Топ рейтинг www.uz
СОҚИЙНОМА

1

Соқиё, тут қадаҳи шоҳона,
Қатраси лаъл вале якдона.

Лаъл кони кебн хумдин чиқибон,
Лаъли якдона ўзумдин чиқибон.

Ранги ўтда қизиған наъл кеби,
Тоби шоҳ афсарида лаъл кеби.

Руҳға ламъасидин нуру сафо,
Тобидин ҳурға йўқ сатру хафо.

Жом дархўр анга каъси хуршид,
Дема хуршидки, жоми Жамшид.

Бўлса чун базмда худ Жамшид замон,
Тахти заркор уза хуршид макон.

Шоҳлар оллида човуш янглиғ,
Ақл анинг даркида беҳуш янглиғ.

Тобиъи рой ила ҳукми хонлар,
Амри маъмури бўлуб султонлар.

Тахти олий бу бийик торамдин,
Хайли кўпрак бу қалин анжумдин.

Тутса анда чу шафақгун майи ноб,
Жоми мийнойи аро лаъли музоб.

Ушбу майким, ани таъриф эттим,
Зикрин айларда-ўқ ўздин кеттим.

Шаҳ ани Хизр суйидек ютса,
Менга ҳам дурди жомин тутса.

Боданўш ўлди чу ҳамдастона,
Арз қилсам неча сўз мастона.

Қ-эй улус хони, шаҳи чарх жаноб,
Хотиринг баҳру кафинг мисли саҳоб.

Бевафодур фалаки буқаламун,
Созу оҳангига йўқ бир қонун.

Йўқ бақо жоҳ ила шавкатга доғи,
Йўқ вафо умр ила давлатқа доғи.

Шукр ангаким, қилибон шоҳ сени,
Қилди ҳар нуктадин огоҳ сени.

Кўрки, ҳар шаҳки, юруб олди жаҳон,
Барча бордуму қора ерда нихон.

Ҳам Каюмарс ила Ҳушанг қаии,
Иккига тож ила авранг қани!

Қани Жамшиду Фаридун охир,
Бирини қўйдиму гардун охир!

Не Каёни бору не Сосоний,
Не Скандар доғи не Ашконий.

Қолмади Рустам ила Сом доғи,
Язди журд ўттию Баҳром доғи.

Қани хонлар хони Чингизхон,
Ўкдой қаники, эрди қоон.

Қани Темур — шаҳи исломпаноҳ
Ки, жаҳон олди, чекиб хайли сипоҳ.

Жадду обо санга авлоди қани,
Оға-ини санга аҳфоди қани.

То фалак билди таадди фанини,
Қайсидин олмади ўз берганини!

Кимга берди қуёш авжида нашас!
Ким яна қилмади туфроққа паст.

Кимга бир нўш ила еткурди баҳр,
Ким яна тутмади юз соғари заҳр.

Йўқ, бу иш жоҳилу доноға борур,
Баҳс бал Хизру Масиҳоға борур.

Чун бу маъни бу сифат топти раво
Ким, не шаҳ қолғуси боқий, не гадо.

Тенгри ёдини унутма бир дам,
Ўзни ғайридин овутма бир дам.

Раҳматидин доғи бўлма новмид,
Ғазабидин доғи ваҳм эт жовид.

Мулку кишвар элига дод айла,
Адл ила иккисин обод айла.

Тенгри ёди чу санга бўлди ҳисор,
Дод ила адл улус бирла шиор.

Чу булар бўлди, ўзингни хуш тут,
Ҳар баҳона била кўнглунгни овут.

Бир нафас айшдин ўлма ғофил
Ки, жаҳон мулки эрур беҳосил.

Бўлмағил ҳеч нафас ғафлат ила,
Адл қил, йўқ эса бўл ишрат ила.

Хар нафас васфини этмак бўлмас,
Чун ўтар, гардиға етмак бўлмас.

Чу фалак боиси ғамдур, хуш бўл,
Сийм пошандию соғаркаш бўл.

Элга сендин чу етар осойиш
Тенгриднн айла тамаъ бахшойиш.

Ки, қилиб лутф этгай ҳаййи ғафур
Дунию охиратингни маъмур.

II

Соқиё, тут манга жоми майи ноб,
Жоми май демаки, лаъли сероб.

Ранги ёқут суйидин тимсол,
Қайси ёқутки, лаъли сайёл.

Дами Исо кеби кайфият анга,
Оби ҳайвон кеби хосият анга.

Ки, манга берсанг ани, сипқарайин,
То даме маст ўлуб ўздин борайин.

Ки, мени шоҳи замон ҳижрони
Уйла қилмишкн, дейолмон они.

Шоҳи Жам қадр замон ичра бадиъ,
Ҳар бадиъ ишта макон ичра рафиъ.

«Хамса» ичраки, анга ҳар бир ҳарф
Баҳр эрур, зимнида юз дурри шигарф.

Достонларки, нигориш қилдим,
Анинг отиға гузориш қилдим.

Айладим панд тариқида ғулу,
Юз туман фойдалардин мамлу.

Ед тутмиш эди шаҳзода барин,
Билиб эрди шаҳи озода барин.

Онсизин панд анга ҳожат эмас,
Ақли кулл оллида эл панд демас.

Қайдаким, бўлса худо ёри анинг,
Поклар руҳи мададкори анинг.

Кош айёми висолин кўрсам,
Яна бир қатла жамолин кўрсам.

III

Соқиё бодаи мастона кетур,
Дайрдин бодапарастона кетур.

Уйла майким, чу кўруб бодапараст,
Ичкуча атридин ўлғай сармаст.

Нашъаи бахш уйлаки оҳанги «Ироқ»,
Талх ул навъки, хуноби фироқ.

Мутрибо, сен доғи оҳанге туз
Лаҳнида ранги Ҳусайни кўргуз.

Ҳам Ҳусайни сўзидин ранги ғариб,
Ҳам ғариби дамидин байти ажиб.

Соз айлаб, мени ҳам шод айланг,
Бир нафас қайғудин озод айланг.

Шоҳлар нодири атвор ичра,
Нуктаю диққату ашъор ичра.

Қилди чун тенгри мулойим ани,
Асрадик ҳифзида доим ани.

Руҳпарвар сўзи бўлсун ўзидек,
Руҳгустар ўзи бўлсун сўзидек.

IV

Соқиё, тут қадаҳи моломол,
Ранги хуноб сиришкимдек ол.

Поклар ишқи кеби нашъаси тез,
Шўхлар ҳусни кеби шўрангез.

Қатраси лаъл вале руммони,
Қайсн руммон, дегил ардистони.

Манга берким, чу ани қилсам нўш,
Зойил ўлсун хираду донишу ҳуш.

Сўнгра ул кони латофатқа тутай,
Қурратул-айн хилофатқа тутай.

Ул доғи ичтику ҳушхол ўлдик,
Ғаму меҳнат анга помол ўлдик.

Токим ул бода била топқач ком,
Ҳар тараф азм этибон қилса хиром.

Ҳар неким коми муяссар бўлсун,
Барча аъдоға музаффар бўлсун.

V

Соқиё бода кетур ёқути,
Руҳнинг қуввати, жоннинг қути.

Таъм анга шарбати ҳижрон янглиғ,
Лавн анга лаъли Бадахшон янглиғ.

Ложуварди қадаҳ ичра ани сол,
Чархи мийнода шафақ айла хаёл.

Боқибон қуббатул ислом сари,
Ичусун ушбу ғам ошом сари.

Улки Ҳайдар отидур, хулқи ҳасан,
Ҳар неким қилса, бари мустаҳсан.

То абад ҳашматидин топсун ком,
Мулки исломда аҳли ислом.

VI

Соқиё, жоми лабо-лаб тутқил,
Адаб асраю муаддаб тутқил.

Бодаеким, неча еткурса тараб,
Ортқай табъиға таъзиму адаб.

То боқиб Марв сари бош урайин,
Бошни кўк манзаридин ошурайин.

Санжари мулкига бўлған ворис,
Санжари сонию балким солис.


Ёди бирла тутай ўзни бир дам,
Бу ғамобод жаҳонда хуррам.

Шоҳи Абулмуҳсин, фаррух дийдор,
Умр ила давлатидин бархурдор.

VII

Соқиё, бодаи гулфом кетур,
Майи гулранг солиб, жом кетур.

Бодаким, руҳ деди ани ҳаким,
Руҳ қути атади табъи салим.

Ховарон лоласидек олтун жом
Ким, анга тушса бу роҳи гулфом.

Ҳайъат ичра гули раъно бўлғай,
Ичса Шаҳзода, муҳайё бўлғай.

Жоми то ҳашр лабо-лаб бўлсун,
Неча сипқарса, яна ҳам тўлсун.

VIII

Соқиё, тут қадаҳи шавқангез,
Су кеби софию ўт янглиғ тез.

Суйи кавсар суйидек жон афруз,
Ўти дўзах ёлинидек пурсўз.

То ичиб, арбада бобин очайин,
Ҳайрманд ариғидек каф сочайин.


Нўш этай чархнинг имдоди била,
Нимрўз аҳли шаҳи ёди била.


Таъбиға барча ниҳонлар маълум,
Гарчи май нўш ва лекин маъсум.

Кишвари Зобил анга арзони,
Рустами Зол тақи дарбони.

IX

Соқиё, жоми ҳилоли тутқил,
Бода хуршид мисоли тутқил.

Лавн анга лаъли Бадахшон янглиғ,
Ламъаи хуршиди дурахшон янглиг.


Қатраси ахтари рахшанда кеби,
Чун томиб барқи дурахшонда кеби.

Ҳам ўшул жоми ҳилоли била тут,
Бохтар шоҳи хаёли била тут.

Ақли ҳар ишта расо, табъи салим
Ким, эрур нақди Ҳусайн Иброҳим.

Мулк анинг адлидин ўлсун бўстон,
Бар ҳади кишварининг Ҳиндистон.

X

Соқиё, тут майи фархунда асар,
Фаррух ойин қилиб олтун соғар.

Ани ичкан киши тарк айлаб ҳуш,
Нукта  сургай,  нечаким бўлса хаму

Камсухан элни суханвар қилғай,
Ҳар сўзин уйлаки, гавҳар қилғай.

Ичса, бўлғай шаҳи фархунда маош
Илги зарпошу тили гавҳарпош.

Коми андоқки, керактур ҳосил,
Шоҳ иқболидин ўлсун юз йил.

XI

Соқиё, жоми дилоро хуштур,
Ичида роҳи гуворо хуштур.

Жоми поку майи ноб андин пок,
Қуёшу чашмаи ҳайвондин пок.

То ани ичгали кўргузса ҳавас,
Салтанат боғида сарви наврас.

Ҳам анинг базмиға лойиқ бўлғай,
Пок табъиға мувофиқ бўлғай.

Шаҳға мақбул доғи мулкга зайн,
Сўзи матбуъ ўзидек ибн Ҳусайн.

XII

Соқиё, тут манга гулбўй қадаҳ,
Халқ кўнглидин аламшўй қадаҳ.

Уйлаким солса кўнгул уйига нур,
Тийраликни итирур шамъи сурур.


То берай, кўнглум ўлуб гулшанвор,
Кўзга шаҳзода юзидин анвор.

Анга берсун, ё раб, то бо абад,
Руҳ ила Қосим Анвар мадад.

Чун сўзи хуштур, ўзи хушҳаракот,
То абад бўлсун анга умру ҳаёт.

XIII

Соқиё, жоми ғарибона кетур,
Мен ғариб ичсам ани, ёна кетур

Ким, келур кўнглума ул икки ғариб
Ким, ул иккини жало қилди насиб.

Айру шаҳ янглиғ атодин ҳам алар,
Юз туман комраводин ҳам алар.

Не экин ҳоллари ғурбат аро,
Бошқа ғурбатда келур шиддат аро.

Ахтари толиъ ўлуб баргашта,
Бул-ажаб қавм аро саргашта.

Ўзга мулк, ўзга диёр, ўзга даман,
Ўзга халқ, ўзга макон, ўзга ватан.

Туш кўрарларму экин шоҳни ҳеч,
Ватану маскану бункоҳни ҳеч.

Иккиси ёди била бир қўш тут
Ки, кўнгулдин манга бўлмаслар унут.

Ҳимматин кош барон тутқай шоҳ,
Келгали ул иков иншооллоҳ.

XIV

Соқиё, қил тўла жоми заркор,
Бир ғазал бошла Фаридун осор.

Комнинг бодаси доғи рангин,
Назмнинг нуктаси доғи ширин.

Назм адосида мувофиқ ясаб ун,
Жоми май назми нигорандаға сун.

Ул иков ёди била ичсун қўш,
Сўнгра қору санга қилдирсун нўш.

Сен доғи дурди жоминг манга тут,
Қўшдин ул доғи берсун сарқут.

XV

Соқиё, тут қадаҳи мийнойи
Ки, улус ақлин этар шайдойи.

Англа мийно қадаҳ ичра майи ноб,
Жоми фирузада ёқути музоб.

Бўлсун чун бода учун базм аро
Султон Вайс ибни Бойқаро.

Анга ҳангомаи шавқимни айт,
Доғи шеъримдин ўқуғил бир байт.

Ким, жаҳон бўлғуча комин бўлсун,
Айш базмида мақоминг бўлсун.

Бўлсун учмоқ аро ҳақдин мағфур,
Отаси Бойқаро ибн Мансур.

XVI

Соқиё, жоми жаҳонбин олғил,
Ичига бодаи рангин солғил.

Жоми Жам ҳайъатининг мазҳари ўл,
Балки ойинаи Искандари ўл.

Кишига қайғудин ўлса зулмот,
Журъаси бўлғай анинг оби ҳаёт.

Саъй қил, Хизр суйи тўлсун анга,
Чун ичар, оби ҳаёт ўлсун анга.

Отою оғосиға ҳаййи мубин,
Равзаи хулд аро берсун таскин.

XVII

Соқиё, тут қадаҳи ақлзадо,
Ким анга юз хираду ақл фидо.

Қатраи қилса куҳан пир ани нўш,
Навжувон ўлғай, этиб жўшу хуруш.

Тут ангаким, эрур иш огоҳи,
Мафхари дудаи Мироншоҳи.

Дейки, эй хисрави гардун рифъат,
Не қолур салтанату не шавкат.

Шаҳри Хай, мулку ҳашамни кўрдунг,
Сен доғи мулку ҳашам кўп сурдунг.

Англадинг шохлиғ аҳволини ҳам,
Курагон тахтию иқболини ҳам.

Барча шаҳларға ато ўринғасен,
Ё жади комраво ўрниғасен.

Санга олий боридин мартаба ҳам,
Яна кўпрак баридин тажриба ҳам.

Айта олмон санга, эй донишвар
Ким, бор эрди шаҳ ила ҳар кишвар.

Айт, ул шоҳи фалак жоҳ қани?!
Йўқса Баҳмону фалон шоҳ қани?!

Лек дермен қани ул кўзунга нур,
Жисмннга қуввату кўнглунгга сурур.

Салтанат боғида сарви гулчеҳр,
Макрамат авжи уза рахшон меҳр.

Илм афлокида бир жис маҳал,
Барча ашкол ўлум олида ҳал.

Назму насриға Уторуд мафтун,
Ҳар савол этса, жавобида забун.

Шаҳлиғу илму йигитлик чоғи,
Фонию сўфию солик доғи.

Васфи теъдод ила сондин ортуқ,
Ҳар неким, айтсам, андин ортуқ.

Буйла офоқ аҳли нодирасин,
Илму фақр аҳли шарифу сарасин.

Кўрки, афлоки таадди пеша,
Чархи бадмеҳр, хилоф андиша.

Қора туфроққа начук қилди ниҳон
Ки, қорарди манга ҳажрида жаҳон.

Қани ул меҳри жаҳонтоб охир!
Қани ул гавҳари ноёб охир!

Чархдин кўп киши кўрди бедод,
Буйла бедод киши кўрмас ёд.

Ҳар неча давр вафо этгусидур,
Анга неттики, санга этгусидур.

Чун будур давр, неча кун хуш бўл,
Бебақо даврда фонийваш бўл.

Ўзгалар пандиға бергил пайванд,
Йўқса бастур санга бу воқиа панд.

XVIII

Соқиё, май туту қўйғил сўзни,
Хон қурултойиға еткур ўзни.

Соф май жом аро гар дилкашдур,
Тўстуғон ичра қимиз ҳам хушдур.

Эй йиров, сен ҳам ишингни кўргуз,
Ётўғон бирла улуғ йирни туз.

Ётўғончию йиров тузгач ун,
Сен қадаҳ олу тўқуз қотла юкун.

Тўра бирла бош уруб тут хонға,
Сарқутин бер мени бесомонға.

Ўзни ул сарқут ила маст қилай,
Сўзни хон базмида пайваст қилай.

Ким аё тўрт улусқа ворис,
Фахр этиб зотинга руҳи Ёфас.

Аслу гавҳар била хонлар хони,
Жавҳари зот ила жонлар жони.

Шаҳға меҳмону, азизу дилбанд,
Ҳам қариндош, яна ҳам фарзанд.

Кўрки, сен кимсену қайдин келасен,
Қайси мулк ичрасену ким биласен.

Ҳеч шаҳ топмади бир хон сендек,
Бу улус кўрмади меҳмон сендек.

Будур уммидки, шаҳ давлатидин,
Эҳтимомию бийик ҳимматидин.


Улча мақсудинг эрур, еткайсен,
Комрон мулкунгга азм эткайсен.

Ота тахтида топиб истиқлол,
Қилғасен хасмларингни помол.

Лек меҳмонга керак уйла маош,
Ким агар мулкига азм айласа фош.

Мизбонларға малолат еткай,
Хайр бирла эл ани ёд эткай.

Шукрким, беҳад эрур яхшилиғинг,
Андин ортуқ доғи яхши қилиғинг.

Ҳожат эрмас санга бу янглиғ панд
Ким, санга панд элидур ҳожатманд.

Ҳам бу янглиғкн, шиор айлабсен,
Халқнн хулқунгга зор айлабсен.

Тенгри қилсун сенга тавфиқ рафиқ,
Ҳам қилур ишта рафиқинг тавфиқ.

Шаҳға сенсен чу рафиқи жони,
Бир-бирингизга бўлунг арзони.

XIX

Соқиё, тут қадаҳи султоний,
Ичида роҳи анинг райҳоний.

Ким, ани ичса гадойи муҳтож,
Бўлғай оллида гадо соҳиби тож.

Масти оллида гар афлок ўлғай
Паст ул навики, хошок ўлғай.

Тут ангаким, иши бўлди тамкин,
Оти султон, ўзи дарвиш ойин.

Ҳиммати рифъати афлок сифат,
Нафсининг пастлиғи хок сифат.

Рифъат аҳлиға забардаст келиб,
Хоквашлар қошида паст келиб.

Чун анинг комиға еткай бу қадаҳ,
Нашъасидинки, аён бўлса фараҳ.


Айтким, шукрға бўлғил мойил,
Тенгридин бир нафас ўлма ғофил.

Ким, сени фақрға мойил қилди,
Фақр атвориға қобил қилди.

Шоҳ дарвешваш эрса, шаҳдур,
Шоҳу дарвеш ишидин огаҳдур.

Улки, бу қоида мумтози эрур,
Шоҳлар шоҳи Абулғози эрур.

Қилди бу шоҳни тақдир санга,
Ҳам шаҳу ҳам ато, ҳам пир санга.

Атою пиринг эрур шоҳи замон,
Оғою қардошу махдуминг хон.

Иккиси хидматидин хушҳол ўл,
Тенгрига аҳлият бу хидмат била йўл.

XX

Соқиё, жоми Каёний келтур,
Қути арбоби маоний келтур.

Бодаи ламъаси андоқ равшан
Ки, кўнгул ҳужрасида қилса ватан.

Неча ёшунса хаёл абкори,
Зоҳир ўлғай барининг рухсори.

Қайда ул шоҳваши равшан рой
Ки, бўлуб давлат ила базморой.

Ани тут хидматида ҳурмат ила,
Сўнгра арз айла бу сўз хидмат ила.

К-эй шараф авжида меҳри иқбол,
Боғи давлат аро фархунда ниҳол.

Шаҳлиғ Одамғача зотингға насаб,
Одам авлодида йўқ сенча ҳасаб.

Тенгри ончаки санга берди камол,
Айла лойиқ бу камолингға хисол.

Фазл касбиға кўп ўлғил машғул,
Топмасун йўл вале оллингда фузул.

Сени ҳақ айлади чун гавҳари пок,
Поклар суҳбатидин айлама бок.

Поклар ҳодийи роҳинг бўлсун,
Қодири пок паноҳинг бўлсун.

Бода куфри сари бўлма мудмин,
Ҳақдин ўлди лақабинг чун Муъмин.

XXI

Соқиё, базмда тут жоми висол,
Ким келур ёдима айёми висол.

Ўтти бир қарики, ҳижрон аромен,
Васл айёмиға армон аромен.

Меҳрибонлар қани, аҳбоб доғи!
Ҳамнишинлар қани, асҳоб доғи!


Барча ғурбатқа хиром айладилар,
Хулд боғини мақом айладилар.

Ҳар бири ҳажрида кўп ўртандим,
Купга чун чекти фироқ ўргандим.

Бириким қолди, басе кўп қолсун,
Умр комини жаҳондин олсун.

Чун вафойи била бўлди машҳур,
Айласун умри вафо бирла зуҳур.

Кўнгли чун топти вафо ичра сафо,
Деки, мундоқ дедилар аҳли вафо.

Ким, вафо соғаридин олсанг ком,
Ич, вафо аҳлини ёд айлаб, жом.

Андаким, ҳажр камиятин сўрдум,
Бир-ики ёр санга топшурдум.

Бири ҳам ёр манга, ҳам фарзанд,
Жонға орому юракка пайванд.

Бири ҳамсуҳбату, ҳамдарду рафиқ,
Туққанимдин доғи юз қатла шафиқ.


Ул бири гулшани умрумда тазарв,
Бу бири боғи ҳаётим аро сарв.

Ул йигитлар сафининг зебоси,
Бу йигитлик фанининг доноси.

Ул жаҳон нодираси ҳар фанда,
Бу қилиб ҳар фан элин шарманда.

Ул бири оти чу мазкур бўлуб,
Мирзобек ила машҳур бўлуб.

Бу бири исмини айларда хитоб,
Мир Дарвеш дебон шайх ила шоб.

Ҳам анинг фурқати куйдурди мени,
Ҳам мунинг ҳасрати ўлтурди мени.

Жонға ҳижронларидин тушмиш печ,
Бу икавнинг хабарин топмай ҳеч.

Санга зоҳир эса, пайғом этгил,
Ҳар не маълумдур, эълом этгил.

Хулд аро бор эсалар базморой,
Вой ҳижронларидин, юз минг вой!

Ҳақ сени даҳрда боқий тутсун,
Шодлиғ соғари соқий тутсун.

Сен қилиб нўш тириклик жомин,
Муғтанам англа ҳаёт айёмин.


Кўрки, умр элга вафо айладиму,
Чарх жуз жавру жафо айладиму?!

Билки, оламда не шаҳ қолди, не бек,
Шоҳи мағфурдегу бекларидек.

Қани султону шаҳиду хайли,
Барчасин ёпти ажалнинг зайли.

Қани Қанбар Алию, қани Мазид?!
Қани Султону, қани Нури Саид?!

Ҳар бири ўзни тутуб олий шон,
Биридин қолмади оламда нишон.

Барча гар кетти, сен ўлғил жовид,
То абад умрдин ўлма новмид.

Майи мақсуд ила жоминг тўлсун,
Тенгридин офиятинг хайр ўлсун.


XXII

Соқиё, жомға қуй майдин сайл,
Майи хуршиду анинг жоми Суҳайл.

Йўқ Суҳайлики, бўяр хорони,
Улки гулранг қилур сиймони.

Ким, Суҳайли саридур зор кўнгул,
Қўп тилар суҳбатин афгор кўнгул.

Топмасам ўзни висоли бирла,
Нўш этай ани хаёли бирла.

Очмасам шамъи жамоли била кўз,
Ҳам хаёли била айтай неча сўз.

К-эй жаҳон халқи аро зоти нафис,
Зотинга фазлу адаб икки анис.

Дурри назминг суйи ул навъ равон
Ки, оқиб суфтидин оби ҳайвон.

Сенсен улким, яна йўқ сен кеби зот,
Нақди маъни била фархунда сифот.

Сени қилди фалаки гарданда
Даҳр аро бир гарави арзанда.

Сен эдингким, манга дамсоз эрдинг,
Ҳар ниҳон нуктада ҳамроз эрдинг.

Зулмларким, манга бу чархи дани
Қилди, қайдин топай айтурға сани.

Ким бири бу эдиким, солди йироқ
Сени, бағримға қўюб доғи фироқ.

Манга гар дарду ғам анбуҳ ўлди,
Қисматим ғуссаю андуҳ ўлди.

Сен фалак меҳнатидин шод ўлғил,
Даҳр бедодидин озод ўлғил.

Олами ҳузн аро бўлма ғамда,
Ўзни хуш тут неча кун оламда.

Кимки, назм ичра гуҳаррез ўлди,
Нуктаси муъжиза ангез ўлди.

Лафзи жонбахши нафис анфоси,
Хосият анда ўлук эҳёси.

Саъдию Хусраву Салмону Камол
Ким, эди ҳар бири бешибҳу мисол.

Гарчи чарх этти барин мутавори,
Сен алар ўрнидадурсен бори.

Қайсининг маъразидаким, кирдинг,
Жонин олдинг демайин, жон бердинг.

Ҳар неким айладинг ўтруда савод,
Айладинг ҳар бирининг руҳин шод.


Шодлиғ таркини тутма охир,
Ҳам бу ғамингни унутма охир.

Кимки келса бу тараф, ёд айла,
Тараб ойин сўз ила шод айла.

XXIII

Соқиё, тут қадаҳи руҳосо,
Мавж суҳони била ғамфарсо.

Ким, киши айласа ул сари майл,
Айлагай руҳини соқийға туфайл.

То туфайли била мажлис қурайин,
Бир неча нукта анга еткурайин.

Айтай, эй назм элида нодир,
Рақаминг сиҳру хаёлинг соҳир.

Шеър баҳри аро ғаввоси шигарф,
Дурри макнун сўзидин ҳар бир ҳарф.

Токи сурдунг варақ узра хома,
Назмга тездурур ҳангома.

Анварий бўлсину ё Хоқоний,
Форёбий ё Исфаҳоний.

Чунки сўз оби ҳаётин суздунг,
Руҳини барчасининг тиргуздунг.

Мадҳ услуби эди беравнақ,
Бал чиқиб эрди ародин мутлақ.

Ҳар қасидаки, тузатти рақаминг,
Ё саводин рақам этти қаламинг.

Бўлди маъни юзидин бир олам,
Ул савод анда саводи аъзам.

Ангаким, хома гуҳарбор ўлғай,
Ҳайфким, бухл ила бекор ўлғай.

Кам демак сўзни ҳунар келди мудом,
Санга лекин бу эрур айби тамом.

XXIV

Соқиё, тут қадаҳи ойинаранг
Ки, кўнгул кўзгусидин очқай занг.

Бода гулрангу қадаҳ ойинафом,
Сую май мазжини фаҳм эткай ком.

Токим, ул жоми маоний бирла
Сурайин ҳарф баёни бирла.

Эй Баёний, бил ўз оллингда аён,
Нуктаким, айлагум оллингда баён.

Муни англаки, азалда маъбуд
Ҳеч шай қилмағанида мавжуд.

Руҳдин танға хабар йўқ эрди,
Офаринишдин асар йўқ эрди.

Етти иқлим ила тўққуз гардун,
Балки бу дабдабаи кунфаякун,

Бўлғанидин сен эдинг барча ғараз
Ким, яратилмади зотингға эваз.

Ул амонатки, еру кўк била тоғ
Ҳамлиға тўзмади арз эткан чоғ.

Бу оғир юкка сен эрдинг ҳомил,
Сирру розиға амину комил.

Мунгаву буйла басе диққат аро,
Мушкил аҳволу ажаб ҳолат аро.

Ёр сендек нечалар бор эдилар,
Суҳбатимда кечалар бор эдилар.

Фалаку анжум аро солиб кўз,
Васфида кўп узалур эрди сўз.

Фалаку анжуми бемеҳру дани,
Барчасиз қилди сени, доғи мени.

Даъвии муғтанам ўзни қилмон,
Сени худ ғайри ғанимат билмон.

Мени хуш тут демак эрмас дилкаш,
Бир нафас бори ўзунгни тут хуш.

XXV

Соқиё, жом кетур дарёваш
Ки, замоне бўлайин дарёкаш.

Ки, тириклик нафаси пеш эрмас,
Хизр умри ҳаваси беш эрмас.

Ким сумурган нафас ул дарёни,
Сочайин юз дурри беҳамтони.

Баҳрким, қатраси бўлғай дури пок,
Дема дур, лаъл — бори оташнок.

Оташин лаълни ахтар янглиғ,
Уран эл жониға ахгар янглиғ.

Чекайин мотамиёна ошуб,
Хаста кўнглумни қилай хорокўб.

Телбалар таври алоло айлай,
Телба итлар кеби ғавғо айлай.

Чекайин оҳ юракдинки, сипеҳр
Пардаға чирмасун ойинаи меҳр.

Айб эмас, гар бу сифат мажнунмен,
Кўрки, кимнинг ғамидин маҳзунмен.

Қани улким, фалаки даҳр навард,
То эрур саъй била даврон гард.

Бир анингдекни тилаб олам аро,
Топмади жинси бани одам аро.

Балки то бўлғусидур даврони,
Ҳам эмас топмоғининг имкони.

Маъни аҳлиға имоми барҳақ,
Ҳақдин ислом аро қутби мутлақ.

Тобию хайли тариқат аҳли,
Солики амри ҳақиқат аҳли.

Кўксининг вусъати юз минг олам,
Кўнглининг ончаки, арши аъзам.


Рутбаси андаки, юз пайки хаёл,
Урса юз минг қадами барқмисол.

Рифъати қатъида топмай воя,
Балки юз поясидин бир поя.

Васфида деса хирад фазлу фунун,
Ақл кул васфи дегай саръу жунун.

Арш урфонида бир паст мақом,
Маст жоми азали орифи Жом.

Мен кеби заррани ул янглиғ меҳр,
Буйла туфроғни ул андоза сипеҳр.

Юз ўзум ҳаддича эъзоз айлаб,
Васфлар бирла сарафроз айлаб.

Сиҳр тасниф аро сурмай қалами
Ки, менинг отима чекмай рақами.

Хомасин қайда қилиб нуктафишон,
Қўйибон мендин ҳам анда нишон.

Хослиғ наътини зотимға чекиб,
Ерлиғ васфини отимға чекиб.

Чарх бу меҳрин айлаб ғориб,
Меҳрсизлиғдин ичимни ёриб.

 Сабру тоқат нечаким кўргузайин,
Буйла фурқатқа не янглиғ тузайин.

Ҳам магар ҳушни дафъ айлар жом,
Бергай ошубима бир дам ором.

XXVI

Соқиё, тут қуюбон жоми фано,
То кўрайким, недур анжоми фано.

Ул фано жомини чун сипқарайин,
Маст ўлуб, дайри фаноға борайин.

Риндлар базмиғача ком чекай,
Ул харобот элидин жом чекай.

Бўлубон жоми фанодин бебок,
Фониёна қилайин хирқани чок.

Ул фано аҳли аро болодаст
Ким, фано туфроғида эрди паст.

Гарчи бор эрди тани хокнишин,
Руҳиға манзил эди иллайин.

Фонийи мутлақ, озода ҳам ул,
Гармрў, солики афтода ҳам ул.

Йўқ фано дайрида ўздин хабаре,
Қолмайин ўзлукидин ҳам асаре.

Манга зоҳирда атову устод,
Лек маъни аро пири иршод.

Мен анинг бандалиғиға хурсанд,
Ул дебон лек рафиқу фарзанд.

Ҳар ғамеким, етибон даврондин,
Мен топиб барча нажотин ондин.

Дафъ айлаб, чу кўруб менда малол,
Мушкили етса, доғи ул ҳаллол.

Лақаби Сайид ўлуб, оти Ҳасан,
Лақаби янглиғ оти мустаҳсан.

Ани ҳам чархи мухолиф пеша,
Гардиши даври хилоф андеша.

Берди йўл равзаи жаннат сари,
Мен тушуб дўзахи фурқат сари.

Сўгвор ўлмишам офоқ ичра,
Мотами чархи кўҳан тоқ ичра.

Кимга бу навъ кишилар кетгай,
Ул қолиб, ноладин ўзга неткай.

Бўлмағай меҳнату дардимиға адад,
Бўлмаса руҳидин уммидн мадад.

Топа олмон мени ошуфта мнзож
Бодадин ўзга бу дардимға илож.

XXVII

Соқиё, паҳлавий ойин май тут,
Паҳлавий лаҳн ила кўнглумни овут.

Паҳлавонона кетур соғари жарф,
Қуюбон майдин анга баҳри шигарф.

Берки, тарки хираду ҳуш қилай,
Паҳлавон ёди била нўш қилай.

Ул тариқ аҳлиға шоҳу сархайл,
Бал тариқатда мутеъи ҳар хайл.

Меҳрваш торам тафрид ичра,
Исавий мартаба тажрид ичра.

Қувват ичра анга ўн пилча зўр,
Хоквашлиғ аро юз ончаки мўр.

Хонида чархваш афрод ғулу,
Барчаға ҳавсала андин мамлу.

Ризқ учун даъби гадоларға наво,
Тутубон барчаға лек ўзни гадо.

Неъматобод чу бунёд қилиб,
Халқни неъмати обод қилиб.

Ҳар гадо илгида бир қурси фатир,
Исиғ ул навъки, бир меҳри мунир.

Таври ҳар фанда келиб мустаҳсан,
Балки ҳар фан аро табъи якфан.

Фан адворда сеҳр айлаб фош,
Баҳри ашъорда худ гавҳарпош.

Қувват аҳлиға ҳамовард келиб,
Лек дард аҳлиға ҳамдард келиб.

Ҳар бағир ярасинннг марҳами ул,
Қирқ йиллиқ бу гадо ҳамдами ул.

Махфий асрорда дамсоз манга,
Ҳар ниҳон розда ҳамроз манга.

Бори ҳамдамлар ичинда фардим,
Ёриму, ҳамнафасу ҳамдардим.

Ани ҳам чархи таадди ойин,
Мендин ойирдн, қилиб қасдима кин

Ҳажрида сабру қарорим йўқтур,
Ғамда жуз нолаи зорим йўқтур.

Дарду ғам боисидур ҳушу хирад,
Қани майким, қилай ўзни бехуд.

XXVIII

Соқиё, кел менга тут бодаи ишқ
Ким, эрур хилқатим афтодаи ишқ.

Бодаким, оғзиға ҳар ким олғай,
Пайкари хирманиға ўт солғай.

Токим, ул ўтқа ўзумни ташлай,
Дарди ишқим ўтидин сўз бошлай.

Ким, нелар қилди мени зорға ишқ,
Жони зору тани беморға ишқ.

Кўнглум олди бути шўхе ногаҳ,
Қолмадим ишқида ўздин огаҳ.

Ул парий васли чу бўлди матлуб,
Телбалик қилди кўнгулни мағлуб.

Чун жунун ишқ ила бўлди дамсоз,
Асрай олғайму киши кўнглида роз.

Аниким, маҳрами асрор дедим,
Дарддин кўнгли хабардор дедим.

Чидай олмай қатиқ аҳволимдин,
Оллида шаммаи ўз ҳолимдин.

Дедиму, ваҳ, демагай эрдим кош
Ким, демас сўзнн ўзум қилдим фош.

Зор жисмимға анолар келди,
Телба бошимға балолар келди.

Чарх ёғдурди манга тиғи ситам,
Балки даврон ҳаму даврон эли ҳам.

Кимки, ёрим эди таври аҳсан,
Бўлди жонимға қатиқроқ душман.

Узу ёт неши малолат урди,
Еру кўк бошима тош ёғдурди.

Ақрабо танға уруб тиғи жафо,
Кўзума игналар урди зуафо.

Кечибон боштин аёғдин туштум,
Ўлгали заъф ичида ёвуштум.

Дарду ранжим ҳадду ғоятдин кўп,
Маразим бўлди наҳоятдин кўп.

Танда юз дарду суубат кўрдум,
Жонда юз онча уқубат кўрдум.

То ишим ўлмак ила тутти қарор,
Бўлди бошимдин атиббоға фирор.

Мен бўлуб умр ила жондин новмид,
Шаҳ бериб васл уммидиға навид.

Яна бу сўз била жоне топибон,
Бир дам ўлмакдин амоне топибон.

Мени бадрўзға, ваҳ, қайси висол
Ким, хаёлимда висол эрди муҳол.

Мингдин ортуқ манга тобиъ била хайл,
Бири имдодима кўргузмади майл.

Улки, ишқида малолим бу бўлуб,
Шиддати ҳажрида ҳолим бу бўлуб.

Демайин бир доғеким, беморе,
Ишқим ўти аро куйган зоре.

Бир бузуғ кунжида афгор ўладур,
Дарди ҳижроним аро зор ўладур.

Борибон шефта кўнглин сўрайин,
Лутф ила жисмиға жон еткурайин.

Ўтти бу зорлиғимға икки йил,
Ҳар замонин икки йил чоғлиғ бил.

Эмдиким, юзида хат бош урмиш,
Гулиға сабза сипаҳ келтурмиш.

Гаҳ-гаҳе ҳолима парво айлар,
Саъб ҳолимни тамошо айлар.

Лек билмон анга кимдур асҳоб,
Ким била ҳар дам ичар бодаи ноб?

Ким била кундуз экин беҳуду маст,
Кеча қай базмда эркин побаст?

Кимга бу навъ бало бўлса насиб,
Маст хушроқдурур ул зори ғариб.

XXIX

Соқиё, кўнглум этар бода ҳавас,
Лутф қилғилки, эрурман бекас.

Тут ғариб ун била паймона манга,
Кўргузуб хулқи ғарибона манга.

Йиғламоқ ҳолима бир дам фан этай,
Зору бекаслигима шеван этай.

Ким, жаҳон ичра басе сайр эттим,
Дайру масжидқа доғи кўп еттим.

Гаҳ тушуб хайли муножот ичра,
Гаҳ қолиб аҳли харобот ичра.

Қавми-қавм ичра кўруб меҳнатлар,
Хайли-хайл ичра чекиб шиддатлар.

Юзланиб шавкату, жоҳу иқбол,
Қисматим бўлди басе мансабу мол.

Ҳар не эл қилди талаб, мен топтим,
Барчадин силкиб этак, кўз ёптим.

Улча мен топқали бор эрди ҳавас
Ким, топилмади вафо эрдию бас.

Бир вафо кимгаки, мен қилдим фош,
Юз жафо ўтруда эрди подош.

Кўз анинг йўлиғаким, еткурдум,
Кўзда юз неш балосин кўрдум.

Қайсининг оллидаким, қўйдум бош,
Ёғди бошимға жафосидин тош.

Кимки мадҳини деди неча тилим,
Тилади қилғай ани неча тилим.

Улки, авсофи манга ўлди рақам,
Истади айламак илгимни қалам.

Кўргузуб меҳр, жафо етти манга,
Жон бериб, дарду бало етти манга.

Олам аҳлида чу йўқ аҳли вафо,
Айларам мен доғи жонимға жафо.

Чун бир иш мумкин эмас оламда,
Йўқ эмиш жинси бани одамда.

Гарчи мен дард чекиб, ғусса ютай,
Ўзни не навъ ул иш аҳли тутай.

Даъвии кизб қилиб ўз сўзума,
Қиладурмен туҳмат ўз-ўзума.

Бир вафо аҳли агар даҳрда йўқ,
Дашту води элию шаҳрда йўқ.

Бу сифат соҳиби мен басдурмен,
Бевафолар кеби эрмасдурмен.

Авло улдурки, бу сўздин кечсам,
Май ўзум тутсам, ўзум-ўқ ичсам.

Йўқ вафо аҳлики, бир жоми вафо,
Тутса, қилмай манга бедоду жафо.

Шоми айш ўзни ўзум маст қилай,
Субҳи маҳшарғача бехуд йиқилай.

XXX

Соқиё, дўстлуғе кўргузгил,
Дўстга не қадаҳе еткузгил.

Ким, кирар дўстларим ёдимға,
Ўт солур хотири ношодимға.

Чектилар барча жамол узра ниқоб,
Уйлаким, меҳр жамолиға саҳоб.

Бириси пири Муаммойи эди
Ким, ҳарам бодияпаймойи эди.

Яна бири нағмазани соҳиби ҳол,
Ҳам анинг ҳамқадами Хожа Камол.

Мир Садр ўзни тутуб аҳли вифоқ,
Лек кўп эрди бадиънда нифоқ.

Ёр Танбал эди софу беғаш,
Зоти хуш, ҳаёти хуш, нуктаси хуш.

Яна бир олими Сабзорий эди
Ким, маоний дурри гуфтори эди.

Ҳар бири ўз таврида бешибҳу назир
Бордилар барча — не айлай тадбир.


Бўлайин ёдлари бирлан маст,
Яна то кимсага бўлмай побаст.

XXXI

Соқиё, айла тўла паймона,
Манга тутқил қадаҳи шукрона.

Бодаким, шиквани қилғай зойил,
Тилни ҳақ шукрига эткай қойил.

Нутқнинг гарчи шикоят дери бор,
Шукрдин доғи ҳикоят ери бор.

Ким, агар бордилар андоқ асҳоб,
Яна жамъи ҳам эрурлар аҳбоб.

Бириси Мир Атойи янглиғ,
Бири дарвиш Фанойи янглиғ.

Ул бири илм сипеҳри уза меҳр,
Бу бири фазл қуёшиға сипеҳр.

Ихтиёр улки, эрур нозук табъ,
Лутф майдони аро чобук табъ.

Осафий улки, не назм этса рақам,
Қиймати мулки Сулаймондур кам.

Яна бир келди Биноийки фунун,
Касбида айламади манъи жунун.

Яна бир дарду ғамим огоҳи,
Ҳамдамим, ёр зиёратгоҳи.

Яна бир Машҳадий — ул даҳрда тоқ,
Пок таҳриру каримул ахлоқ.

Бир шафиъдуру ул пок сифот
Ким, муаммода чиқармишдур от.

Бириси шориби жоми таҳқиқ,
Мунису раҳбару ғамхору рафиқ.

Яна девонаи Котиби, хаёл
Тушса, ҳар ғамға қилур дафъи малол.

Яна ҳам бир нечадурларки, оллоҳ
Лутф ила барчадин ўлсун огоҳ.

Ўзгасин қилмадим андин мазкур,
Ки, «Мажолис»да эрурлар мастур.

Гар алар тутти эса дашти адам,
Шукр, бу хайл эрурлар ҳамдам.

Шукр, неъматқа чу ҳамдаст бўлай,
Жоми шукрона ичиб маст бўлай.

Дарди ҳижрон эса ё софи висол,
Ҳар сабаб бирла бўлайин беҳол.

XXXII

Соқиё, базм ишидин бўлди фароғ,
Тутқил эмди манга отланур аёғ.

Бода гулгунини сол майдонға,
Мени мастона кетур жавлонға.

То тутай дайри фано жониби,
Йўл йўлда гаҳ енг солайин, гоҳи қўл.

То фано дайри фазосиға кирай,
Риндлар базми аросиға кирай.

Барчанинг хидматида ер ўпайин,
Ичуруб жоми муғона, қўпайин.

Мен доғи жом чекиб моломол,
Айлабон ўзни алардек хушҳол.

То бўлуб дайри фано аҳли маст,
Мену мендек яна юз бодапараст.

Шоҳлар шоҳу сарафрози учун,
Риндлар шоҳи Абулғози учун.

Ул кўҳан дайр гадойи бошлиғ,
Яъни ошуфта Навоий бошлиғ.

Масти оҳанги навойи қилоли,
Бе риё барча дуои қилоли.

Ким, фалак жомиға то бўлғай сайр,
Жом даврин тилагай зумраи дайр.

Умри шақлиқ аро боқий бўлсун,
Шоҳлар базмида соқий бўлсун.

Авжи хуршиди мақом ўлсун анга,
Жоми Жамшид мудом ўлсун анга.

Токи инсонға ҳаёт имкони
Бўлғуси, бўлсун анинг даврони.

Ҳам дуогўйи анинг аҳли яқин,
Ҳам малойика дегайлар омин.