Топ рейтинг www.uz
ШИН ҲАРФИНИНГ ШЎХЛАРИНИНГ ШАМОЙИЛИ «ФАВОЙИД»ДИН

242
Оқара бошлади бошу тўкула бошлади тиш,   
Сафар яроғини қилғилки, тушти бошинга иш.

Йигитлигим борибон, келди бошима қарилиғ,
Фано йўлида бу янглиғ эмиш боришу келиш.

Юз улки, қирқдин элликка қўйди юз, қилса
Минг  ишидин бирига яхшилиқ маҳол эрмиш.

Эрур ҳаётнинг ўқ янглиғ ўтмакига далил,
Кишики, ё кеби қадға асодин этти кериш.

Адудур олти жиҳатдин манга чу етти фалак,
Не суд ёшим агар олтмиш ва гар етмиш.

Йигитлик ўлди баҳору куҳулат ўлди хазон,
Дегай бу сўзни — қарилиғни қишқа ўхшатмиш.

Не қиш нишоти манга қолди, не хазон, не баҳор,
Наҳорима чу хазон қўйди юз, хазонима — қиш.

Не турфа ишки, бирав чун ториқти умридин,
Деса узун яша, қарғишдур анга бу алқиш.

Навоиё, тутар аҳли фано нажот йўлин,
Эришмак истар эсанг ишда, ҳам аларни эриш.

243
Улки бизни зору ани асру зебо айламиш,
Ани нопарвою бизни ношикебо айламиш.

Ишқида ҳар кимки содиқроқ, жафоси саъброқ,
Аҳли ҳусн ичра ул ой хуш расм пайдо айламиш.

Дайр аро юз муғбача таълим олурға қўйди юз,
То лабинг эҳёйи анфоси Масиҳо айламиш.

Гар итингнинг пойбўсин топмаса кўнглум, не тонг,
Не учунким, ҳаддидин ортуқ таманно айламиш.

Ишқ аро ўлмай нетайким, кўк мени айлаб гадо,
Ҳусни  иқболи  менинг моҳимни  мирзо айламиш.

Тоғ аро Фарҳоду дашт ичра солиб Мажнунни ишқ,
Кимни мендек жумлаи оламда расво айламиш.

Йиғламиш гоҳи кавокибдин кулуб, гаҳ субҳдин,
Чархким, ҳолимни  ғам шоми тамошо  айламиш.

Жон бериб, даврон элидин истаманг меҳру вафо
Ким, басе топмиш зиён, ҳар ким бу савдо айламиш.

Гар  Навоий, кўнгли мулки бўлса вайрон, айб эмас,
Турктози ишқи ул кишварки яғмо айламиш.

244
Юз бало бошимға ёғдурған дедим афлок эмиш,
Чунки таҳқиқ айладим, ул кофири бебок эмиш.

Ҳусн авжида тулуъ айлаб ёрутған даҳрни,
Мен қуёш соғиндим, ул рухсори оташнок эмиш.

Нотавон жисмимни сайли ашк уза қилдим қиёс,
Олами ишқ ичра дарё узра бир хошок эмиш.

Ғам туни бемеҳр экандин йўқки кўксум чок эрур,
Субҳнинг пироҳани доғи бу ғамдин чок эмиш.

Кўнгулу кўз қонидин ориғ бўлур эрмиш юзи,
Ошиқеким, ҳар ғараздин кўзу кўнгли пок эмиш.

Йўқ шафақ, мазлум қониға қолиб эрди сипеҳр,
Ани юған баҳри ашким мавжидин кўлок эмиш.

Етса муҳлик ғам, тилармен боданўше негаким,
Дофиъи ул заҳрнинг, билдимки, бу тарёк эмиш.

Хурда  сочқандин чаман  мулкида султон бўлди гул,
Ғунча қонлиғ кўнглига солған гириҳ имсок эмиш.

Эйки дерсенким, менинг ҳуснумму ортуқ ё қуёш,
Соғинурсенким, Навоий буйла беидрок эмиш.

245
Қомату рафторинг ул мундин, бу андин хўб эмиш,
Жузв-жузвунг бир-биридин лутф аро марғуб эмиш.

Ҳар не қилса, ўт ёқар аҳли муҳаббат жониға,
Эй заиф аҳбоб, ул ой не бало маҳбуб эмиш.

Номасин бўйнумға осдим — дардима берди шифо,
Ул китобат ҳирзи жон эрмиш, деманг мактуб эмиш.

Гар тутуб Лайли отин, Мажнун қилур эрмиш фиғон,
Андин эрмишким, жунун ойиниға  мансуб эмиш.

Ёр отин жондин чиқариб, тилга мазкур айламак,
Ошиқи фарзона оллинда қачон маҳсуб эмиш!

Ҳажрдин невчун талаб водийсида қилдим фиғон,
Чункн толиб бирла эрмиш, кимсаким матлуб эмиш.

Бўлмаса ҳеч иш, ўзидин бехабарлиқ басдурур,
Ишқи ғолиб илгида ҳар кимсаким, мағлуб эмиш.

Фоний ўлсанг, кир фано дайриғаким, йўл топмамиш,
Ҳар ким анда ўзлуки айби била маъюб эмиш.

Гар висол аҳли Навоийдин танаффур этсалар,
Йўқ ажабким, ҳажр зиндони аро манкуб эмиш.

246
Кирпикинг нешдуру ғамзангу ҳажринг ҳам неш,
Не ажаб, кўксуму кўнглум била бағримдаги реш.

Сўрдунг эл кўнглини, сўрғил чу дедим кўнглумни,
Решға кимса илож айламамиш, санчиб неш.

Кўнглум андишаси васлингдурур, уммид буким,
Ҳақ муродиға текургай, чу эрур хайрандеш.

Кўзларинг кеши эрур куфр эмас ҳеч ажаб,
Аҳли ислом сени гар десалар кофиркеш.

Боғладинг зулф ила кўнглумни, халосин тиламон,
Беркрак чеккали  шоядки  дегайменким,  еш.

Неш сўл кўзига етганда гар ўтру тутмас,
Ўнг кўзин айни ризо ани демайдур дарвеш.

Дўстунг деди Навоий ўзини, билмонким,
Не учун бўлди анинг душмани бегонаю хеш.

247
Эй, кўнгул гулзори васлинг субҳида ноланда қуш,
Йўқки,  атфоли фироқинг илгидин парканда қуш.

Қасри узра қушму тимсол эттилар ул шаҳнинг,
Ё бошиға чатрдек очти қанот фархунда қуш.

Нутқи тўти, жилваси товусу рафтори тазарв,
Ҳусн гулзорида йўқтур бир  анга монанда  қуш.

Номаи шавқумни чун элтурга ожиз бўлдилар,
Ел кўрунмас кўзга дам урмас бўлуб шарманда қуш.

Қуш бўлур, бошимға қўнғач, дуди оҳимдин қора,
Кўр жунун жазбинки, анда қўнса, бўлғай банда қуш.

Фақр тут, гар истасанг учмоқки, бу уммид ила,
Бўйниға тасбиҳ осиб, юнгдин кийибтур жанда қуш.

Эй Навоий, ишқдин қочма, боқиб булбул сари,
Кўрки, махлас топмади бу банддин парранда қуш.

248
Ҳар нечаким жавру истиғно эрур жононға иш,
Жуз ниёзу ажз не бўлғай мени ҳайронға иш.

Шавкат аҳли ёр лаълидинки, ком этмиш тамаъ,
Эй кўнгул, ўлсам не тонг, чунким тушубтур жонға иш.

Ашку оҳимдин агар кўнглум бузулса не ажаб,
Мулку кишвар бузмайин не бўлғуси тўфонға иш.

Ҳажр даштида қуюн бирла югурмакдур ишим,
Мундин ўзга бўлмағай мажнуни саргардонға иш.

Боданўшум тавба таркидинки, қилди тарки ҳуш,
Эй кўнгул, тушти яна мен зори бесомонға иш.

Жон олибким, ваъда побўс этти, мумкин йўқ вафо,
Чунки ёлғон ваъдадур ул ваъдаси ёлғонға иш.

Неча  жон қилдим фидоси — одамийлиғ топмадим,
Тушмасун, ё раб, парий жинси била инсонға иш.

Гар Навоий куйди ҳажр оташгаҳида, йўқ ажаб,
Ўртамакдин ўзга бўлмас шуълаи ҳижронға иш.

249
Ҳам хати хазроси хуштур, ҳам лаби гўёси хуш,
Ҳам Хизр хуш, ҳам анинг айни ҳаётафзоси хуш.

Эй муғанний, ҳажр заъфидин ҳазинмен уйлаким,
Лаҳнда дуди била келмас Масиҳ анфоси хуш.

Бир ишорат бирла ўлтурдию хушменким, келур
Барча гар худ қатл учундур, ёрнинг имоси хуш.

Уйлаким тожир бўлур, хуш яхши савдо берса даст,
Мени савдойини асрар зулфининг савдоси хуш.

Руҳ хайли олдораб, ўз ҳолиға топмас шуур,
Чун хиром этса, равоносо қади раъноси хуш.

Ваҳ, недин ажзу ниёзим нохуш эркин оллида,
Нечаким, кўнглумга келса нозу истиғноси хуш.

Эй хирад аҳли, сену ақлу вараъ мулкида қайд
Ким, эрур ишқ аҳли оллинда жунун саҳроси хуш.

Ичкали эски сафол ичра гадолиғ дурдини,
Бизга ўзга келмади жуз соғару саҳбоси хуш.

Эй Навоий, қуллуғин назм ичра арз этмак не суд,
Улки қилмас назм бирла қуллуғин мирзоси хуш.

250
Ул ойдин ҳам вафо хуш, ҳам жафо хуш,
Не келса ўзгалардин — барча нохуш.

Табибо, лутф этиб, қўпқил бошимдин
Ки, келмайдур бу дардимға даво хуш.

Фароғ аҳлиға жоми васл хуштур,
Менга лекин эрур заҳри бало хуш.

Йўқ эрса васл иқболиға ҳаддим,
Вале кўнглумга бор ул муддао хуш.

Агар нўши висол, ар заҳри андуҳ,
Неким тутсанг ичарбиз, соқиё, хуш.

Бу дайр ичра ул ўзлуктин қутулди
Ки, киргач тортти жоми фано хуш.

Навоий хуштур ашку оҳи бирла,
Анга чун келди бу сую ҳаво хуш.

251
Муҳаббат шевасининг лозими ажзу ниёз эрмиш,
Вафо ойинининг хосияти сўзу гудоз эрмиш.

Дер эрдиларки, ажз аҳли ниёзи нозанинларнинг
Қилур нозини кам, ул мужиби туғёни ноз эрмиш.

Қаддининг жилваси оллинда  сарвинозни кўрдум,
Бу бир асру фурутан, ул бағоят сарфароз эрмиш.

Нетиб ўлмайки, сабрим оздин-озу шавқ кўптин-кўп,
Ул ойнинг ҳусни кўптин-кўп, вафоси оздин-оз эрмиш,

Жаҳон боғида рустахез тушмиш эрди ҳар ёндин,
Жиҳат маълум қилдим, сарвнозим жилвасоз эрмиш.

Бирав базмин бу ақшом рашки жаннат дедилар,билдук,
Шабистонин мунир эткан бизинг шамъи Тироз эрмиш.

Бало заҳрини чекмай зуҳдунг, эй сўфи, эрур борид,
Ҳақиқат ишқиға ҳам чошни ишқи мажоз эрмиш.

Вафосиз эрканин даҳр аҳли билмай, жон фидо қилдим.
Вафо аҳлиға бу элдин муносиб эҳтироз эрмиш.

Навоий, ўт Наҳованду Спаҳон бирла Найрездин,
Ҳусайни туйғучаким, санга оҳанги Ҳижоз эрмиш.

252
Феруза тугма бирла нигорим бўйнида киш,
Ою тунга чарх жавҳаридин зийнат айламиш.

Ул ойни ҳажр сари далолат қилур улус,
Бил, эй бузуғ кўнгулки, яна бизга тушти иш.

Келмакни тарк қилдию борурға бўлди жазм,
Бўлмай орада бир-ики қатла бориш-келиш.

Кўзни саманди наълиға қўйғанда кошки,
Анда тикарга айласа кирпикларимни шиш.

Эй ҳажр тиғи, сен доғи кесмакта қил мадад,
Ул кўй итига узгали бағримға урса тиш.

Барқ узра тарки меҳр гумон айлади кўнгул,
Пўянда рахш уза бизнинг шаҳсувор эмиш.

Ғам йўқ, Навоий, этса азимат сафарға ёр,
Десанг ити ўзунгни қаёнким борур эрмиш.

253
Тўъмаким, топмас итинг урса тани зоримға тиш,
Ғуссадин мен ҳам урармен жисми афгоримға тиш.

Мен киму кулмак сўзи, чун ғунча ичра жоладек,
Эл аро иржаймади ҳаргиз чу дилдоримга тиш.

Не ажаб сариғ юзум тағйири чун қон ичкали,
Бағрима маҳкам бўлур ҳар лаҳза хунхоримға тиш.

Куфр аро тушмиш гириҳ динимғаким, очилмади
Нечаким урдум тугун очмоққа зунноримға тиш.

Танни тишлаб-тишлаб узмак истарам, ваҳ, не осиғ
Ким, очилмас бир-биридин эмди беморимға тиш.

Бул-ажаб ҳолимға гар ҳижрон туни кулмас фалак,
Нега анжумдин кўрунди хасми ғаддоримға тиш.

Эй Навоий, эрни анинг лаълдур ё юқти қон,
Беркиганда бағрима шўхи ситамгоримға тиш.

254
Гарчи атфол отти бир-бир жисми урёнимға тош,
Кўрки, хирман-хирман ўлди жамъ ҳар ёнимға тош.

Кулбам  атрофида  бедоду маломат тошидур,
Гўйиё ёғмиш фалакдин байтул-аҳзонимға тош.

Ҳажр тоғида лаби шавқида оқса қон ёшим,
Лаъл ўлур гўё бўялса ҳар тараф қонимға тош.

Дўстлар, бастур мазоримға маломат тошлари,
Чекмангиз меҳнат қўярға қабри вайронимға тош.

Бас қилинг атфол тош отмоқки, қон бўлмиш ичим,
Тегди гўё тоза қўйған доғи пинҳонимға тош.

Гарчи тошинг тутти ер жисмимда, лекин зулм эди,
Буки ўтти захм аро чун тегди пайконимға тош.

Чун тўюбтур нотавон жисмим балият тошидин,
Берма, эй гардун, ғизо янглиғ яна жонимға тош.

Вазн учун паймонани қилғил улуғ, эй майфуруш
Ким, эмас тортар учун ҳожат бу мезонимға тош.

Жомни чекмакта ғам дафъиға қолқон айладим,
Эй Навоий, чархдин ёғди бу қолқонимға тош.

255
Эй, гулшани ҳусн ичра хатинг сабзаи дилкаш,
Ким атри этиб руҳ димоғини мушавваш.

Ул кўзга эмас ҳожати соғар, негаким бор
Қон ичмак ила масту майи ноз ила сархаш.

Оламни агар қўзғабон ўт солса, тонг эрмас,
Ул шўхки сархуш чиқибон, секретур абраш.
Руҳониятим ғолиб эрур, токи ичиб роҳ,
Жонимға солур аксини ул ҳури парийваш.

Давр аҳлида йўқ софки, анинг ғаши йўқтур,
Жуз соқийи давр илгида софий майи беғаш.  

Зоҳид, сену кавсар, бизу муғ дайри нединким.
Бир заҳри балокаш бизу сен нўши риёчаш.

Ғайрингдин ориғ айлади кўнглини Навоий
Ким, бут рақами бирла бу уй эрди мунаққаш.

256
Шукрким, сочтим эса ғам туни анжум кеби ёш,
Васли субҳида тулуъ айлади оллимға қуёш.

Захмлар устида марҳамға  момуғлуқ қиладур,
Ғам саҳоби неча ёғдурди синуқ бошима тош.

Тутош эрди ғам аро навҳаларим бир-бирига,
Айшдин кулгуларим бир-бирига ўлди тутош.

Ҳажр хуноби майи васли манга берди самар,
Заҳр бўлғай эди оғушта бу хунобиға кош.

Аҳли ишқ, ўлмангиз озурда фироқ ўтларидин,
Ул томуғқа боре васл учмоғи эрмиш подош.

Ишқ аро васлни ком аҳли начукким, талашур,
Ҳажрни зумраи ноком керак қилса талош.

Ким фироқ ўтиға сабр этса Навоий янглиғ,
Оташин гуллар анга бўлғуси ул ўттин фош.

257
Бизга йўқтур олам аҳлидин жафодин ўзга иш,
Ҳар замон юз дарду ҳар дам юз балодин ўзга иш.

Оҳким, андин жафодин ўзга келмас ўтруда,
Гарчи мендин келмади ҳаргиз вафодин ўзга иш.

Менмену ошиқлиқ, эй носиҳки, умрум борида,
Бошима жуз ишқ келмайдур қазодин ўзга иш.

Зулфи занжири аро минг зулм кўрсам, эй кўнгул,
Жуз тазаллум истамамен мубталодин ўзга иш.

Нозу истиғно неча кўргузса ул султони ҳусн,
Жуз ниёзу ажз не кулгай гадодин ўзга иш.

Хизматиға қайси юз бирла борайким, келмамиш
Тийраликдин ўзга мен юзи қородин ўзга иш.

Дўсту лутфидин умидим ончадурким, ғайри афв
Истай олмон, гарчи қилмаймен хатодин ўзга иш.

Мендин ўзга иш келмай жуз майи субҳий чекиб,
Жуз ғино келмас яна аҳли риёдин ўзга иш.

Эй Навоий, ваъдаи васлиға бўл хурсандким,
Чарх ногаҳ қилмағай зоҳир орадин ўзга иш.

258
Олур жонимни ишқу манга дам урмоқ маҳол ўлмиш,
Бировдекким, тили анинг ўлар ҳолатда лол ўлмиш.


Эрур ҳар сари кескан наъл ё рахшинг изи билмон,
Таним туфроғи то жавлонгаҳингда поймол ўлмиш.

Ичиб қонимни ул кўзким қизармиш, нотавонедур
Ки, ҳам беморлиғда май чекиб, рухсори ол ўлмиш.

Таним то риштаи зулфунг хаёли бирла чирмашди,
Биайниҳ риштаи зулфунгға чирмашқан хаёл ўлмиш.

Қошинг ҳажрида тишлар бирлаким жисмимни нақш эттим,
Наззора айлаким ҳар пайкари мушкин ҳилол ўлмиш.

Кўнгул боғида оҳим ўқлари қаддинг фироқидин,
Бари ғам бергали ҳар қайси бир раъно ниҳол ўлмиш.

Фано кўйига кирким, жам била жоми жаҳонбиндур,
Гадоким, жом анга бу дайр аро синған сафол ўлмиш.

Сен уйқу ичрасен, хуршид авжи давлатинг тушдур,
Ҳам ушбу тушда ул хуршидқа доим завол ўлмиш.

Юзунг кўргач Навоий кўнгли озди, зулфдин банд эт
Ким, ул мажнун баҳори васлидин ошуфтаҳол ўлмиш.

259
Ҳусни девони уза матлаъдур ул пайваста қош,
Котиби тақдир анинг мисраъларин ёзған тутош.

Жолаи офат кеби ул ой баҳори ҳуснида,
Чарх анжум жавҳаридин ёғдурур бошимға тош.

Ўтлуғ оҳимдин бўғуз оғзимғача мажруҳ эрур,
Айб қилма, эй кўнгул, ноламда фаҳм ўлса харош.

То сиришким қонға эврулди даме тинмай оқар,
Музтариб бўлмоқ ажаб йўқ, бўлса хун олуда ёш.

Ёшурун эрди ғамим, муфрит қадаҳ ўткан кеча
Йиғлатиб, беихтиёр эткан эмиш эл ичра фош.

Хилват эткан ихтиёр илгида бир ибриқи май,
Тонг эмас гар қилса бир бодом ила ҳар кун маош,

Эй Навоий, келди ёру борди кўнглунгни олиб,
Яна бир қатла келиб, жонингни доғи олса кош.

260
Ёзуқсиз, журмсиз бедод этар фош
Манга ул сурмасиз кўз, вўсмасиз қош.

Фиғонким, бу тараф боқмай ўтарсен,
Нечаким, кўзларим юммай тўкар ёш.

Сиришким сайли ҳар ён уйла сурди
Ки, топмон кўксума урмоқ учун тош.

Илигинг ўпкали очмиш оғизлар,
Қиличингдин саросар захмлиғ бош.

Ҳамоно қолмас ўз ҳолида ранги,
Сизарда суратингни кўфса наққош.

Баҳодур нақди дин, эй дайр пири,
Карам қил майки, борбиз асру қаллош.

Демиш: келсам Навоий қатлин айлай,
Келиб, не кўнгли истар, айлагай кош.

261
Парийзодеки, мушкин зулфи жоним мустаманд этмиш,
Малойик қушлари ул ҳалқа мўлар бирла банд этмиш.

Самандингким, ёлиндек тез эрур, юз шукрким, гардун
Анга бизни самандарваш, мунга гарди саманд этмиш.

Чекарга ишқ оташгоҳиға девона кўнглумни,
Қазо ҳар бир шарар торини бир ўтлуқ каманд этмиш.

Вафоға телбаликдин нописанд ўлсам, ани кўрким,
Жафоға кимни менча ул парий пайкар писанд этмиш.

Майи равшан тут, эй соқийки, кўнглум тийра қилмиш шайх,
Даму афсун била баским, анга изҳори панд этмиш.

Лабингда нўшу заҳри ҳажр оғзимда тонг эрмас, гар
Менга ҳар заҳарханд ўлғанда ул бир нўшханд этмиш.

Лаби лаълин малоҳат холи бирла баҳравар қилған,
Менинг  жонимни дағи ишқ бирла  баҳраманд этмиш.

Биравким, сарвдек озодаваш бўлди бу боғ ичра,
Қазо деҳқони ҳам сарсабз ани, ҳам сарбаланд этмиш.

Навоий, кеч висол уммидидинким, ҳақ сени беҳад
Залилу зору ёрингни азизу аржуманд этмиш.

262
Саҳоб эрмаски, кукраб тоғ уза ҳар сари айланмиш
Ки, дуди оҳу афғоним фалак тоқиға чирманмиш.

Анинг илгидадур кўнглумки, андин айрила олмас,
Тамом ул қуш масалликким, киши илгига ўрганмиш.

Кеча уйқу бировда бўлмаса не тонгки, кўюнгда
Тўшанмиш хорни остидаю хорони ястанмиш.

Чоқилғач ламъаи ҳуснунг, манга қолмас асар боқий,
Бировга не асар қолғайки, барқ ўтиға ўртанмиш.

Рақибинг ҳам, итинг ҳам кўнглумга кўюнгда душмандур
Ки, тунлар то саҳаргаҳ тортмиш афғону кунгранмиш.

Жаҳон аҳлиға гар уйқу ҳаром ўлса  ажаб эрмас
Ки, ноз уйқусидин ул кофири бебок уйғанмиш.

Мени ошуфтани ул туррадин қилмоқ халос ўлмас
Ки, жоним риштаси бирла анинг ҳар тори тўлғанмиш.

Замонға бовужуди бевафолиғ таън қилмангким,
Замона аҳлидин расми вафо бобинда сайланмиш.

Манга зуҳди риёи хирқасидин ул палос ортуқ
Ки, юз қатла фано дайрида май лойиға булғанмиш.

Хушо муғ дайриким, бир дамда айлар муфлису расво
Биравким, умрлар ҳам молу ҳам номус қозғанмиш.

Навоий зуҳд харфин тавба қилса, эй риё аҳли,
Анга келмас ўлум, бир ҳарзани гар айтмиш-тонмиш.

263
Дарди кўп урён танимға юз туман доғ ўлмамиш,
Токи ҳар бир дардиға бир доғ этар чоғ ўлмамиш.

То кўзунг ойини усруклукдуру беморлиғ,
Заъфлиғ сармаст кўнглум лаҳзае соғ ўлмамиш.

Ғам туни ул ойдин айру айламиш анжум хирош,
Ҳар тараф кўксумни гўё ранжа тирноғ ўлмамиш.

Поя ишқ аҳлиға олидур, йўқ эрса халқдин,
Қочқали Фарҳоднинг манзилгаҳи тоғ ўлмамиш.

Фоний ўлким, дайр пири журъасидин баҳравар
Бўлмамиш, ҳар кимки бу дайр ичра туфроғ ўлмамиш.

Не асар қилғай кўруб қонлиғ таним узра туган,
Сенки ҳаргиз май томиб, гулгун тўнунг доғ ўлмамиш.

Эй Навоий, васлиға сендин кейинрак йўқ киши,
Кимса гарчи ошиқи сендин бурунроғ ўлмамиш.

264
Демагил мужгонким, ул кўз қасди аҳбоб айламиш
Қим, темурдин нешлар айлаб, сияҳтоб айламиш.

Холу хатдин мусҳафи рухсориға килки қазо,
Мушк бирла нуқта, анбар бирла эъроб айламиш.

Уйқудин бош қўйғай ул кўз сажда, худ қилғуси йўқ
Кофиреким,  мастлиғдин  азми  меҳроб  айламиш.

Тўлғади жон риштасию тори зулфи хуштурур,
Гар бир ип эшмак учун ул иккини тоб айламиш.

Номабар қуш ёрдин келгач, ўлармен шавқдин,
Жон чекарга гўё ҳар тирноғни қуллоб айламиш

Эй хуш улким, бу ҳаводис дайриға кирган киши
Чиққуча, даврон ани масти майи ноб айламиш.

Эй Навоий, заврақи умрунг қутулмаским, қазо
Давриға анинг фалак баҳрини гирдоб айламиш.

265
Дарди ишқинг уйла зор этмиш мени, эй бағри тош
Ким, қўярмен йиғлабон ҳар нотавон оллида бош.

Кўнглума кўздин кириб, ғайри хаёлин қўзғади,
Зарра хайли қўзғалур, чун кирди равзандин қуёш.

Чун мени қилди бало тоғи жунун, тош отмангиз,
Негаким ердин олиб отмас киши тоғ узра тош.

Решдур бўғзум бало заҳри ичардин, йўқ ажаб,
Ҳолима йиғларда андин ўткан ун топмоқ хирош.

Ўқи еткачким, бўлуб жон бирла кўнглум музтариб,
Изтироб эрмас, бошоқ устида айларлар талош.

Дурди жоминг ҳам ғизо, ҳам бодадур, эй муғбача,
Пири дайр иқболидин шаҳларға йўқ мендек маош.

Эйки, кўрмайсен Навоий оҳи ўқи ҳайъатин,
Бир стундек шуъла кўк саҳфиғача, кўргил, тутош.

266
Хилъатинму қилди ул гулрўи сийминбар бинафш,
Ё бинафша айламиш гулшаннн сар-тосар бинафш.

Арғувонгун юз, бинафша ранг хат жоним олур,
Хилъати бўлсун анинг гар арғувоний гар бинафш.

Йўқки, ул санчар бинафша дастасин дасторға,
Эгнида хилъатларин доғи қилур аксар бинафш.

Савсаний бўркунг ёпар кечкангни, эй миръоти ҳусн,
Кўзгу янглиғким, ўчасен қилди оҳангар бинафш.

Хайли руҳоний ҳамоноким, бинафш айлар либос
Ким, ҳаририн айлар ул ҳури парий пайкар бинафш.

Бурқаъ олғач, кийди мовий хилъат узра савсаний,
Меҳрдин қилған кеби мовийни нилуфар бинафш.

Не бинафшадур, не нофармон гули, не савсаний
Тўнким, ул кийгали лойиқ эмастур ҳар бинафш.

Гул кеби жисмингға, эй соқий, бинафш ойин тўнунг,
Уйладурким, бодаи гулранг учун соғар бинафш.

Гар Навоий ақли мабҳут ўлса, қилманг айбким,
Ҳошия зарбафт этиб, деклай кияр дилбар бинафш.

267
Мени ишқ ичра деган оқилу фарзона эмиш,
Дегай улким, сўзин эшитсаки, девона эмиш.

Ёпса юз ҳар кеча кўнглум қушидин, тонг йўқким,
Малак ул шамъи жаҳонтобқа парвона эмиш.

Қасри ул ҳусн шаҳининг эрур андоқ олий
Ки, фалак кунгураси қасриға дандона эмиш.

Кўзларим андин эмиш қону рамад айнидаким,
Дурд ҳамкоса мунга, ҳажр анга ҳамхона эмиш.

Захми кўп танда жунунлуқ кўнгул оромидин
Телбалар  маскани фаҳм ўлдики, вайрона эмиш.

Жаннату кавсар умиди била ўлдунг, эй шайх,
Билки, нақд ушбу фано дайрида майхона эмиш.

Зуҳд ила эйки Навоийни ўкарсен, кўрдук
Иши усруклук эмиш, ҳамдами паймона эмиш.

268
Бизинг шайдо кўнгул бечора бўлмиш,
Малолат даштида овора бўлмиш.

Анга баским ёғар тош устида тош,
Танида яра узра ёра бўлмиш.

Урарда дам-бадам хороға бошин,
Сўнгаклар анда пора-пора бўлмиш.

Бало тоғи аро ётқанда бемор,
Хирад синжоби хору хора бўлмиш.

Қора қилди начукким рўзгорим,
Анинг ҳам рўзгори қора бўлмиш.

Қадаҳ хуршиди қаниким, ғамидин
Сиришким кавкаби сайёра бўлмиш.

Навоий, чорадин кўп дема сўзким,
Ғамингға чорасизлиғ чора бўлмиш.

269
Ул қадар ул кофир ислом аҳлини қатл айламиш
Ким, шаҳодат бармоғин ҳам захм айлаб боғламиш.

Гарчи дин аҳлиға анинг илгидин юзланди қатл,
Илгининг қонин доғи эмди оқизмоқ бошламиш.

Қатлига кўнглумни тўхтатсам агар йўқ, ваҳ, не суд,
Чун  менингдекларни ўлтурмакка кўнгли тўқтамиш.

Нозу истиғнода ким ифрот этар, маълум ўлур
Ким, жамоли муфрит эрканни ўзи ҳам англамиш.

Ишқ зулми ҳаддин ўтти кўнглума, эй порсо,
Гўйиё бир мустажобуд-даъва ани қарғамиш.

Қочмайин афтодалиғдин, арзи ихлос айлаким,
Дўст лутфи оқибат афтодаларни қўлдамиш.

Бағрию кўнгли Навоийнинг недин юз порадур,
Итларингга тўъма  айларга ҳамоно тўғрамиш.

270
Ҳар парий пайкарга бир девонаеким зор эмиш,
Кунда минг зулм ўлса, бир ҳам раҳм гоҳе бор эмиш.

Қайси мажнуни балокашга парий рухсоридин
То абад зулм узра зулм, озор уза озор эмиш.

Сен бу ойини жафо солдинг ораға, йўқса халқ
Кўрса шиддат лутф бирла, йўқса бархурдор эмиш.

Оллоҳ-оллоҳ, бу не сўз бўлғай мену ҳижрон туни,
Васл субҳи қай қачан беёрларға ёр эмиш.

Ҳажр шоми шиддатидин ишқ таркин ҳар кеча
Жазм этибмен, лек доим субҳ истиғфор эмиш.

Давр жоми бирла таскин топмас эрмиш, соқиё,
Кимниким саргашта қилған бу тўқуз паргор эмиш.

Деб эмишсен: Жонни бергайму Навоий истасам,
Билмагансенким, бу худ жон бирла миннатдор эмиш.