Топ рейтинг www.uz
МУСАММАН

Ҳар тараф азм айлаб ул шўхи ситамгор, эй кўнгул,
Тиғи ҳажридин неча бўлғайбиз афгор, эй кўнгул,
Чун сафар айлаб эди бир қатла дилдор, эй кўнгул,
Дарди ҳажриға бўлуб эрдук гирифтор, эй кўнгул,
Буйлаким, таъриф этиб ғурбатни бисёр, эй кўнгул,
Шаҳру кишвардин малолат айлаб изҳор, эй кўнгул,
Англадинг ё йўқмуким, айлар сафар ёр, эй кўнгул,

Ваҳки, бўлдуқ яна ҳажри илгидин зор, эй кўнгул.

Аҳли ишқ ичра манга дарди фироқ ўлмиш насиб,
Бу эмас дардики, ани дафъ эта олғай табиб,
Ёрни ғурбат сари тарғиб этар ҳар дам рақиб,
Ваҳки, ул гул фурқатидин ўлгуси бу андалиб,
Чун сафар асбобини омода айлабтур ҳабиб,
Бир тараф гўё азимат қилғудектур анқариб,
Ул худ айлар азм, мен ҳам хастадурмен, ҳам ғариб,
Гоҳ-гоҳи бўлғасен мендин хабардор, эй кўнгул.

Эй кўнгул, сен севдунг ул ойнию бўлди улфатим
Ким, тамошосиға кундин-кунга ошти ҳайратим,
Ул борур эмдию ўртар жонни доғи ҳасратим,
Шуъла гардунға чекар ҳар лаҳза сўзи фурқатим,
Гар десам ҳамраҳ борай, заъф ичра кўптур шиддатим,
Йўқ турарға тоқату муҳликтур онсиз меҳнатим,
Не борурға қувватим бор, не турарға тоқатим,
Бизни бу ҳолатқа сен қилдинг гирифтор, эй кўнгул.

Ёр чун айлаб сафар, паймону аҳдин снндурур,
Минг алам юз захмлиқ жонимға ҳар дам еткурур,
Гар десам ҳамраҳ борай, табъида шиддат билгурур,
Бормасам, ҳажри бало ўқи танимға ёғдурур,

Ҳар бирида бир суубатдурки, жонни куйдурур,
Бормоғим йўқ мумкину турсам, фироқи ўлтурур,
Бора худ олмон, туруб ҳам, чун тирилгум йўқтурур,
Бас видоъинг қилдим, андин қолма зинҳор, эй кўнгул.

Ҳар қаён борса,  рафиқу ҳамқадамким бўлғасен,
Шодмони айш ё ранжури ғамким бўлғасен,
Ноумид ўлма, гирифтори аламким бўлғасен,
Ўзни гум қилма, азизу муҳтарамким бўлғасен,
Бил ғанимат, итларидин неча камким бўлғасен
Сен бўлурға маҳрами рози ҳарамким бўлғасен,
Маҳраме гар бўлмасанг, хуштур бу ҳамким, бўлғасен
Итларига роздору соҳиб, асрор, эй кўнгул.


Ул мусофир хайлини итдек эришсанг хору зор,
Ранждин жонинг наҳифу тошдин жисминг фигор,
Қайси мавзуъники манзил айласа ул шаҳсувор,
Кеча тонг отқунча қилсанг посбонлиқ ихтиёр,
Солсанг ўзни ичкари, гар ғойиб ўлса пардадор,
Қовса, чиқсанг — қовмаса, даргаҳ аро тутсанг қарор,
Ногаҳони гар бўлуб толиъ мусоид бахтиёр,

Топсанг ул ой бирла сўзлашгунча миқдор, эй кўнгул.

Ҳажру фурқат андуҳидин телбалардек чекма ун,
Мастлардек сўз адосин қилма, кўп айтиб узун,

Авло улким, оҳ ўтидин қилмасанг зоҳир тутун,
Этмасанг саргашталик дашт узра андоқким, қуюн,
Боргоҳи айшида бир гўшада тутсанг ўрун,
Жаннат ойин базмиға эл маст бўлмастин бурун,
Илтимосим будурурким, барча элдин ёшурун,
Қилғасен мискин Навоий дардин изҳор, эй кўнгул.