Топ рейтинг www.uz
МУАММОЛАР

1

ОДАМ

Қон тўқар юздин дамодам ашку ваҳким, ҳар замон
Боғланиб оҳимдин айлар кўкка майл ул қатра қон.


2

АҲМАД

Майда икки юз агар кўргузмаса ул маҳжабин,
Дурд дардин истабон жон бермагай аҳли яқин,

3

БОҚИЙ ВА БОҚИР

Жаннат гулию насриниға бўлсанг муштоқ,
Гаҳ ёр юзига, гаҳ кафи пойиға боқ.

4

БАҲО

Дайр аро кир, пандни гўш айлагил,
Бода бешак соф эрур нўш айлагил.

5

ТАҚИЙ

Мустақим эрди кўнгул ишқингда, эй ороми жон,
Ўртанур ул мустақимим эмди ғамдин ҳар замон,

6

ТОЖ

Юз кўнгул сайдин ажал домидин озод айлади,
То жамолинг тоблиғ зулфини барбод айлади.

7

САМУД

Танимда доғлар узра ғамингки ўртади доғ,
Кўринди ўзгача ул доғдин танимда фароғ.

5

ЖУНАЙД

Оҳ ўқин жондинки чексам ул париваш ёдидин,
Қолмас ул ёдимда ҳам фарёд анинг бедодидин.

9

ЖАЪФАР

Жонондин айру топти кўнгул, умрдин малол,
Ўздин кечибтур эмдию айлар вафо хаёл.

10

ҲАСАН

Қошинг гўшаси чеккали ғамза досин,
Янги ойнинг устида кўргузди ёсин.

11

ҲАМЗА

Ёшун, эй гулки, ул гулрух жамоли
Эрур ҳам содаву ҳам тоза холи.

12

ХОЛИД

Нуқтаи мушкинки ул юз узра бўлмиш жилвагар,
То ҳисобин англасун эл юз ёшур, эй сиймбар.

13

ХУСРАВ

Ул ниҳолеким қадингға йўқ шабиҳ, андоқ ниҳол
 Бошида кўргузса юз хуршид ўлур сендин мисол.

14

ДОВУД

Ўт тушти ваҳм дуди аро фурқатидин,
То куйдию ўртанди кўнгул ҳирқатидин.

15

ДАРВЕШ

Ҳар не топсанг давр аро, соқий, аёққа сол ани,
Юз кўрардин ўтти иш тут эмди моломол ани.

16

ЗУННУН

Васл саъйидин эмиш ишқ аҳли ичра можаро,
Завқдин кўрким юзум олтундек ўлмиш ишқ аро.

17

РУСТАМ

Нечаким ёр ситам эткан ила узди вафо,
Ёдин этканча оти вирди забон бўлди манго.

18

РАЖАБ

Ою қуёш айлади юзунг била даъво,
Бизга алардин ажаб кўринди бу маъно.

19

ЗАЙНИ ВА ЗАЙД

Кўз учи қоши ёсидур соҳир,
Ани ёд ол алардин, эй сомир.

20

ЗОҲИД

Ой юзинда холини кўргач, ул ой топти жамол,
Охир ул юздинки ёпти, ваҳки, пинҳон бўлди хол.

21

САЪД

Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур чиқса яхшилиқ била от.

22

САЛМОН

Қилур эсанг манга сомон аё рафиқ ҳавас,
Анинг аёғиға еткур менинг бошимнию бас.

23

ШОҲ

Жон қуши чу бўлди донаи холиға зор,
Шод ўлдию ҳалқа айлади зулфини ёр.

24

ШУКРИЛЛОҲ

Қора эрди кўзум ҳажрингдин, эй моҳ,
Яна кўрдум юзунгни шукриллоҳ.

25

СИДДИҚ

Юзунг била юзума кош бўлса уйла висол
Ки, бўлмаса ораларинда ғайри ул хату хол.

26

САФИ ВА САФО

Қасди жонимға чу мужгонинг икки саф тузди.
Бири қош ёси, бири ғамзанг ўқин кўргузди.


27

ЗИЁ

Гул авроқин сабо қилди паришон,
Қабул этти нечаким топти имкон.

28

ТОҲИР

Гириҳни туррадин то очти моҳим,
Паришон қилди филҳол ани оҳим!

29

ТОЛИБ

Оғиз лабиға чу қўйдум яна талаб қилайин
Ки, ғайри нақши кам ўлғой яна тараб қилайин.

30

ЗАҲИР

Халқ ичра зуҳури ҳусн ул сийминбар,
Кўргузди ваё бўлди қиёмат яксар.

Ким жилвагар эрди гар кичик, ёхуд улуғ,
Бир-бир ҳаракатин айлади зеру забар.

31

ОМИР

Жумлаи ашёға бўлдум ошиқу ошуфта ҳол,
Оламу одам юзин чун қилди миръот ул жамол.

32

ОДИЛ

Ҳам қоши бирла орази хуш эрур,
Ҳам кўзи бирла қадди дилкаш эрур.

33

ҒАРИБ

Чок бағрим тарфин айладинг икки парканд,
Бирини ташлабон охир бирин эттинг пайванд.

34

ҒАЙБИЙ

Сўзға эвурди икки лабингни такаллумунг,
Ё барги гулни ики айирди табассумунг.

35

ФАРҲОД

Ҳар кеча кўнглум ғаминг тоғида фарёд айлагай,
Уйлаким фарёд-фарёдини Фарҳод айлагай.

36

ФАРРУХ

Гар юзунгдин ҳусн элн юзинда бир хол этса фош,
Ул арода бесарупо заррадек киргай қуёш.

37

ҚУБОД

Сочинг ғубори гаҳи юз ёпар, гаҳи юз очар,
Не зулфдурки ёпар ойни, чунки мушк сочар.

38

ҚОСИМ

Рухсораси узра, эй кўнгул, хол недур,
Зулфи аёғи остида помол недур.

Қани ани кўрган сени кўрса мени ҳам,
Ким ойидин айру элга аҳвол недур.

39

КАМОЛ

Юзинким қатра хай сероб қилмиш,
Гуледурким су ичкандин очилмиш.

40

КОКО

Жон қилғай икки юзунг гули сори шитоб,
Гар бўлмаса икки сунбулунгдин қуллоб.

41

ЛОЛО

Сабодин кўрди чун машшота икки зулфини дарҳаму
Анингдек учларин кестики қатъ ўлди гириҳлар ҳам.


42

ЛАТИФ

Саф чекти ҳар тараф юзидин кирпик, эй кўнгул,
Ул шаклни кўруб хираду сабрдин тўнгул.

43

МУҲСИН

Мажлисда шайх бу кеча кўп шайн бошлади,
Синдурди шамъу нуқлни ҳавз ичра ташлади.

44

МУРОД

Лутфунг ели чун эсти бу мардудқа филҳол,
Идбор ниҳоятқа етиб келди юз иқбол.

45

НЕКИПАЙ

Ўқунгға тан, ваъдангға жон хуш қилмиш эрди хотирин
Кести чу пайконинг бирин, куйдурди пайғоминг бирин.


46

НОСИР

Кўрунса кўзга ногаҳ-ногаҳ ул ой,
Кўзум ҳайрон қолур юзига, эй вой.

47

ВАЛИ

Чу ул ойға қул ўлди бу ғамкаш,
Қулидин юз ёшурди ул маҳваш.

48

ВАРҚА

Жавр ила қаҳрингки ҳаддин ошти бағоят,.
Ваҳки, не бор ибтидо анга не ниҳоят.


49

ҲУМОМ

Ул шўх онча жаврда кўргузди эҳтимом,
Ким от чиқарди, балки анга ушбу эрди ком.

50

ҲИЛОЛ

Кўнглум ҳалок бўлди, чу ишқингни бошлади,
Охир бошинда ҳар неки бор эрди, ташлади.


51

ЮСУФ

Сайр ичра қачонким юзунгга етти қуёш,
Тер оқиб, анинг чеҳрасидин борди ёш.

52

ЮНУС

Зулф очмаки юзунгдур манга шамъи мажлис,
Маҳв қил тун рақамин кун юзидин, эй мунис.