МУХАММАСЛАР
1
1
Маснади ҳусн узра токим кўрмишам ул шоҳни,
Тийра айлабмен фиғондин нилгун хиргоҳни,
Эй сабо, арз айла ногаҳ кўрсанг ул дилхоҳни,
Кўктадур ҳар дам фиғоним кўргали сен моҳни.
Даъвии меҳрингга тонуқ тортадурмен оҳни.
Эй ғубори маркабинг кун кўзгусининг сайқали,
Нечаким мен бир гадо, сен подшоҳдурсен бале,
Йўқ ажаб сен ҳусн шоҳин майл қилсам севгали,
Сен кеби султонни севмак ҳаддим эрмастур, вале
Бу балолиғ ишқ фарқ этмас гадову шоҳни.
Хирмани васлинг тўла сенда, эй халқ аҳсани,
Сабзаи хаттинг томошосинда, эй кўз равшани,
Сунбули зулфунг хаёлотида, эй жон гулшани,
Донаи холинг таманносинда, эй гул хирмани,
Раҳм қилким, чеҳраи зардим ёшурди коҳни.
Зулфу юзунг кўрдию куйди кўнгул ҳасрат била,
Васлинг уммидиға жон қилди фидо рағбат била,
Сенда йўқ эрмиш вафою мен куюб меҳнат била,
Зулфунгу юзунг фироқинда туман ҳасрат била,
Ҳайфким зоеъ кечурдум мунча солу моҳни.
Эйки, йўқтур ҳусн иқлимида сендек подшо,
Ошиқингнинг неча тутқайсен мунунгдек бенаво,
Нечаким бўлди эшикингда Навоийдек гадо,
Қавма Лутфини эшиктин, бер закоти ҳусн анго,
Қайда этсун сен ғани боринда шай лиллоҳни.
2
Оҳким, волиҳ мен ул сарви хиромондин жудо,
Кўзларим гирёндур ул гул барги хандондин жудо,
Бенаводур жон дағи ул ҳури ризвондин жудо,
Не наво соз айлагай булбул гулистондин жудо,
Айламас тўти такаллум шаккаристондин жудо.
Ваҳ, неча ишқ ўти жисмимда сўнгакни ўртагай,
Кўнглаким жайбиға ўт солғай этакни ўртагай,
Телбалик оҳим самодин то самакни ўртагай,
Ул қуёш ҳажрида қўрқармен фалакни ўртагай,
Ҳар шарореким бўлур бу ўтлуғ афғондин жудо.
Ваҳки, бағрим тўкти кўзлар йўлидин паргола кўп,
Кўз ҳам ул гул ҳажридин ёғдурди гулгун жола кўп,
Заъф этибмен қонлиғ ашким баски тўкти лола кўп,
Дема ҳижронимда чекмайсен фиғону нола кўп,
Жисм айларму фиғон бўлған нафас жондин жудо.
Қилғали маҳрум жоми васлидин жонон мени,
Талхком этмиш тириклик бодасидин жон мени,
Ҳар замони ўлтурур ғам заҳридин ҳижрон мени,
Ҳажр ўлумдин талх эмиш мундин сўнг, эй даврон, мени
Айлагил жондин жудо қилғунча жонондин жудо.
Бағрима, эй хори ҳижрон, ҳар замон санчилмағил,
Эй кўнгул, юз жавр етса кўзга ғайрин илмағил,
Минг бало юзланса, эй жон, ёрдин айрилмағил,
Бўлса юз минг жоним ол, эй ҳажр, лекин қилмағил,.
Ёрни мендин жудо ёхуд мени андин жудо.
Жонни андоқ ҳуснунг ўти шуъласи кул қилдиким,
Жисм анингдек ламъаи рухсоринга ёқилдиким,
Шарҳи ҳолиға аларнинг бу рақам ёзилдиким,
Васл аро парвона ўртанди ҳамоно билдиким,
Қилғудекдур субҳ ани шамъи шабистондин жудо.
Ошиқеким бўлғай ул бир шўхи гулрухсорсиз,
Уйла булбулдурки қолмишдур гулу гулзорсиз,
Вой ул бедилғаким, қолғай тирик дилдорсиз,
Бир иёсиз ит бўлуб эрди Навоий ёрсиз,
Бўлмасун, ё рабки, ҳаргиз банда султондин жудо.
3
Бўлмағай эрди жамолинг мунча зебо кошки,
Бўлса ҳам қилғай эдинг кўзлардин ихфо кошки,
Қилмағай эрдинг улус қатлин таманно кошки,
Очмағай эрдинг жамоли оламоро кошки,
Солмағай эрдинг бори оламға ғавғо кошки.
Эмдиким очтинг жамолу халқ ила қилдинг ситез,
Кўргач ани хайли ишқинг тортибон юз тиғи тез,
Қилдилар кўнглумни ҳижрон ханжаридин рез-рез,
Чун жамолинг жилваси оламға солди рустахез,
Қилмағай эрди кўзум ани тамошо кошки.
Очғоч ул юз шуъласин маҳзун кўнгул топмай омон,
Бор эди ул шуълани кўрмак ҳамон, куймак ҳамон,
Саҳв эди сендин вафо қилмоқ таманно мен ҳамон,
Бўлмағай эрди кўзум ўтлуғ юзунг кўрган замон,
Ишқинг ўти шуъласи кўнглумда пайдо кошки.
Чун сенинг ишқинг менга бўлди балойи ақлу дин,
Ваъдаи васл айладинг юз лутф ила, эй маҳжабин.
Эмдиким бўлдум гирифторинг қилурсен қатлу кин,
Айлагач зулфунг балоси зор кўнглумни ҳазин,
Қилмагай эрдинг мени маҳзунға парво кошки.
Кўнглум олғанда дединг, сендин даме айрилмайин,
Жон нисорим айласа ишқ аҳли кўзга илмайин,
Дам-бадам лутфунгни эрмас эрди бовар қилмайин,
Тушмагай эрди фирибомез лутфунг билмайин,
Нотавон кўнглумга васлингдин таманно кошки.
Кўнглум олдинг чеҳра бурқаъдин намудор айлабон,
Сўнгра жаврунг не эди жонимни афгор айлабон,
Эй қуёш, аввал вафову меҳр изҳор айлабон,
Лутф ила кўнглумни васлингдин тамаъгор айлабон,
Қилмағай эрдинг яна зулм ошкоро кошки.
Эй қоши ё, ишқинг ўқин кўнглум ичра беркитиб,
Дер эдинг қилғум вафо сарвақтинга гоҳи етиб,
Телбараткач зулм қилдинг, ваъда ёдингдин кетиб,
Бевафолиғ англағоч ишқингни кўнглум тарк этиб,
Қилмағай эрди ўзин оламда расво кошки.
Васли савдосида менким бастан ғам бўлмишам,
Ўйлаким Мажнун бало хайлиға ҳамдам бўлмишам,
Ваҳки, расволиққа оламда мусаллам бўлмишам,
Эмдиким девонаю расвойи олам бўлмишам,
Васл чун мумкин йўқ ўлтургай бу савдо кошки.
Дема кўнглум кош итса зулфи анбар сойида,
Ё агар жон маҳв бўлса лаъли шаккархойида,
Ё магар бошим эмасму рахши хоки пойида,
Эй Навоий, бевофодур ёр, бас, не фойда,
Нечаким десанг агар ёхуд магар, ё кошки.