Топ рейтинг www.uz
ПЕ ҲАРФИНИНГ ПАРИЙВАШЛАРИНИНГ ПАРВОЗИ «ФАВОЙИД»ДИН

67
Бу ақшом ҳолима  шамъ ўртаниб, парвона андин кўп,
Чаманда оташин гул, булбули девона андин кўп.

Итибмен гард аро, вайроним ичра, баски, бошимға
Фалак кўп ёғдурур гарди фано, вайрона андин кўп.

Эмас анжум, қазо кўк мазраъида сочти ғам тухмин,
Вале тўкти кўзум ғам шоми мундоқ дона андин кўп.

Не муфрит саъб ҳолим бори ҳижрон ичра ким кўргач,
Топар андин малолат ошно, бегона андин кўп.

Не қоттиқ ҳажр эрур жонимғаким, сайру сукун вақти
Чаман гашти ҳалок айлар бузуғ кошона андин кўп.

Агар ошиқлиғим журм эрди, ўлтур, солма ҳижронға,
Кўп ўлса журм худ эрмас раво, журмона андин кўп.

Фано майхонасиға сол мени, эй ринди орифким,
Ғамимни  ўксутур дайри  фано,  майхона  андин кўп.

Жаҳонда фақр касб эт, майл кўп қилма ғино сари
Ки, мундин оз этибдур орзу фарзона андин кўп.

Навоий оҳи тун-кун булбулу парвонани ўртар
Ки, ишқ ўтини даъво қилмағайлар ёна андин кўп.

68
Нукта кўп сурдунг, замоне лаъли жонпарварни ёп,
Куйди жонлар, бир нафас ул лаългун ахгарни ёп.

Қўзғодинг оламни очиб чеҳра, элга раҳм қил,
Шомгун зулф очиб, ул рухсори маҳпайкарни ёп.

Бохтарға солдинг ўт, эй офтоби ховари,
Истасангким бохтар тинғай, маҳи ховарни ёп.

Лаъли жонбахшинг сари  майл эттилар жонлар қуши,
Ул чибинлардин амон истар эсанг, шаккарни ёп.

Фитна солди олам аҳлиға қулоғинг гавҳари,
Халқ таскини учун ул фитналик ахтарни ёп.

Анбару кофури шому субҳнинг бўлди хижил,
Оразинг кофури узра зулфдин  анбарни ёп.

Соқиё, совурди оҳим сарсари даврон юзин,
Боданўшум, дам-бадам ким ичса май, соғарни ёп.

Ишқ сиррин кимса таҳрир этмади, тақрир ҳам,
Эй мударрис, дема кўп афсонаю дафтарни ёп.

Эй  Навоий, кўнглунг ўти олам ичра солди ўрт,
Элни куйдурдунг, даме ул шуълалиқ озарни ёп.