Топ рейтинг www.uz
ҒАЗАЛЛАР

401

Кўнгул жон бирла борди ҳамраҳинг, мен дард ила турдум,
Санга жон бирла кўнглумни, сени тенгрига топшурдум.

Нишондур тийра бўлған ахтари бахтим саводидин
Туганларким, фироқинг ўтидин ғам шоми куйдурдум.

Йиғоч бирла бошоқким, танда қолмиш улдурур марҳам
Жунундинким, фироқинг ўқларин жисмимда синдурдим.

Туташти шамъдек ҳар бармоғим ҳижрон шароридин,
Илиг марҳам қўяй деб чун кўнгул чокига еткурдум.

Чу ул кофир чиқар кўз солмағайсиз, эй мусулмонлар
Ки, мен бечора кўнглумни боқиб турғунча олдурдум.

Қотибдур кўзларимким, не ёпилмоқ, не таҳаррук бор,
Қиё боққайму бир деб азм этарда баски телмурдум.

Юзин кўргач бошимға тушти мушкин зулфи савдоси,
Фиғонким, бир боқишда юз бало бошимға келтурдум.

Кўнгул тинмасқа қолмиш эрди, ҳар навъ орзу бирла,
Ризо кўйида то қўйдум қадам кўнглумни тиндурдум.

Макон гулхан кулин қилдим Навоий, телбадек яъни
Жунун торожидин охир қора туфроққа ўлтурдум.

402

Айни заъфимдин қўлум чун қўлдадинг, эй дилбарим,
Қўйма илгимники, қўрқармен тўкулгай пайкарим.

То жунун беморимен, гулханнинг ўтлуқ куллари
Бўлди гулгун риштадин гуллар тиқилган бистарим.

Совуқ оҳимдин зарар топқай эдим ғам базмида
Жисм уйинда  бўлмаса ўтлуғ кўнгулдин мижмарим.

Қатра хайлар ичра ул оразни кўрдум, эй рафиқ,
Ўлмагим эрмас ажабким, суға тушмиш ахтарим.

Дема, лаълим шавқидин сипқармадинг қон бир қадаҳ,
Мен ичармен, кўз тўкар, нетиб тугансун соғарим.

Гулшани фақр ичра то кирдим, эрур балким эмас
Гунбади нилуфарий гулшанда бир нилуфарим.

Ҳажр тиғи кўп учун жисмимда ҳар ён чекти бош
Эй Навоий, мен мазаллат тойири, будур парим.

403

Тун оқшом бўлдию келмас менинг шамъи шабистоним,
Бу андуҳ ўтидин ҳар дам куяр парвонадек жоним.

Не ғам кўргузса кўксум порасин чоки гирибоним,
Кўрунмас бўлса кўксум ярасидин доғи пинҳоним.

Ғамидин дурри макнундек, сиришким оқти Жайхундек,
Музайян қилди гардундек жаҳонни ашки ғалтоним.

Фалак ҳам тўлди кавкабдин, қуёш ҳам тушти ашҳабдин,
Келиб тушмас бу маркабдин менинг хуршиди рахшоним.

Жаҳонни зулмат этти чаҳ, бу зулмат ичра ўлгум, ваҳ,
Манга бўлсанг не Хизри раҳ, етиб, эй оби ҳайвоним.

Дема кўктин қуёш кетмиш, фалакка тийралик етмиш,
Ул ой ҳажрида тор этмиш фалакни дуди афғоним.

Навоий кеби ҳижрондин, бу оқшом ўлдум афғондин,
Ғамим йўқ буйла юз жондин, етиб гар келса жононим.

404

Ишқ ила бўлдум масал, савдо била афсона ҳам,
Шукрлиллоҳким, яна ошиқмену девона ҳам.

То унутди ошнолиғ расмин ул бегонаваш,
Ошно йиғлар менинг ҳолим кўруб, бегона ҳам.

Ғам туни мендурмен оҳу ашкдин шамъим ўчуб,
Бошима емрулгали турмиш бузуғ кошона ҳам.

Элга меҳринг бор, бузуқ кўнглумга ҳам бир зарра боқ
Ким, қуёшнинг тобидин маҳрум эмас вайрона ҳам.

Эй малоҳат шамъи ҳар соат мени куйдурмаким,
Кўп ёрумас шамъ агарчи ўртанур парвона ҳам.

Йўқ, бу дайр ичра берур жоми ажал таъмини май
Ким, эрур паймона тўлмоқдин нишон паймона ҳам.

Эй Навоий, гар десанг, ул турфа қушни сайд этай,
Риштайи жисмингни дом эт, кўз ёшингни дона ҳам.

405

Кеча ул маҳвашни ёд айлаб фаровон йиғладим,
Меҳрим ошти субҳдек ҳар нечаким қон йиғладим.

Шамъ аввал оқшом-ўқ куйди фиғоним ўтидин
Ким, мен ўт сочқон булутдек тортиб афғон йиғладим,

Тун қоронғу, кулба хилват, ҳажрдин кўнглум тўла,
Тош уруб кўксумга то бор эрди имкон йиғладим.

Ёр ҳажридин кишига айта олмас ғуссани,
Кўнглум этти шарҳу мен маҳжуру пажмон йиғладим.

Чарх ҳам тўкти қуёшнинг ҳажридин кавкаб, вале
Йиғламоқ ул эрдиким, мен зор гирён йиғладим.

Субҳдек хуршид васлидин агар кулсам не тонг
Менки, субҳи васл учун кўп шоми ҳижрон йиғладим.

Эй Навоий, тош эшитса навҳа қилғай ошкор,
Йўқ ажаб гар бир тун ўз ҳолимға пинҳон йиғладим.

406

Соқиё, кечаги май нашъасидин жон топтим,
Зулмат ичра масала чашмаи ҳайвои топтим.

Оғзинга олма олибким манга тишлаб бердинг,
Ҳам ўшул оғиз ила гўйи занахдон топтим.

Бода тобию юзунг партавидин тийра кеча
Тўлун ой кўрдуму хуршиди дарахшон топтим.

Меҳрдин кўп нафас урма дер эдим тонгға боқиб
Ким, мен ушбу кеча хуршидни меҳмон топтим.

Мен тўкуб ашк фалакдек вале бехудлуғума
Дам-бадам ёрумағур субҳи хандон топтим.

Телба кўнглумки, лабу зулфунг учун итмиш эди,
Кеча майхона аро масту паришон топтим.

Чархдин меҳр тамаъ туттуму офат кўрдум,
Ёрдин васл талаб қилдиму ҳижрон топтим.

Зулфи фикрида Навоийни лаби тиргузди,
Соқиё, кечаги май нашъасидин жон топтим.

407

Битигингдинки, саводини кўруб жон топтим.
Зулмат ичра масала чашмаи ҳайвон топтим.

Баҳрдин қатраға таъзим ила таҳсин кўрдум,
Меҳрдин зарраға эъзоз ила эҳсон топтим.

Ҳар алиф сарв эди, ҳе ғунчаву доли сунбул
Демайин номаки, бир тоза гулистон топтим.

Анбарин мадлариким меҳр эди мазмуни анинг,
Ҳар узун кечада бир меҳри дарахшон топтим.

Қатра қонларки, кўзум сочти ўқур ҳолатида
Ҳар шаба устида бнр лаъли Бадахшон топтим.

Не шаба эрдики, мазмуни била ашкимдин
Ҳар шаба устида бир лаъли Бадахшон топтим.

Гаҳ-гаҳе хаста Навоий таниға жон еткур
Битигингдинки, саводин кўруб жон топтим.

408

Висол тухмини эктим  фироқ бар топтим,
Вафо ниҳолини тиктим, жафо самар топтим,

Муҳаббат ўтики, ёқтим висол шамъи учун
Ўзумни оқибат ул ўтдин-ўқ шарар топтим.

Мен ашк бирла юдум ғайр нақшини кўздин,
Валек ғайрға-ўқ ёрдин назар топтим.

Умид баҳрида ҳар неча ғўтаким урдум,
Садаф кўзумдину кўз ёшидин гуҳар топтим.

Дедим: бу рамзни англай, вале хирад пирин
Бу нукта кайфияти ичра бехабар топтим.

Чу дарди ишқ биёбонларини қилдим қатъ,
Адам вилоятидин нари юз хатар топтим.

Навоиё, кеча-кундуз хату юзини тилаб,
Шабона навҳа била нолаи саҳар топтим.

409

Васл баргин узки, мен ҳижрон гулин бўй этмишам,
Меҳр таркин тутки, мен меҳнат била хўй этмишам.

Нахли қаддингғаки, бердим кўз ёшидин парвариш,
Эмди бош тортарки, ёшдин юз сари жўй этмишам.

Ҳар сари жавлон қилиб еткач манга чектинг, инон
Бу экин журмумки, йўлунгда бошим гўй этмишам.

Нома ичра чирмашибон санга еткайменму деб,
Оразим каҳбаргу жисмим риштасин мўй этмишам.

Май бўлуб ашким, ғизо бағрим, суруд афғонларим,
Келинг аҳли ишқким, ғам хайлиға тўй этмишам.

Шайх боқий бўлсуну зарқ ичра тинмаслиғки, мен
Тинмишам токим фано дайри сари рўй этмишам.

Топмадим гулчеҳралардин шаммае бўйи вафо,
Эй Навоий, нечаким елдек таку пўй этмишам.

410

Тириг юрурмену бор мендин айру жононим,
Бу умр бирла юруб ўлмаган менинг жоним.

Бағирда юз халаву, ваҳ, демакка йўқ заҳрам,
Кўнгулда қон тўлаву йўқ дам урмоқ имконим.

Не бир аниски, аритса лолайи ашким,
Не бир рафиқки, англаса доғи пинҳоним.

Кўруб қошида муҳибларни жамъу мен мардуд,
Мунгайибон бузулур хотири паришоним.

Кўнгул худ иттию жон ҳамдами бўла олман
Бир-икки лаҳзаки, бор ул заиф меҳмоним.

Азимат эткали ул ганжи ҳусн андоқдур
Ки, чуғз ор қилур кўрса эмди вайроним.

Навоиё, бу наволарки кеча тортармен.
Зуҳал эшитуру хуршид эшитмас афғоним.

411

Эй қадинг сарви равон, кўюнг баҳори гулшаним,
Меҳнату афғон сенинг ҳажрингда кўрган-билганим.

Қабр тошидур безаклик сарбасар гул баргидин,
Тоза-тоза доғ ила кўҳи бало бўлған таним.

Чарх меҳнат тошидин то равзан очти ҳар тараф,   
Мен маломат булбули, гўё қафасдур масканим.

Меҳнату ғам ўқлариға, ваҳки, юз минг захмлиқ,
Ашки сиймандуд қилған ҳайъат ўлди жавшаним.

Тийғеким, кўксум уйин очти, эшикдекдур анга
Очилиб ёпилса ҳар дам чоклиг пироҳаним.

Дўстлар, мени кўнгулсиз деб сўрарсиз, шодмен,
Бўлмайинму шодким, дафъ ўлмиш андоқ душманим.

Ишқ нақди доғи ғам кирмиш Навоий, кўнглига,
Ваҳки, бир дам аждаҳодин ҳолий эрмас махзаним.

412

Меҳр кўп кўргуздум, аммо меҳрибоне топмадим,
Жон басе қилдим фидо, ороми жоне топмадим.

Ғам била жонимға еттим ғамгусоре кўрмадим,
Ҳажр ила дилхаста бўлдум, дилситоне топмадим.

Ишқ аро юз минг маломат ўқиға бўлдум нишон,
Бир камон абруда тузлукдин нишоне топмадим.

Кўнглум ичра сарв ўқдур, ғунча пайкон, гул тикан
Даҳр боғи ичра мундоқ гулситоне топмадим.

Ҳусн мулки ичра сендек шоҳи золим кўрмадим,
Ишқ кўйида ўзумдек нотавоне топмадим.

Кўп ўқудум Вомиқу Фарҳоду Мажнун қиссасин,
Ўз ишимдин булъажаброқ достоне топмадим.

Ул амон ичинда бўлсун, эй Навоий, гарчи мен
Бир замон ишқида меҳнатдин амоне топмадим.

Табъ ганжидин маони хурдасин, юз қатла ҳайф
Ким, нисор этмакка шоҳи хурдадоне топмадим.

413

Оқизди лимуйий бўркунгни кўргач, онча қон кўнглум
Ки, заъф этти сариғ гул ғунчасидек нотавон кўнглум,

Кўнгулда баски ғунчанг фикратидин хурдайи маъно,
Йиғибмен ғунча кўнглидек, бўлуптур хурдадон кўнглум.

Санавбар  кўнглига кўнглумни ўхшатмангки, ўртабдур
Ниҳон ҳар тухм уммидиға бир доғи ниҳон кўнглум.

Бадан вайронида ул ҳусн ганжи ҳажридин гоҳе
Гаҳ ўз ёлғузлуғидин чуғздек тортар фиғон кўнглум.

Дури ишқингни то топмиш, агар чок ўлса сартосар
Гуҳар ютқан балиғ янглиғ дам урмас нотавон кўнглум.

Анингдек топти сиймин соидинг ёди била улфат
Ки, дастомуз қушдек онсиз эрмас ҳар замон кўнглум.

Мақоми гаҳ бало тоғидурур, гоҳе фано дашти
Ки, ишқ ичра берур Фарҳоду Мажнундин нишон кўнглум.

Фалак золи ғаму дардин чекардин ўлдум, эй соқий,
Кетургин раз қизин ботким, тилар бир навжувон кўнглум.

Навоий дерки, кўнглунгни кетургил ишқ кўйидин,
Бағоят яхшидур, гар бўлса розий ул ёмон кўнглум

414

Не айб, агар майи софий ғамидадур кўнглум
Ки, чанги ҳалқайи зулфи хамидадур кўнглум.

Фалак ҳақиқати фикрида куйди эрса не тонг
Ки, аждаҳое дамоннинг дамидадур кўнглум.

Муғанниё, келу тузгил харошлиқ унума
Ҳазин таронаки, рудунг бамидадур кўнглум.

Нишотдин дема сўз, навҳа бирла бошла суруд
Ки, дарду ғамзадалиғ оламидадур кўнглум.

Фироқ ўтиға тушуб дам-бадам тўкар қон ёш
Ки, охир ўлгуси ўз мотамидадур кўнглум.

Не айб васлидин ар марҳам ўлса кўнглумда,
Ҳамеша чунки анинг марҳамидадур кўнглум.

Май ич, Навоию, аҳли замондин айлама ёд
Ки, ушбу хайлдин асру рамидадур кўнглум.

415

Вайронаедур масканим, андин манга бисёр ғам,
Оҳим била эшикта ўрт, ашким била девор нам.

Нўшидин элга гуфтугў, эй ҳажр ичармен мен оғу,
Кош ўлсуму кўнглумни бу андуҳдин қутқорсам.

Қил ишқ дайрида мақар, суккониға солғил назар
Ким, бор бу мажмаъ ичра ҳар дурдийкаши хаммор Жам.

Ҳар ерки анда бир нафас, ишратқа топсам дастрас,
Юз қатла айлармен ҳаваским, бўлса эрди ёр ҳам.

Соқий, бугун майни унут, мендек даме хуноба ют,
Мутриб навойи навҳа тут, созингға боғла тори бам.

Десамки, эй бадмеҳр ўғул, юзунг кўруб ой тутти йўл,
Дер: ер қуйи гар борди ул, бир шабрави айёр кам.

Мискин Навоий берса жон, эй дийда, ҳар дам тўкма
                                                        қон,
Ул ҳар неча қилса фиғон, сен асрағил зинҳор дам.

416

Онча кавкаб тўкти шоми ғам хаёлингдин кўзум
Ким, ёруди оқибат субҳи висолингдин кўзум.

Холдин кўз тийра бўлмоқ расм эрур, бу турфаким,
Ёруди кўз мардумидек турфа холингдин кўзум.

Қуй ақиқи май суҳайли жом аро, эй муғбача
Ким, ёрур ул ахтари фархунда фолингдин кўзум.

Васлинга еттим биҳамдиллаҳки, зониъ бўлмади,
Улки, қон йиғлар эди ҳар дам хаёлингдин кўзум.

Бу сабабдинким, недин сенсиз қолиб кўр ўлмади,
Боқа олмайдур юзунгга инфиолингдин кўзум.

Янги ой кўргач халойиқ, кўзни тутмоқ расм эрур,
Лекин очилди  кўруб мушкин ҳилолингдин кўзум.

Шукр лиллаҳким, Навоийдек мунаввардур яна
Хоки пойингдин юзум, шамъи жамолингдин кўзум.

417

Ер юзини тутти ашким, кўкка етти нолишим,
Юқори тенгрию қуйи сендин ўзга йўқ кишим.

Ложарам девонаву расвойи олам бўлғамен,
Чун тушуптур, эй парийпайкар, сенинг бирла ишим.

Тиш қадабмен лаълинга узмасмен андин бу тамаъ
Анбури ҳижрон била бир-бир суғурсалар тишим.

Ҳар дам иссиғ ашку совуғ оҳдин дармондамен,
Юзу зулфунг даврида мундоқ кечар ёзу қишим.

Тийралик дуду шафақдур шуълаву  анжум шарор
Гўйиёким солди ўт ҳижрон тунига қарғишим.

Меҳри йўқлуқтин эрур ҳар тун синони оҳ ила,
Кўк ҳисори хайли бирла тонгға тегру санчишим.

Эй Навоий, гар сенинг нолангға йиғлар андалиб,
Бир кун ул гул кўнглига ҳам кор қилғай нолишим

418

Лаълинг ғамидин дийдайи гирён била бордим,
Кўрмай сени юз нолаву афғон била бордим.

Васлингға етай дедиму ҳажрингға йўлуқтум,
Уммид ила келдим, вале армон била бордим.

Васлингға шитоб айлаб ўкуш ғам била ёндим,
Ўқдек келибон бир неча пайкон била бордим.

Оламға видоъ эттим ўшул юз ҳавасидин,
Юз шукрки, охир дами иймон била бордим.

Умре тилаб иш сиррини кетмак керак охир
Ким, шаммае андин мени ҳайрон била бордим.

Оламға видоъ эттим, оч ул юзни дамеким,
Зоди абад элтай чу бу борған била бордим.

Дедимки Навоийдек ўлай меҳринг илан-ўқ,
Юз шукрки, ул ваъдаву паймон била бордим.

419

Водийи ҳажрингда бир дам қон ютардин қонмадим,
Ушбу ўтлуғ водий ичра тинмадим то ёнмадим.

Ўлганимдин сўнгра келди сўрғали дардимни ёр,
Уйқу кўрким, бошима етиб қуёш уйғонмадим.

Оразим сарғарди олтундек сочинг савдосидин,
Мундин ўзга нақд ул савдо аро қозғанмадим.

Кўйига айландурунг наъшимки, ҳижрон заъфида
Ўлтуруб ҳасрат мени бир ул тараф айланмадим.

Нол янглиғ гарчи хаттинг шавқидин бўлдум заиф,
Лек жавринг тийғи бошимға келиб тўлғанмадим.

Салтанат кўрким, нуҳоле меҳрдин арз эттилар,
Жуз фано майхонасининг керпичин ёстанмадим.

Ишқ аро иқрор кўп чекма мени ўлтургали,
Эй Навонй, чунки мен ҳаргиз бу иштин тонмадим.

420

Онча йиғлатти жафодин дўстдур деб севганим
Ким, кулар аҳволима ҳар қайда кўрса душманим.

Дўстким қилғай мени бедоди душман кулгуси,
Буйла душманкомлиғдин яхшироқдур ўлганим.

Дўст душмандин манга кўпрак чу текурди жафо,
Не ажаб гар эмди душмандўстлуғ бўлғай фаним.

Урса душман захм эрур марҳам таваққўъ дўстдин,
Иккиси захм урса тонг йўқ чок-чок ўлмоқ таним.

Таъна бирла бузма, эй душман, кўнгул уйин дағи,
Ушбу баским, дўст зулмидин бузулмиш масканим.

Дўстқа жон бердиму душмандур эмди, ваҳ, не тонг
Ўртаса ҳам дўст, ҳам душманни оҳу шеваним.

Эй Навоий, дўст худ йўқ, ваҳ, не ҳолатдурки, бор
Бошим узра душман икки дийдайн тар доманим.

421

Хазон ранги юзига берса тонг йўқ шуълайи дардим
Ким, элга шамъи базм ўлмиш баҳори нозпарвардим.

Анинг васли муҳолу ҳажрида дардим фузун ҳар дам,
Бировни ҳамдами гар кўрсам, афзунроқ бўлур дардим.

Сабо бирла булут туфроғимен, кўйига гардимни
Бири элтиб, бири қўймаса андин чиққали гардим.

Чу сурсанг тийғи заҳролуд кўнглум очилур, невчун
Ким, улдур сабзаму қонким, бағирдин оқизур вардим.

Агар ҳижрон тунида умрум ўтти, эй кўнгул, ғам йўқ,
Топармен жон агар бир тун йўлуқса моҳи шабгардим.

Хазон бирла баҳорин даҳрнинг найлай, чу ёшурди
Бирисин лолайи ашким, бирисин чеҳрайи зардим.

Фалакдек, эй Навоий, бўлмасам бир ой фироқинда
Недур бас чархдек тун-кун жаҳон гирдида новардим

422

Ақлу жон қасдида кўрдум ул кўзу мужгонни ҳам,
Чектим ул мужгону кўз оллида ақлу жонни ҳам.

Новакинг еткач қизиқ кўнглум йиғочин куйдириб
Қатрайи су янглиғ ошом айлади пайконни ҳам.

Кўз ёшимни қон қилиб, бағрим су эттинг эй фироқ,
Йўқки ёлғуз суни қон қилдинг, су қилдинг қонни ҳам.

Ишқ даштида қуюндек хоксорингмен, гаҳе,
Истасанг ушшоқни, ёд эт бу саргардонни ҳам.

Гўйдек бошим неча рахшинг аёғи зарбидан.
Пўя қилған, гаҳ-гаҳе еткур анга чавгонни ҳам.

Эй тавонгар, нечаким қасрингни қилдинг зарнигор
Асру ҳолий кўрма дарвеш ўлтурур вайронни ҳам.

Кўнглум олиб бордингу қолмиш манга бир хаста жон,
Ҳар қачон келсанг Навоий топшурур қолғанни ҳам.

423

Ажойиб тийрадур ҳажрим туни, эй меҳри йўқ моҳим,
Магар совурди ишқинг ўртаганларнинг кулин оҳим.

Вужудум ул қуёш ҳажрида андоқ муртафиъ бўлди
Ки, мумкин йўқ ани истарда бўлмоқ соя ҳамроҳим.

Юзумнингг акси коҳий қилди кўюнгнинг ушоқ тошин
Камоли ишқ кўрким, қаҳрабо ижод этар коҳим.

Кўнгул ҳар ғамзаси ўқинки, бордур, орзу қилди,
Биҳамдиллаҳки, еткурди неким, бор эрди дилхоҳим.

Ясай дард ўқларидин бир оқ уй жон гулшани ичра
Ки, кўнглумда ториқса, анда киргай моҳи хиргоҳим.

Кўнгул афсонасин гоҳе десам, элни тутар уйқу,
Ва лекин ҳар замон сескандурур афғони ногоҳим.

Қилиб майхона туфроғин ватан қон ютмоғим кўргил
Ки, бу бир бодайи айшимдурур ул маснади жоҳим.

Эрур бир муғбача илгидин ичмак орзусидин
Фано дайрида ҳар дам бир эшикдин шайъилиллоҳим,

Умид улким қадам сарвақтима еткурган огоҳе,
Навоий гар талаб йўлида бўлса жони огоҳим.

424

Тандин ўқунгни чексалар, оғрирдин эрмас шеваним,
Андин қилурмен навҳаким, айру тушар жондин таним.

Гулхан кули ичра ниҳон, жисмим жунундиндур нишон,
То телбалик барқи аён бўлғач куюптур хирманим.

То ишқ аро афсонамен, ўт ичраки девонамен,
Ул шамъ учун парвонаменким, бўлмиш ўртанмак фаним.

Ул шўх секритти саманд, эрмас насиҳат судманд,
Ҳар дўст берса эмди панд, улдур улуғроқ душманим.

Май ичкали ул нўшлаб зоҳир қилур ҳар дам тараб,
Бу навъ очилмоқ не ажаб, андоқ су ичкан гулшаним.

Чун одамийда йўқ вафо, кўр ул парий ишқи аро
Жавлонгаҳим дашти фано, вайронайи ғам масканим.

Рам тиғидин қочмоқ ҳавас қилма, Навоий, ҳар нафас,
Ул тийғнинг дафъиға бас, юз пора хирқа жавшаним.

425

Қуруқ танимға туган куйдурурда бебоким
Фатила ўти етишкач туташти хошоким.

Тан ичра телба кўнгул изтироб этар асру,
Тикиб не навъ ўнгансун бу сийнайи чоким.

Ҳазин кўнгулни магар чок қилгасен, эй гул
Ки, ғунча янглиғ очилғай даме бу ғамноким.

Ҳавойи ишқинг аро ўзга оламим бордур
Ки ашким анжум эрур, оҳ дуди афлоким.

Дедим: бошимни чопиб туъма элт итларингга,
Деди: бу юкдин узулмиш яқинда фитроким,

Фиғонки, ишқ ҳадиси дақиқ эрур андоқ
Ки, қосир ўлмиш ани англамоқдин идроким.

Дединг: Навоий эмиш ҳушманд, боре дегил,
Жаҳонда ким дурур андоқ харобу расво ким?

426

Висол ичра ул ойнинг фурқатин осон гумон қилдим,
Чу борди, войким, не навъ душвор эрканин билдим.

Дер эрдим, ҳажрида шояд ўзумни асрай олғаймен,
Бу сўз ҳашв эрканин билдим ҳамул соатки айрилдим.

Фиғонким, дарду ғам кирмакка хуш-хуш рахналар бўлди,
Кўнгулким тўш-тўшидин дарду ғам чиқсун дебон тилдим.

Ҳамул дам ишқ даштида мени гум қилди бехудлуғ,
Агар ҳушу хирад саъйи била бир лаҳза топилдим.

Фано йўлиға туштум еткали Фарҳоду Мажнунға,
Нечук йўл бормайинким, яхши ҳамраҳларға қотилдим.

Чу ичтим ишқ жомин бехуд ўлдум тарки ҳуш айлаб,
Анингдек май ичиб бу навъ усруклукдин ойилдим.

Фироқи мушкил эрмиш, билмайин мен ҳам Навоийдек
Висол ичра ул ойнинг фурқатин осон гумон қилдим.

427

Ҳажр ила кўрма раво жонимға бепоён ўлум,
Тийғ сурким, хуштурур оз оғриғу осон ўлум.


Жон бериб истармен ўлмакни, ўлум хўброқки, жон,
Жоним ўлмакдур чу истайдур манга жонон ўлум.

Халқ душвор ўлмагим ҳайронидурлар, турфа кўр
Ким, эрур душвор ҳажрим оллида ҳайрон ўлум.

Ҳажр қолмас ёшурун оҳу фиғон чек, эй кўнгул
Ким, яшурмоқ бирла ҳаргиз қолмади пинҳон ўлум.

Дарди ҳижрон саъбу етмас шарбати васл, эй табиб,
Гўйиёким ушбу дардимға эрур дармон ўлум.

Фоний ўлмай қилған изҳори фано, билким, эрур
Ул гадоким ризқ учун зоҳир қилур ёлғон ўлум.

Эй Навоий, жаҳл ила ўлмак қатиқ ишдур, вале
Чун камоли маърифат касб ўлди, не нуқсон ўлум.

428

Бўлмасун кўнглунг қушиға дурру гавҳар васли ком
Ким, қазо ул доналарға баҳр мавжин қилди дом.

Гар малак тасбиҳи дона, ҳур зулфи дом эрур
Ким, бу дому донаға зийрак қуш эрсанг, бўлма ром.

Даҳр боғининг ҳавосидур самуму суйи заҳр,
Анда бўлмас бу ҳавову су била қилмоқ мақом.

Боғким, нилуфарий кўкурд ўтидур англаким,
Не муаттар бўлғай андин тарбият топқан машом.

Май ўти бирла димоғингни қизитмаким, бу ўт
Эл димоғида пиширмайдур бажуз савдойи хом.

То ўзунгни хасча кўргунгдур эмассен одамий,
Гар ҳавода сайр қил, гар су уза кўргуз хиром.

Кул қил ул хасни фано оташгаҳиға ташлабон,
То кўнгул миръоти ул кулдин жило топқай тамом.

Истарам, кўзгуда кўрсам ёр аксин бир нафас,
Соқиё, майким! Эрур ишқ аҳлининг кўзгуси жом.

429

Менки, даврон зулмидур кўнглумга, балким жонға ҳам,
Найлай олғаймен ангаким, зулм этар давронға ҳам.

Кўр ғамим афзунлуғин ҳар дамки, ашким хайлининг
Қатраси баҳр ўлди, эмди айланиптур қонға ҳам.

Ёпмангиз Фарҳод ила Мажнунниким, меҳнат тўзи
Сатр учун басдур манга ҳам, ул ики урёнға ҳам.

То топибмен ишқи ўти бирла тийғи заҳрини,
Исо анфосиға боқман, чашмаи ҳайвонға ҳам.

Гоҳ кўнглум ғунчасин истар, гаҳе пайконини
Ким, кўнгул бордур муносиб ғунчаға, пайконға ҳам.

Нилуфар нақш айлаб айвонингға мағрур ўлмағил,
Йўқ, вафо нақши чу бу нилуфарий айвонға ҳам.

Муддаийлар чун Навоий ишқин англаб, жониға
Қасд қилғанлар эмиш, боре денгиз жононға ҳам.

430

Ул қуёш васлида ўзни рашкдин гум айларам,
Соядин ёнимда тебрангач таваҳҳум айларам.

Ул пари кўнглумдадурким, сўзлашурмен демаким,
Телбаликдин ўз-ўзум бирла такаллум айларам.

Шоми ҳажрим тонгсиз ўлмиш не ажабким, ажздин
Шомдек йиғламсиниб, тонгдек табассум айларам.

Қатл ҳукми айласа ўлтуртубон ушшоқни
Ишқ аро, чунким мен акмалмен, тақаддум айларам.

Элга раҳм этман, уқубатлар била қатл айласанг,
Ўз-ўзумга маҳзи ҳирмондин тараҳҳум айларам.

Поклик даъби гар эрмастур сулук ичра, не суд,
Баҳру барда гар таҳорат, гар таяммум айларам.

Эй Навоий, то муқаррар қилдим оҳанги Ҳижоз,
Гаҳ Ироқу гаҳ Ажам сари тараннум айларам.

431

Сенсиз ашким ёмғури сайлини тўфон айладим
Ким, анинг туғёнидин оламни вайрон айладим.

Буйла тўфонға кўзумни абр этиб, ноламни раъд,
Оҳ ўти учқунларин барқи дарахшон айладим.

Йўқки, кўнглум шуъласидин даҳр аро солдим бир ўт
Ким, томуғни эл кўзига боғи ризвон айладим.

Мунча, бал юз мунча ҳам эрмас экин мингдин бири,
Улча мен ул ойдин айру шоми ҳижрон айладим.

Саъб эрур ҳажр ўлманг, эй аҳбоб, ошиқ зинҳор
Ким, бу иш таҳқиқини мен улча имкон айладим.

Севганим бу аҳд аро майдур, қани паймонае
Ким, киши севмакдин эмди аҳду паймон айладим.

Эй Навоий, ишқ таркинким, дедим, маъзур тут
Ким, муҳиқдурмен бу ишда гарчи туғён айладим.

432

Ҳуснунгга ҳайратдин ўлди барча бесомонлиғим,
Мен киму сомон, чу ортар ҳар нафас ҳайронлиғим.

Кўйида тун-кун кезай дермен ниҳон қолмас, валек
Оҳ ўтию ашк қони рангидин пинҳонлиғим.

Ғайр хошокин агар совурмас эрсам бас недур,
Кўйи даврида қуюндек мунча саргардонлиғим.

Ул этак қоним била кўргузди гулгун ҳошия,
Не ажаб, тутсам ани бу дам чу улдур қонлиғим.

Тифллар тоши теримни элтибон, қолди сўнгак,
Ул парий савдосида бордур ажаб урёнлиғим.

Дину дунё нақдини сочтим, чу кирдим дайр аро,
Бу эди аввал қадаҳ ичканда дастафшонлиғим.

Деди зоҳид: ул парийдин ҳур умиди бирла кеч,
Эй Навоий, бўлмағай бу ҳадқача нодонлиғим.

433

Жонима доғе қўюптур лаълинг узра холким,
Кўнглума ўт тушмиш андин юзга бурқаъ солким.

Тушмагай эл кўнглига ўт ҳамки, анинг рашкидин
Бийм эрур, бўлғаймен андоқ ожизу беҳолким.

Ашк сайли айлагай кўюнгдин овора мени,
Бу сифат оворалиғдин айла фориғболким.

Гарчи мажнунмен сенинг кўюнгни-ўқ айлаб ватан,
Анда-ўқ бўлсам бўлай бозичайи атфолким.

Ёғса урён жисмима ўт анда айлармен қабул,
Ўзга ерда гар ёғар гул, айларам эҳмолким.

Анда ёғқан тош эрур жаннат гулидин яхшироқ,
Бу жиҳатдин анда бўлмоқ истарам помолким.

Қатл қилғайсен мени бир кун вале айтур кўнгул:
Эй Навоий, кеч бу сўздин, сен ким, ул иқбол ким?

434

Юзунг ғамидин эрур абри навбаҳор кўзум,
Не айб, ер юзини қилса лолазор кўзум.   

Саводу қони била бир ғариб лола эрур
Ки, лолазор басе қилди ошкор кўзум.

Не қони лола эрур, не саводи доғи анинг
Ки, қўйди ҳажр ўтидин доғи интизор кўзум.

Агарчи қилди мени хору зор кўнглуму бас
Валек айлади кўнглумни хору зор кўзум.

Не кону баҳр экинким, лабу тишинг ғамидин
Гулу суманға қилур лаълу дур нисор кўзум.

Буким қорарди чу тардоман эрдию ғаммоз
Фироқ шомидадур тийрарўзгор кўзум.

Навоий, айла назар таркини деманг, чунким
Мен ихтиёр этибон, қилмас ихтиёр кўзум.

435

Сендин айру то асири дарди ҳижрон қолмишам,
Буки ўлмай қолмишам, ҳолимға ҳайрон қолмишам.

Хонумонимни ғаминг торожи барбод айлади,
Хонумон бориб алохону аломон қолмишам.

Ишқ даштининг самуми ҳулласин айлай паноҳ,
Хайли ғам яғмосидин мундоқки урён қолмишам.

Дарду ғамдин ёшуна олман камоли заъфдин,
Хурдабинларнинг кўзидин гарчи пинҳон қолмишам,

Даштдин Фарҳоду Мажнунни йиғиб мушфиқлари,
Мен ғариб ул навъким, ғули биёбон қолмишам.

Васл даври жомидин аҳбоб сармаст ўлдилар,
Дайр аро тек бир ман-ўқ махмури даврон қолмишам.

Эй Навоий, учти булбуллар хазонда боғдин,
Мен қанотсиз қуш масаллик айлаб афғон қолмишам.

436

Не ул қулоққа етар, арзи ҳол адо қилсам,
Не ул кўнгулга ёқар, нақди жон фидо қилсам.

Кўнгул шикофиға ул кўй туфроғи қаниким,
Бу хушк дору ила захмима даво қилсам.

Керак қуёш дирами танга бўлса байъона.
Чу Юсуфумни ики даҳрға баҳо қилсам.

Фиғонки, ишқ чекар боғлаб ани бўйнумға
Нечаки зуҳду вараъ пардасин ридо қилсам.

Кўзумга даҳрни ҳар лаҳза тийрароқ айлар,
Саводи холингга ҳар неча кўз қаро қилсам.

Ишим чу савмаа шайхи била тузалмади, кош
Ки, эмди майкада пириға илтижо қилсам.

Навоиё, чу сабо ҳамнафасдур ул гулга
Не бўлди, сарсари оҳимни гар сабо қилсам.

437

Кўнгулни бағир қонидин лола қилдим,
Қўюб доғ паргола-паргола қилдим.

Совуғ оҳдин қатра пайконларингни
Юрак ғунчаси жавфида жола қилдим.

Кўзумда ул ой мардум ўрнини тутти,
Саводин анинг давриға ҳола қилдим.

Не қавмоғки, уйғонмади гарчи тунлар
Тонг отқунча итлар кеби нола қилдим.

Кўруб оби ҳайвон юзинда хубобин,
Тасаввур лабинг узра табхола қилдим.

Фалак золининг макридин бўлдум эмин,
Нединким, талоқи бу муҳтола қилдим.

Навоий сариғ юзида доғи идбор
Чу кўрдум, гумон сариғ лола қилдим.

НУН ҲАРФИНИНГ НОЗАНИНЛАРИНИНГ
НОЗИ «ҒАРОЙИБ»ДИН

438

Истарам юз манзил ўткаймен Адам саҳросидин,
То замоне тинғамен олам эли ғавғосидин.

Умр нақдин сарф этай дермен фано бозорида,
То қутулғай хотирим суду зиён савдосидин.

Хуштурур вайронае таскин учун, лекин йироқ
Юз минг иллиқ йўл фалакнинг гунбади мийносидин.

Чиқмайин бу дайрдин мумкин эмас бўлмоқ халос
Ҳар кеча юз минг бути сиймин бадан яғмосидин.

Ҳар сўнгак ёнимда қасди умр этар, ваҳ, хўшае
Борму имконким, қутулғай мунча меҳнат досидин

Заъфароний юзда гулгун ашк тўкмак не осиғ,
Ишва кўрган  даҳр боғининг гули раъносидин.

Ғарқа эл дафни учун сардобаедур ҳар ҳубоб,
Ишқ водийсинда ашким сайлининг дарёсидин.

Ишвагарлар доғидин жон пардасин кўр, оҳким,
Бу ҳарир эскирди золим шоҳлар тамғосидин.

Эй Навоий, даҳр боғидин қутулмоқ истаким,
Булбул учқан яхшироқ зоғу заған маъвосидин.

439

Кўнгулни айладим юз чок ишқингдин, мени маҳзун
Ки, ҳуснунг васфи ёзғаймен китобе коғази гулгун.

Кўнгулнинг мазраиким новакингдин бўлди юз хирман,
Бошоқ термак учун келгай магар Фарҳод ила Мажнун.

Қабаб ҳар тун чекиб юз минг синон анжум шуоидин,
Магар сабрим сипоҳиға шабихун келтурур гардун.

Лабинг шавқида кўнглум ҳар не борин бошидин қўйди,
Май истаб ринди муфлис айлади дасторини марҳун.

Кўнгулда шўхлар нозидин ортар ҳар нафас оҳим,
Ёнар ўтқа чу атфол эврушурлар, дуд ўлур афзун.

Майи лаълинг учун бехудлуғум андоқдур, эй соқий
Ки, қотсанг тонг эмас, жомимға касби ҳуш учун афюн.

Илиг зулфунгға элтур орзудин ёва айтурмен
Бировдекким йилон тутмоқ учун оғзидадур афсун.

Тўкуб ферузагун кўк мотамингға гавҳари анжум,
Сени ферузаву гавҳар хаёли айлабон мафтун.

Навоий, назм лофин қўйки, кўз бир кунлуги эрмас,
Агар юз йил сочарсен табъ баҳридин дури макнун.

440

Булут ҳайвон зулоли бирла тиргузди ҳаво жонин,
Севунмак ашкидин шодоб қилди сабза мужгонин.

Эмастур сабзаву лолаки, жола тошидин гардун
Кўкартиб ер юзин ҳар сари зоҳир айлади қонин.

Ирик невчундурур шох узра гулбун барги суҳондек,
Ититмас бўлса булбул жони учун ғунча пайконин.

Чаман Лайлосидин айру дегайсен лола Мажнундур
Ки, гардун жола тошидин қонатмиш доғи ҳижронин,

Чаман баҳри латофат бўлди найсон дурлари бирла,
Қизил толдин муҳайё қилди ҳар ён шохи маржонин.

Бу фасл ичра маломат тошидин солим биров қолғай
Ки, чеккай май сумурмакда юзига жоми қалқонин.

Майеким, оташин, чиқғай сариғ гуллар, агар деҳқон
Томизса қатрае андин суварур чоғда бўстонин.

Бировким, даҳр боғининг фиребин билди, наргисдек
Қадаҳдин бош кўтармай сурди ишрат бирла давронин.

Гули мақсуд ул қондур, Навоийким, аёғингдин
Чиқар чекканда мақсад Каъбаси хори муғийлонин.

441

Муҳаббат риштасин уздики, ўлтургай бу ғамнокин,
Магар ул ришта бирла тикмиш эрди кўкрагим чокин.

Эмас гирён кўзум кирпиклариким, сарсари оҳим
Солиб мавж ул тенгизга бир қироққа солди хошокин.

Мунажжим кўнглум ўти дафъиға деди топай соат,
Дамим дуди аро не анжумин топти, не афлокин.

Бошим чопқанда ул чобук ёшингни асрағил, эй кўз
Ким, ул судин юғайсен, қон юқардек бўлса, фитрокин.

Назар йўлин сиришким пок юб, кўз пардасин очти
Ки, чиққач пардадин кўргаймен анинг чеҳраи покин.

Кўзин уйқуда кўргач ўлдум, оё ўлмайин неткай
Киши гулшанда бехуд кўрса турки масти бебокин.

Юзунг кўп очма, гоҳе сўз дегилким, ақл деҳқони
Не гул исрофини яхши демиш, не ғунча имсокин.

Ўгуб жаннат гулин воиз тиларким, айласам савдо
Неча эски дирамға Юсуфум, ваҳ, кўргил идрокин.

Десам ул ой, бориб чиқмас ғами кўнглумдин айтурким:
Навоий, не ажаб, бўлмоқ қамар сойир, ҳажар сокин.

442

Баски қадди ғунчадек эл кўнглин олиб қилди қон,
Гулбуни ноз ўлмиш эл кўнглидин ул сарви равон.

Кўзларинг хунхорлиғдин дойимо бемор эрур,
Бода кўп ичкандин андоҳким, бўлур эл нотавон.

Ёшурун ҳуснунгда бир онедурурким, жон аро
Ҳам алиф, ҳам наъл уза доғим эрур андин нишон.

Юзидин бийномен арчи юз чиқармас пардадин,
Нурдин кўрмакдур, аммо нур эрур кўздин ниҳон.

Ишқ комил бўлса, меҳнат ўқларидин бок эмас,
Не зарар булбулғаким, бўлғай тикандин ошён.

Ишқ боғининг суйи қондур, не тонг гар оҳу ашк
Анда ёхуд оташин гул очсалар ё арғувон.

Субҳнинг ҳар тонг эрур эл ғафлатидин кулгуси,
Меҳр хонидин гумон қилмаки, ебдур заъфарон.

Топмадим бу дайр ҳолидин хабар, эй муғбача,
Бехабар қил мени ўз ҳолимдин эмди бир замон.

Дард агар будур, Навоий чиқса оламдин не тонг,
Масту урён кўкрагига тош уруб, тортиб фиғон.

443

Ишқида яхши-ёмон бедодидин топман амон
Яхши то қилсам назар йўқтур киши мендин ёмон.

Лаҳза-лаҳза бош чекар ишқим шарори, эй рафик,
Алъамон шавқу муҳаббат шуъласидин, алъамон.

Юз адам мулкига қўйдум, келки, истайдур кўнгул
Бу узун йўл зоди кўз тикмак юзунгга бир замон.

Ўртабон ушшоқ жисмин, ғофил ўлма оҳидин
Ким, зарарлиғ дуд зоҳир айлар ўт тушган сомон.

Куймагимга новакинг пайкони бас, ҳижронни қўй,
Хасқа ўт солмоқ учун учқун ҳамон, дўзах ҳамон.

Сен магар туғқанда кун туғқандурурким, заррае
Фарқ фаҳм ўлмас орангизда нечукким, тавъамон.

Ул қуёш ҳажрида оҳим ўқидин ваҳм этмаса,
Кўк темур ичра ниҳон нечун бўлуптур осмон.

Вақтдин ол нақди айшингники, мундоқким эрур
Дам-бадам кўздин ниҳон бўлмас анга бўлмоқ замон.

Эй Навоий, телба кўнглум дардини англай десам
Онча айтур ёваким, бир лафз андин англаман.

444

Юзу зулфунгни соғиниб келмишам, эй маҳжабин,
Кечани кеча демай, кундузни кундуз демайин.

Оҳу афғон чекма деб, оғзимға, жоно, муҳр қўй,
Чунки лаълинг хотаму ёқути нобингдур нигин.

Лаълининг ҳар бир ҳадиси шаҳддек ширин эрур
Оре-оре дойимо гул баргидиндур ангабин.

Лаъл уза хат ичра холингдур ниҳон ё ҳиндуе,
Сабзада ёшунди шаккар қасдиға айлаб камин.

Янги ой хуршид аро бўлмоқ аён маъҳуд эмас,
Ваҳ, недур айлаб ғазаб солмоқ жабининг узра чин.

Шамъни парвона куйдурмакдин, эй гул, қилма айб,
Булбул эрмастурму кул, ё сен эмассен оташин.

Эй Навоий, очмағай қонимдин ўзга лолае,
Ҳар гияҳ бу йўлдаким, қатлимға чекмиш тийғи кин.

445

Шикеб уйин бузадур бенаво кўнгул, нетайин,
Хароблиғ қиладур мубтало кўнгул, нетайин.

Дединки, асра кўнгулни ўзунгдаву сабр эт,
Чу менда турмасу борур санга кўнгул, нетайин.

Кўнгулни қайди жунундин чиқар дединг, эй ақл,
Кетурса бошингга юз минг бало кўнгул, нетайин

Кўнгулни ўтқа солиб, кўзни истарам ўйсам,
Балони кўз кетирур жонға, ё кўнгул, нетайин.

Мен ул кўзи қора ишқин қўюб эдим биллаҳ,
Таҳаммул этмади, юзи қора кўнгул, нетайин.

Тағофул этсам итарсен, ўларсен этсам қайд,
Сенинг била, дегил, эй бевафо кўнгул, нетайин.

Навоиё деб эдинг: Зуҳд тарҳи бунёд эт,
Шикеб уйин бузадур бенаво кўнгул, нетайин.

446

Не тонг, сариғ юзумда ашки рангин
Ки, киймиш сабзи талх ул сабзи ширин.

Ўзи гавҳар, тўни дарёйи офат,
Бўлуб мавжи бало ул тўн уза чин.

Санга ҳамранг тўнлуқ шўхлар бор,
Нечукким сарв оёғинда раёҳин.

Эрур жисмингда ахзар хилъат ул навъ
Ки, гулбун баргидин тўн қилса насрин.

Дегайлар сарв қадду хилъатингни
Ва лекин сарв ким кўрмиш гулогин.

Хатинг шавқида кўнглум тўтиёдур
Ки, йўқ зикрингдин ўзга анга талқин.

Навоий, чархи ахзардур сияҳкор,
Тамаъ сарсабз бўлмоқ қилма андин.

447

Арғувоний тўнмудурким киймиш ул сарви равон.
Ё магар сарв равон қилмиш либосин арғувон.

Сарвнинг ҳар барги бағрим қонидин сероб эрур,
Йўқса бўлмас арғувоний барглик сарви равон.

Сарвдин то топти зийнат арғувон юз шавқ ила,
Бошқа санчар арғувон ҳар зод сарви навжавон.

Арғувону сарв истармен чаманда, то мени
Арғувоний тўн била ул сарв қилди нотавон.

Кўргузур қадду либосинг шавқидин қонлиғ мижа,
Кўзда ҳар дам арғувону сарвдин бир корвон.

Арғувоний тўн била қатл айламас ул сарвким,
Қон ила қилмиш либосин арғувоний бир авон.

Арғувону сарвдин то даҳр боғи зебдур,
Бўлсун улким даҳр аро ҳам шоҳ эрур, ҳам паҳлавон.

448

Ишқ аро менмен даме бемеҳнату ғам бўлмаған,
Жонидин маҳрум ўлуб, жононға маҳрам бўлмаған.

Юз вафо айлаб, жафодин ўзга нафъе кўрмаган,
Минг жафо кўруб, вафоси заррае кам бўлмаған.

Минг қуёшча кўрган ўз ёрин, вале ёр оллида
Минг улушидин бирича зарранинг ҳам бўлмаған.

Олам аҳли ишқ аро расволиғим таън этмангиз,
Кимдурур  ошиқ бўлуб,  расвойи олам бўлмаған?

Анжум эрмас тердур оҳим ўтидин кўк сақфида,
Ваҳки, бу тердин биное қолмади нам бўлмаған.

Дастгире истаким ғамдин халос имкон эмас,
Илки бир заррин камар белига муҳкам бўлмаған.

Эй Навоий, билки топмас лаълидин қути ҳаёт,
Жонни таслим айламакликда мусаллам бўлмаған.

449

Хуршид тулуъ этса, қуёшинг соғинурмен,
Кўргач янги ой майлини қошинг соғинурмен.

Ҳар гулки жаҳон гулшанидин жисмима, эй шўх,
Еткач, мени савдозада тошинг соғинурмен.

Эй кўз, қурудунг, лек қаю сайли балоким,
Бир уйни хароб айлади ёшинг соғинурмен.

Эй жисм, ажал чобуки ҳар гўйким ўйнар,
Майдони фано ичида бошинг соғинурмен.

Най шарҳин эшиткач қилиб, эй нола, сени ёд,
Кўз шарҳаларин кўрса, харошинг соғинурмен.

Эй хаста кўнгул, бўлғали сен ишқда мажнун,
Кўргач сени саргашта, адашинг соғинурмен.

Ўлган итин, эй хаста Навоию рақибин
Чун кўрсам ити оллида лошинг соғинурмен.

450

Ҳар хазон барги эрур зореки даҳр озоридин
Сарғариб мендек тушар  айру сиҳийқад ёридин.

Ҳар қуруған шох мажнундурки туфроғ уйига
Топширур ҳар дам илиг юб нозанин беморидин.

Боғ аро, деманг, хазонким ошиқ ўлмиш мен кеби,
Билгурур совуғ нафас бирла сариғ рухсоридин.

Ҳар оқар суни хазон тийғи қилибдур зарфишон,
Кескали меҳру вафо нахлин жаҳон гулзоридин.

Бу сариғ юз бирла ўлсам кўйида, тобутима
Шохлар боғланг хазоний ишқпечон торидин.

Кўйида куймиш кўнгул буким, хазондур боғ аро
Эсти бир ел, гўйиё куйган ғарибим соридин.

Коҳи юз бирла ўлармен, Исавийдам соқиё,
Бода тут хуршиди жоми каҳрабокирдоридин.

Бодаеким журъаси томғач, хазон яфроғлари
Ток баргидек қизарғай сарбасар  ашжоридин.

451

Шавқдин ашк ичра ғарқ ўлуб, дей олмасмен ғамин
Ким тенгизда гавҳар истар, асрамоқ керак дамин.

Айшу суҳбат хайлиға тушкай насимидин вабо,
Қайда солсам захми исланған юракнинг марҳамин.

Пайкарим гардин совурғудек эсар ҳижрон ели,
Лутф этиб, эй гул, саҳоби васлнинг еткур намин.

Қолиб этти янги ойни тоқ учун меъмори сунъ
Қудрат илги боғлаған соат қошинг тоқи хамин.

Кўнглакидур чоку киз бўйнида фонус, эй ажаб,
Тутти ул ҳам шамъдек, ғам шоми кўнглум мотамин.

Шамъ чобуклук аро лўлийвашимға етмади,
Дудидин ҳар нечаким қилди мутарро парчамин.

Мотами ҳижронда созедур Навоий жисмиким,
Ноласидин зерини тоқмиш ўкурмакдин бамин.

452

Мени бедил санга жон ўйнамоқ бирла ярайдурмен,
Бале сен тифлни бу туҳфа бирла арғадайдурмен.

Лабинг кўргач, илигим тишларам ҳар дам таҳайюрдин,
Ажаб ҳолатки, болни тутмай«ин бармоғ ялайдурмен.

Дедим: кўнглумга ҳар ёндин хадангинг недурур ёра?
Муҳаббат ўтиға, деди, ўтундурким, қалайдурмен.

Чу аҳли дард учун пайваста қош ёсини тортибсен,
Манга ўқ новакингни хуш кушод этким, қулайдурмен.

Анга еткур сўзум, эй оҳким, ул ҳусн миръоти
Чу қилди жилва, кўзгу акси янглиғ алдарайдурмен.

Магар элтур парийлар, эй фусунгар, телба кўнглумни
Ки, турмайдур нечаким жисмим уйинда қабайдурмен.

Навоий телбараб то ул парий кўйига юзланмиш,
Эшитурмен фиғон, лекин ҳадисин англамайдурмен.

453

Тикмишам мажруҳ кўнглум захмини ғам нишидин,
Чиқмасун деб ханжаринг завқи кўнгулнинг решидин.

Лаълдин маҳрур эди кўнглум, чу фассод очти қон,
Қатра қонлар йўқки, жонлар томди ул дам нишидин.

Қоши майлин олмаса қурбон кўнгулдин бас манга,
Йўқса не ғам чекса ё қатлимға ҳар дам кишидин.

Кўнглум андоғким, итиб Мажнун отадин тутти тоғ,
Дарди ишқ истар қочиб ақли салоҳ андишидин.

Соқиё, чун давр иши маълум эмас, бир май била
Фориғ эт жонимни  ақли хурдадон ташвишидин.

Ул маеким тўлғуча паймона озод айлагай
Бу даний хумхона дурду софийининг тафтишидин.

Асради мунглуғ Навоий риштайи жонин чекиб,
Асрағандек шоҳлар сарриштае дарвешидин.

454

Англаман судек юзунгмудур кўрунган кўзгудин,
Ё юзунгдин кўзгу су бўлди, юзунг зоҳир судин.

Рў-барў бўлғач юзунг ғам шоми оллимдин кетар,
Соя тушкандек кейин хуршид бўлғач ўтрудин.

Йиғламоқ чун айлади даъво кўзум бирла булут,
Барқ гўё муни фаҳм айлаб йиқилди кулгудин.

Тушта ул маҳваш юзига то кўз очтим ҳар кеча,
Истамасмен турфат-ул-айне кўз очмоқ уйқудин.

Холи ул юз важҳи топқан важҳдин бир гўшада
Зулфи янглиғ тўлғаниб бошим қуйидур қайғудин.

Ком соқий лабларидин топтим аммо олди жон,
Эйки даврондин қўш ичтинг, ғофил ўлма қорудин.

Борған эрмушмен ўзумдин жилва қилған чоғда ёр,
Сўрмай ўтмиш, эй Навоий, худнамойим бехудин.

455

Яна не қад жилва қилдиким, демакдин лолмен,
Ёна қайси зулф очилдиким, паришонҳолмен.

Заъфдин қаддим алиф бўлди, ул икки ломи — зулф
Ҳар ёнимдин фитнагар, ваҳ не ажаб, гар лолмен.

Итларингнинг изидин юз гул кўзум боғидадур,
Шукр эрур бу ҳамки, ишқинг йўлида помолмен.

Жисмим андуҳ ичра дард остида қолмиш, не ажаб
Эгма қад бирла агар зулфунг ғамидин долмен.

Итти ул кўнглумки, васл учун тилар эрди ҳаёт,
Шукр эмди ўлгали ишқингда фориғболмен.

Ишқ ўти бу навъким урён танимни чуркади,
Аҳли дард учун фано юзига мушкин холмен.

Эй Навоий, не ажаб юзум уза югурса ёш,
Чунки Мажнун бўлғали бозичайи атфолмен.

456

Ваҳки, мендин айру юз жон, йўқса жононму экин?
Манга онсиз минг ўлум ё дарди ҳижронму экин?

Сўрғали заъфимни лаълидинму эркин бир ҳадис,
Ё бузуғ жисмимда мамлу юз туман жонму экин?

Равзанимни то ёруттунг, кулбам ичра ҳар тараф,
Зарралар сойирму ёхуд меҳри рахшонму экин?

Олам аҳлиға лабинг зикримудур ратб-ул-лисон,
Ё бори олам лаболаб оби ҳайвонму экин?

Зулф аро қаддинг хаёлидин кўзум ёрутқали
Анбарин юз шамъ ёхуд хайли мужгонму экин?

Кўнглума ул юзу лаб ёдиму эркин ғам туни,
Ё шабистоним тўла гулбарги хандонму экин?

Ғайриға боқған учун кўз мардумин қатл айладим,
Ашки гулгун ёхуд анинг захмидин қонму экин?

457

Ярамни тиккали бошинг уза бичакму экин?
Бичакда риштаи жонимму ё ипакму экин?

Кўз асру тиктим анинг ўймоғиға, билманким,
Кўзум оқиму экин анда, ё сўнгакму экин?

Тун узра ойдину, ойдинда субҳ эркинму,
Ваё сочингда бурунчак уза лачакму экин?

Гул узра ҳар сори тоб урди сунбулунг, ёхуд
Юзунгда зийнат учун санчқан кажакму экин?

Лабингдин истади жоним ҳаёт, билмасмен
Ки, бир сўкунчму ё қасди бир мучакму экин?

Бир усрук элни чиқиб қирған эрмиш, эй лутфе,
Сенинг бегингму экин, ё бизинг миракму экин?

Навоий, ушбу паришон ҳадис ила ғаразинг
Авом хотирини сайд айламакму экин?

458

Юзунг ўтиға тутун зулфи муанбарму экин?
Оташин лаълинг ул ўт ичида ахгарму экин?

Меҳр сарчашмасидин қатраму томди ёхуд
Оразинг бирла қулоғингдаги гавҳарму экин?

Ғам туни ҳар тараф оҳим ўқи ул ой ғамида
Чархдин  ўтканининг ўрниму,  ахтарму экин?

Музтариб кўнглум экинму куядурган тан аро
Ё бу оташкада кунжида самандарму экин?

Қон экинму янги доғим аро, ё ҳажрингда
Жоми гулнорий ичинда майи аҳмарму экин?

Зоҳид учмоғ тилади ёрдину мен ҳам ўзин,
Ё раб, ушбу ики матлуб баробарму экин?

Эй Навоий, дема Фарҳод паришонлиғидин
Ул бу Мажнунча бало тоғида абтарму экин?

459

Улки ҳар тун уйғаниб, ёнида кўрмас ҳамдамин,
Йўқ ажаб гар сояни ҳамдам қилиб айтур ғамин.

Қўйнида афъий, не мумкин кўзга уйқу кирмаги
Улки ҳар тун ёд этар бир зулфнинг печу хамин.

Такя не имкон тушуб бистар аро юз минг тикан,
Улки бир мужгон хаёли тийра қилмиш оламин.

Кеча афғон қилмасам тонг йўқ, бировким кўнглига
Ҳажр ўқи теврулди, мушкилдур қатиқ урмоқ дамин.

Не ёруғ бўлғай ҳаёти шамъи улким, ишқ анга
Ғам шабистони аро ёғдурди ҳижрон шабнамин.

Захминга сеп, эй кўнгул, навмидлиғ туфроғиким,
Топмади кўк ҳуққасида кимса вуслат марҳамин.

Чарх анжум ашкини сочиб, недин киймиш қора,
Ҳажр шоми тутмаған бўлса Навоий мотамин?

460

Порсо ёрим соғинмас масжиду сажжодадин,
Не учунким, то май ичмиш бош кўтармас бодадин.

Боқмаса тасбиҳу мусҳаф хаттиға йўқ айбким,
Фориғ эрмас дона нуқлию ҳарифи содадин.

Рўзасин сирўза май қилса не тонгким, саъб эрур,
Нася уммидиға кечмак ишрати омодадин.

Токим ул гулсиз булут янглиғ ҳавойий бўлмишам,
Базми айши ёдидин ашким қолинмас бодадин.

Майға жоним раҳн этай махмур эсамким, фарз эрур
Сарви озодеға қуллуқ ошиқи озодадин.

Ким қизитти ишқ ўти бирла кўнгул, майдин димоғ,
 Не ғами бор носиҳи беақлу шайхи лодадин.

Заъфдин махмурлуғ йиқти Навоий жисмини,
Ёр айши базмида ёд айланг ул уфтодадин.

461

Чиқарғач ул маҳи маҳмилнишин ораз ниқобидин,
Жарасдек нола айлармен кўнгулнинг изтиробидин.

Эмас  кўксумда эски  доғлар,  бал суқбалардурким,
Сувабмен то хаёлинг чиқмағай кўнглум харобидин.

Ҳавойи ишқинг асрарға эрур ҳар ён кумуш гунбад
Ки, қилмишмен иморат баҳри ашкимнинг ҳубобидин.

Бағирда ниши ғам ўлтурдию кўнглумда юз ғамким,
Итинг қут этмагай ногаҳ қуюк бағрим кабобидин.

Тану жон заврақин ғарқ эткали гирдоби офатдур
Қуюнларким, югурур ишқ даштининг саробидин.

Қоши меҳробидин юз қиблаға қўй дерсен, эй носиҳ,
Муважжаҳ деб экинсен, ваҳки, ожизмен жавобидин

Хирад мулкини сабрим кишваридек буздунг, эй соқий,
Бу селиким равон қилдинг қадаҳполо саҳобидин.

Бу базм аҳлини бот йиқмоқдин ўзга соқийи даврон
Не қилди қасд бу нилин қадаҳ даври шитобидин.

Навоий риштайи фикри чекар маъно суманбўйин,
Хуш ул тожирки, Юсуф чеҳра кўргузгай танобидин.

462

Субҳ еткурди сабо гулбарги хандон муждасин,
Ё кўнгул топти Масиҳ анфосидин жон муждасин.

Ё фалак берди йиғи кўр айлаган Ёқубнинг
Кўзлари очилмоқ учун Моҳи Канъон муждасин.

Не гули хандон, не Исодур, не Юсуф муждаси,
Топти бир маҳжур ўлар ҳолатда жонон муждасин.

Ғунча эрдим ғам елидин тўнға сиғман ғунчадек,
То сабо еткурди ул сарви хиромон муждасин.

Ҳажр аро, эй пайк, агар сен нома еткурсанг не тонг.
Тонг ели ҳар кун берур хуршиди тобон муждасин.

Нақди жон бердим, мусулмонлар, уятлиғмен ҳануз
То эшиттим пайкдин ул номусулмон муждасин.

Эй Навоий, шоми ҳижрон йиғларим дафъ ўлдиким,
Субҳ еткурди сабо гулбарги хандон муждасин.   

463

Ёнида бўлмасам нафасе дарднокмен,
Кўрсам ёнида ғайрни ул дам ҳалокмен.

Жонимға юз ғам игнасини тикти ул
Масиҳо билдиким, қуёш кеби ишқида покмен.

Васлинг таҳайюлию мен, инсофдин эмас
Ким, руҳи поксен сену мен тийра хокмен.

Ваҳм айла, эй сипеҳр, букун оҳим ўқидин
Ки, ҳажр дардидин яна беваҳму бокмен.

Жуз васл шарбати манга суд этмас, эй табиб
Ким, мен фироқ меҳнатидин дарднокмен.

Зотимда чун майи азалий чошнийси бор,
Ҳар сори маст қўл солиб андоқки токмен.

Оҳим, Навоиё, нечук асрай кўнгул аро,
Чун мен фироқ тийғи била сийначокмен.

464

Кўнглум очилмас даме бу бадани зордин,
Уйлаки, маҳкам тугун иничкарак тордин.

Ҳажр аро дардимға раҳм қилмаса ул кўз не тонг,
Кимса маразға илож топмади бемордин.

Оразида тоблиғ зулфни кўргилки, бор
Мусҳафи шерозаси риштайи зуннордин.

Гар ёрутур эл кўзин кўйи аро ул қуёш,
Баски мени сўрмаса сояйи девордин.

Савмааға бормасам айб йўқ, эй шайхким,
Ҳеч гилам йўқтурур кулбайи хаммордин.

Олам аро ёрлиғ қолмади, гўёки бор
Ёрға юз навъ алам ҳар нафасе ёрдин.

Бас манга вайрон мақар, сен қувон, эй чархи дун,
Тоқи муқарнас била шамсайи заркордин.

Неча жафову ситам тортқай аҳли вафо,
Даҳри жафопешадин, чархи ситамкордин.

Тан ялангу бош очуқ, телба Навоийға боқ
Ким, не бўлубтур халос жуббаву дастордин.

465

Кўнглум уйин ҳар нечаким, истасанг ғам топқасен,
Доғи ҳажру ғуссайи бесабрлиғ ҳам топқасен.

Кам эмас ошиқ санга, солсанг мени кўздин, вале
Ошиқеким, содиқ ўлғай мен кеби кам топқасен.

Нўши васл, эйким тиларсен, ниши ҳижрон кўрмайин,
Чун эмас бағринг жароҳатлиғ не марҳам топқасен.

Не ғаминг юз зарра саргардонлиғидин, эй қуёш,
Сенки рифъатдин Масиҳо кеби ҳамдам топқасен.

Кулма хам қаддимғаким, юкланса ишқинг Қоф аро,
Ишқ остида ёзилған «қоф»дек ҳам топқасен.

Мунча фурқат ашки бирла бўлса дўзах масканим,
Кўзласанг юз қари ўтуб, хирқам тенгин нам топқасен.

Эй насиҳатгў, Навоий яхшидур деб истадинг,
Билмадингким, буйла бир расвойи олам топқасен.

466

Юз бало ҳижрон топар ҳар дам бу маҳзун жон учун,
Тенгри гўёким яратмиштур мени ҳижрон учун.

Ҳажр уйида манъи ашкимга маломат тошлари
Фарш эрур, гўё йиқилғур кулбайи вайрон учун.

Қоматинг ҳажринда кўнглум сўрғучи носиҳ тили.
Ништаредурким, ёрар ўқ захмини пайкон учун.

Ҳажр аро ҳолимни ёздим ёд тут, эй навҳагар
Ким, басе лойиқдурурсен соз этар дастон учун.

Ишқ ғам базмида эгри қаддима жон риштасин
Тор этиб, соз айлади кўнглум чекар афғон учун.

Аждаҳо оғзи бил ўтлуғким, очиптур қасдинга
Мунчаким волиҳсен, эй булбул, гули хандон учун.

Чун Навоий номайи шавқин етурсанг, эй расул,
Тенгри ҳаққи руқъае бу зори саргардон учун.

467

Фурқатингдин кечалар ўртар мени бахти забун,
Гўйиё мен бир ёнар ўтмен, қоронғулуқ тутун.

Ашк этиб ғаммозлиғ кўнглум бузулса не ажаб
Ким, топар озор ёшлардин мудом аҳли жунун.

Мен тилармен васлу анинг кўнгли ҳар ағёр ила,
Манга икки тош аросинда керак албатта ун.

Қаддингу эрннинг ҳавоси жондадур, айб этмагил,
Бўлса афғоним бийик, сайли сиришким лаългун.

Ким кафанни ёд этар, андин ўлуг огоҳроқ,
Гар либосин билсаким, эрур катон ёхуд катун.

Сайли ашкимдин фалак ғамхонаси вайрон эди,
Қилмаса эрди жафоси дуди оҳимдин сутун.

Кўрмасам қошинг бўлурмен турғаним бирла фиғон,
Войи эрур, бас чу бўлмаса «Навоий» бирла «нун».

468

Сенсизин, эй умр, бир соат манга жон бўлмасун,
Сен бўлу бас, тубию фирдавсу ризвон бўлмасун.

Деб эмишсен: куйдурай бир доғ ила кўнглин анинг
Ҳар нечук доғ ўлса ўлсун, доғи ҳижрон бўлмасун.

Қошиға қилғач сужуд, ўлтурди ул кофир мени,
Ҳеч мусулмон ёри, ё раб, номусулмон бўлмасун.

Ишқида жоним уқубатлар била ол, эй ажал,
То анинг ошиқлиғи ҳеч кимга осон бўлмасун.

Ул парий кўнглумда меҳмон ўлмиш, эй жон воқиф ўл,
Оҳ ўти дуд этмасун, захм ичра пайкон бўлмасун.

Эй кўнгул, масте чиқиб шаҳр ичра солмиш рустаҳез,
Ваҳ, хабар тутким, бизинг бебоки нодон бўлмасун.

Дедиким: жон бер доғи ўпгил аёғим туфроғин,
Эй Навоий, тезрак бўлким, пушаймон бўлмасун.

469

Васлингға етибон соғинурмен хаёл экин,
Ҳолимни англаман, манга, ё раб, не ҳол экин.

Ушшоқ ашкидин су ичиб бар жафо берур,
Ё рабки, қоматинг не ажойиб ниҳол экин.

Зулфунгда хол «жим»  аросиндағи нуқтадек,
Юзунгда зулф вард ёниндағи «дол» экин.

Ҳар нечаким куярмен, анинг зарра меҳри йўқ,
Оёки, толиим куни кони завол экин.

Дерсенки:  сени қайси  парий телба  айламиш?
Эй бағри тош, билиб яна бу не савол экин.

Занбурнинг эви кеби кўнглум тешук-тешук,
Лаълинг хаёли ҳар тешук ичинда бол экин.

Мискин Навоий жониға кўюнгда қилма қасд,
Сайд айламак ҳарам қушин охир вубол экин.

470

Ишқинг этагин жон илиги бирла тутубмен,
Сен киргали ёдимға ўзумни унутубмен.

Кўнглумга келур ҳар сари ўқ отса нединким,
Жон ширасидин оғзини анинг чучутубмен.

Ёринг, дедилар, ғайр била бода ичибдур,
Таҳқиқини билгунча не қонларки ютубмен.

Гарм ўлмангиз, аҳбоб тилаб васл чароғин,
Менким, юрагим куйди, не чоғлиғ ёрутубмен.

Ҳажринг туни оллимға не меҳнатки етибдур,
Васлинг куни ёдидин ўзумни овутубмен.

Хилват асари ужб эканин англадим, эй шайх,
Айб этма, фано дайрида гар кулба тутубмен.

Ашк ила Навоий су берур, сабр ниҳолин
Билмаски, ани оҳим ўтидин қурутубмен.

471

Ўлгумдурур чу фурқат ила иштиёқдин,
Кел қутқар, эй ажал, мени ушбу фироқдин.

Тонг йўқ қизарса лола кеби кўз, чу мардуми
Ҳар дам ғамингда қон ютадур ул аёқдин.

Сен май ичарсен эл била, ул ғамза қон қилур,
Мен қон ютуб назора қилурмен йироқдин.

Атфол санг арбадаси ваҳмидин даме,
Девоналар кеби чиқа олман висоқдин.

Ичтим итинг сафолида май, ваҳ, қачон юғай,
Ҳайвон зулоли завқини анинг мазоқдин.

Майдин ҳаёт тутки, беганмас Масиҳни
Ҳар шаппареки, учса бу эски равоқдин.

Мутриб била не кўнгли очилсун Навоийнинг
Ким, мен фироқдин десам, ул дер Ироқдин.

472

Эйким, танимға жон берасен ҳар тариқдин,
Ўлсам не, айру тушқуча сендек рафиқдин.

Белинг мудурки, анга қизил фўта боғладинг,
Ё риштаеки ўткарилибдур ақиқдин.

Савдову ришта захматиға учради кўнгул,
Зулфу белинг хаёлида фикри дақиқдин.

Ҳар дам демаки кўз ёшидин саргузаште айт,
Дарё фасонасин не сўрарсен ғариқдин.

Оҳим кўнгулни кўюнг аро солса не ажаб,
Гулзор аро Халил тушар манжаниқдин.

Зуҳд аҳли ужб тафриқасидин халос эмас
Шарти фано фироҳдурур ул фариқдин.

Толпинма ашкинг ичра Навоийки, чиқмади
Сеч кимса ғўта бирла бу баҳри амиқдин.

473

Ғамингда ҳар кеча, эй гулъузор, йиғлармен,
Саҳарға тегру чекиб интизор йиғлармен.

Мену қора кеча, йўқ нисбатим санга, эй субҳ
Ки, сен куларсену мен шамъвор йиғлармен.

Бурунғи меҳру вафо, сўнгғи жавру зулмингни
Бирин-бирин соғиниб зор-зор йиғлармен.

Куларлар эл манга беихтиёрким, ҳар дам
Эшитсам отини беихтиёр йиғлармен.

Мунгайди кўнглум анингдекки, ҳазл нағмасидин
Ки, элга кулгу этар ошкор, йиғлармен.

Кулар сипеҳри даний изтиробиға кўнглум,
Вале ўзумда кўруб изтироб йиғлармен.

Навоий, ашким оқизғай ғамим тунин мундоқ
Ки, чархдек кеча тутмай қарор, йиғлармен.

474

Лоланинг ғунчасидек кўнглум ўлуптур тўла қон,
Ваҳки, эл ғофилу куйдурди мени доғи ниҳон.

Заҳри ҳажр ичкали дерменки, қилай ишқин тарк,
Айтқандек киши муҳлик мараз ичра ҳазаён.

Рўзгоримки қора бўлди, эрур ишқ асари,
Қайда ўт тушса, қоралиғи қолур ерда нишон.

Ишқинг ўтинки, ёшурдум, эл аро ёйди рақиб,
Ким иситмани ниҳон тутса қилур марг аён.

Хатинг ичинда лабингнинг ики холи не ажаб
Икидур нуқта, ёзилур эса хат ичинда жон.

Ҳажр учун қоним ичар ҳар сари қонлиғ туганим,
Хон эрур оллида, то кўнглума бўлмиш меҳмон.

Чархдин меҳр иси топқанға такаббур не ажаб,
Эл димоғиға чу кўкурд ўти айлар нуқсон.

Халқ таън этса, Навоий эгилиб нола қилур
Игри янглиғки, қилур ел асари бирла фиғон.

475

Сафҳайи ҳуснунгда жонбахш ирининг, эй сийминбадан,
Ўхшашурким, айлагай Исо қуёш ичра ватан.


Йўқ ажаб, эй гул, кўнгул захми аро новакларинг,
Расм эрур: чун рахна бўлған ерга қўймоғлиғ тикан.

Ҳасратингдин, билки, ўлмишмен, агар кўюнг аро
Бир гадо ногаҳ ғариб учун тилар бўлса кафан.

Кўзунгу зулфу қошингдин инжудек бўлди ёшим,
Халқ ушбу важҳдин дерлар, ани дурри Адан.

Воқиф ўл, эй боғбонким, ҳар тараф гул шаклидин,
Сендек элнинг қабридурким зоҳир этмиш бу чаман.

Кўнглакининг атри жонсиз жисмима берди ҳаёт,
Гўйиё эл жонидин махлуқ ўлуптур ул бадан.

Чун Навоий назмининг ҳар ҳарфидур шарҳи ғаминг,
Деса бўлурким эрур ҳар байти бир байтул-ҳазан.

476

Фалак ситезасидин бўлма, соқиё, маҳзун,
Қадаҳ кетурки, эрур бесабот олами дун.

Манга тамаъ карам аҳлидин ўлди май важҳи,
Йўқ эрса ер қуйи ул ганжим, йиғар қорун.

Мураққаъ узра дирам кеби вуслалар не осиғ
Ки, бир дирамға чоғир учун ўлмағай марҳун.

Бу шукр учун гаҳе, эй шўх, бер назрки, худой
Сени азизу шариф этти, бизни хору забун.

Ема бу лужжайи мийно румузи ҳаллиға ғам,
Май ички, топмади ҳеч ким бу сафҳаға мазмун.

Хумор жонима қасд этти, соқиё, май бер
Ки, жонға солса бир ўтким, бошимға чиқса тутун.

Навоий назмидурур яхши, гар қулоқ солсанг,
Тараннумеки қилур ўзи бирла аҳли жунун.

477

Ғам елидин, ё раб, ул гулга ғуборе бўлмасун,
Балки онсиз даҳр боғида баҳоре бўлмасун.

Қаддининг сарвиғаким, боғи латофат нахлидур,
Чашмайи ҳайвондин ўзга жўйборе бўлмасун.

Айшу ишрат жомидин бўлсун юзи гул-гул, валек
Кўнглига ғам гулбунидин хор-хоре бўлмасун.

Жилвасоз ўлғанда майдон ичра чобук шўхлар
Шоҳу сархайл андин ўзга шаҳсуворе бўлмасун.

Гар буюрсанг садқа бошиға эвурмак, эй рафиқ,
Будур уммидимки, мендин ўзга боре бўлмасун.

Даҳр боғининг насими совурур гул хирманин,
Анга ул гул гулшани сари гузоре бўлмасун.

Эй Навоий, қил дуо жониғаву жаҳд айлаким,
Майлинг анинг қуллуғидин ўзга сори бўлмасун.

478

Эйким нафасе ғойиб эмассен назаримдин,
Ваҳким, ғами ҳажринг оқизур қон жигаримдин.

Расволиғ ўти бирла туташиб келадурмен
Эй аҳли саломат, қўпунгуз раҳгузаримдин.

Сен ғофилу мен ваҳм қилурмен кеча-кундуз,
Бу нолайи шабгир ила оҳи саҳаримдин.

Ғам елидин ул навъ ўтум урди аламким,
Юз барқ ясар абри бало ҳар шараримдин.

Белинг ғамидин мўя била йиғладим онча
Ким, ашк дуру гавҳари ўтти камаримдин.

Эй зуҳд, йўлум урмаки, бу марҳала ичра
Мақсадғача сенсен бири юз минг хатаримдин.

Эй ишқ, фано йўли сари бошлаки, тинман
Гар топса Навоий хабар ушбу сафаримдин.

479

Не тиригмен, не улуг, не соғ, не бемормен,
Айта олманким, фироқингдин не янглиғ зормен.

Нуқтайи оғзинг ғамидин тортибон жадвалдек оҳ,
Ашк сайлин оқизиб саргашта чун паргормен.

Дўстлар, кўнглум ҳадисин демангиз тенгри учун
Ким, мен ул девонайи саргаштадин безормен.

Кўнглагингдинким топар жон дам-бадам Юсуф иси,
Эй азизим, мен ҳам ул кўнглак аро бир тормен.

Бир қуёш ҳажринда тундек рўзгорим тийрадур,
Тонг эмас гар тун кеби мотам тутуб йиғлармен.

Майда афюн эзгил, эй муғким, бу эски дайр аро,
Телбарармен ғуссадин гар бир нафас ҳушёрмен.

Невчун эл душному таънидин бўлай ошуфтаҳол,
Эй Навоий, чун неким дерлар юз онча бормен.

480

Сарвеки нолишим бийик ўлди ҳавосидин,
Юз минг фиғонки, огаҳ эмас мубталосидин.

Кўнглумни кўзларидин айирмангки, чиқмағай
Мажнун насиҳат ила кийиклар аросидин.

Мен тийра уйда бехуду юз навъ гуфтугў
Ҳар кў бошинда телбалигим можаросидин.

Кўнглумда тоза доғларинг шаклин истасанг,
Фаҳм айла ўтлуғ икки кўзунгнинг ҳорасидин.

Қувват тутар лабинг ғамини еб ҳазин кўнгул,
Гўёки қон таваллуд этар бу ғизосидин.

Давлат либоси шаҳғаки, йўқтур шикоятим,
Муғ дайри теграсида гадолиғ палосидин.

Ғам шомидин Навоийни неткай халос этиб,
Ёрутсанг уйини шамъи жамолинг зиёсидин.

481

Дўстлар, бир чора мен девонайи шайдо учун
Ким, ўлармен ул парийпайкар малаксиймо учун.

Оташин гул теграсида лаългун юз барг эмас,
Балки юз наъл ўтқа солмиш булбули шайдо учун.

Хом кўнглумким, дудоғингни тилаб афғон қилур,
Бор дурур ул тифлдекким, йиғлағай ҳалво учун.

Ашк ичинда ғарқамен, зулфунгни тутқайменму деб,
Уйлаким тожир тенгиз ранжин чекар савдо учун.

Турки мастедур кўзунг уйқуда, кўз кунжида хол
Ўғриким, қилмиш камин ёнида қўйған ё учун.

Гулханийдекдурки истар гулхану олотини,
Сифлаким меҳнат чекар дунёву мофиҳо учун.

Бу Навоий бандани, эй сарви озод, асраким,
Буйла бир булбул керак сендек гули раъно учун.

482

Кўнгул олурда ажаб дилрабо эмиштуксен,
Не дилрабоки, балойи худо эмиштуксен.

Кўнгул берурда санга билмас эрдим, эй бадмеҳр
Ки, хаста кўнглума мундоқ бало эмиштуксен.

Табиб ожиз ўлуб оқибат деди билдим
Ки, ишқ дарди била мубтало эмиштуксен.

Гадолиғ эттим эса бўсае, ачиғланибон
Дедики: асру уятсиз гадо эмиштуксен.

Кўнгулни куйдурубон жон олурсен, эй янги доғ,
Фиғонки, бир йўли кўнгли қаро эмиштуксен.

Чериг вуҳушу сенга тахт қулла, эй Мажнун,
Фано мамоликида подшо эмиштуксен.

Дедим: камина итингмен, кулуб манга айтур:
Навоий, не бало худнамо эмиштуксен?

483

Лаълу ғамзанг бирла баским нуктадон устодсен,
Бир нафас борсен Масиҳо, бир замон жаллодсен.

Лаъли шавқидинки ғам тоғин қозарсен, эй кўнгул,
Не бало Ширин ҳаваслик нотавон Фарҳодсен.

Аҳли диллар чеҳраси олтун, сиришки сийм эрур,
Токи сийми ноб аро қилдинг ниҳон пўлод сен.

Наргисингдин бир назар қилғилки асру бир йўли
Қулларинг ҳолидин, эй сарви равон, озодсен.

Найшакардек қаддинга, ваҳ, баргни тўн демаким,
Ишқпечон баргида бўлған ниҳон шамшодсен.

Хуррам ўлмассен сумурмай бир қадаҳ, эйким, мудом
Чархдин кўнглунг бўлуб юз лахт қон ношодсен.

Эй Навоий, жисминга пайконларидин лангар эт,
Йўқса бу оҳинг елидин ногаҳон барбодсен.

484

Ёридин ҳеч ким менингдек зору маҳжур ўлмасун,
Жумлайи оламда расволиққа машҳур ўлмасун.

Мен бўлай овора то ишқимдин айлаб гуфтугўй,
Оти анинг ҳар киши оғзиға мазкур ўлмасун.

Жонима бедоду зулмин, ё раб, ул миқдор қил
Ким, анинг ошиқлиғи ҳар кимга мақдур ўлмасун.

Мен худ ўлдум, лек ҳар ошиқки, бордур покбоз,
Навҳа тортиб мотамим тутмоқда маъзур ўлмасун.

Панд ила кўнглум уйин қилма иморат, эй рафиқ,
Бизни бузди ҳаргиз ул, ё рабки, маъмур ўлмасун.

Кечалар ул гул чекар эрмиш қадаҳ, эй тонг ели,
Воқиф ўл ҳолимни айтур чоғда махмур ўлмасун.

Ёр васлиға қувондим, қовди кўйидин мени,
Эй Навоий, ҳеч киши давлатқа мағрур ўлмасун.

485

Ноумиде мен кеби борму экин жононидин,
Жонға еткан кўнглидин, кўнгли тутулған жонидин.

Фард ҳушу сабридин, маҳжур зуҳду илмидин,
Айру шаҳру мулкидин, овора хонумонидин.

Танға меҳнат равзанин очқан ёқанинг чокидин,
Жонға риҳлат навҳасин тузган кўнгул афғонидин.

Ҳам салоҳ уйин қора айлаб туганлар дудидин,
Ҳам бало юзин қизил қилған алифлар қонидин.

Мен дағи бир кун салоҳ аҳли эдим, эй порсо,
Бу уқубатлар аро қолдим биров ҳижронидин.

Жомима ҳар давр ҳуй, соқий, ҳалоҳил заҳриким,
Таҳ-батаҳ қондур ичим тоси нигун давронидин.

Эй муғанний, туз мақоми навҳаким, чиқмоқтадур
Хаста жон жисм уйи отлиғ кулбайи аҳзонидин.

Жон берур ҳар дам Навоий, не ажаб гар берса жон
Қулки, айрилғай бегидин, бег неким, султонидин.

Ростлиғда сарви озоде йигитлик боғидин,
Покликда лаъли рахшоне эранлик конидин.

486

Ёр пайғоми не осиғ ўзгалар таҳриридин,
Жон қачон бергай Масиҳ алфози эл тақриридин.

Руқъаси гар барча қатлим ҳукмидур хушдурки, бор
Қатл ҳукми ҳирзи жон Исодамим таҳриридин.

Кимки, кўрса, ваҳки, махфий ишқим ўтин фаҳм этар,
Руқъасин очиб ўқурда ҳолатим тағйиридин.

Номасин очқанда юз девоналиғ қилдинг дема
Ким, хабар йўқтур манга, биллаҳ, аларнинг биридин.

Не фусун қилмиш эди билманки, йўқтур ақлу ҳуш,
Нотавон кўнглум аро алфозининг таъсиридин.

Руқъаедур чарх чирмашлиқки, мазмун суратин
Ҳеч ким фаҳм этмади унвонининг тасвиридин.

Ҳар не ёзмиш оллингга қилки қазо кўрмак керак,
Эй Навоий, қочмоқ ўлмас тенгрининг тақдиридин.

487

Келки, васлингдин ҳазин жонимни хурсанд айлайин,
Сен жигар парголасин бағримға пайванд айлайин.

Чок этиб кўксумни маҳв айлай сени бағрим аро,
Неча бу уммид ила кўнглумни хурсанд айлайин.

Кўзда мардум бўл, кўнгулда жон ерин тут, ваҳ неча,
Кўзни муштоқу кўнгулни орзуманд айлайин.

Оз бало солди кўнгул бошимға оне, эй рафиқ,
Қўйки, тишлаб-тишлабон, парканд-парканд айлайин.

Не ачиғланмоқдур андин, не чучук сўз, эй кўнгул
Хоҳ аччиғ йиғлайин, хоҳий шакарханд айлайин.

Гулшани васлин тилар жон, ер қуйи, жисми заиф,
Неча қудсий қушқа мундоқ торни банд айлайин.

Дер Навоий, Вомиқу Мажнундек ўлғил, ваҳ, не навъ
Куч била ҳуш аҳлиға ўзумни монанд айлайин.

488

Масиҳодин лабинг афсаҳ, қуёштин оразинг аҳсан,
Қуёшингға фалак ҳайрон, Масиҳингға қуёш маскан.

Кўзумда гарди майдонинг, танимда нақди пайконинг,
Анга кўз мардуми хозин, мунга жон кулбаси махзан.

Ясармен юз мақолат, ваҳ, бўлур кўргач ани ногаҳ,
Кўзум ҳайрон, таним ларзон, эсим волиҳ, тилим алкан.

Шикебу сабр уйин буздики, рухсоринда кўргузди
Хатидин нур уза зулмат, юзидин ўт аро гулшан.

Тўкарсен қон кўзунг бирла, берурсен жон сўзунг бирла,
Ажойиб зуфунунисенки, ҳар фан ичра сен якфан.

Маломат тоши доғидин ёруди ишратим шамъи,
Ажаб кўкурд ўтидин айладим бу шамъни равшан.

Ясарда сунъ меъмори фалак ғамхонасин гўё
Ки, қилди дарду ғам кирмакка ҳар кавкабни бир равзан.
                                                                                                                                                                                         
Сен истаб Хизр умри, турфа буким, гунбади хазро
Юзига тун қорасин суртубон айлар санга шеван.

Навоий, асрабон тамкин, кишидин истама таҳсин,
Чу шаҳ кўргузди истиҳсон, кўруб назмингни мустаҳсан.

489

Азал наққоши тарҳ айларда гул барги намудорин,
Магар паргор қилди булбули саргашта минқорин.

Қазо машшотаси парвоналар жисми кули бирла
Ҳамоноким, ёрутди шамънинг миръоти рухсорин.

Дегин, Мажнун қора жонининг узган риштасидиндур
Ки, сунъ илги мутарро қилди Лайло зулфи зуннорин.

Магар Фарҳод жонидин сизиб қонидин этти ранг
Қадар сувратгари Ширин лаби лаъли шакарборин.

Тарозу барги гул, ип риштайи жон, тош лаъл этти
Чекарда хозини ҳикмат лабинг ёқути миқдорин.

Қароғларим эмастур, балки топқач кўзга қоқмишмен,
Итардин ваҳм этиб, рахшинг ситомин, балки мисморин.

Аёғинг кирпигимдин оғриған бўлса, ёриб кўксум
Исиқ қонимға қўйким, ул ҳино-ўқ, чексун озорин.

Харобот аҳли уру доғ, дерким, куйдурунг, соқий,
Даво йўқ сирмабон қочмоқдин ўзга шайх дасторин.

Магар бўлди қуюн туфроғ ила ел, май, су бирла ўт,
Ясарда масти саргардон Навоий хилқати зорин.

490

Рашкдин дерменки меҳр итсун сипеҳр айвонидин,
Бори итқай соя айвон ичра анинг ёнидин.

Кўксума урмоққа олған тошқа ўқи тегди, лек
Қилди кул жисмимни ўтким, секриди пайконидин.

Оташин очилди ичкач боғнинг оқ гуллари
Ашк ила ҳар қатраеким, борди бағрим қонидин.

Анжум эрмаским, фалак миръоти ичра тушти акс,
Баски, дур сочилди ер узра кўзум уммонидин.

Дема нолангдин юмулмас кўзларимким, тонг эмас,
Келмаса беморларға уйқу ит афғонидин.

Меҳрнинг эрмас шафақ ичра шуоий хатлари,
Ҳажр зулми қон тўкар ҳар шом анинг мужгонидин.

Жон олур лаълим ҳадиси, деб мени қўрқутмағил,
Ким, бу бир сўздурки, айтурсен Навоий жонидин.

491

Кўрубмен кирпигинг бошитин-аёғ тешкан кўнгул ҳолин,
Қушедурким, тириглай  юлмиш ўлғайлар пару болин.


Экиб тухмини андоқким очилғай бўстонафрўз,
Очар хуноба кўз боғида эксам донайи холин.

Жамолин ваъд агар дебмен, кўп этма, эй араб, ҳайрат
Юзи айнин кўруб ҳар ён назар қил зулфдин долин.

Танимниким,  қуруптур  хомадек нол ўқларингдиндур,
Қалам қилсанг қил, аммо ташлама ҳар ён чекиб нолин.

Бу мажнун қатлин ул тифли парийваш истамас бўлса,
Недин тошлар била қасдимға солди шаҳр атфолин.

Ғамин кўрманг бало тоғида лаъли шавқидин жонни
Ки, ҳар бир тошидин сотмас абад умриға мисқолин.

Чу бўлмас шамъсиз парвонаву гул бирладур булбул,
Фироқ ўртар кўнгулни чун кўрар васл ичра амсолин.

Сабуҳий жом ила хушмен, нечук хуш бўлмағай улким,
Мунунгдек ахтари фархунда қилғай субҳ анинг фолин.

Жавод илгида пири дайрнинг май заврақин кўрсун,
Бировким, кўрмамиш дарё ичинда жунг тимсолин.

Шаҳ эгнида  мурассаъ тугмалиг хилъатқа  бермасмен,
Йиғочлар бирла оллин теврабон кийган фано шолин.

Навоий, истасанг кўйин, итига ошно бўлғил,
Ялинған янглиғ ул ит ошноға, сен анга ёлин.

492

Шаҳид ўлсам либоси лолагун сарви равонимдин,
Ясанг қабрим уза миле, бўянг гулранг қонимдин.

Кўруб тумордек чирманмоғим ҳажрида раҳм этмас
Ки, ғофилдур ичимда ҳар тараф доғи ниҳонимдин.

Қуруқ тандинки, қилдинг шарҳа-шарҳа, нола тортормен,
Не тонг важд ўлса элга дам-бадам найдек фиғонимдин.

Алифсиз жон кеби йўқ ул парийдин ўзга мавжуде,
Ҳазин жонимда то ҳижрон хаданги чиқти жонимдин.

Кўрунуб зулфининг тори, кўрунмас заъфдин жисмим
Нединким ул тавонороқдурур бу нотавонимдин.

Кўнгул кўз ўту сайлидин келиб ҳолим кўра олмас,
Малойик равзанимдин, бал халойиқ остонимдин.

Эрур қотилдин этмак орзу жонбахшлиқ расми,
Умиди   меҳрибонлиғ  боғламоқ  номеҳрибонимдин.

Мени уйқуға солмиш даҳр боғининг насими, ваҳ,
Не гул тергаймен ушбу тушта кўрган бўстонимдин.

Навоий, билки топмишмен нишон мақсуддин бешак,
Ўшал кунким, нишоне топмасанг истаб нишонимдин.

493

Соғинманг соя ғам шоми малул эрмас фиғонимдин,
Босиб ўлтурмасам, юз қатла қочқай эрди ёнимдин.

Учуқ захми лабингда билгурур-билгурмасун кўрдег
Нишона кимки истар жон аро доғи ниҳонимдин.

Балийят шоҳиди гулгуна қилса бас муносибдур
Момуғларким, яра оғзида гулгун бўлди қонимдин.

Ичимда баски, тўлди новакинг ҳар ён алиф эрмас
Ки, раглардек ўқунг билгурди жисми нотавонимдин.

Кўз ичра уйқу хайли гар кира олмас, ажаб эрмас
Ки, холий турфат-ул-айне эмас ашки равонимдин.

Дема ровий эрур Фарҳоду Мажнун қиссаси муҳлик
Ани алқисса бир долу алиф бил достонимдин.

Юзумни, эй баҳори ҳусн, қон ёш ичра кўргулким,
Юзунг шавқида не гуллар зуҳур этти хазонимдин.

Улус таклифидин кўп хаста қилдим жонни, ваҳ эмди,
Яқиндур ўлгамен, баским, хижилмен хаста жонимдин.

Навоий, вақтни тоатқа ё ишратқа сарф этким,
Соғинсам ўртанурмен тийра ўткарган замонимдин.

494

Меҳр кўрса ҳар киши ўз дилбари зебосидин,
Ўртанур мунглуғ кўнгул бемеҳрим истиғносидин.

Эй мусулмонлар, нетиб сўрмоқ таманносин қилай,
Менки бир сўкмак тилаб топман лаби гўёсидин.

Қадди раъносидин элга жилвайи васлин нетай,
Чун менга йўқ жуз дуру бўлмоқ гули раъносидин.

Еткуруб элга лаби жонбахшидин қути ҳаёт,
Жуз ўлум ҳукми манга йўқ лаъли руҳафзосидин.

Тонг ели, тунд эсма ул ёнким, уюмайдур кеча
Итлари фарёдию ушшоқининг ғавғосидин.

Қон ютармен дурди соғар шавқидин, эй пири дайр
Соғаре бер, муғбача, лаъли қадаҳпаймосидин.

Эй Навоий, шукр қил зулм этса ул султони ҳусн
Ким, қаю қул сенча топти тарбият мирзосидин.

495

Тўла қондур кўзумнинг ҳалқаси то қолди ёримдин,
Магар тушмиш қораси тоза доғи интизоримдин.

Кавокиб демагил, гардун кўзи гўё ёшармишдур,
Тутундинким, чиқар гардун сари шамъи мазоримдин.

Ярамға ҳеч марҳамдин етишмас онча роҳатким,
Чиқариб тил итинг қонин ялар жисми фигоримдин.

Мен ул ой рашкидинким, эл кўрар, туфроғ агар бўлсам,
Кўрар эл кўзларин кўр айла, эй гардун, ғуборимдин.

Эгармас кўк ҳисори давриға турки фалак кўргач,
Эвурмак ашҳабин бир хишт уза чобуксуворимдин.

Эрур қонлиғ кўнгулда кўзларинг, ваҳ, турфадур асру
Ки, чиқмаслар даме ул икки жайран лолазоримдин.

Ичиб гар тутмасанг эрди қадаҳ, эй нўшлаб соқий,
Не имкон эрди қутқармоқ мени муҳлик хуморимдин.

Мени ёзғурмангиз қилсам сабуҳийким, азал субҳи
Чиҳиптур ихтиёр илгимдину иш ихтиёримдин.

Иноят ёмғури оллида дафъи саҳл эрур, гарчи
Ёғар идбор гарди, эй Навоий, рўзгоримдин.

496

Мени заифни саргашта айлади гардун,
Шитобу давр ила хошокни нечукки қуюн.

Туташти телба кўнгул ул парий узоридин,
Бу ўтни гул соғиниб, ваҳки, куйди ул мажнун.

Ҳубоб ончаки Жайҳун уза эрур мумкин,
Тасаввур айла кўзумнинг ҳубобидин гардун.

Юзунг шаҳидлари туфроғин совурмиш ел,
Буким булут кўрунур кўкта ҳар тараф гулгун.

Не айб, шодлиғ ашким кўп оқса васлингда,
Баҳор фасли бўлур чашмалар суйи афзун.

Қадингға сарв бош индурмамиш эмас акси
Ки, даҳр адаб қилур ани солиб су ичра нигун.

Ушотиб ўқини маҳзун кўнгулни синдурманг,
Ки, эв шикаст топар ҳар қачонки, синди сутун.

Ер остидин куп ила лаълни чиқар, эй муғ,
Ки, борди ер қуйи, чун сўз эшитмади Қорун.

Ғам ўлтурур мени, қўй панду бир қадаҳ берким,
Қилур бу заҳрни тарёк дафъ, йўқ афюн.

Навоий, истар эсанг салтанат, фано бўлким,
Жаҳон забунунг эрур, бўлмасанг жаҳонға забун.

497

Елга берди куйдуруб ул гул таним хокистарин,
Оташин гул ҳажри совурған кеби булбул парин.

Англаман булбул қизиқ кўнглимудур, ё атр учун
Ғунчасидин гул мураттаб қилди ўтлуғ мижмарин.

Барги гулдур, йўқса  булбулнинг туташмиш ҳар пари,
Баски, ёрутди сабо гул мижмарининг ахгарин.

Гул эмастур, балки булбул ошёнин ўртаган
Ишқ ўти бил, кўрсанг анинг давру лавни аҳмарин.

Қўй гулу булбулни, гулгун май тўла тут булбула,
То ўқуй булбул мақолотин очиб гул дафтарин.

Даҳр боғида гулу булбулға йўқ баргу наво,
Солмади бу ғуссадин наргис илигдин соғарин.

Соқиё, ҳайвон суйин мамзуж қилсанг ичмагай,
Гар Навоий топмаса май ичра лаълинг жавҳарин.

498

Ниҳон ишқингки кўнглум ичра тушти юз шарор андин,
Ниҳоний доғлар қолмиш ичимда ёдгор андин.

Муқаввас қошларингнинг нақшидин гирён кўзум бўлмиш
Булутдекким, бўлур қавси қузаҳлар ошкор андин.

Бўлуптур сарвинозим ҳусн шамъи, бошида анинг
Бўрк зар риштаси улким, ёнар бир неча тор андин,

Бузуғ кўнглумки атрофида ул юз шавқидин қондур,
Эрур вайронаеким, лолалар бутгай баҳор андин.

Не кирпиклар экин улким, тахайюл айламак бирла
Бўлур жисм ичра ҳар дам жоним андоми фигор андин.

Қади нахлидин ўлсам, дўстлар, будур васиятким,
Бошим узра экиб сарве қилинг мили мазор андин.

Жафодин юмса кўз, таскин топар кўнглум ўти, гўё
Қарори йўқ кўзи ҳар дам олур сабру қарор андин.

Жаҳон баҳри эмиш муҳлик, туман минг шукрким, гарчи
Кўп урдум даступо, туттум валек охир канор андин,

Навоий янглиғ ўлмиш хонақаҳ аҳли суруғ мажнун,
Магарким сархуш ўтмиш ул парий девонавор андин.

499

Дема меҳнат тоғининг Фарҳоди саргардонимен,
Тоза юз минг доғ ила ул қулланинг қаплонимен.

Ламъаи рухсоридин парвонадек куйсам не тонг
Менки, йиллар ул малоҳат шамъи саргардонимен.

Ҳуснунгга ҳайрон эсам, келмас улус ҳайронлиғи,
Кимки ҳайронинг эмастур, мен анинг ҳайронимен.

Мен ўлар ҳолатдаву жон қасди айлар ул пари,
Одамийлиғ кўрғузурким, бир нафас меҳмонимен.

Гар кўнгул бузди мени, ёр эрди боис шукрким,
Чуғзнинг йўқ бир малоҳат ганжининг вайронимен.

Дайр пири тутса май, нўш этсам эрмас айбким,
Заҳр агар ич дерким, анинг бандайи фармонимен.

Телбаликдин ақл сари истамиш зоҳид мени,
Эй Навоий, мунча нодон билмас эрдим ани мен.

500

Субҳи васлин элга кўргандин паришонмен бугун,
Шоми ҳажрин улки нафи эттим, пушаймонмен бугун.

Субҳи васл ул, шоми ҳижрон бу, мени саргашта, ваҳ,
Найлагаймен деб, ўз аҳволимға ҳайронмен бугун.

Қайда билгаймен висол аҳли нишоту айшини
Менки, зору мубталойи дарди ҳижронмен бугун.

Дойимо меҳмоним эрди ёр кўйи итлари,
Жамъ ўлуптурларки, мен бориға меҳмонмен бугун.

Парлар ўрниға  балийят ўқларининг захмидур,
Менки парсиз қуш кеби ҳажрингда урёнмен бугун.

Соқиё, бир май била ваҳмимни камроқ айлаким,
Шоми ҳажр осибидин беҳад ҳаросонмен бугун.

Чун хаёли меҳмонимдур Навоий, не ажаб,
Гар  тахайюл шахсидек кўзларга  пинҳонмен  бугун.