ТАҲРИР ҲАЙЪАТИДАН
Алишер Навоий лирик меросининг мукаммал нашри илк бор 1959-1960 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти томонидан тайёрланган ва Ўзбекистон ФА нашриёти томонидан амалга оширилган эди. «Хазойин ул-маоний» девонлари нашрини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний мукофоти лауреати, филология фанлари доктори, профессор Ҳамид Сулаймон тайёрлаган эди. 1956-1960 йилларда тайёрланган илмий-танқидий текст ва транслитерация асосан Cобиқ Иттифоқдаги фондларда сақланаётган қўлёзмалар (Ленинграддаги Салтиков-Шчедрин номли Давлат халқ кутубхонаси, инв. Хаников-55, 904- 1498-1499 й., Тошкент, Ўзбекистон ФА ШИ, инв, № 677, XVI аср ва Ленинград, ДХК, инв. Дорн-558, 1001-1004-1592-1596 й.) ва бошқа нусхалар асосида тузилган эди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат адабиёт музейи, Ўзбекистон ФА Қўлёзмалар институтининг директори, профессор Ҳамид Сулаймоннинг фаолияти билан кейинчалик Алишер Навоийнинг мўътабар икки куллиётининг фотонусхаси қўлга киритилди. Булар Алишер Навоий куллиётининг Истанбулда, Тўпқопи саройи фондида (инв. № 808) сақланаётган нусхаси, 901-902-1495-1497 йиллари хаттот Дарвеш Муҳаммад Тоқий томонидан Ҳиротда кўчирилган ҳамда Париж Миллий кутубхонасида (инв. № 316—317) сақланаётган, 930—933-1525—1527 йилларда котиб Али Ҳижроний томонидан Ҳиротда кўчирилган икки жилдлик куллиёт фотонусхаларидир. Ҳар иккала куллиёт композиция ва мундарижа жиҳатидан бир-бирига яқин.
Шундан сўнг «Хазойин ул-маоний» илмий-танқидий текстини профессор Ҳамид Сулаймон Ленинград, Душанба, Истанбул, Париж қўлёзма нусхалари асосида қайта тузиб чиқди. Алишер Навоий «Хазойин ул-маоний»сининг ушбу тўлиқ нашрини ўша илмий-танқидий текст ҳамда аввалги нашр ва юқорида зикр этилган тўрт қўлёзмага муқояса қилиб чиқилди ва босмага тайёрланди. Биринчи нашрда турли сабабларга биноан йўл қўйилган айрим нуқсонлар шу иш жараёнида имкон борича бартараф этилди.
Мазкур нашрнинг I ва II томларидаги асарлар кейинчалик шоир томонидан «Хазойин ул-маоний»га киритилган. Шунинг учун айрим шеърларда шоир томонидан қилинган тузатиш ва ўзгаришлар бўлиши мумкин.
Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маоний» асари Ўзбекистон «Фан» нашриёти томонидан чоп этилмоқда бўлган 20 жилдлик шоир асарларининг тўлиқ нашрида III («Ғаройиб ус-сиғар»), IV («Наводир уш-шабоб»), V («Бадойиъ ул-васат»), VI («Фавойид ул-кибар») жилдларни ташкил этади.
«Хазойин ул-маоний»га кирган девонларнинг қайта кўрилган ва тўлдирилган мазкур нашрини филология фанлари кандидати Ф. Қ. Сулаймонова раҳбарлиги остида филология фанлари кандидатлари М. Ш. Ҳамидова, Ш. У. Шарипов, Л. Н. Серикова ва илмий ходимлар М. Иноғомхўжаева, М. Баҳодирова, М. Хайруллаевалар амалга оширдилар.