Топ рейтинг www.uz
ФАРДЛАР

ЖАВОҲИРИ МУФРАДАҲ

1

Улки, ҳақ боринда мақсуд истагай ҳар зотдин,
Меҳр боринда ёруғлуғ кўз тутар зарротдин.

2

Наби шаръиға топмоқ истиқомат
Эрур соликка мушкилрок каромат.

3

Тамаъ этма, кўп ўлса эл моли,
Кўрмайин ҳақ хазинасин ҳоли.

4

Етар чу ризқинг, агар хорадур ва гар ёқут,
Ўзунгга юклама андуҳ тоғин, истаб қут.

5

Мурувват барча бермакдур, емак йўқ,
Футувват барча қилмоқдур, демак йўқ.

6

Такаллуф эрур танға фарсудалиқ,
Анинг таркидур жонға осудалиқ.

7

Музаввир макри бўлди мужиби қайд,
Нечукким, тулку лаъби боиси сайд.

8

Қотиқ эл жисмидин анбарлар олмай нақд эмас восил
Ки, тоғни пора-пора қилмайин, лаъл ўлмади ҳосил.

9

Кўк баҳридин яна тамаъ ком тутмайин
Қим, қатра су томизмас, эл оғзин қурутмайин.

10

Тиндурур бою жиғойни ҳокими равшан замир,
Ёрутур обод ила вайронани меҳри мунир.

11

Не сафо лофия урар ҳиндуи оташдони,
Уй ёрутмас кўсов, ўн қатла ёрутсанг они.

12

Маст муғ дайри риёйи хилватимдин яхшироқ,
Ёшурун исёни зоҳир тоатимдин яхшироқ.

13

Ранжкаш бўлким, чу тортар чуғз вайрон ичра ранж,
Аждаҳодин бийми йўқ, аммо эрур уммиди ганж.


14

Эл ичра, эй ҳасуд, сени қилди ҳақ залил
Ким, ноҳақ элга зидсену ҳақ молиға бахил.

15

Холиқ ўлғон сахийдин элга бўлди икки бахшойиш,
Ҳам эҳсонидин оройиш, ҳам ахлоқидин осойиш.

16

Ёлғон демакда тажриба аввалғи субҳ бас,
Ёлғон нафас чу урди, қорарди ҳамул нафас.

17

Авлиё поясиға дур етмак,
Топмаса шукру топса базл этмак.

18

Базл ҳайвонвашлар илгидин агар истар кўнгул,
Уйладурким, орзу қилғай бўғу шохида гул.

19

Элни хор айлаган тамаъ билгил,
Доимо азза манқанаъ билгил.

20

Кўнгулга футур ўлмайин, роз очилмас,
Садаф гар бутун бўлса, гавҳар сочилмас.

21

Ғофил ўлма, назардин итса аду,
Шамъ ўчурганда, ел кўринурму.

22

Юқар ёмонлиғ ангаким, кирар ёмон эл аро,
Кўмур аро илик урған қилур илкини қаро.

23

Фориғ элдур анда бори қондадур,
Ким бу даврондадурур, дармондадур.

24

Дунёву уқбо иккиси жамъ ўлмас, эй рафиқ,
Кимки икки кема учини тутса, бўлур ғариқ.

25

Аблаҳ ани билки, оламдин бақо қилғай тамаъ,
Аҳмоқ улким, олам аҳлидин вафо қилғай тамаъ.

26

Истасангким,  кўрмагайсен бевафолиғ, эй  рафиқ,
Қилма олам аҳли бирла ошнолиғ, эй рафиқ.

27

Жаҳон аруси учун, эйки, асру толпиндинг,
Қачон анинг бошидин кечтинг, ул замон тиндинг.

28

Улки, санга элдин эрур айбгў,
Элга доғи сендин ўлур айбжў.

29

Киши айбинг деса, дам урмағилким, ул эрур кўзгу,
Чу кўзгу тийра бўлди, ўзга айбинг зоҳир айларму.

30

Киши айбин юзига қилма изҳор,
Тааммул айла ўз айбингға зинҳор.

31

Қотиқ кўнглунгдин оқти халқ ёши,
Ким, ёмғур боисидур жода тоши.

32

Бу кун насими фироқи менинг сари эсти
Ки, жонни елга бериб, васл риштасин кести.

33

Қизил тўнунг била юз хаста жонға офатсен,
Ҳадиси мухтасар айлай, қизил қиёматсен.

34

Ноз ила аввал мени фирифта қилдинг,
Эмдики, топтим фириб, шифта қилдинг.

35

Чу сен ёру жаҳон бир душманимдур,
Менинг учун жаҳон турғунча сен тур.

36

Манга эмди гўшаи меҳроб ила тоат етар,
Эй кўз, ул меҳроб қошни кўрмакинм, офат етар.

37

Лабингни сўзга то гўё қилибсен,
Масиҳо муъжизин иҳё қилибсен.

38

Андоқ кўрунди сабза аросинда лолалар
Ким, сабз хатлар илгида олтун пиёлалар.

39

Ёр васлин топтиму меҳр ошкоро қилмади,
Уйлаким, ҳижрони ўртар чоғда парво қилмади.

40

Воқиф эрмас ёр, жон берсам бузуғ кошонада,
Шаҳ не огаҳ, хаста Мажнун ўлса бир вайронада.

41

Юз очиб, ёғлиғ била лаълингни мактум айладинг,
Гул чоғи гулранг майдин бизни маҳрум айладинг.

42

Мен синуқ, кўнглум синуқ, сабрим уйи худ ерга паст,
Билмагай ҳолим шикастин кўрмаган мунча шикаст.


43

Бўлғаним ақлу ҳавосу умру жондин ноумид,
Яхшироқким, бўлсам ул жону жаҳондин ноумид.

44

Бордингу келгум дединг, эй шўхи раъно келмадинг,
Англадингким, келмасанг — ўлгумдур, аммо келмадинг.


45

Кўрмасам ул ойни, ўлгудек малолим бордур,
Ўлтурур кўргач, ажойиб саъб ҳолим бордур.

46

Кўнглум аро фалакдин юз ханжари навоиб,
Ҳолим билиб сўрарсен, сендин доғи ажойиб.

47

Ўлсам, эй ёр итлари, ҳар дам ғирев ғам тутунг,
Ёрлиғ зоҳир қилиб, аҳволима мотам тутунг.

48

Ошиқеким, кўргай ул бир қатла ҳар кун ёрини,
Тенгрисига айладик юз қатла шукр изҳорини.

49

Эй фалак, зулм эткали йўқтур менингдек бир кишинг,
Тут ғаниматким, бу дам тушмиш менинг бирла ишинг.

50

Улки, айлармен ғами ҳажрида жон бирла видоъ,
Кош жондек айласа бу нотавон бирла видоъ.

51

Ул парий мен телбага жон ё балойи жонмудур,
Гоҳ муҳлик илтифоти васл ё ҳижронмудур.

52

Ақлу хушум қолмади, кўргач ул ойни боданўш,
Изтиробимдин ҳамоноким, тўкулди ақлу хуш.


53

Уёқти эрса ой, хуршиди рахшон баркамол ўлсун,
Тўкулса гар гули, сарви саҳига эътидол ўлсун.

54

Хуш ул кунларки, бир гулдин ичимда хор-хор эрди,
Ҳар ақшом итлари тнрноғидин кўксум фигор эрди.

55

Агарчи ишқ аро бўлди мубаддал куфр ила диним,
Не ғам, чун поклик расмидурур бу ишта ойиним.

56

Аёғинг туфроғиға кўзларимдур шишаи соат
Ки, ҳар соат бири равшан бўлурға туздилар навбат.

57

Заъфдин бераҳм ёримға етиб эрмиш газанд,
Шояд эткай раҳм дардимға, чу бўлмиш дардманд.

58

Пок ҳусн аҳлики, хуштур зулми ҳам, эҳсони ҳам,
Саъб эмиш пок элга анинг васли ҳам, ҳижрони ҳам.

59

Бўлмасанг оллимда, ё кўнглумда бўл, ё жонда бўл,
Манзилингдур бори, кўнглунг қанда истар — анда бўл.


60

Тарки ишқ эттим вале кўнглум эмастур муттафиқ,
Гар ҳақимға юз туман бедод этар, улдур муҳиқ.

61

Чунки солди ишқ кўйидин мени даврон йироқ,
Тенгдурур оллимда нўши васл ила неши фироқ.

62

Ишқ авжи қуёшин кўрким, тушта бўлур ғориб,
Ҳам шоми эрур муҳлик, ҳам субҳи эрур козиб.

63

Агарчи ишқ дардидин манга юз минг уқубатдур,
Вале ҳамдардсизлиғ андин ортуғроқ суубатдур.

64

Эмастур, гар мени зойи қилур ҳажр интиқоми, ҳайф
Ва лекин зойиъ ўлмоқ шоҳ саъю эҳтимоми ҳайф.

65

Кишиким, ёрини ҳар кун кўрарга ўрганур эрмиш,
Чу бир кун кўрмас эрмиш, бениҳоят эмганур эрмиш.

66

Бўлмағандур ҳусну ишқ ойинида, эй сарви ноз,
То абад бир ёндин истиғнову бир ёндин ниёз.

67

Не билгай ҳажрни гулшанда булбул ошиён айлаб,
Биров билгайки, мендек итти, тарки хонумон айлаб.


68

Оҳдинким, ҳар бири бир арсаи мотамча бор,
Уксуди умрум, нединким, ҳар бири юз дамча бор.

69

Бу кун йўқ кимса мендек ишқ дарди ани зор эткан,
Диёру мулкидин оворалиғни ихтиёр эткан.


70

Менки чектим йиғламоқлар бирла жонондин илик,
Ашк селоби била охир юдум жондин илик.


71

Ҳам мени ул тоза нахли нозпарвард ўлтурур,
Ҳам буким, йўқ дардини айтурға ҳамдард, ўлтурур.

72

Андин ўзга гарчи шамъи топмади кулбамға йўл,
Мендин ўзга барчанинг шамъи шабистонидур ул.


73

Ул парийким, ани демишмен ёр,
Одамлиғдин ўзга барчаси бор.

74

Манга андин неким Чин мулкида шамъи тирозидур,
Ваё Кашмир аро бир фитна кўзлук сеҳр созидур.

75

Чирмабон илгига умдо ёғлиғ ул қоши қора,
Мен қора бахтим била урён танимда юз яра.

76

Балойидур, буки мендин ҳамиша ёр жудодур,
Даме бу дарду балодин халос эмон, не балодур.

77

Элга бўлмиш руҳпарвар боғу руҳафзо баҳор,
Ер ҳажридин манга, билмон, хазондур ё баҳор.

78

Дединг соғиндим, эрур ашкдин юзунг гулгун,
Бегим узун яша, соғинғанинг сариғ олтун.

79


Нетай элнинг баҳоринким,  манга ошуби ҳижрондур,
Кўзумда сарв ўқдур, кўнглум ичра ғунча пайкондур.


80

Истарам — шўхе чиқиб, жонимға бедод айлагай,
Сабру ҳушу ақлу имонимни барбод айлагай.

81

Неча бўлғай, эй кўнгул, ошиқлиқу афтодалиқ,
Неча кун ҳам хуштурур фориғлиқу озодалиқ.

82

Икки кўзунгу лабинг ғамидин
Мен хаста ўлуб-ўлуб тирилдим.

83

Ўқ эдинг, эй тонгки, оттинг жонима вуслат—туни,
Бу жиҳатдин ёрума дермен сени ҳар субҳдам.

84

Белу оғзидин, дедиларким, дегил афсонае,
Бошладим филҳолким, «Бир бор эди, бир йўқ эди».

85

Кўнглум ҳарими ичра қилур жилва ул парий,
Андоқки, Каъба ичра ҳарамнинг кабутари.

86

Сайл йўлида фано даштида мужгоним эмас,
Кўз олочуғларининг дуд еган уғларидур.