Топ рейтинг www.uz
РУБОИЙЛАР

1

Субҳоналлоҳи холиқи з-ул-мажду ало
Ким, андин эрур тўла хало бирла мало.
Гар меҳр анинг мисли дегайлар уқало,
Меҳр оллида зарра янглиғ ўлғай масало.

2

Кўк пўяву сайр ила талабгор санга,
Кун сорғорибон ишқда бемор санга.
Ой доғ ила қуллуқ айлаб изҳор санга,
Тун анжуми нақдидин харидор санга.

3

Ё рабки, иноятингни ёр айла манга,
Йўқлуққа ҳидоятингни бор айла манга,
Ҳам каҳфи кифоятингни дор айла манга,
Ҳам дурри иноятинг нисор айла манга.

4
    
Шоҳеки фалак сори чу майл ўлди анга,
Кўк зарфи сочарға нур кайл ўлди анга,
Афлок шаҳи тобеу хайл ўлди анга,
Балким, еру кўк хайли туфайл ўлди анга.

5

Жонимдағи «жим» икки долингға фидо,
Андин сўнг «алиф» тоза ниҳолингға фидо,
«Нун»и дағи анбарин ҳилолингға фидо,
Қолған ики нуқта икки холингға фидо.

6

Бу қосид ишим оҳу фиғон айладило,
Бу руқъа танимни нотавон айладило.
Бу саъб хабар ичимни қон айладило,
Бу қонлиғ ичим ҳалоки жон айладило.

7

Уйланса бирав торий ўлуб накбат анга,
Маккораки, қалтабон сурар шаҳват анга.
Зишт эрса гар элдин ёшурур раҳмат анга,
Хўб эрса гар элга кўргузур лаънат анга.

8

Ким бўлса бу мотамкададек олам аро,
Сайр айласа ғамсириштлик одам аро,
Гар одам эрур бўлса керактур ғам аро,
Оламда эса, бўлса керак мотам аро.

9

Ишқингда неча зор бўлай фурқат аро,
Етсам хуш эрур базминга бир ишрат аро.
Кўз икки юзунгдин олмасам суҳбат аро,
Икки табонингдин уйлаким хилват аро.

10

Нўш айлар эмиш қадаҳни жонона тўла,
Соқий, манга тут жоми ҳарифона тўла.
Қуй, гар худ эрур сипеҳр паймона тўла,
Ҳар нечаки, холий этсам, эт ёна тўла.

11

Номангки, тириклигимдин улдур матлуб
Очиб ўқуғач бир неча лафзи марғуб,
Кўп тўлғаниб ашк ичра ўзумдин бордим,
Ул навъки, су ичига тушкай мактуб.

12

Номангки, эрур боиси иқболу тараб,
Еткурса тараб мени ҳазинға не ажаб.
Ёлғуз мендин кетармади ранжу тааб
Ким, бўлди басе халқ ҳаётиға сабаб.

13

Бир айбға гарчи халқ қилғай мансуб,
Фақр аҳлидин изтироб эмастур маҳсуб
Сидқ эрса худ этмак керак ўз феълини хўб
Кизб эрса, маломат дағи бордур матлуб.

14

Су кўзгусини боғ аро айларда шитоб,
Сиймоб қилур эрди таҳаррук била тоб.
Дай қилди бу симобни андоқ кўзгу
Ким кўзгу анинг қошида бўлғай сиймоб.

15

Васлинг бўлубон жонға муяссар, ё раб,
Чеҳранг қилибон кўзни мунаввар, ё раб,
Нутқунг сочибон базмда гавҳар, ё раб,
Ё рабки, ижобат айлагил ҳар «ё раб».

16

Маҳбубдурур гулу висоли матлуб,
Кўрмак ани гулбун узра билгил маҳсуб.
Базм ичра узуб кетурган эрмас марғуб,
Ул навъки мажлис ичра ўлган маҳбуб.

17

Эй улки, сўзунг тушти ҳабиб оллида хўп,
Мендин йўлиға бошинг қўюб, туфроғин ўп
Аҳбобға ҳам бирин-бирин хидмат этиб,
Арз айла, ниёз ила дуо кўптин-кўп.

18

Гардун уза базм учун мақом айлади тут,
Ул базмда хуршидни жом айлади тут.
Ул жом ила ишратни мудом айлади тут,
Охир дами ер қуйи хиром айлади тут.

19

Гар ошиқ эсанг зебу такаллуфни унут,
Яхшию ёмон ишда тахаллуфни унут.
Ўткан гар эрур ёмон таассуфни унут,
Келган гар эрур яхши тасарруфни унут.

20

Эй ишқ, анинг кўйида тавфи ҳарам эт,
Бизни дағи ул тавфға бошла, карам эт,
Бир дойира кўйи теграсида рақам эт,
Гар чиқса оёғим рақамингдин, қалам эт.

21

Чун ханжари ҳажринг манга қатъ этти ҳаёт,
Бори ғаму дардинг ўқини тинмайин от
Ким, онча қовурсун пар ўлуб бутса қанот,
Тойир бўлубон еткамен охир санга бот.

22

Бўлди менинг ўлмагимга савдо боис,
Савдоға ҳавойи жоми саҳбо боис.
Саҳбоға дағи дайру чалипо боис,
Бу барчаға ул дилбари тарсо боис.

23

Кўнглумни олибдур ул шаҳи сабздавож,
Ким ғамза била олур мамоликдин бож.
Боши уза мамлакат хирожи бир тож,
Тожи уза гавҳари мамоликка хирож.

24

Кундуз кўрсанг ўзунгни маҳзун, қадаҳ ич,
Андоқки, қуёш равшану мавзун қадаҳ ич.
Ул дамки, қуёш ботти, шафақгун қадаҳ ич,
Жомингни қилиб нечукки гардун, қадаҳ ич.

25

Гул вақти муяссар ўлса гулфом қадаҳ,
Андин сўнг тутса бир гуландом қадаҳ.
Манъ айласа барча аҳли ислом қадаҳ,
Қофирмен агар қилмасам ошом қадах

26

Руҳумғаки майдин эрди ҳар лаҳза футуҳ,
Носиҳ тили ниши қилди ани мажруҳ.
Май лойини марҳам қилайин шому сабуҳ,
Ул вақтқачаки, тоза бўлғай манга руҳ.

27

Қўрқутма мени тамуғдин, эй зоҳиди ях,
Жаннат манга бўлғуси дебон урма занах
Ким, дўзах анинг ёди била жаннат эрур,
Жаннат бори сенинг биладур дўзах.

28

Рухсори уза холларин ул дилбанд,
Очти чу мени кўрди басе ҳожатманд.
Айшимға ёмон кўз этмаган эмди газанд,
Хоссаки, ул-ўқ бўлубтур ўт узра сипанд.

29

Ёшимға бағир қони чу эрди монанд,
Кўз асради ёшдек бўлуб андин хурсанд.
Турмади кўзумда еткач ул сарви баланд,
Бўлмас киши фарзанди кишига фарзанд.

30

Кўнглум сайди узуб улустин пайванд,
Саргаштасифатлиғ била эрди хурсанд.
Қуллоби муҳаббатинг яна солди каманд
Сайдеки, узуб эди расан, айлади банд.

31

Эй шарбати лаълинг оби ҳайвондин алаз,
Ҳайвон суйини қўйки, чучук жондин алаз.
Не жондин алаз, не оби ҳайвондин алаз
Ким, ҳарнеки йўқ, андин алаз, андин алаз.

32

Будур тилагимки улки, маъбудунг эрур,
Тутқай сени ул ёнки, сенинг судунг эрур.
Кўнглунгга етургай улча беҳбудунг эрур,
Илгингга кетургай улча мақсудунг эрур.

33

Гул зикрин эшитурмену йўқ гулдин асар,
Бу боғ эшигидин истарам онча гузар
Ким, топмаса гул жамолидин баҳра назар,
Боре исидин етса димоғимға хабар.

34

Соқий, баданимни нотавон этти хумор,
Кўнглумни қадаҳдек тўла қон этти хумор.
Ҳар узвума юз ранж аён этти хумор,
Тутқил қадаҳеки, қасди жон этти хумор.

35

Мулк очқали ҳар хусрави олиймиқдор,
Инсофу адолату салоҳ этса шиор.
Фатҳ ўлғай анинг ниҳояти охири кор,
Алминнату лиллаҳки, санга барчаси бор.

36

Кўзум учадур, магарки ёрим келадур,
Эс ҳар дам озар, магар нигорим келадур.
Ё бодияйи фироқ сайрида қилиб,
Юз марҳала қатъ шаҳсуворим келадур.

37

Ошубки ул кўз тарфи айланадур,
Боғлабсену жон бу дарддин ўртанадур.
Ё ғояти усруклуғидин булғанадур,
Ул маст кебики, булғанур боғланадур.

38

Ағёр ила жуфт берма фардим бор
Ким, фурқати заъфида рухи зардим бор.
Гар дардидин оҳи ғусса парвардим бор,
Манъ айлама, эй рафиқким, дардим бор

39

Ҳар лаҳза кўнгул ғамингда маҳзун бўладур,
Маҳзунлуғи лаҳза-лаҳза афзун бўладур.
Савдо анга юз ончаки, Мажнун бўладур,
Юз мунча десам ҳам не ажаб чун бўладур.

40

Эй боди сабо, айласанг ул сари гузор,
Жон бирла кўнгулни топшурай олғач бор.
Кўнглумни итига туъма қилғил зинҳор,
Жонимни дағи оёғиға анла нисор.

41

Эй жисм, анинг кўйини пайдо қилакўр,
Эй кўнгул, ўшул кўйни маъво қилакўр.
Эй кўз, сен анинг юзин тамошо қилакўр,
Эй ашк, анинг кўйи сари оқилакўр.

42

Элдин қочиб улки, тутса тоғ ичра қарор,
Совуғда ери бу тоғнинг жавфида ғор.
Иссиғда макони андаким, ётмиш қор,
Олам элининг шаҳлиғидин бор анга ор.

43

Андин бериким, қошимда ёрим йўқтур
Ҳижронида жуз нолайи зорим йўқтур.
Дашт ўзра қуюн кеби қарорим йўқтур,
Саргашталигимда ихтиёрим йўқтур.
    
44

Ҳар гармравеки, бўлғай ул кошифи роз,
Мақсуд қарими сари қилғач парвоз.
Тонг йўқ фалак узра айлабон жилвайи ноз,
Наълайни малакка бўлса меҳроби намоз.

45

Олам бор эмиш, Навоиё, шўрангиз,
Оламдағи эл боштин-аёғ рангомиз.
Ишқ истар эмиш сени адам Мисри сари,
Борғилки, эрур эл тилаган ерда азиз.

46

Аҳбоб денгизки, хонумондин тамаъ уз,
Не хону не мон, кавну макондин тамаъ уз.
Не кавну макон, жону жаҳондин тамаъ уз,
Лекин демангиз муники, андин тамаъ уз.

47

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Ҳар неники, севмак андин ортуқ бўлмас,
Андин сени кўп севармен, эй умри азиз.

48

Лаълингни қилиб нуктасаро, эй қоракўз,
Ишқ аҳли ҳаётиға яро, эй қоракўз.
Чекма яна сурма кўз аро, эй қоракўз,
Эл қониға қилма кўз қаро, эй қоракўз.

49

Ул кўзки, даме бўлмади соғ, эй қоракўз,
Қонимдин ичар мудом аёғ, эй қоракўз.
Билмонки эрур анга қароғ, эй қоракўз,
Ё маст эди қўйди тоза доғ, эй қоракўз.

50

Жонбахш лабинг чашмайи ҳайвонму эмас?!
Ҳажридин анинг ичим тўла қонму эмас?!
Ҳар қатрайи қон лаъли Бадахшонму эмас?!
Ҳар порайи лаъли жавҳари жонму эмас?!

51

Гар ошиқ эсанг, меҳру вафо қилма ҳавас,
Дард иставу дафъиға даво қилма ҳавас,
Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас,
Дилдорингдин ғайри ризо қилма ҳавас.

52

Маҳбубқа эътимод қилмоқ бўлмас,
Андин талаби мурод қилмоқ бўлмас.
Кўзнинг қорасин мидод қилмоқ бўлмас,
Гар бўлса битиг савод қилмоқ бўлмас.

53

Ҳам савмаа кунжи шайхи таррорға бас,
Ҳам шайх юзи зоҳиди ҳушёрға бас.
Ҳам дайрда мастлиғ мени зорға бас,
Ҳам муғбача васли жони беморға бас.

54

То субҳ хурусе уйғаниб урди нафас,
Хуффош қанот очқуча май қилма ҳавас,
Чун валвала чекти кўй аро табли асас,
Май ич анга тегруким, етар савти жарас.

55

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.

56

Ул дурри саминки, бор эди кўзума ёш,
Айларда ажал анга жафо расмини фош.
Ғам тирноғидин қилиб қароғимни харош,
Яшурғай эдим ани кўзум уйида кош.

57

Йўқ бодайи васл, оби ҳайвон ул эмиш,
Аҳбоб мулоқоти дема, жон ул эмиш.
Гардун ғаму ранж сувратин нақш этса,
Жон чеҳраси атрофиға ҳижрон ул эмиш.

58

Йиллар тутубон шайх мақолотиға гўш,
Не кўнглума завқ етти, не жонима жўш.
Жонимға наво солдию кўнглумга хуруш,
Бир журъа била муғбачайи бодафуруш.

59

Шарбат манга хунобу ғизо ғам бўлмиш,
Бистар туфроғу оҳ ҳамдам бўлмиш.
Ҳолимға халойиқ иши мотам бўлмиш,
Сенсиз ўларим саъб эди, ул ҳам бўлмиш.

60

Соқий, мени хорхордин айла халос,
Гул-гул юзунг оч, баҳордин айла халос.
Ё май беру интизордин айла халос,
Ё ўлтурубон хумордин айла халос.

61

Бер жому ол, эй муғбача, жонимни эваз,
Қўш тутқилу, ол икки жаҳонимни эваз.
Ани сумурурда қатрае томса агар,
Сен ҳам тўк анинг ўрнида қонимни эваз.

62

Ким истаса салтанат, саходур анга шарт,
Ҳар ваъдаки айласа вафодур анга шарт.
Ким фақр талаб қилса, фанодур анга шарт,
Оллиға неким келса, ризодур анга шарт.

63

Бу даврда йўқ сен кеби хушхон ҳофиз,
Ҳуффоз аро сарҳалқайи даврон ҳофиз.
Қуръонға сен ўлған кеби яксон ҳофиз,
Бўлсун санга барча ишда Қуръон ҳофиз.

64

Ким айласа соқийи гуландом тамаъ,
Илгидин анинг соғари гулфом тамаъ.
Андин сўнг агар тақвою ислом тамаъ,
Айлар эса, гул мардак эрур хомтамаъ.

65

Ул дамки, қуёш айлади мағрибқа ружуъ,
Гар суҳбат ўшул қуёш била топса вуқуъ.
Хуштур қилмоқ жом қуёшиға шуруъ,
Ул дамғачаким, қилур қуёш жоми тулуъ.

66

Муғ дайрида даст берса бир лаҳза фароғ
Ким, муғбача ишқидин қизиғ бўлса димоғ.
Ул тутса муғона лаҳн ила ҳар дам аёғ,
Бош олсам оёғидин керак бошима доғ.

67

Бир гул ғамидин дедим қўяй бағрима доғ,
Боргайму дебон атри димоғимға фароғ,
Боргин чу мулаввас айлади бум ила зоғ,
Эмди ани исламакка юз ҳайф димоғ.

68

Бердинг манга дайр аро иқомат, эй муғ,
Туттунг қадаҳи майи маломат, эй муғ.
Бу ишни худ айладинг каромат, эй муғ,
Ё рабки, ҳамиша бўл саломат, эй муғ.

69

Номанг етибон топти кўнгул иззу шараф,
Ҳар лафзи бўлуб мурод дурриға садаф.
Ҳар сатри алам черигининг дафъи учун,
Иқбол сипоҳидин чекибон бир саф.

70

Соқий, баданимни қилди ғам тийғи шикоф,
Қоним бори оқти, тутма ўзунгни маоф.
Тутқил бадали моятаҳаллал майи-соф,
То маст қилай ғам чериги бирла масоф.

71

Юз меҳнату ғам кўнглума еткурди фироқ,
Жонимға балову дард ўқин урди фироқ.
Жисмимни фано ўтиға куйдурди фироқ,
Чун куйди, кулини кўкка совурди фироқ.

72

Кўнглумни ғаму дард ила қон айлади ишқ,
Кўз йўлидин ул қонни равон айлади ишқ.
Ҳар қатрани билмадим қаён айлади ишқ,
Бедил эканим буйла аён айлади ишқ.

73

Ул дамки қуёш боттию сарғарди шафақ,
Базмингға шафақгун май ила бер равнақ.
Не ҳақни унут, не майни қуйғил мутлақ
Ким, тонгла эрур тенгри кариму барҳақ.

74

Оллимда табиби чорасозим ҳам йўқ,
Ёнимда рафиқи дилнавозим ҳам йўқ.
Теграмда аниси жонгудозим ҳам йўқ,
Бошимда шаҳи банданавозим ҳам йўқ.

75

Ким кўрди экин жаҳонда оё хушлуқ,
То бир киши айлагай таманно хушлуқ.
Юз йилда агар бир ўлса пайдо хушлуқ,
Омодадурур ёнида юз нохушлуқ.

76

Ҳажрингда менинг сабрима жуз нуқсон йўқ,
Кўнглум аро ғайри нолаву афғон йўқ.
Жонимға ҳаёт умиди худ имкон йўқ,
Йўқ-йўқ, йўқ, сабр йўқ, кўнгул йўқ, жон йўқ.

77

Йўқ даҳрда бир бесарусомон мендек,
Ўз ҳолиға саргаштаву ҳайрон мендек.
Ғам кўйида хонумони вайрон мендек,
Яъники, алохону аломон мендек.

78

Бераҳмдурур оламу золим афлок,
Бемеҳрдурур анжуму даврон бебок.
Қай сарви чаманки, жилва қилди чолок
Ким, ерга тўкулмади нечукким хошок.

79

Зоҳид сенга, ҳур, манга жонона керак,
Жаннат санга бўлсун, манга майхона керак.
Майхона  аро соқию паймона керак,
Паймона неча бўлса тўла, ёна керак.

80

Эй жону кўнгул, бир-бирингизга қоришинг,
Ул кўй сари рахши таманно ёришинг.
Ҳол устида эрканим сўзин ўткаришинг,
Ҳолимни сўрарға келмаса ёлбаришинг.

81

Ўлсам ясаманг мунда мазоримни менинг,
Юклаб элитинг жисми фигоримни менинг.
Ўтру чиқариб аҳли диёримни менинг,
Кўйида қўюнг тани низоримни менинг.

82

Эй улки, замона аҳлидин айрилдинг,
Ишқ аҳли тариқи хўб эканни билдинг.
Хуш қилдинг, алар тавринию қотилдинг,
Раҳмат санга, яхши айладинг, хуш қилдинг.

83

Кўксумни жафо тийғи била ёра қилинг,
Кўнглумни чиқаринг дағи юз пора қилинг.
Ҳар порасини бир сари овора қилинг,
Ишқим ўтиға бу навъ ила чора қилинг.

84

Гар дилбар эмас малаквашу ҳурхисол,
Андин сўнг улуснинг кўзи кўру тили лол.
Не ҳусниға руъяту не ишқимға мақол,
Биллаҳ мену ошиқлиқ эрур амри маҳол.

85

Бир сари сариғ парлоу мен тутсағ йўл,
Не тоғу, не туз, десанг не ободу, не чўл.
Йиртуқ кепанакдин чиқариб яланг қўл,
Ул қочсаю мен қовсаму, мен қочсаму ул.

86

Турмай мени зору нотавон бирла кўнгул,
Улфат тутмиш ул остон бирла кўнгул.
Ёреки манга жон эди ҳам азм этти,
Мен мундаву хизматингда жон бирла кўнгул.

87

Умринг қуёшиға бермасун чарх завол,
Жонинг қамарини қилмасун давр ҳилол.
Тун-кун бўлғил маҳравишу меҳр хисол,
Даҳр аҳлиға нурбахшу фархундажамол.

58

Эй жони ҳабибу кўнгли аҳбобқа лол,
Мен ҳам қилдим жону кўнгулни ирсол,
Кўнглумга бер аҳбоб била жоми висол,
Жонимни ҳабиб оёғи туфроғиға сол.

89

Садбарг, бинафша, йўқса наргис, ё гул,
Ичмак бўлмас булар ҳавоси била мул.
То ҳажр елидин ўлди ошуфта димоғ,
Юз нохуна кўз ичраву юз пора кўнгул.

90

Тоғ ичра ажаб шоҳдур ул шефтаҳол,
Ким топса булоғе суйи андоқки зулол.
Боши уза чатри салтанат ҳар янги тол,
Су ичкали жоми айши бир эски сафол.

91

То даҳрдурур, даҳр уза султон бўлғил,
То олам эрур, олам уза хон бўлғил.
Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил,
Ҳам жонлариға мояйи дармон бўлғил.

92

Муғ дайри сари бугун таманно қилдим,
Ул муғбача ҳуснини тамошо қилдим.
Дин нақдини куфри бирла савдо қилдим
Ким, қилди бу ишким, мени расво қилдим?!

93

Ёшунған эмиш қора булутқа моҳим,
Гардунни совурмоғлиқ эрур дилхоҳим.
Кирмиш қора туфроққа қуёшдек шоҳим,
Невчун қора қилмасун қуёшни оҳим.

94

Жоҳилки, ҳасад бўлғай анинг жаҳлиға зам,
Нур эл кўзидин англаса ўз кўзида кам.
Кўзларни олишмоққа чекиб тийғи ситам,
Эл кўзини ҳам ўйғаю ўз кўзини ҳам.

95

Баҳру кемадин кўнгулда кўптур аламим
Ким, секримайин қадам, югурмай қаламим.
Мақсуддин онча солди бир дамда йироқ
Ким, юз йил ани тай қила олмас қадамим.

96

Ғурбатқа тушуб заифу бемор ўлдум,
Дарду ғаму меҳнат илгида зор ўлдум.
Сартосар ажал тошидин афгор ўлдум,
Сенсиз не балоларға гирифтор ўлдум.

97

Ишқ аҳлики, манзурдин истарлар ком,
Ул ком керакки, бир назар бўлса тамом.
Гар бўлса наззорасида андишайи хом,
Кўзларга назар доғи ҳаром ўлди ҳаром.

95

Масжидқа неча аҳли риёдек етайин,
Ё ринд кеби азимати дайр этайин.
Мақсуд топилса яхши, йўқса нетайин,
Бошимни олиб қай сари эмди кетайин.

99

Жоним аро ўт лаъли сухандонинг учун,
Юзум уза кавкаб маҳи тобонинг учун.
Кўксумда алиф сарви хиромонинг учун,
Сўзлаб, юз очиб кел бу тараф жонинг учун.

100

Зулфунг гириҳиға пойбаст ўлмишмен,
Лаълинг майидин бодапараст ўлмишмен,
Ул майни ичиб йўлунгда паст ўлмишмен,
Ҳай-ҳай, не дедим, магарки маст ўлмишмен.

101

Зоғеки чўқуб оқизди қон кўнглумдин,
Тирноғ ила узди нотавон кўнглумдин.
Аъзосида кўр асар дамим дудидин,
Минқор ила чангида нишон кўнглумдин.

102

Хуштур бўлсак, иковла ҳамдам сену мен,
Бир-бирга десак, етушса ҳар ғам сену мен.
Бўлсақ бор эсак ҳарамға маҳрам сену мен,
Муғ дайри аро бўлса ватан ҳам сену мен.

103

Эй боди сабо, агар ҳаво айлагасен,
Гулшанға етарни муддао айлагасен.
Сарв оллида ер ўпуб дуо айлагасен,
Гул қошида қуллуғум адо айлагасен.

104

Менменму висол умидидин шод ўлған,
Бир-бир ғаму андуҳдин озод ўлған.
Оз-озғина берган сойи гул атри насим,
Булбулдек ишим нолаву фарёд ўлған.

105

Исён тутуни бермаю чеҳрамга амон,
Ул навъ қора қилдики, мўрида самон.
Оқ айламагини мен сияҳрўйи ёмон,
Айлайолмон афв суйи бирла гумон.

106

Исён аро қолған ибтилониму дейин?
Маъмур эткан нафси вағониму дейин?
Йўқ тоат ила кибру риёниму дейин?
Яхши демак ўзни бу балониму дейин?

107

Дайр ичра тилаб жоми ҳилолий партав,
Сажжода гарав бўлса не тонг, эй раҳрав,
Чун муғбача оллида қилур сажда бирав,
Йўқ айб мусаллоси анинг майға гарав.

108

Жонимға қилур жавру жафо ёр асру
Ким, ёр ичида жавру жафо бор асру.
Бўлдум чекибон жавру жафо зор асру,
Мен жавркашу ёр жафокор асру.

109

Гар қилса киши қилиб гуноҳе, тавба,
Ул журмға бўлса узрхоҳи тавба.
Қилмоқ неча гоҳ журму гоҳе тавба,
Бу журм ила тавбадин илоҳий тавба.

110

Не юзини ғоза айламиш фарсуда,
Не кўзига сурма тортмиш беҳуда.
Не қошини вусма айламиш олуда,
Бу юзу кўзу қошдин эман осуда.

111

Номанг манга руҳдин нишон бўлди яна,
Осойиши жони нотавон бўлди яна.
Ҳар ҳарфи анинг танимда жон бўлди яна,
Ҳар лафзи ҳаёти жовидон бўлди яна.

112

Чун лола тўкулди, лолагун жом ичма,
Гул фасли туганди майи гулфом ичма.
Жавзода чу тутти меҳр ором ичма,
Кўп бўлса зарурат ўлмайин шом ичма.

113

Муғ дайрида бўлса манга бир кошона,
Малжаъ дағи пири дайрдек фарзона.
Май муғбача тутса ҳар замон мастона,
Кофир бўлайин бўлса муродим ёна.

114

Ҳам жисмингга заъф бўлса жоним садқа,
Ҳам жонингга жисми нотавоним садқа.
Сарвингға шикаст ўлса равоним садқа,
Йўқ-йўқки, санга жону жаҳоним садқа.

115

Ё кошифи асрори ниҳон бўлса киши,
Ҳаллоли румузи осмон бўлса киши.
Ё ошиқи зори нотавон бўлса киши,
Девонаву расвойи жаҳон бўлса киши.

116

Сен худ борасен кўнгулни қайтарғил, ахий,
Бедиллиқ ўтидин мени қутқарғил, ахий.
Ё тийғ чекиб тўш-тўшидин ёрғил, ахий,
Бир порасини бизга бериб борғил, ахий!

117

Сен борғали ортмиш кўнгул зорлиғи,
Оҳ ўқларидин ҳар нафас афгорлиғи.
Билман унутулғанму экандур манга ҳажр,
Ё кўпрак эрур бу қатла душворлиғи.

118

Жонимға етиптурур хумор, эй соқий,
Май тутқилу берма интизор, эй соқий.
Аввал ўзинг айла ихтиёр, эй соқий,
Тутқил менга сўнгра зинҳор, эй соқий,

119

Охир дами умр этса шитоб, эй соқий,
Тутқил манга онча майи ноб, эй соқий
Ким, ҳашрда маст ўлай хароб, эй соқий,
То англамай этсалар азоб, эй соқий.

120

Дедим зақанинг тутуб, сақоғингни ўпай,
Кўз қошингга суртубон қабоғингни ўпай.
Гулдек юзунг ислабон дудоғингни ўпай,
Йўқ, йўқ-йўқ, агар десанг, аёғингни ўпай.

121

Ҳар зулф хамиға қилма вобаста мени,
Ҳар кўз ҳавасидин этмагил хаста мени.
Ҳар қош тамаиға солма пайваста мени,
Ё раб, борисидин айла вораста мени.

122

Жонимда хумордин азоб, эй соқий,
Кўнглумда ҳам андин изтироб, эй соқий.
Еткур манга жоми майи ноб, эй соқий
Ким, ҳолим эрур асру хароб, эй соқий.

123

Фурқат саҳари ғамға йўлиқтурди мени,
Ҳижрон куни юз балоға топшурди мени.
Ғам шоми ўлум ҳолиға еткурди мени,
Тонг отқуча уйқусизлиғ ўлтурди мени.

124

Мунглуғ бошим остидағи тошимниму дей?
Тош устидаги ғариб бошимниму дей?
Ҳасрат суйидин кўзимда ёшимниму дей?
Ўлмакдин саъброқ маошимниму дей?

125

Не дашти махуф эмиш фано саҳроси
Ким, анда кирарга йўқ бало яроси.
Ҳаргиз чу ёниб келмади нопайдоси,
Кимдин киши айлагай нишон илқоси.

126

Аввал менга васли руҳпарвар не эди,
Сўнгра қилмоқ ҳажр ила музтар не эди.
Десам бўлар, эй шўхи ситамгар, не эди,
Дерким, сенга не, мен билайин ҳар не эди.

127

Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,
Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.
Энг бирла менгинг яхши, сақоғинг яхши,
Бир-бир не дейин, бошдин аёғинг яхши.

128

Ё рабки, фано базмида хос айла мени,
Фақр аҳлиға соҳиб ихтисос айла мени,
Ё дохили зумрайи хавос айла мени,
Ё ранжи авомдин халос айла мени.

129

То дашт баҳор бирла рангин бўлғай,
Гулзор нигорхонайи Чин бўлғай.
Дашт узра сенга салтанат ойин бўлғай,
Гулзор аро тахт устида таскин бўлғай.

130

То чарх висоли кўйидин сурди мени,
Қатл айлагали ҳажрға топшурди мени.
Гар ҳажр ўлум ҳолиға еткурди мени,
Ёр эткани таъна, лек ўлтурди мени.

131

Ҳажринг сипаҳи зеру забар қилди мени,
Ғам кишвари ичра дарбадар қилди мени.
Андинки батар эмас, батар қилди мени,
Жон олғуча не дейки, нелар қилди мени.

132

Номангки, менга муждайи жоне эрди,
Ҳижрон ғамидин хатти амоне эрди.
Зулматқа саводи гар нишоне эрди,
Мазмун анга оби зиндагоний эрди.

133

Тил сўз била то қизитти ҳангомамни,
Бир ҳам тия олмадим бу худкомамни.
Ҳар неча итикрак айладим хомамни,
Ул хома қаророқ айлади номамни.