МУСАДДАСЛАР
1
Жоним ўртарга ул ўтлуқ чеҳра гулзори Ҳалил,
Ани равшан айлаган кўкурд ўти ёнида нил,
Ё раб, ул ҳусну жамол авжида юз минг ою йил
Не жамолингға завол ўлсун, не ҳуснингга бадил
Эй жамолинг лоязолу бебадал ҳуснунг жамил,
Ой юзунгдур аҳсани тақвим учун равшан далил.
Турфадурким, юз уза икки лабинг гўё бўлур,
Бир қуёш икки Масиҳоға қачон маъво бўлур,
Кўнглум ичра қошларингдин ҳайратим пайдо бўлур.
Ким, қачон бу навъ бир қурбонда икки ё бўлур,
Зулфунгиз ҳайронименким, йилда бир ялдо бўлур,
Ойда ким кўрди ики ялдо туни мундоқ тавил?
Ул оғиз пайдо эмастур нуктае айтилмайин,
Бил доғи зоҳир эмас борикбинлиқ қилмайин.
Ул аён эрмас адам сари назар очилмайин,
Бу яқин бўлмас, вужуд асбобидин айрилмайин,
Оғзингу белингнинг асрорин камоҳи билмайин,
Мушкофу хурдабинлар ичра тушти қолу қил.
Кўзларинг бодоми ҳажридин бўлуб жисмим сақим,
Чиқти жоним, эй қора кўз, баски ҳажринг берди бим,
Бу васийят қилмишамким, мушфиқу ёру надим
Наъшима ул кўй туфроғини қилғайлар ҳарим,
Чун қора бодом тобут узра расмидур қадим,
Кўз жанозам сари солким, сенсизин бўлдум қатил.
Боракаллоҳ, эй сабо, аҳлан ва саҳлан марҳабо
Ким, хабар кўп бердинг ул гулчеҳрадин қилмай ибо,
Васлиға чун еттиму очти жамол ул дилрабо,
Узлукум борди фано елига андоқким ҳабо,
Ишқ маҳв этти мени, сен чиқ ародин, эй сабо,
Лима Оллоҳнинг мақомида не ҳожат Жабраил.
Нечаким сурсун Масиҳ анфоси жонпарвар калом,
Ёки жаннат васфида Идрис қилсун эҳтимом,
Чарх боғи бирла жаннат гулшанин қилман мақом
Ким, манга ҳоло банақд, эй зоди сарви хушхиром,
Сунбулунгдур уқтаи раъсу юзунг моҳи тамом,
Оразинг фирдавсу, қад тўбию лаълинг салсабил.
Ул парийнинг чун эрур қон тўккали моҳир кўзи,
Ул сабабдин ҳар нафас юз қатл этар зоҳир кўзи,
Эй Навоий, сеҳр бирла чун бўлур нозир кўзи,
Ҳар назарда ўлтурур мен хастани соҳир кўзи,
Жон берур Лутфию қилмас бир назар кофир кўзи,
Толеъимға, оҳким, усрук экач бўлди бахил.
2
Ишқ зор этти халойиқ ибтилосидин мени,
Ҳар замон бир таънагир муҳлик адосидин мени,
Ҳажр худ куйдурди дарди бедавосидин мени,
Ҳам ўлум қилғай халос анинг жафосидин мени,
Эй ажал, озод қил ҳижрон балосидин мени,
Бир йўли қутқар улуснинг можаросидин мени.
Ишқ боғи ҳолатин сўр ошиқи огоҳдин
Ким, қазосинда тафовут йўқ гадоға шоҳдин,
Ҳам суйи пайкон юраклар ичра қозғон чоҳдин,
Ҳам ҳавоси ўтлуқ оҳи нолаи жонкоҳдин,
Заъфим ошти ҳажр боғида сиришку оҳдин,
Қутқар, эй васл, ул чаман обу ҳавосидин мени.
Неча ҳижрон ўтиға онсиз мени куйдургасен,
Жонима ҳар лаҳза фурқат шуъласин еткургасен,
Нотавон кўнглумга ҳар дам юз бало келтургасен,
Зор жисмимни ажал водийси сари сургасен,
Эй ажал, қўрқутма ўлтургум дебон, ўлтургасен,
Гар тирик топсанг фироқининг жафосидин мени.
Кофири ишқ ўлмишам, ишқингға имоним фидо,
Бўлса юз имон санга, эй номусулмоним, фидо,
Ишқ аро рашк айлади бу жисми вайроним фидо,
Ҳажр худ қилди неким бедоду пинҳоним фидо,
Ишқу рашку ҳажри муҳлик, ваҳ, анга жоним фидо
Ким, чиқарғай бу балоларнинг аросидин мени.
Муддаий ким ҳар замон айлар жафо бунёду зулм,
Сабру ҳушумни берур андоқ жафо барбоду зулм,
Жон била кўнглумни айлар ул жафо ношоду зулм,
Гарчи табъиға анинг бўлмиш жафо муътоду зулм,
Ҳар неча ўткарса ҳаддин муддаи бедоду зулм,
Ўткара олмас висолинг муддаосидин мени.
Дарди ҳижрон қасди жоним айлади бил, соқиё,
Ҳажрдин жонимғадур ҳар лаҳза юз йил, соқиё,
Уйла дард ичра эрур худ сабр мушкил, соқиё,
Ушбу дардимға даво жоме карам қил, соқиё,
Дерки, сабр эткил ҳакими ақл, қилғил, соқиё,
Бир қадаҳ бирла халос анинг давосидин мени.
Чун Навоий жонини май орзуси куйдурур,
Йўқ гадолиққа ажаб майхоналарда гар юрур,
Журъаи дайр аҳли бергунча замоне телмурур,
Шоҳ агар мундоқ гадони салтанатқа еткурур,
Эй Ҳусайний, салтанатдин онча фахрим йўқтурур
Ким, дегайлар кўйининг хайли гадосидин мени.