Топ рейтинг www.uz
Ё ҲАРФИНИНГ ЯҒМОЙЛАРИНИНГ ЮЗ  КЎРГУЗМАКЛАРИ «ФАВОЙИД»ДИН

575
Эй юзунг устида тер гулбарги узра шабнаме,
Лек ҳар бир қатрадин бўлуб гулистон оламе.

Қатрадин олам гулистон бўлмағи тонг йўқки, бор
Баҳри раҳмат оразинг боғиға тушкан шабнаме.

Гул недин ер тутти эл бошида солу меҳрдек,
Топмамиш бўлса риёзингнинг шамимидин шаме.

Кўкка чун элтиб малак рахшинг ғуборин топмайин,
Зуҳра андоқ сурмаи, Кайвон анингдек парчаме.

Йўқ ажаб, отингға гар муҳри нубувват бўлса хатм
Ким, нубувват ҳалқасида йўқ сенингдек хотаме.

Сочқай эрди чашмаи хуршиддин ҳайвон суйи,
Ҳамдаминг бўлса эди Исои руҳуллоҳ даме.

Чун Навоий наътинг айтурға тилар бўлғай илм,
Не ажаб гар бўлса бот олимлар ичра аъламе.

576
Чу ҳар дам ул парий бегона бўлғай,
Яқиндурким, киши девона бўлғай.

Шабистон ичра сен ул шамъсенким,
Кавокиб даврида парвона бўлғай.

Кўруб холингни билдимким, қурутқон
Шикибим мазраъин бу дона бўлғай.

Майи лаълингдин улким, бўлди ранжур,
Анга доруш-шифо майхона бўлғай.

Не ер бўлғай дема минг ғамға манзил
Ки, гар бўлған бизинг вайрона бўлғай.

Биров жону жаҳондин истагай дўст
Ки, ҳам озода, ҳам фарзона бўлғай.

Навоий сенсиз ўлмай мужрим ўлмиш,
Гар олсанг жонинн, журмона бўлғай.

577
Бошимға кош гоҳе етса рахшин секретиб моҳе,
Су берсам кўзларимга хўйфишон рухсоридин гоҳе.

Малоҳат авжи бирла ҳусн бўстонида йўқ равнақ,
Қани бу боғ аро сарве, қани ул авж уза моҳе.

Дема охирки, йўқтур ишқ савдосида бир бедил,
Ани кўргилки, борму ҳусн бозорида дилхоҳе.

Не тонг афсурдадил бўлсамки, то ҳусн ўти ўчмишдур,
Кўнгулдин доғи  ҳаргиз чиқмамиш бнр шуълалиқ оҳе.

Не бўлғайким баҳори ҳусн аро очилса бир гулким,
Тушуб бир барқи ишқ, ўртансам андоқким, пари коҳе.

Кириб ишқу муҳаббат даштиға, эйким, яна ёндинг,
Муҳиқдурсен, нединким, топмадинг бу йўлда ҳамроҳе.

Навоий бор эсанг огаҳ, саломат мулки ҳам хуштур,
Ва лекин раҳбаринг бўлса йўли қатъида огоҳе.

578
Ул парий савдоси мен девонадин айрилмади,
То мени девонаю расвои олам қилмади.

Йўқ кўнгулда, ҳар  саримўйимда бир афғон эрур
Ким, жафоси неши ёлғуз кўнглума санчилмади.

Дедим ўлтур  эмдиким, ишқим  ниҳондур, оҳким,
Қилмади қатлим, бу иш оламға то ёйилмади.

Хаста ушшоқиға раҳм этти, мангг йўқ, гўйиё
Заъфдин ул хайл аро бор эрканимни билмади.

Тиғи то етти, кўнгулни чок қилди, турфадур,
Етмайин ул навъ су бу ғунчаға, очилмади.

Қолди айтилмай ниҳоний ишқ сирри ончаким,
Қолмади бир сўзки, бу маъни аро айтилмадн.

Неча қон ютқай Навоий бода тут, эй муғбача,
Ким хумори ҳажри ул майни ичиб ёзилмади.

579
Ҳалқаи зулфунг кўнгул чекмасму эрди, эй парий
Ким, гажакдин сончтинг қуллоблар ҳам бир сари.

Тобу печ эрмас гажакдаким, ажаб, йўқ печу тоб
Ким,  юзининг ўтиға тушмиш парийнинг бир пари.

Ўтда бир нохуш берур ис, ваҳ, муаттар айламиш,
Ўтқа тушган парға монанд икки зулфунг анбари.

Гўйиё эрмас гажакларда бу янглиғ тобким,
Чеҳранг ўти тобидин қайтардилар юз ҳар сари.

Чашмаи хуршид ул юз ёнида қуллоби зулф,
Солдилар гўё гажак ул чашманинг ўрдаклари.

Ўғридур ул зулф, воқиф бўлки, беҳад бийми бор,
Ҳалқаи қуллобиға тушса қулоғинг гавҳари.

Гар Навоий телба бўлса, йўқ ажаб, бу навънким,
Зулфининг занжирини қилди паришон ул парий.

580
Висолим шомича йўқ ҳажри субҳи меҳнатафзойи
Ки, равшанроқдурур  анинг қуёшидин мунунг ойи.

Муносибдур кўзум суртуб, қашисам кирпиким бирла,
Қичишса май ўтининг ҳирқати бирла кафи пойи.

Кеча кулбамға келсанг, муддаи манъидин эскарма,
Тўлун ой сайр этарда ит ҳурардин қайда парвойи.

Не тонг гар субҳи айшим тийрадурким, тонг ели эсгач,
Сочар кофир уза мушки хўтан зулфи сумансойи.

Шамол эркин дедим рахшин, чоқилғач барқдек куйдум,
Самум эрмиш ҳамоно бодпойи чарх паймойи.

Ёмон оламда эрдим шоми ҳажримдин биҳамдиллаҳ,
Ёрутти тийра кулбамни жамоли олам оройи.

Фироқ ичра эриклик, эй кўнгул, муҳликдурур билгил
Ки, ишқ аҳлининг ул суҳон келибтур умр фарсойи.

Кетар ҳушум, қачон эслармен ул бут қасри деворин,
Магарким, йуғрулубтур бода бирла дайрининг дойи.

Навоий ҳар мақом ичра наво кўргузса булбулдек,
Ажаб эрмас, нединким, гулдек ўлмиш ёри ҳар жойи.

581
Кўнгул чун сендин уздум, шодлиғ эмди муҳол улғай,
Очилмоғлиқ узулган ғунчаға не эҳтимол ўлғай.


Қадинг ҳам гул сочар, ҳам соя солур, ҳам хиром айлар
Ажаб гар гулшани фирдавс аро мундоқ ниҳол ўлғай.

Кўнгул бир пойбўс уммидидин зулфунгға боғланди
Ки, топқай ком чун зулфунг юрурда поймол ўлғай.

Су ҳайвон чашмасидин, ел Масиҳ анфосидин топса,
Қачон тўбиға нахли қоматингча эътидол ўлғай.

Жунунум кўйида бир тош захмиға ҳариф эрмас,
Неча  Фарҳод савдо тоғида Мажнунмисол ўлғай.

Кўнгул бирла хаёлинг уйла чирмалмишки, билмонким,
Хаёлинг кўнглум ўлғай, йўқса кўнглум ул хаёл ўлғай.

Лаби лаълинг майидин рашҳае топмиш зақан сари
Демаким, ранги майгун бу латофат бирла хол ўлғай.

Эмас майхонанинг синған сафоли дурдидек ичсам,
Агар жоми Жам ичра Хизр суйидин зилол ўлғай.

Тут, эй соқий, манга бир майки, анинг нашъаси еткач,
Кўнгул беҳол бўлғай, жонға ҳар дам ўзга ҳол ўлғай.

Хуш ул риндики, борғай кулбадин гулшанға борғандек,
Бақо мулкига чун дорул-фанодин интиқол ўлғай.

Навоий, тийрасин аҳли назар хокираҳин кўз тут,
Санга бу сурмадин шояд ёруғлуқ эҳтимол ўлғай.

582
Бода гулгул айламиш равшан узоринг боғини,
Уйлаким, сочқай сабо су узра гул яфроғини.

Дур тўла сандуқ дер ҳар ён темур гулмих ила,
Кўрган эл ишқинг тўла кўксумда ҳар ён доғини.

Не ажаб гулгун булут бўлсаю андин ёғса қон,
Чун совурса ел шаҳид этканларинг туфроғини.

Холингу лаълинг қатилидинки, қилди туъма зоғ,
Лаългун айлабтурур минқор ила тирноғини.

Занбақ анда лолагун буткай, шажарлар сурх бид,
Ҳар чаманға берса су қонлиғ сиришким ёғини.

Зое ўлди, эй кўнгул, ғафлатдин айёми шабоб,
Бори этма фавт исёндин инобат чоғини.

Кўр Навоий шуълаю оҳию эмгаклик танин,
Кўрмаган бўлсанг бало барқию меҳнат тоғини.

583
Бу байрамда қани шўхеки, жоним бўлса қурбони
Ки, тутса бода ранги уйлаким, қурбонилар қони.

Анинг жоми ҳилол ойин, шафақ осо майи рангин,
Тутуб ул соқийи ширин, сумурсам дам-бадам они.

Бўлуб ул чобуки маҳваш, неча соғар била сархуш,
Миниб бир тавсани абраш, чу бўлди азми майдони.

Тушуб дин аҳлиға офат, солиб ислом аро ғорат,
Бўлуб халқ ичра бир ҳолатки, қолмай кимсанинг жони.

Юзи майдин бўлуб гул-гул, паришон ҳар тараф кокул,
Ўзин асрарға йўқ Руҳул аминнинг ҳадду имкони.

Қабақ хайли аро ғавғо, намоз аҳлида  минг яғмо,
Дуода гунбади мийнодин ошиб халқ афғони.

Зиҳи иқбол анга ҳамдастким, ийд оқшоми пайваст,
Бу янглиғ чобуку сармаст анинг бўлса меҳмони.

Агар ийд истасанг ҳар дам, фано зайлини тут маҳкам
Ки, бир дамда ики байрамға учрар солики фоний.

Навоий зору музтардур, қатил  айларга дархурдур,
Жамолинг ийди акбардур, қил охир ани қурбони.

584
Ваҳким, яна бир муғбача диним йўлин урди,
Зуҳду вараъим хирманини кўкка совурди.

Маст айлади андоқки, тушуб оллиға бошим,
Бут оллида бу макр била сажда буюрди.

Торож этибон дину тоқиб бўйнума зуннор,
Юз йиллиқ куффор ҳисобиға кивурди,

Масти абадий бўлғуси мен янглиғ азалда,
Ҳар кимки, фано дайрида бир жом сумурди.

Оҳим тутуни кўкдин улуғлуққа ошибтур,
Бу дудни ул ой ғами гардундин ошурди.

Осуда сифатлиқ тиладим — пири тарийқат,
Даврон элининг улфатидин тарк буюрди.

Хуш бўлғай агар тутса Навоий сари ҳиммат,
Мақсад ҳарами бодиясин улки, югурди.

585
Ул шоҳу мен гадомен, ул тифлу мен қари,
Гар боқмаса менинг сари, ҳақ бор анинг сари.

Бир лаҳза тиргузуб мени, бир лаҳза ўлтурур,
Гоҳи бери югурса ўйин вақти, гаҳ нари.

Уйдинки, чиқти, кирмаки мумкин эмас ёниб,
Ёшдекки, кўзга кирмас, агар чиқса ташқари.

Ахтардурур, гаҳ рожиъ ўлур, гоҳ мустақим,
Чун шўхлуққа борса кейин, келса илгари,

Ою қуёшқа ўхшата олмасмен аниким,
Борур қуёшу ой кеби ҳар сари қуллари.

Эй муғбача, хумор ила дайр эшикиндамен,
Жоме юбор манга, тиламас бўлсанг ичкари.

Лайли ул ойға ўхшамади, лек ишқ аро,
Мажнунни ўтқа солди Навоийға ўхшари.

586
Бўлмиш бузуғ кўнгулда қошинг турфа сурати,
Вайрона ичра уйлаки меҳроб ҳайати.

Гар муддаи малак бўлубон кирса кўйига,
Болу парини ўртагай аҳбоб ғайрати.

Ҳуснунг ҳақиқатини кўнгул билмаса, не тонг,
Ҳар дам бўлур чу ҳайрати устида ҳайрати.

Доғи фироқ тоза қуюбтур ичимгаким,
Бағримни тоза куйдирадур доғи фурқати.

Ул юзга бу ҳавойи саргашта меҳрининг,
Хуршид бирла заррача бор элга шуҳрати.

Бир булъажаб мушаъбид эрур пири майкада,
Дайр ичра турфа муғбача ҳар сари луъбати.

Фард ўл, Навоиёки, бажуз ранж нафъи йўқ,
Ҳар кимки олам аҳли била бўлса улфати.

587
Оразинг кўрмакка, жоно, мунтазир эрдим ҳар ой,
Бир замонлиғ интизорим ул бир ойдин ўтти, вой!

Ул кўз ўқ отмоқни варзиш қилмас эрса, не учун
Боғламиш меҳроб шакли бирла мушкин икки ёй!

Субҳи иқболимға чекти шоми меҳнат пардасин,
Юз уза зулфунгки, кофур узра бўлди мушксой.

Ғунчадек кўнглумни очқан бўлса тиғинг чок этиб,
Тонг эмастурхим, бўлур доим равон савдо кушой.

Сенки, базми айш аро ҳар дам қилурсан қаҳ-қаҳа,
Не ғаминг андинки, йиғлармен ғамингдин ҳой-ҳой.

Софи ишрат дайр аро ичкан замон, эй муғбача,
Гоҳи эҳсон қил гадолар сари ҳам бир қатра лой.

Кўкта ойға йўқ Навоий майли зоҳир бўлғали,
Мовий ёғлиқдин юзунгнунг партави, эй кўркабой.

588
Эрур сероб андоқ оташин гулдин юзунг боғи
Ки, қилмиш жилва ўт бирла судин бир тоза яфроғи.

Тахайюл бирла нозук соийдин гар тўлғасам, томғай
Ҳал ўлған сийм андоқким, узулса инжу қўлбоғи.

Кесак кўйида янчиб асрарам кўз пардаси ичра,
Кетургандек биров коғазға чирмаб Каъба туфроғи.

Эмас гулбунда наврас ғунча ё хамлиқ тикан ҳар ён
Ки, булбулнунг қолибтур анда тумшуғ бирла тирноғи.

Хўйи рухсори ёди бирла бўлмиш музтариб кўнглум,
Балиғ янглиғки, гавҳарнинг мақоми бўлди қурсоғи.

Ажал олурда жонимни эрур ҳажринг шарик, аммо
Агар ул раҳм ҳам кўргузса, бўлмас рози ўртоғи.

Ема бозики, луъбатбоз эрур гардун фарсангға,
Бу луъбатларки, эл кўнглин олур анинг қовурчоғи.

Нетай гардун шабистонида анжумни шафақ ичра,
Шафақгун майни сузмай ичкум ўлса реза куп ёғи.

Кўзум ҳажр ўтидин бир шамъдурким, сарсари оҳим,
Ани чайқарда томиб қатра-қатра турмайин, ёғи.

Қариб, эй муғбача, зуннор ила бел боғладим, май тут,
Нединким, бўлди бу дайри фанодин азм этар чоғи.


Навоий, ҳосил эт ҳиммат қанотиким, учар қушқа,
Ҳаво қилганда мақсадға не мониъ дашт бўртоғи.

589
Юборди ёр базмидин манга бир пистаи қанди,
Олиб ўптумки, бор эрди лабию оғзи монанди.

Мени бемор ўлум ҳолида қилмайму ҳаваским, бор
Масиҳу Хизр анингдек жонфизо базм орзуманди.

Кўнгул ҳам анда, жон ҳам анда, ақлу ҳуш ҳам анда,
Не суд этгай бу ҳол ичра манга аҳли хирад панди.

Висол иқболи топқанлар майи ишрат била ҳамдаст,
Нетай бўлмай фироқ идборидин хуноби хурсанди.

Эмас базми аро гулбарг, ҳам юз пора кўнглумдин,
Чу ул ён эврулур тинмай, тушубтур неча парканди.

Жаҳон боғида наргис заҳри чашмидур манга рўзи,
Хуш улким, қисматидур ғунча оғзининг шакарханди.

Тиларменким, парийзоде топиб эмди кўнгул берсам,
Билинди, кимсага қилмас вафо чун кимса фарзанди.

Қилур жон риштасин саргаштаи  мақсуд ила пайванд,
Тааллуқ торидин ҳар кимсаким, қатъ ўлди пайванди.

Зулоли васл ила не суд агар эл қонса, жон топса
Навоий шуълаи ҳижрон аро чун куйди, ўртандн.

590
Дуди оҳимдинму ҳар сари шарарлар бутради,
Йўқса ел ўтлуғ кўнгулларни сочингда қўзғади.

Ишқ даштида уча олмас еридин ҳеч қуш,
Парларин баским, ҳавода ўтлуғ оҳим чуркади.

Ҳар тиканким, илди Мажнун кўнглакидин порае,
Ҳажр кўксумга туган қўймоққа ани чирмади.

Боғ аро хат ичра оғзингдин қизариб, сарғариб,
Ғунча зангори либоси бирла бошин буркади.

Кўр жунунимники, бўлди телба кўйунг итлари,
Қайси бирким,  қовғали урён танимни тишлади.

Ишқ нахлиға самар чун фурқат эрмиш, эй рафиқ,
Эй хуш улким, кўнглин аввалдин бировга бермади.

Эй Навоий, ўзгалар мақбулу сен мардуд учун,
Ер аларни маҳрам айлаб, сени маҳрум истади.

591
Бўлса кўюнг туфроғи заъф ичра жисмим бистари,
Сўзи жисмимдин анинг ранги эрур хокистари.

Уйладур заъфимки, одам қилмағай эрди гумон,
Гар йўлуқса эрди Мажнунға вужудум пайкари.

Дема ашким жоласин ғам шоми дурри шабчароғ
Ким, эрур айни малолатдин нуҳусат ахтари.

Дашт аро эл  англамас девонадурмен, йўқса дев,
Уйлаким, билмон сениким — одамисен ё парий.

Оразинг узра эрур хўй касрати дарёйи лутф,
Нилдин холинг латофат баҳрининг нилуфари.

Гулшани давронға мойил бўлма, зийрак қуш эсанг
Ким, тикан тори қилур ҳар тоза гулбарги тари.

Сабзаи хаттинг хаёли бирла савдо даштидин,
Гар Навоий чиқса, тонг йўқ, Хизр эрур чун раҳбари.

592
Гул эмастур оташин, булбулларин куйдургали
Ким, либос этмиш қизил ушшоқини ўлтургали.

Кўйига инса малойик пашша янглиғ, рашкдин
Оҳ дудин зоҳир айлармен аларни сургали.

Демангиз улким севарсен, нега қонингни тўкар,
Лутф ортуқ кўргузур ортуқсироқ севдургали.

Қатли ом эткачки, қочти ишқдин ҳар бул-ҳавас,
Жисмима жон кирди ишқим оллида билгургали.

Эй Масиҳо, бир нафас тинғилки, бормиш дўстлар
Жонлар ўйнаб, ул қуёшни бошима келтургали.

Дайр аро борму ғаминг деб сўрмағил, эй муғбача,
Дафъ бўлмиш сен қадаҳни оғзима еткургали.

Эй Навоий, кўз-юзидин олмоқ ўлмас. войким.
Ортуқ айлар ижтиноб ортуқсироқ телмургали.

593
Мени ўлтургай эди муғбачаларнинг алами.
Дайр пирининг агар бўлмаса эрди карами.

Даврнинг бору йўқидин не шикоят қилайин,
Тенгдурур чун менинг оллимда вужуду адами.

Чарх наққоши суроҳини мунаққаш қилса,
Шиша оғзи қилидин келди муносиб қалами.

Шайхнинг уйлаки, ошуққа момуғ остида доғ,
Тевурук руқъалар остида тикилмиш дирами.

Улки бошимни хиром ичра қилибтур помол,
Ҳар қаён борса, менинг бошиму анинг қадами.

Осмон бўлмади чун ишқ юкига ҳомил,
Таҳ-батаҳ бир-бири қаддида недин бўлди хами.

Ҳар дам, эй аҳли замон, майли ситам қилмангким,
Ҳар нечаким деса, бас бизга замоннинг ситами.

Басдур ўтлуқ кафаним, зору қуруқ жисм ичра,
Ҳашр аро қай сари ишқ аҳли юз урса алами.

Гар Навоий нафас урмас, туганиб захмида қон,
Гўйиё ўлдики, чиқмас яна ул хаста дами.

594
Муҳандисе топаю эгнима қанот ясатай,
Учуб ҳавосида қушлар аро ўзумни қотай.

Муяссар ўлмаса, бу тўрт аёғланиб кечалар,
Танимни итдек   этиб, итлари сари узатай.

Йўқ эрса ўтканида кўрганмен дебон юзини,
Гадои хаста кеби кўйи туфроғида ётай.

Муҳол эрур бу таманно,  висоли ким, мен ким?!
Неча эл чира савдо била ўзумни сотай.

Танимға ишқида бердим шикаст, яъни ул ўт,
Ёрурға ушбу қуруқ ҳемани дедим, ушатай.

Чу фақир кўйида васлимға ҳеч ўлтурмас,
Қачонға хирқам уза зарқ васласин яматай.

Навоий уйла улус хониға эрур ошиқ,
Ки, турк қуллари Жўчидур анингу Чиғатой.

595
Бу шаҳсуворки гўй ўйнамоққа ичмиш май,
Саманд сурса буён бошим оллида ўйнай.

Магарки рахши аёғиндадур сабо мудғам
Ки, чопса олам-олам масофат айлар тай.

Дамо-дам урсам илик рашкдин бошимға, не тонг,
Тегар чу гўйига чавгони захми пайдарпай.

Чек эмди лутф ила сарсарвашинг инонинким,
Қилибтур ойинагун ер юзини сарсари дай.

Бу фасл аро хуш эрур оқ уй ичра бода ўти,
Бу ўт ёрурға муғанний оғзиға олмоқ най.

Нимаки, айласа, бўлғай анга шай итлоқи,
Кўзунга илма, нединким, жаҳон эрур лошай.

Навоий, айласа лайливашинг азимати дашт,
Муносиб ўлди ўкуш урдуси улусиға ҳай.

596
Ишқ орзусини қилур ул навжувон сари,
Ўтқа солур ўзин яна бу нотавон қари.

Арз этсаларки, ёр керак ё ики жаҳон,
Ёр айтқумдурур бери, икки жаҳон нари.

Ул ой эшитмаса не дегаймен, вале ўтар
Афлок тоқининг хамидин бу фиғон бари.

Усрук йўл озиқиб доримақ ҳар сари не суд,
Бир ой рамида сайд не бўлғай бу ён дари.

Бу хоксор танни сипеҳр этти қадрдин,
Анжум кеби итингнинг аёғи нишонлари.

Дерсенки ёр акси санга тушкай, эй кўнгул,
Аввал ғубори ғайрдин ойинасон ори.

Ул шўх юзу ашкинга боқмас, Навоиё,
Ҳар неча заъфарон юзига арғувон тари.

597
Жонға чун демен: не эрди ўлмаким кайфияти?
Дерки, боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати.

Жисмдин сўрсамки, бу заъфинға не эрди сабаб?
Дер: анга бўлди сабаб ўтлуқ бағирнинг ҳирқати.

Чун бағирдин сўрдум, айтур: андин ўт тушти манга
Ким, кўнгулга шуъла солди ишқ барқи офати.

Кўнглума қилсам ғазаб, айтурки, кўзиндур гунаҳ,
Кўрмайин ул тушмади бизга бу ишнинг тўҳмати.

Кўзга чун дерменки, эй тардомани юзи қора,
Сендин ўлмиш телба кўнглумнинг балою ваҳшати.

Йиғлаб айтур кўзки, йўқ эрди манга ҳам ихтиёр,
Ким, кўрунди ногаҳон ул шўхи маҳваш талъати.

Эй Навоий, барча ўз узрин деди, ўлгунча куй
Ким, санга ишқ ўти-ўқ эрмиш азалнинг қисмати.

598
Турфа гулзор айламиш май гуллари рухсорини,
Турфароқ буким, арақ сероб этар гулзорини.

Эй кўнгул, ҳар ториға юз жон муқайяддур буким,
Юз гириҳ бирла кўрарсен зулфининг ҳар торини.

Ёқмангиз захмимға марҳамким, ўлармен, қилса кам
Чоклик бағримдин ул ой тиғининг озорини.

Боғлағайлар атридин дин аҳли кофирлиққа бел,
Ел паришон этса ногаҳ зулфунинг зуннорини.

Бумни зоғ эткай, оҳим дуди қилса ошён,
Дашт ичинда мен бўлур вайронанинг деворини.

Фош этар кўнглум шарори, тийра оҳим дуди ҳам,
 Неча дермен, қилмайин ишқим ўти изҳорини.

Ғам ҳужумидин не ғам, азми харобот айлаким,
Қўймайин бир жом ила ул хайлнинг осорини.

Сойир айларда қадаҳ топсанг сабот, эй муғбача,
Айлайин барҳам фалакнинг собиту сайёрини.

Англағил, жоноки, кўюнгда Навоий ўлди зор,
Топмасанг итлар уни ичра фиғони зорини.

599
Букун ақшомға тегру менки кўрмаймен қуешимни,
Не тонг, тўксам фалакдек кеча тонг отқунча ёшимни.

Балият тошидин юз пора бўлған ҳам эрур хушроқ,
Итингга етмагай захмат қилурда туъма бошимни.

Юзу холинг ғамиднн бўстонафруз эрур жисмим,
Ки, тутмиштур ичимни тухми ғам, хуноб тошимни.

Ўлук жисмимни кўрган тоза қонлиғ доғлар бирла,
Қора қилған соғинғай зоғлар ғавғоси лошимни.

Вазифа кўнглума ҳар кун эрур бир доғ ишқингдин,
Қаноатдин тузубмен бир дирам бирла маошимни.

Қазо тағъйири топмас, чунки зўру зорлиғ бирла
Узубмен даҳр халқидин уруш бирла талошимни.

Навоий, дегасен ғам тоғи қозмиш тешаи Фарҳод,
Кўруб кўксумдаги тирноғ ила қилғон харошимни.

600
Мовий ёғлиғдин қошинг, эй жонға бедод эткучи,
Кўк булутқа кирди гўё янги ойнинг бир учи.

Гар ёмон ҳолимға кўз солмас, ажаб йўқким, эрур
Ул қора кўзлар қора бахтим масаллик уйқучи.

Илги ашким қонин оритмоқда чектим дуди оҳ,
Ҳам қизарди, ҳам қора бўлди ул ойнинг овучи.

Оллиға бош қўйдум, аммо тиғ ила айирмади,
Бош эмас, буким эрур бўйнумға анинг унтужи.

Тиғи ишқин мендин айлар имтиҳону васл йўқ,
Ишқнинг гўёки, мендин ўзгага етмас кучи.

Бода дурдин нўш эта олмас эсанг, эй муғбача,
Йиртибон зуҳдум ридосин, айла анинг сузгучи.

Гар аёғинг чиқти ашкингнннг суйидин тойилиб,
Эй Навоий, шукр, ул кўй ичрадур анинг мучи.

601
Ҳар бағир парголаси ғам даштининг бир лоласи,
Лек, бўлған ишқ ўтидин доғ ҳар парголаси.

Ишқ саҳросиға ҳар ким кирмак ўлмаским, эрур
Бир юракнинг доғлиғ парголаси, ҳар лоласи.

Лаъл уза ушоғроқ инжу айлагандек таъбия,
Кўргузуб ширин лабингни ҳар тараф табхоласи.

Анжум эрмаским, тушубтур чарх кўзгусига акс,
Баски, ёғди ғам туни ер узра ашким жоласи.

Гирдболишт бўлса ой бошинг қўярға, важҳи бор
Ким, анинг даври юзинг ойининг ўлғай ҳоласи.

Гул харидори чу кўптур, бўлма кўп, эй боғбон,
Зеб учун машшота ё сотмоқ учун даллоласи.

Гар Навоий ноласидин ёр ёлқибтур, вале
Ишқ йўқ деб таън этар, гоҳики йўқтур ноласи.

602
Лаб уза хатти анбар олуди
Оташин лаълининг эрур дуди.

Дарду сабрин нисоринг этти кўнгул
Ким, бўлар эрди буду нобуди.

Жон бериб, кўнглум олди нақди ғаминг,
Аҳли савдонинг ушбудур суди.

Гар ўқунг жонға қасд қилди, не бок
Ки, анинг бу ўқ эрди мақсуди.

Тану жон риштаси ғамингға либос,
Бу бири тори, ул бири пуди.

Тенгдурур даҳрға вужуду адам,
Балки маъдум барча мавжуди.

Гар Навоий кўзи оқарди, не тонг,
Ашк анинг қорасини ювди.

603
Ваҳ, неча даврон жафоси айлагай маҳзун мени,
Соқиё, бир давр аёғи бирла қил мажнун мени.

Беҳуд ўлмишмен майи лаълингни кўргач, оҳким,
Қилди маст оғзимға етмай ул лаби майгун мени.

Лаҳза-лаҳза уйлаким, жаврунгки ҳусн айлар фузун,
Шавқ аро ҳам ишқинг айлар дам-бадам афзун мени.

Элта олур бир қуюн жисмим хасин ул кўйдин,
Ранжа бўлма қилғали овора, эй гардун, мени.

Муждаи васлу ҳаёт ўлғай дедим номинг, валек
Хатти беҳуш айлабон қатл айлади мазмун мени.

Менда муғ дайри ҳавоси ғолибу сизда хумор,
Майға, эй ушшоқ, муфлис айлангиз марҳун мени.

Эй Навоий, васл аро-ўқ кош сурса тиғи кин,
Фурқатида оқибат ўлтургусидур чун мени.


604
Ўтган кеча мен эрдиму ул сиймтан эрди,
Гулшан тўрида масканимиз бир чаман эрди.

Гулбин аро икки кишига сиғқуча манзил,
Булбул била гулдек икимизга ватан эрди.

Лола кеби ёқут қадаҳ йўқ тубига дурд,
Бир шиша май андоқки, ақиқи Яман эрди.

Гаҳ мен тутуб ул ичмаку, гаҳ ул тутубон мен,
Тун ярмиғача иккимизга бу фан эрди.

Ул тутқач аёғ, мен аёғиға қўюбон юз,
Исор анга кўздин бори дурри Адан эрди.

Маст айлади гаҳ нозу гаҳе арбада оғоз,
Кўксум кеби чок этган анга пираҳан эрди.

Эгнимга солиб такъяю бўйнумға солиб қўл, 
Титраб кўнгулу жисмим аро юз шикан эрди.

Гулзор аро сармаст узалди кўзи янглиғ,
Жон мулкида ул уйқусидин юз фитан эрди.

Мен доғи юзумни кафи пойиға қўюб маст,
Гулбарг уза кирпикдин агарчи тикан эрди.

Бу навъ уюдумким, мени уйғотқучи тонгла
Юз сиймфишонлиғ била шоҳи Хўтан эрди.

Ҳажр эмди Навоийни гар ўлтурса, не армон
Мунчаки, мурод анга бу важҳи ҳасан эрди.

605
Менмудурменким, айирмиш васлидин жонон мени,
Ўлтурур онсиз туман минг дард ила ҳижрон мени.

Чарх жисмим туфроғин оҳим елидин совуруб,
Ҳажр даштида қуюндек қилди саргардон мени.

Ғам палосин жисмидин Фарҳоду Мажнун бошидин,
Ошиёнин ташлади, чун кўрдилар урён мени.

Ул парий андоқки пинҳондур кўзумдин, айламиш
Ғояти заъфу жунун эл кўзидин пинҳон мени.

Гар парийдур дилбарим, мен ҳам жунундин ваҳш аро,
Уйла мен ваҳшатдаким, бўлмас демак инсон мени.

Бир ҳам, эй Лайли, биёбон ичра Мажнунингни топ,
Кўр ани ҳайрон манга, йўқким анга ҳайрон мени.

Эй Навоий, гар яна бир қатла мумкин бўлса васл,
Солмоқ ул маҳвашдин айру ҳажр не имкон мени.

606
Чун ул ой ҳар дам боқар кўз учидин гардун сари,
Мен чу туфроқмен — қачон боққай мени маҳзун сари.

Ким мени кўрса бало тоғию савдо даштида,
Ҳайрат айлаб боқмағай Фарҳод ила Мажнун сари.

Камлигидин ой, заволидин қуёш ўлғай хижил,
Қилсалар ногаҳ назар ул ҳусни рўзафзун сари.

Чарх даврида кўрунгандек шафақ ичра қуёш,
Тушти аксинг жом аро, боқсанг майи гулгун сари.

Меҳнатимдин тоғни ҳомун кўргасен — ҳомунни тоғ,
Гар мени истарга келсанг тоғ ила ҳомун сари.

Бода ичким, гар десанг ўзни мукаддар қилмайин,
Солма кўз дунлар сари, андоқки чархи дун сари.

Сарвни нетсун Навоий бор эканда қоматинг,
Бўлса мавзун, боқмағай табъ аҳли номавзун сари.

607
Хомаи мушкин рақам бирла мени ёр истади,
Тинмайин неттимки, ҳажридин мени зор, истади.

Не жафо эрдики, марҳам васлидин қўймай ҳануз,
Ҳажр тиғин ёғдуруб, кўнглумни афгор истади.

Гарчи кундуз ости, лекин ўртади ҳижрон туни,
Шамъидин ҳолимни ул маҳваш намудор истади.

Зулфи домин ҳажр шомидек ёзиб офоқ аро,
Гўйиё олам эли кўнглин гирифтор истади.

Ҳуснға чун йўқ вафое жуз надомат кўрмади,
Бевафоеким, вафо аҳлиға озор истади.

Тут фано вайрониким, акси юзин қилди сариғ,
Мунъимеким, қасри деворини заркор истади.

Эй Навоий, хўйи бекасликка қилким, топмади
Қайси бекаским, кезиб оламни, бир ёр истади.

608
Хуштур ичмак ёр ёди бирла ишрат жомини,
Хоссаким, қосид кетургай ёрнинг пайғомини.

Руқъаси жисмимға жон берди, қора ичра магар
Оби ҳайвон томизиб, чекмиш хати арқомини.

Сафҳаи гулгун уза ёзиб хати мушкин тироз,
Ёд берди хатти мушкину рухи гулфомини.

Рам еган кўнглум қушин тутмоққа гўё сафҳада,
Нуқтаю хат бирла сочиб дона, ёймиш домини.

То не афсун қилди ул соҳирки, дилкаш номаси
Олди ҳам жисмим қарори, ҳам кўнгул оромини.

Жоми ишрат тортмоқдин яхшироқ иш топмадим,
Чунки бу давр ичра топмас кимса иш анжомини.

Бу кеча қосид малолидин агар ваҳм этмасам,
Эй Навоий, ким топа олғай сўзум итмомини.

609
Ул ойким шомдин то субҳгаҳ масти хароб ўлғай,
Ажаб йўқ, субҳдин то шом гар ҳам масти хоб ўлғай.

Кўнгулларни сиёсат қилғалидур, йўқ эса невчун
Юзи суйида икки тоблиғ мушкин таноб ўлғай.

Кўнгул зулфунг аро талпинса, ҳайрат қилмаким, қушнинг
Иши чун дом аро бўлди гирифтор, изтироб ўлғай.

Юзунг меҳри шуойи бирла ашким ҳам эрур мониъ,
Эмас улким, жамолинг мониъи ёлғуз ниқоб ўлғай.

Лабинг ҳажринда ашк ўрнида қон ёғдурсам, эрмас айб,
Қизорған  кўзларим чун уйлаким, рангин саҳоб ўлғай.

Қани рангин қадаҳ, чун кўнглум ўлмиш даҳрдин маҳзун
Ки, ғам дафъиға ёқути муфарриҳ лаъли ноб ўлғай.

Менинг умрум сен, эй соқий, эрур чун умр иши таъжил,
Санга ҳам ўз ишингда авло улдурким, шитоб ўлғай.

Не бўлғил тийра, не равшан замонеким, гари қилмас
Замон аҳли агар худ соя, ёхуд офтоб ўлғай.

Навоий, дайр пири бирла бўлсун муғбача ери,
Жунунунгға гаҳиким, ҳазл этар эл шайху шоб ўлғай.

610
Асрадинг куйдургали ушшоқи музтар кўнглини,
Боғбондекким, ўтун қилғай санавбар кўнглини.

Отқан ўқни, билки, қайтармақчадур пайкон била
Жаврдин қайтармақ ул сарви ситамгар кўнглини.

Гулбунунгда ғунча кўнглумдек эмас, эй боғбон,
Очилурдектур,  хаёл этсанг анинг ҳар  кўнглини.

Тиғ ила кўксумни ёрсанг, шуълаи оҳим не тонг,
Чун ёлин ортар, киши чок этса ахгар кўнглини.

Нетти соғардек сафо берса менинг кўнглумга ҳам,
Улки, софий май била соф этти соғар кўнглини.

Эй муғанний бир навое дилкушо тузгилки, чанг
Риштаи нағмангға боғлабтур саросар кўнглини.

Эй Навоий, ғунчани дам бирла очқандек қилур,
Халқ панди сен кеби маҳзуни абтар кўнглини.

611
Ўпмак истар чоғда лаъли жонфизосин тишлади,    
Қўл занахдониға чун сўндум — яқосин тишлади.

Тиш била мунглуғ кўнгулдин муддаи чекти ўқин,
Рост ит янглиғки, сойилнинг асосин тишлади.

Дарддин бағриға зори дам-бадам беркитти тиш,
Қут учун бемор янглиғким, ғизосин тишлади.

Кўрди чун Лайли юзинда нил қилди нилгун,
Баски,  Мажнун жисми зори  мубталосин тишлади.

Дунки, мажруҳ этти ўз ёрин хушунат бирла бор,
Итки, номардумлуғидин ошносин тишлади.

Оғзи қиллик шиша базм ичра ушатқач муҳтасиб,
Қози ани кўрдию қайтиб маҳосин тишлади.   

Эй Навоий, ўлса ўлдумму дегай улким ичиб,
Ёр элидин жому лаъли жонфизосин тишлади.

612
Дайр кўйида бугун асру алоло эрди,
Чун етиштим югуруб, турфа тамошо эрди.

Пири дайр ўлтурубон сархушу оллида анинг,
Май тағори тўла ул навъики, дарё эрди.

Ер тутуб бир ёнида муғбачаи бодафуруш
Ким, иши дину хирад мулкига яғмо эрди.

Яна бир ёнида ул муғбачанинг зулфи кеби,
Укулуб риштаи зуннору чалипо эрди.

Дайр айвони била гунбади рифъат юзидин,
Тоқи ахзар била бу гунбади мийно эрди.

Арғанун савтию ноқус уни бирла ҳар ён,
Юз муғона амалу қавл ила ғавғо эрди.

Кофири ишқ харобот эли оллинда туруб,
Сўнги сафлар бори габру, муғу тарсо эрди.

Бир-бирин чорлабу айлаб янги зуннор эҳсон,
Жоми май берганидин куфрга иҳё эрди.

Ким муғона май ичнб боғлади зуннорп руст,
Бут худ ул айлагали сажда муҳайё эрди.

Мен доғи солдим ўзумни ороғаким, манга ҳам
Риштаи қурбу майи васл таманно эрди.

Риштаси ҳабли матин, бодаси миръоти сафо,
Икисидин манга мақсуд ҳувайдо эрди.

Белима боғлади зуннору қадаҳ тутти манга,
Дами жон берди хамонки, Масиҳо эрди.

Ёдима келди, Навоий кеби чун маст ўлдум
Ки, азалда манга муғ кулбаси маъво эрди.

613
Ҳар ўқ ул қоши ё кўксумга отса, бехато етгай,
Ва гар худ ўзгаларға отса ҳам сўйлаб, манго етгай.

Тегар сўйлаб, демай ҳар ергаким, захм айлабон ул ўқ,
Неча манзилда ором истагай кўнглумга то етгай.

Вафою меҳр истарга не ҳад, биллаҳки, розимен
Ки, бори гаҳ-гаҳе ул шўхдин жавру жафо етгай.

Чу куйдум ҳажр ўтидин, кулумни йўлидин олманг
Ки, шояд элткай кўйига, ул ёнким, сабо етгай.

Кўзи ҳажрида, тонг йўқ, бутса қабримдин қора наргис,
Ки, қўйғай кўз аёғиға, чу ул кўзи қоро етгай.

Деса мингдин бирин, ваҳ, не бало суст ўлғай, ул ошиқ
Бошиға ишқ аро ҳар лаҳза гар юз минг бало етгай.

Жунун кўр ғурбат ичарким, танишмоқ мумкин эрмастур,
Диёримдин агар сарвақтима бир ошно етгай.

Фалак бошингни кирпич муттакоси қилғуси гар худ,
Бу дам хуршид хиштидин бошингға муттако етгай.

Навоий, сенсиз этмас боғ сари майлким, шояд
Анга булбул била гулдин даме баргу наво етгай.

614
Не деб айлай жонни зулфи мушкбўюнг садқаси,
Бўлса юз жон оздурур, ҳар тори мўюнг садқаси.

Нақш этиб кўнглумга жаннат эврулурмен кўюнга,
Айларам бу навъ ила жаннатни кўюнг садқаси.

Елга ҳамроҳ оташин гул майл этар базмингғаким,
Бўлғай ушбу важҳ бирла рангу бўюнг садқаси.

Пардаи жоним либосинг бўлмоқ истар, бўлғали
Ғунчадек гулгун ҳарири тўба тўюнг садқаси.

Овладинг кўнглум сўруб, истаб, бу не лутф эрди, ваҳ
Ким, бу саргардон била юз жусту жўюнг садқаси.

Қаҳр ила жонимни олса муғбача, эй пири дайр,
Бок эмас, юз жон бу тифли тундхўюнг садқаси.

Қадду рафторинг Навоий кўргали бўлмоқ тилар
Кўнгли рафторинг фидоси, жони бўюнг садқаси.

615
Ишқ аро тиш бағрима урсам, ичармен қон доғи,
Бал чекармен ҳажр ўқидин беркиган пайкон доғи.

Белу оғзидин нишон сўрмангки, заҳрам дерга йўқ,
Бир саримў ошкоро зарраи пинҳон доғи.

Ишқидин қоним тўлуб эрди, ани тўкмакка саъй,
Дашнаи фурқат ҳам этти ханжари ҳижрон доғи.

Бўйнума занжир тақиб, жисмима ёғдурдунг ўқ,
Англадинг, гўёки мажнун ўлмишам, урён доғи.

Йиғламай ҳолимға найлайким, анинг васли манга
Уйлаким, уммид йўқтур, йўқтурур имкон доғи.

Неча кун оламда чун меҳмонсен, ичкил бодаким,
Мизбон қолмас бу фоний дайр аро, меҳмон доғи.

Эй Навоий, чун алиф янглиғ ўқи жонингдадур,
Қатлинга, тонг йўқки, бир кун боис ўлғай жон доғи.

616
Ногаҳ ўлдум бир кўзи соҳир гирифтори, нетай,
Ким агар сеҳр айласам, боқмас менинг сори, нетай.

Мен чу ўлдум кирпикининг заҳрлиғ пайконидин,
Гар ўлукни тиргузур лаъли шакарбори, нетай.

Тийра зулфи субҳи айшимни чу қилди шоми ғам,
Ўзгаларга шамъи мажлис бўлса рухсори, нетай.

Мумкин эрмас чун назар оллида кўрмак суратин,
Сафҳаи хотирға нақш этмай намудоре, нетай.

Эйки, дерсен зулфи чун тўлғанди урма тобу печ,
Ҳар  саримўюмға боғлиқ бўлса бир тори, нетай.

Май била ғам зангига берсам жило, айб этмангиз,
Буйла, бўлса иқтизои чархи зангори, нетай.

Дайрдин дер қоч, Навоий, жилва қилса муғбача,
Бўйнума гар маҳкам ўлған бўлса зуннори, нетай:

677
Кўрма сариғ баргу қил наззора рухсорим сари,
Қўй хазон боғин, гузар қил заъфаронзорим сари.

Боқма асфар барг уза, ҳар ён қизарған обкаш,
Заъфарони юз уза боқ, ашки хунборим сари.

Ким хазони ел қурутқан шох ҳолин кўрмамиш,
Айладик наззора урён жисми беморим сари.

Сарвиға бўлмас хазону лола ул мавсумда йўқ,
Қилма майл, эй оҳ, сарви лола рухсорим сари.

Англа бошимға туташқан шуълаи ҳажр, эй рафиқ,
Кўрма санчилған хазоне барге дасторим сари.

Умр баргин то хазон тўкмайдур, этсам кош азм
Навбаҳори ҳусн аро сармаст хумморим сари.

Эй Навоий, чун бу фасл ичра қадаҳ марғуб эрур,
 Тортай ўзни мажлиси шоҳи қадаҳхорим сари.

618
Келгил, эй ороми жонимким, тилайдур жон сени,
Чеҳра очким, кўрмак истар дийдаи гирён сени.

Эй ғизоли мушкбў, келким, қуюндек қолмади
Водие ахтармаған, истаб бу саргардон сени.

Сен парий пинҳон учун мен ҳам камоли заъфдин,
 Ғойиб ўлдум эл кўзидин, кўргали пинҳон сени.

Қон аро гар ғарқасен, эй кўз, не тонгким, бир боқиб
Зор кўнглумни чу қатл эттинг, тутубтур қон сени.

Гарчи мумкин йўқ, вале, бир қатла кирсанг илгима,
Борса бош, элдин чиқармоқ ўзга не имкон сени.

Кўз йўлунгдин олмасам, айб этмагил, эй муғбача,
Айлай олмон дийдадин ғойиб мени ҳайрон сени.

Эй парий, гар телбараб бўлмиш Навоий дарбадар,
Бу анга мақсуд эрурким, истагай ҳар ён сени.

619
То паришон қошларинг ошуфта ҳол этмиш мени,
Нотавонлиғ ичра андоқким, ҳилол этмиш мени.

Кўзда су, кўнгулда қайғу, тан заифу жон наҳиф,
Эй мусулмонлар, кўрунг ҳижрон не ҳол этмиш мени.

Панд ила зажринг жунунум дафъи этмас, эй ҳаким
Ким, парий рухсораи Мажнун мисол этмиш мени.

Жон бериб, бир нофаи зулфидин дедим савдо қилай,
Бу сифат савдойи ул фикри муҳол этмиш мени.

Ичкали лаъли майидин ҳушу ақлим қолмамиш,
Бода маст эрди ажаб беэътидол этмиш мени.

То қадаҳ чектим, қилурлар мендин эл касби нашот,
Буйла саъд ул ахтари фархундафол этмиш мени.

Ёшурун май тарки этмон, гарчи шайхи хонақаҳ,
Эй Навоий, сўфию зоҳид хаёл этмиш мени.

620
Захмима марҳам ёқиб. ғамгин кўнгул шод ўлмади,
Рахнаға балчиғ суваб, вайроним обод ўлмади.

Ул муваллиҳ чархеким, совурди ақлим хирманин,
Бу қуюндин қайси  бир хирманки,  барбод ўлмади.

Лҳли ишқ ар мен кеби мажнун эмаслар, эй рафиқ,
Андин эркинким, алар ёри парийзод ўлмади.

Эй ажал, қатл этмак ол ул ғамзадин таълимким,
Қилмаған шогирдлиғ ҳеч ишта устод ўлмади.

Кўнглидин бўлмас муҳаббат жавҳарин қилмоқ тамаъ,
Ҳар нечаким, юмшаса, бир йўли пўлод ўлмади.

Зоҳиди нодон ғамим ошубидин ҳар дам кулар,
Хуррам улким, ишқ атворида муътод ўлмади.

Эй Навоий, ўлсам ул тарсо учун, айб этмаким,
Дайр пиридин манга жуз бу фан иршод ўлмади.

621
Бўлмасам ошиқ, фиғоним зор бўлғайму эди,
Куймасам пинҳон, ичим афгор бўлғайму эди.

Зулфунга вобастаю кўзунгга вола бўлмасам,
Жон паришону кўнгул бемор бўлғайму эди.

Бўлмаса кофир кўзунг ошуфтаси шайдо кўнгул,
Риштаи зулфунг анга зуннор бўлғайму эди.

Истабон васлинг гулистонин ҳавойи бўлмасам,
Абри найсондек кўзум дурбор бўлғайму эди.

Бўлса эрди, эй парий, ишқинг аро кўнглумда ҳуш,
Гуфту гўюм мунча мажнунвор бўлғайму эди.

Билса эрди ишқ аро сирримни, ҳар бир лафзида
Ёрдин жуз эътироз изҳор бўлғайму эди.

Ғунча кулгусига, эй булбул, кўнгул гар бермасанг,
Бағринга ҳар гул сою юз хор бўлғайму эди.

Эй Навоий, қилсанг эрди офият кунжин ватан,
Мунча мунглуғ жонинга озор бўлғайму эди.

622
Ишқ аро ким кўрди, оё, нотавоне мен кеби,
Бекаси оворае, бехонумоне мен кеби.

Ёт ила ўздин шикаста хотири андоқки мен,
Ёр ила ағёрдин озурдажоне мен кеби.

Ҳам вужуд иқлимидин юз ғам кўруб бўлған жило,
Ҳам адам даштида беному нишоне мен кеби.

Теша бирла қозди тоғ Фарҳоду мен тирноғ ила,
Эй кўнгул, меҳнат чекарда дема ани мен кеби.

Зулм қилмоқ ичра йўқ гар сен кеби офоқ аро,
Зулм чекмакликда ҳам оламда қани мен кеби.

Олам аҳлидин вафо кўз тутмаким, ким тутса кўз,
Дарду меҳнатдин халос ўлмас замоне мен кеби.

Эйки, бир  мулк ичра чектинг жавру водий топмадинг,
Тенгри мулкидур, борур бўлсанг қаёне мен кеби.

Эй Навоий, етса бир элдин балият бошинга,
Бошинг олиб чиққил ул элдин равоне мен кеби.

Мен кеби юз бўлмаса, ғам йўқки, қилғач илтифот,
Шоҳ Ғозий лутфи айлар ҳар гадони мен кеби.

623
Хурдабинлар фаҳми идрок айламас ёр оғзини,
Хурдайи  маъни адоси қилди изҳор оғзини.

Неши нўш олуд санчиб барги гул узра ари,
Фош этиб ширин лабин, қилди намудор оғзини.

Нуқтаи мавҳум аро қилсун тасаввур суқбаи.
Кимки мафҳум айламак истар анинг тор оғзини.

Чун ўлибмен заъфдин, дам йўқки, топман тийралик,
Қўйки, қўйсун чеҳра кўзгусига бу зор оғзини.

Зарра хуршид ичра кирса, уйлаким, бўлгай ниҳон,
Халқдин ёшурди ул хуршиди рухсор оғзини.

Қўйки, ўз оғзимни оғзингға қўяй, эй муғбача,
Йўқса куп оғзиға қўй мен зори бемор оғзини.

Эй Навоий, ҳажр ўти шарҳида чун сурдунг ҳадис,
Ўртадинг такрор этарда аҳли гуфтор оғзини.

624
Ҳафтаедур кўрмамишмен ул бути чолокни,
Не ажаб, гар ўртаса оҳим ети афлокни,

Солди тиғи фурқатинг бағримға андоқ чокким,
Бағри бўлғай чок-чок, улким кўрар ул чокни.

Ҳажр ўти жонимға ортуқдур, анга бас бир шарар,
Ўртамак дўзах била яъни не бир хошокни.

Отланибтур маст кўнглокчан, чекиб тиғи жафо,
То не ўт солғай жаҳонға, кўргил ул бебокни.

Ишқ ўти бирла кўнгул су бирла кўзни қилди пок,
Пок манзилларда меҳмон қилғали ул покни.

Дайр аро даврон ғамидин қочмишам, эй муғбача,
Бир муғона жом ила шод айла бу ғамнокни.

Бода бирла юнг Навоийни, хумор этса ҳалок,
Боғлангиз тобути узра нахли барги токни.

625
Не ўқким, жисми урёнимға отти,
Танимға тортибон, жонимға отти.

Ҳадангеким, ниҳони отти ул кўз,
Ҳадафдек доғи пинҳонимға отти.

Тикан жонимға урди гулшан ичра
Рақиб, ул гулки, жононимға отти.

Не кўнглум қолди, не бағрим ярасиз,
Фалак тошики, ҳар ёнимға отти.

Саросар ёғди бошим узра туфроғ,
Қазо тошларки, вайронимға отти.

Сипеҳр анжумни ул янглиғки, жола,
Хароб айларга бўстонимға отти.

Навоий кўнгли ҳолин кўрди Мажнун,
Жунун таъни бу нодонимға отти.

626
Менким итимен, бўлса мени йиткали ори,
Солса расанин бўйнума ўлтургали бори.

Ҳар тонг боши  меҳрин юзунга ўтру тутар чарх,
Машшота кеби бўлди юзунг ойинадори.

Юз мил йироқ сурса отин, сурма масаллик
Ошиқ кўзини равшан этар тийра ғубори.

Ҳар кимки, юзунг меҳрида жон берса ҳар ақшом,
Афлок нужумин ёрутур шамъи мазори.

Даврон элидин кинна етишканга не ғамким,
Ҳам гардиши даврон бас анинг кийна гузори.

Зуҳд аҳли риёсидин ўлубмен, агар, эй шайх,
Иҳё тиласанг, бошла мени майкада сори.

Гар зорлиғ ўлтурса Навоийни, дам урмас,
Чун қилмади кўнглунгга асар нолаи зори.

627
Ўлтуруб эл, базмидин ул шўх чиқмоқ не эди?
Сархуш ўлмай аҳли мажлисдин ториқмоқ не эди?

Ваъда гар қилмайдур эрди ўзга мажлис аҳлиға,
Ўз уйининг йўлидин умдо озиқмоқ не эди?

Бўлса эрди шаммаи парвойи нангу номдин,
Отланиб бадмастлиғ бирла отиқмоқ не эди?

Бўлмаса эрди хаёли бир парийваш васлиға,
Телбадек вайроналар сари сириқмоқ не эди?

Истамас бўлса эди ободи эл вайронини,
Сабру ҳушум қасру айвонини йиқмоқ не эди?

Май исин гар соқийи даврон раво кўрса манга,
Саъйилар бирла сабу оғзини тиқмоқ не эди?

Истамас бўлса Навоий жони чиқмоқ, эй рафиқ,
Ўлтуруб эл, базмдин ул шўх чиқмоқ не эди?

628
Деманг андин хўб кўптур, севма ул худройни,
Зуҳраға вола нетар хуршид бирла ойни.

Чун эрур парвона шамъи мажлис аро волиҳи,
Найласун ул машъали меҳри жаҳоноройни.

Чун Скандар ўлди ҳайвон суйи шавқидин, не суд,
Етти баҳр олмоқ, суруб рахши жаҳон паймойни.

Ҳусн аро оне бўлурким, гўйиё андин солур,
Ишқ аро куйган кўнгулларга фнғону войни.

Қомати раъно аро гар эътидоли бўлса, бас,
Ҳожат эрмас истамак сарви фалак фарсойни.

Луъбати чин гар тилар хоқон, не тонг, гар ройи хинд,
Севди эрса бир малоҳат шевалик гарройни.

Эй Навоий, қилмағил парво, улус кўп сўз деса,
Муғтанам тут ҳолиё ул шўхи бепарвойни.

629
Не гулшанидин атр димогимға етишти,
Не ғунчасидин нуқта қулоғимға етишти.

Бор эрди маломат тоши, занжири жунун ҳам,
Ҳажринда неким боштин аёғимға етишти.

Қон лоласитон айлади жисмимни саросар,
Ҳар ништари ғамким янги доғимға етишти.

Оҳимдин агар тийрадурур кўнглум, эмас айб,
Не таъналар андин бу чароғимға етишти.

Десам — не учун соғари майдин топар эл жон?
Дер: базмда бир қатла дудоғимға етишти.

Мумкин эмас андин гули ишрат яна бутмак,
Торожи хазон бўйлаки, боғимға етишти.

Жамъият агар топмаса йўқ айб, Навоий,
Бу тафриқаким, ганжи фароғимға етишти.

630
Кўзумдур тийра, кўнглум ношикиб, эй хотирим коми,
Даме бўлғил кўзум равшанлиғи, кўнглумнинг ороми.

Жамолинг субҳидин кулбамни равшан қилки, бошимға
Фалак ғамхонаси емрулгудектур фурқатинг шоми.

Шабистони висол ичра не жонон қадрини билгай,
Менингдек улки, жонин ўртамайдур фурқат айёми.

Назарни боғу сарву гулдин ар ёпса, ажаб эрмас,
Назар боғида улким, бўлмағай сарви гуландоми.

Абад умрича гар кўрмас, ани ўлтурмак авлодур,
Агар худ қатл учун ошиққа етса ёр пайғоми.

Хушо майхонаким, Жамшид ила жомидин афзундур,
Маломат дайрининг ҳар қайси ринди дурд ошоми.

Менинг динимни солди дайр туфроғиға бир тарсо
Ки, йўқ туфроғча оллида тақво аҳли исломи.

Скандар кўзгусию жоми Жам ичра кўр, эй шаҳким,
Сени гўр оғзиға тортар каманди сайд Баҳроми.

Навоий бир қуёш ҳажрида ўзни барқрав килмиш,
Не тонг, гар сайр вақти олами сайр этса ҳар гоми.

631
Ҳар ўқи келса мени зор сари,
Юз дуом ўқи борур ёр сари.

Чун кўнгул ёрадур, жоним ҳам,
Кош азм айласа дилдор сари.

Ситамидин қоча олмонки, борур
Кўнглум ул шўхи ситамгор сари.

Эй Масиҳим, ўладурмен, бир дам
Қадам эт ранжа бу бемор сари.

Бодаи ҳажрдин ар етса хумор,
Азм қил кулбаи хаммор сарн.

Кўзунга истамасанг гарди алам,
Боқма бу гунбади даввор сари.

Захмларнинг асари қонидин
Боқа олмон тани афгор сари.

Қўргали дайрда ул муғбачани,
Бўлмишам шифта зуннор сари.

Жонни жононға, Навоий, топшур,
Ёрни еткуракўр ёр сари.

632
Анингдек бузмамиш гардун мени мажнуни шайдони
Ки минг давр ўзига эврулса, топқай тўзмак имкони.

Фалак аъзам, доғи мен аҳқар ўлдум офаринишдин,
Менинг қаддимға золим ишқ пайдо айламиш они.

Эрур бу турфаким, ишқи балоангиз ҳар соат
Бу аъзамлиқ била айлар муаллақ чархи мийнони.

Ики бу навъ ғолиб хасм ўлумтук мўр қатлиға,
Чу жозим бўлсалар, ҳайҳот, мискин мўрнинг қони.

Мен андоқ мўрдурменким, аёқ остида қолмишмен,
Кўнгул  мулкини бузғанда сипоҳи ишқ туғёни.

Чу туфроғ ичра бўлди музмаҳил мўри заиф, ўлмас
Ани топмоқу гар топилсаким, топқай Масиҳони.

Кел, эй соқию бу андишалардин бизни қутқарғил,
Вафо жомини тутким, бевафодур чарх даврони.

Иликдин бермагил май заврақин бу давр аро, эйким,
Ғариқ айларга еткурмиш сени ғам баҳри тўфони.

Навоий ишқдин не келса, дам урмаки, ошиққа
Керактур ишқи пинҳонию доғи ишқ пинҳони.

633
Бир йўли бизни унутқунг бори,
Илтифот этмайин ўттунг бори.

Ваъдалар васлғаким, айлаб эдинг,
Бежиҳат борин унуттунг бори.

Шуълаи васлни биздин ўчуруб,
Ўзгалар бирла ёруттунг бори.

Журмсиз тортиб иликни биздин,
Муддаи жониби туттунг бори.

Дўстлар ҳаққиға туҳмат қилибон,
Ҳар не душман деди, буттунг бори.

Эй кўнгул, ҳажр аро дедингки ўлай,
Ўзни май бирла овуттунг бори.

Заҳри ғамхаста Навоийға бериб,
Халқ комини чучуттунг бори.

634
Не пок Мажнунки, бир парий чеҳра пок ҳусниға зор бўлғай,
Бу пок ишқ ичра пок жон тарки этса, не ихтиёр бўлғай.

Сиришку оҳим натижасидин узори кўнглумни чекти гўё
Ки, ишқ оби ҳавоси бирла бу навъ дилкаш баҳор бўлғай.

Юзида тер фитнасидин бўлсам ажаб эмастурки, марқадимда
Ушоқ тош ўрнида хайли анжум, ой анда шамъи мазор бўлғай.

Кўнгул чу кирпикларинг хаёлиға тушти, реш ўлди барча жузви
Тикан аро тушса бир яланг телба, йўқ ажаб, гар фигор ўлғай.

Мен ул қуёшсизки заъфарон риштасидек ўлдум, ажаб эрмастур
Далили ишқ улки, ранги асфар доғи бадан ҳам назор бўлғай.

Чу жонни бекаслик ичра ғам олди мендин, эй ишқ аҳли, ғам йўқ
Хуш улки, муҳлик ғами етишса ёнида бир ғамгусор бўлғай.

Хумор ҳижрон судоъидин майл қилди майхона сари кўнглум
Магарки, ул сари мойил ўлғай ангаки, ранжи хумор бўлғай.

Замону аҳли замонни зинҳор кўрма хошок бирла хасча
Ки, оламда олам аҳли доно қошинда беэътибор бўлғай.

Вафо йўлинда Навоий ўлдию кўрмади ғайри бевафолиғ,
Вафо шиори билурки, ёриға бевафолиғ шиор бўлғай.

635
Кўрмадим жононни ўтган кун ҳаётим йўқ эди,
Юз ҳаётафзо йўлуқса, илтифотим йўқ эди.

Кўнглума кирганда пойандоз эди жон пардаси,
Жисму жондин ўзга садқа ё закотим йўқ эди.

Хоки пойи хосиятда сурмадур деб ёзғали,
Кўз саводидек, қора кўздек давотим йўқ эди.

Ашк тўкмакдин қуруғач икки кўз, куйди кўнгул,
Дафъиға ўтнинг бу Жайҳуну Фиротим йўқ эди.

Риндлиқдин осру шокирменки, тақво дафтарин
Қилдилар чун шарҳ, ул хайл ичра отим йўқ эди.

Ёрни кўргач, не тонг, гар элни кўзга илмадим,
Ул замон парвойи кулли коинотим йўқ эди.

Эй Навоий, не ажаб, ҳажр этса хасдек поймол,
Ишқ аро чун тоғдек вазну саботим йўқ эди.

636
Эй ҳаётим нақди лаъли хурдадонинг садқаси,
Жавҳари жоним ақиқи дурфишонинг садқаси.

Кўзларинг гар нотавондур, садқа вожибдур анга,
Юз менингдек нотавон ҳар нотавоннинг садқаси.

Қомату қошинг алиф, нуниким, ул ҳусн анидур,
Ҳар малоҳат аҳликим, бор бўлсун анинг садқаси.

Қўзларимнинг мардуми холинг саводиға фидо,
Боғи умрум гулбуни сарви равонинг садқаси.

Қулни боштин эвуруб озод этарлар, ваҳ, мени,
Боштин эвур, лек озод этма, жонинг садқаси.

Тинғасен саргашталикдин, эй кўнгул, гар бўлғасен,
Меҳрибонлиғ бобида номеҳрибонинг садқаси.

Бўлуб ул гул садқаси, ҳолингни арз этмиш сабо,
Эй Навоий, бўлса юз жонинг, сабонинг садқаси.

637
Туну кун истама оҳимки, мукофот чоғи
Дам ила тийра бўлур шамъ доғи, кўзгу доғи.

Рост бир шамъи кебидурки, тўби ол ўлгай,
Ул саҳи қад, юзи тобию хинолиғ аёғи.

Қош уза хол бийик ерда бўлубтур қоровул,
Ақлу ҳис хайлини урмоққа қороқчи қароғи.

Дудоғ устида анингдекки, кўрунгай нуқта,
Холи остида ҳамул  навъ кўрунмиш дудоғи.

Хатти жон нақдиға арзир, анга, ваҳ, не нисбат,
Сабзаким, бир дирам эрмастур анинг бир қучоғи.

Ришта тоби санга қайд ўлса, не суд, эй зоҳид,
Гар Масиҳ игнаси бирла эса хирқанг ямоғи.

Телбараб деди Навоийки, қилиб эрди ҳалок,
Ишқ асрорини кўнглида ниҳон асрамоғи.

638
Борғил, эй ҳамдам, ҳар ёни,
Кўнглума итмиш, топқил они.

Ҳолин сўрғил, ул ҳам сўрса,
Деким, йўқтур сенсиз жони.

Истидъо айлаб ёндурғил,
Келмас бўлса, де пинҳони.

Ким, ул дилбар қилмиш ваъда,
Бу тун бўлмоққа меҳмони.

Чин деб келса, ани эмди
Айлай кўксумда зиндони.

Соқий бизни ғамдин қутқар,
Келтургил роҳи райҳони.

Ул ойсиз ун чекса Навоий,
Ўтгай гардундин афғони.

639
Фалак еткурмаса ёнимға ани,
Не ғам, чун чекмишам жонимға ани.

Сабо ҳам лоладин қонлиғ кафан қил,
Чу ёптинг жисми урёнимға ани.

Чу ғунчанг шавқи пинҳондур кўнгулда,
Даво қил дарди пинҳонимға ани.

Писанд этмас чу жаннат қасрил ул ҳур,
Фалак солғайму вайронимға ани.

Тушар бағрим била кўнглума юз рашк,
Қазо еткурса ҳар ёнимға ани.

Чу қилдинг нақди диним ғорат, эй ишқ,
Етургил номусулмонимға ани.

Не суд, ўлмоқ лабинг ёқути сероб,
Чу айлабсен сусиз қонимға ани.

Тараб васл аҳлиға майл этти, эй ишқ,
Евутма байтул-аҳзонимға ани.

Ўлар ҳолин Навоий айлади назм,
Ёзинг албатта девонимға ани.

640
Лабинг чашмаи ҳайвон, қадинг руҳи инсони,
Бу обу ҳаво бирла бирининг йўқ имкони.

Қадинг жилваси бошларға юз минг ҳаво солди,
Ҳаводин агар жилва қилур сарви бўстони.

Латофатда бир ондур сангаким, улус андин
Хароб ўлдилар, лекин киши билмади они.

Лабинг нор ёнғоқ узра топар парвариш, тонг йўқ,
Агар жавҳари айтур ани лаъли руммони.

Таним ўтиға таскин магарким, самум ўлғай,
Танаъум била кийган неча лавн каттони.

Нетар шоҳнинг қасринким, ул зарнигор ўлғай,
Гадойики, оҳидин топар шуълаи вайрони.

Деди жоми ҳажр ичгил, менинг бўйнума журмунг,
Бировни ким ўлтурса, эрур бўйниға қони.

Вафо ишқ аҳлиға қилур чоғда таъжил эт,
Ки, таъжил била асру ўтар ҳусн даврони.

Навоий, агар кўнглунг бақойи абад истар,
Бу дайри фано ичра керак бўлғасен фоний.

641
Ажаб эмастур, агар бўлса дардим огоҳи,
Менинг шаҳимким, эрур дардмандлар шоҳи.

Кўнгулда ўқларидин оқ уй айласам, не ажаб
Ки, кўнглум ичра ватан қилди  моҳи хиргоҳи.

Хаёли кўнглума киргач, тирилдим, англамадим
Муники, жоним экандур хаёли ҳамроҳи.

Масиҳу Хизр ҳаёти абад гадолиғида,
Лабингға ҳар бирининг эрди шайалиллоҳи.

Кўнгулки, истар эди васлини биҳамдиллаҳ
Ки, уйлаким, тилар эрди, етишти дилхоҳи.

Буким, баҳори ҳаётим хазонға юзланмиш,
Эрур далили совуғ оҳу чеҳраи коҳи.

Мени ушаттинг, аё сарв, бўлмағил ғофил
Ки, кўп шажарни ушатур шикасталар оҳи.

Ғурур ҳусн ила жоҳингға қилмаким, қолмас
Жамоли оламию олам аҳлининг жоҳи.

Замона  зулмн Навоий бошидин ўлмаса рафъ,
Анинг боши друру шоҳи замона даргоҳи.

642
Назар аҳлиға гарав хайли келди, сурма бил боре,
Не равшан сурма, эй кўз, топмишанг, наззора қил боре.

Жунундин англамассен, ҳар неким дер ул парий пайкар,
Не дейдурмен санга, эй телба кўнглум, англағил боре.

Агарчи қон ила туфроғ аро оғуштадур кўнглум,
Кўруб кўрмасга солиб ўтма, ани кўзга ил боре.

Қўнгул, билмон, камоли ҳуснини найлаб хаёл эткай,
Муқассирдур жамоли васфини айларда тил боре.

Сенинг сарву гулунг ёхуд, менинг сарву гуландомим
Мулойимроқ экин, эй боғбон, бир сўз дегил боре.

Не ҳол эркин қизил, сариғ либосидин гули раъно
Кўрунур эл кўзига, чеҳраси сариғ, қизил боре.

Неча дерсенки, соқий бизни бир май бирла маст этсун,
 Ғуруру жаҳл ичинда мастлиғдин бир айил боре.

Демаким, ақлу илму зуҳд ила мақсадқа еткумдур,
Фано йўлинда қил ўзни бу юклардин енгил боре.

Навоий фақир ойинида инсоф илгари тутсанг,
Ўзунгни бил ёмон, лекин бу сўзни яхши бил боре.

643
Зори кўнглумда ниҳон, уйлаки, жон дейму сени?!
Йўқ эса шифтаи жон ичра ниҳон дейму сени?!

Сарвдин жилвада ортуқсену гулдин тоза,
Тоза гул дейму сени, сарвиравон дейму сени?!

Барчадин кўзда ниҳон бўлдингу жон ичра аён
Ваҳ, ниҳон дейму сени, йўқса аён дейму сени?!

Яхшилиқ ёки ёмонлиқ била жоним олдинг,
Айладинг яхши булар бирла ёмон дейму сени?!

Ҳусн миръоти сену нозу латофат шамъи.
Соддадил дейму сени, чарбзабон дейму сени?!

Фитна оламға, замон аҳлиға солдинг ошуб,
Фитнаи оламу ошуби замон дейму сени?!

Эй кўнгул, ишқ аро бир ерга етибсенки, дегил,
Ибрати даҳриму расвойи жаҳон дейму сени?!

Ўлтуруб эрди хумор, айладинг, эй  май, ани дафъ,
Қути жон дейму сени, нақди равон дейму сени?!

Қўй фано лофи, Навоийки, сўзунг тутти жаҳон,
Бу тааюн била беному нишон дейму сени?!

644
Жон ола  келганда, саъю изтиробингға  ўлай.
Олмасанг ҳам, қайтқан чоғда шитобингға ўлай.

Гул уза шабнам сочибсен, кўргузуб сунбулда печ,
Ҳусн аро бу лутф бирла обу тобингга ўлай.

Келганингга қаҳр  ила  қатлимга, жон айлай фидо,
Раҳм этиб, қатлим қилурдин ижтинобингға ўлай.

Лаъли  май еткач дудоғингға бўлур оби ҳаёт,
Оллоҳ-оллоҳ, ул ики лаъли музобингға ўлай.

Деб эмишсен боғлағум бошин кесиб фитрокима,
То тирикмен жон фидо айлаб, рикобингға ўлай.

Чун тирик сендин қутулмоқ бўлмас, эй умрум хуши.
Гоҳ лутфунгға берай жон, гаҳ итобингға ўлай.

Чун дединг ўлса Навоий, жон берур лаълим анга,
Эй Масиҳим,  руҳпарвар лаъли нобингга ўлай.

645
Шабистонларни, тонг йуқ, гулситон этса кўзум қони,
Эрур чун маҳвашим ҳар тун биров шамъи шабистони.

Не тонг, гар анжуман аҳли нишон кўргузса анжумдин,
Чу бўлса моҳи базм ул чеҳранинг хуршиди рахшони.

Нетай, эл қасрини қилса мунаввар, чунки ул юздин
Бузулған тийра кулбам бўлмади бир шом нурони.

Ўтуб ойларки, бир кулбамға майл эткай, кириб чиққай.
Қуёшдек йўқ анга бир лаҳза таскин тутмоқ имкони.

Бу оқшом ёрдин айру менга воқиф бўл, эй ҳамдам
Ки, кўксумни тешиб, жон қасди қилмиш доғи ҳижрони.

Қуёш юз ёшуруб, эрмас шафақким, яна бу оқшом
Сипеҳр айвониға бош чекти шавқум ўти туғёни.

Менинг мен ташналабға, соқиё, не кайфият бергай,
Бу янглиғким, ёғар устига ашким сайли тўфони.

Гули аҳду вафо давр аҳлидин кўз тутмаким, ҳаргиз
Музайян бўлмамиш мундоқ чечакдин даҳр бўстони.

Навоий ул парий базмида гар девоналиқ қилса,
Эрур ҳам маст, тонг йўқ, базмдин судратсалар они.

646
Баски ноҳамвор бедод ул жафокор айлади.
Мен жафокаш пайкарин ер бирла ҳамвор  анлади.

Тиғи бедоди агар кўнглумнн нокор этти, лек
Элга урған тиғи беҳад кўнглума кор айлади.

Бодадин  рухсорида  гуллар  магар қилгай  илож,
Улки, кўнглумни тиканлар бирла афгор айлади.

Оби ҳайвон ёнида юз Хизр айлар парвариш,
Лаб уза то хатти зангори падидор айлади.

Қатл доғи ҳайф ангаким, ишқ даъво айлабон,
Бийми қатл ўлғач, бу даъвосидин инкор айлади.

Дайрдин чиқмон мени мажнунки, аҳли ҳуш ҳам,
Чарх зулм этканга, азми кўйи хаммор айлади.

Гар Навоийға етар минг саъб ҳол андин дурур
Ким, хабарсизларни ҳолидин хабардор айлади.

647
Кўнглум ҳарими ичра қилур жилва ул парий,
Андоқки, Каъба ичра ҳарамнинг кабутари.

Гулгун юзунда холлари гўйиё эрур,
Ҳар ён шафақда ишқ элининг тийра ахтари.

Кўнглум такаллуфи эрур ул зулфу кўз била,
Зиндоннинг ўлди банду бало зебу зевари.

Мажнун ишқи шоҳдуру тоғ — тахт анга,
Қуш ошёни ҳайъати бошида афсари.

Оҳимдин учти, сабрим агар чу қаттиқ эди,
Ғам тоғини қўнгарур эмиш ишқ сарсари.

Тонглоғи ҳуру равза нетар кимсаким, бу кун
Майхона ичра бор эса бир ҳури пайкари.

Гар дил шикаста бўлса Навоий ажаб эмас,
Нечунки, дилшикан эруру шайх дилбари.

648
Базмдин чун чиқти ёру анжуманға кирмади,
Тандин андоқ чиқди жонимким, баданға кирмади.

Барча ҳузн аҳлин мушарраф айлабон шод этти ёр,
Не осиғ, чунким бизинг байтул-ҳазанға кирмади.

Ул хино ёқтию қон ютти ҳасаддин настаран,
Ранг анинг тирноғларидек настаранға кирмади.

Лоладек қонлиқ либосим бирла дафн айланг мени
Ким, шаҳиди ишқ маъҳуди кафанға кирмади.

Бўлди гум, оғзи сари мойил бўлуб кўнглум қуши,
Ваҳ, қаён бордиким, ул чоҳи зақанға кирмади.

Даҳр боғида вафосизлиғ не қушким, қилди фаҳм,
Чекти маҳзун нола, аммо бу чаманға кирмади.

Эй  Навоий, зулфидин кўнглунг чиқарким, ул кўнгул,
Озмади йўлниким, ул чину шиканға кирмади.

649
Шоҳнинг мунглуғ мушаввашлар била не нисбати,
Комронларға  балокашларга қайдин улфати.

Улки қаҳр этса, қиличидин дамо-дам қон томар,
Бағридин қон томгучилар бирла не жинсияти.

Васл нўши бирла жон топқонға, ваҳ, андин не ғам
Ким, тўладур заҳри қотил бирла жоми фурқати.

Даҳр қилғандин яланг бошини тенг туфроғ ила,
Не хабар улким, етар гардунға тожи рифъати.

Мўр аёғ остида ўлгандин қачон топқай вуқуф,
Арслонким, кўкка чирмашғай ғиреви шавкати.

Бир кеча тонг отқуча ҳижрон ўтиға куймаган
Қайда билсунким, недур мажруҳ кўнглум ҳолати.

Қўй бу сўзларнию бўл ҳолимдин огоҳ, эй рафиқ
Ким, бу ақшом асру саъб ўлмиш фироқим шиддати.

Эй кўнгул, ишқ ичра шоҳу гадоға имтиёз,
Ут аро тенгдур қуруқ ё ўл йиғочнинг ҳирқати.

Ишқ жомин, эй Навоий, товба қилмоқ саъб эрур,
Хоссаким, йўқ зуҳду тақво бирла кўнглум рағбати.

650
Зиҳи йўлунгда бир афтода одами хокий,
Ҳавойи ишқингда саргашта меҳри афлокий.

Уруж шоми чу бот қайттинг бу армондин
Магарки, ҳар тонг ўлур субҳ жайбининг чоки.

Фалак навардинга ҳам шохи сидра, ҳам тубо,
Бу бир аёғида хас, ул йўлинда хошоки.

Мадинанг аҳлиға ҳар йилки, азм этар ҳужжож,
Катабту қиссата шавқию мадмаъи бокий.

Не бўлди Ясрибу Батҳо аро ўқусамким,
Аё манозилу салмо фаайна салмоки.

Сенинг мадойиҳи наътингда, ё Расулуллоҳ,
Тамом бўлди Навоий такаллуми поки.

Бу тўрт дафтарида ҳамду наът аро халали,
Гар этмиш ўлса аён табъу килки бебоки.

Вале шафоатинг имкони қўнглига киргач,
Умид ила сезунур яна табъи ғамноки.

Етур анга караминг баҳридин паёпай файз
Ки,  наътинг ичра дурафшонлиғ этсун идроки.