрон хоридин афгор кўз.

207

Ишқ журмиға мени, эй дўстлар, ёзғурмангиз,
Бегунаҳ мен худ куярмен, сиз дағи куйдурмангиз.

Ҳар замон чун ёғдурур бедод ўқин жонимға дўст,
Сиз дағи таъну маломат тошини ёғдурмангиз.

Мен чу ўлдум ёшуруб ишқин, гар эмди сўрса ёр,
Ҳолатимни сиз не билганни денгиз, ёшурмангиз.

Сўрманг, эй ушшоқ, мендин найлоли деб ишқ ора,
Гар қила олурсиз, аввалдин кўнгул олдурмангиз.

Ишқ оташгоҳида кул бўлмишам, эй дўстлар,
Кўкка ҳар соат кулумни сиз дағи совурмангиз.

Чунки ишқ ошубидин ҳар дам ишим ўлмакдурур,
Сиз ҳам, эй аҳли насиҳат, таън ила ўлтурмангиз.

Ишқ оламидин суруб солди Навоийдек мени,
Кўйига, эй ашк хайли, сиз ҳам андин сурмангиз.

208

Кўксумни тиғи меҳнат ила яра айлангиз,
Тортиб узунг кўнгулнию юз пора айлангиз.

Ҳар порасини куйдурубон кул қилиб сочиб,
Ҳар заррасини бир сори овора айлангиз.

Ул кулдин айлабон фалак оҳим шарорасин,
Ҳар жонибида кавкаби сайёра айлангиз.

Ҳар навъ мумкин ўлса, ани фоний айлабон,
Бедодидин бу шефтаға чора айлангиз.

Ул шўх ишқин истаган эл, солмангиз назар
Анинг сорики, кўнглума наззора айлангиз.

Чарх ўлди золи ҳийлагар — анинг тариқи макр,
Тажрид эли, талоқи бу маккора айлангиз.

Овора кўнглн келса Навоийнинг озибон,
Эй хайли дуди оқ юзин қора айлангиз.

209

Киши кўрмайдурур иқш ичра зоре мен кеби ҳаргиз,
Ғами ҳижронда бесабру қароре мен кеби ҳаргиз.

Ҳаданги ғамзаву ошуфта зулфунгдин йўқ эркандур
Дил афгоре, паришон рўзгоре мен кеби ҳаргиз.

Десанг ушшоқнинг хоки тани узра сурай маркаб,
Кўп истаб топмоғунгдур хоксоре мен кеби ҳаргиз.

Сенингдек суст паймон даҳр  аро ҳаргиз йўқ эркандек,
Вафоға ҳам йўқ эрмиш устуворе мен кеби ҳаргиз.

Жафогарликда йўқ эрмиш сенингдек, дерга йўқ ҳаддим,
Йўқ эркандур жафокашликда боре мен кеби ҳаргиз.

Дедимким: даҳр  боғида  йўқ эрмиш мен кеби булбул,
Дедиким: борму эрмиш гул узоре мен кеби ҳаргиз.

Магарким ёр соқий бўлса, дафъ ўлғайки, етмайдур
Кишига васли жомидин хуморе мен кеби ҳаргиз.

Фироқи жаврида навмид ҳам йўқ мен кеби, гарчи
Йўқ эрди васлдин уммидворе мен кеби ҳаргиз.

Навоий, демаким, ҳижронида сабр ихтиёр этгил,
Бу ишда йўқ эмиш беихтиёре мен кеби ҳаргиз.

210

Васл уммидидин бошимға ёрни келтурдунгуз,
Оқибат юз ҳажр тоши бошима ёғдурдунгуз.

Синди бошим косаси андоқки кўнглум шишаси,
Муҳтасибдек ишратим асбобини синдурдунгуз.

Юз тамуғча ўт не ҳожат эрди, эй ҳажру фироқ
Ким, ёқарда эмганиб хасдек таним куйдурдунгуз.

Тинмағур ағёр зоҳир айлабон кўп изтироб,
Дажр аро қатлим учун мендин кўнгул тиндурдунгуз.

Майға афюн солиб, эй дарду бало соқийлари,
Турфа буким, маст бўлдунг деб мени ёзғурдунгуз.

Чун вафо йўқ даҳр гулзорида, эй тонг қушлари,
Саҳвдурким, бесамар ашжорида ўлтурдунгуз.

Сизга ҳам, эй ишрат аҳли, қолмағай жовиди васл,
Буки зулм айлаб, Навоийни ародин сурдунгуз.

211

Йўқ ҳадим қўймоққа анинг рахши туйноғиға юз,
Басдурур, гар сурта олсам йўли туфроғиға юз.

Тўнунгга юз сурта гар олмон, чаманда ҳар шажар
Ўхшаса қаддингға, суртай барча яфроғиға юз.

Рахшининг доғиға мумкин бўлмаса юз суртарим,
Суртайин жисмимда ишқи ўтининг доғиға юз.

Кўйига йўл топмасам, дўзах сари борғанча бор,
Кому осойиш учун қўймоқ Эрам боғиға юз.

Дўстлар, қатлимға андоқ келди ул султони ҳусн
Ким, салотин қўймағайлар қатл учун ёғиға юз.

Ишқдин Фарҳод ила Мажнунча мен қўймоқ била
Гаҳ жунун даштиға гому гаҳ бало тоғиға юз.

Эй Навоий, васл осон эрдию ҳижрон қотиғ,
Кўрки, осонлиқ тилаб, қўйдум қатиқроғиға юз.

212

Кўзу кўнглумга то бўлди аён ул зулф бирлан юз,
Кўзумдин уйқу учти тун, кўнгулдин сабр ҳам кундуз

Югурмактин сиришким ҳажр  шоми юзда хатлардур,
Тулуъ эткач югурмак одат эрмиш ғам туни юлдуз.

Хаёлинг бирла мен то бодаи ишқинг била сархуш,
Эмасмен ишқинг иқболидин, эй жон, бир нафас ёлғуз.

Янги ой ботти, наргис итти, барбод ўлди сарву гул,
Таололлоҳ, не қошу кўз экин, ё раб, не қадду юз.

Тонг эрмас, соядек оллингда сарви рост бош қўйса,
Тушар чун ҳар кишининг қадди туздур, сояси ҳам туз.

Чаманда сарву гулнинг ишваси кўнглумга ёқмайдур,
Фидо жоним санга, қаддингға бергил жилва, юз кўргуз.

Келурмен хонақаҳдин дайр сари, базм туз, эй муғ,
Муғона тут суруд, эй мутрибу эй муғбача, май суз.

Чу муғ дайрида зикрим дўст оти бўлди, эй соқий,
Манга-ўқ тут қадаҳни, гар эрур тўқсону гар тўққуз.

Санамлар ҳуснидин мақсуд ёр ўлмиш Навоийға,
Агар барлос, агар тархон, агар арлот, агар сулдуз.

213

Қачон бўлғай манга васлида имкони тараб ҳаргиз,
Хаёлинда чу айлай олмадим тарки адаб ҳаргиз.

Агарчи халқ жон топмиш лаби оби ҳаётидин,
Манга жуз ҳажр захми бермади ул нўшлаб ҳаргиз.

Висол аҳли сизу ишратким, анинг завқини билмас,
Биравким кўрмади умрида жуз ранжу тааб ҳаргиз.

Табибо, қилса кўнглум ўтин афзун шарбатинг, тонг йўқ,
Су бирла шуъла табъидин кетарму тобу тоб ҳаргиз.

Чу Лайли қилди Мажнун кўнглининг сарманзилин хилват,
Не суд ар қўймаса Ҳай гирдида ани араб ҳаргиз.

Ялинсам ўлтурур, қилсам ниёз, оғози ноз айлар,
Киши кўрганму эркин буйла хўйи бул-ажаб ҳаргиз.

Қачон равшан кўнгулни нафс ўти дуди қилур тийра,
Нубувват шамъини не навъ ўчургай Булаҳаб ҳаргиз.

Нечаким саъй бирла топмаса матлубини солик
Керакким, жонидин кам бўлмаса ранжу талаб ҳаргиз.

Навоийдин киши ошиқлиқ отин маҳв эта олмас,
Қачон кетгай, киши салб айламак бирла лақаб ҳаргиз.

214

Эмди ғами йўқ, солди чу кўнглум ар минг сўз,
Оҳим ўтидин ўчса ҳамул шамъи дилафрўз.

Кўнглум яросин тикти ва лекин ўқи бирла,
Жонимға алифдек дурур ул новаки дилдўз.

Васли аро, кўрдум, тенг эмиш бўйию сочи,
Тун-кун тенг экан зоҳир ўлур бўлди чу наврўз.

Ишқ айлади расво мени, эмди бошинг ол, кет
Юз хижлат ила, эй, хиради маслаҳатомуз.

Жоним эвида онча ғаминг нақдини йиғдим
Ким, бўлди кўнгул маҳзани бу жони ғамандўз.

Бир субҳ ангаким толеъ ўлур бода қуёши,
Хуш бахти ҳумоюн била хуш толеи феруз.

Дерларки, Навоийму экин дашти фанода,
Чун сарсари ҳижрон совурур бир соридин тўз.

215

Эй юзунг боғи насимида ҳавойи наврўз,
Лаъли тожинг бўлуб ул боғда бўстонафрўз.

Зулфу рухсор ила комимға мени еткурсанг,
Ҳар тунунг қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун наврўз.

Кўнглум ул луъбат илигида гирифтор ўлмиш,
Қушни ул навъики лаъб аҳли қилур дастомуз.

Дарди ҳажрингда куяр кўнглуму ўз ҳолимға
Кишисизликдин ўзумдурмен ўзумга дилсўз.

Даҳр золиға кўнгул бермаки, Рустамларни
Макр ила айлади ожиз бу ситамгора ажуз.

Кўк жафосидин ўлур хобгаҳинг бўз туфроғ,
Бўлса остингда сипеҳр ашҳаби янглнғ кўк бўз.

Эй Навоий, сену Хусрав била Жомий таври
Санъату рангни қўй, сўзда керак дард ила сўз.

216

Дўстлар, маҳрам деб элга роз ифшо қилмангиз,
Бошингизға юз бало куч бирла пайдо қилмангиз.

Фош қилманг роз, чунким асрай олмай қилдингиз
Ўзгалардин асрамоқ боре таманно қилмангиз.

Ишқ асрориға тил маҳрам эмастур зинҳор
Ким, кўнгулдин тилга ани ошкора қилмангиз.

Чун кўнгулдур қалбу тил ғаммоз, махфий розни
Жон ҳаримидин бу иккига ҳувайдо қилмангиз.

Чун кўнгул тил бирла маҳрам бўлмади, ҳожат эмас
Айтмоқким, элга андин нукта имло қилмангиз.

Саҳв этиб, чун роз дуррин сочтингиз, нозим бўлуб,
Оҳнинг дудин саҳобу кўзни дарё қилмангиз.

Чок-чок айлаб кўнгулни, тилни айлаб юз тилим,
Ташлаб итларга аларнинг ёди қатъо қилмангиз.

Менда ҳижрон дардию йўқ сабр, бори дўстлар,
Чорае гар қилсангиз, жуз жоми саҳбо қилмангиз.

Чун Навоий ишқ розин асрай олмай қилди фош,
Отини роз аҳли туморинда инжо қилмангиз.

217

Нозанинлар, бенаволарға тараҳҳум айлангиз,
Лутф агар йўқтур, ғазаб бирла такаллум айлангиз.

Гаҳ бийик, гаҳ паст гирён кўрсангиз ушшоқни,
Фош кулмассиз, ниҳон боре табассум айлангиз.

Ҳажр зулмидин қотиқ ҳолимни, эй жону кўнгул,
Билдингиз, ёр оллида бориб тазаллум айлангиз.

Эй балову дард, ўтлар худ солибсиз жонима,
Лек сиз ҳам гаҳ-гаҳ ул ўттин таваҳҳум айлангиз.

Қон агар ютсам қарориб ахтарим, эй хатту хол,
Сиз майи лаъли била боре танаъум айлангиз.

Биз фано туфроғи бўлдук дайр аро, эй аҳли зуҳд,
Хонақаҳ саҳнида сиз баҳси тақаддум айлангиз.

Эй муғаннийлар, Навоий маст эди — кеч уйғонур,
Ани уйғотмоққа бир дилкаш тараннум айлангиз.

218

Мени бир нома бирла дилбарим ёд этмади ҳаргиз,
Қулин қайғудин ул хат бирла озод этмади ҳаргиз.

Сиришким сайли йиқмай қўймади худ сабр бунёдин,
Бузуғ кўнглумда тарҳи васл бунёд этмади ҳаргиз.

Балолар тоғини ҳажринда тирноғим била қоздим,
Мен эткан ишни ошиқлиқда Фарҳод этмади ҳаргиз.

Чу нақди сабр торож айладинг, кўнглумга ўт солдинг,
Бу навъ ўз кишварига шоҳ бедод этмади ҳаргиз.

Фироқ айёмида кўп нафъ еткурди буким, кўнглум
Ўзин ул шўхнинг васлиға муътод этмади ҳаргиз.

Не тонг девона кўнглум итларингга таън қилмоқким,
Ебон юз дарду меҳнат тоши, фарёд этмади ҳаргиз.

Эрур, ишқ оллида жоним фидо қилсам, ҳануз озким,
Ул ойдин ўзгани қатлимға жаллод этмади ҳаргиз.

Не тонг, эй муғбача, ишқингда маст ўлсамки, пири дайр
Бу икки ишдин ўзга бизга иршод этмади ҳаргиз.

Агар бузди Навоий кўнглини ул бевафо, тонг йўқ,
Вафо аҳли уйин чун ишқ обод этмади ҳаргиз.

219

Бор анингдекким керак ул кўзу қошу қадду юз,
Оллоҳ-Оллоҳ, ким кўрубтур ҳусн бу янглиғ тўкуз.

Зулфунг эгрилик, қадинг тузлуктадурлар уйлаким,
Сунбул эрмас мунча эгри, сарв эрмас онча туз.

Сен эрурсен ҳусн шоҳи, меҳри сойир тожири
Ким, чекибтур оллинга афлок жинсидин тўқуз.

Ҳажр заъфидинки жон бир риштаға боғлиқдурур,
Жонға раҳм эт, эй ажал, бу риштани ҳам тортиб уз.

Неча кўнглум кишваридин сабр тарҳин бузғасен,
Бир доғи бу хаттидин зулму ситам тарҳини буз.

Кўз аёғингға етар уммид бирландур буким,
Оллинга юз қатла ҳар соат қўярмен ерга юз.

Соқиё, даврон ишида йўқтурур жуз тийралик,
Дафъиға   анларға   доир   давр   аёғин  бода   сўз.

Фақр кўйи туфроғиким, улдур иксири ҳаёт,
Жон бериб кўз ёритурча олсанг — олмишсен учуз.

Эй қаландарваш муғанний, гар Навоий кўнглини
Истасанг ҳар лаҳза беҳол айламак, тузгил қўбуз.

220

Эй муғанний, чун ниҳон розим билурсен — соз туз,
Тортибон мунглуғ наво созинг била, овоз туз.

Навҳа оҳанги тузуб, оғоз қил маҳзун суруд,
Ул суруд ичра ҳазин кўнглумга махфий роз туз.

Тузма оғоз айлабон Фарҳоду Мажнун қиссасин,
Десанг эл куйсун, менинг дардим қилиб оғоз туз.

Истасангким, нағманг ичра кўп халойиқ ўлмагай,
Ул икавдин кўп, вале мендин тарона оз туз.

Гар менинг ҳолим десанг туз барча достони ниёз,
Дилбаримдин нағмасоз этсанг, суруди ноз туз.

Чун бу гулшанда нишиман қилғали қўймас ҳазон,
Гул фироқи савтин, эй булбул, қилиб парвоз туз.

Базм аро ўртар Навоийни ниҳон мунглуғ суруд,
Эй муғанний, чун ниҳон розим билурсен — соз туз.

221

Бормаким, бир дам ўзумни била олмон сенсиз,
Келки, бир лаҳза таҳаммул  қила олмон сенсиз.

Чиқма  кўнглумдин, ўлар вақтким ул ғурбатда,
Жону тан кишваридин айрила олмон сенсиз.

Бода базмида нишотим тиласенг, соқий бўл
Ки, майи кавсар ичиб, очила олмон сенсиз.

Майи ишқинг била бехудмен, агар ҳуш манга
Истасанг, кел бериким, ойила олмон сенсиз.

Гулу булбулдек отим сенсиз эмас эл тилида,
Шукрким, сўзда доғи айтила олмон сенсиз.

Не ғам оворалиғим, жоним аро чун сенсен,
Истаган элга доғи топила олмон сенсиз.

Чун Навоий сени кўрмай нафасе билмас ўзин,
Бормаким, бир дам ўзумни била олмон сенсиз.


222

Йигитлигинда қилур қадни бенаволар кўж,
Магарки фоқа юкидин бўлур гадолар кўж.

Не рост қад била мағрурсиз, йигитларким,
Сипеҳр айлар ул ўқларни мисли ёлар кўж.

Ҳавас қорилиғ этиб, гўйиёки айларлар
Кўнгул камини учун қадни дилраболар кўж.

Не шўх туз қад ила жилва қилдиким, қилди
Ғаму бало юкидин қадни порсолар кўж.

Асо тутуб не илож айлагай гадоки, бўлур
Чу вақти етти — фалакқадр подшолар кўж.

Аларки кўж қадим бирла ҳазл этарлар, ҳайф
Ки, бўлмағумдурур ул дамки, бўлғайолар кўж.

Навоий итти йигитлик, магар вафосизлик
Қилдилар қарибон қадни бенаволар кўж.

СИН ҲАРФИНИНГ СИЙМИНБАРЛАРИНИНГ
         САВДОСИ «БАДОЕЪ»ДИН

223

Даврон гулию гулшани хориға арзимас,
Гулгун майи балойи хумориға арзимас.

Минг йил киши жаҳон элига қилса шоҳлиқ,
Бир дам алар иҳонату ориға арзимас.

Манқалда уду сандал агар айласанг ўтун,
Бир лаҳза дуд бирла шарориға арзимас.

Офоқ мулки фатҳи учун тортмоқ сипаҳ
Билким, сипоҳ гарду ғубориға арзимас,

Юз қари олам аҳли аро айламак нашот,
Бир дам алар нифоқу ниқориға арзимас.

Йиллар ҳабиб васли муяссар эса, гаҳе
Майли рақиб жониби бориға арзимас.

Киргил фано йўлиға, Навоийки, даҳри дун
Бу умри бесаботу мадориға арзимас.

224

Эй, қуёшдек оламоро ҳуснунга ҳайрон улус,
Зарра янглиғ ул қуёш даврида саргардон улус.

Уйла расвоменки, борсам ҳар тараф беихтиёр,
Тортар ийнак, келди ул девона деб, афғон улус.

Жилвагоҳи ҳуснида бир дам тамошо истарам,
Нетти бир дам бўлса олам даштидин пинҳон улус.

Дўзах ўтидин улус тенгрига элтурлар паноҳ,
Не учунким, кўрмамишлар шуълаи ҳижрон улус.

Ҳажрдин юз саъб ҳолат ичрамен, эрмас ажаб,
Гар тамошоға қилурлар бошима туғён улус.

Гар улус изҳори ишқ айларлар, аммо чекса тиғ,
Мен қолурмен тиғ остида, қочиб ҳар ён улус.

Тийр боронким ғаминг қилди, туганмас қарнлар,
Терсалар анда бошоқ терган кеби пайкон улус.

Чун фалак жавфин қазо қилмиш ҳаводис ҳуққаси,
Буйла ерда фитнадин қочмоқ зиҳи нодон улус.

Гар улус аҳду вафосида Навоий ўлди, лек
Йўқтурур бу аҳд аро қилмоқ вафо имкон улус.

225

Ҳар ниёз этсам аён, жуз ноз ойин айламас,
Неча аччиғ йиғласам, бир лабни ширин айламас.

Истаса ҳар кимни ўлтурмак учун жаллоди даҳр,
Ваҳки, мендин ўзгани ул ғамза таъйин айламас.

Кимгаким бир оразу рухсору хатту зулфнинг
Шавқи бўлса, хотири майли раёҳин айламас.

Жилваким қонлиғ кўнгулда айлар ул қад бирла юз,
Соҳати гулзор аро шамшоду насрин айламас.

Ашк ўткунча юзумдин қаҳрабо ранги тутар,
Суни ҳаргиз заъфарон бу навъ рангин айламас.

Ваҳ, не ҳолатдурки, ул ҳусн айласа ҳар кимни шод,
Ишқ мендин ўзгани бу ишда ғамгин айламас.

Эй Навоий, сўз деким, давронни гардундек қазо
Жуз бу дурри кавкаб ойин бирла тазйин айламас.

226

Йўқ дамеким, фурқати жонимға бедод айламас,
Ғайрни шод эткали кўнглумни ношод айламас.

Ўлмакимни билмайин гўё дер эрмиш ул парий
Ким, неча тундурким, ул девона фарёд айламас.

Улча бағримға қилур ғам нишидин ҳижрон ғами,
Тоғнинг бағриға метин бирла Фарҳод айламас.

Солди кўнглум ўтиға пайконларин ҳижрон, ажаб
Ким, манинг қатлимға боштин тиғи пўлод айламас.

Қайси бир дамдурки солмон сабр авроқиға кўз
Ким, борин оҳим ели бир дамда барбод айламас.

Бевафолар рағмиға севдим парини, эй кўнгул
Ким, вафо изҳори жинси одамизод айламас.

Оқибат чун айрулуқдур, ул киши айлар ғалат,
Ким висол ичра ўзин ҳижронға муътод айламас.

Муғбача қурбони бўлсак йўқ ажабким, пири дайр
Бизга ойини фанодин ўзга иршод айламас.

Эй Навоий, бўлма анинг ёдидин ғофил даме,
Сен ким ўлдунг дегаликим, ул мени ёд айламас.

227

Йўқ манга ҳад айламак бошингға эвоулмак ҳавас,
Итларики бошиға эврулмак муяссар бўлса бас.

Чун ҳаддим йўқ эткали жавру жафосин илтимос,
Қайда мумкнн айламак меҳру вафосин мултамас.

Эй Масиҳим, чун ўлармен — бир васият айлагум,
Халқдин махфий қулоқ оғзимға қўйғил бир нафас.

Кечалар ҳажрингда фарёдим ўтар афлокдин,
Маҳвашим, фарёдким, бўлмас манга фарёдрас.

Гулмудур қўйғон қафас устида, эй булбул, санга
Ёхуд  афғонинг ўтидинму туташибтур  қафас.

Гулшани ишқ ила олийшон эрурким, анда бор
Сидра шохи бирла тўби бир-ики хошоку хас

Гар Навоий ёрнинг васлин таманно қилса бор,
Уйлаким, бўлғай гадо кўнглида шоҳ ўлмоқ ҳавас.

228

Менга, соғинмаким, ул дилрабо эрур мунис
Ки, дарди ҳажрида юз минг бало эрур мунис.

Ниёзу ажзидин ар ўлса дам-бадам, не ажаб,
Гадовашеки, анга подшо эрур мунис.

Чу ишқ бодияси келди дашти истиғно,
Шаҳ ўлди зор анга, гар гадо эрур мунис.

Вафосиз англаса ўз умри-ўқ гумон қилдик,
Ангаки умрида бир бевафо эрур мунис.

Хаёл бўлди таним заъфдин таносиб учун,
Бу дамки ёр хаёли манга эрур мунис.

Бу дашт қатъида ҳамроҳ эрур қадам урмай,
Ангаки сокини дайри фано эрур мунис.

Навоий унски булбул била тутар, тонг йўқ,
Бу бенавоға гар ул бенаво эрур мунис.

229

Бир ойни тилаб, хаста кўнгул зорму эрмас,
Ҳажри ғамидин юз туман афгорму эрмас.

Сўрмастин анга қатл тилар, йўқ эса кўнглум
Ошиқму эмас, бекасу беморму эрмас.

Ишқида ситамлар била ўлсам, ке ажаб, ёр
Қотилиму эмас, шўху ситамкорму эрмас.

Диним бошиға титрар эсам, тонг эмас, ул кўз
Кофирму эмас, масту дилозорму эрмас.

Чун сурди самандин нега ўлдунг дема, эй шўх,
Сархушму эмас, чобуку айёрму эрмас.

Гар даҳр арусиға дедим берма кўнгул, боқ:
Мухтоламу пурҳийламу маккорму эрмас.

Гар бўлса харошида Навоий уни, тонг йўқ
Бир гул ғамидин кўнглида юз хорму эрмас.

230

Айлаган қадду юзунг боринда сарву гул ҳавас,
Даҳр бўстонида андоқ бўлмағай бир булҳавас.

Нозанин қаддинг ниҳоли бирла рухсоринг гулин
Кўргали не сарв қилдим орзу, не гул ҳавас.

Сарвинозим бошида то кўрди мушкин кокилин,
Шамъ айлабтур муанбар дудидин кокил ҳавас.

Кўрди то сарв қаду гулдек юзунгни боғбон,
Гулшан ичра қилмади шамшод ила сунбул ҳавас.

Куллию жузвий йўқу борим санга бўлди фидо,
Сен керак бўлсанг, манга йўқ эмди жузву кул ҳавас.

Шоми савм ифториға, эй шайх, шарбатни нетай,
Айласам бир шўх илгидин сабуҳий мул ҳавас.

Айлади бир холи ҳинду рўзгоримни қора,
Эй Навоий, тонг йўқ, этсам Ҳинд ила Кобул ҳавас.

231

Кимгаким бўлса насиб ул офати жондек анис,
Бебаҳо бўлғай қошинда моҳи Канъондек анис.

Қайда бу гулшанда унс ўлғай мангаким, истарам
Орази гул, қомати сарви хиромондек анис.

Кофиреким нақди диним олдию ёшурди юз,
Топмоғум юз саъй ила ул номусулмондек анис.

Унс тутқоч, ваъдаи васл эттию қилди хилоф,
Ҳеч кимга бўлмасун ул аҳди ёлғондек анис.

Ул пари мен телба бирла унс агар тутмас, не тонг,
Дашт аро Мажнунға бас ғули биёбондек анис.

Не ажаб даврон аро ошуб тушмак ҳар замон,
Менки истар бўлсам ул ошуби даврондек анис.

Қилғай инсоният ар кўз мардумиға тутса унс,
Эй Навоий, яхшидур инсонға инсондек анис.

232

Қилса бўлғай меҳрни нуринда ёшунған қиёс,
Жилва қилған чоғда ул хуршиди кофури либос.

Йўқ кўнгул султони ҳифзиғаким, ул ой йўлида
Уйқусиз кўзлар тонг отқунча тутар ҳар кеча пос.

Ул қуёш чиқмай солур чарх узра юз тарҳи жафо,
Ваҳ, бор эрмиш ҳусн шоҳи, не бало олий асос.

Пойбўсунг ваъдасиға жон олиб, дерсен манга,
Ҳожатингни илтимос эт, ваҳ, не ҳожат илтимос.

Кирпикимдин реш бўлғай деб таҳайюл ичра ҳам,
Кўзни қилмон барги гул янглиғ табонингға мумос.

Эй висол аҳли, сизу иқбол ташрифики, чарх
Тикти қаддимға менинг идбор торидин палос.

Халқдин навмидлик еткурди роҳат кўнглума,
Эй Навоий, билдим иҳдар-роҳатайн эрканни яъс.

233

Мен киму меҳру вафо — зулму итоб айласа бас,
Жаврини лутфча жонимға ҳисоб айласа бас.

Қайда ул ҳад мангаким, лутфидин обод ўлсам,
Зулм ила кишвари жонимни хароб айласа бас.

Эмон ул итки, рикобин тамаъ этсам ўпмоқ,
Қатл учун зулфини бўйнумға таноб айласа бас.

Ўн қуёшча юзида нуру анга тўрт ниқоб,
Етти гардунча жамолиға ниқоб айласа бас.

Минг балокашни қилиб қатл гунаҳ қозғонди,
Мени тиргузгуча умрида савоб айласа бас.

Мен киму лаъли умидики, хаёл ичра гадо
Шаҳ била майли нишоти майи ноб айласа бас.

Чарх зулм этса, Навоий тиламас дод андин,
Азм даргоҳи шаҳи арши жаноб айласа бас.

234

Уйла бўлмиш нотавон кўнглумга жонон бирла унс
Ким, баданға ҳаргиз андоқ бўлмағай жон бирла унс.

Кўнглума киргач анисим бўлди, тутқонму экин
Бир замонда ҳеч ким бу навъ меҳмон бирла унс.

Одамийлардин чу кўп ваҳшатқа қолдим, истарам
Тутмоқ элни тарк этиб, ваҳши биёбон бирла унс.

Кўздин учқунг, унс тут бир дам бу шайдо бирлаким,
Йўқ ажаб, тутмоқ парий мажнуни ҳайрон бирла унс.

Лаъли жонбахшингға маънус ўлса рухсоринг, не тонг
Ким, Масиҳоға бўлур хуршиди рахшон бирла унс.

Дайр аро бўлмиш анисим пири дайру муғбача,
Тутмишам ҳоло бир-икки номусулмон бирла унс.

Нотавон кўнглунгга мунис кимни истарсен, деманг
Ким, мени шайдоға йўқ жуз кўнглум олғон бирла унс.

Даҳр боғи гулларида йўқ вафо, эй андалиб,
Зийрак эрсанг, тутмағил бу турфа бўстон бирла унс.

Чун итимен, итлари хайли била хўй этмишам,
Эй Навоий, не ажаб ҳайвонға ҳайвон бирла унс.

235

Гар манга бор эрса ул дилдори зебо бирла унс,
Ул муҳиқдур, тутмаса мен зори шайдо бирла унс.

Олам   аҳли  муттафиқдурлар  мени ўлтургали,
То тутубмен ул жамоли оламоро бирла унс.

Лаъли маънусумдурур, ўлтурса ўлтурсун кўзи,
Не ғами жаллоддин тутқай Масиҳо бирла унс.

Мен киму ул хўблар шоҳи била улфат, магар
Ваҳш тутқай дашт аро Мажнуни шайдо бирла унс.

Тўлғаниб зулфунг бу мажнунға  не саркашлик қилур,
Чунки савдо аҳлиға бор аҳли савдо бирла унс.

Эй мусулмонлар, чу бир кофир асиримен, не тонг,
Бор эса кўнглумга зуннору чалипо бирла унс.

Сарви нозим кийгали сариқ, қизил бўлмиш манга
Ҳам гули раъно била, ҳам сарви зебо бирла унс.

Гар десанг дунёда ҳар дам юз балият кўрмайин,
Эй кўнгул, зинҳор тутма аҳли дунё бирла унс.

Эй Навоий, гар десанг соқийлиғ этсун муғбача,
Тут кириб муғ дайри ичра жоми саҳбо бирла унс.

236

Йўқ тамаъ ағёрдин, гар душман зрмас ёр, бас,
Ёрдин нўш истамон, ниш урмаса ағёр бас.

Васли боғидин, демонким, муддаи гул термасун,
Терса терсун, урмаса бағримға юз минг хор бас.

Кимга қилдим бир вафоким, кўрмадим юз минг жафо?!
Эй кўнгул, гар худ ҳавасдур ишқ бу миқдор бас.

Бўлмаса оғзимда май ёхуд кўз ул гулдин қизил,
Оҳи оташнок бирла дийдаи хунбор бас.

Қасдима чекма ҳалокинг тиғини кўп, эй сипеҳр
Ким, ул ойнинг тиғи зулмидин кўнгул афгор бас.

Даҳр бўстонида гулгун хона Қилсанг орзу,
Бодаи гулранг қуйғон кулбаи хаммор бас.

Эй Навоий, сўзда маъни йўқтурур, маънийда сўз,
Дурри маъни истар ўлсанг, айлагил гуфтор бас.

237

Ғамингдин, эй парий, девоиа бўлмас,
Кишиким ҳуш топқоч, ёна бўлмас.

Жамолинг шамъиға кўнглум қушидек
Малойик хайли ҳам парвона бўлмас.

Анга йўқ ишқ бирла ошнолиқ
Ки, ақлу ҳуштин бегона бўлмас.

Кишига васл иқболи не мумкин,
Агар ҳижрон аро мардона бўлмас.

Керакмас май, агар худ жон бағишлар,
Манга соқий агар жонона бўлмас.

Хирад муғ дайри сари истамангким,
Бу йўлда оқилу фарзона бўлмас.

Навоийға бузуқ, булбулға гулшан
Ки, ҳузну айш эли ҳамхона бўлмас.

238

Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум пнсанд этмас

Не баҳра топқамен андинки, мендин истагай баҳра,
Чу улким, баҳраи андин тилармен, баҳраманд этмас.

Нетай ҳуру пари базминки, қатлим ё ҳаётимға
Аён ул заҳр чашм айлаб, ниҳон бу нўшханд этмас.

Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусну малоҳатдин
Ичим ул чок-чок этмас, таним бу банд-банд этмас.

Керак ўз чобуки қотилваши мажнун шиоримким,
Бузуғ кўнглумдин ўзга ерда жавлони саманд этмас.

Кўнгул уз чархи золидин, фирибин емаким, охир
Ажал сарриштасидин ўзга  бўйнунгға каманд этмас.

Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий, тегмасин деб кўз,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.

239

Лабингдин айру бағир лахт-лахт қонму эмас,
Бу қон назар йўлидин дам-бадам равонму эмас.

Юзунгни пардада десам, парий, тонгирғомоғил,
Мениму қилмади мажнун, ўзи ниҳонму эмас.

Жаҳону жон ҳазар этса, не айб ғамзангдин,
Балойи жонму эмас, офати жаҳонму эмас.

Кўнгулга кўйунг аро раҳм невчун айламадинг,
Ғариб телбаму ё зори нотавонму эмас.

Не айб, лаъли лабинг ҳасратида жон берсам,
Ҳаёт чашмаси ё умри жовидонму эмас.

Қадаҳни яхши тўла айламайсен, эй соқий,
Хумор меҳнатидин ҳолатим ёмонму эмас.

Қадам Навоий маҳзун бошиға қўймас ёр,
Ғубори раҳму эмас, хоки остонму эмас.

240

Олам ичра манга ул ҳури малак снймо бас,
Ул қачон бўлса муяссар, қадаҳи саҳбо бас.

Гар шабистон ичида ҳожат эса шамъ ила нуқл,
Ҳам ўшул маҳжабину лаби шаккархо бас.

Нақди жон берсаму лаъли лабидин қут олсам,
Умр бозорида мен хастаға бу савдо бас.

Кимга бу даст берибтурки, санга бергай даст,
Айла бу фикри муҳолотни, эй шайдо, бас.

Гар будур ҳодисаи давр харобот ичра,
Хирқаи чок била дурди қадаҳполо бас.

Ҳашмат аҳли хазу хорода ёшунсунки, манга
Нотавон жисм фано гардида нопайдо бас.

Эй Навоий, етаринг ёрға эрмас мумкин,
Қилмасанг кўнглунг аро ғайри хаёлин то бас.

241

Биров анинг лаби жонбахшидин нишон бермас
Ки, ҳар кишики қилур истимоъ, жон бермас.

Адам тариқиға туштум, тилаб анинг оғзин,
Сўруб киши манга ул роздин нншон бермас.

Абад ҳаёти кеби васлиға етишкунча,
Фироқ маҳлакаси ичра умр омон бермас.

Лабингдин ўлди таним риштае табиби хирад
Иложин эткали шарбат бағир қон бермас.

Ғанимат англа кўзу кўнглум ашк ила қонин
Ки, мунча инжую лаъл элга баҳру кон бермас.

Замона қилди мени гоҳ масту, гаҳ махмур
Ки, бир замон май агар берса, бир замон бермас.

Навоиё, ғами жоним олурда саъй этти,
Соғиндиким, тилагач ушбу нотавон, бермас.

ШИН ҲАРФИНИНГ ШУХЛАРИНИНГ ШАМОИИЛИ
                       «БАДОЕЪ»ДИН

242

Зиҳи отинг била хайли малойик ичра хуруш,
Фалак сенга янги ой наъли бирла ҳалқабагўш.

Гаҳики фикрати зотингни ақли кул айлаб,
Бурунғи жомда ҳайрат ани қилиб беҳуш.

Сипеҳр жомида қаҳринг ҳароратидин заҳр,
Қуёш замирида меҳринг ҳароратидин жўш.

Ҳам этти нофаи мушкунг қамарни мушки давож,
Ҳам этти гулшани лутфунг шафақни гулгунпўш.

Не қаҳринг ўтидин эмин фақиҳи сойими даҳр,
Не раҳматингдин новмид ринди дурднўш.

Навои ҳамдинга булбул тили бўлуб гўё
Ва лек ҳайрати васфингда ғунча оғзи хамуш.

Навоий ўзни сотар қуллуғунг била, юз шукр
Ки, худфуруш эмастур, йўқ эрса зуҳдфуруш.

243

Келки, ҳижронинг мени маҳзунни бадҳол айламиш,
Юз туман дарду бало хайлиға помол айламиш.

Оразингдин ўзга юз кўрмактин айлаб кўзни кўр,
Дарди ишқинг элга айтурдин тилим лол айламиш.

Ҳам бошимни гард ила манкуби ҳижрон айлабон,
Ҳам танимни бош ила мажруҳи атфол айламиш.

Сен гули раъно фироқидин сариғ чеҳрамни ашк —
Қатра-қатра қон ила тим-тим томиб ол айламиш.

Хотирим озурда айлаб ёр ила ағёрдин,
Ёру ағёримни мендин фориғулбол айламиш.

Фироқингдин ўлмаган бўлсам, эмас мендин гунаҳ,
Чарх ани комим кўруб саъйида иҳмол айламиш.

Тушканим Мажнун била Фарҳод аёғиға кўруб,
Гаҳ танимни нун қилиб, гоҳе қадим дол айламиш.

Эй кўнгул, дин аҳли зарқидин малул эрсанг, сипеҳр
Дайр пирин буйла мушкилларга ҳаллол айламиш.

Ҳажр аро маст ўл, Навоийким, фараҳ касбига ишқ
Майни ёқути музобу лаъли сайёл айламиш.

244

Қайси ишрат меваси нахли ҳаётим қилди фош    
Ким, париваш тифллар ёғдурғай ул ён мунча тош.

Олам ичра ул қуёш зоҳир вале мендин ниҳон,
Эй ибодат аҳли, қўйсам, тонг эмас, оламға бош.

Оқ уқор ўтоғаси чобуксуворим бошида,
Уйлаким, хатти шиои айлагай зоҳир қуёш.

Ғам туни саргашта бошим, ҳам сипеҳредурмудир,
Анда кавкаб зоҳир ўлғон юз уза ҳар қатра ёш.

Кўз ани кўргач, кўнгул севди, бу иш бўлған замон
Кўзларим кўру кўнгул нобуд бўлғай эрди кош.

Гар десанг қаттиқ балоға қолмағайсен чархдин,
Олам аҳли бирла юмшоғлиғ била қилғил маош.

Чун Навоий ўлди, итлар дардпарвар жисмини
Тўъма қилмоқ йўқки, рад айларда айларлар талош

245

Авжи ҳусн узра юзунг хуршиди фарруҳбол эмиш,
Холинг ул ҳиндуи муқбил, кавкаби иқбол эмиш.

Дедим: айтай ҳусни васфи бирла ишқим ҳирқатин,
Билмадимким, тил булар васфин демакта лол эмиш,

Ҳусн хаттин пар чиқариб учмоғи эрмиш сазо,
Ишқ ила дард аҳлидин хўбеки фориғбол эмиш.

Манъи ишқ айлар эдим кўнглумга, кўрдум ҳолини,
Шиддати шавқ изтиробидин басе бадҳол эмиш.

Кўз юмуб очқунча юз қон айлар эрмиш ғамзаси,
Мен ёмон бахтига етканда иши иҳмол эмиш.

Ул париваш сувратин сизғач мусаввир, англадим
Ким, хирадни айлаган девона бу тимсол эмиш.

Хонақаҳ шайхи қошинда қолди кўп мубҳам ишим,
Буйла мушкилларга пири майкада ҳаллол эмиш.

Соқиё, жоми висолинг нўшидин тиргуз мени
Ким, хумори соғари ҳижрон ажаб қаттол эмиш.

Гар Навоий пирларға муршид эрди, киргали
Ишқу савдо кўйига бозичаи атфол эмиш.

246

Шамъ учини олмоғ учун, эй маҳваши фаррош,
Парвона қанотларидин эт сифраи минқош.

Йўқ-йўқки, юзунг шамъиға парвонадур анжум,
Ким, бир-бир алар шоми висолингда бўлар фош.

Ой шамъиға минқош муносиб янги ойдур,
Андоғки, юзунг шамъиға минқошдур ул қош.

Бошимдур аёғингға фидо, ҳар не керак — қил,
Тўқмоққа муносибдур, агар истар эсанг бош.

Ул ой агар илгига супургу олур, эй чарх,
Хуршид шиои хатидин қилсанг ани кош.

Ҳар тун чу фалак боргаҳи вазъи нигундур,
Гардун кўзи гўё бу жиҳатдин тўкадур ёш.

Кўнгли уйидин сабр матоъини супурди
Бечора Навоийким, эрур дилбари фаррош.

247

Мен гадоға ҳар неча кўйи сари бормоқдур иш,
Тўъма солмоқ итгаю дарбонға ёлбормоқдур иш.

Қон бўлуб итган кўнгулни истаю ул равзада
Ғунчалар хайлини гулбунларда ахтармоқдур иш.

Ул сари борурда жон бирла кўнгулни рашкдин
Ҳар бирисин юз баҳона бирла қайтармоқдур иш.

Тийра кўнглумда хаёлиға малолат ваҳмидин
Нотавон жисмимни ҳар ёндин тутуб ёрмоқдур иш.

Тушса илгимга ити, азбас ниёзу меҳрдин,
Ани мен Мажнун қўлидин элга қутқармоқдур иш.

Май тағорин тут десам, соқий, тожонмаким, санга
Иш ани тутмоқ ва лекин бизга сипқармоқдур иш.

Телбараб ҳар дам бўлур ғойиб Навоин, нечаким,
Бизга ани ақл кўйи сари бошқармоқдур иш.

248

Оҳким, ул шўх эрур ҳам моҳваш, ҳам шоҳваш,
Балки ҳам қулдур анга юз шоҳваш, минг моҳваш.

Гар қуёш эрмас юзунг, невчун нишотим мазранн
Тобидин айлаб қуруқ, рангимни қилди коҳваш.

Кўнглум олиб будурур мақсуд ангаким ўртагай,
Буким ўзни дилситоним кўргузур дилхоҳваш.

Васл аро ўзни хаёл айлаб нишотим бордур,
Сойил андоқким ясағай ўзни аҳли жоҳваш.

Эй қуёш, оҳим не тонг оламға солса рустахез,
Ҳар дамим гардунға чунким шуъла тортар оҳваш.

Ўздин огаҳ эрмон, огоҳе керак сарвақтима,
То ул огаҳ давлатидин бўлғамен огоҳваш.

Эй Навоий, гар ҳидоят етса йўлға киргамен,
Гарчи муғ дайрида ҳоло бор эсам гумроҳваш.

249

Базми васл ичра манга тутти қадаҳ ул маҳваш,.
Бода хуш, базм хуш — ул иккисидин соқий хуш.

Бир-бир офоқ элин ўлтурди, не бир-бир — минг-минг,
Оллоҳ-Оллоҳ, не бало қотил эмиш ул маҳваш.

Лаъли кўнглумни чекиб, ғамзаси қоним ичти,
Нечаким бу бири хунхор эрур, ул дилкаш.

Тавсани чарх уза гўёки қуёшдур сойир,
Шаҳсуворим чу қилур жилва, миниб кўк абраш.

Лаби ҳайвон суйидин гар мени қилди фориғ,
Не ажаб, бода эрур хору қилур дафъи аташ.

Ҳусн чун жилва қилур, оқу қорада нўқ фарқ,
Кишига келса бало — хоҳи хито, хоҳи ҳабаш.

Сарви нозим қошида келди Навоий тўби
Ламским, суврати хатти ўқидим ани ламаш.

250

Қадинг ниҳолики боғи ҳаёт тарфини тутмиш,
Магарки Хизру Масиҳо сую ҳавосида бутмиш.

Кўнгулнн гавҳари ишқингки равшан айлади, гардун
Магар бу упни дурри шабчароғ бирла ёрутмиш.

Кўнгулни қон ёшу гоҳи юзум била овутурмен.
Сариғ-қизил била андоқки халқ тифлин овутмиш.

Дедингки, ҳажр аро бер ишқ сўзу тобиға таскин,
Киши тамуғда қачон кўнглининг ўтини совутмиш.

Кўнгулга ҳар неча сабру қарор панди берурмен,
Бирини, войки, бишқармайин, бирини унутмиш.

Умнд нахлини ашким била не тоза қилайким,
Самуми ҳажр ани кул айламиш деманки, қурутмиш.

Навоий, эмгак ила дема тарки ишқим этибдур,
Қачон замири уйи гирдиға бу ишни ёвутмиш.

251

Неким қилур, кўрунур ул бути ситамгар хуш,
Чу нозу ишза била базмдин чиқар сархуш.

Юзунгда хуш кўрунур жоми лаълинг, ул янглиғ
Ки, тоза гулшан аро лаълранг соғар хуш.

Қамарнинг икки ёнида Суҳайлу Зуҳра кеби.
Кўрунди ики қулоғинда дурру гавҳар хуш.

Кўзунгки ораз уза ётти — хуш кўрундики, бор
Ғазола ётмоқ учун лола барги бистар хуш.

Не навъ жинси башар суҳбатини хуш кўргай,
Биравга бўлса паризоди ҳур пайкар хуш.

Мену жамолин анинг бир кўрарга бермак жон,
Агар бу нохуш эрур аҳли давр аро, гар хуш.

Навоиё, санга гар ёрдин ғараздур, ёр
Жафову лутфини кўрсанг керак баробар хуш.

252

Юзу энгида мунча латофат бўлур эрмиш,
Қошу кўзида мунча ҳам офат бўлур эрмиш.

Ҳуснидин анинг ҳур итиб қочди, парий ҳам,
Бир одамида мунча латофат бўлур эрмиш.

Моҳим юзини чунки қуёш кўрди — тутулди,
Мунча фалаки элда касофат бўлур эрмиш.

Лаълинг майиға чашмаи ҳайвонни қилиб зам,
Усрукрак эрур мунча сарофат бўлур эрмиш.

Жавр этганида ўлмас эдим, гар анга сўнгра,
Билсам эдиким, лутфи изофат бўлур эрмиш.

Кирганда бало даштиға фикр эткай эдим гар,
Юздин бири, билсамки, маҳофат бўлур эрмиш.

Дебтурки:  Навоий сўзининг бандасидурмен,
Бу лутф ила ул шаҳда зарофат бўлур эрмиш.

253

Эй мусаввир, лутф этиб сизғил мени жононға тўш,
Уйлаким, тушкай юзи бу дийдаи ҳайронға тўш.

Юзи бўлсун юзума тўш, қадди ҳам тўш қаддима,
Лек жонпарвар лаби лаълини тарҳ эт жонға тўш.

Рўбарў ҳар узви ҳар узвумға тўшдек тушмагай,
Юзи кўзгуси вале бу дудлиғ афғонға тўш.

Кўксини кўксумга тўш сизғил демонким, тушмагай
Нозанин жисми анинг бағримдағи пайконға тўш.

Оллоҳ-Оллоҳ, телбалик солди хаёлоти муҳол
Кўнглума, йўқса не лойикдур гадо султонға тўш.

Қайси ёнким итларин тарҳ айлагунгдур базм аро,
Сиз мени туфроққа юз қўйғон вале ул ёнға тўш.

Чекти чун ҳар кимсани бир ишга тўш килки қазо,
Оҳким, бу телбани қилди рақам ҳижронга тўш.

Айш жомин тутманг, эй даври тараб соқийлари,
Бизгаким, чарх этти бизни меҳнати давронға тўш.

Эй Навоий, телба кўнглум зор танға келмади,
Токи эл мажнунни бир кўрсатсалар вайронға тўш.

254

Чекиб жон риштасин чобуксуворимким, каманд этмиш,
Кўнгул сайдин ҳамоно ул каманди бирла банд этмиш.

Фироқ ичра ажал заҳрин тут, эй соқийки, ишқ андоқ
Ачиғ шарбатни бу қотиқ маразға судманд этмиш.

Тўкулмак қонингиз кўйида, ушшоқ, орзу қилманг
Ки тиғи ишқ бу давлатқа бизни аржуманд этмиш.

Бул оҳимдин фалакка етсанг охир ишқи Мажнунким,
Бу ел имдод ила ул шуълани андоқ баланд этмиш.

Бу ҳам хуштурки, мониъ бўлғай эл наззора айларга,
Буким майдонида хоки таним гарди саманд этмиш.

Аниким севдиму юз минг балоға учрадим, йўқким
Манга ёлғузки, юз минг мен кеби бедилға панд этмиш.

Ризо берким, қазоға йўқ тафовут, кимса юз қатла
Не келса оллиға хурсанд ёхуд бад писанд этмиш.

Сиёсат айларам мужгон синони бирла мундоқким,
Кўзум ул юзга густохона боқиб баҳраманд этмиш.

Навоий тарки зуҳду илм қилди, токи дилдори
Ичиб май туну кун худройлиқ бирла лаванд этмиш.

255

Нечакнм қатл била ноз эрур ёрға иш,
Ўлмаку арзи ниёз ўлди мени зорға иш.

Хаста кўнглум тиласа васли шифосин, не ажаб,
Ғайри сиҳҳат не ҳавас бўлғуси беморға иш.

Банди зулфида тилар  кўнглум ўзин маҳкамроқ,
Гарчи махлас талаби бўлди гирифторға иш.

Қони тўлған неча дин аҳлин асир этти кўзи,
Бўлди пайдо яна ул кофири хунхорға иш.

Марҳам ўрниға кўнгул захмини тирмар ул шўх,
Дўстлар, саъб тушубтур бу дили афгорға иш.

Ўлтурур ўткану қолған бошоғи кўнглумда,
Эй фалак, қатлим эрур собиту сайёрға иш.

Жуз зафо аҳлиға саргашталик этмак ойин,
Гўйиё қисмат эмас гунбади давворға иш.

Олам аҳлида чу йўқ ёрки, меҳр ўлғай иши,
Сен қиёс айлаки, не бўлғуси ағёрға иш.

Эй Навоий, ўзунгга олам ишин осон тут,
Гар десанг тортмасун эл буйла душворға иш.

256

Ул ой гар айни усруклуктин уйқу майлиға ётмиш,
Вале бир кўз юмуб очқунча юз минг фитна уйғотмиш.

Висолинг байъида суд этмиш ул тожирки, Юсуфдек
Агар минг бандаси бўлса, барин бу важҳ учун сотмиш,

Тўла гавҳар ақиқинг ҳуққасидин баҳри ашким кўр
Ки, кўк анжум била дурлуқ садафдек қаърига ботмиш.

Сочинг савдосидин хайли малак мажнунваш ўлмиш бил,
Магарким олами арвоҳқа атрини бутратмиш.

Чаманда нақш банди номия кўп сарву гул нақшин
Чиқармиш, қайси бирни сарви гулрўюмға ўхшатмиш.

Ўқидин пар чиқармишменким, ул турки хаданг афган,
Қаёнким ғамзасининг новакин чекмиш, манга отмиш.

Қадаҳдин жон топибмен, гўйиёким нўшлаб соқий
Ани мамзуж этарда оби ҳайвонднн анга қотмиш.

Замон аҳли замона ранги бирла бевафодурлар,
Замона аҳлиға гўё замон ўз феълин ўргатмиш.

Навоий хасталиғдин дам урарға қуввати йўқтур,
Ани гўё вафосизлар жафоси асру эмгатмиш.

257

Эй жамолингнннг хаёли хотири вайронда нақш,
Шамсадин қолған асар янглиғ бузуғ айвонда нақш.

Тегди бир новакки, саҳмидин ўлуб эрдим, валек
Янги жон топтим анинг отин кўруб панконда нақш.

Кеча ул гул фурқатидин, кундуз атфол илгидин
Хору хора заҳмини кўр бу тани урёнда нақш.

Оразинг нақшики чиқмас тийра кўнглумдин даме,
Қилдилар гўёки Юсуф сувратин зиндонда нақш.

Эй мусаввир, сизмағил Мажнуну Лайли сувратин,
Бас мену ёрим ҳадиси сафҳаи давронда нақш.

Нақш судин чун бўлур зойил, ажабдурким, эрур
Йиғлаған сойи хаёлинг дийдаи гирёнда нақш.

Даҳр элидин гар вафо Қилдинг тамаъ, эй соддадил,
Истадинг амреки, тутмас, ҳайнизи имконда нақш.

Қилди кўп девонни эл нақши нигор, аммо эмас
Уйлаким, қилдим нигорим васфини девонда нақш.

Боғламас нақш улки бўлғай сендин ўзга ёр учун,
Базми дард ичра Навоий боғласа ҳижронда нақш.

258

Шафақ жинсин қуёш зарриштасидин чорқаб қилмиш,
Шафақгун қилғали меҳр аҳлининг ашкин сабаб қилмиш.

Санга тақлид қилмиш гулки, осиб кўза бўйнидин,
Тикан устига ани турғузуб гардун адаб қилмиш.

Фалак жавфи тўла заҳр ўлса, мунча қатл эмас мумкин
Ки, анфоси Масиҳ ойин била ул нўшлаб қилмиш.

Замонда бул-ажаб осеблар солмиш, фалак токим
Бу янглиғ ул замон ошуби таврин бул-ажаб қилмиш.

Не умр ўлғай мангаким, маст бебоким мени ногаҳ
Тирик кўрганда ўлтурмиш ва гар ўлсам, ғазаб қилмиш.

Жамол авроқида ҳар нукта бор ул юзда зоҳирдур,
Магар ул сафҳани даврон боридин мунтахаб қилмиш.

Мени девонаға юз шиква бор ўз қавму хайлимдин
Ки, Мажнунға не турлик зулмким қилмиш, араб қилмиш.

Сен ани истамакдин тинмағил бир лаҳзаким, солик
Агар матлуб топмиш, андин эрмишким, талаб қилмиш.

Висол аҳли, сизу айшу фароғатким, Навоийға
Азал қассоми рўзи ишқ аро ранжу тааб қилмиш.


259

Менга номеҳрибон ёр ўзгаларга меҳрибон эрмиш,
Менинг жоним олиб, ағёрға оромижон эрмиш.

Тан узра эмди фаҳм эттим ададсиз тоза доғимни     
Ки, ҳар бир-бир қорарған шоми ҳажримдин нишон эрмиш.

Бузулған кўнглум  атрофиндағи захм ичра новаклар
Балият қушларию захм аларға ошён эрмиш.

Рақиби синдуруб кўнглину мен йиғлаб анга, лекин
Су келтирмак ҳамону кўза синдурмоқ ҳамон эрмиш.

Балият даштида зоре кўруб Мажнун соғинғайлар,
Кўнгул отлиғ бизинг овораи бехонумон эрмиш.

Хаёлинг хайли кўнглум даштида чун қилдилар манзил,
Ҳар ўт ёққан ер ул манзилда бир доғи ниҳон эрмиш.

Замон ошубидин кўнглумга юз шиддат етар эрди,
Чу фаҳм эттим — мунга боис ул ошуби замон эрмиш.

Агарчи мен ёмонмен, яхшидурким  муътарифдурмен,
Ўзин яхши тасаввур айлаган мендин ёмон эрмиш.

Навоий назмини кўрдум қуёш лавҳиға сабт эткан,
Буюрған ани олий қадр шоҳи хурдадон эрмиш.

260

Лабинг бу хастаға невчун такаллум этмади иш
Ки, бир сукунж била ҳосил этса юз олқиш.

Отар ҳамиша қоши ёси бирла ғамза ўқин,
Агарчи бўлмас ўқ отмоқ, йўқ эрса ёда кериш.

Бошоғларингму экин бағрим ичра ё қолди
Итинг чу туъма учун анда маҳкам айлади тиш.

Тариқи ишқ аро комилдурур кўнгул, не ажаб,
Камол топмоқ этиб ишни ишқ ила варзиш.

Заиф жисмни то тиғи ёрди — нолонмен,
Нечаки чиқмас уни, неча чок бўлса қамиш.

Чекар гул оллида булбул фиғон, магар билди
Ки, ўтса васл баҳори, хазони фурқат эмиш.

Навоий, асра ниҳон ишқ нуктасин зинҳор
Ки, ишқ пири манга ёшурун бу нукта демиш.

261

Манга бор ул санами раъно хуш,
Кўрунур ўзга санамлар нохуш.

Ёлғуз ани севарамким, манга бор
Ул хуш, ўзга киши йўқ асло хуш.

Халқ нохушлиғидин қайда ғамим,
Бор эса ул санами зебо хуш.

Юзунгга юз қўяйин хат ораким,
Сабзада келди гули раъно хуш.

Кеча ҳижронида май тортар эдим,
Кирди гул гулрухи маҳ сиймо хуш.

Менда юз биймки, тутқач олибон,
Чекти ул шўхи қадаҳпаймо хуш.

Дайр аро ўзни, Навоий, хуш тут,
Чун келибтур санга ул тарсо хуш.

262

Невчун юзида қаҳр ила чин зоҳир айламиш,
Хуршид чашмасида киши мавж кўрмамиш.

Васлинг сўзин эшиткач этар кўнглум изтироб,
Соғинмағил аники, фироқингда тўхтамиш.

Лаълингни истамонки оғиздин чиқарғамен,
Бир хастадекки, жонини оғзинда асрамиш.

Бўлдим ҳалок—чун белига боғлади камар,
Қатлимға гўйиё белин ул шўх боғламиш.

Беморлиғда жон итига қилмишам нисор,
Кўйи сари келибки сўнгакимни судрамиш.

Соқий, кетур қадаҳки, чу ғам айламиш ҳужум,
Бу етмайин кўнгулдин алар барча бутрамиш.

Юз пора кўнглиники Навоий йиғиб эди,
Ул шўх кирмишу яна борини қўзғамиш.

263

Не хам қошлардурурким, ҳасрати қаддимни ё қилмиш,
Не кирпиклар ўқиким, рўзгоримни қора қилмиш.

Не печу тоби ҳадсиз доми зулф эркинким, очилғач,
Демай кўнглум қушиким, уйла юзни мубтало қилмиш.

Не кўзлардурки, олмиш кўз юмуб очқунча кўнглумни,
Қилиб ҳар гўшада бемору қисми юз бало қилмиш.

Не ораз лоласидурким, кўнгулни қон этиб дарди,
Тугон қўйған била дафъиға ул қоннинг даво қилмиш.

Не нозук хўй эрурким, айламиш ўтруда юз дашном,
Гадоеким анинг зулфу кўзу қаддин дуо қилмиш.

Биравким, жаннату дўзах сўзин шарх айламиш, гўё,
Киноят важҳи бирла васлу ҳижронни адо қилмиш.

Ажаб кўр  ишқ  ароким,  мўр этарга  аждаҳоларни,
Фусундин мўрхатлар қайди зулфин аждаҳо қилмиш.

Қазодиндур манга ишқ ўйнамоқ, эй носиҳи нодон,
Кўрубсенму киши ҳаргизки, тағйири қазо қилмиш.

Навоийдек халосим йўқ эди ул ғамза куфридин,
Хусусан зулфи зуннори доғи бўйнумға тоқилмиш.

264

Латофатда юзунг ҳам гул эмиш, ҳам гулситон эрмиш,
Ҳаловатда лабинг ҳам жону ҳам оромижон эрмиш.

Бу маънидинки доим чун ниҳондур ул парий кўздин,
Иши жону кўнгулга ўртамак доғи ниҳон эрмиш.

Ити бағримни ер чоғда аёғи қонға булғанди,
Кўзум боғида гул анинг табонидин нишон эрмиш.

Шарарлар бирла оҳим дудини саҳрои ишқ ичра
Киши кўрса, гумон қилғай: минг ўтлуғ корвон эрмиш.

Чаманда ҳар сари қилдим гули раъно гумон, ул худ
Сариғ гул жомида гулгун сиришким бирла қон эрмиш.

Соғиндим кўйида ҳар кеча итлар ноласи, лекин
Начукким телба ит ушшоқ кўнглидин фиғон эрмиш.

Тўкуб май муҳтасиб, мен йиғладим, лекин ул усрукка
Су келтирмоқ ҳамону кўза синдурмоқ ҳамон эрмиш.

Фано дайрики гардун ҳиснидин маҳкамдурур, билдим
Ки,  гардун  зулмидин фақр  аҳлиға доруламон эрмиш.

Навоийни дедим ишқ ичра сомоне топиб эркин,
Вале кўрдум — ҳамул девонаи бехонумон эрмиш.

265

Ишқ кўнглунгга солиб дард, ани қон этмиш,
Ол кисват била кофирни мусулмон этмиш.

Кўзларинг шўхлуғидинки эл эрди гирён,
Ани бир шўх кўзи ишваси гирён этмиш.

Эмди аҳволима шоядки ичинг куйгайким,
Шарари кўнглунг аро ишқ ўти пинҳон этмиш.

Билгасен тиғи фироқинг била кўнглум чокин,
Эмдиким ҳажр санга чоки гирибон этмиш.

Хори ҳижрон танига чун тикилур англағасен,
Улча жонимға менинг ханжари ҳижрон этмиш.

Сенча кимдур боқибон кўзгуга ошиқлиқ қил,
Кўнглунг ар чошни ишқ ила туғён этмиш.

Эй Навоий, магар оҳинг ани тутмишки, кеча
Нечаким сен чекибон оҳ, ул афғон этмиш.

266

Септи тун мушкига сийми судадин кофур қиш,
Айш учун оқу қорани айлади масрур қиш.

Гарчи Ҳиндистонда қор ўлмас, вале оқ рахтини
Ёйди Ҳиндистон кеби бу тунда номақдур қиш.

Гар эрур занг аҳли зулмони ва лекин қор ила
Қилди тун зангисини аҳли сафову нур қиш.

Бода оқ уй ичра ичмак расм эрур қиш бўлғали,
Ҳақ юзин оқ айласунким, қўйди хуш дастур қиш.

Базмни ўтдин қизитти, базм аҳлин бодадин,
Саҳв эмишким, бўлди совуғлуғ била машҳур қиш.

Қиш эмиш май боиси, зоти бурудатдин бирав
Зуҳд этиб совуққа гар тўнгса, эрур маъзур қиш.

Уйи  вайронларға  қаттиғдур, вале  бил  муғтанам,
Бўлса кулбанг май била асбобидин маъмур қиш.

Мулки Жам истар эсанг, албатта чек жоми сабоҳ,
Кечаги майдин сени субҳ айласа махмур қиш.

Эй Навоий, дўзах эрмиш гард ила иссиғ булут,
Қору муз бирла совуғдин бор эса маҳжур қиш.

267

Ҳуши йўқ кўнглум жунун даштида бир шайдо эмиш
Ким, анинг қошида Мажнун асру-кўп доно эмиш.

Тутти сариғ лолалар рухсори ашким бирла ранг,
Дема, эй раънои гулрухким, гули раъно эмиш.

Ҳар бир оҳим дудининг мадду саводин кўрган эл
Зулфи ҳажринда, соғинғайларки, бир ялдо эмиш.

Телба кўнглум ҳолини билмак таманно айладим,
Йиллар эрмишким, жунун даштида нопайдо эмиш.

Дедим: ислай анбарин зулфунгни ол, бошим эваз,
Дедиким: сен телба бошинда ажаб савдо эмиш.

Эй ғаний, ушшоқдин мустағний ўлдунг, билмадинг
Ким, фано аҳлиға султонлиғдин истиғно эмиш.

Англамас эрдим Навоий ҳолин ул ой кўйида,
Ҳар кеча то субҳ иши фарёду вовайло эмиш.

268

Жавзо кунидин доғи ул чеҳра жамил эрмиш,
Ялдо тунидин доғи ул зулф тавил эрмиш.

Ҳар қатра кўнгул қони жон берди ўлук танға,
Ҳосиятини сўрдуқ— лаълингға қатил эрмиш.

Гулзор аро нилуфар очилди, гумон эттим —
Хол ўрниға ҳар юзда бир нуқтаи нил эрмиш.

Ҳижрон туни дафъ ўлғач, билдимки, юз очибсен,
Хуршид вужудиға тонг нури далил эрмиш.

Овора кўнгул истаб жон тандин олур ишқинг,
Ул телбагаким итмиш гўё бу кафил эрмиш.

Ойини қаноат тут, иззат тилар эрсангким,
Эрмиш тамаъ аҳлидин ҳар кимки залил эрмиш.

Кўнглини Навоийнинг олсанг, назар айлаб кўр
Ким, дард ила доғ ичра жони не қатил эрмиш.

269

Сувратингдур уйла кўнглум байтулэҳсонида нақш,
Ким, парий тимсоли шаҳнинг қасри айвонида нақш.

Анга ёндошмоқ менинг ҳаддим йўқ, эй суврат нигор,
Чексанг анинг нақшини, қилма мени ёнида нақш.

Гўй қилғанда бошимни юқти ҳар ёниға қон,
Лайлию шингарф ила соғинма чавгонида нақш.

Жисми урёнимки, кўп толпинди тоғу дашт аро,
Хору хородин, тамошо айла, ҳар ёнида нақш.

Зор кўнглум ё мусаввир бўлди, ё сувратпараст,
Ҳар тарафким сувратингни қилди вайронида нақш.

Зуҳд аро йўқ жуз малолат, негаким, килки қазо
Айш тарҳин қилди жоми бода давронида нақш.

Ул парийким, ҳажридин ўлди Навоий, эй рафиқ,
Сувратин қилдурғасен зинҳор девонида нақш.

270

Сарви раъно қаддидин раъно қадинг чолок эмиш,
Оташин гулдин гули рухсоринг оташнок эмиш.

Улки айтур кўнглакинг ул гул ғамидин чок эмас,
Англамайдур  беғами ғофилки, кўксум чок эмиш.

Базмдин усрук чиқиб тўкти улуснинг қонини,
Аҳли дин, қочингким, ул кофир ажаб бебок эмиш.

Ишқим ўтин шохаи тўби уруб паст истаган,
Билмадинг, ул шох бу ўт оллида хошок эмиш.

Тушта Мажнунни ҳазину зор кўрдум, англадим
Ким, бир ой ҳажридин ул ҳам мен кеби ғамнок эмиш.

Бир қуёш ҳажри мени ҳолимға қўймас заррае,
Демангиз бу ишга боис анжуму афлок эмиш.

Воиз айтур ҳур уммиди бирла ул ой таркин эт,
Эй Навоий, кўрки, ул пургўйи беидрок эмиш.

СОД ҲАРФИНИНГ САНАМЛАРИНИНГ СИЙТИ
                      «БАДОЕЪ»ДИН

271

Бир киши ўзни қилур аҳли фано базмида хос
Ким, қилур ўзлуки бирла ўзидин ўзни халос.

Дарду ғам хосларидинмену ўлмакдур ишим,
Бўлур эрмиш ғам ила дардға бу навъ хавос.

Бўлмайин ғарқи фано, истамағил гавҳари васл,
Дур топилмас, киши то баҳрда бўлмас ғаввос.

Қилмай ул Зуҳра жабин базмда бир даври симоъ,
Не учун бўлди экин шефта кўнглум раққос.

Менки кўз қонин оқиздим, оқизур ҳажр доғи,
Қоним ул қон учун ийнак қилиб изҳор қасос.

Фатҳ толибға етишмас, агар эрмас мухлис
Ким, ўшул фотиҳанинг лозимасидур ихлос.

Файзи ом истар эсанг, айла Навоий ўзни
Бу фано дайри аро муғбачалар базмиға хос.

272

Эй кўнгул, зоҳир этиб ишқинг ўти доғиға ҳирс,
Булбул ул навъки гулшан гули яфроғиға ҳирс.

Уйлаким, кўр гадо куҳли басират тилагай,
Кўзума рахшинг аёғи изи туфроғиға ҳирс.

Бўлди Фарҳод ила Мажнунча кўнгул мундоқким,
Кўргузур дашти жунун бирла бало тоғиға ҳирс.

Ёр бедиллариға қайда кўнгул берсунким,
Иш анга бўлди улустин кўнгул олмоғиға ҳирс.

Гар ҳарис ўлсам анинг кўйи тавофиға не айб,
Бўлур эл табъида фирдавси жинон боғиға ҳирс.

Даҳр аро маст ила ҳушёр тамаъ зоридурур,
Негаким ғолиб эрур усрук ила соғиға ҳирс.

Қуллуғи доғидин озодалиғ иқболи етар,
Не ажаб, бўлса Навоийда ғаминг доғиға ҳирс.

273

Гар этти ишқини аҳли жаҳон учун тахсис
Валек ҳажрини бу нотавон учун тахсис.

Висол  айшини махсусларға қилди рақам,
Нечукки, ҳажр ғамин мен ёмон учун тахсис.

Демангки, қатлиға  махсусменки,  айлабдур
Қиличи кесмакида имтиҳон учун тахсис.

Чу боғ эрур ватанинг, шодмон бўл, эй булбул
Ки, ғамғадур мени бехонумон учун тахсис.

Бошимни туфроғ эт, эй муддаию ташламағил
Ки, ани қилмишам ул остон учун тахсис.

Агарчи даҳр элида меҳр йўқ, сипеҳр этмиш
Бу ишни ул маҳи номеҳрибон учун тахсис.

Хуш улки, ёр Навоийни қилмайин мазкур
Деди, жафони қилибмен фалон учун тахсис.

274

Эй доғи меҳнатингға мени мубталоға ҳирс,
Ул навъким, дирам сари бўлғай гадоға ҳирс.

Ҳажрида васлин истабон айлармен изтироб,
Кўргузган эл кеби мараз ичра давоға ҳирс.

Мен даври рўзгор қоралиғин истарам,
Қатлимға тонг йўқ ул кўзи қоши қороға ҳирс.

Маҳруммен висолидин, ушбу эмиш асар,
Ҳар кимки зоҳир айласа бир муддаоға ҳирс.

Атфол ғунча узгали онча ҳарис эмас
Ким, бор кўнгуллар олғали ул дилрабоға ҳирс.

Мен чеккали жафосини ҳирс айларам аён,
Не тонг, агар ул айласа зоҳир жафоға ҳирс.

Соликка ҳеч мазҳаб аро ҳирс хўб эмас,
Илло бу эски дайрда жоми фаноға ҳирс.

Маҳрумлуқ ҳарисқа ойин эрур валек
Васли ишида кирмайин ўтмас ароға ҳирс.

Дарду ғамин кўп истаю бўлди Навоийға
Мунча керакмас эрди бизинг бенавоға ҳирс.

275

Эрур ишқинг мени маҳзунға махсус
Ки, Лайли дардидур Мажнунға махсус.

Қўюнг, эй сарву савсан, жилваким, бор
Бу иш ул қомати мавзунға махсус.

Кўруб маст айламак лофин қўй, эй май
Ки, бу бор ул лаби майгунға махсус.

Қўй, эй ой, тунни ёрутмоғниким, бор
Бу иш ул ҳусни рўзафзунға махсус.

Кўзум гирдоби жисмимни чўмурди,
Эмас бу Дажлаву Жайхунға махсус.

Манга бемеҳр сенсен ҳам, фалак ҳам,
Бу иш бор ой ила гардунға махсус.

Навоий, оташин гул ғунчасидек
Эрур куймак сени дилхунға махсус.

ЗОД ҲАРФИНИНГ ЗАМИРОН БЎЙЛАРИНИНГ
                 ЗИЁСИ «БАДОЕЪ»ДИН

276

Файз тақвида чу нўқ бил ким эрур, эй муртоз,
Мабдаи файз кўпу майкада пири файёз.

Ботину зоҳиринг аҳволини кўр ким қилмиш
Зойиъ ул бирни хавотир, бу бирисин ағроз.

Пир нутқи кетарур ужбу риё бирла ҳасад,
Исо ўлди чу муолиж, нетар этмай амроз.

Фард бўл динию уқбодин, агар васл керак,
Истаган ёрни кавнайидин этсун эъроз.

Кирғовул  қорда ёшунған кебидур  айбларинг,
Элга бас зоҳир, агарчи сен этарсен иғмоз.

Кўзунг оллида хатинг мушки чу кофур ўлди,
Кўр ани, гар кўзунга кирмади эрса бу баёз.

Кимки иллаллоҳ ила кўнглига истар пайванд,
Нафъи лосидурур элдин кесилурга миқроз.

Қилма кўнглунгни савол аҳли каду кажкули,
Солма бир зарфқа юз навъ мухолиф ағроз.

Дўст ёди тирик асрар чу Навоий кўнглин
Ғайр зикри била доим нега бўлғай ҳамроз.

277

Баслиға жон истар ул ҳури малаксиймо эваз,
Мунча билмаским, эмас юз жон анга асло эваз.

Ул парий побўсин айлар ваъда, ваҳким, топмағум
Бўлса юз минг жон мени девонаи шайдо эваз.

Жон лабиға бердиму еткурса басдур қатрае,
Лаъли теккан майдин ул шўхи қадаҳ паймо эваз.

Тўбию кавсар санга, эй воизу бўлсун, манга
Ул лаби гўё била ул қомати раъно эваз.

Риштаи динимни узди, лек басдур қилса лутф,
Риштаи зунноридин ул маҳваши тарсо эваз.

Ғофил ўлма ёрдинким, бир нафаслиқ ёдиға,
Солик оллинда эмас дунёю мофихо эваз.

Йўлида ўлсанг, Навоий, еткура олур санга
Юз туман жон рахши гардидин бизинг мирзо эваз.

278

Қилған эрмиш нотавон сарвиравонимни мараз,
Зор ўларменким, қилибтур зор жонимни мараз.

Чу топар озор жононим мараздин, йўқ ажаб,
Айласа озурда жони нотавонимни мараз.

Гар маразнинг лозими дард ўлди, билмон, эй кўнгул,
Дардманд этгайму, оё дилситонимни мараз.

Садқаси айланг мени мардудни, эй дўстлар
Ким, заиф этмиш улустин тонлағонимни мараз.

Дардлиғ кўнглум ҳалокин истарамким кўйида,
Йиқмиш ул овораи бехонумонимни мараз.

Юз туман мендек куҳан пир ўлса анинг садқаси,
Қилмасун озурда, ё раб, навжувонимни мараз.

То мариз ўлмиш нигорим — қон тўкар гирён кўзум,
Эй Навоий, дей олурмен — тўкти қонимни мараз.

279

Эй, қуёш васфин демактин, моҳи рухсоринг ғараз,
Оби ҳайвон зикридин лаъли шакарборинг ғараз.

Улки, дебтурлар бадан бўстонида руҳу равон,
Аҳли маъни оллида қад бирла рафторинг ғараз.

Жилвагар кавсар зулолида қуёшнинг ламъаси,
Кўзгу ичра чеҳра аксидин намудоринг ғараз.

Сайл мавжидин рақиби хона пардозинг мурод,
Абр сайридин саманди барқкирдоринг ғараз.

Эй кўнгул, Фарҳод тоғи бирла метин захмидин
Дарду меҳнат шиддатидин жисми афгоринг ғараз.

Ул қуёшқа, эй фалак, ҳар заррани зор этмакинг,
Зарраи мақсуд йўқ жуз бизга озоринг ғараз.

Эй Навоий, умр бобида вафосизлиқ сўзи
Ким, бўлур мазкур, эрур шўхи жафокоринг ғараз.

ТЕ ҲАРФИНИНГ ТАННОЗЛАРИНИНГ
       ТАРОВАТИ «БАДОЕЪ»ДИН

280

Дайр пири хидматида қилса ҳар хаммор шарт,
Ким белин руст айлагай, аввал эрур зуннор шарт.

Шарт қилдимким, вафосизларни эмди севмайин,
Ишқ зўр эткач вале ботил бўлур бисёр шарт.

Тавба қилмоқ истар эрсанг, қилма даъво ошкор,
Тенгрига топшур ўзунгни, қилмағил изҳор шарт.

Ишқни жабборлар фаҳм айламаслар, негаким,
Бордур анда жон решу хотири афгор шарт.

Бўлмағил озурдаву озурда қилма кимсани,
Фақр ойинида невчунким эмас озор шарт.

Шарт ила даъво фано ичра эмас шарти адаб,
Беадаблиғдиндур, этса шайхи даъвивор шарт.

Солик эрсанг, ишга машғул ўл, вале дам урмағил,
Ким, бу йўлда шарт эрур кирдор, эмас гуфтор шарт.

Истар эрсанг тенгрини, бутларни синдурким, эрур
Ушбу йўлда динию уқбодин истиғфор шарт.

Эй Навоий, чархдин жуз эгрилик кўз тутмаким,
Ҳожат эрмас қилмоқ ани чархи кашрафтор шарт.

281

Гул уза анбар ёйилди, зоҳир эткач ёр хат,
Орази гулнор уза ким кўрди анбарбор хат.

Хаттини кўрдик лаб узра, гар зумуррат хат киши
Кўрмади лаъл узра ё шингарф уза зангор хат.

Демаким, хат ёзмадинг ҳажримдаким, элтур киши
Йўқтурур, лекин ётур ҳужрамда юз тумор хат.

Ул парий қасрида хомам нўгидин, оҳ, ўқ келур,
Оҳ ўқи бирла ёзар ҳолатда мажнунвор хат.

Қонима ҳижрон агар хат олмамиш, не важҳдин
Ашки гулгундин аён қилмиш сариғ рухсор хат.

Ул қуёштин айру сариғ чеҳрам устурлобдек,
Кўргузур тирноғ ила беҳад рақам, бисёр хат.

Жоми Жам даврида шавкат аҳлининг тарихидур
Ким, аён айлабтурур ул соғари заркор хат.

Даври  гардун сайридин тузлук таваққуъ қилмаким,
Мумкин эрмас мустақим этмак рақам паргор хат.

Ёр хаттидин Навоий хаста кўнгли заъф этар,
Заъфқа мужиб бўлур, чун кўп ўқур бемор хат.

282

Хат чиқардинг, қилма ҳусну ноз аро эмди ғалат
Ким, яна бедод қилман деб юзунг кўргузди хат.

Қўйки, мовий ёғлиғингни юздин олмай бир замон,
Не учунким, хуш кўрунур зарварақ узра шамат.

Боқмади ҳолимға айни ноздин усрук кўзунг,
Нечаким оллинда ёлбордим, боқардим ҳар намат.

Хомадек гарчи қурубмен қатл учун шақ қилғали,
Кўксум ул шўх истамайдур тиғким, истар миқат.

Асру беандом эрур тўбию шамшод асру паст,
Қоматингдур муътадил, мен толиби ҳадди васат.

Шоми ҳижримға агар йўқ субҳ, хуштур интиқом
Ким, фалак бўлди фироқим тоғи оллинда сақат.

Эй  Навоий, ул  паридин одамилиғ кўрмадинг,
Улки соғиндинг парини одами қилдинг  ғалат.

283

Юзу лаълингдин топар ҳар лаҳза кўнглум инбисот,
Уйлаким, хотирға юзлангай гулу мулдин нишот.

Оразингни ой десам йўқ айб, чун кўргузмадинг,
Эй қуёш, чеҳрангни очким, яхши айлай эҳтиёт.

Айласам зоҳир анинг меҳрин маҳалли рашк эмас,
Зарраға не бўлғуси хуршид бирла ихтилот.

Дилбаро,  базминг бисоти нотавон ушшоқдин
Чун тўлубтур, ғофил ўлмаким, эмас холи бисот.

Ҳажрдин етмак висол ичра не мумкин сабрсиз
Ким, тамуғднн ўтти учмоғ сари қатъ этмай сирот.

Боғлама кўнглунгни бу манзилға, невчунким, эрур
Бир янги меҳмон ери ҳар лаҳза бу эски работ.

Эй Навоий, даҳр аро не келса, бўлғил мунбасит,
Гарчи лаззатсиз бўлур куч бирла қилмоқ инбисот.

ЗЕ ҲАРФИНИНГ ЗАРИФЛАРИНИНГ ЗУҲУРИ
                     «БАДОЕЪ»ДИН

284

Уйла қилдим дафтари ишқингда ҳар дастонни ҳифз
Ким, қилур атфол сура-сураи қуръонни ҳифз.

Телбаликдин гарчи йўқтур хотиримда ҳеч ҳарф,
Лек бас хўб этмишам афсонаи ҳижронни ҳифз.

Оразу кўюнгни васф айларни қилған орзу,
Айламак авло баҳористон билан бўстонни ҳифз.

Юз балоға учраса жоним ғамидин, ғам емон,
Ҳар балиятдин керак ҳақ айласа жононни ҳифз.

Ёр дерлар айламиш кулбамға келмак ихтиёр,
Ваҳки, айлай олмоғум беихтиёр афғонни ҳифз.

Шоми зулфи қайдию меҳри узорин кўргали
Айламишмен  сураи  валлайлу  вал-раҳмонни  ҳифз.

Эй Навоий, ишқ атворини ҳифз айлай деган,
Барча ишни тарк этиб, қилсун бизинг девонни ҳифз.

285

Эй, ўлукни тиргузур чоғда суруб дурбор лафз,
Дам-бадам зоҳир  қилиб лутфунг Масиҳ осор лафз,

Қаддинг ул нахлики, бори гавҳари алфоз эрур,
Оллоҳ-Оллоҳ, не қад раънову гавҳарбор лафз.

Лаъли ҳар лафзида маъни кўптурур, йўқ тифлдек,
Бир адое маъни айларда дегай бисёр лафз.

Оразинг васфида кўп сўрсам қуёш лафзин, не тонг,
Ажз эса маъни адосида топар такрор лафз.

Ҳажр аро андоқ топибдур ноладин бўғзум хирош
Ким, бўлур дарди дилим айтур замон афгор лафз.

Бемалоҳат хўбким дебо киёр бор уйлаким,
Маъни ўлғай чошнисизлик анга паргор лафз.

Эй Навоий, кўнглунгга берсанг сафо, ёр оллида
Фош ўлур сирринг, не ҳожат айламак изҳор лафз.

286

Тонг эмастур, тоби ишқингдин кўнгул гар топса ҳаз,
Не ажаб, ўт шуъласи бирла самандар топса ҳаз.

Хаста кўнглум бир лабинг қандидин, эй оби ҳаёт,
Топти ҳаз, шарбат ичиб нетти мукаррар топса ҳаз.

Жоми лаълингдин кўнгул маҳзуз бўлди, ваҳ, не тонг,
Тушса махмур илгига бу навъ соғар, топса ҳаз.

Тун-кун ул бебок май ичкандин ар ғамгин эсам,
Бок йўқ, майдин керакким ул ситамгар топса ҳаз.

Мен ютуб қон йиғларам, лаълинг ичиб соғар кулар,
Тенг қадаҳ ичкан керак эрди баробар топса ҳаз.

Ишқи комил кўрки, юз минг зуҳд бирла бодадин,
Гўйиё мен ҳаз топармен, ул саманбар топса ҳаз.

Не ажаб, аҳли хирад хушдил Навоий назмидин,
Жавҳари топқанда, тонг йўқ, яхши гавҳар топса ҳаз.

287

Кўнгулки ишқини жон ичра айлади маҳфуз,
Гуҳарни нақди ниҳон ичра айлади маҳфуз.

Кўнгулки кўйида эрди ғариб, дарду ғамин
Не бас, ғариби макон ичра айлади маҳфуз.

Начукки руҳу равон тандадур ниҳон, ишқин
Кўрингки, руҳу равон ичра айлади маҳфуз.

Юзию оғзида асраб кўнгул била жонни,
Яқинда доғи гумон ичра айлади маҳфуз.

Ёшурди доғини қонлиғ кўнгулда, ваҳ, кўрким,
Тугонни лоласитон ичра айлади маҳфуз.

Лабида асради жонимни, ишқи жон фарсой
Қурутти қонину қон ичра айлади маҳфуз.

Навоий ўлди фиғондин, бу турфароқки, анинг
Чу жонин олди, фиғон ичра айлади маҳфуз.

АЙН ҲАРФИНИНГ ИЁРЛАРИНИНГ АЛОМАТИ
                     «БАДОЕЪ»ДИН

288

Ҳақдин азизлиқ тиласанг, элдин уз тамаъ,
Ким халқнинг ааззи деди азза манқанаъ.

Мазмумдур қаноатидин қонеъ этса фахр,
Томеъ хисолидин киши не айлагай тамаъ.

Ким тўъма топмас эткали ифтору рўзадур,
Эрмас вараъ бир очқа ғизо базлидур вараъ.

Мотам ўзунгга тутки, ўларсен гуноҳ ила,
Бе журм тифлинг ўлганига недурур жазаъ.

Бир дардманд кўнглида кўрсанг важаъ, анга
Гар кўнглинг оғримас, ул эмас, будурур важаъ.

Нафс ўлса тобиъинг кишисен, йўқса бўлмағунг
Ҳаргиз киши, бўлуб санга юз минг киши табаъ.

Қоққил, Навоий, ушбу эшикни лажож ила
Ким, собит ўлди фақрда мазмуни манқанаъ.

289

Улки, айлармен ғами ҳажринда жон бирлан видоъ,
Қош жондек айласа бу нотавон бирлан видоъ.

Гар жаҳону жон ила қилмоқ видоъ осон эрур,
Лек бас мушкулдур ул жону жаҳон бирлан видоъ.

Гар видоъ этсам замону юз минг ошуби била,
Найлаб эткаймен ул ошуби замон бирлан видоъ.

Хонумонимға видоъ эттим ғамидин, ваҳ, анга
Ким, дей олғайким, қил ул бехонумон бирлан видоъ.

Мен ўлуб ул яхшилар султонининг ҳижронида,
Ул топиб жон айлаганда мен ёмон бирлан видоъ.

Айладим кўп меҳрибон бирла видою ўлмадим,
Ваҳ, ўлармен, қилсам ул номеҳрибон бирлан видоъ.

Даҳр бўстониға мағрур ўлма кўп, эй боғбон,
Охир эткунг, чун гулу сарви равон бирлан видоъ.

Гар видоъинг вақти ўлсам бориб ўздин, не ажаб
Ким, эрур кўп саъб сендек дилситон бирлан видоъ.

Эй Навоий, хайрбоди вақти хилват истаким,
Айлагунг ошубу фарёду фиғон  бирлан видоъ.

290

Қилур қайғу кўнглумга ул нозанин жамъ,
Жароҳатқа андоқки бўлғай чибин жамъ.

Лабингда ҳаловат бўлур муфрит андоқ
Ки, гул яфроғида бўлур ангубин жамъ.

Йиғар қатл учун элни ул кофир, аммо
Дуосиға анинг бўлур аҳли дин жамъ.

Иши дашт уза ғайри расволиғ эрмас,
Неча бўлса кўюнгда хилватнишин жамъ.

Танингча эмас, кўнглакинг ичра қилса
Киши ҳулла ичра гулу ёсмин жамъ.

Юзинг даврида зулфу машшоталар кўр
Ки, гул хирманида эрур хўшачин жамъ.

Гирифторлар уйладур зулфунг ичра
Ки, ҳижрон туни бўлса хайли ҳазин жамъ.

Сўзунг номабарқуш йиғар айлагандек
Наби нуктасин Жабраили амин жамъ.

Навоий хаёли не махзанки, йўқтур
Басе баҳр аро онча дурри самин жамъ.

291

Минг жавр ила биравки қилур ишқдин ружуъ,
Қилмоқ ружуъдур иш аро қилмайин шуруъ.

Берганда пири дайр май илгимга деб эди,
Оллимға ҳар не муғбачалардин топар вуқуъ.

Қутқарғай эрди куфрдин ўлса ҳақ оллида,
Бут саждасида мунчаки мен айладим хушуъ.

Ишқ эрмиш асли илм фано дарсгоҳида,
Аҳли усул ҳар неки дер сар-басар фуруъ.

Айлар хумор шомида юз тийралиши дафъ,
Соғар қуёши қилди чу кўп чархидин тулуъ.

Ишқ ичра сурхрў бўла олманг, чу сепмасанг
Рухсори заъфарони уза лолагун думуъ.

Гар ишқдин ружуъ Навоий қилур эди,
Эмди ружуъ қилғанидин айлади ружуъ.

292

Ул парий ҳар дам қилур мажнунларин шод ўзга навъ,
Лек этар мен телбага ҳар лаҳза бедод ўзга вавъ.

Ёрни мен кўрмай ўлдум, ул кўруб ҳам ўлмади,
Ишқ аро мен бормен ўзга навъу Фарҳод ўзга навъ.

Зикр этар базм ичра лутфу меҳр ила ошиқларин,
Лек мен бадрўз расвони қилур ёд ўзга навъ.

Ишқ аро ўзни манга ўхшатма, эй булбулки, бор
Лаҳну оҳанг ўзга навъу оҳу фарёд ўзга навъ.

Шайху талқини риёким, солики дайри фано
Бизга қилмиш дарду ишқ ойинин иршод ўзга навъ.

Сиз чекинг нўши висол, эй аҳли айшу нозким,
Биз бўлуббиз заҳри ҳажр ичмакка  муътод ўзга навъ.

Кўнглидек сўрма Навоийники, қилмағлиғ эрур
Қушни озод ўзга навъу қулни озод ўзга навъ.

293

Ул қуёштин топти бу ақшом бизинг кошона шамъ,
Қилмасун бу уйни дудидин қоронғу ёна шамъ.

Банд аёғида лагандин, бошида соч дудидин,
Ул парий ҳажринда мендекдур магар девона шамъ.

Йўл шабистон ичра топмас, ҳар кеча келтурмаса,
Ул қуёш девони ҳуснидин неча парвона шамъ.

Иста гоҳи бизни доғи, эй маҳи хиргаҳнишин
Ким, бўлур фонус аро парвонаға ҳамхона шамъ.

Нола қилмас тил чекибким, уйқу истаб ёрға,
Саргузаштидин кеча дер гўйиё афсона шамъ.

Нетти бир кун ёруса сендин йиқилған кулбамиз,
Чун топар ой партавидин доимо вайрона шамъ.

Тонг эмастур, ҳар бири гар бўлса дурри шабчароғ,
Оразинг ҳажрида тўкса ашкидин ҳар дона шамъ.

Бу шабистон ичра келди фарқиға тиғ узра тиғ,
Боши узра чунки қўйди тожи зар шоҳона шамъ.

Эй Навоий, ўртагил жону кўнгул парвонасин
Ким, бу ақшом оразидин айлади жонона шамъ.

294

Истамассен хотири ушшоқи ҳайронингни жамъ,
Йўқса невчун қилмадинг зулфи паришонингни жамъ.

Ишқинг ўтиға кўнгул ичра дедим таскин берай,
Буки қилдим зор жисмим ичра пайконингни жамъ.

Асрамоққа ер ики кўздин муносиб топмадим,
Оритиб юзники, қилдим гарди майдонингни жамъ.

Яхши эрди, эй кўнгул, қатлинг худ анинг тиғидин,
Итларига берсалар кош, айлабон қонингни жамъ.

Ул парий мажнунлариға садъяк ўлғай, эй қуёш,
Чунки қилсанг зарраи беҳадду поёнингни жамъ.

Гар табассум вақтида кўрсанг лабин, эй боғбон,
Елга бергайсен, қилиб гулбарги хандонингни жамъ.

Эй Навоий, назминг эл кўнглин паришон айлади,
Қилдинг эл кўнгли учун гўёки девонингни жамъ.

ҒАЙН ҲАРФИНИНГ ҒАЗОЛАЛАРИНИНГ
            ҒАВҒОСИ «БАДОЕЪ»ДИН

295

Ул ой равшан қилур кўзларни меҳри ховари янглиғ,
Нетиб девона бўлмайким, қочар мендин парий янглиғ.

Саодатлиғ биравким, ғам туни нахсияти дафъин
Қилурға чиқса оллидин жамолинг Муштарий янглиғ.

Нечук такрорида то субҳ булбулдек наво чекмай,
Юзунгким, сабзаи хатдин эрур гул дафтари янглиғ.

Жабинингдурмуким, икки  муамбар  тоқи кенидин
Чиқибдур ярими субҳи саодат ахтари янглиғ.

Не янглиғ турфа қушсен, ваҳки, товусу тазарв эрмас
Жамолингча, начук жилвангни дей кабки дари янглиғ.

Ул ўтлуғ чеҳра давринда муанбар зулф эрур ҳар ён,
Тажалли барқидин куйган малойик шаҳпари янглиғ.

Хушо, дайри фаноким, муғбача атрофидин чиққай,
Қилурға нақди дин торож Хайбар кофири янглиғ.

Киши ҳижронда ўлман васл отин тутмоқ эрур андоқ
Ки, ғофил равза туш кўргай риё танпарвари янглиғ.

Навоий, айш учун дайру риёзат чеккали Каъба
Гар истарсен, бу икки ишга йўқтур ер Ҳири янглиғ.

296

Келди ёру бўлмас оллинда муяссар фошлиғ,
Ул қуёштин топтуқ охир мансаби хуффошлиғ.

Англамас булбул ичим пайконларинким, гул эмас,
Новакосо тез мужгонлиғ, муқаввас қошлиғ.

Кўздур ул тифл ўрнию истар югурмак ашк ила,
Гўйиёким бор анга боис, бу ишга ёшлиғ.

Ишқ даштида ёғар оворалар бошиға тош,
Бу жиҳатдин бўлмиш ул саҳро ҳамоно тошлиғ.

Оразинг нақшида Чин сувратгари бўлди забун,
Чин будурким, килки сунъ этмиш ани наққошлиғ.

Шўх майнўшимға Қорун ганжи тўксам қадри йўқ,
Бизни майхона гадойи қилди ул қаллошлиғ.

Бошларидин кечтилар ишқ аҳли ҳижрон даштида,
Вомиқу Фарҳод ила Мажнун Навоий бошлиғ.

297

Ярақондин манга гар бор эса рухсор сариғ,
Турфа кўнгилки, эрур дийдаи хунбор сариғ.

Кўзки, қон ёш оқибон бўлмаса сариғлиғи дафъ,
Ранги гўёки сариғ лола кеби бор сариғ.

Хилъатин дема сариғ рангки, рухсору кўзум
Айлади ойинагун тўнида изҳор сариғ.

Ярақон дафъи сариғ жинс қилур, турфа кўрунг
Ким, бўлур тегса юзум тўниға бисёр сариғ.

Ўзга суфрат манга юз қўйди, йўқ эрса тонг эмас,
Заъфарон рангича ўн бор эса бемор сариғ.

Мен кеби субҳу қуёш ошиқинг ўлмиш, негаким
Сидқу меҳр аҳли юзи қилди намудор сариғ.

Хас кеби бўлса Навоийға сариғ юз, кулма,
Кўргузур гулни доғи боғда гулзор сариғ.

298

Онча ёр алтофидин ҳар кун етар шармандалиғ
Ким, эрур кам, ҳар бирига юз йил этсам бандалиғ.

Ҳам жунун, ҳам хасталиғ кўюнгда чун ниқти мени,
Сарбаланд ўлмоқдин ортуқдур манга афкандалиғ.

Зулмунг идбори аро туфроғ ила тонг бўлғаним
Яхшироқким, ўзгаларнинг лутфидин  фархундалиғ.

Қадду оғзинг ҳажрида гулшанға майл этмонки, йўқ
Сарв дилкаш жилвалиғ ё ғунча  шаккархандалиғ.

Не фаришта покликда ҳуснунга келди шабиҳ,
Не парийға одамилиғда санга монандалиғ.

Ишқ кўйининг гадойименким, анда тенгдурур
Шоҳ эса зарбафтлиғ ё сойил ўлса жандалиғ.

Дема менсиз ўлмадинг, васлимда кўп ер ўпмагил
Ким, қуйи солмиш Навоий бошин — ул шармандалиғ.

299

Бил ани дайрда масти мудом мен янглиғ
Ки, май гадолиғ этар субҳу шом мен янглиғ.

Биравни ринди харобот англаким, бўлғай
Бир илгида кадую бирда жом мен янглиғ.

Анга ҳалол маю ишқ дайр аро билким,
Ўзига зуҳдни қилмиш ҳаром мен янглиғ.

Банақди жаннат аро нўш этар майи кавсар,
Ангаки, майкада бўлмиш мақом мен янглиғ.

Ҳаёт софини нокомдин бирав ичкай
Ки, дайр дурди била топса ком мен янглиғ.

Абири жаннат исин айламас писанд улким,
Муаттар айласа майдин машом мен янглиғ.

Ёмон эмас эди Мажнунда ишқ таври валек
Сумурса май бўлур эрди тамом, мен янглиғ.

Биравки жон бериб, элдин вафо тамаъ тутти,
Пишурди кўнглида савдои хом мен янглиғ.

Навоий ўзлукидин тинди, улки дайр ичра
Ушатти шишаи номусу ном мен янглиғ.

300

Шўхи чароғчи ёқибон ҳуснидин чароғ,
Машъал фатиласи била кўксумга қўйди доғ.

Базм аҳлин ўртамакка ёқар кеча зулм ўтин,
Эл базмини ёрутғали эрмастур ул чароғ.

Кўнглумдурур фатила эмас машъал ичраким,
Ул шўх ўт солиб, қуяр анинг ўтиға ёғ.

Бўлди қуруқ ёғоч кеби жисму бошимда ўт,
То бўлғай анга машъаланинг харжидин фароғ.

Машъални кош тутмаса, ўтлуқ юзи етар,
Гар сайр этарга қўйса шабистон сари аёғ.

Не тонг, кўзинки шамъи ҳидоят ёрутмаса,
Хабт ўлған элга машъала дуди била димоғ.

Ушшоқ базми машъали бас оҳ шуъласи,
Ғам шоми қилма машъалачи ҳар сари сўроғ.