МУСАДДАС
Даҳр аро чун қайғусиз йўқ ҳеч ишрат, эй рафиқ,
Айш субҳин истама бешоми офат, эй рафиқ,
Ким эмас бир-бирдин айру нуру зулмат, эй рафиқ,
Шуълаи ишрат қани бедуди меҳнат, эй рафиқ,
Кимки васли ичра ёқсанг шамъи улфат, эй рафиқ,
Кўз тут ул шамъ ўтидин-ўқ доғи фурқат, эй рафиқ.
Бевафодур бу қадимий давр уза бу эски тоқ,
Кўрсанг анда нўши ишрат неши ғам зимнида боқ,
Ким ичарга васли жомин зоҳир этти иштиёқ
Ким, анга талх этмади дарди фироқ охир мазоқ,
Васл софий мумкин эрмас, чунки бедарди фироқ,
Зинҳор ул бода сари қилма рағбат, эй рафиқ.
Офият сарманзилидин ўзни маҳжур этмагил,
Хўблар кўйи сари майл улча мақдур этмагил,
Айласанг ул ой ғамидин ўзни ранжур этмагил,
Васли уммиди била кўнглунгни масрур этмагил,
Васл йўқким, ишқ лафзин тилга мазкур этмагил,
Ҳар нафас кўрмай десанг юз навъ шиддат, эй рафиқ.
Гар саломат кўйининг асбобин истарсен тўкуз,
Хонақаҳ саҳни ичинда зикр оҳангини туз,
Масжид айларга иморат дайр деворини буз,
Ишқ кўйи туфроғиға ҳар замон еткурма юз,
Шўхи чобуклар ғубори тавсаниға солма кўз,
Юзда истар бўлмасанг гарди мазаллат, эй рафиқ.
Бир қуёш ишқиға гардун айлабон маҳрам сени,
Зарра янглиғ айласа саргаштаи олам сени,
Қочма ул ўтдин неча кул қилса ҳам ҳар дам сени,
Офият фикрига солса зуҳду тақво ҳам сени,
Куйма ҳар бемеҳр ўтиға, гар десанг ҳар дам сени,
Қилмағай кул шуълаи андуҳу фурқат, эй рафиқ.
Тори ишқингни десангким чарх даври узмасун,
Хаста кўнглинг жуз навоий дарду меҳнат тузмасун,
Жон уйида ғайри жонон ишқ ўлтурғузмасун,
Чарх умрунг қасриға десанг ҳалал кўргузмасун,
Боқма гулдек юз уза хай шабнаминким бузмасун,
Ақл ила сабринг биносин сайли офат, эй рафиқ.
Офият базмида гарчи жоми васлинг тўлмаса,
Зуҳд бедоди бошингдин бир нафас ўксулмаса,
Шайх айлаб юз жафо, бир қатла узрунг қўлмаса,
Буйла ўтлардин керак барги умидинг сўлмаса,
Гар солиб юз минг балоға мендек ўзни, бўлмаса
Ишқсиз бир дам санга ҳам сабру тоқат, эй рафиқ.
Айтмон бир сарв қадду моҳи рухсор истагил,
Айш сози, қотили шўхи ситамкор истагил,
Тош бағирлиқ раҳмсиз хунрези айёр истагил,
Лек дермен, даҳр аро ёри вафодор истагил,
Токи мумкиндур кезиб бир меҳрибон ёр истагил,
Бағри тошларни севарга қилма журъат, эй рафиқ.
Арзимас фикр айламакка даҳри беҳосил ғами,
Хулладек хилъат сўзи ё равзадек манзил ғами,
Бода ич десангки кеткай даври мустаъжил ғами,
Истабон қатлингни ногаҳ ишқнинг мушкил ғами,
Гар Навоийдек бошингға тушса бир қотил ғами,
Анда доғи кўргасен не бўлса қисмат, эй рафиқ.