ТАРЖИЪБАНД
I
Эй кирпики нешу кўзи хунхор,
Жонимни неча қилурсен афгор.
Лаълинг ғамидин кўнгулда эрди,
Ҳар қонки сиришким этти изҳор.
Ҳайҳотки, ҳажринг илгидиндур
Жонимда алам, танимда озор.
Юзунгни кўруб мени рамида,
Ишқ ўтиға бўлгали гирифтор.
Сен эрдинг мажлисим ҳарифи
Ким, еди ҳасад сипеҳри ғаддор.
Юз ҳасрат ила мени айирди
Васлингдин, аё, хужаста дийдор.
Эмдики фироқ аро тушубмен,
Топқунча яна ҳариф, ё ёр.
Ёдингни қилай ҳарифи мажлис,
Фикрингни этай кўнгулга мунис.
II
Жонимға қилур эсанг жафони,
Гаҳ-гоҳ арода кўр худони.
Дардинг била уйла шодменким,
Ўлсам доғи истамон давони.
Сендин дер эдимки чора бўлғай,
Ҳажр этса ҳазин бу мубталони.
Ҳар лутфки, мен тутар эдим кўз,
Юз войки, сенда кўрмон они.
Васлинг била дедим айлайин шод,
Бу шифтаи жони бенавони.
Қасдимға вале чекибдурур халқ
Юз ханжару новаки жафони.
Мен доғи қачон зарурат ўлса,
Бир гўшада ўлтуруб ниҳони,
Ёдингни қилай ҳарифи мажлис,
Фикрингни этай кўнгулга мунис.
III
Гаҳ-гоҳ итим деб айлагил ёд
Девона қулунгни, эй парийзод.
Бир лаҳзада бузди сайли ашким
Ҳар тарҳки сабр қилди бунёд.
Ҳар руқъаки ёзди сабр ила ҳуш,
Совуғ нафасимдин бўлди барбод.
Кўп истама кўнглум изтиробин,
Қуш талпинурин нечукки сайёд.
Сен гарчи ғамимдин этмадинг фикр
Ё телбалигимни қилмадинг ёд.
Султонсену йўқтурур санга ҳукм,
Лекин мени дардманди ношод.
Бу ғуссаға топмасам чу тадбир,
Ҳар лаҳза чекиб фиғону фарёд.
Ёдингни қилай ҳарифи мажлис,
Фикрингни этай кўнгулга мунис.
IV
Билмонки, юзунг парийдек, эй жон,
Невчун яна кўздин ўлди пинҳон.
То бўлди юзунг ниҳон кўзумдин,
Ашк ўрниға тинмайин оқар қон.
Лутфунг била бир кун этмадинг ёд,
То тушти манга балои ҳижрон.
Ваҳ, қани бурунғи меҳру пайванд,
Гўё унутулди аҳду паймон.
Бахтим кеби душман ўлдунг охир,
Бу дардға юз нафиру афғон.
Сендин манга чун ғараз сен-ўқ сен,
Бас бўлди фироқу васл яксон.
Таҳқиқ чу англадимки, эмди
Васлингға етарга йўқтур имкон.
Ёдингни қилай ҳарифи мажлис,
Фикрингни этай кўнгулга мунис.
V
Жисмингки эмас ҳаётдин кам,
Не жисмики, руҳ эрур мужассам.
Бир-бир соғиниб лабинг ҳадисин,
Қон йиғлар ики кўзум дамо-дам.
Ғамгин тиласанг мени қутилмай,
Ғамдин тиласам ўзумни хуррам.
То бўлди бу зори хаста маҳрум
Васлингдину ғамға бўлди маҳрам.
Чекти кўнгул андоқ ўтлуғ оҳе
Ким, куйди шарори бирла олам.
Бу навъ шароралиғ ўтумнинг
Таскини учун мени ҳазин ҳам.
Ранжингни тилай танимға роҳат,
Нишингни дейин ярамға марҳам.
Ёдингни қилай ҳарифи мажлис,
Фикрингни этай кўнгулга мунис.
VI
Ул дуржи ақиқу лаъли сероб,
Жузъимдин оқиздилар дури ноб.
То жоми муҳаббатингни тортиб
Кўнглумга етишти ишқдин тоб.
Ҳам дўстлар ўлди манга душман,
Ҳам тарки муҳаббат этти аҳбоб.
Сендин ажаб эрди бори, эй дўст,
Душманлар учун тузатмак асбоб.
Маҳрум қулунгни маҳрам этса
Васлинг ҳарамиға ҳайи ваҳҳоб,
Кўюнгни қилай ўзумга қибла,
Қошингни этай кўзумга меҳроб.
Ёхуд етибон хумори ҳижрон,
Васлинг майи бўлди эрса ноёб,
Ёдингни қилай ҳарифи мажлис,
Фикрингни этай кўнгулга мунис.
VII
Эй кишвари ҳусн узра ҳоким,
Хўблар бори ҳазратингда ходим.
Буздунг бу кўнгулни ложарам мулк —
Вайрон бўлур, ўлса шоҳ золим.
Ҳижрон мени чунки ўлтурур зор,
Сен ҳам мадад этмагинг не лозим.
Ҳар нечаки беиноят ўлуб,
Қилдинг мени бегуноҳ мужрим.
Уммид будурки, ёна тенгри
Қилса мени мақдамингға азим.
Иқбол кеби туруб қошингда,
Бўлсам яна хидматингға жозим.
Васлингда ғазал тафаккур айлаб,
Унутғамен ушбу байтниким.
Ёдингни қилай ҳарифи мажлис,
Фикрингни этай кўнгулга мунис.