ТАРЖИЪБАНД
I
Кетур соқий, ул майки, субҳи аласт
Анинг нашъасидин кўнгул эрди маст.
Маеким қилур, қуйсалар жом аро
Ўзи масту кайфийяти майпараст.
Эшит саргузаштеки, бир кун манга
Неча майпараст ўлдилар ҳамнишаст.
Май олмоққа пири муғон жазбаси
Мени чекти андоқки, моҳийни шаст.
Қилиб хирқа май раҳнию зарфининг
Этиб оғзини мум ила сангбаст.
Келур эрдим эгнимда майлиқ сабу,
Бўлуб тўққуз афлок оллимда паст
Ки, огоҳ ўлуб тўш-тўшумдин қабаб
Манга топтилар иҳтисоб аҳли даст.
Шикастим менинг онча эрмас эди
Ки, май зарфи топти орада шикаст.
Чу синди сабу, чорае топмадим,
Мени муфлиси ур[у], гирёни маст.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синған сафол.
II
Кетур, соқиё, муждае жомдин
Ки, пажмурда бўлмишмен анжомдин.
Бу гулшан гулига чу йўқтур вафо,
Не парҳез этай жоми гулфомдин?
Чу йўқ шоми ҳижрон хумориға субҳ,
Ичиб англамай субҳни шомдин.
Халос айлай ўзни маю нуқлнинг
Сую донаси бирла бу домдин.
Бўлай дайр пириға андоқ мурид
Ки, ёд этмайин шайхул-исломдин.
Кирай дайр аро уйла мажнуну маст
Ки, кетсун хирад хос ила омдин.
Солай бир алоло харобот аро
Ки, чиқсун фиғон аҳли айёмдин.
Хароботий ўлмоғлиғим, зоҳидо,
Суол этма мен зори бадномдин.
Гарав қилғали майға чун қолмади
Не тасбиҳу не хирқа, нокомдин.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синған сафол.
III
Сафол ичра бир журъа лое манга,
Эрур жоми гитийнамое манга.
Кетармакка худбинлиғим ранжини,
Қани бода янглиғ давое манга.
Чу мен дайр пири вафосидамен,
Фалакдин етишмас жафое манга.
Фалакдин жафо етса, эй муғбача,
Не ғам сендин ўлса вафое манга,
Тариқат сулукини касб эткали,
Ҳамул кунки, бўлди ҳавое манга.
Бурун зуҳду тақвони айлаб шиор,
Дедимким, етишгай сафое манга.
Бориб хонақаҳ ичра қилдим мақом,
Бу маъно худ ўлди балое манга.
Боқиб хилвату зикру сажжодани,
Зуҳур этти ҳар дам риёе манга.
Булардин ўзумни халос айладим
Ки, то ҳосил ўлғай фаное манга.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синған сафол.
IV
Тилармен бу дайр ичра кошонае
Ки, бўлғай живорида хумхонае.
Бу хумхона саҳнидағи майфуруш
Сахо шевалиг пири фарзонае.
Анинг қуррат-ул-айни куп оллида
Илигинда паймона жононае.
Суманбарлар ичра парийчеҳрае,
Парийчеҳралар ичра девонае.
Менга гоҳи ул берса май бирла жон,
Бу қилса гаҳе қатли мастонае.
Эрур телбаликдин ишим туну кун
Хаёл айламак уйла афсонае.
Неча муфлис истаб дедим май учун
Қилали ичин оро дангонае.
Эшиттимки, қилмиш яна пири дайр
Харобот аҳлиға майхонае.
Бугун очиб ул майкада эшигин,
Берур ҳар гадо етса паймонае.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синған сафол.
V
Яна бўлмишам ошиқу зор ҳам,
Хароботию ринду хаммор ҳам.
Мубоҳот этиб дурдкашлик била,
Қилиб тақвову зуҳддин ор ҳам.
Суроҳийни бут айлабон оғзида,
Қилидин эшиб белга зуннор ҳам.
Бўлуб майға сажжодаву хирқа раҳи,
Бориб нуқл учун кафшу дастор ҳам.
Фано дайри ичра қаландарсифат
Кезиб балки девонакирдор ҳам.
Парийчеҳра атфолнинг тошидин
Бўлуб сарбасар жисмим афгор ҳам.
Мени ишқдин ўртаган муғбача
Ки, девонавашдур, парийвор ҳам.
Чу билдимки, бу навъ бирла эрур
Харобот кўйида майхор ҳам.
Эрур чунки якранглик шарти ишқ,
Бу тақриб бирла мени зор ҳам.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синған сафол.
VI
Қани соқийи гулъузорим менинг
Ки, жон қасди этмиш хуморим менинг.
Фироқ ичра кўп меҳнату дарду ранж,
Чекиптур тани хоксорим менинг.
Хумор эмгагидек вале кўрмамиш
Тани ғамкашу жони зорим менинг.
Бу хайли бало дафъиға авло ул
Ки, майхона бўлғай ҳисорим менинг.
Кўпу оздин тутса май пири дайр,
Фидоси анинг йўқу борим менинг.
Етурса қадам бошима муғбача,
Эрур жавҳари жоннисорим менинг.
Харобот аро кирганим, эй фақиҳ,
Дейин, бўл даме роздорим менинг.
Кеча хонақаҳ ичра сармаст эдим,
Бугун майсиз итти қарорим менинг.
Хумор айлаб ул навъ ошуфтаким,
Илигдин бориб ихтиёрим менинг.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синған сафол.
VII
Мени май бас ошуфтаҳол айлади,
Бу водийда Мажнунмисол айлади.
Бошимни кўп атрофида майфуруш
Узум жисмидек поймол айлади.
Чоғир касрати май батидек манга
Хирад булбулин гунгу лой айлади.
Сабукашлигим айни идбордин
Қадимни юк остида «дол» айлади.
Майи лаъл олтун қазаҳ шаклидек,
Юзум сариғ, ашкимни ол айлади.
Қадимдин фалак офият хирқасин
Чекиб раҳни жоми зулол айлади.
Сипеҳр атласи дайр кўйи аро
Менинг кисватим эски шол айлади.
Май истарда идбору ошуфталиғ
Манга жом синған сафол айлади.
Харобот пири чу бир жом учун
Мени мундоқ ошуфтаҳол айлади.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синған сафол.
VIII
Яна дурдкашмен мубоҳот учун,
Бериб жон ҳавойи харобот учун.
Кетур, соқиё, бода оғзимға қуй
Дамеким, ўлубмен бу миръот учун.
Не миръот, балким қуёшеки, файз
Анга ом эрур барча заррот учун.
Манга зоҳид этти басе сарзаниш
Май ичмакка сарф ўлған авқот учун.
Дедим: яхшироқ бода ул зуҳддин
Ки, қилғай киши шуҳрату от учун.
Манга бодадин бўлди нафйи вужуд,
Санга зуҳд ани қилмоқ исбот учун.
Бўлуб тунд масжид сари қилди азм,
Мени қарғайин деб муножот учун.
Муножот этиб кирди хилват аро
Ясалғон риёйий каромот учун.
Каромот мен қилдим ул лаҳзаким,
Риё биймидин дафъи офот учун.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синған сафол.
IX
Яна бошламиш бода ичмак ҳабиб,
Манга ичмай ўлғайму сабру шикеб.
Ичармен вале қон, нединким ичар
Ҳабибим била бода ҳар дам рақиб.
Насиби рақибенинг ар май бўлуб,
Насибим менинг бўлса қон ё насиб!
Не зулмеки, гулшанда гул маҳрами
Бўлуб зоғу маҳрум эрур андалиб.
Не тонг боғламоқ, кофири ишқ ўлуб,
Киши белга зуннору осмоқ салиб.
Ёқам чок этиб кўксума тош уруб
Солиб рустахез эл аро мен ғариб.
Булар нафъ чун қилмади кўнглума,
Лаболаб қадаҳ бирла бердим фиреб.
Чу билдимки, бехудлуғумдур илож,
Харобот йўлида бўлдум нишеб.
Нечукким, етиб рустаме кўйиға
Кирар эрди сармаст маҳмуди ҳабиб.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синған сафол.
X
Нечук май била бўлмасун улфатим
Ки, жон қасди айлар ғаму меҳнатим.
Назар айла бу коргаҳ вазъиға
Ки, ортар тамошосида ҳайратим.
Қуёш йўқки, бир зарра моҳиятин
Топа олмади саъй ила фикратим.
Не келмак аён бўлди, не кетмагим,
Не мабдаъ яқин бўлди, не ражъатим.
Не касби улум этти ҳал мушкилим,
Не тутти илиг тақвову тоатим.
Топай деб хабар ушбу мақсуддин,
Туташти басе қавм ила суҳбатим.
Не қилди бу дардим иложин ҳаким,
Не шайх айлади дафъ бу иллатим.
Не қилмоққа бир амрдин ҳосилим,
Не кечмакка бу фикрдин журъатим.
Менинг бошима бас қотиқ тушти иш,
Чу тоқ ўлди бу дард ила тоқатим.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синған сафол.