Топ рейтинг www.uz
ҲЕ ҲАРФИНИНГ ҲАРАМИЙЛАРИНИНГ ҲУСНОРОЙЛИҒИ «НАВОДИР»ДИН

101

Бу чаманким, тўкилур шом гул, очилса сабоҳ,
Бодасиз шому сабо ўлмоқ эмас бизга салоҳ.

Даври айёмға йўқ чунки вафо, эй соқий,
Сен вафо айлаю бас, айлама даври ақдоҳ.

Бекарон раъфат эрур даҳрда элга офат,
Роҳати беҳад агар истар эсанг топқил роҳ.

Пири хаммор эшиги боғлиқ эрур, мен махмур,
Раҳм этиб оч бу эшикни юзума, ё фаттоҳ.

Қилмағил қасд киши қонию нақдиға валек
Айш нақдини қадаҳ қони била англа мубоҳ.

Ҳасмкуш келди фалак золи  бил, эй шайху манга
Раз қизи борида ул колони қилма никоҳ.

Эй Навоий, тиласанг ғам тенгизига соҳил,
Каштии  бода  бурун топқилу бўлғил  маллоҳ.

102

Жонима еткурди ул лаъли равоносо фараҳ,
Элга еткурган масаллик лаългун саҳбо фараҳ.

Лаъли ёқути муфарриҳдур магар билхосия
Ким, хаёлидин манга йўқтур насиб илло фараҳ.

Қон ёшимдин демангиз сўз ким мукаддар бўлмасун,
Бодадин топқан замон ул шўхи маҳсиймо фараҳ.

Лаъли ҳижронида, эй соқий, яна май тутмаким,
Тортсам кавсар майи етмас манга асло фараҳ.

Боиси ғамдур лаби ҳажрида лаъли обдор,
Май дебон рангин су ичкан айламас пайдо фараҳ.

Гар фараҳ истар эсанг, майхона азми айлаким,
Андин ўзга ердин олмиш гунбади хазро фараҳ.

Эй Навоий, дайр пири тутса, май ложуръа ич,
Фикр қилмаким, санга еткай малолат ё фараҳ.

103

Бўлса бўлғай сарв қадлар ичра ҳар гулрў малиҳ,
Сарви гулрўйум менинг лекин эрур асру малиҳ.

Хол эрурму йўқса туз солған сиёҳий нуқтаси
Ким, эрур васф айлагандин ортуқ ул ҳинду малиҳ.

Лабларинг кулгач, тўкар туз бирла шаккар тунг-тунг,
Оллоҳ-оллоҳ, бўлур эрмиш мунча ҳам кулгу малиҳ.

Кўп малоҳат бобида Шириндин айтур Кўҳкан,
Сабзширинимча ул  бор эрди эркинму малиҳ.

Эйки Юсуф бирла сўрмишсен ҳабибим ҳуснидин,
Ул сабиҳ ўлди латофат ичра, аммо бу малиҳ.

Оразинг кўргач, кўзум шўроба тўккач, англадим
Ким, эрурсен сен малоҳат аҳлидин айру малиҳ.

Эй Навоий, аччиғ-аччиғ йиғларимни қилма айб
Ким, эрур кўнглумни олған кофири бадхў малиҳ.

104

Ахтарин ашк эттию совуғ нафасни оҳ субҳ,
Бўлди гўё шоми ҳажрим ҳолидин огоҳ субҳ.

Ғам туни муҳлик ғамим англаб ёқа чок айлади,
Тонг елидин ҳар нафас ҳолимға тортиб оҳ субҳ.

Тийра ҳижрондин чу йўқтур фарқ субҳу шомима,
Хоҳ шом ўлсун қорарған рўзгорим, хоҳ субҳ.

Дуди оҳимдин қорарғай ҳажр шомидин батар,
Бўлса ҳижрон қатъида бир кун манга ҳамроҳ субҳ.

Тийра шомим дафъ қилди меҳр зоҳир айлабон,
Яхши борди меҳрибонлиғларда шайъ-улоҳ субҳ

Хуштурур жоми сабуҳ, эй шайх, сен ҳам ичкасен,
Тутса май соқий бўлуб бир меҳр юзлуг моҳ субҳ.

Ғам туни кўҳ балосидин магар бўлмиш халос
Ким, менингдек кўргузур рухсоре чун коҳ субҳ

Субҳдам бедору гирён бўл, агар файз  истасанг
Ким, сенинг уйқунгға хандон бўлмасун ногоҳ субҳ.

Эй Навоий, ул қуёшнинг муждайи васлин бериб,
Қилса неткай, шоми ҳажрим меҳнатин кўтоҳ субҳ.

105

Ҳажрдин асру ҳазинмен, соқиё, тутқил  қадаҳ,
Ҳар неча соғар улуғ бўлса тўла тутқил қадаҳ.

Гар анинг нўш айларидин ожиз ўлса аҳли базм,
Жамъ этиб борини бир йўли манга тутқил қадаҳ.

Қониъ эрман бир қадаҳ бирлаки, дардим саъб эрур,
Ҳар кеча ложуръа нўш этсам, яна тутқил қадаҳ.

Бир нафас маст ўлмасам ҳижрон ғами айлар ҳалок,
Жонима раҳм айлабон баҳри худо тутқил қадаҳ.

Гар муяссар бўлса базми васл, лутф айлар эсанг,
Қуй мени наззораға кўпрак анга тутқил қадаҳ.

Улу мен чун маст бўлдуқ ихтиёринг бордур,
Хилват айлаб бер ижозат, элга ё тутқил қадаҳ.

Чун харобот ичра туштунг чиқмоғинг душвор эрур,
Ихтиёринг йўқ ичиб, эй порсо, тутқил қадаҳ.

Хирқайи зуҳдин Навоий қилди раҳн, эй майфуруш,
Қўйма ҳуш илгида ани бенаво тутқил қадаҳ.

106

Субҳ дайр ичра муғанний уйла тузди шадди руҳ
Ким, унидин бўлди руҳуллоҳга оҳанги сабуҳ.

Тоза бўлди руҳлар ул навъ шадди руҳдин,
Ким лисони ҳоли руҳуллоҳға қилди тоза руҳ.

Йўқки, ёлғуз шаддидин тушти қулуб ичра кушод,
Ҳар гирифти доғи арвоҳ ичра солди юз футуҳ.

Дайр пири онча тутти элга жоми руҳбахш,
Ким яқиндурким ушатқай товба бўлса юз насуҳ.

Руҳи қудсий эрди алфози зуҳур эткунча фажр,
Ваҳй юҳо эрди анфоси тулуъ эткунча юҳ.

Йўқки, май каштийси ғам тўфонидин айлар халос
Ким, топар андин киши бир қатра ичса умри Нуҳ.

Сирри ваҳдат нуктасидур бас дақиқ, эй порсо,
Май қуёши ламъаси бирла магар топқай вузуҳ.

Эй мударрис, ишқ сирри дафтари бир нуктадур,
Гарчи мингдин бир ёзилмайдур ёзиб юз минг шуруҳ.

Васлсиз бўлмас Навоий кўзу кўнглига илож
Ким, журуҳ узра журуҳ ўлмиш, қуруҳ узра қуруҳ.

ХЕ ҲАРФИНИНГ ХЎБЛАРИНИНГ ХИРОМИ «НАВОДИР»ДИН

107

Фано тариқида ҳар кимки ҳосил этти русух,
Риёву зуҳд анинг оллида эрур мансух.

Не навъ ўзлуги мансух бўлмағай қошида,
Бировки, дўст шуҳудиға ҳосил этти русух.

Чу ишқсиз эди зуҳд аҳли келди ноболиғ,
Эрурлар атфол, эл гарчи дер аларни шуюх.

Демакта воқиъа ёлғону чин тахайюл этиб,
Киши эканларин андоқки ёд қилса мусух.

Жаҳони хокий эрур бир кесак, вале нопок,
Этак етурмомак авло мулаввас ўлса кулух.

Арит сиришк била ботинингда бор эса чирк,
Ю тавба суйи била бўлса ботининг аро шух.

Навоий аҳли фано иста, қўй риё аҳлин
Ки, найшакар борида туҳфа қилмади киши лух.

108

Фироқ ўтики, бало оғзидур анга манфах,
Мисоли дўзаху жаннатдурур ул дўзах.

Не тонг ёшунса кеча зулфида қуёш кўйи
Агар бу навъ эса чавгани зулфу гўйи занах.

Эрур кирарга кўнгул хайли ул тараф бир-бир,
Тароғ сочингдаки йўллар ясаб турур рах-рах.

Қуёш ҳамоно кўк атласин либос этмиш
Ва ё кийиптур ул ой нилгун насиж ила нах.

Гаҳеки кўргузасен заҳри чашм тонг эрмас,
Бўлур чу бодомнинг донаси бирарда талх.

Юз очса ақлим эли тўлғанур, нединким бор
Чинор панжаси шал, офтоб панжаси шах.

Навоий оҳини зоҳид кам этмади сўз ила,
Нединки, дуд ўлур афзун, қотилса ўт ила ях.

109

Шўх кўп йўқ бириси, уйлаки, айёр ул шўх,
Шўхлуқ бирла қилур элни гирифтор ул шўх.

Боқиб ағёрға тишлар лабини ишва била
Еткурур қатл учун жонима озор ул шўх.

Гул қизариптуру сунбул қорарипдур, гўё
Боғ аро қилди аён зулф ила рухсор ул шўх.

Хўблар бутрашибон қўзғалишур ишқ аҳли
Масту бебок магар бўлди падидор ул шўх.

Кимниким зор кўрар ўлтурур ул шўхи бало
Не бало турфа иш ўлмиш буки, мен зор ул шўх.

Дайр аро муғбачайи шўх ушатти тавбам,
Маст бўлман нетайин бор чу хаммор ул шўх.

Шўхлиқдин не деса чун унутур эмин эман,
Гарчи худ ваъдайи васл айласа изҳор ул шўх.

Эй кўнгул, дину хирад нақлини асраки, эрур
Зулф аро холи кеби шабраву таррор ул шўх.

Гар Навоийдин эрур бехабар ул шўх, не тонг,
Мастлиғдин эмас ўздин чу хабардор ул шўх.

110

Эй кўнгул, чунки эрур ёр майи фурқати талх,
Кимки, бу майни ичар бўлса, не тонг риққати талх.

Шарбати сабр дер ич носиҳу юз войки бор,
Оби ҳайвон била ҳал айласа бу шарбати талх.

Ўзгалар бирла ичарсен маю мен зорға ул
Бодаедурки, эрур таъми ачиғ, лаззати талх.

Соқийи базм, яна тутма манга жоми фироқ
Ким, бу соғарнинг эрур чошнийи шиддати талх.

Талхком ўлдум анинг кўйида бекасликдин,
Ишқ кўйининг эрур чун қадаҳи ғурбати талх.

Хўблар лаъли хаёлиға чу чурканмаки, бор
Ўзи ҳар неча чучук, ҳажри аро меҳнати талх.

Эмдиким васл ародур қўйки, Навоий, ўлдег,
Эй кўнгул, чунки эрур ёр майи фурқати талх.

111

Эрур барот ила байрам ул ойға зулф ила рух.
Хуш улки тун-куни бўлғай бу иккидин фаррух.

Бирин-бирин нетайин ою сарв ила гулни,
Менингки моҳим эрур сарвқомату гулрух.

Ҳадиси ўлтурубон тиргузурки, сўз сўрсам,
Агар ачиғланур, аммо чучук берур посух.

Малоҳат ўлса олур жонни лўлию ҳинду,
Гар ўлмаса қочурур моҳи ўқчаву Халлух.

Ёзар қалам кеби водий ҳажр аро қаламим.
Сўнгакдурурки, анинг жавфида қуруптур мух.

Фано тариқида бирдек эмас бори маъруф,
Бирига Қархдурур жилвагаҳ, бирига курух.

Навоиё, эрур ул шўхи туркман бас тунд,
Наво тилар эсанг андин югурма ордича чўх.

112

Мени ишқдин манъ этар сода шайх,
Дема сода шайх, айтким лода шайх.

Май устидаги хасча қилма ҳисоб,
Агар су уза солса сажжода шайх.

Ёруғлуқ эмас мумкин андинки, бор
Залолат тариқида уфтода шайх.

Риё баҳри ичра тамаъ заврақин
Солиптур асодин тутуб хода шайх.

Еяр доми тазвир эл сайдиға
Қилиб субҳаднн дона омода шайх.

Ғазабда сабуъ, шаҳват ичра баҳим,
Агарчи эрур одамийзода шайх.

Кирар одамий сониға қилса нўш,
Фано дайрида бир қадаҳ бода шайх.

Иродаттин ўлғай эдим бандаси,
Агар топсам эрди бир озода шайх.

Эранлардин ўзни тутар, гарчи бор
Ўкуш зебу зийнат била мода шайх.

Навоий тилар сода юзлуг йигит,
Не ғам гар ани манъ этар сода шайх.

113

Хатинг сипоҳи чу чиқти нечукки мўру малах,
Демаки, қочмасун арбоби ишқу урма занах.

Қуруди мазраъи шавқум, чу зоҳир эттинг хат
Ки, дона офатидур мазраъ ичра мўру малах.

Юзунг ўтики бор эрди кўзумга равза гули,
Тутун кеби хатинг ул ўтни айлади дўзах.

Ниқоб аро юзунг эрди ғилоф аро кўзгу,
Не хатдурки, ани қилди кийиз ичиндаги ях.

Хатики, хат-хат осилмиштур эмди ул рухдин,
Не рух дейин юзиниким, бўлуптур ул рах-рах.

Тасаввур этмаки, эл ўпмак орзу қилғай,
Магарки мўчина оғзи лабингдин олғай мах.

Жамоли зоҳир учун ўлдунг, эй Навоий, зор,
Чу ёпти оразини хат, уёлдинг эркин, вах.

ДОЛ ҲАРФИНИНГ ДИЛОРОМЛАРИНИНГ ДАВРОНИ «НАВОДИР»ДИН

114

Эй жамолинг меҳридин равшан азалдин то абад,
Зарра янглиғ ул ёруғлуқ ичра саргардон хирад.

Кунҳи зотингдин хирад гар бўлса аъмо не ажаб,
Зарраға юз минг қуёш моҳиятин билмак не ҳад.

Ҳам хирад нури топиб ҳуснунг қуёшидин димоғ,
Ҳам вараъ зўри олиб зикринг ғизосидин жасад.

Сенга толиб, кимки азми Каъба айлар, йўқса дайр,
Сен муроди, кимки дайр ичра санам дер ё самад.

Халқ раддидин не ғам, топғанға лутфунгдин қабул,
Эл қабулидин не суд аники қаҳринг қилса рад.

Бўлмағай мумкин залолат чоҳидин чиқмоқ киши,
Лутфунг илги риштайи тавфиқ ила қилмай мадад.

Қувватингнинг ожизи гар пилтан, гар шери зўр,
Миннатингнинг шокири гар гулжабин, гар сарвқад.

Ҳам муножот аҳлининг кўнглида бийминг беҳисоб,
Ҳам харобот аҳли жонинда умидинг беадад.

Журму исён чоҳидин чиқмоқ Навоий илтимос
Сендин айлар, негаким йўқтур санга куфван аҳад.

115

Ситам эрмас эдиким, айладинг кўнглумни юз парканд,
Ситам будурки, тикмак бирла истарсен анга пайванд.

Ҳам ип кул бўлғаю, ҳам игна су бўлғай тикар бўлсанг
Нединким бор алардин аҳгари сўзанда ҳар парканд.

Жамолингға қуёш ўхшар валекин онча ҳам кўп йўқ,
Анга бўлғанча ой монанд, ул бўлғай санга монанд.

Парийрўйимдин айру, эй ҳаким, оч қайду бандимни
Ки, мен дев ўлмишам, девона эрманким, солурсан банд.

Ҳабибим истаю гулшан аро ҳар дам гул ислармен,
Мени Юсуфдин айру қилди қонлиғ кўнглаги хурсанд.

Кўзумнинг мардуми одамдурур гўё қора бўлған,
Бу ёшларким, бўлур зоянда андин барчаси фарзанд.

Лабинг нўши закотин ҳожат аҳлиға берур бўлсанг,
Ўлубмен ҳасратидин жонға йўқ ўлганча ҳожатманд.

Дединг гулқанд, эй тарсо ҳакими, англабон заъфим,
Вале дафъ ўлди қилғач муғбача дайр ичра шаккарханд.

Алам еткач, Навоий, даҳрдин, май бил  анинг дафъи,
Қабул эткан кишига басдурур оламда бу бир панд.

116

Қайда қилғай соядек мен телбайи хокийни банд
Ким, қуёш бўйниға солмиш сунбулунг печон каманд.

Қатлим этмаслар ғаму дардинг вале тахқирдин
Мўр қатлин аждаҳокушлар қачон айлар писанд.

Наълидин чақилмас ўт, балким шарарлар айрилур,
Ҳар тараф майдон ароким ўт кеби сурсанг саманд.

Тонг йўқ оҳим ул қуёшнинг бурқаъин рафъ этмаса
Ким, булутқа дуд етмас нечаким чиқсун баланд.

Ғўтаму урмиш кўзумнинг мардуми қон ёш аро,
Ё ёшурмиш ул қора кўз оразин гулгун паранд.

Истагунча, эй кўнгул, ҳар дам даво дард истагил
Ким, даво топмоқ эмастур мумкин ўлмай дардманд

Бўлғали хуноби ҳижрондин Навоий талхком
Гоҳе йиғлар аччиғ-аччиғ, гоҳ айлар заҳрханд.

117

Нолонмен очар бўлса юз ул ҳури парийзод,
Булбулға не тонг гул очилур фаслда фарёд.

Гулгун тўн аро қоматиму жилвагар ўлди,
Гул баргидаму бўлди ниҳон савсани озод?

Ашким суйининг мавжини кўнглунгга кечурким,
Жавҳар била хушроқ кўрунур эл аро пўлод.

Кўнглум зақанинг ичра кўруб ёйдинг анга зулф,
Чоҳ узра кабутарға ёяр домини сайёд.

Булбулни ғаминг қўзғаса шод ўлмағил, эй гул
Ким, ўт ҳам ўчар, кулни фалак айласа барбод.

Ғамзанг мени бир тиғ била айламади қатл,
Бу феъл қилур кимга азоб айласа жаллод.

Кўнглини Навоийнинг ўқунг касрати бузди,
Бу кулба ёғин касратидин қолмади обод.

118

Бўлди кўнглум шод топқач тиғдин кўксум кушод,
Йўқ ажаб ҳар кимгаким еткач кушоде бўлса шод.

Хаттинг эл кўнглини кўпрак олди, гўё хат эмас
Юз уза қилдинг кўнгул олмоғлиқ афсунин савод.

Ул парий ишқида мен девона эрман, девмен,
Ишқ водийсинда ҳар оҳим эрур бир девбод.

Дема қочдим жаврдинким, баски тош ёғдурди ҳажр,
Гард ўлуб барбод бўлди бу тани хокийниҳод.

Номурод ўлсам не тонгким ихтиёр этканда ишқ,
Улки аввал таркин эттим, эрмас эрди жуз мурод.

Ёрдин гар истасангким кўрмагайсен ғайри васл,
Ғайр васлин мутлақо ёд айламакни қилма ёд.

Эй Навоий, муътақидсен қайда кўрсанг пок юз,
Юз кишида йўқ экан бир сен кеби пок эътиқод.

119

Гар кўнгулни айласа ул қотили хунхора сайд.
Қатл учун қони тўкулмай найлагай бечора сайд.

Эй кўнгул, ул шўх захм урса давоға қилма саъй,
Расм бўлмас истамак марҳам, чу топти ёра сайд.

Зулф аро сайд айламак истар кўнгулларни кўзунг,
Шабшикор ул навъким қилғай кийибон қора сайд.

Қатл қилмай кести тўш-тўштин кўнгулни шўхлар,
Бисмил ўлмасдин бурунроқ бўлди пора-пора сайд.

Билгай ул кофир анга телмурмагимни, билсаким
Не тазаллум бирла қотилни қилур наззора сайд.

Муршиди жозиб тилаб топмай гум ўлдум, войким,
Бўлди бу саҳрода сайёд истаю овора сайд.

Телба қушдеқдур Навоий кўнгли савдо даштида,
Ани то сен айламишсен, эй парий рухсора, сайд.

120

Дуди оҳ эрмас кўнгул уйин қора қилғанда дард
Чун йиқилди ишқ зулмидин ҳавоға чиқти гард.

Ҳар тараф азм этмагинг кўп дардлар дармонидур,
Келки асру дарди дил изҳор этарлар аҳли дард.

Қайдаким тушса назар пайки сиришким сайлидур,
Ким кўруптур су уза бу навъ пайки раҳнавард.

Лола янглиғ бўлди гулгун бодадин ул юз гули,
Ваҳ, не рангин очилур эрмиш қизил су ичса вард.

Уйла чиқтинг секритиб шабрангу тортиб тиғким,
Шаҳсувори чарх юз қайтарди бўлмай ҳамнабард.

Тез эвур даврунгда, эй соқий, сипеҳросо қадаҳ,
Барҳам урмасдин бурун мажлисни чархи тезгард.

Басдурур ул ойни кўргандин кўнгул титратмаси,
Эй Навоий, чекмагил сен дағи ҳар дам оҳи сард.

121

Эй, юзунг оллида беҳол хирад,
Васфин айларда бўлуб лол хирад.

Чунки сен секритибон тавсани ҳусн,
Бўлубон йўлида помол хирад.

Ваҳки, сен тифлдин ўлди мабҳут,
Уйлаким пири куҳан сол хирад.

Эҳтимом этти жунунум сари ишқ,
Нечаким айлади эҳмол хирад.

Ишқ кўйида мазаллат чексун,
Тиласа давлату иқбол хирад.

Соқиё, майки мени васвасадин,
Айлади шефтааҳвол хирад.

То фано сайлида бўлғай нобуд,
Кўруб ул жавҳари сайёл хирад.

Дайр пири мангаву муғбачалар
Неча урса юзига зомо хирад.

Ё раб, эт ишқ Навоийға насиб,
Кўнглидин лек бурун ол хирад.

122

Кўнгул ҳароратин англатди оҳи дардолуд,
Уй ичра ўт эканин элга зоҳир айлади дуд.

Вужудум этти адам оқибат бу ҳайратким,
Адамдек оғзи аро сўз не навъ топти вужуд.

Кўзунг шамойилини наргис ар кўра олмас,
Санга не фикр кўзи чиқсун улки, бўлди ҳасуд.

Даме ҳарам нафаси, дайр  қасди айлармен,
Не ерда юз қўяр ўлсам юзунгдурур мақсуд.

Кўнгулни ёрға боғлаву рафъ қил ағёр
Ки, бордур улки анинг ғайридур саробу намуд.

Малул ўлубмен ўзумдин, фано майи тутқил
Ки, рангу атри вужудумни айлагай нобуд.

Вагар сумурса Навоийға еткай андоқ сукр
Ки, фарқ топмағай оллинда шоҳиду машҳуд.

123

Зиҳе ҳажрингда айлаб бизни ғам шод.
Хаёлинг хотири ғамгинни ҳам шод.

Ғамингни лаҳза-лаҳза еткурурсен,
Қилурсен хотиримни дам-бадам шод.

Қилур мунглуғ кўнгулни доғи ишқинг
Гадодекким, бўлур топқач дирам шод.

Агарчи боғ аро озодадурлар,
Қадингға бандадурлар сарву шамшод.

Ичармен жоми май ҳижронда, гарчи
Ки, бўлмас май била аҳли алам шод.

Сафоли дайр дурдидин севундум,
Не тонг қилса гадони жоми Жам шод.

Навоий савти ишқ аҳлин қилур хуш,
Тонг эрмас қилса дард аҳлин нағам шод.

124

Ишқ аро расволиғим элга берур Мажнунни ёд,
Уйлаким айлар ани кўрган мени маҳзунни ёд.

Ғам тунида меҳнати ҳижрони афзундур манга,
Ҳар қачонким айласам ул ҳусни рўзафзунни ёд.

Қатра-қатра қон томар  икки  кўзумдин  шавқида,
Дам-бадамким қилсам ул икки лаби майгунни ёд.

Лутфи йўқтин кўнглума бевазн эрур шамшоду сарв,
Оҳ тортиб айласам ул қомати мавзунни ёд.

Лаъли жонбахшинг деган сўзни эшиткан қилмағай
Оби ҳайвон бирла боғланған дури макнунни ёд.

Ҳар киши нўши майи лаълингдин ичса журъае,
Қайда қилғай ўзга неши гардиши гардунни ёд.

Чун азалда сарнавишт ўлғанни кўрмай чора йўқ,
Ҳар замон айлаб шикоят қилма даҳри дунни ёд.

Азми Бағдоду Бухоро айлаган аҳбоб учун
Берса тонг йўқ элга ашким Дажлаву Жайҳунни ёд.

То Навоийни жунун даштиға солди ул парий,
Ҳазл учун ҳам қилмади бир қатла ул мажнунни ёд.

125

Кўнгулда юз била хаттинг гар ўт солур, гар дуд,
Мунаввар ўт тушар ул уйдаву муанбар дуд.

Фироқ кулбасида тортарам дамодам оҳ,
Не айб тутса бу вайронани саросар дуд.

Фалак юзундаки ҳар сари дуди оҳимдур,
Фироқ аҳлиға бир шоми ҳажр эрур ҳар дуд.

Хатинг қуёш кеби юз узра парвариш топти,
Ажаб эмастур агар бўлса шуълапарвар дуд.

Улус қабулию радди била ишим йўқ, лек
Неча ул ой манга мақбул, мен анга мардуд.

Замона боғи гулу сунбулини исламаким,
Димоғ офатидур шуъла фарз қил, гар дуд.

Навоий оҳидин ул ойни ёшурунг зинҳор
Ки, хўблар тарафи майл айлар аксар дуд.

126

Зикринг айларда чекармен ҳар дам оҳ, эй сарвқад,
Уйлаким, Қуръонға нотиқ тортғай ҳар лаҳза мад.

Васли иқболин хаёл этканда сен қайт, эй кўнгул
Ким, тахайюл бирла қилған ишка ҳожат йўқ мадад.

Ёр ҳажру васлини не қилса бўлғай жуз қабул,
Тенгри берган айш ё меҳнатни бўлмас қилса рад.

Ҳусн гулзорида бир-бир жола ёққан лутфи бор,
Қатра-қатра дур кеби хўй бирла ул гулфом хад.

Қолмишам зулфу юзунг шавқида субҳу шом, лек
Ул бири субҳи азалдур, бу бири шоми абад.

Не хирад, не ҳуш биздин истангиз, эй аҳли зуҳд,
Ишқ лол эткан кишида қайси ҳушу не хирад.

Эй Навоий, васл аро ўлтурсам ўзни, қилма айб
Ким, эмиш муҳлик киши кўрмак ўз-ўзиндин ҳасад.

127

Сену фирдавс ичида кавсару ҳур, эй зоҳид,
Мену майхона аро бодаки тутқай шоҳид.

Телба кенглум ер ўпар ёр қоши оллинда,
Масти меҳроб аро ул навъки бўлғай сожид.

Эй кўнгул, ҳар неки ишқ аҳлини манъ айлаб эдук,
Кўргач ул ойни бори бизга-ўқ ўлди оид.

Менмену муғбачалар дайр ичинда ваҳ неткай
Мундин ўзга киши бутхонада бўлса обид.

Мен гадо масту харобот аро илгимда сафол,
Боқса Жамшид бу иқболима бўлғай ҳосид.

Билса Фарҳод ила Мажнун жазаъ эткайлар эди,
Ишқ бедодидин улча манга бўлди ворид.

Эй Навоий, бу чаман ичра вафо истамаким,
Ул матоъ ўлди бу бозорда беҳад косид.

128

Эй, сочинг занжирининг савдосида мажнун хирад,
Дам бадам кўпрак парийдек ҳуснунгга мафтун хирад.

Ақлим учди айладим то касб ишқинг илмини,
Гарчи элга илм касбидин бўлур афзун хирад.

Эй ҳаким, этма жунунум айбким, кўргач ани,
Тўхтата олмас димоғи ичра Афлотун хирад.

Эй хирадманд, англамассен ҳолатин ушшоқнинг,
Не учунким ишқ таврида эрур Мажнун хирад.

Оҳким, еткач анинг ишқи тамомин қилди маҳв,
Гарчи қилди панд ила кўнглумни юз афсун хирад.

Гармрав ошиққа мардуд ўлса, носиҳ, қилма айб
Ким, келиптур аҳли ишқ оллида доим дун хирад.

Эй Навоий, ишқ аёғининг нисори айлагум,
Сочса ҳар соат насиҳатдин дурри макнун хирад.

ЗОЛ ҲАРФИНИНГ ЗУЛҲАЁТЛАРИНИНГ ЗУФУНУНЛИҒИ «НАВОДИР»ДИН

129

Қазо не ҳукмки айлар жаҳонгадур нофиз,
Жаҳону бас демаким, инсу жонғадур нофиз.

Жаҳон аро баний Одам нетиб халос ўлғай
Ким, ул малойикайи осмонғадур нофиз.

Нафози ҳукм шаҳи комрондин элга бўлур,
Не ҳукм ул этса, шаҳи комронғадур нофиз.

Агар ёмону агар яхши кимса йўқ озод
Нединки, буйруғи яхши-ёмонғадур нофиз.

Бузуғ жаҳонға анинг ҳукми нофиз ўлғандек,
Ҳабиб ҳукми мени нотавонғадур нофиз.

Бўйин қўюбмен агар тиғи қатл сургунгдур
Ки, амри дилбарининг ҳар қаёнғадур нофиз.

Навоий айласа ҳар ён азимат андин эрур
Ки, буйруғунг мени бехонумонғадур нофиз.

130

Қўнглум эрур ул ғунчайи сероб ила мултаз,
Ул навъки маст ўлса майи ноб ила мултаз.

Лаззат топар ул шўх чучук жоним олурдин,
Атфолдек ўлған кеби жуллоб ила мултаз.

Рангин лабинг озурда кўнгул комидур, арчи
Бемор эмас шарбати унноб ила мултаз.

Кўнглум юзу лаълингдин ўзин айлади беҳуш
Ким, субҳ бўлур халқ шакархоб ила мултаз.

Сен базми нишот ичра майи ноб ич, эй шўх
Ким, бизни фироқ айлади хуноб ила мултаз.

Соқий, қадаҳе тутқилу, эй турфа муғанний,
Базм аҳлини қил бир неча мизроб ила мултаз.

Кўп равза била ҳурни кўргузма, юз очқил
Ким, хаста Навоий эмас асбоб ила мултаз.

131

Эй лабларинг ҳаловатидин жонға илтизоз,
Топқай етишса чашмайи ҳайвонға илтизоз.

Жон чунки лаззат айлар анинг лаъли ёдидин,
Берса не тонг ҳаловати жононға илтизоз.

Лаълингни қилса яхши-ёмон орзу, не тонг,
Жондин бўлур чу оқилу нодонға илтизоз.

Даврон элига лаззат агар бўлса, не ажаб,
Майдин чу бор ул офати давронға илтизоз.

Нутқунг ҳаловатини не билсун рақибким,
Ширин ҳадисдин етар инсонға илтизоз.

Лаълинг ҳимоят этмаса ул юз назораси,
Муҳлик бериптурур мени ҳайронға илтизоз.

Синған сафол ичинда Навоийға бодадин,
Ончаки жоми Жам била султонға илтизоз.

РЕ  ҲАРФИНИНГ  РАЪНОЛАРИНИНГ  РУСТАХЕЗИ «НАВОДИР»ДИН

132

Зиҳе мазоҳир аро меҳри оразингдин нур,
Қуёштин уйлаки заррот хайли ичра зуҳур.

Вужудунг айлади кавну макон вужудин фош,
Ҳамул сифатки қуёш қилди заррани машҳур.

Хирад гар аъмо эса кунҳи зотинг ичра не тонг,
Қуёшни кўрмаса хуффош бордурур маъзур.

Сенинг жамолингга гул кўзгусида булбул маст,
Сенинг зуҳуринг ила гул жамолиға мағрур.

Йўқ эрса ғунчаға ҳифзинг нечукки парда арус,
Аруси парданишин янглиғ ўлмағай мастур.

Сени тнлаб туну кун баски айлабон таку пўй,
Нафасларини ола олмайин сабову дабур.

Боқиб сужуд аро қошингға габр, агар муъмин,
Тилаб қадаҳ аро аксингни маст, агар махмур.

Май ичра аксинг аро софчашға айшу нашот,
Қадаҳда нашъанг ила дурдкашға завқу сурур.

Чу сенсиз ўлди ҳарам ичра порсо, не осиғ,
Навоий ўлса сенинг бирла дайр аро, не қусур.

133

Сариғ коғазмудурким сўзи ҳажрим  айладим таҳрир
Ва ёхуд шуъла тушти сафҳаға ул сўз этиб таъсир.

Магар ҳавро сочин қилди қаламгун сафҳасин коғаз,
Қилурда сунъ наққоши нигорим сувратин тасвир.

Боқиб дермен:  шикоят  айлайин кўргач  ани, қолмас
Кўзумга тоби наззора, тилимга қуввати тақрир.

Мени ҳажр офатидин қутқару қатлимға таъжил эт,
Нединким, бийми офат келди ишта айламак таъхир.

Дединг: васл ичра тақсир этмайин ишқим қабул этсанг,
Чу бўлдум ошиқ, эттинг ҳажр асири қилмадинг тақсир.

Жунун хатти муҳити ичра марказ бўлмағим не суд
Ки, бу хат бирла бўлмас ул парийни айламак тасхир.

Сочинг куфри худ имонимни олди, ваҳ, не айш ўлғай
Ки, ул зуннорни бўйнумға боғлаб қилсалар такфир.

Мени гар муғбача дайри фано ичра асир этти,
Чу тақдир эрса, эй шайх, ҳарамни қилғамен тағйир.

Навоийға не мумкин васликим, ҳар тун бу фикр ичра
Не тадбир этса охир ишқдин бори топар тағйир.

134

Кўнгул ичра ғам камлиги асру ғамдур,    
Алам йўқлуғи дағи қаттиқ аламдур.

Ема дарду андуҳдин ғамки, истаб
Топилмас бу давр бўлса бу муғтанамдур.

Хуш ул дардким, юзланур лаҳза-лаҳза,
Хуш ул ғамки, хотир аро дам-бадамдур.
Жаҳон ичра ҳамдард кам бўлса тонг йўқ
Ки, бедард кўп, лек дард аҳли камдур.

Манга ишқ дарди эмас муҳлику бас
Замон дарди, аҳли замон дарди ҳамдур.

Харобот аро, эй хуш, ул ринди сармаст
Ки, оллинда олам вужуди адамдур.

Мақом этса туфроқ уза — тахти Жамшид,
Сафолики ул май ичар жоми Жамдур.

Қадаҳ важҳи гар шайхдин ҳосил эрмас,
Не ғам дайр пири чу соҳибкарамдур.

Навоий ичар бода ул шўх тутқач,
Неча гарчи тақво била муттаҳамдур.

135

Рангсиз холинг жамолинг хонида, эй сиймбар,
Ё адасдур, ё ёпушмиш бир адас чоғлиғ шакар.

Кўргач оҳимни, ғазабдинму қизарди ул узор,
Йўқса ул ҳумрат бу ўтнинг тобидин бўлди асар

Новакинг жисмимға сончилғач етишти юз бало,
Шох уза пайванд қилғач мунчаким топмиш самар.

Мен ул ойға маҳв қолғач, тан аро пайконларин
Чеккан эрмиш халқу ҳайратдин  манга бўлмай хабар.

Икки гавҳардур қулоғингда ваё қилмиш сипеҳр
Ойнинг атрофида икки саъд кавкаб жилвагар.

Чарх зулмидин не тонг сўгум сабуҳий вақтиким,
Субҳ ҳам бу ғуссадин йиртар ёқасин ҳар саҳар.

Эй Навоий, ҳажр ўтлуғ дашти ичра англадим,
Аниким дерлар сақардин қитъае эрмиш сафар.

136

Сенинг ҳуснунг менинг ишқим ажойиб унс тутмишлар,
Магар бу шуълани ул шамъ тобидин ёрутмишлар.

Бориб эрди ики кофир кўзунг қатлим учун ваъда,
Ҳамоно айни усруклукдин ул ишни унутмишлар.

Мену дарду бало, эй шодлиқ, борғилки, ҳажринда
Мени  ғам  тунлари  бекаслигим  вақти овутмишлар.

Кўнгулда яраларким бутмади ҳар навъ марҳамдин,
Лабинг нўши  ҳавосин  истимоъ этканда бутмишлар.

Тамаъ узмак ики ширин лабингдин  мумкин эрмаским
Ки, то ул шаҳддин тотмишмен оғзимни чучутмишлар.

Сиришким сайли ичра ишқу дардингдин заиф ўлди,
Бу су ичра ул ўтлар гўйиё жисмим қурутмишлар.

Чу мен безормен иткан кўнгулдин демангиз, келмиш
Нега ул телбаи  расвони бу жониб ёвутмишлар.

Май ичкил, дағий туткил бевафову меҳрлар тарки,
Анингдекким, алар меҳру вафонинг тарки тутмишлар.

Навоий, май била кўнглумга ўт солким, замон аҳли
Совуғлуқ онча  қилмишларки, кўнглумни совутмишлар.

137

Ҳам кўзум тортар, ҳамул мезон била кўнглум солур,
Ё раб, ул келгаймуким кўз ёрутуб кўнглум олур.

Тортсам кўнглум футури шиддатидин қаттиғ оҳ,
Даҳр боғи соврулуб, афлок дағи қўзғалур.

Ваҳки, захмининг исидин майл ҳам қилмас итинг,
Ғусса тиғидин нечаким зор жисмим тўғралур.

Тоқатим гар қолмади тортарға меҳнат тоғини,
Не ажаб бу юкни гар афлок чекса тавшалур.

Сўзи ҳажринг дафъи ҳам бўлса кўнгулда доғи бор,
Ўт ўчар, лекин асар ёнған макон ичра қолур.

Бас тўладур жоминг, эй соқий, илиг титратмаким,
Мен ичай андинки, тўккунгдур ани гар чайқалур.

Эй Навоий, ишқ ўтин кўз ёшидин паст айларам,
Лек ҳар дам ул қуёш ёди ичимга ўт солур.

138

Тийра шомим  ичраким барқи  балолар чақилур,
Ҳар нафас ишқ аждаҳоси оғзидин ўт сочилур.

Ҳажр даштин, ваҳ, нетиб қатъ айлайинким, ҳар тикав
Бош чиқарур орқасидин чун кафимға санчилур.

Ишқ аро панд этмаким не суд, эй аҳбобким,
Ҳар фиғонда банд-бандим бир-биридин айрилур.

Чун иложим қилғали ҳолим сўрарсен, эй табиб,
Бу ҳикоятни бировдин сўрки ўз ҳолин билур.

Тоғу водий ичра андоқ саъб ҳолим борким,
Кўрса гар Фарҳод, агар Мажнунки юз ҳайрат қилур.

Не қорадур шоми ҳажримким ёрумас шаммае,
Мунча ўтким, чарх тоқида дамимдин чақилур.

Номадин мумкин эмас, эй шўх, ҳолим англамоқ,
Ўртанур коғаз, фироқим шарҳи чунки ёзилур.

Соқиё, сўзни узатмай эмди туткил бодаким,
Достони ҳажр қисқармас нечаким айтилур.

Эй Навоий, азми дайр эткил тилар бўлсанг фароғ
Ким, бу янглиғ гавҳар андоқ кон ичинда топилур.

139

Кечаким зулфунг хаёли кўнглум ичра  айланур,
Тонгға тегру заъфлиқ жисмим йилондек тўлғанур.

Даргаҳингда бир заиф ит бирла мен ҳар кечаким
Гаҳ танин бошим, гаҳи боши танимни ястанур.

Эй парий, мажнун кўнгул сўзидин ўзни асраким,
Барқи оҳидин малойикнинг қаноти чурканур.

Мен киму уйқуки ҳижрон шоми оҳим суридин,
Деса бўлған сўнгғи уйқу элткан эл уйғанур.

Гар забун бўлсам ажаб эрмаскн, тушса ишқ аро,
Аждаҳолар хоксор ўлмоқ тариқин ўрганур.
Оташин рухсор ила куйдурма элни асруким,
Шамъ юз парвонани ўртар, ўзи ҳам ўртанур.

Сарвқадлар жилваси тонг йўқ Навоий оҳидин,
Доимо ашжор ел таҳрики бирла тебранур.

140

Фироқ иситмаси андоқ танимдин ўт чиқарур
Ки, гар табиб илигим тутса, бармоғи қабарур.

Эмас бу чашмайи хуршидким, ул ой ғамида
Кўруб сипеҳр ёмон ҳолатин кўзи ёшарур.

Сиришк касратидин гар кўзум оқарса не ғам,
Ғаминг тунида чу юз қатла ҳар замон қорарур.

Чекармен оҳим ўтин ҳажр дардидин ҳар шом,
Сипеҳр сорики, мунча нужум шамъи ёрур.

Десангки, ҳажр юкин тортқил, не чорам бор
Ки, Қоф тоғини хас узра қўйсалар кўтарур.

Иқомат истама бу манзил ичраким, ҳар кун
Мусофир анда нечаким келур юз онча борур.

Навоий оҳки, топмас висолдин хабаре,
Хаёл элчисини гарчи юз сари юборур.

141

Кўнгул уйида юзунг нақшин айламан тасвир
Ки, дуди оҳим ила ранги топмағай тағйир.

Бу назъ доирани ишқинг орасида хол,
Магарки ҳинду эрурким, парий қилур тасхир.

Магар су оби ҳаёт эрди, ел Масиҳ дами,
Чу тийнатингни қазо илги айлади тахмир.

Не тошки, отса, ярам чокидин ичимга солиб,
Бузуғ кўнгулни тиларманки, айласам таъмир.


Чу келди муҳтасиб, эй соқий, айлагил мени маст
Ки, қилмағай асар ул дамки, айлагай таъзир.

Не келса оллинга кўп қилма дафъиға кўшиш
Ки, жидду жаҳд ила тағйир топмади тақдир.

Навоий ўпти юзунгни тушида лутф айлаб,
Дегилки, не экин анинг бу тушига таъбир.

142

Етти жон оғзимаким чиқмас уйидин ул ҳур,
Чиқмаған жонға умид, ушбу масалдур машҳур.

Ой юзунг айлади бурқаъ қасабин юз пора,
Солди ҳар порасидин ерга юзунг партави нур.

Нафасинг ҳашр куни нашр бўлур олам аро,
Бир нафасда нега йўқса тирилур аҳли қубур?

Ишқнинг қуввати бирла чекарам ҳижронни,
Йўқса бир мўрға йўқ тоғни чекмак мақдур.

Чун азал қисматин эл коми била қилмадилар,
Ишқдин тутса бўлур бизни халойиқ маъзур.

Туз кўнгулга басару нутқи пароканда не бок,
Тилу кўз ғайбатидин ғойиб эмас аҳли ҳузур.

Бир нафас умрға бўлмас мутааҳҳид бўлмоқ,
Эй Навоий, не бало ғофил эрур аҳли ғурур.

143

Жунун салосилида бўлди жисми зор ҳақир,
Сўнгак хилолки бўйниға тақдилар занжир.

Фиғони зорима раҳм этти турфа ишдурким,
Парийни айлади мажнун фусун била тасхир.

Не тонг кетурса манга ишқ ҳар дам ўзгача ҳол
Ки, шуъла вазъи аро дам-бадам эрур тағйир.

Хатинг саводи аро ожиз ўлди аҳли қалам
Ки, ёзди килки қазо бирла котиби тақдир.

Гар этса жонни тамаъ улдурур ҳаёти абад
Қабул қилмаса, ўлмактин ўзга йўқ тадбир.

Сен ўзлугунг бутин аввал ушатқил, эй зоҳид,
Ҳамиша дайри фано аҳлин эткуча такфир.

Навоий андоқ эмиш мастким, хабар йўқ анга
Ки, муҳтасиб ани кўй ичра айламиш таъзир.

144

Чун мени мажнун бошин атфол тоши синдурур,
Оҳ ўти жўлида сочимдин анга киз кундурур.

Аҳли диллар чеҳра очди, ёр очманг дийдаким,
Ҳар киши ул юзга кўз олдурди кўнглин олдурур.

Кўргач ул юзни бошимға урди юз тиғи бало,
Кўрки, чиққур кўз бошимға не балолар келтурур.

Кўзда асрабмен бағир қонин тилар бўлсанг хино,
Суртсам кўзни аёғингға ҳамул дам билгурур.

Бул-ажаб йиғлар жунунум ичра кўрким, халқни
Ишқ бир дам йиғлатур ҳолимға, бир дам кулдурур.

Навбаҳори ҳусндин топма фиреб, эй шўхким,
Чарх даври навбаҳор ўтмай хазонин еткурур.

Эй Навоий, ҳажр андуҳида маст ўл зинҳор
Ким, кўнгулдин ғамни бир дам зойил эткан майдурур.

145

Қайси тўбий жилваси сарви хиромонингча бор?
Қайси кавсарнинг зулоли оби ҳайвонингча бор?

Ғунчада гул  баргидек тил, жоладек тиш доғи йўқ,
Деса бўлғайму аниким лаъли хандонингча бор?

Қайда сунбулдин насим эскач, кирар жисмимға руҳ
Ким, дегаймен аниким зулфи паришонингча бор?

Айламас кўз мардуми ҳаргиз қуёш ичра ватан,
Ани дей олманки холи анбарафшонингча бор.

Новак очмас гар тушар жон риштаси ичра гириҳ,
Демак ани бўлмағайким нўги мужгонингча бор.

Демаким, кўнглунгга қўйғум зулм ила доғи ажал,
Сен гумон қилма аниким доғи ҳижронингча бор.

Эй кўнгул, қонингни истарсен тобониға хино,
Кўзларим хуноби ранги ҳам сенинг қонингча бор.

Урма ҳиммат лофини оллингда бу тоқи сипеҳр,
Фақр кўйинда агар ўз кунжи вайронингча бор.

Эй Навоий, истасанг давр аҳли зулмидин халос,
Ул фано даштиға гому бора олғанингча бор.

146

Суда юзунгму акси ё чашма аро париймудур?
Чашмайи меҳр ичинда ё. ламъайи муштариймудур?

Кўйи биҳишти жовидон, ўзи биҳишт ичинда ҳур,
Қомату лаъли англаман, тўбию кавсариймудур?

Жисмим аро янги туган ҳар сариму кўринди ё
Ҳар бири ишқ авжининг мухтариқ ахтаримудур?

Уйга ҳануз кирмайин динима тушти юз халал,
Буки келур, кўр, эй кўнгул, ул бути озариймудур?

Куйган ичимда бодадин ишқ ўти бўлди шуълазан,
Поралари бағирнинг ул шуъланинг ахгаримудур?

Жоми жаҳоннамойини васф кўп эттинг, эй рафиқ,
Меҳри мунир жоми ё майкада соғаримудур?

Эйки Навоий, улфати равзаға  йўқтурур дединг,
Асру таажжуб айлама, Мирғанийн Ҳиримудур?

147

Лаълинг оё не ажаб рангиндур,
Сўзи анинг не бало шириндур.

Ҳам қошинг тақвову тоатқа бало,
Ҳам кўзунг офати ақлу диндур.

Ҳулла ичра баданингким кўрунур,
Гўё гулбарг аро насриндур.

Қатлу тиргузмак эрур ойининг,
Оллоҳ-оллоҳ санга не ойиндур?!

Соқиё, ҳажрида тутқил манга май
Ким, бу судин ўтума таскиндур.

Маю васл аҳлики бу давр ичра,
Бизга хуноби жигар таъйиндур.

Ҳажринг айёми Навоий тинмас,
Бир кўрунуб анга кўнглин тиндур.

148

Дилбаро, сендин бу ғамким, менда бордур, кимда бор?
Фурқатингдин бу аламким, менда  бордур, кимда бор?


Мазрайи  айшим  кўкармайдур  самуми  оҳдин,
Йўқса ёшдин мунча намким, менда бордур, кимда бор?

Қўйма миннатким, юзумдек пок юз ҳеч кимда йўқ,
Буйла ишқи пок ҳамким, менда бордур, кимда бор?

Бахт ул ой қасриға қўймас, йўқса дуди оҳдин
Бу каманди хам-бахамким, менда бордур, кимда бор?

Қалби рўйандуд ила байъ этса васлин, эй кўнгул,
Доғдин мунча дирамким, менда бордур, кимда бор?

Бор экин вобастайи тавфиқ йўқса, эй рафиқ,
Бу қадар шавқи ҳарамким менда бордур, кимда бор?

Эй Навоий, гарчи журмум кўптурур, лекнн бу навъ
Хусрави соҳибкарамким, менда бордур, кимда бор?

149

Гул юзунг ҳажрида чиқса ўтлуғ оҳим гоҳлар,
Кўкта гулнорин булутлардек кезар ул оҳлар.

Ул бути зарринкамар ишқида то бел боғладим,
Заъф аро мендин қамишлардур нишон, бал коҳлар.

Ул юз оллида қуёш юзлуглар ўлмиш ҳусн аро
Уйлаким бўлғай қуёш бўлғанда толиъ моҳлар.

Нола тортармен қачон отланса ул султони ҳусн,
Йўқ ажаб чекмак нафир ўлғанда рокиб шоҳлар.

Кўйи сори борди кўнглум, балки ашку оҳ ҳам,
Ваҳки, қолиб мен, азимат қилдилар ҳамроҳлар.

Истасанг уйғонмоқ ул  бедорлар  ҳамсуҳбати
Ким, бу ғафлатни магар дафъ айлагай огоҳлар.

Эй Навоий, пора-пора бўлса кўнглунг яхшидур
Ким, тараддудсиз олишқайлар ани дилхоҳлар.

150

Куфрдин зуннорлар гар турраси тобинда бор,
Кирпигидин дағи сафлар қоши меҳробинда бор.

Бир кажакдур тортибон жамъ эткали эл кўнглини,
Қайси пурхамким, паришон зулфи қуллобинда бор.

Терда ул юз тобидин, лол ўлса тонг йўқ боғбон,
Қайда мундоқ ўт анинг гулбарги серобинда бор.

Дема лаъли ўлтурур тиргузмас элни, эй Масиҳ
Ким, бу кайфият ҳам анинг бодаий нобинда бор.

Нечаким жонбахшлиқ лаълинг шакархандидадур,
Онча жон олмоқ дағи ул кўз шакархобинда бор.

Ишқ мулкида тиларсен нақди жон зулм айлабон,
Соғинурсенким магар ул ишқ арбобинда бор.

Эй Навоий, гар лисони ҳол эшитмайсен, эшит
Ким, ажаб ҳолат бизинг созанда мизробинда бор.

151

Ошкоро юз туган гарчи тани зоримда бор,
Онча юз доғи ниҳоний жони беморимда бор.

Истадинг кўнглум иложин айлайин деб, эй табиб,
Менда йўқ улким тиларсен, лек дилдоримда бор.

Новаки ғамзангға пайкон истасанг, эй қоши ё,
Келки, андин бениҳоят жисми афгоримда бор.

Юз бўғун эрмас сўнгакдин риштайи жоним аро,
Иқди зулфунгдин туганлардурки, бу торимда бор.

Жаврларким қилди ул кофир унутмайдур кўнгул
Ким, ҳисобидин гириҳлардурки, зунноримда бор.

Хирқаву сажжодани май раҳни қилсам не ажаб
Ким, асар махмурлуғдин шўхи хамморимда бор.

Гар Навоийни қилиб рад, назмин истар шукрким,
Менда гар йўқтур қабул, ошуфта гуфторимда бор.

152

Хатту юзунг ҳажрида кўзким, булут монандидур,
Чашмайи сабз ул бири бу бир гулистон бандидур.

Қилди юз парканд ҳажринг тиғидин бағримни ишқ,
Итларингнинг ҳар бири оғзида бир паркандидур.

Жавр қилсанг қил, мени боре эшикдин сурмагил
Ким, кўнгулга васл ҳад йўқ меҳнатинг хурсандидур.

Ишқ ила пайконлари ичра балокаш кўнглума,
Йўқ тафовутким шарарлар шуъланинг фарзандидур.

Ўқларингға юқти бағрим қониму, эй қоши ё,
Йўқса анда зеб учун ҳар ён бақам пайвандидур.

Чархким, ҳар субҳ эл қатлиға айлар заҳрханд,
Бу анинг ширин табассум бирла шаккархандидур.

Эй Навоий, демаким кўнглунгга қилмиш қасди жон
Ким, менинг кўнглум анинг жон бирла ҳожатмандидур.

153

Кўксумни чунки қилди лабинг ҳажри яралар,
Ҳар яра қон кеби оқизур лаълпоралар.

Боштин-оёқ жунун ила ўлдум, гар истасанг,
Бу ерда хорлар топилур анда хоралар.

Гулрез эди юзунг ғамидин ҳажр тунлари
Оҳ ўтидинки, ҳар сори сочтим шароралар.

Усрук кўзунг қошида эмас кирпик ўқлари,
Бир маст ҳинду оллида эрмиш каторалар.

Ўлди юзунг назорасидин халқ, войким,
Ўлтурди бизни дағи эл эткан назоралар.

Ёзғурма, эй фақиҳки, йўл бермас ончаким,
Чиқмоққа дайрдин қилурам истихоралар.

Бечоралиғ тут эмди Навоийки бўлмади,
Дардимға ҳар нечаки табиб этти чоралар.

154

Қуёш юзинда хатинг сабзасиға маскандур,
Бу важҳдиндур агар ранги сабз равшандур.

Кўнгулда онча ўқунгдин укулди пайконким,
Бошоқ била бу бало мазраида хирмандур.

Қилиб итобки, душманларимға бўлдунг дўст,
Аларки дўстларим эрди, эмди душмандур.

Узун фироқ туни барқидин нетиб куймай
Ки, аждаҳо хасим устига шуълаафкандур.

Кўнгул не навъ бало тошидин омон топқай,
Фигор жисмим уйи равзан узра равзандур.

Кўнгулни раз қизининг суҳбати билан соф эт
Ки, даҳр золи ажаб ҳийласозу пурфандур.

Навоий ўлди парийрўйлар ҳавосидаким,
Дедук хирадлиғу ул асру телба эркандур.

155

Қилғали азми сафар улким манга дилхоҳдур,
Огаҳ ўз ҳолимдин эрмасмен, худо огоҳдур.

Мен чу ҳажридин чекиб юз меҳнат ўлдум, ваҳ, не суд,
Буки шайдо кўнглуму жоним анга ҳамроҳдур.

Эй насими васл эсиб жонимни жонон сари элт
Ким, фироқинг заъфидин андоқки барги коҳдур.

Деманг, ул ой узра солмиш соя бир мушкин булут,
Гўйиё мен тортҳан ҳажрида дуди оҳдур.

Ҳар нафас ўрду сари кўнглум қуши айлар ҳаво
Ким, олиб кеткан кўнгулни бир маҳи хиргоҳдур.

Англағил аҳбоб қадринким булар бўлмай не нафъ,
Гар сенга афлок авжи узра тахту жоҳдур.

Эй Навоий, бежиҳат ёр этса ҳижрон ихтиёр,
Сўз демак бўлмас нединким сен гадо, ул шоҳдур.

156

Сарв уза гул очтиким, қад узра рухсорим будур,
Жонға нутқ ўргатдиким, лаъл ичра гуфторим будур.

Юз жафо, минг шўхлуқ кўргузса ҳаддим қайда бор
Ким, десам бир қатлаким шўхи жафокорим будур.

Сабр ила шовқумни айлай арз, меҳмон бўлса ёр,
Ишқ иқболида найлайким, йўқу борим будур.

Гарчи мен нобуд бўлдум, эйки мажнун сувратин
Сафҳада қилдинг рақам, билким намудорим будур.

Пири дайру хонақаҳ шанхики ёзди руқъалар,
Номайи иқболим улдур, хатти идборим будур.

Муршидеким,  махласим  куфри тариқатдин тилар,
Ўзлугумнинг риштасин уздегки, зуннорим будур.

Эй Навоий, истасам зулфин паришон, қилма айб,
Найлайин сармояйи бахти сияҳкорим будур.

157

Чиқмаса жонон ғаму андуҳдин, жоним чиқар,
Завқдин ул дам кирар жонимки, жононим чиқар.

Мақдамидин боғ ўлур ҳам дашту ҳам кўй андаким,
Жилва айлаб боғдин сарви хиромоним чиқар.

Титрангиз, эй аҳли дин, исломингиз бошиғаким,
Ғорати дин эткали ул номусулмоним чиқар.

Кўзда эрмас фурқатидин ашки гулгун қатраси,
Балки кўздин ҳам бағир захми кеби қоним чиқар.

Захм аро қолған бошоқ жонимға етмиш, эй рафиқ,
Раҳм этиб тенгри учун чек дағи пайконим чиқар.

Чарх агар фарёду афғонимға етмас, айб эмас   
Ким, анинг бедодидин фарёду афғоним чиқар.

Соқиё, ол бир қадаҳ бирла Навоий кўнглини
Ким, букун дерларки, сархуш кўнглум олғаним чиқар.

158

Шамъ ул ой ҳажрида тун куймагим огоҳидур,
Дуди эрмаским менинг ҳолимға ўтлуқ оҳидур.

Чиқти жон розий эман кўюнгга борғай, негаким
Ҳар қаён азм этса, дарду ғам анинг ҳамроҳидур.

Гар самандинг гардидин қолман не тонгким, бордур ул
Каҳрабоеким, бу хасдек жисм барги коҳедур.


Бир маҳи хиргаҳнишин кўнглумни олмиш, эй рафиқ,
Йўқ ажаб гар хаста кўнглум ноласи хиргоҳимдур.

Ёр кўнгли истамиш кўнглумга сурмак тиғи кин,
Ҳар не дилхоҳи анинг мен телбанинг дилхоҳидур.

Мисри иззат истабон зиндони ғамдин қочмаким,
Моҳи Канъон тахтиға боис мазаллат чоҳидур.

Эй Навоий, мен худ асрабмен ғами ишқин ниҳон,
Айлабон зоҳир кўнгулнинг нолаи жонкоҳидур.

159

Тоза сарве боғ аро, дерларки, ноз оғоз этар,
Ҳар дам ани кўргали кўнглум қуши парвоз этар.

Нозининг овозаси ўлтурди, оҳ, ул вақтдин
Ким, ани кўз бирла кўрсамким, не янглиғ ноз этар.

Кўрмай андоқ зорменким, рашк ўти айлар ҳалок,
Гар кўнгул жонимни ишқи сиррида ҳамроз этар.

Озу кўп демай ғидоси айладим, билман, ҳануз,
Ким жафому кўп этар, ёхуд вафому оз этар.

Қилғамен дамсозлиғ ҳажрида минг йил жон била,
Англасамким, васлида бир дам мени дамсоз этар.

Кўз била жон пардасин кўнглум муҳайё айлади,
Гўйиё қўйғач қадам кулбамға пойандоз этар.

Чарх меҳру кийнасидин не азиз ўл, не залил,
Нечаким гоҳе сени излолу гаҳ эъзоз этар.

Дайр пирининг муридименки, ҳар ён қилса азм,
Риндлардин май кўтармакка мени мумтоз этар.

Эй Навоий, истиқомат йўқ чу даврон табъида,
Ғам ема гар гоҳ меҳру, гоҳ ситам оғоз этар.

160

Ул ўтлуғ чеҳраға зарбафт хилъат не ярашибдур,
Магар хилъатқа ул юз ламъасидин ўт туташибдур.

Фалакнинг боргоҳиға кўмоч ўлмиш қуёш жирми,
Анга оҳим сутундек дуди мундоқким улашибдур.

Малойик қушлари ғам шоми қўзғалмоқ тонг эрмаским,
Етибдур кўкка юз оҳим хаданги, балки ошибдур.

Бало дашти аро юз минг ўлуктур онда қотил ишқ,
Хирад мағлуб хайли бирла гўёким савошибдур.

Лабингдин жон топай деб, кўп талашти ҳажр аро кўнглум,
Ўлар ҳолатда ул бемордекким жон талашибдур.

Қадаҳқа бода тарёкини қуй тошқунча, эй соқий
Ки, ғам заҳри била жомим тўлуптур, балки тошибдур.

Навоий гар лаби ёди била қон ютди, жон тутди,
Табибо, билки, бу шарбат анга беҳад ярашибдур.

161

Ложувардий қошинг узра зарварақ тобонмудур?
Ё магар кўк тоқи узра анжуми рахшонмудур?

Зулфиму оҳим елидин совурур оламға мушк,
Ё сабо таҳрикидин сунбул  абирафшонмудур?

Хўй чакон оразмудур, ё ҳусни банди зулф аро,
Юз асир ўлған кўнгуллар ҳолиға гирёнмудур?

Зарварақдин шуълалардур ҳар тараф рухсориға,
Ё ул ўтлуғ юзда ҳар ён бир кўнгул сўзонмудур?

Ҳажри золим шоми кавкабдинму гирёндур манга
Ё анинг субҳи ғариб аҳволима хандонмудур?

Эйки, майли жаннат этмассен менинг кўнглум кеби,
Нотавон кўнглунг биров кўйида  саргардонмудур?

Бўлди қадди ё Навоийнинг, юзи чун зарварақ,
Ложувардий  қошинг узра зарварақ тобонмудур?

162

Ул қуёштин айру ўртанган ичимда қайғудур,
Кўнгул ичра су кеби қон кўз аро қондек судур.

Тишларингни соғиниб кўп йиғларимдин кўз ёшим
Бир-бири  кейнича  андоқким тизилган инжудур.

Кўз ёшим ичра ёруғ кўнглум қоронғу бўлғали
Тонг эмас, невчунки ул ёшларға тушкан кўзгудур.

Ул туганким телбараб иткан кўнгулга ўртадим,
Қай сари борса ул ойнинг қуллуғиға билгурур.

Кўзума келмас очуқ келганда ул юз оллима,
Онча яхши англамас кўзким, қуёшқа ўтрудур.

Қайғу ўлтурди мени, тутқил аёқчи тўстағон
Ким, чоғир қайғуни ўлтурмакка аччиғ оғудур.

Деб эдинг, олғум Навоий кўнглин, олғач ўртадинг,
Яхшилар олмоқ ёмонлар кўнглини мундоқмудур.

163

Дуд янглиғ дема, кўнглум оҳи дардолудидур
Ким, кўнгул узра туган қўйған фатилам дудидур.

Абри ҳасрат ёмғирию тийриборони фано,
Кисвати мавту ҳалоким хирқа тору пудидур.

Дард нақшин қилди ҳар доғим уза султони ишқ,
Ул дирамларнинг бу гўё сиккайи беҳбудидур.

Ишқнинг савдоси жонимға зиёндур демаким,
Ҳар киши мундоқ зиён ишқ ичра қилса судидур.

Хўблар кўйида истиғно елидин ҳар ғубор
Ким, қўпар бир нотавоннинг жисми ғамфарсудидур.

Жавҳари жоним олиб тут журъае, эй муғбача
Ким, бу нақд аҳли фанонинг будию нобудидур.

Дер Навоий бўлса муғ дайрида масту жомачок
Ким, тиригликдин бу султонлиғ анинг мақсудидур.

164

Кўк бинафшазорини анжум чу наргисзор этар,
Наргисинг бирла бинафшанг ҳажри кўнглум зор этар.

Чун Зуҳал толиъ бўлур холинг хаёли фитнадин,
Жоним ичра юз минг ошуби бало изҳор этар.

Жилва  қилғач Муштарий, кўзни узоринг ёдидин
Юз саодат ахтаридин ҳар замон дурбор этар.

Чун чиқар Баҳроми қотил, кўзларинг андишаси
Хаста жонимни қатили ханжари озор этар.

Меҳрдин топмай нишоне сенда ҳам, гардунда ҳам,
Бу мусибат кўзума ёруғ жаҳонни тор этар.

Зуҳра ҳолимға сурудин навҳаға анлаб бадал,
Чангининг сочин ёниб, дурри сиришк изҳор этар.

Ўлмагим англаб Уторид ҳолима деб марсия,
Шарҳи дардим назмидин ҳар лаҳза юз тумор этар.

Ой ҳалокимга тутуб мотам, кийиб тундин қаро,
Оразин силли била аҳли азокирдор этар.

Тийра  айлаб бениҳоят кеча умрум шамъини,
Васл субҳи ҳасрати ранжим юз ул миқдор этар.

Ростлиғ улдурки еткач ул қуёш раҳм айлагай,
Улча аҳволимға ҳар тун чархи кажрафтор этар.

Эй Навоий, ишқ дардидин шикоят қилмаким,
Жонингга жавру жафосин ҳар нечаким бор этар.

165

Нетиб туз этай қадким, жисмимда шиканлардур,
Найлаб туз урай дамким, бағримда тиканлардур.

Тирноғ ила хатларким рухсорим уза чектим,
Юз  боғида  гуллардин ҳар  сари  чаманлардур.

Юз ёптию жон олди, очқанда равон олди,
Ўлтургали ошиқни билман бу не фанлардур.

Зулфунгда тугун эрмас, кўюнгда ғубор эрмас,
Афтода  кўнгуллардур, фарсуда баданлардур.

Юз аҳд ила маҳвашлар кўнглумни олиб, эмди
Қатл айладилар асру бадъаҳд эканлардур.

Майхонада ҳар сари бир мастки, бош қўймиш,
Кирпичлари гўёким жонларға ватанлардур.

Жисмида Навоийнинг ҳар момуқ ила марҳам,
Бир неча ўқунг захми бир неча туганлардур.

166

Юзунгдек қамар йўқтур, қадингдек шажар йўқтур,
Шажар бўлса ҳам анда, лабингдек самар йўқтур.

Кўзум ашкининг руди оқар тезу тунд андоқ
Ки, гар уйқу кўз сари келур ҳам гузар йўқтур.

Отин тутсалар ногоҳ кетар уйла ҳушумким,
Бадан ичра руҳумдин, дегайсен, асар йўқтур.

Кўнгул сўрғали келди, табибо, муни билким,
Ул оворадин сендек манга ҳам хабар йўқтур.

Йўлунгга нисор ашким, агар оз эрур гар кўп,
Итингға ғизо кўнглум, агар бор, агар йўқтур.

Бу гулшанда, эй деҳқон, неча озмун эттим,
Вафо нахли экканга бажуз ғусса бар йўқтур.

Навоий фироқингдин анингдек заиф ўлди
Ки, ўрнида эл боқса дегайлар магар йўқтур.

167

Ул саводи хатмудур ё сабзайи жаннатмудур?
Ё қуёш узра ёзилған ояти раҳматмудур?

Буки сенсиз куйдурур жонимни билман яхшиким,
Юз томуғнинг ўтиму ё шуълани фурқатмудур?

Эйки дерсен лабларимдин ҳожатинг недур, дегил
Мен — сусиз, ул чашмайи ҳайвон демак ҳожатмудур?

Демаким не эркин ул ойнинг қуёшқа нисбати,
Бир-бирига  иккисин ўхшатқуча нисбатмудур?

Қаддини кўргач ҳам ўлдум, ҳам тирилдим оллида,
Рост гар дерсен қиёмат де ани қоматмудур?

Даъвийи ҳиммат қилиб улким тилар оламда жоҳ,
Қилмоқ олуда нажосатқа ўзин ҳимматмудур?

Гар Навоий меҳнати ҳижронда ўлди айб эмас,
Юз туман муҳлик бало дегил ани меҳнатмудур?

168

Кўзунг сарфитнайи олам тушуптур,
Қошингдек бир янги ой кам тушуптур.

Сепибсенму гулоб ул юзга ёхуд
Гули сурий уза шабнам тушуптур.

Кўнгуллар захмидин солиб чекарга,
Магар қошинг учиға хам тушуптур.

Лабинг ҳажринда бағримдин борур қон,
Магар ул захмдин марҳам тушуптур.

Эмас елдинки сайри боғ этарда
Аёғингға суман гул ҳам тушуптур.

Итинг синған сафолида май ичсам,
Не тонг илгимга жоми Жам тушуптур.

Навоийни қовуб истар рақибин,
Гадо маҳруму ит маҳрам тушуптур.

169

Яна ҳамдамим шуьлайи ғам бўлуптур,
Ғамим шуъласи жонға ҳамдам бўлуптур.

Кўнгул пардаси устида доғи ишқинг,
Бу туғро уза нақши хотам бўлуптур.

Қилиб хоки кўюнгни балчиқ сиришким,
Туташқан яланг танға марҳам бўлуптур.

Нетиб куймайинким ғаминг ковкови
Етибтур, кўнгул уйи барҳам бўлуптур.

Тўлуптур кўнгул ишқинг ўқидин андоқ
Ки, кўп ўқ дағи ўққа муҳкам бўлуптур.

Тутуб бир қадаҳ англат, эй дайр пири
Ки, бу коргаҳ сирри мубҳам бўлуптур.

Навоийға раҳм айлагил, эй парийваш
Ким, ул телба расвойи олам бўлуптур.

170

Фурқат ичра шарбати лаълинг висоли кам бўлур,
Гарчи дерлар: талх дарёда чучук су ҳам бўлур.

Зулфу рухсоринг ғами не тонг бузуғ кўнглум аро,
Аждаҳо гар бўлса вайрон ичра, маҳзан ҳам бўлур.

Кўксума отсанг бир ўқ, от ёна бир ёниндаким,
Ул дағи кўнглумни шод айлар, бу ҳам муҳкам бўлур.

Ул парий ишқин малойикдин ёшурсам не ажаб,
Дарди йўқлар дард аҳлиға қачон маҳрам бўлур.

Оҳу ашкимдин шикоят кўп қилур ҳамсояким,
Дуд равзандин кирар уйнинг биноси нам бўлур.

Гар эгилса қоматим ишқинг юкидин, қилма айб
Ким, сипеҳр узра бу оғир юкни қўйсанг хам бўлур.

Олам аҳлидинким, ул ойни Навоий танлади,
Билмадиким ишқидин оворайи олам бўлур.

171

Ўтлуғ юзидин ул ойким бурқаин олиптур,
Кофирлиғин  кўрунгким,  мусҳафқа ўт солиптур.

Ғам йўқки, кўйи гардин кўзлардин оҳ учурди
Ким, ашк балчиқ эткан бир гўшада қолиптур.

Сабрим сипоҳу ҳайли кирпиклари сафидин,
Қўргач кўзи қорасин, ҳар сари қўзғалиптур.

Кўҳи ғамини кўнглум чекканда кўрмади ранж,
Ҳажринг ғами юкининг остида тавшалиптур.

Ислому, ақлу диним нақдини сўрмангизким,
Май важҳиға бу бори дайр ичра сайғалиптур.

Ною нафир унидин мағрур бўлма, эй шаҳ,
Ким бу навони тузган кўси фано чалиптур.

Ул гул паёмини ел дей олмас, эй Навоий,
Йўл пўясидин анинг бағри магар толиптур.

172

Қачонким боданўшум май ичарга изтироб айлар,
Бурунроқким, ўзин маст айлагай, бизни хароб айлар.

Гули рухсорини май шабнами айлаб тару тоза,
Латофатда қуёшнинг чашмасин беобутоб айлар.

Мени ғамгин қаён гом урмоғим ғам даштида сўрманг,
Қуюнни кимса англармуки, қай сари шитоб айлар.

Тилиб бағримни ишқинг тиғи ҳажринг ўқиға тевраб,
Ғамим базми учун кўнглум ўти ичра кабоб айлар.

Ҳар оҳим дудиким, кўк сари азм айлар, ани ишқинг
Бало селоби келтурмак учун мушкин саҳоб айлар.

Дегил умрум қуёши ҳажри шомида бўлур ғорат,
Қачонким оразинг хуршиди зулфунгдин ниқоб айлар.

Мазоҳирдин жамолинг меҳри гар зоҳирдурур тонг йўқ,
Қачон заррот хайли манъи нури офтоб айлар.

Қулимен дайр пиринингки, пинҳон ишқим англабтур,
Агарчи муғбача ҳамдамлиғимдин ижтиноб айлар.

Навоий, хонақаҳ дўзахча бордур, шайх анга молик,
Не тонг гар андағи элга насиҳатдин азоб айлар.

173

Ҳар гаҳки қадаҳнўшум майли майи ноб айлар,
Мужгон ўқиға шишлаб бағримни кабоб айлар.

Ҳажрим туни бедодин англар кишиким, ҳар тун
То субҳ биров ёди жониға азоб айлар.

Кеч келмагидин ўлсам жононнинг эмас тонгким,
Ул умр даранг айлар, бу умр шитоб айлар.

Бетоб кўнгуллардин қон оқса ажаб эрмас,
Машшота анинг зулфин бу навъки тоб айлар.

Ҳай қатралари юздин лаълингға бўлуб мойил,
Жоним учун ул майға мамзуж гулоб айлар.

Бу дайрда айб этма, гар масти хароб ўлсам
Ким, ҳар не иморатдур, даҳр ани хароб айлар.

Маст айла Навоийни, англай дер эсанг комин,
Васлинг тамаъин ҳушёр айларга ҳижоб айлар.

174

Жонға йўқ кўнглумдину кўнглумга йўқ жондин хабар,
Менга не ўздин хабар, не кўнглум олғандин хабар.

Уйла масти ноздур ул шўхким билмас ўзин,
Не ажаб гар йўқ анга мен зори ҳайрондин хабар.

Воизо, дўзах ўти доғин ўгарсен англадим
Ким, сенга йўқтур ҳамоно доғи ҳижрондин хабар.

Гарчи қосид лабзи жонафзо эди, лекин мени
Қилди жондин бехабар, гар қилди жонондин хабар.

Уйла маҳвунг бўлған эрмишменки, бўлмайдур манга
Захм аро пайконларингни тортиб олғандин хабар.

Соқиё, давр аҳли жаври саъб эрур, маст эт мени
Ул суфатким, бўлмағай ўлгунча даврондин хабар.

Эй  Навоий, шоҳ лутфидин  кўнгулни жамъ тут,
Гар паришон келса бок эрмас Хуросондин хабар.

175

Қосидеким еткурур кўнглумга жонондин хабар,
Уйладурким бергай ўлган жисмға жондин хабар.

Дема ҳажримдин хабарсизму экансенким, менга
Бор эди ўлмактин, аммо йўқ эди андин хабар.

Не ажаб очилса кўр ўлған кўзум Яъқубдек
Ким, насими субҳ берди моҳи Канъондин хабар.

Шодмен  гўё фироқ   айёми  бўлди муртафиъ
Ким, ҳабибим  келмагига етти ҳар ёндин хабар.

Оҳу ашкимдин хабарсиз бўлманг, эй олам эли
Ким, берурлар ул бири сарсар, бу тўфондин хабар.

Соқиё, қуй давр аёғин, ўйлаким нўш айласам,
То қиёмат топмағаймен аҳли даврондин хабар.

Эй Навоий, тонг йўқ ўлсамким, ўтуптур неча кун
Ким, менга йўқ не кўнгул, не кўнглум олғандин хабар.

176

Қуйди кўнгулки, қолмади ашкда қонидин асар,
Қон демайинки, кўзда ҳам ашки равонидин асар.

Ҳуш асари йўқ эрди гар элга кўнгул фиғонидин,
Оҳки, қолмамиш анинг эмди фиғонидин асар.

Бошиға, эй Масиҳ, ет хастангники қолмамиш
Жонда ҳаётидин  рамақ, жисмда жонидин асар.

Юз қуёш ўлса кетмагай ер юзидин қоронғулуқ,
Қирса жаҳон аро кўнгул ҳажри замонидин асар.

Бўлғай улус аро ул ўт бирла қиёмат ошкор,
Бўлса бу жони зорнинг оҳи ниҳонидин асар.

Гум бўл агар висолнинг толибисенки, топмағай
Кимки фано йўлидадур ному нишонидин асар.

Борди, Навоиё, анинг кўйига яралиғ кўнгул,
Кўргил  агар инонмасанг йўл уза қонидин  асар.

177

Бизга жаҳон боғидин ул сарви гуландом етар,
Ул чу етар сояйи сарву майи гулфом етар.

Базм бу навъ ўлди эса нуқли ҳадисин демаким,
Ғунча била наргисидин шаккару бодом етар.

Дин улуси қатли учун куфр эли ҳожат эмас,
Эй фалак, иш гар будур ул офати ислом етар.

Ҳар нафас, эй ишқ, анинг дарди ўтин кўнглума ёқ,
Бўлса бу марҳам чу анинг ранжиға ором етар.

Нўши висолинг била аҳбобни қил комраво
Ким, менга дардинг майи хунобасидин ком етар.

Тоғ кеби торт қаноат этаги ичра оёғ,
Даври фалакдин сенга бир қурс агар шом етар.

Ўтти кўп айёму Навоийға ишинг фитна эди,
Мунча-ўқ, ўлғай  ситам, эй фитнайи айём, етар.

178

Ёри бирла бода ичкан нўши жондурким, ичар,
Ёрсиз нўш ичса рангин бода қондурким, ичар.

Ҳар кишиким базмида соқий эрур нўшинлабе,
Жавридин гар қон ичар, лаъли равондурким, ичар.

Хизр умрию Скандар мулки топқан ёрсиз,
Оби ҳайвон ичса, заҳр бегумондурким, ичар.

Ҳажр аро бехуд бўлай деб кўнглум истар жоми май,
Демангизким, соқий ул  номеҳрибондурким, ичар.

Эй сабо, ғавғодурур боғ ичраву маҳруммен,
Гўйиё маҳрамлари бирла фалондурким ичар.

Хонақаҳда бода ичкан эмин эрмас шайхдин
Ким, фано дайридадур дорул-омондурким, ичар.

Эй Навоий, ҳар дам ар қон ичса кўнглум қилма айб,
Бодайи лаълидин ул ойнинг нишондурким, ичар.

179

Кўнглума ҳажрингда жаннат гулшани зиндон эрур,
Кўзума сенсиз гулафшон боғ хорафшон эрур.

Дафъа-дафъа  гул сочилмайдур гулафшон боғида
Ким, менинг гулгун ёшимдин қатра-қатра қон эрур.

Баҳру тоғ этманг гумонким, ул бири кўзумга ёш,
Бу бири кўнглумга дарду меҳнати ҳижрон эрур.

Дема бир дамда булут кўкни не навъайлар ниҳон
Ким, бу мушкил дуди оҳим оллида осон эрур.

Буки ҳар ён чақилур барқу ғирев айлар булут,
Кўнглума ул шуъла оҳу бу бири афғон эрур.

Йўқки, турмас бир замон ёмғурки, бир ой ҳажридин,
Ашкбор икки кўзум селобидин тўфон эрур.

Ақлингиз бор эса қилманг ёр ҳажрин ихтиёр
Ким, бу ишни улки  қилди мен кеби  нодон эрур.

Ким майи васл ичтиким, ҳижрон хуморин чекмади,
Хорсиз гул даҳр боғи ичра не имкон эрур.

Дўстлар, қилманг Навоийға  насиҳатким бу кун
Ҳажр дардидин бағоят бесару сомон эрур.

180

Тўрт ранги мухталифдин ҳуллаким, жонон кияр
Тўрт унсур кисватидур гўйиёким жон кияр.

Ўзбакий гулнори тўндин куйдум, аммо ўлтурур,
Лемуйий терлик анинг остидаким, жонон кияр.

Икки ёнимни шикоф айлаптурур бу рашкким,
Икки ёнидин шикофин боғламай қаптон кияр.

Гул била савсан катон янглиғ бўлур маҳтоб аро,
Кўнглаки гулгун елак чун савсаний каттон кияр.

Ораз узра шўхлуқдинму ёпар санжобини,
Йўқса санжоби булутдурким маҳи тобон кияр.

Ҳар чубулған торидур сарриштайи иззу шараф,
Эски шолеким, фано кўйида бир урён кияр.

Гар Навоий жандасин шоҳ олди, тонг йўқ, чунки ишқ,
Поку беғашдур  гадонинг кисватин султон кияр.

181

Кимки  анинг бир малаксиймо парийваш ёри бор,
Одамин бўлса, парий бирла малакдин ори бор.

Кеча улким чирманур бир гул била не тонг, агар
Ғунчадек ҳар субҳ ўлуб хандон нашот изҳори бор.

Йўқ ажаб булбулға гул шавқидин ўлмоқ зорким,
Пардин-ўқ жисмиға санчилған ададсиз хори бор.

Белингу лаълинг хаёлоти била кўнглум эрур,
Анкабутеким анинг жон риштасидин тори бор.

Сунбули зулфи агар ошуфтадур, айб этмаким,
Гул юзида ётқан икки нозанин бемори бор.

Айлаб ўзни масту бехуд чиқмасун майхонадин,
Кимки, мендек давр элидин кўнглида озори бор.

Эй Навоий, ёр узар бўлса муҳаббат риштасин,
Келмас ўлса ул сенинг сари, сен анинг сари бор.

182

Юз олман йўлидин қатлимға чун ташриф ёр элтур,
Намоз ичра ўлумлук макс этардин рўзгор элтур.

Қачонким  масти лояъқил чиқар, ваҳким, анга берман
Кўнгулни ихтиёрим бирла ул беихтиёр элтур.

Итига туъма дарбойист бўлғай деб қаён борса,
Кўнгул сайдини фитрокига анлаб устувор элтур.

Менинг мажнунлуғумни ул парий ишқида манъ этманг
Ки, ақли кулли савдо даштиға девонавор элтур.

Шабистонингда  анжум  маҳраму кун  бўлғали маҳрум,
Бу гул-гул очилиб ҳар кеча ул бир хор-хор элтур.

Насими субҳ хайли сунбули зулфунгни тарқатқач,
Саводи тунча мушки судадин ҳар ён ғубор элтур.

Юзу зулфунг тилаб боғ ичра оҳим оташин гулдин,
Узар яфроғлар ўтдин дуд андоқким шарор элтур.

Мени майхонаға бординг дебон ёзғурма, эй зоҳид
Ки, усрук шаҳнадек улён қазо илги тутар элтур.

Қазо нарроди кўк тосинда ой-кун каъбатайнидин,
Душаш нақши била эл нақди умрин бешумор элтур.

Навоий қатлиға чун ваъда қилдинг, вафо қилким,
Йўлунгда телмуруб умредурурким интизор элтур.

183

Сариғ либос аро ул нўшлабки, хандондур,
Эрур Масиҳки, хуршид ичинда пинҳондур.

Либосу жисм ила ул гулъузор кўргузди,
Хазон ичида баҳореки ақл ҳайрондур.

Либоси ўт кеби асфар, тани ҳаёт суйи,
Ажойиб ўтки, аросинда оби ҳайвондур.

Ўшул дур орзусидинки, зарварақ киймиш,
Юзумнунг олтунида дурри ашк ғалтондур.

Фироқ даштидағи лолалар сариғ бутмиш,
Магарки доғлари барча доғи ҳижрондур.

Юз ул этакдин агар олмасам не тонгки, сомон
Чу қаҳрабоға етар, қўймоғи не имкондур.

Сариғ юзумдек этиб субҳ ўзин соғиндиким,
Совуғ нафас била меҳрин ёшурмоқ осондур.

Навоийға берур эл панду ул муни дерким,
Сариғ либоси фалон шўхнинг не часпондур.

184

Хаста  кўнглумнингки, зулфунг шомида ороми бор,
Бўлса беором тонг эрмаски, муҳлик шоми бор.

Рўзгори мендек ўлса тийра, субҳ эрмас ажаб,
Бир қуёш ҳижронидин улким қаронғу шоми бор.

Ул парий тонг йўқ малойик қушларин сайд айламак,
Ел ҳавоға уйлаким ошуфта қилған доми бор.

Қадду андомим ушалди жилвасидин, дўстлар,
Ваҳ, не дилкаш қомату не дилфиреб андоми бор.

Ҳар кишиким ному бенанг ўлса, кирсун дайр аро,
Хонақаҳ тутсун ғанимат, улки нангу номи бор.

Оғзиға олмас таҳуро шарбатин, эй муғбача,
Ҳар кишиким бодайи лаъли лабингдин коми бор.

Телба деб қовма яланг кўрсанг Навоий жисмини,
Не учунким Каъбайи кўюнг сари эҳроми бор.

185

Кўнгул кўзлар йўлин тутмоққа ҳажрингда шитоб айлар,
Бирин тутқунча бирнинг сайли оламни хароб айлар.

Қазо ташбиҳ этарга оразингға чарх боғидин,
Агарчи ўхшамас бир-икки гулни интихоб айлар.

Ул ой ҳажри шиканжида таноби зулфи ёдидин,
Фалак ўз даври ҳанжори била жисмимни тоб айлар.

Кўкартурга муҳаббат даштин ашким ямғури бирла,
Ҳар оҳим дудидин кўк бир баҳоройин саҳоб айлар.

Кўнгулга ҳажр захмиким уруб ўздин йироқ солдинг,
Бўғузлаб ташлаған қушдек тўкуб қон, изтироб айлар.

Кетур, эй ҳурваш соқий, майи кавсар зулолидек
Ки, дўзахдек хумори ҳажр жонимға азоб айлар.

Қулимен дайр пиринингки, журмум беҳисоб ўлса,
Ҳисоб этмас, вале эҳсону лутфин беҳисоб айлар.

Эрур косиб ҳабибуллоҳ вале қилған фано касби,
Йўқ ул косибки, дунё молу жоҳин иктисоб айлар.

Май ичра ғарқадурмен то бошимда май ҳавосидур,
Қани риндки май узра тамошойи ҳубоб айлар.

Санга мақсуд агар ҳақдур, улустин кечки, бу йўлда
Топар мақсудин улким мосиводин ижтиноб айлар.

Навоий ул кўзу лабнинг харобидур, ажаб эрмас,
Агар маст ўлғали ҳар дам ҳавойи лаъли ноб айлар.

186

То дайр ичинда муғбачалардин нишонадур,
Эй пири дайр, бошиму бу остонадур.

Ўздин бориб фиғоним эмас тонгки, дайр аро,
Ҳар сари боқса замзамайи бехудонадур.

Гаҳ пири дайр боис эрур, гоҳ муғбача,
Йўқ-йўқки, бода комиму ул-бу баҳонадур.

Дайр ичра йўқ сафол ила олтун қадаҳда фарқ,
Шоҳу гадо тенг ўлди ажаб корхонадур.

Асрори ваҳдат иста харобот пиридин
Ким, шайх ваъзу панди фусуну фасонадур.

Гар кўнглум ичра соқию май ўрт солмамиш,
Ҳар лаҳза оҳидин бу не ўтлуқ забонадур.

Ул умр бир замонлиғ эрур, истама вафо,
Афғонки, ул ҳам уйлаки аҳли замонадур.

Кўздин сочилди ашку кўнгул ўти берди бар,
Ул навъ ўт чиқарди ажаб тавр донадур.

Оташгаҳ этти куфр эли кўнглум уйини магар
Ким, умр ўтти ўчмай ул ўт анда ёнадур.

Истар Навоий ўзни маю ишқдин халос,
Мониъ валек соқню жоми муғонадур.

187

То турраси торинда ҳар сари тугунлардур,
Заъф ичра сўнгаклардин ҳар сари бўғунлардур.

Дарёву булут эрмаским, оҳ ила ашкимдин,
Ҳам ер юзида кўллар, ҳам кўкта тутунлардур.


Шак йўқки, ёрутқайсен кулбамдағи зулматни,
Ҳажрингда манга, эй он, билсангки, не тунлардур.

Овораву саргардон ишқ аҳлиға боқ ҳар ён
Ким, водийи дард ичра не навъ қуюнлардур.

Бўрк ўрнида бош элтур, нақд ўрниға жон олур,
Атфоли ғаминг ичра бас турфа ўюнлардур.

Жисмимда туганларни айб айлама, эй зоҳид
Ким, сабр илиги тиккан хирқамда юрунлардур.

Ичканда Навоий май дайр аҳлиға сур ўлмиш,
Солғил қулоқ, эй носиҳ, ул ёнки не унлардур.

188

Кўз қонидин дема, этагим лолавордур
Ким, кўҳи дарднинг этаги лолазордур.

Ҳар лола бир ахгар эрур, лек сийнасўз,
Қай кўҳи дард аро бу сифат лола бордур.

Бир гул юзи фироқида хуноби ашк ила
Юз заъфарони ичра кўзум лолакордур.

Эй поймол этарлар узуб дашту тоғ аро,
Баским, юзунг гули қошида лола хордур.

Қон ичра ғарқ бағрим аро доғу дашт уза,
Бекаслигим чоғида манга лола ёрдур.

Соқий, кетур суроҳий ила лолагун қадаҳ,
Хосса бу дамки субҳ ели лолабордур.

Теграмда оҳдинки эрур, эй Навоий, ўт,
Кўз қонидин дема, этагим лолавордур.

189

Ҳарорат жонима ул оташин лаъли ахгариндиндур,
Анга таскин ҳам ул юз равзасининг кавсариндиндур.

Сочингнинг тийра шомидин юзунг субҳида йўл топмоқ,
Баногўшунгдағи дурри шабафрўз ахтариндиндур.


Таҳуро бодаси дерлар эрур жонбахшу руҳафзо,
Магарким чошний ул майға лаълинг соғариндиндур.

Шабистон субҳи давлатдин ёруғроқ бўлса тонг эрмас
Ки, партав анда ул рухсор шамъи анвариндиндур.

Юзунг очқач шамими лутф олам ичра бутратдинг,
Магар бу атр ул ўт узра холинг анбариндиндур.

Баҳор айёмини беш кун ғанимат англа, эй булбул
Ким, мунча сўзу тобинг оташин гул мижмариндиндур,

Навоий, қилмағил бас назм бирла дурфишонлиғким,
Маоний бикриға зевар ҳадисинг гавҳариндиндур.

190

Икки кўзумки дарду бало жўйборидур,
Оҳим бухорий устида абри баҳорийдур.

Ушшоқ тийра ахтари ҳар ён шафақ аро,
Гўё сипеҳр сабзасининг лолазоридур.

Билмай дединг узулмиш экан субҳайи ақиқ,
Лаълинг ғамида қон кеби ашким қаторидур.

Ғам гулшанида қаддим эрур ул яғочким,
Пайкону бори ҳажринг анинг баргу боридур.

Ҳар кимки Юсуфум ғамидин ўлди дашт аро,
Ҳар тун магар бўри кўзи шамъи мазоридур.

Бу дашт туфроғин дема мушкинки, ҳар овуч
Бир мушкбў ғизола тани хоксоридур.

Бергил тутуб пиёла Навоийға руҳким,
Жонин етурган оғзиға лаълинг хуморидур.

191

Жонда ишқинг бўлғуси, то танда жон бўлғусидур.
Танда жондек жон аро ишқинг ниҳон бўлғусидур.

То тириктурмен ичига жола тушкан ғунчадек,
Хаста кўнглум дурри ишқингға макон бўлғусидур

Дарду ишқинг доғи ул соатки ўлсам жон аро
Жоннинг икки нуқтаси янглиғ нишон бўлғусидур.

Қилди ашкимни шафақгун ҳажр бепоён туни,
Хулласин чек тонгнинг, эй гардунки, қон бўлғусидур.

Ул Масиҳ анфоси жонбахшу лаби ҳайвон суйи,
Оллоҳ-оллоҳ, неча жоним нотавон бўлғусидур.

Меҳр шамъи дудидин қиссамни ёз, эй чархким,
Зийнати авроқинг ушбу достон бўлғусидур.

Ўқидин кўнглунг қачонға тегру захм ўлғай деманг,
То бу қуш бўлғусидур, ул ошён бўлғусидур.

Гул қулоғин чун оғир қилмиш кириб шабнам суйи,
Неча, эй булбул, ишинг доим фиғон бўлғусидур.

Эй Навоий, кўкка тегру дарди оҳимдин шиканж,
Еткали ул ойға гўё нардбон бўлғусидур.

192

Донайи ашкимки, ёғмоғлиғ била афсонадур,
Тухми меҳрин экмак учун ҳам ёғин ҳам донадур.

Ишқ комил  бўлса, маъшуқ арғувонҳад бўлмасун,
Қаҳрабо шамъиға ҳаркаҳбарг бир парвонадур.

Шишадек кўнглумки, тўлмиш бодайи ҳажринг била,
Гўйиёким ўлмагим учун тўла паймонадур.

Ишқ атфоли кўруб коғазда Мажнун сувратин,
Қилдилар ғавғо, гумон айлабки бу девонадур.

Даҳрнинг бегонаваш золиға бўлма ошно
Ким, сени то ошно этти ўзи бегонадур.

Ул санам кўйида кундузгум кеча сойир кўнгул,
Шаппаредурким анга кундуз мақар бутхонадур.

Эй Навоий, мужиби саргашталик эрмиш жунун,
Ичкали бу майни ҳар соат бошим айланадур.

193

Маркаб эрмаским сабо мандонда гардангиз эрур,
Рокиб эрмас, барги гулдурким, сабодин тез эрур.

Ташлади ҳар ён улус жонини саргардон қилиб,
Гирдбоди фитна гўёким ғуборангиз эрур.

Наъл эмас равшан ҳилоле эл кўзин ёрутқали,
Пўяда ҳар сари шабрангига дастовез эрур.

Рокибу маркаб юзу аъзосидин терму оқар,
Ё булут дурбор ўлуб, хуршид анжумрез эрур.

Бодайи гулгун кетурким, шоми ҳижрон мен кеби,
Юз туман Фарҳодни паст айлаган Шабдез эрур.

Ошиқиб терлаб иложимға етиштинг, эй Масиҳ,
Не ажаб гар шарбати лаълинг гулоб омез эрур.

Гар яна маст отланиб кўнглакча жавлон қилмади,
Бас қулоқ сол шаҳр сариким, не рустохез эрур?

Ҳийла ожизлиғдин айлар ошиқ, англа, эй кўнгул
Ким, забунроқ ишқ аро Фарҳоддин Парвез эрур.

Эй Навоий, ёр агар майхорадур юз қатла шукр
Ким, эмассен порсову хаста не парҳез эрур.

194

Не лўлийвашдур ул қотилки, қон тўкмаккадур яксар
Қиё боқмоқлари поки итик, мужгонлари-ништар.

Юзидинким хижилдур гул, паришон ҳар тараф кокул,
Сочиб гулбарг уза сунбул, тўкуб кофур уза  анбар.

Югурмакликда ҳар  гунбади секрир ул маҳи гулхад,
Гули меҳр олдарар  беҳад уёлур  гунбади ахзар.

Чу лаъб асбобини тузди, саломат риштасин узди,
Қамардек ҳола кўргузди, узори давридин чамбар.

Либоси нози часпондур, гаҳе туз қадди чавгондур,
Замоне гўйи ғалтондур, зиҳи чобук, зиҳе дилбар.

Бошиға сийм ўлуб паррон, тушуб гирдиға анжумсон,
Тулуъ эткан кеби ҳар ён, қамар атрофида ахтар,

Тўкуб қон ниши ғам бирла, очиб майдон ситам бирла,
Олиб таблу алам бирла, кўнгуллар кишварин яксар.

Жунун  шамъин  қилиб равшан,  кўнгулга  телбаликдур фан,
Парийдек бўлғали парранда, ул шўхи парийпайкар.

Навоий бўлди лўлийвашки, келмиш анга лўлий хуш,
Қани бир жоми лўлийкашки, лўлий тутса бир соғар.

Тамаъ қилма  фалакдин  комким, ханжар  қилур ошом
Янги ой шаклидин ҳар шом ул лўлийи бозийгар.

195

Менда бир ўтдурки, гар дам урсам афлок ўртанур,
Асрасам кўнглумда жону жисми ғамнок ўртанур.

Меҳр эмас оҳим ўтиднн кўкка етмиш бир шарар,
Айб эмастур гар десам, дам урсам афлок ўртанур.

Бас таним ўртарга қонлиғ новакинг, ҳижронни қўй,
Барқ не ҳожат, бир учқун бирла хошок ўртанур.

Шамъ ўти моҳиятин англай деган парвонадек,
Оразинг меҳрини фаҳм  айларда идрок ўртанур.

Ишқ аро кўнглум неча толпинса, ортар шуъласи,
Ўтқа тушкан телба қилған сойи топок ўртанур.

Ашк юб жисмим кудуратдин, қурутмиш оҳ ўти,
Ламъае тушгач узоринг барқидин пок ўртанур.

Эй Навоий, чун рутабдек оташин лаъли аро
Хаста кўнглум тушти, тонг йўқ, гар бўлуб хок ўртанур.

196

Бу тоза туганким ғамидин кўнглум орадур,
Кўнглум қуши ғам дашти аро бағри қорадур.

Жисмим аро пайконинг эмас ҳар сари, гўё
Ҳар гўшада ёмғур суйи ғам тоғи орадур.

То боғи ҳалокимда не гулларки очилғай,
Захмим доғи қон су кеби тинмайки борадур.

Жонимни чиқармоққа  агар йўл  ясамас ишқ,
Ғам тиғи недин ҳар сари кўксумни ёрадур.

Ғам шоми деманг субҳки кўк шамъин ўчирган,
Ашким суйидур улки йироқтин оқарадур.

Кир водийи ишқ ичра енгилракки, бу йўлда
Ўзлук юкини ташламоған асру ҳорадур.

Майхона Навоийғаю зоҳидға ики кавн
Ким, анга ғараз икки сародин бу сародур.

197

Оразинг ҳуснин фузун қилған ҳилолий қош эрур,
Ёхуд ул ой шамъини ёрутқали минқош эрур.

Кўз ёшим дурри ятимин маҳрами ишқ айламан,
Ҳар нечаким пок гавҳардур валекин ёш эрур.

Онча ёғдурди бало тошин танимға ишқким,
Юз минг эл ишқ аҳли гар кўксига урса тош эрур.

Ҳўблар лаъли хаёлотин пиширмактур ишим,
Шуълалиқ кўнглум бу соғарларға гўё дош эрур.

Қолди аввал тоғ аро Фарҳоду Мажнун дашт аро.
Ишқ йўлинда манга икки ажаб йўлдош эрур.

Ул Масиҳ анфоси тарсо сайдидур кўнглум қуши
Ким, малак дайри равоқи кунжида хуффош эрур.

Чун оғиз очти Навоий кўнгли ҳар ён захмидин,
Не ажаб гар ёшурун дарди эл ичра фош эрур.

198

Телба кўнглумга хирад аҳли маоши қайдадур,
Телбага рўзий бажуз атфол тоши қайдадур.

Субҳу шомим саъб эканни билгай улким, билмагай
Ким, кеча ойи қаён, кундуз қуёши қайдадур.

Ул кўзу қоши қораға ойни ташбиҳ айламанг,
Ойнинг офатлиғ кўзи, пурфитна қоши қайдадур.

Бетаҳоший жон олур деб кўп мени қўрқутмангиз,
Жон берурда менда ҳам бори таҳоший қайдадур.

Гар қуёш ҳажрида тун юзинда анжум ашки бор,
Мендек ул гул ҳажрида гулранг ёши қайдадур.

Даҳр гулзорида гул ишқиға булбулнинг уни,
Гар бийик бўлғай фиғонимдек хароши қайдадур.

Кўйида итлар узуштилар Навоий хастани
Ким, эмас зоҳирки, жисми қайда, боши қайдадур.

ЗЕ ҲАРФИНИНГ ЗЕБОЛАРИНИНГ ЗИЙНАТИ «НАВОДИР»ДИН

199

Эй жалолу раҳматингдин гар залилу, гар муаззаз,
Сафҳайи кавнайн ўлуб отинг тарозидин мутарраз.

Юз бу оламча яратмоқ қудратинг оллинда жоиз,
Садякин ижод қилмоқ ўзгаларга йўқ мужавваз.

Мунча хилъат махзани инъому ташрифингдин ўлди.
Чарху тоғу баҳрға атлас вагар хоро вагар хаз.

Санъатинг саббоғидин кўк золи кийган ҳуллайи мовий,
Ҳошия бўлған шафақдин зайлиға ранги гул газ.

Офаринишни иҳота айлабон андоқ вужудунг
Ким, муҳит ул доира кўк нуқтадекким бўлса марказ.

Боғбонға чун ғино айлаб насиб эҳсонинг илги,
Хўша-хўша гаҳ зумурад, гоҳ лаъли ноб осиб раз.

Нафс хор этмиш Навоийни, азиз эт фақр бирла,
Эй жалолу раҳматингдин гар залилу гар муаззаз.

200

Сарв янглиғ жилва қилсанг ноз ила, эй сарвиноз,
Жонлар эткайлар аёғингға фидо аҳли ниёз.

Танда ҳар наъл ичра бир тил шакли зоҳир айладим.
Дер учун жисмим ғами ишқингда ҳар тил бирла роз.

Нури рухсоринг кўнгулни қилди су, ваҳ, кўрмадук,
Шамъ тоби уйлаким андин лаган топқай гудоз.

Ул санамким, қасри атрофида эл бош қўйдилар,
Каъбадекдурким  қилурлар   барча   саридин  намоз.

Ё сипанд эт юз ўтиға кўзларимнинг мардумин,
Ё юзунгни ёпиб айла эл кўзидин иҳтироз.

Ишқ  агар  комилдурур  маъшуқни  маҳкум этар,
Бўлмайин Маҳмуд, бўлмоқ истама ёринг Аёз.

Гар Навоий йиғласа, ишқинг мажозийдур дема
Ким, назар пок айлагач, айни ҳақиқатдур мажоз.