ТАРЖИЪБАНД
Жаҳон қасриғадур су узра бунёд
Чу йўқ бунёди андин бўлмоғил шод.
Не шод ўлғай киши бир қасрдинким,
Ани тенгри яратмиш меҳнатобод.
Эмастур қаср балким қосиредур
Ки, тақсир айламас айларга бедод.
Тириклик қушлариға ёйибон дом,
Тенгиз амвожидин андоқки сайёд.
Кийиб қатл айламакка лоладин тўн,
Қиёдин тиғ тортиб мисли жаллод.
Эмас қотил париваш дилбаредур
Ки, жавридин қутилмас одамизод.
Фунуну лобаси андоқ муассир
Ки, мум айлар кўнгул гар бўлса пўлод.
Вале не ишвасиға эътимоде,
Не анинг ваъдаи васлиға бунёд.
Висоли кўз юмуб очқунча охир,
Фироқи кўз очиб юмғунча барбод.
Кўнгул қўйма ангаким боқи эрмас,
Инонмас бўлсалар айлай қасамёд.
Бақосиздур жаҳон раъноси валлоҳ,
Жаҳон раъноси йўқким мосиваллоҳ.
Жаҳон шўхидин олмиш ҳақ вафони,
Не олмақким анга бермайдур они.
Буким йўқтур вафоси бас эмастур
Ки, дарду меҳнатидур жовидони.
Бу меҳнатлар била истар ани халқ,
Фаҳўм лояърифу хозал-маоний.
Тикондин гулга ҳар дам еткуруб неш
Ки, айлар лаългун жисмини қони.
Сабо кожин уруб савсанға андоқ
Ки, қолиб кўклуги андин нишони.
Чоқин тиғидин айлаб пора-пора,
Чаманда ғунчанинг кўнглин ниҳони.
Ёғиннинг йиғлабон андин нафири,
Булутнинг титрабон андин фиғони.
Ғалат қилдим бу туҳматдин баридур,
Жаҳон раъно аруси дилситони.
Ки, ҳақ тақдиридиндур олам ичра,
Ёмону яхшининг яхши ёмони.
Жаҳон фониндурур, эй хожа, зинҳор
Ки, сен боқий тасаввур қилма ани.
Кўнгул берма ўшул раъноғаким, ҳақ
Эрур боқию, боқий барча фоний.
Бақосиздур жаҳон раъноси валлоҳ,
Жаҳон раъноси йўқким мосиваллоҳ.
Жаҳонким зоҳир айлар лолаву боғ,
Эрур ул боғ зиндон лоласи доғ.
Арусидур фусунсоз ул дилошуб,
Иши кўргузмак элга лобаву лоғ.
Кишиким санди доми бўлди, бордур
Анинг оллида минг булбулча бир зоғ.
Ёқибон оташин гул жониға ўт,
Қуяр ёмғирдин ул ўт устига ёғ.
Кўруб наргисни савсан ғунчасидин,
Чекар анинг кўзи қасдиға бормоғ,
Хазон бедодидин ел саъйи бирла
Сочар шамшоду гул бошиға туфроғ.
Таадди бирла насрин яфроғидин
Ясар гулчеҳрасин йиртарға тирноғ.
Жафоси ёсидин ёғдурди пайкон,
Гумон қилма шажар жисмида яфроғ.
Начукким бўстоннинг йўқ вафоси,
Хусусанким хазон ели эсар чоғ.
Анинг ҳам нисбатин гар истар эрсанг,
Анингдекким хазон айёмида боғ.
Бақосиздур жаҳон раъноси валлоҳ,
Жаҳон раъноси йўқким мосиваллоҳ.
Жаҳон раъносидин бўлғил мужаррад
Ки, қилмишлар қабул аҳли ани рад.
Начук мақбулунг ўлғай улки, бўлғай
Анга мардудлуғ асбоби беҳад.
Агар ҳикматда ул, миқдор булким
Ўқусин Бу Али оллингда абжад.
Вагар бўлсанг фасоҳат ичра навъе
Ки, назминг айлагай Ҳассонни бехуд.
Тамаввул касратидин бўлсанг андоғ
Ки, Қорун даргаҳингда айлагай кад.
Шижоат даштида рахшингға бўлса,
Рикоб ўпмак учун Рустам нигун қад.
Скандар янглиғ олиб баҳру барни,
Бало яъжужи учун боғласанг сад.
Анингдек бўлса тахтинг рифъатиким,
Гуҳарлиқ айласа тожингға фарқад.
Жаҳонға чун бақо йўқтур бу барча
Неча кундур вале эрмас муҳаллад.
Таманно айласанг бир навъ иқбол
Ки, бўлғай ҳам мухаллад, ҳам муаббад.
Демон ёлғуз жаҳондин айла тажрид,
Неким ҳақ ғайридур бўлғил мужаррад.
Бақосиздур жаҳон раъноси валлоҳ,
Жаҳон раъноси йўқким мосиваллоҳ.
Жаҳон раъноси бирла қилма пайванд,
Эр ўлсанг бўл анинг ҳажриға хурсанд.
Эрур олам уйи раҳравға зиндон,
Анинг ҳар қайди йўл манъиға бир банд.
Ушотмоқ истасанг бу бандларни,
Муқайяд бўлма анда ушбудур панд.
Жаҳон нўши аро қилмиш ниҳон заҳр,
Сен ани нўш этарсен, уйлаким қанд.
Топиб лаззатким айларсен табассум,
Эрур ул заҳрханд, эрмас шакарханд.
Ғараз ирфон экиндурким адамдин,
Сени мавжуд айлабтур худованд.
Қўюб кўнглинг аро нақди амонат,
Малак бўлмай санга бу ишда монанд.
Сени ғофил қилиб асли ишингдин,
Сарову боғу роғу завжу фарзанд.
Ўзунгга келсанг оздур, гар ўзунгни
Бу ғамдин айласанг парканд-парканд.
Жаҳон жоҳилға маҳбуб ўлди, лекин
Анинг оллинда ким бўлған хирадманд?
Бақосиздур жаҳон раъноси валлоҳ
Жаҳон раъноси йўқким мосиваллоҳ.
Жаҳон жоми тўладур заҳри қотил,
Анга майл айламас ким бўлса оқил.
Ажаб ишдурки мундоқ заҳр ичарга,
Жаҳон аҳли эрур жон бирла мойил.
Ажаброқ буки ичкан сою бўлмас,
Бу заҳр ичканга ичмак ҳирси зойил.
Ғаробат кўрки, гар юз мингни ҳар кун,
Қилур ул заҳр ўлган элга дохил.
Яна юз минг дурур ичмакка машғул,
Яна юз минг ани истарга шоғил.
Магар бу заҳрдин қутқарғай элни
Фано тарёки бирла пири комил.
Вале Қоф устида ул кимёгар,
Ани кўрмакка Анқо парри ҳойил.
Жиҳатсиз, эй кўнгул, севдунг жаҳонни,
Менинг пандимдин айлаб ўзни отил.
Чу бердинг барча сармоянгни барбод,
Пушаймон бўлмоғинг эмди не ҳосил.
Магар ёдингда йўқтурким, санга мен
Дедим юз қатла к-эй мажнуни ғофил.
Бақосиздур жаҳон раъноси валлоҳ,
Жаҳон раъноси йўқким мосиваллоҳ.
Жаҳон айёрасидин тут канора
Ки, макру фанниға йўқтур шумора.
Аёғ илгидаги зарринаси ўт,
Тўни зар басмаси андин шарора.
Бўлубон руҳ тўтисиға сайёд,
Иши қилмоқ ани қасдиға чора.
Бу ишга гурди Яздий меъжари дом,
Ичинда дона инжу гўшвора.
Назар мақсуд рухсориға солмоқ
Тилар бўлсанг анга қилма назора.
Чекибон кун шиоидин синонлар,
Қилайин деб улус бағрини ёра.
Анга хино шафақ рангидин айлаб,
Кеча нушодиридин ани қора.
Йироқ бўл, эй кўнгул, бу дилрабодин
Ки, сенсен шиша, анинг кўнгли хора.
Бориб хуш-хуш анга сайд ўлғанингдин,
Қилай дермен ёқамни пора-пора.
Дединг кечмоқ начук бўлғай жаҳондин,
Не ҳожат хайр ишига истихора.
Демон ёлғуз жаҳондин тут каноре
Ки, тутқил мосиваллоҳдин канора.
Бақосиздур жаҳон раъноси валлоҳ,
Жаҳон раъноси йўқким мосиваллоҳ.
Жаҳон шўхин арусе қилғил ихсос
Ки, киймиш тун била кундин кишу ос.
Бу рангомезлиғдин ганжи Қорун,
Кишида бўлса тутқай ганж ифлос.
Тириклик мазраи қасдиға ҳар ой,
Аён айлаб янги ой шаклидин дос.
Фалак бирла шафақ эрмаски, қилмиш
Муҳайё дам-бадам қон тўккали тос.
Эмас қон бодадурким бехуд айлаб,
Йиқарға элни қилмиш чархдин кос.
Соғинма бодаи лаъл аниким, бор
Улус қониға рангин бўлған олмос.
Бу қон тўкмак била кимдурки йўқтур,
Анинг савдосидин кўнглида васвос.
Бу пандимни эшит сен доғи, эй дўст,
Иродат юзидин тут поси анфос.
Жафоларким мен онглабмен жаҳондин,
Вафо сендин манга ғолибдурур ёс.
Валавҳозал маоний анта қултум,
Тақулу иъламу ё айюҳаннос.
Бақосиздур жаҳон раъноси валлоҳ,
Жаҳон раъноси йўқким мосиваллоҳ.